Марғилон қўймас мени [Abdukarim Jumaboyev]

Марғилон қўймас мени [Abdukarim Jumaboyev]
Марғилон қўймас мени [Abdukarim Jumaboyev]
Марғилон ижод аҳлига алоҳида эътиборлари учун Марғилон шаҳар ҳокими муҳтарам Абдуваҳоб Рўзиевга, ушбу китобнинг нашр этилишида ҳомийлик қилган «Ҳижрат» ва «Дилшод» фирмаларининг бошлиқлари ҳурматли Неъматжон Собиров ҳамда Рўзимуҳаммад Тешабоевларга самимий миннатдорчилик изҳор қиламан.
Абдукарим Жумабоев — Марғилон шаҳрида яшаб ижод қилаётган қалам аҳлларидан бири. Касби — педагог. Ҳозир Марғилон шаҳрида жойлашган вилоят кўзи ожизлар кечки ва сиртқи мактабининг директори вазифасида ишлайди. Унинг шеърлари шаҳар, вилоят ва республика матбуоти орқали назм ихлосмандларига яхши таниш.
Ижодкорнинг бир қатор ғазаллари халқ эътиборини қозонган хонандалар куй-қўшиқлари қанотида шинавандалар қалбига етиб борган.
«Марғилон қўймас мени...» Абдукарим Жумабоевнинг илк тўплами. Азиз шеърият мухлислари! Шоирнинг назм дафтаридан бир гулдаста тузиб ҳукмингизга ҳавола этар эканмиз, ижодкорга янада юксак парвозлар тилаб қоламиз.

Мустақил Ўзбекистоним
Мустақил бўлганинг рост бўлсин, юртим,
Қуёшдек кулганинг рост бўлсин, юртим.
Денгиздек тўлганинг рост бўлсин, юртим,
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.
Ҳазрат Навоийнинг орзуси эдинг,
Буюк Темур қалбин ёғдуси эдинг,
Бобур дардларининг кўзгуси эдинг,
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.
Не ёвлар келмади бағринг яралаб,
Бойлигинг ташиди беармон талаб,
Энди дўст топамиз синаб, саралаб,
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.
Ёдда сақлагаймиз ўғлонларингни,
Акмал-у, Файзулло, Чўлпонларингни,
Қодирий, Фитрат-у, Усмонларингни,
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.
Ўзбекмиз, сабр ила бардошимиз бор,
Ҳар тараф ҳар ёнда қардошимиз бор,
Халқ севар, ҳақсевар юртбошимиз бор,
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.
Она Ўзбекистон, шоним, шавкатим,
Тангри бизга берган азиз неъматим,
Сенсан келажаги буюк давлатим —
Эркинг, истиқлолинг мангуга бўлсин.

Соҳибқирон Амир Темур сўзи
Аё, авлодларим, турким — Туроним,
Эй, менинг шавкатим, шаъним — имоним,
Сен билан биргадир руҳи равоним —
Бу улуғ айёмлар муборак бўлсин!
Салламно айтамиз эрк — истиқлолга,
Салламно айтамиз бу истиқболга,
Заррача шубҳа йўқ бахту иқболга —
Бу улуғ айёмлар муборак бўлсин!
Турфа ағёримиз армонда қолди,
Қонли кишанлар-да зормонда қолди,
Олтинлар, гавҳарлар ҳамёнда қолди —
Бу улуғ айёмлар муборак бўлсин!
Бугун кўксимиз тоғ, дилимиз озод,
Бугун кўнглимиз чоғ, тилимиз озод,
Бугун бағримиз боғ, йўлимиз озод —
Бу улуғ айёмлар муборак бўлсин!
Эй, халқим, беминнат она Турондан,
Бор меҳринг аяма, кечсанг-да жондан.
Билгил Ватан севмоқ асл имондан,
Бу улуғ айёмлар муборак булсин!

Истиқлол ва Биз
Ўтди истиқлолнинг яна бир йили,
Ҳал бўлди юртимнинг қанча мушкули,
Чорлар озодликнинг мунаввар йўли —
Дўстим, истиқлолга биз, нима бердик?
Дунёга кўрк ёзди она тилимиз,
Покланди, имонга тўлди дилимиз.
Оламга танилди азиз элимиз,
Дўстим, истиқлолга биз нима бердик?
Энди тадбиркорнинг омади кулди,
Деҳқон ўз ерининг қадрини билди.
Ҳар ким ўз мулкининг соҳиби бўлди,
Дўстим, истиқлолга биз нима бердик?
Она юрт бағрида тинчлик барқарор,
Ўз тамға, туғимиз, қонунимиз бор.
Ватан мадҳияси янграр улуғвор,
Дўстим, истиқлолга биз нима бердик?
Истиқлол дилларга муҳаббат берди,
Ватанни сев деди, садоқат берди,
Бахт берди, туганмас саодат берди,
Дўстим, истиқлолга биз нима бердик?
Эл учун, юрт учун ёниб юрайлик,
Ватанни меҳримиз билан ўрайлик,
Гоҳо ўзимиздан сўраб турайлик —
Қани, истиқлолга биз нима бердик?

Иқбол
Мен сени севдим-у не гуноҳ учун,
Адашдим ҳижроннинг сўнгсиз йўлида,
Сирли олам ичра юрибман сармаст,
Тақдирим жиловн севги қўлида.
Умидвор боқаман йўлингга ҳар тонг,
Ранж эмас, ором бор интизорликда,
Агар ҳаёт қайтса, севардим сени,
Умрим ўтса ҳамки, сенга зорликда.
Зор бўлай, йўлингда интизор бўлай,
Майли орзуларим топсалар завол,
Майли севмасанг ҳам фақат билиб қўй
Сендек қизни севмоқ ўзи бир иқбол.

Соғинч
Соғинаман ва бу соғинчдан
Руҳим маюс тортиб кетади,
Ҳижрон эса йигит бошимга.
Ғам юкини ортиб кетади.
Кимдир кўнглим кўтармоқ бўлиб,
Дардим билмай айтади даво.
Жилмаяди кифтимга қоқиб,
Ўкинма, дер бу биркам дунё.
Кўзларимга ишора этиб —
Эссиз йигит, дейдилар пинҳон.
Билмайдилар: кўзлар дард эмас,
Сендан айру ўртагучи жон.
Қайта боқмай сени кўраман,
Қайга бормай хаёлинг йўлдош.
Фақат ўрнинг босолмас, ҳатто
Қалбим ичра ёқсалар қуёш.

Тақдир
Милтираган ёғду кўринмас,
Кўзларимга зим-зиё олам.
Яшар экан ёруғ дунёда,
Ажаб, нурга зор бўлиб одам.
Атрофимда мотамсаро ранг,
Гўё қуёш ўчай деган шам.
Яшар экан зулматга кўниб,
Тақдирига тан бериб одам.
Гоҳи йиғлаб, гоҳи овуниб,
Юрак-бағрин эзганда алам —
Чидар экан алдаб ўзини
Нимадандур умидвор одам.
Яхшиямки дилда муҳаббат,
Ва ёнимда сен борсан санам,
Яхшиямки эзгу ташвишлар,
Турфа ўйлар билан банд одам.
Бўлмасанг сен бу зулмат ичра,
Мажол қолмай қўймоққа қадам
Ўтар эдим бир шарпа янглиғ,
Тақдиримга тан бериб мен ҳам.

Ёмғир
Тонгга қадар ёмғир йиғлади,
Ер кўксини тўлдирди ёшга.
Чақмоқ бўлиб кўкни тиғлади,
Сув қуйилди сабру бардошга.
Кўчаларда биров қолмади,
Деразалар ёпилди тақ-тақ.
Ҳеч ким унга қулоқ солмади,
Гулдуросга тўлса-да фалак.
Сукут сақлар борлиқ, мавжудот,
Ёмғир йиғлар бекас дарбадар.
Эшик очмас бирор бир жонзот,
Барча ухлар ғофил, алҳазар.
Ёмғир йиғлаб кетди. Тонг отиб,
Нурга тўлди, кулди табиат.
Ўзи шундай: йиғлаган қолиб,
Кулганларни кўрамиз фақат.

Армон
Сен учрасанг жоним, ногоҳон,
Юрагимда бошланар исён,
Сени кўз-кўз қилади армон,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.
Ёшлик экан айланиб қолдим,
Нозларингга бойланиб қолдим,
Ё адашдим, алданиб қолдим,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.
Ёр-ёр айтиб олиб кетдилар,
Узоқ манзилларга етдилар.
Сени мендан жудо этдилар,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.
Йўлларингда кўзларим қолди,
Айтолмаган сўзларим қолди,
Армон қолди, орзу йўқолди,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.
Қисмат экан ёринг бўлмадим,
Ўзгаларни ҳавас қилмадим.
На сен билдииг, на мен билмадим,
Пешонамга сиғмаган ёрим,
Ёлғон-ёлғон йиғлаган ёрим.

Аёллар
Камолотга етар соқибжамоллар,
Қоматлари шамшод, қоши ҳилоллар.
Офатижон бўлар экан, аёллар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.
Ҳусну малоҳатда ягона бўлар,
Қўрку латофатли жонона бўлар,
Ақлу заковатда бир дона бўлар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.
Қошига ўсмалар қўйганда кўринг,
Кўзига сурмалар сурганда кўринг,
Очилиб кулганда, юрганда кўринг,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.
Юзларига қараб тўйиб бўлмайди,
Бебош бу кўзларни тийиб бўлмайди,
Ўзи суймагунча, суйиб бўлмайди,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.
Фарзандига меҳри дунёча бўлар,
Садоқатда Ширин, Лайлоча бўлар,
Хонадон яшнагай, нурларга тўлар,
Ўттиздан ўтсалар, қирққа етсалар.

Отажон (Ҳазил Эмас)
Йигирмада йигит ёшимда,
Дунё таъзим айлар қошимда,
Севги деган савдо бошимда,
Менга осон тутманг, отажон.
Эркин Воҳид шеърин ёд олсам,
Қўлда китоб хаёлга толсам,
Чақирсангиз эшитмай қолсам,
Менга осон тутманг, отажон.
Дардим сўранг онажонимдан,
Ё жанжалкаш сингилжонимдан.
Қўшни қизни севдим жонимдан,
Менга осон тутманг, отажон.
Мактубларим чўзмага жойлаб,
Ҳовлисига отаман пойлаб.
Қўшни хола чиқар «ҳой-ҳой»лаб,
Менга осон тутманг, отажон.
Шайтон: Қиздан қоласан, — дейди,
Олиб қочсанг, оласан», — дейди,
Бунча бўшанг боласан, — дейди
Менга осон тутманг, отажон.

Она Шаҳрим
Гулшаним десм арзир жонажон Марғилоним,
Ёшлигим баҳоридек навқирон Марғилоним.
Меҳримни қўшиқ айлаб куйламай нечун васфинг,
Мафтунинг ёруғ олам бегумон Марғилоним.
Меҳнатни севиб халқинг беқиёс замон ичра,
Бахт топди — саодатга ошён Марғилоним.
Юксалиб ривож топдинг мустақил диёримда,
Жон каби азиз номинг — Марғилон Марғилоним,
Сен бирла фахр айлар, бағрингда Кариминг ҳам,
Бахтли бир ниҳолингдир, онажон Марғилоним.

Бўлмасин
Эй, фалак, ҳеч кимга ҳеч ким ҳеч қачон зор бўлмасин
Бемеҳр, дўст, бевафо ёр, бесамар кор бўлмасин.
Чақса кеч бўлгай, биродар, қил ёмонлардан ҳазар,
Ганж дебон сен асраган қўйнингдаги мор бўлмасин.
Мансабу давлатга мағрур бўлма шайтон касбидир,
Рўзи маҳшар кеч қолурсан қанча иқрор бўлмасин.
Ҳар киши ўрнида бўлсин, элга наф тегсин мудом,
Қаҳратонда савти булбул, ёзда ҳеч қор бўлмасин.
Оқил эрсанг ҳар сўзингда қилмагил кибру ҳаво,
Кун келиб нодонлигинг эл ичра ошкор бўлмасин.
Эй, Карим, не бўлса бўлсин асрасин Оллоҳ фақат,
Бошинг узра норасолар ишда саркор бўлмасин.

Яхшидур (Эркин Воҳидов Ғазалига Назира)
Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,
Бу ширин ёлғонга лекин алданиб қолғон ёмон,
Ранжима дўстинг агар айбингни айтса рўйи рост,
Асли инсон ортидан ҳар сўзда чайналғон ёмон.
Толедур қалбинг аро дўст меҳри жо бўлса фақат,
Зоҳиран ошно бўлиб, пинҳон оёқ чалғон ёмон.
Бошинг узра қўҳи ғам туҳматга тенг келмас сира,
Бол каби турмушга иғво заҳрини солғон ёмон.
Сўйла ростин доимо бошга қилич келганда ҳам,
Дард-ла қийналсанг, даво бор: бедард қийнолғон ёмон.
Дема Эркин назми ичра сенга не кордир Карим,
Гар ғазал қадрига етсанг лоқайд ўлтирғон ёмон.

Кўрдим
Сенға деб ёзганим шеърим кўнгилда бир фиғон кўрдим,
Бу оҳдан дилдаги дарду кўзимдин ашк равон кўрдим.
Бу ишқ бедодидан минг дод чекарман фойдаси бўлмас,
Бужудим ўртаган ҳижрон чақар, гўё чаён кўрдим.
Не толедир қаро бўлмиш, ёришмас минг қуёш ёқсанг,
Асирдирман бу зулматда, қиёмат кун омон кўрдим.
Омонлик истадим, аммо нетай оппоқ саҳарларни,
Сенингсиз нурли кунларни қаро тундай ёмон кўрдим.
Изингга арзимас мендек ғариб, олма хаёлингга,
Унутгил, бузмагил тинчинг сенга оромижон кўрдим.
Жаҳонда не ширин сўз бор тенг ўлмас бир каломингга,
Менга сўз айтмагин, жоним, қилурсан кўп зиён кўрдим.
Қўролмай гул каби чеҳранг Карим қон йиғласа, не қадр,
Оёғинг остида қолган хазон умрим аён кўрдим.

Бўлмаса Не Ғам
Дарё бўлсанг-у уммон билмаса, не ғам,
Доно бўлсанг-у нодон билмаса, не ғам.
Ёмонлардан эҳтиёт айла ўзингни,
Яхшилигингни ёмон билмаса, не ғам.
Қанчалар чиранмагин ҳақиқат синмас,
Ростгўй бўлсанг-у ёлғон билмаса, не ғам.
Ҳайрон бўлма қопсалар қутуриб, ҳуриб,
Одамлигингни ҳайвон билмаса, не ғам.
Офтобга етолмайсан бўй чўзган билан,
Ердалигингни осмон билмаса не ғам.
Мурод, манзилга омон етмоқ ўзи бас,
Сарбонлигингни карвон билмаса, не ғам.
Ҳар кимга дил сирингни айтмоқ не ҳожат,
Мажнунлигингни жаҳон билмаса, не ғам.
Карим, яхши-ёмонга маскандир замин,
Умр ўтмоқда инсон билмаса, не ғам.

Дард
Шеърларинг дардли, дединг — дардсиз ёза билмас уни,
Ёнмаса, ёндирмаса, ҳофиз қўшиқ қилмас уни.
Чертмаса дил торларин, эссиз қалам, эссиз қоғоз,
Лаҳзада бўлгай унут умри тугал йилмас уни.
Бир буюк шоир бўлолмас даста шеър ёзган билан,
Туймаса эл қалби дардин, шеър деб айтилмас уни.
Севги — дард, ҳижрон — азоб, оташ бўлиб ёндирса ишқ,
Тунни тонгларға уларсан, ёзмасанг бўлмас уни.
Сен Карим дунёсидирсан, дарди армони ўзинг,
Бўлмасанг, бўлмас ғазал ҳам, бахти ҳам кулмас уни.

Навбаҳор
Гул очиб чаман-чаман фасли навбаҳор бўлди,
Боғлар яшил ранг олиб тоғлар лолазор бўлди.
Шарқираб сойлар оқар, навоси дилга ёқар,
Новдалар маржон тақар, ҳар ён майсазор бўлди.
Гоҳ шивирлаб, гоҳ элаб, деҳқонга омад тилаб
Ёғар ёмғир эркалаб, тонглар беғубор бўлди.
Булбул сайрар тўлғониб, ёнар гуллар гулхани,
Ул гулсевар ёр қани? Кўзлар интизор бўлди.
Яйрашайлик кел, эркам, бугун баҳорий байрам,
Келди наврўзи олам, қуёш зарнисор бўлди.
Диёрим асли гўзал, гўзаллик фасли гўзал,
Ёзай деб шеъру ғазал Карим беқарор бўлди.

Раққосага
Бериб ҳар даврага оро, кулиб жонона ўйнайсиз,
Сочингиздан бўйи райҳон тараб ҳар ёна ўйнайсиз.
Ажаб қадду ажаб ҳусну назокат бобида танҳо,
Тошиб, тўлқинланиб дарё мисол мастона ўйнайсиз.
Гоҳи гир айланиб, гоҳи товуслардай ҳиром айлаб,
Чаман янглиғ либос, ичра ёниб тўлғона ўйнайсиз.
Ҳаё бирлан имо айлаб, кўзингиз бирла кўз боғлаб,
Ишорат айлабон айтиб, ширин афсона ўйнайсиз.
Кўрингайсиз бўлиб афғон, гоҳи маъбудаи ҳинду,
Қарашлар гоҳида ошно, гоҳи бегона ўйнайсиз.
Баҳор бағрида бир гулсиз, топиб санъат-ла бахтингиз,
Ватанга, элу юртимга қилиб шукрона ўйнайсиз.
Фақат сиз ўйламанг ёлғиз Карим рақсимга шайдо деб,
Келинг олқиш билан кутгай, бутун Фарғона, ўйнайсиз.

Агар
Бахт эди бошингга гуллар чамбарин тақсам агар,
Гул баҳона таъби нозик кўнглингга ёқсам агар.
Бир қиё боқсанг дилимда гул очар фасли баҳор,
Юзларинг ёнмоғи недин мен қиё боқсам агар.
Лабларинг лаъли зилолин қадри зор этди мани
Не ажаб ширин сўзнигдан сел бўлиб оқсам агар.
Кулсалар, майли маломат қилсалар ҳолим кўриб,
Гирдибод монанд изингдан ҳар томон чопсам агар.
Тош олиб қувсин маҳалланг, остонангдан мани,
Бир гадо янглиғ саҳарлар дарвозанг қоқсам агар.
Дейдилар ёпсангчи ҳасрат дафтарингни эй, Карим
Дардларим қайга ёзарман, дафтарим ёпсам, агар.

Марғилон (Баҳри Байт)
Товланур ял-ял ёниб тенгсиз гўзаллик маҳзани,
Бу менинг хонатласимдир турфа ранглар гулшани.
Гулшаним, боғим, баҳорим эй, чаман янглиғ шаҳар,
Марғилон атласга коним сенга меҳрим жон қадар.
Жон қадар севдим жамолинг атласингнинг аксидир,
Боғларингга хўп ярашган қизларинг бўй-бастидир.
Бўю бастига муносиб эгнида атлас либос,
Рақс этар раққоса қизлар бунча дилбар, бунча соз.
Бунча соз «Ябас», «Яхудо», бунча соз «Бодикарам»,
Гоҳ «Шахмат», гоҳ «Табассум», гоҳ «Товус» кийса санам.
Гоҳ «Товус» кийса санам дилларда кулгай навбаҳор,
Бу латофат, бу назокат, бу нафосат қайда бор.
Қайда бор айтинг алардек ишда илғор камтарин,
Кимсаной, Майрам, Назира мадҳин айтай қай бирин.
Қай бирин фазлу камолин, шуҳратин айлай баён,
Фахримиз атласчи қизлар: сизга олқиш, сизга шон.
Сизга шон, шоҳи ипакка бердингиз сайқал — жило,
Қўлларингиз сеҳри санъат мулкин этди истило.
Истило бўлди кўнгиллар икки гулзор сеҳридан,
Бири атлас, бири зебо нозанин қиз меҳридан.
Меҳриданми, сеҳриданми билмадим, ширин забон,
Таъби нозик, ўзи нозик атласи кўрки жаҳон.
Атласи кўрки жаҳондир солди ҳар дилга сурур,
Элу юрт ораста бўлса, бизга чин бахт шул эрур.
Шул зрур орзу-тилаклар дилни этмиш ошён,
Мустақиллик жабҳасида марди майдон Марғилон.

Ёр Истаб
Ўртанур ҳижронда жоним, энди жон қўймас мени,
Ҳаддидин ошди азоби имтиҳон қўймас мени.
Эй, қанотимни қайирган бераҳм золим фалак,
Лоақал ёрдин айирма, бу омон қўймас мени.
Қайси тошларга урай мен бу ғариб ёлғиз бошим,
Кет дебон даргоҳидан номеҳрибон қўймас мени.
Айб эмас вайроналарда чуғзидек тутсам макон,
Ишқ аро Мажнун атаб аҳли замон қўймас мени.
Телбадек йўлдин адашдим, қайда карвоним кетур,
Беркитиб дарвозасин Ўш, Андижон қўймас мени.
Бош олиб кетсам Карим, Бобур киби ёр истабон,
Ҳазратим боғчам деганлар Марғилон қўймас мени.

Раъноланур
Раъноланур раъно десам, раъно деманг деб,
Зеболанур зебо десам, зебо деманг деб.
Қизлар аро ҳусну латофатда ягона,
Танҳоланур, танҳо десам, танҳо деманг деб.
Шаҳлоларига термулиб қолсам агарда,
Шаҳлоланур шаҳло десам, шаҳло деманг деб.
Келмай туриб кетмоқ учун излар баҳона,
Айтилмаган гапларим бир дунё деманг деб.
Кокиллари қоматига зебо ярашмиш,
Ороланур барно десам, барно деманг деб.
Шайдо десам Карим севги садоқатингга,
Уёладур не бўлса ҳам шайдо деманг деб.

Дил Изҳори (Баҳри Байт)
Не учун маҳзун бу кўнглим, не хаёлларга асир,
Кел санам, дардимни айтай ўзгинангга бирма-бир.
Бирма-бир айтай, нигорим, тутма лутфингни дариғ,
Бу азим дунёда ёлғиз меҳрибонимсан, ахир.
Сен ахир жону жаҳоним, гавҳари қимматбаҳо,
Дилгинамнинг сенга бўлган меҳри ошкор, дарди сир.
Сирлашиб ўлтир қошимда бир нафас ширин забон,
Хоҳла додимни эшитгил, ҳоҳла буткул сен гапир.
Сен гапир оҳу кўзингга термулиб лол ўлтирай,
Лабларингдан дур сочилсин, мушки зулфингдан атир.
Атри зулфингдин Карим кўнгли баҳор ўлса не тонг,
Бўлғуси обод нигоҳинг тушса саҳрои Кабир.

Ишқида
Ёр мени девона қилди ишқида,
Эл аро афсона қилди ишқида.
Ваҳки додимни эшитмай ул санам,
Мулзаму ҳайрона қилди ишқида.
Ёнсаму куйсам, адо бўлсам не тонг,
Шам каби парвона қилди ишқида.
Йўлида термултириб ҳар субҳи шом,
Кўзларим гирёна қилди ишқида.
Саропо кездим жаҳонни дарбадар,
Манзилим остона қилди ишқида.
Қисмади сабру қаноатдан худо,
Собиту мардона қилди ишқида.
Бир назар ташлаб Карим девонани,
Шоири Фарғона қилди ишқида.

Илтижо
Ваъдага айлаб вафо ёр қошима келган кезинг,
Шом эди, кулбамни равшан айлади ойдек юзинг.
Бу қадар кулгайму бахтим ёки туш алдар кўзим,
Сен наҳот ёнимдадирсан, сен наҳот келдинг ўзинг.
Жилмайиб ҳолимни сўрдинг, рўбарўмда ўлтириб,
Бунчалар малҳам овозинг, бунча руҳпарвар сўзинг.
Келди ширин суҳбатингдан кўзу кўнглимга ҳузур,
То қиёмат кўзларимдан узмасанг эрди кўзинг.
Илтижо қилдим Каримдан: васлидин этма йироқ,
Ваъдага айлаб вафо ёр қошима келган кезинг.

Оромижон
Кўнгил мулкида сен борсан не бахтли ошёндир бу,
Хаёлинг, ўйларинг таскин берар, — оромижондир бу.
Саҳарлар куйладим номинг мисоли булбули шайдо,
Сен, эй гул, этмадинг парво сўрарга не фиғондир, бу.
Ёнар рашкингда зор жисмим, ёнар жоним фироқингда,
Не тонгким интизор қолган йўлингда нотавондир бу.
Севарман изларинг ўтган гўзал боғу чаманларни,
Манга васлинг насиб этган азизим Марғилондир бу.
Шириндир илк муҳаббатнинг азобу дардларин тортмоқ
Карим кўнглига не малҳам фақат сенга аёндир бу.

Кел
Интизор эрди муҳаббат гулшани жоно биё,
Зеб гирад аз ташрифи ту ин чаман оро биё.
Равзаи ҳуснинг чироғи бахш этар дилга сурур,
Эй шахе мулки малоҳат, кўзлари шаҳло биё.
Оташи ҳажрингда ёнмоқ шуд насиби ман қачон,
Орзуе дорам висолинг мешавад ошно биё.
Аз нигоҳи дилсўзи ту ақлу хуш бегонадир,
Нав-банав ноз офарида орази зебо биё.
Гар бидони аз дилу жон дўст медорам туро,
Шу сабаб сенга Каримнинг меҳри бир дунё биё.

Қараб Қуйсанг
Кўнглим очилур жонон, биргина қараб қўйсанг,
Ошкор бўлмаса пинҳон биргина қараб қўйсанг.
Васлингни тилаб кўзлар, ҳажрингда ёниб бўзлар,
Қайда ҳам қолур ҳижрон, биргина қараб қўйсанг.
Хаёлинг дилга роҳат, йўлинг пойламоқ одат,
Топиб лаҳзалик имкон биргина қараб қўйсанг.
Қел, санам, ҳаё бирлан ё нозу адо бирлан,
Бўлур тенги йўқ эҳсон биргина қараб қўйсанг.
Ишқингда Карим ҳайрон, ушалсин эзгу армон,
Жонингга бўлай қурбон, биргина қараб қўйсанг.

Меҳри Ишқинг
Гул каби чеҳрангга боққан ташна кўзлар қонадир,
Лек кўнгилда меҳри ишқинг мисли офтоб ёнадир.
Сайри гул этмоққа чиқсанг сенга парвона бўлиб,
Зор булбул гулга бўлган севгисидан тонадир.
Тортиниб хонамга кирсанг, юксалар кўнглим фақат,
Бўлмасанг ёнимда дунё кимсасиз бир хонадир.
Сен-ла ўтган лаҳзаларнинг қадри бор умримга тенг,
Ҳар сўзинг меҳру муҳаббат мулкида дурдонадир.
Гоҳ висол сармастлигидан бахтиёрман беадад,
Гоҳи ҳижрон дарди ўртаб, жисми жон тўлғонадир.
Жисми жон ўртанса ҳам, бахтимга сен бўлгил омон,
Сен билан шайдо Карим қалбига ғам бегонадир.

Матлубаларга
Маҳвашу матлуб эрурсан, сўзларинг тотлуғ асал,
Кўзларинг ишқдин рисола, икки қошингдур ғазал.
Асрасин Оллоҳ ёмонлар кўзидан, жоним сени
Ўзи берган неъматимдир, шамъи ҳуснинг бебадал.
Тим қаро зулфинг аро ойдин ойдинроқ юзинг,
Қоматинг сарву санубар, хулқу рафторинг гўзал.
Лайло деб исмингни гоҳо, гоҳи Ширин деб атаб,
«Ҳамса»ни битмиш Алишер беш юз ўн беш йил аввал.
Узмагай кўнгил висолинг лаззатидан аҳли ишқ,
Дейдилар: кимнинг насиби бу малаксиймо азал.
Беқиёс ҳуснинг асири биргина бизлар эмас,
Изларинг излар ҳамиша ою офтоб галма-гал.
Арзимас шеърим қабул эт, кел, Карим кўнгли учун,
Дур сочиб лаъли лабингдан бир пас ўлтир лоақал.

Она
Борлиғимнинг боисидир онаизорим, онам,
Топганим бахтим, нажотим, давлатим — борим онам.
То ҳануз жоним болам, деб эркалаб парвонадир,
Шоирам, ширин забоним, тўти гуфторим — онам.
Оҳ, десам жонимга пайванд айлагай ўз жонини,
Дардкашим хам дардларимга малҳаму дорим онам.
Гоҳ тириклик шевасидан кеч қолиб келсам агар,
Термулиб йўлимга бедор, зору ҳушёрим онам.
Минг қуёш ҳам тенг келолмас онажоним меҳрига,
Меҳрибону мунисим, танти зиёкорим онам.
Эй, Карим, ташлаб мени гар, кетса ҳамки ёру дўст,
Бу жаҳон бозорида ёлғиз харидорим онам.

Сенсиз
Қай куни сўзла, нигорим, бўлгуси ҳижрон тамом,
Қай куни орзу ушалгай, қай куни армон тамом.
Ҳар маҳал нозу адонинг янгисин кўргай кўзим,
Қай куни бўлгай бу нозу бу азоби жон тамом.
Айрилиқдин ўртанур дил, тилга келмас бир калом
Қолмади сабр айламоққа заррача имкон тамом.
Икки соҳилда турармиз, ўртада уммон фироқ,
Унда сен ҳайрон турарсан, бунда мен гирён тамом.
Не турар сенсиз Каримга бу жаҳоннинг қиммати,
Мен учун қолмас замину мен учун осмон тамом.

Савол Бердинг
Эслайсизму деб бердинг савол, наҳот, сени унутиб бўлса,
Жоним, савол келди-ку малол, наҳот сени унутиб бўлса:
Юлдузларни унутсам не тонг, гул юзларни унутсам, не тонг,
Кўзлари шўх, қошлари ҳилол, наҳот сени унутиб бўлса.
Ҳажринг аро зор бўлган ўзим, гоҳи тирик; гоҳ ўлган ўзим,
Дардинг олай эй, соҳибжамол, наҳот сени унутиб бўлса.
Унут: бўлсин осуда тунлар, ўша ширин орзули кунлар,
Майли бари бўлса-да увол наҳот сени унутиб бўлса.
Ёниб-ёниб ўтган ошиқлар ва маъшуқдар номига қасам,
Сени севдим, севгим безавол, наҳот сени унутиб бўлса.
Ойлар ўтар, йиллар бегумон сенга Карим меҳри бир жаҳон,
Ўзинг сўзла, ўзинг ойжамол, наҳот сени унутиб бўлса.

Салом Айлаб
Салом айлаб кириб келдинг бу не ширин нафас бўлди
Қўнгилдан хоҳишу ғамлар... абас бўлди, абас бўлди.
Рақиб ҳоли ёмон бўлди, бахил бағрига қон тўлди,
Жаҳон кўнгли қароларга қафас бўлди, қафас бўлди.
Тушиб қиш тахтидан бир он баҳорни айлади султон,
Таралди мушк ила райҳон ҳавас бўлди, ҳавас бўлди.
Чаман қумрилари бийрон, навога тўлди кенг осмон,
Висолдин яшнади ҳар ён, соғинчга басма бас бўлди.
Карим, кўксини тоғ этдинг, бу тоғ бағрини боғ этдинг,
Вафо меҳру муҳаббатга асос бўлди, асос бўлди.

Табассум
Табассум айладинг зимдан, кўнгилни беқарор этдинг,
Узатдинг қўлга ишқ созин, кўйингда бастакор этдинг.
Рубобим торларин чертиб сенга ишқим баён этсам,
Саволимга жавоб бермай, ажаб, мафтуни зор этдинг.
Умиду орзуга тўлган бу қалбим сенга зор эрди,
Нигоҳинг бирла қалбимни яна фасли баҳор этдинг.
Олиб гоҳида тинчимни соғинтирдинг неча кунлар,
Йўлингда икки кўзимни ўзимдек интизор этдинг.

Соғинч
Келмадинг, қуёш ҳам ботиб кетди-ку,
Оқарди кеча, тонг отиб кетди-ку.
Умид юлдузларим сўндилар бир-бир,
Армон орзуларни ютиб кетди-ку.
Соғинчдан кўзларим ёшларга тўлди,
Ой кўкни булутга сотиб кетди-ку.
Наҳот сенга етмас, қайдасан, жоним,
Оҳим Фарғонани тутиб кетди-ку.
Сен йўқсан ғамимдан бировга не ғам,
Дардларим ёзғучи котиб кетди-ку.
Тинмаса фиғоним, Карим, не илож,
Ҳижрон жон-жонимдан ўтиб кетди-ку.

Севги Ниҳоли
Дилбар паришон ўйланар кўринг бу холини,
Қай бахтиёр банд айламиш фикру хаёлини.
Тонг еллари кокилларин мушки билан маст,
Шўхлик қилар гул баргидек тортар рўмолини.
Ақлу заковат акс этар кўзлар қаросида,
Мафтуни бўлдим бир кўриб ҳусну жамолини.
Бордим яқинроқ интизор кўз кўзни кўзлади,
Дил бўзлади, тил музлади айтмай саволини.
Тушгач нигоҳи мен томон қўзғалди ўрнидан,
Кўзлар томошо айлабон тўймас камолини.
Кетди Каримни ул пари ташлаб фироқига,
Қалб гулшанига ўтқазиб севги ниҳолини.

Соғинганимдан
Лаҳзалар йил бўлди соғинганимдан,
Не бўлса дил бўлди соғинганимдан.
Ул санам фироғи қаддимни букди,
Ғам юки зил бўлди соғинганимдан.
Бошимга ёғилди минг турфа меҳнат,
Жафолар хил бўлди соғинганимдан.
Сўзларим англамас на дўст, на рақиб,
Бу нечук тил бўлди соғинганимдан.
Ҳижрон рашк тошини мўлжалга отди,
Юрак чил-чил бўлди соғинганимдан.
На тонгдан дарак бор, на ёрдан хабар,
Кўз ёшим сел бўлди соғинганимдан.
На телба эрурман, на соғ, эй Карим,
Бир ажаб феъл бўлди соғинганимдан.

Не Ажаб
Не ажаб севдим чаманнинг бир гули раъносини,
Бўзлатиб қўймиш менингдек булбули шайдосини.
Кўрмасам бир кун кўринмас кўзга олам зийнати,
Ёд этиб таскнн топарман кўзлари шаҳлосини.
Рашк ила ҳижрон азоб берганда ҳам эъзоз этар,
Ошиқ ўз маҳбубини, кўнгил аро танҳосини.
Бахт эрур севмоқ севилмоқ, ўзга бахт бўлмас сира
Севгидан топса киши ўз умрининг маъносини.
Тутмангиз осон Каримга, дард ила ёзса ғазал,
Бошидан ўтган билур илк севгининг савдосини.

Онажон Сизга
Онажон сизга бу оқшом тутганим гулдастадир,
Гулларимга меҳру ишқим жон каби вобастадир.
Сиз менинг жону жаҳоним, меҳрибоним, мунисим,
Ҳар сўзингиз дилга малҳам, шоиму шоистадир.
Айтсангиз меҳру муҳаббат бирла ширин аллалар,
Лол қолур гулшанда булбул, ҳуш йўқотган хастадир.
Сиз билан обод бу дунёсиз билан болдек ҳаёт,
Сиз билан нурли, чароғон хонадон орастадир.
Таърифингиз куйламоққа минг қўшиқ озлик қилур,
Шу сабабдин куй-қўшиқлар сизга даста-дастадир.

Умид Айлаб
Менга олам чароғондир сенинг рухсору олингдан,
Мисол андоза олгандек ою офтоб жамолингдан.
Қаю Лайли, қаю Ширин сенга тенг ўлмағай ҳаргиз,
Берилмас ҳеч кима нисбат, очилса сўз висолингдан.
Сен ўзбек дилбаридурсан, ҳаё, андишапарварсан,
Жаҳон маҳбублари ибрат олур фазлу камолингдан.
Не қилсанг, ихтиёр сенда асиру мубталодурман,
Жазо икки кўзингдандир, имо икки ҳилолингдан.
Нечун ғаш бўлмасин кўнглим ўшал бешарм саболардан,
Муаттар сочларинг ўпса, қучиб қадду ниҳолингдан.
Ҳамиша гул каби чеҳранг Карим кўз устида, жоним,
Фироқингда кўнгил узмас умид айлаб висолингдан.

Зор Эдим
Зор эдим бир кўргали, соҳибжамолим қайдадур,
Қомати наврастаи, нозик ниҳолим қайдадур.
Кўз учида бир қараб, ҳолимни сўрса на бўлур,
Ул муҳаббат шоҳи-ю, бу хом хаёлим қайдадур.
Ой десам тунда кўрунмас, кун десам кундуз яна
Индамас сайёралар шамсу ҳилолим қайдадур.
Беркитур кўздин нари ёримни гулшан гуллари,
Сўйла, эй булбул, маним лайли мақолим қайдадир.
Қайс киби саҳро кезиб, қилсам жунунлик касби кор,
Чашмаи оби ҳаёт, лаъли зилолим қайдадур.
Келса ҳам фасли хазон, сарғарса юзлар ғам дема,
Изларинг излар Карим, такрор саволим қайдадур.

Бир Савол
Бу нечук сўздир нигорим, билмадим дейсиз кулиб,
Сўзласам аҳволи зорим, билмадим дейсиз кулиб.
Ақлу хуш кетди ўзимдан сиз каби тарк айлади,
Ё, синайсизми қарорим билмадим, дейсиз кулиб.
Бир қиё боқмай ўтарсиз, эътибор бермай сира,
Бари бирми йўғу борим, билмадим, дейсиз кулиб.
Майлиму рашк оташида ўртаниб ёнса юрак,
Қайда қолди ихтиёрим, билмадим, дейсиз кулиб.
Бир сафар айланг жавоб, ошиқ Каримдан бир савол
Қай куни кулгай наҳорим, билмадим, дейсиз кулиб.

Бедард Кимсалар
Дардим ортар кўрганимда баъзи бедард кимсалар,
Ўзи ишқдин бехабар-ку, севгидин лоф урсалар.
Дардим ортар, мансабу обрўси борлар хуш келиб,
Бағри тошлик бирла ошиқ ҳолатимдин кулсалар.
Дардим ортар, тош эмасман сабру бардош этгали,
Ўзгаларнинг илтифотин кунда айтиб турсалар.
Майли, ер қилсин томоша, беписандлар ҳар куни,
Рашк тиғи бирлан дилимни минг бўлакка бўлсалар.
Балки айбим севганимдир, балки рашкимдир хато,
Дардим ортар, ул санам бир сўз демай ўлтирсалар.
Бир ширин бўса гуноҳин, эй, Карим, ювмоқ учун,

Розиман бир бор эмас, бир кунда минг ўлдурсалар.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика