Гулистон [Sa’diy]

Гулистон [Sa’diy]
Гулистон [Sa’diy]
Бир даста гул
Шарқ классик адабиётининг буюк намояндаларидан бири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (1184—1292) Ўрта ва Яқин Шарқ ўлкаларида Шайх Саъдий номи билан машҳур. Унинг ажойиб асарлари ўзбеклар орасида ҳам кенг тарқалган. «Гулистон» ва «Бўстон» каби ахлоқий китоблари эски ўзбек мактабларида дарслик сифатида ўқитилар эди.
Форс-тожик адабиёти тарихида Саъдийнинг мавқеи жуда баланд. У биринчи бўлиб ғазал формасини мустақил жанр даражасига кўтарди. Унинг «Куллиёт»ига 4 девон (газаллар тўплами) киритилган.
«Куллиёт»га киритилган бадиий асарлар ичида энг машҳурлари 1257 йилда ёзилган «Бўстон» ва 1258 йилда ёзилган «Гулистон» асарларидир.
«Гулистон» ўзига хос дидактик ҳикоялар ва шеърий афоризмлар тўпламидир. Китоб 8 бобдан иборат. Форс-тожик прозасининг классик намунаси бўлмиш бу асар соддалик, оригинал гўзаллик, воқеликни тўғри ёритиш билан китобхонни мафтун этади. Жаҳонгашта шоир ўз ҳаётида кўрган, билган воқеаларни баён этиб, улардан ахлоқий хулосалар чиқаради. Ундаги қисқа-қисқа ҳикояларда дунё-дунё маъно бўлгани учун ҳам бу китоб жаҳон адабиётининг олтин фондига кирган. Адабиётшунослар иаздида форс-тожик классик поэзиясининг энг порлоқ асари Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си бўлса, насрий асарларнинг энг баржастаси «Гулистон» ҳисобланади.
Ву таълимий асарда ёзувчи ўз давридаги энг муҳим ва катта-катта сиёсий, иқтисодий воқеаларни акс эттирар, ахлоқий нормаларни талқин этар экан, ўша давр кишиларининг хилма-хил образларини яратадики, бу образларнинг умумлаштирувчи кучи ҳам, таъсир доираси хам шоирнинг ўз юрти ва даври че-гарасидан чиқиб кетади. Унинг илғор орзулари умумбашарият орзулари билан ҳамоҳанг. Шунинг учун ҳам бу асар жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган.
Саъдий ўз замонининг етук педагоги, доно, инсондўст, мураббий шоири, чуқур психолог олими бўлган.
Бу улуғ донишманднинг кенг ва ранго-ранг ижодида биз ёрқин мисралар билан бир қаторда у яшаган даврнинг қора тамғаси тушган доғларни ҳам кўрамиз.
Саъдий кўп саёҳат қилиб, ҳаёт тажрибаси орттирган билим-дон. У довдираб, йўл тополмай қолган кишиларни саргардонликдан қутқариш, уларга тўғри йўлни кўрсатиб беришни ўзининг бурчи ҳисоблайди. У бир шеърида:
Чу кўрдинг кўр киши йўлинда чоҳдир,
Индамай ўтирсанг катта гуноҳдир, —
дер экан, бошқаларга ҳам шу бурчни уқтиради. Саъдий назарида инсон фақат ўзи учун эмас, бошқалар тақдири учун ҳам, бутун башарият тақдири учун ҳам жавобгар.
Инсоннинг кўзини очишга, унга яшамоқ йўлларини ўргатишга умрини бағишлаган Саъдий ҳаётда инсонни пок, иродали, кучли ва мағрур кўришни истайди.
Инсоний қадр-қимматни у биринчи галда меҳнатда, ўз меҳнатига, билими ва ҳунарига таянишида, бировга хор бўлмасликда деб тушунади ва шундай таълим беради:
Ўз меҳнатидан нон еган киши
Ҳотам миннатидан озод ёз-қиши.
Ҳамма нарса фақат ҳаракат ва жасорат билан қўлга кириши мумкинлигини «Гулистон»нинг кўп ҳикояларида лўнда қилиб кўрсатиб берилган.
Ризқингдан ортиқни еб бўлмаса ҳам,
Талабда бўлмағил дангаса, бегам.
Ғаввос наҳанг огзин ўйласа агар,
Қўлга киритолмас ҳеч дурру гавҳар.
Шер нима овлай олур токи инидан чиқмай,
Чангалига не тушар ерда ётса қарчиғай.
Шунинг учун ҳам у киши қадрини, инсоннииг инсонлик шарафини ерга урадигаи таъма, ҳасад ва шунга ўхшаш паст одатларни қаттиқ қоралайди:
Олиб борма шоҳга таъмали сўзинг,
Таъмани йўқотганда шоҳсан ўзинг.
Жирканчдир хор бўлиб топшган овқат,
Қозон тўлур, аммо ор билая фақат.
Инсондаги ёмон хислатларни орттирадиган, уни ҳатто ёлғончилик, ўғриликка бошлайдиган, дағдаға, жанжал чиқариб, инсон шарафини пастга урадиган майхўрликни ҳам қаттиқ қоралаган шоир: «Асали арзимас ниши—заҳрига» дейди.
Саъдий ҳаётда мардонавор меҳнатга, ростгўйликка, билим, ҳунар орттиришга чақиради. У текинхўрлар ва золимларни аёвсиз фош қилиб, ҳаммага озор берувчи золим кишидан кўра одам юкини енгил қилувчи иш ҳайвонларини афзал кўради:
Бечора эшакки бетамиэдир,
Юк кўтаргани учун азиздир,
Ишловчи ҳўкиз ва ёки эшак
Золим кишидан яхшидир бешак.
Мардумозорликка қарши бутун қаҳру ғазабини йўналтирган шоир бир шеърида бундай дейди:
Ит аъло эрур мардумозордан,
Кишиларни қийновчи маккордан.
Шоир ўз асарлари билан китобхонларда софдиллик ва халқпарварлик, жасурлик ва мардлик, ростгўйлик ва самимият ҳисларини тарбиялайди. Меҳнатсиз нон ейиш эрликдан эмаслигини уқтиради:
Ҳалол ишла, мардларча айшингни сур,
Узи ишламай еса, номард эрур.
Дил, агар ростликни этсанг ихтиёр,
Дунё халқи сенга бўлур дўсту ёр.
Ёлғонни, биродар, сўзлама зинҳор,
Ёлғончи дойм хор, топмас эътибор.
Емак, ухламак - ваҳший ҳайвон иши,
Шў одатни қўллар ақлсиз киши.
Саъдий болага тарбияни ёшликдан бериш кераклигини алоҳида таъкидлайди:
Кимга ёшликдан берилмас одоб,
Улғайгач, бўлади бахтсиз, дили гаш.
Ҳўл новда эгилар қай хилда эгсанг,
Қуруқни тўғрилар фақат ўт-оташ.
Ҳаёт ҳодисотларга тўла, болани ҳамма нарсага бардош берадиган қилиб меҳнатда тарбиялаш лозим. Агар у меҳнат кўрмай, ноз-неъмат билангина ўсса, у биринчи қийинчилик кўргандаёқ чидаш беролмай, ўзини йўқотиб қўяди:
Ўзи буюрмоққа ўрганган киши
Қийин бошқаларга қулоқ солиши.
Ким агар ўсибди нозу неъматда,
Ҳоли оғир бўлар қолса кулфатда.
У илм ўрганиш билан бирга унга амал қилиш лозимлигини ҳам айрим таъкидлаб ўтади:
Ҳарчанд ўқибсан — билимдонсан,
Агар амал қилмадинг — нодонсан.
Қарилик заифликларини «Гулистон»да чин инсоний туйғу билан тасвирлаб, ёшларни кексалар қўлини тутишга чақириб шоир айтади:
Кексадан истама қувноқлик ҳавас,
Ёшлик ўтмиш, оқар сув ортга қайтмас.
Экинга етаркан ўроқ вамони,
Сабзадек мавж урмас, тинар жавлони.
Аммо у кексаларни ҳам ўз ёшига ва мавқеига муносиб хатти-ҳаракатда бўлишга, ёшларга кулгу бўлмасликка чақирар экан, ёзади:
Қаригач ташлагил ёшликни тамом,
Ўйинқароқликни ёшга қил инъом.
Саъдий аввало ўз эли, халқига вафодорлик, ўз ватани боишга бирор оғирлик тушса балогардон бўлиш ҳисларини тарбиялашга чақиради. Шундай ҳикояларидан бирини қуйидаги мисралар билан тугатади:
Ўғлига отаси қилди васият:
«Бахтиёр болам, қўй қулоғингга панд —
Ўз аҳлига вафо қилмаган киши,
На севимли бўлур ва на донишманд».
Инсон ҳаёти коинот тарихига нисбатан бир дамгина давом этадиган қисқа вақтни ташкил қилади, у кишига бир марта берилган энг қимматли бойлик, уни беҳуда ўтказиш ярамайди:
Кимки бефойда умрин ўтказди,
Ҳеч нарса олмасдан, олтин кетказди.
Ўлкан даҳо Саъдий ўзи таъкидлаганидек у буюк жасорат кўрсатиб, инсои учун ажойиб асарлар қолдирди.
Улуғ немис шоири Гёте Саъдийни «жуда маҳсулдор ва файзли», «ҳаёт тажрибаси билан бойиган жуда яхши шоир» деб ҳисоблаган.
Саъдий асарлари Ғарбий Европада аллақачонлардан бери маълум бўлган. Машҳур француз файласуфи ва ёзувчиси Вольтер «Гулистон»дан хабардор бўлган ва баъзи шеърларидан фойдаланган.
«Гулистон» XVII асрнинг биринчи ярмидаёқ Европа тилларига таржима қилиниб, тарқала бошлаган эди.
Саъдийнинг ўлмас асари биринчи бор француз тилига таржима қилиниб, 1634 йилда Парижда нашр этилган эди.
Сўнгра у французчадан немис тилига таржима қилиниб, 1036 йилда босилиб чиққан эди. Ундан кейин ҳам Европа ва бошқа бир қанча халқлар тилига таржима қилингандир.
«Гулистон» рус тилига кўп марта таржима қилинган. Булар орасида А. Козимбек (1829), С. Назарянц (1857), К. Ломбарс (1862), И. Холмогоров (1882), Е. Э. Бертельс (1922) таржималари бор.
Бу нодир асар 1390—1391 йилларда Сайфи Саройи XIX асрнинг иккинчи ярмида машҳур шоир Огаҳий, 1909 йилда Муродхўжа домла Солиҳхўжа ўғли томонидан ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтида совет олими Рустам Алиев томонидан «Гулистон»нинг танқидий тексти тайёрланди ва шу текст асосида бадиий (1957) ҳамда академик (1959) таржималар босилиб чиқди. Қўлингиздаги бу китоб Москвада 1959 йилда нашр этилган ва 1966 йилда Теҳронда чиққан тўлиқ босмасидан танлаб олиб тузилган матндан таржима қилинди.

Дебоча - китобнинг ёзилиш сабаби
Бир кун кечаси ўтган кунларимни эслаб, беҳуда кетган умримга афсус-надоматлар чекар, кўнглим уйи тошини олмос янглиғ кўз ёшларим билан тешар ва ўз ҳолатимга муносиб тушадирган ушбу байтларни ўқир эдим:
Ҳар дамда умрдан нафас ўтади,
Бир қиё боққунча йитиб кетади!
Уйқуда ўтгандай ўтди эллик йил,
Қолган беш кун умр қайғусин қилгил.
Ишни битирмаган уятда қолур,
Карвон ноғорасидан ортда қолур.
Йўловчининг тонгги ширин уйқуси
Манзилга етишга тўсиқ бўлгуси.
Ким бу ерга келди, бир бино солди,
Ўзи жўнаб кетди, ўзгага қолди.
Бировлар қилса хам шунингдек ҳавас,
Иморат битмади, битмади нафас.
Вафосиз дунёга дил берма зинҳор,
Ҳеч кимга дўст бўлмас чархи кажрафтор.
Улади шубҳасиз яхши ҳам ёмон,
Бахтлидур яхши ном қолдирган инсон.
Тириксан гўрингга гуллар экиб қол,
Кейин қўзғалмоққа қолмагай мажол.
Даврон офтобу, умр худди қор,
Тириксан, мағрурлик қилмагил зинҳор.
Пулинг йўқ, бозорда нима қиласан,
Қўрқаман саллангдан ажраб келасан.
Кимки ўз ҳосилин хом еб тугатар,
Куз куни хирмондан машоқлар терар[1].
Шундай хаёлларга бориб, ўйлаб кўрганимдан сўнг, охирида пушаймон қилмаслик ва келгусида ўз шаънимга қуйидаги байтни эп билмаслик учун хилватга чекинишим, дўстлар суҳбатини тарк қилишим, сийна дафтаридаги беҳуда сўзлардан қутулишим керак, деган қарорга келдим.
Бирор бурчакда тилсиз, гунгу лол ўтиргувчи одам
Тилин тиймоқни билмовчи кишидан афзалу кўркам.
Шу вақт бир маҳаллар ғам кажавасида ҳамроҳим, ҳужрамда дилхоҳим бўлган дўстларимдан бири, эски одати бўйича, эшигимдан кириб келди. У қанчалар хазил-мутойибалар қилмасин ва хандон ташлаб кулмасин, мен унга жавоб бермадим, ибодатдан бош кўтармадим. Шунда унинг кўнгли ўксиди, менга қараб деди:
Букун сўзламоққа сенда имкон бор,
Ҳар қанча яхши сўз топсанг, айтиб қол.
Эртага ажалнинг элчиси келгач,
Тилинг қимирлашга топмагай мажол.
Яқин дўстларимдан бири унга воқеани тушунтириб, дедики: «Саъдий қолган умрини тоат-ибодатда, хомушлик, сукунатда кечирмоққа азм ва жазм этди. Агар қурбинг етса, сен хам шундай қилмоғинг маслаҳатдир».
Дўстим жавобида деди:
«Худонинг азимлиги ва орамиздаги дўстликнинг қадимийлигига қасамки, агар у мен билан аввалдаги янглиғ муомалада бўлмаса, уни ташлаб кетолмайман, нафас олмайман, ташқарига йўл солмаймаш Чунки дўстни ранжитган нодон, аммо қасамни бузмоқ осондир. Ичган қасамининг гуноҳини осонгина бартараф эта олади, бироқ унинг танлаган йўли нодурустдир. Оқиллар наздида Алининг қиличи ғилофида ва Саъдийнинг тили комида, ҳаракатсиз турмоги мантиқдан хориждир».
Оғиз ичида тил недур, эй оқил?
Ҳунар хазинасин калидидур у.
Эшик ёпиқ экан билиб бўлмагай
У ерда нима бор, мунчоқми, инжу.
Агарчи билимдонлар ҳузурида жим туриш
Одобдур. Аммо пайти келганида сўзлаб қол.
Икки ҳол ақлсизлик: гап келганда гапирмай,
Зарур чоғда жим турмай, бўлиб кетиш сўзамол,
Хулосаи калом, у билан сўзлашмасликнинг иложини топа олмадим, шундай одам суҳбатидан юз ўгиришни мурувватдан деб билмадим, зероки, у менинг самимий ўртоғим, садоқатли дўстим эди.
Бирор киши билан қилур бўлсанг жанг,
Боплаб туширгинки ҳоли бўлсин танг.
Зарурат юзасидан гаплашмоққа бошладикда, шавқу завққа тўлган ҳолда сайр этгали шаҳар ташқарисига чиқдик. Фасли навбаҳор, қаҳратон совуқнинг кучи кеттан, гулу чечаклар даврони етган эди.
Дарахтлар устида яшил кўйлаги
Байрамда бахтлилар кийгандай янги.
Жалолий ой-Урд-биҳишт аввали —
Булбуллар сайрайди гул бутоғида:
Қизил гул баргида инжудай шабнам
Тер каби ғазабли ёр ёноғида.
Дўстларимиздан бирининг боғида тунаб қолишга тўғри келди. Бу жуда ажойиб бир жой бўлиб, ғоятда сафобахш, дилрабо, дарахтлари бир-бирига айқашиб кетган, ерига ранго-ранг шиша парчалари тўшалганга ўхшар, тепадан осилиб турган узум бошлари эса, Сурайё юлдузлар туркумини эслатарди:
Ирмоқлар шилдироқ, жаннатдай боғлар,
Қушларнинг сайраши мукаммал, мавзун.
Уру қир лолалар билан ранго-ранг,
Мевали дарахтлар ажиб гуногун.
Дарахтдан қуйига тушган кўланка
Ерларни гиламдай безар бус-бутун.
Эрта тонгда, шаҳарга қайтмоқ фикри боғда қолмоқ орзусидан ғолиб келган маҳалда, дўстим этагини атиргул, райҳон, сунбул, нозбў ва бошқа гуллар билан тўлдириб, йўлга чиқмоқ тараддудида эканини кўрдим. Унга дедим: «Ўзингдан махфий эмаски, гулнинг бақоси ва гулистоннинг вафоси йўқдир. Донишмандлар: «Ҳар нимарсаки, бевафодир — муҳаббат қўйишга нораводур!» деб жуда тўғри айтганлар. Дўстим деди: «Хўш, у ҳолда тадбир нимадир?» Мен унга жавоб бериб дедимки: «Мутолаа қилганларга сафо, тинглаганларга шифо бахш этадиган «Гулистон» номли китоб ёзишим мумкин, унинг япроқларига куз фаслининг шафқатсиз қўли етмайди ва замона ўзгаришлари унинг хуррам баҳорини ҳазин кузга айлантира олмайди».
Ҳар нечук гул дилингни қилмас чоғ,
«Гулистон»имдан ол бирор япроғ.
Гул замони беш, олти кундур бас,
Бу «Гулистон» ҳамиша пок нафас.
Шу сўзлар оғзимдан чиқар-чиқмас дўстим этагидаги гулларни ерга тўкиб, менинг этагимга ёпишди-да, хитоб қилди: «Карам соҳиби бўлган одам ваъда бердими — ваъдасига вафо қилмоғи лозим!»
Уша куннинг ўзидаёқ китобнинг нотиқларга фасоҳат, адибларга маҳорат бахш этадиган «Муомала ва суҳбат қоидалари» деб аталмиш дастлабки икки фасли битди. Қисқаси, гулистонда гуллар тугамай ҳамон» битиб тайёр бўлди «Гулистон»...

* * *
...То шоҳ салтанатининг тираги, ҳукумат ишларининг кенгашчиси, фақирларнинг паноҳи, мусофирларнинг такягоҳи, уламоларнинг мураббийси, тақводорларнинг дўсти, форс халқининг ифтихори, салтанатнинг қуввати, сараланган аркони давлатнинг раиси, дину дунёнинг шаъну шавкати, султонлару подшоҳларнинг таянчи, оламдаги энг буюк одамларнинг тилларида достон бўлган, барча фазилатларни ўзида мужассамлаштирган олим, одил ва ғолиб Абу Бакр ибн Абу Наср (оллоҳ унинг умрини узун, мартабасини баланд, қалбини кенг, эзгу ишларига берадиган мукофотини фаровон айласин)нинг табаррук илтифоти зийнати билан безанмагунича фикримнинг келинчаги кўрксизликдан халос бўлиб, касби ҳусн этмайди, хижолатдан бош кўтариб, умидсизлик назарини ердан олмайди ва донишмандлар даврасида порламайди...
Тангри илтифоти менга бўлса ёр,
Китобни безаса нақши аржангий.
Умидим шудурки, тортмайин малол
«Гулистон» ўқиган чекмас дилтангий.
Хусусан китобим тожин безатса
Муборак зот исми — Саъд бин Занги.
Кимга кўлка солса, қилса иноят
Душмани дўст бўлур, гуноҳи тоат.
Унинг барча қуллари ва мулозимларига маълум бир вазифа топширилгандир. Ўлардан қай биридир зиммасидаги мазкур вазифани адо этишда бепарволикка йўл қўйса ёхуд камҳафсалалик қилса жавобгар бўлади, койиш эшитади...
Дарвешлар тоифаси эса, буюкларнинг неъматларига шукур қилиб, уларни дуода ёд этадилар. Бу ишни ошкора қилишдан кўра яширинча қилмоқ янада мувофиқроқдир, зероки, биринчиси, яъни ошкора шукур этиб, дуода бўлмоқ хушомадга яқиндир, иккинчиси, яъни яширинча ҳамду сано ўқиб, дуода бўлмоқ такаллуфдан йироқу ижобатга яқин бўлади:
Замонанинг онаси сендай ўғил кўраркан,
Қувончидан тикланди кўкнинг букри қомати.
Куйнинг эгилигичун бир бандани илғаманг
Жаҳонлар яратгучи тангрининг чин ҳикмати.
Кимки эзгу ном билан абадий давлат топар
Ўлса ҳам яхшиликла эсга олингай оти.
Фазилат эгалари мақтасин, мақтамасин,
Гўзал қизга керакмас пардозчининг хизмати.
Сарой хизматини тарк этиб, гўшанишин бўлмоғимнинг сабаби қуйидагичадир: ҳинд файласуфларидан бир гуруҳи бир жойга йиғилиб, Бузуржмеҳрнинг фазилатларидан баҳс этадилар, охирида унинг шошилмай, салмоқланиб гапириб, тингловчиларни махтал қилиб қўйишидан бўлак нуқсонини топа олмайдилар. Бузуржмеҳр бу гапни эшитиб, шундай жавоб беради: «Нима десам экан?» деб ўйлаш, «Нега шундай деб қўйдим?» деб пушаймон бўлишдан яхшироқдир».
Дунёни хўп кўрган, сўз устаси чол,
Сўзлашдан илгари аниқлар аҳвол.
Оғзингга келганни валақлай берма,
Кейинроқ сўзлайсан, бундан ғам ема.
Уйлаб кўр оғзингдан чиқаркан нафас,
Токи демасинлар: «Қил гапингни бас!»
Сўз билан ҳайвондан ажралур инсон,
Бемаъни гапирган ҳайвондан ёмон.
Улуғ ҳукмдорнинг донишманд вазиру вузаролари олдида сўзлашга йғин очмоққа журъат этсам, ҳузури муборакка ҳеч қандай қимматга эга бўлмаган, арзимас нарсани келтиргандай бўламан. Гавҳар бозорида мунчоқнинг нархи бир арпа донача ҳам бўлмайди-ку ахир! Қуёш олдида чироқ нурсизланади, Алванд тоғи ёнида юксак миноралар пастаккина кўриниб қолади.
Кимики мақтаниб, деса «манман»
Унга ҳужум айлар атрофдан душман.
Саъдий тушкундуру кўнгли озода,
Тушкунла жанг этмас ҳеч ким дунёда.
Сўзлашдан илгари ўйлаб ол бир бор,
Аввал тамал босиб, сўнгра қўй девор.
Гулчилик қиламан, бўстондан узоқ,
Гўзал инсонману Канъондан узоқ.
Мен сунъий гул ясай оламан, лекин гулзорда эмас, гавҳарфурушлик қила оламан, аммо Канъон шаҳрида эмас. Луқмони ҳакимдан: «Ҳикматни кимдан ўргангансан?» деб сўрадилар. Луқмони ҳаким шундай жавоб берди: «Кўрлардан, улар оёқлари остини яхшилаб текширмай туриб, қадам босмайдилар». Арабларда: «Бир жойга киришдан аввал, у ердан чиқиш тадбирини кўр!» деган гап бор.
Хўроз уришаркан жуда паҳлавон,
Бургут чангалида ғоятда нимжон.
Сичқон қаршисида мушук арслону,
Арслон қаршисида мисоли сичқон.
Лекин улуғларнинг қўл остиларидаги кишиларнинг айрим нуқсонларидан кўз юмиш ва кичикларнинг қусурларини ошкор қилмасликдек олижаноб хусусиятларига амин бўлганимдан, мухтасар қилиб, бир туркум нодир ҳикоялар, масаллар, ҳикматлар, шеърлар, шунингдек, ўтмиш подшоҳларнинг ҳаёт ва одатлари ҳақида баҳс этадиган ривоятларни ушбу китобимга тўпладим, азиз умримнинг бир қисмини шу ишга сарфладим. Китоб ёзишимнинг сабаби шу эди.
Бу назму бу тартиб йиллар қолажак,
Биз эса заррадек тўзғиб кетамиз.
Биздан қолажаги нақшлардур холос
Ва бу борлиқ эса йўқолур изсиз.
Эндиги яхшилар бизни эсларкан,
Эзгу сўзлар билан, раҳмат кутамиз.
Китобни битириб, бобларга ажратар эканман, мақсадни мухтасар равишда ифодаламоққа алоҳида эътибор беришни лозим кўрдим ва китобхонлар зерикиб қолмасинлар учун жаннат боғларига ўхшаб кетадиган ушбу «Гулистон»ни саккиз бобга тақсим қилдим:

Биринчи боб — Подшоҳлар одати баёни.
Иккинчи боб — Дарвешлар ахлоқи баёни.
Учинчи боб — Қаноатнинг фазилати баёни.
Тўртинчи боб — Сукут сақлашнинг фойдалари баёни.
Бешинчи боб — Ишқ ва ёшлик баёни.
Олтинчи боб — Заифлик ва кексалик баёни.
Еттинчи боб — Тарбиянинг таъсири баёни.
Саккизинчи боб — Суҳбат қоидалари баёни,
Бу муддат жуда ҳам хушвақт эдиқ, бил,
Олти юзу эллик олти ҳижрий йил.
Ишимиз тўғри йўл кўрсатмоқ эди,
Тангрига топшириб, жўнаймиз энди.

Биринчи боб — Подшоҳлар одати баёни.
Ҳикоят
Эшитдимки, бир подшоҳ бир асирни ўлдиришга фармон берди. Шўрлик асир ҳаётдан умиди узилиб, подшоҳни боплаб сўкишга бошлади. Зероки: «Киши жондан умид узгани замон, кўнглида борини этади баён» деган халқ мақоли бор.
Кочишнинг иложи бўлмаса агар,
Қўл билан ханжарнинг дамидан тутар.
Ночор қолган киши зўр берар тилга,
Мағлуб бўлган мушук ташланур итга.
Подшоҳ: «У нима деяпти?» деб сўради. Софдил вазирлардан бири: «Эй подшоҳи олам: «Ҳар кимки ғазабин ичига ютар, у, гуноҳ қилганнинг гуноҳин ўтар», деяпти», деб жавоб берди. Подшоҳнинг раҳми келиб, асирни афв этди. Софдил вазирнинг пайини қирқиб юрадиган иккинчи вазир гапга аралашиб деди: «Бизнинг мавкеимизда бўлган одамлар подшоҳ ҳузурида фақат рост сўзлашлари лозим. Бу асир подшоҳни ҳақорат килди ва шаънига ёмон гаплар айтди». Подшоҳ бу сўзни эшитиб, қош-қовоғини солиб деди: «Сен айтган рост гапдан кўра унинг ёлғони менга кўпроқ маъқул тушди, чунки унинг Ёлғони хайрихоҳлик юзасидан айтилган эди, сеники эса, жиноятга бошлаш учун айтилди, донишмандлар: «Фитна қўзғатувчи ростдан, маслаҳатли ёлғон яхши», деганлар.
Шоҳларга ўз гапин ўтказган қиши
Лозимдир яхши гап топиб айтиши.
Фаридун қасрининг пештоқига шу сўзлар ёзилгаи эди:
Бу жаҳон ҳеч кимга қолмас, биродар,
Дилингни тангрига топширсанг етар.
Таянч деб билмагил бу дунё молин,
Кўпларни ўстириб, берди заволин.
Жон берар экансан, фарқи йўқ сира,
Тахтда ўласанми, ё тупроқ узра.

Ҳикоят
Хуросон подшоҳларидан бири тушида султон Маҳмуд Сабуктагинни кўрди, унинг бутун вужуди чириб, тупроққа айланиб кетган эди, лекин фақат кўзларигина худди тирик вақтидаги сингари ҳали ҳам кўз косасида айланар ва атрофга боқар эди. Бир дарвешдан бўлак барча уламолар бу тушнинг таъбиридан ожиз қолдилар. Тушнинг маъносига тушунган дарвеш деди: «Кўрмоқдаки ўзгалар бўлмиш унинг мулкига ҳукмрон, шу боисдан у беқарордир ҳамон».
Ер остига кўмилдилар талай ном чиқарганлар
Ва уларнинг борлигидан ерда нишон қолмади.
Ўлаксани тупроқларга топшириб кетгандан сўнг,
Тупроқ уни еб битирди-ю, бир устухон қолмади.
Нўширвоннинг қутлуқ номи ҳалигача тирикдир,
Аммо қанча ўтиб кетиб Нўширвон қолмади.
Эй фалончи, яхшилик қил, умрингни бил ғанимат,
То кишилар айгунича, «фалон, фалон» қолмади.

Ҳикоят
Араб қароқчиларидан бир гуруҳи тоғ чўққисини ўзларига макон қилиб, карвон йўлини тўсган эдилар. Улар тоғ чўққисидаги баланд, мустаҳкам жойларни эгаллаб олганлари сабабли, у ерларнинг аҳолиси қароқчилар чопқинидан ваҳимада, султон лашкарлари эса, улар билан жанг қилганда мағлуб бўларди.
Ўша атрофнинг тадбиркор кишилари бу фалокатни дафъ этиш фикрига тушдилар, чунки иш шундай давом этаверса, кейинчалик уларни енгиш мушкуллашиб кетган бўларди.
Кўчат эндигина томир қўйган он
Бир одам суғуриб олиши осон.
Вақт ўтиб илдизин отганидачи,
Қўпора олмайди бўронлар кучи.
Булоқни тўсса бўлар бел билан,
Тўлса кечиб бўлмас ҳатто фил билан.
Тадбиркор кишилар қароқчилар сиридан хабардор бўлиб туриш учун одам юбориб, қулай фурсат келишини кутишга жазм қилдилар.
Кунлардан бир кун қароқчилар ов овлагани кетиб, маконлари холи қолган вақтда у ерга жангларда чиниққан, кўпни кўрган бир неча азаматларни юбордилар. Булар қароқчилар қароргоҳига яқин жойда пистирма қуриб ётдилар. Қароқчилар кечаси эл-юрт молини талон-торож қилиб, топган ғаниматларини орқалаб келдилар. Улар қурол-аслаҳа-ю ўлжаларини ерга қўйдилар. Шунда қароқчиларга даставвал хужум қилган душман — ғафлат уйқу бўлди. Бир товуқ ўтган маҳалда:
Қуёшнинг гардиши зулматда йитди,
Мисоли Юнусни зўр наҳанг ютди.[2]
Довюрак баҳордирлар пистирмаларидан чиқиб, барча қароқчиларнинг қўлларини бирма-бир орқаларига боғлаб, тонг саҳарда подшоҳ саройига ҳайдаб келдилар. Подшоҳ қароқчиларнинг ҳаммасини ўлимга буюрди. Иттифоқо, бандилар орасида ўн гулидан бир гули очилмаган, мўйлови ҳали сабза урмаган ўспирин бир бола бор эди. Вазирлардан бири унинг ҳолига ачинди, подшоҳ тахти оёғини ўпиб, эҳтиром билан таъзим бажо келтириб деди: «Бу бола ҳали ҳаёт боғи мевасини тотиб кўрмаган ва ёшлик лаззатини сурмаган экан. Шу боисдан шоҳона лутфу карамингизга сиғинаман ва умид қиламанки, шаҳаншоҳим мен каминаи камтарин қулларига илтифот этиб, шу боланинг гуноҳидан кечгайлар. Подшоҳ бу сўзларни эшитиб, ройига хилоф ўлароқ юзини тескари буриб, деди:
Яхшилардан ибрат олмас, теги ярамас инсон,
Юм-юмалоқ гумбаз усти ёнғоқ турмагансимон.
Буларнинг насл-насабини қириб ташламоқ, тухумини тошлоққа ёймоқ лозим. Оловни ўчириб, учқунини қолдирмоқ, илонни ўлдириб, боласини асрамоқ донишмандлар иши эмасдир.
Булутдан чин ҳаёт ёмғири ёғса,
Тол дарахт шохида мева пишмайди.
Уринма ёмонни яхши қилишга,
Бўйрабоп қамишдан шакар чиқмайди.
Вазир подшоҳ айтган гапларни тилар-тиламас қабул этди ва унинг заковатига таҳсин-офаринлар ўқиб, деди: «Шаҳаншоҳим ҳар нимани деган бўлсалар, айни ҳақиқатдир. Башарти, шу бола манави муттаҳам нобакорлар орасида узоқ қолганда эди, уларнинг ҳамма ёмон қилиқлари бунга сингиб кетган бўларди. Аммо камина қулингиз умидворки, агар у яхшилар тарбиясида бўлса, донишмандлар одатини ўрганади, чунки ҳали гўдак, қароқчиларнинг қабиҳ одатлари бунга унчалик таъсир этмаган чиқар...
Ёмонларга қўшилгандан сўнг Лутнинг хотини,
Йўқотди пайғамбарлик хонадони отини.
Ит эса асҳоби каҳфга эргашиб ҳар доим,
Одам деб аталди, ўзгартирди зотини.
Подшоҳнинг яқин одамларидан бир нечалари ҳам болани ҳимоя қилишди, вазирга кўмаклашдилар. Подшоҳ йигитчанинг гуноҳини бағишлаб деди: «Шундай қилишга рағбатим бўлмаса-да, гуноҳини кечдим».
Бир куни Зол деди ўғли Рустамга:
«Душманни ўйлама кучсизу камтар.
Бирталай сув келиб кичик булоқдан
Юкли туяни ҳам оқизиб кетар».
Хулосаи калом, вазир болани нозу неъматлар билан парваришлашга киришди ва подшоҳ саройида хизмат қилишга тайёрлаш мақсадида унга нотиқлик, ҳозиржавоблик ҳамда бошқа одоб қоидаларини ўргансин, деб ниҳоятда билимдон бир муаллимга топширди. Бола олган одобу тарбия барча дарбор аҳли наздида мақбул бўлди.
Кунлардан бир кун подшоҳ ҳузурида вазир боланинг илму одобда қозонган муваффақиятлари хусусида сўзларкан, деди: «Оқилу донолар тарбиясини кўриш болага яхши таъсир кўрсатди, табиатидаги ярамас қилиқлардан ҳеч қандай асар ҳам қолгани йўқ». Подшоҳ вазирнинг бу сўзларини эшитгач, табассум қилиб деди:
Одамлар нечоғлик қилса тарбият:
Бўрининг боласи — бўри оқибат.
Орадан бир-икки йил ўтгач, шу маҳаллада истиқомат қиладиган ўғрилар бояги бола билан топишиб, апоқ-чапоқ бўлиб кетдилар. Бола қулай фурсат топиб, вазирни ҳамда унинг икки ўғлини ўлдирдида, сон-саноқсиз молу мулкини олиб, қароқчилар ғорига бориб жойлашди ва отасининг ўрнини эгаллаб, исёнчилик билан шуғуллана бошлади. Подшоҳ бу воқеадан хабар топгач, ҳайрат бармоғини тишлаб, деди:
Кескир ханжар бўлмас ёмон темирдан,
Одам қилиб бўлмас ким эса нокас.
Гўзал табиатли ёмғир минг ёғсин:
Боғдан лола унар, шўрхок ердан хас.
Шўра тупроқ ердан гул униб чиқмас,
Дон сочмоқ — овора бўлмоқ демакдир.
Яхшига ёмонлик қилмоқ мисоли
Ёмонга яхшилик қилмоқ демакдир.

Ҳикоят
Султон саройида ақл-заковат ва фаҳм-фаросатда ягона бир амирзодани кўрдим. Ҳали гўдаклик вақтларидаёқ пешанасида буюклик аломатлари намоён эди.
Ақлли манглайи устида сўзсиз
Порлаб турган каби бир ёруғ юлдуз.
Хулосаи калом, султоннинг наздида манзур бўлди, чунки суратда соҳибжамол, ақл-идроки баркамол эди. Донишмандлар ҳақ гапни айтганлар: «Бойлик молда эмас, камолда, ақл ёшда эмас, бошдадир». Кунлардан бир кун амирзоданинг ҳамқатори бўлган бир гуруҳ мансабдорлар амалига ҳасад қилиб, уни хоинликда айбладилар ва ўлдиртириб юборишга беҳуда уриндилар.
Душман на қилур, дўстинг агар бўлса меҳрибон.
Султон амирзодани ўз ҳузурига чорлаб, ундан: «Уларнинг сенга бунчалик хусумат қилишларининг боиси нима?» деб сўради. Амирзода шундай жавоб берди: «Шаҳаншоҳимнинг сояи давлатларида — илоҳим, давлатлари барқарор бўлсин — ҳаммани ўзимдан рози ва мамнун қила олдим, аммо ҳасадчиларни рози ва мамнун қилиш учун мен неъмату давлатимдан маҳрум бўлмоғим керак».
Ҳеч кишининг ич ҳиссига озор бериш қасдим йўқ,
Нима қилди, ҳасадчининг ичини ўт ўртаса.
Ҳасад деган қийналишдан ўлиб қутулганинг хўб,
Машаққатдан қутқаради ўлим деган зўр нарса.
Қора бахт кишилар, бахтиёрларнинг
Ҳамиша заволин орзу қилади.
Шабпарак кундузи кўра олмайди,
Хўш, бунда қуёшнинг айби нимади?
Мингларча шабпарак кўр бўлса бўлсин,
Қуёш порлай берсин кўкда абадий.

Ҳикоят
Дейдиларки, Ажам подшоҳларидан бири фуқароларининг бору йўғини тортиб олди ва зулмини ҳаддан ошириб юборди. Бу жабр-зулмга бардош бера олмаган халқ мамлакатдан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Фуқаро камайгандан кейин фаровонлик йўқолди, хазина бўшаб қолди. Бундан хабар топган душманлар чекка-чеккадан ҳужум қилишга бошладилар.
Додимга етсинлар десанг қийин кун,
Саломат кунларинг жувонмардлик қил.
Қочар силамасанг, ҳалқали қулинг.
Лутф қилар бўлсанг, ёт ҳам бўлар қул.
Бир кун подшоҳ ҳузурида «Шоҳнома» китобидан Заҳҳок ҳокимиятининг инқирозга юз тутиши ва Фаридуннинг зафари ҳақидаги қиссани ўқидилар. Шунда вазир подшоҳдан сўради: «Фаридунда мулк ҳам, зар ҳам, зўр ҳам йўқ эди, бас, шундай экан, қай йўсинда у бутун мамлакатни ўз тасарруфига кирита олди?» Подшоҳ деди: «Ўз қулоғинг билан эшитдингки, халқ уни қўллаб-қувватлаганлиги сабабли тожу тахтга эга бўлди».
Вазир айтди: «Эй шаҳаншоҳим, халқнинг бирлиги ва садоқати шоҳликнинг негизи бўлса, нима сабабдан сен халқни тўзғитиб юборяпсан? Демак, подшоҳлик қилишга рағбатинг йўқ эканда?»
Қўшинни ҳурматлаб боққил ҳар замон,
Қўшинга суянар ҳар қандай султон.
Подшоҳ сўради: «Лашкар ва халойиқни атрофимизга тўплаш учун нима қилмоқ керак?»
Вазир жавоб берди: «Халойиқни атрофга тўпламоқ учун подшоҳ лутфу карамли ва сояи давлатида осойишта яшамоқлари учун адолатли бўлиши керак, сенда на лутфу карам бор ва на адолат».
Жабрига тенг туриб қолмас султон
Бўла олмагандай бўридек чўпон.
Қайси бир подшоҳ зулм этса пеша
Ўз мулки тагига уради теша.
Доно вазирнинг оқилона маслаҳати подшоҳга ёқмади. У дарғазаб бўлиб, вазирни зиндонга ташлади. Орадан кўп вақт ўтмай, амакиваччалари подшоҳга қарши бош кўтардилар ва оталарининг мулкини қайтариб олмоқ учун лашкар тортдилар. Жабр-зулм кўриб жонидан безган ва ҳар тарафга тарқаб кетган халойиқ подшоҳнинг исён кўтарган амакиваччалари атрофига тўпланиб, уларга сидқи дилдан хизмат қилдилар, натижада мамлакат подшоҳнинг қўлидан кетиб, амакиваччалари тасарруфига ўтди.
Ўз халқига жабру зулм раво кўрган подшоҳнинг
Ўз дўстлари ёв бўлади қийин дам келган куни.
Фуқарога шафқат қилсанг, душмандан омондасан,
Адолатли шаҳаншоҳнинг халқи — бу ўз қўшини.

Ҳикоят
Бир подшоҳ ажамлик қули билан бирга кемага минди. Қул умрида денгизни кўрмаган ва кемада сафар қилиш машаққатини чекмаган эди. У кемага миниши биланоқ ваҳимага тушди, бутун вужудига қалтироқ туриб, фарёд уриб йиғлай бошлади. Кемадагилар қанчалик илтифот кўрсатиб, тасалли бермасинлар, барибир' уни овутишдан ожиз қолдилар. Қулнинг бу аҳволини кўриб подшоҳнинг кайфи бузилди. Бироқ уни тинчитиш учун ҳеч қандай чора топиб бўлмади. Иттифоқо, кемада бир донишманд бор эди. У подшоҳга деди: «Агар ижозат этсангиз, мен уни тинчитишнинг чорасини қиламан». «Башарти шундай қилсанг, бизга ниҳоятда зўр лутфу марҳамат этган бўласан», деди подшоҳ.
Донишманд қулни денгизга ташлаб юборишни буюрди. Қул бир неча бор чўкиб, қалқди. Шундан кейин унинг сочидан тутиб, кемага яқин келтирдилар. Қул икки қўли билан кема суконига (рулига) ёпишиб, жон ҳолатда кемага чиқди-ю, миқ этмай кеманинг бир бурчида ўтирди. Подшоҳ бу ҳолдан таажжубда қолиб, донишманддан: «Бунда қандай ҳикмат бор?» деб сўради.
Донишманд жавоб берди: «Бу одам денгизда ғарқ бўлиш машаққатини бошидан кечирмагани сабабли кемадаги тинчлик ва саломатликнинг қадрини билмади. Мусибатга гирифтор бўлмаган одам тинчлик-саломатликнинг қадрига етмайди».
Эй тўқ киши, сенинг учун арпа нони ёқимсиз,
Сенга хунук кўринганлар менга хуршид талъатдир.
Жаннатдаги ҳурлар учун аъроф бўлса жаҳаннам.
Дўзахдаги кишиларга аъроф ўрни жаннатдир.
Фарқи шуки, биттасининг қучоғида гўзал ёр,
Биттасининг икки кўзи ёр йўлида интизор.

Ҳикоят
Ҳурмуздан: «Отангнинг вазирларидан қандай хатолик ўтганини кўрдингки, уларни занжирбанд қилишга буюрдинг?» деб сўрадилар. Ҳурмуз жавоб берди: «Ҳеч қандай хатолик ўтганини кўрганим йўқ. Лекин улар менинг ҳайбат ва салобатимдан ниҳоят даражада қўрқаётганлари ҳамда берган ваъдаларимга ишонмаётганларини пайқадим. Улар ўз ҳаётларини сақламоқ учун менинг жонимга касд қилмасинлар, деб хавфсирадим. Шу сабабдан донишмандларнинг Сўзларига амал қилдим».
Сендан қўрққанлардан қўрққил, эй доно,
Агар юзтасини жангда енгсанг ҳам.
Мушукни кўргил-а, енгилиб қолса,
Йўлбарснинг кўзига чанг солур шул дам.
Илон нечун чўпон тобонин чақар?—
«Бошим янчилмасин» дебон чекар ғам.

Ҳикоят
Араб подшоҳларидан бири кексайган чоғида қаттиқ касал бўлиб, ҳаётидан умидини узган эди. Қўққисдан бир отлиқ хушхабар келтириб қолди. У деди: «Сиз аълоҳазратимнинг сояи давлатингизда фалон қалъани забт этдик, душманларингиз асир олинди ва у мамлакатнинг лашкарлари-ю фуқаролари сизга итоат қилдилар». Подшоҳ бир совуқ оҳ тортиб деди: «Бу мен учун эмас, балки душманларим — яъни мамлакатимнинг ворислари учун хушхабардир».
Бир умидда бутун азиз умр ҳам ўтиб кетди,
Дилимдаги орзулар эшикдан киргайму деб.
Умид қилган нарсаларим қўлга қирди, не фойда
Умидим йўқ ўтган умр қайтиб келгайму деб,
Ажал чалди жўнамоқ ноғорасин
Эй кўзларим, бошга айтинг, хайр энди.
Эй қўлларим, оёқларим, қоматим,
Киприкларим, қошга айтинг, хайр энди.
Менга ёвуз душманим қилди ҳужум,
Сиз ахир йўлдошга айтинг, хайр энди.
Умримни нодонлик ила тугатдим,
Мен борган бу йўлдан қайтинг, хайр энди.

Ҳикоят
Бир йили Дамашқ шаҳрининг Жомеъ масжидида ҳазрати Яҳё пайғамбар алайҳиссаломнинг мақбараи шарифлари ёнида ибодат қилмоқда эдим, иттифоқо, ўзининг адолатсизлиги билан донг чиқарган араб подшоҳларидан бири ўша ерга зиёратга келиб қолди. У намоз ўқиб бўлганидан кейин фотиҳага қўл очиб, худодан мадад тилади:
- Бой ҳам, камбағал ҳам худога қулдур,
Ва лекин бойлари яна йўқсулдур.
Кейин у мен томонга боқиб деди: «Дарвешларга хос бўлган ҳиммат ва садоқат юзасидан мени дуода ёд айланг, зероки, зўр душмандан хавфим бор». Унга шундай жавоб бердим: «Заиф фуқарога шафқат этсанг, кучли душмандан заҳмат кўрмайсан».
Зўрмену кучлиман, қувватим бор деб
Кучсизнинг панжасин синдирмоқ хато.
Биров йиқилганда суямаганнинг
Қўлтиғин тутмаслар, йиқилса ҳатто.
Ёмон уруғ сочиб, яхши дон кутиш,
Бўлмағур хаёлдур, ботилдур — бежо.
Халқнинг арзи додин тингламас бўлсанг,
Ҳақ-ҳисоб кунлари келар мутлақо.
Бир-бирин мучаси бор барча киши,
Битта гавҳардандир яратилиши.
Бирор муча бўлса оғриққа дучор,
Бошқа аъзоларда колмагай қарор.
Ўзгалар ҳақида чекмагучи ғам,
Нечук саналади қатори одам.

Ҳикоят
Бағдод шаҳрида дуоси мақбул бўладиган бир дарвеш пайдо бўлди. Бу тўғрида Ҳажжожи Юсуфга хабар бердилар. Ҳажжож дарвешни ўз ҳузурига чорлаб, деди: «Менинг ҳаққимга дуо қил!»
«Эй худо, Ҳажжожнинг жонини ол!» деди дарвеш. Ҳажжож сўради: «Худо ҳаққи, тушунтириб бер, бу қандай дуо бўлди?» Дарвеш деди: «Бу дуо сенга ҳам ва барча мусулмонларга ҳам фойдали».
Ҳой зўравон, қачонгача берасан элга озор,
Токайгача қизғин қолар, деб ўйлайсан бу бозор.
Жаҳондорлик бир умрга сенинг учун қўл бермас,
Халққа озор берганингдан ўлганинг яхшидир — бас.

Ҳикоят
Золим подшоҳлардан бири бир намозхондан сўради:
«Ибодатларнинг энг яхшиси қайсиси?» Намозхон жавоб берди: «Сен учун пешиндаги уйқу яхши, чунки ҳеч бўлмаганда, ана шу вақт ичида халқ сенинг зулмингдан омонда бўлади».
Бир золимнинг кун ўртада ухлаб ётганин кўрдим,
Бу фитнанинг уйғоғидан уйқуси яхши — дедим.
Бировнинг ким бедорликдан ухлагани хўб бўлса,
Шу ярамас тирикликдан ўлганин маъқул билдим.

Ҳикоят
Эшитдимки, подшоҳлардан бири туни билан ишрат қилиб, тонготар чоғда сархушлик билан шундай деди:
Бизнинг учун бу дунёда бундан афзал дам йўқдир,
Яхши, ёмон ўйламоққа ўзгалардан ғам йўқдир.
Ташқарида, қаттиқ совуқда ялангоч ётган бир дарвеш подшоҳнинг сўзини эшитиб айтди:
Бу оламда иқболим бор дебон эй чирангучи,
Сенинг қайғунг бўлса бўлмас, хўш, бизларнинг қайғу-чи?
Дарвешнинг гапи подшоҳга жуда хуш келди. Подшоҳ минг тилла солинган ҳамённи унга ҳадя қилмоқчи бўлиб, деразадан узатиб деди: «Этагингни оч, дарвеш!» «Эгнимда либосим бўлмагач, этакни қаёқдан оламан?» деди дарвеш.
Дарвешнинг ночор аҳволига подшоҳнинг янада кўпроқ раҳми келди, ҳалиги минг тилла ёнига бир либос ҳам қўшиб ҳадя қилди.
Қўли очиқ кишиларнинг кафтида мол-ку турмас,
Севган дилда чидам турмас ва ғалвирда сув турмас.
Дарвеш қисқа муддат ичида тиллаларни харажат қилиб, яна подшоҳ саройига келди.
Подшоҳнинг арз тинглашга ҳеч қандай фурсати бўлмаган бир маҳалда дарвешнинг келганини хабар қилдилар. Подшоҳ дарғазаб бўлиб юзини тескари ўгирди. Шу сабабдан ҳам аҳли донишлар дейдилар: «Подшоҳнинг қаҳру газабидан ҳазар қилмоқ лозим, зероки, аксар вақт улар муҳим давлат ишлари билан машғул бўлганлигидан авом халқ оломонини ёқтирмайдилар».
Фойдалана олмасанг қулай фурсатдан,
Кўз тутма подшоҳ берар неъматдан.
Ҳар битта гапнинг ҳам вақти етада»
Беҳуда гапирсанг қадринг кетади.
Подшоҳ шундай фармон берди: «Шунча мабдағни қисқа муддатда кўкка совурган бундай исрофгар гадони қувиб юборинглар, чунки хазина моли шайтон лашкарининг луқмаси эмас, фақир фуқаронинг нон-насибасидир».
Аҳмоқ киши кундуз куни кофури шам ёндирса,
Тез орада ёғ тополмас оқшом қора чироққа.
Подшоҳнинг насиҳатгўй вазирларидан бири деди: «Эй шаҳаншоҳим, бундай одамларга тирикчилик харжини оз-оздан бериб турмоқ маслаҳатдир, зероки, бирданига исроф қилиб юбора олмасинлар. Уни жазолаш ва саройга яқин йўлатмаслик ҳақида берган фармонингиз масаласига келганда, шуни айтишим керакки, аввалда лутфу карам билан кишини умидлантириб, кейин эса ноумид қилиб, кўнглини вайрон этмак — ҳиммат аҳли шаънига муносиб иш эмасдир.
Очкўз кишиларга эшигинг очма,
Очдингми, ҳайдама, қаҳрингни сочма:
Ҳеч киши кўрмади ҳижозли ташна
Шўр дарё лабида кезиб юрганин.
Қаерда тотли сув бир булоқ бўлса,
Кўрасиз қуш, одам маскан қурганин.

Ҳикоят
Аввалги подшоҳлардан бири давлатни идора қилишда нўноқлик кўрсатар ва лашкарнинг аҳволига яхши эътибор бермасди. Шу сабабдан мамлакатга кучли душман ҳужум қилган маҳалда барча лашкарлари жанг майдонидан тумтарақай бўлиб қочди.
Агар жангчилардан пул-мол аялса,
Жангчи қилич тутмас, бу турган нарса.
Кўрнамаклик қилган ўша лашкарнинг бир нафари менинг дўстим эди. Мен уни маломат қилиб дедим:. «Валинеъматнинг аҳволи сал ўзгарган вақтда шунча йилги лутфу карамини унутиб, ундан юз ўгирмак — муттаҳамлик, кўрнамаклик, қабиҳлик ва разилликдир».
Дўстим менга бундай жавоб берди: «Сўзларимни эшитгач, мени маъзур тутарсан, деган умиддаман, ўша жанг чоғида отим емсиз, эгар-жабдуғи гаровда эди. Лашкарга маош тўлашга бахиллик қилган подшоҳ учун лашкари ҳеч маҳал жонбозлик қилмаган».
Жангчига зар берсанг, бошни тикади,
Пулсиз, боши оққан ёққа кетади.
Қорни тўқ аскарлар урушар чандон,
Қорни оч қолсачи, тўзғир ҳар томон.

Ҳикоят
Бир подшоҳнинг вазири амалдан олиниб, саройдан қувилди. У бориб дарвешлар даврасига қўшилди. Дарвешлар суҳбатининг файзу баракати унга таъсир этди, қалбида ҳузур пайдо бўлди, хотири жам бўлди. Подшоҳ яна унга илтифотлар кўрсатиб, аввалги амалини қайтариб беришга жазм қилди, лекин вазир бу таклифни қабул этмади. «Хизматдан кўра истеъфода юрган яхшироқ», деб жавоб берди.
Қаноат бурчида тинч олган киши,
Иту ғийбатчининг синдирар тишин.
Қаламин синдириб, қоғозин йиртиб
Бекорга чиқарар иғвогар ишин.
Подшоҳ деди: «Давлатни идора қилмоқ учун бизга тадбирли, донишманд вазир лозим». Вазир деди: «Шундай иш билан шуғулланишга розилик билдирмасликнинг ўзи донишмандлик аломатидир».
Шунингчун ҳам ҳумой қуши қушлар ичра шарафдор,
Устухонлар чайнайдику, жонворга бермас озор.

Ҳикоят
Бир кун дўстларимдан бири ёнимга келиб, тирикчилигининг оғирлигидан шикоят-шиквалар қилиб деди: «Даромадим рўзғоримга кифоя қилмайди, аҳли аёлим эса кўп, фақирона ҳаёт кечиришга тобу тоқатим қолмади. Кўп вақтлардан буён бошқа юртларга бош олиб кетсам, менинг яхшими, ёхуд ёмонми, тирикчилик ўтказаётганимни ҳеч кимса билмайди-ку, деган хаёлларга бораман.
Кўп оч киши бордирки, ҳеч ким ҳолини билмас,
Жон бергани вақтида кимса унга йиғламас.
Лекин душманларим шод бўлиб, таъна-маломатлар билан устимдан кулишларидан андиша қиламан, улар бола-чақамни ташлаб кетганим учун мени номард санаб, дейдилар:
Манов беҳамият кишига қара,
Унга қандай қилиб бахт кулиб боқсин.
Узининг тинчлигин кўзлайди, холос.
Майли бола-чақа қийналиб қолсин.
Маълумдирки, мен ҳисобчилик илмидан хабардорман. Башарти сизнинг нуфузингиз соясида бирор вавифага тайинлансам, хотирим жам бўлиб, қолган умрим сизга миннатдорчилик изҳор этишга кифоя қилмайди».
Мен дедим: «Азиз дўстим, подшоҳга хизмат қилишнинг икки жиҳати бор: бири— нон топиш умиди, иккинчиси — жондан жудо бўлиш қўрқуви. Нон умидида жонни хавф-хатарга солмоқ аҳли донишга муносиб эмасдир.
Ҳеч ким дарвешларнинг эшигин қоқмас,
«Еринг ва боғингга тўла, деб—ўлпон».
Ё шу ғам, ташвишга рози бўлгилу,
Ё жигар-бағрингни итга қил талон».
Дўстим деди: «Бу сўзингни менинг ҳолимга мувофиқ айтмадинг ва саволимга жавоб бермадинг. Эшитмаганмисан, хиёнаткорларнинггина ҳисоб чоғида қўли қалтирайди, дейдилар.
Худонинг ризоси тўғрилик иши,
Адашмас тўғри йўлдан борган киши».
Донишмандлар бундай деганлар: «Тўрт одам тўрт одамдан ўлгудай қўрқади: қароқчи — султондан, ўғри — посбондан, қаллоб — чақимчидан ва фоҳиша — миршабдан. Ўзига тўғри одамнинг ҳеч нимадан хавотири бўлмайди.
Амалда вақтингда қалтис иш қилма,
Бўшасанг, душманинг айбинг тополмас.
Ўзинг тоза бўлгач кимдан қўрқасан,
Ифлос кийимни кирчи ишқалар, бас».
Мен дедим: «Сенинг бу сўзинг ўтакаси ёрилган ҳолда гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб қочаётган тулкининг ҳикоясига ўхшайди. Бир одам ўша тулкини кўриб:; «Қандай фалокатга дучор бўлдингки, бунчалик ваҳимага тушиб қолибсан?» деб сўраганида, тулки жавоб берди: «Оғир ишларда ишлатиш учун барча туяларни тутиб кетаётган эмишлар деб эшитдим». У одам деди: «Эй аҳмоқ, туянинг сенга нима алоқаси ва қанақанги ўхшашлиги бор?» Тулки деди: «Овозингни ўчир, агар ҳасадчилар ғаламислик қилиб «бу — туя» деб кўрсатишса борми, мени тутиб кетсалар, сўнгра ким мени халос этишга уринади-ю, ким ҳақиқий ҳолни исботлашга ҳаракат қилади? Ироқдан тарёк келтирилгунча, илон чаққан киши ўлиб қолади».
«Сен фозил, покиза, ҳалол ва садоқатли бўлсанг-да, лекин ҳасадчилар пистирмаларда ва душманлар эса орқаворатда пойлаб турадилар. Улар сенинг яхши сифатларингни подшоҳ ҳузурида нуқсон қилиб кўрсатмоқ учун қулай фурсат кўзлайдилар. Башарти улар ниятларига ета олсалар, сен подшоҳ олдида бадном бўласан, подшоҳ сенга ғазаб қилади. Шундай ҳол юз бергудай бўлса, подшоҳ олдида сени ёқлаб гапиришга ким журъат эта олади? Ана шу сабабдан мен озга қаноат этиб, мансабдор бўлиш фикридан қайтишингни маслаҳат кўраман».
Дарёнинг ичида фойдалар-ку кўп,
Тинчликни истасанг, қирғоқ ўзи хўб.
Бу сўзларимни эшитиб, дўстим қаттиқ ўксинди ва мендан юзини ўгириб, таъна тошлари ирғитмоққа бошлади, у деди: «Бу қандай фаҳму фаросату, ақлу заковат бўлди?» Ҳукамолар тўғри айтганлар: «Зиндонга тушганингда дўстларинг иш беради, дастурхон устида барча душман дўстдай кўринади».
Қўлинг очиқ, дастурхонинг мўл куни,
Дўсту ёринг мана, менман деганмас.
Дўст ўшаки, қийин кунга тушганда,
Қўлтиғингдан даст кўтариб қўйган кас.
Дўстимнинг қаттиқ хафа бўлгани ва насиҳатимга ғазаб билан қулоқ солаётганини кўриб, соҳибдевоннинг ёнига жўнадим. У зот билан эскидан таниш эканимиздан фойдаланиб, дўстимнинг ҳол-аҳволини унга гапириб бердим, истеъдод ва садоқатли одам эканини айтдим. Дўстимни кичик бир вазифага тайин этдилар. Орадан бир неча вақт ўтгач, мулойим табиатли, фозил одам эканини кўриб, дўстимни ёқтириб қолдилар ва уни юқорироқ вазифага кўтардилар. Шу йўсинда дўстимнинг толе юлдузи порлаб юксала борди, ниҳоят юқори мартабага эришди. Султоннинг энг яқин кишиларидан бирига айланди, унинг кенгашчиси ва эътимодли кишиси бўлди. Унинг бунчалик мўътабар одам бўлиб кетганини кўриб қувониб дедим:
Ишинг чаппа кетганида дилинг оғриб, чекма ғам,
Чунки зулмат ичидадир оби ҳаёт суви ҳам.
Ёмон кунга қолганингда, тутма дилингни ҳазин,
Тангри берар марҳамат кўп, лекин кўздан яширин.
Замонага ўпка қилиб юзингни буруштирма
Чидам-аччиқ келади-ю, меваси ғоят ширин.
Шу орада бир неча дўстларим билан сафарга жўнайдиган бўлиб қолдим. Макка зиёратидан қайтарканман, икки манзиллик йўл қолганда бояги дўстим мени кутиб олгали чиқди. У паришон ҳол ва либоси ҳам дарвешона эди.
Мен ундан: «Аҳволлар қалай?» деб сўрадим. «Худди айтганингдай бўлди», деб жавоб берди у. «Баъзилар ҳасад қилиб мени хиёнаткорликда айбладилар. Султон ишнинг ҳақиқатини суриштирмади, эски ошналарим ва яқин дўстларим ҳақ сўзни айтишни истамадилар ва эски дўстликни тамоман унутиб қўйдилар.;
Кўрмадингми,— бирор киши улуғ мартаба топса,
Хушомадга келадилар, таъзим билан қошига.
Тойрилса-ю, иши чаппа кетар бўлса, қарабсиз
Ҳеч тап тортмай оёқ қўйиб чиқадилар бошига.
Хулосаи калом, банди зиндон қилиб, турли-туман азоб-уқубатларга мубтало этдилар. Шу ҳафтада ҳожиларнинг соғ-саломат қайтиб келаётганлари тўғрисида хушхабар келгач, барча молу мулкимни тортиб олиб, мени ҳибсдан озод қилдилар».
Мен дедим: «Ўша вақтларда сенга: «Подшоҳ саройида хизмат қилмоқ — денгиз сафари сингаридир: ҳам нафи бор, ҳам хавфи бор, ё давлатга етасан, ё денгизга ботасан», деганимда, гапимга қулоқ солмадинг».
Е дарёдан дур йиғасан сиққанича қучоққа,
Ё тўлқинлар ўлаксангни улоқтирар қирғоққа.
Мен ортиқ унинг ярали кўнглига туз сепмоқни, дардини янгиламоқни ўзимга эп билмай, шу сўзларни айтиш билан кифояландим:
«Одамларнинг насиҳатин қулоғингга олмадинг,
Билмадингки, оёғингга кишан солинур — қийноқ.
Оғу тўла нишларига тоқатинг етмас экан,
Нега чаён уясига тиқиб кўрасан бармоқ?»

Ҳикоят
Бир неча дарвешлар билан суҳбатдош эдим. Улар кўринишда покиза одамлар эдилар. Катта мансабдорлардан бири уларга ниҳоятда ихлосманд бўлиб, маълум миқдорда маош тайинлаганди. Бир кун шулардан бири дарвешлар шаънига ярашмайдиган бир иш қилиб қўйди. Шундан кейин мансабдорнинг бу одамлар ҳақидаги фикри ўзгарди ва уларнинг бозори касод бўлиб қолди.
Мен бир илож қилиб, дўстларимнинг нафақаи аҳли аёлларини сақлаб қолиш мақсадида ҳалиги мансабдорнинг қасрига йўл олдим. Дарвозабон мени киритмади, қаттиқ таҳқирлади, лекин мен уни маъзур тутдим, чунки шундай бир масал бор:
Амиру, вазиру подшоҳларнинг,
Ёнига бесабаб бормаслик керак.
Ит билан эшикчи ғарибни тутар,
Бириси ёқадан, бириси этак.
Мансабдорнинг яқин кишилари менинг аҳволимдан хабар топиб, эъзоз-икром билан унинг ҳузурига олиб кирдилар ва тўрга ўтказмоқчи бўлдилар, лекин мен тавозе билан қуйироққа ўтириб, дедим:
Қўя қол ҳолимга, мен камтар банда,
Бандалар ўрни албатта тубанда.
Мансабдор ҳайратга тушиб: «Худо сақласнн, худо сақласин, бу нима деганинг?»—деди.
Бошимиз, кўзимиз устига ўлтир,
Ҳар қанча ноз қилсанг, малоли йўқдир.
Хулосаи калом, ўтириб ҳар борада суҳбатлашдим. Ниҳоят сўз дўстларимдан бири томонидан содир бўлган ножўя қилиқ устига етганда, дедим:
Аввал саховатли бўлган хўжамиз,
Не гуноҳ ўтдики, камситиб боқар.
Худога ярашар улуғворликким,
Гуноҳкор бандасин нон бериб боқар.
Бу сўзлар мансабдорга ниҳоятда мақбул бўлди, у қайтадан дўстларимга аввалгидай маош тўлаб туришни ва шу орада олинмай қолган маблағларини ҳам беришни буюрди. Мен мансабдорга лутфу карами учун миннатдорчилик изҳор этдим, ҳузурида ер ўпдим-да, қимматли вақтини олишга журъат этганим учун узр айтиб, чиқиб кетарканман, дедим:
Каъба қадимлардан ҳожат қибласи,
Йироқ-йироқлардан халқ келар қатор.
Сен чидам кўрсатиб бизни қабул эт,
Мевасиз дарахтга ким ҳам тош отар?

Ҳикоят
Бир шаҳзоданинг отасидан беҳаду ҳисоб молу мулк мерос қолди. Шаҳзода саховат қўлини очиб, мислсиз инъом-эҳсонлар билан лашкар ва фуқароларига совға-саломлар беришга бошлади.
Қутида турганда буркимайди уд,
Сен олов устига уни ташлагил.
Улуғлик ниятинг бўлса сахий бўл,
Уруғ сочилмаса, унмайди ҳосил.
Кунлардан бир кун шаҳзоданинг тадбирсиз, нодон ошналаридан бири унга насиҳатга киришиб, деди: «Ўтган подшоҳлар бу мол-дунёни зўр уриниш ва ҳаракатлар билан қўлга киритиб, ёмон кунда ярар, деб тўплаганлар. Бундай сахийлигингни бас қил, чунки кўплаб ҳодисалар олдинда-ю, душманлар эса ортдадирлар. Муҳтожликка тушган маҳалингда ночор қолиш дуруст эмасдир».
Ҳамма омборингни халққа улашсанг,
Ҳар бир оилага бир гуруч тегар.
Ҳаммага гуруч, кумуш ўлпон сол,
Хазинанг кундан-кун бой бўлиб кетар.
Бу сўз шаҳзодага ёқмади, у юзини тескари ўгириб, насиҳатгўйни танбеҳлашга буюриб деди: «Оллоҳи таоло бу молларни менга сақлаб қўйиш учун эмас, балки ўзим ейишим ва бошқаларга беришим учун бахш этгандир».
Қирқ хазина давлати бор Қорун ўлиб йўқолди,
Нўширвоннинг яхши номи дунёда мангу қолди.

Ҳикоят
Дейдиларки, бир куни овда Нўширавони одилга кабоб қилиб бермоқчи бўлдилар, лекин туз йўқ эди. Қулларидан бирини қишлоқдан туз олиб келгани жўнатдилар. Нўширавон у қулга деди: «Тузни баҳосини тўлаб ол, токи текинга олиш одат қаторига кириб, қишлоқ харобаликка юз тутмасин». Ундан сўрадилар: «Шу зиғирдай нарсадан қишлоққа қандай зарар етади?» Нўширавон жавоб берди: «Аввалда оламда зулм оз эди, кейинчалик ҳар бир келган одам бир оз-бир оз қўшди, натижада зулм ҳозирги даражасига келиб етди».
Фуқаронинг боғчасидан султон уэса бир олма,
Навкарлари қўпоради дарахтларнинг илдизин.
Зўрлик билан бешта тухум ола қолса подшоҳ,
Аскарлари сихга тортар товуқлардан беш юзин.

Ҳикоят
Эшитдимки, бир жоҳил вазир султон хазинасини тўлдиришга уриниб, фуқароларни хонавайрон қилди. У донишмандларнинг: «Ҳар кимики, бирор махлуқнинг кўнглини овламок, учун оллоҳи таолони ранжитса, оллоҳи таоло дарҳол ўша махлуқни бояги дилозорга қарши кўзғатиб, кулини кўкка совуриб юборади», деганларини унутди.
Утда исириқдан ҳам зўррокдир бутун
Шўрликлар қалбидан ўрлаган тутун.
Дейдиларки, ҳайвонот оламининг энг улуғи — шердир, энг пасти — эшакдир, Одамхўр шердан кўра юккаш эшак яхшироқ эканини ҳамма бир оғиздан тасдиқ этади.
Эшак бечора гарчанд бетамиздир,
Оғир юклар кўтарганчун азиздир.
Эшаклар, ҳўкизлар гок кўтаради,
Дилозор шахслардан баланд туради.
Яна нодон вазир Ҳ и к о я тига қайтайлик. Султон иттифоқо вазирининг халққа зулму ситам этганидан хабар топиб, уни қаттиқ азоблаб ўлдирди.
Султоннинг ризосин топа олмайсан,
Токи фуқаронинг кўнглин топмасанг.
Худо бандасига яхшилик қилгил,
Худо гуноҳимни кечирсин десанг.
Дейдиларки, мазкур вазирдан зулм кўрганлардан бири унинг қандай жазолаётганларини мушоҳада қилиб, деди:
Ҳар кимнинг мансаби, қуввати бордир,
Халқ молин емоққа қудрати бордир.
Каттакон сўнгаклар халқумдан ўтар,
Лекин пастга тушиб қоринни йиртар.
Халққа зулм этса ҳар бир ситамкор,
Унга қарғиш-лаънат қолур пойдор.

Ҳикоят
Дейдиларки, бир дилозор аскар бир мўъмин дарвешнинг бошига тош билан урди. Дарвеш ундан ўч олишга қодир эмасди, шу сабабдан тошни сақлаб қўйди. Бир куни подшоҳ дилозор аскардан дарғазаб бўлиб, уни зиндонга буюрди. Шунда дарвеш ҳалиги тошни келтириб, золимнинг бошига урди. Золим деди: «Сен кимдирсан ва не сабабдан бу тошни менинг бошимга отдинг?» Дарвеш деди: «Мен ўша дарвешман, бу эса фалон маҳалда бошимга отган тошинг». Аскар деди: «Шунча вақтдан бери қаерда эдинг?» Дарвеш деди: «Шу маҳалгача сенинг юксак мансабингдан қўрқардим, ҳозир сени чохда кўриб, фурсатни ғанимат билдим».
Ярамас кишини кўргач бахтиёр,
Оқиллар таслимни қилур ихтиёр.
Бармоқда бўлмаса йиртар тирноғинг,
Маъқулдир олишмай жимиб турмоғинг,
Ҳар ким пўлат тиғга панжа солади,
Қўли яраланиб, мажруҳ қолади.
Замона қўлини боғлагунча тур,
Кейин дўстлар билан бошига тушур.

Ҳикоят
Ўтмиш подшоҳлардан бири бир ёмон дардга мубтало эдики, касалининг номини атамаслик яхшироқдир. Бир гуруҳ юнон табиблари, бу дардга фалон сифат ва фалон хосиятга молик бўлган одамнинг ўтидан бўлак даво йўқдир, деган қарорга келдилар. Подшоҳ шундай одамни топиб келишга фармон берди. Бир деҳқон ўғлини топдилар, унда табиблар айтган барча сифатлар мавжуд эди. Подшоҳ боланинг ота-онасини чақиртириб, уларга талай мол-дунё бериб рози қилди. Қози: «Подшоҳнинғ саломатлигини сақламоқ учун фуқароларидан бирининг қонини тўкмак раводир», деб фатво берди. Жаллод боланинг бошини кесишга ҳозирланди. Бола осмонга боқиб табассум қилди. Подшоҳ ундан сўради: «Шундай ҳолатда табассум қилишингнинг боиси нима?» Бола жавоб берди: «Фарзанднинг нозини ота-она кўтаради, даъво билан қозининг ҳузурига борадилар, подшоҳдан адолат тилайдилар. Ҳозир ота-онам дунё моли учун ўлимимга рози бўлдилар, қози фатво берди, подшоҳ бўлса, мени жондан жудо қилиб, ўзи шифо топмоқчи. Оллоҳи таолодан бўлак паноҳим йўқ экан, шу жиҳатдан кулдим».
Кимга ҳам қилардим дастингдан фарёд,
Ўзингга келибман, ўзгинангдан дод.
Бу сўзни эшитган подшоҳнинг кўнгли пора-пора бўлиб кетди, кўзларидан шашқатор ёш оқиб, деди: «Бегуноҳнинг қонини тўкиб, шифо топганимдан кўра ўлганим яхшироқ».
Кейин болани бағрига босиб, юз-кўзидан ўпди-да, беҳисоб совғалар бериб, озод қилиб юборди. Дейдилар-ки, ўша ҳафтада подшоҳнинг дарди шифо топди:
Ҳали ҳам эсимдан бир байт чиқмайди,
Бир филбон айтганди Нил қиргоғида:
Оёғинг остида қумурсқа ҳоли
Ўзинг босилгандай фил оёғида.

Ҳикоят
Амир ибн Лайснинг қулларидан бири қочди. Бир неча одамлар қулни ахтариб топиб, тутиб келдилар. Вазир бу қулга қарши адоват сақларди, у бошқаларга ибрат бўлсин учун қулни ўлдиришни буюрди. Қул Амир ибн Лайснинг оёғига йиқилиб, деди:
«Бошимга нима келса, сенга ёқибдир, бажо,
Банданинг даъвоси йўқ, хўжанинг ҳукми раво.
Лекин мен шу хонадоннинг ноз-неъматини еб, нашъу намо топганим сабабли тонгла қиёматда менинг қоним гарданингизда қолишини истамайман. Рухсат этинг, мен аввал бу вазирингизни ўлдирай, сўнгра унинг қасосини олмоқ учун сиз мени ўлдирасиз. Шунда менинг қонимни ноҳақ тўкмаган бўласиз».
Подшоҳ бу сўзни эшитиб, кулиб юборди-да, вазирга боқиб: «Хўш, сен бу сўзга нима дейсан?» деб сўради. Вазир деди: «Эй подшоҳи олам, отангизнинг қабри ҳурмати, бу ҳаромзодани озод этинг, акс ҳолда у мени балога гирифтор қилади. Менинг ўзим гуноҳкорман-ки, ҳукамоларнинг қуйидаги сўзларини инобатга олмадим:
Тош отар киши-ла ўйнашган ўзинг,
Нодонлик қилдингу бошинг ёрилди.
Душманинг томонга ўқ отаман деб,
Ўзинг нишон бўлиб қолмагил энди».

Ҳикоят
Завзан ҳукмдорининг олижаноб ва хушфеъл бир амалдори бор эди. У ҳар кимни иззат-икром этарди ва ортидан эса яхши сўзлар айтарди. Иттифоқо, унинг бир ҳаракати подшоҳга манзур бўлмай қолди, молини мусодара қилиб, ўзини жазолашга буюрди. Подшоҳнинг лашкарбошилари амалдорнинг аввалги қилган яхшиликлари учун миннатдор бўлишлари лозимлигини унутмаган эдилар, шу сабабдан ҳибсда ётган маҳалда унга ёмонлик қилмадилар, иложи борича яхши муомалада бўлдилар.
Агарда тотув бўлиб яшай десанг ёв билан,
Орқангдан сўкса-сўкар, кўрганда сен айт таҳсин.
Биласан-ку, сўз деган оғиздан чиқади-да,
Аччиқ сўз истамасанг ёв оғзини қил ширин.
Амалдор подшоҳ томонидан қўйилган айрим айбларни рад эта олди, қолганлари учун зиндонда қолди. Қўшни подшоҳлардан бири махфий равишда унга қуйидаги мазмунда мактуб юборди: «Мамлакатингиз подшоҳи сиздай бир олий зотнинг қадрига етмади, сизни беҳурмат қилди. Агар жаноблари (оллоҳ яқин фурсатда сизни зиндондан халос айласин) лутф этиб, бизнинг тарафимизга ўтишга майл кўрсатсалар, ҳар нимаики ихтиёр этсалар муҳайё қилинур. Юртимизнинг барча аъёнлари сизни кўрмоққа ва жавобингизга муштоқдирлар ».
Бу мактуб мазмунидан хабардор бўлган амалдор хавф-хатарни ўйлаб, дарҳол мактубнинг орқасига, башарти бировнинг кўлига тушса, ўзига зиён-заҳмат етказмайдиган қилиб, қисқагина жавоб ёзди-да, жўнатиб юборди.
Подшоҳнинг яқинларидан бири бундан хабар топиб, унга етказди: «Сен зиндонга ташлатганинг фалон одам қўшни мамлакатларнинг подшоҳлари билан хат ёзишиб турар экан», деди.
Подшоҳ дарғазаб бўлиб, бу хабарни текширишни буюрди. Чопарни тутиб, мактубни ўқидилар. Мактубда шундай деб ёзилган эди:
«Ҳазратларининг биз каминаи камтарин қуллари ҳақида хаёллари биздаги фазилатдан неча бор зиёдадир, таклифингизни қабул этиш масаласига келганда, уни қабулидан ожизман, зероки, шу хонадоннинг неъматидан баҳраманд бўлиб, тарбия топганман, валинеъматнинг сал майли ўзгаргани учун кўрнамаклик қилмоқ инсон шаънига ярашмас!»
Бир киши умр бўйи сенга карам этибди,
Бир галгина гуноҳини сен кечирсанг нетибди!
Амалдорнинг олижаноблиги подшоҳга манзур бўлди, унга қимматбаҳо кийим-бош ва нозу неъматлар эҳсон қилди ва узр сўради: «Хато қилдим, сени ноҳак хафа қилдим!»
Амалдор деди: «Эй подшоҳи олам, мен бу ишда сиз томондан содир бўлган ҳеч қандай хатони кўрмайман. Афтидан, тақдири илоҳий билан бошимга шу ишлар келмоги лозим экан, хайриятки, бу иш сизнинг қўлингиз билан бўлди, чунки менинг гарданимда қарзингиз бор, ҳукамолар шундай деганлар:
Оқил киши алам ўтса ўз халқидан ўпкаламас,
На азият, на роҳатга халойиқ сабаб эмас.
Бирни бирга дўсту душман қилмоқ худонинг иши
Ва худонинг измидадир ҳамма дилнинг ёзмиши.
Агарчи ўқ отилганда камондан отилади,
Бирор ўқчи отганини ақллилар билади».

Ҳикоят
Дейдиларки, бир золим одам камбағалларнинг ўтинларини арзонга олиб, бойларга қимматбаҳода сотар эди. Бир пок виждон одам уни кўриб деди:
Нима бало, илонмисан, кўрганингни чақасан,
Бойқушмисан, қайси ерга қўнсанг, уни йиқасан?.
Сенку зулмингни бизга қиласан,
Шундай қилолмайсан қодир худога.
Ердаку зулмингни элга қиласан,
Уларнинг қарғиши ўрлар самога.
Золим бу сўзга эътибор бермади, дарғазаб бўлиб, қош-қовоғини уйди, қулоқ солмади. Бир куни кечаси ошхонасидан бир учқун чиқиб, ўтинхонасига тушди. Золимнинг бутун бор-бисоти ёниб кетди. Унинг роҳат тўшаги ўрнида култепа пайдо бўлди. Иттифоқо, ҳалиги пок виждон одам золимнинг уйи ёнидан ўтиб борарди. Золимнинг ўз ошналарига: «Билмадим, бу ўт менинг саройимга қаердан тушди экан?» деган саволини эшитган бояги азиз киши: «Фақирлар қалбидан чиққан оҳнинг ўтидан», деди.
Дилни яралама оҳидан чўчи,
Бу яра бирор кун сиртга тепади.
Бирорта кўнгилга бермагил озор,
Жаҳонни ўрташга бир оҳ етади.
Кайхисравнинг тожига шу сўзлар ёзилган эди:
Узун-узун йиллар, узоқ умрлар
Халқлар бошимиздан босиб ўтади.
Қўллардан қўлларга ўтган шунча мулк,
Биздан навбатдаги қўлга ўтади.

Ҳикоят
Бир одам кураш санъатида зўр маҳорат қозонди, у ,уч юз олтмиш ҳийлани билар ва ҳар куни бир ҳийлани ишлатиб, курашар эди. Шогирдларидан бирига майл кўрсатгани сабабли унга уч юз эллик тўққиз ҳийлани ўргатди. Аммо бир ҳийлани ўргатишни ҳар турли баҳоналар билан пайсалга солиб юрди.
Хулосаи калом, шогирд қудрат ва санъатда камолотга эришди, у билан бел олишишга ҳеч кимсада қудрат ва журъат йўқ эди. Иш шу даражага бориб етдики, бир куни у подшоҳ ҳузурида деди: «Устозимнинг фақат биргина афзаллиги бор, у ҳам бўлса, унинг ёши улуғлиги ва менга тарбия берганлигидир. Йўқса, кучда ҳам, маҳоратда ҳам мен ундан қолишмайман!»
Бу сўз подшоҳга ёқмади. Устозу шогирднинг кураш тушмоқларини буюрди. Катта майдонни ҳозирладилар. Подшоҳ бошлиқ аркони давлат, аъёни мамлакат ҳамда ўша юртнинг барча паҳлавонлари ҳозир бўлдилар. Шогирд бамисоли маст филдек жўшиб майдонга кирди, гўё қаршисида темир тоғ бўлса уни емириб ташлагудек эди. Устоз шогирди кучда ортиқ эканини англади. У пинҳон тутиб юрган мазкур нодир ҳийласини ишга солиб курашмоққа бошлади. Шогирд устознинг ҳамласини дафъ этишдан ожиз келди. Устоз ҳарифини икки қўли билан боши узра кўтариб, ерга урди. Халойиқнинг ҳой-ҳув садолари кўкка ўрлади.
Подшоҳ устозга сарпо бермоқни буюрди, шогирдни эса, таъна-маломатлар қилиб, деди: «Уз устозингга бевафолик қилиб, уни мағлуб этаман, деб мақтандинг, лекин айтган сўзингнинг уддасидан чиқа олмадинг!» Шогирд деди: «Эй подшоҳи олам, устозим куч билан мендан устун келгани йўқ, балки кўп вақтдан бери менга ўргатмай, яшириб юрган бир ҳийласи туфайли мени мағлуб эта олди».
Устоз деди: «Мазкур ҳийлани ана шундай бир кун учун сақлаб қўйиб эдим, чунки уламолар: «Дўстга, бир куни агар у душманчилик қилса, ўзингни мағлуб эта олажак куч бермагил», деганлар. Шогирдидан жафо кўрган устоз нима деганини эшитмаганмисан?
Ёки вафо ўзи йўқдир оламда,
Ё киши қўлламас уни бу замон.
Ўзимдан ўқ отиш ўрганган киши
Букун кўкрагимни қилмоқчи нишон».

Ҳикоят
Бир дарвеш саҳронинг хилват бир ерида ўтирган эди. Шу маҳал подшоҳ ўша ердан ўтиб қолди. Қаноат мулки ичра фароғатда бўлган дарвеш подшоҳга қайрилиб ҳам қарамади. Подшоҳ дарвешнинг бу ишини салтанат шаънига таҳқир билиб, деди: «Бу хирқа (жанда) кийганлар бамисоли қорамолга ўхшайдилар, улар тавозени ҳам, одамгарчиликни ҳам билмайдилар». Шунда вазир дарвешга яқин бориб, деди: «Эй дарвеш, подшоҳи олам сенинг ёнингга келдилар, нима сабабдан иззат-икром қилмадинг, одоб қоидаларини бажо келтирмадинг?» Дарвеш айтди: «Подшоҳга дегилким, неъмат ва илтифотидан умидвор одамдан иззат ва хизмат кутсин. Яна шуни ҳам айтиб қўйгилки, фуқаролар подшоҳларга итоат этмоқ учун эмас, балки подшоҳлар фуқарога хизмат этиш учун яшайдилар».
Гарчи неъмат билан давлат уники,
Лекин дарвешларга шоҳдир посбон.
Қўйлар чўпон учун хизмат қилмайди,
Балки қўйлар учун керакдир чўпон.
Биттани тўқу тинч кўрасан букун,
Биттаси уриниб бўлмиш дил яра.
Неча кун сабр этиб, ўзга мағрурнинг
Миясин тупроқлар еганин қара.
Тақдирнинг зўр ҳукми ижро бўларкан,
Шоҳу гадолигин фарқи йўқ зарра.
Бирорта қабрни очиб қарасанг,
Бой, фақир сўнгагин билмайсан сира.
Дарвешнинг сўзи подшоҳга қаттиқ таъсир қилиб, деди: «Тила тилагингни, берай муродингни». Дарвеш деди: «Бундан буён менга азият бермагил!» Подшоҳ:-«Менга бир маслаҳат бергин!» деди. Дарвеш бу байтни ўқиди:
Ҳозирку қўлингда неъмат, давлат бор,
Қўлдан қўлга кўчар, бергил эътибор.

Ҳикоят
Бир кун Нўширавоннинг вазирлари бир муҳим давлат ишини муҳокама қилишар ва ҳар кимса ўз фикрини баён этарди. Подшоҳ ҳам бир фикр айтди. Бузуржмеҳр подшоҳнинг фикрига қўшилди. Бошқа вазирлар яширинча ундан сўрадилар: «Шоҳнинг фикрида қандай фазилат кўрдингки, уни барча аҳли донолар фикридан юқори қўйдинг?» Бузуржмеҳр деди: «Ишнинг оқибати маълум эмас, кимнинг фикри тўғри, кимнинг фикри нотўғри чиқажагини ҳеч кимса билмайди, подшоҳ фикрининг маъқуллаганимнинг сабаби шуки, унинг айтгани рост чиқмаган тақдирда ҳам ғазабидан омонда бўламан».
Султоннинг раъйига қарши сўз айтмоқ,
Ўз юрак қонингга қўл ювмоқ, демак.
Кундузни подшоҳ кеча деб айтса,
Ҳай-ҳай, ана Ҳулкар демаклик керак.

Ҳикоят
Бир фирибгар, «мен Али наслиданман», деб сочларини ўриб, «ҳаждан келяпман», деб Ҳижоз карвони билан бирга шаҳарга кирди. У подшоҳга қасида топшириб, «ўзим ёзганман», деди! Подшоҳ унга катта инъом-эҳсонлар бериб, иззат-икром кўрсатди. Подшоҳга яқин кишилардан бири шу йили денгиз сафаридан қайтган эди, фирибгарни кўриб: «Мен қурбон ҳайитида уни Басрада кўрган эдим, бу қандай қилиб ҳожи бўлиб қолди», деди. Бошқа бир киши айтди: «Отаси малатиялик христианлардан-ку, қандақасига у сайидзодалар қаторига кира олади?» Қасидасини эса Анварийнинг девонидан топдилар. Шу қадар ёлғончилик қилгани учун подшоҳ уни уриб ҳайдашни буюрди. Фирибгар деди: «Эй подшоҳи олам, яна бир сўзим бор, агар ўша ҳам рост бўлмаса, менга қандай жазони лойиқ кўрсангиз, сазоворман». «Қандай сўз экан у, айт?» деди подшоҳ. Фирибгар деди:
«Мусофир олдингга келтирса айрон,
Асли бир чўмич сув, бир қошиқча сут.
Дунёни кўп кезган кўп ёлғон сўзлар,
Биздан бирор ваҳма эшитсанг, унут».
Подшоҳнинг кулгиси қистаб, деди: «Умринг умр бўлиб бундан кўра тўғрироқ гап гапирмаган бўлсанг керак!» Кейин тилаган нарсасини бериб, рози қилиб юборишни буюрди.

Ҳикоят
Бир неча амалдорлар билан бирга кемада эдим. Ортимизда бир қайиқ ғарқ бўлиб, икки оғаини гирдобга тушиб қолди. Амалдорлардан бири кемачига деди: «Ҳар иккаласини қутқар, ҳар бири учун эллик динордан бераман!» Кемачи дарҳол ўзини сувга ташлаб, оға-инилардан бирини қутқарди, иккинчиси ғарқ бўлди. Мен дедим: «Унинг куни битган эди, шу сабабдан уни халос этишга шошилмадинг, буни қутқаришга шошилдинг». Кемачи кулиб дейди: «Айтган гапинг тўғри, лекин буни қутқаришга ўзимда истак бор эди, чунки бир маҳал биёбонда қолганимда бу мени туясига мингаштириб олган эди, у бирисидан эса, болалигимда қамчи еган эдим».
Мен дедим: «Оллоҳи таолонинг айтгани айни ҳақиқатдир: «Ҳар кимса яхшилик қилса ҳам, ёмонлик қилса ҳам ўзига қилади».
Бировни ранжитма қўлингдан келса,
Чунки йўл устида тикан-нишлар кўп.
Дарвеш кишиларнинг ҳожатин чиқар,
Ҳали ўз олдингда қилар ишлар кўп.

Ҳикоят
Икки ака-ука бор эди. Бири подшоҳ саройида хизмат қилар, иккинчиси эса, ўз қўл кучи билан тирикчилигини ўтказарди. Бир кун бой ака фақир укага деди: «Нега подшоҳ саройида хизмат қилмайсанки, машаққатли меҳнатдан халос бўлардинг?»
Укаси деди: «Хўш, ўзинг нега меҳнат қилмайсанки, шоҳ олдида хўрланишдан қутулардинг? Ахир ҳукамолар айтганлар-ку: «Олтин камар тақиб подшоҳ хизматида тургандан кўра, ўз нонингни еб, тинч ўтирганинг яхши!»
Қўлда элаб хамир қилмоқ сўнмаган оҳак тошни,
Осон ишдир, амирга эгишдан азиз бошни.
Қимматли умримиз кўп исроф бўлди,
Ёзу қиш нима еб, не кияман, деб.
Сен, қорин қурғур, ҳам битта нонга кўнгил,
Икки букилишни ўзинга кўрма эп.

Ҳикоят
Бир неча олимлар Нўширавон ҳузурида бир муҳим масалани муҳокама қилмоқда эдилар. Улар орасида энг мўътабари бўлган Бузуржмеҳр сукут қиларди, Ундан: «Нима учун бу мубоҳасага иштирок этмаётибсан?» деб сўрадилар. Бузуржмеҳр жавоб берди: «Вазирлар бамисоли табибларга ўхшайдилар, табиб эса, беморга доридан бошқа нарса бермайди. Фикрларингиз тўғри эканини кўриб турганим ҳолда гапга аралашмоғим ҳикматдан эмасдир».
Бирор иш менсиз ҳам битажак экан,
Нега шу тўғрида мен валақлайман.
Кўрдимки, битта кўр чуқур лабида
Ҳай-ҳайлаб қўймасам, бу гуноҳ манда.

Ҳикоят
Ҳорун ар-Рашид Мисрни эгаллаганда, деди: «Миср салтанатига мағрурланиб, худолик даъво қилган нобакорнинг қасдига ўлароқ, бу мамлакатни ўзимнинг энг манфур қулимга топшираман». Ҳорун ар-Рашиднинг бир занжи қули бўлиб, номи Ҳусайб эди. Миср мамлакатини ўшанга топширди. У қулнинг фаҳм-фаросати шу даражада эдики, бир қанча Миср деҳқонлари унинг ёнига шикоятга келиб: «Пахта эккан эдик, бевақт ёмғир ёғиб, пахтамиз нобуд бўлди», деганларида, у: «Жун экиш керак эди, нобуд бўлмасди»,— деб жавоб берди.
Агар билим, тўқ яшашга важ бўлса,
Ажабмасди нодонлар очдан ўлса.
Лекин нодон шунча келим олади,
Кўп донолар бунга ҳайрон қолади.
Бахтли ва давлатли бўлмас билимдон,
Бунинг барчасига сабаб осмон.
Жаҳонда учрайди такрору такрор,
Аҳмоқлар ҳурматда, ақллилар хор.
Кимёгар қийналиб ўлиб кетади,
Аблаҳга хазина насиб этади.

Ҳикоят
Искандари Румийдан сўрадилар: «Ғарбу Шарқдаги мамлакатларни нима билан забт этдинг? Аввалги подшоҳларнинг хазинаси, ёши ва лашкари сеникидан ортиқ. бўлса-да, бундай фотиҳлик уларга насиб бўлмаганди». Искандар деди: «Забт этган мамлакатим фуқароларига озор бермадим ва подшоҳларининг номларини фақат яхшилик билан ёд этдим».
Ақллилар улугламас шундайлар зотин,
Улуғларнинг ёмонлик-ла ёдласа отин.
Тахту бахт, фармонлар, тақиқ ва зўрлик,
Барчаси бекорчи: ўтиб кетади.
Сийласанг ўтганлар азиз номини,
Сенинг номингга ҳам ҳурмат етади.

Иккинчи боб — Дарвешлар ахлоқи баёни.
Ҳикоят
Катта мансабдорлардан бири шайхдан сўради: «Баъзи одамлар фалон шайхни таъна-маломат билан тилга оладилар, шу киши ҳақида сен қандай фикрдасан?»
Шайх жавоб берди: «Ташқи қиёфасида ҳеч қандай айб кўрмайман, кўнглидан эса хабардор эмасман».
Руҳоний либосида кимники кўрсанг,
Яхши одам экан, дейиб билавер.
Кишининг ич сирин билишинг қийин,
Уй ичини текширмас миршаблар ҳеч бир.

Ҳикоят
Бир куни бир шайхнинг уйига ўғри тушди, у қанча ахтарса ҳам ҳеч нарса топа олмай хафа бўлди. Буни кўрган шайх ўғрининг кўнгли ўксимасин, деб ўз остидаги кўҳна гиламни унинг оёғи остига элтиб ташлади.
Эшитдимки, тангри ёзган тўғри йўлдан тойганлар,
Душман дилин ҳам хафа қилмас экан ҳеч қачон.
Сенга қачон шу ўктамлик муяссар бўлар экан?
Дўстинг билан келишмайсан, уришасан ҳар замон.
Садоқатли кишиларнинг самимияти кишининг олдида ҳам, ортида ҳам бир хилда бўлади: улар олдингда сенга жон фидо қилишга тайёр эканларини эълон этиб, орқангдан ғийбат қилиб юрмайдилар.
Юзма-юз келганда қўй каби ювош,
Орқадан бўридай одамхўр, бебош.
Кимки бировлар айбин келиб айтаркан сенга,
Сенинг айбларингни ҳам айтади бировларга.

Ҳикоят
Бир гуруҳ сайёҳлар ҳамроҳ бўлишиб, саёҳатнинг лаззатини ҳам, машаққатини ҳам бирга баҳам кўрар эдилар. Мен ҳам уларга йўлдош бўлсам деган эдим, қабул этмадилар. Мен дедим: «Фақирлар суҳбатидан юз ўгириб, уларга яхшилик қилишдан бўйин товламоқ саховат аҳлларига муносиб эмасдир. Мен ўзимда шундай қудрат ва журъат сезаманки, сафарда кишилар юрагини эзадиган тош эмас, балки қулфи дилини очадиган йўлдош бўлишга қодирман».
Киши танилмайди кийган жомада,
Ёзганга маълумдир, не бор номада.
Улардан бири деди: «Сен бизларнинг (сўзимиздан хафа бўлмагин, чунки бундан бир неча кун муқаддам бир ўғри дарвеш қиёфасида бизга қўшилган эди. Биз дарвешлар кўнгли очиқ кишилар бўлганлигимиздан ҳеч нарсадан шубҳаланмай, уни ҳамроҳликка қабул этган эдик.
Эски кийимда ҳам орифдир аён,
Чунки унинг юзи доим халқ томон.
Гап, кийим-бошдамас, иш бўлсин кўркам,
Тож кийиб, елкангга байроқ қўйсанг ҳам,
Ёлғиз кийим эмас, дунё ва шаҳват,
Барчасин тарк этган орифдир фақат.
Мард олсин қуролни, кўрсатсин кучин,
Хунаса қўрқоққа қурол нимайчун?
Кунлардан бир кун эртадан кечгача йўл юрдик, тунда бир қалъа олдида ётадиган бўлдик. Бояги бетовфиқ ўғри «таҳорат қиламан», деб бир дўстимизнинг кўзачасини ўғирлаб қочди.
Қара, шу эски тўнда кетиб боргучи дарвеш,
Қаъбанинг ёпуғини эшакка тўқим қилмиш.
У бизларнинг кўзимиздан ғойиб бўлгач, қалъага кирибдида, қимматбаҳо гавҳарлар солинган қутичани ўғирлаб кетибди. Тонг отгунча у анча олис ерга кетиб қолибди. Биз бўлсак ҳеч нарсадан бехабар ухлайверибмиз. Тонг отгач, ҳаммамизни тутиб, қалъага ҳайдаб кириб, зиндонга қамадилар. Ўшандан буён бегоналар билан ошналикни тарк этиб, улардан олисроқ юрамиз, чунки саломатлик ёлғизликдадир».
Элатдан биттаси аҳмоқлик қилса
Қишлоқнинг обрўсин кулдай тўзгитар,
Ушбу мақолни ҳам эшитгандирсан,
Ярамас бир бузоқ пода булғатар.
Дарвешнинг бу гапини тинглагач, дедим: «Худога шукру санолар бўлғайким, ташқи қиёфамдан дарвешлардан узоқдай кўринсам-да, уларнинг дуоларидан бехабарлардан эмасман. Сизнинг бу ҳикоянгиздан Жуда катта манфаат олдим, мен янглиғ одамларга бу насиҳат бир умрга кифоядир».
Дилни оғритар бир қўпол киши,
Билимдон даврада ножўя иши.
Каттакон қудуқда лиммо-лим гулоб
Битта ўлакса ит қилгандай хароб.

Ҳикоят
Бир шайх бир подшоҳнинг қасрида меҳмон бўлди. Подшоҳ мени жуда тақводор одам экан, деб ўйласин деган муддаода, одатдаги ейдиган овқатидан кам еди, намозни эса, одатдагидан ортиқ ўқиди.
Каъбага етмайсан, деб — қўрқаман, эй аъроби,
Сен кетаётган бу йўл Туркистонга боради.
Уйига қайтиб келганидан кейин овқат талаб қилди. Унинг фаросатли бир ўғли бор эди, у деди: «Ота, нима учун подшоҳнинг зиёфатида ҳеч нима емадингиз?» «Подшоҳ ҳузурида тўйиб овқатлана олмадим». Ўғли деди: «Ундай бўлса, намозингизни ҳам қайта бошдан ўқинг, чунки худонинг даргоҳида қабул бўладиган намоз ҳам ўқий олмагансиз».
Бор ҳунарин кўз-кўз қилиб, қўлларида ардоқлаб,
Айбларини элу юртдан қўлтиғига яширган,
Ҳой кеккайма, бирор оғир кунга қолсанг, қани айт,
Шу қалбаки, ўтмас пулга нима олмоқ бўласан?

Ҳикоят
Болалик кунларимда жуда ибодатга берилиб кетиб, кечалари тинмай намоз-ниёз билан машғул бўлганлигим ёдимда. Бир кеча отам ҳузурида ўтириб қуръонни бағримга босиб, тиловат қилиш билан машғул бўлдим. Атрофимизда бир неча одам ухлаб ётарди. Шунда мен отамга дедим: «Булардан бирортаси лоақал икки ракаат намоз ўқигали бошини кўтармайди-я, шу қадар ғафлат уйқусига ботибдиларки, ухлагандан кўра кўпроқ ўлганга ўхшайдилар!»
Отам деди: «Эй жоним ўғлим, сен ҳам одамларни маломат қилгандан кўра ухлаб қўя қолсанг яхшироқ бўларди».
Кўз олдини парда босган, манман деган кеккайма
Бу дунёда ўзидан ҳам етук кишини кўрмас.
Сиз мабодо ўз-ўзини кўрарлик ойнак топиб
Берсайдингиз, кўрар эди ўзини ҳаммадан паст.

Ҳикоят
Бир мажлисда бир мўътабар одамни тавсиф қилишар, олижаноб сифатларини кўкларга кўтариб мақташарди. Ниҳоят, мазкур одам бошини кўтариб деди: «Қандай одам эканим, фақат ўзимгагина маълум!»
Сиртимни мақтай бериб мени уялтирмагил,
Ичимда не нуқсон бор, уни ўзим биламан.
Сиртдан қарасангиз яхши кишиман,
Ички ёмонликдан бошимдир қуйи.
Товусни гўзал деб дунё мақтайди,
Оёғидан уялар у умр бўйи.

Ҳикоят
Бир куни кечаси Макка биёбонида уйқусизликдан тинка-мадорим куриб, ерга узала тушиб ётдиму, туякашга дедим: «Мени ўз ҳолимга ташлаб кет!»
Шўрлик яёв киши юролмас энди
Туя ҳам бу йўлдан толиққан дамда.
Ориқлар албатта ўлган бўлади
Семиз кишиларки шунча озганда.
Туякаш деди: «Эй биродар, Макка-Ҳарам олдингда-ю, қароқчи-ҳаромий ортингда, олға юрсанг, бир нарсалик бўласан, бунда қолсанг шак-шубҳасиз ўласан».
Йўлда бирор кўлкада ухлаб олиш яхши-ку,
Сенсиз карвон жўнаса, тирикликдан қўлни юв.

Ҳикоят
Бир дарвеш қаттиқ муҳтожликка тушиб қолди. У қалин дўстининг гиламини ўғирлади. Ҳоким унинг қўлини кесишни буюрди. Гиламнинг эгаси дарвешга раҳми келиб: «Мен унинг гуноҳини кечирдим», деди. Ҳоким деди: «Сен кечирганинг билан шариат қонуни кечирмайди!» Гилам эгаси деди: «Тўғри айтасиз, лекин вақф молини ўғирлаган одамнинг қўлини кесмайдилар. Дарвешлардаги ҳамма нарса муҳтожларнинг вақфидир». Ҳоким ўғрини афв этиб, маломат қилишга бошлади: «Сенга олам торлик қилдимики, бориб-бориб ўз яқин дўстингнинг уйига ўғирликка тушибсан?» Дарвеш деди: «Эй ҳоким, эшитмаганмисанки: «Душман эшигини қоққандан кўра дўст уйини қоқлаган яхши, дейдилар».
Қийин кунга қолган чоғда, руҳинг бўлмасин тушкун,
Душманларнинг терисидан дўстингга бичгил пўстун.

Ҳикоят
Бош яланг ва оёқ яланг бир пиёда мусофир Ҳижоз карвони билан Куфадан келиб бизга қўшилди. Унинг ҳеч нарсаси йўқ эди, лекин виқор билан қадам ташлаб дерди:
Ҳачир миниб бормайман, на туяда юким бор,
На сўлтоннинг қулиман, на қулларга шаҳриёр.
Дунёда ҳеч қайғум йўқ, дилим қўрқувдан озод,
Хотиржамман бус-бутун, кўнглим эса доим шод.
Туя минган бойлардан бири унга деди: «Эй дарвеш, қаёққа борасан, йўл оғир, йўл машаққатига бардош бера олмай ўлиб кетасан, қайт орқангга». Дарвеш унинг гапига қулоқ солмай, йўлида давом этаверди. Карвонимиз Нахлаи Маҳмудга етганида бояги туя минган бой оламдан ўтди. Дарвеш унинг ўлиги тепасига келиб деди: «Мен пиёда юриш машаққатидан ўлмадиму, сен нор туяда юриш роҳатидан ўлдинг!»
Бир киши касал узра тун бўйи йиғлади зор,
Тонгда йиғлаган ўлди, соғайиб турди бемор.
Бирталай арғумоқ йўлларда қолди,
Манзилга оқсаган эшак етолди.
Ярали йигитлар соғайиб кетди,
Не-не соғломларни қора ер ютди.

Ҳикоят
Юнон тупроғида қароқчилар карвонни таладилар ва сон-саноқсиз ўлжани қўлга киритдилар. Савдогарлар зор-зор йиғлашиб, худо ва пайғамбардан мадад тиладилар, лекин фойдаси бўлмади.
Гар бўлса бир ғаддор ўғри комрон,
Ғам емас йиғласа бутун карвон.
Луқмони хдким ҳам ана шу карвонда эди. Савдогарлардан бири унга мурожаат қилди: «Буларга насиҳат қилиб, ҳикматли сўз айт, зора талаган молларимиздан бир оз қисмини қайтариб беришса, ахир, шунча мол-дунёнинг талон-торож бўлиши увол-ку!» Луқмони ҳаким деди: «Буларга ҳикматли сўз айтиш ҳайфдир».
Занглаган темирни минг ишқов бериб,
Кўзгудай сайқаллаб, боқиб бўлмайди.
Қора кўнгулларга ўгит фойдасиз,
Тошга темир михни қоқиб бўлмайди.
Шод кунларинг ғамгинларнинг кўнглин топ,
Дил оғритган балоларга қолади.
Бўла туриб тиланчига бермасанг,
Бирор золим сендан юлқиб олади.

Ҳикоят
Буюк шайх, марҳум Абулфараж ибн Жўвзий менга мусиқа, қўшиқ тинглашни манъ қиларди ва танҳоликда яшашга ундарди. Лекин бошимда ёшлик, қалбимда айш-ишрат ҳавоси туғён урганидан, кекса устозимнинг гапига қулоқ солмай, мусиқа мажлисларига иштирок этишдан лаззатланардим. Шайхнинг насиҳатини эслаганимда ўз-ўзимга дердим:
Қози бизнинг даврада ўйнаб кетар баякбор
Ўзи май ичган миршаб бизни қилмас гуноҳкор.
Бир оқшом бир кайф-сафо мажлисига бордим, у ерда шундай бир хонандага дуч келдим:
Жон томирин узгандай чалади носоз созин,
Отаси ўлганларнинг доди, дердинг овозин.
Мажлисдагилар унинг овозини эшитмаслик учун гоҳ қулоқларини бармоқлари билан бекитишар, гоҳ «овозингни ўчир», деб пичирлашарди.
Хушовоз хонанданинг қўшиғи истироҳат,
Сен қандай хонандасан, жим турсанг жонга роҳат.
Сенинг қўшиғингдан илимас кўнгул,
Йўқол, даминг ўчиб кетгани маъқул.
У куйлай бошлади, чалиб арғунун,
Мен дедим мезбонга: «Худо ҳаққи-чун,
Қулоққа симоб қуй, шуни эшитмай,
Ёки эшикни оч, нарироқ кетай».
Дўстларимнинг рўй-хотирларини қилиб, ўша куни кечаси азоб-уқубатда тонг оттирдим.
Сўфи бемаҳалда бўкириб қолди,
Кечадан қанча вақт ўтганин билмай.
Кеча узунлигин кипригимдан сўр,
Сурунка тонг отди кўзим илинмай.
Эрталаб барвақт бошимдан саллани олиб ва ёнимдан бир динор чиқариб, ҳар иккаласини хонанданинг олдига қўйдимда, уни бағримга босиб миннатдорчилик билдирдим. Дўстларим менинг хонандага кўрсатган эҳтиромимни ғайри табиий билиб, бу ғоятда енгилтаклик, дедилар. Дўстларимдан бири эса, тилини бир қарич қилиб мени койимоққа бошлади: «Сенинг қилган бу ишинг оқилларга ярашмайди. Эгни дуруст кийим, чилдирмаси бир тийинни кўрмаган хонандага дарвешлик кийимини бериб яхши- иш қилмадинг».
Бунингдек созандалар бу уйдан кетса, яхши,
Қайтадан кўринмасин қадамларининг нақши.
Ўз оғзини очди-ю, бўкириб бошлади куй,
Тикандай тикка бўлди бадандаги, ҳар бир. мўй.
Қўрққанидаи тўзғиди ҳовлида товуқ, хўроз,
Миямизни ачитди, кекирдак йиртган овоз.
Мен дедим: «Яхшиси шуки, менга эътироз билдирмагин, чунки бу одамнинг каромати менга аён бўлди». Дўстим деди: «Ундай бўлса, нега сен бунинг сабабини менга тушунтирмайсан, токи мен ҳам хонандани эҳтиром этиб, ҳазил-мутойиба қилиб айтган гапларимга узр сўрай».
Мен дедим: «Сабаби шуки, муҳтарам устозим мусиқа мажлисига бормагин, деб менга кўп ўгит-насиҳат қиларди. Мен бўлсам унинг гапига кирмасдим. Бугун кечаси мени бахтли бир тасодиф бу мажлисга олиб келди. Бу хонанда тавба қилиб, то умримнинг охиригача бундай мажлисларга қадам босмасликка онт ичишга мажбур қилди».
Гўзал оғиз, ширин бўғиз ва лабдан чиққан овоз,
Куй айтса ҳам, айтмаса ҳам дил. эркалар, жуда соз,
Аммо нўноқ қўшиқчининг кекирдагин безолмас
Кўп ажойиб мақомлар ҳам: «Ушшоқ», «Хуросон»,«Ҳижоз».

Ҳикоят
Луқмони ҳакимдан: «Одобни кимдан ўргандинг?» деб сўрадилар. Луқмон жавоб берди: «Одобни беодоблардан ўргандим, уларнинг ҳаракатларидаги менга мақбул бўлмаган нарсалардан ўзимни сақладим!»
Бирор эсли кишига ҳатто ҳазил сўз айтсанг
У шундан ҳам ўзига чиқаради хулоса.
Аммо аҳмоқ кишига юзлаб ҳикмат ўргатсанг
Барчаси унинг учун туюлар ҳазил нарса.

Ҳикоят
Шайхлардан бирига шикоят қилиб дедим: «Фалон киши мени бузуқ одам деяпти». Шайх менга деди: «Сен уни яхшилик билан уялтир!»
Узинг яхши бўлсанг юриш-туришда,
Сендан айб тополмас ҳеч бир ярамас.
Танбурнинг ўз сози жойида бўлса,
Созанда қулоғин бураб ўлтирмас.

Ҳикоят
Ҳижоз сафарига чиққан маҳалимда бир неча софдил ёшлар менга ҳамроҳ бўлдилар. Улар гоҳо аскиябозлик қилишар ва гоҳо ҳикматли шеърлар ўқишарди. Дарвешларнинг ички дунёсидан воқиф бўлмаган ва уларнинг дарди дилларидан бехабар бир обид то Бани Ҳилол работига етгунча бизга ҳамроҳ бўлиб борди. Бани Ҳилол работида араблар қароргоҳидан буғдой рангли бир бола чиқиб, шу қадар ёқимли овоз билан қўшиқ айтишга киришдики, самодаги қушлар ерга тушдилар. Обиднинг туяси уни ағдариб ташлаб, саҳрога қараб қочди. Мен дедим: «Эй шайх, боланинг қўшиғи ҳатто ҳайвонга таъсир этди-ю, лекин сенга таъсир этмади».
Билдингми, тонг чоғида нима дер менга булбул:
«Нечук одам саналғай севгидан бехабар дил?
Араб шеърин эшитган туя завқидан ўйнар,
Сенда завқдан асар йўқ, ҳайвон экансан буткул»»
Боғда тонг ели эсса, мажнунтол тебранади,
Чақиртош тебранмайди, қотиб қолган абадий.
Диққат билан боқолсанг, барча нарса зикр этар,
Буни тинглай олади, ким маънидан бохабар.
Гулга ёлғиз булбулмас куйловчи кўнгил билан,
Гул ҳам уни улуғлар тикансимон тил билан.

Ҳикоят
Бир подшоҳнинг умри тугади, унинг ўрнига қоладиган валиаҳди йўқ эди. Подшоҳ васият қилдики, эрталаб азонда шаҳарга биринчи бўлиб кирган одамга тож кийгизинг ва мамлакатни унинг ихтиёрига топширинг. Иттифоқо ўша куни эрталаб шаҳарга бир гадой кирди. Бу гадойнинг умри бурда нон йиғишу эгнидаги жулдур кийими ямоғи устига ямоқ солиш билан ўтарди. Давлат аъёнлари ва мамлакатнинг мўътабар зотлари подшоҳнинг васиятини бажо келтирдилар. Салтанат ва хазиналарнинг калитларини гадойга топширдилар ва у бир қанча маҳал ҳукмронлик қилди. Лекин орадан кўп вақт ўтмай давлат аъёнларидан баъзилари унга итоат этишдан бўйин товладилар. Қўшни мамлакатларнинг подшоҳлари ҳар томондан унга қарши қўшин торта бошладилар. Хулласи калом, аҳоли билан душман қўшини бирлашиб, мамлакатнинг айрим шаҳарлари унинг қўл остидан ажралиб чиқди.
Гадой-подшоҳ бу воқеалардан қаттиқ қайғуга ботиб ўтирганида гадойчилик қилиб юрган маҳалида қадрдон бўлган бир дўсти узоқ сафардан қайтди. У дўстининг бу қадар юксак мансаб эгаси бўлганини кўриб деди: «Худои таолога шукурлар бўлғайким, гулингдан тикан ажраб чиқибди, қашшоқлик тикани эса оёғингдан суғурилибди. Бахтинг ёр, толеинг мададкор бўлиб, шундай мартабага етибсан. Ҳақиқатан ҳам машаққатнинг охири роҳатдир».
Гуллар баъзан очилади, баъзан бўлади хазон,
Дарахтлар ҳам гоҳ яланғоч, гоҳ кияр яшил чопон.
Гадой-подшоҳ деди: «Эй азиз дўстим, сен мени қутлама, балки таъзия билдир, чунки сен кўрган маҳалда нон ғамини еган бўлсам, ҳозир жаҳон ғамини емоқдаман!»
Мол, дунё бўлмаса-чи, қайғумиз юрак доғлар,
Агар бўла қолса-чи, меҳри оёқни боғлар.
Жаҳон ташвишидир энг оғир бало,
Бўлса ҳам, бўлмаса ҳам қийин можаро.
Агар сен истасанг бойлик ва давлат,
Энг катта бойликка тенгдир қаноат.
Этагинг тўлдирса бир бой зар билан,
Сен унга қарама шод назар билан.
Катта кишилардан эшитдим ҳар гал,
Дарвешлар чидами бойликдан афзал.

Ҳикоят
Бир одамнинг дўсти подшоҳ хизматида эди. Улар узоқ муддат бир-бирлари билан кўришмадилар. Бир киши ундан сўради: «Дўстингни кўрганингга кўп вақт бўлдими?» У жавоб берди: «Уни кўриш орзуим ҳам йўқ». Тасодифан дўстининг яқинларидан бири шу ерда эди, унинг жавобини эшитиб, ҳайрон бўлиб сўради: «Сенга қандай ёмонлик қилдики, уни кўргинг келмай қолди?» У жавоб берди: «У ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ, лекин подшоҳ хизматида бўлган одамни амалдан бўшагандан кейин кўриш керак, мен ўз роҳатим учун дўстимнинг фалокатга дучор бўлишини истамайман».
Мўлу кўл, каттакон амалга мингач,
Дўстини танимас, кўзин босиб ёғ.
Ошнолар ёнига ҳасратла борур
Амалдан ҳайдалиб, ожиз қолган чоғ.

Ҳикоят
Бир соҳибдилга дедилар: «Офтоб ғоятда гўзал бўлганига қарамай, ҳеч кимса уни севгани ва ошиқи шайдоси бўлганини эшитмадик». Соҳибдил жавоб берди:
«Бунинг сабаби шуки, у ҳар куни кўринади, лекин кишда кўздан пинҳон бўлгани учун ҳамма уни яхши кўради».
Дўстни-ку йўқламоқ зарра айб эмас,
Аммо «Бас!» дегунча боравермагил.
Бошқалар тергашин ёқтирмас бўлсанг,
Ўзингни аввало ўзинг тергагил.

Ҳикоят
Дамашқдаги дўстларимнинг суҳбати жонимга тегиб, шаҳардан бош олиб Қуддуси шариф биёбонига жўнадим-да, ҳайвонлар билан улфатлашиб, то фаранглар қўлига асир тушгунимча ўша ерда яшадим. Мени яҳудийлар билан бирга қўшиб Тароблис хандақини қазишга олиб бориб ишлатдилар. Ҳалаблик сардорлардан бири мен билан ошна эди, ёнимиздан ўта туриб, мени таниб қолдида, хитоб қилди: «Ие, бу қандай ҳол!» Мен унга: «Нима ҳам дейман?» деб жавоб бердим.
Одамлардан қочиб тоғу тош кетдим,
Худо деб узилдим инсонлар билан.
Бу соат ҳолимни ўзинг қиёс эт,
Ҳозир оғилдаман оҳ-фиғонлар билан.
Ётлар билан биргалашиб кезгандан кўра гулшан,
Дўстлар ичра майли эди бўлса оёқда кишан.
Аҳволимга ачиниб, ўн динор тўлаб, асирликдан халос этди ва ўзи билан Ҳалабга олиб кетди. У ерда юз динорлик қалин пули билан қизини менга никоҳлаб берди. Орадан сал вақт ўтгач билсам, қизи бадфеъл, шаллақи ва ўжар экан, тилини заҳар қилиб, жонимдан безор эта бошлади:
Яхши эркак уйидаги ёмон хотин, мисоли —
Бу дунёда эркак учун жаҳаннамнинг тимсоли.
Ёмон хотин суҳбатидан қочиб, қидир паноҳи,
Жаҳаннамнинг оловидан ўзинг сақла, илоҳий.
Охири бир кун башарамга тик боқиб, таъна-маломатлар билан деди: «Сен, отам ўн динор баробарига фаранглардан халос этган одам эмасмисан?» Мен жавоб бердим: «Ҳа, отанг ўн динор баробарига фаранглардан озод этиб, юз динор баробарига чангалингга топширган одам мен бўламан!»
Эшитдим бир сипоҳ кунлардан бир кун
Бўри чангалидан қутқарди қўйни.
Оқшом қўй бўғзига пичоқ ишқади,
Шунда қўй ялиниб унга йиғлади:
«Аввали бўридан қутқарган сенсан,
Билсам, ўша бўри ўзинг экансан».

Ҳикоят
Бир подшоҳ бола-чақаси кўп бир художўйдан сўради: «Азиз вақтингни қандай ўтказасан?»
Художўй жавоб берди: «Кечаси саҳаргача яратганга муножот қиламан, саҳарларда эҳтиёждан чиқиш учун дуо ўқийман, кун бўйи эса нафақаи аҳли аёл учун елиб-югураман.
Подшоҳ обиднинг муддаосини англади, унга маош тайинлаб, унинг тирикчилик ташвишидан қутқаришни буюрди.
Бола-чақа қайғусида банд бўлған киши
Жуда қийин тинч турмуши хаёл қилмаган.
Фарзандлар қайғуси: кийими, нони
Эсингдан чиқарар сайри самони.
Кундузи кўнглимда қиламан қарор,
Бу кеча тангрини топай, деб бир бор.
Қачонки хуфтоннинг вақти келади —
Рўзғорим ташвиши кела туради.

Ҳикоят
Шом (Сурия) обидларидан бири ўрмонда истиқомат қилар ва овқат ўрнига дарахтларнннг япроқларини ерди. Бир подшоҳ уни зиёрат қилгани келиб деди: «Агар маслаҳат кўрсангиз, шаҳарда сиз учун бир қаср қурдириб берай, токим ўзингиз осуда ибодат билан шуғуллана олинг, ўзгалар ҳам сизнинг муборак нафасингиздан баҳраманд бўлсинлар ва улар ҳам сиздан эзгу одатларни ўргансинлар». Обид подшоҳнинг таклифини рад этди. Вазирлардан бири унга деди: «Подшоҳнинг кўнгли учун бир неча кун шаҳарга боришингиз, у айтган қасрда яшаб туришингиз керак эди. Башарти, бегона одамлар қимматли вақтингизни олиб, кўнглингизни озурда қилгудек бўлса, яна ихтиёр ўзингизда бўларди».
Обид таклифни қабул қилиб, шаҳарга борди. Подшоҳнинг дилкушо ва руҳафзо боғидан унга жой бердилар.
Қип-қизил гуллари гўзаллар юзи,
Сунбули жингалак сочининг ўзи.
Подшоҳ дарҳол унинг ҳузурига гўзал бир канизакни юборди.
Бу малак сурат, товус рафтор,
Ойжамолни кўргач тақводор,
Ошиқи шайдо бўлиб қолар,
Қўлидан кетар сабру қарор.
Кейин подшоҳ унга соҳибжамол — ҳуснда бемисол бир қулни ҳам бағишлади.
Кўз ҳар қанча боқса ҳам тўймасди жамолидан,
Худди чанқоқ кишики Фиротнинг зилолидан.
Обид лаззатли таомлар емоққа ва башанг либослар киймоққа бошлади, тотли меваларнинг хушбўйидан кайф қилиб, қул ва канизакнинг ҳусну жамоли томошаси билан банд бўлди. Донишмандлар: «Гўзаллар зулфи ақл оёғига кишану, зийрак қушларга тузоқдир» дейдилар.
Дунёда бор билганимни, ишончимни бой бериб,
Зийраккина қуш эдиму, тузоғингга илиндим.
Хулласи калом, обиднинг тақвосига завол етди. Ахир, дейдилар-ку:
Майли ким бўлмасин: пирми, муридми,
Пок нафас, ёки зўр донишманд,
Бу дунёга қадам қўйиши биланоқ
Пашшадек оёғи бўлур болга банд.
Бир кун подшоҳ обидни кўргиси келди. Қарасаки, шайхнинг қиёфаси тамоман ўзгарибди; тани оқариб, ранги қизариб, ўзи семириб кетибди. У шоҳи ёстиққа ястанган бўлиб гўзал қул товус патидан ясалган елпиғич билан унинг бош томонида турарди... Подшоҳ унинг сиҳат-саломатлигидан мамнун бўлиб, ҳар борада суҳбатлашиб ўтирди. Суҳбат охирида шоҳ деди: «Оламда мен икки тоифа одамни яхши кўраман: олимлару шайхларни. Уларни мендек яхши кўрадиган одам йўқ!» Подшоҳнинг кўпни кўрган файласуф вазири ҳам шу ерда эди, у деди: «Эй ҳукмдор, дўстликнинг шарти будирки, ҳар иккала тоифага ҳам яхшилик қилмоқ лозим: олимларга олтин бергинки, улар илмларини такомиллаштирсинлар, шайхларга ҳеч нарса берма, улар обидликларича қолсин».
Гўзал чирой, тоза юзли хотинга
Упа-элик, зебу зийнат керакмас.
Эркин-озод, етук ақл дарвешлар
Нон қидириб кўча-кўйни изғимас.

Ҳикоят
Бир подшоҳнинг бошига мушкул иш тушди. У: «Агарда шу иш кўнглимдагидай анжом топса, обидларга бунча дирҳам (пул) бераман», деб аҳд қилди. Орзуси ушалиб, кўнгли хотиржам бўлгач, аҳдини амалга оширмоқчи бўлди. Узининг яқин қулларидан бирига бир ҳамён пул бериб, обидларга улашишни тайинлади.
Қул оқил ва ҳушёр эди, кун бўйи шаҳарни кезиб, қош қорайганда подшоҳнинг ҳузурига қайтди, ҳамённи ўпиб подшоҳнинг олдига қўйиб деди:
«Қанча ахтармайин бирорта ҳам обидни топа олмадим», Подшоҳ деди: «Бу қандай гап ўзи, билишимча, мамлакатда тўрт юз нафар шайх-обид бор». Қул деди: «Эй подшоҳи олам, обид бўлган одам пулни олмайди, пулни олган одам эса, обид бўлолмайди». Подшоҳ кулиб юборди-да, суҳбатдошларига деди: «Художўйларни қанчалик севсам, эҳтиром этсаму бу беорга қарши қанча адоват сақласам-да, эътироф этишга мажбурманки, унинг (яъни қулнинг) гапи ҳақ».

Ҳикоят
Бир дарвеш бир хонадонда меҳмон бўлди. Уй эгаси ниҳоятда қўли очиқ — сахий эди. Бир неча фозил ва ақли расолар шу хонадонга йиғилишган бўлиб, фазл аҳлларининг одатича ҳазил-мутойиба қилиб, ёқимли латифалар айтишиб ўтиришарди. Дарвеш саҳро кезиб, тинкаси қуриган ва ниҳоятда оч эди. Мажлис аҳлидан бири ҳазиллашиб деди: «Сен ҳам бирор нарса айтиб берсанг бўларди». Дарвеш айтди: «Менинг бошқалар янглиғ фазлу камолим йўқ, бир нарса ўқиган ҳам эмасман, бир байт ўқиб бераман, шу билан қаноатланиб қўя қолинглар». Мажлис аҳли бир оғиздан: «Хўп, ўқигин!» дедилар. Дарвеш ўқиди:
Мен очману рўпарамда даста нон, қаймоқ каби,
Хотин ҳаммом эшигида ўтирган бўйдоқ каби.
Ҳамма кулиб юборди ва унинг ҳазилини мақбул топиб, олдига дастурхон ёздилар. Уй эгаси, дарвешга деди: «Азизим сал сабр қилгил, хизматкорлар сенга қийма кабоб тайёрлаб чиқадилар». Дарвеш бошини кўтариб кулди-да, деди:
Мен ўтирган дастурхонда қийма бўлмаса бўлмас,
Оч кишига қоқ нон ўзи қийма гўштдан кам эмас.

Ҳикоят
Бир мурид ўз пирига деди: «Нима қилсам экан халойиқдан жуда озурдаман, улар ҳадеб келавергани сабабли азиз вақтим бекорга талаф бўлади, ташвишда ўтади. Пир деди: «Уларнинг камбағалларига бирор нарса қарз бер, бойларидан эса, бирор нарса қарз сўра, шунда улар уйингга сира келмайдиган бўладилар.
Мусулмон қўшинига гадо саркарда бўлса,
Тиланиб қолмасин, деб кофир Чинха қочарди.

Ҳикоят
Бир фақих; (ҳуқуқшунос) отасига деди: «Воизларнинг дабдабали ва безакли сўзлари менга сира таъсир этмайди, чунки уларнинг гапирган гаплари қилган ишларига мос келмайди.
Тарки дунё қилмоқни халққа ўргатар
Ўзи-чи, йиғади кумуш, ғалла, зар..
Ҳар олим айтганин ўзи қилмаса,
Не ажаб халқ унинг сўзин илмаса?!
Олим ўша киши — ёмонлик қилмас,
Ўз сўзин аксини қилғучи эмас.
Танпарварлик, тўйин ҳаёт пайидан бўлган олим,
Йўлбошчилик қила олмас, ўз-ўзидан бўлар гум.
Отаси деди: «Эй ўғлим, шундай бир асоссиз мулоҳаза билан насиҳатгўйлардан юз ўгириб, барча олимларни қоралаш, айбсиз олим ахтараман, дея илм ўрганишдан бебаҳра қолмоқ оқилларга муносиб иш эмасдир. Бу ишинг бир кўрнинг ҳолига ўхшайди. Кўр бир куни «кечаси лойга ботиб қолиб: «Эй мусулмонлар, менга чироқ тутсанглар-чи, ахир», деганида, бир ҳазилкаш аёл: «Ўзинг чироқни кўрмайсану чироқ ёруғида нима кўрардинг!» деб хитоб қилган. Шунга ўхшаш, воизлар (насиҳатгўйлар) мажлиси ҳам чопон-фурушлар дўкони кабидир. Нақд пулинг бўлмаса чопонфурушлик дўконидан мол ололмайсан, воизлар мажлисида ихлос қилмасанг, кўнглингда хотиржамлик пайдо бўлмайди».
Олим айтганига жон қулоғин тут маҳкам,
Уз сўзи ишига тенг бўлмаган чоғида ҳам.
Мақтанчоқ кишиларнинг гаплари эрур бекор,
Ухлаган ухлаганни уйғотганми бирор дам?
Деворга ёзилгаи бўлса ҳам ўгит,
Унга амал қилгай эси бор одам,
Хонақоҳдан мадрасага келди юракли киши
Ва тариқат аҳли билан улфатчиликни узди.
Мен сўрадим: «Олим билан художўйнинг фарқин айт,
Нима учун олимларга тортимингни кўргуздинг?»
Деди: «Обид тўфон қўпса шолчасин ахтаради,
Олим эса сув ғарқ қилган кишини қутқаради».

Ҳикоят
Бир неча чапани безорилар бир дарвешни бўралаб сўкдилар, қаттиқ ҳақорат қилдилар. Дарвеш шикоят қилиб ўз пири олдига бориб, бошига тушган савдоларни гапириб берди. Пири деди: «Эй қўзим, дарвеш хирқаси қаноат ва чидам либосидир. Буни кийган одам ҳар бир зулмга сабр-тоқат этмоғи керак, акс ҳолда дарвеш либосини ечиб ташлашга тўғри келади».
Катта дарё бир тош билан лойқаланиб қолмайди,
Ранжийдиган билимдонни жилдираган ариқ, де.

Ҳикоят
Маст бир йигит йўл чеккасида узала тушиб, оламдаги ўтган-кетгандан бехабар ётарди. Бир художўй ўша ердан ўтаркан, бу жирканч манзарага боқди. Йигит мастлик уйқусидан бош кўтариб, шу оятни ўқиди. «Мўъминлар жирканч нарсалар ёнидан ўтарканлар, карам юзасидан ўзларини уни кўрмаганга солишлари лозим».
Бир гуноҳкор учратдингми, шафқат қил, айбин яшир,
Гуноҳидан жиркансанг ҳам, кўриб-кўрмай ўта бер.
Гуноҳкордан юз ўгириб кета берма, ҳой, йигит,
Унга айбин кечирганлар кўзи билан қарагил.
Мен-ку, ушбу қилиқ билан бир номардлик қилибман,
Сен-чи, менга жувонмардлик қилмоқликка ярагил.

Ҳикоят (манзума)
Бағдоддан бир эртак тинглангиз энди:
Байроғу Дарпарда сўз талашарди.
Жанговар юришдан чанг босган
Байроқ Пардага дўқ билан айтар: «Менга боқ,
Иккимиз бир хожа даргоҳидамиз,
Сену мен султоннинг боргоҳидамиз;
Мен бир дам юмушдан бўшаганим йўқ,
Эрта-кеч сафарда, билмайман ҳордиқ.
Сен эса билмайсан қўрғон нимади,
Чангу шамол нима, ёбон нимади.
Мен илдам, ғайратим чўнгдир албатта,
Хўш, сенинг иззатинг нимайчун катта?
Доим тўлин ойдек юзлар билан сен,
Сочи райҳон дилбар қизлар билан сен.
Мен эса, отбоқар қўлида сарсон,
Сафардан бўшамай доим саргардон».
Парда дер: «Бошимни тутаман қуйи,
Сенинг мағрур бошинг осмон бўйи,
Ҳар ким кеккайганча гарданин чўзса,
Ажабмас ўз-ўзи бўйнини узса».

Ҳикоят
Бир донишманд бир паҳлавонни кўрди, у дарғазаб бўлиб, оғзидан оқ кўпиклар сочмоқда эди. Донишманд одамлардан: «Бунга нима бўлди?» деб сўради. «Фалончи ҳақорат килди», деб жавоб бердилар. Донишманд деди: «Бу разил одам минг ботмон тошни кўтаришга қодиру, нега бир оғиз гапни кўтара олмайди?»
Муштим зўр, деб лоф уриб, эркакман, деб кеккайма,
Сен каби ҳеббимларга на эркак, на хотинлик.
Бировларнинг оғзига мушт туширган мард эмас,
Қўлдан келса, ўзгалар оғзин қилгил тотимлик.

Ҳикоят
Бир мўътабар одамдан ихвонуссафо (беғараз дўстлар) ҳақида сўрадим. У шундай жавоб берди: «Улар энг камида, дўстлар хоҳишини ўз манфаатларидан юкори қўядилар. Донолар: «Ўзи билан ўзи овора бўлган биродар — биродар ҳам, қариндош ҳам эмасдир», деганлар».
Йўл йўлдошинг қистаб турса, йўлдошим, деб чоғлама
Кўнгли сенда бўлмаганга сен ҳам кўнгил боғлама?
Қариндошинг бўла қолса диёнатсиз, беадаб,
Сен ҳам ундан қариндошлик ипин узсанг, яхши гап.
Ёдимда, мухолифларимдан бири менинг бу байтимга эътироз билдириб дедики: «Оллоҳи таоло ўз каломида раҳмсизликни манъ этган, кавм-қариндошларни севишни буюрган, сенинг айтганларинг эса бунга тамомила зиддир». Мен унга дедим: «Нотўғри гапираяпсан, қуръонда бундай дейилган: «Агар ота-онанг саъй ғайрат кўрсатиб, менга шерик бўлишга ундасалар уларга итоат этма».
Худодан қайтган мингта уруғдан
Битта ёт ошнога берсанг арзир тан.

Ҳикоят (манзума)
Бағдодда бир қувноқ кекса бор эрди,
Қизини кавушдўз йигитга берди.
Аёвсиз даванги шунчалар сўрди,
Қизнинг дудоғидан қонлар югурди.
Эрталаб отаси буни кўради,
Куёви олдига бориб сўради:
«Бунча чайнамасанг, чўзмасанг аҳмок,
Кавушлик теримас, бу нозик дудоқ».
Кулги-чун айтмадим, менга қулоқ сол,
Ҳазилни ташла-ю, жиддийсини ол:
Бировнинг таъбида ёмонлик бўлса,
Улганча қолади, бу турган нарса.

Ҳикоят
Бир фақиҳ (ҳуқуқшунос)нинг ниҳоятда хунук бир қизи бор эди. У қиз бўйга етганида шунча сепу бойлигига қарамасдан ҳеч кимса унга уйланишни истамади.
Хунук келин эгнида
Нафис либос кўрксиздир.
Ниҳоят, фақиҳ қизини бир кўрга эрга беришга мажбур бўлди. Дейдиларки, ўша маҳалда Сарандиб (Цейлон)дан кўр кўзини оча оладиган бир табиб келди. Фақиҳдан: «Нега куёвингнинг кўзини даволатмайсан?» деб сўрадилар.
Фақиҳ жавоб берди: «Кўзи очилгач, қизимни талоқ қилади деб қўрқаман».
Бадбашара хотинга кўзи кўр эр яхшидир.

Ҳикоят
Бир донишманддан: «Саҳоват яхшими ёки шижоат яхшими?» деб сўрадилар. Донишманд жавоб берди: «Саховат бўлгач шижоатнинг нима ҳожати бор?»
Қулон тутар Баҳром гўрнинг қудрати эмас унча,
Бир чигиртка оёғини судраган қумурсқача.

Учинчи боб — Қаноатнинг фазилати баёни.
Ҳикоят
Бир мағрибий гадой Ҳалабдаги баззозлик растасида дерди: «Эй давлатмандлар! Башарти сизларда инсофу, менда қаноат бўлганда эди, оламда тиланчилик деган гап қолмасди».
Давлатманд килғил, эй қаноат, мени,
Чунки йўқдир сендан яхшироқ неъмат.
Луқмоннинг муроди — сабр бурчаги,
Сабрсиз кишида бўлмайди ҳикмат.

Ҳикоят
Мисрда икки амирзода бор эди. Улардан бири илм ўрганиш билан, иккинчиси эса, мол-дунё тўплаш билан шугулланди. Оқибатда, бири ўз асрининг бемисл олими, иккинчиси эса, Миср подшоҳи бўлди. Шундан кейин давлатманд амирзода олим амирзодага таҳқир назари билан боқиб деди: «Мен салтанатга эга бўлдиму, сен ҳамон хор-зор бўлиб юрибсан». Шунда олим амирзода деди: «Эй биродар, мен парвардигорга кўпроқ шукур айтмоғим керак, зероки, мен пайғамбарлар меросига эга бўлдим, яъни илм-фанни эгалладим, сен бўлсанг, Фиръавн ҳамда Ҳомоннинг меросига эга бўлдинг, яъни Миср мамлакатига подшоҳ бўлдинг».
Эзилган бир чумолиман оёқ остда жим,
Аримасман ва дастимдан нолимас ҳеч ким.
Одамларга озор бермоқ учун йўқ кучим,
Шукрим қандай изҳор этай бу неъмат учун.

Ҳикоят
Эшитдимки, бир дарвеш фақирлик ўтида куяр, жандасидаги ямоқ устига ямоқ қуяр ва ўз кўнглига тасалли бериш учун ушбу байтни такрорларди:
Биз розимиз бўлса агар оддий чакмон, қотган нон,
Бизга меҳнат заҳматидан ўзга миннати ёмон.
Бир одам унга деди: «Нега бу ерда ўтирибсан, шу шаҳарда яшайдиган фалончи ниҳоятда лутфу карамли ва саховатлидир, у дарвешлар хизматига бел боғлаган ва уларнинг дилини овлашга ўзини чоғлагандир. Агар у сенинг шу ҳолингдан хабар топса, зўр мамнуният билан лутфу эҳсон қилади».
Дарвеш деди: «Жим бўл, эҳсон сўраб бировга хор бўлгандан кўра, муҳтожлик, очликда ўлган яхшидир».
Кийим сўраб бадавлатга парча қоғоз ёзгандан
Парча-парча ямоқ тикиб, сабр қилган яхшироқ.
Қўшнинг соясида агар борар бўлсанг жаннатга,
Худо ҳақи, дўзахга тенг, уқубати бесаноқ.

Ҳикоят
Хуросонлик икки дарвеш биргаликда сафар қилишарди. Улардан бири заиф эди, чунки кун оралатиб кечқурун ифтор қиларди. Иккинчиси бақувват эди, чунки кунда уч маҳал овқатланарди. Тасодифан уларни бир шаҳарда жосусликда айбдор қилдилар, ҳар иккалаларини бир хонага қамаб, эшикни лой билан суваб ташладилар. Орадан икки ҳафта ўтгач, уларнинг гуноҳсиз эканликлари маълум бўлиб, эшикни очганларида бақувват одам ўлиб, заифи тирик қолганини кўрдилар. Бу ҳол ҳаммани ҳайратга солди. Бир донишманд деди: «Агар аксинча бўлганида таажжубланишга арзирди, зероки, улардан бири кўп овқат ейишга одатланган эди, очликка бардош бера олмай ўлди. Буниси, овқатни жуда оз ейишга одатланган эди, ночор сабр этиб, ҳалокатдан халос бўлди».
Одам оз емоқни одат айласа,
Бошга очлик тушса чидай билади.
Фаровонлик ичра кўпга ўрганган,
Тангликда қолганда очдан ўлади.

Ҳикоят
Олимлардан бири ўз ўғлини кўп овқат емакдан тийиб: «Кўп емак танга зарар», деди. Ўғли унга айтди: «Эй ота, одамни очлик ўлдиради. Эшитмаганмисиз, зарифлар (аскиячилар): «Очлик азобини чеккандан кўра — тўқликдан ўлган яхшироқ», дейдилар.
Кўп ема, оғзингдан чиқиб кетмасин,
Оч юрма заифлик жондан ўтмасин.
Овқатдан танага келади лаззат,
Аммо ортиқчаси кетирар захмат.
Гулшакар зарардир кўп есанг агар,
Меъёрида есанг, нон хам гулшакар.
Меъда тўлиб кетиб, оғриса қорин,
Нафи бўлмас дори-дармонлар барин.

Ҳикоят
Восит шаҳрида сўфийлар бир баққолдан бир неча дирҳам қарздор бўлиб қолган эдилар. Баққол хар куни пулини қистаб, оғзига келган сўзни қайтармай уларни ҳақорат қиларди. Сўфийлар унинг маломатидан қаттиқ изтироб чекардилару, лекин чидашдан бўлак чоралари йўқ эди. Улар орасидаги бир донишманд деди: «Баққолга дирҳам ваъда қилгандан, нафсга таом ваъда қилиш осонроқ».
Агар бўлса дарвозабон жафоси,
У неъматдан узоқ бўлган яхшироқ.
Қассобларнинг хунук талабларидан
Гўштга етолмасдан ўлган яхшироқ.

Ҳикоят
Бир диловар йигит татарлар билан бўлган жангда оғир ярадор бўлди. Бир одам унга: «Фалон савдогарда шифобахш дори бор, сўрагин, балки берар», деди. Дейдиларки, ўша савдогар ўзининг бахиллиги билан машҳур эди.
Бўлса дастурхонида нон ўрнида гар офтоб,
Рўшинолик кўрмас эрди то қиёмат ҳеч киши.
Диловар йигит деди: «Дори сўрасам, ё берар, ё бермас, берган тақдирда ҳам, даво бўлиш-бўлмаслиги маълум эмас. Хулосаи калом, ундан дори сўраш — заҳри қотил сўраш билан баробардир».
Аччиқ ковул олиб есанг хуштабиат кишидан,
Ширинроқдир бадфеълнинг шакари, кишмишидан.
Ҳукамолар демишлар: «Агарда обрўни олиб, оби ҳаёт сотсалар, оқил одам уни олмайди, чунки миннат билан тирик юргандан, иззат билан ўлмоқ аъло».
Жирканчдир хор бўлиб топилган овқат,
Қозон тўлар, аммо ор билан фақат.

Ҳикоят
Олимлардан бирининг бола-чақаси кўп эди-ю, топиш-тутиши оз эди. Ўзига мухлис бўлган бир мансабдорга аҳволини сўзлади. Мансабдор унинг шикоятини эшитиб, қош-қовоғини солди, олим одамнинг тамаъланиши унга жирканч кўринди.
Бахтсизликда қовоқ уйиб кирма дўстинг ёнига,
Талх айлама дўстингни ҳам роҳату ишратини.
Бирор ҳожат бўлганда ҳам очиқ чеҳра, хандон кир,
Ҳожатингни чиқаргучин бузмай кайфиятини.
Дейдиларки, мансабдор олимнинг маошини бир оз оширди-ю, лекин ихлосини анча камайтирди. Олим бир неча кундан кейин мансабдорнинг одатдаги дўстона муомаласидан асар кўрмай, деди:
Ноним ошди, обрў камайди, бироқ,
Хорликдан кўра йўқчилик яхшироқ.



↑ «Гулистон»нинг кўпгина қўлёзма нусхалари ва тошбосма нашрларида ҳар бир шеърий парчанинг устига «мисра», ё «байт», ё «маснавий» ё «китъа» деб ёзилган. Лекин «Гулистон» нинг илмий-танқидий текстини тайёрлаган озарбайжон олими Рустам Алиевнинг аниқлашича, шеърий парчалар устидаги бу номлар кейинги асрларда қўйилган экан. (Р. Комилов)

↑ Юнус— куръондаги афсонавий пайғамбарлардан бири. Гўё қирқ кун балик қорнида яшаган экан. (Ғафур Ғулом изоҳи)
Mualifning boshqa asaralari
1 Guliston [Sa’diy] 32333
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика