Ноўрин ваъда (ҳажвия) [Abdul Hamid]

Ноўрин ваъда (ҳажвия) [Abdul Hamid]
Ноўрин ваъда (ҳажвия) [Abdul Hamid]
Миш-миш тарқалди. Ҳусанбой баъзи ҳамкасблари билан гаплашмай қўйганмиш. Энг қизиғи, ўша «баъзи»лар унинг улфатларимиш. Қизиғи, Ҳусанбой улар билан уришмаган, сўкишмаган, бор-йўғи чойхонада бирга ўтирган-у...
Бу гаплар, одатдагидек, тўппа-тўғри Суннат Азларовичнинг қулоғига етиб келди. У жамоа иноқлиги учун қаттиқ жон куйдиргувчи одам бўлгани учун, бу миш-мишларнинг тагига етишга қасд қилди.
—Ҳусанбойни чақиринг, — деди чорловни эшитиб ёнига кирган котибасига.
Орадан кўп ўтмай, хонага оғир мусибатга дучор бўлган одамдай, Ҳусанбой кириб келди.
— Чақиртирган экансиз?
— Келинг. Қулоғимга ғалатироқ гаплар чалинди. Тинчликми? — деди бошлиқ жиддий оҳангда.
Ҳусанбой стулга оғир чўкиб, мутелик билан хўжайинга термулди.
— Ҳамидбек, Ҳабибхон, Ҳасанбой, янглишмасам, улфатларингиз шекилли, — гап бошлади Суннат Азларович, — нега улар билан аразлашиб юрибсизлар?
— Ҳа энди, шунчаки, — чайналди Ҳусанбой, — арзимаган гап.
Бу учрашувга анча жиддий тайёргарлик кўрган бошлиққа Ҳусанбойнинг ўламса жавоби ёқмади.
— Нимаси арзимаган, арзимаган бўлса, нега бунақа тумшайиб юрибсиз. Дув-дув гап. Жамоада иноқлик йўқ. Бунақада ишда унумдорлик бўладими?
— Xўжайин...
— Нима хўжайин, гапингиздан сезиб турибман, ҳамма бало ўзингизда. Қилгиликни қилиб қўйиб...
— Йўқ, — қичқириб юборди Ҳусанбой, — мен ҳеч нарса қилмадим. Улар мени хўрлашди. Мен шунга чидолмаяпман, хўжайин.
Ҳусанбой йиғлаб юборди. Бошлиқ буни кутмаганмиди ёки кап-катта эркакнинг йиғлаши шошириб қўйдими, каловланганча ходимининг олдига ўтди. Котибаси дамлаб қўйган аччиқ кўк чойдан бир пиёла қуйиб Ҳусанбойга узатди.
— Қўйинг, хафа бўлманг, улар билан ўзим гаплашаман! Муни ичинг-да, нима бўлганини бир бошдан гапириб беринг?
Ҳусанбой ҳиқ-ҳиқ қилганича, чойни ичиб, ўпкасини босиб гап бошлади.
— Ҳар якшанба чойхонада ўтирадиган одатимиз бор. Кечаги якшанба шахсан ўзим бозор қилдим, анави танбаллар келгунча дастурхон тузадим...
Ҳусанбой қараса, бошлиқ уни астойдил тинглаяпти. Илҳоми келиб кетди:
— Шу десангиз, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Паррак-паррак газакларни айтмайсизми... Анави жониворлар-чи, тур-тури билан. Жияним Америкадан мен учун атайлаб олиб келган «Виски»ни ҳам дастурхонга қўйган эдим. Туришини кўриб сўлагинг оқади, шишаси уч бурчак, беш-олти ордени, фахрий ёрлиқлари бор. Қўлингга олиб чайқасанг қулт-қулт қилиб овоз чиқаради...
Бошлиқ бу таърифларни эшитар экан, қулт этиб ютиниб қўйди.
Ҳусанбой давом этди:
— Шуларга қараб ўзимда йўқ қувониб турсам, лоп этиб хотинимга кеча эрталаб «ичмайман» деб берган ваъдам эсимга тушиб қолса бўладими. Биласизми, хўжайин, дунё кўзимга қоронғи бўлди. Лекин ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим. Xотинимга ичмайман деб ваъда берганман, астойдил илтимос қилишса, мажбурлашса ҳам ичмайман, демаганман-ку. Тўғрими?
— Тўғри, тўғри, — деб юборди Суннат Азларович.
— Xуллас, анави ярамаслар келишди. Пиёлага қуйиб узатишганда, хотинга берган ваъдамни аста эслатиб, тил учида ичмайман, дедим. Нокасларни жиндек хиралик қилар, деб ўйлагандим-да. Қаёқда, шуни кутиб тургандек, «Унда ичмаганинг дуруст», дейишдию ўзлари...
Шу жойга келганда, Ҳусанбойнинг кўзида яна ёш ғилтиллай бошлади. Xўжайиннинг ҳам аҳволи ундан яхши эмасди. Ҳусанбой ҳиқиллаб гапини аранг давом эттирди:
— Аблаҳлар, ҳамм-масини ичишди. Бир қултим ҳам қолдиришмади. На тихирлик қилишди, на зўрлашди.
— «Виски»ни ҳамми, — деб юборди Суннат Азларович кўзларини катта-катта очиб.
— Уни ҳам тинчитишди. Аламимга чидолмай қўлимга илинган шишани ерга урдиму чиқиб кетдим. Ахир, ўзбекда олинг-олинг, ширин қилиб беринг, қўлимни қайтарманг, деган гаплар бўларди-ку, хўжайин...
Бошлиқ ўрнидан туриб кетди.
— Ярамаслар. Шунчалик ҳам шафқацизлик қилишадими? Умрим бино бўлиб бундай бағритошларни кўрган эмасман. Xафа бўлманг, ука, бу қилмишлари учун ҳам жавоб беришади. Ўзингиздан ҳам ўтганда, ука. Xотин деганга бўлар-бўлмасга ваъда берилавермайди.
Ҳусанбой ичини бўшатиб, аста ўрнидан турди. Эшик олдига келганида бошлиқ бирдан сўраб қолди:

— Ҳалиги... жиянингиз Америкага яна борса керак-а?
Loading...
Яндекс.Метрика