Шоир (ҳикоя) [Karel Chapek]

Шоир (ҳикоя) [Karel Chapek]
Шоир (ҳикоя) [Karel Chapek]
Эрталаб соат тўртларда Житная кўчасида автомашина ширакайф кампирни уриб юборди, ҳайдовчи тезликни ошириб, кўздан ғойиб бўлди. Ёшгина политсия амалдори д-р Мейзлик олдида ушбу жиноятни очиш вазифаси турарди. Ёш политсия амалдорларининг ўз ишига нақадар жиддий ёндошиши эса ҳаммага маълум.
— Ҳм... — деди Мейзлик 141 рақамли политсиячига. — Демак, сиз ўзингиздан уч юз метрча нарида автомобилни, ерда узала тушган танани кўрдингиз. Қани айтингчи, ишни нимадан бошладингиз?
— Дастлаб жабрланувчининг олдига чопиб бордим, — сўз бошлади политсиячи, — чунки унга биринчи ёрдам кўрсатиш зарур эди.
— Аввал машинанинг номерини аниқлаш зарур эди, — тўнғиллади Мейзлик, — кейин кампир билан шуғуллансангиз ҳам бўлаверади. Лекин, мен ҳам, эҳтимол, шундай қилган бўлардим, — қўшиб қўйди у қалам билан бошини қашилар экан. — Демак, машина номерини пайқамадингиз. Бошқа белгиларини-чи?
— Менимча, — ишончсизлик билан деди 141 рақамли политсиячи, — у тўқ рангда эди. Ё кўк, ёки тўқ қизил. Овоз пасайтиргичдан бурқсиб тутун чиқаётгани учун ҳеч нарсани кўриб бўлмади.
— О, худойим! — ҳафсаласи пир бўлди Мейзликнинг. — Энди машинани қандай қилиб топаман? Ҳар бир ҳайдовчини тўхтатиб, «Кампирни сиз уриб юбордингизми?» деб сўраб чиқаманми? Нима қилиш керак, айтинг-чи, қадрдоним?
Политсиячи эҳтиром ва лоқайдлик билан елкаларини қисди.
— Ахборот беришга жазм этдим, мен бир гувоҳни рўйхатга олганман. Аммо у ҳам ҳеч нарса билмайди, қўшни хонада кутиб турибди.
— Олиб киринг, — ҳўмрайиб деди Мейзлик хом-хатала тузилган баённомадан бирон нимани илғаб олишга ҳаракат қиларкан, — исмингиз, турар-жойингиз? — кирган одамга одатдагидай мурожаат қилди у бошини ҳам кўтармай.
— Крамик Ян, механика факултети талабаси, — аниқ-равшан сўзлади гувоҳ.
— Сиз бугун эрталаб соат тўртларда номаълум машина Божена Махачковани уриб юборганлигининг гувоҳи бўлдингизми?
— Ҳа. Мен бунда ҳайдовчи айбдор эканлигини айтиб қўйишим керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кўча бўм-бўш эди, у ҳеч бўлмаса чорраҳада тезликни пасайтирганда эди...
— Сиз ҳодиса содир бўлган жойдан қанча масофа узоқликда эдингиз? — унинг сўзини бўлди Мейзлик.
— Ўн қадам нарида. Мен ўртоғимни қаҳвахонадан кузатаётган эдим, биз Житная кўчасини кесиб ўтаётганимизда...
— Ўртоғингиз ким ўзи? — унинг гапини бўлди Мейзлик. — У ҳақда бу ерда ҳеч нарса ёзилмаган.
— Шоир Ярослав Нерад, — фахр билан жавоб қилди гувоҳ. — Бироқ сиз ундан ҳеч қандай маълумот ололмайсиз.
— Нега бундай дейсиз? — қовоғини солди Мейзлик, кичик бир хасга бўлса ҳам «ёпишиб олиш»ни кўзлаб.
— Чунки у шунақа фазилатли инсон. Бахтсиз ҳодиса юз бергач, у ёш боладай йиғлаб юборди ва уйига қараб чопди... Шундай қилиб биз Житная кўчасидан кетиб бораётган эдик, тўсатдан орқа томондан ниҳоятда катта тезликда машина учиб келди...
— Машинанинг номери?
— Кечирасиз, пайқамадим. Мен фақат тезлик ҳаддан ташқари юқорилигига эътибор қилдим ва ўзимча...
— Қайси турдаги машина эди? — сўзини бўлди Мейзлик.
— Тўрт тактли ички ёнув двигатели, — билағонлик билан жавоб қилди студент-механик. — Аммо қандай маркадалигини мен яхши ажрата олмайман.
— Кузов қанақа рангда эди? Машинада ким бор эди? Усти очиқми ёки лимузинми?
— Билмадим, — хижолатомуз жавоб қилди гувоҳ. — Ранги чамаси қора эди. Аммо, умуман олганда, мен пайқай олмадим, чунки ҳодиса юз берганда, мен ўртоғим томонга ўгирилиб: «Қара, қандай аблаҳлар-а, одамни уриб юборишди-ю, ҳатто тўхташмади ҳам», деб гапираётган эдим.
— Ҳм... — норози оҳангда тўнғиллади Мейзлик. — Бу, албатта, табиий ҳолат. Бироқ мен сизни машина номерини пайқаган бўлишингиз керак, деб ўйлаган эдим. Одамларнинг кузатувчан эмаслиги ғоят ажабланарли. Сиз шофёр айбдор эканлигини тушундингиз, аблаҳ деган хулосага келдингиз, машина номерига эса батамом эътибор қилмагансиз. Мулоҳаза юритишга ҳамма уста, сезгирлик билан атрофни кузатишга келганда эса... Ташаккур, жаноб Крамик, сизни ортиқ ушлаб турмайман.
Орадан бир соат ўтгач, 141 рақамли политсиячи шоир Ярослав Нерад ижарада турадиган уйнинг қўнғироғини босди.
— Уйда, — жавоб қилди уй соҳибаси. — Ухлаяпти.
Уйқуси чала қолган шоир политсиячини кўриб, кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди? «Нима иш қилиб қўйдим экан-а?» — деган фикр ўтди хаёлидан.
Ниҳоят, политсиячи уни нима учун политсия маҳкамасига чақиришаётганини Нерадга тушутиришга муваффақ бўлди.
— Албатта бориш керакми? — ишончсизлик билан сўради шоир. — Ахир мен барибир ҳеч нарсани эслай олмайман. Кечаси озроқ...
— Ширакайф бўлгансиз, — унинг сўзини давом эттирди политсиячи. — Мен шунақа кўп шоирларни танийман. Кийиниб чиқишингизни илтимос қиламан. Унгача кутиб тураман.
Йўл-йўлакай улар қаҳвахоналар, умуман, ҳаёт ҳақида, фалакиёт тимсоллари, бошқа кўплаб масалалар ҳақида гаплашиб кетдилар; фақат сиёсатга тил теккизишмади. Дўстона ва сабоқсифат суҳбатга берилиб маҳкамага ҳам етиб келишди.
— Шоир Ярослав Нерад сизми? — савол берди Мейзлик. — Сиз номаълум автомобил Божена Махачковани уриб кетганлигига шоҳид бўлдингизми?
— Ҳа, — хўрсинди шоир.
— У қандай машина эканлигини айта оласизми? Усти очиқми, ёпиқми, ранги, йўловчилар сони, номери?
— Билмайман, — деди. — Мен буларга эътибор қилмабман.
— Биронта икир-чикир ёки тафсилотни эслашга уриниб кўринг, — маълумот олишга ҳаракат қилди Мейзлик.
— Нима деяпсиз! — ажабланди Нерад. — Мен ҳеч қачон тафсилотларни пайқамайман.
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз ўзи ҳеч нарсани пайқадингизми? — истеҳзо билан сўради Мейзлик.
— Шундоқ, умумий кайфият холос, — мужмал жавоб қилди шоир. — Биласизми нима, ўша узун, кимсасиз, тонготар пайтидаги кўча... Ерда ётган аёл танаси... Тўхтанг! — ногоҳ хитоб қилди шоир. — Мен ахир, уйга борганимдан кейин бу ҳақда шеър ёзгандим.
У чўнтакларини кавлаб, ҳисоб-китоб чипталари, конвертлар, ғижимланган қоғоз парчаларини ола бошлади.
— Бу эмас, йўқ, бу ҳам эмас... Ҳа-ҳа, мана шунга ўхшаяпти. — У конвертнинг орқа томонига ёзилган мисраларни ўқишга киришиб кетди.
— Менга кўрсатинг-чи, менсимай таклиф қилди Мейзлик.
— Рости, бу жуда зўр шеър эмас, — камтарлик қилди шоир. — Аммо хоҳласангиз, ўқиб бераман.
У кўзларини юмиб, қироат билан ўқий кетди:
Тун пардасида саф тортганда уйлар,
Мандолинада тонг чалганда куйлар.
Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ,
Олис Сингапурга кетгандай учиб,
Пойгачи автода руҳини қучиб...
Тўзонга қулаган узилган лола,
Орзу-умидлари сўнганди бешак.
Ирода, матонат, вайрон хотира,
Бахтсизлик бўлурми, бундан-да ўксик!
О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна!
Икки бесабр новда бепарвогина,
Ажал ноғорасин саварди дардли —
Фожиада инсон йўқотди қадрин.
— Бори шу, — якунлади шоир.
— Кечирасиз, буларнинг маъноси нима? — сўради Мейзлик. — Гап нима ҳақда кетаяпти ўзи?
— Қанақасига нима ҳақда? Машина туфайли юз берган ҳодиса тўғрисида-да. Наҳотки, тушунмаган бўлсангиз?
— Унчалик эмас, — танқидомуз сўз қотди Мейзлик. — Буларнинг ҳаммасидан мен англамоқчи бўлганим: »Июл ойининг ўн тўртинчи кунида, эрталаб соат тўртда, Житная кўчасида қуйидаги рақамли автомобил маст ҳолатдаги олтмиш ёшли қашшоқ кампир Божена Махачковани уриб юборди. Жабрланувчи шаҳар шифохонасига жўнатилди, аҳволи оғир», каби маълумотлар йўқ. Мазкур фактлар ҳақида, менинг пайқашимча, бир оғиз сўз йўқ. Ҳа-ҳа.
— Булар ҳаммаси юзаки фактлар, борлиқнинг хом-хатала тасвири, — деди шоир бурни устини қашлар экан. — Шеърият эса ички воқеликдир. Шеърият — шоир онгида туғилган эркин, сюрреалистик тимсоллардир, тушундингизми? Бу, мағзини чақиб англанадиган манзаравий ва сасли кўринишлардир. Шундай йўл билан уни тушуниш мумкин, акс ҳолда... — таъкид билан якунлади Нерад.
— Марҳамат қилиб, айтинг-чи, — хитоб қилди Мейзлик. — Хўп майли, қани, асарингизни беринг-чи? Раҳмат. Демак, бу ерда нима дейилган? Ҳм... «Тун пардасида саф тортган уйлар...» Нега саф тортган? Тушунтиринг-чи?
— Житная кўчаси, — хотиржам гапирди шоир. — Икки қатор уйлар. Тушундингизми?
— Нега энди Миллий проспект эмас? — ишонқирамай сўради Мейзлик.
— Чунки Миллий проспект бу кўча каби тўппа-тўғри эмас, — дадил жавоб берди шоир.
— Хўп, яна ўқиймиз: «Мандолинада тонг чалганда куйлар...», тушунарли. «Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ...» Узр, қизалоқ қаердан келиб қолди?
— Тонгги шафақ, — лўнда жавоб қилди шоир.
— Ҳа, ундай бўлса, кечирим сўрайман. «Олис Сингапурга кетгандай учиб, пойгачи автода руҳини қучиб...»
— Чамаси, ўша автомобилни тасаввурим шундай қабул қилган, — тушунтирди шоир.
— У пойгачи автомобилмиди?
— Билмайман. У қутургандай тез учиб кетди деган маънода. Худди дунёнинг нариги четига шошаётгандай.
— Ҳа-ҳа, яхши. Масалан, Сингапурга-а? Лекин нега айнан Сингапурга, худо ҳаққи?
Шоир елкаларини қисди.
— Билмайман, эҳтимол у ерда малайялар яшаши учун бўлса керак.
Шоир тутилиб қолди.
— Балки, машина жигарранг бўлгандир, — ўйланиб гапирди у. — У ерда жигаррангга оид нимадир бор эди. Акс ҳолда Сингапур қаердан келиб қоларди?
— Майли, — деди Мейзлик. — Бошқа гувоҳлар машина кўк, тўқ қизил, қора рангда эди, деб айтишди. Кимга ишониш керак?
— Менга, — деди шоир. — Мен тасвирламоқчи бўлган ранг кўз учун ёқимли.
— «Тўзонга қулаган узилган лола», — ўқишда давом этди Мейзлик. — «...узилган лола» — нима бу, маст кампиршоми?
— Мен бу ҳақда бундай ёза олмас эдим-да! — афсус билан деди шоир. — У аёл киши эди, бор-йўғи шу. Тушунарлими?
— Ҳа-а! мана бу-чи: «О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна!, Икки бесабр новда бепарвогина, ажал ноғорасини саварди дардли...» Хом хаёлларми бу?
— Қани кўрсатинг-чи, — деди энгашиб шоир. — Ҳмм... «О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна! Икки бесабр новда... Ажал ноғораси...», нима экан буларнинг маъноси?
— Мен сиздан худди шуни сўраяпман, — киноя билан сўз қотди политсия амалдори.
— Тўхтанг, — мулоҳаза қиларди Нерад. — Нимадир бор, бу тимсолларни ёдимга солган...
— Айтинг-чи, икки рақами оққушнинг бўйнига ўхшамайдими? Мана, қаранг.
Ва у қалам билан 2 ни ёзди.
— Ҳа, — энди қизиқиш билан хитоб қилди Мейзлик. — «Қонталаш сийна-чи?»
— Бу, ахир 3 рақами. У иккита чала айланадан таркиб топган. Шундай эмасми?
— Икки бесабр новда ва ажал ноғораси қолди! — тўлқинланиб кетди политсия амалдори.
— Икки бесабр новда, ажал ноғораси... — ўйларди Нерад. — Ажал ноғораси ва чолғувчи новдалар... Балки, у бешдир-а? Қаранг. — У 5 рақамини ёзди. — Қуйи доира ноғорага ўхшайди, устида икки новда, худди алифдай.
— Хўш, — деди Мейзлик варақда 235 рақамини ёзар экан. — Сиз автонинг номери 235 эканлигига ишонасизми?
— Номер? Мен ҳеч қандай номерни пайқамадим, — қатъиян қарши чиқди Нерад. — Лекин нимадир борки, мен шундай деб ёзганман. Менимча, шеърнинг энг муваффақиятли жойи шу бўлса керак. Сиз нима деб ўйлайсиз?..
Икки кундан кейин Мейзлик Нераднинг уйига кирди. Бу сафар шоир уйқуда эмасди. Ҳузурида бир қиз борлигидан, у политсия амалдорини ўтқазишга стул тополмай қолди.
— Мен бир лаҳзага холос, — деди Мейзлик. — Ўша автомашинанинг номери ҳақиқатан ҳам 235 бўлганлигини айтиб қўйиш учун кирдим.
— Қанақа автомашина? — ажабланди шоир.
— «О, оққушжон бўйни, қонталаш сийналар! Икки бесабр новдалар, ажал ноғорасин саварди дардли!» — тўхтамай хитоб қилди Мейзлик. — Сингапур ҳам тўғри ёзилган. Машина жигарранг тусда экан.
— Ҳа-ҳа! — эслади шоир. — Мана, кўрдингизми, ички воқелик нима дегани. Хоҳласангиз, икки-учта шеъримдан ўқиб бераман. Энди сиз уларни тушуна оласиз.

— Бошқа сафар! — шошилиб жавоб қилди политсия амалдори. — Яна шундай ҳодиса юз берганда-а, хўпми?
Mualifning boshqa asaralari
1 Shoir (hikoya) [Karel Chapek] 339
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика