Сайланма [Abdulla Oripov]

Сайланма [Abdulla Oripov]
Сайланма [Abdulla Oripov]
Сўзбоши
Буюк ўзбек шоири.Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири. Шоир ўз ҳаёт йўлини шундай тасвирлайди: Менинг туғилилиб ўсган, болалигим ўтган жойлар Қарши (қадимги Насаф) шаҳридан беш-ўн чақирим шимолроқ томондаги Қўнғиртов этакларидир: Боболаримизнинг айтишича, қайси бир замонларда Навоий бобомиз Самарқанддан Бухорога ана шу Қўнғиртовни ошиб ўтган эмишлар. Албатта, бу гаплар халқнинг хотирасида ўқтин-ўқтин чақнаб турадиган хаёл учқунлари бўлиши мумкин.
Ўша Қўнғиртовда бизнинг болалик йилларимиз ўтган. Баҳор келганда ҳавони ўт-ўланнинг ёқимли хушбўй ҳиди қоплар, шаррос ёмғир қуйганда биз тоғ чўққиси унгуридаги кичик-кичик ғорларга бекиниб олардик. Ўша юксакликдан шимол тарафдаги ям-яшил бепоён кенгликларни томоша қилар эдим, тўйиб-тўйиб нафас олар эдим. Айниқса, бу жойларда жануб кечалари, юлдузли осмон ниҳоятда гўзал бўлар эди. Тим қора осмонда қўл чўзсанг етгудек улкан-улкан новвотранг юлдузлар чарақлаб туради. Ҳаётимда бундай гўзал манзараларни кейин учрата олмадим.
Биз оилада тўрт ўғил, тўрт қиз ўсганмиз. Акаларим Бухоро, Тошкент олий ўқув юртларида тил-адабиёт факултетларида ўқишарди. Табиийки, улар кўтариб юрган китобларнинг аксарияти бадиий адабиёт намуналари эди. Менинг аллақачон саводим чиққан, китобларни шариллатиб ўқий олардим. Мен бугунги кунда ғоятда ажабланиб шуларни эслайман. Негадир болалигимда ҳотирам ниҳоятда кучли эди. Бир ўқиганим эсимда қолаверар эди. Радио, телевидение ёхуд бошқа томошалар болмаганидан кейин эрмагим китоб эди-да. Дуч келган нарсаларни ўқиб, дуч келган нарсани ёдлаб олардим. Бу китоблар орасида ҳалқ достонлари ҳам, Навоий бобомизу Пушкиндан таржималар ҳам, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон шеърияти ва яна бошқа кўп рўмону қиссалар бўларди. Дарвоқе, қиш кунларида тўйларга қўшни туманлардан номдор бахшилар келиб, тонг отгунча достон айтишарди. Биз болалар бахшини тинглай-тинглай бир-биримизга биқинишиб ухлаб ҳам қолар эдик. Янглишмасам, ўшанда Умур шоир деган бахшининг достонларини кўп эшитганман.
Энди биринчи шеърлар ёза бошлаганимга нима туртки бўлганини аниқ билмайман. Ҳар ҳолда сўзларни қофиялашга ишқибоз бўлиб қолганим эсимда. Балки зерикканимдан, балки завқим тошиб, ниманидир ёзгим келаверарди. Фикр эса йўқ. Ёзмасликнинг ҳам иложи йўқ. Шунинг учун она, ота, мактаб, бригадир Нодир каби гапларни ўзимча шеърга солиб айлантириб юрардим.
Мактабни олтин медал билан битирдим ва 1958 йил Тошкент Давлат университети филология факултетининг журналистика бўлимига келиб қолдим.
Университетда адабий жараён ғоятда қизғин эди. Адабиётимизда из қолдирган ва қолдираётган кўпдан-кўп ижодкорлар ўша йиллари дорилфунуннинг турли курсларида таҳсил олишарди: Факултетимизда адабиёт тўгараги муттасил фаолият кўрсатарди. Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов каби устозларимиз биз билан соатлаб машғулот олиб борардилар.
Шеърларим матбуотда тез-тез босила бошлади. Озод аканинг ъОқ ёлиъ билан ъШарқ юлдузиъда шеърларим чиқди. Ёзувчилар уюшмасидаги мушоиралардан бирида ъМуножатни тинглабъ, ъБургутъ деган шеърларимни ўқидим, ўша куни Абдулла Қаҳҳор назарига тушдим. Миртемир домла атрофида кўп шогирдлари қатори сабоқ олдим. Шайхзодадек донишманд устозга эргашиб, у киши шеър ўқиган минбардан мен ҳам шеър ўқидим. Эсимда, Эски шаҳардаги ҳозирги ъТуронъ кутубхонасида ўқиган шеърларимни тингловчилар жуда илиқ кутиб олдилар. Учрашувдан қайтаётганимизда Шайхзода домла билагимдан тутиб, ъШоир, сизга битта гапим бор. Эҳтиёт бўлгайсиз, ишқилиб қарсаклардан талтайиб кетмасангиз бўлганиъ, деган. Бу гаплар ҳам менинг қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолди.
Бу орада китобларим кетма-кет нашр қилинди. Устоз Ғафур Ғулом қатнашган давраларда шеърларини ўз оғизларидан неча-неча бора эшитдим. Бир сафар Ғафур ака елкамга қоқиб, ъКеча телевизорда шеър ўқиган бола сенмисан. Ёзавер, ўғлимъ деганларини ҳеч қачон унутмайман. Ва ниҳоят, бир куни мени Ойбек домла йўқлаётганини айтиб қолишди. Бу улуғ зот беморроқ бўлганлари сабабданми ёки салобатлари ғоят буюклигиданми, хонадонларига ҳар қандай қаламкаш юрак ютиб боролмас, баҳайбат чўққига боққандай домлани узоқроқдан томоша қилиб юрардик. Ойбек домла билан учрашувларимни ҳамда кечирган ҳаяжонимларимни қоғозга туширсам бир рисола бўлар. Домлага ъАрманистонъ деган шеримни ўқиб берганимда ъингичка, ингичкаъ, деб қойганларини эслайман. Бу ҳитоб шерингизда нозик қочиримлар бор дегани бўлса керак, деб ўйлайман. Ойбек домла кейинги сафар чорланганларида қўлимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка тавсия қоғозини тутқаздилар. Иккинчи тавсия Миртемир домладан келди. Шу ёсинда уйишмага Комил Яшин райисликларида аъзо бўлиб кирдим.
Сўнг турли матбуот идораларида хизмат қилдим, катта-кичик мукофотларга, халқ шоири унвонига сазовор бўлдим. Мустақиллик йилларимизнинг буюк инъоми Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига ҳам лойиқ топишди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Давлат мадҳияси матнини ёзишга мушарраф бўлдим. Асосий иш фаолиятим ижод ва ижодий соҳага тегишли хизматлар билан ўтаётир.ъ («Кўрган билганларим». 2000-йил 23-январ.)

Ўзбек Пахтаси
Дунёда қутловлар бор
Бири биридан гўзал,
Дунёда табриклар бор
Бири биридан эзгу.
Ва лекин бу оламда
Топилмас ҳеч бир маҳал
Она-юрт қутловидан
Баландроқ бирор туйғу.
Шу мўъжаз ҳаётимни
Эл-юртга боғлабман то,
Бир кетмончи ўғлидай
Унга эшман, тирикман.
Каҳрабо тизимчанинг
Донаси каби гўё
Мустаҳкам шу қаторнинг
Тақдирига шерикман.
Тонг билан жаҳон бўйлаб
Бир хабар қоқди қанот,
Ўзбек яна ўз сўзин
Устувор дўндирипти.
Бетимсол талотўпда
Музаффару босабот,
Ўзбек яна дўпписин
Қиялаб қўндирипти.
Миллион йиллик сўз эрур
Пахта бизнинг луғатда,
Жўякларда бошланган
Оналар тўлғоқ дарди.
Мабодо ўсимликка
Забон битса, албатта,
Пахта нави энг аввал
Ўзбекча гапирарди.
Одати нурин сочар
Оламга ҳар кун қуёш,
Бағрида не сирлар бор,
Сиғмайди тасаввурга!
Шу бир чаноқ пахта ҳам
Зоҳирдан маъсум, ювош
Ва лекин заҳматлари
Сиғмас онгга, шуурга.
Дунёда инсонлар бор,
Майда бир армон сабаб,
Бир-бирин ёқавайрон,
Тупроққа қоришади...
Оламнинг эгнин бутлаш .
Ўзбекка шудир матлаб,
Шу армон, деб чўнг халқим
Бир умр олишади.
Бизнинг уйган хирмонга
Чамбар қилсанг чечакдан,
Юлдузлар шабнам мисол
Бўлади унга инжу.
Боласи уйда қолган
Муштипар келинчакдан
Хизрсифат чолгача .
Барчанинг меҳнати бу!
Халқим, сенсан элларга
Тўкин дастурхон тузган,
Неъматинг ўзингга ҳам
Барқарор бўлсин, дейман.
Уйган бу хирмонинг ҳам
Қуёшга қўлин чўзган
Муҳташам ҳайкалингга
Пойдевор бўлсин, дейман!

1981
Уй
Ижроқўм уй бермиш,
Кўзларингда ёш...
Шунчалар кўпмида дилингда дардинг.
Етар, таъзим билан эгаверма бош,
Етар, юрагимни эзиб юбординг.
Сеники аталар шу ер, шу замин,
Ё уни назарга илмаганмидинг?
Сенга ҳам тақдирнинг хатлаб берганин
Шунча йил ўтибди, билмаганмидинг.
Ижроқўм уй бермиш,
Бағоят савоб,
Лекин кўрмай сени муте шаклида.
Ҳақиқатнинг тагин изласанг шу тоб
Мутлақ сеникидир уйлар аслида.

1981
* * *
Бахтиёр ҳар дилга ошно топилгай,
Ғуссали юракка лекин йўқ ҳамдам.
Дўстлар эшиги ҳам тақ-тақ ёпилгай
Ғуссали қалб у ён гар қўйса қадам.
Ҳорғин бир йўлчингман, дарвозангни оч,
Бошлаб келди дема кулфат, қайғуни.
Ногоҳ кўзларимда кўрсанг қатра ёш
Соғинч ёшлари деб қабул эт уни.

1981
Болалар Шоирларига Ҳазил
Соат бўлди тўрт ярим,.
Деди Дилбарга Карим.
Буни эшитди Ғулом,
Салим билан Дилором,
Шоира-ю, Гулноза,
Хадича билан Роза.
Алишер-у Бахтиёр,
Хуршид, Витя, Ихтиёр,
Азим, Мойли, Дадашвой,
Шукур, Аҳмад, Адашвой,
Мавлуда-ю, Илҳомжон,
Ғайрат, Саъди, Инъомжон,
Тошпўлат, Юлдуз, Зоҳир,
Зарифа, Маҳкам, Омон,
Миразиз, Сафар, Раҳмон,
Шавкат, Йўлдош, Узоқбой,
Болта, Теша, Тузоқбой,
Эшмирза, Элдор, Журъат,
Муқимий билан Фурқат...
Энди соат беш ярим,.
Деди Дилбарга Карим.

1981
Ёзғувчиликка Ариза (Бир Ғаламис Тилидан)
Мени назарига илмайди биров,
Сизга шу гапларни айтайин тикка.
Кеча бир даврада ўйнадим гаров,
Мени қабул қилинг, ёзғувчиликка.
Ҳар хил союзлар бор.
Масалан, кино,
Демангиз мен ўзни унга ураман.
Сабил техникаси қийинмиш, аммо
Томоша қилишни яхши кўраман.
Рассом бўлишликка тоқатим ҳеч йўқ,
Чунки зарил бунда ғалат истеъдод.
Масалан, хўтикка ўхшасин хўтик,
Шарманда қилади бундақа ижод.
Бастакорларда ҳам бор эмиш союз,
Бу ҳам тўғри келмас, ростини айтсам.
Виждоним йўл бермас, чидамайди юз,.
Қўшиқ айтмаганман умримда ҳеч ҳам.
Шоирлик-чи, тегсин худо урганга,
Сотиб олайинми текин кулгуни.
Даб-дуруст жумлалар қатор турганда,
Тескари айтмоқлик шартмикан уни.
Ёзғувчилик эса, оҳ, бу ғаройиб,
Менинг талантимга шу соҳа нуқта.
Пасту баландларга турфа, ажойиб
Мактублар битганман ғоявий пухта.
Хуллас, ўртоқ раис, айлангиз имдод,
Мен сизга ҳақ гапни айтаман тикка.
Кўпириб ётибди менда истеъдод,
Мени қабул қилинг ёзғувчиликка.

1981
Зўр Армон (Бир Ношуднинг Деганлари)
Ҳамма ҳар нарсага эрур ишқибоз,
Кимдир марка йиғар, кимдир ит боқар.
Кимларга қиш яхши, кимларгадир ёз,
Менга эса фақат қарсаклар ёқар.
Осонми, дунёда яшадим қанча!
Қочиб, пусиб юрдим замонлар ўтиб.
Мана, савлатим бор, ёшим ҳам анча,
Ва лекин ўртандим қарсакни кутиб.
Ажабо, халқ бунча бўлмаса ўжар,
Бунчалар хасис у оддий қарсакка.
Нечун бошқаларни шон-шуҳрат қучар,
Бу ҳолдан фиғоним чиқар фалакка.
Эй, сиз, студентлар, инсоф борми ҳеч,
Бунчалар шаккоксиз, бунчалар нодон?!
Сиз қарсак чаляпсиз кимга эрта-кеч,
Мен-чи, қолавердим бир четда нолон.
Гарчанд, баъзи жойда топдим эътибор,
Кўксимда нелардир таратур зиё.
Дашном эшитдим-у умримда кўп бор,
Қарсак тингламадим нечундир асло.
Дунёнинг ишлари чиндан нотугал,
Сиз унинг хатосин бир бор тузатинг,
Дўстлар, ўлган чоғим, раҳм этинг бир гал,
Мени қарсак чалиб гўрга узатинг.
1981

* * *
Муаллақ гапларни сўйлама менга,
Энди мен ер узра топганман қўним.
Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нега,
Инсон ёнингда-ку, у менинг қўшним.
Иқбол деб беҳуда чекасан ёҳу,
Оҳинг бу - фолбиннинг даракларидир.
Асрим, асрим дейсан, асринг нима у!
У тўзғоқ календар варақларидир.
Боғингда бир ниҳол гуллабди бу кеч,
Эрта қийғос бўлар олма нопармон.
Илк баҳор заҳрини ўйладингми ҳеч,
Заминда не армон, сенда не армон.
Бир вақтлар илҳомнинг ўтли тиғида,
Фалакни кўзларди менинг ҳам созим.
Лекин икки дарё оралиғида,
Қолиб кетди менинг ўша овозим.
1981

* * *
Дунёда диёнат ҳали мавжуддир,
Ҳали мард йигитлар яшаб юрибди.
Оналар оқ сути ҳамон оқ сутдир,
Қуёш ҳам фалакда порлаб турибди.
Ҳали қай дилларда яшар тангри ҳам,
Ҳали афсоналар ўлиб кетмаган.
Ҳали соф туйғулар топмаган барҳам,
Инсон орзусига ҳали етмаган.

1981
Шоир Умри
Дарахтни ҳамиша ўрайди шамол,
Шоирни ташвишлар чулғар ҳамиша.
Сен шоир умрини дема безавол
Унинг ҳам ҳар они ташвишга пеша.
Қара-я, ўтибди қирқ йил муттасил,
Яшабман юлдузлар остида карахт.
Оҳ, шоир умрига ҳавас қилмагил,
У қуюн ичида унган бир дарахт.
1981

* * *
Ердан ўзга жойда ҳаёт йўқ эмиш,
Йўқ эмиш самода бирор-бир жонзот.
Олимлар шундайин қарорга келмиш,
Сира ажабланманг бу ҳолдан, устод.
Улар хўп тинчибди, толеи кулиб,
Асли йўқ нарсани ахтармоқ бекор.
Мен эса то ҳануз умидга тўлиб
Излайман заминда дўсти вафодор.

1981
Қайрағоч
Ассалом, азизим, қайрағоч оға,
Балки мен жиянман, сен менга тоға.
Фарқимиз биттадир: сенинг тилинг йўқ,
Юрарга оёғинг, кетар йўлинг йўқ.
Лекин бахтлидурсан, соя солурсан,
Баҳра олганлардан дуо олурсан.
Тоғажон, менинг-чи, аҳволим мушкул,
Мендан паноҳ топган қарғайди нуқул.
Битта илтимос бор: ўрин алмашсак,
Мен ҳам дарахт каби яшасам андак.
Сен-чи, бу дунёга Инсон бўлиб боқ,
Майли, бир кун мени ўтин қилиб ёқ.

1981
Мени Олиб Кетинг
Тинч эди ҳамма ёқ, тинч эди ҳар ён,
Титради гўёки ер билан осмон.
Бошимга хасталик тушди ногаҳон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Иссиқ жон, дейдилар, жон бўлса бўлар,
Пайт келса чечак ҳам сарғаяр, сўлар.
Ким билгай паймонанг қай ерда тўлар,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Гинам бор бу юртнинг на ҳавосидан,
Меҳрибон докторнинг на давосидан.
Қайтарманг хастани муддаосидан,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Шаънимга ғаюрлар бир сўз демасин,
Ҳар ким ўзи тортар умр кемасин.
Ҳеч кимни муштоқлик дарди емасин,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.
Талпинган диёрим, у - Ўзбекистон!
Сеҳрини айтишга борми ҳеч имкон!
Йўқ, ўзга юртларда беролмасман жон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

1981, Москва
Ранглар
Иринага
Қачондир Шимолнинг оппоқ қоридан,
Сени яратганди зукко табиат.
Кўзингга ранг берди осмон қаъридан,
Шул сабаб мовийдир бу кўзлар беҳад.
Сунбул сочларингни яратган чоғда
Заъфарон шафаққа бўяб олди у.
Боқиб лабларингга, ўзи ҳам доғда,
Қонталаш бир рангни бера қолди у.
Роса пардоз қилди табиат тўлиб,
То ойдин ранглари тортгунча хира.
Барча ранг устидан қўриқчи қилиб
Қора Отеллони яратди сўнгра.

1981, Москва
* * *
Режами? Олдиндан гапириш қийин,
Ҳаёт ҳам, ижод ҳам нозикдир қилдек.
Таъна тошларини отмай турасиз,
Ҳаким билан бир оз ҳамкорлик қилдик.

1981
Талпинамиз Манзиллар Сари
Олис денгизданми ё йироқ тоғдан,
Булутлар келдилар билмам қай ёқдан,
У баҳор, ёз бўйи сўл ила соғдан,
Пахтакор халқимга даф қила қолди.
Ҳа, яшар табиат гулдурос солиб,
Дарёга сув сочар ташна ер қолиб,
Гарчи пахтакор эл ҳамиша ғолиб,
Лекин ушбу сафар тинчи йўқолди.
Ойнинг у ярмида ёмғир, қор ёғар,.
Қимтиниб Тойлоқов беради хабар,
Мухбир-чи, уқдирар:. бизники зафар,
Довда Бободеҳқон ҳаққини олди!..
Пахта деб, ҳа, қачон тортмадик ташвиш,
Ўша-ўша ёз бу, ўша-ўша қиш,
Боболардан мерос - битмаган бу иш,
Ўзбекнинг қай маҳал билаги толди.
Яна заҳмат чекар элда ёш-қари,
Яна талпинамиз манзиллар сари,
Донолар дунёни демиш кўпкари,
Боқинг, Ўзбекистон дадил от солди!

1981
Бизнинг Шеър
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ...
Пахтакорлар ва ишчилар писанд қилдилар.
Зиёлилар, юмушчилар писанд қилдилар,
Студентлар, тўқувчилар писанд қилдилар,
Мактабдаги ўқувчилар писанд қилдилар,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Лекин бизни анча зотлар писанд қилмади,
Яёв эдик, саман отлар писанд қилмади,
Шоҳ сургандик, бироқ мотлар писанд қилмади.
Таажжубмас, шеърга ётлар писанд қилмади,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Шоирни ҳеч таниганми ҳиссиз димоғдор,
Муқимийнинг авлодимиз камтар ва ночор.
Лекин шоир сўзи билан ҳамиша пойдор,
Аминхўжа бу борада гувоҳдир зинҳор,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Шоир зоти юрагига бўлибдир маҳкум,
Ижро бўлмас, у бўлса-чи, ўқийди ҳукм.
Асрлардан қолиб келган оқибат шулким,
Қулоқ солмас унга баъзан ошно ижроқўм,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.
Мен кичкина увоқдирман, дунё томидан
Сўзлагайман ўтган-кетган шоир номидан.
Ҳар ким ичгай шўр қисматнинг аччиқ жомидан
Лекин дегум бу давроннинг хуш айёмидан,
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ.

1982
Ҳайронлик
Чиндан ғалат эрур дунё ишлари,
Миянг ғовлаб кетар ўйлаган сари,
Диёнат, хиёнат аралаш бари,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.
Кўрдик инсон феълин ўру қирини,
Баҳам кўришарлар аввал сирини.
Сўнгра нимта қилар бири бирини,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.
Гоҳо сендан азиз остингда отинг,
Гоҳ бир ғаламисга боғлиқ ҳаётинг,
Яхшиям қаторда бордир баётинг,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.
Сен дейсан, дилим пок, рашкдан йироқман,
Сен ундинг, мен эса ҳануз тупроқман.
Йўқ, дўстим, мен сендан бечорароқман,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.
Не қилай, ёмонга ўқийми лаънат,
Ё шодон қўшиқлар айтайми фақат.
Бировда меҳр мўл, бировда нафрат,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.
Ҳар қалай бахтлимиз - тирикмиз магар,
Қолган гаплар эса ўтарда кетар.
Бамисли карнайга ишқи тушган кар,
Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз.

1982
* * *
Сенга бу дунёнинг гули, неъмати,
Сенга, эй қай бир дам яралган санъат.
Сенга ошуфта бу дилнинг рағбати,
Сенга оҳиста бу арзи муҳаббат.
Йиллар ўтиб кетмиш, қаёқда эдинг,
Қайси гулшанларда яшардинг, армон.
Хазонли бу боққа нечун ҳам кирдинг,
Нечун хаста дилга солдинг ғалаён.
Собит эсам-да, гар тополмасман эп,
Қаршимда осмонни паст қила қолдинг.
Сен ўтган дунёга қайдан йўл топиб,
Кечмиш бир инсонга қасд қила қолдинг.

1982
Ўзбегим Тожик Билан
Дўсту қардошдир азалдан
Ўзбегим тожик билан,
Иккиси бир байт ғазалдан
Ўзбегим тожик билан.
Қай йўсин айлай қиёс мен
Бул ширин дўстлик сўзин,
Тотлидир болдан, асалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Бахтга ёр доим Навоий токи
Жомий бор экан,
Биз улар қўйган тамалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Фаҳм этиб боқсанг агарда,
Биз қўша сайёрамиз,
Бу Али сўзлар Зуҳалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Бир эгатнинг боши сену
Бир эгатнинг боши мен
Ер экиб тинмас ҳамалдан,
Ўзбегим тожик билан.
Бул қадрдон икки дўстга
Хоҳишимдир, то абад
Топса бир маъно масалдан,
Ўзбегим тожик билан.

1982
Савоб
Авжи саратонда ҳансираб, ёниб,
Қоврилиб оловли йўллар тафтида,
Муздайин булоқдан сув ичгач қониб,
Ҳордиқ олганмисан чинор тагида?
Руҳингда сафою танингда мадор,
Умидбахш қўшиқлар куйлаганмисан?
Ўша пайт, ўша он ҳеч қурса бир бор
Чинорни ким эккан - ўйлаганмисан?
Рўбарў келдинг сен тошқин дарёга,
Қолдинг соҳил узра чорасиз, гирён,
Лекин йўлиққандай ажиб рўёга,
Қаршингда бир кўприк бўлди намоён.
Бамисли узала тушган хор вужуд,
Кўтаргай у турфа инсонлар корин.
Ўтдинг сен дарёдан саломат ва бут,
Лекин ўйладингми кўприк меъморин?
Ўрмонлар бағрида сайр этган сайёҳ,
Чангалзор қўйнида саргардон овчи,
Мўжаз бошпанани кўрдингми ногоҳ,
Уни қолдирмишдир қай бир йўловчи.
Қолдирмиш у сенга қаро кун учун,
Бир чимдим туз билан бир жуфт чақмоқ тош.
Ўйлаб кўрганмисан, бу ҳиммат нечун,
Ўйлаб кўрганмисан, кимдир у ғамдош?
Ҳа, инсон умрининг кечмиши ажаб,
Гоҳ тўнғар, гоҳо у яшнар қулф уриб...
О, балки қайси бир фидойи сабаб,
Юрибсан сен ҳаёт нашъасин суриб.
Айт, ахир ўзинг ҳам то борсан собит,
Кимсага насиба узатганмисан?
Кўчангдан лапанглаб ўтганда тобут,
Сен уни тўрт қадам кузатганмисан?
Чорасиз бир инсон учраган дамда,
Унсиз сўроғига қилдингми жавоб?
Айт-чи, билармисан, ёруғ оламда
Буларнинг барчаси аталгай савоб.
Йўқ, йўқ, ўзга эрур бидъат ва карам,
Ҳиммату саховат тирикларга хос.
Боболар бетаъма қурган дунё ҳам
Асли савоб учун қолган бир мерос.
Кимдир тузар уни, кимдир бузади,
Кимдир борини ҳам қилади барбод.
Кимдир таъма билан дунё кезади,
Кимдир ўксук дилни этади обод.
Савоб деб инграйди дунёмиз беҳол,
Зордир у нажотбахш ҳислар сеҳрига.
Жангларда толиққан мажруҳ зот мисол,
Суяниб яшар у инсон меҳрига.
То ҳаёт эканмиз савобга зормиз,
Йилт этган шуъладан диллар файзиёб.
Гоҳ ғамгин, гоҳ эса умидга ёрмиз,
Йўқолмаса деймиз дунёдан савоб.
Ахир унинг билан гуллагай очун,
Ахир унинг билан умрлар шоён.
Фақат савоб борки, жаҳон бус-бутун,
Фақат савоб борки, азиздир Инсон!

Арслон Чорлаганди...
Эркин Воҳидовга
Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.
Жами тирикликка таниш шу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

1982
* * *
Сен узоқ яшайсан,
Ҳаммадан зиёд.
Ҳали тойчоқларинг ўйнаб юрибди.
Мени-чи, шум ажал эшикда, ҳайҳот,
Эгарланган отдай кутиб турибди.
Сен балки бахтлисан,
Умрингда кўклам,
Тунлар ранг олади ҳали сочингдан.
Мен-чи, назарингда ёвқур бўлсам ҳам
Бир кунда тўрт фасл кечар бошимдан.
Юз йил яшаб ўтар дунёдан биров,
Фурсат манглайига сололмас излар.
Йўқ, йўқ, йиллар эмас умрга эгов,
Уни емиради беомон ҳислар...

1982
* * *
Йироқ Европада, Охрит баҳрида,
Жаҳон шоирлари жам бўлган оқшом,
Кимдир шеър ўқиди бошоқ ҳақида,
Ризқини таниди ҳамма шу айём.
Фаластинлик шоир арз этди додин,
Мен ҳам инсонман деб, бўлай деб отлик.
Сўнг дарё қаърига отди китобин,
Унинг бир талаби эди озодлик.
Ҳа, нону туз билан тирикдир инсон,
Эркинлик, истиқлол менинг ҳам жоним.
Хайрият, уст-бошинг бутундир, жаҳон,
Пахтангни ўйладим, Ўзбекистоним.

1982, Македония
Тошкент ШаъНига
Гоҳо оддий маскандай туюлади, очиқ гап,
Ҳар куни яшайвериб кўникиб қолган уйинг.
Тошкентим, ажиб кентсан, муҳташам қўрғонсан заб,
Минг-минглаб чақиримдан кўриниб турар бўйинг.
Неча-неча элларда дуч келдим турфа зотга,
Тошкан десанг югурар юзларига табассум.
Тошкент сўзи уйқашдир тинчлик билан ҳаётга,
Тошкент деса англанур меҳр билан тараҳҳум.
Шундай пайт гоҳ ўйлайман: бунинг боиси недур,
Нечун шоир тилидан тушмайдиган назмсан!
Ахир, бунда ҳар бир ғишт тарихдан мужда эрур,
Беруний таъриф этган кўҳна шаҳри азимсан.
Ғафур Ғулом сўзини ҳар лаҳзада ёд этиб,
Тошкентнинг камолидан менинг ҳам кўкда бошим.
Нега унинг довруғи оламни кетмас тутиб,
Бу ерда ижод этса довруғли замондошим.
Тошкентдир камон ясаб дегрезларга бўлган жой,
Бугун ўзбек юртининг энг катта корхонаси.
Ўн тўрт гўдак ҳайкалин кўргандирсиз ҳойнаҳой,
Ўша турфа миллатнинг Тошкент бўлган онаси.
Жаҳон воқеотида сенинг таърифинг шоён,
Неча зотлар меҳрингдан илҳому завқ олмишдир.
Мен ҳам камтар фуқаронг,
мадҳ этурман бу замон,
Менинг ҳам қатра қоним
тупроғингда қолмишдир.
Ҳамиша устувор бўл, барқарор бўл ҳамиша,
Эй, кўҳна Шарқимизнинг
ҳеч сўнмас машъаласи.
Номинг каби мустаҳкам, пойдор бўл ҳамиша,
Дўстлик, бахт, мурувватнинг
мангу боқий қалъаси.

1982
Қонуният
Оқшом бароқ мушук лабини ялаб
Уйқуга кетади сичқонни ўйлаб.
Сассиз қанот қоқар бойқуш тунлари,
Эс-ҳушида фақат қушнинг инлари.
Тулки тўқайларда изғийди гирён
Хаёлида унинг товуқ ё қуён.
Бургут юксакларда қанот қоқади,
У ҳам ўлжа излаб тубан боқади.
Бу-ку, табиатда қонундир азал,
Фойдасиз бу ерда ахтарсанг масал.
Лекин оламда бор ўзга бир ҳолат
Уни шарҳ этолмас ҳеч кимса, ҳеч вақт.
Оҳ, фақат одамзод - фарзанди башар.
Бир-бирин маҳв этиш қасдида яшар.

1982
* * *
Замин айланади, чиқади қуёш
Ҳаргиз кибр билан кўтармагин бош.
Оёқ остингдаги харсангни тепма,
Балки ҳайкал бўлар сенга ўша тош.

1982
* * *
Сизга тилакларим бир жаҳон бўлсин,
Бошингиз офтобли осмон бўлсин.
Кундузнинг ғаройиб чоғидир оқшом,
Саодат бирла у нурафшон бўлсин.

1982
Эпиграмма
Сен ўлсанг нимангни кўмамиз экан,
Шуни ўйлаб қолдик билониҳоя...
Сен ахир жисми йўқ кўланкадирсан,
Сен ахир бировдан тушган бир соя.

1982
Сиздан Нима Кетди
Гарчи, яшамадим беиқбол, нигун,
Гарчи, давраларим нурлик, оташлик,
Нега, менинг дилим, титрайсан нечун,
Нечун юрагимни тирнайсан, ғашлик.
Не бу, эрта кетган ёшлигимми бу,
Ёки дўстларимдан орттирган ҳасрат?
Не бу, қандайин ҳис, қандайин туйғу,
Қандай номсиз меҳр, исмсиз нафрат?
Қирқ йил ҳам ўтибди мисли бир дамдек,
Қолгани не кечар - менга ноаён.
Вайрона тагида мажруҳ одамдек
Тирмашиб яшайман ҳаётга томон.
Сиздан нима кетди, эй дўсти азиз,
Соғинманг менга ҳар бир зум ёмонлик.
Мендан нима кетди, сизга ҳам чексиз
Саодат тилайин, тилай омонлик.

1983
Баҳор Тилаклари
Нечун кўклам мадҳи тушмас ғазалдан,
Шоирлар баҳорни куйлар азалдан?
Ошиқлар зангори кенгликка боқиб,
Қўшиқлар айтади бағрини ёқиб.
Табаррук чолларнинг чаккасида гул,
Момолар ўйида баҳордир нуқул.
Бир лаҳза яшарар қарри қўрғонлар,
Ажиб дилбар бўлиб қолар инсонлар.
Ҳа, баҳор мисраси менда ҳам талай,
Бу ҳолнинг боиси бордир ҳарқалай.
Азизим, ғунчага назар сол бир он,
Бағрида ҳозирча турфа ҳол пинҳон.
Ранглар яшар унда балки пушти, оқ,
Ажаб, тикони ҳам ҳозирча юмшоқ.
Тонг чоғи шаббода кўтаради бош,
Оҳ, нечоғ латифу нечоғлик ёввош.
Асли қаҳратоннинг набираси у,
Нашъу намолари ҳозирча эзгу.
Инсон феъли қизиқ, яшагай ҳуркиб,
Шерваччани силаб, шердан-чи, қўрқиб.
Баҳор норасида гўдакдай ширин,
Қўйнида эзгулик армон яширин.
Наштар бўлмасидан ғунчанинг хори
Ширин туюлади унинг дийдори.
Бўронга айланмай шаббода - гўдак
Озурда дилларни яйратар бешак.
Одам боласига доим умид ёр,
Шул сабаб баҳорга тилаги бисёр:
Оламга қабоҳат заҳрин сочмаса,
Масъум юракларда яра очмаса.
Қопламаса басдур еру самони
Мудҳиш қирғинларнинг қора тўзони.

1983
* * *
Яшасанг дунёда ёруғ юз билан,
Ҳурмат кўргузсанг ва бўлса иззатинг!
Кетсанг, эсласалар ширин сўз билан,
Яхши номинг қолса, қолса хизматинг.
Ғаним нафратингга келолмаса бас,
Кулсанг, сидқидилдан яйраб кулолсанг.
Дилда ғашлик бўлмай яшасанг, хуллас,
Бахтли одамлардай бахтли бўлолсанг.

1983
Бобур
Мен-ку, оддий одам,
Шундоқ бўлса ҳам
Шукр, бас, деганча ғанимларим бор.
Шарт эмас уларга таъриф чинакам,
Бири жунунсифат, бирови ҳушёр.
Бировига ёқмас жиндек журъатим,
Бировига ёқмас мен юрган йўлак.
Ногоҳ бирор жойда чиқса сувратим
Бири ухлай олмай қийналса керак.
Биз шундай ўтамиз,
Яъни кун кўриб...
Майдагина кучсиз, майдагина зўр.
Ҳаётнинг мана шу буржидан туриб,
Мен Сизни ўйладим, ҳазрати Бобур.
Сиз - зобит, дастини чўзган дунёга,
Сиз - шоир, мангу бир аланга ёққан.
Наинки бандалар, Сизнинг сиймога
Не-не салтанатлар кек билан боққан.
Баҳодирлик ичра ёр Сизга Ҳумой,
Сиз улуғ зотларнинг изин босган эр.
Назмий саждагоҳда Сизга, ҳойнаҳой,
Имомликка ўтгай фақат Алишер.
Ҳа, ёлғиз шеър қолди, бошқаси, абас,
Етти иқлим аро достон нақлингиз.
Не бахт, парчин бўлиб тож деган қафас,
Бизга етиб келди олмос ақлингиз.
Айтинг, не топдингиз Сиз кезиб дунё,
Ҳануз боқишарлар шўришга тўлиб.
Шоирсиз, яхшиси, қолингиз, Мирзо,
Мушфиқ юртингизда бир шоир бўлиб.

1983
Бир Цирки...
Дедингки, мумкинмас сенга ҳаяжон,
Кулфатдан йироқ юр, май ҳам шарт эмас.
Магар ер юзини босса ҳам тўфон
Сенинг тўпиғингга чиқмаса, шу бас!
Ҳа, дўстим, ҳаяжон энди муваққат,
Шодлигу ғамни ҳам тотганман бир оз.
Тўфон босганда ҳам ер юзин, фақат
Қутулиб қоларди ўрдак ёки ғоз.
Лекин огоҳ этай сени бир сирдан,
Балки, таниш сенга бу ҳолнинг фоли.
Айт-чи, қай аҳволга тушардинг, бирдан
Елкангда ўрмалаб қолса чумоли.
О, кибор туйғулар, эзгулик, виждон...
Булар ҳаётдаги мавжуд бир ишдир.
Ўзингни осмонда санама, Инсон,
Сени енгадиган... майда ташвишдир.

1983
Дўстим Мурод Ҳамроев Хотирасига
Мен кўриб турибман,
Ер-осмон парчин,
Фарзандинг фиғони кўкларга ўрлар.
Бир ёнда ўзбеклар эгибди бошин,
Бир ёнда болам деб йиғлар уйғурлар.
Нима қилиб қўйдинг,
О, дўстим Мурод,
Наҳот ўлимда ҳам сен бўлдинг пеша,
У аҳду паймонлар бўлди-ку барбод,
Якка ов қиларкан ажал ҳамиша.
Минглаб йил ўтса ҳам осмон қаърида
Тўқнашмас фалакнинг икки тўзони.
Не бахтким, ўзбекнинг мунис бағрида
Менга дўст бўлгандинг, уйғур ўғлони.
Нега яхшиларга нотанти ҳаёт,
Нега ғаним қолиб, дўст кетар нега?
Зукко олим эдинг, ўзинг айт, Мурод,
Табиат ишига бормикин эга?
Нетай, жанозангга кечикдим ўзим,
Ногоҳ бу зарбадан қолдим довдираб.
Кимга хитоб айлай, Мурод, азизим,
Боқурман қабрингга энди жовдираб.

1983
Қуёш Шаҳри
Энг теран чашмадек тиниб, сизилиб,
Асрлар қаъридан келади хабар:
Икки минг йил бурун чайла бузилиб,
Қўрғон барпо бўлди, яралди шаҳар.
Турон юлдузларин силсиласида
Чақнади яна бир қўлбола қуёш.
Улуғ шаҳарларнинг бўйсирасида
Абадий ўрнини топа олган Шош.
Тошкентим, офтобсан, Шарқда нур сочган,
Қуёшдек тутилдинг неча боралар.
Тош мағзинг чақолмай тамшаниб қочган
Неча Қутайба-ю, неча Доролар...
Ўзбекка мақтаниш одатмас, гарчанд,
Бағримни тўлғазар ушбу кун ғурур:
Тошкенту Бухоро, Хевоқ, Самарқанд,
Ҳар бири жаҳоннинг безаги бўлур.
Қалбинг кўзи билан назар сол, Инсон,
Мана бу Мингўрик, манов Кўкалдош.
Мозийга битсайди забон ногаҳон,
Эрк деб қўзғаларди бунда ҳар бир тош.
Қадимий Насафда топдим таваллуд,
Танишдир Кушоннинг биёбонлари.
Не бахтким, дилимга солди шеърий ўт
Тошкентнинг сеҳрли хиёбонлари.
Фарзандман, бағрингда кезурман мен ҳам,
Сенсан менинг учун маскан мўътабар.
Тошкентдан бошланур менга ҳам олам,
Денгизлардан нари, қитъалар қадар.
Не-не зилзиладан чиқолган омон.
Манглайи ярқироқ маконсан буюк.
Байналмилал маъво, асл қаҳрамон,
Жаҳон тарихида номинг бор суюк.
Ишчисан, олимсан, арбобсан, меъмор,
Сенга ҳам мунтазир боқар ер юзи.
Тинчлик деган жойда Тошкент руҳи бор,
Тошкент деган жойда осойиш сўзи.
Не улуғ тарихлар кечди бошингдан,
Хислатинг не эрур - олам билади:
Бугун ҳар буржингдан, ҳар бир тошингдан
Фақат дўстлик деган садо келади.
Йироқ африкалик саргашта адиб,
Бомбай ғазалхони шошар сен томон.
Эзгу ниятларнинг байроқдори деб,
Сени шарафлайди замину замон.
Сен қуёш шаҳрисан, фахримсан азал,
Омон бўл ҳамиша ўзбеки ерим.
Сенсан мунис, мушфиқ Шарқимга ҳайкал,
Туҳфа бўла қолсин сенга шу шеърим!

1983
Боғбон
Машҳур боғбон Темур ака Мирзаевга бағишлайман
Қашқадарё деган сўз айтилган чоғ,
Ҳануз мийиғида кулгувчилар бор.
Эмишким, у ерга нораводир боғ,
Тўрт туёқ емишин ўйлар чорвадор.
Мана пайдо бўлди Темур Мирзолар,
Турфа чечакларни ўстирган инсон.
Не-не боғбонлар ҳам ундан дарс олар,
Мана, нималарга қодир тирик жон.
Қарши кўчасидан ўтсангиз магар,
Сизни кузатади минг-минглаб чароғ,
Қаёқдан келмоқда бу ҳид муаттар!
Бу - Темур Мирзолар барпо этган боғ.
1983
ЖАНГДАН ҚАЙТМАГАН ШОИРЛАРГА
Исминг балки Султон, балки Қодирсан,
Сен жангдан қайтмаган шаҳид шоирсан.
Лекин ғолибсанки - сафда ҳозирсан,
Сен сақлаб қололган жаҳонинг менда.
Уруш деганига бўлсин минг лаънат,
Неки тирик бўлса - айлагай ғорат.
Сенинг қаламинг ҳам синдирмиш бевақт,
Етиб-этолмаган армонинг менда.
Беиз кетмади, йўқ, шаҳидлар қони,
Қузғундан асради масъум дунёни.
Агар кўкка етса тириклар шони,
Ўзинг орзу қилган осмонинг менда.
Ҳар нечук, шоирман - сен билан жондош,
Тўйингда тўйдошман, тирик елкадош.
Дегайман, ёш умринг ўйлаб, эй, қондош,
Битгум, битилмаган достонинг менда.

1983
Сўнгги Уруш
... Наҳотки инсоният ўз кашфи билан ўзини ўзи вайрон этади.Жавоҳарлаъл Неру
Бир қадам қўйсанг бас - нарёғи ўлим,
Бир қадам қўйсанг бас. шаксиз ҳалокат.
Одамзод бошида турибди шу зум
Қазойи муаллақ, мудҳиш фалокат.
Энтикиб кетади ногоҳ юрагим,
Машъум бу сўзларни тинглаганим дам.
Бугун фақат тошлар бефарқдир, балким,
Бугун, балки, фақат булутлар беғам.
Асрлар сўнгида яралган инсон
Наҳот энди ўзин айласа барбод.
Наҳот охиратга юз бурса жаҳон,
Наҳот кароматлар ҳақ чиқса, наҳот.
Навоий абасдир, Пушкин ҳам абас,
Рим йўқ, Самарқанд йўқ, даҳшат, алҳазар!
Мозийдан бирор ном қолармиди, бас,
Келажакнинг ўзи бўлмаса магар.
О, одам, ҳар нега топиндинг нечун,
Айт, у ярадими бирор-бир корга!
Фаллоҳ манглайидан ўқ ейди бугун,
Сиғиниб турган чоғ парвардигорга.
Йўқ, бу пок диллардан йироқ маломат,
Бу - бани одамга кўргулик, шўриш.
Бу - шўрлик заминга чанг солган офат,
Бу - дўзах, бу - ўлим, бу - сўнгги уруш.
Алҳазар, оламда наинки одам,
Ҳаётнинг ўзи ҳам кирса қабрга.
Коинот қаърида заминдан у дам
Наҳот эшитилса сўнгги қасирға.
Наҳотки, тангри ҳам, иблис ҳам кўр-кар,
Осий банда билан кетса жонҳалак.
Айт-чи, собит кучинг бор бўлса магар,
Бизни не муродда яратдинг, фалак?!
Бу бари - асримиз кашф этган бало,
Бу - ёвуз сармоя, кўру кар, сўқир.
Бошимиз устида турибди гуё
Бир соч толасига боғланган шамшир.
Уммон ортидаги митти қиз Смит
Жаҳон тақдири деб жар солар бу чоқ.
Ҳайҳот, ўшал жойда қайсидир палид
Унинг қисматига қайрайди пичоқ.
Мунис Ўзбегимнинг осойиш чоғин,
Куйламоқ менга ҳам бахтдир базавол.
Курашларда ўтган фарзандлар доғин
Унутмоқни лекин ким қилар хаёл.
Ҳар ким она дейди мушфиқ ерини,
Оҳ, не ғам, онани кулфатда кўриш.
Майли, шоир ёзсин сўнгги шеърини,
Фақат, бўлмаса бас, сўнгги бу уруш!

1983
Инжу Диёр Учун
Қутлуғ давраларда жам бўлган маҳал,
Дўстларга бахт тилаш азалий одат.
Келадиган бу йил тинч бўлсин аввал,
Бахш этсин ҳар кимга олий саодат.
Ёшлик - бу карвоннинг эрка норидир,
Дарёдай тошқиндир, жилға каби соф.
Ёшлик - келажакнинг халоскоридир,
Сира тарк этмасин ёшликни инсоф.
Мўътабар оналар - хонамиз кўрки,
Оталар ҳаётдир - ёруғдир жаҳон.
Тириклик номига бир ўтинч шулки,
Ўртага тушмасин бемаҳал ҳижрон.
Инжу диёримиз кўз бўлса агар,
Мудом омон бўлсин тўгарак замин.
Бошимиз силаган шу халқ мўътабар,
Дафъатан чекмасин фарзандлар доғин.
Янги йил шаънига айтмоқдамиз сўз,
Балки ўтиб кетар бир зум бу фараҳ.
Халқимнинг меҳнатин айлагин кўз-кўз
Миллион чаноқларда кўпирган қадаҳ.

1983 йил, ноябр
* * *
Самода юрибди ҳануз ёлғиз ой,
Танҳолик қийнайди уни ҳойнаҳой.
Йўқликдан ахтардим сенинг васлингни,
Ким қайга сиғинса, Каъба ўша жой.

1983
* * *
Шукр айтай, кўп яхши умр кўрдим мен,
Гоҳ яйдоқ шамолдай даврон сурдим мен.
Лекин сени кўрсам булут олдида
Чорасиз йўлбарсдай ҳайрон турдим мен.

1983
* * *
Азизим, пайт келди, кўнглим ёраман,
Инсонман, сен ҳорсанг, мен ҳам ҳораман.
Отинг қамчилама ўзғирман дея,
Сен борган у жойга мен ҳам бораман.

1983
* * *
Туғилсанг бахт билан камол ўшадир,
Тарк этсанг оламни завол ўшадир.
Охир чоғ тупроғинг устига келиб,
Кимдир ёд айласа, иқбол ўшадир.

1983
Этна Вулқони
Ҳануз ёниб ётар Этна вулқони,
Дафъатан ўхшар у оловранг гулга.
Оқиб тубанларга лава тўфони,
Секин айланади қоп-қора кулга.
Мен унинг қошида сақладим сукут,
Ҳа, бир чоғ оловли эди йўлларим.
Энди у оташлар бўлдилар унут,
Пойингда ётибди энди... кулларим.

1984, Ситсилия ороли, Италия
Савол
Танҳо саҳроларга бош олиб кетсам.
Ё йироқ ғорларни ошён этсам,
Бедўсту беёрон тугасам, битсам,
Кўнглинг тўладими, ўшанда, айт-чи?
Қолмаса дунёда мендан хотирот,
Наинки хотирот, оддий, жўн бир от.
Бўлса на бир қавмим, на хеш, на авлод,
Кўнглинг тўладими, ўшанда, айт-чи?
Оламга ўт қўйса ҳар айтар сўзинг,
Йиқсанг дунёларни - тиккан чоқ кўзинг,
Сўнгра мўри каби қолсанг бир ўзинг,
Кўнглинг тўладими, ўшанда, айт-чи!

1984
Ўтинч
Чиндан ҳам асримиз бормоқда ўсиб,
Ҳар қандай кулфатга турмоқ керак шай.
Ажабмас, бобосин бурчакка қисиб,
Насиҳат ўқиса бирор болакай.
Ажабмас, эрта кун бир шоир укам,
Шеърлар ёзиб юрса Сомон йўлида.
Ажабмас, йўқолса ажаб сўзи ҳам,
Таҳрир топса Инсон замон қўлида.
Ҳар кимга ўз даврин йўриғидир ёр,
Майли, тап тортмагин сен ҳам ҳар ишдан.
Болам, фақатгина бир ўтинчим бор,
Ҳазар қилсанг басдир ҳаром-ҳаришдан.

1984
Мустай Каримга
Ажаб, битта юртнинг учта номи бор,
Гарчи у уч номлик битта бўстондир.
Узоқ тарихлардан бир ном барқарор,
Ўрта Россияда Ойгулистондир.
Ажаб, битта юртнинг учта номи бор,
Ойгулдан тарқалган бир гулистондир.
Бу кун номи унинг метин ва пойдор,
У - азиз, мўътабар Бошқирдистондир.
Ажаб, битта юртнинг учта номи бор,
Учинчи ушбу ном менга аёндир.
Бу шеърий қўрғондир, мангуликка ёр,
Бу улуғ шеър юрти - Мустайистондир.

1984
Офтобшувоқ
Баҳор кунларида,
Офтобшувоқда,
Ҳордиқ олар эди кўпинча онам.
Найкамалак балқса Қўнғиртов ёқда,
Нечоғ ёшарарди бу кўҳна олам.
Хасталик қийнарди онамни бироқ,
У четга термулиб уҳ тортар эди.
Баҳор ёқса ҳамки оламга чароқ,
Менинг юрагимда ғам ортар эди.
Мен онам ёнида ивирсиб беун,
Кун бўйи юрардим дилгир, бетоқат.
Йироқ-йироқлардан мунгли ва узун,
Турналар товушин тинглардим фақат.
Шу-шу ўнгланмади онам раҳматлик,
Менинг ҳам йилларим топдилар тўзим.
Бугун онам каби ёлғиз, тоқатлик,
Баҳор қуёшига боқаман ўзим.
Энди мени эзар минг битта хаёл,
Улар ўткинчи дўст, вафосиз ёрлар.
Энди ўзим дардкаш, ўзим жим ва лол,
Энди ўзим учун тийра баҳорлар.
Илиқ томчилаган ёмғир ҳам гоҳо
Туюлар онамнинг кўз ёши бўлиб.
Онам турганидай теппамда гўё
Баҳорнинг меҳрибон қуёши бўлиб...

1984
Одам Болалари
Одам болалари турфа нақадар,
Бири мўмин бўлса, бошқаси асов,
Бирига қуюқроқ салом берсанг гар,
Хушомадгўй дейди, номингни дарров.
Майлига, атайлаб бирор кун сен ҳам
Қад кериб, сипою ўйчан бўлиб юр.
Маломат ёғилар бошингга шу дам,
Сени атайдилар дарҳол такаббур.
Яхшиси дилингда бўлсин муҳаббат,
Ошкор этаверма уни жўрттага.
Авлиё мисоли жим юргин фақат,
Кўзлардан йироқ бўл, чиқма ўртага.

1984
Қардош Шоирга
Шаҳар талашмагин, дарё талашма,
Истеъдод талашма, даҳо талашма.
Табиат яратган яйловда хуррам,
Биздек ўтлаб юрган жонзодсан сен ҳам.
Бу кўҳна тупроқни ковласанг агар,
Чиқар неча номсиз дарё ва шаҳар.
Кечмиш даҳоларнинг айтган сўзлари .
Аҳли диёнатнинг мулкидир бари.
Тангрини илк бора ўйлаб топган ким?
Бу савол қошида барчамиз ҳам жим...
Қурбинг етса магар қўрғон яратгин,
Оламни ўзингга майли, қаратгин.
Қиммат бергин бизга асл, бебаҳо,
Номингни атайлик майлига, даҳо!
Тариқдай замин бир ва Инсон бирдир,
Билмаган мардумга бу ҳолни билдир!
Шунда мен қошингда эгарман бошим
Ва сени атарман чиндан қардошим!

1984
Тунислик Бола
Римда Тунисдан иш ахтариб келган бир ўспиринни устидан бензин қуйиб ёқиб юбордилар
Афсус, разолатга ботди бу очун,
Айбни яратганга тўнкамоқ нечун.
Сенга ўт қўйдилар бир эрмак учун,
Римга нега келдинг тунислик бола?
Биламан, сен учун парча нон қаҳат,
Замин мозор бўлса, Африка лаҳад.
Ўт қўйса, ўт қўйсин ўз элинг фақат,
Римга нега келдинг тунислик бола?
Бу шундоқ манзилки, дўстни ёвлайди,
Ота ўз фарзандин авраб товлайди.
Бу юртнинг сайёди одам овлайди,
Римга нега келдинг тунислик бола?
Шундоқ ҳолга келмиш қадимий Лотин,
Булғалар шарафин, булғалар зотин,
Чумолича кўрмас одам ҳаётин,
Римга нега келдинг тунислик бола?
Ҳа, олов остида буткул ер юзи,
Тутунга тўлмоқда одамзод кўзи,
Ёниб кетмасайди заминнинг ўзи,
Римга нега келдинг тунислик бола?

1984
* * *
Раво кўр, юзингда бир хол бўлайин,
Кўрсат ағёрингни, завол бўлайин.
Каттакон тўй қилиб ноғора чалгин,
Тўйингда сув ташиб ҳаммол бўлайин.

1984
* * *
Офтоб ботиб кетди, эгилди бошим,
Юлдуздек сочилди кўзимдан ёшим.
Ҳажрингда бағримни ерга берурман,
Тун бир лаҳад бўлса, ой қабр тошим.

1984
* * *
Биламан, ўтади шодлик билан ғам,
Биламан, ғанимат эрур ҳар бир дам.
Пайғамбар атадим ҳар зотни, аммо,
Муридим демади ҳеч битта одам.

1984
* * *
Оҳ, ўтган у кунлар қайтмагай зинҳор,
Ўчган муҳаббатнинг ёнмоғи душвор.
Нигоҳинг қадама қароғимга сен,
Унда тўкилмаган кўз ёшларим бор.

1984
Ўзбекистон Байроғи
Ҳар қандай лашкарнинг ҳам
Ўз туғи, ялови бор,
Сен қайси салтанатдан,
Сен қайси давлатдан кам.
Қўрғонлар қаторида
Бир қўрғонсан устувор,
Валламат, туғдор юртим,
Муҳташам Республикам.
Ўйлайман, ҳа, оламда
Нисбий эрур кўп ҳолат,
Замона ғалвиридан
Ҳар нарса ўтаверар.
Тарих учун ва лекин
Ким ҳам бергай кафолат,
Якка инсон бир йўлчи:
Келару кетаберар.
Қадим-қадим замонда
Юнонлик ҳайкалтарош,
Бир санъат яратибди,
Мақсади - бир бурда нон.
Ҳайкал эса асрлар
Синовига бермиш дош,
Бугун уни кўкларга
Кўтарар буткул жаҳон.
Кўзни каттароқ очиб
Боқсанг бу муаммога,
Алам қилгулик қадар
Кам яшар инсон зоти,
Фақатгина халқ соҳиб
Бардавом бу дунёга,
Асрагай ҳар кас номин
Фақат халқнинг ҳаёти.
Санасанг ҳодисот мўл
Ўзбекнинг тарихида,
Ҳар бирига бир нома
Ёки достон битгулик.
Не зотлар оқмаган бу
Асрлар ариғида,
Ҳар бири битта халқнинг
Ғурурига етгулик.
Барчага аён эрур
Мен айтган ушбу гаплар,
То ҳануз асабларни
Эзғилар бу шум ўтмиш.
Мозийга ўқтин-ўқтин
Сочсак ҳамки ғазаблар,
Лекин айтинг, ўзбекнинг
Қўлидан ким ҳам тутмиш?
Бир куни ёвқур шоир
Яъни Турди Фарғоний,
Бўлтак бўлган бу халққа
Бирлаш деб қилди хитоб.
Бежавоб қолаберди
Унинг дардли сўроғи,
Ўша-ўша замин кар,
Ўша-ўша гунг офтоб.
Бугун зимдан назар сол
Сен мана бу байроққа,
Майлига бир дақиқа
Унутгин турфа кекни.
Шу байроқ номимизни
Элтди йироқ-йироққа,
Шу байроқ бирлаштирди
Пароканда ўзбекни.

1984
Кўзгу Парчалари
Кўзгу парчалари йўлакда ётар,
Унсиз шарпалари руҳимга ботар.
Юзларим акс этар бир парчасида,
Кўзларим акс этар бир парчасида.
Бирида осмон акс этса агар,
Бирида қушларнинг рақси жилвагар.
Оламнинг яхлит бир сувратин аммо,
Намоён этолмас бу кўзгу асло.
Хилқат унинг учун бут бўлмас мангу,
Ахир, парча-парча синган кўзгу бу.
Мени маъзур тутгин, муҳтарам Инсон,
Сувратинг чизолмай турибман ҳайрон.
Бир кун фазилатинг олсам қаламга,
Бир кун қабиҳлигинг ёйгум оламга.
Бир кун кўз ёшларинг қоғозимдадир,
Бир кун заҳарханданг овозимдадир.
Бир кун ўтмишингдан фарёд солурман,
Бир кун иқболингдан ўйга толурман.
Сенинг бўй-бастингни кўрсатмоқ учун,
Кўзгу керак ахир яхлит ва бутун.
Шоир юраги-чи, оламда яккаш
Ўша чил-чил синган кўзгуга ўхшаш.

1985
Менга Ҳаётни Бер
Сен менинг дардимга қилибсан ҳавас,
Ҳавасинг келибди шифохонамга.
Демишсан: - Ёр унга омад ҳар нафас,
Айрича илтифот бор бу одамга....
Сен-ку, ёвқур Инсон, соғ ва саломат,
Тоғларни йиқади пурккан нафасинг.
Билмадим, юз бермиш қандай адоват,
Заққум доруларга келмиш ҳавасинг.
Менга одам феъли аёндир бир оз,
Ошноман мен унинг гиналарига.
Ажабо, бор экан сендек ишқибоз,
Докторнинг тиғию ниналарига.
Руҳимда осойиш, дилимда чароғ,
Шифокор аҳлига ўқурман таҳсин.
Лекин хитоб айлай сенга ушбу чоғ:
Олгин, дардларимнинг олгин барчасин!
Ойдин палаталар сенгадир тортиқ,
Шифтга боққанингча қоматинг кергил.
Менга бу ҳашамлар керакмас ортиқ,
Менга ўз кулбаи хонамни бергил.
Жарроҳ наштари ҳам сенгадир нисор,
Сенга, табобатнинг жами малҳами.
Менга-чи, бир умр бахш этсин мадор,
Мунис дўстларимнинг меҳр олами.
Дарддан аримасин вужудинг ҳеч бир,
Йўлдош ниятингга етишгин шитоб.
Менга машаққатли тирикликни бер,
Менга бўла қолсин мангу шу азоб.
Шоир яшамайди асло беалам
Ва бирон кимсага истамас бало.
Лекин ўзгаларнинг кулфатига ҳам,
Ҳасад қилганларга шу тилак раво...

1985
Диалектика
Мен ҳаётни собит ҳолда кўрмадим асло,
Тузилган у агарлардан ва магарлардан.
Дейлик, бирор фирибгарга дуч келган асно,
Иборатми дейсан ҳаёт фирибгарлардан.
Қаттол уруш давом этган элнинг шоири
Шеър битади ҳасратга ё ғазабга тўлиб.
Кимки агар бирор дарднинг бўлса асири,
Туюлади бутун олам унга дард бўлиб.
Севишганлар учун эса дунё бир жаннат,
Ой-чи, нондек туюлади қорни очларга.
Буткул ҳаёт дийдаси йўқ тош эрур фақат,
Кунинг қолса дейлик фақат бағритошларга.
Файласуфлар сўз очса гар абадиятдан,
Ўйлайсизки, ҳар бир оним мангуликка ёр.
Инсон зоти айри тушмас асло ниятдан,
Не тиласанг шуни бергай, деган гап ҳам бор.
Модомики шундоқ экан табиат асл,
Собит нарса қандай ўзи? Боқийлик қаён?!
Бўлармикан бу дунёда бир мурод ҳосил,
Тугалликка етишарми бирор кун жаҳон!
Шоир аҳли куйлармикан битта қўшиқни,
Борми экан бу дунёда олий, комрон дам.
Қуёш бир кун чулғармикан ҳар тўрт уфқни,
Туғиларми бахти комил, бус-бутун одам?
Бу - бир хаёл, чораси йўқ армондир холос,
Ҳамишалик қўшни эрур кундуз билан тун.
Ёлғон дасти гар дунёда бўлолмас дароз,
Лекин ҳақнинг қўллари ҳам эмасдир узун.
Чора битта: Ниятингни эзгуликка бур,
Фақат шунда гўзал бўлиб кўрингай фалак.
Йўқса ҳасрат оғушида ўтгайдир умр,
Бамисоли ўра ичра қолган капалак...

1985
Ҳар Қандай Дамда Ҳам...
Кўнглинг совимасин қилар ишингдан,
Ҳафсаланг сўнмасин ҳеч қачон.
Маъно тополмайсан ўз турмушингдан,
Туссиз, зерикарли кўринар жаҳон.
Кўҳна обжувоздай айланар дунё,
Оҳанги миянгга сассиз қуюлар.
Мингга киргандайсан ўзинг ҳам гўё,
Келажак ўтмишинг каби туюлар.
Яшайсан номи йўқ бир дардга тўлиб,
Томирдан қонинг ҳам гўё оқмайди.
Наинки дўст сўзи, наинки маҳбуб,
Болангнинг шўхлиги ёқмайди.
Сокин кечалари, айвонда ёлғиз,
Олис юлдузларга боқасан тўниб.
Улар ҳам кўзингга кўринар бу кез,
Жуда узоқ борса, ёнар қурт бўлиб.
Шундоқ, инсон дили ажиб муаммо,
Койима бундайин ҳолати учун.
Қўлингдан келса гар мадад бер, аммо,
Ҳар қандай дамда ҳам сен уни тушун.

1985
ЁлғИз Одам
Қийин, сенга, қийин,
Жуда ҳам қийин,
Саломингга биров алик олмаса.
Вақт-соатинг етиб, ўлганингдан кейин.
Бошингда бир кимса фарёд солмаса.
Чиндан ҳам севмасанг ёруғ оламни,
Дилдаги арзингни кимга очурсан.
Балки шу сабабдан, жами одамни,
Озурда қилишга шошурсан...

1986
Ваъдалар
Мен қўрқаман Янги йилга
Шеърлар битмоқдан
Ққувчимга йўқ нарсани
Ваъда этмоқдан.
Айтилдими - бажарилса
Ваъда ва тилак,
Йўқса, бир йил кўздан йироқ
Юрмоқлик керак.
Ваъда бериб айтамиз биз:
Йўқолгай нифоқ,
Меҳнат қилган катта-кичик
Бўлиб иттифоқ.
Қарабсизки, қай бировлар
Аҳдни бузгайлар,
Зум ўтмайин ўзларича
Режа тузгайлар.
Ваъдамиздан ўрин олар
Албатта виждон,
Янги йилда, деймиз, ҳар ким
Бўлгай покдомон.
Лекин риё бир бурчакда
Пойлаб туради.
У ҳам энди кимларнидир
Йўлдан уради.
Шуҳратпараст, лўттибозга
Ўрин йўқ сира!
Ҳар биримиз бўлажакмиз
Соф ва бокира!
Янги йилда ана шундай
Янграр сўзимиз,
Сўнг йил бўйи бегонадир
Кимларга дийдор.
Янги йил-чи, барчасига
Қарагай кулиб,
Кела берар, кета берар
Ишончга тўлиб.
Қаримайман, мангу ёшман
Деганнинг, бироқ,
Қасамига бовар қилмас,
Солмагай қулоқ,
Ундайларнинг кўзин жиндек
Ёшлаб ўтар у,
Сочларига бир тола оқ
Ташлаб ўтар у.

1986
Тўқай
Мен демам асло сени: шўрлик Тўқай,
Дардлисан, лекин мудом нурли Тўқай,
Чунки сен озод замонни истадинг,
Мақсадинг ҳурлик эди, ҳурлик, Тўқай.
Ўзбегу тотор, қозоқ, бошқирд бўлиб,
Кўринарсан менга гоҳ турлик Тўқай.
Сен қоронғу кечалар битдинг ёниб,
Чиқди гўрга аслида зўрлик, Тўқай.
Ҳақ сўзингга миллатинг кўз тикса ҳам,
Неча зотлар қилдилар кўрлик Тўқай.
Ҳеч ажаб эрмас Сени ёд айласам,
Иккимиз ҳам бир қия, ўрлик, Тўқай.

1986, Қозон
Ғалати Зот
Ёнғоқнинг тагидан ўтганми бу зот,
На дўстин, на ёрин хушлайди.
Бошини силасанг, шу заҳот,
Қўлингни тишлайди...

1986
Кекса Муҳожир
— Нега қаддинг эгик, нега бошинг хам
Нега нигоҳингни тортади тупроқ?
— Менинг ер устида танишларим кам
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ.

1986
Ақл Ҳақида
Шунчалар гўзалсан, гўзалсан, санам,
Таърифинг битмоққа ожиздир қалам,
Бир йигит умрини обод этардинг,
Ақл ҳам берганда фалак бокарам...

1986
Қалдирғоч
Дейдилар, қайгадир ўт кетса, албат,
Чумчуқ хас таширмиш, қалдирғоч-чи,
Балки, бу чумчуқнинг шаънига туҳмат
Ёнғин нималигин, балки, билмас у...
Сен дунё ҳолига назар сол бирпас,
Назар сол кўзлардан оққан ёшларга.
Дунёда кулбалар ёнар ҳар нафас,
У доим муҳтождир қалдирғочларга.

1986
Тўлин Ой
Кексайган ҳилолим, эй сен, тўлин ой
То ҳануз бузурсан ҳаловатимни.
Ёдимга солурсан энди, ҳойнаҳой,
Сочлари оқарган муҳаббатимни.
Йилларим кечдилар елдирим мисол,
Ғунчалар бағрига хаёлдай индим.
Энди-чи, толиқиб, ҳорғин ва беҳол,
Ғорларга бекинган шамолдай тиндим.
Билмадим, қайдадир ётар сарғайиб,
Оташин ҳисларим ўралган дафтар.
Қайсидир гўшада бўлмишдир ғойиб,
Бир замон қўлимдан учган у каптар.
Энди висол ўзга, ўзгадир фироқ,
Тўлин ой, ўтинчим ёдингда тутгин.
Бизнинг томонларга йўлинг тушган чоғ
Менинг кулбамга ҳам мўралаб ўтгин..

1986
Сизни Учратгунча
Қай фурсат мен сизни кўрдим баногоҳ
Энди зарра ҳижрон дилимни ғашлар.
Бунча ярашмаса ўзингизга, оҳ,
Мунис табассуму маъюс қарашлар.
Ҳеч кимни ҳайратга солмас ҳеч қачон
Менинг ёнингизда йўғим ё борим.
Ё фалак, шунча йил кезибман сарсон
Сизни учратгунча, эрка дилбарим...

1986
Инсон Ҳурмати
Соқоли кўксига тушса ҳам гарчанд,
Инсон аталмагай масалан, серка.
Одамлик ҳурмати шунчалар баланд,
Уни ураберма ҳар нафас ерга.
Бугунча эмаклаб юрган шу жужуқ,
Эртан кашф этади балки дунёлар.
Тириклик сен билан барҳам топмас, йўқ
Ҳамиша оқади оққан дарёлар.
Итқит жаҳолатни, ақлга юз тут,
Бунчалар эътиқод қўйма жабрга.
Бир куни кўз юмсанг, сени ҳам эл-юр
Бошида кўтариб элтар қабрга.

1986
Ойбек Ҳақида Қўшиқ
Қалби пок мардона элнинг,
Сен азиз фарзандисан.
Ганжу мулкка бергисиз эл,
Гавҳари, дилбандисан.
Ҳар калиманг маърифатнинг
Уфқида ойдек тўлиб,
Эл аро топдинг шараф сен,
Устоз Ойбек бўлиб.
Шан ҳаётинг одамийлик
Хайру софликдан нишон,
Чақнади шеърингда нурли
Эътиқод бирлан имон.
Гоҳ Навоий суҳбатингда,
Гоҳ Торобий, Йўлчи гоҳ,
Сен севикли даврим ўғли
Бегумон, беиштибоҳ.
Хизматингдан, ҳикматингдан
Элу юрт мангу ризо,
Ўчмагай, номинг асрлар
Сўнгидан бергай садо.

1986
Аҳмад Зоирни Тинглаб...
Шошмагин, эй, карвон, тўхтагин бир
Сўзлайин эзгулик, шафқат отидан.
То барпо бўлибди кўҳна бу жаҳон,
Карвонлар оҳ чекар ёвлар зотидан.
Шошмагин, эй, карвон, тўхтагин бир
Она Шарқ сеҳри бор жиҳозларингда.
Сенда йиғлаб борар Саъдий навжувон
Рудакий меҳри бор баёзларингда.
Шошмагин, эй, карвон, тўхтагин бир
Чашми зилол бўлиб дардингни олай.
Ё бир япроқ мисол бўлай соябон,
Сўнгра хазон янглиғ йўлингда қолай.
Шошмагин, эй, карвон, тўхтагин бир
Умидли бу жаҳон ғамга бўлмас ғарқ.
Изингдан термулиб қолмай то нолон,
Қумликлар бағрида ғойиб бўлма, Шарқ.

1987
Исм Ҳақида
Хаёлимга келар гоҳ ғалат бир гап,
Ҳар уни эл аро сўйлаб юрмасман.
Билмадим не боис, билмам не сабаб,
Исмимни бировга раво кўрмасман.
Улуғ отдошларим мақоми юксак,
Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.
Ҳар нечук, бир гапни айтмоғим керак:
Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга.

1987
Ҳазил
Элликда одамлар қирол бўлишган,
Қирол бўлмаганлар қарол бўлишган.
Аравакаш бўлган уқувсизлари,
Шу ёшда бойиган заргарнинг бари.
Шоирлар шу ёшда довруғ қозонган,
Ёнса - сўнгги муҳлат - ошиқ ҳам ёнган,
Оҳ, дўстим, бизлар-чи, нимани кўрдик,
Элликка шунчаки лаллайиб кирдик.

1987
Уқтириш
Унга уқтирдилар,
Оқни қора, деб,
Чунки бир қорани,
Оқлаш лозим эди.
Унга уқтирдилар
Тоқни бу - жуфт, деб,
Чунки битта жуфтни
Тоқлаш лозим эди.
Унга уқтирдилар
Қинғир тўғри, деб,
Чунки бир қинғирни
Ёқлаш лозим эди.

1987
Орол Учун
Гоҳо миямизни қопласа савдо,
Ғалат тасаввурлар хаёлга келар:
Регистон йўқолиб қолса мабодо,
Айтинг-чи, дўстларим, не ҳол юз берар?
Айтинг-чи, қандайин кунга тушардик,
Бухоро бўлмаса, бўлмаса Хевоқ?
Улар абадийдир дея беҳадик
Ўтиб бораётир умримиз мудроқ.
Шаҳарлар жойида турибди бу кун,
Уларнинг заволи келмас хаёлга.
Меросий худбинлик борлиги учун
Қарамай қўйибмиз афсус, Оролга.
Отанг кетса агар, ота бўларсан,
Онанинг ўрнини босгай қиз, сингил.
Денгизинг қуриса не ҳам қилурсан,
Қайга бош урарсан эй, мунглуғ кўнгил.

1987
Оталар Илгида Замон Билан Вақт
Оталар шаънига лойиқ сўз демоқ
Табаррук бир китоб ёзиш билан тенг.
Уларнинг меҳри-ку, бамисли чароқ,
Бағри ҳам юлдузли осмон каби кенг.
Шарқона ташбеҳни олсам гар ёдга,
Бир номи бузургу бир номи фақир.
Заминни кафтида тутиб, авлодга
Бус-бутун етказган оталар, ахир.
Юксак-юксакларда учган сор лочин
Назар узмагандек полапонидан.
Бардавом наслини асрамоқ учун
Ахир ота қавми кечган жонидан.
Нон, деган фарзанднинг дардли хитоб
Гоҳ уни тириклай чоҳларга тиққан.
Бардошли умрнинг заққум зардоби
Сочлари қировдек кўпириб чиққан.
Тахти Сулаймондан баланддир бешак
Ота деб аталган мартабаю бахт.
Фарзанд бунёд бўлди, ўлим йўқ демак
Отанинг илгида замон билан вақт.
Мен кўкка термулиб кутмасман мадад
Дўст излаб ҳар ёнда кезмасман сарсон
Дўсту мададкор ҳам отадир абад,
Шони - шонинг эрур, армони – армон.

1987
Эски Қудуқ
Ҳамма биладиган ривоят булдир:
Эмиш Искандарнинг бор экан шохи.
Уни яширолмай сартарош қурғур
Қудуққа айтибди, шулдир гуноҳи.
Яшаб келмоқдаман ўзимга кўра,
Ўтган-кетган сирдан кўнглим эрур тўқ.
Лекин недир менга етишмас сира,
Балки етишмайди у эски қудуқ.

1987
Бемаҳал Қор Ёўқан Куни
Бул чоғи, бўстонга иштиёқ баланд,
Нечундир бемаҳал ёға кетди қор.
Дикторнинг бир оғиз эълони билан
Чиндан ҳам қайгадир беркинди баҳор.
Бу фурсат чамансиз кўнгиллар ярим,
Булбулни қувламанг достонимиздан.
Сиздан нима кетди, диктор дўстларим,
Қорни кураб қўйинг бўстонимиздан.

1987
Сарҳадлар
Кимсага баҳо бериш илинжида юрганлар,
Энг аввал ўз-ўзига боқишлари керакдир.
Қадимий боболар ҳам минг ўйлаб бир деган
Ҳар кимнинг гўри бошқа, азроили бўлакдир
Қанчалик ишинг бордир ҳаётим билан, эй ёв
Сени тангри теппамга посбон қилиб қўйган
Ўз тушим ўзимники, гоҳ отлиқман, гоҳ яёв,
Мен еган бурда нондан сенинг қорнинг тўй
Муқаддас сарҳадлар бор инсоннинг ҳаётида
Уларни босиб ўтиш одамликка ёт эрур.
Қанча-қанча сир яшар ҳар кимнинг бисоти
Шул сабаб у ИНСОНДИР, шу сабаб у ЗОТ
Кимга муҳаббат қўйиб, кимга нафрат билди
Нафас олиш сингари ихтиёрий жўн бир гап
Афсонавий девлар у - қўлларида уртўқмоқ,
Ўтган-кетган бандани ўзича юрган тергаб.
Мана бу булоқ менга ғоятда ёқиб қолмиш,
Мана бу шаббода ҳам менга ғоят аломат.
Сенинг эса ҳушингни, дейлик, денгизлар ол
Йўлингдан сира қолма, жонинг бўлсин салом
Азизим, дил қасрига бесўроқ кира кўрма,
Унда қўш-қўш илонлар, аждаҳолар ётади.
Сен бировни топтай деб беҳудага от сурма .
Ҳар кимнинг ўз қуёши ўз уфқига ботади.
Ўз уйинг, ўз тўшагинг ўз-ўзингга буюриб,
Ўз фарзандинг, ўз ёринг бўлаверсин сеники
Хоҳла тингла хоҳлама - кетавер қандинг ур
Ихтиёр сеникидир, бу шеър эса меники.

1987
Комета
Чингиз Аҳматовга
Ҳар замон, ҳар замон Ер яқинидан,
Ноёб кометалар ўтиб қолади.
Кимлардир кўз узмай нур чақинидан,
Уларнинг суратин олади.
Кимлардир пайқамас, ё бўлмас огоҳ,
Кўп борса таъбирлар кўрган бир тушин.
Улар қайдан билсин, кометалар гоҳ,
Юз йилда бир марта қайтиб ўтишин.
Нечоғлик ғаройиб манзарадир бу:
Самовий нур билан йўғрилган санъат.
Сомон йўлларида югурган оҳу,
Зуҳро жамолидан узилган талъат!
Ёнди яна қачон келар у қайтиб,
Гоҳи юз йил ўтар, минг йиллар гоҳи.
Ёлғиз у ўтмишдан афсунлар айтиб.
Олис келажакнинг бўлгай гувоҳи.

1987
Хатоларинг Керак Уларга
Шундайлар бор, сенга лутф айлаб,
Дўстман, дея қўлин тутарлар.
Лекин ҳар зум қадаминг пойлаб,
Хато қилишингни кутарлар.
Хато қилсанг, уларга байрам,
Йўқса, заҳру заққум ютарлар.
Майли, жиндек, зарра бўлса ҳам,
Хато қилишингни кутарлар.
Хатоларинг керак уларга,
Шох-новдангни дарҳол бутарлар.
Тағин кунни улаб тунларга,
Хато қилишингни кутарлар.
Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат,
Хато қилишингни кутарлар.
Улар сенга бир умр йўлдош,
Содиқ ҳамроҳ каби ўтарлар.
Қабринг узра эгсалар ҳам бош,
Хато қилишингни кутарлар.

1987
Собитлик
Ўчиб бораётир қанчалар калом,
Не-не битиклар ҳам йўқдир, вассалом
Дунёда фақат бир собит сухан бор:
У ўз фарзандингга ўзинг қўйган ном.

1987
Кўрдим
Соддадил одамни жуда кам кўрдим,
Борин ҳам шикаста, кўзин нам кўрдим
Дунёда фирибгар кўп экан, лекин,
Уларнинг барчасин шод-хуррам кўрди

1987
Эл Қўлласа
Эл қўлласа, азизим, омон бўлсак, ажа
Қўлламаса - ранг-рўйи сомон бўлсак,
Элни биздан қизғаниб сўз айтгувчи зо
Улар учун бир умр ёмон бўлсак, ажабо

1987
Гуруҳбоз
Битта ўзи пашшани ҳам йиқолмайди,
У жойга ҳам битта ўзи чиқолмайди.
Қайга борса атрофига шерик тўплар,
Йўқолса ҳам битта ўзи йўқолмайди...

1987
* * *
Йироқ бўл ҳасратдан, мунгдан, кўзёшдан,
Шаънингга отилган таънадан, тошдан.
Мағрур турсанг агар, мағрур дегайлар,
Мутелик изларлар феъли ёввошдан.
Юпанч тополдингми, дунёга келиб,
Устоз ё шогирддан ёки тенгдошдан.
Қашқир тўдасида қолган бир отсан,
Туёғинг синмаса басдир, бардошдан.
Фақат муҳаббатга топингил, эй қалб,
Сен меҳр кўргайсан ўшал қуёшдан.
Ахир боболар ҳам демишлар қадим:
Муҳаббат яратган дунёни бошдан.

1987
* * *
Баҳор келаётир,
Тоза, мусаффо.
Мовий кенгликларда ўйнайди шамол.
Даралар қўйнида зангор бир ҳаво,
Туманли шаҳр ичра ётмоқлик малол.
Қоялар кўксида шодмон, беқайғу
Оний умри билан солланар чечак.
Баҳор - энг покиза шаббодадир бу,
Баҳор - энг тоза бир шамолдир демак.
Кенгликлар бағрига ураман ўзни,
Кўзимга кўрингай дилбар диёрим.
Гўдак нафасидек юпатар юзни
Қиш бўйи интизор кутган баҳорим.
Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,
Майли ўтажак у ва ўтар бўлсин.
Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,
Умринг шамоллари муаттар бўлсин...

1987
* * *
Ҳар Нечук...
Дунёда ҳар кимнинг бор ўз матлаби,
Туя сўраб бўлмас эчкибоқардан.
Писмиқдан файласуф чиқмаган каби,
Ҳақгўй ҳам чиқмайди бетгачопардан.
Ким ўзар ўйнасанг тошбақа билан,
Бўйнингга олурсан унга тенгликни.
Дунёнинг ишлари шунақа экан,
Ҳар нечук одат қил феъли кенгликни.

1987
Турғунбой
Иш ахтариб Турғунбой
Неча кунки сарсондир.
Омадининг тескари
Юришидан ҳайрондир.
Йўқса, бажо қилинган
Барча тартиб-қоида!
Ҳужжатлари бир талай,
Прописка жойида.
Қайга борса келинг, деб
Хушнуд қарши олишар.
Лекин суҳбат сўнгида
Ўйланишиб қолишар.
— Афсус, афсус, - дейишар,.
Тағин бир оз кутгайсиз,
Ваъда берган бўлсак гар
Бизни маъзур тутгайсиз.
Иш ахтариб Турғунбой
Неча кунки сарсондир.
Омадининг тескари
Юришидан ҳайрондир.
Турғунбойга шум тақдир
Сира шафқат қилмайди.
Пора берай, дер, аммо
Усулини билмайди.
Тик турганча бошлиққа
Шикоятин сўзлади.
Кўрган-кечирган барча
Ҳикоятин сўзлади.
Деди: - Айбим нимадир,
Билолмайин ҳайронман.
Шу мушкулнинг чорасин
Қилолмайин ҳайронман.
Бошлиқ узоқ ўйлади,
Ҳужжатларни варақлаб.
Сўнг хазина топгандай
Сўз бошлади чарақлаб:
— Ҳужжатлар-ку жойида,
Туппа-тузук жисмингиз.
Фақат бир гап: бизларга
Тўғри келмас исмингиз.
Афсус, қайта қуришнинг
Ўтмабсиз йўлларини.
Турғун исми эслатар
Турғунлик йилларини.
Турғунбойнинг ногаҳон
Ёришди ўксук дили.
— Бор-йўқ айбим шуми, - деб,
Каломга келди тили.
Деди: - Наинки исмим,
Оламдан ҳам тонурман.
Исмим Турғунбой эмас,
Майли, Урғунбой бўлсин.
Урғунбойга муносиб
Вазифани топдилар.
Турғунликнинг яна бир
Саҳифасин ёпдилар.
Мажлисларда энди у
Фурсат пойлаб туради.
Ур, деса бас, Урғунбой
Дуч келганни уради.

1987
* * *
Бир вақт бошоқ эдим, қирларда ўсдим,
Сўнг яхлит дон бўлиб қўлингга тушдим...
Кейин-чи, ташладинг тегирмонга сен,
Тафтингда ун бўлиб турибман, дўстим.

1987
Бахтли Одам
Ташвишга чулғаниб қолди бу юрак,
Ташвишлар кўпайди ҳаддан зиёда.
Бешигида ётган гўдакдан бўлак,
Тугал бахтли одам йўқдир дунёда.

1987
Мард Бўлсанг
Қадимдан бир гапни уқдирар ҳаёт:
Мард бўлсанг, ўз тўғри йўлингдан қолма.
Ўладиган бўлсанг ўз гўрингда ёт,
Бировнинг мозорин эгаллаб олма.

1987
Таассурот
Табиат кимга кўп ё оз берибди,
Кимгадир халачўп ё соз берибди,
Во ажаб, мана бу машшоқ гадойга
Тенги йўқ шоҳона овоз берибди.

1987
* * *
Ҳар гал айёмларни айларман тавоб
Гарчанд бири моддий, ўзгаси сароб
Шўрлик она замин бирликка зор-к
Унга талпиниш ҳам, демак, зўр сав

1987
* * *
Май асли покдомон дилга арзирлик,
Заҳматкаш, меҳнаткаш элга арзирлик
Байрам-ку, ҳар куни келавермайди.
Лекин завқи қолар йилга арзирлик!

1987
Умр
Инсон туғилади асли белибос,
Бир парча эт бўлиб келар жаҳонга,
Либосу ҳашамдан бўлгай у халос,
Кетар чоғида ҳам сўнгги маконга.
Лекин ўртадаги умр-чи, умр...
Ўчмас тамға бўлиб қолгай то абад.
Балки ёғар унга раҳмат деган нур,
Балки кўмар уни маломат, нафрат.

1988
Ўғлим Илҳомжонга
Умр ўтаётир,
Ҳушёр бўл, болам,
Энди қақшаётир отанг асаби.
Малол келаётир ҳатто байтлар ҳам
Омоч тортаётган қўш ҳўкиз каби.
Ташқарида секин қораймоқда куз,
Баргларни зил ҳаво келмоқда босиб
Томай-томай деган томчидай юлдуз
Менинг руҳиямга ғоят муносиб.
Нимани кўрдим мен ёруғ дунёда,
Наҳот шунча оғир тириклик иши.
Дардим етмагандай, ундан зиёда
Жажжи опаларинг чексиз ташвиши
Ёлғизлик, надомат, оғриқ, хусумат
Умр йўлларимни буржга тиқдилар.
Тақирда ўстирган эдим бир дарахт
Мевамни тердилар, сўнгра йиқдилар
Чарчоқ енгаётир, унутма болам,
Эҳтиёт боқ энди ўнгу ҳушимга.
Ором олсам агар, ният қил ҳар дам
Ёруғ кунлар кирсин менинг тушимга.

1988
Малак
Нечун ўғирладинг ўю фикримни,
Нечун хаёлимни айладинг сарсон.
Энди мен билмасман борар еримни,
Энди туйғуларим қолди саргардон.
Сени кўргандайман тушимда фақат,
Учиб ўтгандайсан мисоли юлдуз.
Самовий мўъжиза, илоҳий талъат,
Тенги йўқ бир малак, қошлари қундуз.
Насиб этармикан бирор кун висол,
Насиб этармикан тутмоқ қўлингни.
Ва ё ношуд қолган мунажжим мисол,
Пойлаб ўтарманми қайтар йўлингни...

1988
* * *
Соч ҳам тўкилмоқда, омонатдир тиш,
Изғирин юракка ураётир ниш,
Баҳорим бетўхтов қиш томон ўтди,
Ёз, кузни қисқартди машаққат, ташви

1988
Биз
Биз аввал ҳам ёмон эдик, ҳануз ёмонмиз,
Раҳмон боқмас, иблис ёқмас шўрлик инсон
Сўз сўзласак - маҳмадона, жим турсак - со
Шу тариқа, на буғдоймиз ва на сомонмиз.

1988
Тараққиёт
Ҳозир гадолар ҳам ғоят мукаммал,
Ишни дипломатик йўлдан бошлайди.
Эгасидан у-бу сўрашдан аввал
Итига, албатта, суяк ташлайди.

1988
Гап Битта
Парво қилма, бўлмаганни бўлдирамиз,
Паймонаси тўлмаганни тўлдирамиз.
Бир замонлар отар эдик, осар эдик,
Энди эса мажлис қилиб ўлдирамиз.

1988
Ўзимиз
Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз,
Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.
Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,
Шўрпахта босамиз энди ўзимиз.

1988
Дўрмонда Куз
Боғимда мушуклар қолдирган эдим,
Дайдиб кетибдилар бечораларим.
Баргларин тўкмоқда дарахтлар қадим,
У билан тўкилар эзгу дардларим.
Сенга салом дейман сўнг бор, беҳижон
Энди ерга ётдинг, соябоним барг.
Нечун ўксик қолдинг, чинор, жонажон
Боғларга наҳотки келди боди марг.
Арғувон гулларди бу ерда абад,
Бу ерда куйларди азал булбуллар.
Қушларим, сиз бизни тарк этманг минут
Тағин очилингиз бизнинг эй, гуллар.
Сира кўз тегмасин қизғин улфатга,
Қишда ҳам яшнайлик самовий ойдек.
Сизни таклиф этар шеърий суҳбатга
Миртемир, Шайхзода, албатта, Ойбек.

1988
Қуш Тили
1
Бўрон, сен шам узра гувлайверма, бас,
Арслондек ўкириб чекаверма сас.
Шамни ўчирмоқлик жуда ҳам осон,
Унга етар битта «пуф» деган нафас.
2
Феълини кузатиб содда боламнинг,
Ташвишин ўйлайман чигал оламнинг.
Соддалик яхши-ку, лекин кўпинча
Иши юришаркан қитмир одамнинг.
3
Қушларнинг тилида фақат бир оят,
У инсон учун ҳам ибратдир ғоят.
Қушлар дер:. Илойим, қафасга тушма,
Тушган бўлсанг гар, чиққил ниҳоят.
4
Бир ҳазил тўқидим бугун сенга деб,
Чақалоқ йиғлайди нега .инга. деб.
Инга-инга. сининг маъноси шулки,
Даъво қилаётир .менга., .менга. деб.
5
Майлига, рақибинг бўлсин ҳар нима,
Назар сол ҳаттоки етти қат ерга,
Қиёс топилгайдир ўтган умрга:
Олтинга айланган яхшилар хоки,
7
Бир доно базмининг гувоҳи бўлдим,
Шодумон даврада ўйнадим, кулдим.
Базмининг боисин сўрасам, деди:
— Бугун мен нодондан қочиб қутулди
8
Азалий ҳақ гапни яширмоқ нечун
Завол йўқ энг асл истеъдод учун.
Агарда коинот тегирмон бўлиб,
Оламни янчса ҳам, қолгай у бутун.
9
Эски алифбони дилга қилсанг жо,
Мана бу ҳикматни унутма асло:
Эгри ниятию ювуқсиз қўлни
Сира ёқтирмайди ўша алифбо.
10
Халқим деб югурар ҳовучлаб жонин,
Халқига бағишлар шуҳратин-шонин.
Лекин шу чопишда кета-кетгунча,
Тозалаб боради халқнинг ҳамёнин.

1988
Энг Қулай Жавоб
— Биламан, дунёнинг бор баланд-пасти,
Буларсиз юксалиш бўлмагай асти.
Лекин, эй файласуф, менга жавоб бер,
Нечун яхшиликнинг қисқадир дасти.
Хаёлинг беҳуда гап билан банддир.
Энг оддий жумбоқ ҳам сенга каманддир.
Майли, қулоғингга айтай, эй шоир,
Чунки ёмонликнинг қўли баланддир.

1988
Ирим (Ҳазил)
Ким нимани айласа армон,
Қўмсаб келган ўшани азал.
Атаганлар қизни Ўғилхон,
Бу - ўғилга ишора, масал.
Ҳозир меҳр булоғи тинди,
Бу ҳолни ҳам иримга йўйинг.
Қизларингиз туғилса энди,
Номларини Меҳрихон қўйинг.

1988
Тоқат
Бозордан тутоқиб қайтар уйга чол,
Гўшт қайда? Ёғ қани? Ваъда сўздами?
Кампири хўрсиниб юпатар дарҳол:
— Ўкинманг, тақчиллик фақат биздами?
Ёнбошлаб газета варақлайди чол,
Тўполон чиқибди завод, Вуздами.
Кампири юпатар сурганча хаёл:
— Ўйламанг, жанжал ҳам фақат биздами?
Оқшом телевизор кўраётиб чол
Бирдан сапчиб тушар. Эси ўздами?
— Давлатга тош отди кимдир бемалол
Кампири юпатар: фақат биздами?!
Тоқатим тоқ бўлди, дейди энди чол,
Тоқат юракдами? Тоқат кўздами?
Кампири ер чизиб шивирлар беҳол:
Чиданг-да, тоқат ҳам фақат биздами?!

1988
Таскин
Атир ҳиди билан борма мозорга,
Бормагин у томон кийиниб башанг.
Алам қилар ётган ҳар бир хоксорга,
Уларнинг хўрлиги ошади, билсанг.
Ахир кўнгиллари уларнинг ярим,
Ахир, асло ўлмас ҳаёт деган ўй.
Дегил:. Ҳавас қилманг, биродарларим
Бир кун ёнингизга келурман, деб қўй.

1988
Бу Йўллар
Бу йўллар хаёлдек билмас интиҳо,
Шошилар ўзининг манзилотига.
Бу йўллар элтади на Макка, на ё
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига.
Бу йўллар дунёни тинмай айланиб,
Интилар сирли бир кўнгил қулфига.
Ахийри тасмадек қолар бойланиб
Сенингдек гўзалнинг қора зулфига.

1988
Эътиқод (Шу Куннинг Ривояти)
Маҳшар яқин қолди,
Қиёмат яқин,
Ота билан ўғил бир-бирига ёв.
Самовот бошида чақса ҳам чақин,
Ҳеч кимса ҳайиқмас, қўрқмайди биров.
Оғизда бол каби турган бу тил ҳам
Заҳарга айланган, нишга айланган.
Дилбарлар чашмини куйлаган қалам
Кўзларни ўйишга энди шайланган.
Ўғлим либосимни бурдалаб кетган,
Тавба, деб ушлашга қолмаган ёқа.
Маломат пичоғи суякка етган,
Қалқонлар тешилган, отлар бетақа..
Ўт босган қабрнинг тепасида чол
Ғарқ бўлиб турарди шундоқ ўйларга.
Дам-бадам ўтмишга элтарди хаёл,
Элтарди курашлар, аза, тўйларга.
Қабрдан бир овоз чиқди-ку, шу чоқ,
Ҳазин ва ғазабнок, дардли, шиддаткор:
Маҳшар яқин эмас, қиёмат узоқ,
Ҳамма балоларга ўзингсан айбдор.
Ўғлингга топилгай қиличу қалқон,
Тақалаб бергайсан бир кун отини.
Сизлар чи, бир кун тўқ, бир кун юпун
Ташвишингиз йўқдир вужуддан бўлак
Тинди изтиробли қабрнинг саси,
Нима бу? Рўёми? Васвасми? Гумон?
Чол энди, ичига тушиб нафаси
Кетди, уйигамас, райкомга томон.

1988
Маймуният
Туриб-туриб маймун бир кун бошин қашлади
Ва маймуний режаларни туза бошлади.
Деди: - Шукр, ўлиб кетмиш Гулханий бобо
Демак бизнинг давримиз ҳам келмиш мутлақо.
Крилов ҳам марҳум эмиш аллақачонлар,
Ўзимизга қолган демак энди замонлар.
Не қилсак ҳам қўлимизда инон-ихтиёр,
Бизнинг йўлни тўсолгувчи энди ким ҳам бор
Шундоқ дея маймун ширин ўйларга борди,
Сўнг таваккал... шоирликни бошлаб юборди
Маймунона фикрлардан назм тизди у,
Ўрмон бўйлаб кеча-кундуз изғиб кезди у.
Қарасаки ишлар тузук, илҳомлар равон,
Мушугини .пишт. демайди, бирорта ҳайвон
Маданият соҳасида керак бўлар дер,
Уни бир кун қабул қилди ҳатто жаноб шер.
Сийланди у, ибрат учун унвон берилди,
Маймун эса керилгандан энди керилди.
Ҳайвон зотин менсимайин қўйди у буткул,
Биз маймунлар, деб бошларди нутқини нуқул
Лабларида камтарона бир мамнуният,
Дерди: - Олам гултожимиз биз маймуният,
Оҳ, инсонлар. Қилолмасман уларга тоқат.
Шу борада маймун чора изларди фақат.
Охир ўйлаб маймун топди шундоқ нақлни:
Инсонларнинг орасида Дарвин, ақлли,
Топинг уни. Улуғ олим бизни алқаган,
Гулханий ҳам, Крилов ҳам биздан тарқаган.

1988
Бор Гап
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Майсани топтамай ўтмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Фарзандинг гуноҳин ютмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Нораво Ватанни севмоқлик учун.
Қанчалик ирода, қанча куч керак,
Норасо элга сўз демоқлик учун.
Буларнинг баридан бўлмоқ-чун халос,
Икки газ арғамчи етгайдир, холос.

1988
Тараққиёт
Овчилар мақтанган қадим замонда
Бўза ва носвойнинг кайфини суриб:
— Фалон йил, фалон пайт, фалон дов
Энг катта олқорни олганман уриб.
Энг юксак чўққини забт этган сайёҳ
Ғурур билан деган ўлганга қадар:
— Азиз набиралар, сиз билмайсиз, оҳ,
Мен ўша чўққида қучганман зафар.
Меъморлар ҳам яшар асрма-аср,
Уларнинг фахри ҳам шундан иборат:
— Мен бунёд этганман энг юксак қаср
Менинг ижодимдир энг зўр иморат.
Тараққиёт экан, замонлар келиб,
Орзу босиб кетди бутун оламни.
Ҳозир мақтанишар: - Қўйингиз билинг
Мен бадном қилганман энг зўр Одамни.

1989
Бегоналик
Ёй ўқи камондан қочади йироқ.
Тоғлардан қочади дарё ва булоқ.
Булутлар бағридан қочади ёмғир,
Сукунатдан қочиб шамоллар санғир.
Нафис чечакларнинг хушбўй атри ҳам
Ғунчалар қўйнидан қочар дамодам.
Ҳар тўлқин бўшлиққа қучоғин очар,
Ваҳший қояларга бош уриб қочар.
Бургут панжасини ердан узган он,
Товушқон қочади бутазор томон.
Огоҳ бўлсанг агар олам сиридан
Дунёлар ҳам қочар бири-биридан.
Шу тахлит яшайди буюк коинот,
Манзилин тополмас идроксиз ҳаёт.
Йироқ йироқ тушса инсондан инсон,
Бу ҳолнинг шарҳига не дейсан, эй жон!
Она фарзандига қучоғин очса,
Фарзанд-чи, онадан минг фарсаҳ қочса.
Қочса бир-биридан ўғил ҳам падар,
Ёдини унутган телбалар қадар.
Қовушмаса инсоф, эзгулик, сабот,
Мен бунинг сабабин билмасман, ҳайҳот.
Тафаккур башарга гарчи яловдир,
Нечук одам қавми одамга ёвдир.
Жавоб берар бунга на ер, на осмон,
На Будда, На Зардўшт, на Инжил, Қуръон.
Энди бандаларга ўзинг қил шафқат,
Эй олий жозиба - Сирли Муҳаббат!

1989
Товламачи Кимсаларга
Ҳар бир ташаббуснинг бор ўз замони,
Яхши томонию ёмон томони.
Замондан орқада қолиб кетмай, деб
Ширкат тузиб олмиш гала мўлтони.
Улар остонангда ётиб оларлар,
Ўлигин елкангга ортиб оларлар.
Тилаган нарсасин берсанг бердинг-ку,
Бермасанг, кўплашиб, тортиб оларлар.

1989
Шоир (Ҳазил)
Эълон оссанг агар бирор шаҳарда,
Эси бутун одам керак деб шу он.
Талотўп бўлгандек рўзи маҳшарда,
Ёпирилиб келарди одамлар ғужғон.
Эълон оссанг агар шаҳарда шу кун,
Жунунваш, девона кимсага доир.
Тарқаб кетар эди қолганлар, бутун,
Фақат қолар эди «У мен», - деб, шоир!..

1989
Ёлғиз Аскар
Ботир кўкрагидан ўқ еди бир кун,
Во, орқам! - дедию тортди чўнг наъра.
Ёв тараф сўради: - Орқам, деб нечун
Оҳ чекдинг, кўксингдан очдик-ку яра.
Ботир шивирлади: Мен - ёлғиз аскар,
Йўқса, устимга от сололмасдингиз.
Орқамда дўстларим бўлганда агар
Кўксимни нишонга ололмасдингиз.

1989
Охират
Нимадандир ғашдир кўнгиллар,
Тиканакка бурканмиш гуллар.
Боққа ногоҳ адашиб кирсанг,
Ғазаб билан сайрар булбуллар.
Қонга тўлмиш Миррихнинг кўзи,
Уммонларнинг сачрайди тузи.
Аллақачон бол томмас тилдан,
Шоирларнинг заққумдир сўзи.
Йўлга боқсанг кўрингайдир жар,
Гўдакларнинг тушида аждар.
Туни бўйи йигитлар бедор,
Ёстиқларин тагида ханжар.
Билиб бўлмас _ кимда бор имкон,
Олағовур маҳшардир замон.
Не қиларин билмай ҳайратда
Денгиз каби қалқир оломон.
Хабар бордир на дўст, на ёрдан,
На дўсту ёр, балки, диёрдан.
Ёлғиз Ҳазрат меҳроб қошида
Мадад тилар парвардигордан.

1990
Бахтсиз Фаришта
Маъсум фаришталар - гўдаклар бари
Булутлар устида учиб юрибди.
Жаннатнинг ҳаётбахш шаббодалари
Парқув қанотларин елпиб турибди.
Кунлари кечарди бахтли ва шодон,
Абадий роҳатга барчаси ноил.
Фақат бир фаришта яшарди нолон,
Фақат бир фаришта қайғуга мойил.
Сира ёзилмасди кўнгил чигили,
Мунглиғ кўзларида дунёвий алам.
Таскин беролмасди беҳиштнинг гули,
Тафтин босолмасди кавсар суви ҳам.
Бир кун сўрадилар: - Маъюссан нечун
Ахир сен - бегуноҳ, сен яхлит савоб!
Болакай фаришта уҳ тортди узун,
Сўнг секин шивирлаб, айлади жавоб:
— Мени ота-онам кетганди ташлаб,
Дўзахда ёнмоқда улар беомон.
Шул сабаб ғамгинман, кўзимни ёшлаб
Уларга тилайман шафқат ва имон.

1990
Юлдуз Қазоси
Қазо қилди кўкда бир юлдуз,
Коинотда аза очилди.
Узоқ-яқин дунёларнинг ўз -
Таъзия тошлари сочилди.
Қора кийди бир нафас қуёш,
Мунғайганча Ой қалтиради.
Зуҳра юлдуз беролмай бардош
Кўзларида ёш ялтиради.
Улар кимга дилларин ёрар,
Чексиз зулмат ўнгу сўлида.
Тобутни жим кўтариб борар
Ғуж бўлганча Сомон йўлида...

1990
Юрагимнинг Тубида Бир Ном
Юрагимнинг тубида бир ном,
Такрорлайман оҳиста:
Ниятингга етиб юр мудом,
Кўз тегмасин сенга, Шоҳиста.
Мен шоирман, фориғ қил айбдан,
Баён этсам кўнгил майлини.
Ажаб эмас, Алишер ғайбдан
Кўрган бўлса сенда Лайлини.
Исмин ёзса чақнасин қалам,
Босган изинг гулларга тўлсин.
Сенингдайин парирўй санам
Бир Мажнунга муборак бўлсин.
Юрагимнинг тубида бир ном,
Такрорлайман уни оҳиста.
Ниятингга етиб юр мудом,
Кўз тегмасин сенга, Шоҳиста.

1990
Сабаблари Қидирилмоқда
Одамлар оч,
Колбаса лекин
Кучукларга едирилмоқда.
Шарҳ этамиз бу ҳолни секин:
Сабаблари қидирилмоқда.
Ўлдирмоқда ака-укани,
Оилалар емирилмоқда.
Сабабини ким айтар, қани?
Сабаблари қидирилмоқда.
Самолётни опқочди биров,
Норозилик билдирилмоқда.
Жавобимиз тайёрдир дарров:
Сабаблари қидирилмоқда.
Ер юзидан катта бир давлат
Шитоб билан сидирилмоқда.
Биз-чи мажлис қиламиз фақат:
Сабаблари қидирилмоқда.

1990
* * *
Дунёнинг ғалати йўриғига боқ,
Кимга айш ташнаю кимга дор муштоқ
Лекин ҳаммасидан маъно биттадир:
Қурбон олдин кетар, жаллод кейинроқ.

1991
* * *
Шудгорда қарғалар тўдасин кўрсанг,
Сира ажабланма, бўлма ҳангу манг.
Сен ерни ағдариб, шудгор қилган чоғ
Юзага чиққанди қурту чувалчанг.

1991
* * *
Баҳор! Сендан хушнуд жами кор аҳли
Хусусан шод эрур хоксор аҳли.
Чунки ташрифингдан дил эриб, зора,
Одамга ўхшаса амалдор аҳли.

1991
* * *
Болага ўхшайди, дейдилар халқни,
Бу гапни айтганлар, эҳтимол ҳақдир.
Лекин такрорлайман мен ҳам бир ҳақ
Ахир, болаларнинг ўзи ҳам халқдир.

1991
* * *
Ҳар гал айёмларни айларман тавоб,
Гарчанд бири моддий, ўзгаси сароб.
Шўрлик она замин бирликка зор-ку,
Унга талпиниш ҳам, демак, зўр савоб!

1991
* * *
Табиат кимга кўп ё оз берибди,
Кимгадир хала чўп ё соз берибди.
Во ажаб, мана бу машшоқ гадойга,
Тенги йўқ шоҳона овоз берибди.

1991
* * *
Ранжима толеинг кулмаса агар,
Инсон борин кўрар, ўлмаса агар.
Шоир ҳам ижоддан қолмагай асло,
Ногоҳ паймонаси тўлмаса агар.

1991
* * *
Қаҳ-қаҳ урар бўлсам, виждонимдан ме
Меҳнатим эвазин сўраб олурман.
Бенаф ўтган дамлар, мен сизнинг учун
Ҳайҳот, қабримга ҳам йиғлаб борурма

1991
Эрк Ҳаққи
Қадимий бобо юртим,
Қутлуғ бўлсин яловинг,
Ўйлай-ўйлай ташлаган
Қадам муборак бўлсин.
Тағин гуриллаб ёнгай
Ўчмаган қалб оловинг,
Эрк ҳаққига ичилган
Қасам муборак бўлсин.
Кимсага ёмонликни
Кўрмагансан ҳеч раво,
Лекин шум қутқулардан
Чиқмади шўрлик бошинг,
Энди сени қўлласин
Зафар ўзи доимо,
Сафаринг бехатару
Хизр бўлсин йўлдошинг.

1991
Фожиа
Бахтлидир, ўз даврин заволин кўрмай
Йўқликка равона бўлолган инсон.
Бахтлидир, янглишиб экканин ўрмай,
Шудгорин қайтадан бошлаган деҳқон.
Мўйсафид жангчига қарайман ғамгин
Кўксида нишону кўча-кўйда хор.
Унга на ўтмиши беролгай таскин,
Ва на келажакдан зарра умид бор.
Наҳот ўтган умр буткул ҳавойи,
Наҳот кўрганларин барчаси сароб.
Наҳот етмиш тўрт йил сиғинган жойи
Манфур манзил бўлса, жирканч ва хароб.
Авлиё дегани - ёвуз жодугар,
Доҳий деганлари - каллакесар зот.
Набиранг ўзингга тутса оғу гар,
Дардингни кимга ҳам дегайсан, ҳайҳот.
Шаҳид кетмасмиди ўша жанг чоғи
Фидойи бир аскар номини олиб.
Бугун на қалқон бор, на бор яроғи,
Мағлубдан садақа сўрайди ғолиб.
Оламда фожиа кўп эрур, бироқ,
Бунисин алами ҳаддан зиёда,
Оҳ, нечоғ даҳшатдир, тирик турган чо
Умринг оёқости бўлса дунёда...

1991
Ҳаёт Сабоқлари
Икки оға-ини ёвлашди бир кун,
Икковлон сиғмади битта маконга.
Наинки бир макон, тор бўлди очун,
Кетди иккиси ҳам икки томонга.
Ойлар, йиллар ўтди орадан қанча,
Ахир бир-бирларин топдилар омон.
Титроқ елкаларга бошин қўйганча
Ҳўнг-ҳўнг йиғлашдилар гўдакларсимон.
Хўш, нима бўлибди, дерсиз, албатта,
Камми бу дунёда аҳил, ноаҳил.
Лекин, наҳот дейман, фақат кулфатда
Намоён бўлади муҳаббат асл.
Англамоқ истайман бу ҳолнинг сирин
Боқиб атрофимга мен гоҳи онлар.
Бунда кўриб турса улар бир-бирин
Балки еб қўярди аллақачонлар...

1991
Вафо Қилурмисан, Баҳорим
Руҳимда йўқолди қарорим,
Танимда қолмади мадорим.
Бизларни бир йўқлаб келибсан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Ёз ўтди, куз ўтди, қиш ўтди,
Бошлардан синовли иш ўтди.
Юракка изғирин - ниш ўтди,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Ям-яшил қирларни соғиндим,
Чечакзор ерларни соғиндим,
У инжа сирларни соғиндим,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Лоланинг лаблари хандадир,
Доғи ҳам тубида - андадир.
Қхшаши руҳ ила тандадир,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!
Интиқмиз дўст билан, ёр билан,
Шеър билан, соз билан - тор билан,
Дийдорлаш бизнингдек хор билан,
Вафо қилурмисан, баҳорим?!

1991
Каъбатуллоҳ
Ҳануз бири икки бўлмаган элдан
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Бағри хун, толеи кулмаган элдан
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Бир замон унинг ҳам бўлган қудрати,
Дунёни ёритган зеҳни, фикрати.
Ҳатто қирғоқларни бузган шиддати,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Тегирмон тошидек айланди тақдир,
Карвонлар тўзғиди, сарбонлар сўқир.
Банди бўлган эди улуғ юрт, ахир,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Авж олди иғвою фириб, разолат,
Йиғлади бир четда етим адолат.
Борми саодатга, ахир, кафолат,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Хор бўлди Ватанда кимки илми бор,
Бировлар зар билан топди эътибор.
Ҳийлагар кўпайди, кўпайди маккор,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Дуч келган санамга сиғиндик гоҳи,
Бизга кенг очилди Шайтон даргоҳи.
Ахир, нима эди элнинг гуноҳи,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Магар бўри экан одамга одам,
Бир-бирин бошини егай дамодам
Ҳақиқат йўқ жойда яшнагай ёлғон,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Қай замон одамлар бад феълин сездим
Вафоли дўст излаб дунёни кездим.
Топмадим, топмадим, баридан бездим
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ.
Қошингда тиз чўкиб турибман шу дам
Дилимда илтижо, қўлимда қалам.
Шафқатинг аяма мендан ҳам, Эгам,
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ
Шукрона айтурман ўзингга, ё Рабб,
Юз бурдик ҳидоят йўлига қараб.
Ҳақ деган юртимнинг бахтини сўраб
Келдим, мадад бергил, ё Каъбатуллоҳ

Тиланчи Бола
Каъбанинг муқаддас намозгоҳида
Минг-минглаб мўъминлар юкинмоққа шай.
Сафлар орасида гоҳи-гоҳида
Кўриниб қолади битта болакай.
Кимдир узатарди садақа - риёл,
Бироқ эҳсонга у қилмасди ружу.
Қоп-қора кўзида чексиз мунг, хаёл,
Лабларида эса ҳазин, ним кулгу.
Жим боқар, ишлари гўё саришта,
Фақат нигоҳида ўтинч порларди.
Менинг назаримда у бир фаришта,
Меҳру саховатга унсиз чорларди.

Аллоҳ Даргоҳи
Неча минг мусулмон туну кун бедор,
Каъба атрофини тинмай айланар,
Барчасин муроди илоҳий дийдор,
Саждага ҳар бири ҳар зум шайланар.
Олам уммон бўлса - гирдоби шу жой
Олам осмон бўлса - меҳвари бунда.
Милярд мартабали жаҳон, ҳойнаҳой,
Кемадек қалқади битта тўлқинда.
Ер узра тариқдай сочилган инсон,
Бир қушнинг олдига келиб тизилмиш
Абасдир бу жойда миллат, ирқ, лисон.
Замин йўриқлари бунда бузилмиш.
Бу жойнинг бор эрур на Қорабоғи,
На Ўзган, на Ўшу Фарғонаси бор.
Аллоҳнинг ўзидир ёлғиз чароғи,
Чароғнинг ҳисобсиз парвонаси бор.
Ҳатто нафрат мушти бунда тугилгай,
Ахир ягонадир бу ерда мақсад.
Сиғинсанг - гуноҳинг дув-дув тўкилга
Иймонсиз бандага йўқ лекин шафқат.
Шунчалар мукаммал Аллоҳ даргоҳи,
Мағфират қил, дея дилни тиғладим.
Ҳар ёндан таралар мўминлар оҳи,
То тонгга қадарли юм-юм йиғладим.

Ҳасрат
Қочган ҳам, қувган ҳам Аллоҳим дейди
Қочган ҳам, қувган ҳам эмасман, дўстим.
Менинг изтиробим шул Инсон эди,
Инсондан ўзгани демасман, дўстим.
Инсон-чи, то ҳануз ёвуз ва ғаддор,
Бир-бирин тинимсиз тортади чоҳга.
Бундайин қисматга кўникмоқ душвор
Нетай, ҳасратимни дейман Аллоҳга.

Она
Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин.
Ҳожар онамизнинг нидоси сабаб
Каъбада кўз очган Оби Зам-зам ҳам.
Бир умр талпинмиш онага қараб,
Не-не пайғамбарлар кўзларида нам.
Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо
Тобут ясаб келган эр зоти доим.
Оналар бағрига фақат бешик жо,
Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим.
Шўрлик одамзоднинг толеи учун
Энг аввал оналар қилсин ибодат.
Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун,
Оналар ўтинчи топиб ижобат.
Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин

Арофат
Арофат тоғининг этакларида
Кўрдим қиёматнинг аломатларин.
Ҳамма бир хил либос - эҳром сарида,
Қайтадан варақлар умр дафтарин.
Йўқдир биров билан бировнинг иши,
Айқаш-уйқаш бўлмиш ер билан осмон.
Ҳар кимнинг ичида дарди, ташвиши,
Шукрона айтмасанг осийсан шу он.
Мажруҳ боладан то мункиллаган чол,
Лаббайка, Аллоҳ, деб қилар илтижо.
Кимдир ташналикдан инграйди беҳол,
Кимнингдир ҳаёти шул ерда адо.
Намоз вақти келар, тумонат муслим
Саждага эгилар, кўзда жиққа ёш.
Мен ҳам сафим билан тиз чўкаман жим,
Балки мен ҳам қайта кўтармасман бош...
Қиёмат нима деб сўрама энди,
Унинг бир саҳнасин кўрсатди Аллоҳ.
Шўр денгиз тонггача қайнади, тинди,
Синовдан ўтганим рост бўлсин, валлоҳ!

Ҳаёт Ҳақиқати
Умрнинг ярмини ўтдик амаллаб,
Қолган ярмига ҳам подшодир худо.
Фақат айрилиқдан асрагин, ё Рабб
Дўсту ёронлардан қилмагин жудо.
Ғанимлар макрини ўйласанг агар
Дунёдан яшамай кетган яхшироқ.
Баъзан дил уйингни айлар мунаввар
Етти ёт бегона ёққан бир чироқ.
Муҳтож бўлганингда силайди бошинг
Ўзи муҳтож бўлган танти мардумлар.
Ўлим тилаганда тирик сафдошинг,
Ҳаётга қайтарар сени марҳумлар.

Ҳожилар
Ҳалоллик Исломда энг олий матлаб,
Тўғрилик Муслимнинг асл гултожи.
Бир куни ўртада Шайтон оралаб,
Ҳожининг ҳамёнин урди-ку ҳожи.
Қайси бир ўлкадан келган кекса чол,
Бор-йўқ бисотидан бўлди мосуво.
Не қилсин? Чорасиз тура берди лол,
Дилида шукрона, тилида дуо.
Ўғри ҳожи эса мамнун ишидан,
Тинмайин саждага эгилар боши.
Нобакор банданинг бу қилмишидан
Бадтарроқ қорайди Каъбанинг тоши!

* * *
Эҳром кийиб олган икки мусулмон
Бир-бирин сўкишиб чой талашарди.
Асли билмасдилар, шу зум икковлон
Дўзахнинг тубидан жой талашарди.

* * *
Кезиб бу шаҳарни балки ҳоргайсан
Ва лекин Аллоҳга дилинг ёргайсан.
Адаша-адаша Маккани топдинг,
Энди адашсанг гар қайга боргайсан.

Ҳожи Укаларим Анвар Ва Хуршидга
Дўст бўлурми бунчалар ҳамдам, иноқ,
Бир пиликдан куч олар икки чироқ.
Оҳ, аҳиллик бор экан ўзбекда ҳам,
Улғайинг, турли ёмон кўздин йироқ.

Аслият
Бу ерга ўғри ҳам, тўғри ҳам келар,
Покланиш ҳар кимнинг муддаосидир.
Гуноҳу савобни ҳар банда билар,
Элнинг у шоҳидир ё гадосидир.
Ҳаётнинг оқимин тўхтатиш қийин,
Ҳеч ким айри тушмас қорган лойидан
Бир карра покланиб олгандан кейин
Ишларин бошлайди келган жойидан..

Шайтон
Лаънатлаб бўлса ҳам, қарғаб бўлса ҳам,
Ҳар кун тиловатда айтилар номи.
Унинг бош суқмаган жойи камдан-кам,
Очилган ҳар қадаҳ унинг ҳам жоми...
Дейдилар, нораста гўдакни ҳатто
Уйқуда қитиқлаб кулдирар эмиш.
Салгина ғафлатда қолсанг мабодо,
Қилмаган ишингни қилдирар эмиш.
Шайтоннинг ҳунари чиндан ранг-баранг,
Саллани пайтава қилиб ўратгай.
Агар сидқидилдан кўрсатса найранг,
Нодонни шоҳ қилиб, юртни сўратгай.
Минода Шайтонни қилдик тошбўрон,
Лаънатга кўмилди бадбахт у лаин.
Дедик, шунча юкнинг остидан Шайтон
Минг йиллар чиқолмай ётмоғи тайин.
Шодумон йўл олдик Ватанга қараб,
Шайтон қолди, дея чуқурда-чоҳда.
Манзилга қайтгандик, Шайтон, во ажаб,
Бизни кутиб олди тайёрагоҳда.

Макка - Мадина - Тошкент, 1992 йил 25 май.16 июн
Ҳикмат Садолари
Ибодат
Дунёдан розиман дема ҳеч қачон,
Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа.
Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он.
Нега розисан, деб тутгай сўроққа.
Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар,
Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа.
Чунки сени тинглаб, кимлардир батта
Нега, деб албатта, тутгай сўроққа.
Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон,
Жимгина назар сол кўҳна бу корга.
Олис кечалари ёлғиз қолган он,
Дилингни оч фақат Парвардигорга.

Жаброил
Ул куни Муҳаммад - хоксор банда,
Аллоҳ назарига бўлганди ноил.
Сокин ҳужрасида ўйчан турганда
Тушди ҳузурига Ҳазрат Жаброил.
Аввал Муҳаммаднинг кўксини ёриб,
Шайтоний ҳисларни юлиб ташлади.
Сўнг Иймон нурига ҳикматни қориб,
Муҳаммад кўксига жойлай бошлади.
Деди: - Қалқ ўрнингдан энди, Муҳам
Расулсан, йўл кўрсат жами инсонга.
Ноқис ақлларни ҳикматга қарат,
Бошла осийларни динга иймонга.

Ҳордиқ
Араб саҳросида йўл юриб карвон,
Топди бир манзилда қўним ва қарор.
Ҳорғин Расулуллоҳ - озурда ул жон,
Ҳордиқ чиқармоқни қилди ихтиёр.
Тўшаксиз, тақирда ётди ёнбошлаб,
Бамисли очундан кўнгли қолган қул.
Келди саҳобалар кўзларин ёшлаб:

- Ҳеч Қурса Бўйрада Ётингиз, Расул.
Расулуллоҳ деди: - Ўйламанг, асло
Фанодан мен роҳат кутаётирман.
Бу дунё дарахтнинг сояси гўё,
Мен ундан от миниб ўтаётирман.

Рўза
Рамазон ойида, ҳайит чоғида,
Сумалак пиширди аҳли мусулмон.
Унни қовурдилар зайтун ёғида,
Ҳалим тайёрлади - кимда бор имкон.
Баҳор келди мана, қишдан чиқолдик,
Терган ризқ-рўзига, неъматга шараф.
Тоғдайин заҳматни ахир йиқолдик,
Табиатга шараф, ҳимматга шараф.
Рўзадан чиққанлар, сизга ҳам раҳмат
Қарзингиз синовли саодат эрур.
Расулуллоҳ демиш: - Сабр қил, уммат,
Мўминлик белгиси қаноат эрур.

Ҳаж
Неча чўллар ошиб, дарёлар ошиб,
Бир кун кириб келди Маккага карвон
Денгизга етишган жилғадек шошиб,
Умматлар йўл олди Каъбага томон.
Уларнинг барчаси мўйсафид эди,
Асога таянган нуроний бошлар.
Кимдир ҳайрат билан уларга деди:

- Ҳажга Келмайдими Сизларнинг Ёшлар.
Умматлар дейишди: - Ҳақ йўли мушк
Азият чеккан-ку Пайғамбаримиз.
Қутлуғ бу сафарга олган чоғи йўл,
Ёш-ёш йигит эдик бизнинг баримиз.

Ҳазрати Одам
Жойлари осмонда бўлса ҳам магар
Ҳазрати Одамга қийиндир ғоят.
Ўнг ёнга боққанда руҳлари яйрар,
Чап ёнга боққанда ўртанар фақат.
Бир томон жаннатнинг фусункор боғи,
У - роҳат гўшаси, ям-яшил макон.
Бир томон дўзахдир, йўқдир адоғи.
У ерда абадий азоб ва фиғон.
Қувнар, ўнгга боқиб Ҳазрати Одам,
Чап ёнга боққанда ошар ноласи.
Бир насли жаннатга ноил бўлса ҳам,
Дўзахда ёнмоқда битта боласи.

Инсон
Олдига келганни қайтармай емоқ
Аслида, ақли йўқ ҳайвоннинг иши.
Оғизга келганни қайтармай демоқ
Ноқису бефаҳм, нодоннинг иши.
Таважжуҳ айлади Тангри таоло,
Муқаддас саналди Инсон деган ном.
Инсонни эътироф этмаган асно
Иблис ҳам қувилди Аршдан батамом.
Кўзингнинг ўнгида ўсгандек экан,
Раббим ҳам огоҳдир ҳар зум, ҳар ишда
Рўзаю парҳезда муддат бор, лекин
Ҳамиша ҳазар қил ҳаром-ҳаришдан.

Она
Кимдир савол берди: - Айтгил, Муҳаммад,
Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга.
Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт,
Ота-онамгами ёхуд боламга?
Расул жавоб қилди: - Тингла, биродар,
Гапимни бир бора қулоққа илгил.
Имкон топа олсанг дунёда агар,
Ўнг аввал онангга яхшилик қилгил.
Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ .
Ростдан она эрур қиблаи олам.
Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ
Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.

Фарзанд
Бир куни ранжитди отани фарзанд,
Ота ўз уйидан бош олиб кетди.
Лекин Аллоҳ меҳри бўлиб сарбаланд,
Ота Маккатуллоҳ васлига етди.
Ота фиғон чекди Каъба қошида,
Гўё унут бўлгай аламлар бари.
Нажот чарх урса ҳам гарчанд бошида,
Сира кетолмади бир гапдан нари.
Каъбани сиғинар экан кекса чол
Армонин ошкора айтди оламга.
Деди: - Ибодатим бўлса ҳам увол,
Фақат саодат бер ўша боламга.

Дўзахийлар
Ёвлашди бир куни икки мусулмон,
Орадан адолат тамоман кўчди,
Улар олишдилар узоқ, беомон,
Оқибат бирининг калласи учди.
Кимдир пайғамбардан сўради келиб:
— Аё, Расулуллоҳ, айлагил жавоб.
Ҳойнаҳой, рақибин қонга ғарқ қилиб,
Ул кас жаҳаннамда тортгайдир азоб?
Расулуллоҳ деди: - У ҳам ва бу ҳам
Маҳкум бўлғувсидир дўзах тўрига.
Икков ҳам майдонга тушганлари дам
Ўлим тилаганлар бири бирига.

Савоб
Дасти қисқаларни камситма зинҳор,
Савобнинг каттаю кичиги бўлмас.
Кимнингдир давлати беҳаду бисёр,
Ва лекин бахилдир, толеи кулмас.
Оч қолган гўдакка саховатли зот,
Яримта хурмони дилдан илинди.
Билгилки, бу ҳиммат шу зум, шу заҳот,
Бус-бутун савоб деб қабул қилинди.
Демишлар, савоб иш офатни тўсиб,
Эзгулик йўлига шайлангусидир.
Энг кичик ҳиммат ҳам тойчоқдек ўсиб,
Тулпордек савобга айлангусидир.

Бандага Сиғинма
Ҳеч қачон бандага сиғинма, банда,
Зулм қилса агар, золимга лаънат.
Битта руҳ яшайди ҳар битта танда,
Инсоннинг авлиё бўлмоғи ғалат.
Гарчи бу дунёда бордир нодонлик,
Тафаккур, Ақлнинг кошонаси бор,
Қисматдан ҳеч кимса топмас омонлик
Олдинда ажалнинг остонаси бор.
Сеҳрга нечоғлик каломинг бурма,
Лазизроқ сўз йўқдир Сўзидан ортиқ.
Дунёда дўст излаб қанча югурма,
Азизроқ дўст йўқдир Ўзидан ортиқ.

Марҳумлар ШаъНи
Марҳумлар шаънига ёмон сўз демоқ
Макруҳлик саналмиш азалдан-азал.
Эй, Инсон, танангга бир зум ўйлаб боқ,
Кимларни забтига олмабди ажал.
Тошқин сел ваҳмини сой кўтаргайдир,
Ҳаётнинг зарбасин кўтаргай ҳаёт.
Мисли той тепкисин той кўтаргайдир,
Отнинг тепкисини кўтаргайдир от.
Расулуллоҳ демиш: - Ким Ҳаққа йўлдош,
Тириклик қадрини у азиз этди.
Марҳумнинг ортидан ота кўрманг тош,
Марҳум кетадиган жойига кетди.

Ҳидоят Йўли
У сенга кўрсатди ҳидоят йўлин,
Юргил ё юрмассан, ўзинг бил, Инсон
Балки сен тутгайсан Иблиснинг қўлин
Яратган Холиққа барчаси аён.
Пишқирган дарёнинг соҳилида гар
Ташнаю зор қолсанг, айбдорсан ўзинг
Бошингга ногаҳон балолар ёғар
Лабингдан учган чоғ жаҳолат сўзинг.
Ғойибдан бахт кутиб ўлтирмоқ нечун,
Дастингга кор берди қалбингдаги ёр.
Заминда кўргазган қилмишинг учун
Осмонни маломат қилмоғинг бекор.

Жон Аччиғи
Булоқдан сув ичди ҳазрати Исо,
Ғоят тотли эди бу оби ҳаёт.
Сувни бир кўзага қуйганда аммо
Заққумга айланди у ўша заҳот.
Ҳайратга тушгайдир пайғамбарлар ҳам,
Бу қандай сир эрур? Аён қил, ё Рабб!
Масиҳо нафаси етишгани дам
Кўзадан бир овоз чиқди-ку титраб:
Аё, ширин сувинг бўлдими тахир,
Дема, бу туз таъми, қон аччиғидир.
Мен ҳам Инсон эдим. Кўзаман ҳозир,
Сувни аччиқ қилган - жон аччиғидир!

Жинлар
Жинлар базм қиларди овлоқда, тунда,
Гулхан атрофида хуррам, шодумон.
Бир ботир суворий ўтаркан, шунда
Базмга назари тушди ногаҳон.
Ботирни қоплади лаҳзалик титроқ,
Сўнг гулхан устига от солди бирдан,
Жинлар тўзғиб кетди, биттаси бироқ,
Сўз қотди, ҳайиқмай сира ботирдан:
— Бундоқ зуғум қилма бизга, эй ботир
Кимсага билмасдан бермагил озор.
Жинлар ичида ҳам кофири бордир,
Жинлар ичида ҳам мусулмони бор.

Паҳлавон
Бир суҳбат чоғида Ҳазрат пайғамбар
Ўртага ташлади савол ногаҳон.
Айтдилар: - Зарурат туғилса магар
Кимни атардингиз асл паҳлавон?
Саҳобалар деди: - Ҳар ким доимо
Чекига тушганни келгандир олиб.
Кураш майдонига чиққанда аммо,
Паҳлавон саналгай ким бўлса ғолиб.
Расулуллоҳ деди: - Кўҳнадир жаҳон,
Турфа хил куч-қудрат бордир одамда.
Лекин ўз жаҳлини енголган инсон
Ҳақиқий паҳлавон эрур оламда.

Эзгулик
Бандани хилламоқ нокаснинг иши,
Атойи Ҳақ эрур тус билан забон.
Инсонни танитгай фақат қилмиши,
Насорон бўлсин у ва ё мусулмон.
Бир бурда нон сўраб йиғласа гўдак,
Дийдангга келмаса агар қатра ёш.
Масжиду черковинг энди не керак,
Яхшиси, йўқликка олиб кетгил бош.
Ахир Расулуллоҳ демиш-ку ул дам:
Ҳамиша саховат йўлидан юргил.
Майиздай қоп-қора бошли ҳабаш ҳам
Яхши иш қилганда ёнида тургил!

Ҳасад
Дунёга келганда Инсон мукаррам,
Қавмлар шодликдан чуввос солдилар.
Бахтиёр гўдакка айлашиб карам,
Албатта момиққа ўраб олдилар.
Ойлар, йиллар ўтди, ўтди кўп сана,
Гўдак ҳам мўйсафид ёшига етди.
Куни битганида ул банда яна
Бир парча момиққа ўралиб кетди.
Ҳасадгўй кимсалар - Иблисга ҳамкор
Момиққа чўздилар фақат қўлларин,
Эгасин кафанга айладилар зор,
Дўзахга бурмоқчи бўлди йўлларин.

Шамол
Шамоллар, шамоллар, дайди шамоллар,
Қайдан эсганингиз билолмай доғман.
Сиз билан чулғанур не-не хаёллар,
Сизнинг қаршингизда шам ё чароғман.
Араб саҳросидан эсган, эй самум,
Ҳовурдинг кимларнинг туйғуларини.
Шаҳидлар учун гоҳ бўлдинг таяммум,
Қумларга дафн этдинг орзуларини.
Шамол эсганида ҳазрат Пайғамбар
Мудом тўлғанарди дилгир, бетоқат.
Дер эди: - Ҳар қандай шамол муқаррар,
Ё ҳаёт келтиргай ёки фалокат.

Мавҳум Зот
Юртга подшоҳ бўлди бир кун мусулмон
Бир осий ўша кун мусулмон бўлди.
Юртга подшоҳ бўлди бир кун насорон
Ул банда ўша кун насорон бўлди.
Тожу тахт дунёда айланар пайваст,
Шоҳлар гоҳ дарвишу худпараст бўлди
Подшоҳ бўлганида юртда бутпараст
Ул банда ўша чоғ бутпараст бўлди.
Шундоқ яшади у фоний ҳаётни,
У найранг кўргазди ҳатто Холиққа.
Охират кунида, мавҳум бул зотни
Ўтқазиб қўйдилар учта қозиққа.

Сен Каби
Онангни отангга хатлаб берганда,
Гувоҳ бўлмаганман ишонгил, ахир.
Боқурсан, юзингда қув заҳарханда,
Дунёни гўёки мен этдим тахир.
Босган қадамимдан чақнамас олов,
Даъво қилмасман ҳеч абадиятга.
Ва қўрғон қурдиму на тутдим ялов,
Доим йўлдош бўлдим оддий ниятга.
Бошни кўп қотирма сен кимсан дебон,
Кимнинг хеш, кимнингдир андасидирман.
Ўткинчи дунёда мен ҳам бир меҳмон,
Худонинг сен каби бандасидирман.

Лайли Ва Мажнун
Ҳар кимга ҳамроҳдир ҳамиша қисмат,
Кимдир бошин эгар, ким кўксин керг
Расулуллоҳ демиш: - Аллоҳдан фақат
Ким нима сўраса, ўшани бергай.
Оёқ-қўлин боғлаб Лайлини бир кун
Олиб келишдилар Каъбага томон.
Лайли хитоб қилди: - Тавба не учун,
Мажнуним бўлмаса тийрадир жаҳон.
Ибодат Мажнуннинг навбати эди,
У ҳам ошкор этди кўнгил майлини.
Каъбага бош уриб тураркан, деди:
Мен сендан сўрайман фақат Лайлини

Муҳаббат
Ҳар мўмин дилида бир орзу фақат,
Ҳар дамда ўйида Маҳшарнинг куни.
Аллоҳ гуноҳларин қилиб мағфират,
Зора ноил этса жаннатга уни.
Тунлари мени ҳам чулғайди хаёл,
Ўзинг ёрлақагин мени ҳам, ё Рабб.
Сенинг васлинг гарчи энг олий висол,
Раҳм этгил ва лекин ҳолимга қараб.
Менинг ҳам тилагим ол инобатга,
Қовуштир орзулар олами билан.
Расулуллоҳ демиш: Киши жаннатга
Киргайдир севикли одами билан.

Азроил
Бадавий шаклида келиб Азроил
Муҳаммадга деди:. Жонингни олгум.
Ва лекин ҳурматга экансан ноил,
Тила тилагингни, дўст бўлиб қолгум.
Муҳаммад тўлғонди ўнгга-ю сўлга,
Деди:. Ишинг экан - ола қол жонни.
Розиман, илтифот айлаб Расулга,
Бахш этиб турибсан сўнгги имконни.
Ёлғиз ўтинчимни қайтарма минбаъд,
Майли, сўнг тепамда кўксингни кергил.
Умматим жонини осон ол фақат,
Унинг азобин ҳам ўзимга бергил.

Ҳадис
Бу улуғ даргоҳда меҳмонман мен ҳам,
Менинг ҳам дилимда ошиқлар оҳи.
Ҳадисчи боболар дегандек у дам,
Тавбамни қабул эт, ўзинг, Илоҳи.
Улғайдик ва лекин олдда кўп гап бор,
Давра шамоллари эсиб ўтгайдир.
Инонгум, эътиқод ўзи бўлиб ёр,
Бизнинг ҳам қўлимиз бир кун тутгайдир.
Ибодат бор эди, у этгай давом,
Қирқ билан ёпмасмиз бу уйнинг томин.
Бизни тинглаганга ҳамиша салом,
Яна кўришгунча соғ бўлинг! Омин!

Қул Ва Қуёш
Демасман, зулматда мудом фарёд қил,
Ҳиммат нури билан дилни обод қил.
Расулуллоҳ демиш:. Ошма ҳаддингдан,
Қуёш тутилганда қулни озод қил!

Дилозор
Бунчалар дилозор бўлмасанг, кимса,
Мақоминг бандаи мўмин-ку ахир?!
Кимдир жигарини тупроққа кўмса
Ҳолин сўрамасанг, тошми бу бағир?
Тепангда порлайди офтоб чароғон,
Сен эса атрофни буткул тун дейсан.
Кимнингдир дилига чўкса зимистон,
Сен унинг ҳолини ёруғ кун дейсан.
Бир маҳал дуч келиб сендек балога,
Пайғамбар оҳ чекмиш, қалби тўла зор.
Расулуллоҳ демиш: ҳатто Мусога
Уммати бунчалик бермаган озор.

1991-1992 йиллар
Ўзбекистон Давлати
Ўзбекистон байроғи кўтарилди чинакам,
Ушбу кунни, айтинг-чи, қай биримиз кутмадик.
Зарур бўлган чоғда гоҳ дор тагида туриб ҳам,
Қай биримиз тарихнинг синовидан ўтмадик.
Донғил сафарга чиқди энди ҳур Ўзбекистон,
Кимгадир оёқости, кимга у осмон бўлди.
Шукрким, ўз-ўзини таниди кекса жаҳон,
Яъни ўзбек Давлатин жумлаи жаҳон билди.
Не-не камситувларни кўрган шу бошим билан,
Она халқим, қошингда тизза букиб турибман.
Ўзбекча гапирганда, бир чуқум ошим билан
Садақаи бахтинг деб борим тўкиб турибман.
Гарчи доим унгандир гулчечаклар боғимда,
Темур ва Навоийни эслаймиз такрор-такрор.
Мен-ку узоқ яшарман, лекин кетар чоғимда
Тепамда эгилажак ўз туғим - байроғим бор!
Насиб этмиш бу кунлар, таралсин янгроқ унлар,
Дўстлар билар ёнма-ён қутлайлик бу айёмни.
Илоё, бошимизга келмасин қаро кунлар,
Ўзбегим, деб кўтаринг, дўстларим, олтин жомни.

1992 йил, 4 март
Мусофир
Бурунни сассиқ деб кесиб бўлмайди,
Сиз мени тушунинг, Абдулло ака.
Ўзбекман, ва лекин дарбадар дайди,
Тасалли беролса қанийди Макка.
Ўзбек деб ажратар Афғонга борсам,
Менга келгинди деб қарайди Араб.
Тингловчи кимса йўқ дардимни ёрсам,
Фақат эзиламан онамга қараб.
Гарчи камим йўқдир молу дунёдан,
Ошёни омонат қушман аслида.
Йироқман юрт деган меҳригиёдан,
Ғарибман умримнинг қайноқ фаслида.
Қўлда қурол билан жанг қилдим мен ҳам,
Афғон тупроғини босганида ёв.
Ҳеч қурса бир нафас, ҳеч қурса бир дам,
Босқинчи йўлига бўла олдим ғов.
Жангда иниларим бўлдилар шаҳид,
Ёлғиз онам билан қолдик икковлон.
Мени атадилар манфур мужоҳид
Шимол галалари маккор, беомон.
Жайҳуннинг ортидан келган ўзбегим,
Қурол кўтармишдир ўртаниб жони.
Бугун мен оламга ошкора дегум,
У ҳам шўроларнинг бўлди қурбони.
Менга қўли қон деб боқманг, акажон,
Озодлик қадрини мен ҳам билганман.
Жангларда қай ўзбек берган бўлса жон,
Унинг қаторида мен ҳам ўлганман.

1992
* * *
Ҳақ севгай ўзига ёр бандаларни,
Дилида иймони бор бандаларни,
Такаббур бошларни пастроққа эгса,
Юксакка кўтаргай хор бандаларни.

1992
* * *
Кимдир фарзандига дерди: - Эй, қўзим,
Жону дилинг билан эшит бул сўзим.
Қачондир саломга алик олмасдим,
Энди бир аликка зордирман ўзим.

1992
* * *
Шеър, Фарзанд, Яхшилик - мисли полапон,
Тарқалиб кетдилар ҳаммаси ҳар ён.
Оламда қанчаки ёмонлик бўлса,
Ёпирилиб келдилар бари мен томон.

1992
Шоир Чорижон Марсияси
Ҳар ким ҳам дунёдан ўтади.
У ё шоҳ, ё гадо бўлмасин.
Қазойинг қалбимни ўртади,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин!..
Ахир у энг аввал инсондир.
Қавмига қадрли бир жондир.
Устози орзуманд осмондир,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин.
Сен ўйчан юрардинг, Чорижон,
Ўйлардим - илҳомга ёри жон,
Айтмовдинг, енгибди дард пинҳон,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин.
Ғузорнинг даштида оламдек,
Армонинг сочди оқ толамдек,
Беғубор эдинг бир боламдек,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин...
Шеърият, ҳамроҳсан биз ила,
Уйингда юз берди зилзила,
Бу не ҳол, баҳорда зилзила,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин.
Шоир хоҳ ёшдир, хоҳ қаридир,
Ижоди ажалдан наридир.
Аламдир, бари бир аламдир,
Ҳеч кимнинг шогирди ўлмасин!

1992
Шароф Рашидов Хотирасига
Марҳумлар ҳаётдан эрурлар йироқ,
Демакки, йироқлар хушомаддан ҳам.
Макру найрангларин қўймайди бироқ,
Токи ҳаёт экан Нобакор Одам.
Уларнинг турфа хил одатлари бор,
Аввал ганжларини кўмгай тупроққа.
Сўнг бирдан ўзларин ҳис этиб ночор,
Гавҳарим қайда деб тушгай титроққа.
Дунёда ҳар кимга қисмат ёр эмиш,
Кимдир тож кийгайдир, кимлардир кулоҳ.
Гўёки Алишер сизга ҳам дермиш:
«Сийратинг дарвешу сувратингдир шоҳ».
Эзгулик ниқобин юзига тортган
Манфур бир майдонда сургандингиз от.
Кимдир ўз падарин бир пулга сотган,
Қўл-оёқ кишанда, таланган бисот.
Ўйчан кўзингизда не ғам бор эди,
Келажакмиди ё мозийнинг шони?
Ўзбек-ку, бир эркка интизор эди,
Сизни адо қилди минг бир армони.
Эрксевар элларнинг орзусин ёқлаб,
Хаёл денгизида тунлар сузгансиз.
Истиқлол сўзини юракда сақлаб,
Сиз қафас ичида гуллар тузгансиз.
Шоирман, бўйнимда шеърнинг гуноҳи,
Соҳибин асрайди Салтанат маккор.
Очкўз, амалпараст кимсалар гоҳи
Адолат менман деб топгай эътибор.
Уларнинг дастидан нотинч эл, замон,
Танимай қолурсан оқ-қорани ҳам.
Чалғитиб келганлар топганда имкон,
Ҳаттоки Темуру Бойқарони ҳам.
Одилдир - ким элни бошлаган бахтга,
Ўзи ўтда ёниб, йўлни очганлар.
Лекин интиларкан тож ила тахтга,
Во ажаб, кўпинча дордан қочганлар.
Қуллуқ, Шароф ота, минг бора қуллуқ,
Боқий Ўзбекистон сизга ҳам ёдгор.
Бугун у истиқлол шавқига тўлиқ,
Хизматингиз эслар такрор ва такрор.
Илоҳи, ҳар кимга берсину тўзим,
Бут бўлсин Ватаннинг метин қўрғони.
Сизни қўллаб турар Ўзбегим - ўзим,
Ва, юртнинг посбони - жасур ўғлони!
Султон бўлмасангиз, Шароф ота, гар,
Яшардингиз қалам қўлдоши бўлиб.
Покликка, вафога тимсол муқаррар,
Хурсаной аянинг йўлдоши бўлиб.

1992 йил 2 ноябр
Халқ Нақли
Халқ нақлни тўқимайди атайин,
Нақлларнинг умри фузун бўлади.
Мана, сизга биттасини айтайин:
Яхшилик қил - тилинг узун бўлади.
Ўйга солар бироқ бошқа бир жиҳат,
Яхшиликни ҳунар қилган элимиз.
Бошимизга ёғар тинмай маломат,
Айтинг, қачон узун бўлар тилимиз.

1992
Икки Ғаним
Қизларнинг душмани ҳусни бўлса гар,
Шоирнинг душмани - истеъдодидир.
Уларнинг ҳаётин этгувчи заҳар
Суқ билан ҳасаднинг истибдодидир.
Қизларга суқ билан боққан ҳар кимса,
Порлоқ юлдузларга менгзаб мақтайди.
Шоир истеъдодин душмани эса,
Уни оёқости қилиб топтайди.

1992
Мен Кимга Суянгум
Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
— Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон.
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун,
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беега.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.
Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

1992
Мулоқот
— Бахтсизман, толеим кулмайди,
Онажон, қошингга кетайин.
— Кетганлар ҳеч қайтиб келмайди,
Бардош қил дейман, оҳ, нетайин.
— Не учун дунёда туғилдим,
Бу қадар омадсиз, бечора.
— Ўзим ҳам бир умр бўғилдим,
Болажон, ноилож, начора.
— Не учун ёвуздир одамлар,
Бирови топтайди бирини?
— Мени ҳам еди-ку шу ғамлар,
Билмадим бу ҳолнинг сирини.
— Инсонга ишондим - хор бўлдим,
Сен дединг - бир ишонч сабрдир.
— Ўзим ҳам ишончга зор бўлдим,
Оқибат топганим қабрдир.
— Бош уриб борарга йўқдир жой,
Онажон, қошингга кетайин.
— Болажон, ҳорибсан ҳойнаҳой,
Бардош қил дейман, оҳ, нетайин.
— Чорласанг, мададкор бўлолсанг,
Висолинг руҳими шод этар.
— Сен ҳам гар йўқликка йўл олсанг,
Борлиқда ким мени ёд этар?!

1992
Ўзбек Қомуси
Мен бечора бир одамман,
Эртанги куним,
Не бўлишин билмайдиган ожиз бандаман.
Еру осмон ўртасида топмаган қўним,
Ботинимда ботмон тошу зоҳир хандаман.
Ёлғизликнинг рутубатли кўчаларида,
Не-не олтин фаслларим ўтди жунжикиб.
Шеъриятнинг тунд қоронғу кўчаларида
Йироқ-йироқ юлдузларга боқдим энтикиб.
Иғво, ҳасад, фитна билан тўлган бу ҳаёт,
Ҳар онимда мингта этди бир ҳасратимни.
Хира туман орасида буткул коинот,
Ғира-шира илғар эдим мамлакатимни.
Эслар эдим Бухорийни, Яссавийни ҳам,
Ҳа, ҳа, айри тушмаганди хотиротимдан,
Фақат улар чалинарди кўзимга мубҳам,
Лекин сира кетмас эди хаёлотимдан.
Ҳам Темурбек, ҳам Улуғбек, Алишер, Бобур,
Сизлар тузган ул салтанат - Салтанат бўлди.
Улуғ тарих Туркистонга чўнг гувоҳ эрур,
Давлат эдик, давлат эдик, у давлат бўлди!
Эмукдошим, ай, қардошим, қулоқ тут менга,
Ушбу кўҳна каҳкашонда мағрур тутгин бош.
Сен заминга лойиқдирсан, замин ҳам сенга,
Сеникидир энди бу ер, сеники қуёш.
Қўлингда эрк, бошда ялов, тилингда суруд,
Ватанинг бор, бола-боғчанг, ор-номусинг бор.
Ўзбекистон деб аталган муқаддас ҳудуд,
Ўз Давлатинг, Мамлакатинг, ўз Қомусинг бор.

1992
Халқни Асрасанг
Ҳеч кимса девор билан ажралганмас оламдан,
Вужудингга туташдир тегрангдаги шу хилқат.
Яхшилик қил ҳаммага, қайтажак ўзингга ҳам,
Сен ўзингни асрайсан халқни асрасанг фақат.

1992
Одамийлик
Бир кун тўкин бўлар юпқа дастурхон,
Зарбоф бўлмаса ҳам кийгансан чопон,
Лекин одамликни унутар бўлсанг,
Уларнинг барчаси ҳайф сенга, инсон!

1992
Эчки
Ҳаммага маълумдир эчкининг феъли,
Қозонга тушгунча тинч тура олмас.
Доим эгри бўлгай танлаган йўли,
Ҳунар кўрсатмаса жим юра олмас.
Гоҳо ниҳолларни ғажийди обдон,
Чўпон таёғига тегинар гоҳо.
Сурувни жарликка бошлар ногаҳон,
Ўзи четлаб ўтар хатарни аммо.
Бир куни эчкининг ғайрати қўзиб,
Баланд бир қоянинг учига чиқди.
Боқди булутларга кўзини сузиб,
Юксаклик завқини сурди, мириқди.
Тоғларга тўшалди қорайиб оқшом,
Энди қайтиб тушмоқ керак-ку ахир.
Изғирин бошланди, йўқолди ором,
На гиёҳ, на сув бор, қоя тап-тақир.
Қандоқ чиқди у ён, ўзи ҳам билмас,
Қайтиб тушмоқликка топмади чора.
Энг юксак қоянинг устида хуллас,
Мунғайиб бир ўзи қолди бечора.
Энди мадад сўраб маърай бошлади,
Осмону фалакни кўтариб бошга.
Бизнинг тилда айтсак, кўзин ёшлади,
Омад бошқа деди, фалокат бошқа.
Тонгда назар солди қояга чўпон,
Эчки ҳайкал янглиғ қотганча турар.
Юракни эзгудек маърайди нолон,
Ўзига бетўхтов ҳимоя сўрар.
Чўпон ҳам чиқолмас бундоқ қояга,
У ҳам ноилождан бошин қашлади.
Фурсатни кетказмай дея зоега,
Қутқазиш йўлини излай бошлади.
Бир бора қайнайди ҳар ҳолда қозон,
Сурув рўйхатидан уни ўчирди,
Дарҳол ўқлади-ю милтиғин чўпон,
Эчкини қоядан уриб туширди.

1993
Қорақалпоғим
Мен ўзбек, сен эса қорақалпоқсан,
Турклар дунёсида сен ҳам урвоқсан,
Гар мен тупроқ бўлсам, сен ҳам тупроқсан,
Ўзбекка азалий қариндош, иним.
Орол бўйларида топгандинг ором,
Шоли, балиқ эди сенга ризқу ком,
Наҳот энди йўқдир тўлғизилган жом,
Наҳот қолдинг ёлғиз, кўзда ёш, иним.
Мана - бу Ибройим, Тулебберган бу,
Қорақалпоқ бахтин тилаб юрган бу,
Яратгандан ҳаққин сўраб турган бу,
Илоё бошгинанг бўлсин тош, иним.
Сени қўллаб турар улуғ мамлакат,
Юртбоши яхшилик тилайди фақат,
Ниятинг ҳамиша бўлсин ижобат,
Ҳам йўлдош, ҳам қўлдош, ҳам сирдош иним.
Умидвор яшаймиз дорил замонда,
Биримиз Нукусда ёки Қўқонда,
Умуман айтганда Ўзбекистонда,
Сенга бўлажакмиз кўзу қош, иним.

1993
Лўттибоз
Не-не балоларга гоҳо тутилдим,
Кўпидан, иншооллоҳ, энди қутулдим.
Бошимга тушди гоҳ муҳтожлик, кулфат,
Барига кўникиб кетдим оқибат.
Тутқин эта олди на шуҳрат, на ғам,
Қутулдим беҳуда орзулардан ҳам.
Бир замон қолганда чорасиз, якка,
Дард хуруж қилганди ўксик юракка.
Неча ой йўл қараб, тўшакбанд бўлдим,
Шукрким, дарддан ҳам охир қутулдим.
Токи, ғолиб экан босқинчи зоти,
Қафасда ўтгайдир халқнинг ҳаёти.
Ватан озод бўлди, нашъага тўлдим,
Демак, кишанлардан мен ҳам қутулдим.
Аммо бир касофат қийнайди ҳамон,
Унга бас келолур на вақт, на замон.
Уни дафъатан-да тутиб ҳам бўлмас,
Ва лекин айланиб, ўтиб ҳам бўлмас.
Қутулдим неча қиш, неча ёзлардан,
Фақат қутулмадим лўттибозлардан.
Даргоҳинг бунча кенг, оҳ, Парвардигор,
Сенинг марҳаматинг бисёрдан-бисёр.
Яхшиси, ўғлингга тезликда сим қоқ,
Дегил: Келмасанг гар, оқ қиламан, оқ!
Магар шоир бўлсанг ғазал ёз, ёз фард,
Лекин топилмайди ўқийдиган мард.
Ижро эт шеърингни ўзинг баралла,
Дегил: қотирибман, уҳ, баракалла!
Набиранг кўнглига изласанг калит,
Бир жуфт чақич беру ўзингни танит.
Улфат изламагин кўча юзидан,
Ҳозир ҳамма кетган пулнинг изидан.
Ниҳоят қартайиб, ҳориб толгайсан,
Барча ташаббусни қўлга олгайсан.
Бир кун трамвайга чиқсанг ҳойнаҳой,
Сенга бирор кимса бўшатмагай жой.
Холи ўриндиққа тушса гар кўзинг,
Ўтиринг, домла! - де ўзингга ўзинг.
Кимлардир тортмасин, ташвиш, жабрингни,
Албатта, қаздириб қўйгин қабрингни.
Бир жуфт сўз ўйдиргин мармар тошга ҳам:
— Бу ерда ётибди Энг Яхши Одам!.
Ахир тиригингда йўқлашмади, бас,
Ўлганингдан сўнг ҳам ҳеч ким эсламас.
Хуллас, йўқолмагай меҳру оқибат,
Бунинг чорасини изла, топ фақат.

1994
Меҳру Оқибат Ҳақида Баллада
Дема кўтарилди меҳру оқибат,
Биргина чора бор бундай чоғ фақат.
Токи танангда жон, оғзингда сўзинг,
Энди хабар олгин ўзингдан ўзинг.
Хотин нонуштага олиб кирса чой,
Ўзингни таклиф қил: - Ич, фалончибой!
Тонгда ишхонангга қўйсанг гар қадам,
Жумладан, салом бер ўз-ўзингга ҳам.
Илгакка палтонгни ҳурмат билан ос,
Кўрсат ўзингга ҳам садоқат, ихлос.
Одатда бир кимса ишга бўлар ғов,
Ҳайфсан эълон қилгин ўзингга дарров.
Балки йўл оларсан узоқ сафарга,
Йироқ қишлоққами, олис шаҳарга,
Ҳол сўраб дадангдан, туққан онангдан,
Ўзингга мактуб ёз борган жойингдан.
Дема, кўтарилди меҳру оқибат,
Бунинг чораси бор, изла, топ фақат.
Туғилган кунингни балки биларсан,
Ўзингга нимадир совға қиларсан.
Ногоҳ тушиб қолсанг касалхонага,
Кўз тиккил на дўсту на бегонага.
Мушрик бандаларинг наҳот оз сенга,
Нечун зарур бўлди лўттибоз сенга.
Унинг ҳам одамдек бор юзи, кўзи,
Лекин алдаб кетар куппа-кундузи.
Манфаат бўлса бас, қайтмас балодан,
Қуруқ чиқа берар чўкса, дарёдан.
Унинг дўпписини бунга кийгизар,
Қисир сигирни ҳам ҳатто ийгизар.
Унинг жинси йўқдир, йўқдир миллати,
Умумбашарийдир, яъни иллати.
Қарайсан, бир гўзал турар, айлаб ноз,
Ботинига боқсанг, афсус, лўттибоз.
Мана бу жаноб-чи, жилмаяр мамнун,
Аслида либосга ўралган маймун.
Ризқинг бут бўлсин деб чеккандим нола,
Қай кун алдаб кетди бир чўлоқ бола.
Лўттибоз ошнодир иши битгунча,
Эшаги кечувдан токи ўтгунча.
Илоҳо, оламда ўзингсан энг соф,
Бергил уларга ҳам диёнат, инсоф.
Қанча синовинг бор, солгин бошимга,
Уларни юборма ҳаргиз қошимга.
Майли, дўзахингда қийна, ўтда ёқ,
Мени лўттибозга дуч қилма бироқ.

1993
Телефон Дафтари
Сира ажаб эмас,
Шомдан то саҳар
Ўнлаб дафтарларга кўмилиб қолсам.
Телефон дафтари -
Лекин, бу дафтар...
Юрагим безиллар, қўлимга олсам.
Унда қанча-қанча дўсту қадрдон,
Таниш-нотанишнинг номлари бордир.
Бири Инсон эди, то ҳануз Инсон,
Бошқаси, афсуски иблисга ёрдир.
Бири бойиб кетган, қув, иззатталаб,
Балки ўзгартирган эски рақамин.
Бирови, кўзимнинг ёғини ялаб,
Мендан аллақачон узган қадамин.
Бировига эса ёқмабди мансаб,
Атрофин ялтоқи зотлар ўрабди.
Қай куни қирқ йиллик дўстига қараб,
Исминг нима эди, - дея сўрабди.
Манови камтарин, йўқсил танишим,
Кўнгли ўсмасмиди битта сўзимдан.
Мен ҳам ўзгардимми? Мўлми ё ишим?
Бир бор йўқламабман. Гина ўзимдан...
Фожиа эмасдир бу гаплар зинҳор,
Балки қай бирини тузатса бўлар.
Лекин дафтар ичра қатор ва қатор,
Марҳум дўстларимнинг номлари турар.
О, менинг қалби пок биродарларим,
Қонингиз не учун бемаҳал тинди.
Сиз йўқсиз - мен учун давралар ярим,
Куним кимларгадир қолмишдир энди.
Ҳа, номард бўлса ҳам ширин шу ҳаёт,
Ҳа, заққум бўлса ҳам ғанимат зумлар.
Биламан, ортига қайтмас коинот,
Биламан, тирилиб келмас марҳумлар.
Балки ўчирсамми номларин? Асло!
Чўчийман, ўзимдан дакки егандай.
Улар, рақамларин терсам мабодо,
Юлдузлар ортидан «Лаббай» дегандай.

1994
Шарқ Ҳикмати
Тахтга талпинасан ғазабга тўлиб,
Чиқармоқ бўласан оламшумул чанг.
Ҳар ойна кўтарган Искандар бўлиб,
Темур саналмагай ҳар қандайин ланг.
Ўзбекнинг давлати қарор топган чоғ,
Маймунжон терарди қайси бир наслинг.
Ўз юртинг шаънига туширмагин доғ,
Ахир одам эрур сенинг ҳам аслинг.
Ҳар ким шоҳ бўлай дер иложин топса,
Урингай, тарихга келса ҳам малол.
Фалак чаппа кетиб, омадинг чопса,
Шарқнинг бир ҳикматин яхши англаб ол:
Подшоҳ деганлари куну тун бедор,
Халқининг меҳрибон дояси бўлур.
Бежиз айтмаганлар, асл ҳукмдор,
Худонинг ердаги сояси бўлур.

1994
Майна
Боғнинг қий-чувига қулоқ тутаман,
Бу ерда турфа хил қушлар айланар.
Саъва-ю қалдирғоч - ўзи бир жаҳон,
Ва лекин кўпайиб кетмиш майналар.
Бундай олғир қушни кўрмаганман ҳеч,
Бир чўқиб ўн қарар - тегар жонингга.
Унга фарқи йўқдир: кундузми ё кеч,
Дангал шерик бўлар дастурхонингга.
Юришини кўрсанг, олифта, сатанг,
Балки сепиб олган фаранг атрини.
Мусича ўзини эплайди аранг,
У-чи, ерга урмас сира қадрини.
Айни пишган чоғи боғингда кишмиш,
Эгалик қилади эккандай ўзи.
Яхшиям йўқ унда ўттиз икки тиш,
Яхшиям ҳамённи пойламас кўзи.
Улгурса ер юзин айларди тақир,
Сўнгра бир-бирин еб, топарди барҳам.
Дунёда инсофли қушлар кўп ахир,
Улар соясида яшар майна ҳам.

1994
Яхшилик Ва Ёмонлик
Эл аро юради бир нақл,
Халқ уни такрорлаб айтади.
Кимсага ёмонлик қилмагил,
Бир куни ўзингга қайтади.
Дарвоқе, панд берсанг бир жонга,
У ҳам тинч турарми ҳеч замон.
Дейдилар, туфласанг осмонга
Юзингга тушгайдир бегумон.
Яхшилик қилсанг-чи, сен, бироқ,
Қайтарми у сенга? Бу мубҳам...
Бошини силасанг гоҳи чоқ
Қўлингни тишлайди итинг ҳам.

1994
Дунё
Бир кимса умрининг сўнгига қадар,
Йиғди молу дунё, йиғди сийму зар.
Уни қизиқтирди на дўстнинг ҳоли,
Ва на қўшнисининг ўксик аҳволи.
У чиндан мол-мулкнинг жиловин тутди,
Фақат нафс ортидан от суриб ўтди.
Бир куни ба ҳукми тақдири азал,
Шамширин кўтариб келди-ку ажал.
Энди на сийму зар қутқара олур,
На биллур, на гавҳар қутқара олур.
Рози ё норизо - фарқи йўқ мутлоқ,
Бундай чоқ чорасиз ҳатто дўст-ўртоқ.
Бешафқат ажалга берар экан тан,
У деди: «Шу экан, дунё шу экан».
Марҳумга марҳумлик кўрилгай лойиқ,
Уни қабристонга элтди халойиқ.
Уюм тупроқ бўлди қувончи-ғами,
Кимдир боқиб деди: «Шунга шунчами»...

1994
* * *
Пайдо бўлганида замин бир замон,
Аввал яралгандир дарахт ва ҳайвон.
Бул икки соддани алдамоқ учун
Ақлини пеш қилиб чиққан сўнг Инсон.

1994
* * *
Одатда улфатлар бўлишганда жам,
Қизишиб дейдилар: дунё - бири кам.
Ажиб бир зиддият: охирги қадаҳ,
Ортиқ бўлганини ўйламас ҳеч ҳам.

1994
* * *
Бир йўл чеккасида ётибман нолон,
Чорасиз бўлсам-да, мен ҳам тирик жон.
Устимга отингнинг сояси тушди,
Жиловини нари тортсанг-чи, нодон.

1994
* * *
Балки чаман бўлар дашти Карбало,
Балки, беҳишт мавжуд юлдузлар аро.
Менинг Ўзбекистон - Ватаним бордир,
Уларнинг баридан аълороқ, аъло!

1994
Ватан
Агар дўстлар эрур содиқ бир-бирин қийратиб бўлмас,
Агар қилғил неча фитна аларни айратиб бўлмас.
Демишлар: мору қушни бир қафасда асратиб бўлмас,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.
Ватан деб мен баён қилдим, аё дўстлар, мухаммасни,
Ватанни ким улуғ билди, азиз билдим мен ул касни.
Ватан деб жўш урар эрса кўтаргум бошима хасни,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.
Надомат бирла боқғайман ватансизларга ҳар доим,
Эгиб бошини зор йиғлар, агарчи давлати қойим,
Фақир бўлсам-да бор юртим - тожу тахтим, борар жойим.
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.
Боболар кечмишин ҳаргиз фаромуш айламанг, дўстлар,
Ҳақиқат тонги отганда ани туш айламанг, дўстлар,
Агар ким эътиқодсиздур, ани хуш айламанг, дўстлар,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.
Диёрим Ўзбекистондур, ки андин ифтихорим бор,
Демакким, ҳур адолатлиғ, давлати барқарорим бор,
Онамдек меҳрибон, мунис Ватан бор, ғамгузорим бор,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.
Ватан, сен ҳур, йўлинг шонли, қадамни ташлагин шахдам,
Фахр-ла боқғай Абдулло, кўзида шодлигидан нам
Паноҳингни тилаб Ҳақдин дилида илтижо ҳар дам,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

1994
Буюклик
Осмону фалакда мўжаз юлдуз - тош
Минди ўз табиий тайёрасига.
Роса бўшлиқларда дайдигач бебош,
Урилди Муштарий сайёрасига.
Муштарий дегани офтоб мисоли
Фазо карвонида муҳташам нордир.
Не кечди у шўрлик юлдузнинг ҳоли,
Вазни тоғ қошида зиғирча бордир.
Буюклик қудратин сезмай ё сезиб,
Ўзи излаб топмиш сўнгги маррани.
Муштарий самода милярд йил кезиб,
Ахир ахтармаган ўша заррани.
Таажжуб қиламан, буюклик асли,
Танлаган йўлидан бурилмас экан.
Зарра буюкликка урилгай, аммо,
Буюклик заррага урилмас экан.

1994
Дил Оғриғи
Қўл оғриғи босилса
Дил оғриғи бошланар.
Олис хотиралардан
Кўнгил тағин ғашланар.
Сокин ўтган бир дамни,
Эслолмайман, ё Раббим.
Тақдир қўлида ёйдек
Эгилиб борар қаддим.
Яхши билан ёмонни
Етолмайин фарқига,
Фақат йўл излаб ўтдим,
Муҳаббатнинг аркига.
Бир қарасам, пайкондек
Умр учиб кетмишдир.
Билмадим, у чақин - ўқ
Қай манзилга етмишдир.
Қайдадир интилганим .
Муҳаббатим қаёнда,
Балки мен бу ёнда-ю,
Қалбим эса у ёнда.
Инсон умри шул экан .
Йўли тўла надомат.
Гар васлингга етказса
Кела қолгил, қиёмат.
Ҳаётимнинг маъносин
Бир нафасга қайтиб бер.
Майли, сўнгра барчасин
Достон қилиб айтиб бер.
Мушкул экан бу қадар
Эзгуликка етишмоқ.
Ҳаёт-ку, бир чистондир,
Муҳаббат ҳам топишмоқ.
Қўл оғриғи босилса
Дил оғриғи бошланар.
Олис хотиралардан
Кўнгил тағин ғашланар.

1994
Эркинлик
Эгаси йўқ тулпорман,
Дала-даштда кезгувчи.
Учиб юрган шунқорман,
Ҳар шарпани сезгувчи.
Қўлга тушсам тулпор деб
Кўпкарига солурлар,
Ё, бос, қани, шунқор деб
Ўлжасини олурлар.

1994
Шукур Бурҳон
Азамат бир чинор,
Айқирган дарё.
Ундан нарироқда салобатли тоғ.
Тепада поёнсиз ҳайбатли само,
Атрофда уфққа туташ дала, боғ.
Чинор соясида улуғ мўйсафид
Сокин кузатади еру осмонни.

У Шукур Бурҳондир, Гоҳо Шу Тахлит
Тасаввур қиламан Ўзбекистонни.

1994
Бошпана
То ҳаёт экансан бу олам аро
Бошингга савдолар тушгай ранг-баранг.
Гоҳида шукр айлаб севинсанг, гоҳо
Жуда кўп нарсадан совир ҳафсаланг.
Юрагингни сиқар минг битта савол,
Дўст деб билганингнинг адоватлари.
Қийнар унутилиш, мавҳум истиқбол,
Ўтган йўлларингнинг надоматлари.
Дейсан наҳот ғолиб дунёда иблис,
Наҳот яхшиликнинг боши доим хам.
Чулғаб олганида шундайин бир ҳис,
Қайга қочар эдинг, бечора одам.
Фақат табиат бор - илоҳий маскан,
Фақат ўшанга сен беписанд боқма.
Лоақал уни сен танигин, Инсон,
Ёлғиз бошпанангни ўт қўйиб ёқма.

1994
Қайсар Бола (Қизиқчилар Бисотидан)
Бор экану йўқ экан,
Бир бола бўлган экан.
Ҳаммани сенсирашни
У одат қилган экан.
Отани ҳам сен дермиш,
Онани ҳам сен дермиш.
Бир кун муаллим унга
Шундай деб танбеҳ бермиш:
Сенсирайсан ҳаммани,
Шу жумладан мени ҳам.
Бундай хунук одатни
Ташлагин энди, укам.
Менинг бир маслаҳатим
Натижа берар балким.
Сиз дейман деб барчани
Юз марта ёзиб келгин.
Эртасига болакай
Вазифани бажармиш.
Айтганини юз эмас,
Икки юз бор қайтармиш.
Муаллим шод: .Мен сенга,
Ҳа, ишонган эдим-да..
Бола дермиш: .Сени бир
Хурсанд қилай дедим-да..

1994
* * *
Оламда ҳеч нарса эмас ягона,
Беш панжанг мисоли турфа замона.
Агар бир оқилни учратсанг, билки,
Унга тўғри келгай юзта девона.

1994
* * *
Паймоналар ўз-ўзидан тўлган эмас,
Мангулик ҳам бир лаҳзада бўлган эмас.
Ҳой рақибим, алай-балай дема менга,
Мен ўлмайман, чунки бобом ўлган эмас.

1994
* * *
Ишлари иғво-ю туҳмат ва риё,
Алдамчи, ҳаромхўр, иймонсиз бало.
Агар уларни ҳам яратган бўлсанг
Кимдан гина қилай энди, эй худо.

1994
* * *
Шеърим, айтган сўзим, ба ҳукми замон,
Тарқалиб кетдилар ҳаммаси ҳар ён.
Қалбларда тинч-тотув яшарми улар,
Бозор иқтисоди билан ёнма-ён.

1994
Байрам
Токи тирик экан дунёда одам,
Унга ҳамроҳ эрур гоҳ шодлик, гоҳ ғам.
Эртанг не бўлишин билмасман аммо,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Ёрдан айри кечса - ҳар лаҳза абас,
Вафосиз дўстни ҳам дўстим дема, бас.
Кенг жаҳон сен учун бўлмасдан қафас,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Демагил, чопқирдир омадим маним,
Ҳеч қачон беланмас лойларга шаъним.
Устингдан ёзмасдан бир номард ғаним,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Оддий нарсаларни кўзга илмай гоҳ,
Олис юлдузлар деб чекамиз оҳ-воҳ.
Бошингни қотирмай ёнингдаги моҳ,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Оламда базму айш учрар аломат,
Беморга бормикан ундан ҳаловат.
Майлига ёвғон ич, лекин саломат,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Энг аввал тинч бўлсин кўксингда виждон,
Тинч бўлсин элу юрт, Ватан жонажон.
Ғуборга чулғанмай шу еру осмон,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.
Яшашнинг шавқин сур сира толмасдан,
Шеъринг ёз, пайсалга энди солмасдан.
Фақат қартайганда севиб қолмасдан,
Тинч ўтган ҳар кунинг, албатта, байрам.

1994
Хотира
Мағрибда ёвузлик кўтарганда бош,
Сиз содиқ қолдингиз эзгу ниятга.
Ёмғир ёпинчиғу ёстиғингиз тош,
Қалқон бўлолдингиз инсониятга.
Она юрт бағридан жуда ҳам йироқ,
Ўзга манзилларда топширдингиз жон.
Ҳануз кўксимизни тирнайди фироқ,
Гарчи сиз музаффар, ғолиб, қаҳрамон.
Гарчи Ватан сизни ҳамиша ёдлар,
Лекин армонингиз сиғмас қабрга.
Ҳали туғилмаган не-не зурёдлар,
Барчаси кетдилар сиз билан бирга.
Заминда чарх урар руҳингиз бедор,
Қолган тирикларнинг тинчини ўйлаб.
Чарх урар, Чотқолга термулганча зор,
Қаршининг бепоён даштлари бўйлаб.
Озод Ўзбекистон бош эгиб бу кун,
Шаҳид фарзандларин номини йўқлар.
Қай бири бедарак, қай бири беун,
Узоқ сарҳадларда жимгина ухлар.
Мангуга тинмишдир қалб туғёнлари,
Энди хотирангиз йўлдошдир бизга.
Халқимнинг фидойи мард ўғлонлари,
Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин сизга.

1994
Адолат
Йўқсилга дедилар: Даъвойингдан кеч,
Мана ол, сийму зар сенга кафолат.
Йўқсил улар гапин тингламади ҳеч,
Адолат, деди у фақат, адолат!
Бадавлат кимсага бердилар савол,
Дедилар: Нима бор кучлироқ пулдан?
У жавоб қайтарди: - Қўрқаман алҳол,
Адолат ахтарган ўша йўқсилдан.

1994
Халқ
Ҳамма нарса ўтади, мансаб, шону шавкат ҳам,
Шириндан ширин қолур, талхдан эса қолур талх.
Бир куни тупроқ бўлур, тенгсиз шамси талъат ҳам,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Гоҳида кўзда ёшу гоҳида хандон бўлдик,
Гоҳида болға бўлсак, гоҳида сандон бўлдик,
Ахийри кулиб толе, соҳиби даврон бўлдик,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Номингни қаро деган - пахтагинам, сенмисан,
Лўппи дея ютганим - лахтагинам, сенмисан,
Авахтада бош урган тахтагинам, сенмисан?!
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Ўзбекнинг пешонасин пўлатдан яратмишдир,
Юмушини маломат, заҳматдан яратмишдир,
Бир сўз билан айтганда - меҳнатдан яратмишдир,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Тингласанг туганмаслик афсонаси бор бу эл,
Саркардаси, шоири, таронаси бор бу эл,
Минг оқилга арзирлик девонаси бор бу эл,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Фаришта эмасдирмиз, ушбу гапим сир эмас,
Ҳар учраган эшону, ҳар саллалик пир эмас,
Лекин дастурхон ҳаққи, кўнглимиз ҳеч кир эмас,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Жанггоҳларда жон берган боболарни унутманг,
Мошоқ териб нон берган момоларни унутманг.
Эътиқод, иймон берган дуоларни унутманг,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Амалпараст, лўттибоз бўлмаган қачон ахир,
Сак бир нима емаса оғзи бўлармиш тахир,
Бизнинг барчамиз шоҳмиз, бизнинг барчамиз фақир!
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Ўтганларни ёд этмоқ қолгандир шариатдан,
Инсон шарафи юксак миллату тариқатдан,
Ўзбекка бул фазилат юқмишдир табиатдан.
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Олимми ё пахтакор, ким бўлмасин - одамдир,
Яъни Аллоҳ бандаси - ҳар бири бир оламдир,
Ўзбегим ўз волидам, ўзбегим ўз отамдир,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Аён гапки, адолат элнинг кўз, қоши бўлур.
Ургани ун оши-ю, сўкса сўк оши бўлур,
Юрт оғирин тортолган асли юрт боши бўлур,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.
Каттакон йўлга чиқдинг, йўлдошинг бўлай, халқим,
Фарзандингман, қўллайсан, қўлдошинг бўлай, халқим,
Ҳасратинг кўп дилингда, дилдошинг бўлай, халқим,
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

1994
Бургут Қисмати
Қулоққа чалинар гоҳи-гоҳида
Шундай бир ривоят, шундай бир ўгит:
Ночору ноилож қолган чоғида
Ўзини тошларга урармиш бургут.
Мен сенга илтижо қилурман, эгам,
Агар-чи тилимда шукронанг бисёр.
Меҳрингдан мосуво этма мени ҳам,
Дўстларга зор этма, душманларга хор.
Оқил бўлса ҳамки, бўлса-да нодон,
Розиман, берибсан фарзанд яратиб.
Қартайган чоғимда, тиланчисимон
Сен улар қўлига қўйма қаратиб.
Кулбаи вайронам етар менга, бас,
Яшайман сабрнинг кошонасида.
Илоё, бош эгиб юрмайин бесас
Такаббур зотларнинг остонасида.
Қарайман сарғайган тунд қуёшимга,
Секин оғиб борар умрнинг туни.
Магар раҳм этмасанг, тушсин бошимга,
Майли, ўша ночор бургутнинг куни.

1994
Абдулла Қодирийнинг Сўнгги Сабоғи
Бирингиз Отабек, бирингиз Кумуш,
Доим яшнаб турсин севгингиз боғи.
Ҳақиқий муҳаббат билмасин сўлиш,
Устоз Қодирийнинг бу илк сабоғи.
Адиб юрагида аламлар қат-қат,
Лекин биттаси бор, ўчмасдир доғи:
Жонни тик озодлик йўлида фақат,
Бу эса устознинг сўнгги сабоғи.

1994
* * *
Ачинма, шоирга хорлиги учун,
Ёки парча нонга зорлиги учун.
Билиб қўй, аслида яшайди шоир,
Дунёда муҳаббат борлиги учун.

1994
* * *
Чинор соясидан баҳраманд бўлиб,
Турфа хил эртаклар тўқимоқ осон.
Ўзинг ҳам эртанинг ташвишин қилиб,
Қайдадир бир ниҳол экдингми, Инсон.

1994
Армон Эмасми
Лолазор қирларда чопа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Болалик йилларим топа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Хаёл гулшанида терсам чечаклар,
Жажжи набирамга бўлдим эрмаклар,
Энди онам айтмас менга эртаклар,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Қоронғу тунларда оловлар ёқиб,
Илк шеърим ёзгандим юлдузга боқиб,
Энди ахтараман кўзойнак тақиб,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Қанча зот дунёга келдию кетди,
Бирин душман этса, бирин дўст этди,
Бирининг бошига шон-шуҳрат етди,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Мени алдаб кетди лўттибоз олчоқ,
Ишонган кишим ҳам кўрсатди яроқ,
Уларни худога топширдим бироқ,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Шукрона айтаман, дўстларим бордир,
Бири балки қўрқоқ, бириси ботир,
Яхшилик қилдимми уларга ахир,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Гоҳо эш бўлсам-да сиёсатларга,
Қалбимни бахш этдим малоҳатларга,
Улар деб қолдим мен маломатларга,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Огоҳман ишқ деган кўҳна шевадан,
Муҳаббат аталмиш тансиқ мевадан,
Ортга қарай-қарай қайтдим Хивадан,
Ахир у мен учун армон эмасми?

1995
Амударёга
Кимлигимни билар эдим озроқ,
Билар эдим суюклигимни.
Амударёни кўрганда бироқ
Билиб қолдим буюклигимни.

1995
Шоира Зулфия Опамизга
Ўтган йиллар учун чекманг хижолат,
Узр сўрайберманг юрагингиздан.
Хижолатин тортсин ўзи табиат,
Табиат узрини сўрасин сиздан.
Заҳматкаш, меҳнаткаш шу қалам билан,
Буюк асримизнинг сиз ҳам нақлисиз.
Даврга гоҳ қувонч, гоҳ алам билан,
Баҳо бермоқликка сиз ҳам ҳақлисиз.
Табаррук бир ёшга етибсиз омон,
Аллоҳим кун берса адоғи бўлмас.
Агар юракларни забт этса инсон,
Ундайин умрнинг саноғи бўлмас.
Қоронғу тунларда оловли сўзни,
Кимки машъал қилса толе унга ёр.
Бахтли аёлман деб атабсиз ўзни,
Сиздай шоири бор халқ ҳам бахтиёр.

1995
Шоирнинг Ўғли
Дейсан, молу мулк йўқ сизда зиёда,
Ҳолбуки, шоирсиз, Ватанда номдор.
Оҳ, ўғлим, бу кўҳна, бир кам дунёда,
Кимдир камтарроқ ҳам яшаши даркор.
Номимиз эшитса кимдир учунгай,
Арзийди бадавлат, туғлиман десанг.
Балки, дўстларинг ҳам тўғри тушунгай,
Абдулла Орифнинг ўғлиман десанг.

1995
Баракага Тўлсин Уйингиз
Оналар, опалар, сингиллар,
Муборак бўлсин бу тўйингиз.
Ўзбекча айтганда, ҳар доим
Баракага тўлсин уйингиз.
Оналар, опалар, сингиллар,
Шодликка жўр бўлсин куйингиз.
Фақат болаларнинг бахтини ўйлаб,
Кечар бўлсин эзгу ўйингиз.
Оналар, опалар, сингиллар,
Ҳаётнинг шавқини туйингиз.
Ватанни жондан ҳам ортиқроқ,
Аллоҳим қадарли суйингиз.
Оналар, опалар, сингиллар,
Шеъримни фахрга йўйингиз.
Бир дўстим деганди сўнгги дам,
Онамнинг ёнига қўйингиз...

1996
Кўзмунчоқ
Мен эллик бешдаман,
Отам беш ёшда.
Бу ажиб ҳолатни чистон этгулик.
Менинг умрим кечар тупроқда, тошда.
Отамнинг довруғи кўкка етгулик.
Истиқлол бешиги, о, Ота макон,
Ҳар бир қадамингга садақа жонлар.
Лаҳзада куч йиғдинг Алпомишсимон,
Яловинг бўлолди мовий осмонлар.
Ерпарчин ётганда тилим - забоним,
Юксал, дединг менга, сайрагин, дединг.
Оёққа қалққанда Соҳибқироним,
Ёв босса, тиғингни қайрагин, дединг.
Кўзингга сурт дединг, фаромуш бўлган
Табаррук, муқаддас мозорларимни.
Бир зотга айландим - толеи кулган,
Кетказдинг дилдаги озорларимни.
Ҳасад билан тўлган бу кўҳна очун
Сенга ҳам суқ билан тикилар, билсанг.
Сени балолардан асрамоқ учун
Берай кўзларимни, кўзмунчоқ қилсанг.
Энди эрк абадий йўлдошинг бўлгай,
Номинг бор жаҳонда - дўстпарвар, ҳотам.
Иймонли ҳар бир кас йўлдошинг бўлгай,
Эй, менинг беш ёшли Паҳлавон отам!

1996
Тафсир
Тузумлар ўзгарса ҳам,
Инсон ўзгармас экан.
Тизимлар ўзгарса ҳам
Инсон ўзгармас экан.
Жаҳолат даврида ҳам
Авлиё - авлиёдир.
Кафорат даврида ҳам
Анбиё - анбиёдир.
Балки даврон йўруғи
Аслан тўғри бўлгайдир.
Лекин минг бор дод дема,
Ўғри - ўғри бўлгайдир.
Ҳар қадамда бир масжид
Қурганинг билан, инсон,
Инсоф бермаса, ҳеч ким
Муслим бўлмас ҳеч қачон.
Кўпкарига кирганнинг
Ҳалоллик эрур дарди.
Лекин улар сафида
От сурар бир номарди.
Гоҳида садоқатли
Дўстларинг қолиб бир ён,
Йўлин топиб, қўйнингга
Кириб олгайдир илон.
Мўмин деб атар ўзин
Гоҳ яхши ҳам, ёмон ҳам.
Қайси бири ҳақ эрур?
Ўзи билгайдир Эгам.
Тузумлар ўзгарса ҳам
Инсон ўзгармас экан.
Тизимлар ўзгарса ҳам
Инсон ўзгармас экан.
Шул боисдан Пайғамбар
Уммат ғамин еганлар.
Аллоҳдан бошқасига
Сиғинмагин, деганлар.

1996
Хаёл
Хаёлга берилма, биродар,
Қуш каби назар сол оламга.
Ўйламай меҳр қўй одамга,
Хаёлга берилма, биродар.
Хаёлга берилсанг мабодо,
Кўп нохуш нарсалар кўрингай.
Илоҳлар иблисдек сурингай,
Хаёлга берилсанг мабодо.
Хаёлга берилсанг ногаҳон
Кўрингай Фурқатдек тўғри ҳам.
Кўрингай шу номлик ўғри ҳам
Хаёлга берилсанг ногаҳон.
Хаёлга берилсанг, очилгай
Қаршингда бир гўзал сурати.
Айни чоқ алвасти сийрати
Хаёлга берилсанг, очилгай.
Хаёлинг алдайди эҳтимол,
Дунёда диёнат бор дея,
Дайди бир кучукни нор дея
Хаёлинг алдайди, эҳтимол.
Хаёлинг пуч бўлмас, иншооллоҳ,
Сен фақат фанони ўйласанг.
Сен фақат бақони ўйласанг,
Хаёлинг пуч бўлмас, иншооллоҳ.

1996
Мақтанчоқлар
Бир куни йиғилди учта мақтанчоқ,
Ҳар ким ўз ютуғин сўйлай бошлади.
Энг юксак маррани забт этган қай чоқ?
Бошларин қашлашиб ўйлай бошлади.
Биринчиси деди: - Мен айтсам агар,
Омад деган нарса дунёда бор-да!
Ҳали аҳолиси бундан бехабар,
Улкан бир шаҳарни ютдим қиморда.
Иккинчиси деди: - Муродга етдим,
Не-не зукколарнинг олдим ақлини.
Куппа-кундуз куни ўмариб кетдим
Машҳур бир шоирнинг қалам ҳақини.
Учинчиси деди: - Асли мен ғолиб,
Жасорат барқ урар қилган ишимда.
Қайси кун кўрпага бурканиб олиб,
Бошлиғимни сўкдим боплаб... ичимда!

1996
Эски Чориқ
Олдингда турибди тўкин дастурхон,
Энди унут бўлган гўжанг-тариғинг.
Балки эсламассан, қайда бу замон,
Ўша, судраб юрган эски чориғинг.
Тасмадан боғланган оддий пояфзал
Гарчи йўқсилликнинг мисоли эрур.
Билсанг, у мен учун минг дарсдан афзал,
Дунё ҳикматларин тимсоли эрур.
Бир куни қутулиб зулмат-соядан
Омад нарвонида кўтаргайсан қад.
Лекин бу омонат пиллапоядан
Балки йиқитгайдир сени ҳам ҳасад.
Шунда ташлаб қочар не-не дўст, ёрон,
Ахир улар учун сўнган ёруғинг.
Оғзи қулоғига етганча шодон,
Сени кутиб олар ўшал чориғинг.

1996
Икки Каламуш
Каламушлар, каламушлик иши қолиб,
Талашарди уясидан чиқиб олиб.
Мен адирнинг бу ёғидан, дерди бири,
Мен адирнинг у ёғидан, дерди бири.
Иккиси ҳам қўймади ҳеч кериларин,
Бир кун овчи шилиб кетди териларин.
Айтганларим ҳикмат эмас, масал эмас,
Ҳар кимга ҳам ёқадиган асал эмас.
Очиқ гап шул: ажратмангиз ерингизни,
Токи шилиб кетмасинлар терингизни.

1996
Халқаро Анжуман
Мана, ўтса ҳамки неча замонлар,
Бу ерда йиғилар сиёсатдонлар.
Африқолик ҳабаш, болқонлик булғор,
Ўрису Румо Чин - бунда бари бор.
Бири муслим бўлса, бири бутпараст,
Бири насорон-у, бири ўтпараст.
Бири тунд, бировин назари иссиқ,
Бири менга ўхшар - кўзлари қисиқ.
Сарийга ўралган бирин сумбати,
Бировин бошида тустовуқ пати.
Турфа тиллар бунда бошласа бозор,
Худодан бошқанинг фарқлаши душво
Бу ерда ўтгайдир на пул, на савлат,
Бу ерда ўз сўзин айтар ҳар давлат.
Нотиқлар ваъзларин токи бошлайди,
Муҳташам гапларни қалаб ташлайди.
Гоҳо қай бирови қизишгани дам,
Сипқораман дейди уммонларни ҳам.
Туну кун баҳс қилиб бўйлашар улар,
Дунёнинг тақдирин ўйлашар улар.
Қўшни фин сўрайди секин, айлаб ноз:
Жаноб, Сиз ким учун бергайсиз овоз?
Мен ҳам эснайман-у, кўкрак кераман:
Ўзбекистон учун овоз бераман!

1996
Мухбирлар
Одам кўкка учди,
Қучди уммонни.
Етди поёнига кураш, ур-сурлар.
Гиж-гижлатиб қўйиб телба жаҳонни,
Бу кун минбарларга чиқди мухбирлар.
Азиз касбдошларим,
Ғалат қавм бу,
Жонининг қадрини билмайдиган кас.
Қайдадир кўринса йилт этган мавзу,
Оч-наҳор, пиёда кета берар, бас.
Тўплар гумбурлайди,
Ўрлайди олов.
Юксак қасрлар ҳам қулайди бир-бир.
Буткул мамлакатлар ёнади лов-лов,
У эса тирикдир, ўқ ўтмас, довдир.
Гарчи кўринишдан юввош ва ғариб,
Лекин таҳликага солар ҳар сўзи.
Шаҳардан ҳаммани қувлаб чиқариб,
Бўм-бўш кўчаларда кезар бир ўзи.
Ягона қуроли қоғоз ва қалам,
Ўйлар у на бугун, на эртасини.
Ҳақиқат йўлида сўнгги дамда ҳам
Ўлар, эсга олиб газетасини.

1996
Соғиниш
У узоқ жойларга қилмасди сафар,
Тўкманг дерди кўздан жолаларимни.
Дерди: Бир кунгина кўрмасам агар
Соғиниб қоламан болаларимни.
Бедаво бир дардга чалинди шўрлик,
Деди: Энди қайтиб турмасам керак.
Бўғзига тиқилиб келса ҳам хўрлик,
Барига чидади, босиқ ва тийрик.
Кетар чоғида ҳам йўқликка томон,
У тақдир ҳукмига мардона кўнди.
Фақатгина деди: - Қийнар бир армон
Мени болаларим соғинар энди...

1996
Оқ Йўл
Дўстим Маралга
Сайроқи қушларнинг тинди навоси,
Анвойи гуллар ҳам сўлди боғимда.
Бу ғурбат кунларнинг борми адоси,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Олис адирларда туманми, тутун,
Теграмни зулумот қопламиш бутун.
Мени ҳалок этар бу савдо бир кун,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Ҳеч ким ҳасратимга қулоқ солмади,
Руҳимни бирор зот англай олмади.
Бунда қиладиган ишим қолмади,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Қоғозим қорайди дилдаги зордан,
Бугун айри тушдим дўст ила ёрдан.
Фақат бир илинжим сен - Биру Бордан,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Майли, самоларга мени элта қол,
Юмушинг бажарай қаддим эгиб дол.
Сенинг ҳузурингда йўқ ахир завол,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Мана, оқшом чўкди. Бўзармоқда ой,
Бошланур юлдузлар базми ҳойнаҳой.
Менга ҳам бахш этгил туморчалик жой,
Аллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

1996
Суҳбат
Одам одам билан учрашган асно
Дунёда энг яхши восита - суҳбат.
Баъзи биров билан сўзлашсанг, аммо
Аралашиб қолар орага ғийбат.
Сиздан ўтинаман, эй, дўсти ёрон,
Дийдорнинг ғанимат гаштин сурайлик
Майли, ҳар қанчалик бўлса ҳам ёлғон
Фақат эзгуликдан суҳбат қурайлик.

1996
Кулманг...
Оч одамнинг устидан кулманг,
Етишмаса ишга қурбати.
Хунуккина қизларни сийланг,
Гўзал бўлар улар сийрати.
Бировларнинг ҳаққин еганни
Дастурхонга йўлата кўрманг.
Ростни кўриб, ёлғон деганнинг
Косасини тўлата кўрманг.

1996
Оқлар Ва Қоралар
Ҳозир ранг ажратиш замони эмас,
Ҳар қандай ишора қалбни яралар.
Ва лекин бир-бирин ҳар зум, ҳар нафас
Қўллаб-қўлтиқларкан занги - қоралар.
Одамзод холимас киндан, алдовдан,
Қилмайсан, ким-кимни гоҳо саралар.
Оқлар ғижиллашиб турганда, ғовдан
Сакраб ўтиб кетар бирдан қоралар.
Биродар, гапни сен кўргандан сўра,
Демагил, шеърингда шарпа оралар.
Бир-бирин еб ётган оқлардан кўра,
Афзал-ку ҳамжиҳат ўша қоралар.

1996
«Жамайка»
Бир вақт Робертина исмлик бола
«Жамайка, Жамайка» дея куйларди.
Юракнинг тубига етиб бу нола,
Олис Жамайкани ҳар ким ўйларди.
Ўша гул диёрни кўрганмисан сен,
Иложин тополсанг қанот боғлаб уч.
Ахир ўйлабмидим, Женевада мен
Айни Жамайкага келурман, деб дуч.
Ёйиб кокилларин, турибди санам,
Қоп-қора тун билан ўралгандек ой.
«Минг бир кеча»даги эртакларда ҳам
Тавсиф этилмабдир бундайин чирой.
Кимнинг пешонасин безайди бу лаъл,
Кимларга ҳадя бу оппоқ табассум.
Жамайка гўзали, о, тенгсиз гўзал,
Бир нафас шошмай тур, қилғил тараҳ
Боқиб жамолингга, юрагимда мунг,
Олис ёшлигимни эсга олайин.
Ортингдан «Жамайка, Жамайка», деб
У сирли қўшиқни куйлаб қолайин.

1996
Ҳабаш Қиз
Нари кетолмайман бир ҳабаш қиздан,
Жуда ўхшар экан Сенга кўз-қоши.
Билмадим, ўша пайт, қай бирингиздан
Нусха олган экан фалак наққоши.
Лойингиз баробар қоргандир Халлоқ,
Айни илҳом чоғи ижод этгандир.
Анави ҳабашнинг нусхаси бироқ
Хумдонда узоқроқ қолиб кетгандир.

1996
Ҳимоят
Дилимни эзади гоҳида хаёл,
Гумонлар, шубҳалар забтига олгай.
Вақт етиб, тириклик топганда завол,
Наҳотки байтларим эгасиз қолгай.
Ахир вайрон бўлур қаровсиз уй ҳам,
Боғбонсиз гулшан ҳам сўлгай бир куни.
Асрий иморатлар емрилгай кам-кам,
Кимдир ҳимоятга олмаса уни.
Лаҳзада минг бора турланади ранг,
Собит бир суратни топмоғинг қийин.
Бугун салом берса агар набиранг,
Яхшиси, алик ол юз йилдан кейин.

1996
Сўнгги Чора
Одамлар йўлида харсангтошдай зил,
Эрта-кеч кўндаланг ётишдан сақлан.
Фурсатинг ўтдими - мақомингни бил
Бекатда ўтиргич бўлгил, масалан.
Агар ўқимаса шеърингни биров,
Маломат қилмоғинг, албатта, ғалат.
Яхшиси, дўконни ёпгин-да дарров,
Зеҳнингни ўзга бир юмушга қарат.
Бошқа фожиадан асрасин аммо,
Ҳеч ким дуч келмасин унга дафъатан.
Сендан элу юртинг тонмасин асло,
Сендан ўгирмасин юзини Ватан.
Ундай чоқ, бузсанг ҳам додлаб жаҳонни
Ҳеч ким ҳайрон бўлмас, ҳеч ким қолмас лол
Агар топа олсанг бир газ арқонни,
Ўзингни оса бер энди бемалол.

1996
Ўгит
Болангни ўғрилар тунабди йўлда,
Лекин уҳ тортасан, ичингда ноланг.
Дейсан, ўғлим, сен ҳам дадилроқ бўл-да,
Бироқ, танбеҳингни эшитмас боланг.
У дейди: - Борми ҳеч дунёда инсоф,
Йўлимни тўсдилар, куппа-кундузи.
Болам, сен ҳозирча шабнам каби соф,
Айни фариштанинг ўзисан, ўзи.
Нега? - деб атрофга боқасан ҳайрон,
Илк бор дуч келибсан бундай балога.
Менинг гапларимни тинглагин обдон,
Ўғлим, ишонма ҳеч ноқис дунёга.
Дуч келган кимсани покдомон билиб,
Ҳаргиз дилинг очма, бўлмагил йўлдош.
Инсонлар учрайди, бир кўзи кулиб,
Иккинчи кўзида тайёр тургай ёш.
Инсонлар учрайди, таомингни еб,
Топтаб кета берар дастурхонингни.
Чумоли қадарли манфаатин деб,
Чумолича кўрмас сенинг жонингни.
Инсонлар учрайди, кўкда ойни ҳам
Ўзининг мулки деб билгайдир фақат.
Сенинг қувончларинг уларга алам,
Сенинг зарра бахтинг уларга кулфат.
У пайт қулоғингга айтгунча азон
Огоҳ этмасмидим бунинг баридан.
Ишонч деган бир сўз ўчди ногаҳон.
Ўспирин умрингнинг сардафтаридан.
Ўғлим, одамийлик азиздир гарчанд,
Ёстиғинг остида турсин яроғинг.
Дунё ҳар қадамда бергай сенга панд,
Асло мудрамагай икки қароғинг.
Эзгулик йўлида кўпдир муаммо,
Ундан қутулмоқнинг йўли бул экан:
Инсонга йўлиқсанг инсон бўл, аммо
Ҳайвон йўлиққанда Ҳайвон бўл экан.

1996
Бошманбулоққа
Бошманбулоқ, Бошманбулоқ,
Сенга кўзу қошман, булоқ.
Сувингдан бир қониб ичдим,
Энди мангу ёшман, булоқ.

1996
Уммон Ортидаги Маконим
Вашингтонда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилиши муносабати билан ёзилган шеър
Кенг жаҳон бир қадам бўлди мен учун,
Менга ҳам очилди олам дарчаси.
Йироқ Амриқода тафт сочар бу кун.
Ўзбек қуёшининг олов парчаси.
Очилди мен учун тор осмон бекам,
Кездим юксакликнинг чўнг дарғасини.
Ўзбекнинг лочини озод ва кўркам,
Қурди бу ерда ҳам қўналғасини.
Нечун хушнуд бўлмай, дилимни ёрмай,
Уммон ортида ҳам бордир маконим.
Дунёнинг қайси бир бурчига бормай,
Ўзинг бошпана бўл, Ўзбекистоним!
Вашингтон шаҳри, 1996 йил 25 июн

Айрилмас
Ё ҳақ!. - деб йўл олса манзилга карвон,
Йўл бошлаган чўнг норидан айрилмас.
Ошиқлар кўнглидан кечар минг армон,
Бир армони - дилдоридан айрилмас.
Неларни кўрмагай инсоннинг боши,
Бежиз айтмаганлар: «У сойнинг тоши».
Донолар, бир жойга етса ҳам ёши,
Пири берган туморидан айрилмас.
Қачон донг чиқармиш, ахир, ёлғиз от,
Фарзанд оқил бўлса - падарга қанот.
Йигитга дуч келса Ҳаёт ё Мамот,
Дўстларининг дийдоридан айрилмас.
Демишлар: .Сўқир ҳам кўргай ёрқин туш..
Озод даврон сурмоқ ҳар нарсадан хуш.
Қафасга гар тушса учиб юрган қуш,
Эркинликнинг хуморидан айрилмас.
Хор бўлмас, аждодин кимки ёд этган,
Ўтган азизларнинг руҳин шод этган.
Авлодлар тақдирин ўйлаб дод этган,
Ота-бобо мозоридан айрилмас.
Ҳар ким билганича чертгай созини,
Моли тоза одам қилгай нозини.
Мард киши кўп дегай ҳатто озини,
Ризқин топган бозоридан айрилмас.
Пешвоси бор юртнинг бутундир бахти
Асло хазон бўлмас эккан дарахти.
Ҳар кимга буюрсин ўз тожу тахти,
Номусли эл шунқоридан айрилмас.
Бир ёнда туркманим, қирғиз, қозоғим
Оролга термулган қорақалпоғим,
Ўзбегим, тожигим - кўзим-қароғим
Жам бўлганда қаторидан айрилмас.
Айрилса айрилгай тоғлар қоридан,
Айрилгай беҳиммат бой ҳам боридан,
Вафосиз айрилгай дўсту ёридан,
Шоир халқи ашъоридан айрилмас.
Қўлга қалам олдим қутлуғ бир куни,
Маҳтумқули шеърин бўлиб мафтуни.
Агар куйлар бўлса Абдулло уни,
Бир умрга шўх торидан айрилмас.

1996
* * *
Дўстим, Ҳақ деганни қўллагин фақат,
Парвоз қилар бўлса - осмони бўлгил.
Ёвузликка қарши қудратинг кўрсат,
Мудом эзгуликнинг посбони бўлгил.

1996
Маслаҳат
Эшмат номли кўчада
Тошмат номли дўкон бор.
Хизмат қилар у жойда
Нурмат деган дўкондор.
Харид қилгин сен ундан
Фурқат номли сақични.
Унутма, Пирмат деган
Кўчага ҳам боқишни.
У ердаги ҳаммомнинг
Қулмат номин ўйиб ол.
Бой бермасдан фурсатни
Ўз исмингни қўйиб ол.

1997
Надомат
Менга афсоналар сўйлама, ука,
Роса чарчаганман ёлғонни ёзиб.
Қирқ йил кўтарибман Инсонни кўкка
Ишониб, ҳазрат деб, йўлимдан озиб.
Ўзингиз ким дея сўрарсан ахир,
Ўша нокомилнинг мен ҳам бириман.
Тангрининг яратган бандаси - фақир
Бошқалар осмону, мен-чи, ериман.
Балки коинотнинг бирор буржида,
Биздек ночорларга бордир мос макон
Лекин унга етиш қийиндир жуда,
Буни тарк этмоқ ҳам эмасдир осон.
Начора, Инсонни кўтариб кўкка,
У каби яшашни била билмадим.
Ёвузлик қўлимдан келмади, ука,
Бировга ёмонлик қила билмадим.

1997
Фазогир Солижон
Нъю-Йорк. Американинг «Индевор» космик кемаси Флоридадаги «Мисе Канаверал» космодромидан осмонга уваффақиятли кўтарилди... Ушбу кема экипажи аъзолари орасида Қирғизистонда туғилган ўзбек миллатига мансуб Солижон Шарипов ҳам бор. (ЎзА хабаридан)
Осмонда бир ўзбек учиб юрибди,
Фазогир Солижон, гапнинг сираси.
Юлдузлар васлига боқиб турибди
Мирзо Улуғбекнинг чин набираси.
Туркий дунёмизга яна битта зеб,
Солижон самони кўргали кетди.
Бобом юлдузлари жойидами, деб
Уларнинг ҳолини сўргали кетди.

1998 йил, январ
Тойчоқ
Женева кўлининг соҳилида шан,
Тойнинг ҳайкалчаси товланар ҳар чоқ
Дўрмон боғларининг этакларидан,
Қандай келиб қолдинг бу ерга, тойчоқ
Ҳордиққами десам, ҳали ёшсан-ку,
Ҳали чарчамаган асабларинг ҳам.
Тошкент ўтлоқлари эмасми инжу,
Сенга Женевада нима бор, ошнам?!
Тойчоқ кишнаб дейди: - Мана шу кў
Сиғмай қолдингизми сиз ҳам у ёққа.
Акангнинг ҳолидан хабардор бўл, деб,
Жўнатиб юборди янгам бу ёққа...

1998
Жаҳонгашта
Бир кун сўрадилар жаҳонгаштадан:

- Айтгил, Бир Юракка Олам Сиққайми
Ёки йўқми сенда турар жой, ватан,
Санғиб юрмоқликдан шохинг чиққайми?
У деди: тоқатим йўқдир фироққа,
Мен асли муҳаббат учун ярайман.
Фақат гоҳи-гоҳи кетиб йироққа
Юртни даст кўтариб, тўйиб қарайман

1998
Фидойи
Сочилиб ётади олтин ва гавҳар
Тоғларнинг қаърида ё қумлоқ сойда.
Кимдир заҳмат чекиб йиғмаса агар,
У пинҳон бойликдан, айтинг, не фойда.
Бедов от кезади чўлларда яйдоқ,
Фалакка етгудек шахди, шиддати.
Ёвқур бир чавандоз бўлмаса бироқ
Айтинг, чиқармиди донғи, шуҳрати.
Асрий жумбоқни ҳам бир фозил ечгай,
Дарғасиз кеманинг сузмоғи гумон.
Кимдир ҳаловату уйқудан кечгай.
Шундан Ватани тинч, халқи ҳам омон.
Фидойи Инсонлар: балки раҳнамо,
Балки оддий зотдир - ҳар қайда бордир.
Улар унутгайлар ўзин доимо,
Чунки қўлловчиси Парвардигордир.
Бор бўл, эзгуликка бахшида ҳаёт,
Заҳматинг туфайли етдинг ниятга.
Шоҳмисан, фуқаро - энди умрбод
Дахлдор бўлдинг сен абадиятга.

1998 йил, январ
Фахр
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши сессиясида ўқилган шеър
Кимдир мақтанади санъати билан,
Биров илму фанга рағбати билан.
Кимдир шеъри билан мақтанса, кимдир
Мақтанар мол-дунё, давлати билан.
Кимдир ўрмонларин кўкка кўтарса,
Кимдир гердаяди шахмати билан.
Уларнинг бари-ку инсонга хосдир,
Бирма-бир келгайдир навбати билан.
Тошкентда ҳайкал бор бир оилага,
Шон топмиш етимга шафқати билан.
Аҳли Кеш мақтанса арзийди - Темур
Жаҳонни забт этди сарвати билан.
Ўзбекнинг бошидан зар сочсин дунё,
Топди у ризқини заҳмати билан.
Унинг асосидир - буюк боболар
Бизга ибрат бўлди меҳнати билан.
Биздек ночорлар-ку ерга қараймиз,
Кимдир осмон бўлди савлати билан.
Қашқадарё халқи фахр этар доим
Исломи яратган шавкати билан.

1998 йил, июн
Ҳисобот
Ҳаётда учрайди турли ҳодисот,
Балки бири яхши, бошқаси ёмон.
Лекин ҳар бирига бордир ҳисобот,
Қайда у юз берди? Ким билан? Қачон?
Неча буюк зотлар ўтди ҳасратда,
Боғларда қузғунлар ошиён қурди.
Мана шу асрда, шу мамлакатда,
Келгинди кимсалар даврини сурди.
Мен-ку, ўйламасман ўзимни букун,
Ҳар қалай, эл билан ўлмаган жонман.
Баттол аср ҳали топмасдан якун
Озод бўла олган Ўзбекистонман!
Шарафлаб тақдирнинг илтифотини
Муждалар келмоқда овулдан, кентдан.
Қарангки, Истиқлол мукофотини
Олибмиз Биринчи Президентдан!

1998
Тушмасин
У йироқ тоғларга қор тушса тушсин,
Сенинг боғларингга зинҳор тушмасин
Ўртага айрилиқ, зор тушса тушсин,
Ва лекин ҳеч қачон ағёр тушмасин.
Мен секин кузатдим шитоб дунёни,
Нечоғ омонатдир одамзот жони.
Қўлинг энди ошга етгани они,
Бошингга ногаҳон чўқмор тушмасин.
Биров тингламаса сухан не керак,
Ҳар кимга буюрсин сирдош бир юрак
Агарда бор бўлса содиқ дўст-тиргак,
Орага тўғаноқ - девор тушмасин.
Учрагай дунёда турфа хил армон,
Гоҳи ғолибдирсан, гоҳ мағлуб, нолон.
Кўниккай барига ҳаётда инсон,
Лекин ғам устма-уст, такрор тушмаси
Тепангда бор экан Парвардигоринг,
Магарки элу юрт номус ва оринг.
Ватанни куйламак бўлса шиоринг.
Дилингга бошқа ҳеч қарор тушмасин.

1998
Ўзбек Бойининг Баёноти
Гапинг тўғри, кулба эмас, саройдирман,
Бойлар кўпдир, улар ичра энг бойдирман.
Сон-саноқсиз молу дунё, қўйларим бор,
Шаҳар тўла, қишлоқ тўла уйларим бор.
Донларим бор, адоғини билолмассан.
Дон-дунимнинг ҳисобини қилолмассан.
Тоғларимнинг бордир яшил арчалари,
Каминанинг мулки эрур барчалари.
Ўз ҳовлимда тайёра ҳам ясайдирман,
Оловим кўп, хўп шоҳона яшайдирман.
Гузарлар ҳам, бозорлар ҳам меникидир,
Сен ётажак мозорлар ҳам меникидир.
Соҳибқирон Темур менинг бобом эрур,
Бобур тоғам, Моҳларойим момом эрур.
Бойсунимда тулпорларим кишнашади,
Зоминимда зарғалдоқлар қишлашади.
Ўлпончи-ю солиқчилар, билиб қўйинг,
Гапларимни Сиз қулоққа илиб қўйинг.
Бойлигимга чегара йўқ, ҳа, чиндан ҳам,
Буни яхши билгайдирсиз Сиз мендан ҳам.
Ахир бунинг барчасини нетар эдим,
У дунёга олибми мен кетар эдим.
Ворисим бор, кўзимнинг у оқ-қораси,
У шу тупроқ фарзандидир, юрт боласи
Иншооллоҳ, ундан кўнглим тўлажакдир
Ворисимнинг исми эса - Келажакдир

1998
Бир Қарасам...
Бир қарасам, дўсту ёрдан кўнглим тўқдай,
Бир қарасам, атрофимда ҳеч ким йўқдай.
Бир қарасам, суянчиқдай болаларим,
Бир қарасам, улар синиқ лолаларим.
Бир қарасам, бу дунёда бахтим бордай,
Бир қарасам, буткул олам менга тордай.
Бир қарасам, муродимга етгандайман,
Бир қарасам, кўзим очиқ кетгандайман.
Бир қарасам, шон-шуҳратга йўғрилганман,
Бир қарасам, эндигина туғилганман.

1998 йил, август
Зардўшт Сўзи
Қадим Хоразмнинг зар тупроғида,
Кўҳна Бухоронинг ҳур қучоғида,
Яшаган Зардўштман, донишманд зотм
Ўлмас ғоям билан мангу ҳаётман.
Яхши ва ёмонни айладим ҳисоб,
Ва битдим .Авесто. номли бир китоб
Унда ёзувликни ерга урганман,
Эзгулик мақомин юксак кўрганман.
Ишончим шул бўлди: тожу тахт, давлат
Бут бўлса мамлакат яшнагай албат.
Уч минг йил муқаддам қадим тупроқда
Кўҳна Бухорою Хоразм ёқда.
Қўрғонлар яралди, қалъалар ўсди,
Улар ёвузликнинг йўлини тўсди.
Ҳурмузд ғолиб бўлгай, Ахраман мағлуб
Ёвузлик чекингай, эзгулик марғуб.
Кўҳна салтанатдан ёдгор бўлсин то,
Сизга қолдирганим ушбу .Авесто..

1998
Лувр Музейида (Фарангистон Хотираларидан)
Луврда - музейнинг бағрида сокин
Минг йиллик ашёлар турибди қатор.
Бунда шоҳлар тахти ҳашамдор, ёрқин,
Бунда гадоларнинг сополи ҳам бор.
Боқиб, ўйга чўмдим Лувр уйида,
Тарихни бус-бутун кўрармиканман?
Пайт келиб, Ўзбекнинг бир музейида,
Синган сополчалик турармиканман?!

1998
Шоир Қалби
Юртда не муборак ишлар бўлғувси,
Ундан шоир қалби шавққа тўлғувси.
Чинор ўтқазилди, туғилди фарзанд,
Аввал шоир қалби бўлгай баҳраманд.
Сабаби маълумдир бунинг, албатта,
Туғилдик шу Ватан, шу мамлакатда.
Унинг ҳар гўшаси жаҳондир менга,
Тошлоқ йўллари ҳам равондир менга.
Таралса элимдан хушнуд бир хабар,
Табрик айламоғим, демак, муқаррар.
Мавжига ногаҳон кимдир тош отгай,
Зарби юрагимнинг тубига ботгай.
Элим, қадамингни ҳар дам кузатдим,
Гоҳ ўйчан, гоҳида хуррам кузатдим.
Гар сен дарё бўлсанг - ирмоғингдирман
Лат есанг, оғриқли бармоғингдирман.
Менда фазилатдан бўлса бир нишон,
Сенинг оловингдан учқун бу, ишон!
Савобинг қош ила кўзимникидир,
Фақат гуноҳларим ўзимникидир.

1998
Айтгин Шукрлар
Думалоқ шу бошдан бўлмасанг жудо,
Икки оёқ билан йироқ кетгайсан.
Ўлмаган қулим, деб сийласа худо,
Жамбулнинг ёшига балким етгайсан.
Тап-тақир каллангда қозондек дастор,
Авлиё мисоли айри соқолинг.
Набира, абира тегрангда қатор,
Сандиқда бисотинг, қўрангда молинг.
Ўтган ҳаётингдан мутлоқ бехабар,
Пийри бадавлат деб ёзар мухбирлар.
Шундайин довонга етолсанг магар,
Айтабер Аллоҳга чексиз шукрлар.

1998
Ота Дуоси
Ўғлим сўрамасман сендан мол-дунё,
Уй ҳам қуриб берма, майли, аломат.
Майли, кўзларимга бўлмагил зиё,
Ёнимда юрсанг бас соғу саломат.
Майли, кўтармагил мени елкангда,
Қалқон ҳам бўлмагил ёғса маломат.
Бир куни ёстиққа бошим текканда,
Тепамда турсанг бас соғу саломат.

1998
Учар Қушлар
Учар қушлар учди-кетди,
Қўлларимда пати қолди.
Ёшлик кетди, умрнинг ҳам
Шарти кетиб, парти қолди.
Дема, букун севгининг ҳам
Ўзи кетиб, оти қолди.
Лабларимда у бўсанинг
Ҳеч айнимас тоти қолди...

1998
* * *
Уринма болакай, уринма ҳарчанд
Бағрингни мен каби тиғлай олмассан.
Мен каби қувониб, куларсан гарчанд,
Лекин мен сингари йиғлай олмассан.

1998
* * *
Бугун холи қўйдим яна дафтаримни,
Буни балки кимдир ялқовликка йўйди
Асли сенга айтар ҳамма гапларимни,
Булбул айтиб қўйди.

1998
* * *
Дейдилар: - Чақнаган қайси юрт эрур,
Буюк соҳибқирон сочган зиёдан.
Жавоб бердиларки, - Ҳеч сўнмас бу нур,
Таралган энг аввал Қашқадарёдан.
Дедилар:. Қайси эл бедор доимо,
Завқ олар меҳнатдан, сулув дунёдан.
Жавоб бердиларки,. Шоир, уламо,
Санъаткорлар чиққан Қашқадарёдан.
Дедилар:. Жаҳонга буюк юртбоши,
Парвоз айлаганди қайси маъводан.
Жавоб бердиларки,. Ҳурлик қуёши,
Қалққанди даставвал Қашқадарёдан.
Даставвал, даставвал Қашқадарёдан!

1999
Бедорлик
Дер эдим: Истиқлол шукуҳи билан
Рўзғорни бутламоқ фурсати етди.
Шундай пайт, қўйнимга кирди бир ил
Кимдир остонамга ўт қўйиб кетди.
Дер эдим: Ҳур замон келиб ниҳоят,
Асрий ғалвалардан холи бўлди бош.
Шундай пайт, қўзғалиб қайдин қабоҳа
Юртбошим кўксига отмоқ бўлди тош.
Дер эдим: босқинлар, ваҳшат, ур-сурл
Қолдилар мозийнинг кечаларида.
Шундай пайт, дафъатан жонланди ула
Қон оқди Тошкентнинг кўчаларида.
Ногоҳ аён бўлди, ғанимлар бисёр,
Бисёр орамизда оламизгача.
Энди огоҳ бўлсин, бўлсинлар ҳушёр,
Ҳатто бешикдаги боламизгача.
Истиқлол, садағанг кетай, Истиқлол!
Бунча оғир экан қутлуғ йўлларинг.
Ишонай, дуч келса, агар ёв қаттол,
Бурда-бурда қилсин уни қўлларинг.
Мен эса, Истиқлол, яловинг тутиб,
Метин сафларингда собит кетурман.
Ўтган шаҳидларнинг номин ёд этиб,
Юртбошим ёнида бедор ўтурман.

Ўзбек Онаси
Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,
Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг,
Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,
Сен Темур бешигин тебратган бедор,
Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас,
Она буюрганда йўлдан қайтилмас,
Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир,
Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,
Бобур шоҳ бўлса-да, қошингда фақир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,
Жаннат ҳам, албатта пойингиздадир,
Ватан-ку, Сиз турган жойингиздадир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.
Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт
Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,
Азиз Юртбошингга дуоларинг айт,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси
Эй, ўзбек онаси, ўзбек онаси.

1999 йил, 6 март
Туш
Агарда туш билан ўзгарса дунё,
Туш билан айланса вақту замонлар,
Ёмон туш кўрганлар кўкармай асло,
Қирилиб кетарди аллақачонлар.
Яхши тушлар кўрсин ҳар ким ҳам, бироқ
Бу билан ҳам битмас дунё ишлари.
Яхши туш кўрганлар ғам билмай мутлоқ,
Бахтли яшар эди эҳтимол бари.

1999
Олий НеъМат
Пир Хожа йўлиқди ногаҳон дардга,
Ҳоли танг, ранги ҳам айланган зардга.
Қилмаган дорию дармон қолмади,
Елиб-югуришдан армон қолмади.
Дунёдан умидин узар бўлди у,
Охират кенгашин тузар бўлди у.
Хуллас, паймонаси тўлганда буткул,
Кирди эшигида ишлаб юрган қул.
Қулнинг табибликка дахли бор эди,
Унга шу аснода омад ёр эди.
Қулдан бўлдимикан, Халлоқданми ё,
Ҳожа шифо топди, ба ҳаққи худо:
Аё, қул, сен бўлдинг дардим давоси,
Қилган хизматингнинг йўқдир баҳоси.
Сочайин бошингдан олтин ва кумуш,
Олгин хазинамдан энг катта улуш.
Истасанг, мулкимнинг тенг ярмин берай,
Ёки мен қулимни шод, хуррам кўрай.
Қул деди: - Ҳозирман хизматингизга,
Раҳмат ҳам айтурман ҳимматингизга.
Ҳаттоки хуннинг ҳам нархи бор, Хожа
Бебаҳонинг бундан фарқи бор, Хожам
Хожа ўйлаб деди: - Нима экан у?
Қандайин неъмат у? Қандайин инжу?
Айтгин армонингни, бажаргум шу зум
Ахир, сен туфайли очиқдир кўзим.
Қул деди: - Бир неъмат бордир - бебаҳо
Унга садқа бўлсин молу мулк, дунё.
Фалаклар бекордир унинг қошида,
Малаклар бекордир унинг қошида.
Унга нисбат берса - қафасдир жаннат
У шундоқ тансиқ ҳис, тенги йўқ неъмат.
— Унинг номи не деб, қистарди Хожа
Сирни билмоқликни истарди Хожа.
Қул деди: - Бу неъмат жондан-да тотлик
Номи Озодликдир, номи Озодлик!

1999 йил, август
Актёр
Бир кун томошага тушиб лаҳзада
Турфа актёрларни кўриб қайтибсан.
Лекин сен уларни фақат саҳнада
Мавжуд деб ўйласанг, бекор айтибсан.
Чин актёр санъат деб, бағрини тиғлаб
Амаллаб кунини кўриб юради.
Шундай инсонлар бор, бир кўзи йиғлаб
Битта кўзи эса кулиб туради.
Шундай инсонлар бор, вой отам, дея,
Бир зумда ўзгарар турқи, сиёғи.
Лекин ўша маҳал, ўша сония
Онасин кўксида турар оёғи.
Шундай инсонлар бор, гўё юртпарвар
Юртини улуғлар гўё ҳар сўзи.
Лекин разм солиб қарасанг агар,
Амал поясида иккала кўзи.
Шундай инсонлар бор, халқим дер ҳамон
Сўзлайди ҳамиша олиб халқ ёнин.
Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ,
Тозалаб туради халқнинг ҳамёнин.
Санъатга умрини ким этмиш фидо,
Шарафи юксалсин, оламни тутсин.
Ҳаётни ўйин деб билганнинг аммо
Толеи кулмасин, бири кам ўтсин.

2000
Йўқлов
Ўлмас Умарбеков хотирасига
Чеҳрангда табассум балқирди доим,
Кўнгил боғинг эди чечакли, гулли.
Арши-аълога ҳам сендек мулойим,
Хушсурат бандалар даркор шекилли.
Ҳар зумда ўлимни кутиб яшамоқ
Унинг ўзидан ҳам даҳшатлироқ ҳис.
Сенга шундай юрак бермишди Халлоқ,
Боқдинг ажалнинг ҳам кўзига мунис.
Дунёнинг тагига ўт кетсин, агар
Бағридан яхшини ситиб чиқарса.
Толе бўлолмагай қазойи қадар,
Бахт асли тириклик деган бир нарса.
Ўлмас деб қўймишлар исмингни, бироқ
Ўлим тўлғизди-ку умр жомингни.
Фалакнинг бу ажиб ўйинига боқ:
Ўлмас деб турибман энди номингни!
Инсон боласига шарафдир ғоят
Халқи рози бўлиб, хотирга олса.
Менинг ушбу шеърим сен учун шояд
Дўстларинг номидан йўқлов бўлолса.

2000
Ажрим
Дунёнинг ярмини сайр этди ўғлон,
Келиб отасидан сўради ажрим:
— Чин дўст тополмадим нега, отажон?
Ота эса жим.
Яна дунё кезди чарчамай ўғлон,
Яна отасидан сўради ажрим:
— Вафо тополмадим нега, отажон?!
Ота ҳамон жим.
— Нега саволимга бермайсиз жавоб?!
Ўғлон турар эди нолакор, ҳақир.
Ота жавоб қилди уҳ тортиб шу тоб:
— Сен ҳам бор нарсани ахтар-да ахир

2000
Мен Фақат...
Мен фақат Сен учун яшадим десам,
Бир оз лоф бўларди ва бир оз ёлғон.
Гоҳи босганида тўфон каби ғам,
Кўзимга кўрингай ўзимдаги жон.
Сенсиз ҳам яшадим десам мен агар,
Десамки, сенсиз ҳам танамда бор жон
Ишонгил, бу гапим баридан баттар,
Ёлғон бўлар эди, тамоман ёлғон.

2000 йил, август
* * *
Меъмор умр бўйи ҳафсала ила
Гўзал бир иморат айлади бунёд.
Бироқ ногаҳонда машъум зилзила
Вайрон қилди уни, қилди-ку барбод.
Худди шу сингари, қургаймиз биз ҳам
Умр деб аталмиш гўзал бинони.
Бироқ етиб келар машъум сўнгги дам,
Вайрон этар уни ажал тўфони.

2000 йил, август
* * *
Стадион гувлайди,
Одам лиқ тўла.
Бу ерда хам бўлмиш турфа тил, овоз.
Уларнинг барчасин қучиб бир йўла,
Дўстим деб атамоқ ғалати бир оз.
Стадион гувлайди,
Одам лиқ тўла.
Фақат Ҳаққа аён улар сийрати.
Уларнинг барчасин сўкиб бир йўла,
Ғаним демоқлик ҳам анча ғалати.

2000 йил, август
Қадаҳ
Турибман қўлимда қадаҳ шу палла,
Демак, жом сўзимни айтмасам бўлмас
Сизга бахт тилашим мумкин баралла,
Лекин бахтли қилиш қўлимдан келмас.
Тилайман албатта соғлиқ ва умр,
Туҳфа қилолмасман лекин уларни.
Тилайман ҳеч сўнмас илҳом ва сурур,
Гарчанд беролмасман бу туйғуларни.
Мен фақат сиз учун орттириб алам,
Йўлингиз тўсмасман деворга ўхшаб.
Ғалвали дунёда шунинг ўзи ҳам,
Менинг назаримда жуда катта гап.

2000 йил, октябр
* * *
Мана бу ҳикматга, дўстим, сол қулоқ,
Балки сену менга бўлгай бир сабоқ.
Посбоннинг қовоғи уйилган бўлса,
Ҳатто жаннатга ҳам тортмайди оёқ.

2000 йил 4 декабр
Харобазор
Дунёда минг йиллик харобалар кўп,
Урушлардан ёдгор, селлардан ёдгор.
Мозорлар қалашиб ётибди тўп-тўп,
Аслида улар ҳам чўнг харобазор.
Вужудимни тешар йиллар шамоли,
Юрак тилка-тилка турфа озордан.
Болам, хабар олгин, тутмай заволи,
Шоир деб аталган харобазордан.

2000 йил 4 декабр
Ўзбекман
Янги бир асрнинг остонаси бу,
Етишдим умримнинг қутлуғ ёшига.
Тилимда шукрона, дилимда ғулу,
Тарих саркотибин келдим қошига:
— Мана, мен - Ўзбекман, қўлимда ту
Ва барча аъмолим битилган китоб.
Шунинг ичидадир борим ва йўғим,
Шунинг ичидадир мен учун офтоб.
Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун
Тилим қисиқ эмас башариятдан.
Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун
Зувалам қорилган самимиятдан.
Ўзбекман, гоҳида иқболим кулиб,
Гоҳида ўзимдан чиққан офатим.
Дунёни олсам-да жаҳонгир бўлиб,
Гўдак йиғисига йўқдир тоқатим.
Ўзбекман, қанчалик жафо чекмайин,
Ўзимга ҳақ бўлдим, ўзимга ҳақман.
Яшадим ёвларга бўйин эгмайин,
Бу кун ўз эркига эришган халқман.
Истиқлол, кетма юрт пешонасидан,
Толе, тарк этмагин бизни илоҳим.
Мана, янги аср остонасидан
Ўтдим. Бисмиллоҳир раҳмонир роҳий

2000
Наврўз
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.
Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

2001
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика