Семурғ (шеър) [Hamid Olimjon]

Семурғ (шеър) [Hamid Olimjon]
Семурғ (шеър) [Hamid Olimjon]
I
Сар қомат Паризод
Ўсди ғамлардан озод.
Баҳор янглиғ очилди,
Гуллар янглиғ сочилди.
Чиройидан овоза,
Eлга тарқалди тоза.
Ҳар ерга достон бўлди,
Достонга бўстон бўлди.
Кўрмаганлар кўришни,
Кўрганлар ўлтиришни
Қилар бўлдилар орзу,
Барча тошу тарозу
Шу гапни ўлчар бўлди,
Сўзлар олтин-зар бўлди.
Шайдолар кўп беқарор,
Йигитлар бўлдилар зор.
Тун келди-ю шом кетди,
Уйқудан ором кетди.
Ҳамма бўлди харидор,
Қизиди катта бозор.
Eлчилар ёғилдилар,
Катта ғавғо қилдилар.
Лекин у одам севмас,
Доим ўзи билан маст.
Eлдаги навқиронлар,
Навқирон паҳлавонлар
Унга асло ёқмайди,
Ошиқларга боқмайди.
Юрагида севги йўқ,
Қалби мармардай совуқ.
У одамлик қарзини,
Севгувчининг арзини
Олиб орқага ташлар,
Шунча-шунча оташлар
Eшигида сўнади,
Оташдан кул унади.
Баҳри очилмайди ҳеч,
Чеҳраси кулмайди ҳеч.
Eлчи бўлиб келганлар,
Қизнинг сирин билганлар
Ноумид қайтадилар,
Мардумга айтадилар.
Халқ ичида Паризод
Чиқаради ёмон от.

* * *
Ўз қизидан пушаймон
Бўлиб шунинг учун хон
Кеча-кундуз ўйлайди,
Ёз билан куз ўйлайди:
«Eл расмини қилмаган,
Севги нима билмаган,
Қари қизни нетайин?
Чиқиб қайга кетайин?
Қайларга урайин бош?
Бунча совуқ, бағри тош
Қизни қайдан яратдим?
Ўзимни ўтга отдим.
Мен нимага ярайман,
Юртга қандай қарайман.
Бошимга бу Паризод
Балолар келтирди бот».

* * *
Қизини чақириб хон,
Шундай бошлади фиғон:
«Eшит, қизим Паризод,
Чиқарибсан ёмон от.
Сенинг баъғринг тош эмиш,
Кўзларинг беёш эмиш,
Асло севмас эмишсан,
Eрга чиқмам, демишсан.
Мен маломатга қолдим,
Зўр қиёматга олдим.
Сенинг ёмон достонинг
Мени тупроқ билан тенг-
Қилиб уятга қўйди,
Мени бепичоқ сўйди.
Қизим мен ҳам қаридим,
Гўрга томон даридим.
Ёшим етмишга борди,
Соч-соқолим оқарди.
Юрак бағримни ўйдинг,
Мени номусга қўйдинг.
Отангга берма азоб,
Азобга қолмаган тоб.
Тош юрагинг юмшасин,
Eшитсин қалблар сасин.
Отанг ҳурмати учун
Кўрсат мардликнинг кучин.
Кел, бировга кўнгил бер,
Бир йигитга деб гул бер.
Бир оз андишага бор,
Мени ғавғодан қутқор!»

II
Паризод ўйлаб қолди,
Кўп узоқ бегап қолди.
«майли,- деди у хонга,
Бир умид солиб жонга,-
Ёлғиз бир шарт қўяман,
Бажарганни суяман.
Ҳовлида бор зўр чинор,
Чинор эмас, у бирд ор.
Билади жуда кўп сир,
Яшар юз йил-бир аср.
Ёши кўпга кетади,
Бош кўкка етади.
Ўлкага жар соламан,
Ерларга зар соламан.
Шартим шуки, от билан,
Гўёки қанот билан
Шу чинорга чиққанга,
Чиқиб уни йиққанга
Сўзсиз хотин бўламан,
Гўзал отин бўламан.
Барча қаршимдан ўтсин,
Мард ўзини танитсин.
Агар шунда ҳам қалбим
Юмшамасдан қолса жим
Узиб олиб отарман,
Қассобларга сотарман».
Шундай дегач Паризод,
Хон бўлди поёнсиз шод.
Жарчиларни чорлатди,
Ҳар бирига сўз қотди:
«Юртга хабар берингиз,
Айтингиз ҳар бирингиз,
Хон қизига харидор,
Паризод ҳуснига зор
Бўлганларга бахт кулди,
Биргалашиб тахт кулди.
Қўрқмасдан кела берсин,
Бахтини била берсин.
Шарти шулким, от билан,
Гўёки қанот билан
Зўр чинорга чиққанга,
Чиқиб уни йиққанга,
Паризод хотин бўлур,
Бир гўзал отин бўлур.
Айтинг, ҳар бир мард келсин,
Ҳар бир мард бедард келсин.
Синасин ўз бахтини,
Бахти қўлласин уни.
Кўрганлар олсин дармон,
Кўрмаган қилсин армон».

III
Ҳар ёққа хабарчилар-
Тили узун жарчилар
Чопа-чопа кетдилар,
Бозорларга етдилар.
Карнай, сунрай чалдириб,
Суюнчилар олдириб,
Қилдилар катта эълон.
Хабарлар кетди ҳар ён.
Хоннинг хабарин олиб,
Ҳамма бирдан қўзғолиб,
Зўр шов-шув бўлиб қолди.
Юртга гап тўлиб қолди.

IV
Eртасига барча эл,
Кела берди боғлаб бел.
Чавандоз, паҳлавонлар,
Барча соҳибқиронлар
Отларни гижинглатиб,
Қамчиларни ўйнатиб,
Кела бердилар бари,
Каттакон чинор сари.
Бахмал жабдуқлар уриб,
Сулув қизлардай юриб,
Арғумоқлар чопдилар,
Ер ва кўкни ёпдилар.
Сўлиқларни тишлашиб,
Маст бўлишиб кишнашиб,
Дунё-дунё чанг-тўзон
Ичида қолиб осмон,
Кела бердилар бари
Каттакон чинор сари.
Чумолидай чувашиб,
Қир ва тоғларда ошиб,
Сув бўйларида ётиб,
Юрганда ўқлар отиб,
Ошиқлар пода-пода
Бўлиб чўлу саҳрода,
Кела бердилар бари
Каттакон чинор сари.
Хон қизин олмоқ учун,
Eлга синалмоқ учун,
Бахтим борми экан, деб,
Менга ёрми экан, деб,
Кела бердилар бари
Каттакон чинор сари.

V
Етти кеча, етти кун,
Етти кундуз, етти тун
Зўр чинорга чиқмоққа,
Чиқиб уни йиқмоққа
Ҳамма хезлаб кўрдилар,
Ўзни ўқдай урдилар.
Неча манман деганлар,
Илон пўстин еганлар
Йиқила берди бир-бир,
Макон бўла берди ер.
Чинор ҳеч силкинмади,
Бир шохи ҳам синмади.
Қушдай учиб келганлар,
Шамол каби елганлар
Ярим йўлда тиндилар,
Яна отга миндилар.
Яна хезлаб кўрдилар,
Ўзни ўқдай урдилар,
Мурод ҳосил бўлмади,
Кўнгиллари тўлмади.
Илондай чирмашганлар,
Чирмашиб тирмашганлар
Яна қайтдилар кетга,
Чиқа бердилар четга.
Қанча сулув арғумоқ
Йиқилиб бўлди чўлоқ.
Қанча-қанча чавандоз
Бўлди тупроқ билан соз.
Кўпларнинг бели синди,
Кўпларнинг умри тинди.
Кунлар ўтди ва аммо
Ҳал бўлмади муаммо.
Зўр чинорга чиқмоққа,
Чиқиб уни йиқмоққа
Ҳеч ким эришолмади,
Жумбоқни ечолмади.
Келганлар бўлиб ҳайрон,
Кўплар бўлиб пушаймон,
Бир-бир тарқаб кетдилар
Манзилларга етдилар.

VI
Бу ҳолларни кўриб хон,
Ютди лахта-лахта қон.
Паризод хуноб бўлди,
Хунобу бетоб бўлди.
Қиз берганни қарғишлаб,
Пешонасига муштлаб,
Яна ахтариб чора,
Хон ўртанди тобора.
Одамларни чақирди,
Ўт ичида бақирди:
Бу майдонга кирмаган,
Бизнинг шартни билмаган
Айтинг, яна ким қолди?»
Ҳамма одам жим қолди.
Оғир ўйга ботдидилар,
Охир шуни айтдилар:
«Ёлғиз бир Бунёд қолди,
Ўша бир беот қолди.
У бир чўпон бечора,
Бу ишга топмаст чора.
Паризодга тенг бўлмас,
Кийимига енг бўлмас.
Чинорга чиқолмас ҳам,
Чиқолмас, йиқолмас ҳам».
Хон ҳеч қулоқ солмади,
Писандига олмади:
«Бу гаплар бари бекор,
Бу билан ҳеч битмаск ор.
Қайда бўлса ҳам Бунёд
Топиб келтирилсин бот!
Мен отимни бераман,
Қанотимни бераман.
Агар чинорга чиқса
Ва чиқиб уни йиқса
Аҳмоқ, беес бўлса ҳам,
Мохов в апес бўлса ҳам,
Менинг қизим Паризод
Унга хотин бўлур бот».
Бунёдни тоғ тагидан,
Дарёнинг этагидан
Топиб келтирдилар бот,
Хон берди ноилож от.
Зўр чинорга қаранди,
Ичида бир ғаш ёнди.
Танини қуршаб ўтлар,
Чинор шохи булутлар
Орасида кўринди,
Бунёд фикр суринди.
Ёнидаги учқур от
Чиқариб бир зўр қанот,
Кўкка қараб кишнади,
Ёлин тараб кишнади.
Бутун атроф халойиқ
Билан тўлиб кетди лиқ.
Ҳаёт умри қуриб, хон
Тикилар эди ҳайрон.
Не бўларкин, дер эди,
Заҳар-заққум ер эди.
Талвасада Паризод,
Cекар эди фиғон, дод.
Бунёдга ғайрат кирди,
Юрагига дард кирди.
Юриб баҳодирона,
Отга минди мардона.
Қаттиқ бир қамчин солди,
Ёлғон эмас, чин солди.
От яшиндай қўзғалди,
Ўт сингари йўл олди.
Булутлар орасида,
Осмоннинг қорасида,
Ёзиб борар қулочин,
Гўё бир буюк лочин
У чинорга ўтирди,
Гўёки ўқдай урди.
Чинор томири билан,
Кўкарга ери билан
Қўпорилди гувиллаб,
Шамол каби увиллаб.
Зўр шохлар ерга кетди,
Томир осмонга етди.
Ер узра тушиб Бунёд,
Бўлиб дунё-дунё шод,
Гўзал дулдул отида,
Отининг қанотида.
Кўзларида зўр ёғду,
Кулиб турар эди у.
Кўрсатгувчига зўр иш,
Eл сўзлар эди олқиш.
Юрак ёрилгудай хон
Хурсанд эди бепоён.
Паризод бўлиб беҳолд,
Туриб қолган эди лол.

VII
Тўй бўлади дея эл,
Боса берди гўё сел.
Барча шошиқар эди,
Тўй деб ошиқар эди.
Қотиб қолган Паризод
Олдига келди Бунёд.
Секин қўлин узатди,
Қалбига зўр тош отди.
Паризод бир эмранди,
Қош-қовоғИ чимранди.
«Тўғри,-деди,-сен ютдинг,
Совуқ қўлимни тутдинг,
Нима қилай, розиман,
Ўзимдан норозиман.
Бахтим очилмади ҳеч,
Айтганим бўлмади ҳеч.
Фақат, агар унасанг,
Унаб йўлга жўнасанг,
Яна бир шарт қўярдим,
Яна синаб кўрардим.
Шундан сўнгра умрбод
Сенга бўлар Паризод».
Бунёд ҳм рози бўлди,
«Гапир,-дея букилди,-
Гапинг бўлса айта бер,
Кўнглинг тўлса айта бер.
Ҳар бир ишни биларман,
Ҳар нимани қиларман.
Кўнглингни оломасам,
Бир ором сололмасам.
Йўлдош бўлолмасман ҳеч,
Сен ҳам ундай ёрдан кеч».
Тикка туриб, Паризод-
Шартин эшитди Бунёд.

VIII
«Кун ботарда бир ёвуз
Дев бор эмиш ялмоғиз.
Одамга душман эмиш,
Қон эмиш унга емиш.
Ҳар мусибат, ҳар офат,
Ҳар бир мудҳиш касофат,
Барча жабру жафолар,
Ҳамма дарду балолар
Ўшандан келар эмиш.
Одамларни емириш
Билан бўлар эмиш шод,
Кўнгли ғамлардан озод.
Ўзи бало тоғининг
Ва офат булоғининг
Бошида ўлтирармиш
Куну туну, ёз ҳам қиш.
Уни кўрган ҳар чаман
Қўяркан тупроққа тан.
У тикилган ҳар бир гул
Тўкилар экан буткул.
Уни кўрган ҳар бир жон
Тез бўлар экан хазон.
Дарёлар қурир экан,
Балиқлар чурир экан.
Ундан ҳар кун табиат
Олар экан қора хат.
Икки ою икки йил
Юрсанг боғлаб маҳкам бел
Маконига борарсан,
Андомига қарарсан.
Ўртангизда жанг бўлур,
Икки олам танг бўлур.
Шуни жангда ўлдирсанг,
Ҳаётини сўлдирсанг.
Қўлинг билан одамзод
Балодан бўлса озод,
Девни ўлдириб агар,
Қайтиб келсанг безарар,
Шу куни тўй бошлармиз,
Ғам-ғуссани ташлармиз».

IX
Паризод ерга боқди,
Бунёдни ўтлар ёқди.
Бўлиб хоннинг ҳоли танг,
Қотиб қолди ҳангу манг.
Калаваси чувалди,
Бор умиди йўқолди.
Таажубда халойиқ
Кўзига ёш олди жиқ.
Бунёд узоққа боқди,
Чарвоққа, тоққа боқди.
Назари чўлга тушди.
Ҳув дея йўлга тушди.
Кўздан йўқолди шу он,
Тарқалди ҳамма ҳайрон.
Баланд тоғлардан ошди,
Дараларда адашди.
Водийларга кўз ёши
Тўкиб айланди боши.
Дарёлардан ўтди ул,
Яна узоқ кетди ул.
Юрти қолди узоқда,
Тушунчаси тузоқда.
Зўр бир ишга қўшиб бош,
Ўзига ўзи йўлдош,
Узоқ чўлларга етди,
Қайноқ кўлларга етди.
Поёни йўқ кенг саҳро
Ўт пуркаб солди садо.
ОёғИ остида қум
Ётади уюм-уюм.
Бирор кўкат кўринмас,
Бир жонивор уринмас.
Ёнига тушиб қуёш,
Куяр эди ичу тош.
Бошдан тер қуяр эди,
ОёғИ куяр эди.
Ҳалқумлари бўлиб қоқ,
Тоқатлари бўлиб тоқ,
Қимирлар эди секин,
Зўрға олар эди тин.

Х
Бир йилдан сўнг баногоҳ,
Бир сирдан бўлди огоҳ.
Поёни йўқ кенг чўлда,
Қайнаган қумлик кўлда
Бир зўр дарахт кўринди,
Ўшанга кўзи тўнди.
Кўп толиққан бу одам
Шу томон қўйди қадам.
Дарахт қуриган эди, қуриб чуриган эди.
Eди минглар ёшида,
Унинг баланд бошида-
Қуш уяси бор эди,
Ҳам зўр ҳамда тор эди.
Дарахтга бир зўр илон
Чирмашиб, у ошиён.
Сари заҳар сочарди
Ҳам оғзини очарди.
Чақалар чирқирашиб,
Фарёд қилиб туташиб,
Онани кутар эди,
Қон, зардоб ютар эди.
Бағрини ўртаб бу дод
Яқинроқ борди Бунёд.
Ёрдамга фаҳми келди,
Қушларга раҳми келди.
Қиличини чиқариб,
Дарахт ёнига бориб,
Ўша ёвуз илонни,
Хунук ва мудҳиш жонни
Тўграб ташлади шу он,
Қумлар бўлди қизил қон.
Чақалар омон қолди,
Анча омон жон қолди.
Чақаларни қутқариб,
Илонни қонга қориб,
Дарахтнинг соясида,
Уя ҳимоясида
Узоқ уйқуга кетди,
Жонига ором етди.
Кун чошгоҳдан оққанда,
Қуёш тикка боққанда,
Қўзғалган каби бўрон,
Гувиллаб қолди осмон.
Яшин учгандай бўлди,
Пода кўчгандай бўлди.
Кўкни тутиб қаноти,
Бутун оламнинг оти-
Семурғ қуш келиб қолди,
Бунёдни билиб қолди.
Чангалида зўр арслон,
Тумшуғида ботмон дон,
Кўзи ичидаги ўт
Оламни қилиб нобуд,
Уясига қўнмасдан,
Бир оз бўлсин тинмасдан
Бунёднинг боши узра
Чиза берди доира.
Жаҳон бузиб ўкирди,
Қҳ-қаҳ уриб бўкирди.
Емак учун одамни,
Торта берди у дамни.
Чақалари чирқираб,
Кўз ёшлари тирқираб,
Ялиндилар: қизған, деб,
У бир гуноҳсиз жон, деб:
«Қизған, она, ўксизни,
Ўша қутқазди бизни.
Бўлмаса ўлар эдик,
Очилмай сўлар эдик.
Бизни ер эди илон,
Айрилардинг, онажон».

XI
Семурғ ўйланиб қолди,
Қалбини шафқат олди.
Қумнинг бағрига ботган,
Қуёшда куйиб ётган
Бунёдга соя солди,
Қанот остига олди.
Қуш номли бу буйк зот,
Ундаги кумуш қанот,
Бутун борлиқни тутди,
Бор осмонни беркитди.
Бунёд салқин сояда,
Бундай зўр ҳимояда
Ети тунни ухлади,
Ети кунни ухлади.
Уйғона бермагач у,
Босиб тобора уйқу,
Семурғ дарёга кетди,
Ҳаял ўтмасдан етди.
Сувни шимирди чўллаб,
Қанотларини ҳўллаб.
Шу замон учиб келди,
Жаладай кўчиб келди.
Тўхтаб Бунёд қошида,
Бир силкинди бошида.
Бунёд уйғонди дарҳол,
Уни лол этди бу ҳол.
Бирдан туриб сесканди,
Қушни кўриб сесканди.
Одамларга ўхшаброқ
Семурғ бошлади сўроқ:
«Икки минг йилдан бери
Шу кенг саҳронинг ери
Бўлмишдир менга макон.
Мендан бошқа бирор жон
Келолмади бунга ҳеч.
Қумлар кўчиб эрта-кеч,
Ватанидан ажралди,
Саҳро гиёҳсиз қолди.
Қуртлар сарсон бўлдилар,
Учган қушлар ўлдилар.
Бунда фақат топди жон
Сен ҳалок қилган илон.
Ҳеч ёғмади ёмғир ҳам,
Ер кўрмади зарра нам.
Қадам босмади инсон,
Даримади ҳеч ҳайвон.
Шунча йил ёлғиз турдим,
Ер ва осмонни кўрдим.
Сўйла менга, эй, одам,
Бошингга тушди не ғам?
Зўр бир мардлик қилибсан,
Лекин бекор келибсан.
Тилагингни айт менга,
Не кўмак берай сенга?»

XII
«Мени гўзал Паризод
Жўнатди,- деди Бунёд.-
Дунёни ғамга кўмган,
Жафо-аламга кўмган
Девни бир кўрмоқчиман,
Кўриб ўлдирмоқчиман.
Одамларга бахт бермоқ,
Бахтлиларга гул термоқ
Eлдан шиорим бўлди,
Номус ва орим бўлди.
Шуни қилсам Паризод,
Ёрим бўлиб, қилур шод».
Қуш дедики: «ей, инсон,
Бекор бўлибсан сарсонж.
Паризод хўп алдапти,
Қўрқинч йўлларга сопти.
Хоннинг қизи дев билан
Ошна эди бурундан.
Ёмон кўрганларини,
Душман билганларини
Йўллар эди ўшанга,
Дўст эмас экан сенга.
Сен бу йўлда ўлурсан,
Аниқ, қурбон бўлурсан.
Девга бормай қўя қол,
Бошқа қизни дея қол».
Eсга келиб Паризод:
«Қайтмайман»,-деди Бунёд.-
«Шер изидан қайтмайди,
Eр сўзидан қайтмайди.
Уни кўмгунча уят
Ўлгани яхшироқ бот.
Шунинг учун бораман,
Нима бўлса кўраман».

XIII
Қушда меҳр уйғонди,
Қизғаниш билан ёнди.
«Кел, эса устимга чиқ,
Менинг қанотимга чиқ.
Бир нафас ўлтиргин жим,
Бир нафас кўзингни юм.
Мен кунингга ярайин,
Сени олиб борайин.
Денгизлардан ўтганда,
Дунёни сув тутганда,
Кўзларинг очилмасин,
Хаёлинг сочилмасин.
Ўзингни йўқотмагил,
Яна сувга отмагил.
Сени олиб борарман,
Курашингга қарарман.
Ўлсанг гуноҳ ўзингда,
Қўрқув билмас сўзингда.
Агар девни ўлдирсанг,
Ерни қонга тўлдирсанг,
Яна олиб қайтарман,
Офаринлар айтарман».
Қанотга чиқди Бунёд,
Кўзини чирт юмди бот
Ва Семурғ қилди парвоз,
Дунёни тутди овоз.
Кун ботар томон кетди,
Кун ётар томон кетди.
Семурғ остида дунё
Айланган бўлди гўё.
У ўқдай учиб ўтди,
Яшиндай кўчиб ўтди.
Еру кўкка солди жар,
Шовқинига дунё кар.
Хезланганда юрт олди,
Ўлкалар кетда қолди.
Қолмай ўтмаган ери,
Уч-уча охири
Ўрмонликка етишди,
Шивиллаб пастга тушди.
Ялмоғизнинг қошидан,
Дарахтларнинг бошидан
Вабо ўтгандай бўлди,
Бало етгандай бўлди.
Семурғ бир силкинди бот,
Кўзини очди Бунёд.
Кун ботарда бир ўрмон,
Унга бўлди намоён.
Дарахтларга кўз солди,
Оғир ҳайратда қолди.
Тикилди суқ киргудак.
Бунда ўсган бир терак
Боши осмонга етган,
Кўкка чирмашиб кетган.
Атрофга жилва қилди,
Нафаслари тиқилди.
Семурғ деди:»Eй, ботир,
Кел энди ўрнингдан тур!
Бориб душманингни топ,
Қилич сол, бўйнидан чоп.
Жўна, бахтинг бор бўлсин,
Ўткир қилич ёр бўлсин.
Сени шунда кутарман,
Келмасанг, қон ютарман»-
Ва у кўздан йўқолди,
Бир кесак бўлиб қолди.
Бунёд ўрмонга кирди,
Сув кечиб, қонга кирди.
Ўткир қилич қўлида,
Борар экан, йўлида
Дарахтлар қулар эди,
Йиртқичлар ўлар эди.
Ўрмонда ҳарнаки бор,
Қурту қушу жонивор
Қарши олар эдилар
Назар солар эдилар.
Бу ҳам бўлар, деб, қурбон,
Eдилар кўп пушаймон.
Чумчуқлар чирқирарди,
Булбул йиғлаб турарди.
Бунёд эса мардона,
Марду баҳодирона.
Ўрмонда борар эди,
Девни ахтарар эди.
Ошиқарди, кўрай, деб,
Қаршисида турай, деб.
Қилар эди кўп армон,
Топай деб дардга дармон.

XIV
Бунёд ети кун кезди,
Ети қора тун кезди.
Eнг охири тун чоғи
Бир ҳид сезди димоғи.
Тани жимирлаб кетди,
Қалби қимирлаб кетди.
Бора берди у ҳамон,
Гувиллаб қолди ҳар ён.
Ўрмон шатирлаб қолди,
Бурглар патирлаб қолди.
У яна юрди бир оз,
Охир дев чиқди пешвоз.
Секин-секин юрарди,
Қаҳ-қаҳ уриб турарди.
Думидан бошигача,
Бошдан оёғигача
Хурсандлик олган эди,
Шодликда қолган эди.
Заҳар томар тишидан,
Ўлим ёғар ишидан.
Шохи осмонда эди,
ТирноғИ қонда эди.
Бунёдга кулиб боқиб,
Нафсига йигит ёқиб:
«Салом, ўғлим кел,»-деди.-
Душман эмас эл,-деди.-
Омон-эсон бормисан?
Паризодга ёрмисан?
Гўзал қизим, омонми?
Шўх юлдузим, омонми?
Тилагингни айт менга,
Не мурод керак сенга?»
Йигит сўзга бошлади,
Гапни тизиб ташлади.
«Бунёд сенга эл эмас,
Eл бўлганни дев емас.
Сен биро фат эмишсан,
Зўр қабоҳат эмишсан.
Одамизоднинг ёви,
Ўғлонларнинг гўркови
Ўзинг эмишсан ёлғиз.
Паризод деганинг қиз,
Қанча дўстинг бўлса ҳам,
Алам ютиб ўлса ҳам,
Бошингга етажакман,
Ўлдириб кетажакман».
Бунёд қилич чиқарди,
Ўрмон ялтираб қолди.
Бунёднинг қаҳри келди,
Девнинг ҳам заҳри келди.
Кўзларидан ўт сочди,
Ўрмонликдан тун қочди.
У ҳар оғиз очганда,
У ҳар бир ўт сочганда,
Зўр бир ёнғин кетарди,
Қанча ўрмон битарди.
Нафасидан зўр бўрон
Қўзғалар эди ҳар ён.
Томирлар кўчар эди,
Дархтлар учар эди,
Осмонни қушлар тутиб,
Ҳаммаси ҳам қон ютиб,
Чирқирашиб турарди,
Зўр курашни кўрарди.
Тўкилар эди қонлар…
Барча йиртқич ҳайвонлар
Кезарди бесаранжом
Сақлаб қолмоқ учун жон.
Бунёдни ютмоқ учун,
Бўғзидан тутмоқ учун
Дев ҳамла қилар эди,
Баъзида қулар эди.
Оташда эди ичи,
Баҳодирнинг қиличи
Ялтирарди бошида,
Кулар эди қошида.
Бунёд қилич солганда,
Ҳар бир сирмаб олганда,
Девни узиб ўтарди,
Узиб, бузиб ўтарди.
Тўхтамади қонли жанг,
Бўлди девнинг ҳоли танг.
Икки куну икки тун
Солишди улар бутун.
Тинимни билмадилар,
Ярашга келмадилар.
Бунёд қиличи билан,
Заҳарли учи билан
Девни бурдалай берди,
Қилич қон ялай берди.
Дев макон қурган ўрмон
Бошдан-оёқ бўлди қон.
Қилични ҳар солганда,
Ҳар бир симраб олганда,
Бир жойни олиб ўтди,
Бир раҳна солиб ўтди.
Охири жон қолмади,
Жону дармон қолмади.
Қилич бўғзидан тутгач,
Тоғ каби ёриб ўтгач,
Дев ҳарсиллаб қулади,
Бир қарсиллаб қулади.
Дев қулаб йиқилганда,
Бирдан яксон бўлганда,
Ерлар қимирлаб кетди,
Зилзила гурлаб кетди.
Чўзала тушган чоғИ,
Девнинг боши оёғи
Ўрмонни тутиб кетди,
Сиғмай четга ҳам ўтди.
У типирлаб берди жон
Ва жимжит бўлди ўрмон.
Шундан сўнг ботир Бунёд
Бўлиб ўзида йўқ шод,
Қилични ювиб олди,
Бир ўпиб, қинга солди.
Паррандалар барчаси,
Гўзали, ой парчаси
Ботирни узатдилар,
Олқишлаб кузатдилар.
Йигит Бунёд мардона,
Марду баҳодирона
Юриб ўрмондан чиқди,
Ғавғо ва қондан чиқди,
Ботир ғоят беқарор,
Семурғига интизор
Турар эди кўз тутиб,
Ҳар кўзини юз тутиб.
Кесак бўлиб ётган қуш
Гўё кўрган каби туш
Қонлар тўкилганини,
Бунёднинг енгганини,
Ботирнинг ғуссадан пок,
Дев бўлганини ҳалок-
Билар эди ҳаммасин.
Кесак бўлиб, кўлкасин
Ерга солиб ётарди,
Ором олиб ётарди.
Бунёд келган замон ул
Шодликка тўлди буткул.
Бир айланиб қуш бўлди,
Бунёд кўнгли хуш бўлди.
Ботир изидан ўпди,
Икки кўзидан ўпди.
Деди: «Кел, устимга чиқ,
Менинг қанотимга чиқ!
Eнди кетга қайтайлик,
Eлга достон айтайлик.
Ботир йигит кетдик, бўл!
Келган жойга етдик, бўл!»
Ботир қанотга чиқди,
Зўр «дулдул от»га чиқди.
Кўзини юмган замон,
Хаёлга чўмган замон
Семурғ кўкда йўл олди,
Ўрмонлар кетда қолди.
Бир юрт кўчиб боргандай,
Кўчиб учиб боргандай
Шовқин-сурон зўр эди
Ва беимкон зўр эди.

XV
Гўзал қуш қанотида,
Кўкнинг чопқир отида
Учиб бораркан, Бунёд-
Хаёлида Паризод.
Қуш кенг саҳрога етди,
Инига қараб кетди.
«Eй, Бунёд< кўзингни оч,
Жаҳонни кўр, назар соч!
Eнди йўлни топарсан,
Керак бўлса чопарсан.
Бор, яхшилар ёр бўлсин,
Ботир, бахтинг бор бўлсин».
Қайтадан қўл ушлашиб,
Семурғ билан хушлашиб,
Бир-бирини қучоқлаб,
Меҳру муҳаббат боғлаб,
Ажралдилар икковлон.
Бунёд жаҳонни жавлон
Уриб яна йўл кетди,
Саҳро билан чўл кетди.

XVI
Тоғлар ошди, қир ошди
Ойлар бўйи адашди.
Сўнгги қирдан ўтганда,
Ўз юртига етганда.
Кунларини санади,
Тунларини санади.
Англади, роса уч йил
Кезганини муттасил.

XVII
Роса уч йил ўтганда,
Оламни гул тутганда.
Ям-яшил эрта баҳор,
Паризодга интизор.
Бунёд бўлди намоён-
Ҳам хурсанду ҳам ҳайрон.
Юраги уриб келди,
Оламни кўриб келди.
Паризодни сўроқлаб,
Бағрини ўтда доғлаб.
Хоннинг эшигин қоқди,
Eриб сув бўлиб оқди.
Паризодни кўргали,
Аҳволини сўргали.
Жаҳонни уриб жавлон,
Семурғ билан икковлон.
Осмонда учганини,
Ёвуз девнинг танини
Қиличда тўғраганин,
Олганинг унинг жонин
Сўйлагали шошарди,
Дарё каби тошарди.
Қалбини бир оғир ғаш
Ўртарди мисли оташ.
Бир шубҳаси бор эди,
Шубҳа дўсти зор эди.
Не кечди пари ҳоли,
Сўлмадими ниҳоли?
Узоқ уч йил муттасил
Нелар қилди экан ул?»-
Дея азоб cекарди,
Зўр изтироб чекарди.

* * *
Бунёд саройга кирди,
Тахт турган жойга кирди.
Ўзини йўқотди хон
Ботирни кўрган замон.
Хоннинг юзига қараб
Қалби ичра оралаб,
Бунёд баҳодирона,
Сўз бошлади мардона:
«Оламни кўриб келдим,
Девни ўлдириб келдим.
Дарёларни қурутган,
Балиқларни чуритган.
Инсонни дарду бало
Билан қилган мубтало
Ёвузнинг оти ўчди,
Оту ҳаёти ўчди.
Керакким, қилмай жафо,
Ваъдага айлаб вафо,
Паризодни бергайсан,
Ул озодни бергайсан.
Тўй бошламоқ лозимдир,
Куй бошламоқ лозимдир».
Қовоғини уйиб хон,
Уятига куйиб хон,
Сўзга киришди ожиз:
«Сенга ваъда қилган қиз
Сўзингга жавоб берсин,
Керак бўлса тоб берсин.
Ихтиёри ўзида,
Турган бўлса сўзида.
Тўй бошлармиз шул замон,
Бўлишармиз шодмон.
Қани Паризод келсин,
Ўша ҳур, озод келсин».
Мулозимлар чопдилар,
Паризодни топдилар.
Пайдо бўлгач Паризод,
Ҳайратда қолди Бунёд.
Ихтиёри йўқолди,
Совуқ бир терда қолди:
Хоннинг қизи Паризод
Ғамгин эмас, жуда шод,
Ўғлин олдига солиб,
Қизини қўлга олиб,
Келар эди ул томон,
Боқар эди кўп ёмон.
Бунёд ҳангу манг қолди,
Ҳоли зори танг қолди.
Унга Паризод маккор
Шуларни қилди изҳор:
«Чўпонни севолмадим,
Ҳеч кўнгил қўёлмадим.
Ғурбатга қорганимнинг,
Девга юборганимнинг
Сабаби шунда эди,
Кўнглим тугунда эди.
Ўлиб кетар, деб эдим,
Чуриб кетар, де бедим.
Қанча ботир бўлсанг ҳам,
Зўр баҳодир бўлсанг ҳам.
Тўшагинг хас деб билдим,
Аслингни паст деб билдим.
Севолмадим сени мен,
Чунки мен хон қизимен.
Мен саройнинг эрига,
Отамнинг вазирига
Аллақачон текканман,
Шарт қилиб сафарга сан
Чиқиб кетган кунингда,
Йўлда бўлган тунингда
Тўй бўлиб ўтган эди,
Ҳамма иш битган эди».

* * *
Ерга тикилганча хон
Жим қолди узоқ замон.
Паризод ерга боқди,
Бунёд ўтда тутоқди.
Не айтарин билмасдан,
Тили сўзга келмасдан.
Ғазабда ёнар эди.
Ёнар, қийналар эди.
Паризодни, хонни ҳам,
Икки номард жонни ҳам
Қиличдан ўтказмоққа,
Ўлимга ютқазмоққа
Ҳозир эди шул замон,
Ўт ичида беомон.
Шу ғазаб, шу ўч билан,
Шу қасос, шу куч билан
Саройни ташлаб чиқди,
Кўзини ёшлаб чиқди.
Бавафо хон қизини,
Номард хоннинг ўзини,
Унутмади ҳеч қачон,
Қарғаб ўтди беомон.

1939-йил, 3-апрел
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика