Ўткан кунлар (I- бўлим) [Abdulla Qodiriy]

Ўткан кунлар (I- бўлим) [Abdulla Qodiriy]
Ўткан кунлар (I- бўлим) [Abdulla Qodiriy]
Ёзғучидан
Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир-Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз.
Ёзмоққа ниятланганим ушбу — «Ўткан кунлар», янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир. Маълумки, ҳар бир ишнинг ҳам янги — ибтидоий даврида талай камчилик-лар билан майдонға чиқиши, аҳлларининг етишмаклари ила секин-секин тузалиб, такомулга юз тутиши табиий бир ҳолдир. Мана шунинг далдасида ҳавасимда жасорат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим.
Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шунга кўра мавзуъни мозийдан, яқин ўткан кунлардан, тари-химизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги «хон замонлари»дан белгуладим.

Биринчи бўлим
Отабeк Юсуфбeк Ҳожи Ўғли
1264-инчи ҳижрий, далв ойининг ўн еттинчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир...
Дарбозаси шарқи-жанубийга қаратиб қурилған бу донғдор саройни Тошканд, Самарқанд ва Бухоро савдогарлари эгаллаганлар, саройдаги бир-икки ҳужрани истисно қилиш билан бошқалари мусофирлар ила тўла. Сарой аҳли кундузги иш кучларидан бўшаб ҳужраларига қайтқанлар, кўб ҳужралар кечлик ош пишириш ила машғул, шунинг учун кундузгига қарағанда сарой жонлиқ: кишиларнинг шақиллашиб сўзлашишлари, хохолаб кулишишлари саройни кўкка кўтаргудек.
Саройнинг тўрида бошқаларға қарағанда кўркамрак бир ҳужра, анови ҳужраларга кийгиз тўшалгани ҳолда бу ҳужрада қип-қизил гилам, утталарда бўз кўрпалар кўрилган бўлса, мунда ипак ва адрас кўрпалар, наригиларда қора чароғ сасиғанда, бу ҳужрада шамъ ёна-дир, ўзга ҳужраларда енгил табиъатлик, серчақчақ киши-лар бўлғанида бу ҳужранинг эгаси бошқача яратилишда.
Оғир табиъатлик, улуғ ғавдалик, кўркам ва оқ юзлик, келишган, қора кўзлик, мутаносиб қора қошлиқ ва эндигина мурти сабз урган бир йигит. Бас, бу ҳужра бино ва жиҳоз ёғидан, ҳам эга жиҳатидан диққатни ўзига жалб этарлик эди. Қандоғдир бир хаёл ичида ўлтурғучи бу йигит Тошканднинг машҳур аъёнларидан бўлған Юсуфбек ҳожининг ўғли — Отабек.
Сарой дарбозасидан икки киши келиб киргач, улардан бирави дарбоза ёнидағи кимдандир сўради:
— Отабек шу саройга тушканми?
Бизга таниш ҳужра кўрсатилиши билан улар шу томонга қараб юрдилар. Бу икки кишининг биттаси гавдага кичик, юзга тўла, озроққина соқол-муртлик, йигирма беш ёшлар чамалиқ бир йигит бўлиб, Марғилоннинг бойларидан Зиё шоҳичи деганнинг Раҳмат отлиқ ўғлидир, иккинчиси: узун бўйлик, қора чўтир юзлик, чағир кўзлик, чувоқ соқол, ўттуз беш ёшларда бўлған кўримсиз бир киши эди. Бу йигит яхшиғина давлатманд бўлса ҳам, лекин шуҳрати нима учундир бойлиги билан бўлмай, «Ҳомид хотинбоз» деб шуҳратланган, кишилар Ҳомид орқасидан сўзлашканда унинг отиға тақилған лақабни қўшиб айтмасалар, ёлғиз «Ҳомидбой» дейиш ила уни танита олмайдирлар. Ҳомиднинг Отабек билан танишлиғи бўлмаса ҳам Раҳматка яқин қариндош— Зиё шоҳичининг қайниси, Раҳматнинг тоғаси.
Улар ҳужрага келиб кирдилар. Отабек келгучиларни улуғлаб қаршилади.
— Бизни кечирасиз, бек ака, — деб Раҳмат узр айтди, — вақтсиз келиб сизни тинчсизладик.
Отабек уларга юқоридан жой кўрсатар экан, ёқим-лиқ бир вазиятда:
— Тинчсизламадингизлар, билъакс қувонтирдингиз-лар,— деди, — шаҳрингизга биринчи мартаба келишим бўл-ғани учун танишсизлиқ, ёлғизлиқ мени жуда зериктирган эди.
Шу орада ҳужрага бир чол кириб ул ҳам меҳмонлар билан сўрашиб чиқди. Бу чол Ҳасанали отлиқ бўлиб, олтмиш ёшлар чамасида, чўзиқ юзлик, дўнггироқ пешоналик, сариққа мойил, тўгарак қора кўзлик, оппоқ узун соқоллик эди. Соқолининг оқлиғига қарамасдан унинг қаддида кексалик аломатлари сезилмас ва тусида ҳам унча ўзгариш йўқ эди.
Отабек меҳмонларни танчага ўтқузиб, фотиҳадан сўнг Ҳасаналидан сўради:
— Тузукмисиз, ота?
— Худога шукур, — деди Ҳасанали, — бояғидан бир оз енгилладим. Мазмуни ис теккан экан.
— Баъзи юмушлар буюрсам...
— Буюрингиз, ўғлим.
— Раҳмат, ота, бўлмаса бизга чой қайнатиб берсангиз-чи.
— Хўб, бегим.
Ҳасанали чиқди. Раҳмат Отабек билан яна бир қайтиб соғлиқ сўрашқандан кейин сўради:
— Бу киши кимингиз бўладир, бек ака?
Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб сўнгра жавоб берди:
— Қулимиз.
Бу сўздан нима учундир Ҳомид ажабланган эди.
— Қулингиз?
— Шундоғ.
Ҳасаналини болалиқ вақтида Эрондан киши ўғирлаб келгучи бир туркман қўлидан Отабекнинг бобоси ўн беш тилло баробарига сотиб олган эди. Ҳасаналининг Отабеклар оиласида қуллиқда бўлғаниға элли йиллар чамаси замон ўтиб, энди Отабеклар оиласининг чин бир аъзоси бўлиб кеткан. Хўжаси Юсуфбек ҳожига, айниқса, хўжазодаси Отабекка итоат ва ихлоси том бўлиб, бунинг эвазига улардан ҳам ишонч ва ҳурмат кўрар эди. Ҳасанали ўттуз ёшлиқ вақтида сотиб олған бир чўрига уйлантирилган бўлса ҳам, аммо ўғил-қизлари бўлмаған, бўлсалар ҳам ёшлиқда ўлиб кетканлар. Шунинг учун бўлса керак, Отабекка ихлос қўйиб, унга ўз боласи каби қарар: «Ўлганимдан кейин руҳимга бир калима қуръон ўқуса, бир вақтлар Ҳасанали ота ҳам бор эди деб ёдласа, менга шуниси кифоя» деб қарор берган ва ҳозирдан бошлаб Отабекка бу тўғрида сипо-ришлар бериб, ундан самимий ваъдалар олиб юрғучи оқ кўнгил бир қул эди.
Ҳасанали устида бўлған ҳалиги гапдан кейин Раҳмат сўради:
— Тошканддан нималар келтирдингиз, бек ака?
— Арзимаган нарсалар: газмол, қалапой афзали ва бир оз қозон.
— Марғилонда газмол билан қалапой афзалининг бозори чаққон, — деди Ҳомид.
Отабек миқрози билан шамъ сўхтасини кесиб тузатди. Орада ётсирашка ўхшаш бир ҳол бор, нима учундир бир сўзлаб икки тўхтар эдилар. Бу ўнғайсиз ҳолатдан чиқиш ва, сўзға улаб юбориш учун Раҳмат тиришкандек кўринар эди.
— Марғилонни қандай топдингиз, бек ака, хушландингизми, ё?..
Бу саволнинг жавобига Отабек иккилангандек ва ўнғайсизланғандек бўлди.
— Нима десам экан... Марғилонни ҳар ҳолда... хуш кўрдим, Марғилон Туркистонимизнинг тўқуғучилиқ ҳунарида биринчи шаҳридир.
Иккиланиб берилган бу жавобдан Ҳомид билан Раҳмат бир-бирларига қарашиб олдилар.
Отабек бу ҳолатни сезди ва ўзининг сўзини кулгуликка олиб изоҳ берди:
— Келган кунимдан Марғилонинғизни хушламай бошлаған эдим. Чунки танишларим йўқ, мусофирчилик билиниб қолаёзған эди. Энди бу соатдан бошлаб Марғилондан розиман, негаки, йўқлаб келгучи сизнинг каби қадрдонлар ҳам бўлур экан.
— Кечирингиз, бек ака, — деди Раҳмат, — мен сизнинг Марғилон келганингизни бу кун отамдан эшит-дим. Йўқса, албатта сизни зериктирмас эдим.
— Аниқми?
— Тўғри гап, — деди Раҳмат, — отам Тошканд борғанларида тўп-тўғри сизнинг эшикингизга тушсинлар-да, сиз саройга тушинг. Бу тараф билан сиздан ўпкани биз қилсақ арзийдир.
— Ҳаққингиз бор, — деди Отабек, — аммо би-ринчидан, сизнинг ҳавлингизни сўроғлаб топиш менга қийинроқ кўринди, ундан сўнг молимизни ортған туякашлар шу саройға тайинланған эдилар.
— Ҳар ҳолда бу узр эмас.
Ҳасанали дастурхон ёзиб қумғон киргизди. Одатий такаллуфлар билан дастурхон ва чойга қаралди. Ҳомид нонни шиннига булғар экан сўради:
— Ёшингиз нечада, бек?
Отабекнинг лаби қимирламасдан чой қуйиб ўтирган Ҳасанали жавоб берди:
— Бекка худо умр берса, бу йил ҳамдуна бўлса тўппа-тўғри йигирма тўрт ёшга қадам қўядилар.
— Йигирма тўрт ёшга кирдимми, ота? — деди бек. — Чиндан ҳам неча ёшга кирганимни ўзим билмайман.
— Йигирма тўрт ёшга кирдингиз, бек.
Ҳомид тағин сўради.
— Уйланганмисиз?
— Йўқ.
Ҳасанали Отабекнинг ёлғиз «йўқ» билан тўхташига қаноатланмади ва бу тўғрида ўз томонидан изоҳлар беришни лозим кўрди:
— Бек учун бир неча жойларга қиз айтдирмак исталинган бўлса ҳам, — деди, — аввал тақдир битмаганлик, ундан кейин бекнинг уйланишка бўлған қаршилиқ-ларидан бу кунгача тўй қилолмай келамиз. Улуғ хўжа-мизнинг қатъий ниятлари бу сафардан қайтғач бекни уйландиришдир.
— Манимча, уйланишдек нозик бир иш дунёда йўқдир, — деди Раҳмат ва Отабекка юз ўгирди. — Уйлангач, хотининг табъингга мувофиқ келса бу жуда яхши; йўқса, мунчалик оғир гап дунёда бўлмас.
Отабек Раҳматнинг бу сўзини самимият билан қаршилади.
— Сўзингизнинг тўғрилиғида шубҳа йўқ, — деди,— аммо шуни ҳам қўшмоқ керакки, оладирғон хотинингиз сизга мувофиқ бўлиши баробарида эр ҳам хо-тинға мувофиқуттабъ бўлсин.
— Хотинға мувофиқ бўлиш ва бўлмаслиқни унча кераги йўқ, — деди Ҳомид эътирозланиб, — хотинларга «ер» деган исмнинг ўзи кифоя... аммо жиян айткандек, хотин деган эрга мувофиқ бўлса бас.
Раҳмат кулиб Отабекка қаради. Отабек ҳам истеҳ-золик табассум ораси Ҳомидга кўз қирини ташлади.
— Уйланишдаги ихтиёримиз, — деди Раҳмат, — ота-оналаримизда бўлғанлиқдан, оладирған келинлари ўғиллариға ёқса эмас, балки унинг ота-оналари ўзларига ёқса бас. Бу тўғрида уйлангучи йигит билан эр қилғучи қизнинг лом-мим дейишка ҳақ ва ихтиёрлари бўлмай, бу одатимиз маъқул ва машруъ ишлардан эмасдир. Масалан, мен ота-онамнинг ёқдиришлари билан уйландим... аммо хотиним ота-онамга мувофиқ бўлса ҳам менга мувофиқ эмас, сиз айтгандек, эҳтимол мен ҳам хотинимға мувофиқ эмасдирман... Сўзингиз жуда тўғри, бек ака.
Отабек Раҳматнинг сўзини ихлос билан эшитди ва «сен нима дейсан?» дегандек қилиб Ҳомидга қаради.
— Жиян, — деди Ҳомид Раҳматка қараб, — бошлаб уйланишинг албатта ота-онанг учун бўлиб улардан ранжиб юришингни ўрни йўқ. Хотининг кўнглингга мувофиқ келмас экан, мувофиқини олиб, хотинни икки қил. Буниси ҳам келишмаса учунчисини ол. Хотиним мувофиқ эмас деб зорланиб, ҳасратланиб юриш эр киши-нинг иши эмас.
Раҳмат Отабекка кулимсираб қарадида, тоғасиға жавоб берди.
— Хотин кўпайтириб, улар орасида азобланишнинг нима ҳикмати бўлсин? — деди. — Бир хотин билан муҳаббатлик умр кечирмак, манимча, энг маъқул иш. Масалан, икки хотинлиқнинг биттаси сизми? Уйингизда ҳар куни жанжал, бир дақиқа тинчлиғингиз йўқ.
— Сенингдек йигитлар учун албатта битта хотин ҳам ортиқчалиқ қиладир, — деб кулди Ҳомид. — Кўб хотин орасида азобланиш ўзи нима деган сўз? Қамчингдан қон томса, юзта хотин орасида ҳам роҳатланиб тириклик қиласан. Мен бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалға тўйгунимча йўқ, аммо хотинни учта қилишға ҳам ўйим йўқ эмас.
— Сизга тараф йўқ, тоға.
Ҳомид мағрур бир тусда Отабекка қаради. Отабек унинг сўзидан кулимсираган эди.
Ҳасанали паловға урнаш учун ташқарига чиқди. Отабек меҳмонларга чой қуйиб узатди.
Ҳомиднинг ҳалиги сўзидан кейин орадағи баҳс кесилган эди. Учовлари ҳам бир нарсанинг хаёлини сургандек кўринар эдилар. Бир неча вақт шу ҳолда қолишиб Раҳмат тоғасидан сўради:
— Мирзакарим ака қизини эрга бердими, эшитдингизми?
Бу саволдан нима учундир Ҳомиднинг чеҳраси бузилди ва тилар-тиламас жавоб берди:
— Бундан хабарим бўлмади. Гумонимча, бермагандир.
Раҳмат сўздан четда қолдирмас учун Отабекни ҳам ораға олди:
— Бизнинг Марғилонда бир қиз бор, — деди, — шундоғ кўҳликки, бу ўртада унинг ўхшаши бўлмас, деб ўйлайман.
Ҳомид бир турлик вазиятда ер остидан жиянига қаради. Тоғасининг ҳолидан хабарсиз Раҳмат сўзида давом этти:
— Шаҳримизда Мирзакаримбой отлиғ бир савдогар киши бор, бу шунинг қизидир. Балки сиз Мирзакарим акани танирсиз, у бир неча вақт Тошкандда қутидорлиқ қилиб турған экан?
— Йўқ... Танимайман.
Ҳомиднинг юзидаги бояғи ҳолат яна ҳам кучланиб гўё тоқатсизланғандек кўринар эди, Раҳмат давом этти:
— Унинг ҳавлиси пояфзал растасининг бурчагидаги иморатдир. Ўзи давлатманд бир киши; Тошканд ашрофларининг кўблари билан алоқадор бўлғанлиқдан балки отангиз билан таниш чиқар.
— Эҳтимол, — деди Отабек ва нима учундир ғайри-ихтиёрий бир тебранди. Унинг юзида бир ўзгариш ва вужудида бир чайқалиш бор эди. Ундаги бу ўзгаришдан Раҳмат хабарсиз бўлса ҳам, аммо Ҳомид уни ер остидан таъқиб этар эди. Бу таъқиб Отабекдаги ҳалиги ўзга-ришни пайқабми ёки тасодифийми эди, бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш, албатта мумкин эмас. Яна бир неча вақт жим қолдилар.
— Энди бизникига қачон меҳмон бўласиз, бек ака?
Раҳматнинг бу сўзи билан Отабек хаёлидан бош кўтарди:
— Худо хоҳлаған вақтда бўлармиз...
— Йўқ, бек ака, — деди Раҳмат, — сиз аниқлаб бир кунни тайин қилингиз, биз бу ерга сизни таклиф қилғали келганмиз.
— Овора бўлмоқнинг нима зарурати бор?
— Бунда овора бўлиш деган нарса йўқ. Иложи бўлса сизни бу саройдан ҳавлиға кўчирамиз.
Ҳозирга бир кунни тайин қилиб бизга меҳмон бўлинг-чи... Отам сизнинг билан ўлтуришиб Тошканд аҳволотини сўзлаш-макка муштоқдирлар.
— Бу саройдан сизларникига кўчишим оғир, — деди Отабек, — аммо отангизнинг зиёратларига боришға ҳар қачон ҳозирман.
— Соғ бўлинг, бек ака, борадирған кунингизни та-йин қила оласизми?
— Маълумингиз, кечалари бўш бўламан, шунинг билан бирга отангиз қайси вақтни ихтиёр қилсалар ижобат этишдан ўзга чорам бўлмас.
— Саломат бўлингиз, — деди Раҳмат, — шуни ҳам сиздан сўрайин: ўлтуришка бегона кишилар ҳам айтилса мумкинми, озор чекмасмисиз? Чақирилғанда ҳам ўзимизга яқин ва аҳл кишилар бўлур, масалан, Мирзакарим қутидор каби.
Бу вақт Отабекнинг тусига ҳам ҳалигидек ўзгариш чиқди эрсада, лекин сездирмасликка тиришиб жавоб берди:
— Маним учун фарқсиз.
Ошдан сўнг меҳмонлар билан хайрлашиб чиқдилар.

Хон Қизиға Лойиқ Бир Йигит
Отабек ўзи билан кўришган мундаки икки ёт кишини танимаганлиқдан бир-икки қайта уларни кўз остидан кечирди. Буни пайқаған Зиё шоҳичи Отабекка танитди:
— Амакиларингизни сиз танимағандирсиз албатта, — деди. — Бу киши отангизнинг яқин дўстларидан Мирзакарим қутидор. Бу зот Андижон савдоғарларидан Акрам ҳожи.
Мирзакарим исмлик қирқ беш-елли ёшлар чамасида қора қош, қора кўз, кўркам юз, яхшиғина кийинган бир киши бўлиб, Акрам ҳожи элли беш ёшлар орасидағи бир кекса эди.
Отабек қайтадан Мирзакарим қутидорни кўздан кечирди.
— Ота қадрдонлари билан танишдирғанингиз учун раҳмат, амак, — деди ва Акрам ҳожи билан Мирзакарим акага тавозуъланди. — Отам сизлардек яқин дўстларига салом айтишни менга амонат топширған эдилар.
— Раҳмат, соғ бўлсинлар.
Мажлис Зиё шоҳичининг уйида Отабекнинг меҳ-мондорчилиғи учун йиғилған, юқорида исмлари ўткан зотлардан бошқа Ҳомид, Раҳмат ҳам Ҳасанали бор эдилар. Танишдиришдан сўнг Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар. Қутидор ниманидир Отабекдан сўрамоққа оғзини жўплаб турса ҳам Акрам ҳожи билан Зиё шоҳичининг алланарса тўғрисидағи гаплари кети узилмай давом этар эди. Уларнинг кўзи учунчи тўқнашишида қутидор кулимсираб қўйиб сўради:
— Мени эслай оласизми, бек?
Отабек диққат ва эътибор билан қутидорни кузатиб жавоб берди:
— Йўқ, амак.
— Неча ёшға бордингиз?
— Йигирма тўрт ёшға...
Қутидор ўзича нима тўғрисидадир ҳисоб юритди-да:
— Воқиъан сиз мени эслай олмассиз, — деди. — Мен Тошкандда қутидорлик қилған вақтимда сиз тахминан беш-олти ёшлиқ бола эдингиз... Гўёки, мен Тошкандда кечагина турғандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлғандекман... Аммо, ҳақиқатда, орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз ҳам катта йигит бўлгансиз, умр — отилған ўқ эмиш.
— Сиз бизнинг ҳавлида бўлганмисиз?
— Кўб марталаб меҳмон бўлдим, — деди қутидор,— ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар.
Бу иккисининг сўзларига қулоқ солиб четда ўлтурган Ҳасанали ҳам гапга аралашди:
— Амакингиз бизнинг ҳавлиға келиб турадиган вақтларида сиз ёш бола эдингиз, бек, — деди. — Амакингиз сизни саройларга ҳам олиб тушар эдилар.
Отабек уялув аралаш кулимсираб қутидорға қаради:
— Таассуфки, эслай олмайман, — деди. Қутидор тағин нимадир айтмоқчи бўлған эди, Акрам ҳожи унга йўл бермади.
— Ҳожи акамиз бу кунда қандай иш билан маш-ғуллар?
Отабек:
— Тошканд беги ёнида мушовир сифати билан турадилар.
— Азизбек бу кунда ҳам Тошкандга ҳокимдир?
— Шундоғ.
— Сотқи бек кетсин, Азиз бачча денг, — деди Ҳомид ва Акрам ҳожига қараб кулди. — Яқиндағина Мусулмон чўлоқнинг базими шу Азиз бачча билан қизир эди, — деди, улуғ бир нарса кашф этгандек мағрур, мажлиска қараб чиқди. Ҳомиднинг заруратсиз айб текшириши мажлиска ётроқ туйилган бўлса керак бир-бирларига қарашиб олдилар. Бу ўринсиз текшириш мажлисни бир оз сукутга юборди-да, сўнгра Акрам ҳожи саволида давом этти:
— Ҳокимингиз жуда золим эмиш, бу тўғри сўзми?
— Тўғри сўз, — деди бек. — Азизбек зулмидан аҳоли жуда тўйған.
Отабекнинг бу жавобидан ёлғиз Акрам ҳожигина эмас балки, мажлиснинг бошқа аъзолари ҳам ажабландилар.
Отасининг валинеъмати бўлған бир бекнинг зулмини иқрор этиш ҳақиқатан ҳам таажжубка лойиқ эди. Азизбекнинг Туркистон хонлиғининг энг золим ва мустабид саналған бекларининг бири ва унинг ўз қа-рамоғида бўлған Тошканд аҳолисига қилған зулмлари Фарғонага достон, аммо Акрам ҳожининг бу саволи Азизбекнинг энг яқини бўлған бир кишининг ўғлини синаб кўришлик учун эди. Бу синаш натижаси Акрам ҳожининг таажжубини орттирди ва бунинг сиррини билишка қи-зиқсинди:
— Отангиз Азизбекнинг мушовири экан, — деди Акрам ҳожи, — нима учун уни бир оз бўлса ҳам йўлға солмайдир?
— Кечирингиз, амак, — деб Отабек кулимсиради,— сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ онгла-ғанға ўхшадингиз... Бизнинг бекларга ҳукм вақтида ҳам мушовир бўлмоқ имконсиз нарсадир. Отам Азизбекнинг мушовири ва яқин мусоҳиби саналса ҳам ва лекин бу жузъий ишлардагинадир, бунинг учун сизга бир мисол келтирай, бу иш шу яқин оралардағина бўлди: Тошканддаги жумъалик гап мажлисларидан бирида бир киши Азизбекни махтар ва бу махтовға қарши иккинчиси «нега мунчалик махтайсан, Азизбекнинг асли бир бачча-да» дер.
Уларнинг бу музокараларини четда эшитиб турган хуфиялардан бири бу сўзни Азизбекнинг қулоғига етказур. Эртасига Азизбек мазкур икки кишини ўз ҳузурига олдириб махтовчиға улуғ мансаб ато қилар ва иккинчисини ўлимга буюрар... Бу ҳукм мажлисида ҳозир турган отам маҳкумнинг гуноҳини сўраганида Азизбек жаллодга бақирар: «Тезроқ олиб чиқ!» Отам тағин қуллиқ қилғанида жаллодға буюрар: «Қўлинг-дағини бўшатиб, ўрнига ҳожини олиб чиқ!» — Мана кўрдингизми, отамнинг қадру қийматини.
— Бўлмаса аҳоли хонға шикоятнома ёзмайдирми?
— Нечанчи шикоятномани сўрайсиз, — деди Отабек, — Азизбекдан зулм, жафо кўрганлар билан биргаликда энди ўнинчи шикоятномамизни юборғандир-миз... Лекин хоннинг йўлбошчиси бўлған кишининг ўзи зулмда Азизбекдан бир неча зина баланд ўринни ишғол эткучи кимса бўлса, биз қандоғ қилайлиқ. Аммо шуниси ҳам борки, шу кейинги вақтларда Азизбек Қўқоннинг ёрлиғ ва фармонларини илтифотсиз қолдира бошлади. «Итоатдан бош тортмасин...» деган мулоҳазада ёзған шикоятларимиздан марказнинг кўз юмиши ҳам эҳтимолдир. Ҳар ҳолда Тошканд аҳолиси Азизбек истибдодидан ортиқ тўйинди, кимдан кўмак сўрашға ҳам билмайдир.
Юсуфбек ҳожининг қандай одам экани айниқса Акрам ҳожига онглашилиб, бу тўғрида ортиқ баҳс қилинмади ва сўз бошқа хусусларга ўтди.
Зиёфат самимият билан чақирилғанлиқдан дастурхон қадрлик меҳмонга махсус турланган эди. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонга қисташлари бошқаларнинг иштаҳаларини очишға сабаб бўлса ҳам, аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар қилмас, хаёлланиб ўлтирар эди. Ул нима тўғрида хаёл суриб, қайси тўғрида ўйлар эди — буни би-лиш қийин бўлса ҳам, бироқ унинг ҳозирги баъзи ҳаракатлари диққатни жалб этарлик эдилар: хаёл сурар экан, унинг кўзлари ихтиёрсиз каби қаршисидаги қутидорға қарайдирлар, қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча кўзини ундан олиб дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бошлайдир... Отабекнинг бу ҳолини мажлисдагилар сезмасалар-да, аммо Ҳомид уни таъқиб эткандек эди.
— Савдо билан қандай шаҳарларга бордингиз, бек?— деб қутидор сўради.
— Ўзимизнинг шаҳарлардан кўпини кўрдим, — деди бек, — ўрис шаҳардан Шамайга ҳам бордим.
— Ҳа, ҳа, сиз Шамайга ҳам бордингизми? — деб Зиё шоҳичи ажабланди.
— Ўткан йил борғон эдим, — деди бек, — боришим ноқулай бир вақтга тўғри келиб кўб машаққатлар чекдим.
— Чин савдогар сиз эмишсиз, — деди қутидор, — биз шу ёшқа келиб ҳали ўзимизнинг каттароқ шаҳарлари-мизни ҳам кўралмадик; сиз ўриснинг Шамайигача борғансиз.
— Юрган дарё, ўлтурган бўрё эмиш, — деди Акрам ҳожи.
Ўрис шаҳарларига бориб савдо қилғучилар Туркистонда жуда оз ҳисобда бўлиб, чет элларни кўрган Отабек мажлиска тансиқланди. Ўрислар тўғрисида аллақандай хаёлий ривоятлар эшитиб юрган қутидор ва Зиё шоҳичилар-нинг Отабекдан ҳақиқий ҳолни билгилари келиб, ундан Шамайда кўриб, кечирганларини сўрадилар. Отабек Шамай хотиротини сўзлаб берди.
Ўрисларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётларини эшиткучиларни тонгға қолдириб, ортиқ тафсилоти билан айтиб чиқғач:
— Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғи-мизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, — деди бек, — лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим... Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам... аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлағанларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: «Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?» деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам, сўнгғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳайя алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди.
Мажлис Отабекнинг Шамай таассуротини мароқ билан эшиткан, шу кунгача ҳеч кимдан эшитилмаган унинг фикрларига ажабланган эди. Истиқбол қайғуси тушига ҳам кирмаган бу Туркистон оталари Отабекнинг даруни дилдан чиқариб айткан гапларидан ҳиссасиз қолмадилар:
— Амири Умархондек одил пошшо бўлса, — деди қутидор, — биз ҳам ўрисдан ошиб кетар эдик.
Зиё шоҳичи:
— Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хўйимиз-дан.
Акрам ҳожи:
— Тўғри.
Ҳомид ҳам бошқалардан қолишмас учун: «Худо кофирнинг дунёсини берган» деб қўйди.
— Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқидан бўлса керак, — деди Отабек,
— аммо биз-нинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўз ора низўимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман, бошқа хил айтканда Зиё амакининг фикрлари қисман тўғри. Орамизда бу қўрқунч ҳолатка баҳаққи тушунадирған яхши одамлар йўқ, билъакс бузғучи ва низўчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадилар. Бу кунги қора чопон ва қипчоқ низўларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низўлардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларға нима манфаат ҳосил бўлмоқ-да?— Фақат бундан фойдаланғучилар икки халқ орасиға адоват уруғини сочиб юрғучи бир неча эъвогар бошлуқларғинадир. Масалан, Мусулмонқулни ким холис одам, деб ўйлайдир? — Унинг юрт учун қон тўкишдан бошқа нимага фойдаси тегди? Мусулмонқул ўз ғарази йўлида орада йўқ низоларни қўзғаб, куяви Шералихонни ўлдирди, гуноҳсиз Муродхонни шаҳид этди, қўй каби ёввош Тошканд ҳокими Салимсоқбекни ўлдириб, ўрнига Азизбекдек золимни белгулади ва ўзини мингбоши деб эълон қилиб, ақлсиз бир гўдакни (Худоёрни) хон кўтариб эл елкасига минди. Тузук, агар Мусулмонқул бу ишларни бир яхши мақсадни кузатиб қилғанда, золимларни ўртадан кўтариб, юртка осойиш берганда, унга ким нима дея олур эди? Ҳолбуки, Тошканд тарихида мисли кўрилмаган Азизбек каби ваҳ-шийни фақат шу Мусулмонқул қўлидан олди.
Башарти, Мусулмонқул чин инсон бўлса, инсондан ваҳший туғилганини ҳеч ким эшиткан чиқмас. Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғунчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни улар ким бўлсалар ҳам иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир.
Отабек мажлиска тамоман янги ва эшитилмаган фикрларни сўзлаб кетди, улар бекнинг оғзиға анқайишиб қолган эдилар. Дарҳақиқат, ўз ора битмас низўларнинг асли маншаъини ул яхши онглаб таҳлил қилар ва дуруст қиймат берар эди. Унинг шу йўсун мулоҳаза ва фикрлари мажлиска чувалған ипнинг учини топиб бергандек бўлиб, лафзан бўлмаса ҳам маънан уларнинг таҳсин ва олқишларини олди.
Отабек хуфтон намози учун таҳорат олишға меҳмонхонадан чиқған эди, унинг кетича:
— Отанинг боласи-да, — деб Зиё шоҳичи меҳмон-ларга қараб қўйди.
— Умри узоқ бўлсин, — деди Акрам ҳожи, — йигитларимиз ичида энг ақллиғи экан... Агарда хон кўтариш маним қўлимда бўлса эди, хон қилиб Отабекни кўтарар эдим... Ўзи ўқуғанми?
Бу махтовлар билан терисига сиғмай кеткан Ҳасанали жавоб берди:
— Тошканд Бекларбеги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди, лекин уч йилча бўлди, хўжамиз мадрасадан олиб савдо ишига қўйдилар.
— Худо ҳар нарсадан ҳам берган йигит экан, — деди қутидор.
Аҳли мажлис Отабекни кўкларга кўтариб махтар эди, лекин Ҳомид бу махташларға иштирок этмас ва нимадандир ғижинғандек кўринар эди. Шу орада қутидорнинг «уйланганми?» деб Ҳасаналидан сўраши Ҳо-мидга яна бошқача ҳолат берди. Ҳасаналининг сўра-ғучиға бекнинг қиз ёқдирмаслиғини сабаб кўрсатиб, шу кунгача уйланмай келганлигини тафсили билан ҳикоя қилиб беришидан сўнг ул тоқатсизланғандек бўлди:
— Балки бегингизнинг тамаълари хон қизидадир, — деди истеҳзо билан Ҳомид, — бундоғ йигитлар уйланганларида ҳам киши қизини умр бўйи азоб ичида ўтказадирлар...
Сабабига тушуниш қийин бўлған бу истеҳзога қар-ши Ҳасанали сукут қилмади:
— Мен унинг хон қизини олиш мақсади борлиғини билмайман, — деди кулимсираб, — бироқ ул хон қизини олса арзимайдирган йигит эмас... ҳатто зархарид қули бўлғаним ҳолда менга ҳам қаттиғ сўз айтишдан сақ-ланған бир йигит ўз никоҳида бўлған озод бир қизға албатта заҳмат бермас, деб ўйлайман. Баъзи хотин урадирган ва хотин устига хотин олиб, хотинлариға зулм қиладирған ҳайвонсифат кишилардан бўлиб кетиши менимча эҳтимолдан жуда узоқдир, иним мулла Ҳомид...
Ҳасанали ўткан фаслда Ҳомиднинг ўз оғзидан хотинлариға қарши қамчи ишлатканини эшиткан эди. Шунга биноан унинг бу охирғи жумласи Ҳомидни ерга қаратиб, лом дейишка мажол бермай қўйди. Зиё шоҳичи қайниси Ҳомидга «Тузлатилдингми»? дегандек қилиб қаради ва Ҳасаналидан афу сўради:
— Кечирасиз, ота, — бизнинг Ҳомидбой шунақа қўланса гаплар учун яратилған одам.
Қутидор ҳам Ҳасаналининг кўнглини кўтариб тушди:
— Гапингиз тўғри, ота, — деди, — Отабек хон қизиға лойиқ бир йигит экан.
Баҳслашиш учун Ҳомидга йўл қолмаған эди. Бир турлик илжайиб ер тегидан Ҳасаналига кўз ташлади.
Ошдан кейин бошлаб Ҳомид, сўнгра бошқа меҳ-монлар тарқалишдилар. Отабек билан қутидорнинг йўллари бир бўлғанлиқдан биргалашиб кетдилар. Қутидор ҳавлисига қайрилар экан, бек билан хайрлашди:
— Албатта, бириси кун бизникига марҳамат қиласиз, тузикми?
— Хўб, амак.
— Бизники мана шу бурчакдаги эшик... Қайтаға бу кун бизникида қолсангиз бўлмасми-а?
— Раҳмат... Хайр, саломат бўлингиз.
Улар тўхтаб сўзлашқан ўринларидан хайрлашиб узоқ-лашғач, шундаги бир бурчакдан чопониға бурканган бир киши чиқиб, ҳалигилар келган томонға қараб юрди...

Бeк Ошиқ
Сарой тинч уйқуда, тун ярим. Ҳасанали ҳужранинг узун бурама қулуфини очиб ичкарига шамъ ёқди ва бекнинг тўшагини ёзиб унинг кириб ётишини кутиб турди. Аммо Отабек нима учундир тез кира бермади. Ҳужра эшигини очилғанидан, шамъ ёқилиб, ўрин ёзил-ғанидан гўё хабарсиз каби устунға суялғанча қотиб турар эди.
— Ўрнингизни ёздим, бек.
Отабек бу сўз билан ҳужрага кирди ва бориб тўшаги ёниға ўлтурди. Ҳасанали бекнинг ешиниб ётишини кутиб турар, чунки уни ётқузиб ёқилған шамъни ўзи билан нариги ҳужрага олиб чиқмоқчи эди. Бироқ Отабек тўшаги ёниға ўлтурдида, яна ўйлаб қолди... Отабек бир неча кунлардан бери Ҳасаналининг кўзига бошқача кўринар эди.
Ҳасанали 2 юu1054 Отабекда шу кунгача кўрилмаган қизиқ бир ҳолатка беш-олти кундан бери ажабсиниб юрар эди. Ҳасаналини ажабсиндирган ҳолат ҳам бекнинг шунинг сингари хаёл ичида барчани унутиб қўйиши ва бошқа ишларга эътибор ва парвосизлиги эди.
Ҳасанали бекнинг ҳозирғи ипидан-нинасигача бўл-ған қизиқ ҳолини узоқ кузатиб турди.
Лекин Отабек хаёл суришдан зерикмаса ҳам Ҳасанали кузатишидан зерикди.
— Менда юмушингиз йўқми?
Отабек бу гапни онгламади шекиллик, Ҳасаналининг юзига кўтарилиб қаради-да, яна кўзини бир нуқтаға тикиб қолди. Бу ҳолатдан Ҳасаналининг андишаси ортиб, бекнинг бунчалик ангравланишиға қандай маъно беришини ҳам билмас эди. Отабек шу ҳолда тағин қанчағачадир ўлтурди, ниҳоят уйқудан уйғонған кишидек сўчиб ўзини кузаткучига қаради:
— Чиқиб ётмайсизми?
— Менда юмушингиз йўқми?
— Нима юмушим бўлсин, шамъни ҳам олиб кетинг.
Ҳасанали шамъни олиб, ўз ҳужрасига чиқди. Унинг ҳужраси Отабекнинг билан бир қаторда бўлиб, газмол, пояфзал ва шунинг сингари моллар ила тўлған ва Отабекдан бошқа, алоҳида ҳужрада туриши ҳам шу молларни сақлаб ётиш учун эди. Ҳасанали ўрнини ёзар экан «тавба» деб қўйди.
Юқорида сўзланғанидек, Отабекдаги бу ҳолатни бирор ҳафталардан бери пайқаса ҳам ҳозиргидек андишага тушмаган ва бунчалик диққат этмаган эди. Хўжа-зодасидаги бу ҳолат уни ҳар турлик мулоҳазаларга олиб кета бошлади. Тўшаги устига ўлтуриб, оқ соқолини ўнг қўли билан тутамлаб ўйлар эди: савдо тўғрисида бирор хато қилдими, Зиё шоҳичиникида таомдан тузукроқ то-тинмади, бирор оғриғи бормикан... Мусофирчилиқда оғриса... Аммо бу мулоҳазаларининг биттасига ҳам ўзи қаноатланмади. Зеро савдо тўғрилари ундан яширин эмас, оғриғанда ҳам албатта шикоят эшитар эди.
Ўйлаб-ўйлаб бир нарсага ҳам ақли еталмагач, ўрнидан туриб тоқчада ёниб турган шамъни ўчирди. Ҳужра орқа-ўнгни ажратиб бўлмаслиқ қоронғиланди. Қо-ронғида туртиниб ҳужра эшигига келди-да, авайлаб ғижирлатмай эшикни очди ва секингина ташқариға бош чи-қариб саройни кузатди. Киши йўқлиққа қаноат ҳосил этиб, маҳсичан оёғини оҳиста қўйиб Отабек ҳужрасининг ёнида тўхтади, саройни яна қараб чиқди. Сарой қоп-қоронғи, тинч уйқуда, аммо бу тинчликни сарой от-хонасидаги отларнинг карт-курт хашак чайнашлари ва атрофдаги хўрозларнинг қичқиришлариғина бузар эдилар. Ҳасанали секингина дарича остиға ётиб ҳужра ичига қулоқ солди. Ҳужра ичи тинч эди. Орадан уч-тўрт дақиқа фурсат ўтиб ҳужрадан шип эткан товуш эшитмади. Тағин бир неча дақиқа қулоқ узмай туриб, сўнгра ўрнидан қўзғалмоқчи бўлған эди, ичкаридан «уффф» деган ихраш эшитди. Ҳасаналининг қулоқлари тиккайиб ўрнидан турди, кўзи олаланған эди.
— Бек оғриқ, — деди кўнгилдан ва жазмланиб ҳужра эшигига юриб келди. Эшикни очиб Отабек ёниға кирмоқчи эди. Эшикни итаришка борған қўлини қолдириб «балки оғриқ эмасдир» деб тўхталди. Яна кирайми, йўқми, деб иккиланиб турғандан кейин юриб, ўзининг ҳужрасига келди. Аммо Отабек тўғрисидаги ташвиши бояғидан ўн қайта ортқан эди. Ешиниб ухларға ётқан бўлса ҳам бекнинг хусуси уни кўз юмғали қўймади. Бек тўғрисида ҳар турлик хаёлларга бормоқда эди. Юсуфбек ҳожининг «Ўғлим ёш, сен дунёнинг иссиқ-совуғини татиған ва маним ишонган кишимсан. Ўғлимнинг ҳар бир ҳолидан хабар олиб туриш сенинг вази-фангдир», деб таъкидлаши, Отабекнинг онаси — Ўзбек ойимнинг ёшлиқ кўз билан: «Сени худога, Отамни сенга топширдим!» — деб ёлборишлари, зориллашлари унинг қулоқлари остида такрорланғандек бўлар эдилар. Ухлаб кеталмади. Кўйнакчан эгнига чопонини ёпиниб ўрнидан турди, ҳужрадан чиқиб Отабек даричаси остиға яна келиб ўлтурди.
Тун аёз, изғириқ ел тўрт тарафка югуриб жон ачитмакчи бўлар эди. Ҳасанали ярим яланғоч ҳолда жунжайиб дарича остида, изғириқ қучоғида ўлтурар эрди. Ул еган совуғиға илтифот этмас, вужудини изғириққа топшириб, фикрини ҳужра ичига юборған эди. Ҳужра ичига бир мунча қулоқ солиб ўлтургандан кейин, узун тин олиб бошини тирқишдан узди, Отабекнинг пишиллаб ухлаған товшини эшитиб бир даражада тинчланди. Васвасадан ариёзған бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади, нима учундир тағин ҳам совуққа жунжиб ўлтира берди. Орадан яна бир неча дақиқа фурсат ўтиб, Ҳасанали тамом тинчланди, ҳам туриб кетмакчи бўлди ва шу ҳолатда ичкаридан уйқусираш эшитди:
— «Қора кўзлари, камон қошлари...»
— А-а-а, — деди Ҳасанали ва қайтадан қулоғини тирқишға олиб борди. Энди унинг бутун борлиғи қулоқ бўлиб айланган, ўзини унутиб барча диққати ҳужра ичига оқған эди. Ўртадан кўб фурсат ўтмади, бояғи уйқусираш яна такрорланди:
— «Ой каби юзлар, кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар... Уфф».
Ҳасанали учун биринчида онглашилмай қолған маънолар бу кейинги гап билан ешилди.
Ҳасанали эндиги ўлтуришни ортиқча топиб ўрнидан турди, ҳужрасига кирар экан, бошини чайқаб ўзича сўзланди:
— Бек ошиқ! Ўрни устига чопонини ёпди-да, кўрпаси ичига кириб ўлтурди ва «чиндан ошиқми?» деган саволни кўнглидан кечирди. Таниш бўлмаған бир шаҳарда кимнинг бўлса ҳам қизиға учрашсин, беш-олти кун ичида бу янглиғ уйқуда ҳам... масалага бу жиҳат билан қараб бекнинг ишқиға ишонгуси келмас эди. Аммо иккинчи томондан қулоғи остида бекнинг ўз оғзидан эшитилган— «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар...» жумлалари такрорланғандек бўлиб хўжазодасидаги бир неча кунлик ўзгаришка муҳаббатдан бошқа ҳодиса, деб маъно бералмас эди. Бу икки турлик масалаларнинг ўнг-терсини айландириб муҳокама қилди ва ўлчади.
Ҳасаналининг ўзи тарозунинг ишонмаслиқ палласида бўлса ҳам — «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар» ҳамон қулоқлари остида такрорланар эдилар. Тун тонг отарға яқинлашған, унинг уйқулиқ мияси ҳеч бир турлик бу муаммони еша билмас эди. Кўб ўйласа ҳам бир қарорға кела олмади. Аммо эртага бекнинг ўзини синаб кўрмакчи бўлиб кўзи уйқуға кетди.

Марғилон Ҳавоси Ёқмади
Eрталабки чой ҳозирланған. Отабек хомуш ўлтуруб, Ҳасанали эрса унинг ҳолини таъқиб этмакда эди. Орадағи сўзсизлик бир пиёладан чой ичкунча бузилмади. Охирида Ҳасанали Отабекнинг тусига бир неча қайта кўтарилиб қўйди.
— Бир неча кундан бери хомушроқ кўринасизми?
Отабек савол ташлағучиға қараб олди ва тасдиқ ишорасини бериб:
— Билмадим, — деди ва бир оз тўхтаб изоҳ берди. — Хомушлигим сизга ҳам сезилдими, билмадим... Мар-ғилон ҳавоси мизожимга тўғри келмаганга ўхшайдир...
— Айтканингиздек, — деди Ҳасанали. — Марғилоннинг ҳавоси бузиқ экан, бир-икки кундан бери маним ҳам аҳволим ўзгариб бошлади. Марғилондан тез жўнамасақ мен ҳам ишдан чиқадирған ўхшайман...
Бу гапдан кейин Ҳасаналининг кўзи бекка тикилган эди, агар тундаги уйқусираш Ҳасаналининг ўйлаған эҳтимолига тўғри келса, ўзининг ҳалиги сўзи Отабекка бир ўзгариш беришида шубҳа қилмас эди.
Отабек боши берк кўчада қолғондек бўлди, жавобға қийналди:
— Кетамиз, — деди бир оз ўйланғандан кейин, — мол баҳолари тўғрисида битиша олмай турамиз — олғучилар арзон сўрайдирлар. Шунинг учун тағин бир неча кун қолишимизға тўғри келармикин. Билмадим...
Ҳасаналининг синаши ниҳоятига еткандек бўлди, ҳатто юқоридағи жавобни эшиткан вақтида нима учундир ўзини бир турлик кулгидан аранг тўхтатиб қолған эди. Яна ўртада хомушлик ҳукм суриб, Ҳасанали ишни тузикроқ очиш ва ё шу кўйи қолдириб кетабериш талашида эди. Ҳасанали бекнинг ҳар бир сирига ўзини маҳкам деб ҳисоблағанлиқдан, дарҳақиқат, Отабекка маҳрам бўлишға лойиқ бир меҳрибончилиққа эга бўлғанлиқдан хўжазодаси билан очиқ сўзлашиш фикрига келди. Бир неча дақиқа муқаддима учун режа қуриб ўлтургандан сўнг тилга келди:
— Ўғлим, Отабек.
— Сўзлангиз.
— Айтингиз-чи, мен сизнинг кимингиз?
Отабек, Ҳасаналининг мақсадиға тушунолмай маж-ҳул унга назар ташлади:
— Сизми? — деб кулимсиради. — Отам бўлмасангиз ҳам мени оталиқ муҳаббати билан суйган содиқ ва меҳрибон бир кишимсиз — яъни маънавий отам.
— Баракалла, ўғлим, — деди Ҳасанали, — жавобингиз ўз ўйлағанимчадир. Энди сиздан шуни ҳам сўрайин: хўжасиға содиқ бир қул, сизнинг таъбирингизча, маънавий бир падар ўз ўғлиға ёмонлик соғинарми, бу тўғрида жавоб берингиз-чи?
Отабек кутилмаган бу саволдан ажабланди:
— Сўзингизга тушунолмадим, ота, — деди, — шундоғ бўлса ҳам жавоб бераман: бу кунгача сиз ёлғиз менинггина эмас, бизнинг оиламизга оталиқ мавқиъида туриб, яхшилиқдан бошқани соғинмай келасиз.
Ҳасанали тусини бузмади:
— Илгарироқ балки шундоғ бўлғандир, аммо энди, айниқса сиз...
— Айниқса мен... очиб сўзлангиз.
— Айниқса сизнинг менга сақлаған ишончингиз тугалганга ўхшаб, ўзимдан қандоғ камчилик ўтканига ҳайратдаман.
— Қизиқ гаплар сўзлайсиз, — деди Отабек, таажжуби ортқан эди. — Менга қандоғ ёмонлик соғиндингиз-ки, сизга ишончим битсин? Васвасаланишнинг ўрни йўқ, мундан сўнг ҳам сизнинг хайрихоҳона кенгашларингизга, ҳам вужудингизга муҳтожман, амонатим, бошқам мундан кейин ҳам она қорнида сақланғандек сизда сақланишиға ишонаман ва бунга сизнинг ҳам амин бўлишингиз керак, ота.
— Лекин... тил билан кўнгил бошқа-бошқадир, ўғ-лим...
Отабек бу терс ва қўрс муқобаладан тоқатсизланди:
— Янглишасиз, ота.
— Янглишмайман, билъакс билиб, қаноатланиб сўз-лайман.
— Тилим билан кўнглимнинг бошқалиғини исбот қилингиз.
Ҳасанали гиналик қиёфада қошларини чимирди ва:
— Мендан яшириб юрган бир сиррингиз бор, — деди.
— Сиздан яширғон бир сиррим бор?
— Бор ўғлим, бор, — деди Ҳасанали, — агар даъвонгиз тўғри бўлса, менга чиндан ўз кишим деб қарасангиз ўша сирни яширмангиз.
Отабек тўсатдан ўзгариб, бояғи асабийлик ҳолатини йўқотти, шундоғ бўлса ҳам ўзини йиғиб кулган бўлди:
— Ҳали шунақа сиздан яширин сиррим борми?
— Бор.
— Бўлмаса, марҳамат қилиб кашфингизни сўзлангиз.
Ҳасанали пиёлани оғзига кўтариб, чойни ҳўплади, кашфини очти:
— Марғилонға келган кунлардан бошлаб сизда қизиқ бир ҳолат бор, — деди, — сиз бу ҳолатни «Марғилон ҳавоси ёқмади» деб таъбир қилсангиз ҳам мен мундан бошқа нарсалар пайқайман...
Отабек ўзига қаттиғ тикилиб турған Ҳасаналидан юзини четка буришка мажбур бўлди. Гўё бу сеҳргар чол ҳамма сиррни бетдан ўқуб олар эди. Ҳасаналини ҳамон ўзига тикилиб турғанини билиб, манглайини қашиған бўлди:
— Хўш, давом этингиз...
— Бу сиррингизни мендан яширмоқчи бўласиз, — деди тамом қаноат билан Ҳасанали, чунки, энди ўз кашфига жуда ишонған эди. — Хайр, яширмоққа ҳам балки ҳаққингиз бордир... аммо шу кўйи сир сақлаш билан бирар натижага етиш мумкинми?
— ...
Отабек қип-қизил қизариб гуноҳкорлардек ерга қара-ған эди. Ҳасаналининг юзига падорона тараҳҳум туси кириб, кексаларга махсус оҳангдор бир товуш билан бек-нинг устидаги оғир юкни ола бошлади:
— Айби йўқ, ўғлим, — деди, — муҳаббат жуда оз йигитларга муяссар бўладиған юрак жавҳаридир. Шунинг билан бирга кўб вақтлар кишига зарарлик ҳам бўлиб чиқадир. Шунинг учун куч сарф қилиб бўлса ҳам унитиш, кўб ўйламаслик керакдир.
Бу кейинги гап билан Отабек кўтарилиб Ҳасаналига қаради ва узоқ тин олиб яна ерга боқди.
Гўё бунинг ила «унитиш мумкин эмас» деган қатъий сўзни айткан эди. Ораға сўзсизлик кирди.
Иккиси ҳам фикрга толған эди. Ҳасаналининг ортиқча берилиб ўйлаған кезда соқолини қайириб тишлайдиган бир одати бўлиб, ҳозир ҳам соқолини ямлаш билан машғул эди. Узоқ ўйлағандан сўнг ишнинг очилмай қолған қисмини ешишни бошқа вақтға қолдирмоқчи бўлди.
Чунки Отабек шунинг ўзига ҳам яхшигина қизариниб, бўртинган эди.

Киройи Куявинг Шундоғ Бўлса!
Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб хизмат қилиб кексайган, очиб-ёпқанда анвўи — турлик доди-фарёд қиладирған, бунда саналған сифатларини бир ерга жамлаб натижа чиқарғанда «шарти кетиб, парти қолған» бир дарбозанинг остонасидан уч-тўрт қадам ичкарига кирилса Бухоро зиндонларидан бирини ҳис этилур ва қоронғу йўлакнинг ниҳоятидаги ёруғлиққа томон ошиқилур. Қоқилиб-суқилиб йўлак зиндонидан қутилинғач бир улуғ ариқ ёқасиға, ўрдадек ҳавлига чиқилур ва роҳат тин олинур. Ҳавлининг кун чиқарида кун ботишиға қаратиб солинған, унча махтарлиқ бўлмаса ҳам аммо замонасининг олдинғи биноларидан ҳисобланған бир айвон билан бир уйга кўз тушадир. Саҳн ва бинолар киши зотидан бўш, шунинг учун бу ҳавли оиланинг ташқариғи қисми — меҳмонхона эканлиги онглашилур.
Саҳннинг тун ва кун ботар жиҳатлари кичкина ҳужралар билан ўралған ва бу ҳужраларнинг барча эшиклари ёпиқ ва қулфланған ҳолда бўлиб моллар билан бандлиги ва уй эгасининг давлатлик киши бўлғанлиғи билинур. Ҳавлининг жануб тарафи дўконлар орқаси, аммо катта туп гилос ёғочлари қоплаб ётадирлар.
Eнди биз ташқари ҳавлини қўйиб меҳмонхонанинг ёнидан ичкарига кирамиз. Ичкари ҳавлининг йўлаги ҳам наргисидек усти ва бағри ёпиқ — қоронғу, йўлакнинг ниҳоятига бориб ўнгга юрилса ахтахонага, чапка юрилса биринчи мартаба кирганимиздек улуғ бир ҳавлига чиқармиз. Ҳавлининг тўрт тарафи турлик эҳтиёж бинолари билан ва тўрдаги бинонинг икки биқини катта уйлар билан ўралған бўлиб, шу икки уйнинг орасиға ўлтурган кошинкор ва нақшин чорхари айвон бу ҳавлининг бирин-чи мартаба кўзга чалинадирған ортиқлиқларидандир. Шу чорхари айвоннинг ўрта бир ерида, устига атлас кўрпалар ёпилған танчанинг тўрида деворга суяниб, аврасига қора мовут сирилган совсар пўстин кийиб бир киши ўлту-радир. Бу киши билан иккинчи мартаба танишиб ўлтурмаймиз, чунки, бу одам ўқуғучи билан танишқан — Мирзакарим қутидор. Танчанинг икки биқинида икки хотин: булардан биттаси ичидан атлас кўйнак, устидан одми хон атлас гуппи кийган, бошиға оқ даканани хом ташлаған, ўттуз беш ёшлар чамалиқ гўзал, хуш бичим бир хотин. Юзидан мулойимлик, эрига итоат, тўғрилиқ маънолари томиб турған бу хотин қутидорнинг рафиқаси — Офтоб ойим, иккинчиси етмишлардан ўткан бир кампир. Офтоб ойимнинг онаси — Ойша биби. Ўчоқ бошида қўполғина, қирқ беш ёшлар чамалиқ яна бир хотин чой қайнатиб юрадир. Бу хотин эрса оиланинг чўриси — Тўйбека. Биз булар билан танишишни шу ерда қолдириб айвоннинг чап тарафидаги дарича орқалик уйга кирамиз, ҳам уйнинг тўрига солинған атлас кўрпа, пар ёстиқ қучоғида совуқдан эринибми ва ё бошқа бир сабаб биланми уйғоқ ётқан бир қизни кўрамиз.
Унинг қора зулфи пар ёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила кипрак остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган-да, нимадир бир нарсани кўрган каби...
қоп-қора камон, ўтиб кеткан нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби... тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланган-да, кимдандир уялған каби... Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. Сариқ рупоҳ атлас кўйнакнинг устидан унинг ўртача кўкраги бир оз кўтарилиб турмоқ-да эди. Туриб ўлтургач бошини бир силкитди-да, ижирғаниб қўйди.
Силкиниш орқасида унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб жонсўз бир суратка киргизди. Бу қиз суратида кўринган малак қутидорнинг қизи — Кумушбиби эди.
Кумушбиби бир неча кундан бери совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи ва кўз тинишка ўхшаш оғриғлардан шикоят қилиб юрар, шунинг учун онаси «тинч ухласин, ортиқ уринмасин» деб бу кун намозга ҳам уйғотдирмаған эди.
Кумуш, кийиниб уйдан чиқди, Тўйбека томонидан ҳозирланиб берилган иссиғ сув билан юзини ювди. Уйига кириб артиниб, тузатингач айвонга чиқди. Айвондагиларга салом бериб отасининг ёниға келиб ўлтурди.
Қутидор қизини кузатди:
— Тузикмисан, қизим?
— Йўқ, отажон, бошим ҳамон оғриб турадир.
Қутидор қизининг пешонасини ушлади:
— Эй-ҳа, Кумуш, ҳали иссиғинг бор, — деди. — Ўзингни тежа қизим, ўрнингни қалин қилиб бурканиб ёт, терласанг ёришарсан, қизим. Тўйбека, Кумушнинг чойини оқлаб бер-чи.
Офтоб ойим эрининг сўзини кучлаб тушди:
— Иссиғи бор, юзи ҳам қизариб бўртиб турибдир.
Ўзининг руҳсиз товуши билан Ойша буви ҳам гапка аралашди.
— Нах кечаси билмапсиз, нах мени қўрқитиб энка-тенкамни чиқарди. Иситмаси аралаш алланучка сўзларни айтиб чиқди...
Кумушбиби ялт этиб бувисига қараб қўйди.
— Ўша ҳарорати ғаризаники ҳаммаси, — деди қутидор. — Мен бу кун бирар ҳакимдан сўраб қарайчи... Ол қизим, шу пиёладаги чойингни ич-чи, — деди ва тағин бир қайта қизини кузатди.
Чойни ичиб бўлғандан кейин қутидор фотиҳа ўқуб ўрнидан турди:
— Мен сенга айтиб қўяй, Кумуш, — деди турар экан қутидор Офтоб ойимға, — бу кунга бир меҳмон айткан эдим. Чўрингни чиқариб меҳмонхонани тозалат. Анови янги қоплаған кўрпаларингни бер, танчага ўшани ёпсин. Катта гиламни ҳам чиқар, уйингда меваларинг бор эдими?
— Бор.
— Бор бўлса яхши. Бир оздан сўнг эт олиб киргузарман, варақи пишириб қўйингиз.
Офтоб ойим варақи пиширишдан у кунги меҳмон-нинг унча-мунча киши бўлмағанлиғини билди.
— Қанақа меҳмон эди?
— Сен танимассан, тошкандлик бир йигит, тағи шу ерда-ги уч-тўртта оғайнилар. Тузикми, айтканларимни уқдингми?
— Уқдим-уқдим.
Кумушбиби отасининг сўзига илтифот қилмади. Қутидор дўконига жўнағандан кейин Офтоб ойим Тўйбекани меҳмонхонаға буюрди ва ўзи хамир қилишға ўлтурди. Кумушбиби хомуш эди.
Бир нарса тўғрисида ўйлармиди ёки бош оғриғиси кучликмиди, ҳар ҳолда намозшом гул каби ёпиқ эди. Қаршисида ўлтурған бувисининг ўткан-кеткандан қилған ҳикояларига эринибгина қулоқ берар ва кўнглини очиш учун айтилган қизиқ сўзларга илжайиш билан жавобланар эди.
Кумушбиби ўзининг бир соатча вақтини шу кўйи кечирди, сўнгра ўрнидан туриб кичкина латиф оёқла-риға отасининг яқиндағина олиб берган қала кавшини кийди ва ошхона юмиши билан қоришиб ётқан онаси-нинг олдиға борди.
Кумушбиби энди ўн еттини қўйиб ўн саккизга қадам босқанлиқдан бўйи ҳам онасиға етаёзған, аммо жуссаси онасиға кўра тўлароқ эди. Онасининг юмишиға бир оз қараб турғанидан кейин ташқариға томон кетди. Айвоннинг бир четидан меҳмонхонада гилам тўшаб уринган Тўйбекага қаранған бўлди-да, айвоннинг ўрта устунига келиб суянди. Энди бояғиға қарағанда бир оз енгиллангансумон, жон олғучи қора кўзлари ҳаракатлана бошлаған, бўғриққан қизил юзлари очилинқираған эдилар. Айвон устунига суянғач, қора қийиғ қошларини чимириб кўча йўлак томонға қаради, бир оз қараб турди-да, айвондан ерга тушиб йўлак томонға, ариқ бўйиға кетди. Сув бир дўконнинг остидан чиқиб, бу ҳавлида уч-тўрт қулоч чамаси очиқ ҳавода оқар ва кўприк-том остиға кетар эди. Кумушбиби ариқ бўйидан бир ўринни кўзлади-да, сакраб нариги юзига ўтди ва чўнқайди. Унинг кўзлари муло-йимғина сув устига оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёвошғина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисиға етканда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳиранинг сиҳрига мусаххар бўлған каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистағина кўприк остиға оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бу ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтурғач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатка келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди... Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишда бу фитна тағи ҳам кучайди...
Нозик оёқлар толдилар шекиллик, садаф каби оқ тишларини бир-икки қайталаб чайди, ариқ бўйини ва унинг сувларини ташлаб кетди.
Бояғиға қарағанда анчагина енгилланиб ичкарига кирди, ҳаракатлари ҳам бир мунча ўзгарган эди. Ойша буви ундаги бу ўзгаришдан сўйинди:
— Енгил тортдингми, қизим?
— Шукур...
— Энди ортиқ уринма қизим, тинч ўлтур.

* * *
Қиш кунлари бир тутам, «ҳа, дегунча» кеч бўладир. Бу кун ҳам «ҳа дегунча»га ҳам қолмай кеч бўлған, меҳмонларнинг келишканига ярим соатлаб вақт ўткан эди. Қутидор меҳмонларни ихлос ва самимият билан кутар, зиёфат қуюқ-суюқлари билан тўла-тўкис давом этар эди.
Тўйбека ичкари билан ташқариға югуриб дастурхон янгилар, чой ташир эди. Хизмат тугалаёзғандан кейин Тўйбека ўзининг совуб қолған ошини емак учун Офтоб ойимлар ёниға ўлтурди.
Сўздан сўз чиқиб Офтоб ойим Тўйбекадан сўради:
— Меҳмонлар қанақа кишилар экан, танидингми?
— Нах сиз ёш меҳмонни кўрмабсиз, дунёға келмабсиз, — деди Тўйбека ўнгу терс ош чайнаб,
— бир чиройлик, бир ақллик, тағин ўзи ҳаммадан юқорида ўлтурадир; ҳали йигирма ҳам бормағандир, мўйлаби ҳам эндигина чиқа бошлаған... Нах бизга куяв бўладиган йигит экан, — деди ва Кумушка қараб кулиб қўйди. Бу сўздан Офтоб ойим ҳам кулимсираб қизиға қаради:
— Ана, Кумуш, сен эшитдингми, опангнинг сўзини, Тўйбека сенга эр топқан, сен бўлсанг бошим оғрийдир деб ётасан.
Кумушбибининг сезилар-сезилмас кулимсирашидан ёқутдек иринлари остидаги садафдек оқ тишлари кўриниб кетди эрса-да, бироқ унинг бу ҳоли тезлик билан тундлиққа алишинди.
— Қолған хизматларингизнинг биттаси энди менга эр топиш эди.
Тўйбека Кумушнинг тундланишини эламади:
— Эй... синглим, ҳали сен билмайсан, — деди, — у йигитни бир кўргин-да, ҳу, деб кетабергин... сен тугил, шу ёшим билан меним ҳам унга текким келди, — деди ва хаҳолаб юборди.
Кумушбиби чирт этиб юзини Тўйбекадан ўгирди.
— Тезроқ тегиб қолинг.
— Кошки эди тегалсам, — деди Тўйбека, — мен унинг бир тукига ҳам арзимайман. Аммо сен бўлсанг унинг билан тенглашар эдинг. «Тенг-тенги билан, тезак қопи билан». Ха-ха-ха!..
Тўйбеканинг шунингдек ҳангомалари бошқа вақтларда Кумушни яхшигина кулдирса ҳам ҳозир унга ётишиб келмади шекиллик, аччиғланған кўйи ётиш учун уйига кириб кетди. Офтоб ойим «бачча-маччадир» деб ўйлаған эди. Шунинг учун бу тўғрида сўз очмади.
— Ташқаридан хабар олингизчи, опа, — деди Офтоб ойим, — чой керак бўлдимикин.
Тўйбека нари-бери ошини еб ташқариға чиқиб кетди. Орадан дақиқа вақт ўткан ё ўтмаган эди, ҳовлиқиб айвонга келди:
— Туф-е, қуриб кетсин жоним чиқиб кетди-я! Бир соатдан бери жойнамоздан қўзғалмай тасбиҳ ағдариб ўлтурган Ойша буви Тўйбекани бошдан-оёғ кузатиб яна ишига машғул бўлди. Офтоб ойим илтифотсизгина кулимсираб танчадан сўради:
— Нима бўлди, нега мунча қўрқиш?
Тўйбека дамини ростлаб устуннинг тегига ўлтурди:
— Поччамдан дастурхонни олиб қоқиш учун гилоснинг ёнидан ўтарманми, аллаким балога туртиниб кетдим. Қўрққанимдан оз қолдики, додлаб юборсам... Чамаси меҳмонларға қараб турған экан.
— Кимбало экан?
— Қоронғуда яхши ажратолмадим, тусини ғира-шира анови қора Ҳомидға ўхшатдим. Тағи уми-бошқами— худо билсин, шатир-шутир қилди-да, чиқиб кетди.

* * *
Қутидор меҳмонларни жўнатиб ётиш учун ешинар экан, Офтоб ойим сўради:
— Чиройлик йигит, ақллик йигит, деб махтий-махтий Тўйбеканинг ичаги узилди, у ким эди?
— Меҳмонимиз ўша эди, — деди қутидор, — тошкандлик Юсуфбек ҳожи отлиғ яқин ошнамнинг ўғли.
— Тўйбеканинг махтағанича борми, ўзи?
— Бор, — деди қутидор ва ғиталанди, — худо кишига ўғил берса шундайини берсин-да.
Офтоб ойим кула-кула Тўйбеканинг Отабек тўғри-сида сўзлаган гапларини ва Кумуш билан бўлған можаросини сўзлаб чиқди. Қутидор ҳам кулгидан ўзини тўхтатолмас экан:
— Тентагингнинг ақли бало, киройи куявинг шундоғ бўлса, — деди.

Тошканд Устида Қонлиқ Булутлар
Бу кунларда Марғилонда шундай хабар чиқиб қолди. «Тошканд ҳокими бўлған Азизбек Қўқонға қарши бош кўтарган. Хон томонидан хирож (закот, солиқ) учун юборилған девон бекларини ўлдирган!» Иккинчи кун бу хабар тағи ҳам бошқача тўн кийди: «Мусулмонқул Нормуҳаммад қушбегига беш минг сипоҳ қўшиб, Тошканд устига жўнатқан!» Бу хабарлар халқ томонидан жуда оддий, ортиқча совуққонлиқ билан қарши олиндилар. Бу воқиъага ҳеч ким ажабсинмади ва бунда фавқулоддалиқ кўрмади. Халқ бунга ҳақли эди, чунки, бундай тинчсизликларни энди кўра-кўра жуда ҳам ўрганиб қолған, бу кун бўлмаса эртага ўзининг ботир бошисининг, офтобачасининг, хуллас, ким бўлса ҳам бекларидан бирининг шундай тинчсизлик чиқаришиға «мумкин ва бўладирған иш» деб қарар эди. Аммо биз Отабекни бу тўғрида халқ билан биргалаштира олмаймиз. Чунки ул бу хабарга совуққонлиқ билан қарай олмас эди ва қарай олмади. Бу хабарни эшитар экан, еб тургани оғзида, юткани бўғзида қолди:
бундай ўзбошимчалик орқасидан ўзининг очиқ кўзи, ўткир зеҳни орқалиқ мудҳиш, фалокатлик манзаралар кўрар, миллатини — халқини — мусулмонини қўрқунч жар, тегсиз жаҳаннам ёқасида, йиқилиш олдида топар эди-да, сесканиб «ўзинг сақла тангрим!» дер эди. Бу хабарни эшиткандан сўнг гангиб эсини йўқотди. Яраси янгиланди:
— Оқ билан қорани ажратолмаған фуқаронинг бир неча ғаразгў мустабидлар кайфи йўлида бир-бирисининг қониға ташна бўлишлари ва натижада истиқболнинг ваҳим кўринишлари! Шундай қайғулар ичида бўкиб ўлтурар экан, Ҳасанали қўлида бир мактуб билан ҳужрага кирди. Мактубни Отабекка узатиб — «Тошканддан эмиш, отангиздан бўлса керак» деди.
Отабек хатни очди: катта қоғозда, йўғон қалам билан ёзилған узун бир мактуб эди. Ўқуди (айнан):
«Ҳувалборий ...кўзимизнинг нури, белимизнинг қуввати, ҳаётимизнинг меваси ўғлимиз мулла Отабекка етиб маълум ва равшан бўлғайким, алҳамдулиллоҳ биз дуогўй падарингиз, муштипар онангиз ва яқин дўстларингиз мунда Хақ таолонинг ҳифзи ҳимоятида сиҳҳат ва саломат бўлиб кўз нуримизнинг дуойи жонини субҳи шом, балки аладдавом раббулоламиндан ражо ва таманно этмакдамиз. Жаноби Ҳақ бод фурсатларда, яқин ва саъид соатларда тўкис- тугаллик бирлан дийдор кўришмакка насиб ва рўзи қилсин, омин ёраббулоламин. Баъдаб сўзимиз: ўғлим, Марғилонға сиҳҳат ва саломат етиш мактубингни олиб ҳақ таолоға шукурлар қилдик. Бизнинг Тошканддан аҳвол сўрасанг, балки Марғилонға ҳам эшитилгандир, мунда Азизбек қандоғдир бир кучка таяниб Қўқонға исён этди. Хазина ҳисобини олиш учун келған девон бекларини ўлдириб ўрда дарбозасига осди, бунга қарши Қўқон ҳам тинч ётмаған бўлса керак. Бу кун Кировчидан беш минг сипоҳ ила Нормуҳаммад қушбегини Тошканд устига буюрилғанлиғин эшитдик. Фуқаронинг тағин қандоғ кўргуликлари бор экан, ўғлим! Кечагина қонлиқ қиличини фуқаро устида юргузиб турған Азизбекка унинг тиғи зулми билан қора қониға беланилган ўғлининг, отасининг, онасининг, оғасининг мазлум гавдаси тупроқ остида ҳали чириб битмай туриб бу кун халқ яна Азизбекка, ўша қонхўрға ўз қони билан ямин этди; Азизбекни то ўзининг бир томчи қони қолғунчалиқ ҳимоя қилмоққа онд ичди.
Азизбекнинг буйруғи билан кеча ўрда тегига барча Тошканд халқи йиғилған, бу йиғинда уламолар ҳам бор, фузало ҳам бор; хулоса, шаҳарнинг ҳар бир синфидан ҳам ҳозир эди.
Азизбек ўрда қоровулхонасидан туриб фуқароға салом қилди. Азизбекнинг саломига мушарраф бўлғунчиларнинг кўз-ларидан ёшлар оқмоқда эди. Ўғлим, сен бир қадар оқ билан қорани ажрата оласан, ёзғанларимни диққат билан ўқи.
Азизбек ўрда дарбозасиға осилған икки гавдани кўрсатиб сўради:
«Фуқаро! Кўрасизми бу икки гуноҳкорни, нима учун бу жазоға мустаҳиқ бўлдилар?» Халқ:
«Билмаймиз, тақсир».
Азизбекнинг ўзи жавоб берди:
«Булар Мусулмон чўлоқни саркардаларидан, қип-чоқларнинг йўлбошчиларидан ва қора чопоннинг душманларидан бўлган икки тўнғизнинг гавдалари! Мен буларни сиз қора чопон фуқаром томонидан ўч учун ўлдирдим, сиз қора чопон оғайниларнинг қипчоқ қўлида шаҳид бўлған қариндошларингизнинг руҳларини шодландирмоқ учун ўлдирдим! Ёки бу ҳаракатим адолатдан эмасми, фуқаро!» Халқ жавоб берди:
«Адолат! Хўб қилғансиз, тақсир! Қипчоқларнинг жа-золари шундай бўлмоғи керак!» Азизбек мақсадға кўчди:
«Сиз қора чопонлиқларға холисона қилған бу хизматимга қарши албатта қипчоқлар қасдимға тушарлар, мени Тошканд ҳокимлигидан азл этмакчи ва қўлларидан келса ҳатто ўлдирмакчи бўлурлар! Сиз бу эҳтимолга қандоғ қарайсизлар?!» Халқ ўзининг қуйидағи жавоби билан кўкни кўтарди:
«Бир томчи қонимиз қолғунча йўлингизда жон берамиз! Қипчоқларда ҳад бўлғаймики, биз тирик турған жойда сизнинг бир тола мўйингизни хам қилсинлар!» Азизбек халққа ташаккур айтиб ярасини ёрди:
«Раҳмат фуқаро! Эшитаманки, қипчоқлар Норму-ҳаммад қушбеги қўл остида Тошканд устига ҳаракат бошлаған эмишлар. Бунга қарши бизнинг ҳозирланишимиз керакми, йўқми фуқаро?!» Халқ:
«Керак, албатта керак, тақсир! Агар рухсат берсангиз, бу кундан бошлаб қўрғонларни тузата берамиз!» Азизбек:
«Раҳмат фуқаро! Орқамда сизнингдек фуқаром турғанда менга ҳеч бир қайғу йўқдир!» Халқ:
«Сиз омон бўлиб осойиш ўлтирсангиз, қипчоққа йўл бермаймиз, тақсир! Қўрғон тузатишка фотиҳа берингиз, тақсир!» Азизбек фотиҳа берди. Халқ уруш ҳозирлиғиға киришди. Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам! Ҳар ҳолда Тошканд устига яна қонлиқ булутлар чиқди, ишнинг охири нима билан тинчланар— бу бир худоғағина маълумдир. Бошқа сўзлардан ҳам ортиқроқ эсингга шуни солиб ўтайки, сиёсат тўғрила-рида ўйланиброқ сўзла! Арзимаган сабаблар билан талаф бўлган жонларни ҳамиша кўз олдингда тут! Сен билан маним кўнгиллари-миздаги яратғучиғағина маълум бўлиб, аммо Фарғонада мени Азизбекнинг шерикидир, деб ўйлашлари ва сени бир фитначининг ўғли, деб танишлари эҳтимолдан йироқ эмасдир, шу жиҳатларни мулоҳаза қилиб оёғ бос! Бу тинчсизлик вақтида сен билан маним ҳаётимизнинг таҳлика остида бўлғанлиғини унутма! Шуни ҳам айтиб қўяйки, бу тинчликсиз босилмағунча Тошкандга келмаслигинг маслаҳатдир. Тошканд тинчлангандан кейин (агар саломат бўлсам) ўзим хабар юборурман. Мунда барча ёру дўст саломат, мендан Ҳасаналига салом айт! Аддои отанг Юсуфбек ҳожи. Тошканд, 27-далв ойида 1264-йилда ёзилди».
Отабек мактубни тугатиб, тушунмай ўткан жумлаларини қайта кўздан кечирар экан, Азизбек воқиъаси устига келганда ихтиёрсиз «тулки» деб юборди.
«...босилмағунча Тошкандка келмаслигинг масла-ҳатдир!» — бу жумлани ўқуғанда, — ундоғ бўлса сира тинчимангиз, — деди-да, ёвошғина илжайиб қўйди...

Мажбурият
Қўқондан ҳар кун деярлик хабарлар келиб турар эди. «Қўқон сипоҳи томонидан Тошканд ўралди» деган хабарга энди ўн беш кунлаб вақт ўтган эди. Аммо ҳануз — «Тошканд олинди» деган гап йўқ эди.
Кечадан бери кишилар оғзида: «Нормуҳаммад қушбеги яраланган, Қўқон йигитидан бир ярим минги қирилган» деган хабар юриб кетди. Чамаси, Азизбек осонлиқ билан жон берадиган кўринмайдир.
Анови ярасининг устига Тошканд фожиъаси келиб қўшилғач, Отабек тағин ҳам хаёлчанланган, тағин ҳам хомушлигини ортдирган эди. Ҳатто баъзи кунлар ҳужрасидан ташқариға чиқмас, кишилар билан сўзлашмас, бошқача айтканда кундан-кунга гўшанишинликка яқинлашиб борар эди.
Бу кун эрталабки чойдан сўнг Ҳасанали кечаги фикрини чинлаб амалга оширмоқчи бўлди.
Чунки Отабекдаги ўзгариш — кундан-кунга рангининг синиқиб бориши, ҳужрадан четка чиқмаслиги, хомушлиги ва бошқалар Ҳасаналини яхшиғина қўрқувға солған, ўзининг фақат томошачиғина бўлиб юришидан ризосиз-ланган эди. Дуруст, ул Отабекнинг муҳаббатига воқиф бўлғанидан бери бир дақиқа ҳам уни ўзининг кўз ўнгидан узоқ тутмаған: маҳбубаси ким, кимнинг қизи, бирар эбини қилса мумкинми? — Мана шунингдек масалаларни текшириб, билиб ҳам ўйлаб келган эди. Аммо бу тўғрида Отабекнинг кўмагига чинлаб бел боғлашдан уни баъзи эҳтимоллар тўхтатиб: «Отабек ёш, ёшлар муҳаббати учар қуш, балки, бу кун-ерта унутиб ҳам юборар» каби мулоҳазаларда бўлинған эди. Ниҳоят, Отабекдаги ўйчанлиқ ва ўзгача ҳолларнинг кундан-кунга кучайиб бориши Ҳасанали ҳалиги мулоҳазадан воз кечдириб, бошқа йўсунларни қаратмоққа мажбур этди.
Гарчи унинг қарори бир нуқта устида тўхтаған бўлса ҳам шу ҳолда тиниб турмади, яна юз турлик бошқача йўсунларни ўйлади, минг турлик хаёлларга бориб қайтди, аммо уларнинг биттасини ҳам Отабек оғриғиға эм деб топмади ва ниҳоят:
— Кўрай-чи, қадамим муборак бўлармикин, — деб қўйди.
Кечлик ошни ўтказгач, Ҳасанали ўз ҳужрасидан кийиниб чиқди-да Отабек ёниға кирди.
Отабек «Бобурнома» мутолааси билан машғул эди. Баъзи бир эҳтимолларга қарши ўзининг ниятини билдирмай:
— Менда юмишингиз йўқми, бек? — деб сўради Ҳасанали. — Ҳаммомга бормоқчи эдим...
Отабек кўзини китобдан узмай жавоб берди:
— Юмишим йўқ, бораверингиз.
Ҳасанали чиқди. Қош қорайиб, қоронғу тушаёз-ған эди. Ҳаво булут, аччиғ, совуқ ел тўрт то- монға югурар, онда-сонда қор учқунларини қувлаб зириқтирар эди. Эрув вақтида ярим белдан лой кечишка тўғри келадиган кўчаларнинг лойи қатқалоқланған, шунинг учун юргучи қийналмас, аксинча ола-чалпоқ қор пағаларини босишдан вужудга келган оёқ остидағи «ғарч- ғурч» товушлари кишига бир турлик кайф, мусиқавий енгиллик берар эдилар. Дўконлар ёпиқ бўлсалар ҳам чойхоналар очиқ, кишилар ўртага гулхан солиб, чойхоначининг баччасини гоҳи ўзларига хон кўтариб ва гоҳи «хон қизи» деб ҳам қўядирлар. Хон сайлағучилар орасида ёш йигитлар бор бўлғанидек, катта саллалик мулланамолар, етмиш ёшлиқ кексалар ҳам кўринадирлар... Қиш кечалари жуда узун, шунинг учун чойхоналар обод; халқ лаззатланиб баччанинг табаррукланган чойини ичадир, ҳуснига тамошо қилиб худонинг қудратига ҳайрон қоладилар...
Ҳасанали Зиё шоҳичининг ташқарисиға келиб кирди-да, меҳмонхона даричасига қаради.
Дарича тирқишидан кўрилган ёруғлиқ меҳмонхонада киши борлиқни билдирар эди. Ҳасанали тузатиниб олди ва ичкарига кирди. Зиё шоҳичи намоз ўқумоқда бўлиб, меҳмонхона чет кишидан холи эди. Бу тасодуфдан Ҳасанали сўйинди ва Зиё аканинг намозни битиришини кутиб ўлтурди. Зиё шоҳичи ёниға салом бериб жойнамоздан орқасига қараб қўйди. Фотиҳага қўл кўтарди. Фотиҳадан сўнг келиб Ҳасанали билан сўрашди:
— Келинг ота, тинчликми?
— Шукур, тинчлик.
Танча теварагига ултуришдилар. Бир мунча вақт сўзсиз эдилар. Зиё шоҳичи бу вақтсиз ташрифка тушуна олмай «нима қилиб юрасан?» дегандек этиб, бир неча қайта Ҳасаналига қараб олди.
— Ажабланмангиз, бой ака, келишимда бир мажбу-рият бор.
— Сизни Отабек юбордими?
— Йўқ, ўзим келдим, бой ака.
Зиё шоҳичи яна тушуна олмади. Тўғриси ҳам Ҳасаналининг бу келиши Зиё ака учун ёт бир иш эди. Чунки, Ҳасанали Отабекнинг қули. Қуллар билан жиддий муомалада бўлинмоқ, айниқса Зиё шоҳичилардек одамларға фавқулодда бир иш. Бунинг устига мажбурият остида ўзича келиши...
Зиё аканинг боши қотиб охирда сўради:
— Мажбуриятингиз?
Ҳасанали кулимсираб олди:
— Мажбуриятимни эшитсангиз, балки ишонмассиз.
— Хўш.
— Ўзингизга маълумки, — деди тузукланиб Ҳасан-али, — Марғилон келганимизга йигирма беш кун, бир ойлар чамаси фурсат ўтди. Шундан бери Отабек дард-манд.
Зиё ака ажабланган эди:
— Қандай дардмандлик, Отабек соғ-ку?
— Тўғри айтасиз, — деди Ҳасанали, — аммо мен ҳам унинг дардига бир неча кунлаб тушунмай юрган эдим.
— Хўш, дарди?
— Муҳаббат.
— Муҳаббат?
— Муҳаббат! — деб такрорлади Ҳасанали. — Шу йигирма беш кунлик бир муддатнинг ичида ул бутунлай одамгарчиликдан чиқаёзди. Бу ўртада қандай ташвишларга тушмадим, сўрасангиз.
— Кимга муҳаббат қўйған, хабарингиз бўлдими?
— Бўлди. Қутидорнинг қизиға.
— Ҳа, ҳа-а! — деб юборди Зиё ака ва бир оз ўйланғадан кейин сўради, — буни сиз аниқ биласизми?
— Аниқ биламан.
— Ўзи айтдими?
— Ўзи айтмаса ҳам шунга яқинлаштирди.
— Отабек қизни қаерда кўрган?
— Афсуски, буни била олмадим.
Ҳасаналининг келиш мажбурияти ва нима учун келганлиги Зиё акага яхши онглашилди эрса- да, яна шундай бўлса ҳам сўради:
— Энди нима қилмоқчисиз?
— Ҳузурингизга келишимнинг бош сабаби ҳам шундандир, — деди Ҳасанали. — Бу тўғриға сиз қандай йўллар кўрсатасиз ва нима кенгашлар берасиз, албатта шунга қараб бир иш қиламиз, деб хизматингизга келдим.
Зиё ака ўйлаб қолди. Қизиқ гап, деб бир-икки қайта нос отиб олди. Бу орада Ҳасанали бошдан-оёқ ҳикояни сўзлаб чиқди.
— Нозик гап, — деди охирда Зиё ака, — агар биз Отабекни бу ердан уйландириб қўйсак, ҳожи биздан хафа бўлмасмикин?
— Кўб яшанг, бой ака. Қулингиз ҳам бу тўғрида кўб ўйладим. Хафа бўлса нима чораким, биз шу ишка мажбур бўлған бўлсақ. Шунинг билан бирга Юсуфбек ҳожи ҳам унчалик ақлсиз кишилардан эмаски, бу гапка хафа бўлса. Аммо мен қутидор кўнадими, йўқми, деб бу томонни ўйлаб турибман?
Зиё ака яна ўйланиб бош қашинди:
— Айтканингиздек масаланинг бу тарафи ҳам нозик,— деди, — аммо қутидорнинг Отабекка қарашини яхши билсам ҳам ўртада йироғлиқ масаласи бор... Қизимни мусофирга бермайман, деб қўярмикин, билмадим...
— Менимча қутидорнинг олдидан бир йўли ўтилсин,— деди Ҳасанали, — агарда кўниб хўб десаку хайр, кўнмаган тақдирда бу хабарни Отабекка еткузсак, зора, шунинг билан кўнгли совиб тушса.
Ҳасаналининг бу сўзи Зиё акага ҳам маъқул бўлиб тушди:
— Бўлмаса, қутидорникига қачон борилсин, дейсиз?
— Бундаги ихтиёр сиздадир.
Зиё ака ўйлаб турди-да, юзига кулги чиқарди:
— Ҳозир борамиз, — деди, — биз ҳам умрда бир совчилиқ қилайлиқ.
Зиё ака кийиниш учун қўзғалган эди. Ҳасанали ундан сўради:
— Маним ҳам бирга борғаним маъқулми ёки ёлғиз ўзингиз?
Зиё ака қўл силкиб:
— Сизнинг боришингиздан зарар йўқ, — деди.

Қутлуғ Бўлсин!
...Зиё шоҳичининг кулиб айткан сўзларига қутидор сира ҳам тушунмас ва кутилмаган меҳмонларнинг ке-лиш сабабини сўрамоқдан ийманар эди.
— Оловни қўятуриб, қудаларга дастурхон олиб чиқингиз.
Зиё шоҳичининг бу кулгулигидан сўнг қутидор танчага олов қалашни қўйиб дастурхон буюриш учун ичкарига қўзғалди. Унинг кетидан Ҳасанали: «Тақдир биткан бўлсин-да», — деб қўйған эди, шоҳичи қатъий қилиб: «Иншоолоҳ битар, шундоғ йигитни куявликка қабул қилмаған бир кишини биз одамға санамаймиз» — деди.
Қутидор қайтиб чиқди... Зиё ака билан Ҳасанали маънолиқ қилиб бир-бирларига қарашиб олмоқда эдилар. Қутидор, айниқса Зиё аканинг оғзини пойлаб, кўнгли чақирилмаған меҳмонлардан тушунмоғи қийин бўлған бир маънони сезмакда эди. Орадаги сўзсизлик узоққа чўзилабергач, қутидор Ҳасаналидан сўради:
— Бек саломатми?
Зиё ака сўз ўнқови келганини пайқаб Ҳасаналининг жим туришига ишорат қилди ва ўзи жавоб берди:
— Бизнинг сизга чақирилмаған меҳмон бўлишимиз ҳам Отабекнинг соғлиғи учундир.
Қутидор бу жавобдан бир нарса тушунолмади ва шу-нинг учун қайталаб сўради:
— Отабек соғми?
— Бу кунгача Отабек саломат, — деди Зиё ака салмоқлаб, — аммо бекнинг мундан кейинги соғлиғи сизнинг қўлингизда қолғанға ўхшайдир.
Қутидор яна тушунолмай таажжуб билан меҳмон-ларга қараб олди.
— Тушунолмадим...
— Яъни Отабек бу кунгача саломат, — деди Зиё ака яна. — Аммо мундан кейинги соғлиғи сизнинг қўлингизда...
— Меним қўлимда?
— Сизнинг ихтиёрингизда.
— Отабек каби бир йигитнинг соғлиғи ҳар бир ақлли киши учун мақсад бўлса ҳам, — деди таажжуб билан қутидор,— лекин сўзингизнинг шуниси қизиқдирким, бир йигитнинг соғлиғи иккинчи бир кишининг ихтиёрида бўлсин.
Зиё ака бояғи вазиятини бузмади:
— Ажабланмангиз, ўртоқ, — деди, — бекнинг мундан кейинги соғлиғи сизнинг ихтиёрингизда; бу ўйин эмас — тўғри гап.
Қутидор тўсиндан муддаонинг ким ва нима тўғри-сида бўлғанлиғини пайқаб қолди ва ўзида бир турлик ўнгғайсизлик сезди. Зиё ака Тўйбеканинг ёзган дастурхонини тузатиб, кулчаларни синдирди. Ҳасанали билан қутидорни нонға таклиф қилиб ўзи мақсадни очиқроқ онглатмоқчи бўлди:
— Муҳаббат деган нарса жуда оз кишиларга насиб бўладирған бир дурри бебаҳодир, — деди Зиё ака. — Қадрдонингиз Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек — бир неча кунлардан буён пинҳоний бир дард билан оғрир эди. Кўринишда унинг қули, аммо ҳақиқатда Отабекнинг маънавий падари бўлған Ҳасанали ота унинг махфий дардининг асли омилини излайдир, бекнинг ўзи бўлса ўз ҳоли тўғрисида ҳеч нарса сездирмай дардин яширадир. Шундоғ қилиб хўжасига ихлослик Ҳасаналининг тажрибалик кузатишидан бекнинг махфий дарди узоққа қочолмай натижада сир очиладир... Шариъат ишига шарм йўқ, дейдирлар ўртоқ, агарчи сиз билан менга бир мунча оғирроқ бўлса ҳам яна сўзлаб ўтишга ҳожат бор: кунлардан бир кун тақдир шамоли юрадир-да бир кимса-нинг иффат пардаси остида ўлтурган қизининг юзидаги ниқобини кўтариб иккинчи томондан бизнинг Отабекни шу афифага рўбарў қиладир. Шу дақиқадан бошлаб бекда у афифага қарши бир ишқ, ҳам чин бир ишқ туғуладир...
Зиё шоҳичи ўз томонидан ҳам яна бир мунча гапларни қўшиб чатиб, сўзини тугатди.
Қутидор яхшиғина ўнғайсизланган эди. Қутидоргина эмас, совчилар ҳам ўнғайсизланган эдилар. Масаланинг нозиклиғига учавлари ҳам тушунарлар ва шунинг учун иттифоқ қилгандек чуқур бир сукутка кетган эдилар.
Гарчи муддао кун каби ошкора бўлган бўлса ҳам нима учундир қутидор яна ўзини тағофилга солиб сўради:
— У кимнинг қизи эмиш?
Зиё шоҳичи қутидор тарафидан ўзига бериладирган шу саволни кутиб турған эди.
— Сизнинг каримангиз, — деди.
Қутидор ўзининг жойсиз саволидан ўкиниб ерга қаради. Ўртада тағин сўзсизлик, ўнгғайсизлик бошланди. Бир неча фурсат шу йўсун жимгина ўлтуришкандан кейин яна Зиё шоҳичининг ўзига гапиришка тўғри келди:
— Биз, ўзимизнинг бу келишимизда сизнинг учун дунёга орзуғулиқ бир ўғул ҳадия этканимиздек, иншооллоҳ, қайтишимизда ҳам Отабек учун мужассамаи иффат бўлған бир рафиқа туҳфа қилармиз.
Бу сўздан кейин Ҳасаналининг юраги безиллай бошлади. Чунки шу дақиқада қутидор оғзидан ё рад ва ё қабул жавоби эшитар эди. Иккинчи томонда, кутилмаган бу совчилиққа ишонишнида, ишонмаснида билмай шошиб ўлтурган қутидор ҳам ўзининг оғзиға тикилиб турғучи икки кишига қандай жавоб айтиш учун гарангсиган эди.
— Отабек каби бир йигитни ўғул қилиш шарафига ноил бўла олсам ўзимни энг бахтлик оталардан санар эдим, — деди ниҳоят қутидор, — аммо бу тўғридаги ҳамма их-тиёр ўз қўлимда бўлмай орада кўкрак сути бериб ўсдирған хотин ҳам бор... Бу иш учун ёлғиз ўзим қабул жавоби берсам-да, онаси бир чеккада қолдирилса, эҳтимол, пухта иш қилмаған бўлармиз. Агар маслаҳат кўрсаларингиз бу тўғрида унинг билан кенгашиб кўрар эдим...
Қутидорнинг жавобидан самимият ва ихлос маънолари томиб турар эди. Жавобни эшиткан совчиларнинг томирига умид қонлари югуриб кетди.
— Бу от савдоси эмас, умр савдоси, биродар, — деди Зиё ака, — янгамиз билан кенгашингиз, Отабек ва отаси тўғриларида билганларингизни сўзлангиз, шундан кейин хўб ўйлашиб бизга жавоб берингиз.
Шу гапдан кейин қутидор меҳмонларни қолдириб ичкарига кирди. Кумушбиби ухлашқа ётқан эди. Тўйбека бўлса ўзининг ўчоқ боши ёнидағи уйчасини титратиб ҳуррак отар эди.
Қутидор уй эшигини очар экан айвонда ўзини кутиб ўлтурган Офтоб ойимға деди:
— Шамъни олиб кир-чи олдимга.
Уй жиҳозга ғоятда бой, гўё музахона тусини берар эди. Тахмонда турлик рангда атлас ва шоҳилардан қопланған кўрпалар, тахмон тоқчалариға уйилган пар ёстиқлар, қатор-қатор хитойи жононлар: косалар, кўзалар, чинни чойдишлар, лаганлар, кумуш қинлик ханжар ва қиличлар, қалқон ва сипарлар, дорга солинған турлик-турлик эр ва хотин кийимлари: пўстин, чакмон ва бошқалар, қип-қизил гилам ва шоҳи кўрпачалар киши кўзини қамашдирар даражада эдилар.
Ошиқиб оғзини пойлаған Офтоб ойимға қутидор бир илжайиб қўйди-да:
— Хотин, сен ҳали эшикдаги совчилардан хабарсиздирсан? — деди.
Офтоб ойим эрининг «совчи» хабарини оддийгина қаршилади, чунки энди икки-уч йилдан бери уйларига кун сайин совчилар жамоаси ёғилиб ётқанлиқдан бу совчилар ҳам ўшаларнинг бирисидир, деб ўйлаған эди:
— Хайрлик бўлсин, кимлар совчи?
Қутидор яна бир кулиб қўйди:
— Зиё шоҳичи, тағин сенга номаълум бир киши.
Офтоб ойим бу кунги совчиларнинг қутидорға бошқачароқ ўзгариш берганларини пайқади ва буни эрининг самимият ҳам ошиқишидан сезди:
— Ким учун келганлар?
— Бундан ўн беш кунлар илгари биз бир тошкандлик савдогар йигитни меҳмон қилған эдик, балки эсингдадир?
— Эсимда бор, Тўйбекка махтаб кирган йигит.
— Ўлма, хотин, — деди қутидор, — ана шу йигит учун келганлар.
Бу сўздан Офтоб ойим безонғлаб тушти ва эрига қарши ризосизлик вазиятини олди:
— Мусофир-ку?
Офтоб ойимнинг бу сўзи билан қутидор бош қашиб олди ва умидсиз бир товушда:
— Мен ҳам шунисига ҳайрон бўлиб қолдим, — деди.— Йўқса ўзи айни биз қидирған, ҳар тўғрида ҳам етук бир йигит эди.
Офтоб ойим бошқа хотинларимиздек эрининг раъйи ва хоҳишини, умуман бутун шахсини эҳтиром қилғучи бир хотиндир. Шунинг учун эрининг ҳозирғи раъйини гарчи ўз тилагига бус- бутун зид топса ҳам ёлғиз «мусофирлик» масаласи билангина гапка хотима бермай, бошқа тараф-лардан ҳам камчиликлар топиб асослик суратда қутидор-нинг Отабекка томон ҳароратланаёзған юрагига совуқ сув сепмакчи бўлди:
— Ўзи қандай кишининг ўғли, отаси сизга танишми?
Офтоб ойимнинг бу саволи ўзи учун зарарлик бўлиб чиқди. Чунки қутидор, Юсуфбек ҳожининг қандай киши бўлғанлиғини, бу кунда қайси ишда эканлигини ва ўзига бўлған муносабатини майда-чуйда тафсилотлари билан сўзлаб чиқиб, сўзи охирида: «Йигитнинг наслини айб-ситиб бўлмайдир, тўғрисига кўчканда бу йигит наслан биздан аллақанча юқорида турадир», деб қўйди.
Офтоб ойим энди иккинчи турлик йўл билан кетди:
— Уйланганми, йўқми?
— Уйланмаган. Буни қайсидир бир мажлисда унинг қу-лидан эшиткан эдим.
— Ёши нечаларда бор?
— Кўб бўлса йигирма беш ёшларда бўлур, бўлмаса йигирма икки-йигирма учлардан ошқан эмас.
— Нима мажбуриятда бизга куяв бўлмоқчи, Тошканддан қиз топилмағанми?
— Топилса ҳам ёқтирмас экан, — деди қутидор ва ўнгғайсиз ҳолатда воқиъани шипшитиб чиқди. Масаланинг бу янглиғ бошланишига ва бунинг устига эрининг мойилланишига Офтоб ойим нима дейишни билмай қолди. Тузик, эрининг майлини анчагина далил ва сабабларга суяниб бўлган бир майл эканини онглаған, куяв бўладирған йигитни ўзлариға ўғуллиққа лойиқ бир кимса эканини ҳам яхши тушунган эди, аммо ҳозир бу гаплардан ҳам илгарироқда «мусофирлик» масаласи турар; бир неча йиллардан бери мувофиқ куяв излай-излай ниҳоят Тошкандлик бир мусофирга бериш хўрлиғи Офтоб ойим учун оғир эди.
— Энди қандай кенгаш берасан, хотин?
Офтоб ойим ўз фикрини очиқ айтишка юраксина олмас, эрининг кўнгли олинишидан қўрқар, аммо — «мусофир» масаласига жону дилдан қарши эди.
— Сиз мувофиқ кўрган бир ишқа қарши тушиб, раъйингизни қайтараолмайман, — деди кўб ўйлағандан кейин Офтоб ойим, — чунки нима бўлғанда ҳам сиз-нинг оталиқ исмингиз бор, ҳам кўброқ ихтиёр сизнинг қўлингиздадир. Мен албатта кўзингизнинг оқу қораси бўлған ёлғиз қизингизни ярамас, бўлмағур кишига тутиб берарсиз, деб билмайман. Бу жиҳат билан бу ишка ризолиғим билинса ҳам бироқ қаршилиғим шундадирки, куяв тошкандлик бўлғандан сўнг қизингизни ўзи билан бирга олиб кетар ва сиз билан мени ёлғиз боламиздан айирар... Бунга қолғанда сизни билмасам-да, аммо менинг бундай жудолиққа сира тоқатим йўқдир... Мана шу та-рафни енгилроқ ўйлағанга ўхшадингиз, жоним.
— Сўзларинг тўғри, хотин, — деди ўйлаб қутидор, — лекин тақдир битканданми, нимадан бўлса ҳам бу йигитка қарши кўнглим жизиллаб турадир. Бу фикрим сенга маъқул тушадими, йўқми, ҳар ҳолда биз энди узоқ ўйлашиб ўлтурмайлиқ-да, ўз хоҳишимизча қилиб жавоб берайлик: масалан, совчиларға ризолиғимизни билдириб, аммо Кумушни Марғилондан олиб кетмасликни шарт қилайлик. Агар шартимизни қабул қилсалар ёлғиз боламиз икки бўлиб — айни бизнинг муддаомиз; йўқ, қабул қилмасалар ул вақтда киналари ўзларидан бўлсин, мана бу маслаҳатка нима дейсан, хотин?
— Мусофирлиғи?
— Биз таънани куяв қилмаймиз, — деди қутидор, — бизга чин йигит керак, халқ «мусофирга берди» деб сўз қилса — қилсин.
Офтоб ойим эридаги майлни бошдаёқ пайқаган эди, шунинг учун тилар-тиламас «ўзингиз биласиз» жавобини берди. Жавобни олиб қутидор совчилар олдиға чиқди ва маълум шартни уларга эълон қилди. Бу шартни Отабек исмидан Зиё шоҳичи қабул этиб қутидорни Отабекдек бир йигитни куяв қилиши билан табриклади ва шу такаллуфсиз совчилик ила умр савдоси биткан ҳисобланди. Икки ёш-нинг муҳаббатлик, увалик-жувалик бўлишлариға дуо қи-линғач совчиларға заррин тўнлар кийдирилди. Ҳасанали қутидорга ўзининг миннатдорчилигини айтиб тугата олмас, сўз ораларида уни дуолар билан ғарқ этмакда эди.
— Тўнлар муборак бўлсин!
— Сизга куяв ўғул муборак бўлсин! Қутидор ихлос ва самимият билан:
— Қутлуғ бўлсин! — деди.

Қаршилаш
Бу кунги кутилмаган тун Ҳасанали отани гангиткан, унинг кекса кўзлари уйқу билан тамом чаплашиб олған эдилар. Ул бу хабарни эртага эрталаб қайси йўсун билан бекка билдириш йўлларини ўйлар эди. Бу фавқулодда сўйинч хабарни бекнинг қайси йўсунда қаршилашини ўйлар эди. Бу хабарни эшитиш билан Отабекда кўриладирган ўзгаришларни, ҳолларни, ҳаракатларни... барчасини бирма-бир кўнглидан кечирар эди. Бу гапни эшитгач, ҳафталаб ҳужра ичидан чиқмай ётқан бекни кўчаларда, бозорларда, қутидор уйларида шодланиб, руҳланиб юрганини кўрар эди. Бу ўйларни тугаткандан кейин унинг кўзлари уйқу сари юмила бошлаб, қаршисиға Отабек келиб тўхтар эди: «Ота, мен сизнинг бу қилған яхшилиғингизни сира унутмасман» деб миннатдорлик қилғандек бўлар эди. Ҳасанали уйғониб кетар ва қайтадан шу тўғрида ўйлаб бошлар эди: «Бечора. Суйганинг тўғрисида ўйлай-ўйлай бошларинг оғриб, оҳлар тортиб ётадиргандирсан... Ёрдамчинг йўқлиғи-дан умидинг кесилиб, ҳасратингни кимга айтишни билмай-дирғандирсан. Қайғирма бегим. Ҳасанали отанг у тўғрида ҳам сени ёдидан чиқармади... Бу кеча се-нинг қайғулиқ кечаларингнинг энг кейингиси ва ойдинлиқ ҳам шеъриятлик тунларингнинг арафасидир, бегим».
Ҳасаналининг кўзлари тағин уйқуға кетар, қаршисиға Отабек билан кўҳлик, кўркам бир қиз келиб чиқар ва иккиси унга қараб илжайишар эдилар: «Бизнинг чин отамизсиз» дегандек бўлар эдилар. Ҳасаналининг яна уйқуси қочар эди. Ёшим олтмиш тўртка етди, ўғул-қизим бўлмади... Дунёдан чароғчисиз бораман... Дарвоқиъ Отабек менга ўғуллиқ қилмасми, хотини менга қиз бўлмасми, уларнинг болалари мени «бобо» деб кетимдан югурмасмикинлар? Тупроқ остларида унутилиб ётқан кезларимда: «Бир вақт Ҳасанали отамиз ҳам бор эди», деб ёдласалар, яхшилиқ билан эсласалар етар менга шу».
Тунлар узоқ, тонгни отдириб, Отабекни қувонди-ришғача сабр чидамас, кўз юмишға ҳалигидек хаёл-лар монеъ бўлар эдилар. Шу йўсун ярим уйқу ҳолатда тонгни отдириб сўйинтириш соатлари ҳам етди.
Чойдан кейин ҳужрасига чиқиб кеткан Ҳасанали қўлтуғида бир нарса билан кириб бек қаршисиға ўлтурди. Отабекдаги сукут, хаёл, фикр каби ҳолатларни юлиб, юлқиб олиб, улар ўрнига чечак доналари экиб, умид сувлари сепмакчи эди. Ҳасанали:
— Энди муборак бўлсин сизга, — деди.
Отабек тушунолмай Ҳасаналига қаради. Ҳасанали илжайган кўйи қўлтуғидағи заррин чопонни олиб сандал устига қўйди.
— Бу қандай чопон? — деб сўради бек.
— Муборак бўлсин, дедим-ку.
— Нима муборак бўлсин?
— Сизга иффатлик ва севимлик рафиқа билан қутидордек қайин ота, Ҳасаналига келин.
Отабек қизиқ ҳолатда қолди: бир турлик титраб кетди, кўзлари қинидан чиқар даражага етди. Ғайри-ихтиёрий қўзғалиб ўлтургандан кейин сўради:
— Бу нима деган сўзингиз?
— Нима деганимни сўрамангиз ва деганимга ишонаберингиз, — деди кулиб Ҳасанали, — мен сизни қутидорнинг қизига уйландиришка қарор қилиб, қароримни ҳам бу кун кечаси Зиё шоҳичи билан амалга оширдим... яъни қутидорнинг қизиға сизнинг учун унашиб келдик.
Отабек гангиб шошиб сўради:
— Қайси қизиға унашиб келдингиз?
— Қутидорнинг ёлғиз қизиға, — деди Ҳасанали, — бундан хотиржамъ бўлингиз, бек. Зиё шоҳичи эрталабки чойни ичиб борарман деган эди, биз унинг билан ҳали тўй кенгашларини қиламиз.
Отабек тусида хурсанд ва хафалиги мажҳул бир ҳолат бор эди. Унашиш масаласига қарши тушмаганидек, сўйинчини ҳам ошкор қилмади...

* * *
Кумушбиби уйқудан туриб, фавқулодда бир ҳолга учрайдир:
— Бир кечада ҳамманинг тушига «тўй» кириб чиқған.
Тўй учун янги кўрпалар қопламоқчи бўладилар, пар тўшаклар олмоқчи бўладилар, куяв учун қандай кийим ярашмоғи ҳам баҳс қилинадир. Офтоб ойим эрига олтин камар олмоққа буюрадир... Тавба, демак чора йўқ: Офтоб ойимларнинг куявлари ким, қайси қизларини эрга берадирлар, уларнинг Кумушдан ҳам бошқа қизлари борми? — Уларнинг қизлари ёлғиз, демак Кумуш эрга бериладир... Тушунарлик гап эмас:
— Эрга ким тегадир?
— Кумуш.
— Кумушбиби куявни ёқтирадирми, йўқми? Бу тўғрида унинг фикрини билиш керак эмасми?
— Сўзлаш ҳам керак эмас, билдириш ҳам.
— Нега?
— Чунки одат шул! Кумуш ота-она ёқтирған кишига рози бўлиш учун мажбур! Кумушбиби куявнинг ким бўлғанлиғини Тўйбе-канинг шу сўзларидан сўнг пайқаб олди:
— Мана, бекачим, — деди кулиб Тўйбека. — Тўйбека опангни сен ҳеч нарсага санамайсан.
Бироқ унинг нафсиламрда каромати бор. Опанг бир нарсани тилига ва ё кўнглига олдими, даррав фаришталар «омин!» дейдирлар. Анови кунги ёш меҳмонни сенга махтасам аччиғландинг, аммо келиб-келиб бу кун сени ўшанга бердилар... Энди мундан кейин Тўйбека опангға ихлос қўй, бекачим! Бу хабарни эшиткучи Кумушбибининг қора кўзлари жиқ ёшға тўлиб, кипраклари ёш билан беландилар.
— Йиғлама бекачим, — деди Тўйбека, — биз би-ламиз сизнинг кўз ёшларингизнинг нимага эканин: эрлар сўйинганда кулсалар, сизга ўхшаш қизлар йиғлайдирлар; сизнинг йиғлағанингиз
— қувонғанингиз... Мени эрга берганларида сенга ўхшаш мен ҳам йиғлаған эдим, аммо ичимдан никоҳ кунининг тезроқ келишини кута-кута ўлган эдим.
— Тоқатим тугади, опа, — деди Кумуш, — ортиқ сўзламангиз.
— Сўзламайман, — деди Тўйбека, — лекин сирасини сўзлайман... Оҳ, кўрсанг эди бир куявни. Қандай чиройлик, қандай ақллик эканини билар эдинг, бекачим. Юлдузингиз нах бир- бирингизга тўғри тушкан экан, ик-кингизнинг ҳам бир-биравингиздан камлигингиз йўқ.
Кумушбиби ортиқ чидалмади, қўрқунч бир товуш билан ҳайқирди:
— Оҳ, ўламан, кўб сўзлама! Кумушнинг бу товшига Офтоб ойим билан Ойша кампир уйдан югуришиб чиқдилар:
— Нима бўлди, нима бўлди?
Кумушбиби онаси билан бибисининг уйдан чиқишлари ила бошини сандалнинг кўрпасига буркаб, ётиб олди. Тўйбека жуда қўрққан эди:
— Қаллиғи тўғрисида сўз очқан эдим, мен билан уришди.
Офтоб ойим Тўйбекани қарғаб берди:
— Сен ақлсиз ўлгур, Кумушни уялтирғансан! Тинч юрсанг сени бирав бир нима қиладими?
Бор, ишингга бор! Оналар Кумушнинг бу ҳайқириғини уялғанга йўйдилар-да, яна уйга кириб бисот кавлашка, тўй ҳозирлигини кўришка машғул бўлдилар.
Кумушбиби бир неча фурсаткача шу кўйи бурканиб ётди. Сўнгра ўрнидан туриб ташқари ҳавлига қараб кетди. Кўб йиғлағанлиқдан кўзлари қизарған, қовоқ-лари шишкан, юзлар бўрткан эди. Аммо бу ўзгаришлар унинг ҳуснини, латофатини бир зарра ҳам камитмай балки, ўн қайта оширған эдилар. Ташқариға чиқғандан кейин айвоннинг тумшуғига келиб ўлтурди ва ўнг қўлининг кафтига юзини олиб фикрга толди. Шу ҳолда узоқ қолди. Шундан кейин ул қўлини юзидан бўшатди-да, энтикиб дам олди ва кимнидир излагандек, кимнидир кутгандек теварагига қараб қўйди...
— Ариқ бўйи, сирлик ариқ бўйи.
Ёшлиқ кўзлар ариқ бўйиға тушиб, нозик оёқлар ариқ бўйи томонға ҳаракатландилар. Ул ариқ бўйиға еткач, маълум ўринга сакраб ўтди-да, чўнқайди. Бир ҳовуч сув олиб юзидан тўкиб туширди ва оҳистагина йўлак томонға қараб олғандан кейин сувнинг оқишиға кўзини тикди.
Кумушнинг дардини ҳеч ким билмас, унинг хаёлига ҳеч ким тушунмас, магар шу ариқ бўйи тушунгандек, билгандек... Сирлик ариқ бўйи унга нималарнидир сўзлар, ундан нималарнидир тинглар, бунга четдан ҳеч ким воқиф бўла олмайдир-да, бўлмоғи ҳам мумкин эмас.
Кўзларидан оққан марварид томчиларини шу сирлик ариқ суви билан ювди, бир мартабагина ювди эмас — қайталаб-қайталаб ювди. Бояғи аччиғидан бир мунча тинчланиб, кўз қизиллиқлари кеткан ҳолда битта-битта босиб ичкарига қайтди.

Тўй, Қизлар Мажлиси
Қутидорнинг ташқарисиға эр меҳмонлар, ичкарисига хотин меҳмонлар тўлғанлар, улар қуюқ, суюқ ошлар, ҳолва, нишолдалар билан иззатланадирлар. Ташқарида бир қўша созандалар дутор, танбур, ғижжак, рубоб, най ва амсоли созлар билан дунёга жон суви сепиб шаҳарнинг машҳур ҳофизлари ашула айтадирлар. Тўй жуда ҳам руҳлик...
Ичкарида хотинлар мажлиси: оналарча айтканда, улар қум-тупроқдек кўб, бироқ мажлиснинг боришида тартиб йўқ, ҳавли юзи ва уйлар хотинлар билан тўлған, қайси ҳавли юзида бир товоқ ошни еб ўлтурадир, ким йиғлаған боласини овитиш билан овора, бирав ёр-ёр ўқуб, тағин биттасининг қувончи ичига сиғмай хахолаб дунёни бузади, хуллас бағ-буғ етти қат кўкдан ошадир...
Офтоб ойим қайғулироқ, туси бир оз синиққансумон... Меҳмон кутиб чарчағаниданми, нимадан бўлса ҳам жуда калавлаган, баъзан қиладирған ишидан ҳам янглишиб кеткани, масалан, уйга кирмакчи бўлиб таванхо-нага кириб қолғани кўриладир. Тўйга келган хотинларнинг «Тўйлар муборак, куяв ўғул муборак!» деб сўрашлариға ҳам ишончсиз бир оҳангда «Қутлуғ бўлсин», дейдир.
Офтоб ойим донхонанинг эшигидан туриб хотинлар орасидан кимнидир ўз ёниға чақирди.
Ёши эллидан ошқан, кулгуси ичига тўлиб тошқан бир хотинни дувурданчиқиб, ўзига қараб юрганини кўргандан кейин донхонаға кирди. Хотин ҳам ичкарига киргач, Офтоб ойим эшикни қия беклади-да, қайғулиқ бир боқиш билан хотинға қаради.
— Нега қайғулиқ кўринасан, Офтоб?
Офтоб ойим узоқ тин олиб эшикка қаради ва ярим товуш билан:
— Шу чоқда ичимга чароғ ёқсалар ҳам ёримайдирда, эгачи, — деди ва кўзига жиқ ёш олди.
— Нега?
— Қизим тўғрисидан...
— Қизингга нима бўлди?
— Унашилғаниға бу кун еттинчи кун, — деди Офтоб ойим, — шундан бери Кумушингиз тун ҳам йиғлайди, кун ҳам, сабабини сўрасам сира жавоб бермайдир-да, дўлонадек кўз ёшисини оқиза берадир. Бу кун тағин йиғиси ошиб тушди. Ҳайтовур ялиниб, ялпоғланиб аранг ҳаммомга юбордиқ.
Хотин Офтоб ойимнинг бу гапидан ҳайрон бўлди ва ўйлаб сўради:
— Нимабало, куявинг кўрксизми?
— Ўзим кўрмадим, — деди Офтоб ойим, — аммо кўргучиларнинг сўзларига қарағанда ўхшашсиз кўркам, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш... Отасининг ўзи йигитни яхши кўриб куяв қилған эди.
— Кумушнинг ўзи йигит тўғрисидан ҳеч нарса билмайдирми?
— Биладир, — деди ойим, унинг олдида биз жўрттага куявни махташамиз, лекин бу махтовларни эшитгуси келмай, қайтаға йиғисиниғина ортдирадир.
Хотиннинг ҳам бу гапдан ҳайрати ортди ва бундан қандай сир борлиғига ақли етмади.
Офтоб ойимни юпатиш учун ўткан-кеткандан ва бошда йиғлаб эрга теккан қизларнинг чимилдиқда йигит билан апоқ-чапоқ бўли-шиб кетканларидан ҳикоя қилди:
— Қайғирма, Офтоб, — деди, — куявинг бунчалик сулув бўлса, гап-сўзда тенгги бўлмаса, ҳали чимилдиқда қизингнинг печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз.
— Оҳ, опажон, — деди умидсизча ойим, — маним бунга кўнглим чопмайдир.
— Чопсин, Офтоб. Мен бундай йиғлоқ қизларнинг кўпини кўрдим, шундай қизларнинг уялмай-суялмай чимилдиқда ҳатто йигитдан ҳам ортдириб ҳаракат қилганларини ҳам кўрдим, сенинг қизинг ҳам шуларнинг биттаси, қайғирма Офтоб.
— Илоҳи шундай бўлсин-да.
— Бўлади-бўлади, — деди кулиб хотин, — шошмачи, Офтоб. Агар қизинг мен айткандек ўзгариб кетса менга нима берар эдинг?
— Сизга бош-оёғ кийим.
— Сўзингдан қайтма, Офтоб. Печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз ҳали, худо кўрсатса, бор, ўйнаб-кулиб меҳмонларингни кут!..
Шундан кейин икави донхонадан чиқиб хотинлар орасиға кирди.

* * *
Қизлар мажлиси — гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси! Бу уйда — Кумушбибининг тоғасининг уйида қизлар мажлиси, гуллар мажлиси! Бу уйга ўттуз-қирқ чамалиқ қизлар йиғилғанлар, йиғилишдан мақсад: қизлар ўзларининг энг латиф, энг гўзал бир аъзоларини бу кун хотинлиқ оламига узатмоқ-чидирлар. Бу узатиш мажлисини жонлик, руҳлик ўтказмак учун барча қизлар ўзларининг энг асил, энг нафис ки- йимларини кийиб, фавқулодда ясаниб, ҳусн оламини яна бир қат, яна бир қайта бежабдирлар.
Агар бу уйга кириб, бу мажлис аъзоларини бир мартаба кўздан кечирсангиз, ҳозирданоқ айтиб қўйиш мумкин-ки, албатта эсингиз чиқиб кетар:
— Бу гулми, кўҳлик? Йўқ наригиси! Ундан кўра буниси! Барисидан ҳам ўттаси!.. Ана шундай қилиб эсдан ҳам ажрарсиз, гул танлашда бир қарорға келалмай эл ичида кулгига ҳам қолурсиз, расво ҳам бўлурсиз.
Мана, мажлис аъзолари шунақангғи бир-биравидан ўтоқ малаклар, парилар эдилар.
Мажлиснинг шоирлари, ўйинчилари, чилдирма ва дуторчилари — барчаси ҳам ҳозир бўлиб фақат Кумушбибигина ҳаммомдан қайтмаған эди. Шунинг учун мажлис очилмаған, очилса ҳам руҳсизроқ, Кумуш келгач, мажлиска руҳ киришига барча ишонадир ва уни тўзимсизланиб кутадир.
Кимдир, орадан биттаси «келишди!» деб юборди. Барча қизлар уйнинг даричаси ёниға уймалашиб ҳавлиға қарадилар. Чиндан ҳам ул ёнида икки янгаси билан келган эди. Шу чоқда бизга Отабек керак эди! Нега десангиз, ул келсин эди-да, суйганини бир кўрсин эди: ҳаммом билан ул... фақат жонғина сўрайдир, мажруҳ кўксларга ўққина отадир... Бошдағи оқ шоҳи рўймол, ичдаги оқ шоҳи кўйнак, устдаги оқ кумуш заррин сирил-ган пўстин, бақбақаларни ўраб ўпиб турған ёқа қундузларининг келишкани, солиниб тушкан қора жинггила сочларнинг бўйин теварагига чирмашқани, хом нуқра юзларнинг бўғриққани...
Янгалар Кумушни ҳавлидан туриб қизларға топширдилар:
— Мана Кумушбиби — сизларга, қизлар! Кумушнинг кўнглини яхшилаб очинглар, қизлар! Икки-уч қиз чопиб ҳавлиға тушдилар-да, Кумушбибидан паранжини олиб уйга бошладилар.
Янгалар Кумушни қизларға топшириб кетдилар. Ҳавли эр ва хотиндан бўш, ёлғиз қизларғагина хосланиб қолди.
Кумушбиби бошлағучи қизлар билан уйга кирди, ундан онгқан атир ислари билан уй тўлди.
Қизлар ўзлари-нинг бир турликкина сўзлашишлари билан Кумуш ила кўриша бошладилар:
— Эсонмисиз, саруполар муборак?
Кумушбибининг қизларға берган жавоби эшитилар-ешитилмаслик эди:
— Қутлуғ...
Кумушбиби уйнинг тўрига ўтқузилди. Қизлар уйнинг теварагига ўлтуришиб олғандан кейин ораға нима учундир бир жимжитлик кирди. Қизлар маънолик қилиб ер остидан Кумушка қарайдирлар. Мажлисда бир хил маъюси-ят. Қизлар нимани ўйлайдирлар ва нима тўғрисида маъюсланадирлар, бу эрса қизларнинг бизга номаълум бўлған ички сирларидир.
Қизлар ипка чизилған гулдек уй теварагини олғанлар, бунинг устига ёвошлиқ, ўйчанлиқ уларнинг тусларига маънавий бир ҳусн ва жиддият бериб, бирга юз ҳусн қўшқан эди. Агар биз шу кезда заршунослиқ учун енг шимарсак, яъни гулни гулдан ажратадурған бўлсақ бояғидек эсанкираб, мутараддид қолмаймиз, чунки Кумушбиби лолалар исидаги бир гул ва ё юлдузлар орасидағи тўлған ой эди.
Орада ҳамон бояғи жимжитлик ҳукм сурар эди.
Ҳар бир мажлиснинг жонландирғучи, идора қилғучи бир-икки қаҳрамони бор бўлганидек, бу қизлар мажлиси ҳам шундай қаҳрамонлардан ҳоли эмас эди. Мажлисни бунчалик руҳсизланиб, маъюсият ичида қолишиға Гулсинбиби чидаб туролмади:
— Биз нима учун йиғилдиқ-да, нимага ер чизишиб ўлтурамиз! — деди. — Биз бу ерга аза очқали келдикми?
Гулсиннинг ёниға Хонимбиби қўшилишди:
— Кўб ўйлашманг, ўртоқлар! — деди, — барибир бу гап ҳаммамизнинг ҳам бошимизда бор! Тур Савра! Ҳавлиға олов ёқиб чилдирмангни қизит! Аноргул, сен дуторингни ол! Кумушбиби, сиз унча хаёл сурманг кулиб ўлтуринг. Барибир эртага жойсиз чеккан қайғин-гиздан ўкинарсиз!
— деди-да, мажлисни ост-уст кулдириб юборди. Кумушбиби ҳам ихтиёрлик, ихтиёрсиз бу кулгуликка тортилиб, унинг ёвошқина илжайишидан ёқутдек лаблари остидаги садаф каби оқ тишлари бир оз кўриниб қўйдилар.
Шу гапдан кейин мажлиска кутилмаган бир руҳ кирди. Аноргулнинг қўлидағи дутор «Ўртоқлар» куйини танларга ларза бериб, тарона қилди. Хонимбиби қизларға қистатиб ўлтурмай ўрнидан сакраб турди-да, ўйнаб ҳам кетди. Дутор ёниға чилдирманинг чертмаги келиб қўшилғандан кейин базм тағин ҳам жонланди. Чапаклар ҳам кўтарилди. Ўйин қизиб борар эди, унинг дарича эшиклари бекланиб тоқчаларға шамъ ёқил-ғандан сўнг, базмнинг руҳи яна ошди. Ел билан ўйнашиб ёнған шамъ нури қизларни аллақандай ажиб ҳолатка қўймоқда, мажлис эрса «Алиф лайло» ҳикояла-ридаги «парилар» базмини хотирлатмоқда эди. Дутор «Ифор» куйини чалиб, чилдирма ҳам нозик йўл билан унга қўшилиша борди. Ўйин ҳам бир турлик назокат касб этиб, Гулсинбиби йўрғалай кетди. Дутор кўнгилнинг аллақандай ингичка жойини қитиқлайдир, чилдирма юракни нимагадир ошиқдириб, Гулсин қизнинг йўрғалаши борлиқ аъзони зириллатадир. Базм жуда қизиқ, жуда кўнгиллик эди.
Кумушбибини ҳам бу қизиқ базмдан бошқалардек ҳисса оладир, сўйиниб қувонадир, деб ўйланмасин, чунки вужуди қизлар базми ичида бўлса ҳам хаёли аллақа-ёқларда учиб юргандек, кўзлари ўйнағучи қизларда бўлса ҳам, аммо ҳақиқатда бошқа бир нарсани кўргандек... Кўринишдан натижа чиқариб айтканда, бу қизиқ мажлис унинг учун базм ўрнини эмас, аза жойини тутқандек...
Икки соатлик қизиқ бир базмдан сўнг қизлар чарчадилар-да, ўйинни тўхтатдилар. Гулсин билан Хонимбиби энди дутор билан қўшиққа ўлтурдилар. Гулсин ўзининг қўнғуроқдек товши билан «Йиғларман» куйидан бошлади:
Ўртоқларим, қўлға олсам торимни, Беихтиёр ёдлайдирман ёримни! Иккинчи қайтариб айтишда унга Хонимбиби қўшилишди. Бир турлик, бир оҳанглик нафис, мусиқавий товушлар кишининг борлиқ вужудига, қон томирлариға ажойиб бир ўзгариш берган эдилар. Шу чоққача мўлтайиб, хаёл ичида шўнғиб ўлтурған Кумушбиби бир сесканди-да, қўшиқчи қизларға қаради.
Қизлар иккинчи байтка ўтдилар:
Бир кўриниб яғмо қилған кўнглимни, Қайтиб яна кўралмадим норимни! Шу вақт кутилмаган жойда Кумушнинг икки кўзи жиқ ёшга тўлған эди. Учунчига ўтдилар:
Агар кўрсам эди яна ёримни, Бағишлардим ҳама йўқу боримни! Тўртинчи:
Билурмикин, билмасмикин у золим:
Кунлар-тунлар тортқан оҳу зоримни! Кумуш тоқатсизланған эди...
Бешинчи:
Чиндин айтинг ўртоқларим менга сиз, Қайта бошдан кўрарманми ёримни?
Кейинги:
Кетди тоқат, кетди сабрим... кетдилар...
Синдирарман уриб ерга торимни! Бу кейинги байтка қулоқ солғучи қолмади. Чунки ёнидаги қизға осилиб йиғлай бошлаған Кумушбибига ҳар ким таажжубда, ҳар кимнинг кўзи, қулоғи шунда эди.
— Нима бўлди, Кумуш?
— Нега йиғлайсиз, Кумуш опа?
— Бирар жойинг оғрийдирми, Кумуш?
Кумушбиби ўз устига дув йиғилған қизларга кўзини очиб қаради-да, ҳушёр тортқанлардек бир ҳаракат қилиб қўйди ва тез-тез чўнтагидан рўймолини олиб кўзёшисини қуритди.
— Нега йиғладинг-а?
Бу саволни бергучи Гулсинга Кумуш куч билан илжайиб қаради-да:
— Ўзим... — деди.
— Вой шўргинангга шўрва тўкилсин, Кумуш! — деди Гулсин, — мен шундай эрни топиб тексам бошим кўкка етар эди! Гулсиннинг гапига қизлар кулишдилар. Кумуш жуда хафа кўринганликдан унинг кўнглини очмоққа тўғри келар эди. Шунинг учун бошқа ўйинларни қўятуриб мажлиснинг энг қизиқ тарафи бўлиб саналған лапар айтишка кўчдилар. Гулсин куяв рўлини ўйнар, Хонимбиби Кумуш рўлида, иккисининг бир-бирисига қараб ўқишқан лапарлари барчани кулдириб, ичакларни узар даражада. Бироқ Кумушнинг тишининг оқини кўриш жуда қийин, унинг ҳамма иши фақат мунгғайиб хаёлланишқина...
Қизларға тўйхонадан ошлар, таванлар келиб тортилди. Ошдан кейин янгалар келиб, қизлардан Кумушни сўрадилар. Қизларнинг, «Йўқ, биз Кумушбибини сизларга бермаймиз!» деб ўйнаб айткан сўзлари Кумушбибига чиндек бўлиб эшитилар, янгалар билан уйдан чиқар экан, кўмак сўрағандек қизларға термулиб қарар эди. Шу йўсун қизлар ўзларининг бир ўртоқларини хотинлиқ дунёсига узатиб, мажлисдан тарқалишдилар.

Кутилмаган Бахт
Кумушбибидан ваколат олиш ҳам жуда қийин бўлди. Домланинг: Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига бағишламоқ ваколатини амакингиз Муҳам-мадраҳим Йўлдош ўғлига топширдингизми? деган сўроғи олти, етти қайтарилғандан кейин, шунда ҳам янгалар қистоғи остида аранг унинг ризолиғи олинди.
Кечки соат бешларда қутидорнинг ҳавлиси тўрт кўз билан куяв келишини кутадир. Куяв учун паловлар, қуюқ-суюқ ошлар, неча турлик неъматлар ҳозирланиб, булар ҳам куявнинг интизорида турадирлар. Ниҳоят, соат беш яримларда куяв келди. Йигирма-ўттиз чоғлиқ ёш йигитлар — Раҳматнинг ўртоқлари, улар орасида Отабек — куяв кўринди: бошида симоби шоҳи салла, устидан қора мовут сирилган совсар пўстин, ичида ўзи-нинг Шамайда тиктиргани осмони ранг мовут камзул, мовут шим: оёғида қалапой афзали, белида Кумушбибининг уста қўли билан тикилган шоҳи қийиғ... Юзлар қизил, оғиз ирпайган, кўзлар ўйнаб аллакимни қидирадир. Ошларини еб бўлсалар ҳам жўрттага куяв кўриш учун ўлтурған маҳалла кишилари бир-бирларини туртишиб: «Тузук-тузук, куявликка арзигундек, чакки чаккига тушмапти, олмаю-анор» дейишдилар. Томда куяв кутиб ўлтурған хотинлар ичидан Офтоб ойимнинг эгачиси ошиқиб синглиси ёниға тушди-да: «Офтоб, даррав исириқ ҳозирла, куявингни ёмон кўздан ўзи асрасин!» деди. Қутидор эшик остида қўл қовиштириб меҳмонларни кутиб оладир, ер остидан куявига кўз қирини ташлаб, кишига сездирмай ўзича кулимсираб қўядир.
Меҳмонхона айвонида оқ соқоллиқ, кўркам сиймо ва оғир табиъатлик домла билан Зиё шоҳичи, Ҳасанали, қиз вакили ва тағин бир неча кишилар ўлту-радилар. Йигитлар куявни домлалар қаршисиға келтуриб тўхтатқандан кейин Отабек вакили бўлған Зиё шоҳичи билан Кумуш қиз вакили Муҳаммадраҳим ораларида маҳр масаласи очиладир. Кўб тортишқандан сўнг қуйидағи маблағлар маҳр қилиб белгуланадирлар: уч юз олтин пул, мундан кейин олиб бериш ваъдаси билан Марғилондан ўрадек бир ҳавли, соғиш учун сигир, ас-боби рўзгор... Бунга Отабек ҳам ўз ризолиғини билдирадир. Домла хутба бошлайдир. Форсийча ўқулған ҳамд, саловот ва бошқалардан сўнг хутба энг нозик бир ўринга келиб тўхтайдир: «Сизким Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли Кумушбиби Мирзакарим қизини ўзингизга шаръий хотинлиққа қабул қиласизми?» — форс тилида сўралған бу савол Отабекнниг кулгусини қистатиб, кўнглидан кечи-радир:
— Қабул қиласизми-я?
Ул биринчи сўроқдаёқ — «учиб, қўниб қабул қи-ламиз» деб жавоб бермакчи бўлса ҳам бироқ халқ-нинг— «ўлиб турған экан» деб қиладиган таънасидан чўчиб, жавоб бермайдир. Яна бир қайта юқоридаги «сиз ким фалончи...» жумласи домла тарафидан такрорланадир.
Куявларга учунчи сўроқда жавоб бериш одат ҳукмида бўлса ҳам, Отабек бу такаллуфка чидалмайдир. Гўё учинчи сўроқ ўрниға «Eнди олмас экансиз Кумушбибини...» деб мажлис бузиладирғандек сезиладир-да, ҳамма товшини қўйиб, барчаға эшитдириб «Қабул қилдик!» деб юборадир.
Домла алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ... билан никоҳ-ни тугатиб мажлис томонидан келин билан куявнинг ҳақлариға дуо бошланадир, ҳамма дуоға қўл кўтариб, ҳатто томдағи томошачи хотинларғача «омин»га кўмаклашадирлар ва шундан кейин никоҳ мажлиси ёпиладир. Йигитлар куявни меҳмонхонаға олиб кирадирлар, зиёфат бошланадир.
Отабекда бир дақиқаға бўлсин тўзим бўлмаған бир вақтда бир неча соатларга қараб чўзилған бу томоқ мажлиси билан албатта ул яхши чиқиша олмайдир. Хуфтанга яқин банаъжи бир иштиҳо билан ейилиб бўшатилған лаган, товоқлар олиниб дастурхонлар йиғилди.
Бизнингча бир ярим соат, Отабекча аллақанча йил ҳисобланган бир фурсат ўтиб, ниҳоят, янгалар куяв сўрадилар. Икки ёшға муҳаббатлик умр сўраб фотиҳа ўқилғандан сўнг Отабек ичкарига узатилди.
Ҳасанали меҳмонхона айвонида бекни кутиб турар эди:
— Энди куявлик муборак бўлсин, бегим?
— Қутлуғ бўлсин.
Ҳасанали бошдан-оёқ бекни кузатди, оталиқ муҳаб-бати билан бекнинг орқасини силади ва ёшли кўзлари билан дуо қилиб унга рухсат берди. Отабек янгалар кутиб турған тарафка юрди.
Ул ҳозир қизиқ ҳолатда эди: бу нима гап, тушими, ўнгими, нима гаплар ўтиб, нималар бўлмоқда, бўлиб турған иш ҳақиқатми?
Биз ичкарига кирамиз: ҳавлининг икки томони то Кумушбибининг уйигача қатор куяв куткан хотинлар, бола-чақалар билан тўлған. Баъзан куткучи хотинлар-нинг қўлида ёниб турған шамъ, куяв тушадирган уй тўй моллари билан жуда ҳам бежалган. Юқорида ёзилиб ўтилган қутидор уйининг аксар жиҳозлари шу уйга, Кумуш қиз уйига кўчирилган. Бир буларгина эмас хотин- қизлар қўли билан чатиб ишланган турлик зийнат чодирлари билан ҳам бежалган, шипда катта қандил, қандилда ўттузлаб шамълар ёниб уйни сирлик бир ҳолатка қўядирлар. Бурчакда қизлар мажлисида кўрилган оқ кийим-лар билан Кумушбиби турадир... Унинг ҳусни бежалган уйнинг оқлари, кўклари, сариқлари ва қизиллари билан товланиб хаёлий бир сиймода... Кўз ёшларини оқузиб янгаси-нинг сўзига қулоқ осмайдир. Ташқаридан эшитилган «куяв! куяв!» сўзи билан тағин ҳам унинг кўз ёшиси кўпайиб туси ҳам ўзгарди. Янгаси Кумушни шу ҳолда қолдириб ўзи югирганича эшикка чиқди. Куяв келар эди: икки томонни сириб олған хотин- қизлар ўртасидан Отабек келар эди. Унинг кетидан Офтоб ойимнинг эгачиси исириқ тутатар эди. Хотинлар қўлларида шамъ билан унга қарар ва кузатиб қолур эдилар. Куяв уйнинг ёниға етди. Унинг юзи уятидан жуда қизарған, қочқали жой тополмас эди. Шу кезда уйнинг эшиги очилди-да, янга томонидан қаршиланди.
— Кирингиз, бек.
Отабекнинг юрак уриши эҳтимол янгасига ҳам эшитилар эди... Отабек уйга киргандан кейин янгаси ташқари чиқиб, эшикни ўзи кўрарлик қия қилиб ёпди... Уйнинг тўрида ёнини Отабекка бериб рўймолининг учини тугибми, йиртибми Кумушбиби турадир ва ким келди, деб ёниға қарамайдир. Рўймол тугиш билан машғул латиф қўлларни чет қўл келиб сиқди:
— Жоним! Кумушбиби бегона қўлдан сесканди ва қўлларини қутқазмоққа тиришиб:
— Ушламангиз, — деди ҳам сиқувчи қўлдан қути-лиш учун орқаға тисланди.
Титраған ва қовжираған бир товушда:
— Нега қочасиз? Нега қарамайсиз? — деди бек. Кумушбиби шу чоқғача қарамаған ва қарашни ҳам тиламаган эди. Мажбурият остида, ёв қараши билан секингина душманига қаради... Шу қарашда бир мунча вақт қотиб қолди. Шундан кейин бир неча қадам босиб Отабекнинг пинжига яқин келди ва эсанкираган, ҳаяжонланған бир товуш билан сўради:
— Сиз ўшами?
— Мен ўша, — деди бек. Иккиси ҳам бир-бирисига беихтиёр термулишиб қолдилар.
Кумушбиби оғир тин олиб:
— Кўзларимга ишонмайман, — деди.
Отабек кўзларини тўлдириб қараб:
— Мен ҳам, — деди.
Шу вақт икки лаб ўз-ўзидан бир-бирисига қовишди... Кичкина нозик қўллар елка устига, кучлик қўллар қўлтиқ остиға ёпиштилар.
Кумушбиби Отабекнинг юзига узоқ тикилиб турди-да:
— Кутилмаган бир бахт, — деди ва ўзининг отидек бир нарсанинг товши каби қилиб кулиб юборди. Бу кулиш ҳавлиларгача эшитилди. Қия очилиб турған уй эшиги ҳам қаттиққина бекланди. Кумушбиби Отабекнинг қўлидан ушлаб қуйида ёзиб қўйилган дастурхон ёниға бошлади:
— Сиз бўлғанлиғингизни илгаридан билганимда бошқача қаршилар эдим, — деди.
— Бошқа деб ўйладингизми?
— Ўйлаш қаерда, сиз бўлурсиз, деб кўнглимга ҳам келмаган эди, — деди-да, тағин кулиб юборди.
Дастурхон ёнида Кумушбибининг латиф билагига Отабек олтин узук солур экан, ул ерга қараған ҳолда эди.
— Мен сизга ҳеч нарса ҳам ҳозирламаған эдим...
— Ҳозирламағанингиз учун ўкинасизми?
— ...
— Ўкинмангиз, — деди бек, — сиздан бир нарсани сўрасам аямассиз?
— Аямайман.
Отабек Кумушбибининг лаблари устидаги қора холиға ишорат қилиб:
— Шу ердан бир ўпиш берсангиз, сиз ҳам катта эсдалик ҳозирлаған бўлур эдингиз, — деди.
Кумушбиби қизаринди.

* * *
Отабек Марғилон келганнинг иккинчи куни пояфзал бозорида бўлған эди. Аср намознинг вақти ўтиб борғанлиқдан ул шундаги дўкондорларнинг бирисидан таҳорат олиш учун сув сўради. Кўчадаги сув ариқнинг тегидан саёз оқар, шунинг учун ундан фойдаланиш қулай эмас эди. Дўкондор унга сувнинг қулай ўрнини кўрсатди: «Мана шу бурчакдаги дарбозадан ичкарига кирсангиз, ариқнинг юза жойини топиб таҳорат олурсиз», деди. Отабек дўкондорнинг кўрсатишича қутидорнинг ташқарисиға кирди. Шу вақт тасодуфан нима юмиш биландир меҳмонхонадан чиқиб келгучи фариштага кўзи тушди. Кумуш ҳам ариқ ёқасиға келиб тўхтаған чингилин йигитка беихтиёр қараб қолди. Ихтиёрий эмас, ғайри ихтиёрий иккиси ҳам бир- бирисидан бир мунча вақт кўз ололмадилар. Охирда Кумуш нимадандир чўчиғандек бўлди, енгилгина бир ҳаракат билан ўзини ичкари йўлак томонға бурди. Бу бурилишдан унинг орқа- ўнгини тутиб ётқан қирқ кокиллари тўлқинландилар. Кумуш ичкарига қараб чопар экан, йўл устидан ариқ-бўйида қотиб турған йигитка яна бир қараб қўйди ва бу қарашда унга енгилгина бир табассум ҳам ҳадя қилди... Кумуш ичкарига кириб кўздан ғойиб бўлди, лекин Отабек яна бир неча дақиқа ерга михлангандек қотиб турди... Охирда кўзини катта очиб ўткан дақиқада учрашкани хаёлий гўзални истаб хаёл-ланди. Бироқ ҳақиқат бошқача эди. Таҳорат олмоқ учун ариқ бўйиға ўлтурди. Аммо кўзи хаёл яши-ринған йўлакда эди. Таҳоратланиб бўлди, яна кўзини ўша тарафдан узолмади. Артиниб олғандан кейин яна оёғ устида тўхтаб қолди. Яширинған гўзал иккинчи қайта кўринмади, эҳтимолки, Отабекни ипсиз боғлаб, ўзи қайси бурчакдан бўлса ҳам асирини тамоша қилар эди.
Кўб кутди, аср намозини қазо қилиб куч билан қутидор уйидан чиқди ва шу дақиқадан бошлаб унда муҳаббат можароси туғилған эдиким, бу ёғи ўқуғучимизга маълумдир.
Кумушбибининг юқорида «Сиз ўшами!» деб сўраши шунга биноан бўлиб, аммо унга масаланинг онглашилмай қолиши ва чин бахтни билъакс кутиб олиниши қизиқ эди. Шундай қилиб икки ёшнинг биринчи ҳам соф муҳаббатлари қовишиш билан натижаланди.

Чақимчилиқ
— Бу кун етти кун... Отабек қутидорнинг қизиға уйланди.
Ул бу хабарни Қўқондан қайтишда эшиткан эди. Ўзининг қиёфасига яраша қўрқунч йўллар излар экан, қулоқлари тегида «...қизиға уйланди» жумласи такрорланиб турғандек бўлар эди.
Унинг Қўқондан қайтиши иккала хотини учун ҳам улуғ бир фалокат бўлди. Чунки арзимаган бир сабаб билан иккаласи ҳам яхшиғина таёқ еб олди. Шунинг учун икки кундаш унинг олдиға киришдан қўрқиб, яна тўғриси — унинг совуқ афтини кўришдан жирканиб ҳавлининг чет- четида юрарлар, икки кундаш билиттифоқ унга ўлим сўрарлар: «Қўқонда ўлса, ўлигини итлар еса биз ачинарми эди», деярлар эди.
Ул ўлтурган кўйи нима тўғрисида бўлса ҳам жуда бош оғритиб ўйлар эди. Шу чоқда унинг тусидан йиртқичлиқ, бир гуноҳсизнинг устига ҳужумга ҳозирланған ваҳшийлик белгулари кўрилур эди. Ҳар ҳолда ул яхшилиққа эмас, қандоғ ҳам бўлса бир ваҳшийликка йўллар, режалар излар эди. Охири унинг юзида истеҳзолик бир илжайиш кўрилди-да, бир нарсага қарор қўйғандек бир ҳаракат ясади ва ўрнидан сакраб туриб қозиқдағи кирлаб кеткан салласини қўлиға олди ва ҳавлига чиқди. Ташқарисида беш дўконлаб иш тўқиб турған халфа шогирдларига баъзи таълимотларни бергач, бир улуғ дарбоза орқалиқ кўчага юрди. Ўралиб битмаган салласини тузата-тузата тор, кирди-чиқдилик кўчалар билан шаҳарнинг кунботар томониға, беклар маҳалласига қараб кетди.
Беклар маҳалласининг бошланишида, жанубга қаратиб қурилған улуғ бир дарбозанинг ёнида икки нафар милтиқ ва қиличлик йигит сўзлашиб турар эдилар. Буларнинг ёниға бизга маълум киши келиб тўхтади ва улардан сўради:
— Бек уйдамилар?
Сўзнинг белига тепкани учун йигитнинг бириси ўшшайиб сўрағучиға қаради, иккинчиси қўллари ора-сидағи милтиғи билан ичкарига ишорат қилиб жавоб берди:
— Бор! Дарбозадан ичкарига кирилгач, сарой каби бир ҳавли, айвонда ўн бешка яқин яроғлиқ йигитлар тўнкалардан гулхан солиб, исиниб ўлтурмакда эдилар. Ул тўрдаги айвон орқалиқ юриладирган уйнинг эшигида турғучи йигит оғасининг ёниға борди ва қўрбоши билан учрашмак орзусида бўлғанлиғини айтиб ундан киришка ижозат сўради. Йигит оғасининг раҳбарлиги билан ичкарига кирди: бошиға кўк салла чулғаған, эгнига Ўратепанинг босмасидан чакман, белига кумуш камар боғлаб кумуш қинлик қиличини тизасига босқан, қора танлик бўлса ҳам кўкнорими, тарякми истеъмолидан юзи сарғайған қирқ-елли ёшлар чамалиқ бир киши ёрлиқсумон бир ёзувни ўқуб ўлтурмоқда эди. Қўрбоши келгучининг саломига эътиборсизғина жавобланған бўлди-да, руҳсиз бир товуш билан:
— Нима қилиб юрибсиз? — деб сўради.
— Тақсир, сизга арз бор.
Йигит оғаси келгучини қолдириб чиқди. Келгучи эшик ёнида оёғ устида қўл боғлаб турар эди.
— Қандай арзинг бор?
— Тақсир... ижозат берсангиз ўлтурсам...
— Хўб, ўлтур.
Келгучи кўп тутулиб туси ўнгған гилам устидан юриб бориб, қўрбоши қаршисиға тавозиъ билан ўлтурди. Қўрбоши қўлидағи ёзувни буклаб қўйниға тиқди-да, келгучини ер остидан кузатди:
— Қаерликсан?
— Тақсир... шу ерлик, марғилонлик.
— Отинг нима?
— Тақсир... Ҳомид.
— Нима касб қиласан?
— Устакорлик.
— Яхши, арзингни гапир?
Ҳомид ўзининг товшиға ясама бир оҳанг бериб арзини бошлади.
— Жаноби падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир замони адолатларида ҳам, — деди Ҳомид, — қора чопонлиқлар ҳануз тинч ётмай юртни қипчоқ оғалариға қарши оёғландирмоқчи бўладирлар, ишни яна тадбирсиз қора чопонлар қўлиға олиб мамлакатни бузғунлиққа солмоқчи бўладирлар... Биз бундай бузу-қилар ёлғиз Тошканддаги Азизбек билан унинг йўлбошчиси бўлған Юсуфбек ҳожи, деб билган эдик. Бироқ уларнинг уруғи бизнинг Марғилонға ҳам сочилған экан.
Қўрбошининг кўзи ола-кула келди:
— Нима дейсан? У ким экан Марғилонда?!
— Биттаси машҳур бузуқи тошкандлик Юсуфбекнинг ҳозирда Марғилонда турғучи ўғли — Отабек исмлик бир йигит, иккинчиси унинг ҳаммаслаки ва қайин отаси бўлған Мирзакарим қутидор.
— Ҳали-я?
— Шундоғ, тақсир.
— Сен бу гапни қаёғдан билдинг?
— Шу кунларда уларнинг бир мажлисларида бўлған эдим, тақсир...
— Хўш, хўш, мажлисда?
— Мажлисда кўб гаплар ўтди, тақсир, — деди Ҳомид,— мажлиснинг бошлуғи бўлған Отабек қипчоқларнинг зулм ва таъаддисини, қипчоқларидан ишни олмоқ учун Тошкандда Азизбек ва ўз отаси бошлиқ билфеъл иш бошлағанларини сўзлаб, Марғилоннинг ҳам мундан сўнг оёққа қалқиши кераклигини айтди... Мажлис аҳли, айниқса Мирзакарим унинг сўзини кучлаб тушди.
Агар бу ишнинг олдини олинмаса, ҳукумат ва мамлакат учун натижа қўрқунчдир, тақсир.
— Мажлис кимникида эди?
Ҳомид тарафидан кутилмаган бир савол. Ҳомид ўзига берилган бу савол қаршисида тараддудланиб қолди. Чунки мажлис ўрнини айтса поччаси билан жияни Раҳматнинг ҳам қўлға тушишлари аниқ ва бунинг билан ул ўз оёғига болта қўйган бўлар эди. Шу мулоҳаза юзасидан ул тутилиқди:
— Мажлис ўрни ёдимда йўқ, тақсир.
Мантиқсиз бу жавобга қарши қўрбоши аччиғи билан бақирди:
— Ёдимда йўқ?! Ҳомид гарангсиди ва бир хил синиқ товушда:
— Эсимда бўлса ҳам нозик бир жой эди, тақсир, — деди.
— Нозик бир жой эдими! — деб қўрбоши заҳарханда қилди. — Агар айтмасанг ўша муттаҳамлар тиқиладир-ған чуқурға сен ҳам ташланасан.
— Кечирингиз, тақсир.
Қўрбоши йиртқичлардек бўкирди:
— Кечириш йўқ! Ҳомид учун энг кейинги чорадан бошқа илож йўқ эди — чўнтак кавлашка тутинди ва юз машаққат билан ёнчиғини чиқарди. Ёнчиқдан ўнга яқин олтинларни саноқсизча олиб, қўрбошиға узатди:
— Тақсир... сизга атаған назримиз эди...
Ҳомид кавлана бошлағанданоқ қўрбошининг устидан совуқ сув сепилган эди. Ул олтинларни ёниға солиб жойлағач, товуш ҳам эски ҳолига қайтиб, сўзлар ҳам мулойим тортди.
— Демак, нозик жой эди, дегин Ҳомидбой.
— Тақсир...
— Бадбахтлар шундай маслаҳат қилдиларми ҳали?
— Тақсир... Бу ишнинг олдини олинмаса натижа ёмон албатта.
— Албатта, биз ўша бузуқиларнинг жазоларини берармиз... Мен ҳозир бориб бекка арз қилай, шу кечадан қолдирмай қўлға оламиз муттаҳамларни, — деди қўрбоши.
Ҳомиднинг чеҳраси очилиб кеткан эди. Қўрбоши ўзининг имо ва ишорасига ўтканликдан унинг кўзида ўч олиш қувончлари ва ундан кейинги Ҳомиднинг ўзига маълум бўлған бир бахт умидлари ўйнар эдилар. Қўрбоши токчадан давот, қалам олиб олдиға қўйди-да, ёзувға ҳозирланиб сўради:
— Айт-чи, Ҳомидбой, муттаҳамлар кимлар эди?
— Биттаси тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли — Отабек.
Қўрбоши ёзди:
— Ҳа-ҳа! Ҳали Юсуфбек ҳожининг ўғли дегин. Бизнинг Марғилонни ҳам қонға ботирмоқчи экан-да, муттаҳамлар, иккинчиси?
— Шу кунларда Отабекка қизини берган марғилонлик Мирзакарим.
— Пес-песни қоронғида топқан экан, учинчиси?
— Отабекнинг қули — Ҳасанали.
— Тўртинчиси?
Ҳомид бир оз ўйлаб жавоб берди:
— Билмадим... Ҳозир Марғилондами, йўқми, андижонлик Акрам ҳожи.
Қўрбоши ёзди:
— Иш катта экан, тағин?
— Энди йўқ, тақсир, — деди Ҳомид ва сўзига шуни ҳам қўшди, — Отабек билан Мирзакарим қўлға олинсалар илоннинг боши янчилган ҳисобланиб, ўзгаларнинг қўлидан иш келадирган одамлар эмас, тақсир.
Қўрбоши ёзувни битириб қўйнига тиқди — «Бўл-маса иш битди, эртага эрта билан можарони эшитарсан», — деди. Ҳомид ўрнидан туриб қўрбошиға қуллиқ қилиб чиқди.

Қамоқ
«Ёрмозор» мавзиъида шаҳар қўрғониға тиралиб со-линған ўрда. Ўрда дарбозасининг саҳни ботмонлаб ҳисобланған мевазор бўлиб, бунда олма, ўрик, нок ва тут ёғочлари хилиғина бор эдилар. Дарбозанинг икки биқинини ўраб олған лойиға гуллар, нақшлар туширилиб ишланган саккиз газлар юксакликда ўрда қўрғони, дарбозанинг икки буржида алачами, бўзданми узун чопонлар кийиб, бошлариға қулоқчин қўндирған, қайиш камар устидан қилич тиқиниб милтиқлариға суянған икки йигит кўринадирлар — булар навбатчи ўрда қоровули, қоронғи тушишка яқинлашқанлиқдан қия ёпилиб турған дарбозани кимдир, ичкаридан биттаси зичлаб ёпди-да, куч сарф қилиб дарбозанинг зўр занжирини шарақ-шуриқ этиб боғлади. Ҳозир бизга ўрда ичига кириш мумкин бўлмағани учун қўрғоннинг ташқари теграсида айланиб турайлиқ:
дарбозанинг сўл биқиниға қараб икки юз адим кетсак қўрғон девори тугалаб, буржа етиладир.
Қўрғон буржига қоровул туриш учун махсус манора шакилли жой ясалған бўлса ҳам ҳозирда навбатчидан холидир. Шундан кейин бир бўшлиқ ер билан қўрғоннинг жанубига қараб кетиладир. Тўрт юз адимлаб борилғач, қўрғоннинг шарқи-жануби буржига етилиб, бу буржини ҳам ановисидек қоровулсиз топиладир. Бу бурждан қараған кишига қўрғоннинг ғарби-жануби буржи ҳам кўриниб, шу йўсунда ўрданинг тўрт буржини айланиб чиқилса бир минг олти юз адим босилған бўлиб ўрда-нинг ғарб томонидан биз танишқан ўрда дарбозасиға келинадир.
Ҳозир қоронғи ҳам ўбдан тушканлиқдан киши-кишини танимаслиқ даражада эди. Бояғи дарбоза устида кўринган қоровуллар ҳамон қора ҳайкал каби қотиб турар эдилар.
Шаҳар ичидан ўрда дарбозасиға қараб келмакда бўлған бир неча от оёғларини эшитиб қоровуллардан биттаси — «туёқ товшими?» деб, иккинчисига савол ташлаб қўйди. Иккинчи қоровул мўралаб-мўралаб йўлға қаради:
— Уч отлиқ кўринадир.
— Вақтсиз келгучи ким экан?
— Бундай вақтда қўрбошидан бошқа киши келмас эди, эҳтимол, ўшадир.
Дарвоқиъ, қўрбоши ўзининг икки йигити билан етиб келди ва отидан қўниб жиловини йигитининг қўлиға берар экан, қоровулларға буюрди:
— Дарбозани очсинлар! Қоровуллар ичкарига хабар бергандан сўнг дарбоза очилиб қўрбоши ичкарига кирди.
Ўрданинг теварак масоҳатини биз чамалаб кўрган эдик, шунинг учун ўрданинг қай даража кенг бўлиши ҳам бизга қиёсан маълум. Аммо ўрданинг кўпроқ қисми дарбоза томонида қолдирилиб, жанубка тортилған хатти мустақим бир девор билан бўлинган эди. Нариги томон ўрданинг ичкари қисмини ташкил этиб, унда бек — ҳоким оиласи турар эди. Ўрданинг ташқариғи қисмининг уч тарафи (жануб, шарқ, ғарб) биносиз, фақат қўрғон деворлари-нинг зиналари эди.
Аммо иморат қисми дарбоза билан бир қаторда бўлиб, сўл биқинида девонхона, унинг қаторида бўйига қирқ, энига йигирма олчин жой олған ўн беш даричалик каттакон чорзари уй, ичида элли чоғлиқ бек йигитлари гулхан солиб ўлтурар эдилар. Бу уйнинг қатори ошхона, отхона ва шунингдек, ҳожат уйларини ташкил этар эдилар.
Қўрбоши дарбозабон ёнида тўхтаб, ундан сўради:
— Бек ичкаридамилар?
Дарбозабон дарбозани кучаниб ёпар экан, жавоб берди:
— Билмадим, тақсир.
Ўрданинг чароғчиси дарбоза яқинидағи машъала ёғочиға ўт бериб, бутун ўрда ичи ёриб кетди. Қўрбоши дарбозанинг ўнг тарафига қараб юрди. Бу томонда ниҳоятда зийнатланиб бино қилинған олий иморатлар бўлиб, шаҳар усталарининг ҳамма санъат ва маҳоратлари шу биноларда гавдаланур эди. Қўрбоши би-ринчи эшик ёнида турған яроғлиқ қоровулдан ўтиб, кичикрак, нақшлиқ бир уйга кирди. Иккинчи эшикдан ўтиб, улуғ бир золга чиқди. Зол жуда нафис ишланган эди: олтин қандилдаги эллилаб шамъларнинг нури билан мунақ-қаш деворларнинг олтин, кумуш, кўк-қизил, оқ-пушти, сариқ-қора гуллари юлдузлардек яшнаб, уйга бир ха-ёлийлик берар эдилар. Уйнинг остиға тўшалган қизил лола гуллик гилам кишини гўё бир чаманда ҳис этдирар эди. Золнинг тўрида, кичкина ҳалдор бир эшикча ёнида, атлас кўрпача устида ўн беш ёшлар чамалиқ, қизил духобадан кийинган кўркам бир ўғлон палов еб турар эди.
Қўрбоши эшикдан кирар экан, ўғлонға қараб кулимсиради:
— Ҳа, Аҳмадхон, сиз шу ерда экансиз, — деди.
Аҳмадхон жойидан қўзғалмади:
— Мен ҳамиша шу ерда, қани, ошға.
— Раҳмат. Қушбеги ичкаридадирлар?
— Ичкаридалар, — деди Аҳмадхон, — мен тўйиб қолдим, келсангиз-чи.
— Бўлмаса, табаррук қўлингиз билан битта ошатсангиз.
Аҳмадхон қўлиға сиққунча ош олиб қўрбошиға тутти, қўрбоши ихлос билан Аҳмадхоннинг қўлидан ошади. Ул ошниғина эмас, ҳатто Аҳмадхоннинг қўлини ҳам ошайдирған эди.
Кўб фурсат ўтмади. Тўрдаги кичкина эшик очилиб ичкаридан тўла юзлик, ўсиқ қошлиқ, оғир қарағучи кўзлик, сийрак соқол, ўрта бўйлиқ, устидан кимхоб тўн кийиб, белига қилич осқан қирқ беш ёшлар чамасида бир киши кўринди. Аҳмадхон билан қўрбошининг ўринларидан туриб таъзим қилишларидан бу зотнинг ким эканлиги билинар эди. Бу киши келиб атлас кўрпача устига ўлтурди ва ўзининг салмоқ товши билан:
— Қалай, Холиқбек, — деди, — юртларингиз тинч-ликми, ўлтуринг.
— Худоға шукур, давлатлари кўланкасида, — деб қўрбоши тавозиъланди ва қўл қовуштириб қушбегининг яқиниға чўккалади. Аҳмадхон бўш лаганни дастур-хони билан кўтариб қушбеги кирган эшикдан чиқди.
— Кечаги ўғрилар нима бўлди, қўлға туширдингизми?
— Давлатлари кўланкасида... Ўғрилардан биттаси тутилди, давлатлари ёри берса қолғанлари ҳам ушланур, деб ўйлайман.
— Бошқа нима хабарлар бор?
Қўрбоши юзига жиддийлик ҳолати берди:
— Давлатлари ёри берса ҳукуматимиз учун қўрқунч бўлған бузуқилар уясини топқандекман,
— деди.
Қушбеги ўзига ўнғайсизлиқ бермакда бўлған қиличини тизасига олиб ҳамон совуққонлилиқ билан сўра-ди:
— Қандай бузуқилар уяси?
— Қандай бузуқилар уяси бўлсин, тақсир, — деди қўрбоши, — дунёда қора чопонлиқлардан ҳам кучлирак бузуқилар бўладими?
Қушбеги кўтарилинқираб олди ва кўзлари бир оз каттароқ очилди:
— Хўш?
— Маълумингиз, улардан Азизбек билан Юсуфбек Тошкандда билфеъл исён чиқариб ётадирлар. Бироқ улар шунинг ўзигагина қониқмай, Марғилонни ҳам бузиш фикрига тушканлар ва шу мақсадда бу ерга одам ҳам кўндирганлар.
— Одами ким, танидингизми?
— Танидим, тақсир, — деди қўрбоши мағрур бир оҳангда, — Юсуфбек ҳожининг ўғли ва ўзимизнинг Марғилондан ҳам яна бир неча бузуқилар.
— Юсуфбек ҳожининг ўғли?
— Тақсир... исми Отабек.
Қушбегининг кўзи ёнди... Манглай этлари тиришиб, сўл қўл билан соқолини тутамлаб фикрга кетди. Бу хабар унга бошқача таъсир берган эди: Тошканднинг Қўқонға қарши исён қилған бир замонида, исёнчи-лардан бири ҳам биринчиси бўлиб танилған Юсуфбек ҳожидек бир кимсанинг ўз ўғлини Марғилонга юбориб, бунда ҳам исён чиқариш қасдида бўлмоғи унингча жуда яқин ва шубҳасиз эди.
— Ул ҳозир қаерда турадир?
— Мирзакарим қутидор исмлик бир кишиникида.
— Мирзакарим билан қандай алоқаси бор эмиш?
— Баракалла, тақсир, — деди қўрбоши, — Отабекнинг Марғилондан топқан энг яқин кишиси шу қутидордир. Мундан бир неча кун илгари Отабекка ўз қизини бериб куяв ҳам қилибдир.
Айтишларича, Отабекнинг барча режалари шу қутидор билан кенгашиб бўлар экан.
— Уларнинг теварагига кимлар йиғилған?
Қўрбоши қўйнидағи ёзувни олиб қушбегига узатди:
— Ҳозирча менга маълум бўлған бузуқилар шунда.
Қушбеги ёзувға кўз югуртириб рўйхатдаги кишиларни дарҳол келтиришга буюрди. Қўрбоши қуллиқ қилиб чиқғач, яна бир қайта ёзувни ўқуб фикрга толди.

* * *
Ўтаббой қушбеги ҳозиргина ичкари ўрдадан қайтиб чиқған эди. Шу орада қўрбоши кириб унга қуллиқ қилди:
— Келтирдим, тақсир. Бироқ иккисини тополмадим.
Қушбеги чидамсизлик билан:
— Отабекни-чи? — деб сўради.
Қўрбоши музаффарона жавоб берди:
— Тутдим, тақсир, қутидорни ҳам.
— Олиб кирингиз.
Қушбеги тинчланди, қўрбоши даҳлиздан ташқариға ишорат берди ва қайтиб қушбегига рухсат қуллиғи адо қилди ва ундан изн олиб ўлтурди. Эшикдан икки қуроллик йигит муҳофазатида Отабек ва қутидор кўриниб бекка қуллуқ қилдилар. Қушбеги яроғлиқ йигитларни қайтишға буюриб, гуноҳкорларни ёвошғина қилиб ўз олдиға чақирди. Отабекда тушунмасликдан бошқа ўзгариш сезилмаса ҳам қутидор жуда қўрққан, ранги ўчкан эди. Иккиси тенгликда қушбегига қарши чўккаладилар. Отабекни ортиқча бир диққат билан кўз тегидан ўткаргач, қушбеги сўради:
— Отабек деган сизми?
— Тақсир, ман.
— Тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғлисиз?
— Тақсир.
— Ҳозир Марғилонда турасизми?
— Тақсир.
— Марғилон келганингизга кўб бўлдими?
— Қирқ кунлар чамаси.
— Марғилонга нима юмиш билан келган эдингиз?
— Савдогарчилик билан, тақсир.
— Ўзингиз ёлғизми?
— Бир кишим бор эди.
Қушбеги қўлидаги рўйхатка қараб олди ва давом этди:
— Ҳасанали ким бўладир?
Отабекдаги бояғи тушунмаслик бир шубҳага алишинди. Аммо парвосизча жавобини бераверди:
— Қулимиз бўладир, Тошканддан келгандаги йўл-дошим шу сиз айткан Ҳасанали эди.
— Ҳасанали бу кунда қаерда?
— Марғилонда.
— Сиз билан бирга турадими?
— Йўқ. Саройда бир мунча молларимиз бўлар эди, саройда молларға қараб турадир.
— Бу киши кимингиз?
— Қайин отамиз.
— Кўбдан берими?
— Бу кун саккизинчи кун...
— Илгари ўзингиз уйланган эдингизми?
— Йўқ.
— Ўзингиз тошкандлик бўлатуриб нима мажбурият остида Марғилондан уйландингиз?
Бу саволдан Отабек бир оз ўнғайсизланиб тўхтади. Аммо бу ўнғайсизланишдан қушбегининг олдида бошқа бир ҳақиқат очилғандек бўлди:
— Жавоб берингиз.
— Тақдир, тақсир.
Қушбеги бир оз ўйлаб олиб яна савол берди:
— Марғилонда кимларни танийсиз?
— Марғилонда уч-тўрт кишидан бошқа одамни танимайман.
— Акрам ҳожини танирсиз?
— Танийман. Унинг билан бир неча мажлисларда ўлтуришкан эдим.
— Бу кунда Акрам ҳожи ошнангиз қаерда?
— Билмадим, тақсир, — деди ва қайин отасиға қаради.
Қутидор жавоб берди:
— Акрам ҳожи бу кунларда Андижонда бўлса керак, тақсир.
— Хўб. Отабек, сиз жавоб берингиз: Акрам ҳожи билан бўлған мажлисларингиз кимникида эди?
Отабек бундай сўроқларнинг бекорга эмаслигини пайқаб, бунинг тегида қандай бўлса ҳам бир гап борли-ғиға ишонди:
— Биринчи мажлисимиз мундан бир ой чамаси бурун Зиё ака деганнинг уйида, иккинчиси (қутидорға имо қилиб) бу кишиникида бўлған эди. Шу мажлисларда Акрам ҳожи ҳам бор эди.
— Зиё аканикида бўлған мажлисингизга кимлар иштирок қилди?
— Мен, Зиё шоҳичи, бу киши (қутидор), — деди ва бир оз ўйланиб олди, — Зиё аканинг ўғли
— Раҳмат, Акрам ҳожи, Ҳасанали, Ҳомид исмлик яна бир киши.
Ҳомид исмини эшиткан қўрбоши тасдиқ қилғандек бир ҳаракат ясаб қўйди. Қушбеги қўрбошиға ер тегидан кўз юбориб олди-да, давом қилди:
— Иккинчи мажлисингизда кимлар бўлди?
— Иккинчи мажлисимизда бояғи кишиларгина бўлди. Фақат Ҳомид йўқ эди.
— Боя, Марғилон келганимга неча кун бўлди, дедингиз?
— Қирқ кунлар чамаси.
— Яхши, — деди қушбеги, — айтингиз-чи, қирқ кунлаб Марғилонда қолишингизнинг сабаби нима эди?
— Маълумки, ҳозир Тошканд қамал (муҳосара) ҳолатидадир. Шундай вақтда Тошкандга қайтиш ўзи ақлсизлик бўлар эди.
— Қорачопончи бўлғанингиз учун, — деди истеҳ-зо қилиб қушбеги, — қипчоқ оғайнилардан қўрқдин-гизми?
— Сўзингизга тушунолмайман, — деди кулиб Отабек. Бу гапни оддий кишига айткандек қилиб сўзлади. Қутидор унинг бу айткан гапидан эмас, кулишидан ниҳоят даражада қўрқувға тушиб ўзида иссиқлиқ-совуғлиқ бир ҳолат ҳис эткан эди. Ҳокимларга гарчи тўғри бўлғанда ҳам дағалроқ сўз айтиш ўлимни тилаш билан тенг эди. Ўтаббой қушбеги замона ҳокимларининг тузуги бўлса ҳам, кўп бўлмаса озроқ улар-нинг таъсири бунда ҳам бор эди. Отабекнинг бу гапидан қизишди:
— Қипчоқ душмани бўлған отангиз Юсуфбек ҳожини унутдингизми? Отангизнинг сизга берган ваколати қаерда қолди?
— Қипчоқ душмани ким, отам кимга қандай ваколат берган, худо ҳаққи учун очиб сўзлангиз, йўқса ёриламан, тақсир!
— Ўзингизни тағофулга солмангиз, бек йигит, — деди қушбеги, — отангизнинг ким эканини, сизни Марғилонга нима учун юборғанини, қутидор билан мунда қандай ишлар қилмоқда бўлғанлиғингизни, барчасини ҳужжатлари билан биламиз. Сиз марғилонлик оғайниларни қипчоқларға қарши оёқландирмоқчи бўласиз, буни ҳам яхши би-ламиз!..
Отабек Қутидор Отабек азбаройи бўғилиб кетканидан кўкимтил товланған, қутидор безгаклардек титрай бошлаған эди. Отабек ўзини куч билан йиғиштирди:
— Бунда зўр туҳмат бор, тақсир, — деди, — отамни қипчоқ душмани ва мени Марғилон оғайниларини исёнга ҳозирлаш учун келган, деб ўйлайсизми?
— Ўйламаймиз, аммо яхши биламиз. Қутидорнинг сизга нима учун қизини бериб, куяв қилғаниға ҳам яхши тушунамиз.
Қутидор суратдек қотиб қолди, Отабек бўлса ўзидаги ҳаяжонни куч ҳол билан тарқатишға тиришар эди. Қушбеги билан қўрбоши бу икки гуноҳкорни таъқиб этар, улардаги ҳар бир ҳаракатни ўзларича бир нарсага йўяр эдилар.
Уч-тўрт дақиқалик сукутдан кейин Отабек тилга келди:
— Биз бу дақиқада сизнинг фикрингизча гўё бир иғвогар, гўё бир исёнчи бўлиб танилиб турибмиз, — деди бек, — чиндан ҳам шундоғ кишилармизми, йўқми, буни албатта сизнинг текширишларингиз, ҳақиқат-ларингиз кўрсатар. Мен сизнинг қиличингиз остида ўлим-дан қўрқиб ёки сизга хушомад учун сўзламай ҳукумат кишиларимиз орасида тушунадирған бир одам бўлғанлиғингиз важидан отамнинг ҳам ўзимнинг қандай фикр ва маслак кишиси эканлигимизни айтиб ўтмакчи бўламан: биз на қипчоқларға тарафдор бир киши ва на шаҳарлик оғайниларға. Бу икки фирқа бизнинг назари-мизда бир-бирисидан мумтоз, идора ишида бири-биридан ортиқроқ халқлар эмасдир. Шунга биноан Туркистон халқларининг истиқболларини бу икки фирқанинг биттасига ҳавола қилиш баайни қўйни бўрига топшириш қабилида бўладир. Нега десангиз, ҳар икки томоннинг иш бошиға интилган кишиларининг кўкрагига қўл солиб кўрсангиз, бирисининг фақат эл таламоқ, бойлиқ ортдирмоққағина бўлған ғаразини, иккинчисининг кўркли хотинлар, юқори турмишлар учун бўлған мақсадиниғина кўриб, икки орадан «елни тинчитай, эл ҳам роҳат-тирикчилик қилсин» деган учунчи бир олий мақсадни чароғ ёқиб ахтарсангиз ҳам тополмассиз. Мана биз, тақсир, шу кейинги ишда кўрилмаса ҳам фақат ширин хаёллардагина юрган олий фирқаға ўзимизда тарафдорлик ҳис этамиз. Отамнинг Азизбекка яқин туриши қипчоқ душмани, қора чопон тарафдори бўлғанидан эмас, балки бояғи маслакка бир хизмат қилмоқ учундир. Таассуфки, отам-нинг Азизбекдан бўлған умиди бўшка кетди: бу кун ул ўзининг ярамас хаёли йўлида хондан юз ўгирди ва бу орада қанча гуноҳсизнинг қони тўкилишига сабаб бўлмоқдадир. Маним бу сўзларимга ишонинг- ишонманг, ихтиёр албатта сиздадир. Аммо бундоғ энг жўн бўҳтон билан қораланишимға виждоним қаршисида сўнг даража муаззабман, тақсир! Қушбеги Отабекнинг бу гапларидан яхшиғина тараддудга тушкан эди, аммо — «Азизбекнинг оталиғи ва кенгашчиси» бўлған Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлиши унинг миясини қотирған, балки, бу гаплар шундай эҳтимолларга қарши дастур қилиб берилган бўлмасин, деган фикрга келган эди. Отабекнинг юқоридағи гапла-ридан сўнг бўлған ундаги ўзгариш ҳам фақат бу ишни яхшилаб текшириш ва ҳозирдан бир ҳукм бермасликкина бўлди.
— Ҳар ҳолда сизнинг яхши ниятлик кишилар бўлмағанлиғингиз кўзимиз ўнгидадир, — деди қушбеги,— шунинг учун то ҳақиқат ошкор бўлғунчалик ҳар иккингиз зиндонда қоларсиз.
Отабек бир сўз айтмай сукут қилди. Қутидор «чора йўқми?» дегандек қилиб куявига қаради.
Қушбегининг ишорати билан йигитлар ҳозир бўлиб, гуноҳкорлар зиндонга жўнатилдилар.
Қушбегининг — «Eртага уйида мажлис қурилғанларни ва бу мажлисда иштирок қилған бошқаларни ҳам қўлға олиб, ҳузуримга келтирингиз!» деган амридан сўнг қўрбоши ҳам рухсат олиб чиқди.

Нажот Истаб Тошкандга
Бу кун саккиз кундан берига — «кутилмаган бир бахт» эгаси бўлиб олған Кумушбиби учун бу ҳол кутилмаган бир бахтсизлик, кутилмаган бир фалокат эди. Эндигина «Бекни уйлантирдим, суйганига қўшиб қувонтирдим», деб бу уйлантиришнинг ҳусни ва қубҳини тузукраккина ўйлай олмаған Ҳасанали учун ҳам бу воқиъа кичкина гап, озғина қайғу эмас эди. Кўзининг оқу қароси, ёлғиз қизини махтовлик куявга бериб, қизи билан куявининг бир дақиқа ҳам бир- бирларидан ажраша олмағанларини кўриб кўйнагига сиғмай юрган Офтоб ойим учун куявигина эмас, ҳатто эрининг ҳам бу вартага тушмоғи чидай оларлиқ бир ҳол эмас эди. Кумушбиби ўзининг «кутилмаган бир бахти» учун ишонмағандай бўлиб юрар эди. Чиндан ҳам мундан кейин қайтадан қовишмоғига ишонмай қўйди. Ҳасанали «қутилдим» деган эди, яна тоғдек қайғуға тутилди. Офтоб ойимнинг сўйингани ичига тушди.
Кумушбиби билан Офтоб ойимнинг бу фалокатка қарши топқан-тутқанлари ёлғиз кўз ёши тўкишкина бўлди. Бу фалокатнинг оғирлиғи яна ўзининг тоғдек катталиги билан Ҳасаналининг устига тушди. Кумушбиби эри билан отасининг нажотларини кимдан кутишни билмас эди-да, қора кўзларини жиқ ёшға тўлатиб — «енди нима қиламиз?» дегандек Ҳасаналига термулар эди.
Қутидор оиласида бошқа эр зоти бўлмағанлиқдан Офтоб ойим қариндошларидан «жонкуяр» деб танилған киши Кумушнинг тоғаси Аҳмадбек бўлиб, ул ҳам умрининг кўпини Қўқондами, Хўжанддами ўткарар, шунинг учун ундан ҳам ёри кутиш узоқ гап эди. Мана бу жиҳатдан ҳам Кумуш ва онасининг бирдан-бир ишон-ғанлари яна Ҳасаналининг ўзи эди.
Барча оғирлиқ Ҳасаналининг устида. Ўзингнинг туғилиб ўсқан ерингда оға-иниларинг, билиш-танишларинг бўлиб ҳар нучикда улардан шунингдек оғир кунларда сўз билан, иш билан бир ёрдам ола биласан. Аммо биз-нинг Ҳасанали Тошкандда эмас — Марғилонда, мусофаратда, кишиларини танимаған бир шаҳарда. Бошда Ҳасанали Зиё шоҳичи билан унинг ўғли Раҳматдан яхшиғина умид туткан, ҳар ҳолда улардан бошқа таянарлиқ кишим йўқ, деб ўйлаған эди.
Бахтка қарши бу фикрдан ҳам тезда қўл ювди: Зиё ака билан Раҳмат ҳам қўлға олиндилар ва Ҳасаналининг ўзи ҳам қидирила бошланди. Ҳасанали ва Кумушбибиларнинг қайғулари яна бир қат ошти, қўрқунчи устига қўрқунч қўшилди. Ҳасанали ҳам Отабеклар билан бирликда биринчи кун қўшилиб қамалған бўлар эди, бироқ унинг саройда бўлиши улардан ажралиб қолишиға сабаб бўлған эди. Қўрбоши йигитлари томонидан Ҳасанали ҳам қидирилиб бошланғач, улардаги «балки бу кун, эрта бўшатиб юборарлар» деган умид ҳам бўшға чиқди. Бошда Ҳасанали ўз эрки билан ҳукуматка топширилиб, маҳбусларга жазо келса бирликда тортиб, қутилиш муяссар бўлса бирга қутилишға ўйлаб қараған эди. Унинг бу фикрига Кумуш билан онаси қарши тушдилар: «Сизнинг озод юришингиз маҳбуслар учун балки фойдали бўлар», дедилар. Ҳасаналининг ўзи ҳам уларнинг раъйини мувофиқ топди. Бироқ унинг ташвиши икки қат ошди: ҳар дақиқа ҳадукда, қўрбоши йигитларидан қочиб яширинишға, ҳар соат жой янгилашка мажбур эди.
Ҳасанали кунларини томоқсиз, тунларини уйқусиз кечира бошлади: Отабеклар нега қамалдилар, қандай гуноҳлари бор экан? Отабекнинг ипидан-нинасига бўлған сирри унга маълум эмасмиди? — Бу жиҳат билан ўйлағанда «Қутидорларнинг бирар ишлари балосига қолди-ёв», деб фикр қилар эди. Бу фалокатни умумийроқ текшириб бошласа, халқ оғзида мақол ўрнида истеъмол қи-линған «Ажалингнинг етиши қилған ёзиғингдан эмас— бек акангнинг қонсираши» деган гап кўнглига тушар эдида, беихтиёр уфлаб юборар эди.
Орадан беш кунлаб ўтди, маҳбуслар зиндон балосидан қутила олмағанларидек, уларнинг қамалиш сирлари ҳам ҳеч кимга билинмади. Ҳасанали шу беш кун ичида маҳбусларнинг нажотлари йўлида қора пуллик иш чиқара олмағанидек, бундан кейин ҳам бир иш қила олишиға кўзи етмай қолди. Чунки қўрбоши йигитларидан сақлана олишнинг ўзи ҳам унга катта вазифа даража-сида эди.
Ниҳоят, Марғилонда туриш фикридан қайтиб, Тошканд жўнаш хаёлига тушди. Бу кунларда ҳам Тошканд тинчсизлиги бир тарафлик бўлмаған, ҳануз Тошканд Қўқон сипоҳлари томонидан муҳосара ҳолатида эканлиги тўғрисидаги хабарлар келиб турмоқда эди. Ҳасанали бу гаплардан хабарсиз эмас, Тошкандга кириб олишнинг қай даража қўрқунч бўлғанлиғи ҳам унинг кўз ўнгида эди. Иш шундоғ бўлса ҳам ул Тошканд жўнаш учун ўзида бир мажбурият ҳис этар, нажот йўлларини энди Тошканддан изламаса бошқа чора йўқ эди. Қарорни шунга бериб, бу фикрини Кумуш билан Офтоб ойимға сўзлади. Уларда эпақалик бир мия, Ҳа-саналига йўл кўрсатадирған ихтиёр қолмаған, топқанлари фақат йиғи эди. Ҳасаналининг «Сиз билан маним қўлларимиздан бир иш чиқадирған ўхшамайдир. Нима бўлса ҳам мен Тошканд бориб, нажотни ўша ердан изламасам бўлмас», дейишига қарши Кумушбиби бир хил синиқ товушда:
— Марғилондан топилмаған нажот Тошканддан топилсинми? — деди.
— Биз энди шунга мажбурмиз, қизим, — деди Ҳасанали, — қайин отангиз эҳтимол бунинг бирар чорасини топар.
— Биз энди шундай қолаберамизми, агар золимлар...— деди-да Кумуш сўзининг охирини айталмай ўкраб юборди. Ҳасанали ҳам ўзини куч ҳол билан йиғидан босар экан, Кумушни юпатди:
— Ундай бўлмағир хаёлларга тушманг, қизим, — деди, — қушбеги бошқаларға қарағанда инсофлик ҳокимдир. Худо хоҳласа, мен Тошканддан қайтқунча улар ҳам зиндондан қутилурлар.
Бу кун кечаси ул йўл тайёрлиқларини кўрди. Миниб кетиши учун қутидорнинг саман йўрғасини белгулади. Эртаси эрталаб Марғилоннинг Қўқон дарбозасидан би-ринчи галда чиқғучи Ҳасанали бўлди.

Тошканд Қамалда
Бу кун Тошканд қамалининг элли биринчи куни. Совуқ бир оз юмшаб тушкан, қуёш очиқ ҳавода ҳаракат этмакда эди. Ерлар эриб, ҳамма ёқ шилт-пилт лой, қўрғон кунгираларидаги қировлар бўғқа айланиб кўкка кўтарилмакда эдилар.
Бу кун тонгдан бошлаб, Тошканднинг Самарқанд дарбозаси томонидан бўлған қўқонлиларнинг ҳужум-лари ўзлари учун сўнг даражада ҳалокат билан тугалган. Қўқон сипоҳлари эндиги ҳужумгача шикастрехтларини тузатиш, яраларини боғлаш, дамларини олиш учун қўрғон ёнидан қаёққадир, қўшларига кетканлар. Қарамоққағина эмас, сўзлашка ҳам даҳшат: Камолон дарбозаси билан Самарқандғача бўлған қўрғон остлари (бу икки дарбоза оралари беш юз адим келадир) бошсиз ва иштондан бошқаси туналган инсон гавдалари билан тўлибдир. Бу очиқ мозористонни қўрғон кунгиралари устида мудофаадан сўнг чарчаб, қуёшда жилиниб ўлтурган саллалик, қалпоқлик ва попоқлик Тошканд мудофиълари минг турлик шодлиқлар ичида томоша қиладирлар. Бу икки дарбоза орасида икки хил ҳолат ҳукм сурадир
— қўрғон остларида жаҳаннам даҳшати билан яланғоч, боши танидан олиниб қора қониға беланган одам гавдалари ётиб, қўрғон устида иккинчи кишилар дунё шодлиғи ичида сузадирлар.
Қўрғон устидаги қаҳрамонлардан биттаси кула-кула бир саркардани отиб ўлдирганлигини сўзлаб: «Падар лаънатини ўзим хўбам отдим-да, отнинг устидан уч газ кўтарилиб йиқилди!» дейдир. Тағин биттаси ўликлар ичидан кимнидир кўрсатиб: «Ана, ана, ҳов ана! Ўша қипчоққа ўқ тегиб ўлиб ўлалмай, юриб юралмай инграб ётқан экан. Қиличим билан бошини шартта кесиб, белидаги олтин камари ва устидаги кимхоб пўстунини олиб чиқдим!» дейдир. Ҳар ким бу кунги урушдаги ўзининг эрликлари билан, қўлға туширган олтин камари, ёқут кўзлик узуги, совсар пўстуни, кумуш қинли қиличи ва бошқа ўлжалари билан махтанадир.
Шу вақтда қўрғон устидан қўшиқ товши эшити-ладир:
Замонинг замон бўлсин — ёр, Азиз бегинг омон бўлсин — ёр.
Дардига даво топмай — дўст, Норматинг ёниб ўлсин — ёр! Биз энди шу ўликлар ёни билан қўрғон бўйлаб бир оз илгарига юрсак олти газ юксакликда, беш газ кенгликда, икки ёни саккиз газлик қўрғон девори билан ўралған, кунботарға қаратиб қурилған Самарқанд дарбозаси ёнида тўхтармиз. Теварагимиздан душманнинг ҳужум қилиш қўрқунчи бўлғанлиқдан биз ортиқча чидамсизлик билан дарбозани қоқа бошлармиз:
— Очингиз бек ака, тезроқ очингиз! Дарбоза беклари бизга илтифот қилмай ўлтура берадирлар. Бизнинг ўн беш дақиқалиқ жон аччиғида қахшағанимиздан кейин дарбозабонлардан биттаси зерикиб секингина қўрғон деворига чиқадир-да, мўралаб бизга қарайдир. Ул бизни аниқ тошкандлик бўлғанимизга ишонса дарбозага солинган нортуянинг бошидек қулфни минг машаққат билан очиб, занжи- рини тушурадир. Биз ўзимизни ичкарига олғач, дарбозабон ўзининг ҳазми кўтарган қадар бизга пўнғиллайдилар-да, дарбозани берклаш ҳаракатига тушадир. Энди биз дарбозанинг ҳайъатига қараймиз: ошланган қўй пўстагидан пўстун кийиб, белига бутун бир бўздан белбоғ боғлаған ва белбоғиға ярим газ чамалиқ калид осқан, туркман попоқлик бир киши. Шундан кейин биз дарбозанинг ўнг томонига қараб юруймиз. Дарбозадан ўн беш адимлар нарида, шийпонга ўхшаш тўрт тарафи очиқ бир бинода дарбоза беклари гулхан солиб, чилим чакиб ўлтурадирлар. Биз қўрғоннинг ости билан илгарилашда давом этамиз. Энди биз бояги мудофиъларни ичкаридан кўрамиз: мудофиълар қўрғоннинг энг юқориғи поғонасида ўзлари- нинг турлик тус ва бичиқдаги кийимлари билан қайсилари шашвар тутиб, қайсилари милтиқ ушлаб, қўрғон кунгирасига суяниб, бошларини қуёшға бериб ўлтурадирлар. Қўрғоннинг Камолон дарбозасигача бўлған қўруқ ўринлари шу-нингдек мудофиълар билан тўлған бўлиб, ўзига бир турлик кўриниш ташкил этадир.
Камолон ва Самарқанд дарбозаларининг ўрта бир ери бўлған қўрғон остида кимхоб тўн кийиб, симоби салла ўраған, белига кумуш боғлаб, қилич тақинған бир бек олдидаги бир уюм нарсага ишорат қилиб ёнидаги бир йигит-ка ниманидир уқдирмоқда эди. Биз яна элли-олтмиш адим юриб ҳалиги сўзлашиб турған беклар яқиниға борсақ, қўрғон ташқарисида кўрган даҳшатларимизни ўзининг кўлагасида қолдиратурган яна бир «даҳшатлар тепаси»га кўзимиз тушадир-да, қўрқувимиздан соатлаб ҳушимизни йўқотиб қўйишга мажбур бўламиз.
Уч-тўрт юз инсон бошидан турғузилған бир тепа.
Қаричға келадирган узун соқоллар, бошдағи хун олуд сийрак сочлар, бўзарған юзлар, қонға беланиб, ярим очиқ ҳолда қорачиқ ўрнини қўрқунч бир оқлиқ босқан кўзлар дунёга ва шу ҳаётка лаънат уқуғандек қарайдирлар. Айниқса бир бош, эҳтимолки, ҳали йигирма йилни ҳам ўтмагандир, мурти ҳам чиқмаған. Хун олуд қуюқ қошлари остидаги ярим очиқ кўзлари кимнидир излагандек қарайдир... Ярим очиқ иринлари ичидаги оқ тишлари билан тилини ғарчча тишлаган-да, гўё шу турмушда, шу бесар халқ ичида туғилғани учун «аттанг» ўқуйдир.
Бу бошлар уюми устида турған қўрғон бегиси ёнидағи йигитка бошлар орасидан бирини кўрсатиб, ўз танишларидан бир бекнинг боши бўлганлиғини сўзлайдир. Шу пайтда Камолон дарбозаси томонидан яроғланған учта отлиқнинг от чоптириб келганлари кўрилиб, қўрғон устида ўлтурган мудўфилар ичида олағовур қўпти:
— Ҳудайчи, Сулаймон ҳудайчи! — дейишдилар.
Ҳудайчи қўрғон беги қотиға етиб, бек ҳазратлари-нинг ҳозир етиб келишларига башорат берди, яна оти-нинг бошини буриб йигитлари билан орқаға қайтди. Ҳудай-чибошининг хабаридан бу кунги улуғ музаффариятни қутлағали Азизбекнинг келиши маълум бўлар эди.
Ҳудайчи жўнағач, қўрғон бегининг пайтавасига қурт тушиб, типирчилаб қолди ва у ёқдан-бу ёққа югира бошлади:
— Ҳой қўрғон устидаги азаматлар! Ҳозир бўлингиз, ясов тортингиз, бек келадирлар! Ҳой Ҳусайнбек, дарбо-забонларга югир, ҳозир турсинлар! Ғанибек юзбоши, сиз йигитларингизни тартиблангиз! Ясовулбоши, ҳозир бўлингиз! Қўрғоннинг қўруқ ўрнидаги қаҳрамонлар ҳаракатка келдилар, юқори қўруқдан бир поғона қуйиға тушиб саф-ясов тортдилар. Шовқин-сурон орасида қўрғон беги от устида қўрғоннинг у бошидан-бу бошиға чопиб:
— Ҳозир бўл, йигитлар! Тартибингни тузат, саломга тайёрлан! — деб қичқириб юрар эди.
Қаҳрамонлар қўлларидағи милтиқ, шашвар, ойболта, қилич ва найзалари билан тизилишиб олдилар. Сафнинг ўрта еридан яшил байроқ кўтарилди. Шунинг билан Азиз парвоначининг ис- тиқболиға лозим ва вожиб бўлған барча тартиб ва тантанага ҳозирланилған бўлинди.

Азизбeк
Орадан уч-тўрт дақиқа ўткандан кейин Камолон тарафидан бир юз чамалиқ саркарда ва йигитлари билан Азизбек кўринди. Тилла жабдуқли қизил айғирға минган, қуёш ёғдуси билан турлик туска кириб товланадирған, ёқа ва этакларига олтин уқа тутилган кимхоб тўн кийиб, белидаги олтин камарга кумуш қинли жазоири қилич осқан, бошиға оқ шоҳидан салла ўраб, оёқларини кумуш узангига тираган, сийрак қошлик, чўққи соқол, буғдой ранглик, қирқ беш- елли ёшлар чамалиқ бир киши эди. Унинг орқасидан қора отға отланиб, зангори мовутдан уқалик тўн кийган, кумуш камарнинг ўнг томониға қилич, сўлиға тўфангча қистирған, бошиға барра попоқ кийиб, жин ялаған деганларидек қошсиз, қорамтил юзлик, икки чакагининг устида бир оз, иягида бир оз сийрак, кўримсиз қора соқоллиқ, кўзлари ичига ботиғроқ, аммо қон қуйилғансумон бир киши келар эди. Бу киши Азизбекнинг амри лашкари ва ўнг қўли бўлған Райимбек додхоҳ эди. Унинг қаторидағи иккинчи киши кичикроқ саман отка отланиб, устига Бухоронинг ола байроқ матасидан чопон кийиб, камар ўрнига чопонини тугмалаган, бошиға катта салла ўраб, қамчи сопи билан эгарнинг қошиға такя қилған; тўла кўркам юзлик, катта малла кўзлик, узун мош-гуруч соқоллик мулланамо бир зот бўлиб, бу киши яроқсиз эди.
Азизбек орқасидан келгучи бу икки отлиқдан сўнг сипоҳлар туркуми бошланиб, зангор мовутдан тиззагача тушкан калта камзул, қизил мовутдан шим, оёғида сағри этик, бошда Райимбек додхоҳнинг бошидағидек попоқ, аммо уст томони қизил мовутдан, оқ қайишдан камар, сўлиға қилич осилиб, ўнг томонига тўфангча қисти-рилған ҳар қаторда тўрттадан отлиқ келмакда эдилар. Сипоҳларнинг кексаликлари тўғрисидаги нуқсонни эътиборга олинмаса, кўриниш мунтазам эди.
Қўрғон устида ясов тотқан қаҳрамонлар қўл боғлаб икки букилгансумон таъзим билан Азизбекни илга-рига ўтказа бошладилар. Азизбек уларга қарши олтин соплик қамчисини кўкрагига кўндаланг қўйиб боши билан ҳам жавоб ишораси бериб олдинлар эди. Шу кезда бошлар уюми ёнида турған қўрғон бегиси отидан ерга тушиб жиловини қовуштирилган қўллари орасиға олди. Бошлар уюми билан Азизбек ораси қирқ-елли от адими қолған эди. Азизбек қаҳрамонларнинг саломларига жавоб қайтаришни ҳам унутиб, кўзини кесик бошларга тикди.
Азизбекнинг орқасидағи саркарда ва сипоҳлар ҳам бу даҳшат уюмига эгарга қийшиқ ўлтуриб томоша қилиб келар эдилар. Азизбек кишилари билан бошлар ёниға келиб тўхтади.
Азизбек бир мунча вақт бошларни томоша қилиб турди-да, қаршида қўл боғлаған қўрғон бегига қараб илжайди:
— Баракалла ғайратларингизга, — деди Азизбек, — бу кун қипчоқларға рустамона жавоб бериб, ўзларини ҳам итдек қирғансиз. Бунчалик ғайрат кўрсаткан фуқароларга раҳмат, дунё тургунча турсинлар! Азизбек ташаккурини битиргач, ҳудайчи қўрғон устидаги қаҳрамонларға ҳамма товшини қўйиб қич-қирди.
— Бек жаноблари бу кунги рустамона ғайратларин-гизга раҳмат айтиб, ҳақларингизга дуо қиладирлар! Мудофиълар дунёни бузиб жавоб бердилар:
— Қуллиқ тақсир, қуллиқ! Тақсиримиз дунё тургунча туриб, сояи давлатлари бошимиздан кам бўлмасин! Азизбек қамчисини кўндаланг қўйиб мудофиъларга қуллиқ қилди ва ҳудайчига буюрди:
— Қўрғон бегига кимхоб тўн, юзбошиларға атлас чопон, бошқа йигитларга уч тангадан пул инъом берил-син.
Ҳудайчининг хабаридан сўнг мудофиълар жавоб қайтардилар:
— Давлатлари зиёда бўлсин! Хазиначилар сипоҳлар орқасидан икки отни етаклашиб ҳудайчи ёниға етдилар. Бир отнинг устига чопонлар ортилған, иккинчи отдағи катта хуржиннинг икки кўзи лиқ танга эди. Бошлаб ҳудайчи от устидан бир кимхоб тўнни олиб, қўрғон бегига кийдирди. Қўрғон беги тўнни кийиб Азизбек ҳақига узун дуо қилди. Сўнгра ҳудайчи бир йигитка тўн қўлтиқлатиб, иккинчи йигитка тангалардан олдириб қўрғон беги билан бирга қаҳрамонлар ёниға чиқди. Қўрғон бегининг кўрсатишича кимга уч танга пул, кимга адрас чопон улашилиб бошланди.
Азизбек от устида бошлар уюми теварагида айланиб Райимбек додхоҳ ва ола-байроқ тўнлик кишига ўзининг таниш саркардаларидан бўлған кимларнингдир бошларини кўрсатмакда, тирик вақтларида нима ишларда бўлиниб ва қора чопонлиларға қандай зулмлар қилғанларини сўзламакда эди. Азизбекнинг бу гапларини Райимбек дод-хоҳ самимий эшитса ҳам олабайроқ тўнлик одам «тақсир, тақсир» билан жавоб бериб, бошлар уюмидан жиркангансумон эгарининг қошиға кўзини тикиб турмоқда эди.
Ярим соатлик бир фурсатдан кейин қўрғоннинг бошдан-оёқ ясов тортқан қаҳрамонларига инъомлар улашилиб битди-да, ҳудайчи ўзининг қуруқ хуржини билан Азизбек қотиға келиб қуллуқ қилди. Азизбек қаршисида қўл боғлаб турған қўрғон бегидан сўради:
— Йигитларингизнинг барчаси ҳам қуруқ қолмадими?
— Давлатингиз соясида, тақсир.
— Қипчоқларнинг бу кунги ҳужуми қай вақтда бўлди?
— Тонг ёрир-ёримас Оқ тепа томонидан тўп ота бошладилар, — деди қўрғон беги, — ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас отлиқ қипчоқ қўшинлари кўриниб Самар-қанд дарбозасига югирдилар.
Шунгача мен ҳам давла-тингиз соясида икки дарбоза оралариға мерганларни яйратқан эдим.
Бошлаб Самарқанд дарбозаси қўруғи-дан отишға буюрдим. Мерганлар ўн беш дақиқа орқа- сини узмай милтиққа ўт бериб турдилар. Қипчоқлар биз-нинг томондан отилған милтиқ ўқлариға чидалмай, Самарқанд дарбозасини ташлаб, Камолон дарбозасига юзландилар. Сўнгра давлатлари кўланкасида Камолон қўруғидағи мерганларни ишка қўйдим. Бир соат чамаси отишқандан сўнг ёв бизнинг ўқимизға чидалмай, икки дарбоза орасида уч-тўрт юз ўлик қолдириб, қочишға мажбур бўлди. Биздан ёлғиз беш киши ўлиб, тўққиз киши яраланди.
Азизбек жуда завқланған эди, яна бир қайта баракалла ўқуб, сўради:
— Нормат қипчоқ кўриндими?
— Йўқ тақсир: қўрғон яқиниға йўламади, йўла-ғанда...
— Ўшанга ҳозир бўлмоқ керак.
— Давлатлари ёри берса, албатта бизнинг муддао ҳам шунда...
Азизбек ўз оғзи билан мудофиъларга «Мен сизлардан рози!» деб қичқирди ва мудофиъларнинг қий-чув дуолари остида сипоҳлари билан Самарқанд дарбозасига томон ҳаракат қилди.
Бу кун Азизбек ғолибият далдасида қўрғонлардан бир айланиб чиқмоқчи эди. Шунинг учун Самарқанд дарбозасидан ўтиб қўрғон ости билан Чақарға қараб юришдилар. Қўрғон Чақарнинг чуқур жарлик ариғиға тақалиб тугалар эди. Чақар суви устига қўрғон тиклаш мумкин бўлмай, жарнинг усти қўрғондан табиъий бўш эди. Аммо жарнинг нариги томони бир тепадан иборат бўлиб, жануб биқини маълум Чақар суви билан, ғарби Бўз сув ва Кўкча ариғи билан ўралған бурун каби бу тепа қўрғонсиз ҳам душманнинг ҳужумига ўнгғайсиз эди. Тепа устида сипоҳ туриши учун бир неча бинолар солинған, жануби-ғарбиға қаратиб бир, ғарбға қаратиб бир ва шимоли-ғарбиға қаратиб яна бир; бариси учта тўп қўйилған эди. Бу тепа устида доимий тўпчи ва қоровуллар турар эдилар.
Азизбек сипоҳлари ила жарга тушди ва сув кечиб ҳалиги тепага юзланди. Тўпчи, қоровуллар кўздан кечи-рилиб, уларга бир неча тангадан инъом берилди. Шундан кейин тепанинг кун чиқишиға қараб қайтдилар. Чунки тепанинг бошқа томонлари юқорида айтилгандек бир неча терак бўйи жарлик бўлғанлиқдан Кўкча дарбозасига ўтиш учун Сузук ота мозори яқини билан Кўкча ариғиға тушилар ва ундан кейин Кўкча қўрғонлариға қайтиб келинур эди.
Кўкча қўрғонлари қўруғида анови қўрғонларни-кидек мудофиълар кўб бўлмаса ҳам, йўқ ҳам эмас эдилар. Ҳудайчи Азизбекдан илгарироқда қўриқчиларни огоҳлантириб борар, милтиқ, шашвар туткан ёш ва кекса муҳофизлар уни саломлаб қарши олар эдилар ва Азизбекнинг «Раҳмат фуқароларим!» сўзини эшитиб яхшиғина талта-йишиб қолар эдилар. Шу равишда Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой, Тахтапул, Лабзах дарбозаларини ўтиб, энг кейин Қашқар дарбозасига етдилар. Қашқар дарбозаси ўрдага яқин бўлғани учун мунда муҳофиз ва сипоҳлар талайғина бор эдилар. Уларнинг саломларига кўмилиб, Азизбек Қашқар дарбозасининг муюшига еткан ҳам эди, ташқаридан кимнингдир дарбозани ошиғич тақ-тақ ургани эшитилиб, Азизбекнинг оти ҳуркибми, қўрқибми кетига бурулиб тўхтади. Бошқалар ҳам тўхташға мажбур бўлдилар. Азизбек қаршисида қўл боғлаб турған дарбоза бегиға бақирди:
— Нега қараб турасан, дарбоза устига чиқ, ким экан у ит?! Дарбоза беги югуриб қўрғон деворига чиқди:
— Тақсир, бир чол!
— Дарбозангни очиб, ичкарига ол! — деди Азизбек. Дарбоза очилди. Ташқаридан саман отини етаклаб Ҳасанали кирдида, кутилмаган иш устидан чиқғани учун қўрқиб, Азизбекка салом берди.

Юсуфбeк Ҳожи
Райимбек додхоҳнинг ёнидаги бизга таниш олабай-роқ тўнлик киши Ҳасаналини кўриши ҳамоно:
— Ҳа-а-а, бизнинг Ҳасанали-ку! — деди, — кел, Ҳасан кўришайлик, Отабек эсонми?
Ҳасанали келиб кўришди, Юсуфбек ҳожи кўришар экан, Азизбекка деди:
— Бу бизнинг кишимиз тақсир, Марғилондан келадир.
Азизбек лабини тишлаб қолди. Чунки дарбоза тақиллатиб, отини ҳуркиткан Ҳасаналини жаллодға топшириш нияти, албатта йўқ эмас эди. Юсуфбек ҳожининг сўзига жавоб бермай йўлида давом этди. Ҳасанали сипоҳлар орқасидан, Юсуфбек ҳожи Азизбек кетидан ўрдаға қараб юрдилар. Ўрда дарбозасига еткандан кейин кутиб турған ўрда беги Азизбекнинг қўлтиғидан олиб отдан туширди. Азизбек ўрда ичига кирмакда экан, Юсуфбек ҳожи отдан қўниб сўради:
— Менга рухсатми, бек?
Азизбек йўл устидан ҳожига қаради:
— Рухсат, эртага чойни ўрдага келиб ичинг.
— Яхши, тақсир.
Юсуфбек ҳожи сипоҳлардан бирининг қўлтиқлаши билан отиға миниб, нарида кутиб турған Ҳасаналига қараб юрди. Сипоҳлар ҳам ўрда ичиға от етаклашиб кира бошладилар.
Юсуфбек ҳожи Ҳасаналининг вақтсиз ҳам Отабекка қайтишидан ташвишланган ва қандай бўлса ҳам бир фалокат юз берганига ишонган эди:
— Нега вақтсиз келдинг, Отабек соғми? — деб сўради.
Юсуфбек ҳожи Ҳасаналига етмасданоқ бу саволни берди, Ҳасанали эшитмадими ёхуд эшитса ҳам эшит-маганга солиндими, ҳар нучук жавоб бермади.
— Нега индамайсан?
— Отабек саломат...
— Бўлмаса, нега вақтсиз келдинг, Отабек қани?
Отабекнинг қамалишидан хабар бериш Ҳасанали учун жуда оғир туйилган эди. Ниҳоят кўзидаги ёшини артди-да:
— Отабек Марғилон ҳокими тарафидан қамалди, — деди.
— Нега, нега? — деди ҳожи, отидан сачраб йиқилишга еткан эди. — Сабаби нима?
— Сабаби маълум эмас.
— Астағфируллоҳ, — деб қўйди ҳожи, ўзини бир оз тўхтатқан эди.
Ҳасанали Отабекнинг Марғилон борғанидан тортиб, қамалишиғача бўлған ҳикояларини сўзлаб кетди. Юсуфбек ҳожи бекнинг уйланишини ҳам оддий гаплар қаторида эшитиб ўткарди.
— Марғилонда туриб бир иш чиқаришға кўзим етмагандан кейин Тошканд келишка мажбур бўлдим, — деди Ҳасанали ва шу гап билан можарони сўзлаб тугатди. Ҳожи вақиъани эшитиб, чуқур бир мулоҳаза ичида борар эди. Унинг қандай киши бўлғанини Тошканднинг етти ёшаридан етмиш ёшариғача билганликдан гузар ва маҳаллаларда унга дуч келган кишилар жойларидан туриб салом берарлар, ҳожи бўлса жавоб қайтаришни билмас, гўё кишиларни ҳам кўрмас эди. Ниҳоят шу ҳолда кўб юргач, орқасида келмакда бўлған Ҳасаналига қараб отининг бошини бурди ва:
— Отабек билан бирга қамалғанларни неча киши дединг? — деб сўради.
— Уч киши: бири Мирзакарим қутидор, иккинчи Зиё шоҳичи, учунчи Раҳмат.
— Яхши, сен бу тўртавининг ўлтуришларида бўлғанмидинг?
— Бўлған эдим.
— Нима ва қайси тўғриларда сўзлашдилар, Отабек қипчоқларға қарши сўзламадими?
— Сўзламади. Бошқаларнинг ҳам бу тўғрида сўзлари бўлмади.
— Уларнинг мажлисларида бўлмаган вақтинг ҳам бўлдими?
— Ҳар бир ўлтуришларида мен ҳозир эдим.
— Яхши, сен улар билан қай ерларда ўлтуриш-динг?
— Биринчи мартаба Зиё аканикида бўлдиқ, иккин-чи...
— Тўхта, Зиё аканикида меҳмонлар неча киши эдилар?
— Қутидор, Отабек, андижонлик Акрам ҳожи, мен, Зиё аканинг қайниси — Ҳомид деган бирав. Зиё ака ва унинг ўғли... Ҳаммаси етти киши.
Юсуфбек ҳожи отининг ёлини қамчиси билан тарар экан, уч-тўрт дақиқа ўйлаб қолиб, сўнгра сўради:
— Иккинчи ўлтуриш қаерда бўлди?
— Иккинчи ўлтуриш Зиё аканикидан икки кун сўнг қутидорникида бўлди. Бу мажлисда ҳам ўша биринчидаги кишилар эдилар. Ёлғиз Ҳомид йўқ эди.
— Тағин қаерда ўлтуришдингиз?
— Бошқа жойда ўлтуришмадик... Мундан йигирма кундан кейин тўй бўлди. Тўйда албатта бундай сўзлар гапуришилмайдир.
— Иккинчи мажлисингизда ким ҳали, Ҳомид дедингми, нега йўқ эди?
— Билмадим, нега йўқ эди... Қутидор айтмаган бўлса керак.
— Қамалғучилар: Отабек, қутидор, Зиё ака, Раҳмат, шундоғми?
— Шундоғ, ҳожи.
— Сени ҳам қўрбоши йигитлари қидирдилар?
— Қидирдилар.
— Акрам ҳожи Андижон кеткан эди. Шунинг учун уни тополмадилар, шундоғми?
— Шундоғ.
— Ҳомидни-чи?
— Уни қидирмадилар шекиллик... Отабек қамал-ғандан сўнг алла қаерда кўргандек бўламан.
— Бизга келин бўлмишни, гўзал, дедингми?
— Илоҳи Отабек саломат қутилсин, муҳаббат қўйғанича бор...
— Келиннинг сулувлиги Марғилонда маълум экан-ми?
— Маълум экан, тилларда достон экан.
— Ҳомид уйланган йигитми, билдингми?
— Уйланган. Бизнинг ҳужрага келганда, икки хотини борлиғини ўз оғзидан эшиткан эдик.
— Ҳомид сизнинг ҳужрага нима учун келган эди? — деб сўради ҳожи, — нега буни боя сўзламаган эдинг?
— Эсимдан чиқибдир, — деб узр айтди Ҳасан, — Ҳомид Раҳмат билан бирга Отабекни Зиё аканикига таклиф қилғали келган эди ва биз уларга ош-сув қилиб жўнатқан эдик. Аммо уларнинг ундай-бундай сўзлари бўлмаған, тўғриликча келиб кеткан эдилар.
— Яхши, ўша Ҳомидни сен қандай одам, деб ўйлайсан?
— Қўланса сўзлик, ичи қорароқ бир йигит эди, — деди Ҳасанали, бир оз борғач сўради. — Отабекнинг ишини оғир, деб ўйламассиз?
Ҳожи жавоб бермади. Ул жавоб бергали ҳам қўрқар эди. Унингча иш жуда нозик, ғоятда қўрқунч эди. Чунки, Марғилон зиндонида ётгучи қипчоқ душмани бўлған Азизбек оталиғининг ўғли эди. Тошканднинг исён чиқарған бир замонида Отабекдек бир йигитнинг Марғилонда қандай гуноҳ билан бўлса-бўлсин ушланиши ҳар жиҳатдан ҳам мудҳиш эди.
Ул ўғлининг қутилиши йўлида ҳар бир мулоҳаза кўчасига кириб чиқмоқда, аммо ҳар бирисидан ҳам бўш ва умидсиз қайтмоқда эди. Энг сўнг ўғлиға ҳужум қилған бу фалокатнинг тадбиридан ақли ожиз қолди, мияси ишлашдан тўхтади ва шундан сўнг — «Парвар-дигоро, кексайган кунларимда доғини кўрсатма», деди ва кўз ёшлари билан соқолини ювди.
— Ҳасанали, зинҳор унинг қамалғанини онаси билмасин.
— Албатта.
Шундан сўнг отларини етаклашиб ичкарига кир-дилар.

Жар
... Бу кун соат ўн иккида Отабек ила қутидорнинг исён-чилиқ гуноҳи билан дорға осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг эмиш-мемиш ҳикоялари эди.
Ҳомид ила биргалашиб кирган миршабни қўрбоши ташқариға чиқмоқға буюрди-да, Ҳомидни ўлтуришка имлади.
Қўрбоши ниманидир сўзламоқчи бўлса ҳам, негадир унинг тили осонлик билан ҳаракатка келмас ва ўзи ҳам бир турлик ўнгғайсизлиқда эди. Ниҳоят қўрбоши ўзига бир турлик жасорат берди:
— Боболар: «Дунёники мири кам икки» деганлар, — деди, — тўғриси ҳам шундоғ: ўзингни юз ёқға урсанг ҳам тирикликнинг яна бир бошқа ямоғи чиқиб турадир...
Туйғун Ҳомид қўрбошининг нима мақсади борлиғини пайқади:
— Тўғри сўзлайсиз, тақсир, — деди, — дунёники ҳамиша мирикам икки, шу етишмаслик балосидан тўйиб, баъзи вақтларда кишининг дунёдан чиқиб кеткуси келиб қоладир. Яхшиким, дунёда ошна, оғайни деган кимсалар бор... Агар шулар бўлмаса-чи, киши аллақачон дунёдан чиқиб кетадир. Шунинг учун мен оғайниларни кўзларим устида тутаман, уларни муҳтожлиқ чоғларида кўрсам, ўзимни гарав қўйиб бўлса ҳам эҳтиёждан чиқаришға тиришаман.
Қўрбоши тизаси устига кўндаланг қўйған қиличи-нинг икки тарафидан босиб, бир қўзғалиб қўйди:
— Бали, бали, мулла Ҳомид, мундай оғайниларнинг садақаси кетсанг ҳам арзир, — деди томоқларини қириб қўйди. — Шу кунларда ўғилчаларнинг ёши етиб, суннати набиюнани бажо келтириш тақозо этадир... Тўй керакларидан кўпини тадорик қилған бўлсам ҳам, етишмаган ерлари ҳам кўб. Шуни сизнинг келишингиз олдида ўйлаб ўлтирар эдим...
— Бек ака, — деди Ҳомид ва тусига ясама кулиш чиқарди, — сиз аччиғлансангиз ҳам айтай:
беклар зоти кишига сира ҳам ошна бўлмас эканлар. Айниқса сиз ҳамон ўзингизнинг беклиғингизга бориб, истиғнонгизни эскича олиб борасиз... Бошингизда шунчалик қайғингиз бўлур эмиш-да, бир оғиз менга айтмас эмишсиз?
Қўрбоши Ҳомиднинг заковатига қойил бўлиб илжайди:
— Йўқ, йўқ, мулла Ҳомид, — деди, — бу ёқда гап бор: ҳукумат хизматида турғанингдан кейин юз ёқнинг мулоҳазасини қилар экансан...
— Тузик, бек ака, аммо маним ошначилиғим тамом бошқачадир, — деди Ҳомид ва ёнчиғини чиқариб бир қўлидан иккинчи қўлиға олтинларни санаб тушира берди. Қўрбошининг кўзи олтинлар устида ўйнаб булар баракасида қиладирған суннат тўйисини, Марғилон беклари олдида ортдирадирған обрўсини ўйламоқда эди. Олтинлардан йигирматаси ажратилгач, саноққа ишонмай кўриб турғаним тушми, деб уйқусиради. Ҳомид олтинларни узатди, — мана, бек ака, бу арзимаган олтин холис ошналиғимизнинг боғланишидир, яна етмагани бўлса қараб турмасмиз.
Қўрбоши титраб, қахшаб олтинларни жойлади. Ҳомиддан ниҳоятда хурсанд эди:
— Хўш, мулла Ҳомид, энди бу кунги ҳангамалардан сўзлашайлиқ, — деди бек. — Поччангиз ила жиянингизнинг бу ишка оралашиб қолғанлари ёмон бўлди-да.
Бу сўздан Ҳомиднинг юзига қайғириш аломати чиқди ва эътибор билан қўрбошининг оғзиға қаради.
Қўрбоши давом этди:
— Бу икки бегуноҳнинг қамалишлариға ҳам ўша ярамас сабаб бўлди. Йўқса уларни қамоққа олишға қушбеги буюрмас эди. Аммо кечаги қушбегига сўзлаған сўзингиз Отабек ила қайин отасини ўлимга маҳкум қилганидек, поччангиз ила жиянингизни бир қадар оқлайдилар.
Шунинг учун мен борған сўнг бўладирған ҳукм мажлисида эҳтимол қариндошларингизни қутқазишға муваффақ бўлурман. Ҳар ҳолда қариндошларингизнинг қаттиғ жазо тортишлари шубҳаликдир, сиз пайқадингизми, йўқми кеча мен жарчиға бу кунги осилғучиларни Отабек ила Мирзакарим бўлғанлиғини таъйинлаган эдим.
— Марҳаматингизга қуллуқ, — деди Ҳомид, — аммо шундоғ бўлса ҳам қариндошларим тўғрисида хавфдаман... Бунинг бошқачароғ бир эбини топиб бўлмасмикин?
Бояғи мукофотлар қўрбошини чинлаб бош оғри-тишға мажбур этар эди. Бу тўғрида ул анча ўйлаб олди:
— Кеча қушбеги олдида Отабекларни қай равишда айблаб сўзлаған эдингиз, тағин бир эшитиб ишнинг режасини олай-чи?
— Қушбегига сўзлағаним шундай эди — «Отабек айтди: энди бизнинг Тошканд халқи қипчоқларнинг жабру зулми ва тадбирсиз идораси остида ётиб жуда тўйди. Бошлаб Тошканддан қипчоқ балосини йўқотиш учун Азизбек ва отам бошлиқ исёнга тайёрландилар.
Шу мақсадда Марғилон оғайниларини ҳам қипчоқларға қарши оёқландирмоқ учун мени бу ерга юбордилар. Биз токай қипчоқлар қўл остида эзиламиз ва бир ҳовуч далатобларға бош эгамиз, деди. Отабекнинг бу сўзига қутидор ва Акрам ҳожилар қўшилишиб, унга бу йўлда ёрдамлашмакчи бўлдилар. Аммо мен бўлсам бу гапка қарши тушиб: сизларнинг бу фикрларингиз янглишдир, биз уч йил бўйи жаноби Ўтаббой қушбегининг қўл остларида яшаб ҳеч бир зулм кўрмадик. Шу ҳолда ҳукумат устига иқдомимиз куфрони неъмат бўлур, дедим.
Отабек менга қаттиғ сўзлар айтди. Поччам ила жияним бўлса маним фикримда эдилар, аммо уйимизга келган меҳмон, деб уларга очиқ қаршилик қилмадилар. Бу мажлисдан кейин мен бир неча вақт Отабек ва йўлдошларининг қонлари тўкилмасин, деб бу гапни ичимга солиб юрдим.
Бироқ Тошкандда Азизбек ва Юсуфбек ҳожилар исёни бошланғандан сўнг, ўзимнинг бу ишимни ҳукуматимиз учун хиёнат билиб, қўрбоши жанобларига хабар бердим. Ўзимнинг содиқона бу хизматим эвазига жанобларидан ожизона ўтинчим шулки, бу сирни сизларга билдиргувчи мен бўлғанлиғимни ўзларидан бошқа кимарса билмасин, ҳатто муттаҳамлар ҳам сезмасинлар» — мана, фақирнинг Отабекларни айблашим ва қариндошларни оқлашим хулосаси шундан иборатдир.
— Баракалла, — деди қўрбоши, — сизнинг бу гапла-рингиз жуда ҳам ўринлик тушкан, мен ишонаманким, Зиё ака билан Раҳмат қутулурлар.
— Буни нимага суяниб айтасиз?
— Суянчиғингиз маълум, — деди қўрбоши, — қушбегига Отабек ила қутидорни осмоқ фикрини берган бу сўз, поччангиз билан жиянингизни нучук қутқармасин.
— Поччам билан жияним илгариги сўроқда қандай жавоб берган эдилар, буни хотирлай оласизми?
— Уларнинг жавоблари кечаги сизнинг оқлашингизға сира ҳам қарши келмайдир. Чунки улар мажлисда бундай сўз бўлмади, деб тондилар. Бу эрса ўз уйларига келган меҳмонларни риоя қилишлари бўлиб чиқадир-да, яна иш сизнинг оқлашингизға ёпишиб келадир.
Ҳомид тағин бир мулоҳазага тушкан эди. Унинг бу ҳолини кузатиб турған қўрбоши:
— Энди ортиқ ўйламангиз, мулла Ҳомид, — деди, — орада сиз қўрқарлиқ ҳеч бир иш йўқ.
Ҳомид нимадир айтмакчи бўлар эдида, ўнғайсиз-ланиб тўхтар эди. Бир куни қайта оғзини жўплаб қараса ҳам яна сўзлай олмади. Қўрбоши унинг бу ҳолидан хабар топди:
— Гапуринг, гапуринг, мунда ёт киши йўқ.
Қўрбошининг бу сўзи далдасида Ҳомид жасорат-ланди:
— Бу кун ҳукм мажлисида поччам ила жияним сўзларидан янглишиб кетсалар нима бўладир?
— Нега янглишсинлар, улар билганларидан ортиқни албатта сўзламаслар. Ўлим деган нарса кўз ўнгига келиб тўхтағандан кейин Отабекдек меҳмонлар риояси кўнгилдан ювилур, сўзнинг тўғрисини айтишка мажбур бўлурлар ва иш ҳам сизнинг айблаш, оқлашларингиз руҳига келиб тўхтар.
Ҳомид яна ҳам ўнгғайсизланиб тушди, ўзининг ички сиррига шу чоқғача тушуна олмаған қўрбошиға лаънатлар ўқур экан:
— Айблаш, оқлаш сўзларимнинг руҳини сиз бир ёққа қўяберинг-да, ишнинг ички томонини мулоҳаза қилинг, қўрбоши ака, — деди.
Хоин ила сотилған кўзлар тўқнашдиларда, бир-бирисидан маъно олишдилар ва орага бир неча дақиқа сўзсизлик, жимжитлик кирди. Қўрбоши чиндан ҳам бу ўрингача Ҳомиднинг ички сиррига мутталиъ бўлмаған, қўлиға кирган олтинларни ҳам ёлғиз унинг қариндошларининг қутилишлари йўлидаги чойчақалар, деб билар эди. Аммо энди илгари ва ҳозирда киссага тушкан олтинларни Отабек ила қутидорнинг қон баҳолари эканлигини сезиб виждони тўлқинланаёзди ва мутараддид бўлди. Қўрбоши-нинг бу ҳоли Ҳомидни маълум икки йўл устида қолдирган эди. Бу икки йўл устида қолган Ҳомид саросима эди. Ўзини жаҳаннамга юбориш ва нажотка чиқа-риш ихтиёри қаршисидағи бекнинг қўлида эди. Унга тез-тез қарар ва ҳол тили билан унга яна кўб олтинлар ваъда қилар эди. Бу ваъдаларни Ҳомиднинг юзидан ўқуған қўрбоши — «икки кишининг хун баҳолари!» қичқирмоққа бўлган виждон садосини эшитиб ўлтурмади:
— Энди бунга қарши қандай йўллар кўзлайсиз?
Ҳомид ўзининг нажот томониға оғишқанини сезиб энтикди:
— Қушбегига қилған айблаш, оқлаш йўлларимни поччам ила жиянимга тушундириш керак, деб ўйлай-ман.
— Тушундирсак, тағин яхши.
— Раҳмат, бек ака, ундоғ бўлса вақт қочирмасдан уларнинг ёнлариға тушиб, то ҳукм вақтиғача уқдира оласизми?
— Мумкин, ўзингиз тушсангиз яна яхши.
Ҳомид бошини чайқади:
— Отабек ила қутидорларнинггина эмас, ҳатто поччам ила жиянимнинг ҳам маним бу ишларда иштироким борлиғини билмасликлари керакдир.
— Маъқул. Аммо бунда сизнинг мақсадингизға қарши бир гап борким, ҳукм чоғида қушбеги сизни йўқласа нима бўладир? Бу тақдирда улар сизнинг бу ишни омили бўлғанлиғингизни билмасларми?
Масаланинг бу томони ҳам Ҳомид учун ёмон эди. Фариштадек соф ҳолда қолмоқчи бўлған Ҳомиднинг бу ҳол сиррини очар, юзидаги ниқобини олишға, рақиблар ила юзма-юз келишка мажбур этар эди:
— Ҳукм мажлисида бўлмаслиғимни уҳдангизга ололмайсизми?
— Уҳдага олмоқ қийин, — деб бош чайқади қўрбоши, — аммо бу бир эҳтимолгинадир, чунки, қушбегининг бир нарсага қарор бергач, ортиқ текшириб ўлтурадирган одати йўқдир.
Ҳомид узоқ ўйлаб турмади, юзидаги совуқ бир ўзгариш ичида:
— Майли, башарти юзлашмоққа тўғри келганда ҳам мен ҳозир, — деди, шундан сўнг ажралишдилар.

Ҳукмнома
Ўткир, қонсираған ханжарини белига осиб, ойболтасини кўтарган жаллод қушбегининг ҳукмига мунтазир эди. Қушбегининг ўнг томонида қўрбошидан тортиб шаҳар аъёнлари, қаршисида Отабек, қутидор, Зиё шоҳичи ва унинг ўғли Раҳмат — гуноҳкорлар ва уларнинг орқасида муҳофиз йигитлар.
Отабек билан қутидорнинг гуноҳлари улуғ бўлған-лиқдан қўлларида кишан, Зиё ака билан Раҳматнинг қўлларида бу нарса йўқ эди. Қутидорнинг юзига ўлик туси кирган, Отабек бўлса гарангсиган қиёфатда. Ановилар ўзларини бир мунча тетик тутмоқда эдилар.
Қушбеги ўзининг ёзилиб қўйилган ҳукмномасини қўлиға олиб ўқишға ҳозирланди. Ҳамма тип-тинч, ерга қараған эди:
«Менким Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги ўз ҳукмимни хоқон ибни хоқон жаноби олий Худоёрхон исми шарифларидан эшитдираман...» Худоёр исмини эшиткучи аъён унинг таъзими учун ўринларидан туриб яна ўлтурдилар.
Қушбеги ҳукмини ўқуди: «Eътимодлик бир кишининг шаҳодатига биноан тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли— Отабек, бу кунда хонимизға қарши бош кўтарган Азиз парвоначи ва ўз отасининг ваколатлари билан Марғилон келиб, бу ердаги фуқароларни ҳам хон жанобиға қарши оёқландирмоқчи бўлған Отабекнинг бу ҳаракати улуламир бўлған жанобга боғийлиқ бўлиб, уни, яъни Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлини ўлим жазоси билан жазолаш тақозо этадир.
Иккинчи, Отабекка йўлда кўмакчи бўлиб юрган Марғилон фуқароси Мирзакарим қутидор ҳам шу жазога сазовор тутиладир. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳмат бу боғийлиқдан хабардор бўлатуриб, вақтида ҳукуматка маълум қилмағанлари учун бир йилдан зиндон жазосига маҳкум бўлурлар!»
— Ҳақсиз жазо, — деб Отабек кулимсираб қўйди... Қутидор бўлса чин ўлик тусига кирган эди.
Зиё ака билан ўғли зиндонға жўнатилдилар ва Отабек билан қутидор жаллод қўлиға топширилдиларда, шунинг ила ҳукм мажлиси тамом бўлди.
Орадан ўн дақиқа чамаси фурсат кечкан эди, қушбегининг аъёнга сўзлаб ўлтурган ҳикоясини тезроқ битишини кутмакда бўлган қўрбоши ниҳоят чидалмай ўрнидан турди ва:
— Дор остиға бориб ҳукм ижроси вақтида ҳозир ту-ришимға ижозатлари бўладирми? — деб сўради. Ул бу сўзни тугатар-тугатмас ўрда қоровули Пирмат кўринди-да, қушбегига қуллуқ қилди:
— Бир хотин киши арзим бор дейдир, кирсинми?
Қушбеги қўрбошиға рухсат ишорасини бериб, Пирматка деди:
— Кирсин.
Ўхшамаған ерда бир хотиннинг арзга келиши қўр-бошининг кўнглига шубҳа солди. Мажҳула хотиннинг қандай арзи бўлғанлиғини билиб кетишка тиласа ҳам қушбегидан рухсат олиб қўйғани учун маҳкамадан чиқишга мажбур эди. Қўрбоши маҳкама эшигидан даҳлизга чиқар экан, эскигина паранжига ўралған бир хотин қушбеги тўғрисиға тўхтаб, букилиб таъзим қилди.
Хотинда ҳаяжон ва энтикиш ҳолатлари бор эди. Шунинг учун қўрбошининг бояғи шубҳаси яна кучайди, қушбегининг кўзидан йўқолиб туриш мақсадида ўзини эшикнинг орқасига олиб кетмай тўхтади.
Хотин шошилиб кавшини ешдида, эшик остида ниманидир паранжи ичидан охтаринди.
Хотиннинг бу ҳаракатига тушунолмай ажабланган қушбеги:
— Ичкарига кириб арзингизни сўзланг, опа, — деди.
Хотин ичкарига кирди ва қушбеги олдиға бориб унга нимадир бердида, орқасиға қайтиб эшик ёниға келиб турди. Хотиннинг бериб кеткан нарсаси уч, тўрт букланган бир қоғоз эди.
Қушбеги секин-секин қоғоз тахтла-рини оча бошлади...
— Худо ризоси учун тезроқ. Йўқса... икки гуноҳ-сизнинг қонлариға ботарсиз! Хотиннинг бу сўзидан аъён бир-бирларига қараш-дилар. Қушбеги тез-тез қоғоз тахларини очиб битирди ва йўғон қалам билан ёзилган узун бир мактубни ўқумоққа олди. Мактубни ўқуб чиқиш узоққа чўзилғанлиқдан ниҳоятда тоқатсизлашган эди. Охирда қушбеги мактубнинг сўнгроғиға келиб тўхтади-да, чақирди:
— Пирмат, Пирмат! Пирмат югуриб кирди.
— Лаббай, тақсир! Қушбегининг товшида шу чоқғача эшитилмаган бир ҳолат бор эди:
— Дарров ҳалиги осилиш учун юборилған гуноҳ-корларнинг орқасидан от билан югир! Дор остидан бўлса ҳам қайтариб кел! Буйруғимни қўрбошиға айтсанг унар! Пирмат қуллиқ қилиб даҳлиз томонға қаради:
— Қўрбоши ҳам шу ердалар, — деди.
— Чақир! Даҳлиздан қўрбоши кириб қуллиқ қилди.
— Хизмат, тақсир.
— Яхши, сиз кетмаган экансиз, — деди қушбеги, — Пирмат билан бориб, дарҳол бояғи гуноҳкорларни қайтариб келингиз.
Шубҳасини бекорга бўлмағанини сезган қўрбоши ёнида тик турғучи хотинға қараб олди:
— Сабаб, тақсир?
— Сабабини суриштирадиган вақт эмас, чоп дедим, чоп! Қўрбоши қуллиқ қилиб Пирмат билан чиқди. Унинг кейинидан қушбеги «падар лаънат» деб сўкиниб аъёнларга қаради. Энди хотиннинг ҳаяжони бир оз босила тушкан эди. Қушбеги қўлидағи хатни яна ўқушға тутинди. Аъёни шаҳар бунчалик ишка яраган қушбегининг қўлидаги мактубга ва уни келтиргучи хотинга қарашмоқда эдилар. Қушбеги мактубни иккинчи мартаба ўқуб чиқиб хотинга қаради:
— Ўлтурингиз, синглим, — деди.
Хотин ўлтирмакчи бўлған эди паранжи ичидан унинг атлас кўйлаклари ва нафис оқ қўллари кўриниб кетди. Қушбеги ер остидан хотинни кузатдида, қўлидағи мактубнинг орқа, ўнгини текшириб қаради. Мактуб анчагина уринған, қоғози шалоқланған эди. Сўнгра хотиндан сўради:
— Қутидор билан Отабекнинг кими бўласиз, синглим?
— Қутидорнинг қизи, Отабекнинг хотини.
Бу сўзни эшиткучи аъён бир-бирларига қарашиб қўйдилар.
— Буни нега илгарироқ олиб келмадингиз?
Қушбегининг бу саволидан Кумушбиби қўрқунч бир маънони онглади. Гўё «иш ўткан сўнг келибсан» дегандек тушунган эди. Шунинг учун ул титроқ бир овоз билан сўради:
— Энди ярамайдими?
— Йўқ, йўқ, қизим, — деди қушбеги, — мен нега кеча ва ўткан кунларда олиб келмадингиз демакчиман.
Кумушбиби бир энтикиб қўйди ва ўзини тўхтатиб:
— Ўзим ҳам бу мактубни шу букун кўрдим, — деди.
— Мактубни илгари кўрмаган эдингизми?
— Кўрмаган эдим.
— Мактуб қаерда экан?
— Унинг эски камзулининг чўнтагида экан.
Шу гапдан кейин қушбеги мактубни ўзига яқин ўлтурған Азим понсад бошиға узатди:
— Сиз ҳам ўқуб кўринг-чи, понсад, — деди ва Кумушдан сўради, — ўқуғанмисиз?
— Ўқуғанман.
— Эрингизнинг ҳукуматка қарши ҳаракатини илгари ҳам билар эдингизми?
— Қанақа ҳаракатини?
— Масалан, биз отангиз билан эрингизни нима учун осмоқчи бўлдиқ?
— Ҳақсиз, гуноҳсиз!
— Бу мактуб билан эрингизни ўлимдан қутила олишини сизга ким айтди?
— Ўзим билдим.
— Бўлмаса илгаридан эрингизнинг ўша ҳаракатини ҳам билар экансиз-да?
— Йўқ, тақсир, — деди Кумуш. Қушбегининг мақсадиға энди тушуниб олган эди, — мен онам билан то шу кунгача уларнинг нима гуноҳ билан қамалған-ларини билалмай ҳасратда эдик.
Фақат бу кун кишиларнинг оғзидан эшитиб билдикки, сиз уни Тошканддан исён чиқарғали келгучи, деб гуноҳкор қилур экансиз. Онам билан маним бахтимга кутмаган жойдан мўъжизадек бу мактуб топилди-да, мен хизматингизга югирдим... — Кумуш сўзини тугата олмади, чопишидан ҳаллослаган Пирмат даҳлиздан кўриниб, бекка қуллуқ қилди:
— Дор ёнидан қайтишдилар! Кумушбиби сачраб Пирматнинг юзига қаради ва узоқ тин олиб қўйди. Шу чоқғача хат ўқуб ўлтурган понсадбоши мактубдан яхши асарланган эди. Мактубни ёнидағиға берар экан, қушбегига деди:
— Бу хат тошкандлик Юсуфбек тўғрисидаги фикри-мизни тамом ўзгартадир, тақсир! Унинг Азизбек томонлиқ бир киши эканлиги Фарғонанинг ҳар бир хос ва оми оғзида нақл қилинса ҳам аммо ҳеч бир кимса унинг ичига кириб чиқмагандир. Ҳар кимнинг кўнг-лидагини ёлғиз бир худодан бошқа ким билсин! «Ёв қочса ботир кўпаяр» қабилидан шу чоқғача лом демай ўлтурган шаҳар аъёнлари ҳам масалани онглаб, сўзга аралаша кетдилар:
— Худо ҳақни ноҳақ қилмади, бечора ёш йигитнинг ҳақсизга қони тўкилмади.
— Қутидордек қўймизож бир одамнинг бундай зўр ишка оралашқанлиғига ақл ҳам бовар қилмас эди.
Гўё бу сўзлар Кумушбибининг ўчкан чароғини қайтадан ёқарлар, умид осмонининг йўқолиб, яши-риниб кеткан юлдузлари яна қайтадан ўз ўринларига келиб қўнғандек бўлурлар, унинг кўз ўнгида жой олган қоралиқлар шу ёқила бошлаған нажот шамълари партави билан ўз- ўзларидан йўқолғандек кўринарлар эди.
Даҳлиз эшиги остида бир дуркум оёқ товушлари эшитилиб қўрбоши кўринди.
— Келишдилар, тақсир, кирсинларми?
Қушбеги жавоб бериш ўрнига мактубни олиб кўрпача остиға яширди ва Кумушбибини танбиҳлади: «Мажлисда маним рухсатимдан бошқа сўзлашингиз отангиз билан эрингизнинг ўлимларини тилашингиздир, тушундингизми?» Кумуш қабул ифодасини бергандан сўнг қушбеги даҳлизда қараб турған қўрбошиға «Кирсинлар» деди.
Кумушбиби уларни боя йўл устида, йигитлар орасида кўрган бўлса ҳам бироқ даҳшат ичида фақат ўрдага қараб югира берган эди. Энди «Кирсинлар» жумласини эшитгач, юраги ортиқча шо-пириниб кетди, унинг истиқболиға туришни ва бўйниға осилиб йиғлашни тиласа-да, қаршисидаги «олабўжилар» бунга мониъ эдилар. Шу вақт йигитлар олдида, қўлларида кишан бўлғани ҳолда Отабек билан қутидор кирдилар.
— Йигитлар, сиз чиқингиз! Қўрбоши, сиз кишанларни ешингиз! — деб буюрди қушбеги.
Ўзининг мундан кейинги кўргуликларини фожиъалар водийсида кўрган қўрбоши бошлаб кишан калидини қутидор қўлиға солди. Калидни бурар экан, унинг қўли дирдир қалтирамоқда эди. Ҳомиднинг номаълум бир ғарази йўлида қурбон қилинаёзған ва бу ғаразда ўзининг ҳам иштирокининг борлиғиға қойил бўлған қўрбоши ишни бу янглиғ аксланишидан сирнинг очилғанини муқаррар билиб, ўзини шу соат жаллод қўлиға топширилишини аниқ кутмакда эди.
Минг бало билан қутидор қўлини бўшатиб, гал Отабекка етди. Отабек қўлларини бўшатғучи қўрбошининг бунчалик титраб, қалтирашидан ўз рақибларидан биттаси шу киши бўлғанини ўйлади. Гарчи ўзининг нажоти ҳали қоронғу эрса-да, қўрбошини бир синаб кўриш учун ҳамма кучини икки кўзига йиғдида, унга қаради. Фавқулодда даҳшат касб эткан унинг кўзлари қаршисида қўрбошининг гуноҳкор кўзлари чидай олмадилар-да, ерга боқдилар, Отабекнинг бу синаши ўз фикрининг тўғри бўлиши билан натижаланди.
Қушбегининг буйруғи билан икки гуноҳкор тиз букиб ўлтурдилар. Қўрбоши ҳам тўрбасини йўқотқан гадойдек қушбегининг чап ёниға, Кумушбибининг юқорисиға бориб ўлтурди. Отабек ва қутидорнинг кўзлари Кумушбибига тушкан бўлса ҳам ўз қайғулари билан бўлиб унга илтифот қилмағанлар, ҳоким маҳкамасида паранжилик хотиннинг нима қилиб юрганлиғидаги фавқулоддалик ҳам эсларига келмаган эди. Дор остидан қайтиш сирри, қўлдан кишанларни олиниш сабаби уларни жуда шоширған, шунинг учун қушбегининг оғзиға қараған эдилар.
Қушбеги бўлса негадир узоқ ўйлаб ўлтурар, тезда гап очмас эди. Бу ҳолда бутун мажлис аҳли қабзиятда, қирқ қулоқ бўлиб унинг оғзиға тикилган эдилар. Аммо бу ҳолга қўрбоши жону дилдан тарафдор, шу ҳолда бир неча кунлаб эмас, йиллаб сўзсиз қолишни тилар эди.
— Отабек, — деди қушбеги сўз бошлаб, — қўлға олинған кунингиз менга ўзингиз билан отангизнинг қандай кишилар бўлғанингизни, яъни маслакингизни сўзлаған эдингиз. Аммо биз ўшал сўзларингизга далил ва исботсиз ишона олмаймиз. Сизни дор остидан қайтариб келишимиз ҳам ўшал даъвонигизга бирар исботингиз борми ёки қуруқ бир гапми, деб ҳукмнинг ижросини бир оз фурсатка тўхтатишдир. Энди сиз ўшал даъвонгизни исбот қила оласизми?
— Ўшал кунги маним сўзлағанларим, отам билан маним ички сирларимиз эди, — деди бек,
— албатта бунга гувоҳ ва исбот топиш қийиндир. Агарда отам келиб маним сўзимни қувватлағанда ҳам бари бир сиз, ўғлини қутқазиш учун сўзлайдир, дер эдингиз-да, иғвогарлар- нинг гапига ишониб ўз ҳукмингизни қила берар эдингиз.
Яшиндек сўққан унинг бу сўзларидан қушбеги ўзини аранг тўхтатди:
— Демак, ўша сўзларингизни исбот қилиш учун ҳужжатингиз йўқ?
— Йўқ... Исбот учун виждонимдан бошқа шоҳидим йўқ.
— Яқин орада Тошканддан бирар нарса олғанми-дингиз?
— Яъни нима?
— Масалан хат.
Отабек кўб ўйлай олмади, бутун борлиғи билан ҳаракат қилиб қичқирди:
— Олдим, олдим! Исботим ҳам бор! Аъёни шаҳар унинг бу ҳолига чидаб туролмай кўзларига ёш олдилар.
Отабек яна деди:
— Одам қўшсангиз мен келтирай гувоҳимни!
— Тинчланингиз, Отабек, — деди қушбеги, Отабек бир оз ўзини йиғиб олғандан кейин сўради, — нима олған эдингиз?
— Мактуб.
— Кимдан?
— Отамдан.
— Қачон?
— Тошкандда исён бошланиш олдидан.
— Ундан кейин-чи?
— Олмадим.
— Отангиз ўша хатида нималардан баҳс қилар эди?
— Тушунмаган Тошканд халқини Азизбекнинг макрига учканидан, энг охирда... — асарланиб тўхтаб олди, — маним шу ҳолга тушмоғимни каромат қабилидан сўзлаб, менга бир мунча насиҳатлар ҳам қилган эди.
Отабекнинг бу сўзидан кейин понсадбоши — «енди бўлар» дегандек қилиб қушбегига қаради. Қўрбоши эрса Отабекнинг устида ҳали бунчалик тергашлар борлиғи учун ўзини бир оз тўхтатиб қолди. Қушбеги кўрпача остидан хатни олиб Отабекка кўрсатди.
— Бу қанақа мактуб, танийсизми?
Отабек кўргучи кўзларига ишонмағандек:
— Танийман, — деди, — таърифини сизга сўзлаға-ним, отам мактуби! Таажжуб, буни сизга ким келтирди, тақсир?
Қушбеги енгилгина илжайиб Кумушбибига ишорат қилди:
— Нажот фариштаси, — деди. Қутидор билан бек ялт этиб Кумушка қарадилар. Энди Кумуш ортиқ чидаб туролмади:
— Отажон, мен қизингиз! Отабекнинг қулоғиға эшитилган бу товуш унинг юрагини ингичка ерига бориб теккан эди.
Эсини йўқотиб турған қайин отасиға қарамай:
— Сизми, Кумушми? — деб сўради.
— Мен, мен! Бу савол-жавоб ила икки вужуднинг ҳамма ҳасратлари, аламлари бир-бирларига онглашилған, икки товушнинг бир-бирисига келиб қўшилишидан иккисига ҳам тил билан онгла-тиб бўлмаслиқ бир ҳол юз берган эди.
— Бу сенми, қизим?
— Мен, отажон! Бу ўрингача бошқа бир мулоҳазада ўлтурган қушбеги уларнинг сўзларини бўлиб, Отабекдан сўради:
— Қулингиз Ҳасаналини нега шу кунгача топиб бўлмади?
— Қамалған кунимдан берига ундан хабарим йўқ, тақсир, — деди-да, Отабек Кумушка қаради.
— Бу кун ўн икки кун; Ҳасанали ота Тошканд кетмишдир, шундан бери ундан дарак бўлмади, — деди Кумуш.
— Тошканд кетишка уни нима мажбур қилди? — деб ўринсиз бир савол берган эди қушбеги, Кумушбиби унинг нима учун кетканлигини айтиб қаноатлантирди.
Масала яна хат устига ўтиб, Отабек қушбегидан сўради:
— Қўлингиздағи мактуб билан эҳтимол биз оқлан-ған чиқармиз? — Қушбегидан тасдиқ ишорасини олиб давом этди. — Ҳозир биз сизнинг адолатлик ҳукмингиздан бир нарсани сўраймиз: ул шулдурким, бизнинг тўғримизда ёмон мақсад билан сизга чақимчилиқ қилғучи иғвогар ва ғаразгўлар бу мажлиска ҳозирлансинларда, ўзларининг машъум кашфларини ва ё кўрган-ешитканларини исбот қилиб бизни қайта бошдан дор остиға юборсинлар. Билъакс исбот қилолмас эканлар, бизга қазиған чуқурлариға ўзлари йиқитилсинлар! Адо-латингиздан бизнинг талабимиз шул! — деди ва қўрбошиға қаради. Унинг юзида қўрқиш ва изтироб аломатлари кўрди.
— Талабингиз ўринлик, — деди қушбеги, — аммо хасмингизни бу мажлиска ҳозирлаш учун вақтимиз оздир ва лекин бу кун уни қўлға олармиз ва бириси кун бешовингизни бир ерга жамълаб ўз ҳукмимизни берар-миз, — деди. Кумушбибига юзини ўгирди. — Қизим, сизнинг бунчалик заковат ва жасоратингизга отангиз билан эрингиз ҳар қанча ташаккур айтсалар ва ўзларининг мундан сўнгғи умрларини сизнинг бахшишингиз, деб билсалар арзир. Мен ҳам сизнинг бу хизматингиз эвазига эрингиз билан отангизни ҳозирдан бошлаб озод қилдим. Аммо Отабек иш бир тарафлик бўлғунча ўзининг қочмаслиғи учун кафил беришка мажбурдир.
Ҳамма мол ва мулки билан қутидор Отабекка кафил бўлди ва қушбегининг ҳақиға дуо қилиб, учавлари маҳкамадан биргалашиб чиқдилар.
— Зиё ака билан ўғли Раҳматни бўшатингиз, сўнгра ановини қўлға олингиз! — деган амрни олиб, қўрбоши ҳам силжиди. Шунинг ила бу кунги ҳукм мажлиси тамом бўлиб, шаҳар аъёнлари таажжуб ичида тарқала бошладилар.

Истиқлол Дарди
Етмиш кунлик бир муҳосарадан кейин уч минг сипоҳни бир ярим мингга тушуриб, бир ярим минг сипоҳни Тошканд қўрғонлари остида қурбон бериб, Нормуҳаммад қушбеги қуруқ қайтишға мажбур бўлди.
Бу етмиш кунлик қамал вақтида Азизбекнинг содиқ фуқаролари бўлған тошкандликлар азтаҳидил унга хизмат қилиб, жонбозлиқ кўрсатиб, ниҳоят қипчоқларни умидсиз Қўқонға қайтаришға ноил бўлдилар. Ноил бўлдилар, аммо ўзлари ҳам яхшиғина бўлиб қолдилар. Етмиш кунлик бир қамал, етмиш кунлик четдан ва энг ози қишлоқлардан муносабатни узиб туриш, албатта Тошкандни бўлдириб қўйған эди. Бу етмиш кунлик бир қамал Тошканднинг ҳали йиғиштириб кира олмаған донларини, экинларини ёв қўлида қолдирди. Савдо ишлари бутунлай тўхтаб, савдогарлар зўр фалокатка учрадилар. Косиб, фақир халқнинг ҳоли жуда ёмон эди:
нонсиз, донсиз, кийимсиз, сувсиз, алоҳозалқиёссиз бўлиб энг охирги чекка еткандагина қамал балосидан «ялтирасин, қалтирасин» музаффарият билан қутилдилар. Халқ ўзининг бу етмиш кун ичида тортқан машаққат ва азобларини қипчоқлар устидан чалған ғалабаси билан бир даража юв-ди-да, касбига, экин-тикинига уриниб кўришни ўйлади, тўғриси ўйлай ҳам олмади...
Азизбек, мундан кейинги Тошканднинг мустақил ҳукмдори Азизбек! Қипчоқларға чалған ғалабаси учун ул терисига сиғмайдир... Ул энди «Қипчоқлар Тошкандни олиб қолсалар...» деган мудҳиш хавфдан қутилған, ул энди Тошканд ва атрофининг хони, хоқони! Энди духоба ва атласлар устидагина ўлтурмоққа қаноатланмай ўз шаънига, ўз қудратига мувофиқ тожлар, тахтлар ясамоқчи. Ўзининг эски маҳрамига кўнгли тўлмай бошқа бир ўйинчи, ашулачи, ҳусндор бир маҳрам топмоқчи ва ўзининг бу машҳур маҳрами билан ер юзига (Туркистон ва Бухорога) донғ, шуҳрат чиқармоқчи! Азизбек энди жуда хотиржамъ эди. Қипчоқларнинг қайтадан Тошканд устига келишларини эҳтимол ҳам тутмас эди. Чунки ўзининг қипчоқларға берган зарбасини уларга юз йилсиз ўнгғалиш бермас, деб билар эди.
Ҳамма иш жойида, лекин бир нарсагина кўнгилнинг ингичка ерини жароҳатлайдир. Азизбек кўзига ҳозир ёруғ дунё қоронғу, бу қоронғулиқ ичида бояғи ширин хаёллар, ишлатиладирган тожу тахтлар ва бошқалар кўринмай қоладирлар: етмиш кунлик қипчоқ уруши минг турлик йўллар билан йиғилған хазинани барбод берган, хазина қипчоқлар устидан ғалаба ва истиқлол мастликлари йўлида қуриған, фуқаронинг жон отиб, қипчоқларни қириб йўғганлари учун инъомларга, эҳсонларга ва озиқ-овқатларға қурбон қилинған.
Мана шу эди Азизбекнинг кўз ўнгларини қорон-ғулатадирған жароҳат! Бу ишнинг кенгашига эмас, берилган қарорни амалга ошириб беришлик учун Юсуфбек ҳожига йигит юбориб, ҳозир уни тўрт кўз билан кутиб ўлтурар эди. Ниҳоят ярим соатлик бир кутишдан сўнг Юсуфбек ҳожи эшик остидан кўринди. Азизбек одатий қаршилаш ёниға бир навозиш ҳам илова қилиб, ҳожига юқоридан жой кўрсатди. Бу фавқулодда навозиш сабабини ўйламоққа ҳожи-нинг вақти йўқ, чунки ўзининг қайғуси ўйлашқа, фикрлашқа етарликдир.
Кўзининг оқу қораси бўлған Отабекнинг ҳоли нима кечти, қоронғи зиндонларда, рутубатлик, зах ер остларида очликдан, ташналикдан, совуқликдан азиз кўкрагини ерга бериб жон бердими-кин?— Золим беклар, қонхўр ҳокимлар, раҳмсиз жаллодлар, машъум дорлар ва қўрқоқ халқлар орасида кекса отасини, муштипар онасини кўралмай дунёдан кетдимикин?
— Мана шундай минг турлик васвасалар ичида қаршисидағи Азизбекни ҳам унутмоқда эди.
Азизбек бўлса «жавоҳир қадалған тожлар, олтин тахтлар, нозанин паривашлар, донғдор маҳрамлар» ҳақидағина ўйлар эди.
— Ҳожи, — деди Азизбек сўз очиб, — маним сизни ўрдаға чақирғаним сабабини албатта билмагандирсиз?
Юсуфбек ҳожи хаёлидан кўз очди:
— Тақсир... чақиришингиз албатта фуқаронинг тинчлиғи, раоёнинг роҳати, ҳукуматнинг барқарор турмоғи учундир.
Ҳожининг бу сўзи Азизбекни яшиндек урди. Унинг кўз ўнглари қоронғиланиб, ҳалиги ширин хаёллар тағи қоронғилиқда яшириндилар. Ул ортиқча ўнғайсизланди ва тилар-тиламас:
— Шундоғ... — деди ва бир оз ўйланиб қолгандан кейин: — етмиш кунлик қамал билан хазинамиз жуда ғарибланди, ҳатто шу кейинги кунларда сипоҳларнинг озиғи учун ҳам қийналиб қолдиқ. Мана шу тўғриларда сизни кенгашка чақирған эдим, — деди.
— Маъқул, тақсир.
— Мен бу тўғрида бир қарорға ҳам келиб қўйдим.
— Қарорлари муборак бўлғай.
— Қарорим шундан иборатдирким, эртадан бошлаб юртка ўттуз икки тангадан солиқ сочасиз.
Юсуфбек ҳожи юрт бесаранжомлиғи ва ўғул қайғуси билан асабийлашкан эди. Азизбекнинг бу аблаҳона қаро-рига қарши қизишди. Азизбекнинг бу золимона буйруғиға қарши қаттиғ сўзлар айтишка ўйласа ҳам аччиғини қандай кишига айтилишини ўйлаб, ўзини бир оз йиғди.
— Тақсир, амрингизга қарши тушадирған жойим йўқ,— деди, — лекин шунисини бир оз ўйламоқ керакки, юрт етмиш кун қамал кечирди. Онадан туғма азоблар, очлиқлар ўткарди ва ўткармакда. Менга қолса бу кунларда ўттуз икки танга эмас, ўттуз икки қора пул солиш ҳам оғирдир. Юрт беш-ўн кун орқа-ўнгини олсин, сўнгра... — Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидалмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди:
— Нима дейсан?! Ҳожи ишнинг бунчалик ёмонға кетишини ўйла-маған эди. Шу дақиқада ишнинг олдини олмаса, энди гап фақат Азизбекнинг жаллод чақиришиға келиб қолди:
— Тақсир, сиз йиғ, дер экансиз эртага эмас, бу кунданоқ йиға бошлайман. Юрт қани бермасинчи? Фақат менга сизнинг буйруғингиз кифоядир.
Бу сўз Азизбекка сиҳр каби таъсир қилди, даҳлизда турғучи йигит орқалиқ жаллод чақиришға жўбланган тили ўз зарарига ҳаракатланди:
— Ўрда бегига айт, ҳожига бир кимхоб тўн чиқариб кийдирсин! — деди.

* * *
Юсуфбек ҳожи эгнида кимхоб чопон билан ўрдадан чиқди. Ўрдадаги «Чопон муборак бўлсин!» деб сўрағучиларға истеҳзо илжайиши остида бир турлик муҳмал жавоб берар эди. Ул ўрда кўпругидан ўтар экан, бояғидек қилиб ўзича яна бир кулимсираб қўйди ва телбаларча ўз- ўзига сўзланиб кетди: «Ўттуз икки тангадан солиқ йиғ, эмиш... Бир ҳафтадан кейинга қолмасин эмиш... Солиқ йиғишда қаршилиқ қилғанни даррага ётқизиш, мувофиқ кўрилганда осдириш ҳаққи ҳам менга берилган эмиш... Гўё Юсуфбек ҳам ўзидек бир қонхўрға, бир золимга айлансин эмиш... Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келадирган виждон бор, дин бор, диёнат бор. Бизнинг халқни ер ютсин. Азизбекнинг тулкилигига учдида, унинг кечаги зулмларини унутди, етмиш кунлаб бир замон жон бериб, жон олиб ниҳоят хизмат ҳаққи учун ўттуз икки танга мукофот, энг кейинги бурда нонингни ҳам бер!»

Инқилоб
Юсуфбек ҳожи устида бояғи кимхоб тўни билан Шайхантаҳурнинг Занжирлиғига етиб, гузарда йиғилиб ўлтурган ва ўзига салом бериш учун ўринларидан турган халққа хитоб қилди:
— Уйинг куйсин, мусулмонлар! Яхши деб йўлида жон берганинг Азизбек, бу кун сенларга яхшилиғингни ўттуз икки танга солиқ билан қайтармоқчи бўлди. Ҳозир сенларга икки йўл:
ўғул, қизингни сотиб бўлса ҳам ўттуз икки тангани Азизбек хазинасига тўлаш ёки эс борида этакни ёпиб Азизбекни орадан кўтариш... Уйинг куйди, мусулмонлар!
— Ўттуз икки танга! Халқ Юсуфбек ҳожидан бир зарра ёмонлиқ ёки бўлмағир бир кенгаш эшитмаган ва шунинг учун ул қаёққа юрса, шу ёққа боришқа ҳозир турар эди. Айниқса ўттуз икки танга довруғи гузар аҳлининг юракларини уюшдириб, буни эшитиш биланоқ исёнга қўл қўйдилар.
Бошлаб Занжирлиқ халқи кўчаларга чип ташлаш, Азизбекка қарши уруш ҳозирлиги кўриш хаёлига тушди. Юсуфбек ҳожи то Эски Жўвага еткунча ўзининг юқоридағи сўзини кўй, гузар халқиға такрорлаб келмакда эди. Эски Жўвада азим бир жамоат йиғиб, Азизбек билан бўлган можаросини сўзлади ва устидаги кимхобни кўрсатиб истеҳзо тариқасида:
— Солиқни бермангиз демайман, чунки сизнинг итоатингиз менга бундоғ тўнлар берар! — деди.
Халқ ниҳоятда қизишди. Гўё бириси қувраған тўқайға ўт туртди. Ҳўлу қуруқ деганларидек катта-кичик баробар ёнмоққа олди.
— Яхшилиғимизни унутди, дўнғиз! Ўттуз икки тан-гани яхшилаб берайлик биз унга! Ози бир ой ўтмас-данми, андишасиз?! — деган сўзлар эшитила бошлади. Дарров уч кишини Себзор, Кўкча ва Бешёғоч даҳаларига хабар учун жўнатилди. Ё қирилиб битиш ва ё Азизбекни орадан кўтаришка фотиҳа ўқилди.
Орада бир соат ҳам ўтмади, бутун дўконлар ёпилиб, Тошканд кўчалари чиплар билан тўлди.
Барча яроғланган, урушка ҳозир эди. Шаҳарнинг олаланиш хабари ўрдага ҳам эшитилди. Ишни кичкина деб ўйлаған Азизбек шаҳардан аҳвол олиш учун Райимбек дотқони элли чоғлиқ йигит билан буюрди. Аҳвол олғучилар Занжирлиққа етиш билан нақ ишнинг қай даражага етканини пайқадилар: кўчалар чип билан тўлған, чип орқалари шашвар, милтиқ, ханжар, найза ушлаган оломон билан лиқ эди. Райимбек дотқонинг «Чипларни йиғиштирингиз, ўзларингиз тарқалишингиз!» деб айткан яхши сўзига қулоқ солғучи бўлмади. Дотқо дағаллик қилган эди, оломондан биттаси милтиқ отиб, икки сипоҳни йиқиб ҳам қўйди.
Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди. Ярим соатлик отиш, чопишдан сўнг сипоҳлар Занжирлиқ оломонларини қочириб, Баланд масжид чипига етдилар. Жон аччиғиға учраган Азизбек ўрдага бир мунча сипоҳ қолдириб, бутун кучини йиғиштирған ҳолда Райимбек дотқо кўмагига етишди. Бунинг ила сипоҳлар тағин ҳам кучайиб, оломонни Хадрага қараб суришка муваффақ бўлдилар. Хадра чипида қонлиқ урушлар бошланди. Ўттуз икки танга солиқ хавфида оломон ҳам Бешёғоч, Себзор, Кўкча даҳаларидан ўзига ҳар замон яроғлиқ ёрдамлар олиб турмоқда эди.
Бу кун кечаси Тошканд қон ичида, маҳаллаларда бўлған ҳукумат кишилари халқ томонидан ўлди-риладирлар, уйларига ўт қўйилиб моллари талонға тушадир. Шаҳарнинг юраклик йигитлари Хадра чипига қараб чопадирлар, юраксиз ва кексалар гузар ва маҳаллаларга тўнкалардан гулхан солиб, «ўттуз икки танга» қайғусида оломонға музаффарият тилайдирлар.
Ярим кечалар вақти оломон Хадрадан Эски Мис-карликка қараб сурилишка мажбур бўлди.
Кутилмаган бу сурилишлар Юсуфбек ҳожини катта ташвишка солиб қўйди. Мундан сўнг халқнинг ўзига ишониб туролмай Тошкандни ололмай қайтқан Нормуҳаммад қушбегига ёрдамга етиб келиш учун чопар югуртирди.
Eски мискарликда икки тараф ҳам тонг отдирдилар. Эрталаб яна қонли урушлар бошланди.
Аммо халқ энди ўзини анча тутиб қолган ва ҳар дақиқа тўрт тарафдан янги кучлар олиб турар эди. Шунинг учун сипоҳлар бир адим илгари босолмай қолдилар. Аммо халқ сипоҳларни босса босқундек товранар эди. Бу ҳолдан ниҳоятда бўғилған Райимбек дотқо қилич яланглаб, сипоҳлар олдида оломонға қараб югурди. Бироқ унинг бу ғайрати ўзи учун ҳалокат билан натижаланиб, Уста Мўминжон исмлик бир милтиқ устасининг отқан ўқи билан кўкрагидан яраланиб йиқилди.
Райимбек дотқо Азизбек ҳокимиятининг тираги эди. Унинг қатлидан сўнг сипоҳлардан руҳ тушти. Ҳатто Азизбекнинг буйруғиға ҳам қулоқ солмай тўстўска қочиб бошладилар. Ниҳоят Азизбек ҳам ёнидағи қирқ, эллик содиқ кишилари билан қочиб, ўрдага қамалишға мажбур бўлди. Юсуфбек ҳожи бошлиқ ер ва кўкка сиғмаған музаффар халқ ўрда теварагини қуршаб тушди. Азизбек тезда берилмагани учун минглаб халқ ўрда атрофидан силжимай, ҳатто ошсувларини ҳам шунда еб хотиржамъ ётиб олдилар.
Азизбек учун кутилмаган фалокатлар юз берган эди. Қочиб қутилиш мумкин бўлғани ҳолда тузоққа туш—кандек ўрдага ҳам қамалиб берган эди. Нима қилсин, қаноти йўқки учиб қутилса... Қамалишининг иккинчи куни ўрда томига чиқти, энг кейинги, ҳам энг пастарин чорани кўрмакчи эди бу хоқон. Бошлаб фуқароға салом берди, сўнгра синиқ ва ожиз қолган бир товуш билан халққа узр айтди:
— Энди ўзимнинг қилмишларимдан пушаймон бўлдим... Мен сизларнинг қилған яхшилиқларингизни унутқан эканман... Сизлар ўзларингизнинг бу ишларингиз билан маним кеткан ақлимни яна миямга ўрнатдингиз... Раҳмат фуқаро... Гуноҳимни кечирингиз, қилмишларимдан пушаймон бўлдим, фуқаро! Аммо халқ бундай ёлборишларға, тавба-тазарруъ-ларга қулоқ солмади, чунки иш ўткан, ғишт қолипдан кўчкан эди:
— Энди эсинг кирдими, ўғри? Бурундан ўйлаб иш қилсанг бошингда бу балолар йўқ эди! Сен бизларга нима ишларни қилмадинг? Кун сайин неча гуноҳсизларни осдирған, кесдирган, болаларимизни ятим, оналаримизни қон йиғлатқан сен эмасмисан? Ханжарингни хайф кўриб маҳалларга чаён солиғи солған, оғаларимизни чаён заҳри билан ўлдирган ким эди? Кет тўнғиз, кет, тавба қилиш замони ўтди, тақдирингга сен ҳам тан бер! — дер эди халқ.
Халқ шунингдек гаплар билан юз ёқдан унга ҳужум қилиб, ҳатто адабсиз сўзлар билан ҳам сўкар эди. Азизбек ҳамон «Тавба қилдим, фуқаро!» жумласи билан узрини айтиб турар эди:
— Сиз яхшиларим, бу қисқа ўйлашингиз билан ўз оёғингизға ўзингиз болта уриб, яна қипчоқлар қўлига қарам бўласиз! Маним тавбамни лоақал ўзларингиз учун қабул қилингиз! Азизбекнинг бу сўзларидан кейин оломон тағи қизишиб, қуйидаги сўзлари билан кўкни кўтарди:
— Икки қайта алданиш йўқ! Сендек итдан бизга қипчоқ яхши! Халқнинг бу жавоби ишнинг не даражага етканини онглатарлиқ эди. Шу гапдан кейин Азизбек тамом умидсизланиб, дунёларча маъюсият ичида томдан тушиб кетди.
Юсуфбек ҳожининг Нормуҳаммад қушбегига юборған чопари Кировчи яқинида унга еткан ва қушбегини тамоми сипоҳлари билан Тошкандга қайтарған эди. Аламзада қушбеги бу сўйинч хабардан учиб-қўниб Азизбекнинг ўрдага қамалишининг учунчи куни карнай-сурнай билан етиб келди. Оломон ёниға қипчоқ сипоҳлари келиб қўшилғандан кейин ўрдага босиб кирдиларда, Азизбекни ушлаб ҳам олдилар.
Етмиш кун бир муддат овора қилиб, минглаб киши қонини тўкишка сабаб бўлған Азизбекни Қўқонға олиб бориб топшириш Нормуҳаммад қушбеги учун қийматли эди. Ул ўрдада ўлтурар экан, бундай улуғ душманни қўлға туширишнинг бош омили бўлған Юсуфбек ҳожига ўз миннатдорчилиғини айтиб тугата олмас, унинг бу хизматини хон билан Мусулмонқулға сўзлаб, унга катта бир мартаба олиб беришка ваъдалар берар эди. Албатта Юсуфбек ҳожига бу ваъдаларнинг ҳеч аҳамияти йўқ, фақат ул ўғлининг соғлиғини билса ва Марғилон зиндонидан унинг қутқарилишиға ваъда олса, унинг учун дунёларча мартаба ва ҳурмат эди. Қушбегининг ваъдасига илтифотсиз қулоқ бериб турди-да:
— Илтифотингиз учун раҳмат, қушбеги, — деди. — Мен энди дунёдан ўтаётган бир киши; эндиги ман-саб-ларға унча қизиқа олмайман. Агар маним қилған хизматим шундай илтифотларга лойиқ кўриладиган бўлса, жон жанобидан сўрайдирған бир неча тилакларим бор.
— Сўрангиз ҳожи, хон бермаганда ҳам олиб беришка мен кафил.
— Маним биринчи холис тилагим, албатта мазлум халқ тилидан бўладир: мундан сўнг Тошканд ҳокимлиғига ҳар қандай бўлмағир одам қўйилмасин.
— Жон жанобининг ҳамма мақсади ҳам шунда. Чунки, биз Азизбек кабилардан халқниғина эмас, балки, ўзимизни ҳам қийнатдирмоқдамиз.
Тошканд беклиги тўғрисида кўб музокара ва му-солаҳадан кейин Юсуфбек ҳожи ўз яраси устида тўхталди. Ул биринчи мартаба ўлароқ ўзининг ички касалини ҳозиқ деб Нормуҳаммад қушбегига очди. Сўзлар экан, юраги машъум бир эҳтимолнинг даҳшатидан титрар, тили ҳам осонлиқ билан ҳаракатланмас эди. Зеро ўзининг бу ўтинчини қуш учкан сўнг отилмоқчи бўлған сопқон қабилидан ҳисоблар ва фойдасиз бир илтимос деб чўчир эди.
— Агар маним бу хизматим жон жанобининг марҳаматига лойиқ кўрилур экан, — деди ҳожи,
— менга энг манзур бўлған мукофот — ўғлимнинг озод қили-нишидир. Дунё можаросидан қўл ювмоқчи бўлған бир отаға кексайган кунларида фарзанд доғини кўрмас-ликнинг ўзи ҳам улуғ мукофотдир, — деди ва кўзига ёш олди. Бундан қушбеги ҳам насибасиз қолмай му-таассир Юсуфбек ҳожига тасалло берди:
— Қўрқмангиз ҳожи, — деди, — Марғилон ҳокими ўринсиз қон тўкувчи киши эмасдир.
Қўқонга борғач, биринчи ишим ўғлингизни қутқариш бўлсин, жойсиз қайғуланмангиз, ҳожи.
— Қуллуқ, қушбеги, агар бу хизматни ўз зимман-гизга олур экансиз, устимга катта миннат қўйған бўласиз... Бироқ мен қўрқаманким, сиз Қўқонға бориб еткунча иш вақтидан ўтсин...
Қушбеги ҳам бу тўғрида ўйлаб қолди ва ҳожининг эҳтимолидан чўчиб, шу соатда бир мактуб билан Қўқонға чопар юбормоқчи бўлдилар, бу ишнинг мувофиқ кишиси албатта Ҳасанали бўлғанлиқдан чопар бўлиб белгуланди. Ўн беш кунлардан берига шундай хизматни кутиб ётқан Ҳасанали отнинг бошини Қўқон томонға қараб қўйди-да, дақиқа ичида кўзларга кўринмас бўлиб кетди.
Бир кун кейин Нормуҳаммад қушбеги ҳам бир мунча сипоҳни Тошкандда қолдириб, Қўқонға жўнаш ҳаракатига тушди. Тошканд оломонининг та-лаблари билан Азизбекнинг икки оёғидан арқон билан боғлаб отнинг човиға судратма қилдилар.
Сипоҳлар Қўқонға қараб ҳаракат қилар экан, Қўқон дарбозасига тўлған халқ Азизбекнинг от оёқлари остида судралиб кетишига ҳузурланиб томоша қилар эди.

«Бир Ғариби Бeчора»
Бу тарихдаги хон ўрдаси Қўқоннинг бу кунда Хода бозор аталған ўрнида эди. Рўмоннинг ўн учунчи фаслида Марғилон ўрдасининг таърифи ёзилғанлиқдан ва бу ўрданинг ҳам ташқариғи айланаси ўша ўрда қабилидан бир тусда, бир услуб ва бир вусъатда бўлғанлиқдан бу ўринда яна қоғоз қоралаш ортиқчадир. Ўрда дарбозаси, навбатчи қоровул, дарбоза саҳнининг кенглиги — барчаси ҳам ўшал ўрда сингари, аммо бунинг ташқариғи кўринишидағи ортиқлиғи тўрт бурчида қада-либ турған навбатчилари эди. Ўрда дарбозасидан ичкарига кирилгач, бундаги тузилиш Марғилондағидан тамоман деярлик бошқача бўлиб чиқар, шунга биноан бу ер билан танишмоқ эҳтиёжи тушар эди.
Ўрданинг ичкариги ўнг, чап биқинлари сипоҳ туриш учун солинған бинолар ва саҳнида биз Тошкандда кўриб танишқан равишча кийимлик сипоҳлар (йигитлар) турким-турким бўлиб, понсад бошилар қарамоғида қилич уриш машқини таълим олмоқда эдилар. Ўрданинг белидан, яъни шимолдан шарққа қараб бир хатти мустақим билан девор ва бул деворнинг икки тарафини баробар— линг ташланиб, ўрданинг ичкари қисмиға хон саройига кириладирган дарбоза қурилған эди. Бу дарбоза эскиргансумон кўринса ҳам асли яратилишдағи нафислик, меъморий санъаткорлик ўчаёзған бўлса ҳам, бироқ ундаги ивир-живир сирлар, ўйма нақшлар ҳали ҳам кишини ҳайрон қолдирарлик эдилар. Айниқса дарбозанинг икки биқинидағи «ўгирмагул» тарзи билан ишланган гулдасталар, дарбоза равоқидағи ганчдан қабартирилиб ясалған бўртма нақшлар, гуллар ҳали ўзларининг нафосатларини унчалик йўқотмаған эдилар.
Қуёш ғарбга қараб оғқан, улдасталар устига қўндирилған олтин ҳилол аломатлари қуёш нури билан кўзни элитарлик даражада яшнар эдилар. Дарбозанинг икки ёнидағи махсус ишланган қоровулхона — суфачаларда икки нафар навбатчи турар эди. Навбатчидан ўтиб, дарбозага кирилса гунбаз рави-шида йўлак, ўнгға юрилса девонхонаға, сўлға кетилса хон маҳкамасига чиқиладир-да, маҳкама бўсағасида яна ҳалигидек икки нафар навбатчига учрашиладир.
Марғилон ўрдасида кўрганимиздек бир даҳлиз, аммо бу ўзининг нақшлари, гуллари, анвўи сирлари, олийлиқ ва кўркамлиги билан Марғилонникини кўлагада қолдирарлиқ эди эрса-да, эскирганлиги унинг ортиқлиғиға халал бермакда эдилар. Даҳлиздан ичкарига қаралса бир мунаққаш ва музайян зол, икки томонида хоннинг шоғовул бошилари, ясовул бошилари, дастурхончи ва офтобачилари, тунқатор ва парвоначилари оталиқ ва меҳтарбошилари ва тағи алла қанча вазир-вузаролари қатор тизилишиб ўлтурмакда эдилар. Золнинг учунчи даричасидан нариғи томон бир юпқа мунаққаш девор билан ажратилган бўлиб, ичкарига кириладирган эшиксиз бир йўл, бу йўл билан ҳалиги девор иккига ажралиб, ҳар бир бўлим деворнинг ўртасида киши боши сиғарлиқ бир туйнук, бу туйнуклар ёнида қўлиға ойболта ушлаган икки нафар жаллод қотиб турар эдилар. Шу жаллодлар орасидан ўтиб учунчи бўлимга кирилса, қаршида ярим газлар юксакликда тўрт оёғлиқ оқ мармардан ясалған тахт устида олтин камарга тақилған олтин соплиқ қиличини тизаси устига кўндаланг қўйиб, қизил духобадан тикилган пўстун камзул устидан адрас тўн кийган, бошиға симоби шоҳи салла ўраған ўн саккиз ёшлар чамалиқ, чўзиққина юзлик, буғдой ранглик хон ўлтурар эди. Бу Худоёр эди. Хоннинг сўл томонидағи олтин ҳаллик курси кишидан бўш, ўнгдаги — ички саройга кирадирган эшикча ёнидағи курси устида Ўратепа чакмани устидан қайиш камар боғлаб, соддағина қилич тақинған, бошиға оқ барра попоқ кийиб, башарасидаги бурни юзи билан бир қаторда деярлик текис яратилған, ўртача соқол, қисиқ кўз, буғдой ранг, ўрта ёшлиқ бир қирғиз— Мусулмонқул ўлтурар ва ҳозирғина ҳудайчи тарафидан ўзига топширилған ариза ва мактублардан очиб ўқур эди. Ўқуб турған аризаси аҳамиятсиз бўлса керак қоғозни иккига йиртди-да, оёғининг остиға ташлади ва иккинчи мактубни очди. Буниси Ўш ҳокими тарафидан ёзилган эди:
«Давлатимиз стуни, падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир ҳузурларига номаи ҳумоюн ба-робари Ўш мадорисотида таҳсилда бўлинған фақир қирғиз туллобиға марҳамат буюрғанлари ҳадоё туллобнинг даражаи илмияларини имтиёзан тақсим қилиндилар. Ашадду фақир ва эҳтиёжда авқоти талх мурурига мажбур ва масбур ўлған қирғиз муллалари падари арус шаҳаншоҳининг алтофи0 шоҳоналаридан риққатка келиб обидийда қилдилар ва Ҳақ таоло даргоҳи васиъасидан адуви бадкирдорларига зафарёб бўлмоқларини ва Золона яшаб Амир Темур Кўрагондек жаҳонгир бўлмоқлариға дуо ва ниёз этдилар. Баъда хотири отир олийлариға махфий қолмағайким, шаҳар ва атроф элларимиз давлати азимаи қавиялари сояи ҳимоятида нобоб бидъаҳдлар хавотир ва хавфидан тинчдир. Нома охирида ёш шоҳимиз жаноби хоқони хавоқин, султони салотин ҳазратларига падари арус шаҳаншоҳининг паноҳи ҳимоятларида кўб йиллар давру даврон, офият0 ва саломатлик тилаб навкарлари...» Мусулмонқул Худоёрга Ўш аҳволини сўзлаб, учунчи мактубни очди, бу мактуб хусусий бир кишидан бўлса керак, муҳр ва ўзга такаллуфлардан холи эди:
«Мазлумлар додиға, мақҳурлар фарёдиға ўзининг адолатлик қиличи билан етишқучи Мусулмонқул қипчоқ хизматларига... кўзларим зулм ёши билан жиқ, кўнглим давлат хоинлари қўрқунчидан титраган бир ҳолда қалам тебратаман. Давлатнинг содиқ бир фуқароси, ихлослик бир йиги-ти давлат устига ўзининг мудҳиш зарбасини ташлаб турған бир бадъаҳд ўғлини ўшандоғки отасининг ваколати бирлан иккинчи бир тинч, улуғларға мутеъ, фармонбардор бир шаҳар аҳлини оёғландирмоқ бўлған эди. Уни исботлари, шоҳидлари бирлан дор остиға тортқучи содиқ бир қулни кўкларга кўтариш ўрнига қамамоқ ва оёғиға зулм занжирини урмоқ бўладирлар... Мусул-монқул жанобидек бир баҳодирдан андиша қилмай унинг душманларини сарфароз айлаб дўстларини ғамгин қиладирлар.
Мактубнинг туманлик маъносига тушуна олмаған Мусулмонқул бу ўринда тўхтадида, мактубнинг охириға кўз ташлаб олди:
«Бунгача маним ҳаяжон ва қайғу орасида ёзған йўлларима балки тушунмагандирсиз, бунинг учун ғазабланмай бу гуноҳимни сизга содиқ бир қуллиғим йўлиға кечирурсиз. Бу кундаги Тошканд исёнининг бошлиқларидан бўлған Юсуфбек ҳожи Азизбек нонкўрнинг машварати бирлан марғилонлиқларни ҳам жанобингизга қарши оёқландирмоқ мақсадида ўз ўғлини мунда юборған экан. Фақир содиқ қулингиз бу эъвагар йигитнинг теварагига ўз тарафдорларини йиғиб қурған бир мажлисларига рост келиб ва унинг Марғилонга нима учун келганлигини пайқаб, ниҳоятсиз хавфка тушдим. Унинг сўзлари қипчоқларни йўқотиб, ҳукуматни шаҳарликлар қўлиға олиш эди. Қипчоқлар хайрихоҳи камина қулингиз бу сирни ичимга ютолмай, бир неча воситалар бирлан Марғилон ҳокими Ўтаббойга билдирдим. Ўтаббой қушбеги Юсуфбек ҳожи-нинг ўғли бўлған мазкур Отабек билан унинг тарафдори ва қайин отаси Мирзакарим отлиқ кишини қўлға олиб зиндон қилди. Қушбегининг чақириши билан ҳузурига ҳозир бўлиб, Отабек оғзидан нимаики эшиткан бўлсам бир-бир сўзлаб бердим. Холис шаҳодатим сўнгида Отабек билан қайин отаси Мирзакаримни қушбеги осиб ўлдиришка буюрди.
Аммо Ўтаббойнинг кисаи хиёнатига Мирзакаримнинг ҳавлисидан келиб тушкан бир халта олтинлар баробарига дор остиға еткан эъвогарларни ўлимдан озод қилди, давлатнинг содиқ қулларидан бўлған каминаи холисни муттаҳамлар ерига зиндон қилмоқ ва осиб ўлдирмоқ бўлди. Чунки камина қулингизнинг сизга шикоят қилишимдан бениҳоят қўрқар эрди. Аммо давлатлари ёри бериб, садоқатлик хизматкорларингиздан бўлған Марғилон қўрбошисининг ёрдами бирлан Ўттабойнинг чангалидан аранг қутилишға муваффақ бўлдим...» Мактубнинг шу ерига етканда Мусулмонқул хатдан бош кўтарди. Ҳозир унинг киприксиз қисиқ кўзларига ўтлар ёнмоқда эди. Қичқирди:
— Чилим! «Шундоғ қилиб сизнинг ўз кишингиз бўлған Ўтаб-бой туз ҳақингизни унутди. Бир ҳамён олтин деб душман-ларингиз тарафига ўтди. Сизнинг хайрихоҳ қулларингиздан бўлған бири ўз шаҳрини ташлаб Қўқон қочмоққа ва улуғ даргоҳингизга сиғинмоққа мажбур бўлди. Мен, холис қулингиз ўзимнинг садоқатим эвазига бундай мукофот олғаним учун қайғирмайман ва лекин Ўтаббой ва Отабек каби хоинларни кундан-кунга куч олиб давлати шаҳриёриға даҳшатлик бир фалокат туғдиришларидан қайғираман. Бу мактуб содиқ бир қулнинг холис садоқатидан бир намунадир. Мен шунинг ила шояд ўз бўйнимдағи вазифани адо эткан бўлурман. Шояд давлат душманларини ўз оёғларидан йитиб кетишларига сабаб бўлған бўлурман.
Ўзимнинг бу хизматим эвазига бир мукофот олиш муддаосида бўлмағанимдан ва нимаики жаноблари йўлида машаққат чеккан бўлсам ўзимнинг бир виждоний вазифам деб билиб, бу мактубда ўз отимни ёзишға ҳам тиламадим. Ёш хонимизга тинч ва шавкатлик давр, давлат хоинларига ўлим тилаб бир ғариби бечора».
Мусулмонқул ниҳоятда тутоққан эди. Ҳозирги борлиқ аламини тамакудан оладирғандек ҳудайчи келтирган чилимга ёпишди-да, шиғ-ғ этдириб, сархонани синдириш даражасига еткузиб тортди. Оғзидан паға-паға тутун чиқарар экар, хатнинг мазмунини Худоёрға сўзлади.
Тошканд устига юборған сипоҳлари билан Нормуҳаммад қушбегини ниҳоят Тошкандни ололмай қайтиш хабарини эшитиб, сўнг даражада маъюсият ичида ўлтурган Мусулмонқул учун бу мактуб яра устига туз сепиш қабилидан тағин ҳам аламлик бўлиб тушкан эди.
— Худайчи!
— Лаббай тақсир!
— Мирзани чақир! — деди Мусулмонқул, сўнгра қўлидаги мактубни тахиға солар экан, Худоёрға деди:— Эшитдингизми, ўғлим! Азизбек билан Юсуфбек бизга нималар қилмоқчи бўладирлар? Ўзимизнинг содиқ кишимиз, деб ўғлаған Ўтаббой ҳам душманларимиз билан биргалашиб бошлаған... Хайр қўлларидан келганни қилиб кўрсинларчи, биз ҳам мундан кейин ўшандоқ кўрнамаклар билан қиладирған муомаламизни билармиз.
Ўз салтанатига рахна солишдан иборат бўлған бу хабарлардан Худоёрхоннинг мутаассир бўлғанлиғи белгусиз, ул бу гапни эшитмасдан илгари қандай бўлса, ҳозирда ҳам шу ҳолда ўзгаришсиз эди. Мусулмон-қулнинг ёниб турған, ўтдек тутоқиб сўзлаған гапини сукут билан кечирмаслик учунгина бўлса керак қуруқ ва ширасиз қилиб:
— Ҳаммадан ҳам Ўттабойни айтингиз, аблаҳ бир одам экан, — деди, — мени сийламағанда ҳам сизни риоя қилса керак эди.
— Яхшилиқ қилған кишингдан ҳеч бир яхшилиқ қайтмас экан, — деди Мусулмонқул. — Жумладан, биттаси кўз ўнгимизда — Азизбек. Мен уни ёшлиғидан бошлаб ўз қўлимда ўстирдим, Тошканд ҳокимлигидан Салимсоқбекни олиб унинг ўрнига ҳоким тайинладиқ. Бироқ шунчалик яхшилиқларимизға қарши натижада бизга ёғий бўлди, бўлсин; ул Тошканднинг ўзигагина қаноатланмай Марғилон билан ҳам иш қилмоқчи бўлса, бунисини ҳам биз кўрайлик.
Мирзабоши кириб хонға қуллиқ қилди ва Мусул-монқулға қараб қўл боғлади. Мусулмонқул яна хумори бўлған эди — «Чилим!» деб ташқариға қичқирди, сўнгра мирзобошиға деди:
— Ҳозир Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбегига бир хат ёзиб, чопар билан юбор. Хатни олған замон Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек деганни олиб ҳузуримизга келсин! Мирзобаши қуллиқ қилиб орқаси билан юриб чиқди.

Мусулмонқул
Аркони давлат йиғилиб, Худоёр тахтига минган, Мусулмонқул хон бўлмаса ҳам хонлиқдан-да юқори бир кучка молик бўлған сиёсат курсисига ўлтирган эди. Бошлаб оталиқ кириб хонға салом берди ва унинг ҳақиға узун дуо қилиб чиқди. Оталиқдан сўнг ўзга аъён бирма-бир кириб, дуо қилиб чиқа бошладилар. Дуохонларнинг энг сўнғида худайчи кўринди, салом ва дуодан кейин юзини Мусулмонқулға ўгириб:
— Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги ҳузури олийлариға кириш учун изн сўрайдир! — деди.
Ҳамма фикри зикри Ўтаббой устидагина қолған Мусулмонқул бу хабарни эшитиш билан кучлик бир тин олиб ҳудайчига қаради:
— Ёлғиз ўзими ёки ёнида кишилари ҳам борми? — деб сўради. Ҳудайчи яна бир қуллиқ қилди:
— Ўн чоғлиқ яроғлиқ йигитлари ҳам бор.
— Тағин-чи?
Яроғсиз яна бир йигит ҳам кўринди.
— Ўтаббойнинг ўзини ҳузуримизга киргиз, — деди Мусулмонқул, қуллиқ қилиб чиқа бошлаған ҳудайчини яна тўхтатиб сўради: — Ўтаббойнинг йигитлари ўрда-нинг ташқарисидами, ичкарисида?
— Тақсир, ичкарисида.
— Яхши, қушбеги бизнинг ёнға киргандан сўнг ўрда йигитлари уларга ҳозир бўлсинлар! Ҳудайчи қуллиқ қилиб чиқди. Унинг кетидан Мусулмонқул товшиға музаффарият оҳанги бериб хонға деди:
— Ўғриларнинг иккиси қопқонга тушди, хон!
— Толеъимиз.
Қушбеги кирди. Хонға икки букилиб таъзим қилғач, келиб унинг қўлини ўпди. Ўтаббойнинг мулоқоти учун Мусулмонқул ҳам гўё ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб унинг билан қучоқлашиб кўришди. Ўтабой Мусулмонқулнинг кўрсатиши билан хоннинг чап томонидағи курсига ўлтурди. Ул Мусулмонқулнинг самимий мулоқотидан қўрқувлиқ юрагини бир қадар тўхтатиб олған эди. Курсидан яна туриб хонға қуллиқ қилиб боз ўлтурди. Мусулмонқул қушбегини ер тегидан кузатар экан сўради:
— Юртларингиз тинчлиқми, ўзингиз ҳам соғ-мисиз?
— Алҳамдуллиллоҳ, ёш шоҳимизнинг давлатлари ва ҳусни таважжуҳлари соясида юртимиз тинчлиқ, фуқаромиз жавоби олийнинг дуойи жонлари билан машғуллар.
Худоёр озғина ишорат билан унга ташаккур бил-дирди. Бунга қарши қушбеги курсидан қўзғалиб қуллиқ қилди. Мусулмонқул муртини силаб ниманингдир мулоҳа-засида эди. Унинг бу ҳоли бирар дақиқаға чўзилғанлиқдан Худоёр билан қушбеги унинг оғзиға тикилган эдилар.
— Сизнинг хабарингиз бўлдими, йўқми биз Тош-канд устига юборған Нормуҳаммад қушбегидан жуда ярамас бир хабар олдиқ, — деб Мусулмонқул Ўтаббойга қаради, ундан хабарсизлик жавобини олғач, сўзида давом этти; — Нормуҳаммад қушбеги уч минг сипоҳ билан етмиш кун Тошкандни қамаб ётиб, ниҳоят бир иш чиқара олмай одамлари билан қайтмоққа мажбур бўлибдир. Азизбек билан Юсуфбек ҳожиларнинг азтаҳидил қаршилиқлари бизнинг кишиларни қуруқ қайтаришға мажбур қилибдир. Мана шунинг учун мундан кейин бизнинг бошқа бир йўл билан иш кўрмагимиз тақозо қиладир... Кеча биз кимдандир Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлған Отабек деганни сизнинг Марғилонда деб эшитдик. Мундан сўнгғи Тошканд тўғрисида кўрадирган тадбирларимиз учун унинг кераги бўлур, деб ўйлаб сиз билан бирга уни ҳузуримизга чақирған эдик... — Бу жойда қушбеги Мусулмонқулни тўхтатди-да, кулди, сўнгра Худоёрға деди:
— Отабек устида анча можаролар бўлиб ўтди. Бунинг ҳикояси узун, алҳол мингбошининг раъйларини эшитайлик... давом қилингизчи.
— Отабек ўзингиз билан биргами? — деб сўради Му-сулмонқул, биргалик жавобини олиб, тамом хотиржамъ бўлған ҳолда давом этди: — Юқорида айтканимдек минбаъд тадбир йўли билан Азизбекни йўқотишдан бошқа чорамиз йўқдир. Бизнинг бу кейинги режамиз йўлида иш берадирган киши бўлса ул ҳам менга қолса шу Отабек бўлур. Чунки бошқаларға қарағанда унинг Тошканд бориши ва Азизбекнинг яқин одами-нинг ўғли бўлғани учун унинг билан алоқада бўлиши, заҳар бериш ва ё бошқача бир йўл билан уни орадан кўтара олиши, унга энг қулай бир ишдир. Оғриқнинг тузаласи келса эмчи ўз оёғи билан келур, деганларидек, Отабекни Марғилонда бўлиш хабарини эшитиб хон билан мен жуда қувонишдиқ... мана сизни чақиришдан бўлған мақсадимиз шудир. Яна сизнинг бу ҳақдағи раъйингиз нима бўлса эшитамиз.
Мусулмонқулнинг бу сўзларига Ўтаббой қушбеги тамом ишонған, аммо Худоёр эрса унинг илгариги мақсадини яхши билганликдан бу сўнгғи гаплар билан ниҳоятда тараддудга тушкан эди. Тўғриси ҳам Мусул-монқулнинг бу кейинги гапи кишини мутараддид қилмай қўймас эди.
— Бу фикрингиз менимча ҳам маъқул, — деди қушбеги, — аммо бунда бир гап бор, ул ҳам:
Отабек бу вазифани ўз бўйнига оладими, йўқми масаласидир. Чунки Отабекнинг Азизбек тарафдори бўлғанлиғига шу ўртада ўзим тегширган бир иш мени шубҳага тушурадир.
Шундоғки, мундан йигирма беш кунлар илгари, қўрбошимнинг хабар бериши билан Азизбек тарафидан Марғилонда тўполон чиқарғали келгандир, деб ўйлаб, ёнидағи бир неча кишилари билан зиндонга солдирдим. Унинг Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлиши ҳам ўша мулоҳазамнинг тўғрилиғига мени ишонтирар эди. Яна қўрбошиға Отабек устидан шикоят қилғучининг шаҳодати билан бу шубҳамга ишониб, мундан беш кун илгари Отабек билан унинг қайин отаси Мирзакарим деган марғилонликни ўлим жазосига ҳукм қилдим. Гуноҳ-корларни дор остиға олиб кетканларига бир мунча фурсат ўткан эди, маҳкамага бир хотин ҳозир бўлиб, қўлимга бир мактуб берди. Ўқуб қарасам, Азизбек Тошкандда Қўқонға қарши исён чиқармоғи бўлиб юрган фурсатда Юсуфбек ҳожи томонидан ўғли Отабекка ёзилған бир мактуб бўлиб маним қўл, оёғимни бўшашдирди. Чунки бу мактуб Юсуфбек ҳожининг Азизбекка тамомдан қарши бир киши бўлғанлиғини онглатар эди. Гуноҳкорларни дор остидан қайтаришға мажбур бўлдим. Мен фақат шу мактуб далолатига бовар қилиб, гуноҳкор-ларни бўшата бермай, қўлимдан келганча яна текшириб тергадим. Отабекнинг сўзлари кишини тамом ишонтирарлиқ даражада мактубга мувофиқ эди. Шундоғ бўлса ҳам фақат Мирзакаримни озод қилиб, кейинги тергашлар тамом бўлғунчалиқ Отабекни кафилга бердим. Ўзининг бирор адовати учун бундай гапларни қўзғатиб юрган бўлмасин, деб ҳалиги менга шаҳодат берганни ушлаб Отабек ва бошқалар билан юзлашдирмоқчи бўлганимда нима сабабдандир ул қочди. Шу кунгача уни топиб бўлмади.
Мунинг қочиши гарчи бу шаҳодатнинг бирар адоват юзасидан бўлған сиъоят эканини онглатар эди эрса ҳам мен яна ҳануз Отабекни кафолатда сақлар эдимки, жаноби олийдан бу хабар етди. Дарҳол Отабекни йигитлардан ўратиб саодатхонаи шаҳаншоҳига жўнадим. Отабекнинг Марғилон можароси шундан иборат бўлиб, манимча Отабек устида ҳали шундай терговлар бораётқан бир вақтда унга бундоғ жавобгарлик вазифани топшириш қалай бўларикин, дейман...
Мусулмонқулдек маккор тулкининг ўйлағанларини қушбегининг тўғри сўзлари ост-уст қилиб, унинг Ўтаббой тўғрисидағи суи занлари бир мунча озайиб тушди. Аммо Мусулмонқулнинг икки киши устига йўналган қаҳру ғазаби ўзининг борлиқ даҳшати билан фақат Ойбек устига тикилди ва Тошканд қўрғонлари остида қурбон бўлған сипоҳларининг қонини Азизбекнинг ўнг қўли бўлғаннинг ўғлидан олмоқчи бўлди.
— Юсуфбек ҳожининг мактуби ёнингиздадир?
— Тақсир, — деди қушбеги, мактубни олиб Мусул-монқулға узатди. Мусулмонқул ўнда- сўнда мактубга кўз югуртириб чиқди-да, заҳарханда ичида Ўтаббойға қаради:
— Юсуфбек ҳожининг қурған ҳийлаларига тушун-магучи эҳтимол Марғилондан топилмағандур! У тулки ўз ўғлини Марғилонда тўполон чиқариш учун, деб юборишидаёқ ҳар бир эҳтимолга қарши бу мактубни ёзиб берган, бунга Марғилон калваклари тушунмасалар ҳам биз тушуна оламиз! — деди ва мағрур бир тусда Худоёрға қараб қўйди. Қушбеги унинг бу истеҳзосини ютишка мажбур эди. Чунки озғина тилдан тойса ўзи-нинг ҳам Отабек қаторига киритилишини яхши онглар эди. Сукут қилди:
— Ҳудайчи!
— Қулингиз!
— Ҳалиги қушбеги билан бирга келган йигитни ҳузуримизға ҳозирла! Мусулмонқулнинг апти ортиқ даҳшатлик бир ҳолга кирган, тахт устига қўндирилған жонлик Худоёр ҳайкал ҳам сукутда, ўзининг нима бўлишиға тушунмаган Ўтаббой ҳам борлиқ, йўқлиқ ҳолатда...
Отабек ҳудайчи орқасидан кириб хонға таъзим қилди ва қўл боғлаб тўхтади. Отабек Мусулмонқул отини, унинг йиртқичлиғини яхши билса ҳам, аммо шахсан ўзини кўрмаган, шунинг учун хоннинг ёнидағи хоқонға илтифот этмади. Унинг бу илтифотсизлиги Мусул- монқулға асарсиз қолмади-да , аччиғи устига аччиғ, кек устига кек қўшилди ва шулар ичида ясалиб чиқған бир истеҳзо илжайиши ва бир товуш билан:
— Манга қаранг, бек йигит, — деди. Отабек ўзига қарағач: — Сиз ким бўласиз? — деб сўради. Ул ҳануз бояғи масхара ҳолатда эди.
— Мен Отабек.
— Дунёда Отабекдан кўпи борми, сиз қандай Отабек?
— Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли.
— Ҳа-а-а, шундоғ денг-чи... Тошкандлик Юсуфбек ҳожиким, Азизбегимизнинг гумаштаси бўлған зоти шарифнинг ўғиллари?
Отабек бу чўлтоғ супургини таниди ва унинг истеҳ-золарини пайқади. У бундан сўнгғи кўргулигини тамом маъноси билан онглаб, маъносиз бу саволларга жавоб бериб ўлтуришдан сукутни хайрлик топди. Гўё ўзининг бу сукути билан Мусулмонқулға маънолик бир жавобни ифода қилар эди. Чиндан ҳам Мусулмонқул бу сукутдан таҳқирланди, тутуни кўкка кўтарилар экан бақирди:
— Нега жавоб бермайсан?!
— Сиз мени қандай таниған бўлсангиз-бўлингиз, мен ўшандоғ кишининг ўғли, — деди бек. — Мен билан отам сиз билан қушбегига бир неча турлик бўлиб танилсақла, ўз виждонимиз олдида бир турликкинадирмиз! Шунинг учун сиз тилаган тарафингизга ҳукм қилингизда, буйруғингизни бераверингиз! Мусулмонқулнинг юзидаги бояғи аччиғлар ерини бир завқланиш вазияти олди. Кулимсираш ичида Отабекни кузатар экан:
— Дав юрагинг бор экан, йигит... Ҳайфки, гуноҳинг бўйнингда, — деди ва чақирди: — Жаллод! Eшик ёнида кутиб турган ойболталиқлар ҳаракатландилар:
— Ханжаримиз қонсираған! Жаллодларнинг олдида кирган ҳудайчи хонға арз қилди:
— Тошканддан бир чопар бор, ҳузурингизга кириш учун изн сўрайдир! Худоёр Мусулмонқулға қаради. Мусулмонқул эрса Отабекни жаллодга топшириш учун ўнгланған тилини қисишға мажбур бўлди. — Кирсин! — деди ва ўзидан амр кутиб турган жаллодларга: — Бир оздан сўнг, — деди, чиқиб турмоққа ишорат қилди. Негаки, чопарнинг Тошканддан бўлиши бу ҳукмда бир оз шошмаслиқни истар, чопар воситаси билан ҳам бу ҳукм эҳтимол ҳақлик бир ҳукм бўлиб чиқар ва Мусулмонқул ҳам лоақал ўз умрида бир мартаба бўлса-да, ўринлиқ қон тўккан бўлар эди.
Отабек гарангсигансумон деворга суянган, мундаги аллақандай маъноларни онглатқан тахт, тож, хон, бек каби лаш-лушлар унинг кўз ўнгида қора пуллик қадру қийматсиз... Тўғриси ул ажиб бир табиъатка кирган, унинг вужуди қуруқ ва ҳиссиз... Йўқ, ул сезса-да, билса-да, гўё оёғ, қўли боғланиб бўғизланишга ҳозир-ланган бир қўй каби қайралаётган пичоққа бутунлай парвосиз, қўрқувсиз томоша қилар эди. Бу турмиш, бу ҳокимият, чеки кўринмаган бу қоронғилиқ... унинг учур сира қизиқарлиқ эмаслар: ул йўқ эди — тинч эди, ул келди — тинчимади, ул яна йўқ бўлса эҳтимол яна тинчир эди. Мана шунинг учун ҳам ул безрайган эди.
Фақат... фақат шу турмишдаги биравгина унинг кўнглидан тезроқ ювилмас ва ювилиши ҳам қийиндек... Ниҳоят, бундан ҳам қутилғандек бўлди. Аммо... аммо сўнг нафасида унинг билан видўлашса, бўғзиға ханжар ботар экан, унинг юзига қарабқина кўзи нурсиз-ланса... Унинг ҳамма орзуси шу эди ҳозир.
Ҳудайчи чопарни бошлаб кирди. Чопар номани тиз букиб Худоёрға топширғач, орқасига қайтиб, кўзини девордаги безрайганга ташламасунми... Ул ўзининг хон ҳузурида бўлғанини ҳам унутди-да, ўзини Отабек устига ташлади, Тошканд чопарининг бу кутилмаган ҳаракати хонни, Мусулмонқулни, қушбеги ҳам ҳудайчини ва ол-динғи золда ўлтурган аъённи бир ҳайратда қолдирған эди. Отабекнинг тасалло бериши билан Ҳасанали ундан қўл тортди эрсада, бироқ ундан ҳаяжон, йиғи ҳали аримаган эди.
— Адаб! — деб қичқирди Мусулмонқул, сўнгра ўзига қараб қўл боғлаған Ҳасаналидан сўради, — сен кимнинг чопари?
— Нормуҳаммад қушбегининг.
— Қаердан?
— Тошканддан, тақсир.
Мусулмонқул таажжуб ичида ўзига Худоёр томо-нидан узатилған номани олди. Очиб киши эшитарлик қилиб ўқуди:
«Ёш хонимизға ва падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир ҳузурларига. Ёш шоҳимизнинг бахт ва толеълари руҳсиз танларимизга қайта бошдан руҳ, маъюс кўнгилларимизга қайтиб чиқмаслиқ умид бағишлади. Фақир қуллари мундан тўрт кунлар илгари Тошканддан сипоҳлар билан умидсиз қайтишга мажбур бўлиб, ул тўғрида ҳузурларига хабар ҳам юборған эдим. Шу ҳолда биз сипоҳлар билан Кировчи яқиниға еткан ҳам эдик, орқамиздан бир чопар Тошкандда Азизбекка қарши исён бошланғанини, бизни кўмак учун Юсуфбек ҳожи-нинг Тошкандга чақирғанлиғини сўзлаб, унинг исмидан бир мактуб берди. Мен дарҳол сипоҳларни Тошканд қайтишга буюрдим-да, хабар олғани иккинчи куни Тошкандга етдим. Биз Тошкандга кирганда Юсуфбек ҳожи бошлиқ оломон Азизбекни ўрда ичига қамаб ётар эканлар. Оломон, айниқса, Юсуфбек ҳожи бизни жуда яхши қаршиладилар. Биз борғандан кейин ўрдага босиб кирдик-да, Азизбекни ушлаб олдиқ. Бошда мен Юсуфбек ҳожини балки, Тошканд беклиги учун таъмаланур деб ўйлаған эдим. Аммо унинг бутун ўрда ва хазина, ашё ва яроқ-ларини маним қўлимға топшириши бу фикримни бўшка чиқарди. Юсуфбек ҳожи ниҳоятда таъмасиз, халқ манфаатини кузаткучи бир одам экан. Биноан алайҳи унинг тўрисидағи бизнинг суи занларимиз хато бўлиб чиқадир. Унинг Азизбекка қарши халқни оёқландириши ҳам бизнинг Тошканддан жўнашимизнинг иккинчи куни Азизбекнинг нечоғлиқ сиқилған халқ устига ўттуз икки тангадан чочкан солиғи бўлибдур. Тошканд халқи Азизбекнинг ҳийласига алданиб, бизга ёғийлиқ қилғани учун пушаймон ва унинг зулмидан қутилғани важдан хурсанддир.
Мен Юсуфбек ҳожининг бунчалик катта хизмати эвазига хон ҳазратидан улуғ бир мартаба олиб беришка ваъда берган эдим. Ул бунга қарши узр айтиб, Тошкандга инсофлик бир бек белгуланса, маним учун кифоя, деди. Унинг хон жанобидан куткан бир марҳамати бор эканким, шу яқинда савдо била Марғилонда юрган ёлғиз ўғлини номалум бир сабаб ила Ўтаббой қушбегининг қамағанлиғини эшитибдир. Унинг бу хизматини бирар мукофотка арзигулик кўрсалар, ўшал қамоқда бўлған ўғлини озод этмас учун хон ҳазратларининг иладирған иноятлари ҳар бир нарсадан ҳам унга азизроқ бир мукофот бўлур. Фақат қулингизча ҳам Юсуфбек ҳожининг давлатимиз устига қўйған бу миннати кичкина гап эмасдир. Биноан алайҳи унинг ўғли гарчи ўлим жазосиға сазовор бўлса ҳам, марҳамати шоҳонанинг жўшға келтирилиши биз навқарларига ҳам мувофиқ кўриладир. Вақтинча Тошканд беклигига Қўшдодқони белгулаб, ёнига бир мунча сипоҳлар бердим. Ўзим Азизбекни олиб тезда хизматларига юрсам керак, Нормуҳаммад қушбеги, муҳр».
Мусулмонқул мактубни тугатди-да, уятсиз равишда Отабекка қараб илжайди ва ҳудайчига буюрди.
— Иккита заррин тўн келтир! Отабекнинг мўжиза қабилидан сўнг дақиқаларида иккинчи қайта қутилишни кўрган Ўтаббой қушбеги беихтиёр ёқасини ушлади. Худоёрхон ҳам йиртқич қайинотасининг чангалидан қутилғанини табрик қил-ғандек Отабекка кулиб боқди.
Мусулмонқул оқсоқланиб, ўз қўли билан Отабекка заррин тўн кийгузар экан:
— Отангизнинг катта хизмати соясида ўлимдан қутилғанингиздек заррин тўнлиқ ҳам бўлдингиз, — деб яна бир қайта уятсизланди.
Тағин бир неча кун туриб қайтмоқ учун Отабек Марғилонға, Ҳасанали ота Юсуфбек ҳожини тинчитиш учун Тошкандга жўнадилар.

Биринчи бўлимининг сўнгғи
Узр
Рўмон деб сизга тақдим қилинган бу нарса дунёға келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди. Ниҳоят, бу кун босилиши муяссар бўлғанида ҳам турлик зарбаларга учради; имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳҳиҳларимизнинг мусоҳалалари орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсунда чиқди. Буларнинг сабаби босилиш чоғида ўзимнинг ҳозир бўла олмағанлиғим бўлди. Аммо бу ўринда ўзимнинг жаҳолатим тўғрисида айтиб туришни лозим кўрмайман-да, фақат ўқуғучиларнинг афвуларини сўрайман.
Рўмоннинг иккинчи бўлимини бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмасам-да, аммо босилиш тақдири ношир қўлида бўлғанлиғини билдириб қўяман.


AvvalgiI- boʻlim Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика