Каллангга қойил, хотин (ҳажвия) [Abdurazzoq Obroʻy]

Каллангга қойил, хотин (ҳажвия) [Abdurazzoq Obroʻy]
Каллангга қойил, хотин (ҳажвия) [Abdurazzoq Obroʻy]
Ким агар хотиндан ақлли маслаҳат чиқмайди, деса, бекорларни айтибди. Баъзан-баъзан хотиннинг гапига ҳам кириб туриш керак. Ўзимдан қиёс.
— Дадаси, — деди бир кун хотин, — ҳозир ҳамма пул киракашларда. Битта машина олмасангиз, биримиз икки бўлмайди.
— Тўғри айтасан, — дедим мен ҳам. — Ишқилиб ҳайдовчилик гувоҳномам йўқолиб кетмаганми?
— Э, нима деяпсиз, сандиққа солиб қўйибман,— деди у.
— Қани ол-чи.
Хотин сандиқдан гувоҳномамни олди. Бадбўй ҳид димоғимга урилди.
— Ғалати ҳид борми?
— Куя емасин деб нафталин сепиб қўйган эдим.
— Яхши иш қилмабсан, йўлда таёқча кўтариб турадиганлар мени эмас, гувоҳномамни ушлашади.
— Йўли бор, — деди хотин. — Мана, сиз ичиб машина ҳайдаётганда ароқнинг ҳидини йўқотиш учун нима қилардингиз?
— Чет эл сақичидан чайнардим.
— Гувоҳномангизга сақич чайнатиб бўлмайди. Яхшиси, франсуз атиридан сепамиз.
— Каллангга қойил, хотин.
Якшанба куни Сергелидаги машина бозорига чиқдим. Жуда кўп машиналарни кўрдим. 1985 йилда чиққан прицепли «Москвич» маъқул келиб қолди.
— Ока, — деди эгаси, — олсангиз зарар қилмайсиз, пулингиз ўзингиз билан кетади.
Унча тортишиб ўтирмай, шартта олдим.
— Прицепига бало борми? — деди хотин уни кўриб.
— Бунда юк ташийман.
— Қанақа юк?
— Қовун-тарвуз-да.
«Қўйлиқ» бозорига эрта тонгдан жўнадим. Икки соат машина олдида сигарета чекиб ўтирдим. Биров кимсан деб сўрамади. Нима қилсам экан деб бошим қотиб турган эди, бошида дўппи, эгнида чопон, бир деҳқон мурожаат қилиб қолди.
— Далада озроқ тарвузим бор эди, бозорга обкеп бермайсизми?
— Нархини келишсак, обкелаверамиз-да.
Тортишиб бир тўхтамга келдик. Унчалик узоқ жой эмас экан, деҳқон болалар бир зумда тарвузни прицепга юклашди. Бозорга қараб йўл олдик. Дарровда харидор ҳам топила қолди. Деҳқон унга сотиб, менинг ҳақимни бериб кетди.
— Юк машинада тураверсин, — деди янги «хўжайин».
— Нега? — дедим ҳайрон бўлиб мен.
— Бу ерда тирикчилик деб юрибмиз-да, ока. Ҳожатбарорман. Ҳозир харидор келиб қолади. Айтган жойига элтиб берасиз. Ундан ҳам ҳақингизни оласиз.
Менга нима, пул ишласам бўлди-да. Аслида мақсадим ҳам шу. Кўп кутмадик, кўзида кўзойнак, шим кийиб олган бир аёл тарвузга харидор бўлди. «Хўжайин» билан савдоси пишгач, менга:
— Юкни Юнусободга олиб борасиз, — деди.
— Xўп бўлади, — дедим мен.
Айтилган манзилга етиб бордик. Билаклари тарвуздай шишиб чиққан икки йигит машинадан юкни тушира бошлади. Ўн доналар туширишгач, тўхтаб қолишди.
— Опа, тарвузларингиз мусичанинг тухумидай экан-ку.
— Кичкина бўлса ҳам пишган, ширин.
Улар биттасини чақмоқлаб кўришди. Оппоқ.
— Бўлмайди. Олмаймиз. Бунингизни ҳеч ким олмайди. Бизга каттасидан олиб келинг, — деди йигитлардан бири.
— Олиб-сотар алдабди-да, — деди аёл жиғибийрон бўлиб. — Ҳайданг орқага.
Ҳожатбарорни зўрға топдик. Аёл пулини қайтариб олди. Менга бир сўм бермади.
— Шеригингиз мени чув туширди, — деди сўнг ҳожатбарор.
— Қанақа шеригим?
— Ўша деҳқон-да.
— Менинг шеригим эмас.
— Гапни айлантирманг, — деди у. Бир имо қилган эди, ёнида бақувват иккита йигит пайдо бўлди. — Бу окамлар бозорнинг қоидасини билмас экан.
— Нима қиламиз? — дейишди улар.
— Пулни қайтарсин, бошқа гап йўқ, — деди ҳожатбарор.
Хуллас, у десам бу дейишди, бу десам у дейишди. Чўнтакдаги хотин бензин учун берган пулни ҳам қўшиб қоқиб олишди.
Далага қараб йўл олдим. Деҳқонни суриштирдим. Пешонасидаги терни белбоғига артиб бир отахон келди.
— Ҳа, ўғлим, нима гап?
— Боя шу ердан тарвуз олиб кетган эдим. Ҳеч ким олмаяпти, эгасига қайтармоқчиман.
— Тарвуз ҳали хом эди. Пишмаган бўлса ҳам болаларни қўймай ўзинг уздирибсан-ку.
— Мен бир ҳайдовчиман, отахон. Ўрта яшар бир деҳқон бошлаб келди бу ерга мени.
— Ҳа, энди тушундим. «Тадбиркорга» дуч келибсан-да, болам. Қанчага тушдинг?
— Ўн беш мингга...
Киракашлигимни биринчи кунини якунлаб уйга қайтаётган эдим, йўл назоратчиси таёқчасини кўтариб тўхтатди. Машинани обдон текширгач, ҳужжатларимни сўради.
— Жуда муғомбир ҳайдовчига ўхшайсиз-а? — деди назоратчи гувоҳномамни ҳидлаб кўриб. — Ичгансиз, ичганингизни билдирмаслик учун атир сепгансиз. Ундан кўра, сақич чайнаганингиз маъқул эди.
Гапни қисқаси, чўнтакда борини назоратчига бердим. Уйга икки қўлимни бурнимга тиқиб қайтдим. Эшикдан кутиб олган хотинга:
— Каллангга қойил! — дедим.

Хулосам шу: бирим икки бўлсин деган эркак хотиннинг гапига ҳам кириб турсин.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика