Мусулмон (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]

Мусулмон (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]
Мусулмон (ҳикоя) [Ulugʻbek Hamdam]
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлағай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлағай.Алишер Навоий
Кўклам келди-ю ҳовлидан бир қушча кетмас бўлди. Авваллари эътибор қилмаган эканми, Ҳусан энди уни кунда кўради: қушча гоҳ у, гоҳ бу дарахтга қўниб олади. Гуллаш пайтида эса бошига оқ рўмол ташлаган ўрикдан негадир айрилмай қолди. Бўшади, дегунча дераза қаршисида михлангандай ўтириб узун-узун хаёллар сурадиган шеригини Ҳасан ўнғай ҳар фурсатда бир яниб олади. Ҳозир ҳам шундай бўлди: «Ҳм-м, тағин қўзғадими дардинг? Ундан кўра мажлисни ўйламайсанми? Шайх Аҳмад Жунайд ҳазратлари билан учрашув ҳаётингда бурилиш ясаши мумкин, Ҳусан! Ҳой, кимга гапиряпман мен? Девордан фарқинг йўғ-а!.. – дея жириллади у. Лекин муҳатобининг парвосиз ўтиргани бадтар жаҳлини чиқарди. – Қўй-э, гўё жаннатга йўлланмаси нақд одамдек тутасан ўзингни?..»
Ҳусан бундай гапларга кўп-да эътибор бермайди. Аммо илгари ҳақ талашарди – эслайди. Бир кун қаттиқ тортишиб ҳам қолишганди. Ўшанда ака-ука нафл намози учун таҳорат олишга чоғланиб туришганда қўшнининг боласи чиқиб, қандайдир юмушга бир зумлик ёрдам сўраганди. Ҳусан шу кетганча кеч қайтганди. «Аввал ибодат, кейин мадад», деганди Ҳасан қофиясини келиштириб. Ҳусан ҳам недир жавоб айтганди, ўртада жиддий баҳс чиқиб, жўжахўрозлардек тоза жиғиллашиб қолишганди ўшанда.
– Мутаассиб бўлма, ислом – бағри кенг дин. Ҳатто сиғиниб ўтирган вақтингда ён-верингда чаён кўриб қолсанг, олдин отиёмонни даф қилиб, сўнг намозга қайтишингга изн беради у, – деганди Ҳусан қизишиб.
– Тўғри-ю, – жавоб қайтарганди Ҳасан, – лекин бундай гаплар кўпинча фарзларни мукаммал адо этишга эринадиганларнинг баҳонаси бўлади. – Сўнг у Қуръони каримни олиб, Ҳусаннинг арабчани ўзидан тузукроқ билишига қарамай, сўзма-сўз ўқиб, ҳижжалаб таржима қилган, буям етмай шарҳлашга ўтган, чаҳорёрлару саҳобалар ҳаётидан мисоллар келтириб уқтирган эди.
Ҳусан ҳам қараб ўтирмай, ўз таврининг ҳимоясига авлиёлар ҳикматларидан далиллар айтиб, муқаддас каломни ҳар ким ўз дунёқарашига яраша тушунади, бутун ер юзида иймони бир хил кучга эга икки мусулмонни тополмайсан, у кимда қувватли, кимда заиф бўлади, нега сен бошқаларнинг амалини ўз қаричинг билан ўлчамоқчи бўлаверасан, Ҳасан? – дея бўғилганди.
Гоҳо эса мана шунақа мунозаралар чўзилиб кетар ва Ҳусаннинг юраги хунолуд тортиб, ташқарига чиқар, ҳовлидаги дарахтлар остида соатларча кезиниб, баъзан уларга дардини айтиб ҳовуридан тушарди. Кейин... кейин у ана ўша қушчага дуч келиб қолди!.. Дуч келди-ю, негадир Ҳасан билан муноқаша қилишни истамай қўйди, ажаб. Ҳатто у Ҳасанга: «Кечир мен лодонни, билмай талашиб юрган эканман, дўппини олиб ўйлаб кўрсам, ҳужжатнинг бари сен томонда экан», дедики, бу иқрор жигаргўшасини кўп тўлқинлантирди, келиб Ҳусанни қучди, «иймонингга ҳамиша мана шундай соҳиб чиқ!», деди кўзлари намланиб. Сўнг улар орасида вулқондек отилиб турадиган оловли мубоҳасалар гўё тинди, Ҳусан дин борасида Ҳасан айтганга кўнди. Кўнди-ю, буни қарангки, ўзгармади: аввал қандай бўлса, шундайлигича қолди. Ҳасан чизган йўлдан юрса ҳам ўз кўнглича яшайверди. Қизиқ-а?..

* * *
Қушча баъзан новдада жимгина ўтирарди. Шунда чаппор уриб гуллаган ўрик дарахти баҳайбат қучоғи билан уни гўё яшириб оларди. Лекин қушча ҳар доим ҳам бир жойда тек турмай, пириллаб учиб қолар, шу боис Ҳусан уни тамоша қилишга кўп-да илҳақ бўлмасди. Ҳозир ҳам лип этиб бир шохдан бошқасига ўтди-ю, кўриниш берди. Ҳусан уни кўзлари билан тутволди. Кейин қочириб юбормасликка тиришганидан бутун вужуди кўзга айланди. Қушча ўтирган ўрнида хушхон овоз билан сайрай бошлаганда эса борлиғи қулоққа дўнди. Қушча берилиб, атрофни унутганча яйраб-яйраб хониш қиларди. Бунга сайин Ҳусаннинг завқи ошар, ўтирган ўрнида ташқаридан тошдек қотганга ўхшаса ҳам ичкарида мумдек эрирди. Куйлай-куйлай қушча, ниҳоят, тин олди, бежирим бошчасини у ёқ-бу ёққа тез-тез қаратди, шунда Ҳусан ўйнаб турган, қоп-қора ҳуркак кўзларини кўриб қолди. Назарича, қушчанинг кўзи ҳам ўзига тушди. Тушдики, яна пир этиб дарахтнинг нариги – кўздан йироқроқ томонига қочиб кетди. Ҳусан энди қушчани кўрмас бўлди. Аммо кўп куттирмай қушча яна соҳир овозда хониш қила бошлади...
– Тур-э, қанақа одамсан ўзи? Ҳаётни деразага қараб соб қиласан-ку бунақада? – жеркиди Ҳасан қўлида китоб билан ташқарига – дарахтлар остига чиқиб кетаркан. – Қачон мажлисни ўйлайсан? Унақа-бунақамас, нақ арабистонлик шайх ҳазратлари қатнашадиган йи¬ғин бўлса! Ҳей, ўзимизни кўрсатсак борми, хорижга кетиш йўлланмаси нақ чўнтагимизда деявер.
Шу чоқ Ҳасаннинг қўл телефони жиринглаб қолди ва сўйлашганча нари кетди. Сўнг бирпас ўтиб маъюс бир қиёфада қайтиб келди.
– Отам бетоб эмиш.
Ҳусаннинг диққати бўлинди:
– Нима?..
– Қулоғинг том битганми, отам ётиб қопти деяпман, – тутақди Ҳасан, – гаранг!..
– Вой, – деди капалаги учиб Ҳусаннинг, туриб шериги қошига келаркан. – Жиддий эмасканми, ишқилиб?
– Билмадим... Нима қилдик, Ҳусан? Бу ёқда маж¬лис...
– Нималар деяпсан, Ҳасан?.. Борамиз!..

* * *
Эртаси саҳармардонда эгизаклар елкаларига енгил халталар осиб, олис вилоятга отланишди. Уйдан чиқишаркан, Ҳусаннинг эътиборини бир эмас, камида икки қушнинг мунис, дилпазир хонишлари тортди. Бир лаҳза тўхтаб аланглади. Чинданам, дарахт шохида бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш икки қушча пайдо бўлганди. Қай бири ҳамишаги қушча-ю, қайсиси меҳмон – билиб бўлмасди.
– Қара, Ҳасан, қушчалар ҳам бир жуфт бўп қопти, эгизак дейсан, – ҳайрати ошди Ҳусаннинг.
– Ке, Ҳусан, эрталабдан асабга тегмагин, йўлимиз узоқ... – шериги ёнидан шитоб билан ўтаркан, тан¬беҳлади Ҳасан...

* * *
Ярим соат ўтар-ўтмас, туғишганлар таксига ўти¬ришди-ю, ота юртларига жўнаб кетишди. Тахминан уч соатлардан кейин эса улар минган машина йўл четидаги чоғроқ кафе қаршисида тўхтади.
– Овқатланамизми? – Ҳайдовчи ҳаммадан бурун кабобчига қараб йўрғалади. Ортидан эр-хотин йўловчилар эргашди, сизлар-чи, дегандек буларга им қоқиб қўйишди. «Иштаҳам йўқ», деди Ҳусан. «Юр, намоз ўқиб келамиз», дея эшикни очди Ҳасан.
Улар келиб тушган жой бағоят хушманзара экан. Тоғ ён бағри айниқса латофатли, ёнгиналарида шарқираб сой оқаяпти, бўйлари унчалик баланд бўлмаган дарахтлар, оддий толми ё мажнунтол – бирданига ажратиш қийин... Шу дарахтлар остидаям зилол сув оқиб ётибди. Ҳусан ариқ лабига чўккалаб, юзига сув урган эди, сесканиб кетди.
– Оҳ, муздек!..
– Тоғники-да, – ҳамдамининг шундоқ биқинига келиб тиз букди Ҳасан. – Таҳоратинг борми?
– Борликка бор, лекин уйга яқин қолдик, бемалол¬роқ ўша ерда ўқирдик...
– Вақтида ўқиш керак. Қоидани беш қўлдек биласану амалга келганда тайсаллайсан-а, Ҳусан. Кеча сен бормаган амримаъруфда яхши гап айтишди, – деди Ҳасан қўлларини кичик сочиқ билан яхшилаб артаркан. – Бир йўловчи аеропортда намоз ўқиб қолиб рейсидан кечикибди. Салдан кейин эса ўша самолёт ҳалокатга учраб, битта ҳам тирик жон қолмагани ҳақида хабар келибди. Қара, намоз қутқарибди уни...
– Бундай мисоллар билан намозни шарафлашга уринмаслик керак, – қизишди Ҳусан, тортишмайман деган қарорини бир лаҳза унутиб. – Самолётда эҳтимол савоби кўпроқ, қалби покроқ инсонлар ҳам бўлган бўлиши мумкин-ку. Ёки норасида, бегуноҳ гўдакларга нима дейсан?.. Бу – қисмат, пешонага ёзилган ёзиқ. Намознинг аҳамиятини бу тарзда бўрттириб кўрсатаман дема, Ҳасан... Истасанг, мен ҳам сенга шунга ўхшаш бир ҳикоя айтиб берай, – жойнамозни ерга тўшаб Ҳасанга юзланди Ҳусан. – Бир ишбилармон йигит хорижга кетадиган бўп қопти-ю, уйда ёлғиз қолаётган онаси зорланибди: “Негадир юрагим ғаш, болам, шу галча бормасанг девдим...” Ўғил бир иши, бир онасининг гапини ўйлаб, ахийри кетишга қарор қилиб, аеропортга жўнабди. Лекин улгурмабди: учоққа ўтқазиш якунланиб, эшиклар ёпилгани учун чор-ночор уйга қайтиб, ўз хонасига кириб ётиб олибди. Она бериги хонада телевизор кўриб ўтирган экан, “Хабар”ларда ўғли кечиккан самолётнинг ҳавода портлаб кетгани тўғрисида айтиб қолишибди.
Онаизор ҳаяжон билан қўшни хонага – ўғлининг қошига чопибди.
– Қара, болам, айтмабмидим кўнглим ғаш деб, сенинг самолётинг... – Онанинг гаплари бўғзида қотибди: не кўз билан кўрсинки, навқирон йигитнинг жони чиқиб, полда сулайиб ётган экан... Ҳасан, ҳамма гап тақдири азалда. Одамнинг қазоси етган бўлса, осмондами, ердами, фарқи йўқ... Ўша намозхоннинг тирик қолишининг сири намозда эмас, лавҳи маҳфузда яширин.
– Кўчадаги иймонсизнинг гапини гапирма, Ҳусан! – аччиқланди Ҳасан. – Ким айтади сени Ислом университети толиби деб? Дунёда ҳеч бир нарса бежиз содир бўлмайди. Ўша намозхоннинг жони фақат ибодат туфайлигина тирик қолгани кундек равшан-ку! Ҳаммаси очиқ-ошкор бўлиб тургандаям иймон келтирмай, далил кўрсат, деб пайғамбаримизга тихирлик қилган мушрик¬ларга ўхшама!..
– Оллоҳ асрасин де, Ҳасан! – Ҳусан бошқа эътироз билдирмай жойнамозга бориб турди.
– Наузубиллоҳ, укажон, наузубиллоҳ, – дея пичирлади Ҳасан.

* * *
Ибодат пайтида туйқус тепаларида вижир-вижир бошланиб қолди. Диққати бўлинган Ҳусан шивирлаб айтаётгани оятлар тилига келмай тутилди. Намоз битиши билан у ўтирган кўйи бошини буриб қушчаларни қидиришга тушди.
– Бу кетишда ё ақлдан озасан ё яна бир балонинг ўқига йўлиқасан, ношуд! – дея пўнғиллади Ҳасан, жойнамозларни йиғиштириб оларкан. – Ҳар куни беш марта такрорлайдиган оятларниям эсидан чиқарадими одам! Хаёлинг қаерда ўзи? Шайх Аҳмад Жунайд нима дейди, эслайсанми? Фарзларни адо этишда энг кичкина хато ҳам иймон устунини лиқиллатиб қўяркан. Сен бўлса...
Ҳасан ортиқ гапирмади. Ҳусаннинг паришонлигидан қаттиқ ранжиганидан одатича, бор-э, маъносида қўл силтаб нари кетди.
Ҳасаннинг совуқ сулукотига Ҳусан парво қилмади; унинг фикру зикри қушларга боғланганди. Лекин берилиб изласа-да, паррандалар кўзига дарров илина қолмади. Кейин дарахтдан андак узоқлаб боқди. Ҳайрият, шу ерда эканлар: қушчалар инжа тумшуқлари билан бир-бирларининг бошу бўйинларини енгил чўқишар ва яна аллақандай товуш чиқариб ороланишар эди.
– Яна нима бўлди? Баъзан жа-а оширворасан-да, – ўсмоқчилади олисдан буни кузатиб турган Ҳасан.
– Бу ёққа ке, Ҳасан!.. – дея шошиб, ҳаяжон билан гапирди Ҳусан. – Анавиларга қарагин, эрталаб Тошкентда кўрмовдикми?..
– Бе-э! Нималар деяпсан?
Ҳасан қиё ҳам боқмай машинага кириб ўтириб олди. Ҳусан эса қушчаларга яқин борди.
– Нималар деб ғужурлашяпти экан булар, – хаёлидан кечди, – қани энди живилдоқ тилларини билсам. Бормикан ўзи шундайлар? Сулаймон пайғамбарни билган, деб айтади китоблар. Маза бўлса керак қуш тилини билиш...
Кейин эса лоп этиб ёдига даррандаю парранда тилига ишқибоз бўп қолган шўрлик инсон қисмати ҳақидаги ривоят тушди. Унга кўра, ишқибоз пайғамбарнинг олдига келиб, Оллоҳ таолодан менга ҳам ҳайвоноту наботот тилини тушуниш уқувини сўраб бергин, дейди. Пайғамбар уни ҳарчанд бу йўлдан қайтаришга уринмасин, қайсарлик қилиб, айтганида туриб олади. Ниҳоят, орзусига эришган гарданкаш уйига келса, мушуги ва итининг ўзаро суҳбатини эшитиб-тушуниб қолади. Мушук итга “хўжайиннинг товуғи касал, яқинда ўлади, сен билан биз гўштини еб, бир кун маза қиламиз” деяётган экан. Гарданкаш ишқибоз дарров тадбир олиб, товуқни бозорга элтиб пуллаб келади. Орадан вақт ўтиб яна ўшандай суҳбат қулоғига чалинади: “Хўжайиннинг сигири касал, яқинда ўлади ва сен билан биз бир ой маишат қиламиз”. Ишқибоз зудлик билан сигирни сотиб даф қилади. Лекин асл бало олдинда экан: кунлардан бир кун у фавқулодда ғалати мубоҳаса устидан чиқади: “Сабр қил, бу сафар хўжайиннинг ўзи бетоб, яқинда ўлади ва биз бир йил базму жамшид қиламиз”. Гарданкаш нима қилишини билмай пайғамбар ҳузурига такрор йўрғалайди. Аллоҳнинг элчисидан: “Кичик синовлар келганда бўйин товламай, сабр қилиш керак эди, энди сенга ёрдам беришнинг иложи йўқ”, деган жавобни олгач, дунё кўзига қоронғи бўлиб ўзини йўқотади. Кўп ўтмай ишқибоз оламдан ўтади-ю, унинг маъракаларида мушук ва ит оғзини мойлайди...
– Инсон боласининг баъзи нарсалардан ғофил юргани тузук экан. Руҳ ҳақида бизларга жудаям оз билим берилганлигида ҳам шундай бир ҳикмат яширинган бўлса, ажабмас, – деди Ҳусан ўз-ўзига пичирлаб. Кейин хаёлини қушларнинг қувноқ овозлари олди. – Нега улар биз билан йўлга чиқди экан? Номи нимайкин буларнинг, қалдирғоч бўлиб қалдирғочмас, булбул бўлиб булбул. Бир афтлари момосовғага ўхшайди, бошқа тарафдан тўрғайни ёдга солади. Беозор мусичаю қумридан ҳам нимадир бордек. Лекин, ажаб, ҳеч бири эмас. Ҳаммасига ўхшасаям барибир бошқа қуш булар! – Ҳусаннинг таажжуби ортгандан ортди. – Мунча чоройли бўлишмаса, ғужурларида қандай маъно бор? Бизни тарк этмай таъқиб этаётганларида-чи?!..

* * *
Кўп ўтмай эгизаклар манзилга етиб келишди. Оталари уйда ётган экан, дўхтирлар айтишича, қон босими ўйнабди. “Ёши бир жойга бориб қолсаям тинчимайди, кетмон кўтариб ҳали томорқага, ҳали боққа жўнаб қолади, мол-ҳолгаям ўзи қараса-да”, койинади қўрқиб кетган оналари. “Ҳа, энди бошқача яшолмасам, меҳнатсиз туролмасам нима қилай”, дейди ўзини оқлаб оталари.
Тароватли кўклам эмасми, ҳайҳотдек ҳовли-боғда чуғурлашган мурғларнинг хилини санаб адоқ қилолмайсан, киши. Отаси соғлиғидан кўнгли тўлган Ҳусан боғ айланиб юришни одат қилди. “Ҳа, нимани йўқотдинг дарахтларда?” – деб қўярди Ҳасан унга кўзи тушган кезлари. Лекин у парво қилмас, ўша антиқа жуфтликни ихлос билан қидирарди. “Боғ тўла қуш бўлсаям меникилар ҳеч қайсисига ўхшамайди, келган бўлсалар, албатта топаман”, деб ўйларди у. Айтганидек, нажиб қушчалар этакдаги эртагуллар бодомнинг хиёл эгилган новдасида ёнма-ён ўтиришиб олганча бир-биридан ўзиб нола қилишар, махмурланишарди. Ҳусан дарахтга ёвуқ келди, лекин паррандаларни чўчитиб юбормаслик учун масофа сақлаб тўхтади. Бир пас шу кўйи қотди-ю, оёқ остига қараб ўтиргани жой излади. Тўнка бор экан, яхшилаб жойлашиб олгач, қулоғини динг қилди. Ҳовлида турли овозлар ўзига хос тарона ҳосил қилганди. Буни Ҳусан анча муддат ўтгачгина туйди. Ҳа, аввал-бошда тартибсиз эшитилган товушлар тинглай бергани сайин ҳайратангиз йўсинга тушди-қолди. Тавба, деди бошини маънодор тебратиб, сўнг ўз қушчаларининг таваллосига эътибор қилдики, ушбу улуғвор мусиқий уйғунлик аро уларнинг ҳам алоҳида ўрни бўлишини жуда-жуда истарди. Сир бирданига юз очмади, балки аста-аста қалбида аён бўла борди. У шундан иборат эдики, бир жуфт қушнинг сеҳрли хонишлари ҳовлини тутиб кетган ажабтовур таронани бошқариб, йўналтириб турарди. Кутилмаганда улар сукутга толишди ва боғда янграётган умумий қўшиқ чок-чокидан сўкилиб, парокандаликка юз тутди. Худди шуни билгандек қушчалар яна ташаббусни қўлга олиб, бир маромда майин куйлай бошладилар... Ҳусаннинг қалбида ёқимли бир фароғат ва яна аллақандай ризвоний саодат туйғулари қоришиб, улкан, яхлит мазмунга айланди...

* * *
Ҳайтовур, икки-уч кун ичида бемор аҳволи яхшиланиб, хешу таборнинг юзи кулди. Таҳсилларидан қолмасин, дея ота Ҳасан-Ҳусанни ёнига чақириб, ҳамишагидек тилак билдирди: болалар, ҳаётда қутқулар кўп бўлади, иймонларингга маҳкам бўлинглар!.. – Сўнг бирин-кетин палапонларининг пешонасидан ўпиб хўшлашди...
Ака-укалар ота уйидан чиқишиб, пойтахтга қатнайдиган уловга ўтиришди ва чошгоҳ бўлмай довонга доришди.
– Тоғликлар нонидан олволайлик, шаҳарда сўраганлар кўп, – таклиф қип қолди Ҳусан.
Машинадан ҳамма тушди, фақат Ҳусан негадир нон сотиладиган узун раста эмас, нарироқда ғуж ўсган толлар сари юрди.
– Ҳой, нон бу ёқда!.. – қичқирди Ҳасан.
– Ҳозир келаман, сен танлаб тур. – Ҳусаннинг икки кўзи тол шохларида югуриб қолди. – Қани улар? – дер эди дили. Негадир қушчалар йўқ эди ва бу ҳол Ҳусан дилида кўкарган умид дарахти илдизига болта урди. – Намунча уларга ўрганиб қолдим? – ўзидан ўпкалай кетди сўнг. – Қуш – парранда, мен эса одам наслидан бўлсам, қаердан пайдо бўлди бу кўринмас ришта? Нега ўзимни у билан бахтли ҳис қила бошладим, нега усиз яшагим келмай қолди?.. – Ҳусан бу ёқда ана шундай хаёлга чўмиб, гир айланиб турганда, у ёқда Ҳасан нон, туршак ва қурут харид қилиб, машина юкхонасига жойлаб ҳам бўлди.
– Ҳусан!..
Ҳусан қидирганини тополмай, ноилож машина томон қайтди ва эшикни очар асноси, нақ боши устида чуғур-чуғур янгради-ю, қизиқсиниб кўкка боқди: –Марҳаматингдан ўргилай, Худойим, – хаёлидан ўтди, сўнг ширин бир энтикди. Қушчалар ўз тилида нималарнидир сўйлашганча ҳавода чарх урарди...

* * *
Таҳорат олиб ҳовлидан қайтаётган Ҳасан жавради:
– Жумадан кеч қоламиз, қанақа гап уқмас меровсан? Намоздан кейин мажлисга боришимиз керак, унутдингми?
– Ҳозир, мана... – Ҳусан пойгакдаги обдастани қўлига илганча чопиб таҳоратхонага ўтиб кетди.
Хиёл ўтиб эгизаклар йўл бошидаги масжид томон одимлашди. Шу он ўрик шохидаги кунда-шундалар сайрашни бас қилганча кўкка талпинишди.
Ҳасан-Ҳусанлар жадал боришаркан, йўл четидаги бозор дарвозаси олдида бир тўда ёш-ялангнинг тўпланиб олиб, ёши қайтганроқ кишини дўппослаётгани устидан чиқиб қолишди.
– Ия, Ҳасан, анавиларга қара, – Ҳусан йўлни шу ёққа олди.
– Ҳусан, эсинг жойидами? Улар бир тўда экан, – норози бўлиб тўнғиллади Ҳасан. Лекин Ҳусанни якка ташлаб кетмади, эргашди.
– Ҳой-ҳой, бу нима қилганларинг, уялмайсизларми? – ҳам югурар, ҳам хитоб қиларди Ҳусан. Ўзлари томон ошиғич келаётган иккита довонгир йигитни кўрган безорилар тирақайлаб қочиб қолишди-ю, жабрдийда бебилиска қутилди.
– Юр энди, – Ҳусаннинг енгидан тортди Ҳасан, – иш осон кўчди.
– Шошма бирпас, – Ҳусан тупроққа беланиб ётган мазлумнинг елкасидан тутиб тикламоққа уринди.
– Қоч нари!.. – халоскорини силтаб ташлади мазлум. Кейин тураман деди-ю, мункиб, юзи билан тупроққа суриниб кетди. Атрофга ароқ, қўлансага айланиб кетган тер ҳиди ва яна аллақандай чиркин, ачиқимтир бўй анқиди.
– Тфуу! – дея бурнини жийирди Ҳасан. – Кетдик, кўрмаяпсанми, иймонини бой берган одам экан бу!
– Дўстим, – дея ялинмоққа тушди бояги одам, энди бутунлай бошқа қиёфага кириб, – уч-тўрт сўм бериб туроласизми... илтимос... – озғин, кир-чир ва титроқ қўлини чўзди.
– Берма!.. Берсанг, ичади... – огоҳлантирди нари борволган Ҳасан.
Ҳусан иккиланиб қолди: берсамми-бер¬масам¬ми?..
Дарҳақиқат, қандай йўл тутса, тўғри бўлади-а? Ўйлаб кўрса, бундай вазиятлар учун тайёр жавоби йўқ экан. Кўнглига қулоқ тутса, “бер, бер” деган майлни туйди ва чўнтагидан шартта пул чиқариб, очилган қўлга тутқазди.
– Аҳмоқ!.. – деди Ҳасан, – Гуноҳига шерик бўлдинг-ку!..
Ҳусан бошини эгиб олганча индамай илдамлаб кетди...

* * *
Жомеъ масжидида ваъз эшитаман деб, турли мав¬зелардан эринмай келадиган шунчалар серобки, андак ҳаялласангиз, ўтиргани бир қарич жой тополмайсиз. Ҳасаннинг ёниб-куйиб, Ҳусанни шошириб-қисташлари, аслида, шундан. Ҳозир ҳам олд қаторга ошиқишиб, тўртинчи сафдан аранг жой олишди, шулар билан деярли бир пайтда кириб келган чўққи¬соқол ёшулли эгизаклар ўртасига тушиб қолди. Ҳам¬малари индамай ўтиришди-да, бутун вужудлари қулоққа айланиб тинглай бошлашди...
Имом ширадор, вазмин овозда намоз тўғрисида бир текис гапирар эди: Биродарлар, ҳамиша ёдда тутмоғимиз керакки, намоз диннинг устунидир. Устун бўлмаса нима бўлади? Иморат қулайдими?.. Ҳеч қандай важ-баҳона намозни тарк этишимизга сабаб бўлолмайди. Ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умарнинг Боғи эрамдек муҳташам боғи бор экан. Кунлардан бир кун у боғнинг тароватига маҳлиё бўлганча аср намозини унутибди. Эсига тушган вақтда эса жамоа билан намоз қилишга кечиккани аён бўлибди. Ҳазрати Умар иймон эгаси эди, ҳап сеними, дебдию боғни мискину бенаволарга ҳадя қилибди. Қаранг, қанча оғир бўлмасин, у намозга элтувчи йўлдаги ғовни бартараф этмоқда. Мусулмонлар, айтишга осон-у, аслида бундай иш тутиш жудаям қийин. Сизу биз пайти келса, ҳашамдор боғ у ёқда турсин, битта дарахтдан маҳрум бўлсак, ичимиздан ойлаб қиринди ўтиб юради. Ҳазрати Умар-чи, иймонига соя ташлаб турган сабабнинг илдиз-пилдизи билан қўпориб ташламоқда. Фикр қилгувчи инсон бўлсангиз, ўйлаб кўринг, жамоа...
Шу чоғ масжид дарчасидан пир этиб бир жуфт қуш учиб кирди-ю, Ҳусаннинг хаёли бўлинди. Қушчалар шифтда бир-бировини қувлашиб учишар ва жонолғучи овозлари билан бийрон сайрашарди. “Тавба, бу қандай қушлар бўлдийкин?.. – ўйлади тағин Ҳусан. – Уларда бир сир бор-ов. Йўқса, биз билган бирон қуш зотидан бўлиб чиқарди. Ўзини тутишлари, сайрашлари, учишлари – ҳамма-ҳаммаси бошқача...” Лекин Ҳусандан ўзга ҳеч кимнинг қушчалар билан иши йўқ эди, ҳамманинг диққат-эътибори имомга қаратилганди. Ҳасан ҳам жон қулоғи билан имом оғзидан учиб чиқаётган ҳикматларни тинглар ва гўё ёд айларди.
– Бошқа бир саҳоба хуфтон намозини ўқиш учун масжидга йўл олибди, – сўзларди ҳамон имом, – етиб келиб қараса, жамоа тарқаб кетаётган экан. Кечикибман дея, шошиб нарироқдаги масжидга чопибди – у ерда ҳам шундай аҳвол устидан чиқибди. Шу янглиғ теваракдаги бутун масжидларни зиёрат қилибди, на чора, биронтасида ҳам жамоа билан ибодат қилишга улгурмабди. Шунда чор-ночор уйига равона бўларкан, ўйлабди: жамоа билан масжидда намоз ўқишнинг савоби уйда ёлғиз ўқишга кўра йигирма етти марта кўпроқ эди, савобни қўлдан чиқармаслик учун намозимни ўшанча ўқийман, деб аҳд қилибди. Етиб келиб аҳдини адо ҳам этибди. Кечаси эса туш кўрибди. Тушида отини қичанглаб олдинда бораётган бир гуруҳ отлиқларни қувиб бораётган эмиш. Сафга қўшилай дея, бедовини шу қистасаям ортга қолиб кетаверибди. Алҳол, кимдир орқасига ўгирилиб, “овора бўлма, ҳаргиз уринсанг-да, барибир етолмайсан, чунки биз намозни жамоа бўлиб ўқиганлармиз”, дебди.
Биродарлар, тушнинг мағзини чақдингларми, – хитоб қилди имом. Сўнг ўзи шарҳлай кетди. – Ахир, олдинда бораётган отлиқлар бу – намозни масжидда биргаликда адо этган жамоа-ку. Орқада бир ўзи от қўйиб кетаётган зот намозни уйда, танҳо ўқиган ўша саҳоба. Кўринг, намозни биргаликда – масжидда ўқиш билан, уйда ёлғиз адо этишнинг фарқини билинг, жамоа...
Ака-укалар ўртасида бир хил вазиятда ўтираверган қариянинг оёқлари толиб уюшиб қолди, шекилли, дам сайин қўзғалиб қўя бошлади. Яна анчагача шу зайилда вақт кечириб, ахийри, тагига йиғилган озғин оёқларига дам бериш мақсадида рўпарасига узатди-ю, енгил тортиб “шукур” деди. Аммо худди шуни кутиб тургандек тепадан бир қучоқ нарса узатган оёғи устига тап этиб тушди... Кучли оғриқдан оҳлаб юборди. Тушган нарса бино шипига безак учун ёпиштирилган ганж бўлиб, ўз оғирлигини кўтаролмаганиданми ё наридан бери ёпиштирилганиданми, ҳар ҳолда вақт-соати келган эканки, кўчибди. Бир пасда ғала-ғовур бошланди.
– Нима бўлди? – дея шу томонга бўйнини чўзди имом.
– Тепадан ганч тушди, – дейишди яқин-верида ўтирганлар бирваракайига.
– Ҳеч кимга зиён етмадими?, – яна сўради воиз.
– Айтарли ҳеч гап йўқ, – деди овозини баланд қўйиб Ҳасан, худди лат еди деса, амримаъруф тўхтаб, ҳамма уй-уйига тарқайдигандек.
– Нега ундай дейсан, Ҳасан, қарагин, оёғи синганга ўхшайди, – деди бўлиб ўтган воқеадан таъсирланиб, шошиб қолган Ҳусан.
– Мени ташқарига обчиқиб қўясизларми йигитлар, – ўзини қўлга олишга тиришиб илтимос қилди ёшулли.
– Албатта, – Ҳусан ўрнидан қўпаркан, қариянинг қўлтиғидан тутди. – Сен ҳам у томондан кўмаклаш, – деди Ҳасанга. Тизилиб ўтирган одамларнинг олддагилари эгилиб, орқада¬гилари тисарилиб йўл беришди.
– Анави жойда дарахт бор экан... – ёшулли қўлини кўтариб ишора қилди.
Қарияни ариқ ёқасида ўсган ўрик дарахти пойига авайлаб ётқизишди.
– Вой-бўў! – хитоб қилиб юборди Ҳасан узатилганда ён томонга икки буклам бўп қолган оёққа кўзи тушиб. – Ёмон синибди-ю!..
– Майли, йигитлар, сизлар масжидга қайтаве¬ринглар, барака топинглар, – қария узалиб, синиб қийшайган оёғини тўғрилаб қўйди. Бу билан гўё ўтган- кетганнинг кўзи тушиб қўрқмасин демоқчи эди.
– Нималар деяпсиз, амаки, бу аҳволда сизни таш¬лаб кетиб бўладими? – Ҳусан олазарак йўлга боқди.
– Йўқ, болам, мени деб намоздан қолманглар, синган синди энди, қайтариб бўлмайди, – дедию ёшуллининг ранги ўчиб, лаблари гезарди-да, аста бошини ажриққа қўйди.
Ҳавода азон саслари янгради...
– Юр, Ҳусан, намоз бошланиб қолди, – яна ҳов боягидек шеригининг енгидан масжид томон тортди Ҳасан. – Ҳали мажлисга бориш керак. Амакига бошқалар ёрдам берар энди, а?
– Ўйлаб гапиряпсанми? Кўряпсанми ҳолини, ҳу¬ши¬дан кетиб боряпти, машина тўс, касалхонага тез етказиш керак... – Ҳусан ариқдаги бўтана сувга дастрўмолини ҳўллаб ёшуллининг юзига босди. – Ҳозир, амаки, ҳозир, озгина сабр қилинг...
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар...
Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ...
– Намоз бошланиб қолди, Ҳусан! – тоқатсизланди Ҳасан. – Намоооз!..
– Ҳасан, қара амакини... ҳушини йўқотди...
– Намоз деяпман мен сенга, Ҳусааан! – бақирди Ҳасан, – Иймонингни бой берма!..
– Агар ўламан деб ётган шу кишига ҳозир ёрдам бермасам, иймонимни аниқ бой бераман, Ҳасан!.. – овозини кўтарди Ҳусан ҳам. – Ўзингни ўтга, чўққа урганинг билан иймон Аллоҳдан! У берса, бор, бермаса, йўқ экан, тушундингми!..
– Кофир бўлма! Юр намозга! Иймонимизни сақлаб қолайлик!..
– Ўзинг кофир бўлма! Юр, анави кишининг жонини сақлаб қолайлик!..
– Шайх ҳазратлари айтадики... – сўзлари оғзида қолди Ҳасаннинг.
– Шайх ҳазратларини қўй, Ҳусан, сен ўзинг нима дейсан, шуни гапир! Қачон сен Ҳасаннинг гапини айтасан?!.. – бўғилди Ҳусан. – Бировнинг иймони билан яшаш мумкинми?.. Тавба... қараб турсам, сенинг мусулмонлигинг масжиднинг ичидагина бор, дарвоза ҳатлаб ташқарига чиқишинг билан кимлигингни билиб бўлмайди, Ҳасан!..
– Оғзингга қараб гапир, Ҳусан!.. – асабий қичқирди Ҳасан...
Шу чоқ ҳаждан қайтаётган ҳожидек эҳром – оқ либосга бурканган ўрик дарахти тепасида икки қушча пайдо бўлди-ю, безовта бир оҳангда вижирлай бошлади. Улар дам чарх уриб масжид томонга бориб келар, дам кўча бошига довур учиб, тағин ёшуллининг олдига қайтарди. На бир дам қанотлари тинарди, на тиллари: пир-пир, вижир-вижир...
Ҳасан-Ҳусанлар кўкдаги қушчаларга лол-ҳайрон қараб қўйишди ва жавдираган кўзларини яна амакига олишди.
Ҳамон муаззин овози жарангларди:
Ҳайя ъалас-солааааааааҳ…
(Намозга келинглар),
Ҳайя ъалал-фалааааааааҳ…
(Нажотга келинглар),
Қод қоматис солаҳ...
(Намоз бошланиб қолди).
Ҳасан бир сулайиб ётган чолга, бир азон саслари келаётган масжиднинг ланг очиқ дарвозасига қараб довдирарди. Шунинг баробарида гоҳ масжид томонга икки-уч одим босар, гоҳ чолга қараб интилар эди. Айни дамда қушчаларнинг бири боши устида увало солиб айланар, чуғурлашида ҳам аллабир хавотир, норозилик бордек эди. Ногоҳ “Сафларни текисланг”, деган огоҳ¬лантириш янгради-ю, Ҳасан шитоб билан масжидга қараб юрди. Шунда... шунда, э воҳ, қушча пастроққа тушиб, гўё йўлини тўсмоқчи бўлгандек ҳаракат қилди: ғалати, чийиллашга ўхшаган товуш чиқариб, нақ тумшуғи остигача париллаб келди. Ҳасан қўлини зарда билан силтади: кишт-э!.. Бармоқлари қушчанинг қаеригадир тегиб ўтди. Жонивор зарбдан учиб ерга қулади, икки-уч момиқ пати эса ҳавода ҳилпираб қолди...
Ҳасан чопиб ичкарига кириб кетди...
Ҳусан бўлса бу орада машина тўхтатиб, ҳушини батамом йўқотган ёшуллини ниҳоят азза-базза қучоқлаб, орқа ўриндиғига ётқизди, ўзи бўлса шошиб ҳайдовчи ёнига чўкди.
– Илтимос ака, тезроқ ҳайданг... Оппоқ машина шитоб билан қўзғалди.
Боядан бери масжид, қийғос гуллаган ўрик ва шовқинли кўча устида чарх уриб айланаётган қушча яна вижир-вижир қилди. Ҳавода “Оллоҳу акбар” деган сас янграганда гумбазли бино тепасига борди-да, бир чарх уриб, сўнг енгил ҳаракат билан бояги байзо машина кетган ёққа елди...
Масжид дарвозаси ёнида қўриқчи аскарлардек қаққайиб турган тиланчи аёл ва қопқора болакайнинг ерда чаллак-паллак бўлиб ётган иккинчи қушчани кўриб қолиб, тутиш учун қилган астойдил ҳаракатлари зое кетди. Ўзи томон бостириб келаётган хавф-хатарга кўзи тушган қушча бир силтаниб ўнгланди, сўнг қанотларини текислаганча ҳаволанди... Учиб бориб эса ўрик шохига қўниб олди...

* * *
Бир маҳал ибодат тугаб, намозхонлар қофила-қофила бўлиб масжидни тарк эта беришди. Улар билан Ҳасан ҳам чиқиб келиб, ўрикнинг остида бир баҳя оёқ илди. Дам касалхона томонга, дам эса қарши томонга тараддуд ичида боқди. “Мажлис бор эди-ку, Ҳусан!” – дея пичирлади афсус билан. Сўнг шайх Аҳмад Жунайд билан бўлажак учрашув сурури қалбини бир энтиктирди ва шу энтикиш тўлқинига ўзини топширди...
Айни дамда боятдан бери жимгина ўтирган қушча пир этиб ҳавога кўтарилганди, титроқ новдалардан дувиллаб ўрик гуллари тўкилди. Сўнг қушча шитоб билан юриб кетаётган Ҳасаннинг боши устига учиб борганча ғалати сиёқда чарх ура бошлади. Кўрган киши “Нимасини йўқотди экан бу қушча?”, деб ўйлаши тайин эди. Лекин Ҳасан нечундир қушчани кўрмади. Эҳтимол, кўчадан виз-виз ўтаётган машиналар шовқини ёки йигит қалбида жўш ураётган орзулар ғалаёни халақит бергандир. Нима бўлгандаям, қушча яна бир муддат ўша кўйда учиб, чунон безовталик ичра чуғурлади-да, бирдан ҳеч қандай парранда зотига хос бўлмаган шиддат ила кўкка тик парвоз қилди... Кўп ўтмай мовий рангларга сингиб, ғойиб бўлди...
Дарвоқе, қушча учганда титраб қолган шохга қўшилиб энди бутун дарахт гулларини тўкишга киришди, афтидан, бу ишни новдаларида битта ҳам чечак қолмай, батамом шип-шийдам бўлгунча давом эттиргудек алфозда эди...

“Ёшлик” журналининг 2010-йил 9-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика