Ўлжа (ҳикоя) [Axtamqul Karim]

Ўлжа (ҳикоя) [Axtamqul Karim]
Ўлжа (ҳикоя) [Axtamqul Karim]
Осмон шу қадар тиниқ эдики, Эгамберди мерган наздида ақлини танигандан бери осмон чўққиларга михланиб қолгандек, йўқ-йўқ, чўққилар осмон бағрини тешиб киргандек туюлади. Ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб дарадан ўтаётган овчи хаёлини ана шу ўйлар банд этганди. Ови бароридан келмаган мерганнинг кўнгли ғаш. Ғаш хаёллар уни денгизда адашган қайиқдек гоҳ у, гоҳ бу ёққа олиб қочмоқда. У кечгача оч бўридай қирма-қир изғиб юраверди, изғиб юраверди. Ҳар бута ё арчани паналаб атрофни кузатди, қулоғини динг қилиб бирон овоз ё шарпани эшитишга уринди. Бари бефойда. Негадир биттаям кийикни учратмади. Илгари тўсатдан ўтлаб юрган кийикка кўзи тушиб қолар, ҳеч қурса шундоқ ёнгинасидан какликнинг пир этиб учганига дуч келарди. Энди бўлса... Хуфтон кўнглига чироқ ёқса ҳам ёришгудек эмасди. Гўё тоғу дараларда ўтлаб юрадиган кийиклар овчининг ҳидини сезгандек қаёққадир ғойиб бўлган. Эгамберди мерган умр бўйи кийик овлади. Мерган номини олди. Эгамберди дейишса қишлоқдошлари елка қисишар, токи «мерган» сўзини қўшмагунча танишмасди. Эгамберди мерган авваллари шунчаки ҳавас ва кўнгилни хушлаш ниятида унда-бунда бекор пайтлари тоғу тошларга кийик овига чиқарди. Бора-бора бу ҳавас одатга айланиб улгурди. Энди у қўлига милтиқ олмаса туролмас, ҳаётидан маза туймайдиган даражага етиб борди. Шу-шу одати хумор бўлиб қолди. Бир нарсанинг хумори тутса ёмон экан. Эгамберди мерган учун ов олдида дунё ҳам кўзига кўринмас, ов қилмай қўйганда вужудида ғалати ҳис уйғонарди ва бу ҳисни овдан бошқа нарса босолмасди. Уйига кийик отиб қайтиш, унинг гўштини тановул қилгандан кўра кўпроқ лаззат бағишлар ва бу лаззатни дунёнинг унча-бунча лаззатига алишишни истамасди. Қишлоқдошлари ҳам Эгамберди мерганнинг бу қилиғига кўникиб, унда-бунда кўзлари тушиб қолганда ҳам ҳайрон бўлишмасди. Эгамберди мерган овчилик ҳаётида кўп воқеаларни бошидан кечирди. Неча марта ўлимга чап бериб, неча марта ажални айланиб ўтди. Энди-енди у кунларни эсласа, юраги орқага тортиб кетар, наҳотки шунчалик даражага етган бўлсам, дея ўзига-ўзи ишонмасди. Эгамберди мерган овга чиққанда унча-бунча овчи унинг олдида ип эшолмас, у билан мусобақа қилишга журъати етмасди.
Тоғликлар удумига кўра, овчиликдан воз кечмоқчи бўлган мерганлар «милтиқ кўмди» маросимини ўтказади. Шундан кейин қанча-қанча мерганлар қўлига зинҳор милтиқ ушламас ва шу удумга риоя қилган ҳолда оламдан ўтиб кетарди. Лекин Эгамберди мерган бундай қилишни хаёлига ҳам келтира олмас, ов қилмай қўйса, гўёки ҳаёти остин-устун бўлиб кетадигандек қаттиқ ҳадиксирар ва бундай ўйни хаёлидан қувлаб ташларди. Эгамберди мерган қуруқ қўл билан қайтишни овчилик шаънига уят деб билар ва ўзи эса овга чиққанидан бери бирон марта ўлжасиз қайтганини асло эслаёлмайди. Бугун эса... Ҳар доим ўлжа билан қайтишга одатланган мерган қоронғу тушишини кутди. Эшагини боғлаб қўйган арча ёнига келди. Иложи бўлса қишлоғига кечроқ кириб боришга аҳд қилди. Чунки унинг ўлжасиз сўппайиб қайтганини кўрган қишлоқдошлари олдидан ўтганда мазах қиладигандек, ҳолинг шу экан-ку, ҳайф сенга мерганлик, дейдигандек туюларди. Шунинг учун уйга қайтиш унга азобга айланди, юрган йўли унмас, гўё оёғи ҳам ўзига бўйсунмаётгандек, етаклаб олган эшаги ҳам ўзидан олдинга ўтиб кетаверарди. Қишлоққа яқинлашганда қош қорайди. Тоғ чўққилари оқшом тусидан баттар қорайди. Уч-тўрт қадам нарини кўриш қийинлашди. Яхшиямки, кеч кириб уйга қайтгани. Уйига яқинлашгунча ҳеч ким дуч келмади. Шундай қилмаса кечаси билан уйқуси қочиб, ор-номусдан ўзини бир нарса қилиб қўйиши ҳеч гап эмасди! Эшак шарпасини сезган кампири олдингидек пешвоз чиқди. Қарадики, чолнинг авзойи бузуқ. Олдингидан шашти паст. Эшак устидаги ҳуржунинг бўм-бўшлигини кўрганда баттар ажабланди. Кампирнинг қўллари ҳавода муаллақ қолди. Кампир ҳам ҳуржунинг бўш қайтишига сира одатланмаган. Унинг эрига ажабсиниб қараши шундан. Эгамберди мерган билан бир ёстиққа бош қўйгандан бери яхши эслайдики, овга чиққан эрини бу алфозда кўрган эмас. Кампири ҳар гал қайтганида эшакка юкланган кийик гўштини туширишга ёрдамлашар ва дарҳол қозон-товоққа унаб кетарди.
— Бугун ов куни эмас экан, — деди мерган ижирғаниб эшагини қозиққа боғлар экан. – Эрталаб бир ювуқсизга кўзим тушганди. Дунёни айланиб чиқдимки, кийик зотини кўрмадим. Эскилар бир ювуқсиз одам кўчадан ўтса, ер титрайди, барака кетади, дегани рост экан.
Eгамберди мерган оғир уҳ тортди. Чуқур-чуқур нафас олди. Негадир аламини босолмасди. Кўзлари олдидан кийиклар галаси югуриб ўтаётгандай ҳушёр тортди. Кампир дастурхон билан бир коса қаймоқни мерган олдига қўйди.
— Сайидберди қани? — дея овчи хотинидан ўғлини сўради.
— Қўшнининг уйига ўтган эди, — деди кампир бепарвогина.
— Нима қилади қўшниникига чиқиб, алламаҳал бўлса. Хотинга ўхшаб гап сотгани чиқибдими?
— Билмасам.
— Бу боланг қулоқсиз бўлиб чиқди. Кўчада ғийбат қилиб юришдан бошқа ишга ярамайди. Эркаклик сиёғи йўқ. Шунинг учун ҳам овга олиб чиқмайман. Ўзида ҳам қизиқиш йўқ.
— Бир ками ўғлингиз ҳам сизга ўхшаб умрини милтиқ кўтариб ўтказсинми?
Eгамберди мерган бу гапдан оғринди. Ич-ичидан ғазаби тошди. Бироқ ўзини босишга уринди. Кампирнинг нима демоқчилигини тушунгандек бироз ўйланиб деди:
— Овга мен эмас, у бориши керак. Мен энди ёшимни яшаб, ошимни ошаб бўлдим. Балки шунинг учун ҳам бугун ўлжасиз қайтгандирман.

* * *
Eгамберди мерган бошқа ҳеч овга чиқмади. Қариликни тан олди. Гўё тоғларда энди унинг учун ўлжа қолмагандек эди. У милтиғини ўғлига берди. Овни энди сен қиласан, деди. Отасининг моҳир мерганлигини билса ҳам, ўғли унга эргашиб, овга чиқмас, тоғларда юришни унчалик хуш кўрмасди. У отасидан милтиқни истар-истамас олди. Отаси юрган тоғу тошларни айланиб, отасидек кийик отиш ниятида юрди. Лекин ҳар гал овдан уйига бўш қайтиб келар, баъзан-баъзангина хашаки дарранда-парранда овлаб келарди, холос. Шундан Эгамберди мерганнинг хуноби ошди. Бир марта суғур кўтариб келган ўғлига ўшқириб берди.
— Бу ҳаром суғур гўштини бошимга ураманми? Кийик овласанг ўласанми, аҳмоқ!
Ўғил отасига нима дейишни билмас, бирдан-бир топиб олган сўзи, (уни ҳам кимдандир эшитган) «суғур гўшти дори-ку», деб қўярди.
Шу тариқа йиллар ўтди. Эгамберди мерган борган сари жуссаси кичрайиб борар, қўлларини қалтироқ тутадиган ва қоматини ҳам бироз эгиб юрадиган ҳолга етди. Қарилик ишини қилганди. Хаёлидан кечагина кийикларни қувлаб юргани бир-бир ўтар ва шуни эслаганда кўнгли алланечук ҳаприқиб кетарди. Ҳар-ҳар замон кўнгли овга чиқишни тусаб қоларди. Чунки умри бино бўлибдики, уйида кам бўлар, сўраб келганлар ҳам анча кун овора бўлишарди. Эгамберди мерган бир гал ўғлининг овдан қуруқ қайтганига чидай олмади:
— Сен қачон мерган бўласан? Лапашанг. Бунча ношуд бўлмасанг. Эркакмисан ўзи? Ов қилишга ярамасанг. Менинг пуштикамаримдан тушганга ўхшамайсан,
Мерган ўғлига атайдан аччиқ гапирди. Шу билан ўғлининг овга ҳирсини уйғотишни мўлжал қилди. Ўғил эса димоғида пўнғиллади.
— Тоғдаги ҳамма кийикни қириб тугатган бўлсангиз, мен нима қилай?
Шу-шу Эгамберди мерган ўғлига бошқа гапирмади.
Кунларнинг бирида мерган тўсатдан кампирига қараб:
— Кулча қил, мен овга чиқаман, — деди.
Кампири қариб қуюлмаган чолнинг гапига кулди. Бу билан у мерганни мазах қилгандай бўлди.
— Ҳамма нарсанинг ҳам ўз вақти-соати бор. Сизнинг ов қиладиган даврингиз ўтди.
Илгари эрига тик қарашга ботинмасди.
Шу нарса мерганга оғир ботди.
Ўша кеча Эгамберди мерган ухлай олмади. Тонг-саҳарда ўғлини олдига чақирди:
— Эшакнинг айилини торт, — деди овози қалтираб.
Ўғил эшакни шайлаб отаси олдига келтирди. Мерган имиллаб эшакка ўтирди. Илгариги шашти қайда? Унинг бутун фикр-зикри Жангоҳ тоғи томон қаратилган эди. Ота-бола йўлга тушишди. Мерган ҳар-ҳар замон эшакнинг бошини у ёққа бур, бу ёққа бур, дея танеҳ бериб борарди. Ниҳоят, Эгамберди мерган навқирон йигитлик пайтлари овга чиққан Жангоҳ тоғи ён бағрига етиб борди. Бу тоғда юриб қанчадан-қанча кийикларни отиб олганини, бошқа мерганлар бу тоғда ов қилолмаслигини бир-бир хотирасидан ўтказди.
Мерган ўғлига эшакни тўхтатишни буюрди.
— Кўряпсанми, ҳув, анави баланд чўққини, ҳозир яёв шунга чиқиб борамиз. Эшакни арчага боғлаб қўй. Мени орқалаб ўша тоққа чиқасан.
Саидберди бир отасига, бир қирга қаради.
Қир анча тик ва баланд кўринарди. Бироқ у, эшакни боғлаб, отаси айтганларини қилишга мажбур эди. Мерган ўғлининг орқасида бораркан, шамолга қарши юр, одам ҳиди сезилмайди, деди. Ниҳоят, қир устига ҳам чиқиб боришди. Саидберди роса қора терга ботди. Юришга ҳоли қолмади.
— Энди эмаклаймиз, — деди мерган.
Ота олдинда, ўғил орқада эмаклай бошлади. Қирнинг ён бағрига ўтишди. Мерган кийиклар ўтлайдиган жойни биларди. Ҳозир ўзигина биладиган сир-кийиклар қўтонидан ўғлини воқиф қилаётган эди. Бирдан сал нарироқда кийиклар ўтлаб юрганини кўриб қолишди. Бир кийик қаққайиб турар, атрофни олазарак кузатарди. Саидбердининг кўзлари чарақлаб кетди. У биринчи марта кийикларни яқиндан кўриши эди. Шошиб қолди. Ёнида турган отасини бутунлай унутиб қўйди. Катта харсанг ёнида чор тарафга оалзарак қараётган оҳуни мўлжаллаб ўқ узди. Буни ҳатто отаси ҳам сезмай қолди. Кийик баландга бир кўтарилгандай сапчиб, кейин ерга қулаб тушди. Саидберди кийикка томон югуриб кетди. Қолган кийиклар хатарни сезиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлишди. Саидберди кийик бўғзига шоша-пиша пичоқ тортди. У ўзида йўқ хурсанд бўлди. Кийик отганига қувончи ичига сиғмасди. Бирдан отаси эсига тушди. Дарҳол у томон югурди. У отаси олдига яқинлашар экан:
— Мен отдим! Жуда зўр кийикни отдим! — дея қичқирди.
Ота эса жавоб бермади. Саидберди отасига тикилди. Эгамберди мерганнинг кўзларидан шашқатор ёш қуюларди.
— Сизга нима бўлди? – сўради Саидберди ҳайрон бўлиб.
— Нега ундай қилдинг, ахир у менинг ўлжам эди-ку, сен менинг ўлжамни отдинг, менинг сўнгги ўлжамни...
Саидберди ҳеч вақони тушунолмагандай отасига ҳангу манг тикилиб турарди.

Жангоҳ тоғидан бир бурдагина бўлиб қайтган Эгамберди мерган ўша тун жон берди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика