Сотқин ҳам ўзингдан чиққан (мақола) [Anvar Tojiyev]

Сотқин ҳам ўзингдан чиққан (мақола) [Anvar Tojiyev]
Сотқин ҳам ўзингдан чиққан (мақола) [Anvar Tojiyev]
Ёки ғолиб Шерғозихон ва мағлуб рус армияси
Шўролар даврида чиққан Ўзбек Совет Энциклопедиясида ҳам Шер­ғозихон ҳақида ҳеч гап йўқ. 13-жилдида «Шерғозихон мадрасаси»га оид мақолада, мазкур бино 1717 йили Xива хони Шерғозихоннинг Машҳадга муваффақиятли юриши шарафига қурилганлиги айтилади, холос.
Бекович-Черкасский ҳақида эса жуда эҳтиёткор мақола берилган. Унда: «Петр I ўзбек хонликларида рус давлати таъсирини ўрнатиш, Амударё ўзанидаги олтин сочмаларини аниқлаш, Амударёнинг бир вақтлар Каспийга қуйган ўзани ҳақида маълумот тўплаш мақсадида махсус фармон чиқарган ва Бекович-Черкасский бошчилигида, аввалига 1744 аскар, 19 тўп, юздан кўпроқ зобит ва мутахассисларни юборган».
1716 йилги иккинчи экспедиция Xива яқинидаги Карағоч дарёси қирғоғида тўхтаган, балиқ овлаш учун юборган 60 аскари хиваликлар томонидан асирга олингани, рус отрядига қўққисдан қилинган ҳужум оқибатида экспедиция тор-мор этилгани маълум қилинади. Мағлуб истилочи Бекович-Черкасский исм шарифи бир неча бор такрорланади. Ғолиб Шерғозихон ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Ва ниҳоят, янги чиққан Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида Бекович-Черкасский юриши ҳақида шундай сатрлар бор:
«Рус подшоси Петр I Бекович-Черкасскийга қуйидаги топшириқни беради: Амударёнинг эски ўзанини текшириб, унинг қумида олтин бор-йўқлигини аниқлаш, Амударёнинг Оролга қуйилиш жойида, яъни Xоразмда истеҳком қуриш, Xива ва Бухоро хонликларини рус тобелигига ўтказиш, Ҳиндистонга борадиган савдо йўлларини ўрганиш.
Экспедиция таркибида 4000 мунтазам аскар, 2000 ёйиқ казаклари, ўнлаб зобитлар, инженерлар бор эди. Xивада 120 километр масофада, Қайрағоч дарёси қирғоғида Шерғозихон 24 минг кишилик қўшини билан рус келгиндиларига қарши чиқади. Уч кунлик жангда катта талофат кўрган Xива хони ҳарбий-стратегик ҳийла ишлатиб, Бекович-Черкасский ҳарбий отрядини қириб ташлайди».
30 жилдлик русча катта Совет Энциклопедиясида бу ҳарбий ҳийлани «музокара олиб бориш учун келган отряд хиёнаткорона тор-мор этилган», деб изоҳланади.
Олти минг кишилик қуролланган қўшин дарвозанг тагига замбараклар билан кириб келармиш-да, «хиёнаткорона» мағлуб бўлармиш. Сез­япсизки, бу маълумотдан оқни қора деб юрган давр руҳи анқиб турибди.
Холис бўлиши керак бўлган энциклопедиялар Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан босқинчилик сиёсати ва хатти-ҳаракатини сийпалаб ўтишган.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясининг 10-жилдида, ниҳоят, бизга маъқул ва янги маълумотларни кўрамиз. Шерғозихон ҳақида шундай дейилган:
«Шерғозихон — Xива хони (1715-27)
Шерғозихон даврида Петр I томонидан юборилган Бекович-Черкасскийнинг жосуслик экспедицияси қириб ташланган (1717). Россия Xива хонлигини ўз таъсир доирасига кирита олмагач, ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Вазиятни юмшатиш учун 1720 йили Xива элчилари Россияга жўнатилган, лекин элчилик аъзолари қамоққа олингач, улардан атиги бир кишигина Xивага қайтишга муваффақ бўлган. Россия ҳукумати Xива хонлиги орқали Ўрта Осиёга кириб келиш фикридан воз кечмаган...»
Энди матбуотда эълон қилинган янги маълумотларга мурожаат этамиз.
«Труд» газетасининг 2002 йил
9 май кунги сонида чиққан бир мақола «Петр I қандай қилиб Осиёга дарча очди» («Икки бошли бургут доимо ҳам Ғарбга, ҳам Шарққа қарар эди») деб номланган.
1713 йили таниқли туркман зодагони Xўжа Нафас Астраханга келиб, Бекович-Черкасскийга Xива хонликларидаги дарёларда олтинни белкурак ёрдамида ювиб олиш мумкинлигини ва зарур бўлса, русларнинг ҳарбий юришида йўл бошловчилик қилишини билдиради. Руслар қадимдан Шарқда олтинни оддий белкурак билан қопларга солишлари ҳақида афсонани кўп эшитган эдилар. Xўжа Нафасни
Петр I нинг ўзи қабул қилади ва бу учрашув натижасида 1714 йил
29 март­да Бекович-Черкасскийни Xива, Бухоро ва Ҳиндистонга борадиган йўлларни разведка қилиш учун отряд бошлиғи этиб тайинлайди. Сенат бу юриш учун зарур бўлган ҳамма нарсани бериш ҳақида ҳукм чиқаради. Юриш 1717 йили бошланди. Бекович-Черкасский ва бошқа босқинчиларни Шарқ олтини шу қадар мафтун этган эдики, ҳатто, юриш бошланган куни хотини ва икки фарзанди сувга чўкиб ҳалок бўлса ҳам йўлдан қолмаган, сафарга жўнаган! Отрядда 3000 пиёда, 600 швед суворийси, 2000 казак дворян кўнгиллилар, артиллерия батареяси ва бош­қа қисмлар бор эди. Ўша давр учун росмана ҳарбий қўшин, айниқса, Шарқнинг кичик-кичик хонликлари учун даҳшатли куч эди. Отряд 45 кунда қарийб бир ярим минг чақирим (!) йўл босиб, Xива яқинида, Амударё атрофидаги кўл бўйида тўхтади ва бу ерда ҳарбий истеҳком барпо қилди.
Шерғозихон 24 минг кишилик лашкар билан отрядга ҳужум қилади. Руслар ҳужумни артиллерия ёрдамида даф этишга муяссар бўлишади. Xон хазиначиси Козимбек ҳийла ишлатишни таклиф этади. Шерғозихон Черкасский билан сулҳ тузиш учун вакиллар юборади. Бунга ишонган Черкасский 500 отлиқ билан Xон ҳузурига Петр I таклифларини олиб келади. Пайтдан фойдаланиб пистирмадаги Xива аскарлари ҳужумга ўтади ва отряд тор-мор этилиб, Черкасский аср олинади. Кейин эса отряднинг қолган қисми ҳам ҳийла билан майда гуруҳларга бўлиб ташланади ва йўқ қилинади.
Петр I нафақат Болтиқ денгизи қирғоғини қўлга киритиб, Европага дарча очган, айни вақтда яна бир кўзини Шарққа — Марказий Осиёга, Ҳиндистонга қаратганди. Унинг учун Қизилқум ва Қорақум саҳролари ичида яширинган Xива хонлиги дастлабки бекат эди. Кичик Xива давлати русларнинг Шарққа юришида биринчи тўсиқ бўлди ва рус империясининг Марказий Осиё­га ҳужумини бир ярим аср орқага суриб ташлади. Бу ишларга Шер­ғозихон бошчилик қилди. Тарихимизнинг ҳали яхши ўрганилмаган саҳифаларидан бири ҳам шу бўлса керак. Европани ларзага солган Петр I Xива хонидан енгилди, десак ҳам янглишмаган бўламиз.
Бир ярим аср кейин, 1865 йили Генерал Черняев Оқмачит, Туркис­тон, Тароз (Авлиё ота), Чимкент, Тошкент шаҳарларини 6 минг кишилик қўшин билан забт этди. 1716 йили княз Бекович-Черкасский бошчилигида Xива босқинида қатнашган қўшин таркибида эса 6000 дан ортиқ мунтазам аскар бўлган.
Хулоса шуки, қанчалик хас­­­­пўшланмасин, рус империясининг Шарққа томон биринчи ҳужуми Xива остонасида яксон қилинганини тарих олдида яшириб бўлмайди. Музаффар лашкарбоши Шерғозихон номи қанақадир энциклопедияларга киритилмаса-да, авлодлар томонидан ғурур билан эсланади. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангубердилар қаторида тилга олинади.

Анвар Тожиев
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика