Мухтасар Ислом тарихи [Abdurauf Fitrat]

Мухтасар Ислом тарихи [Abdurauf Fitrat]
Мухтасар Ислом тарихи [Abdurauf Fitrat]
МУҚАДДИМА
Тарих таърифи
Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир.

Тарих тақсими
Тарих икки қисмдан иборат: умумий тарих ва хусусий тарих. Барча миллат ва жамиятларнинг ахволини баён қиладшан соҳа умумий тарих, деб аталади. Хусусий тарих биргина миллат ва биргина жамиятнинг тарихини ёритади. Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради; бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг дунёга келишларидан ва Ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир.

БИРИНЧИ ҚИСМ: САОДАТ ДАВРИ
Рум ва Эроннинг Исломдан аввалги аҳволи
Исовий (христиан) дини тарихининг беш юзинчи йиллари дунёда икки улуғ давлат мавжуд бўлиб, буларнинг бирини Рум ва иккинчисини Эрон, дер эдилар. Бу икки давлат подшоҳларидан бири доимо иккинчисининг устига лашкар тортиб, ўртада узоқ давом этган жанглар бўлар эди. Натижада икки томон ҳам ҳолдан тояр, иккови икки томонга чекинган ҳолда яна лашкар тўплар, халқнинг ҳисобига пул тўплаб, яна янгитдан жангга ҳозирлик кўрар эдилар. Жабр-зулм остида қолган бу мамлакатларнинг халқлари бот-бот исён кўтарар, турли диний ихтилофлар баҳонасида подшоҳларини ағдариб ташлаш қасдида бўлар, хуллас, фисқ-фужур, ахлоқсизлик, зўравонлик ва босқинлар бу юртларда кенг тарқалган эди. Натижа ўлароқ, бу юртлар кундан кунга хароб аҳволга келиб, халқнинг сони камайиб борарди.

Араб ярим ороли ва у ердаги халқнинг аҳволи
Бу икки мамлакатнинг жануб тарафида бошқа бир қитъа бор эди; уни Араб ярим ороли (Жазиратул-араб), деб атаганлар. Бу ернинг халқи асосан араблардан ташкил топган. Араб ярим ороли Рум ва Эрон юртлари каби обод эмас, балки кўп ерлари қумликдан иборат бўлиб, баъзи қитъалардагина обод манзиллар мавжуд эди. Бу қитъалардан энг машҳури ва мубораги Ҳижоздир, чунки бу қитъада Макка билан Мадина жойлашган. Харитага қарасангиз кўрасизки, Ҳижоз қитъасининг бир тарафи Қизил денгиз ва бошқа бир тарафи чўлдир. Бу жойларни Рум ва Эрон давлатлари эгаллай олмаганлар. Бу ерда яшовчи халқлар Рум ва Эрон каби ўз ҳукуматларига эга бўлмай, қабила-қабила, яъни тўп-тўп бўлиб яшаганлар. Ҳар бир қабиланинг ўз сардори бўлган.
Барча араблар жоҳил ва бадавий (саҳройи) бўлганлар. Чўпонлик ва қароқчилик билан кун кўрганлар. Бирон йил бўлмаганки, бир қабила иккинчисига ҳужум қилмаган, ўртада қон тўкилмаган бўлсин. Барча қабилаларнинг диии бутарастлик эди. Макка шаҳридаги Каъба хонасида 360 бут (санам) ўрнатилган бўлиб, ҳар бир қабила ўзига тегишли бутга сиғинар эди. Қиморбозлик ва шаробхўрлик уларнинг кўнгил очар ишлари бўлган. Агар уларнииг хотинлари қиз туғса, ор қилиб, бегуноҳ гўдакларии тириклайин ерга кўмар эдилар. Хуллас, на фақат Рум ва Эрон ёки Араб ярим оролидаги қабилалар, балки бутун олам давлатлари хароб аҳволга келган эди. Буюк Ҳазрати Парвардигор бу дунёнинг харобаликларини хоҳламас эди, шунинг учун бот-бот пайғамбарлар тайин қилиб, улар орқали панд-насиҳатлар қиларди. Аллоҳ таоло жуда кўп пайғамбарлар юборгандан сўнг, энди ҳақдин билан охирги пайғамбарни юборишга қарор қилди, аммо охир замон пайғамбарини Рум ва Эрон каби буюк давлатлардан танламади, чунки бу давлатлардаги одамлар кўп беахлоқ, беандиша ва беғайрат бўлиб кетган эдилар. Аммо Араб ярим оролидаги Ҳижоз араблари Рум ва Эрон подшоҳларига ҳеч вақт тобеъ бўлмаган ва у мамлакатларнинг халқлари билан борди-келди қилмаган эдилар; ҳарҳолда ахлоқда улардан мумтозроқ эдилар. Уларнинг хислатларидан баъзилари шуки, улар мусофирпарвар, ростсўз, ғайратли, сўзамол ва шоирлик иқтидорига эга эдилар. Бинобарин, Худойи таоло у буюк Пайғамбарни араб қавмидан тайин қилдики, ул жаноб бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бўлдилар.

Ҳазрати Расули акрам ъалайҳиссаломнинг дунёга келишлари
Юқорида айтдикким. араблар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Ҳижоз араблари ҳам шу каби бир неча қабиладан таркиб бўлган. Уларнинг ичида энг улуғ ва эътиборлиси Қурайш қабиласидирки, зеро Каъбага хизмат қилиш уларнинг қўлида эди. Қурайш қабиласининг бир сардори бўлиб, уни Абдул-Муталлиб, деб аташган, унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Абдул-Муталлиб бу ўғлини бошқаларидан кўпроқ яхши кўрардилар. Омина исмли араб қизини никоҳлаб бердилар. Орадан етти ой ўтгач, Абдуллоҳ савдогарлик важҳидан Мадинага бориб, у ерда вафот этадилар. Яна икки ойдан сўнг, исовий сананинг 570 йили, Рабъул-аввал ойининг 12-сида, душанба куни Аллоҳнинг раҳмати билан бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бинни Абдуллоҳ Макка шаҳрида Оминадан дунёга келдилар.

Ҳазрати Пайғамбарнинг тарбиялари
Демак, юқорида айтганимиздек, Пайғамбаримиз дунёга етим келдилар, оталари оламдан ўтган эдилар. Боболари Абдул-Муталлиб ул ҳазратнинг тарбияларини ўз зиммаларига олдилар. Макка халқининг бир яхши одати бор эдиким, янги туғилган гўдакларни саҳройи энагаларга бериб, шаҳар ташқарисига чиқариб юборар эдилар. Абдул-Муталлиб ҳам ул ҳазратни Ҳалима исмли дояга бериб, шаҳардан ташқарига чиқариб юбордилар. Ҳалима бир йил ул ҳазратни тарбия қилди, сўнгра қайтариб топширди.
Ҳазрат олти ёшга тўлганларида оналари вафот қилдилар, саккиз ёшда эканликларида боболари ҳам вафот этдилар. Амакилари Абу Толиб ул ҳазратни ўз тарбияларига олдилар. Ўн уч ёшга тўлганларида Абу Толиб билан Шом шаҳри томон йўлга отландилар. Йўлнинг ярмида Буҳайро исмли бир насроний роҳиб ул ҳазратни кўриб, у кишининг баъзи аломатларидан Пайғамбари охир замон эканларин пайқади ва Абу Толибга: «Бу йигитни Шомда яҳудийлар таниб қолиб, зарар етказинглари мумкин», деди. Абу Толиб Буҳайронинг сўзига кириб, Маккага қайтиб кетдилар.

Пайғамбарнинг уйланишлари
Ҳазратнинг ахлоқ ва одоблари бисёр мақбул ва комил бўлган; ҳеч вақт ёлғон гапирмаганлар, ҳеч кимга хиёнат қилмаганлар, ноинсофлик, мурувватсизлик ва беҳаёликдан йироқ эдилар. Бинобарин, ҳазратнинг эътиборлари ортиб, кундан кунга зиёда бўлган. Макка халқи ул зотни Муҳаммад Амин, деб атади. Ҳазрат йигирма тўрт ёшга тўлганларида маккалик Хадича исмли молдор аёл у кишига молини бериб, Шомга юбордилар. Бу дафъа ҳам йўлнинг ярмида Настуро исмли бир насроний роҳиби у кишини кўриб, Шом сафарини манъ қилди. Шул сабабли молларини ўша ерда катта фойда эвазига сотдилар ва қайтиб кетдилар. Хадича ул ҳазратдан жуда мамнун бўлдилар. Йигирма беш ёшда эканликларида Хадичани ўз никоҳларига олдилар.

Ваҳийнинг келиши
Юқорида биз ҳазратнинг одоб-ахлоқлари ҳақида гапириб ўттан эдик, ҳазратнинг яна бир хислатлари шундан иборат эдики, бошқа маккаликлар ёки умуман араблар сингари бутларга сиғинмас эдилар, уларни бир тош деб билиб, чандон эътибор қилмас ва ҳатто ёмон кўрардилар.
Қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан Жаброил орқали «Иқра, бисми раббука« ояти нозил бўлди ва сўнгги уч йил ичида ҳеч бир оят келмади. Сўнг "Я айюҳал-муддассиру қум фа-анзир" ояти келди ва у ҳазратни пайғамбарликка амр қилди. Ул ҳазрат бу хабарни аввал Хадичага, сўнг ҳазрати Абу Бакр ва Алига етказдилар; уларнинг ҳаммалари мусулмон бўлишди. Ҳазрати Али бу пайтларда гўдак эдилар. Айтадиларким, энг аввал мусулмон бўлган кимсалар — аёллардан Ҳазрати Хадича, эркаклардан ҳазрати Абу Бакр, гўдаклардан ҳазрати Али мусулмонликни қабул қилганлар. Бундан сўнг ҳазрати Абу Бакрнинг далолати билан Макканинг бир неча улуғлари мусулмон бўлдилар. Дастлаб мусулмонларнинг сони йигирма кишидан иборат бўлган. Ҳазрат бу янги мусулмонлар билан пинҳона ибодат қилардилар, суҳбат ҳам пинҳона эди. Аммо буюк ишларни доимо яшириб бўлмайди, шунингдек, янги дин ҳам буюк иш бўлиб, уни яширишнинг иложи бўлмади; ҳазратнинг Пайғамбарлиги Маккага овоза бўлди; ҳамма ҳайрон, баъзилари келиб ҳазратнинг ўзларидан сўрадилар ва ул зоти шариф тавҳид илмини уларга тушунтирдилар. Пайғамбар билан келиб суҳбатлашган баъзиларга янги дин маъқул келиб, улар ҳам мусулмон бўлдилар. Янги дин одамларни покизаликка, Худодан қўрқишга, эзгу ишларга даъват қилар экан, одамхўрлик ва беҳуда ишларни манъ қилар экан. Араблар бу динга рағбат кўрсатдилар. Лекин Макканинг айрим улуғлари, масалан, Абу Жаҳл ва Абу Суфён: »Агар биз мусулмон бўлсак, Муҳаммадга тобе бўлиб қолиб, улуғликни қўлдан берурмиз», — деб мусулмон бўлмадилар, айни пайтда мусулмонликни қабул қилган кишиларга ҳам кўп азоб бердилар. Ҳазрат кофирларнинг берган азобларидан нолимадилар, доимо Худо амрини бажо келтириб, уларни ҳам чарчамай Ислом динига даъват этдилар.

Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари
Ҳазратнинг доимий сабот ва саъй-ҳаракатлари натижасида арабларнинг атоқли баҳодирлари жаноби Ҳамза ва Умар мусулмон бўлдилар, бундан мусулмонларнинг диллари қувватланди. Ҳазрати Умарнинг далолати билан Пайғамбар ъалайҳиссалом ўз ёронлари билан Каъба масжидига бориб ошкора намоз ўқидилар, одамларни мусулмонликка даъват қилдилар, кишилар бирма-бир, аста-секин келиб мусулмон бўлдилар.

Пайғамбар ёронларининг Ҳабашга кетишлари
Ул ҳазрат Пайғамбарлигининг бешинчи йилида мусулмонлар сони 300 га етди. Мусулмонларнинг сони орта бориши билан кофирларнинг ҳам зулми кучайиб кетди. Шунинг учун ҳазрат кимнинг хоҳиши бўлса, Ҳабашистонга боришлари мумкинлигини айтдилар. Пайғамбарнинг олий ҳимматлари билан бир неча ашоблари Ҳабашистон юртига кетдилар ва у ернинг подшоҳидан мурувват кўрдилар. Ислом дини куч олгунга қадар ашоблар ўша ерда истиқомат қилдилар, сўнгра Ҳазратнинг хизматларига қайтиб келдилар.

Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари ҳамда муносабатларнинг узилиши
Кофирларнинг изза ва ҳақоратлари кўпайган сари мусулмон динига рағбат билдирувчиларнинг сони ҳам кундан кунга кўпая борди. Макка улуғларидан бўлган кофирлар мажлис ўтказиб, Пайғамбар ва у кишининг ёронлари билан ҳар қандай муносабатни узишга қарор қилдилар. Қарор натижаси ўлароқ аҳднома ёздилар: бундан кейин ҳеч ким мусулмонларга хотинликка қиз бермайди ва улардан хотин олмайди, улар билан саломлашмайди, савдо-сотиқ алоқаларини қилмайди. Бу аҳдномага имзо чекиб, Каъба дарвозасига осиб қўйдилар. Бу аҳднома уч йил ўз кучида турди. Кўпгина мусулмонлар бу аҳднома натижасидан кўп қийинчилик кўрдилар, аммо мусулмончиликни қабул қилувчи оламлар сафи тўхтамади. Оқибатда аҳдномадан ҳеч қандай наф бўлмай, кофирларнинг ўзлари бу аҳдномани йиртиб ташладилар, аҳли Ислом ундан халос бўлди.
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг ваҳий ола бошлаганларининг ўнинчи йилида ҳазрати Хадича ва амакилари Абу Толиб дунёдан ўтдилар. Абу Толибнинг ўлимидан кейин Макка кофирлари Пайғамбаримиз ва мусулмонларга зулмларини ҳаддан ошириб юбордилар. Айни иайтда Расули акрамнинг меърожлари воқеъ бўлиб, ҳазрат моддий оламдан маънавий оламга сафар қилиб қайтдилар. Меърож тунидан бошлаб беш вақт намоз фарз бўлди.

Маккадан Мадинага ҳижрат
Кофирларнинг зулми ва зўравонлиги ҳаддан ошиб кетганлиги сабабли Расули акрам баъзан атрофдан келган мусофирларни Ислом динига даъват қилиш ва ўз тарафдорларини янада кўпайтириш учун шаҳар ташқарисига чиқар эдилар. Пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили бир куни Мадинадан келган бир неча одамни мусулмонликка даъват қилмоқ учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадиналиклар Пайғамбаримизга агар сиз Мадинага келсангиз биз ўз мол ва жонимизни сиз учун кўмак йўлида фидо қилар эдик, дедилар. Пайғамбаримиз уларнинг бу қасамларига ишониб, таклифни қабул қилдилар. Бу учрашув Ақоба мавзеида содир бўлгани учун уни тарихчилар « Ақоба иттифоқи«, деб атаганлар. Кейинги йилда Мадинадан яна бир неча улуғлар келиб »Ақоба иттифоқи»ни янгилаб кетдилар. Кофирларнинг қулоғига бу итгифоқ етиб боргач, мусулмонларга нисбатан ўз зулмларини янада кучайтириб юбордилар. Ҳазрат ўз ашобларига Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар ва мусулмонлар якка-якка ва жуфт-жуфт бўлишиб Маккадан ҳеч кимга сездирмай чиқиб кета бошладилар. Кунлар ўтган сайин Маккада Ҳазратнинг ўзлари Абу Бакр ва Али билангина қолдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг ёлғиз қолганликларини билгач, ул зотни тунда қатл қилмоққа маслаҳат килдилар, ул Ҳазратга Аллоҳ бу маслаҳатдан огоҳ этди ва ўринларига Алини ётқизиб, Абу Бакр билан бирга ўша куни Маккадан чиқиб кетдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг кетиб қолганликларини билиб, излашга тушдилар, айниқса, Ас-Сабоҳ деган кофир кўп қидирди, аммо изларини ҳам топа олмади. Ул Ҳазрат Абу Бакр билан бирга саломат ҳолда Мадинага бориб етдилар. Улар келган кунни Мадина аҳли катта байрам қилди. Ҳазрат Али ҳам орадан уч қун фурсат ўтгач, Мадинага кириб келдилар. Ҳижрати Пайғамбарнинг ўн тўртинчи йилида, исовий 622-санани мусулмонлар ўз тарих ҳисобининг ибтидоси, деб билурлар, яъни ҳижрий йил шу йилдан бошланган.

Масжид қурилиши ва қибланинг тайин бўлиши
Ҳазрат Мадинага келганларидан сўнг, Мадинанинг ташқарисидаги Қубо даҳасида бир масжид қурдилар ва кейинчалик ҳам Мадинанинг ўзида яна бир масжид бино қилдилар. Аллоҳ таоло ҳануз мусулмонларнинг қибласини тайин қилмаган эди. Мусулмонлар намоз ўқиганларида яҳудийлар қибласи бўлмиш Байтул-Мақдисга қарар эдилар, бинобарин, Мадинадаги икки масжиднинг ҳам қибласи ўша томонга қараган эди. Мусулмонлар бир қанча вақт Байтул-Мақдисга қараб намоз ўқиганларидан кейин, қибла Каъбага қараши кераклиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ўша вақтдан буён мусулмонларнинг қибласи Каъба уйи тарафидадир. Бу воқеа Ислом тарихида қибланинг тайин бўлиши, яъни «Таҳвили қибла», деб аталади. Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри бир неча фойда ва ҳикматга эгадир. Зеро, бу амрнинг ҳикмати шундан иборатки, мусулмонлар ҳар намозда Каъбага қараб намоз ўқир эканлар, асл ватанлари бўлмиш Маккани ёд этадилар ва тезроқ қувватланиб, Маккани кофирлар қўлидан халос этмоққа саъй-ҳаракат қиладилар.

Жиҳодга буюриш
Қибла тайин бўлгач, мусулмонлар ўз ватанларини кофирлар қўлидан халос қилиш орзусида бўлиб, жиҳодни истар эдилар. Ҳижратнинг иккинчи йилида Аллоҳ томонидан жиҳод фарз қилинди. Шундан сўнг мусулмонлар кофирларга қарши кўпгина жанг қилдилар. Пайғамбаримиз иштирок этган ҳар бир жангни ғазот, деб атаганлар ва ўзлари иштирок этмай, лашкар юборган жангларни сарийя деганлар. Мусулмонлар қарийб йигирмата ғазот ва сарийя уюштирганлар. Улардан машҳурлари: Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ҳайбар, Макканинг фатҳ этилиши. Бошқалари ҳақида озрак ёзамиз.

Бадр ғазоти
Дастлабки ғазот Бадр юришидир. Ҳазрати Пайғамбар бу жангга 313 нафар жангчи билан келган эдилар. Макка кофирлари эса, қарийб минг киши бўлиб жангга кирдилар. Икки мухолиф лашкар Бадр деб аталган мавзеда тўқнашдилар. Мусулмонлар ҳақ йўлида яқдил бўлиб жанг қилганликлари учун ҳам ўзларидан уч баробар кўп бўлган душман лашкарини енгдилар. Бу ғазотда мусулмонлардан 14 киши, кофирлардан 70 киши ҳалок бўлди. Бу жангда Исломнинг ашаддий душмани Абу Жаҳл ҳам ҳалок бўлганлар орасида эди. Кофирлардан етмиш нафари мусулмонларга асир тушди. Ҳазрат Мадинага қайтгач, баъзи асирларни товон ҳисобига озод қилдилар. Товон тўлашга қурби етмаганларни эса, мусулмон болаларнинг хат-саводини чиқаришга мажбур қилинди, бу ишни бажаргандан кейингина озод килиниши шарт қилиб қўйилди. Бу ғазот ҳижратнинг иккинчи йили содир бўлган эди.

Уҳуд ғазоти
Кофирлар Бадр жангида мағлуб бўлиб, Маккага қайтдилар. Бир ой азадорлик қилиб, кейин қасос олиш ниятида жангга тайёргарлик кўра бошладилар. Кейинги йилда уч минг лашкар билан Мадинага қараб юл олдилар. Ҳазрати Пайғамбар кофирларнинг лашкарлари келганини эшитиб, ашобларининг мўътабарларини йиғиб машварат ўтказдилар ва душманларнинг лашкари кўп экан, агар биз шаҳар дарвозаларини беркитиб, ичкаридан жанг қилсак яхши бўлар, дедилар. Ашобларининг ғайратли ёшлари бу маслаҳатга қулоқ осмай, шаҳардан ташқарига чиқиб душман билан юзма-юз жанг киламиз, дедилар. Ҳазрат уларнинг ташқарига чиқиб жанг қилиш тарафдорлари эканликларини кўрдилар ва ҳеч нарса демай етти юз нафар мусулмонлар билан шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадина шаҳри ташқарисидаги Уҳуд тоғининг тагида душман билан юзма-юз келдилар. Ислом лашкарининг чап томонида бир дара бўлиб, Ҳазрат эллик нафар ўқчиларни ажратиб, сизлар шу жойда туринглар, асло бошқа жойга кўчманглар, агар душман бу ерга келиб ҳужум қилса, ишимиз мушкуллашади, дедилар. Жанг бошланди, мусулмонлар ҳужум қилдилар, кофирлар чекина бордилар, лекин бояги эллик нафар ўқчи Ҳазратнинг фармонини ёддан чиқариб, кофирларнинг ҳар ерда қолган молини ўлжа олиш учун дарадан келди. Бир қанча душман аскарлари бу фурсатни ғанимат билиб, ана шу дарани эгаллаб олдилар ва шу ердан Ислом лашкарига ҳужум қилдилар. Мусулмонлар мағлуб бўлдилар, етмиш нафар мусулмон шаҳид бўлиб, Пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрати Ҳамза ҳам шу қаторда эдилар. Ҳазратнинг ҳам бу жангда тишлари синиб, азият чеқдилар. Гарчи кофирларнинг қўллари бу жангда баланд келган эса-да, мусулмонларнинг яна куч тўплаб ҳужум қилиб қолишларидан қўрқиб чекиндилар.

Ҳандақ ғазоти
Ҳижратнинг бешинчи йили Макка кофирлари яҳудийлар билан иттифоқ тузиб, ўн минг кишини гўплаб, Мадина тарафга йўл олдилар. Ҳазрат бу хабарни эшитгач, ашоблари билан машварат қилдилар. Маслаҳатга биноан Солмон Форсий уч минг киши билан шаҳар ташқарисига чиқиб, шаҳар остонасида Ислом лашкарининг атрофида чуқур қазидилар. Кофирлар Ислом лашкарининг рўбарўсига келиб саф тортдилар, аммо хандақдан ўтолмадилар, ночор қолиб, хандақнинг нариги томонида туриб ўқ отдилар. Мусулмонлар ҳам бу тарафда туриб душман ўқига жавоб бериб турдилар. Оқибатда душман ҳеч қандай натижасиз қайтиб кетишга мажбур бўлди. Мусулмонлар музаффар ва мансур бўлиб Мадинага қайтдилар.

Ҳудайбияҳ сулҳи
Ҳижратнинг олтинчи йили Ҳазрат беш юз нафар саҳобийлари билан Каъбани зиёрат қилиш ниятида йўлга тушдилар. Жанг қилиш нияти бўлмаганлиги сабабли қиличдан бошқа жанг қуролларини олмасликни буюрдилар. Макка яқинидаги Ҳудайбияҳ мавзеъига жойлашиб, Макка аҳлига элчи юбориб, ўз ниятларини маълум қилдилар. Лекин Макка кофирлариниги сардорлари мусулмонларга бўлган эски адоватлари ҳамда гина-кудуратлари билан Ҳазрат Расули акрам ъалайҳиссаломга Каъба зиёрати учун рухсат бермадилар.
Шунча миқдор мусулмонни кўриб, уларнинг ниятларидан бехабар ёки хабардор бўлсалар ҳам атайлаб, дарҳол лашкар тўплаб, жангга ҳозирлик кўра бошладилар.
Жанг чиқишига сал қолди, лекин баъзи кишилар ғайрат қилиб, улар ўртасида сулҳ ва аҳднома туздилар. Бу сулҳга кўра, Ҳазрат бу йил Каъбани зиёрат қилмай қайтадиган ва кейинги йилда зиёратга келалиган бўлдилар; мусулмонлар ўн йил мобайнида Макка аҳли билан жанг қилмайдилар. Маккадан Мадинага қочган ҳар бир кимсани эса, қайтариб Маккага юборадилар ва Мадинадан Маккага қочган хар бир кимсани Макка аҳли Мадинага жўнатмайдилар. Ҳар икки томон ушбу аҳдномага имзо чекдилар, Ҳазрат Мадинага қайтиб кетдилар, кейинги йили эса Каъба зиёратига бордилар. Бу воқеани Ҳудайбияҳ сулҳи, деб атаганлар.

Ҳайбар ғазоти
Шом ва Мадина орасида Ҳайбар отлиғ қалъа бор эди. Бу жойда яҳудийлар яшардилар. Ҳазрат ҳижратнинг еттинчи йилида шу қалъани олмоқ учун минг нафар Ислом аҳли билан келдилар. Яҳудийлар шаҳар дарвозасини беркитиб, ичкаридан туриб жанг қилдилар. Ислом лашкари ўн кун мобайнида қалъани қатъий қамал қилди, натижада уни эгаллади. Бу шаҳардан Ислом лашкари қўлига беадад ўлжа тушди.

Ҳазратнинг элчилар жўнатишлари
Бу ғалабадан сўнг мусулмонларнинг овозаси ҳар тарафга ёйилди. Турли қавмлар Ислом аҳлининг қувватидан ҳайратга тушдилар. Ҳазрат фурсатни ғанимат билиб, атрофдаги иодшоҳларга элчи ва номалар юбордилар, бу номалар ва элчилар орқали уларни Ислом динига киришга даъват қилдилар. Ҳазрат қуйидаги олти мамлакатга ўз номаларини юборган эдилар: Эрон подшоҳига, Рум подшоҳига, Ҳабашистон подшоҳига, Миср ҳокимига, Яман ҳокимига. Уларнинг баъзилари Ҳазратнинг элчиларини иззат-ҳурмат билан қаршилаган бўлсалар, баъзилари таҳқирладилар.

Макканинг олиниши
Ҳудайбияҳ сулҳига биноан мусулмонлар Маккага қарши ўн йил давомида жанг қилмасликлари керак эди ва мусулмонлар бу аҳдда собит эдилар. Лекин сулҳ имзолангандан кейин икки йил ўтиб, яъни ҳижратнинг саккизинчи йили Макка кофирларининг ўзлари аҳдномани буздилар; Мадинага бот-бот ҳужум қила бошладилар. Ҳазрат ўн минг лашкар билан Маккага юриш қилишга мажбур бўлдилар ва шаҳар ташқарисига келиб, ҳар бир жангчига ўз чодирида олов ёқишни буюрдилар. Макка аҳли ҳомон мусулмонларнинг келганларидан бехабар эди. Шаҳар ташқарисидаги бунчалар кўп ўтни кўриб қўрқиб кетдилар. Абу Суфён хабар олгани келиб, мусулмон бўлиб қайтди ва Макка аҳлига воқеани англатди. Макка кофирларидан баъзилари жангга ҳозирлик кўролмай, ҳар томонга қочиб кетдилар. Ҳазрат жангсиз келиб Маккани олдилар ва Макка аҳлига умумий афв эълон қилдилар. Бошқалар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб мусулмонликии қабул қилдилар.

Ҳунайн ғазоти
Макка фатҳи ҳақидаги хабар ҳамма тарафга тарқалгач, баъзи мусулмон бўлмаган араб қабилалари ғазабга келдилар ва Ҳунайн деган мавзеъга тўпланиб, Ислом лашкарига ҳужум қилишга шайландилар. Ҳазрат бу хабарни эшитиб, 12 минг киши билан уларнинг устига юрдилар. Ҳунайн мавзеъида жанг бўлиб, номусулмон қабилаларнинг лашкари қаттиқ шикаст еди. Ислом аҳли уларнинг юртларини эгалладилар; бутун Араб ярим ороли мусулмонобод бўлди ва Ҳазрат Мадинага қайтдилар.

Табуқ ғазоти
У замонларда Шом вилояти Рум императорининг қўлида эди. Ҳазрат императорнинг фармони билан Шом вилоятида жуда кўп аскарлар жам бўлганини ва Мадинага ҳужум қилиш ниятида эканлигини эшитдилар, ул зот ҳам дарҳол лашкар тўплаш фикрига келдилар. Лекин Рум императорининг лашкари билан жанг қилиш мушкул эди. Бунинг учун жуда кўп лашкар тўплаш керак эди, аммо лашкар харажати учун маблағ топишнинг иложи йўқ эди. Охир-пировардида миллатга мурожаат қилиб, кўмак сўралди. Ҳар ким қўлидан келган нарсасини берди. Шу тариқа лашкарга керакли бўлган анжомлар тўпланди. Ҳазрат 30 минг лашкар билан Мадина ва Шом ўртасидаги Тобуқ мавзесига етиб келдилар. Душмандан асар ҳам кўринмади. Лашкарнинг улуғларини тўплаб машварат қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ, агар шомликлар жанг қилишни ният қилганларида бирор белги бўлур эди, ҳозир эса, улардан ҳеч бир хабар йўқ, маълум бўдадики, уларнинг жанг қилиш нияти бўлмаган, балки бизнинг бу ерга келганимиз уларни қўрқитиб юборган бўлиши мумкин, бунинг устига Шомда вабо тарқалган, агар шу ердан ортта қайтсак, маъқул бўлар эди, деб маслаҳат бердилар. Ҳазрат бу маслаҳатни маъқул топиб, Тобуқ атрофидаги қабилаларни бож тўлашга мажбур қилдилар ва Мадинага қайтдилар.

Видолашув ҳажи
Ҳижратнинг ўнинчи йилида Ҳазрат ҳаж қилиш ниятларини бутун мусулмонларга эълон қилиб, қирқ минг киши билан Маккага кирдилар. Атрофдаги мусулмонлар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб кела бердиларки, натижада уларнинг сони юз минг нафарга етди. Ҳазрат хутба ўқиб, бу дунёдан ўтишлари яқинлигини башорат қилдилар. Мусулмонларга насиҳат қилиб, сўнг Мадинага қайтдилар. Бу Ҳазратнинг сўнгги ҳажлари бўлиб, тарихда «видолашув ҳажи», деб аталган .

Пайғамбар 'алайҳиссаломнинг дунёдан ўтишлари
Воқеан уч ойдан сўнг, ҳижратнинг ўн биринчи йилида, рабъул-аввалдан бир кун олдин Ҳазрат хасталандилар. Ашобларини жам қилиб шу тариқа насиҳат қилдилар: мен дунёдан кетяпман, Қуръонни сизларнинг ихтиёрларингизга қолдирурман. Доимо Қуръонга амал қилинглар. Бир-бирингизни севинглар, бир-бирларингизга мадад бўлинглар, асло эзгу ишлардая жудо бўлманглар, дунёни обод ва ислоҳ қилишга куч беринглар.
Ҳазратнинг хасталиги кучайиб, рабъул-аввал ойининг ўн иккисида, ҳижратнинг ўн биринчи йили олтмиш уч ёшда дунёдан ўтдилар".

Пайғамбар 'алайҳиссаломнинг сифатлари
Пайғамбар ъалайҳиссалом энг олий хулқ ва раҳмли сифатларга эга бўлганлар, раҳм ва шафқат, карам ва саҳоват, мадад, ақл ва илм бобларида оламда тенгсиз эдилар. Беҳуда ғазабга келмас эдилар, дин ишларидан бошқа масалаларда жузъий камчиликларни кечирар эдилар. Инсоф доирасидан бир қадам ҳам ташқарига чиқмаганлар. Ҳар кимнинг билими ва имконига қараб иш буюрардилар. Бирон кимсадан тамаъ ҳам қилмаганлар ва садақа ҳам олмаганлар. Ўз хотинлари ва хизматкорларига доимо тавозеъ ва очиқ чеҳра билан муомала қилганлар.

Пайғамбар 'алайҳиссаломнинг хотинлари ва фарзандлари
Пайғамбар ъалайҳиссалом ўн бир хотин олганлар. Улардан икки нафари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида оламдан ўтган ва тўққиз нафари ул зоти шарифдан кейин қолган эди. Хотинларидан энг машҳурлари: Хадича, Ойиша, Ҳафса ва Маймунадирлар. Уч ўғил ва тўрт қизлари бўлган. Ўғиллари: Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим. Қизлари: Фотима, Зайнаб, Руқия, Умми Гулсумдирлар. Лекин ҳазрати Фотимадан ўзгалари Ҳазратнинг ҳаётлик вақтларида вафот этганлар.
Mualifning boshqa asaralari
1 Angliz va Turkiston [Abdurauf Fitrat] 651
2 Англиз ва Туркистон [Abdurauf Fitrat] 612
3 Buxoro ulamosi [Abdurauf Fitrat] 664
4 Buxoro vaziri Nasrullohbey parvonac... [Abdurauf Fitrat] 632
5 Buxoroda inqilob [Abdurauf Fitrat] 590
6 Buxoroning holi [Abdurauf Fitrat] 598
7 Бухоро вазири Насруллоҳбей парвонач... [Abdurauf Fitrat] 574
8 Бухоро уламоси [Abdurauf Fitrat] 563
9 Бухорода инқилоб [Abdurauf Fitrat] 597
10 Бухоронинг ҳоли [Abdurauf Fitrat] 575
11 Johilona taassubgʻa misol [Abdurauf Fitrat] 689
12 Жоҳилона таассубға мисол [Abdurauf Fitrat] 592
13 Musulmon sevgisi (hikoyat) [Abdurauf Fitrat] 924
14 Musulmonlar, gʻofil qolmang! [Abdurauf Fitrat] 717
15 Muxtasar Islom tarixi [Abdurauf Fitrat] 1408
16 Muxtoriyat [Abdurauf Fitrat] 612
17 Мусулмон севгиси (ҳикоят) [Abdurauf Fitrat] 616
18 Мусулмонлар, ғофил қолманг! [Abdurauf Fitrat] 571
19 Мухторият [Abdurauf Fitrat] 624
20 Publitsistik asarlar [Abdurauf Fitrat] 1666
21 Публицистик асарлар [Abdurauf Fitrat] 742
22 Siyosiy hollar [Abdurauf Fitrat] 618
23 Сиёсий ҳоллар [Abdurauf Fitrat] 563
24 Turkistonda ruslar [Abdurauf Fitrat] 822
25 Туркистонда руслар [Abdurauf Fitrat] 561
26 Yopishmagan gajjaklar [Abdurauf Fitrat] 1438
27 Ёпишмаган гажжаклар [Abdurauf Fitrat] 561
28 Yurt qaygʻusi [Abdurauf Fitrat] 2560
29 Yurt qaygʻusi (ona bilan oʻgʻil) [Abdurauf Fitrat] 784
30 Юрт қайғуси [Abdurauf Fitrat] 650
31 Юрт қайғуси (она билан ўғил) [Abdurauf Fitrat] 577
32 Sharq siyosati [Abdurauf Fitrat] 702
33 «Shoʻroyi islomiya»ning xatosi [Abdurauf Fitrat] 906
34 «Шўройи исломия»нинг хатоси [Abdurauf Fitrat] 575
35 Шарқ сиёсати [Abdurauf Fitrat] 610
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика