Келишув (ҳикoya) [Akbar Rustamov]

Келишув (ҳикoya) [Akbar Rustamov]
Келишув (ҳикoya) [Akbar Rustamov]
Қобил гаи хуноб бўлди. Мана, соат ўн бирга қараб боряптики, бирорта ҳайдовчи қоида бузгани йўқ. Аксига олиб, бугун институтда ўқийдиган ўғлининг имтиҳони бор. Пешинга комиссия учун «обед пули»ни олиб кетишга келишишганди. Қани энди бирор ҳайдовчи палакат босиб тезликни оширса ёки «перегруз» қилса-ю, шофёр: «Кечирасиз, акажон», деб техпаспортнинг ичига ...
Оч қоринга овқат ҳақида ўйлаш ёқимли бўлганидек, Қобилвой ҳам шу ўйлар таъсирида тамшаниб қўйди. Кейин эса диққатликдан у ёқ-бу ёққа юрди, чекди, йўлга орқасини ўгириб, киши сезмайдиган қилиб бир қултум «анавин»дан ютди...
Ниҳоят, узоқдан машина қораси кўринди. Қобилвой қўлини соябон қилиб уловнинг маркасини аниқ кўрди-да, хотини ўғил туққандек, қувониб кетди: «Ест, «Запарожетс». Машина яқинлашгач, ҳуштак чалиб, таёғи билан йўл четини кўрсатди.
Назоратчи кўп йиллик тажрибасидан яхши билади: кўримли машинадан фойда йўқ. Унақаларнинг ё ўзи катта бўлади, ёки катталардан таниши бор. Агар билиб-билмай шулардан бирортасини тўхтатиб қўйса, куни бошлиқнинг хонасида ҳисоб бериш билан ўтади.
– Обл гаидан Қобил гаи, – назоратчи ҳайдовчига эҳтиром кўрсатди. – Ҳужжатларингиз!
Ғаладондан олиб берилган қоғозларни синчиклаб варақлаган назоратчи, ўзи «ахтарган» нарсани тополмади шекилли, хўмрайиб сўз қотди:
– Қоида буздингиз, ака, баённома тузамиз. Тезликни оширдингиз.
– Э-э, бошлиқ, ахир, минг уринганда ҳам бу машина олтмишдан ошмайди-ю, – деди ҳайдовчи ҳайрон бўлиб.
– Бошни қотирманг, барибир қоида бузгансиз. Ҳеч бўлмаса... Ҳа, дарвоқе, машинангиз эски «Запарожетс» экан. Бунақаларнинг эколўгияни қанчалик заҳарлашини биласизми ўзи?
Қобил гаи билимдонлик қилгани сайин, суҳбатдошининг шамани тезда илғамаслиги-ю, бефаросатлигидан сиқилиб борарди.
«Ҳе, ўл-а, – деди ичида. – Одамни шунча гапиртиргандан кўра, киссага тўрт-беш сўм тиқиб кет. Нима қиласан, мени ҳам, ўзингни ҳам овора қилиб?».
Шунда ҳайдовчи бармоқлари билан чўнтагидан ниманидир излаётганини кўриб, қувониб кетди. Аммо чўнтакдан кутгани эмас, рўмолча чиққанини кўргач, ҳафсаласи пир бўлди.
«Йўқ, энди ростдан ҳам протокол тузишга тўғри келади, – ўзича аҳд қилди назоратчи, – лоақал бошлиқларга ҳалол ходим эканлигини шу орқали кўрсатади...»
Шу аҳд билан Қобил гаи қоғозни қоралай кетди ва қовоғини солган кўйи варақни машина эгаси томон сурди:
– Ўқиб, қўл қўйинг!
– И-э, бошлиқ, саводдан ҳам бор экан-ку! Фамилиям Замбуров эмас, Зокиров!..
Ҳайдовчи пичингидан сесканиб кетди. Шундай бўлса-да, вазиятдан чиқишга уриниб, дўқ аралаш сўз қотди:
– Саводим билан нима ишингиз бор? Шошганда бўлади-да. Беринг, тузатай.
Назоратчи ҳайдовчи фамилиясини тузатгандек бўлди.
– Э-э, яшанг! – Баённомани қўлига оларкан «Запорожетс» эгаси ўзини тўхтатолмай кулиб юборди. – Бир сўзнинг ичидаги ҳарфларни жойига қўёлмайсиз-у, кўчада тартибни қандай эплайсиз. Назоратчилик гувоҳномасини қандай олгансиз? Баённомани сиз менга эмас, мен сизга тўлдиришим керак экан. Ҳа, майли. Мана, айнан имзонгиз турибди. Шу ҳам етар. Бошлиғингиз олдида яхшигина далил бўлади. Сўрайлик-чи, саводсиз кишиларни масъул вазифага қўйиш тўғримикан?!
Суҳбатдоши сўзларини ҳазилга йўйиб турган Қобил гаи аҳвол жиддийлигини тушунди. Қоғозни қайтариб олиш учун аввалига сиёсат қилиб кўрди. Бўлмади. Илтимосга ўтди. Фойдаси йўқ. Охири ялинишга ўтди.
– Илтимос, акажон. Бошлиққа борманг! Бола-чақамнинг ризқи қийилади-я. Ўзи яқинда бир ҳўкизимни сотиб, ишга қайта тиклангандим. Илтимос...

Ниҳоят, узоқ музокаралардан сўнг келишиб олишди. Унга кўра, акт қоғози ҳайдовчида турадиган, назоратчи эса бундан буён уни йўлда қай ҳолда кўрса ҳам, кўрмаганга оладиган ва ... имлони яхшилаб ўрганадиган бўлди.
Tavsiya qilamiz
.
. .
Яндекс.Метрика