Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (II- қисм) [Jeyms Joys]

Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (II- қисм) [Jeyms Joys]
Мусаввирнинг ёшликдаги шамоили (II- қисм) [Jeyms Joys]
Учинчи Боб
Қайғули кун ўтиб, декабрнинг тезкор шом қоронғуси, аланг-биланг масхарабоздай, бир зумдаёқ ерни қоплади, у синф хонасида деразанинг тўртбурчак хира ойнасига термулиб ўтириб, қорни овқат талаб қилиб таталаётганини ҳис қилди. У кечки таомга сабзи, шолғом солинган ва аччиқ мурч сепилган унли қайла устига картошка пюреси ва ёғли қўй гўшти бостириб солинган қовурдоқ бўлар, деб умидланди. Буларнинг барини жойла, дерди гўё қорни қутқи солиб.
Оқшом қоп-қоронғи бўлади, зим-зиё тун. Бироз қоронғи тушиши билан исқирт кварталдаги исловатхоналарнинг у ер-бу ерида сарғиш фонуслар милтиллаб ёнади. У тор кўчаларда санқийди, ўша тарафга интилиб бораверади, оёқлари ўша қоронғи бурумга бошлаб олиб кириб кетмагунча ҳаяжон ва қўрқувдан қалтирайди. Айни пайт фоҳишалар ҳам кундузги уйқудан туришиб, эснашиб, сочларидаги тўғнағичларни тузатишиб, тунги учрашувларга чоғлангани кўчага чиқишади. У хотинларнинг фавқулодда имо-ишора қилиб қолишларидан ёки гуноҳга кўникиб қолган юрагини ўртайдиган атир ҳиди анқиган бирор-бир момиқ баданнинг чорловидан умидвор бўлиб, уларнинг олдидан хотиржам юриб ўтади. Ва бу чорловни у сергак кутаркан, тийиқсиз майилларига эрк бергани оқибатида заифлашиб қолган ҳис-туйғуларини ерга уриб, нафсониятини топтаётган нарсаларга беҳад диққат бўлиб эътибор қилади: кўзлари — яланғоч столга тўкилган пивонинг ҳалқа-ҳалқа кўпикларига, ҳарбийчасига ғўддайиб турган икки аскарнинг суратига, тумтароқ афишага тушади; қулоқлари — бақириб-чақирган, қийқириб ҳол сўрашишган товушларни эшитади.
— Хелло, Берти, хўш, нима билан хурсанд қиласан, азизим?
— Ҳа, сенмисан, дўндиқча?
— Ўнинчи номерга кир, жажжи Нелли кўзлари тешилиб кутаяпти.
— Бу оқшом бир яйрай депсан-да, а, йигитча?
Унинг дафтаридаги тенглама, даражаларни билдирадиган кўзча ва юлдузчали белгилар билан товуснинг серҳашам думидай ёйилиб тарвақайлаб кетди; даражаларнинг кўзчалари ва юлдузчалар ўзаро чоғиштирилиб қисқартирилгач, дум аста-секин ихчамлаша бошлади. Даражалар худди бир очилиб, бир юмилиб турган кўзчалардек пайдо бўлиб ва йўқ бўлиб турар, кўзчалар ёниб-ўчиб турган юлдузчалардай очилар ва юмиларди. Юлдузли ҳаётнинг улкан гирдоби унинг толиққан ақл-ҳушини бир четга суриб кетар ва яна ҳаял ўтмай ортга қайтариб олиб келар ва узоқдан элас-елас эшитилаётган мусиқа садоси бу ҳаракатга жўр бўларди. Бу қандай мусиқа бўлди экан? Куй оҳанги яқинроқдан эшитила бошлади ва у Шеллининг қоронғу осмонда танҳо кезиб юрган, толиқиб ранги синиққан ойга бағишланган мисраларини эслади. Юлдузлар уваланиб кета бошлади ва юлдузлар чангининг юпқа пардаси коинот қаърига сингиб кетди.
Бошқа бир тенглама ёйилиб, секин дум чиқара бошлаганда варақдаги ёруғ нур хира тортди. Бу унинг томир ёйиб, гуноҳларга ботиб, ёниқ юлдузлардай учқун сачратиб ва яна йиғилиб, оҳиста сўниб, ўзининг оташ-алангасини ўчириб — шу зайил ҳаёт йўлига тушаётган қалби, руҳияти эди. Унинг юрагини ўртаган оташ-алангалар ўчиб-битди ва бўшаб қолган совуқ зим-зиё қалбини лоқайд мубҳамлик эгаллади.
Унинг борлиғини совуқ сергак бефарқлик эгаллаб олди. Биринчи марта гуноҳга йўл қўйганидан қаттиқ изтиробга тушганида юрагининг туб-тубидан вулқондай қайнаб-тошиб келган ғазаб ва нафрат оташин танини ё бўлмаса руҳини куйдириб, бир умрга мажруҳ қилиб қўядигандай туюлиб, қаттиқ қўрққанди. Бироқ ҳаёт тўлқини уни гоҳ ғарқ қилиб, гоҳ пасайиб-тушиб аста-секин ўзига келтирди. Бу талотўмдан унинг тани, руҳи омон қолди ва улар ўртасида сўзсиз-сўроқсиз битим—муроса пайдо бўлди. Юрагидаги беҳаловат туйғуларга барҳам берган мубҳамлик бир қадар бефарқ бўлиб, совуққонлик билан ўзини-ўзи англашга айланди. У бир эмас, бир неча марта оғир гуноҳга қўл урган эди ва биринчи қилган гуноҳининг ўзи учун абадий лаънатга қолиши тайинлигини билар, кейингилари эса тортажак азобларига яна азоб қўшарди, холос. Ўтаётган кунлар, машғулотлар ва азобли ўйлар энди унинг гуноҳларини енгиллатмас — об-ҳаёт булоғининг ҳузурбахш суви энди унинг қашшоқ руҳига, руҳий ташналикдан қақраган вужудига тириклик шавқини бағишламас эди. Энди у гадойларга садақа берганида бир зум тўхтаб, уларнинг дуоларини эшитиб ўтирмас, бурилиб кетиб қолар ва ҳорғин хаёл суриб, балки шундай қилсам озгина бўлса-да савоб оларман, деб умидланарди. Xудожўйликни бутунлай тарк этганди. Қилган оғир гуноҳлари учун дўзах оловида ёнадиган бўлганидан кейин тоат-ибодатдан нима фойда? Гарчи уйқусида ҳам жонини олиш ва дўзах оловига ташлаш Яратганнинг иродасига боғлиқ эканини, бундай пайтда ҳатто раҳм-шафқат тилашга ҳам улгура олмай қолишини билса-да, юрагидаги кибр ва азбаройи ихлос билан қўрқиши унинг оғиз очиб дуо ўқишига монелик қиларди. Ўзининг гуноҳларини кибр билан тан олиши ва кўнглидаги Яратганга муҳаббатдан холи қўрқув қўл урган жинояти беҳад катталигини, ҳамма нарсадан огоҳ ва ҳамма нарсани билгувчи зотга мунофиқларча тавба-тазарру қилган билан гуноҳлардан халос бўлишининг иложи йўқлигини мудом уқтириб турарди.
— Биласизми, Эннис, сизнинг елкангиздаги бу калла эмас, шунчаки ошқовоқ, деса ҳам бўлаверади. Сизга нима бўлди ўзи — наҳотки иррационал миқдор нималигини билмасангиз?
Бетайин жавобдан синфдошларига нисбатан унинг кўнглида ғимирлаган беписандлик баттар кучайди. Энди у бошқалар олдида уялиб-нетиб ўтирмас эди. Якшанба кунлари эрталаб, черков ёнидан ўтаётиб, ибодат қилаётганларга бепарво қараб қўярди; одамлар тўрттадан тизилишиб, бошларини эгишиб, черковнинг эшиги олдида итоаткор туришар, ичкаридаги ибодатни кўрмаётган ва эшитмаётган бўлишса-да, ўзларини маросимда иштирок этаётгандай тутишарди. Уларнинг маъюс художўй қиёфалари ва сочларига суртишган арзон мойнинг кўнгилни айнитадиган ҳиди бу муқаддас жойдан унинг ихлосини қайтарарди. У ҳам бошқалар қатори риёкорликка йўл қўяр, бироқ авомнинг соддадиллигига, шундай осонгина алданишига мутлақо ишонмасди.
Унинг ётадиган хонаси деворида унга коллеждаги Биби Марям бирлиги жамоасининг префекти унвони берилгани ҳақидаги четлари нақш билан безатилган ёрлиқ осиғлиқ турарди. Шанба кунлари, жамоа аъзолари ибодат хизматини ўташ учун черковга йиғилишганда, у меҳробдан ўнг томондаги фахрли жойни эгаллар, мато қопланган кичкина ўриндиққа тиззасини букиб ўтириб, маросим пайти хорнинг ўзига тегишли қанотини бошқарарди. Бу сохта ҳолат унинг виждонини қийнамас эди. Баъзи дақиқаларда унинг фахрли ўриндан сакраб туриб, ҳамманинг олдида риёкорлиги учун тавба-тарарру қилиб, черковни ташлаб чиқиб кетгиси келар, бироқ теварагидаги одамларнинг юзларига бир қарашнинг ўзи қалбидаги бу ғалаённи босиш учун етарли бўларди.
Оятлардаги образли башоратлар унинг нафсиз ғурурига ўзгача зеб берарди. Марямни шарафловчи баландпарвоз ҳамду санолар: хушбўй нардин, миро ва ладан — Биби Марямнинг илоҳий насл-насаби белгилари, кеч гуллайдиган дарахт ва кеч очилган гул — асрлар оша унинг улуғворлигини одамлар онгига сингдириб келган тимсоллар Стивеннинг қалбини асир этарди. Ва ибодат якунида Муқаддас битикни ўқиш навбати унга етганда, Стивен бўғиқ овозда, сўзлар оҳанги билан виждонини юпатиб, аллалаётгандай бир маромда ўқий бошларди:
«Quasi cedrus exaltata sum in Libanon et guasi cupressus in monte Sion. Quasi palma exaltata sum in Gades et quasi piantatio rosae in Jericho. Quosi uliva speciosa in campis et quasi plaranus exaltata sum juxta aquam in plateis. Sicut cinnamomum et balsamum aromatisans odorem dedi et quasi myrrha elesta dedi suavitatem odoris»[1].
Илоҳий сиймонинг ундан юз ўгиришига сабаб бўлган гуноҳ уни беихтиёр жами гуноҳкорлар ғамхўрига яқин қилиб қўйди. Биби Марямнинг кўзлари унга меҳр билан ювош қараб тургандай туюлар, нозиккина жуссасини чулғаган илоҳий ёғду нажот истаб ўзи томон талпинган гуноҳкорларни ҳечам таҳқирламасди. Агар қачондир унинг юрагида: энди ҳеч қачон гуноҳга қўл урмайман, тавба қиламан, деган холис хоҳиш уйғонган бўлса, бу шубҳасиз, ўзини Биби Марям хизматига бағишлаш истагидан эди. Агар қачондир унинг руҳи, танини жунбишга келтирган беҳаловат майллар босилгач, уят ва алам билан ўз даргоҳига қайтиб ва унга томон — тимсоли «кўк тоқидаги ёрқин, оҳанрабо, само сирларидан огоҳ этиб, оламга осойишталик бағишловчи« тонг юлдузига талпинган бўлса, бундай лаҳзаларда Биби Марямнинг исми, ҳали бемаъни ва уят сўзлар ва танигагина роҳат бағишлаган беандиша ўпичлар таъми аримаган лабларидан чиқар эди.
Бу, чиндан ғалати эди. Бундай ҳолатлар қандай юз беришини у ўзича тушунишга уринди. Бироқ синф хонасини қоплаган ғира-шира қоронғулик унинг фикрларини ҳам чулғади. Қўнғироқ чалинди. Ўқитувчи топшириқ бериб, чиқиб кетди. Стивеннинг ёнида ўтирган Курон сохта оҳангда хиргойи қилди:
Менинг дўстим, гўзал Бомбадос.
Ташқарига чиқиб кетган Эннис, синфга кириб, янгиликни хабар қилди:
— Xизматкор келди, ректорни сўраб.
Стивеннинг орқасидаги бўйчан ўқувчи қўлларини бир-бирига ишқаб, деди:
— Яшасин! Энди бир соат мазза қилиб лақиллашса бўлади. Соат икки яримгача қайтиб келмайди. Кейин сен унга катехизисдан3 савол бериб, гапни айлантирасан, хўпми Дедалус.
Стивен кифтини партанинг суянчиғига ташлаб, ястаниб, қўлидаги қаламни дафтар устида паришонхотир югизиб ўтирганча, сафсаталарга қулоқ солар, тутруқсиз гап-сўзларни Куроннинг ора-сира қичқирган овози бўлиб турарди:
— Секинроқ гапирсанглар-чи! Шунақаям шовқин кўтарасизларми!
Черковнинг қатъи ақидаларининг туб илдизларига, сирли томонларига назар ташлаш ва ўзининг ана шу қоидаларга кўра қораланганини эшитиш, буни чуқур ҳис этишга бўлган иштиёқи кўнглига аллақандай қайғуга қоришган севинч улашиши ҳам Стивенга жуда ғалати туюларди. Авлиё Яъқубнинг битта муқаддас ўгитга зид иш қилган киши барча ўгитларни бузган, муқаддас ўгитларнинг ҳаммасига қарши гуноҳ қилган бўлади, деган ҳикмати унга, қалбининг қоронғу бурчакларига зеҳн солиб қарамагунча, баландпарвоз гапдай туюлди. Барча оғир гуноҳлар: манманлик ва бошқаларни назар-писандга олмаслик, пулга ҳирс қўйиш ва унинг воситасида айш-ишратга қўл уриш имконига эга бўлиш, бузуқликда ўзидан омадлироқ кимсаларга ҳавас билан қараш ва яхши хулқли кишилар устидан иғво юритиш, очкўзлик, бетаъмиз ўй-хаёлларга берилиб, унингдай эҳтирос оловида ёниш, руҳан ва жисмонан карахтлик ботқоғига ботиб, оқибатда вужудини наҳс босиб кетгани, аслида, ахлоқсизликнинг бемаъни уруғидан урчиган гуноҳлардир.
Кўпинча у партада, ректорнинг қатъиятли жиддий юзига хотиржам қараб ўтириб, ҳар хил тагдор саволларни ўйлаб топиб, шу билан вақтини чоғ қилар эди. Агар киши ёшлигида пул ўғирласа ва шу ўғирлаган пулидан катта бойлик орттирган бўлса, гуноҳидан халос бўлиши учун қанча қайтариши керак — ўғирлаган миқдордаги пулни фойизи биланми ёки жами йиққан бойлигиними? Агар оддий одам гўдакни чўқинтираётиб айтиши лозим бўлган дуо сўзларини айтмай туриб сув пуркаса, гўдак чўқинтирилган ҳисобланадими? Минерал сув билан чўқинтирилса ҳам ҳисобга ўтадими? Нима учун биринчи ўгитда мўмин-қобил кишилар, бева-бечораларга жаннат ваъда қилинади-ю, иккинчи ўгитда ер юзига юввош, беозор бандалар ворис бўладилар дейилади? Илоҳий қовушиш маросимида ҳам нон, ҳам вино истеъмол қилинишининг боиси нимада, Исонинг вужуди ва қони, руҳи ва илоҳий моҳияти фақат нондами ёки фақат винодами? Исонинг вужуди ва қони табаррук қилинган нон ушоғида бус-бутунича мавжуд бўладими ёки қисман қўшилган бўладими? Мабодо, табаррук қилингандан кейин вино айниб циркага айланса, нон моғор босиб, уваланиб қолса, шунда ҳам Исо илоҳ ва инсон сифатида уларда мавжуд бўлаверадими?
— Келаяпти, келаяпти!
Деразадан пойлоқчилик қилиб турган ўқувчилардан бири ректорнинг бош бинодан чиққанини кўриб қичқирди. Катехизислар очилди ва болалар мук тушиб китоб ўқишга киришдилар. Ректор кириб, минбарда ўз жойини эгаллади. Бўйчан ўқувчи ректорга бирор-бир қийин савол бер, деган маънода секингина Стивенни туртди.
Бироқ ректор одатдагидай катехизисни бериб туришни сўрамади ва дарсни ҳам суриштирмади. У қўлларини столга қўйиб, деди:
— Чоршанба куни биз авлиё Франциск Ксаверий шарафига бағишланган диний машғулотларимизни бошлаймиз, унинг хотирасига аталган байрам шанба куни бўлиб ўтади. Диний машғулотлар чоршанбадан жумагача давом этади. Жума куни, кундузги ибодатдан кейин шомгача черковда ибодат қилинади. Гуноҳини кечувчи ўз руҳонийси бор ўқувчиларга уларни алмаштирмасликни маслаҳат бераман. Шанба куни соат тўққизда ибодат ва бутун коллеж учун умумий илоҳий қовушиш маросими бўлади. Шанба куни машғулотлар йўқ. Шанба ва якшанба байрам, бироқ бундан душанба ҳам бемалол экан, деган фикрга бормаслик керак. Бундай адашишларга йўл қўймайсизлар, деган умиддаман. Менимча, Дедалус, сиз кўпроқ адашиб қолишга мойилроқсиз.
— Менми, сер? Нега, сер?
Ректорнинг қаҳрли жилмайишидан синфда енгил кулги кўтарилди. Стивеннинг юраги, сўлиган гулдай, секин жунжикиб, увиша бошлади.
Ректор боягидай жиддий, қатъиятли оҳангда давом этди:
— Коллежимиз ҳомийси авлиё Франциск Ксаверийнинг ҳаёти тарихини яхши биласизлар, деб ўйлайман. Авлиё Франциск қадим испан уруғларидан ва сизга маълумки, у авлиё Игнатийнинг энг тўнғич шогирдларидан эди. Улар Парижда танишишган, ўша пайтда Франциск Ксаверий университетда фалсафадан дарс берган. Бу олижаноб ёш задагон, олим, адиб коллежимизнинг буюк асосчиси таълимотини бутун қалби билан чуқур ҳис этган ва албатта, хабарингиз бор, у ўз хоҳишига кўра, авлиё Игнатий томонидан ҳиндларга Исо таълимотини ёйиш учун Ҳиндистонга жўнатилган. Шу боисдан ҳам уни Ҳиндистон ҳаворийси, дейишади. У бутун Шарқни кезиб чиққан: Африкадан Ҳиндистонга, Ҳиндистондан Япониягача борган, маъжусийларни христианликка даъват этган. Бир ой ичида ўн минг будпарастни чўқинтирган. Уларнинг боши устида кўтаравериб, тинимсиз чўқинтирганидан ўнг қўли ишламай қолган. Шундан кейин ҳам кўп одамларни динга киритмоқчи бўлиб, Xитойга жўнашни мўлжаллаган эди, бироқ Санъсизян оролида безгакка чалиниб қазо қилган. Франциск Ксаверий улуғ авлиё эди! Исонинг буюк аскари эди!
Ректор бир муддат жим қолди, кейин, бармоқлари чалиштирилган қўлларини сермаб, давом этди:
— У тоғни ўрнидан жилдиришга қодир бўлган кучли эътиқод соҳиби эди! Бир ой ичида ўн минг жонни динга киритишнинг ўзи бўладими! Мана чин фотиҳ, орденимиз шиорига чинакам садоқат: ад мажорем Деи глориам. Шуни унутмангларки, самода бу авлиёнинг ҳукми барҳақдир! Унинг қудрати мусибатларимизга тангридан ижобат сўрайди, ибодатларимиз ижобат бўлиб, тилагимиз, магар бизнинг бахтимизга хизмат эца, қондирилишини сўрайди, ва тағин, энг муҳими, гуноҳ қилган бўлсак, тавба-тазарруларимизни еткаради. Улуғ авлиё Франциск Ксаверий! Одамлар қалбининг буюк сайёди!
У қўлларини сермашдан тўхтатиб, уларни манглайига босди ва қорамтир қаҳрли кўзлари билан тингловчиларга синчиклаб қараб чиқди.
Кўзларининг қорамтир ёлқини ғира-шира ёруғликда чўғдай ялтиради. Стивеннинг юраги, узоқдан келаётган гармселни сезган чўл қизғалдоғидай жунжикиб кетди.

* * *
— «Билгинки, барча кор-аъмолингда охиратингни ёдингда тутмоғинг жоиз ва асло гуноҳга қўл урмагайсан» — ушбу калом, менинг аҳли Исо биродарларим, Экклесиаст китобидан олинган, еттинчи боб, қирқинчи мисра.
Стивен черковда биринчи қатордаги ўриндиқда ўтирарди. Ҳазрат Арнолл кичкина стол ортида меҳробдан чап тарафда ўтирарди. Оғир плаш унинг елкасидан сирғалиб тушиб борар, юзи сўлинқираган ва тумовлигидан товуши хириллаб чиқарди. Кекса ўқитувчининг юзи, бундай кутилмаган вазиятда унинг қаршисида пайдо бўлгани, Стивенга Клонгоус ҳаётини эслатди: катта спорт майдонлари, тўпирлашиб юрган болалар, ҳожатхонанинг тешиги, ўзининг дафн этилишини орзу қилган бош арғувонзор хиёбон ортидаги мўъжаз қабристон; у бетоб бўлиб ётган касалхона деворида биланглаб ўйнаган камин алангаси акси, Майкл оғанинг ғамгин чеҳраси. Бу хотиралар кўз ўнгидан бирма-бир ўтгани сайин, унинг руҳи тозариб гўдакникидай покиза бўлиб борарди.
— Биз бугун, менинг азиз аҳли Исо иниларим, қисқа бир муддатга, фоний дунё ташвишларидан холи бу масканда йиғилган эканмиз, муродимиз улуғ авлиёлардан бири, Ҳиндистон ҳаворийси, бизнинг коллежимизнинг ҳомийси авлиё Франциск Ксаверий хотирасини ёдга олмакдир. Ҳар йили, менинг азизларим, жуда узоқ замонлардан бери, бунинг қачон бошлангани на сизга ва на менга маълум, коллеж тарбияланувчилари айни мана шу черковга ўз ҳомийлари шарафига ўтказиладиган айём арафасида йиллик диний машғулотларга жам бўлишган.
Ўшандан буён кўп замонлар ўтди ва кўп нарсалар ўзгарди. Ҳаттоки, сўнгги йиллар ичида, ўзингиз гувоҳлигингизда қанча ўзгаришлар юз берди. Ҳали-замон бу ўриндиқларда ўтирганларнинг айримлари энди биздан олисдалар — аллақайлардаги жазирама мадорларда; кимдир хизмат жойида, кимдир ўзини илм-маърифатга бахшида этган, бошқа биров узоқ мамлакатнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган пучмоқларида сайру саёҳатда, кимдир балки тангри иродаси билан дорилбақога рихлат қилгандир ва унинг ҳузурида ҳисоб берар. Xулласки, йиллар оқар сувдай ўтиб бораётир, ўзи билан ёмонни ҳам, яхшини ҳам оқизиб кетаётир, улуғ авлиёнинг хотирасини эса коллеж тарбияланувчилари ҳануз эъзозлаб келишаётир ва бизнинг бир неча кун давом этажак диний машғулотларимиз католик испан ўлкасининг мустаҳиқ ўғлонларидан бирининг муборак номини ва шон-шарафини абадиятга дохил этиш мақсадида муқаддас черковимиз тайин этган айём арафасида ўтади.
Энди ўзимиздан сўрайлик: хўш, «диний машғулотлар» нимани англатади ва тангри ҳамда инсонлар назарида чин насронийча умргузаронликка интилганлар учун бу машғулотларнинг, айниқса, басавоб ҳам жоиз саналиши боиси нимада? Диний машғулотлар, азизларим, бу тириклик ғамидан, фоний дунёнинг кундалик ташвишларидан муайян муддат чекиниш ва шу йўсин иймонимизни бир имтиҳон қилиб олсак, муқаддас дин сиру синоатлари борасида фикрламак ва бу дунёда мавжудлигингиз моҳиятини англаб олмакдир. Мана шу саноқли кунлар мобайнида мен сизга тўрт Охирги Унсурга тааллуқли фикрларни баён қилишга ҳаракат қиламан. Булар эса сизга катехизисдан маълум бўлган: қазо, маҳшар, дўзах ва жаннат. Биз мана шу кунлар мобайнида уларни имкон борича яхшироқ фаҳмлаб олишга уринамиз, фаҳмлаб олиш асносида руҳиятимиз абадий ҳузур-ҳаловатга дохил бўлажак. Билингким, азизларим, биз бу дунёга якка-ёлғиз мақсад илинжида чорланганмиз: муродки, тангрининг муқаддас иродасини адо этмак ва руҳиятимиз боқийлигини асрамак. Қолган барчаси — фонийдир. Муҳими битта — руҳониятимизни асрамак. Инсон, магар у ер юзини қўлига кирица-ю, бироқ руҳониятининг боқийлигини йўқоца — ундан не фойда? Ҳайҳот, азизларим, бу ўткинчи дунёда бундайин айрилиқнинг ўрнини босадиган нимарса йўқдир.
Шу важдан, азиз биродарларим, менинг сиздан ўтинчим шулки, бир неча кунга бу дунёга боғланган ўй-режаларингиз, сабоқлар, кўнгилхушликлару иззатталаб иштиёқларни бир четга қўя туринг, руҳониятингиз аҳволини ўйланг. Сизга эслатиб ўтишимнинг ҳожати йўқдир, дарвоқе диний машғулот кунлари руҳиятингиз хотиржамлик ва художўйликда устувор бўлажак ва сиз номуносиб кўнгилочар шовқин-суронлардан тийилиб туришингиз лозимдир. Ёши катталарингиз кузатиб бормоғингиз жоизки, токи бу қоидалар бузилмасин. Айниқса, менинг иймоним комилки, бизнинг Биби Марям бирлиги жамоаси префектлари ва аъзолари ҳамда муқаддас фаришталар бирлиги жамоаси ўз биродарларига муносиб намуна бўлажаклар.
Авлиё Франциск шарафига бағишланган мазкур маросимни чин юракдан ва ўй-хаёлимизни тўла-тўкис сафарбар этиб, адо этайлик. Яратганнинг ўзи саъй-ҳаракатларингиздан марҳамату мададини дариғ тутмасин. Аммо баъд энг зарури ва энг муҳими шуки, бу диний машғулотларни сиз орадан йиллар ўтиб, буткул ўзга шарт-шароитларда юрган чоғларингизда, босиб ўтганингиз умр йўлига бир қайрилиб қараганингизда кўнглингиз ёришиб, парвардигорга шукроналар айтасизки, сизни тавфиқли, мустаҳиқ, ғайратли умргузаронликнинг илк тамал тошини қўйишга муяссар этибди. Ва мабодо айни шу лаҳзаларда орангизда кўнгли фақир, руҳияти қашшоқлар ҳам иштирок қилаётган бўлса, мудҳиш кўргулик улар бошига тушиб, тангри марҳаматидан бенасиб қолиб — оғир гуноҳга ботган бўлсалар, мен парвардигорга ўтинаман ва ибодат қилиб сўрайман, бу диний машғулотлар ўша боёқишларнинг қашшоқ руҳиятида эзгулик томон ўзгариш содир этгай. Парвардигорга, унинг ғайратли қули шоҳиду мададкор Франциск Ксаверийга ибодат қиламанки, ўша ғариб жонларни чин юракдан тавба-тазарруга чорлагай ва минбад муқаддас маросим воситаси ила улар Франциск айёми куни Яратганнинг ўзи билан якдил бўлгай. Тақводору динсиз, авлиё-ю гуноҳкор — барча учун бу руҳоний машғулотлар умр бўйи нурли хотира бўлиб қолгай.
Менга кўмаклашинг, азиз аҳли Исо иниларим! Ўзингизнинг эътиқод нуридан ёришган идрокингиз билан, ғайратли саъй-ҳаракатингиз билан, одобу ахлоқингиз, хуш феълингиз билан менга кўмаклашинг. Миянгиздан ножоиз ўй-фикрларни ҳайдаб-қувинг ва фақат Охирги Унсурлар: қазо, маҳшар, дўзах ва жаннат ҳақида ўй суринг. Кимда ким буларни ёдида тутган экан, гуноҳдан абадий холидир, дейди Экклесиаст. Кимда ким буларни ёдида тутган экан, неки саъй-ҳаракати, фикр-хаёли бор — барисида улар кўз ўнгида муқим тургай. У иймонли умр кўргай ва иймон билан кетгай, зеро, унинг кўнгли иймон ва ишонч нури билан тўлуғдирки, фоний дунёда чеккан жами жабру жафолари чин дунёда юзлар ва минглар карра роҳат ва фароғатга айланиб қайтажак, абадий ҳузур-ҳаловат ато этажакки, мен сизнинг ҳаммангизга ва ҳар қайсингизга, азиз дўстларим, тангри таолодан шуни тилайман. Омин!
Вазмин бўлиб қолган дўстлари тўдасида уйга қайтаркан, Стивен ақлини аллақандай қалин туман пардаси қоплаб олаётганини ҳис этди. Туйғулар исканжасида у бу туманнинг кўтарилишини ва унинг ортида яширинган сиру синоатдан воқиф бўлишни кутди. Овқатни у бош кўтармай, ютоқиб еди, тушлик тугаб дастурхон усти ёғли тахсимчаларга тўлиб кетди, у оғзидаги ёғ юқини тили билан сидириб ялади, тамшаниб ўрнидан қўзғалди ва дераза ёнига келди. Унинг ўлжасини еб битириб, тумшуғини тили билан юваётган йиртқичдан фарқи йўқдай эди. Бу тамом дегани; қўрқинч, хавотир шарпалари ақлини чулғаган туман пардасини йиртиб, миясида ғимирлай бошлади. У юзини дераза ойнасига босди ва қоронғу туша бошлаган кўчага қаради. У ер-бу ерда йўловчиларнинг қораси кўринди. Ҳаёт деганлари шумикан. «Дублин» сўзига уюшаётган ҳарфлар қўрслик билан бир-бирини итаргилаб саркашлик қилар, унинг миясини сирқиратиб сиқар эди. Юраги ёғга бўкиб қалқиб-қалқиб сузар ва бўғилар, маънисиз хавотирдан машъум гирдобга тушиб кетар, вужудини — ланж, жирканч, ночор танини аллақандай шаҳват илоҳаси ўзига тамом бўйсундириб олган эди.
Эртанги кунги ваъз қазо ва рўзи маҳшар ҳақида бўлди ва унинг руҳи мудроқ умидсизликдан аста-секин уйғона бошлади. Руҳонийнинг ҳирқироқ овози ўлим ваҳшатини кўнглига солганида унинг юрагидаги хавотир қўрқувга айланди. У ажал талвасасини туйди. Ажалнинг совуқ шарпаси унинг оёқ-қўлларидан оҳиста сирғалиб, юраги томон ўрмалаётганини, қоронғу тумандай кўз олдини қоплаб, ҳали-замон тафаккур ёлқинидан ёришган миясидаги нурафшон фикрларни фонусларни ўчиргандай бирин-кетин ўчириб, идрокини чулғаб олди; баданига жончиқар терлар тепчиётир; мускуллари пахтадай бўшашиб жонсизланаётир, тили кесакдай қуриб, оғзида қотди, юраги тобора секин-секин ураётир, мана, уришдан тўхтаб ҳам қолди, нафаси, ночор нафас, ожизу нотавон танда жони энтикиб типирчилаб хириллайди ва бўғзига тиқилиб талвасага тушади. Нажот йўқ! Йўқ! У, унинг ўзи, шаҳвоний майлларига бўйсунган тани ўлаётир. Лаҳадга элтинг уни! Ёғоч қутига жойланг, ёлланган тобуткашлар елкасига ортиб, уйдан олиб чиқиб кетинг. Чуқурга, одамлар кўзидан узоқроққа даф қилинг, гўрга тиқинг, у ерда чирийди, қурт-қумурсқаларга, очофат каламушларга ем бўлади.
Дўстлари кўзларида ёш билан унинг жасади устида бош эгиб туришган бир паллада, гуноҳкорнинг жонини ҳакам сўроққа торта бошлайди. Сўнгги лаҳзаларда фоний дунёдаги ҳаёти бир сира руҳи қаршисида намоён бўлади ва руҳ бир қарор топиб улгурмай, тан ўлади, қўрқувга чулғанган руҳ титраб-қақшаб тангри сўроғига дохил бўлади. Шунча вақт раҳм-шафқатини дариғ тутмаган тангри энди қилмишига ярашасини инъом этади.
У узоқ сабр билан кутди, гуноҳкор бандасини иймонга чорлади, тавба-тазарруга имкон берди, шафқат, мурувватлар қилди. Бироқ энди фурсат ўтди. Гуноҳ ишга қўл уриб, нафс йўлига кирган, тангри ва унинг муқаддас черкови ўгитларига кулиб қараган, қудратидан гумонсираган, муқаддас ҳикматларини писанд этмаган,теварак-атрофдагиларни алдаган, гуноҳ устига гуноҳ қилиб, бузуқликларини ўзгалар назаридан яширган вақтлар энди ўтди-кетди. Барчаси учун яратганнинг ҳузурида жавоб бериш фурсати етди: тангрини чув туширишнинг ҳам, алдам-қалдам билан қутулишнинг ҳам иложи йўқ. Бу ерда тангри иродасига бўйсунмаган ғаюр исёнкорона ва бандаи ожизнинг нораво бузуқ табиатига хос ўта шармандали ҳамда энг майда қусурлару жирканч зўравонликкача — ҳар бир қилинган гуноҳ рўёбга чиқади. Модомики, аҳвол шундоқ экан, буюк императормидинг, саркарда ва ёки ғаройиб ихтирочи ё тенги йўқ олим бўлганмидинг — бефойда. Тангри ҳукми олдида барча баравар. У иймонли бандаларини сийлайди, гуноҳкорларни жазога мустаҳиқ этади. Одам руҳини тафтиш этмоққа бир дақиқалик фурсат кифоя. Ўша бир дақиқагина — жон танани тарк этган, руҳ адолат тарозусига қўйилган оний лаҳза! Ҳукм ўқилади ва руҳ роҳат-фароғат қучоғига ёки аросат саҳросига ёхуд оҳу-фиғон билан дўзах қаърига равона бўлади.
Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Тангрининг адолатли ҳукми бандалари қулоғига етиб бормоғи лозим, зеро, бу ҳукмдан кейин навбат бошқасига. Яъни, охирги кун — Рўзи маҳшар келади. Кўк тоқидаги юлдузлар шамол қоққан анжир дарахтининг меваларидай тўпирлаб ерга тўкилади. Олам чироғи қуёш гадонинг эгнидаги жандадай абгор ҳолга келади; ой қонталаш тус олади. Осмон йиртилиб, ўралган қоғоздай йиғилиб қолади. Арши - аъло лашкари саркардаси улуғ ва қудратли малоик Микоил осмондан тушади. Бир оёғи билан денгизга, иккинчиси билан ерга қадам қўяди ва у тортган сур садоси охир замондан дарак беради.У уч бора тортган сур оҳанги оламга таралади.
Замон бор, замон бор эди, бироқ энди замон барҳам топди. Сурнинг сўнгги садоси билан бани одамзод—бой ва камбағал, яхши ва ёмон, оқил ва аҳмоқ, олижаноб ва разил оёққа қалқиб, Иосафат водийси томон ирғишлайди. Қачондир умр кўрган, дунёга келмоқ насиб этган Одам Атонинг жамики ўғил қизлари — ҳамма-ҳаммалари бу улуғ кунда ҳозир бўладилар. Ана шунда олий ҳакам ҳозир бўлади! На тангрининг итоаткор қурбонлик қўзиси, одамови насролик Наби Ясу, на одамнинг маъсум ўғли ва на эзгу қўйчивон нажотга келади. У булутлар устида илоҳий қудрат, шон-шавкатларга бурканиб пайдо бўлади ва теварагида тўққиз мулозими ҳозиру нозир: фаришталар ва малоиклар, тахтлар, боёнлар, қудрат, само кучлари, олий ва энг юқори мартабали фаришталар. У айтади ва унинг овози оламнинг ҳамма буржига, жаҳаннам қаъригача етиб боради. Олий ҳакам у, угина ҳукмни ўқийди, бу ҳукм энг сўнггиси. У иймонли мўминларини ўз паноҳига олади ва сизлар учун бунёд этганим —боқий ҳузур-ҳаловат салтанатига киринг, дейди. Иймонсизларни эса қувиб ҳайдайди ва илоҳий ғазаб билан хитоб қилади: «Кўзимдан нари кетинг, бетавфиқлар, оловда куйингиз, иблис ва унинг малайлари ёнажак оловда». Эҳ, бадбахт гуноҳкорлар учун бу нақадар оғир азоб! Биродарлар бир-биридан, фарзанд ота-онадан, эрлар аёлларидан айри тушадилар. Бахтиқаро гуноҳкор банда ёлвориб қўл чўзади, талпинади, балки фоний дунёда унинг учун азиз, бир пайтлар содда ва самимийлигидан ўзи кулган кишига талпинар, балки диёнатли йўлга даъват этган, панд-насиҳат қилган кишига интизор боқар, бағрикенг биродарига, меҳрибон опасига ва ё унга жон-дилини бахшида этган отасига, онасига илтижо этар. Надоматлар бўлсинки, кеч! Динига содиқ одамлар иймони куйган, маҳкум жонлардан юз ўгирадилар, чунки бундай жонлар қабиҳликлари билан бандаи мўминлар кўз олдида жазога тортиладилар. Ў, сиз, риёкорлар, сиз, охирати куйиб кетганлар! Сиз, фоний дунёда ширин табассумли қиёфада кўриниш бериб юрганда руҳингиз гуноҳларнинг бадбўй ўрасига айланганлар — бу қаҳрли кунда ҳолингиз не кечади?
Бу кун келади, келиши муқаррар, келиши шарт—қазо кунининг, Рўза маҳшарнинг! Бандасининг қисмати—жон таслим этмак ва қазосидан сўнг парвардигор сўроғига дохил бўлмакдир. Қазоимиз муқаррарки, буни биз биламиз. Бу қачон ва қандай рўй беради, узоқ давом этувчи касалликдан кейинми ё бахциз тасодиф оқибатидами — буниси бизга ноаён. Инсон ўғлининг қай маҳал пайдо бўлиши, қайси кун, қайси соатда — бундан-да воқиф бўлолмаймиз. Ҳушёр турингиз ва унутмангизким, сиз хоҳлаган дақиқада ўлишингиз мумкин. Қазо—ҳаммамизнинг қисматимизда бор. Одам қавми бошида турганларнинг гуноҳидан йўғрилган ўлим ва сўроқ — мавжудлигимизда бекиладиган ва қазо қилгач бандасига ноаён хилқат томон йўл очадиган қоронғу эшикки, неки жон бор, якка-ёлғиз, бир ўзи, фақатгина қила олган эзгу ишларидан бошқа ҳар қандай илинжу таянчдан —дўсту биродару қондош-жондош, устоз марҳаматидан тамом маҳрумликда бу эшикдан қадам қўяди. Илло, бу ҳикмат туну кун ёдимизни тарк этмагайким, шундагина гуноҳга қўл уришдан ўзни сақлагаймиз. Қазойи муҳаққақ — осий бандалар учун азобу уқубатлар кони бўлса, иймони бутун, тангри йўлидан тонмаган, тириклигида бандасига юкланган қиёмат қарзини адо этган, ибодатларини бажо келтирган, сирли маросимларни канда қилмаган — парвардигор марҳаматига ноил бўлган, хайрли ишларга бош қўшган мўминга эса осойиш-оройиш лаҳзаларидир. Xудожўй, тақводор католик учун, дину эътиқодда собит инсон учун ўлим ваҳшати бегонадир. Буюк инглиз адиби Аддисоннинг ўлим тўшагида ётган чоғида бадахлоқ ёш граф Уорвикка одам юборганини ва бу гуноҳкорнинг келиб, тангрининг чин насроний бандаси ўз ажалини қай тариқа қарши олаётганини кўриб қўйишга имкон туғдирганини бир эсланг. Ҳа, фақат художўй, эътиқодли католиккина чин юракдан шундай хитоб қилмоғи мумкин:
Ажал! Қани ништаринг сенинг?
Дўзах! Қани зафаринг сенинг?
Бу ваъзнинг ҳар бир сўзи унга қарата айтилган эди. Тангрининг қаҳру ғазаби унинг разил, пинҳона куфру гуноҳларини нишонга олган эди. Воизнинг пичоғи унинг фош бўлаётган виждонининг туб-тубларига қадалар ва у ўз қалбининг гуноҳлар маддалаб кетган фасод уясига айланганини ҳис этди. Ё раббим, воиз ҳақ! Тангри фурсати етди. Унгурга тушиб кетган ҳайвондай, унинг руҳи разолат ботқоғига ботиб қолди, бироқ малоик тортган сур товуши уни залолат зулматидан ёруққа чорлади. Фаришта келтирган Рўзи маҳшар ҳақидаги ваҳий бир лаҳзаёқ унинг феълидаги калондимоғ хотиржамликни барбод қилди. Охират куни ваҳимаси онгига тўфондай кўчди. Ва куфру гуноҳлар, кўзларида шаҳват олови ёнган бу фоҳишалар тўфонда мисоли жонсарак сичқонлардай чийиллашиб, тум-тарақай бўлиб кетди.
У уйига қайтаркан майдонни кесиб ўтди, қизиб кетган қулоқларига аёлнинг қўнғироқдай кулгиси чалинди. Бу юввош, шўх кулги унинг юрагини сурнинг товушидан-да баттарроқ саросимага солди; у бошини кўтариб қарашга журъат этолмади, юзини четга бурди ва унинг ёнидан ўтаётиб, тарвақайлаб кетган бутазорнинг соясига кўз қирини ташлади. Унинг изтиробда эзилган юрагидан тошган уят ҳисси бутун вужудини қамраб олди. Кўз олдида Эмманинг қиёфаси жонланди ва қизнинг ғойибона қиё бошқиши юрагидан тошган орият тўлқинини баттар кучайтирди. Унинг тийиқсиз ўй-хаёлларида Эмма ўзнинг нечоғли топталганини, бокиралиги нақадар таҳқирланганини билармикин! Шумиди ёшликда берган кўнгил деганлари! Йигитлик шаъни қани? Поезия ҳаваси-чи? Тубанликка тушган дамларининг жирканч тафсилотлари ўзининг бадбўй ҳавоси билан нафасини бўға бошлади. Бир даста, қоракуя суркалиб булғанган, камин панжарасининг тагига яшириб юрадиган беҳаё суратларга соатлаб ошкора ютоқиб термилар, ҳам ўй-хаёллари, ҳам номатлуб ҳаракати билан гуноҳга йўл қўяр эди; тушига нуқул маймунсифат махлуқлар кирарди; қонталаш кўзлари чақчайган аёллар хаёлидан кетмас, ҳирсу ҳавасини ошкора ифодалаган узундан-узоқ қабиҳ хатлар ёзар, уларни пинжида яшириб олиб чиқиб кун бўйи изғир, баъзан ўт-ўланлар орасига ташласа, баъзида бирор-бир эшик тирқишигами, девор кавагигами қистириб кетар, бирорта қизнинг кўзи тушса олиб жимгина ўқийди, деб хаёл қиларди.
Нақадар пасткашлик! Наҳот шулар рост бўлса, наҳот шу қилғиликларини у қилган бўлса? Миясида чувалашган бу уятли хотиралардан манглайига совуқ тер тепчиди.
Уят азоби бироз босилгач, у чўкиб қолган руҳини кўтаришга уринди. Тангри ҳам, Биби Мариям ҳам ундан жуда олисда. Тангри беҳад улуғ ва шафқациз, Биби Мариям эса ўта бокира ва бенуқсон. Бироқ у кўз олдига келтирди: Эмма билан бепоён далада ёнма-ён туришибди ва у итоаткорона, кўзларида ёш билан эгилиб, қизнинг тирсагига тушган енгини ўпаётир.
Бепоён далада, майин шаффоф шом осмони остида, булутлар ним кўкимтир само денгизи бўйлаб ғарбга томон оҳиста сузиб кетаётган бир паллада улар — тангрининг йўлдан озган болалари ёнма-ён туришибди. Улар ўз гуноҳлари билан тангри ғазабини қўзғашди, гарчи бу гуноҳлар, яратган эгамнинг икки боласиники бўлса-да. Бироқ улар қилган гуноҳ «ҳусни жамолида самовий сеҳр мужассам, чиройи кўзга хатарли, аммо тимсоли—тонг юлдузига монанд, ёрқин ва тароватли»1 Биби Мариямни ғазаблантирмади. Илоҳанинг унга тикилган кўзлари қаҳрсиз ва таъна-дашномсиз қараб турарди. У иккаласининг қўлларини қовуштиради ва уларнинг юракларига мурожаат этиб дейди:
—Стивен ва Эмма, бир-бирингизнинг қўлларингдан ушланглар, самода айни осуда шом палласи. Сизлар йўлдан адашдинглар, лекин сиз — менинг болаларимсиз, ахир. Мана, ўзга юракка муҳаббат риштаси билан боғланган юрак. Қўл ушлашинг, менинг азиз болаларим, сиз биргаликда бахтли бўласиз ва юракларингиз бир-бирини севажак.
Черков саҳни панжарали парда тирқишидан сочилиб турган сўлғин алвон нурга чулғанган, парда билан дераза ромининг торгина оралиғидан мисоли найзадай санчилган хира ёруғ нур меҳробдаги шамдонларнинг бўрттириб ишланган, фаришталарнинг жангу жадалларда уриниб, сири кўчган аслаҳаларидай хира йилтиллаб турган ҳошияларида акс этади.
Черковга, боғга, коллежга ёмғир қуйиб ёғаётир. Ёмғир сассиз-садосиз, тинимсиз қуяди. Сув тобора кўтарилади, ўт-ўланни, буталарни босади, уйларни қишлоқларни ғарқ қилади, ҳайкалларни ва тоғ чўққиларини қоплайди. Жами тирик жон борки, сассиз-садосиз маҳв бўлади: қушлар, одамлар, филлар, чўчқалар, болалар чўкиб кетади; барҳам топаётган бани башар вайроналари орасида жасадлар қалқиб-бўкиб сузиб юради. Қирқ кечаю қирқ кундуз, токи ер юзи сув остида қолгунча, ёмғир ёғади.
Ахир, шундай бўлиши мумкин-ку. Нега бўлмас экан?
—«Жаҳаннам қаъри тобора кенгайди ва ўз комини беҳад катта очди». Бу сўзлар, менинг қадрдон аҳли Исо биродарларим, пайғамбар Ишаъё китобидан, бешинчи боб, ўн тўртинчи оят.
Воиз тўнининг ички чўнтагидан занжирсиз соатини чиқарди ва унга жимгина қараб олди, кейин уни эҳтиётлаб ёнига, столга қўйди.
У бир маромда гапира бошлади:
—Маълумингизким, менинг қадрдон биродарларим, Одам Ато ва Момо Ҳаво бизнинг илк аждодларимиз ва ёдингиздаким, уларни тангри яратган, улар Иблис ва унинг қутқуси билан исён кўтарган фаришталар қулагач, самодаги бўш қолган ўринни банд этишган. Иблис, бизга маълум, тонг ўғли, ёрқин ва қудратли фаришта бўлган, бироқ барибир у ҳалокатга юз тутди. У қулади ва у билан бирга само лашкарининг учдан бир қисми маҳв бўлди, ўзининг исён кўтарган фаришталари билан у дўзахга ташланди. Унинг қандай гуноҳга йўл қўйгани бизга қоронғу. Ақоид уламолари таъкидлайдиларким, бу гуноҳ такаббурликдандир, нон сервиам — итоат этмайман, деган оний куфрли ўй-ниятдандир. У бир лаҳза куфру шубҳага берилиб, парвардигори оламнинг улуғлигига шак келтирган ва тангри уни самодан олиб, жаҳаннам қаърига абадул-абадга улоқтирди!
Шунда тангри Одам Ато ва Момо Ҳавони яратди ва уларни Дамашқ водийсидаги Аданга, ғаройиб, нурафшон, турли ранглар барқ урган, минг хил зийнатли ўт-ўланларга тўлиб - тошган боғга жойлади. Ҳосилдор замин уларга ўз неъматларини инъом этди; паррандаю даррандалар уларнинг тасарруфида бўлди, уларга итоатда бўлди. Бизнинг танимизга мерос бўлиб ўтган дарду ситамлар—касалликлар, муҳтожлигу ўлим Одам Ато ва Момо Ҳавога бегона эди. Қудратда тенгсиз парвардигори олам ўз илки-имконида неки бўлса барчасини уларга муҳайё қилган эди. Бироқ тангри уларга бир ягона шарт қўйди —сўзига итоат этмоқни амр этди. Улар тақиқланган дарахт мевасини еб қўймасликлари лозим эди.
Афсуслар бўлсинким, менинг қадрдон биродарларим, улар ҳам тубанликка юз тутдилар. Бир пайтлар нурдай балқиган фаришта, субҳи содиқ ўғлони, оқибатда эса маккор ёв —Иблис жами жондорлар ичида энг ғоддори бўлмиш илон қиёфасида уларга намоён бўлди. Иблис улардан суқланарди. Кўшки самодан қулаган бу саркардаи шаётин хоки туробдан яратилган одамнинг бир пайтлар ўзи эга бўлиб, сўнг куфру гуноҳи боис маҳрум этилган имконларга эга бўлишини зинҳор-базинҳор ҳазм эта олмасди. У Момо Ҳавога, жинси ожизага яқин келди ва қулоғига ширин сўзлари билан заҳру заққумини қуйди, яъни ваъда қилдиким, — оҳ, куфрона аҳду паймон!—магар У билан Одам Ато тақиқ этилган мевадан татиб кўрсалар, улар ҳам яратганнинг ўзи каби, яъни тангри сифатини касб этажаклар. Момо Ҳаво олмага оғиз солди ва уни Одам Атога ҳам узатдики, Одам Атода Момо Ҳавонинг қўлини қайтармоққа лойиқ журъат етмади. Иблиснинг заҳри заққум суяксиз тили ўз корини қилди.Улар маҳв бўлдилар.
Ва шу чоғ боғда тангрининг амри янграб, ўзи яратганни,одамни сўроққа тортди. Ва Микоил, само лашкари саркардаси қўлида олов шамшир билан жинояткор жуфт қошида ҳозиру нозир бўлди ва уларни жаннатдан оламга,касалликлару муҳтожликлар, шафқацизлигу ранж-аламлар, машаққату маҳрумликлар оламига ҳайдаб солдики, минбад улар ризқ-рўзини пешона тери билан топгайлар. Ҳатто ана шунда ҳам тангри меҳр-мурувватини дариғ тутмади! У бизнинг бечора гуноҳкор аждодларимиз — Одамато ва Момоҳавога шафқат кўрсатди ва ваъда қилдики, вақт- соати етган паллада самодан ер сари уларни тағин тангри фарзандлари, само тахти ворислари мартабасига кўтаргувчи зотни сафарбар этажак; ва тангрининг ёлғиз ўғли, муқаддас учликдаги иккинчи зот, боқий сўз гуноҳкор банданинг халоскори бўлажак.
У келди. У бокира Биби Марямдан, она-худодан туғилди. У Яҳудияда, вайрона бир кулбада таваллуд топди ва ўттиз ёшга киргунча, вақт-соати келгунга қадар дурадгорлик қилиб қаноат билан яшади. Фурсати етиб, одамларга меҳр-муҳаббати тўлиб-тошган палла уларга тангри шоҳлигининг Xушхабарини етказмоққа бел боғлади.
Хўш, унинг сўзига қулоқ тутишдими? Ҳа, қулоқ тутишди, холос, бироқ уқишмади. Мисоли бир жиноятчи кимса қатори уни тутиб олишди ва банди этишди, телбани масхаралагандай таҳқирлашди, унинг ўрнига исёнчи ва қотил кимсани афу этишни лозим топишди, танига беш минг бор калтак уришди, бошига тиканли чамбарни қўндириб қўйишди; яҳудия авоми ва рим аскарлари кўча-кўйлардан уни судраб ўтишди, эгнидаги кийимини юлиб олишиб, ўзини хочга михлашди, қовурғаси орасига найза санчиб тешишди ва тангримизнинг ярадор танидан қон сув билан қўшилиб оқди.
Бироқ шундай мусибатли, мислсиз азоб-уқубатли дамларда ҳам меҳрибон халоскоримиз одамзод аҳволига куюнди. Ва ўша жойда, Гўлготада муқаддас католик черковини тайин этди. Черковни у абадий қоялар устида тиклади ва ваъда қилдики, агар одамлар унинг черкови панд-насиҳатларига қулоқ осишса боқий ҳаётга муяссар бўлажаклар, аммо уларни дея чекилган шунча ранжу алам, меҳнату машаққатлардан кейин ҳам ўзларининг қусур ва иллатларидан воз кечолмасалар — уларнинг ёзиғи мангу азоб: жаҳаннам бўлажак.
Руҳонийнинг овози тинди. У жим қолди, кафтларини қовуштирди, кейин уларни ёйди. Ва яна гапира бошлади:
— Энди, имконимиз даражасида бир дақиқа гуноҳкор бандаларни абадий жазога мустаҳиқ этмоқ учун қаҳрланган тангри ҳукми-қароридан яралмиш бу қийноқлар маконини кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Дўзах — бу тор, қоп-қоронғу бадбўй зиндон, аланга ва тутун қоплаган иблис ва гуноҳкор руҳлар макони. Тангри бу зиндонни унинг қонунларига бўйсунмоқни раво кўрмаганларга муносиб жазо бўлсин, дея тор қилиб яратган. Бу дунёда эса бечора маҳкумда, жуда бўлмаганда, қимирлаш имкони бор, гарчи у камеранинг тўрт девори ичида ёки қамоқхона ҳовлисида бўлса-да. Дўзахда буткул бўлакча. Дўзахда маҳкумлар чунонам кўпки, улар даҳшатли зиндон қаърида бир-бирларига қапишиб ётишади, жаҳаннам деворларининг қалинлиги айрим жойларда тўрт минг милгача келади, маҳкумлар чунонам зич қалашган ва шу қадар ночор аҳволдаки, улуғ раҳнамо Анселм бу ҳақдаги китобида зикр этишича, улар ҳатто кўзларини кемираётган қуртларни олиб ташлаш учун қўлларини қимирлата олишмайди.
Маҳкумлар қоронғуда қалашиб ётишади. Тағин шуни унитмангларки, дўзах олови ёритмайди, ёруғлик таратмайди. Xудди тангри иродаси билан Бобил ўчоғи олови ҳароратини йўқотиб, ёруғини сақлаганидай, дўзах олови, тангри иродаси билан, ҳароратини сақлаб ёруғини йўқотади. Бу — қоронғуликнинг, қора аланга ва қора тутуннинг ҳамда оловланган олтингугуртнинг қутуриб буриқсиган мангу тўфоники, қалашиб ётган жасадлар бир ютум ҳаводан ҳам мосуводирлар. Фиръавнлар заминини тангри дучор этган жамики жазолар ичида энг даҳшатлиси қоронғуликдир. Уч кун эмас, балки азалу абад давом этажак дўзахнинг зимистон тунини нимага қиёслаш мумкин? Бу тор қоронғу зиндон азоби чидаб бўлмас қўланса ҳиддан баттар кучаяди.
Зикр этилганидек, ер юзининг жамики ахлати, кир-чир ва тўкиндиси, мисоли оқава хандакка йиғилгандай, шу маконга йиғиладики, токи Рўзи маҳшарнинг аёвсиз олови бу нажас кўлини ўзининг поклантирувчи оташида буткул ёқиб йўқ қилмасин. Бу жойни ёнаётган олтингугуртнинг тоғдай уюми даҳшатли бадбўй ҳидга тўлдиради ва маҳкумларнинг танаси ҳам ўзидан шу заҳарли ҳидни чиқарадики, авлиё Бонавентура айтмоқчи, бу жасадларнинг биттасиёқ бутун бир оламни заҳарламоқ учун кифоядир. Магар узоқ муддат ҳаракациз ҳолатга тушгудай бўлса, сайёрамиз ҳавоси, бу мусаффо табиат ҳам димиқиб, айнийди. Шундай экан, энди жаҳаннам қўлансаси қанақалигини тасаввур қилаверинг! Лаҳадда йиринг бойлаб балчиққа айланиб ётган, сасиб ириган мурдаларни кўз олдингизга келтиринг. Ва тасаввур этингким, бу мурда олов ўлжасига айлангуси, ёнаётган олтингугуртнинг маҳв этгувчи алангаси комига тортилгуси; ва бунгача ўлаксалар чор-атрофга нафасни бўғувчи, кўнгилни айнитгувчи қўланса ҳид тарқатиб ётади. Сиз ана шу жирканч манзарани — қўланса зимистонда қалашиб ётган сон-саноқсиз мурдаларнинг бадбўй фасоди йиғилган улкан ўрани тасаввур этинг. Буларнинг барини хаёлан кўз олдингизга келтиринг, шунда сиз жаҳаннам азобини қисман тасаввур эта оласиз.
Бироқ бу қўланса ҳид, гарчи нечоғли уқубатли бўлмасин, маҳкумлар дучор этилажак азобларнинг даҳшатлиси ҳали олдинда. Зеро, олов билан қийнаш — буюк азобдирки, золим ҳукмдорлар ўз қўл остидагиларни ана шундай жазога тортганлар. Бармоғингизни шам алангасига бир зум тутиб кўринг ва ўт билан азоблаш нималигини шунда англайсиз.
Бизнинг ердаги оловимиз тангри томонидан одам учун, унинг ҳаётини чароғон этиш, меҳнату машаққатларини енгиллатишдай эзгу ниятда яратилган, аммо жаҳаннам олови мутлақ ўзгача хусусиятдадирки, бу олов тангри иродаси билан тавбадан юз ўгирган гуноҳкорларга жазо ўлароқ пайдо этилган. Бизнинг ердаги олов йўналтирилган нарсани тезда пиширади, куйдиради ё эритади, зеро, унинг ҳарорати юқори. Ва боз, одам боласи тадбиркорлиги боис оловнинг ёниш жараёнини кучсизлантирадиган ёки тўхтатиб қўядиган кимёвий восита-усулларни ихтиро эта билди. Аммо дўзахдаги заҳарли олтингугурт шундайин моддаки, у абадий алангаланиб, ёниб ётиш учун яралган. Боз устига, бизнинг ердаги олов ёндириб йўқ қилади, гуриллаб авж олиб ёнгани сари тез сўнади, лекин дўзах олови йўқ қилмай, муттасил куйдиради, гарчи шиддатли алангаланса-да, ҳеч қачон ўчмайди, сўнмайди.
Бизнинг ердаги олов, унинг алангаси нечоғли ваҳимали ва шиддатли эса-да, доимо муайян чегарага эга, бироқ жаҳаннамнинг олов кўли чеку чегарасиз, на қирғоғи, на таг-туби бор. Маълумингизким, шайтоннинг ўзи қайсидир жангчи саволига жавоб қиларкан, магар бутун бир тоғ қоясини қўпориб дўзах оловига оцалар у мисоли мум томчисидай лаҳзада ёниб кетажагини айтган. Ва бу аждарҳо-олов маҳкумлар танини сиртдангина куйдирмайди! Ҳар қайси маҳкум руҳ ўзи бир дўзахга айланади ва унинг ботинини ёнаётган ўчоққа менгзагулик. Ў, бу бадбахт гуноҳкорлар қисмати нақадар аянчли! Томирларида қон қайнайди, биқирлаб оқади, мия бош суяги ичида эрийди, юрак ўт олади, кўкрак қафасида ёрилади; ички аъзолар оловланган лахча гўштга, кўзлар, бу нозик тўқима, қип-қизил соққадай чўғга айланади.
Бироқ баён этаётганим — дўзах оловининг қаҳр-у запти-ю узлуксизлиги тангри иродасини адо этгувчи қурол бўлмиш жон ва танларни азоблагувчи чексиз қудратга тенг келолмайди. Тангри ғазабидан бино бўлган бу олов ўз-ўзича эмас, балки илоҳий қасос қуроли ўлароқ ҳаракатланади. Чўқинтирилган сув руҳ ва баданни вобаста поклагани мисол қасоскор олов жонни тана билан бирга азоблайди. Танадаги ҳар бир аъзо уқубат тортади ва улар билан якбора руҳ-да қийноққа гирифтордир. Кўз зим-зиё қоронғуликдан кўрмай қолади, бурун—жирканч ҳиддан, қулоқ—оҳу-фарёддан, сезгилар—чўғ-михлар ва темир хивичлар зарбидан, оловнинг аёвсиз тилларидан зир қақшайди. Ва бундайин жисмоний қийноқлар ичида ўлмас руҳ аланганинг беҳисоб тиллари воситасида абадий қийноққа солинади.
Яна шуни унутмангизким, жаҳаннам зиндонидаги ушбу қийноқлар маҳкумларнинг бир-бирларига бақамти ётгани боис зўрайгандан-зўраяди. Ерда зиён-заҳматли унсур яқин бўлса хавфлидир, зеро, ҳатто гиёҳлар ҳам, савқитабиий тарзда, ўзлари учун ҳалокатли, хатарнок нимарсалардан четроқда кўкаради. Дўзахда-чи, дўзахда бу қонун амал қилмайди, оила, ватан, биродарлик, қон-қардошлик алоқалари каби тушунчалар йўқ. Нола-ю фиғон қилаётган, фарёд чекаётган гуноҳкорларнинг қалашиб ётиши уларнинг азобу уқубатларини дубора кучайтиради. Жамики инсоний туйғулар унитилади, маҳкумларнинг оҳу зорлари жаҳаннамнинг энг чека буржларигача бориб етади. Уларнинг оғзидан тангрига қарши койинишлар, теварагидаги ўзи каби гуноҳкорларга ғазабнок сўзлар, куфрга бош қўшган шерикларига лаънатлар ёғилади. Қадим замонда шундайин қоида амал қилган: падаркушни, отасига қўл кўтарган оқпадарни бир қопга хўроз, маймун ва илонлар билан қўшиб жойлашиб, қопнинг оғзини тикишиб денгизга улоқтиришган.
Бизга ўта шафқацизликдай туюлувчи бу қоида моҳиятига кўра, жиноятчига аламзада, ваҳший жонзотларни қўшиб, бирйўла улардан шу зайл қасос олинган. Бироқ тилсиз-жағсиз жонзотларнинг жон талвасаси жаҳаннамда қуриб қақраган даҳанлардан, куйиб ёнаётган бўғизлардан отилаётган аччиқ аламларга қиёсан ҳечдир. Гуноҳкор бандалар дўзахда азоб чекаётганлар орасида ўзларини гуноҳга бошлаган, шунга кўмак кўрсатганларни, бузуқ ўй-хаёллар, бадахлоқ қилиқларга чорлаган сўзларни миясига қуйганларни, ўзларини куфрга йўллаганларни танийдилар ва уларга жон-жаҳдлари билан қаҳру ғазабларини сочадилар, ҳақорату лаънатларга кўмадилар.
Ва ниҳоят, гуноҳкор руҳлар—йўлдан оздирувчилар ва йўлдан озганлар—жинлар билан бирга нечоғли даҳшатли қийноқларга дучор бўлишини-да бир тасаввур этинг. Жинлар маҳкумларни дубора қийноққа солади: ҳам ўзларининг иштироки ва ҳам таъна-ю дашномлари билан. Биз жинларнинг нақадар аянчли эканини ақлга сиғдиролмаймиз. Бир бор жинни кўрган авлиё Екатерина Сиенская: бу даҳшатли махлуққа тағин кўзим тушганидан кўра умримнинг охиригача чўғ устида ялангоёқ юрганим маъқул, деб ёзган. Нега имонли ҳаётдан, эзгу амаллардан юз бурдинг? Нега гуноҳлардан сақланмадинг? Нега ярамаслар билан танишишдан қочмадинг? Нега бузуқлигинг ва бадахлоқлигингга қарши курашмадинг? Нега руҳоний раҳнамойинг панд-насиҳатига қулоқ осмадинг? Нега бир марта, икки марта, уч, тўрт ва юзинчи марта гуноҳга йўл қўйиб ҳам разил амалларинг учун тавба қилмадинг ва афсус-надоматларингни кутган, сени гуноҳлардан халос этмоқчи бўлган эгамдан шафқат тиламадинг? Аммо энди тавба-тазаррунинг вақти ўтди. Вақт бор, вақт бор эди, бироқ энди вақт йўқ. Пинҳона гуноҳ қилмоққа, такаббурлигу ялқовликка, ғайриахлоқий ишрату ҳаловатларга берилмоққа, тананинг ҳайвоний майлларига бўйсунмоққа, ўрмон жондорлари, йўқ, жондорлардан-да баттар кун кечирмоққа вақт бор эди! Зеро, уларда, нари борса, фаҳм йўқки, тўғри йўлга бошласа.
Вақт бор эди, аммо энди йўқ. Тангри сен билан беҳисоб овозларда гаплашди, турли йўсинларда сенга уқтирди, бироқ сен эшитишни хоҳламадинг. Сен такаббурлигингдан қолмадинг, юрагингдаги кеку адоватдан кечолмадинг, эзгу туйғуларга юрагингдан ҳатто жой тополмадинг, муқаддас черков даъватларига қулоқ осмадинг, урф-одатларга итоат этмадинг, номуссиз шерикларингдан ажралмадинг, гумонлардан қутулмадинг. Қийноғу қистовга олгувчи шайтанат ваъзи шунақа: таҳқиромуз ва таъна-дашномларга, адовату, нафратга тўла. Ҳа, айнан нафратга тўла, зеро, уларнинг ўзлари гуноҳ қилишган, яъни фақат фаришта табиатликларига хос гуноҳга — ақл исёнига йўл қўйишган эса-да, ана шу жирканч жинлар ҳам ночор банданинг муқаддас қасрини таҳқирлаган, хўрлаган, ўзини-ўзи топтаган, ору номусдан айирган гуноҳларидан нафратланади, жирканади.
Ў, менинг азиз аҳли Исо иниларим, бизни бундайин таҳқиромуз ваъзни тингламоқдан асрасин! Ҳеч биримизни бундайин мудҳиш қисматга рўбару этмасин. Мен тангрига илтижолар қилиб, айни дамда ибодатхонада ҳозир бўлганларнинг жонлари охирги даҳшатли интиқом куни бадбахтлар қаторида турмаслигини ўтинаман. Улуғ ҳакам қаҳру ғазабига учрашдан, «Мендан нари кетингиз, лаънатилар, иблис ва фаришталарига ҳозирланган абадий оловда ёнинг!», дея амр этилгувчи шафқациз ҳукми қай биримизга-да бўлмасин ўқилишидан асрасин!
У черковдан чиқди; оёқлари дармонсизланиб чалишди; бошининг териси, гўё арвоҳнинг бармоқлари теккандай жунжикди. У зинадан кўтарилиб даҳлизга кирди, деворларда қатлга ҳукм этилган маҳбуслар — бошсиз, қон жўшаган, шаклсиз ёвуз кимсалардай палто ва макинтошлар осилган эди. Қадам ташлагани сайин уни қўрқув баттар чулғаб оларди: у аллақачон ўлган, жони танини тарк этган ва шитоб билан тубсиз чоҳга тушиб бораётир.
Оёғи остида ер сирғалади ва у партага оғир чўкди, қараб ўтирмай қандайдир китобни очиб, мук тушди. Ҳар бир сўз — у ҳақда. Ҳа, шундай. Тангри—мислсиз қудратли. Тангри уни шу дақиқада, ҳозироқ, партада ўтирган жойида, нима бўлаётганини англаб улгирмаёқ ҳузурига чақириб олиши мумкин. Тангри уни чақирди ҳам. Қандай? Шунчалик тезми? Унинг вужуди кичрайди, гўё аланганинг очофат тиллари яқинлашганини ҳис этгандай, гўё олов бўрони куйдирган баргдай бужмайди. У ўлди. Ҳа. Уни суд қилишаётир. Олов сели кўтарилди ва унинг танини куйдирди! Тағин олов сели, тағин. Мияси қизий бошлади. Яна сел ёпирилди. Мияси қайнаяпти, тандирдай қизиган бош суягининг ичида биқирлаяпти. Аланга тили бош суягидан оловли ҳалқа бўлиб отилиб чиқди ва минглаб овозларда чинқирди:
— Дўзах! дўзах! дўзах! дўзах!
Унинг ёнида овозлар эшитилди:
— У дўзах ҳақида гапирди.
— Нима бўпти? Сизларга ҳаммасини уқтирдими?
— Уқтирганда қандоқ. Қўрқувдан ўлиб қолай дедик.
— Сизларга фақат шундай қилиш керак. Тез-тез қўрқитиб насиҳат қилиб турилса, шунда, эҳтимол, яхши ўқирсизлар.
Мадори қуриб, у партанинг суянчиғига таянди. У ўлмади. Тангри унга бу сафар ҳам шафқат қилди. У ҳали ҳам ҳар доимгидай мактабда. Дераза олдида эзиб ёғаётган ёмғирга қараб мистер Тейт ва Винсент Курон туришибди: гаплашаяпти, ҳазиллашишаяпти, бошларини силкишаяпти.
— Сайр қилолсанг эди. Мен ошнам билан Малахайдга велосипедда сайр қилишга келишгандим. Бироқ йўллар тизза бўйи лой бўлса керак.
— Эҳтимол, ҳали сайр қилишга улгирарсизлар, сер.
Таниш овозлар, одатдаги гап-сўзлар, овозлар тинганда синфга чўккан жимжитлик, овқатланаётган тўданинг хотиржам чалпиллатиб чайнаши — булар бари унинг эзилган руҳига таскин берарди.
Ҳали вақт бор. Ў, Биби Марям, гуноҳкорлар раҳнамоси, ўзинг қўлла! Ў, бокира аёл, ажал гирдобидан ўзинг асра!
Инглиз тили дарси тарихий мавзудаги суҳбат билан бошланди. Қироллар, эркатойлар, фирибгарлар, епископлар, мисоли шарпасиз арвоҳлардай, исмлар оғушида ўтишди. Улар бари ўлиб кетишган ва ҳаммаси ҳукм этилган. Оламга эга бўлмоқдан одамга не фойда, модомики у ўз жонини бой берган экан? Ниҳоят у тушуниб етди: одамзод ҳаёти унинг теварагида мисоли водийдай ястаниб ётибди, унда одам-чумолилар меҳнат қилишади, ўлганлари эса дўппайган қабрлар тагида. Ёнидаги боланинг тирсаги унга тегиб кетди ва у юрагида тебраниш содир бўлганини ҳис этгандай бўлди. Ўқитувчининг саволига жавоб бера туриб, ўзининг итоаткорона хотиржам овозини эшитди.
Унинг руҳи тобора тазарру ҳолатига уйғунлашиб борар, азоб-уқубат даҳшатини эслашга ортиқ мадори қолмаган ва итоаткорона дуога юз бурган эди. Ҳа, у оқланажак: у чин дилдан тавба қилади ва афу этилади ва шунда у ёқда, боши устида, самода унинг ўз ўтмишини — гуноҳларини қандай ювганини кўришади. Умр бўйи, ҳар бир соати тавба-тазарруда ўтади! Фақат фурсат беринг, фурсат!
— Ҳаммаси учун, тангрим! Ҳамма-ҳаммаси учун!
Кимдир эшикни қия очди ва черковда тавба маросими бошланиб кетганини айтди. Тўрт нафар бола синфдан чиқишди ва у бошқалар ҳам даҳлиздан юриб ўтишганини эшитди. Юрагини енгил эсган шабададай билинар-билинмас салқин чайқаб ўтгандай бўлди. Бироқ изтироб ичида шундай туйғуни ҳис этдики, гўё юрагига қулоғини қўйган, юраги эса сиқилаётир, тобора секин ураётир, тўхтаб қолаётгандай, томирлари титраётир.
Нажот йўқ. У тавба қилмоғи керак, ҳаммасини — нима қилгани-ю нималарни ўйлаганини, барча гуноҳларини айтиб бермоғи зарур. Бироқ қандай айтади? Қандай?
— Тақсир, мен...
Тавба-тазарру! Бу фикр совуқ ялтираган ханжардай унинг кучсиз баданига қадалди. Бироқ фақат бу ердамас, мактаб черковидамас. У ҳаммаси учун, ҳар бир гуноҳ қилмиши ва куфрона ўй-хаёллари учун чин дилдан тавба қилади, фақат бу ерда — ўртоқлари олдидамас. Бу ердан нарироқда, бирор-бир кишибилмас жойда ўзининг беномуслигини фош этади; ва у тангрига итоаткорона дуо ўқиб, мактаб черковида тавба қилишга журъати етмаётгани боис ундан ғазабланмаслигини ўтинди.
Вақт эса ўтиб борарди.
У яна черковда биринчи қаторда ўтирибди. Дераза ортида кундузнинг ёруғи секин сўнди, офтоб урган қизил парда орасидан кўринган қуёш сўнгги кун — ҳамманинг руҳи чақириб олинадиган Рўзи Маҳшар кунининг қуёшидай туюлди.
— «Кўзингдан жудо бўлдим», бу сўзлар, менинг аҳли Исо иниларим, ҳазрати Довуднинг Санолар китоби 30-сано 23-оятдан. Ота, ўғил ва муқаддас руҳ номи ила. Омин.
Руҳоний хотиржам, ёқимли овозда гапирди. Унинг чеҳраси очиқ эди, у қўлларини кўксига қўйди, бармоқларининг учларини беозор жипслаштирди ва бу мўъжизгина омонат катакка ўхшарди.
— Бугун эрталаб сиз билан дўзах ҳақида суҳбатлашдик, уни тасаввур қилишга ёхуд жамоамизнинг авлиё асосчиси ўзининг китобида айтганидек, руҳий машқлар қилишга, унинг ўрнини белгилашга уриниб кўрдик. Бошқача айтганда, биз онгимизнинг эҳтиросларга мойил томони билан, ақл-шууримиз орқали бу даҳшатли зиндонни ва унга тушганлар дучор бўлишадиган мислсиз жисмоний азоб-уқубатларни тасаввур этишга ҳаракат қилдик.
Ёдингизда сақланг, гуноҳ — икки карра жиноятдир. Бир тарафдан, бу гуноҳга мойил табиатимизнинг чиркин майлларига, ҳар қандай ҳайвоний хоҳиш-истак ва ифлосликларга разилона эрк бериш бўлса, бошқа тарафдан, пок тийнатимиз овозига, ўзимизда мавжуд жамики соф ва бокира туйғулар сасига қулоқ осмасликдирки, бунинг ўзи азиз яратгувчига бўйин бермаслик билан баробар. Шу боис, кечирилмас гуноҳ жаҳаннамда икки хил: жисмоний ва руҳий жазоларга тортилади.
Шундай қилиб, руҳий азоблар ичида энг даҳшатлиси — маҳрумлик азобидир. У шу қадар улуғки, қолган барча уқубатлардан устун. Черковнинг буюк муаллими фариштасифат олим авлиё Фома дейдики, энг оғир лаънат — одам фаҳм-фаросатининг илоҳий нурдан мосуво бўлмоғи, зеро, бундайин кимсанинг ўй-хаёллари тангри марҳаматидан тийилади. Ёдингизда сақлангки, тангри — чексиз марҳаматли мавжудот ва шу боис ундан маҳрум бўлмоқ адоқсиз уқубатдир. Бу фоний дунёда ана шундай маҳрумликнинг оқибатларини биз аниқ тасаввур эта олмаймиз, бироқ дўзахга ҳукм этилганлар чекажак азоб-уқубатлари поёнигача ўзларининг нимадан маҳрум бўлишганларини англаб етадилар ва биладиларки, бу маҳрумликнинг сабабкорлари фақат уларнинг ўзлари.
Ажал етган лаҳзадаёқ вужуднинг узвлари ажралади ва шу лаҳза руҳ тангри сари, ўзининг мавжудлик маконига йўл олади. Ёдда тутинг, менинг азиз биродарларим, бизнинг руҳимиз тангри билан бирлашмоқни қўмсайди. Биз тангрига мансубмиз, тангри туфайли тирикмиз, тангрига тобемиз; дахлсиз унга тобемиз. Тангри ҳар қайси инсоний руҳни илоҳий муҳаббат билан суяди ва ҳар қайси инсоний руҳ ана шу муҳаббатда барҳаётдир. Бошқача бўлиши ҳам мумкинми, ахир? Ҳар бир нафасимиз, ҳар бир фикримиз, тириклигимизнинг ҳар бир лаҳзаси тангрининг битмас-туганмас марҳаматидан. Модомики, онанинг гўдагидан айрилиб қолиши, кишининг оиласидан, гўшасидан ажралиши, биродарлик ипларининг узилиши нақадар оғир жудолик экан, фикр қилинг, бечора руҳнинг ўзини йўқдан бор этган, тириклигини таъминлаган, уни чексиз муҳаббат билан севган яратувчисидан айри тушмоғи қанчалар азобли эканини. Xуллас, олий марҳаматдан мосуво қолмоқ, тангридан айри тушмоқ, бу жудолик азобини чекмоқ, боз устига, айрилиқнинг абадийлигини туймоқ буюк азобдирки, бундайин маҳрумлик уқубатини фақат яратилмиш руҳгина — поена дамни — кўтаришга қобил.
Дўзахда маҳкумлар руҳини қийноққа соладиган иккинчи жазо — виждон азобидир. Чириган ўлик танада қурт пайдо бўлганидайин, гуноҳнинг маддалаб кетиши оқибатида гуноҳкорларнинг руҳида битмас-туганмас азоб, виждон азоби ёхуд папа Иннокентий III таъбири билан айтганда, уч ништарли газанда пайдо бўлади. Бу бераҳм жондор жонга санчадиган биринчи ништар — тирикликда ўтган кўнгилхушликлар хотираси.
Ў, бу қандайин даҳшатли хотира! Олов денгизининг ютоққан тўлқинида қоврилаётган қирол ўз тож-тахтининг дабдабали улуғворлигини эслайди; ақлли, бироқ ахлоқи бузуқ одам — китоблари ва асбоб-анжомларини; санъатни қадрлагувчи — суратларни, ҳайкаллар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни; шинам дастурхонларга ўч кимса — тўкин-чочин базмларни, мазали таомларни ва ўткир виноларни; қурумсоқ кимса эса тилла солинган сандиқларини; босқинчи — зўравонлик орқасидан орттирган бойликни; аламзада, қасоскор, бераҳм қотиллар — ўзларининг қонли қилмишларини; ишратпарастлар ва кажрафторлар — нопок, фаҳшга ботган ҳузур-ҳаловатларни хотирлашади. Улар бунинг барини эслашади ва ўзларини ҳам, куфрона қилмишларини ҳам лаънатлашади. Зеро, жаҳаннам оловида мангу ёнишга маҳкум этилганларга ўткинчи ҳою-ҳавасларнинг нечоғли арзимаслиги буткул аён бўлади! Улар само саодатини дунё эрмакларига, бир ҳовуч темир-терсакка, вақтинчалик довруққа, тана-ю томирларнинг бир неча дақиқалик оройишига алмашганларини англашганда ранжу аламлари, ғазабу нафратлари қайнаб-тошади! Улар чексиз афсус-надоматлар чекишадики, айни шу надоматлар — виждон қуртининг иккинчи, яъни гуноҳлар учун кечикиб, беҳуда чекилаётган афсуслар ништари. Илоҳий интиқом маҳкумларнинг ақл-идроки мунтазам тарзда гуноҳларига қаратилмоғини зарур деб ҳисоблайди, боз устига, тангри, авлиё Августин урғулаганидек, уларга гуноҳни ўз нуқтаи назарича англатади ва маҳкумлар кўз олдида гуноҳ бутун иллату залолатлари билан намоён бўлади. Улар ўз гуноҳларининг жамики қабиҳликларидан огоҳ бўлишади ва надоматлар чекишадики, бироқ энди жуда кеч. Ва имкон борида ҳаракат қилмаганларидан қаттиқ ўкинишади. Бу эса охирги, виждон қуртининг энг заҳарли ва бераҳм ништаридир. Виждон дейди: сенда вақтинг бор эди, имконинг бор эди, бироқ тавба-тазарру қилмадинг. Ота-онанг сени тавфиқли қилиб тарбиялашди. Сенга кўмак учун муқаддас инъомлар, тангри марҳамати ва гуноҳингни кечириш ҳақида ёрлиқ берилган эди. Тангри хизматкори ёнингда эди, токи даъват ва қистовлар билан сени ҳақ йўлига бошласа, сени гуноҳлардан, улар қанчалик кўп ва оғир бўлмасин, халос эцаки, фақат сен бадбахт тавба қилсанг, раҳм-шафқат тиласанг.
Йўқ. Сен буни хоҳламадинг. Сен муқаддас черков хизматкорларига менсимай қарадинг, тавбадан юз ўгирдинг, гуноҳ ботқоғига ботавердинг. Тангри сени чорлади, огоҳ этди, ўзидан бегона бўлмасликка даъват этди. Ў, бу қандайин шармандалик, қандайин мудҳиш кулфат. Олам ҳоқони сенга — тупроқдан яратиб, тириклик нафасини берган бандасига, уни севишни, қонунларига бўйсунмоқни ўтинди. Йўқ! Сен буни хоҳламадинг. Энди эса, агар сен йиғлай билсанг ва жаҳаннамни кўз ёшларингга чўктирсанг-да, барибир бу надоматлар океани ердаги ҳаётинг чоғида чин дилдан афсус чекиб тўкилган бир томчи ёшнинг берган кўмагини етказолмайди. Энди сен тавба-тазарру қилиш учун ердаги ҳаётингнинг бир нафаслик вақтига зор-нолонсан. Бефойда. Вақт ўтди, абадул абадга кеч қолдинг энди.
Жаҳаннамда гуноҳкорларнинг юрагини кемирадиган бу газанданинг уч тиғли ништари ана шунақа. Дўзах қийноғида маҳкумлар ўзларига, ўзларининг бемаза ўй-хаёл билан йўл қўйишган қилмишлари-ю йўлдан оздирган аҳмоқ шерикларига тиғ уришади, ҳаётларини барбод этган шайтонларга тиғ уришади, бироқ энди бефойда, улар ўзларини таҳқирлаётган абадият қаршисида тангрига исён қиладилар ва лаънатлар ёғдирадиларки, эгамнинг раҳм-шавқати ва сабр-тоқатини улар унутгандилар, аммо унинг ҳукму ҳокимиятидан қочиб қутулолмадилар.
Маҳкумлар жаҳаннамда тортилажак навбатдаги руҳий қийноқ — бу азоб-уқубатларнинг муқаррарлигидир. Банда ердаги ҳаёти мобайнида бир қанча ёвуз ишларга қўл уриши мумкин, бироқ заҳарни заҳар кесганидайин, бир ёвуз қилмиш бошқасига халал беради ва акс таъсир кўрсатади. Жаҳаннамда эса аксинча, бир азоб бошқасига халал бермайди, балки уни кучайтиради. Бу ҳам кам: бизнинг руҳий хусусиятларимиз танамиздаги туйғулардан кўра нисбатан мукаммалки, шу боис улар чекадиган уқубатлар кучли бўлади. Шу зайл, руҳнинг ҳар бир хусусияти, ҳис-туйғу каби, ўзига хос азобга дучор этилади: тасаввурни ваҳимали қўрқувлар босади, ҳис этиш қобилияти — гоҳ афсус-надомат, гоҳ ғазабга минади, онг ва ақл — ташқи қоронғуликдан ортиқ даҳшатли ботиний зулматга ботади. Гуноҳкор руҳлар дучор бўлган аччиқ алам, гарчи кучсиз бўлса-да, на макон ва на замонга бўйсунади, ўлдириб ўлдирмайди, тинч ҳам қўймайди. Бу машъум ҳолатни, магар гуноҳнинг бутун қабиҳликлари-ю тангрининг нафрати аёвсизлигини англанмас эканмиз, тасаввур этишимиз мушкул.
Қийноқларнинг муқаррарлиги қатори, бир қарашдан унинг зиддидай туюлувчи, кескинлиги азоби ҳам мавжуд. Дўзах — бу ёмонлик жам бўлган жой, ва сизга аёнки, марказ сари яқинлашган сайин кескинлик ортиб боради. Дўзахдаги азоб-уқубатларни, бир баҳяга бўлсин, ҳеч қандай ташқи ва қарши турувчи куч камайтира олмайди. Ҳатто ўз-ўзича яхшилик ҳисобланган нарса ҳам жаҳаннамда ёмонликка айланади. Бадбахтлар учун ерда таскин омили бўлган дардкашлик у ёқда туганмас қийноққа айланади; олий саодат ҳисобланмиш ақл интилган билим у ёқда нодонликдан кўра ортиқроқ нафаратга лойиқ топилади; жамики жонзотлар — табиат подшосидан ўрмондаги арзимас гиёҳгача талпинадиган нур — у ёқда куйдирувчи ғазаб алангасига дучор этади.
Ердаги ҳаётимизда бизнинг азоб-уқубатларимиз беҳад бардавом ва ҳаддан ташқари катта бўлмайди, зеро, киши тирикликда уларни одатидан келиб чиқиб унутади ёки чидаш беролмай ҳолдан тояди ва шунда бу азоблар тугаб битади. Бироқ дўзахдаги азобларга одатланиш мумкин эмас, чунки улар кескинлиги баробарида ўта хилма-хилдир: бир қийноқ бошқасидан аланга олади ва ёниб гуркираётган оловга улашиб кетади. Бу хилма-хил кескин азоблардан гуноҳкорларнинг қанчалик тинка-мадори қуримасин, бунинг охири бўлмайди, зеро, гуноҳкор банданинг руҳи, азоб-уқубатлари ортиб бориши учун бу бадбахт ёмонлик чоҳида ётаверади. Азобларнинг муқаррарлиги, қийноқларнинг кескинлиги, уқубатларнинг сўнгсиз алмашиб келиши — тангри буюклигига қилинган шаккокликнинг қасоси, само шоҳлигининг талаби ана шундай; мана, гуноҳкорларни поклаш йўлида тўкилган тангрининг бегуноҳ қўзичоғи қони не оқибатларга олиб келади.
Ва дўзахнинг барча азоблари ичида энг оғир азоб — бу унинг мангулигидир. Мангулик! Нақадар қўрққули, нақадар ваҳимали сўз! Мангулик! Инсон аҳли унинг моҳиятига ета олармикан? Ўйланг: азоблар мангу! Магар дўзах азоблари даҳшатли бўлмаган тақдирда ҳам, барибир улар узлуксизки, зотан, уларга мангу давомийлик буюрилган. Бу азоблар мангу, бироқ айни дамда улар ўзининг хилма-хиллигида муқаррар, кескинлигида чидаб бўлмасдир. Ҳашарот чаққандаги оғриқнинг мангу давом этиши ҳатто ақлга сиғмас азоб, дейиш мумкин. Дўзах азобининг мангулигига қандай чидаш мумкин? Узлуксиз! Абадий! Бир йилмас, юз йилмас, мангу. Сиз бу сўзнинг моҳиятини бир зум тасавур қилиб кўринг. Албатта, денгиз қирғоғида қумлоқни кўп кўргансиз. Унинг майда қум зарраларидан ташкил топганини биласиз. Ўйнаб ўтирган боланинг қўлидаги бир сиқим қумдаги зарралар сонига етиб бўлмайди. Энди, миллионлаб мил баланд, ердан осмон қадар кўтарилган энига миллионлаб милга чўзилган, қалинлиги миллионлаб милга тенг қум тоғини кўз олдингизга келтиринг; беҳисоб қум зарраларининг маҳобатли тоғини тасаввур қилинг ва бу зарраларга ўрмонлардаги дарахтлар барглари сонини, беҳудуд океандаги сув томчиларининг сонини, қушларнинг патлари сонини, балиқлар тангалари сонини, ҳайвонлар туки сонини, ҳаво бўшлиғидаги атомлар сонини қўшинг ва кичкина қушча миллион йилда бир марта бу қумтоққа учиб келиб, тумшуғида бир дона қум заррасини олиб кетишини ҳам тасаввур этинг.
Қушча атиги бир квадрат фут қумни ташиб кетиши учун неча миллион-миллион асрлар ўтади? Ҳаммасини ташиб кетгунча қанча асрлар кечади? Бу ақл бовар этмас вақт мобайнида мангуликнинг бир лаҳзаси ҳам ўтиб улгирмаган бўлади. Бу биллионлаб ва триллионлаб йиллар охрига борибгина мангулик ибтидоси бошланади. Ва агар бу қум тоғи яна пайдо бўлса ва яна қушча учиб келиб уни зарралаб ташиса ва бу тоғ осмондаги юлдузлар қадар, коинотдаги атомлар қадар, денгиздаги томчилар қадар, дарахтлардаги барглар, қушларнинг патлари-ю, балиқларнинг тангалари, ҳайвонларнинг туки қадар йўқ бўлиб қайта пайдо бўлса-ю, ҳатто шундан кейин ҳам, яъни сон-саноқсиз марта шундай бўлгач ҳам, мангуликнинг бир дақиқаси ҳали ўтмаган бўлади, ҳатто шунда, шу қадар ниҳоясиз вақт мобайнида, ниҳоясизлигидан ақлимиз шошадики, мангулик энди бошланган бўлади.
Бир авлиё (хотирам алдамаса, бизнинг орденимиз асосчиларидан бири) дўзахни кўра олиш марҳаматига сазовор бўлган. Унга шундай туюлганки, гўё улкан қоронғу даҳлизда турибди, бу ердаги сукунатга фақат жуда катта соатларнинг чиққиллагани халал беради. Соатлар тинимсиз чиққиллайди ва авлиёга улар бир маромда: ҳар доим ҳеч қачон, ҳар доим ҳеч қачон, деган сўзларини такрорлаётгандай туюлади. Ҳар доим дўзахда бўлмоқ бор, ҳеч қачон — самода; ҳар доим тангри жамолидан бенасиб бўлмоқ бор, ҳеч қачон бу ҳузур-ҳаловат насиб этмагай; ҳар доим оловга мубтало, қуртларга ва қиздирилган сим чивиқларга қурбон бўлмоқ бор, ҳеч қачон улардан қочиб қутулиб бўлмас; ҳар доим виждон азобида қийналмоқ, хотиралар оловида куймоқ, зулмат ва афсус-надоматлардан бўғилмоқ бор, ҳеч қачон улардан халос бўлмоқ йўқ; ҳар доим ўзининг қурбонлари чекаётган уқубатлардан иблисона қувонч туяётган разил жинларни лаънатламоқ ва улардан нафратланмоқ бор, ҳеч қачон фараҳбахш руҳлар жамолига бир қараш имкони йўқ; ҳар доим олов қаърида ёниб тангрига нола этмоқ, бир лаҳзалик дам, сўнгсиз азоблардан бир зум нафасни ростлаб олгудек ҳордиқ сўраб илтижолар қилмоқ бор, ҳеч қачон киприк қоққулик фурсатга тангри ижозатини олмоқ йўқ; ҳар доим азоб чекмоқ бор, ҳеч қачон ҳаловат топмоқ йўқ; ҳар доим лаънатга дучор бўлмоқ бор, ҳеч қачон халос бўлмоқ йўқ; ҳар доим, ҳеч қачон! Ҳар доим, ҳеч қачон!
Ў, нақадар даҳшатли жазо! Туганмас азоблар мангулиги, туганмас тана ва руҳ уқубатлари — на йилт этган умид учқуни, на бир лаҳзалик тиним, фақат азоблар, кескинлигининг чеку чегараси, хилма-хиллигининг ҳисоби йўқ, қурбонининг ич-етини абадий кемирадиган азоблар; руҳни куйдириб, танани тилкалайдиган мангу алам, ҳар бир лаҳзаси абадий уқубат бўлмиш азоб — оғир гуноҳлар билан қазо қилганга қудратли ва адолатли тангрининг ростлаган даҳшатли жазоси бу.
Ҳа, адолатли. Одам боласининг чекланган ақли билан фикрлашга қобил кишилар биргина оғир гуноҳ учун тангри жаҳаннам оловининг мангу, муқаррар азобига дучор этишини тушунишга ожизлик қилишади. Чунки улар тана майлларига ва инсоний ақл ноқислигига асир бўлишиб, гуноҳнинг беҳад қабиҳлигини тушуниб етмайдилар. Улар юзаки ўйлашади, зеро, бир енгил хатоликнинг қанчалик жирканч ва қабиҳ бўлишини англашга қодир эмаслар. Агар қудратда мислсиз яратгувчи ўз кучи билан, фақат ёлғиз биргина ножўя иш — ёлғонни, ғаразли назарни, бир дақиқали лоқайдликни жазосиз қолиши шарти билан дунёдаги жамики разиллик ва бахцизликларни: урушларни, касалликларни, босқинчиликни, жиноятни, ўлимни, қотилликни тўхтаца, тангрининг тангрилиги қайда қолади, у бундай қилмайди, у ўз қонунларига бўйсунмаганни жазолайдики, зеро, ҳар қандай хато амал ва куфрона ўй унинг қонунларига хилофдир.
Биргина гуноҳ — ақлнинг бир лаҳзалик такаббурона исёни Иблисни ва фаришталар лашкарининг учдан бирини яксон қилди. Биргина гуноҳ — бир лаҳзалик ақлсизлик ва ожизлик оқибатида Одам Ато ва Момо Ҳаво беҳиштдан қувилдилар ва оламга ўлимни, азоб-уқубатларни олиб келдилар. Ана шу гуноҳларни охир-оқибат ювмоқ ниятида тангрининг ёлғиз ўғли ер узра тушди, яшади, азоб тортди ва чормих қилинган хочда уч соат буюк азоблардан сўнг қазо қилди.
Ў, менинг аҳли Исо иниларим, наҳотки биз карами кенг халоскоримизни таҳқирласак ва унинг нафратини қўзғасак? Наҳотки, тағин унинг чормих қилинган, қийноққа солинган танини топтасак? Муҳаббат ва ғам балқиган бу чеҳрага тупурмоққа журъат эцак? Наҳотки биз, бераҳм муртад мунофиқлар ва тўпори аскарлар сингари, маъсум, кўнгли юмшоқ, биз учун азоб-уқубатларни охиригача тортган халоскоримизни хўрласак? Ҳар қандай гуноҳли калом — унинг нозик танига етказилган жароҳатдир. Ҳар қандай куфрона амал — унинг манглайига ботган тикандир. Биз онгли тарзда бериладиган ҳар қандай нопок ўй-фикр — бу севгувчи юракка санчилган ўткир найзадир. Йўқ, йўқ. Бирор-бир одам боласи тангри буюклигини бу қадар қаттиқ таҳқирламоққа журъат этмагай, зеро, бундайин гуноҳ мангу абадий азоб билан жазолангуси, чунки у тангри ўғлини тағин хочга михлайди ва уни тағин таҳқирларга дучор этади.
Тангрига илтижолар қиламанки, менинг ночор панд-насиҳатларим ҳақ йўлидан бораётганлар диёнатини қуватлагай, иккиланганларни қўллаб-қувватлаб, адашган бечора қалбларни диёнатга бошлагайки, агар орамизда бундайлар бор бўлса. Тангрига илтижолар қиламан — сиз ҳам мен билан бирга дуо қилингиз — у бизга гуноҳларимиз учун тавба қилишга кўмак берсин. Энди ҳаммангизни бу жойда, мана шу оддий черковда тангри нигоҳида тиз букиб, менинг ортимдан тавба дуосини такрорлашга чорлайман. У шу ерда, нажот кемасида, одам қавмига меҳр-муҳаббатга тўлуғ ва азобда қолганларга таскин беришга тайёр. Қўрқманг. Гуноҳларингиз нақадар кўп ва оғир бўлмасин, агарда тавба қилсангиз, кечирилгусидир. Бекорчи шарм-ҳаё сизга монелик қилолмайди. Ахир, яратган эгам — бизнинг раҳм-шафқатли яратгувчимиз гуноҳкор бандасига абадий ҳалокатнимас, балки тавба-тазарруни ва тақволи ҳаётни истайди.
Сизларни у ўзига чорлайди. Сиз — унинг болалари. Сизни у йўқдан бор қилди. У сизни яхши кўради, фақат тангригина чин муҳаббат соҳиби. Сизни қучишга унинг қучоғи очиқ, гарчи сиз унга зид гуноҳ қилган бўлсангиз-да. Унга талпин шўрлик гуноҳкор, ночор, нотавон, адашган банда. Айни пайти, тангрига матлуб муддат бу.
Руҳоний ўрнидан турди, меҳробга юзланди ва қоронғуликда тиз чўкди. Ҳамманинг тиз чўкишини ва шитирлаган товушлар буткул тинчишини кутиб турди. Шундан сўнг, бошини кўтариб, ғайрат билан тавба-тазарру дуосини ўқий бошлади. Болалар унинг айтганларини сўзма-сўз такрорлашарди. Тили томоғига ёпишиб қолган Стивен бошини қуйи эгди ва ичида дуо ўқиди.
— Тангрим, яратган эгам,
— Мен чиндан ғам чекаётирман,
— Негаки, сенинг қаҳрингни қўзғадим, тангрим,
— Ва қилган гуноҳларимдан жирканаман,
— Улар ҳар қандай бадбахтлик ва ёвузликдан-да мудҳишдир,
— Чунки мен сенинг муқаддас иродангга зид иш қилдим,
— Сен эса, яратган эгам, қудратда мислсиз ва марҳаматлисан,
— Ва ҳар қандай юксак ҳамду саноларга муносибдирсан,
— Бу менинг илтижоларим, парвардигор,
— Қутлуғ карамингдан бенасиб этмагайсан,
— Сўнгги кунимга қадар сенинг қаҳрингни қўзғамагайман,
— Ва умрим бўйи гуноҳларимни ювиб ўтгайман.

* * *
Овқатланиб бўлгач, у юқорига ўзининг хонасига чиқди, шу ерда юраги билан ёлғиз дардлашгиси келди ва ҳар бир зинани босиб кўтарилганда юраги бир тўлғанар, тўлғаниб, ғира-шира қоронғуликда у билан бирга тепага кўтариларди.
У эшик олдидаги майдончада тўхтади, кейин тутқични ушлаб босди ва эшикни илдам очди. Қўрқув ичида суст қимирлар, юраги ҳам бутун вужуди билан бирга азобланарди; у овозини чиқармай дуо ўқиди, бўсағадан ҳатлаганда манглайи ажалга рўпара келмаслигини, қоронғи бурчакка жам бўлган жинлар ўзини банди этмаслигини сўраб ўтинди. У бўсағада, гўё аллақандай қоронғу ғор оғзига рўпара келгандай, қотиб кутди. Ғорда унинг пайига тушган қўрқинчли башаралар ва чақчайган кўзлар пойлаб туришибди.
— Биз, албатта, жуда яхши билардикки, гарчи бу, шубҳасиз, ойдинлашиши керак эди, унга жуда қийин бўлади бу уриниш, ўзини мажбур этиш, маънавий вакилни тан олишга уриниб кўриш ва биз, албатта, жуда яхши билардик...
Шивирлаб гапираётганлар кўзларини чақчайтириб пойлашади, сирли овозлар ғорни қоплайди. Тан ва жонга тушган қаттиқ қўрқув борлиғини сиқувга олади, бироқ у бошини дадил кўтариб қатъият билан хонага қадам ташлайди. Таниш хона, таниш дераза. У ўзини қоронғуликдан келаётган ваҳимали шивир-шивирлар мутлақо бемаънилигига ишонтиради. У ўзини деразалари ланг очиқ бу хона ўзиники эканига ишонтиради.
У эшикни ёпди, каравотга томон тез юриб бориб, тиз чўкди ва юзини қўллари билан бекитди. Унинг қўллари совуқ ва ҳўл эди, бутун бадани титроқдан зирқирарди. Жисмоний чарчоқ, титроқ ва ҳорғинлик унинг мадорини қуритган, фикрини йиғиб ололмасди. Нега у тунда чулдираб дуо ўқиётган гўдакка ўхшаб тиз чўкиб ўтирибди? Юраги билан ёлғиз дардлашиш учун, виждонига қулоқ тутиш, гуноҳларини ростгўйлик билан тан олиб, қаерда, қандай шароитда уларга қўл урганини эслаш ва қилмишларидан ғамга ботиб йиғлаш учун. Бироқ у йиғлай олмади. У ҳатто гуноҳларини эслай олмади ҳам. Фақат оғриқни сезди, руҳи ва тани азоб чекаётганини, бутун борлиғи—хотираси, иродаси, онги ва бадани ҳолдан тойганини ҳис этди.
Бу жинлар, унинг фикрларини чалғитишга, виждонини ухлатишга, гуноҳга ботган қўрқоқ вужудига эга бўлиб олишга уринаётир; у бўшанглиги учун тангридан юраги дов бермай изн сўраб илтижо қилиб, ўрнидан турди ва кароватга чўзилиб кўрпага бурканди-да, тағин юзини қўллари билан бекитди. У гуноҳ қилди, У тангри иродасига, само салтанатига қарши оғир гуноҳ қилди, минбад тангрининг ўғли деб аталишга номуносиб.
Наҳотки у, Стивен Дедалус, шу қилмишларга қўл урди? Бунга жавобан виждони тилга кирди. Ҳа, у яширинча, қабиҳлик билан, бир неча бор гуноҳ қилди. Энг ёмони, бошдан-оёқ гуноҳга ботганига, руҳи куфр ботқоғига беланганига қарамай, меҳроб рўпарасида юзига фаришта ниқобини тутишга журъат этди. Тангри эса унга раҳм қилди. Гуноҳлар, худди моховлар тўдасидай, уни қуршаб олди, нафаслари юзига урилди, тўрт томондан босиб келди. У дуо ўқиб гуноҳларини унутишга чиранди ва қўллари билан босиб, кўзларини маҳкам бекитди. Бироқ юраги тинчимади. Унинг кўзлари бекилган эди, бироқ у ўзи гуноҳ қилган жойларни кўрди; қулоқлари маҳкам бекитилган эди, бироқ у ҳаммасини эшитди. Бутун кучини йиғиб ҳеч нарсани кўрмасликка, эшитмасликка уринди. Зўр бериб уринганидан бадани титради ва туйқусдан руҳи хотиржам тортди, бироқ бу бир лаҳза давом этди. Шунда унинг кўзига бир нималар кўринди.
Қушқўнмаснинг қотган томирлари, қичитқининг буталари сочилган харобазор. Бу мудҳиш чангалзорда пачоқ тунукалар, кесаклар, қуриб қолган ахлат уюмлари ётибди. Нажасдан оқиш ҳовур кўтарилиб, тиканли сарғимтил-яшил томирлардан тепага ўрлайди. Тунукалардан, қотган тезакдан худди ботқоқдан анқигандай кучсиз ва қўланса аччиқ ҳид уфуради.
Далада аллақандай мавжудотлар санғийди: битта, учта, олтита. Улар у ёқ, бу ёққа бемақсад сандирақлайди. Юзи ўликникидай жонсиз одамбашара, шохли, сийраксоқол эчкинусха махлуқлар. Қаҳру ғазабга минган бу махлуқлар узун думларини судраб нари бориб, бери келиб, тентирайди. Қоқсуяк қаримсиқ юзларида заҳарханда иржайган бадхоҳлик аломатлари кезинади. Бири патли газламадан тикилган жулдур нимчага бурканган, бошқа бири — соқолчаси бурганнинг қабзасига илашганда бир маромда ангиллайди. Уларнинг қақраган лабларидан тушунарсиз сўзлар чиқади. Улар майдонни айланаверади, томирларни оралаб ўтади, думларига илашган тунукалар шақирлайди, ёввойи ўтлар оралаб зир югуради. Улар аста-секин ўраб, тобора унга яқинлашиб келади. Лабларидан тушунарсиз сўзлар учади; ҳавони ҳуштак чалиб кесиб тушаётган думларига сассиқ ахлат ёпишган, қўрқинчли башаралар юқорига чўзилади...
— Қутқаринг!
У даҳшатга тушиб кўрпани улоқтирди, юзини ва бўйнини бўшатди. Мана унинг дўзахи. Тангри унга гуноҳлари учун ҳозирланган жаҳаннамни кўрсатди — жирканч, бадбўй, бузуқларнинг, бадбин ва эчкинусха жинларнинг ҳайвоний дўзахи. Унинг, унинг дўзахи!
У каравотдан ирғиб турди: ичак-чавоғини ағдар-тўнтар қилган бадбўй зардоб томоғига тиқилди. Ҳаво! Осмон ҳавоси! У судралиб деразагача зўрға етиб келди, кўнгли айнишидан ҳушини йўқотар аҳволда эди. Ювинадиган тос олдида уни қалтироқ босди ва ҳушидан айрилиб, қўлини муздай манглайига босганча, жон азобида қусавериб букчайиб қолди.
Бироз ўзига келгач, у машаққат билан деразагача бориб олди, дераза тавақасини очиб, бир амаллаб токчанинг четига ўтирди. Ёмғир тинди. Туман уюмлари бир ёруғ нуқтадан бошқаси томон сузар, гўё шаҳар теварагида пилла йигираётганга ўхшарди. Осмон сокин, ҳаво худди ёмғирга чумилган ўрмон ҳавосидай, нафас олиш ҳузурли; ва шу жимлик, жимирлаган ёғдулар ичида ва сокин ҳузурбахш ҳавода у ўз юрагига ваъда берди.
У дуо ўқиди:
«Бир гал у осмон шавкати-ла ерга тушмоқни истади, бироқ биз гуноҳга йўл қўйдик. Ва у бизга улуғлигини, зиёсини яширмай кўрина олмасди, зеро, у тангри. Ва у ўзини намоён этди, қудратда мислсиз шуҳрати билан эмас, маъсумлиги билан ва сени, ўз қўли билан бино этганларга нигоҳимизнинг имкони даражасида мўминлик шукуҳи ва ёғдусига чулғаб бизга юборди. Ва энди айни қиёфанг ва сенинг вужудинг бизга ердагидай кўзга хатарнок гўзаллик ҳақида эмас, балки нишонанг бўлган айни тонг юлдузига менгзагули мангу кун ҳақида гапиради. Ў, ўша куннинг даракчиси! Ў, зиёратчи йўлини ёритувчи қуёш! Бизга айни бурунгидай йўл кўрсатавер. Тун зулматида, нажоциз саҳрода бизни халоскоримиз Исо Масиҳга, бошпанамиз ва манзил-маконимизга еткар!»
Унинг кўзлари ёшга тўлди ва итоаткорона нигоҳини осмонга тикди, у ўзининг бой берилган бокиралигига қайғуриб йиғлаб юборди.
Бутунлай қоронғу тушгандан сўнг у уйдан чиқди. Ташқарига чиққанда нам ва қоронғу ҳаводан олган биринчи нафас ва ортидан ёпилган эшикнинг тақиллаши дуо ўқигандан ва кўз ёш тўкканидан кейин хийла хотиржам тортган қалбини тағин алағда қилди. Тавба қил! Тавба қил! Қалбни фақат дуо ва кўз ёшлар билан хотиржам қилиб бўлмайди. У муқаддас руҳ хизматчиси рўпарасида тиз чўкмоғи ва унга ўзининг пинҳона гуноҳларини рўй-рост ошкор этиб, тавба қилмоғи лозим. Кириладиган эшик унга ичкарига кириши учун йўл очаётиб очилгунга қадар, ошхонада кечки овқат тортилган дастурхонга кўзи тушгунга қадар, у тиз чўкиб тавба-тазарру қилади. Ахир, бу жуда осон.
Виждон азоби тинчиди ва у қоронғу кўчаларда илдам юриб кетди. Бу кўчаларга тўшалган тошлар нечта, бу шаҳардаги кўчалар, дунёдаги шаҳарлар қанча! Мангуликнинг интиҳоси йўқ. У эса оғир гуноҳларни кўтариб юрибди. Бир мартагина куфрга йўл қўйиш — бу ҳам оғир гуноҳ. Бу бир лаҳзада рўй бериши мумкин. Қандай қилиб бир лаҳзада? Бир қарашда, бир куфрона фикр оқибатида. Сен кўришни истаганингча кўзинг кўриб улгуради ва бир лаҳзада гуноҳ қилиб қўясан. Бироқ тананинг бу аъзоси бирор нимани идроклайдими? Илон — ердаги газандаларнинг энг маккори. Бир лаҳза ичида у ўзининг нимани хоҳлаётганини тушуниб етади ва кейин лаҳзама-лаҳза гуноҳкор қилмишини амалга оширади. Буни у ҳис этади, тушунади ва қўмсайди. Нақадар даҳшатли бу! Уни ким бундай қилиб яратган, вужуднинг бу ҳайвоний қисмини, ҳайвоний тушуниш қобилиятини ва ҳайвоний қўмсаш туйғусини? Бу нима: унинг ўзининг ёки аллақандай ғайриинсоний ноаён руҳнинг амали оқибатими? У илоннинг ланж ҳаётига ўхшаган, унинг вужудидаги шарбатни сўрадиган ва шишиб, куфрона шаҳватга ботадиган бу ҳаётни тасаввур этганда юраги сесканди. Ў, нега бу шундай? Нима учун?
Тангри олдида, жамики тириклик ва борлиқни яратган парвардигори олам қаршисида итоаткорона хўрлик ва қўрқувда хаёлидан кечган бу ножоиз саволлар зулматидан кичрайиб, жунжайиб қолди. Телбалик бу! Унга бундай куфрона фикрни ким айтиши мумкин? У қорнғуда гумраниб, эзилиб, ўзининг халоскор фариштасига овоз чиқармай илтижо қилди, қиличи билан унинг қулоғига куфрона гапларни шивирлаётган шайтонни қувиб солишини ўтинди.
Пичирлаган овоз тинди ва шунда у аниқ тушундики, унинг ўзининг руҳи йўлдан озган, ҳам сўз, ҳам амал, ҳам ўй-хаёллар билан гуноҳга йўл қўйган, тани эса гуноҳнинг воситаси бўлган. Тавба қил! Ҳар бир гуноҳинг учун тавба қил. Руҳонийга қилган қилмишларини қандай юз билан айтади? Бироқ у айтиши керак, албатта, айтиши керак. Уятдан юзи куйиб, қандай тушунтирар экан? Буни уялмай туриб амалга оширишнинг иложи бормикан? Нодон! Тавба қил! Эҳтимол, шундан сўнг у чиндан ҳам яна эмин-еркин ва гуноҳлардан буткул холи бўлар. Эҳтимол, руҳоний руҳини оғир юкдан енгиллатар! Ў, карами кенг тангрим!
У хира ёруғ кўчалардан, иккиланиб бирор-бир лаҳзага тўхтаб қолишдан чўчиб, илдам юриб борарди. Эзгуликка йўғрилган тангрининг меҳрли нигоҳи назар этган қалб беҳад гўзал бўлса ажабмас!
Бефарқ сотувчи аёллар ўзларининг саватлари билан курсичаларда ўтиришибди. Уларнинг ёғ босган сочлари тутам-тутам бўлиб манглайида осилиб турибди. Улар кир-чир кийимда, букчайган кўйи лой кўчада ўтиришибди. Бироқ уларнинг қалби тангрига очиқ ва агар уларнинг қалби илоҳий ёғдудан баҳраманд бўлса, улар ўзидан нур таратади ва тангри меҳрли нигоҳини улардан дариғ тутмайди.
Хўрлик туйғуси унинг руҳини чўктирди. Модомики, унинг эмас, мана бу юрган қизларнинг қалби тангрига хуш келган экан, у жуда тубан кетгани аён! Уларнинг бошлари узра эсиб ўтган шамол бошқа сон-саноқсиз қалблар томон йўналади, улар тангри марҳамати билан гоҳ кучли, гоҳ кучсиз, худди бир ёниб, бир нурсизланган юлдузлардай, ёришади. Милтиллаган кучсиз қалблар парвардигор марҳаматидан бенасиб қолади, четлашиб кетади, улар хира нурланади ва кучли шамолдан ўчиб-сўниб қолади. Мана, биттаси ҳалок бўлди: ушшоқдай юрак ёлқини ўчди, бу унинг қалби. У бир ловуллаб сўнди, унутилди, ҳалок бўлди. Энди тамом: бу ёғи зулмат, қаҳратон, бўм-бўшлик, йўқлик.
Ақли бовар қилмаган, яшаб кўрмаган чеку чегарасиз мангу вақтдан мавжуд воқеликка қайтиш, теварагидаги ҳаётни ҳис этиш туйғуси унга аста-секин қайтди. Ҳануз атрофда ўша ночор турмуш давом этар: одатдаги бақириқ-чақириқлар эшитилар, дўконларнинг газ чироқлари хира ёришиб турар, балиқнинг, спиртнинг ва нам тортган тахта қириндисининг ҳиди анқир, ўткинчилар — эркаклар ва аёллар бориб-келиб юрарди. Қўлида керосин идиш кўтариб олган қари кампир кўчани кесиб ўтмоқчи бўлди. У эгилиб кампирдан, шу яқин орада черков борми, деб сўради.
— Черковми, сер? Ҳа, бор, Черч-стритда.
— Черч-стритда.
Кампир идишни бошқа қўлига олди ва унга йўлни кўрсатди. Рўмолининг попуклари тагидан териси буришган, керосин ҳидли қўлини чиқарганда Стивен кампирга яқинроқ эгилди, унинг овозидан юраги орзиқиб, енгил тортди.
— Ташаккур.
— Марҳамат сер.
Меҳроб олдидаги саҳнда шамлар ўчирилган, бироқ ним қоронғу бурчаклардан ладаннинг хушбўй ҳиди таралиб турибди. Соқолли, художўй қиёфали хизматкорлар ён тарафдаги эшик орқали тахтиравонни кўтариб чиқишаётир, руҳоний уларни босиқлик билан имо-ишора қилиб, маслаҳат бериб бошқараётир. Черков қавмининг бир неча тиришқоқ аъзолари ёнбошдаги саҳнда тиз чўкишганча ибодат қилишаётир. У тортиниб кирди ва ичкаридаги охирги ўриндиқ олдида тиз чўкди, кўкси ғира-шира ёруғ черковнинг сокин, жимжит ва хушбўй ҳавосидан тўлиб-тошди. У тиззаларини қўйган тош тахта энсиз ва ишқаланавериб ейилиб кетган, ёнида тиззаларини букиб ибодат қилаётганлар эса Исонинг итоаткор издошлари. Исо ҳам камбағал муҳитда туғилган ва оддий дурадгор бўлиб ишлаган — тахта арраланган, рандалаган, у илк бор тангри салтанатидан сабоқ берган кишилар камбағал балиқчилар бўлишган, уларни Исо итоаткорликка ва беозорликка ўргатган.
У қўлини бошига қўйди, юрагига ёлвориб итоаткор ва беозор бўлишга ўтинди, токи ёнида тиззаларини букиб ўтирганлар сингари мўмин, ибодати ҳам уларникидай яратганга матлуб бўлсин. У оддий одамлар қаторида ибодат қилар, бироқ бу жуда оғир кечарди. Унинг қалби гуноҳдан бадбўйлашган ва у Масиҳнинг тангрига хос карам билан биринчилар қатори ўзига чорлаганлари — дурадгорлар, балиқчилар, дарахтни арралаб тахта тайёрлайдиганлар, қаноат билан эринмай тўр ямайдиган камбағал авом каби чин дилдан ибодатга киришиб, тавба қилолмасди.
Зинадан баланд бўйли жусса тушиб келди, ибодатхонадагилар ғимирлаб қолди. У бошини кўтариб, узун оппоқ соқолга ва жигарранг руҳонийча либосга кўзи тушди. Руҳоний тавба-тазарру хонасига кириб, кўздан ғойиб бўлди. Икки киши ўрнидан туриб, икки тарафдан ўша ёққа ўтишди. Эшик дарчаси бекилди ва паст шивирлаган товуш жимликни бузди.
Унинг томирларида қон гупурди, бу худди гуноҳга ботиб ғафлатда ётган шаҳар қўққисдан уйғотилган ва ўзига ўқилган ўлим ҳукмини эшитгандагидай бир ҳолат эди. Аланганинг тиллари биланглайди, томларни кул ва қурум босади. Уйқудагилар чўчиб уйғонади, тандирдай қизиган ҳаводан бўғилишиб, жон ҳолатда оёққа қалқишади.
Дарча очилди. Тавба-тазарру қилган киши чиқди. Нариги тарафдаги дарча ҳам очилди. Xотиржам қиёфадаги аёл чаққон юриб ўша, боягина биринчи бўлиб тавба қилган киши тиз чўкиб ўтирган тарафга ўтди. Тағин кучсиз шивирлаган товуш эшитилди.
Ҳали ҳам бу ердан кетиши мумкин. Ўрнидан туради, бир қадам ташлайди, кейин секингина чиқиб, ортига қарамай югуриб кетади. Ҳали ҳам шарманда бўлишдан қутулиш мумкин. Бу, эҳтимол, ўта даҳшатли жиноятдир. Ҳатто қотиллик қилишдан-да баттардир. Барибир уят ҳисси уни оёғидан бошигача, худди қизиб турган кул-қурумга белангандай, кўмиб юборди. Қилмишларини бирма-бир сўзлаб бериши нақадар оғир! Унинг зада юраги чидолмайди бунга, ўлиб қолади.
Дарча яна очилди. Тавба-тазарру хонасидан кимдир чиқди. Берироқдаги дарча ҳам очилди. Иккинчи бўлиб тавба қилгани кирган киши чиқиб, навбатдаги кирди. Энди хонадан майин чулдираган товуш эшитилди. Аёл киши тавба-тазарру қилаётир. Майин шивирлаган ҳовур кўтарилди, беозор шивирлаб беозор сўнадиган сас.
У ёғоч ўриндиққа қапишганча, хўрлиги келиб кўкрагига муштларди. Минбад у одамларга ўзини яқин олади ва тангрини танийди. Ўз яқинини яхши кўради. Тангрини, ўзини бино қилган ва яхши кўрувчи эгамни дейди. Тиз чўкади, ҳамма қатори ибодат қилади ва шунда, албатта, бахтли бўлади. Тангри унга муборак назарини ташлайди, ҳаммаларини кўради ва ҳаммаларини суяди.
Яхши одам бўлиш қийин эмас. Тангрининг юклаган ташвишлари ширин ва уларни адо этиш енгил кечади. Муҳими, ҳеч қачон гуноҳ қилмаслик, доимо гўдакдай беғубор, пок бўлиб қолиш, чунки тангри гўдакларни суяди ва уларни ўзига яқин олади. Гуноҳ қилиш жуда оғир юк ва оқибати даҳшатли. Бироқ тангри, чин дилдан тавба-тазарру қилганлардан, мушфиқ гуноҳкорлардан меҳр-шафқатини дариғ тутмайди. Ў, бу нақадар чин! Мана, чинакам меҳрибонликнинг туб моҳияти!
Дарча туйқусдан очилди. Аёл чиқиб келди. Энди унинг навбати. У титраб-қақшаб ўрнидан турди ва худди туш кўраётгандай, ҳеч нимани илғамай, тавба-тазарру хонасига ўтди.
Унинг фурсати етди. Жимжит хира ёруғликда у тиз чўкди ва бошини кўтариб рўпарасидаги оқ бутга қаради. Унинг тавба қилаётганини тангри кўради. У ўзининг қилган барча гуноҳларини тўкиб-солади. Узундан-узоқ тавба-тазарру қилади. Черковдагиларнинг бариси унинг қанақа гуноҳкор эканини билиб олишади. Майлига билишсин, бу ҳақиқат бўлганидан кейин. Бироқ тангри, агар у тавба қилса, гуноҳидан ўтишни ваъда қилган, мана, у тавба қилаётир. У қўлларини чўзди ва оқ бутдан тавоф олди. У жазавага тушиб ибодат қилди: кўзларини ёш қоплади, лаблари титради, бадани жимирлаб кетди; алам билан бошини у томондан бу томонга сермаб, дуо сўзларини ҳаяжон билан айта бошлади.
— Пушаймонман, пушаймонман, ў, пушаймонман!
Дарча қия очилди ва унинг юраги шув этиб кетди. Панжара ортида унга ярим бурилган, қўлига таянган ҳолда, кекса руҳоний турарди. У чўқинди ва руҳонийдан ўзини дуо қилишини сўраб, гуноҳга йўл қўйганини айтди. Кейин, бошини қуйи солиб, қўрқув ичида «Cонфитеор»1ни ўқиди. «Менинг энг оғир гуноҳим» деган сўзда тўхтади, унинг нафаси тиқилди.
— Қачон охирги марта тавба қилган эдинг, бўтам?
— Анча бурун, тақсир.
— Бир ой бурунми, бўтам?
— Кўп бўлди, тақсир.
— Уч ой бўлдими, бўтам?
— Кўпроқ, тақсир.
— Олти ойми?
— Саккиз ой, тақсир.
Мана — бошланди. Руҳоний сўради:
— Бу муддат ичида қандай гуноҳларга қўл урдинг?
У бирин-кетин санай бошлади: ибодатларни ўтказиб юборгани, дуоларни ўқимагани, ёлғон гапиргани — барисини айтди.
— Яна-чи, бўтам?
Адоват, ҳасад, хушомад, шуҳратпарастлик, итоацизлик гуноҳларига йўл қўйган.
— Яна қандай, бўтам?
— Мен... зинога йўл қўйдим, тақсир.
Руҳоний бошини буриб қарамади.
— Ўзинг билан ўзингми, бўтам?
— Бошқалар билан ҳам.
— Аёллар биланми, бўтам?
— Ҳа, тақсир.
— Эри бор аёллар биланми, бўтам?
У билмайди. Гуноҳлар унинг лабидан бирин-кетин оқиб чиқаверди, унинг мадда бойлаган ярадай қалбидан йирингга қоришган қон мисол томчилади ва гўё иркит бўтана оқимга айланди. У ичидаги энг уятли, қабиҳ гуноҳларини ҳам сўнгги томчисигача сиқиб чиқарди. Бошқа айтадиган гап қолмади. Унинг тинка-мадори қуриб, боши осилиб қолди.
Руҳоний бироз жим турди. Кейин сўради:
— Ёшинг нечада, бўтам?
— Ўн олтида, тақсир.
Руҳоний бир неча марта юзини қўли билан силади. Кейин бошини кафтига тираб, панжарага энгашди ва ҳануз унга қарамай, секин гапира бошлади. Унинг овози ҳорғин ва қарияларга хос эди.
— Сен ҳали жуда ёшсан, бўтам, — деди у, — мен сендан ўтиниб сўрайман, бу гуноҳдан воз кеч. У руҳни ўлдиради, танани хароб қилади. У — жамики жиноятлар ва бахцизликларнинг сабабчиси. Ундан воз кеч, болам, худо ҳаққи воз кеч. Бу номақбул ва тубан майил. У сени қаёққа бошлашини билмайсан ва бир кун ўз оёғинг билан жар лабига бориб қолганингни сезмай қоласан. Ҳозирча бу гуноҳ сени асир қилиб олибди, менинг нотавон болам, шу боис тангри марҳамати сени тарк этган. Муқаддас онамиз Биби Маряга илотижо қил. У сенга кўмак беради, бўтам. Бошингни куфрона ўй-хаёллар чулғаганда бокирамиз Биби Марямга сиғин. Сен унга ибодат қиласан, албатта, бўтам? Сен бу гуноҳларингга афсус чекасан, мен ишонаман, тавба қиласан. Ва сен тангри таолога қасамёд келтириб, ҳеч қачон бундай қабиҳ гуноҳлар билан унинг қаҳру ғазабини қўзғамасликка сўз берасан. Сен тангрига шундай тантанали қасам ичасан, тўғрими, бўтам?
— Ҳа, тақсир.
Кексаларга хос вазмин овоз унинг титраб турган, ҳаяжондан ёниб-қақраган юрагига мисоли оби-ҳаётдай таъсир этарди. Нақадар қувончли ва нақадар қайғули!
— Сўз бер, бўтам. Сени иблис йўлдан урган. У сенга тағин таҳдид этгудай бўлса, лаънатини қайта жаҳаннамга ҳайда, бизнинг яратгувчимизни кўролмайдиган бу нопок руҳни қув. Танингни хўрлама. Тангрига қасамёд эт, бу қабиҳ гуноҳдан юз ўгирганингни айтиб сўз бер.
Кўз ёши ва тангрининг меҳр-шафқат нуридан кўзи қамашиб, гуноҳлардан халос этаётган тантанавор сўзларни эшитиб ва ўзига фотиҳа бераётган руҳонийнинг қўлини кўриб, у бошини қуйи солди.
— Тангри ризо бўлсин, бўтам. Мени дуо қил.
У қоронғу бурчакка тиз чўкди ва тавба-тазарру дуосини ўқий бошлади, дуо унинг осойишта юрагидан, мисоли оқ атиргулнинг муаттар бўйи каби самога кўтарилди.
Лой кўчалар чароғонлашгандай эди. У кўча бўйлаб бораётир, борлиғини кўз илғамас ҳузур-ҳаловат чулғаб, танига қушдай енгиллик бағишлаётганини ҳис қилди. У ўзини енга олди, тавба қилди ва тангри уни афу этди. Унинг руҳи яна покиза ва муқаддас, муқаддас ва хушбахт бўлди.
Шу дамда қазо қилгудай бўлса, магар бунга тангри таоло изн берса, ғоят гўзал бўларди. Ҳузур-ҳаловатда, яқинлари билан тинч-тотувликда, ҳиммат ва итоатда яшаш ҳам жуда гўзал.
У ошхонада ўчоқ рўпарасида ўтирибди, туйғуларга тўлиб-тошганидан бир сўз айтишга журъат этолмайди. Шу дамларгача ҳаётнинг бу қадар жозибали ва ҳузур-ҳаловатли эканини у билмаган эди. Тўғноғичлар билан чироқнинг гирдига тўғнаб қўйилган яшил қоғоздан пастга нимранг соя тушиб турибди. Буфетдаги тақсимчаларда енгил таомлар, жавонда тухумлар турибди. Бу коллеждаги черковда ўтадиган қовушув маросимидан сўнг эрталабки нонуштага. Енгил таомлар ва чой, чой ва енгил таомлар. Ҳаёт нечоғли оддий ва жозибали. Бутун ҳаёт ҳали олдинда.
Жамики ўй-ташвишларни унутиб, у ётгани чўзилди ва ухлаб қолди. Ўй-ташвишларсиз уйғонди ва тонг отганини кўрди. Xудди тушдагидай, руҳи енгиллашиб эрталабки сокин кўча бўйлаб коллежга кетди. Болаларнинг бариси аллақачон черковда, ҳар қайсиси ўз ўрнида, тиз чўкиб ўтиришибди. У болалар орасига кириб, хушбахт ва хижолат тортиб ўтирди. Меҳроб хушбўй оқ гулларга бурканган, тонг ёруғида шамларнинг оқиш нури оқ гуллар орасида, худди унинг руҳидай, тиниқ ва хотиржам нур таратади.
У дўстлари орасида, меҳроб рўпарасида тиззаларини букиб ўтирибди, тахтиравон пардаси қўллаб-қувватлаб турган кўйи, уларнинг қўллари устида ҳилпирайди. Руҳоний муқаддас неъматлар солинган идиш билан ҳар бир боланинг олдида тўхтаб ўтаркан, унинг қўллари титрар, юраги жимирлаб кетарди.
— Corpus Domini nostril[2].
Тушими ё ўнгими? Бу ерда у тиз чўкиб ўтирибди — гуноҳсиз, беозор; ҳозир у муқаддас неъматдан тотинади ва тангри унинг покланган вужудига киради.
— In vitam eternam. Amen[3].
Янги ҳаёт! Ҳузур-ҳаловатли, покиза ва хушбахт ҳаёт! Бунинг бари чин! Бу туш эмас. Ўтмиш ўтди.
— Cорпус Домини ностри.
Муқаддас неъматлар солинган идиш унга яқинлашди.

Тўртинчи Боб
Якшанба муқаддас учлик сирли маросимига бағишланган эди, душанба — муқаддас руҳга, сешанба — қўриқчи фаришталарга, чоршанба — авлиё Юсуфга, пайшанба — муқаддас қовушиш маросимига, жума — тангри изтиробларига, шанба — Биби Марямга.
Ҳар куни тонгда у азиз авлиёлар ёки сирли маросимлар марҳаматидан баҳраманд бўлишга берилар. Унинг куни эрталабки ибодат ва хаёлига келган ҳар қандай ниятни, кўнгил майлини олий ҳакам шарафига фидойиларча қурбон қилиш билан бошланади. Эрталабки совуқ ҳаво тақводорликка берилган табиатини қийин-қистовга олар ва ибодатга келган камчил одамлар орасида тиззаларини букиб ўтириб, руҳонийнинг шивирлаган овозига басма-бас ўзининг очиб қўйилган дуолар китобига кўз югиртираркан, ғира-шира қоронғуликда икки шам — Қадимги ва Янги Аҳд тимсоллари — орасида турган ибодат кийимидаги жуссага тез - тез кўз қирини ташлаб қўяр ва ўзини узун ғор ичида ибодат қилаётгандай тасаввур этарди.
Унинг кундалик ҳаёти тақводорликнинг турли хил жасоратларидан таркиб топарди. Жонбозлик кўрсатиб ибодат қилиб, дуолар ўқиб, у аърофдан руҳи учун кунлар, ойлар ва йиллардан таркиб топадиган юз йилни сотиб олди. Бироқ тангрининг муҳлати чеку чегарасиз жазосини четлаб ўтиб, у ҳис этган руҳий кўтаринкилик барибир жон - жаҳд билан ўқилган дуоларига муносиб даражада татимади, чунки бундай ҳимояланиш аърофда қанча муддатга қисқартирилишини у биларди, зеро, аърофнинг олови дўзах оловидан фақат абадий эмаслиги билан фарқланарди. Тавба — тазарру дуоларидан атиги бир томчи сувчалик наф етишидан чўчиб изтироб чекаркан, у кун оша ўзининг тоат-ибодатларига зўр берарди.
У ўзининг ерда мавжудлигидан келиб чиқадиган бурчига мувофиқ, бўлакларга ажратган куннинг ҳар бир бўлагини маънавий такомиллашувига бағишлаган эди. Унинг қалби гўё абадиятга дохил бўлаётгандай туюларди; ҳар бир фикр, сўз, ҳаракат, ботинида кечган ҳар бир ўзгариш гўё самода қайд этилар ва баъзан бу тезкор туйғу шу қадар жонли эдики, унинг қалби ибодат чоғида мисоли улкан касса аппаратига айлангандай, харид этилган буюмнинг нархи эса дарҳол самода, рақам шаклида эмас, балки ладаннинг енгил тутуни ёки нозик гул шаклида пайдо бўлгандай туюларди.
У тинимсиз такрорлайдиган дуолар (шимининг чўнтагида у доим тасбиҳ олиб юрар ва кўчаларни кезиб эринмай тасбиҳни ағдарарди) бир ғаройиб самовий тароват касб этган гултожларга айландики, бу гуллар номсиз бўлгани билан бирга, унга яна рангсиз ва ҳидсиз туюларди. Кунора ўқиладиган уч дуонинг ҳар бирини ўқиш чоғида у руҳи уч маънавий бурчда: ўзини бино этган ота худога ишончда, халоскори ўғил худога умидда ва мададкори муқаддас руҳга меҳр-муҳаббатда барқарор бўлишини илтижо қиларди.
Ҳафтанинг ҳар етти кунида у яна муқаддас руҳнинг етти иноятидан бири ўзига насиб этишини ва ҳар куни ўтмишда ўзани хўрлаган етти оғир гуноҳни вужудидан қувиб чиқаришни ўтиниб сўрайди. Ҳар бир иноятнинг насиб этишини тилаб белгиланган бир кун ибодат қилади ва бу иноят ўзига насиб этишига умидланади. Гоҳида эса донолик, ақилилик ва билим турлича иноятлар экани, уларнинг ҳар бири учун алоҳида ибодат қилиб ўтиниш унга ғалати туюларди. Бироқ у маънавий камолотнинг қандайдир мақомига етишганда, гуноҳкор қалби ожиз майиллардан воз кечганда ва муқаддас учлик моҳиятидан ёришганида бу сирдан воқиф бўлишига ишонарди.
Унинг қулоғига тез-тез саҳнадан ё черков минбаридан туриб тантанавор оҳангда айтиладиган, эҳтиросли — севги ва нафратни ифодалаган сўзлар эшитиларди, уларнинг таъсирчан битилган шаклини китобларда ўқиган, бироқ нега қалбида бу сўзларга ўрин йўқлигига, нима учун уларни овоз чиқариб айтиш ўзи учун қийинлигига ҳайрон бўларди. Вужудини бот-бот бир неча лаҳзалик нафрат туйғуси қамраб олар, бироқ бу туйғу ҳеч қачон давомли эҳтиросга айланмас ва ундан қутилиш ҳам ҳар гал қийин кечмас, вужуди гўё қандайдир либос ёки қобиқни ташлаб юборгандай ҳаял ўтмай енгил тортар, осонгина қутиларди. Айрим дақиқаларда у вужудига ноаён, кўз илғамас, минғирлаган товушда қандайдир хоҳиш-майиллар жойлашиб олаётганини ҳис этар, шунда бутун борлиғи ёнар — шаҳвоний нафсга асар тушаётгандай безовталанар, бироқ бу ҳиссиёт ҳам вужудини тез ва осон тарк этар, ақл-ҳуши эса бундай дамларда ҳушёр тотарди. Гўё унинг қалбида фақат шундай муҳаббат ва шундай нафратга ўрин бордай туюларди.
Бироқ у энди севгининг мавжудлигига ортиқ шубҳа қилолмасди, зотан, тангрининг ўзи унинг руҳини азалдан илоҳий муҳаббат билан севган. Аста-секин қалби руҳоний билим нури билан ёришиб боргани сайин, олам унинг кўз ўнгида илоҳий қудрат ва муҳаббатнинг улкан, беқиёс акси бўлиб гавдаланди. Ҳаёт тангри инъомига айланди ва унинг ҳар бир севинчли лаҳзаси учун — ҳатто дарахт шохидаги баргнинг йилтирагани учун ҳам — унинг қалби яратганга шукроналар айтмоғи лозим. Олам унинг назарида ўзининг бутун аниқ-тиниқлиги-ю жамики мураккабликлари билан илоҳий қудрат, муҳаббат ва ҳамма жойда ҳозиру нозирлик қонун-қоидасидан иборат эди.
У англаган — унинг қалбига инъом этилган бу илоҳий моҳият туйғуси шу қадар яхлит ва шубҳасиз эдики, натижада у ўз умрини давом эттириб яшаши нима учун зарурлигини қийинчилик билан тушунарди. Бироқ, эҳтимол, унинг ҳаёти тангри томонидан олдиндан белгилаб қўйилган йўлнинг бир қисмидир, шунча қабиҳ ва оғир гуноҳларга қўл урганидан кейин унинг моҳият борасида савол бериши ноўриндир. Ягона, абадий, ҳар жойда ҳозиру нозир, мукаммал мавжудлик тушунчаси итоаткор қилиб қўйган, камситилган унинг руҳи тағин ўз зиммасига ваъдалар, ибодатлар, дуо ўқишлар, сирли маросимларда қатнашиш ва ўзини-ўзи азобга қўядиган мажбуриятларни оларди; ва фақат ҳозир, шу дамда, буюк севги сири устида ўйга толиб ўтириб, у ботинида илиқ бир жонланишни ҳис этди, гўё вужудида янги ҳаёт ёки янги бир эзгу ҳикмат барқ ураётгандай туюлди.
Бироқ диний талвасага берилиб кетишнинг хатарини билгани боис, у энг оддий черков қоидаларидан ҳам четга чиқмасди, ўзини-ўзи тинимсиз қийнаш эвазига бурунги гуноҳларини ювишга уринар, сохта авлиёликнинг қалтис хавфидан ўзини сақларди. Вужудидаги беш сезгининг ҳар бирини алоҳида-алоҳида синовга соларди. У аёлларнинг кўзига кўзи тушушидан ўзини олиб қочарди. Ўқиб ўтириб, бошини кўтариб қарар, баъзан туйқусдан, бир лаҳзали ирода кучи билан ўқиб тугатилмаган гапни ўртасида тўхтатиб, китобни шарт ёпарди. У қулоғини эшитмайдиган куйга солди; ўзининг беўхшов, синиқ овозига эътибор қилмади, ваҳоланки, овози чархланаётган пичоқдан ё кулни уймалаётган бойўғли панжаларининг ғижир-ғижирига ёки гиламга урилаётган таёқнинг товушига ўхшаб асабини қўзғарди. Ҳид сезиш қобилиятини ўтмаслаши қийин кечди, чунки у қўланса ҳидлардан савқитабиий тарзда жирканмасди: масалан, кўча-кўйнинг ҳидими, ахлат ёки қатрон ёхуд ўзининг баданининг исими — булар унга қиёслаш ва турли қизиқ тажрибалар учун бир баҳона бўларди.
Охир-оқибат у сасиган балиқ ҳидига чидай олмаслигини, бу ҳид бир жойда йиғилиб қолган пешобнинг ҳидини эслатишини аниқлади ва ўрни келганда ўзини шу ҳидга чидашга ўргатди. У таъм билиш сезгисини ҳам ўлдирди: нафсини тийишга, черков кўрсатмаларига қатъи амал қилишга ўзини мажбурлади, овқат маҳали эса егулик ҳақида ўйламасликка уринди. Бироқ туйғу сезгисини ўлдиришда у алоҳида ихтирочилик қобилиятини намоён этди. У тўшакда танасининг ҳолатини ҳеч қачон ўзгартирмасди, ноқулай тарзда ўтирарди, баданининг қичиши ва оғриқларга тоқат қилар, совуқ пайтда иссиқдан четроқда бўлишга уринарди, бутун ибодат давомида, Инжилни ўқиш вақтидан ташқари, тиззаларини букиб ўтирарди, ювинганида совуқ ҳавонинг таъсири сезилсин деб юзи ва бўйнини артмасди. Қўлида тасбеҳ бўлмаган пайтлар қўлларини чопқир каби икки биқинига сиқиб олар, чўнтакларига солмас ёки белига қўйиб олмасди.
Энди у ўзида гуноҳга қизиқтирадиган иштиёқни ҳис этмасди. Бироқ қатъи тартиб-интизомни сақлашига қарамай, баъзида болаларча бўшангликка берилиб кетиши уни ажаблантирарди. Дуо ўқиб ўтирганида онаси акса урса ёки биров халақит берса туйқусдан жаҳли чиқиб кетарди, бундай ҳолатда тоат-ибодатдан ҳеч қандай наф етмаслиги тайин эди. Шундай вазиятда жаҳлини жиловлаш учун кучли ирода керак бўларди.
Бундай майда инжиқликнинг турли кўринишларини у ўзининг ўқитувчиларида кўп кузатганди ва уларнинг титраган лабларини, тишларини тишларига қаттиқ босганини, қизарган ёноқларини эслаб, уларни ўзи билан қиёслаб, феълини тузатишга қанчалик уринмасин, қўлидан келмас ва бундан руҳи чўкарди. Ўзининг шахсий ҳаётини бошқалар ҳаётлари оқимига қўшиб юбориш унинг учун ҳар қандай диний ибодатни адо этиш ёки дуо ўқишдан мушкил эдики, бу борадаги барча уринишлари беҳуда кетарди; ушбу ҳолат охир-оқибат маънавий қашшоқланишни юзага келтирди, унинг ортидан эса иккиланишлар ва шубҳа-гумонлар келди. Руҳини умидсизлик чулғади; гўё энг сирли маросимлар ҳам, қуриб қолаётган булоқлар каби, уни нажотбахш сувдан энди баҳраманд этолмаётгандай туюларди. Тавба-тазарру ҳам фақат виждонини азоблаётган гуноҳлардан қутулишнинг бир воситасига айланганди. Қовушув маросими энди аввалгидай фароғатли дақиқаларни ҳадя этмасди. Черковга у ўзи билан эскириб кетган, ҳарфлари хиралашиб, саҳифалади сарғайиб қолган авлиё Алфонс Лигурий тартиб берган дуолар китобини олиб борарди. Оловли муҳаббат ва бокира эҳтироснинг хира тортган дунёси унинг қалби учун айни шу саҳифаларда, қўшиқлар қўшиғидаги образлар маросим иштирокчисининг дуоларига қўшилиб, уйғунлашиб кетган жойда жонланарди. Сассиз овоз гўё унинг руҳини эркалар, шарафлар ва айни дамда ўшани, унашилган қизни никоҳда ҳозир бўлиши учун барс тоғларидаги Амон қоясидан йўлга чиқишга даъват этарди. Унинг ҳукмига тобе қалб ҳам худди шундай сассиз овозда жавоб қиларди: «Inter uberamea mea commorabitur»[4].
Итоаткор қалбнинг бу образи, дуо ўқиётган, мулоҳаза юритаётган чоғида тана майлларининг тағин ғимирлаб ўзидан дарак бера бошлагани боис, унинг учун хатарли, жозибадор тус ола бошлади. Бир бор бўшанглик, бир марта ножўя хаёлга берилиши шунча машаққат билан эришганларидан мосуво қилишини у аниқ-тиниқ англаб етарди. Назарида, секин ўрмалаб келаётган сув унинг яланғоч оёқлари кафтига яқинлашар ва кучсиз, шовқинсиз, ювош тўлқин терисига тегай-тегай деб тургандай туюларди. Ва сув терисига айни тегаётган пайт — гуноҳга ботай деган бир лаҳзада ирода кучи ёки кутилмаганда дуонинг шиддати билан у тўлқиндан узоқлашиб кетар, қуруғликка чиқиб оларди. Йироқда қолган, бироқ тағин сездирмай оёқлари остига ғимирлаб оқиб келаётган оқимнинг кумуш тусли тасмасини кузатиб, у ўз иродасининг кучсизлигини ҳис этди, бироқ барибир бу жозибадор жилваларга берилмадим, енгилмадим деган фикр кўнглида қониқиш пайдо қилди.
Йўлдан оздирувчи ўй-хаёллар билан доимий курашиш қалбидаги эзгуликнинг бебаҳо ёлқинини ўчириб қўйиши уни ташвишланишга мажбур этарди. Ўзидаги қатъиятга ишоночи йўқолди ва унинг ўринини тушунарсиз қўрқўв эгаллади, оқибатда руҳи аста-секин чўка бошлади. Фақат энди жуда катта ирода кучи эвазига бурунги эътиқодини тиклаб олар ва руҳий фароғат ҳолатига қайтарди; кўнглида ҳар қандай ҳаю-ҳавас, истак ғимирлаганда тангрига сиғинишга, тангридан сўраган руҳий фароғат, албатта, унинг томонидан инъом этилишига ишонишга ўзини мажбур этарди. Ҳаю-ҳавасларнинг тез-тез қайталаниши ва таъсир кучи ўзи бир пайтлар эшитган — авлиёлар кечиришган синов-бардошларнинг ҳаққонийлигини очиқ-ойдин тасдиқларди. Бундайин истак-майлларнинг бот-бот такрорланиши ва таъсир кучи шайтон бўйсундиришга зўр бериб уринаётган руҳининг бардошлилигига далил эди.
Тавба-тазарру чоғида руҳоний унинг иккиланишлари ва шубҳа-гумонларини (дуо ўқиётганда бир лаҳзада лоқайдликка берилиши, гап-сўзида ва ҳаракатида майда инжиқлик ва ўзбошимчаликка йўл қўйиши) тинглаб, уни гуноҳдан халос этишдан аввал, буринги гуноҳларидан бирини айтишини сўрарди. У итоаткорлик билан уялиб-қизариб бурунги гуноҳларидан бирини айтиб афсус чекарди. Қанчалик тоат-ибодатга берилмасин, эзгу фазилатларга эга бўлмасин, ҳеч қачон бу гуноҳидан тўла-тўкис қутула олмаслигини тушунарди. Безовта гуноҳкорлик туйғуси уни ҳеч қачон тарк этмайди; у тавба-тазарру қилади, афсус чекади ва кечирилади, яна тавба-тазарру қилади, афсус чекади ва яна кечирилади — бироқ бари беҳуда. Эҳтимол, ўша биринчи бор, шошилиб, жаҳаннам даҳшати ҳақида эшитиб қўрқиб қилган илк тавба-тазарруси қабул этилмагандир? Эҳтимол, у ўз гуноҳларига чин дилдан афсус-надомат чекмагандир? Бироқ ўз ҳаётини ўнглаш, тўғри йўлга солиш унинг ибодатлари тўғрилигини кўрсатувчи энг яхши далиллар, унинг ўз гуноҳларига чин дилдан чеккан афсус-надоматларига асос.
«Ахир, мен ўз ҳаётимни ўнгладим-ку», такрорлади у ичида.

* * *
Ректор дераза тагида ёруғни орқаси билан тўсганча жигарранг пардага энгашиб турарди. У гапириб ва кулиб туриб, парданинг ипини қўлига олиб секин чуватар ва яна ўрай бошларди. Стивен унинг рўпарасида туриб, уйларнинг томларида узун ёз кунининг ёруғи сўниб бораётганини ва руҳонийнинг бармоқларининг оҳиста, бир текис ҳаракатини кузатарди. Руҳонийнинг юзи сояда эди, бироқ унинг ортида сўниб бораётган кундузнинг ёруғи чуқур ботган чаккаларига, калласининг қинғир-қийшиқ жойларига тушиб турарди. Стивен коллеж ҳаётида кечган турли-туман воқеаларни хотиржам ва таъсирли қилиб сўзлаётган руҳоний овозининг ўзгарувчан оҳангига қулоқ тутди: руҳоний эндигина тугаган таътиллар, орденнинг чет эллардаги бўлимлари ва ўқитувчиларнинг алмашиши ҳақида гапирарди. Xотиржам ва таъсирчан овоз суҳбатни бир зайлда бошқарар, орада тўхталган дамларда эътиборли саволлар ташлаб гурунгни жонлантириб юборишни Стивен ўзининг бурчи деб биларди. У буларнинг бари даромади гап эканини англар, кейин нима бўлишини кутарди. Ректорга учрашиш ҳақида буйруқ олиб, чақириқнинг сабабини билолмай унинг боши қотди, қабулхонада диққат бўлиб кутиб ўтираркан, нигоҳи бир хушхулқ суратдан бошқасига сакрар, фикри эса беқарор бўлиб, бир тусмолдан бошқасига кўчарди. Бу ҳолат нега чақиришгани туйқусдан аён бўлгунча давом этди. Қандайдир кутилмаган сабаб билан ректор келмай қолиши эҳтимолини кўнглидан ўтказишига улгирмай, қайрилаётган эшик тутқичининг товуши ва руҳонийча узун тўннинг шитирлаганини эшитди.
Ректор доминикан ва францискан орденлари ҳақида, авлиё Фоманинг авлиё Бонавентура билан дўстлиги ҳақида гапирди. Тарки дунё қилган монахлар ордени аъзолари — капуцинларга ибодат либосларини кийгизиш унга бир қадар...
Стивеннинг юзида руҳонийнинг илтифотли табассумига жавобан кулги жилваланди, бироқ бу масалада у бирор-бир мулоҳаза билдиришни истамади, фақат тушунмаётган кўйи лабларини сал-пал қимирлатиб қўйди.
— Мен эшитдимки, — давом этди ректор, — капуцинларнинг ўзлари, францисканларга ўхшаб, бу либосни бекор қилиш ҳақида гапиришаётганмиш.
— Бироқ уни монастрларда сақлаб қолишар? — деди Стивен.
— Ҳа, бўлмасам-чи, албатта, — деди ректор, — монастрларда бу айни муддао, лекин кўчада кийиб юриш... тўғриси, бекор қилингани маъқул, нима дейсиз?
— Ҳа, ноқулай.
— Жуда тўғри, ноқулай. Тасаввур қилинг, мен Белгияда бўлганимда кўрдим, капуцинлар ҳар қандай об-ҳавода ҳам ўзларининг бу кенг-мўл чакмонларининг этагини тиззаларига ўраб олиб, велосипедда юришади. Бу, ахир, кулгили эмасми? Les jupes — Белгияда уларни шундай аташади.
Ундош товуш шундай жарангладики, сўзни тушунишнинг иложи бўлмади.
— Қандай дедингиз?
— {нw|Лес жупес}}.
— Ҳа-а.
Стивен тағин руҳонийнинг табассумига жавобан кулимсиради, руҳонийнинг юзидаги кулги кўринмасди, чунки унинг юзи сояда эди; руҳонийнинг вазмин, босиқ овозини эшитганда унинг кулгу шарпаси Стивеннинг онгида дарҳол жонланганди. У деразадан хира тортиб бораётган осмонга хотиржам қаради, кечки салқиндан ва ёноғидаги нимжон қизилликни яширган уфқнинг ғира-шира сарғиш тўзонидан кўнгли севинди.
Аёллар кийимларининг номи ёки бу кийимлар тикиладиган ҳарир майин матолар унинг хотирасида аллақандай куфрона ҳидлари билан қолган эди. Болалигида жиловлар — бу юпқа ипак тасмалар, деб тасаввур қиларди, кейинча Стредбрукда биринчи марта отнинг ёғли, қўпол юганини ушлаб кўрганда ҳайратга тушганди. Биринчи марта ўзининг титраган бармоқларида аёллар пайпоғининг ғадир-будур ипини ушлаб кўрганда ҳам худди шундай ҳаяжонга тушганди. Бундай бўлишининг боиси шунда эдики, у ўқиганларидан фақат ўз ҳолатига мос, кўнглидагига жавоб берадиганларини эслаб қоларди ва ўзини севгига бахш этган аёлнинг руҳи ёки танини нозик, майин овозли, худди атиргулнинг гулбаргларидай юпқа матода тасаввур этмай туриб кўз олдига келтиролмасди.
Бироқ руҳонийнинг оғзидан чиққан гап тасодифан айтилгани йўқ; у биларди, руҳоний бундай мавзуларда ҳазиллашишни лозим кўрмайди. Гап ҳазил аралаш айтилди, бироқ бекоргамас ва у соядаги кўзлар унинг юзига қизиқсиниб қараганини ҳис этди. Ҳозиргача у иезуитларнинг маккорликлари ҳақида эшитган ёки ўқиганларига аҳамият бермай келарди. Ҳамиша ўзининг ўқитувчиларини, гарчи уларни унчали ёқтирмаса-да, жиддий, ақлли, жисмонан ва руҳан соғлом тарбиячилар, деб ҳисобларди. Улар эрталаблари бошларидан совуқ сув қуюб ювинишади ва тоза салқин кийимлар кийишади. Клонгоусда ва Белведерда уларнинг орасида яшашга тўғри келган шунча вақт мобайнида у икки марта қўлига чизғич билан уриб жазоланди, ваҳоланки, бу жазолар ноҳақдан берилган эди, у кўп нарсалар учун ўзининг жазоланмай қолганини ҳам биларди. Шу вақт мобайнида у ўзининг ўқитувчиларидан бирор марта ҳам маънисиз гап эшитмади. Улар унга христиан таълимотининг моҳиятини ўргатишди, уни диёнатли ҳаёт кечиришга даъват этишди, оғир гуноҳга ботганида эзгуликка қайтишига кўмаклашишди. Улар бор жойда у ўзини қатъияциз сезарди — Клонгоусда ҳам сўтаклигидан, Белведерда ҳам ҳардамхаёллиги боис шундай ҳолатга тушарди. Бу доимий иккиланишлар унинг коллеждаги сўнгги йилигача давом этди. У бирор марта ўқитувчиларининг гапини икки қилмади, шумтака жўраларининг алдовларига учмади, ўзининг вазмин, итоаткор феъл-атворини ўзгартирмади ва қачондир ўқитувчиларининг мулоҳазалари тўғрилигига шубҳаланган бўлса-да, буни очиқ-ошкора айтгани йўқ. Йиллар ўтган сайин уларнинг айрим қарашлари унга бирқадар жўн бўлиб туюла бошлади.
Бу унинг қалбида пушаймонлик ва ўкинч туйғуларини уйғотар, назарида, у ўзи ўрганиб қолган олам билан аста-секин хайрлашар ва унинг нутқини сўнгги марта тинглаётгандай эди. Бир сафар черков олдидаги айвон тагида бир нечта бола руҳоний билан суҳбатлашарди, у руҳонийнинг шундай деганини эшитди:
— Менимча, лорд Маколей умрида бирор марта гуноҳ иш қилмаган, демоқчиманки, бирор марта онгли равишда оғир гуноҳга қўл урмаган.
Кейин болалардан бири руҳонийдан Виктор Гюгони сиз буюк француз ёзувчиси деб ҳисоблайсизми, деб сўради. Руҳоний жавоб бериб, Виктор Гюго черковдан юз ўгиргандан кейин, католик бўлиб юрган пайтидагидан кўра хийла ёмон ёза бошлаганини айтди.
— Бироқ, — қўшиб қўйди руҳоний, — кўплаб француз танқидчиларининг фикрича, Виктор Гюго, шубҳасиз, буюк ёзувчи саналса-да, Луи Веё сингари тиниқ услубга эга эмас.
Стивеннинг юзига югирган рангпар қизиллик руҳонийнинг бу шамасидан сўнди, унинг кўзлари ҳали ҳам оқиш тусдаги осмонда эди. Бироқ онгида аллақандай беқарор шубҳа кезинарди. Xотирасидан бўлиб ўтган воқеалар элас-елас қалқиб чиқа бошлади: у саҳналарни ва уларда ҳаракатланаётган қиёфаларни таниди, бироқ энг муҳим нарсани эслаши қийин бўлди. Мана, у Клонгоусдаги спорт майдончаси четида юриб, ўйинни кузатаётир, ўзининг крикет қалпоқчасидан конфет олиб еяпти, иезуитлар эса йўлакларда хонимлар билан велосипедда сайр қилишаётир. Аллақандай унутилаёзган, Клонгоусда кўп айтиладиган арзимас сўзлар унинг хотираси тубида акс-садо беради.
У жим-жит қабулхонада ўтириб, узоқдан келаётган бу акс-садони илғашга уринди ва туйқусдан бутунлай бошқача оҳангда ўзига мурожаат этаётган руҳонийнинг овозидан ҳушёр тортди.
— Мен бугун сени чақиртирган эдим, Стивен, чунки сен билан маслаҳатлашиб оладиган муҳим гап бор.
— Эшитаман, сер.
— Сен қачондир ўз қалбингнинг ҳаққоний даъватини туйганмисан?
«Ҳа» демоқчи бўлиб Стивен лабларини очди, бироқ шу заҳотиёқ ўзини тийди. Руҳоний жавобни кутиб турди ва кейин қўшиб қўйди:
— Айтмоқчиманки, сен қачондир қалбинг тубида орденимизга аъзо бўлиш истагини туйганмисан? Ўйла-чи.
— Мен бу ҳақда ўйлаганман, — деди Стивен.
Руҳоний парданинг ипини қўйиб юборди ва қўлларини кўкрагига қовуштирди, ўйчан қиёфада уларга иягини тиради ва хаёлга толди.
— Бизникидай коллежда, — деди у ниҳоят, — гоҳида битта ёки, эҳтимол, икки-учта ўқувчи топилар тангри таолло томонидан дин йўлида хизматга даъват этиладиган. Бундай ўқувчи ўз тенгдошлари орасидан мўминлиги ва бошқаларга муносиб хислатлари билан ажралиб туради. У ўз дўстларининг ҳурматини қозонади, муқаддас биродарлик жамияти аъзолари уни ўзларининг префекти этиб сайлашади. Мана сен, Стивен ана шундай ўқувчилар сирасига кирасан, сен — бизнинг Биби Марям биродарлик жамиятимиз префектисан. Ва, эҳтимол, сен, тангри ўз хизматига муносиб кўрган ўша бўзболадирсан.
Руҳонийнинг овозидаги жиддий, таъсирчан оҳангдан кучайган ошкора ғурур туйғуси Стивеннинг юрагини тез уришга мажбур қилди.
— Бундай эътиборга сазовор бўлмоқ, — давом этди руҳоний, — шундайин улуғ марҳаматки, буни одам боласига карами кенг эгамгина инъом этиши мумкин. Бизнинг еримиздаги на бирор қирол, на бирор ҳукмдор тангри хизматчиси эга бўлганчалик ҳокимиятга эга бўлолмайди. На бирор малак, на малаклар малаги, на авлиё ва ҳатто Биби Марямнинг ўзи ҳам тангри хизматчиси қадар ҳокимиятга эга эмас: тангри подшоҳлиги дарвозасининг калитини қўлида тутмоқ, гуноҳларни боғламоқ ва ҳал этмоқ, сеҳру афсун, тангри бандалари вужудидан уларга азоб бераётган нопок руҳларни қувмоқ, улуғ эгамни самодан тушиб, минбарда нон ва винога айланишга чорлаш ваколатига эга бўлмоқ ана шу ҳокимият илкидадир. Буюк ҳокимият бу, Стивен!
Стивеннинг юзига яна қизиллик югурди, у руҳонийнинг мағрур мурожаатида ўзининг мағрур орзулари акс-садосини эшитганди. У ўзини, буюк ҳокимиятга эга вазмин ва итоаткор, фаришта-ю авлиёлар иззату икромидаги руҳоний қиёфасида тез-тез кўз олдига келтирарди. Қалбининг тубида шуни пинҳона орзу қиларди. У ўзини навқирон, муносиб қадр-қимматга эгалигидан кўнгли тўқ руҳоний сифатида тасаввур этарди. Мана, у жадал юриб тавба-тазарру хонасига кириб келаётир, меҳроб зиналаридан кўтарилаётир, ладан тутатаётир, тиззаларини букаётир, диний маросим амалларининг нозик ва сирли ҳаракатларини амалга ошираётир. Бу ҳаракатлар ҳаётдагига ўхшашлиги ва айни пайтда оддий турмушдан буткул ўзгачалиги, ажралиб қолгани билан уни чалғитарди. У ўз орзулари ичида яшаган хаёлий ҳаётда руҳонийлардан ўзлаштирган овоз ва имо-ишораларни ўзиники қилиб олганди. У бироз эгилиб тиззаларини букади, худди бу руҳонийга ўхшаб; исриқдонни, бошқа бир руҳонийга тақлидан, ҳафсала билан бир текис сермайди; эгнидаги руҳонийча либоси эса, учинчи бир руҳонийники сингари, дуони ўқиб бўлиб меҳробга бурилганда очилиб кетади. Бироқ бу тасаввурларида, хаёлий саҳналарда унга иккиламчи ролни ўйнаш кўпроқ ёқарди. У бош руҳоний унвонидан воз кечади, чунки у ҳолда бутун дабдабали маросимни унинг ўзи бошлаб ўзи тугатар, боз устига, маросим қоидаларида унинг вазифалари аниқ-тиниқ белгилаб қўйилганди.
У камтарроқ черков унвонини орзу қилди: мана, у ҳамманинг назаридан четда, меҳробдан узоқда кичик руҳоний либосида, елкасига енгил ёпинғич ташлаган, унинг этаклари билан у дискосни ушлаб турибди; муқаддас неъматларни татиш маросими якунида, зарҳал ипда тикилган диакон либосида, руҳонийдан бир зина қуйида, қўлларини қовуштириб ва ибодатчиларга юзини буриб, қироат билан эълон қилади: «Ите, мисса эст». Агар у ўзини қачондир руҳоний ролида кўрган бўлса, бунга фақат болалар дуо китобида кўзи тушган: кимсасиз черковда, оддий ва талабчан меҳроб олдидаги курсида фақат бир фаришта ва хизматчи ўспирин, худди унинг ўзидай ўспирин ўтирибди.
Ҳозир одоб билан сукут сақлаб туриб, у руҳонийнинг сўзларига эътибор қилди ва бу сўзлар ортидан уни яқинлашишга ундаган, унга сирли донолик ва сирли ҳокимият таклиф этган янада теранроқ овозни эшитди. У Симон Волхванинг гуноҳи нимада эканини ва ҳеч қачон кечирилмас муқаддас руҳга шаккоклик нималигини билиб олади. У бошқалардан сир тутилган, қаҳрдан бино бўлган ва туғилган шубҳали сирлардан воқиф бўлади! У бошқаларнинг гуноҳларини, гуноҳли майл-истакларини, куфрона ўй-хаёлларини тинглайди: уларни ғира-шира черковда, тавба-тазарру хонасида аёллар ва қизларнинг лаблари қулоғига пичирлаб айтади. Унинг қалби, сирли тарзда дахлсизлик касб этиб, тағин тангрининг ёруғ тахти олдида гуноҳсиз пайдо бўлади. Унинг қўлига ҳеч бир гуноҳнинг гарди юқмайди, зотан, бу қўллари билан у қовушув маросимининг муқаддас нонини ушатади; унинг дуо ўқиётган даҳанига ҳеч қандай гуноҳ дахл қилолмайди, зотан, у тасодифан, тангри вужуди ҳақида мулоҳаза юритмай туриб, уни кавшамайди ва ичмайди. У сирли билим ва сирли ҳокимиятни асрайди, бокира гўдак мисол гуноҳсиз бўлиб, умрининг сўнгги кунигача, Малкисидқ унвонига мос мартабада яратганнинг хизматида бўлади.

* * *
— Эртага мен ибодат хизматини адо этаман, — деди ректор, — насиб этиб, қодир эгам сени ўз карамидан баҳраманд эцин ва сен, Стивен ўзингнинг пирингга, тангрининг суйган бандасига илтижо қил, шояд, яратган ақлингни равшан эца. Бироқ сен қаттиқ ишонишинг керак, Стивен, сенинг иқтидоринг бор, агар унинг йўқлигини кейинча пайқаб қолсанг жуда қийин бўлади. Ёдингда тут: руҳонийликка қўл берганингдан сўнг, сен бир умр руҳонийлигингча қоласан. Ақоидлар китобидан сенга маълум, диний унвонга киришнинг сирли маросими фақат бир бор бўладиган маросим, зотан, у юракда ўчмас из қолдиради. Сен буларнинг барини ҳозир тарозига қўйиб кўришинг лозим, кейин кеч бўлади. Бу жуда муҳим масала, Стивен, зеро, сенинг ўлмас руҳинг халос бўлиши шунга ҳам боғлиқ. Биз биргаликда тангрига ибодат қиламиз.
Шундай деб у оғир эшикни итариб очди ва Стивенга, уни энди гўё ўзининг руҳоний ҳаётдаги ҳамкори ҳисоблаб, қўл узатди. Стивен зина тепасидаги кенг майдончага чиқди ва кечки майин ҳавонинг илиқ таъсирини ҳис этди. Финлейтерс-Черч олдида тўрт нафар йигит қўл ушлашиб, бошларини сермашар, улардан бири олти қиррали гармонда чалаётган шўх куйга мос ҳаракат қиларди. Мусиқанинг илк товушлари, ҳар доимгидай, унинг ғаройиб фикрларини, худди болакайлар қумлоқда ясаган минорачаларни туйқусдан бостириб келган беозор ва шовқинсиз тўлқин ғарқоб қилгандай, ювиб кетди. У ясама оҳангга кулимсираб, бошини кўтариб руҳонийнинг юзига қаради ва унда ботаётган куннинг шавқсиз аксини кўрди, ҳалигина уларнинг руҳоний иттифоқини тан олиб турган қўлини руҳонийнинг қўлидан оҳиста олди.
Зинадан тушаётиб кутилмаганда у ўзини бундан кейин азобга қўймаслигини ҳис этди. Бунга руҳонийнинг ботаётган кун акс этган юзи сабаб бўлган эди. Xаёлида коллежнинг зерикарли ҳаёти жонланди. Уни орденда ҳам ана шундай зерикарли, якранг, оддий—кундалик ташвишлардан холи ҳаёт кутарди. Клонгоусдаги узун даҳлизларнинг бўғиқ ҳавоси унинг ёдига тушди, ёниб турган газ чироқларининг паст товушда вишиллашини эшитди. Туйқусдан вужудини сабабсиз безовталик чулғади. Юраги тез ура бошлади ва бунинг ортидан аллақандай маънисиз кучли шовқин унинг сергак ўй-хаёлларини тўзғитиб юборди. Унинг ўпкаси, гўё намхуш, илиқ ва бўғиқ ҳаводан нафас олаётгандай, гоҳ кенгайиб, гоҳ торайди ва у яна Клонгоуснинг ювиниш хонасидаги торф тусли бўтана сувини, нам, илиқ ҳавосини ҳис этди.
У ҳар гал бу ҳаётга хаёлан яқинлашганда вужудида аллақандай таълим-тарбия ва эзгуликдан-да кучлироқ инстинкт пайдо бўлар ва бу ноаён, нохайрихоҳ инстинкт уни: рози бўлма, дея огоҳлантирарди. Янги ҳаётнинг совуқ ва бир маромдаги муҳити уни бездирарди. У ўзининг эрталабки рутубатли ҳавода, бошқалар билан турнақатор тизилиб тонгги ибодатга боришини, дуо ўқиб, меъдага теккан зориқишни бартараф этишга беҳуда уринишини кўз олдига келтирди. Мана, у жамоа билан дастурхон атрофида ўтирибди. Одамовилигини қандай енгсин, шундай феъли боис, унинг бегона жойда еб-ичишга тобу тоқати йўқ-ку? Ғурурини қандай енгсин, ахир, шу туфайли у доим ўзини доим ёлғиз ҳис этиб келган-ку?
Унинг сиёқи Стивен Дедалус, С.Ж
Унинг исми бу янги ҳаётда кутилмаганда кўз олдида аниқ кўринди, кейин эса юзи эмас, юзининг ранги ғира-шира пайдо бўлди. Бу ранг гоҳ оқиш, гоҳ хира-ғиштранг тус олди. Бу нима — у қиш кунлари эрталаб руҳонийларнинг қиртишланган ёноқларида кўрган яллиғланган қизилликми? Юзлар кўзсиз, хўмрайган-вазмин, художўй эди, қизарган ёноқларда тийиб турилган қаҳр қотган. Бу нима? Эҳтимол, у болалар Чироқли Симёғоч, бошқалари эса Қари Тулки Кемпбелл деб аташадиган иезуитнинг юзини хотирлагандир?
Бу пайт у Гарднер-стритдаги иезуитлар ордени уйи олдидан ўтаётган эди, беихтиёр, агар орденга кирсам қайси дераза меники бўларкан, деб ўйлади. Ва шу дамдаёқ ўзининг қизиқувчанлигидан ажабланди — унинг қалби ҳалигина ўзига муқаддас туюлган нарсадан энди жуда олисда эди. Уни қанча йил итоат ва интизомда ушлаб турган жилов ниҳоятда чидамсиз, ночор туюлди; ва бу айни ўша — уни эркидан умрбод жудо этадиган қатъи, ҳал этувчи қадамни ташлаши керак бўлган дақиқада аён бўлди. Черковнинг баландпарвоз даъволари, руҳонийлик унвонининг сирларию қудрати ҳақида гапирган ректорнинг овози унинг хотирасида бекорчи овоздай акс-садо берди. Унинг юраги бу овозга эътиборсиз эди ва у энди барча панд-насиҳатлар пуч, расмий гаплар эканини билди. Йўқ, у ҳеч қачон меҳроб олдида исриқдонни сермамайди. Унинг қисмати — ҳар қандай жамоавий ва диний тушовлардан қочиш. Руҳонийнинг доно панд-насиҳатлари уни асир этолмади. Унинг қисматида бошқалардан узоқда ўзининг донолигини топмоқ ёки дунё ҳою ҳаваслари ортидан қувиб, ўзи бошқаларнинг доноликларини англаши кераклиги битилган.
Дунёнинг ҳою ҳаваслари — гуноҳнинг йўллари. Ва у гуноҳ чоҳига қулайди. У ҳали қулаганича йўқ, бироқ сездирмай, шовқинсиз, бир лаҳза ичида қулайди. Қуламаслик — бу жуда оғир, ўта қийин. У руҳининг шовқинсиз қулаб тушаётганини ҳис этди: мана, тушиб келаётир, ҳали қулаганича йўқ, бироқ қулашга шай.
Толк сойи устидаги кўприкдан ўтаётиб, у ранги ўчган зангори Биби Марям бутхонасига бефарқ қараб қўйди; пойдеворга ўрнашган бутхона, атрофини ўраб олган фақирона кулбалар орасида, худди қўноқдаги товуққа ўхшаб кўринди. Кейин у чапга бурилиб, уйига олиб борадиган тор кўчага кирди. Тепаликлар бўйлаб дарёгача чўзилган қаровсиз полизлардан чириган карамнинг кўнгилни айнитадиган ачқимтил ҳиди думоғига урилди. У кулимсираб, мана шу бефарқлик, пала-партишлик, оиласидаги таназзул ва ўсимликлар ҳаётидаги турғунлик охир-оқибат руҳимни енгади, деб ўйлади. Уйлари ортидаги полизда ишлаган, улар Шляпали Амаки деб чақиришадиган сўққабош деҳқон ёдига тушиб, бехосдан кулиб юборди. Шляпали Амаки ишга киришишдан олдин дунёнинг тўрт тарафига бир-бир қараб олар ва кейин чуқур хўрсиниб, белкуракни ерга санчарди.
У қулфланмаган эшикни итариб очиб кирди ва ялонғоч даҳлиздан тўғри ошхонага ўтди. Унинг сингиллари ва укалари стол атрофида ўтиришарди. Чамаси, чойхўрлик тугаётганди, чашкалар ўрнида ишлатиладиган шиша кружка ва шарбатдан бўшаган банкалар тагида ичиб тугатилаётган суюқ чой қолдиқлари кўринарди. Тўкилган шакар билан қоришган нон ушоқлари ва бўлаклари дастурхонда сочилиб ётарди. У ер, бу ерда тўкилган чой ёйилиб, чаплашиб кетган, суякдан қилинган дастаси синган пичоқ ковлаб ташланган пирогнинг юқига беланган.
Ботаётган куннинг ғамгин, маъюс, кулранг ёлқини деразадан, очиқ эшикдан тушиб турар ва Стивеннинг қалбида тўсатдан ғимирлаган ўкинч туйғусини бир қадар юмшатарди. Уларга рад этилган нарсаларнинг бари унга — оиланинг тўнғичига қўшқўллаб берилган эди, бироқ ғира-шира шом ёғдусида у сингиллари ва укаларининг юзида ҳеч қандай аламзадалик аломатини кўрмади.
У столга, уларнинг ёнига ўтирди ва отаси билан онаси қаердалигини сўради. Болалардан бири жавоб берди:
— Ула уййи кўйгани кеттила.
Демак, яна кўчиларкан. Белведерда Феллон деган бир ўқувчи доим ҳиринглаб, ундан нега кўчишни бунча яхши кўрасизлар, деб сўрарди. У ана шу аҳмоқона ҳиринглашни эслаганда, қаҳри қўзиб манглайида чизиқ пайдо бўларди.
— Билса бўладими, нега биз яна кўчадиган бўлдик? — сўради у.
— Xўжайин биззи уйидан ҳайдаяпти.
Столнинг нариги четидан укасининг «Сокин оқшомларда»1ни хиргойи қилган овози келди. Бирин-кетин бошқа болалар ҳам хиргойига қўшилишди ва ниҳоят ҳаммаси жўр бўлиб айта бошлашди. Улар шу зайл, тунги қора булутлар пайдо бўлиб, шом қоронғуси тушмагунча хиргойини давом эттиришди.
У бир неча дақиқа қулоқ солиб кутди, кейин ўзи ҳам уларга жўр бўлди. Сингиллари ва укаларининг тоза, бокира овозларидаги ҳорғинликни англаб, унинг кўнгли оғринди. Улар ҳали ҳаётнинг катта йўлига тушиб олишганича йўқ, бироқ аллақачон толиқишган.
У сон-саноқсиз болаларнинг овозлари акс-садо бериб, қўшилиб, жўр бўлаётган бу хиргойини эшитди ва бу садолардан унинг қулоғига ҳорғинлик, уқубат оҳанглари чалинди. Унинг назарида болалар ҳали яшашни бошламай туриб ҳаётдан чарчагандай туюлди. Ва у Нюменнинг ҳам айни шу оҳангни Вергилейнинг «Табиатникидай овозда азоб-уқубатни, ҳорғинликни, шу билан бирга, барча замонларда болаларининг қисмати бўлмиш яхши кунлар келишига умидини ифодалаган ғамгин сатрлари»да эшитганини хотирлади.

* * *
У ортиқ кутиб туролмасди.
«Байрон» қаҳвахонасидан Клонтарф бутхонасигача, Клонтарф бутхонасидан «Байрон» қаҳвахонасигача ва яна бутхонага, кейин тағин қаҳвахонага бориб-келиб юриб турди. Аввалига у секин одимлади, йўлакка ётқизилган плиталарни ҳафсала билан бир-бир босиб, қадамларини шеър оҳангига мослаб ташлади. Отасининг ўқитувчи Ден Корсби билан қаҳвахонага кириб кетишганига роса бир соат бўлди, отаси уни университетга жойлашни гаплашмоқчи. Бир соатдан бери у нари бориб, бери келиб, уларни кутиб бетоқат бўлаётир. Бироқ энди сабри тугади, ортиқ кутолмайди.
У Булл томонга кескин бурилди ва отасининг қаттиқ ҳуштак товуши қулоғига чалиниб қолиб, яна орқага қайтмаслиги учун қичаб юриб кетди, бир неча сонияда миршабхонадан ўтиб, бурчакка бурилди ва нафасини ростлаб, ўзини хавотирдан холи ҳис этди.
Ҳа, онаси унинг университет билан боғлиқ ташвишларига рўйхушлик бермаётган эди. Буни онасининг гап орасида чурқ этмай, сукут сақлаб турганидан пайқаганди. Бироқ онасининг рўйхушлик бермаётгани отасининг мақтаниб гапирган гапларидан кўра кучлироқ таъсир этиб, уни тезроқ бир қарорга келишга қистарди. У ўзидаги диний таълимга сўнаётган иштиёқнинг, аксинча, онасининг қалбида тобора мустаҳкамланиб, кучайиб бораётганини совуққонлик билан эслади. Мубҳам, хусуматли бу туйғу унинг ақл-ҳушини булутдай босиб, хиралаштирар, онасининг орзу-истакларига зид тарзда кучайиб борар ва миясини шубҳали ўй-хаёллар тарк этиб, онги ёришган чоғда кўнгли тағин фарзандлик садоқатига мойил туйғулар билан тўлиб-тошар, айни шу дамларда ўзи билан онаси ўртасида илк бор ихтилоф пайдо бўлганини — ораларидаги меҳр-оқибатга билинар-билинмас дарз кетганини ғира-шира ҳис этар ва бундан афсусланмас эди.
Университет! Энди уни чақириб тўхтатишнинг иложи йўқ, болалик даврининг қоровуллари — ўз изми ва мақсадларига бўйсундиришга уринган қўриқчиларнинг назоратида у энди қутулиб кетди. Кўнглидаги қониқиш ҳисси, боз устига, ғурур мисоли секин кўтарилаётган тўлқиндай, унинг руҳини юксалтирди. У ўзини бахш этиши лозим бўлган, бироқ ҳали нималиги ноаён мақсад, сирли тарзда нажот йўлига бошлаётган эди. Айни дамда ҳам бу мақсад уни ўзига чорлаётган ва ҳаял ўтмай унинг қаршисида кенг, равон йўл очиладигандай туюларди. Гўё қулоғига жўшқин мусиқа садолари эшитилаётгандай бўлди, куй оҳанглари гоҳ авж пардага кўтарилар, гоҳ бир парда тушиб, кейин тағин авжга чиқар ва кутилмаганда шиддат билан бир қадар пастлашар — мисоли тунги ўрмонда гуркираб ёнаётган уч тилли гулхандай тепага ўрларди. Бу бир ғаройиб муқаддима, битмас-туганмас, ҳеч бир шакл-шамойилга тушмайдиган авжу даромад эдики, у тобора юксалиб борар, куй мароми бардавом шиддатли тус олар, аланганинг тиллари гулхандан узилиб, тепага сапчир ва у буталар, ўт-ўлонлар тагидан келаётган — ёввойи йиртқичнинг япроқларга шитоб билан урилаётган ёмғир шовқинини эслатувчи туёқлари дупириини эшитаётгандай бўлди. Қуёнларнинг, олқору маралларнинг гуррос югурган майдақадам шовқини беихтиёр унинг онгига кўчди ва ниҳоят у шовқинларни фарқламай қўйди, хотирасида эса Нюмен сатрларининг тантанавор оҳанги янгради:
«Олқорнинг пойидай учқур оёқлар, остидан ўт чақнар абадул-абад».
Бу мубҳам образга сингдирилган тантанавор руҳ ўзи воз кечган руҳонийлик мартабасининг улуғворлигини ёдига солди. Унинг болалиги кўнглида рағбат уйғотган, адо этишига ўзини бурчли деб ҳисоблаган даъватга боғланган орзу-ўйлар оғушида кечди, бироқ ана шу даъватга итоат этадиган дақиқалар етиб келганида эса, қайсар феъл-ҳуқига бўйсуниб, ундан юз бурди. Энди вақт ўтди. Тилёғламалик билан айтилган тавба-тазаррунинг фойдаси йўқ. Чунки у рад этди. Xўш, нима учун?
У Доллинмаутга яқинлашганда йўлни чапга солди ва енгил ёғоч кўприкдан юриб бораётиб оғир пояфзал кийилган оёқлар дупуридан тахталарнинг ларзага келаётганини ҳис қилди. Насроний биродарлар жамоаси Буллдан қайтаётган эди. Улар жуфт-жуфт бўлиб тизилишиб келар ва жуфтлар бирин-кетин кўприкка қадам қўярди. Энди кўприк оёқлар остида лорсиллаб тебрана бошлади. Уларнинг гоҳ сарғиш, гоҳ қизил, гоҳида тўққизил тусдаги денгиз шуъласи ўйноқлаётган ёқимсиз башаралари шундоққина унинг ёнгинасидан лоппиллаб ўтар, уларга бепарво қарашга уринаётган бўлса-да, юзи ачиниш ва уят ҳиссидан қизиб кетганини сезди. Ўзининг аҳволидан алами қўзиб, юзини уларнинг кўзидан яширмоқчи бўлди ва пастга, кўприк тагида мавжланиб оқаётган саёз сувга қаради, бироқ уларнинг бесўнақай шляпалари, кўримсизгина энсиз ёқалари ва саланглаган роҳибона жандалари сувда ҳам акс этарди.
— Xикки оға.
— Квейд оға.
— Макардл оға.
— Кю оға.
Уларнинг тақводорликлари ҳам айнан исмларига, юзларига, кийим-бошларига ўхшайди; уларнинг итоаткор ғамзада юраклари, эҳтимол, садоқатда унинг юрагидан кўра тенгсиз эканига — яратганга матлуб бу вафо-садоқат ўзининг зийрак, тадбирли тақводорлигидан кўра юз карра афзаллигига ўзини зўр бериб ишонтиришга ўрганиши бефойда эди. Шундайин, агар пайти келиб, мағрурлигимни жиловлаб, фақиру ҳақир қиёфада, жулдур кийим-бош билан уларнинг эшиги олдида пайдо бўлсам, мендан меҳр-мурувватни аяймайдилар ва худди ўзларини яхши кўргандай мени суюб ардоқлай оладилар, деб ўйлаб, ўзини олижаноб бўлишга чоғлаши ҳам бефойда эди. Ва ниҳоят, ўзининг совуққон ишончига зид бориб, иккинчи ўгитда ўзгани худди ўзимизни яхши кўргандай яхши кўришимиз лозим дейилгани меҳр-муҳаббатнинг миқёси ва кучини назарда тутиб эмас, балки худди ўзимизни яхши кўргандай ёнимиздаги кишини яхши кўришни амр этишини ёқлашга уриниши ҳам бефойда, боз устига, азобли эди.
У ўзининг ён дафтарчасидаги гапни эслади ва овозини чиқармай ичида такрорлади:
«Денгиздан бино бўлган барра булутли олачипор кун».
Гап ва кун ҳамда манзара бир оҳангга уйғунлашган эди. Сўзлар. Ёки уларнинг ранг-тусимикан? Буларга у турли рангларда жилваланишга ва рангларнинг бирин-кетин ўчишига имкон берди. Тўққизил мис тусидаги олтин тонг ва ям-яшил олмазор боғ, тўлқинларнинг зангор ранги, гирдига сарғимтил ҳошия тортилган булутларнинг чувалган ипак толалари. Йўқ, булар бўёқлар эмас. Бу — гапнинг мароми ва оҳанги, холос. Демак, унга сўзнинг бир маромда кўтарилиб, тушиб тургандаги оҳанги моҳиятидан ва рангидан кўра кўпроқ ёқаркан-да? Балки кўзларининг хиралиги, феъл-атворининг юввошлиги боис рангдор, жимжимали тилда чиройли ифодаланган ёрқин, кўзга яққол кўринадиган тасвирдан кўра, аниқ, лўнда ва бир маромдаги прозада бекамикўст гавдаланган шахсий ҳис-туйғуларининг мушоҳадаси унга кўпроқ қувонч бағишлар?
У тебраниб турган кўприкдан қаттиқ ерга тушди. Шу дақиқада унга ҳавода совуқ тургандай туюлди ва у сувга кўз қиррини ташлаб, ёпирилб келган кучли шамол сокин тўлқинларнинг оромини бузиб, мавжлантириб юборганини кўрди. Юраги енгилгина силкиниб, томоғи тиришиб-тортишгани совуқ, киши табиатига ёт денгиз ҳидига вужуди тоқат қила олмаслигини сездирди; бироқ у чапга, қумтепалар томонга бурилмади, аксинча, дарёга тик тушган қояларни ёқалаб юрди.
Қуёшнинг хира нурлари дарёнинг кўрфазга қуйилган жойидаги кулранг сув сатҳини элас-елас ёритиб турарди. Узоқда, секин оқадиган Лиффининг қуйи тарафида кемаларнинг бир текис тизилган мачталари осмонга тортилган чизиқлардай, ундан нарида, туман ичида эса шаҳарнинг улкан иншоотлари кўзга ташланади. Гулу нақшларининг ранглари ўчиб, тўза бошлаган эски гиламдай, мисоли рағбатдан мосуво, шавқи ўчган киши каби ҳорғин қиёфадаги насроний оламнинг еттинчи манзилгоҳи норманлар ҳукмронлиги2 давридагидай ҳануз қадимий, ўшандай ҳолдан тойган ва узоқ вақт асоратда сақланганидан сабр-қаноатда барқарор, замондан холи макон оралиғида элас-елас кўзга чалинади.
У маъюс кайфиятда бошини кўтариб, оҳиста сузиб бораётган, денгиздан бино бўлган барра булутларга қаради. Улар бийдай само саҳросида оқиб, кўчманчилар карвонидай Ирландиянинг тепасидан, жуда баланддан ғарбга қараб йўл тортиб борарди. Улар келаётган тараф — Оврупо нариги ёқда, Ирландия денгизи ортида. Бегона тилларда гаплашувчи, текисликлар билан тарам-тарам тилинган, ўрмонлар билан ўралган, қалъалар билан қуршаб олинган Оврупо. Xандақлар билан ҳимояланган ва халқларни сафарбар этишга шай Оврупо. Унинг қулоғига аллақандай тушунарсиз, мужмал хотиралар мусиқаси ва исмлар чалингандай туюлди, бир зум уларни қарийб англагандай ҳам бўлди, бироқ ҳатто бир дақиқага ҳам хотирасида сақлаб қололмади, кейин куй оҳанги аста-секин узоқлаша бошлади, тобора узоқлашаётган мусиқа садосининг сокин оқимидан ажралиб чиқаётган бир чўзиқ даъваткор оҳанг, худди қоронғи осмонни тешиб чиққан ёрқин юлдуздай, шом қоронғусидаги сукунатни бузиб равшан эшитиларди. Мана, яна! Яна! Гўё нариги дунёдан чорлаётгандай бир товуш эшитилди:
— Салом, Стефанос!
— Ана, Дедал келаётир!
— А-а, бас қил, Дваер! Сенга айтаяпман! Ҳозир башарангга тушираман! А-а!
— Бопла, бопла уни Таусер! Ботир, ботир уни!
— Бу ёққа, Дедалус! Бус Стефануменос! Бус Стефанофорос!.
— Ботир уни, Таусер! Чўктир, чўктир уни.
— Қутқаринглар, қутқаринглар!.. А-а!..
Стивен уларни юзларидан ажратиб улгурмай овозларидан таниди. Лойқага беланган, жиққа ҳўл яланғоч гавдаларнинг турқи-тароватидан эти жунжикиб, баданини қалтироқ босди. Уларнинг мурдадай оқариб кетган ёхуд оқ-сариқ товланган ё бўлмаса қуёш тиғида куйган баданлари ҳўллигидан йилтилларди. Тошга нари-бери ўрнатилган, сакраганда лиққиллаб турган тахта супача, тик тушган тўғоннинг болалар тиришиб-тирмашиб чиқадиган қўл учида тарашланган тошлари совуқ ялтираб турарди. Улар денгизнинг муздай сувига ботириб олинган ҳўл сочиқлар билан бир-бирини савалашар, бетларига ёпишиб қолган сочлари ҳам совуқ шўр сувдан жиққа ҳўл эди. У тўхтаб бақириқ-чақириқларга, ҳазил-ҳузулларга жавоб қилди. Уларни турқидан таниб бўлмасди: Шюли — эгнида доим кийиб юрадиган кенг, очиқ ёқали кўйлаксиз, Эннис — илоннусха тўғали очқизил камарсиз, Конноли — ўзининг энли, чўнтакларининг қалпоғи сўкилган калта камзулисиз. Уларга қараб юрак ачийди, балоғатга етиб қолганларини билдириб турган аломатларни кўриш эса баттар ачинарли; кўзи тушган одам, бу алфозда кўриб, улардан жирканиши тайин. Эҳтимол, одам гавжум ва шовқин-сурон бўлгани учун уларнинг ўзларига бу унчалик сезилмаётгандир. Болалардан узоқда, шовқин-сурондан холи хилватда ўз танасининг пинҳона майилларидан қўрқувга тушгани унинг ёдига келди.
— Стефанос Дедалос! Бус Стефануменос! Бус Стефанофорос!
Болаларнинг ҳазил-мазахларига у кўникиб кетган эди, ҳозир ҳам унинг ўзларидан устун бўлган оғир-босиқ, ғурурли феъл-атворини улар майна қилишарди. Ҳозир, ҳар қачонгидан кўра, унинг ғаройиб исм-шарифи кароматдай янгради. Булутли илиқ ҳаво ҳам фавқулодда ажойиб эди, унинг кайфияти ҳам айни дамда беқарор ва тажанг, назарида ўтган барча асрлар қўшилиб, қоришиб кетгандай. Атиги бир нафас бурун унинг кўзига кўҳна Дониё қироллигининг шарпаси ғира-шира туман пардаси ортида намоён бўлган эди. Энди афсонавий уста1 исмида унга сидирға тўлқинлар шовқини эшитилди; унга тўлқинлар устида парвоз қилаётган ва аста-секин юқорига кўтарилиб бораётган қанотли соя кўринаётгандай туюлди. Бу нима? Бу ўрта асрнинг аллақандай башоратлар ва тимсоллар китобининг муқаддимасидаги антиқа белги бўлдимикан? Ёки кўкдаги лочинга ўхшаб, денгиз узра қуёш сари учаётган бу одам, у адо этиши лозим бўлган, болалик ва ўсмирликнинг туманли сўқмоқлари оша етиб келган мақсаду муродининг даракчиси, ўзининг дастгоҳида жоҳил, мутаассиб дунё унсурларидан қайта бошдан янги, енгил, ложувард, боқий мавжудликни яратаётган мусаввир тимсолимикан?
Унинг юраги дуккиллаб ура бошлади, нафаси тезлашди, гўё у тепага, қуёш томон учаётгандай, шиддатли шамол аъзойи-баданини илма-тешик қилиб юборгандай бўлди. Юраги қўрқувдан тез урар, руҳи эса гўё танасини тарк этган, фалакка кўтарилиб кетган эди. Руҳи нариги оламда учиб юрарди ва тани, унга отнинг қашқасидай таниш тани бир нафас ичида ишончсизликдан халос бўлди, тамом покланди, нурга йўғрилди ва руҳининг озод парвозига уйғунлашди. Унинг кўзлари парвоз шавқидан чақнар, нафас олиши тобора зўрайиб, учириб кетаётган шамолга инон-ихтиёрини топширган тани эса ҳаяжондан титрар, жўшар, ҳузурланиб яйрарди.
— Бир, икки... Қоч!..
— Крайпс, чўкаяпман!..
— Бир! Икки! Уч! Сакра!..
— Кимнинг гали, қани кел!..
— Бир.. Уф!..
— Стефанофорос!..
Унинг лочиндай ёки тик қоядаги бургутдай ўзининг озод бўлганидан завқланиб учқур шамолга басма-бас қаттиқ чинқиргиси келиб томоғи зирқиради. Ҳаёт, тириклик шавқи унинг руҳини юксакка чорлаб овоз берарди, бироқ бу уни черковнинг якранг ва бемақсад хизматига чақирган мажбуриятлар ва афсус-надоматлар дунёсининг зерикарли, тўпори овозига ўхшамасди.
Бир лаҳза давом этган тийиқсиз парвоз уни иллатлардан фориғ қилди ва лабларида зўрға тутиб турган севинч ҳайқириғи шиддат билан онгига ёпирилиб, акс-садо берди:
— Стефанофорос!..
Энди бу иллатлар мисоли омонат жасаддан сидириб олинган кафандай: юрагига мудом ғулғула солган қўрқув ҳам, жонини қийноқ-қистовга олган ишончсизлик ҳам, ич-етини тинимсиз кемирган гуноҳкорлик туйғуси ҳам — бор-йўғи майитни ўраб-чирмаган бўз латта, кафан, холос.
Унинг руҳи ўсмирлик лаҳадидан бу кафанни сидириб ташлаб, даст турди. Ҳа! Ҳа! Ҳа! Xудди ўша буюк уста каби, исмини ўзи олиб юрган улуғ санъаткорга ўхшаб у юрагининг озод туйғулари ва куч-қувватидан ғурур билан буткул янги дунё яратади — ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, жонли, гўзал, ҳайратланарли ва безавол ғаройиб дунё бино этади.
У қияликдан югуриб тушди, томирларида жўш уриб қайнаган ҳаяжонни босишга ожиз эди. У икки юзи ловуллаб ёнаётганини ҳис этди, бўғзини куйланмаган бир қўшиқ куйдириб борар, оёқлари йўл танобини тортишга — дунё кезишга маҳтал эди. Олға! Олға! — дея ҳапқирарди унинг юраги. Денгизга шом қоронғуси тушади, водийга оқшом чўкади, сайёҳ қаршисида тонг жилваланади ва унинг кўзига нотаниш далалар, қир-адирлар, чеҳраларни намоён этади. Бироқ қаерда?
У шимолга — Xоут8 тарафга қаради. Тўғоннинг қия ёнбағридаги бақатўнларни очиқ қолдириб, ортга қайтган денгиз тўлқинлари соҳил бўйлаб шитоб билан бостириб борарди. Сувнинг жимирлаётган саёз сатҳидан чўзинчоқ гардиш шаклида илиқ ва қуруқ қумлоқлар чиқиб қоларди. Саёз сув сатҳининг у ер, бу ерида қумлоқ оролчалар йилтиллаб кўринади, оролчаларда ва денгизнинг қирғоққа яқин жойларидаги майда жилғачалар орасидаги пляжда ярим яланғоч одамлар қораси кўринади, улар энгашиб, қумлоқдан ниманидир олишиб, бориб-келиб ивирсиб юришади.
Орадан бироз ўтгач у ялангоёқ бўлиб олди, пайпоқларини чўнтагига тиқди, канопдан тикилган пояфзалини ечиб, боғичларини боғлаб елкасига ташлади, сўнг тўлқин оқизиб келган учи ўткир, шўр сувда чирий бошлаган таёқни ахлат ичидан суғуриб олди ва тўғонни ёқалаб пастга тушди.
Тўлқин қайтган қумлоқ қирғоқда жилғачалар югуриб оқарди. У қирғоқ бўйлаб, сув ости ўт-ўланларининг тинимсиз ҳаракатини кузатиб, аста-секин одимлади. Зумрад тусли, қора, малла, зайтунранг ўт-ўланлар сув остида эшилиб-буралиб, тебраниб ҳаракат қиларди. Бу тинимсиз ҳаракатдан қорамтир тусга кирган сув юзи тепада сузиб бораётган булутларни акс эттирарди. Осмонда булутлар оҳиста сузар, пастда эса денгиз ўт-ўланлари сокин тебранар, булутли илиқ ҳаво осойишта, унинг томирларида навқирон, сурурли ҳаёт шавқи жўш урарди.
Унинг ўсмирлиги қаёққа ғойиб бўлди? Унинг ўз қисматига чап берган, фақирликни ихтиёр этган, танҳоликда ўз дарду аламларига қоришиб, нотавонлик ва чорасизликдан эгнига ридо илмоқни, қўл текизгандаёқ тўкилиб тушадиган жандага ўранишни афзал билган сўқир кўнгил майллари қайга даф бўлди?
У ёлғиз ўтирибди. Ўтган кунларига қўл силтаган, хушбахт, ҳаётнинг сархуш қилувчи маънисидан татинган, сурурли кайфиятда. Ёлғиз ўзи — ёш, ғурур билан, ғайратга тўлиб, сархуш ҳавода шўр тўлқинлар, денгиз чиқариб ташлаган чиғаноқлар ва ўт-ўланлар орасида, қуёшнинг кўкимтир-сарғиш нури остида бир ўзи, нарироқда енгил кийинган болалар ва қизлар чопқиллашади, ҳавода уларнинг қувноқ, шўх-шодон овозлари жаранглайди.
Улардан берироқда жилғачалар ўртасида қиз бола ёлғиз қилт этмай денгизга термилиб турибди. Гўё аллақандай сеҳрли куч уни тирик жонзотга, ғаройиб гўзал денгиз қушига айлантириб қўйган. Қизнинг оёқлари узун, келишган, худди қарқаранинг силлиқ, майин, нозик оёқларидай оппоқ, фақат уларга илашган зумрад тусли денгиз ўти ярашиқли белги солгандай. Оёқларнинг тиззадан тепароғи хийла бўлиқроқ, ранги фил суягидай, калтагина лозимасининг парпараклари оқ каптарнинг момиқ патларидай оппоқ оқариб турибди. Ҳеч бир тортинишсиз олдини қайириб белигача ростлаб турилган ҳаворанг кўйлагининг этаги кабутарнинг думидай, ортига тушган. Кўкси — қушникидай, нозик ва майин, худди қорақанот каптарнинг тўшидай. Бироқ унинг узун кумуш сочлари бениҳоя латиф, иффат ва назокат балқиган юзи ҳам ўта тароватли, фавқулодда гўзал.
Қиз ёлғиз ўзи, денгизга термилганча қилт этмай турар, бироқ унинг шу яқин-орадалигини, ўзига ихлос ва меҳр билан тикилаётганини сезганида қизнинг кўзлари унга хотиржам боқди ва нигоҳи унинг нигоҳи билан тортинмай, сўзсиз-сўроқсиз учрашди. Қиз анча вақт кўзларини узмай қараб турди, сўнг хотиржам нигоҳини четга олди ва пастдаги жилғачаларга термилиб туриб, сувни оёғи билан нари-бери чайқай бошлади. Оҳиста чайқалаётган сувнинг шовқинсиз майин товуши сукунатни уйғотади, енгил, шилдираган, майин, худди тушдаги қўнғироқ оҳангидай — баланд, паст, баланд, паст — қизнинг нимпушти ёноқлари титрайди.
«Ё, меҳрибон худо!» — Стивеннинг юраги бу дунёвий қувонч эҳтиросидан хитоб қилди.
У туйқус қизга терс ўгирилди ва сувнинг саёз жойидан шитоб билан юриб кетди. Унинг юзлари ловуллар, вужуди ўртанар, оёқлари титрарди. У олдга, тобора олдга талпинди, шавққа тўлиб денгизни шарафлаб қўшиқ айтиб, қувончли қийқириқлар билан уни чорлаётган ҳаётга пешвоз юрди.
Қизнинг сиймоси унинг қалбидан абадий жой олди, бироқ бу муқаддас сукутнинг сурурини бирор-бир сўз бузгани йўқ. Қизнинг нигоҳи уни чорлади ва юраги бу чорловга шитоб билан талпинди. Яшаш керак — адашиб, тушкунликка тушиб, зафар қозониб, ҳаётдан янги ҳаёт яратиб яшаш керак. Унга олов фариштаси, боқий гўзаллик ва навқиронлик малаги, сурурли ҳаёт салтанатининг элчиси намоён бўлди ва шавқли бир лаҳза ичида унинг қаршисида адашишлару афсус-надоматлар ва шон-шуҳратнинг барча йўлларини очиб қўйди. Олға, олға, фақат олға!
У бирдан тўхтади ва жимликда юрагининг дуккиллаб ураётганини эшитди. Қаерларга келиб қолди? Ҳозир соат нечча?
Теварагида тирик жон йўқ, тиқ этган товуш эшитилмайди. Бироқ денгиз суви кўтарилиб, тўлқин ортга қайтаётган ва кун ниҳоясига етаётган эди. У қирғоқ томон бурилди ва саёз ёнбағирдан тепага қараб югуриб кетди, оёқлари остидаги майда кескир тошларга эътибор ҳам қилмади; у қумлоқ тепаликлар орасидаги овлоқ, ўт-ўланлар қоплаган сойликка тушиб чўзилди, шояд бугун, шом чоғидаги бу сокинлик ва жимлик томирларида кўпириб тошаётган эҳтиросини бироз босса.
У тепасида улкан ва баланд кўк гумбазини, осмон жисмларининг хотиржам ҳаракатини кузатди; тагидаги киндик қони томган ва уни йўргаклаб бағрига олган заминни туйди.
Толиқиб, уйқу хуружида кўзларини юмди. Ернинг олий мақомдаги куч-қувватини ва унинг посбонларини ҳис этгандай унинг ёноқлари уча бошлади, аллақандай янги, сирли оламнинг ғалати таъсирини сезгандай бўлди. Руҳи чўкиб, хаёлан янги, ўзгача хаёлот оламига, ноаён қоронғу дунёга, ваҳимали махлуқлар ва ҳайбатли кўланкалар судралиб юрадиган денгиз қаърига ўхшаш оламга шўнғий бошлади. Олам милтиллаган нурми ё гул? Милтиллаб ва титраб, титраб ёлқин таратиб очилиб, барқ ураётган гулдай олам мислсиз ҳаракатлар билан ёришиб бораётир, гоҳ очқизил гулдай алангаланиб, гоҳ оқ атиргулга ўхшаб туси ўчиб, гулбарглари қават-қават, ранглари тўлқин-тўлқин таралиб, фалакни енгил, бири-биридан ёрқин алангаларга ғарқ этаётир.
У уйғонганида қош қорайиб қолган эди, чўзилган жойидаги қум ва қовжираб қолган ўт-ўланлар энди турли-туман рангларда товланмасди. У ўрнидан секин турди ва тушида кўрган-кечирган сурурли лаҳзани хотирлаб, завққа тўлиб, чуқур энтикди.
У қирнинг тепасига чиқди ва чор-атрофга кўз югуртирди. Аллақачон қоронғи тушган эди. Қумга қадалган кумуш ҳалқадай янги ойнинг гардиши уфқнинг бўзарган кенглигини тилиб чиқиб турарди; денгиз тўлқинлари оҳиста шовуллаб, узоқдаги қумлоқ соҳилда юрган яккам-дуккам кеч қолган одамлар қорасини, худди оролчаларини ўраб олгандай, ўраб қирғоқ томон шитоб билан бостириб келарди.


AvvalgiII- qism Keyingi





↑ «Мен юксалдим, мисоли Ливандаги қарағайдай ва Ермон тоғларидаги сарв янглиғ, Енгад хурмоси ва Иерихон атиргулининг бутоғидай кўкка бўй чўздим. Мен, водийдаги гўзал зайтундай ва чинордай қад ростладим. Мисоли долчин ва аспалаф сингари оламга атримни ёйдим ва энг аъло исириқ каби мушк-анбар таратдим» («Инжил»).

↑ Тангримизнинг тани (лотинча).

↑ Абадул абадга. Омин (лотинча).

↑ «Боринглар! Ибодат тугади» (лотинча) — ибодатнинг сўнгги сўзи.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика