Мeҳробдан чаён (I- қисм) [Abdulla Qodiriy]

Мeҳробдан чаён (I- қисм) [Abdulla Qodiriy]
Мeҳробдан чаён (I- қисм) [Abdulla Qodiriy]
Рўмоннинг Мавзуъи Тўғрисида
Туркистон феодалларининг кейинги вакили бўлған Худоёрнинг ўз хоҳиши йўлида деҳқон оммаси ва майда ҳунарманд — косиб синфини қурбон қилиши, мамлакат хотин-қизларини истаганча тасарруф этиши, бунга қарши келгучилар тиласа ким бўлмасин, раҳмсиз жазо бериши рўмоннинг мавзуъидир. Худоёрнинг бу йўлдағи биринчи истинодгоҳи бўлған уламолар, уларнинг ички-ташқи аҳволи, ахлоқи, мадраса ва оила ҳаёти, уламода инсоний ҳис битканлиги ва қолғани ҳам хабосат[1] пардаси остида сезилмас даражага етканлиги мундарижа сиғдирған қадар баён қилинадир. Булар рўмоннинг номарғуб — манфий қаҳрамонлари. Иккинчи тарафда мазкур қора кучларга қарши «тубан» синф — камбағаллар, уларнинг хонлиқ тузилишига, қора куч — уламо алайҳига чиқиши. Меҳнаткаш камбағалларнинг ахлоқи, сажияси, оиласи, турмиши ва бир-бирига алоқаси, самимияти.
Албатта, мен бу сўнғи марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар ўз ҳолича олишқа тиришдим. Уларнинг хон ва уламога қарши исёни табиъий — шаръийдир. Чунки шундан ортиғо сохта бўлиши устига китобнинг қадрини ҳам тушурар эди. Шу икки синф курашини тасвир қилиш воситасида хон ҳарами, хотинлари, қирқ қизлар, тарихий ва этнўғрафий лавҳалар, ўзбек ҳаёти, қизиқчилиғи, танқидчилиғи, ўзбек хотин-қизлари орасидағи истеъдод, шоиралар, азкиячилик ва бошқа яна кўб нуқталарни қамраб олинди.
Рўмонда яна бундан бошқа кўб жиҳатлар бор. Уларни бу ерда санаб ўлтуриш ҳожат эмас, улар муҳтарам ўқуғучининг назаридан қочиб қутилмас.
Абдулла Қодирий (Жулқунбой)
Тошканд, 1928-нчи йил, 5 феврал

— Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг — Раъноси.Мирзо
Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин Не бахт Раъно харидоринг талаб аҳлининг — Мирзоси.Раъно
Раънонинг Эгаси
Солиҳ махдум бу кун одатдан ташқари ешилиб кетди, масжиддан чиқиб тўғри қассобнинг олдиға борди, бир тангалик гўшт, саккиз пуллик пиёз олиб ҳавлисига келди. Мактабда ҳуснихат машқ қилиб ўлтурғучи болалар ичидан иккитасини гулзорни супуриб, сув сепишка буюрди ва ўзи гўштни кўтариб ичкарига кирди.
Нигор ойим ҳозирғина қизларни озод қўюб, кўкрак боласини бағриға олған эди. Раъно ҳавли юзида иккита укасининг ўртасиға тушиб, уларнинг лой ўюниға иштирок этар, ер супуриб ётқан соч ўрумларининг тупроққа белашканидан хабарсиз эди.
Гўшт кўтариб йўлакдан кирган Солиҳ махдумнинг кўзи Раънонинг шу ҳолига тушди:
— Балли Раъно, ана жиннилик! — деди махдум, — атлас кўйлак сенга ҳайф, сенга бўздан бошқаси албатта ҳайф!
Раъно ўрнидан турди, дадасидан уялиб лойлиқ қўлларини орқасиға яширди.
— Уят эмасми, юв оқълингни, юв! Укаларингни бола десам, сен улардан ҳам ошиб тушасан!
Раъно югуриб ариққа кетди, Нигор ойим ўлтурган жойидан «Раънонинг ақли тушсин» деб кулиб қўйди. Солиҳ махдум ҳануз Раънодан койиб келар эди:
— Ишинг бўлмаса китоб ўқи, ҳустихат ол, сен кулолнинг қизи эмассанки…
Солиҳ махдум гўштни Нигор ойимнинг ёниға қўюб ўзи зина билан айвонга чиқди.
Махдум томонидан Раънонинг тергалиши Нигор ойимни унча машғул этмади. Аммо ҳозир унинг кўнглига келган масала эрининг чиқим важига фавқулодда ешилиб кетиши эди. Тўғри, Нигор ойимнинг ошхонасиға шунингдек бир неча чораклаб гўштлар кўб келар эди, фақат эти томонидан эмас. Солиҳ махдумнинг жўмардлиғи кўпинча йигирма пайса[2] этдан нариға ошмас, шунда ҳам болалардан мўмайроқ «озодлиқ» келиб қолса ёки «панжшанбалик» куткандан ортиғроқ тушса.
Шунинг учун Нигор ойим бу жўмардлиқ ҳақини эрига бералмади:
— Гўшни кўброқ олибсизми… Анвар буюрғанмиди? — деб сўради.
— Йўқ, — деди махдум салласини қозиққа ила-ила, — бир манти қилайлиқ, — дедим, — манти еганимизга кўб бўлди, валлоҳи аълам…
Раъно ювиниб келди, дадасига уят аралаш бир қараб олдида, Нигор ойимнинг ёниға ўлтурди ва онасининг бағрида эмиб ётқан чақалоқнинг кичкина мимит қўлларини суюб ўпди.
Солиҳ махдум ешиниб келиб она-боланинг устида тўхтади.
— Сен мундане кейин кичкина бўлмайсан қизим, Раъно, — деди махдум насиҳатомуз, — шу укаларинг билан қилиб ўлтурган ишингни киши кўрса нима дейди. Иншооллоҳ уй эгаси бўлишға яқинлашиб қолдинг. Энди тош-тарозуни ҳам шунга қараб қўйишинг керак, қизим.
Раъно қизариниб онасиға қаради, яна мимит қўлни ўпишка машғул бўлди.
— Раънони эгасига топширмағунингизча, — деди Нигор ойим, — қуюлмайдирғанға ўхшайдир.
Бу сўздан Раъно уялиб, бошини чақалоқнинг бағриға тиқиб олди. Солиҳ махдум кулимсиган кўйи даҳлизга юруб борди ва оёғини кафшига узатди.
— Тур, ётма Раъно! – деди даҳлиздан, — гўштни онангға тўғраб бер, пиёзни арт! Анвар аканг ҳам келиб қолар, таом асрга тайёр бўлсин!
Раъно дадасини узоғлатиб, бошини кўтарди, онасиға ўпка аралаш кулиб қаради. Унинг бу қарашидан онасининг бояғи сўзига қарши ризосизлиқ онглашилмас, балки шодлиқ маънолари ўқулур эди. Дарҳақиқат, эру хотин ораларида ўткан икки калима сўз шу оила гулшанида ўскан Раънонинг истиқболини очиқ белгилар эди. Нигор ойим «Раънони эгасига топширмағунингизча…» деб гарчи бир мунча қўполроқ таъбир билан бўлса ҳам «Раънонинг эгаси» борлиғини сўзлар, Раъно эса «егаси»нинг ким эканлигини яхши билгани ва уни қанот қоқиб қарши олғани учун жоду кўзида ризосизлиқ эмас сурур маънолари ўйнатар эди.
Дадасининг – «Анвар акан ҳам келиб қолар, таоминг асрга тайёр бўлсин!» жумласи Раънога яна очиқ, яна равшан таъминот берар эди…

Амир Умархоннинг Канизи
Солиҳ махдум 1230-1290-нчи ҳижрий йилларда «Ҳўқанди фирдавсмонанд»да яшаған бир муаллим ва имом, ўз замонасининг истилоси билан айтканда «мактабдор домла»дир. Солиҳ махдум синфи жиҳатдан уламо оиласига мансуб бўлиб, бобоси Олимхон ва Умархон даврларида муфтилик, қозилиқ мансабларида хизмат қилған, отаси эрса Қўқоннинг Мадали (Муҳаммадали) хон мадрасасида неча йиллар мударрис бўлгандир. Қисқаси махдумнинг ота-боболари хонлар қошида мумтоз ва халқ назарида «шарафлик ва муҳтарам» мавқиъни ушлаб келганлар. Бироқ бу мумтоз силсила бизнинг махдумгача етиб келалмай, Мамадалихоннинг қатли билан бирга кесилган, бунинг можароси эрса қуйидағичадир:
Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизлардан бирига муҳаббат қўядир. Каниз ёш бўлғанлиғи ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадир. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, бояғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир. Ўз саройида ўскан бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам бироқ… тарихнинг бизга хабар беришига қарағанда Мадалихон шу қизнинг дардида неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар бу гўзални Мадалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир хоннинг орзусиға кўндаланг келадилар:
«Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришкач олармад деб ният қилғанлар. Бинобарин бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир!» дейдирлар.
Мадалихон бу фатводан кейин дардини ичига ютишға мажбур бўлиб, аммо иккинчи тарафдан ўзининг орзусиға қарши борған уламони секин-секин «илмий» ишлардан олиб улар ўрниға янгиларини қўя бошлайдир. Ўз орзусиға замин ҳозирлағач, бир неча йилни ўтказиб, яна уламоға шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қиладир. Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валийи неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдирлар-да:
«Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир[3]. Отангиз марҳум – никоҳланаман деб айткан бўлсалар ҳам никоҳландим, деб айтмаганлар. Бас, амиралмўминин мазкурани худ нафслари[4] ақди шаръий[5] қилсалар жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб» деб фатвономани «бинни муфти марҳум», «бинни мударрис марҳум, «бинни Ҳўқандий марҳум» – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир…
Кимларнинг воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири – амир Баҳодир – (Ботур) хонға етиб ул ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлған эди. Аммо қайси йўл билан бўлса ҳам канизни кўлға киргизиш фикрида бош оғритиб, нос чакиб юрган Баҳодирхон қулоғиға бу хабари жонсўз етиб думоғидан дуд чиқадир ва дарҳол Бухоронинг забардаст уламо, муфти, аълам, ҳоказо ва ало-ҳозалқиёс пешволарини ўз ҳузурига чорлаб, дарғазаб воқиъани сўзлайдир ва улардан дарҳол бир «фатвойи баҳайбат»ни талаб қилғанида уламойи киром ҳам дарон ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-ешитмас фатво ёзадиларким:
«Бир жамоа мўминларга амир бўлған зотнинг вазифаси шаръийси шулдурким, исломда устивор турғай, аҳкоми исломни камокон[6] ижро қилғай. Ҳар бир амириким аркони исломдан заррача юз ўгурса ул кимарса жамоаи ислом устига амир эмас шарирдир[7]. Наузанбиллаҳким Фарғона ва Туркистон мамлакатининг алҳол[8] амири бўлған Муҳаммадалихон волидининг манкуҳаси[9], яъни волидаи айни ва ризўисини[10] ўз ақдиға олибдир, наузанбиллаҳи, наузанбиллаҳи. Оят ва аҳодиси шарифа ва ба чаҳори мазҳаб ва ба назди мужтаҳидини киром ва уламои зул-эҳтиром муттафақун алайҳи кофирдир. Казолика[11] ўшандоғ муртаднинг қатли аввало дигар ислом амирларига ва баъд аз барча мўминларга фарзи айндир!»
Дарвоқиъ «холисона» бу фатвога амир Баҳодирхон «бетарафона» қиймат бериб, «дин йўлида холис бир жиҳоди акбар» деб жамиъи қўшунлари билан Фарғона устига юриш қиладир. Амири Баҳодирнинг бу «холисона» жиҳоди Туркистон хонлиғи томонидан қандай муқоваматларга[12] учради ва икки тарафдан қанча бошлар кесилди, албатта бу тўғрида бизнинг ишимиз йўқдир. Фақат бу можародан бизга кераклик нуқта шундаким, натижада Мадалихон шикаст топди, ҳам амири Баҳодирхон томонидан қатл қилинди. Мадалихонға фатво ёзиб берган Қўқон уламоларидан бир нечалари ҳад урулдилар[13] ва бир нечалари қочиб қутулдилар. Амири Баҳодирхон бўлса Фарғона ҳукуматига ўз кишисини қўйди, фатҳу нусрат билан канизни олиб Бухороға қайтди.
Мақсадға келсак Мадалихонға фатво ёзиб беришда иштирок қилған ва Баҳодир томонидан ҳаc урулған уламоларнинг бири шу бизнинг Солиҳ махдумнинг отаси эди. Ҳад урулғандан сўнг кўб яшолмади, ўлди ва шунинг билан бу оиланинг бурунғи имтиёз ва шарафи ҳам битди. Чунки мундан сўнг Туркистон тахтига ўлтурган хонларнинг ҳаммалари деярлик Бухоро амирининг ҳимоясида каби эдилар. Ва Мадалихоннинг фатвосига иштирок қилған уламолар ҳамиша эътиборсиз, мардуд бўлиб[14] қолдилар.

Махдумнинг Уйланиши Ва Мактабдорлиғи
Солиҳ махдум отасининг вафотида йигирма ёшлиқ талаба эди. Отаси марҳум бўлғандан сўнг ўзидан бир неча ёш каттароқ оғаси Марғилонға имом бўлиб оиласи билан кўчиб кетди. Солиҳ махдум онаси ва ўн олти ёшлиқ Наъима исмлик синглиси билан Қўқонда қўлди. Бирар жойдан келим бўлмағанлиқдан бу оила кўб тангликка тушиб охирда Солиҳ махдум таҳсилни тарк этишка, қорин тўйдирарлиқ бир касб излашка мажбур бўлди.
Албатта Солиҳ махдум оғирроқ касбни ухда қилолмас, иморатка бўлса соқоли чиқмағанлиқдан яролмас эди. Кўб озор чекиб ниҳоят қориндош-уруғ ва маҳалла кишиларининг кенгашлари билан ўз уйига мактаб очди, маҳалладан беш-ўнта бола йиғди ва енг шимариб мактабдорлиққа бошлади.
Бир неча йил мактаб ривожга минмади, яъни болалар ўн беш-йигирматадан нариға ўтмай, «панжшанбалик» аранг ит азоби рўзғорға етиб турар эди. Махдум ва оиласининг шундан бошқа даромад манбаълари бўлмағани учун ҳар ҳолда, яна шунга қаноат қилмоққа мажбур эдилар.
Ўғул йигирмага, қиз ўн бешка етдими – оналарнинг дарди келин ва куяв савдоси бўлиб қоладир. Шунга ўхшаш махдумнинг онаси Моҳлар ойимнинг касали гўё «дард устига чипқон» эди: махдумнинг ёши йигирмадан ошти, Наъима ҳам ўн саккизга тўлди, яъни келин ҳам керак, куяв ҳам. Наъима тўғрисидан ташвиш йўқ, ҳусн, одоб, юмиш, ҳаммасидан кўнгил тўқ, бек бўлмаса – бекзода, мударрис бўлмаса – мукаррир[15].
Аммо махдум масаласи бир оз мушкилроқ эди: топиш, тутиш маълум, отасидан қолғани фақат ички-ташқи ҳавли, мундан бошқа ҳеч гап. Бас, Моҳлар ойим ўз тириклигида махдумнинг «бошини икки» қилмаса, ўзидан сўнг унинг уйлана олиши амримаҳол. Шуни кўзда тутиб Моҳлар ойим махдумнинг уйланишига мазкура Наъимани восита қилмоқчи бўлди. Яъни Наъимани узатиб эвазига узатилган жойдан келин олмоқчи эди. Қарши қуда бўлмоқ учун қизлиқ ва ўғуллик ҳавлини учратиш ва бунинг устига «наслу насабда текислик», олинадирған келиннинг силлиқина бўлиши – ана шундай мушкилотлар орқасида икки йил чамаси Наъиманинг умри сарғайиб ўтди. Юрт эмасми, дегандек юртчиликда юрак оғриғиға даво топилмай қолмас. Шунга ўхшаш Моҳлар ойимнинг яраси ҳам ниҳоят учунчи йилда давосини топди:
Хон ўрдасининг мутаваффо[16] мирзоларидан биттасининг мадрасада ўқуб юрған ўғли бор эди ва уйида чақич чайнаб ўлтурган ўн олти ёшлиқ қизчаси ҳам бор эди. Бу оила Моҳлар ойимнинг таклифини маъалмамнуният қабул этди. Чунки «ўхшатмай учратмас» дегандек нариги тараф ҳам Моҳлар ойимнинг биттаси эди. Совчилар Наъимани ёқтириб Моҳлар ойимнинг таклифини қабул қилиб кетдилар. Моҳлар ойим марҳум мирзонинг уйига қиз кўргали бориб ул ҳам «қизи жажжигина экан» деб келди. Куявлар кўрулиб улар ҳам зарарсиз топилдилар. Шарту шароит сўзлашилди: икки орада қалин-палин деган гаплар йўқ, ҳар ким ўз улушига тушкан ош-сувини қиладир, келинни ўраб-чирмаб оладир, вассалом.
«Ҳай этти, ҳуй этти, икки коски тўй этти» деганларидек ҳар икки тўй ҳам бир ҳафта ичида ўтти, Наъимахоним уёққа кетиб, Нигорхоним буёққа келди. Шундай қилиб Солиҳ махдум хотинлиқ бўлди.
Солиҳ махдумнинг мактаб иши ҳам учунчи йилдан бошлаб бир оз жонланған, болалар ҳам ўттуз-қирққа еткан эдилар.
Солиҳ махдум ўттуз ёшларға борғанда мактабдорлиғи ҳам яхшиғина шуҳрат топадир, шогирдлар сони бир юзга етадир. Меҳмонхона торлиқ қилғанлиқдан мактаб учун махсус бино ёпадир, имло, иншо ва ҳуснихат машқи учун алоҳида хона айирадир. Махдум ёлғин шунинг билангина қаноатланмай хотини Нигорхонимни ҳам ишка соладир, яъни унинг саводини тузатиб «отин биби» қиладир. Икки-уч гузарнинг қизлари Нигорхонимнинг сабоғиға йиғиладирлар. Қисқаси, махдум мактабдорлиқда яхши шуҳрат қозонғанидек, уй-рўзғорини, юриш-туриш, кийим-солим ва бошқа тарафларини ҳам тузатиб оладир.
Қирқ ёшларида маҳаллага имом бўладир ва мактабини яна ҳам кенгайтириб шу даҳанинг ҳар бир табақаси ичида «устоз мулла Солиҳ махдум» бўлиб таниладир. Масалан, ўзида савод чиқарған косиб, савдогар, муллабачча (мадраса талабаси) ва шунингдек янги бўғимларға устозлик унвонини оладир. Ҳатто кейинги вақтларда унинг шогирдларидан хон ўрдасигача бориб кирганлари бордирким, махдумнинг бу муваффақиятини бошқа бобларимизда ўқурсиз.

Махдумнинг Баъзи Хислатлари
Юқоридан ўқуғучиға бир даража онглашилған бўлса керакки, яқин йигирма йиллардан бери махдумнинг махдумнинг келими шаҳар ёки қишлоқ сўраб турған бир бекча бўласа-да, ундан қуйироқ, ҳар ҳолда шаҳар мадрасасида дарстўлик қилиб, вақфни ўз қабзиға[17] олған бир мударриснинг тушимидан албатта кўб. Келимнинг шу йўсун яхши бўлишиға қарамасдан унинг табиъатида ҳарчанд тиришилса ҳам махтаб бўлмайдирған хусусиятлар бор: хасисликка ўхшаған ҳолат, тамаъгирлик каби одат, ичқоралиқ сингари ҳаракат ва амсоли…
Ёш чоғида отаси ўлиб, қаттиғчилиқда ўсди, унинг баъзи ярашмаған ҳаракатлари балки ўша қаттиғчилиқнинг руҳка сингиб қолған ёмон таъсиридир. Ҳар ҳолда бизнинг мундаги вазифамиз махдумни таҳлил қилиш эмас, балки унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан сақланиб, яъни ортдирмай ва камитмай ўқуғучиға бутун тақдим эта билишдир.
Ойни этак билан яшириб бўлмайдир. Махдумнинг хасисликка ўхшаш ҳолатлари албатта бор эди. Махдум топиб-тутмаған йилларда бу ишни йўқлиқдан қиладир, десак-да кейинги вақтларда ҳам шу одатини тарк этмагани учун табиъаида бир мунча хасислик бор экан, деймиз.
Кўйлак-иштоннинг аксар етти-саккиз жойидан ямоғи бўладир. Етти қишдан бери гуппи – чопон янгилагани маълум эмас, фақат қиш келиб кеткан сайин алак гуппининг енги ўзгарибкина турадир ва астари йил сайин янгидан-янги ямоқлар билан бойийдир, шу гуппи бутун умрида биргина мартаба ва шунда ҳам махдумдан берухсат аммо, Нигор ойимнинг зўри билан тоғораға тушиб чўмилди. Бу кунда бўлса тўрт йил бурунғи ғусли, етти йиллик туси, турлик-турлик ямоғи билан саккизинчи қиш махдум поччасиға содиқона хизмат қилиш учун бўғжома ичида ўзига куч йиғиб ётадир. Маҳалла кишилари махдумнинг бу чопониға «молтопар» деб исм берганлар, гуппи кийилиб чиқилған кун махдумга сездирмай «молтопар савдодан қайтибти… ҳали бақувват, иш қилиб ямоққа чарчамасанг яна ўн йиллингми, Мамарайим!» деб кулишадирлар.
Қисқаси: беш-олти қайта бошлатилиб қўнжи бир қаричға келган айбаки[18] махси, чарми уст-устига уюлиб ердан уч эллик чамаси кўтарилган икки чорак вазнлик кафш, ёши маҳалла кишиларининг кўбларига маълум бўлмаған, ҳарчанд эҳтиён қилинса ҳам неча жойидан попилтириғи осилған оқ-бўз салла маҳалла кишиларининг эрмакларидандир. Булардан бошқа ҳайит кунлари ва тўйлардагина кийилардирган банорас тўни, совуқ қаттиғроқ бўлғанда ичидан киядирган адрас гупписи ҳам бор. Маҳалла кишилари банорас тўнни «зарурат» деб атаған бўлсалар ҳам, адрас гуппига ҳали ном қўйғунча йўқлар, чунки бунинг дунёға келганига фақат тўрт-беш йилгина бўлғандир.
Кези келганда махдумнинг ёзлик кийимларини ҳам бир сидра айтиб кетайлик: йўллуқ, қизил қалами бўздан яхтак, оқ бўздан жиҳак ёқалиқ кенг кўйлак (чунки тор бўлса йиртиладир) ва лозим (яъни иштон) ҳамда сарпойчан кийишка енгилча сағри[19] кафш, аммо салла қишин, ёзин битта.

Оила Ва Кишилар Билан Муомала
Махдум оиласини ҳам кийим-кечак важидан ўзи каби тутар эди. Кийим-кечакдагина эмас, ҳатто озиқ-овқат тўғриларида ҳам унинг анчагина келишимсиз қилиқлариға йўлиқилар эди. Масалан, бир ой тўлмасдан кир ювишға рухсат бермас, агар Нигор ойимнинг бир ойсиз кир ювғанини кўриб қолса – «кийимни тоғорада чурутасан!» деб ғовға солар эди. Икки ҳафтасиз паловни кўрмаслар (озодлиқ ошлари албатта мундан мустасно), кўб овқатлари убра, туппи, мастаба, қўғурма шўрба бўлар эди.
Нигор ойимнинг қозони йўқча, елча гўштни фақат палов шарофати билангина кўрар эди. Лекин махдум баъзи нарсалар билан ошхонани яхшиғина мўлиқдирар, масалан: шалғам, қовоқ, лавлаги. Бу тўғрида хотини ҳарчанд рад қилса ҳам қоплаб шалғам, йигирма-ўттузлаб қовоқ харид қилишини қўймас – «шалғам – Биби Фотимаи Зуҳранинг дуолари баракати, қовоқ бўлса ҳазрати Юнуснинг мўжизалари» деб баҳоси арзон ва лекин хосияти кўб бўлған бу маблағлар билан ошхонани тўлдира берар эди. Ҳар ҳафта бир-икки мартаба қовоқ сомса ёпдирмай қолмас, аммо – «ёғни кам сол, қовоқнинг таъмини бузадир!» деб таъкидлашни ҳам унутмас эди. Уйда нон ёпилмағанидек бозордан ҳам сотиб олинмас, чунки, панжшанбалик нон етиб, ортиб ётар, ҳатто баъзи вақтларда бозорға ҳам чиқар эди.
Махдумнинг ўқуғучи болалар билан муомаласи жуда яхши эди. Савоғини билмаган ёки шўхлиқ қилған болаларни ҳар қанча сўкиб, койиса, дўқ уриб, давара қилса ҳам урмас, бу жиҳат билан бутун Қўқон болаларининг муҳаббатларини ўзига жалб эткан эди. Аммо «озодлиқ» масаласида болалардан ҳеч кимни ҳам афу этмас, бой боласиға «озодлиқ» лозим бўлған бўлса албатта ундиришка, камбағал боласидан мумкин қадар узиб олишға ҳаракат қилар; болалар Ҳафтияк, Қуръон, Сўфи Оллоёр ва шунга ўхшаш китоб бошласалар озодлиқ мажбурий, мактабдан маъзун[20] бўлғанларнинг зиёфат қилиб махдумга сарупо беришлари қоидада бор бўлса ҳам, лекин аксар болалар бу тўғрида домлани – «ана-мана» билан алдаб кетарлар, сахийроқ оталар бу маросимни адо этиб «устоз»ни рози қилмасалар, аммо кўбчилик махдумни ранжитар эдилар. Панжшанбалик бўлса мактабнинг асос ҳаққи ва булардан бошқа «Қулёға қуймоқ – Аммага бўғирсоқ – Ёсинга юпқа» деган гаплар ҳам бўлар эди. Болалар ҳар йили бир марта «бурё пули» ва ойиға бир неча бор «супурги пули» ҳам тўлаб турар эдилар.
Махдум мумкин қадар болаларни ўз мактабига жалб қилишға тиришар, айниқса бой ва бек болаларини ўз қўлиға олиш учун ҳар бир чорани кўрар эди. Масалан, бой ва аъёндан бирининг ўғли бошқа мактабда ўқуб юрган бўлса уни болалар воситаси билан ўз мактабига чақирар, нима ўқуғанини, нималар билганини сўрар, бола савоғидан яхши жавоб бералмаса «сизда айб йўқ, ўғлим, устозингиз бир оз шундайроқ одам… хўб, хўб; бизнинг мактабларга ҳам келиб юринг! Мен ўзим сизни жуда дўст тутаман-да!» дер эди. Табиъий, боланинг шу кундан бошлаб ўз домласидан кўнгли совур, тез кунда махдумнинг мактабига келиб кирар эди. Баъзи вақт чет мактаб болалари билан шундай муомалани кўчаларда ҳам қилар ва ўғли бўлған бой ва ашрофларга ҳам жуда сертакаллуф, хоксорона салом бериб танимаса ҳам улар билан сўрашар, нечта ўғли борлиғини ва уларнинг ўқуб-ўқумағанлиқларини, ўқушға ихлосларини текшириб, ўзининг таълимида қўлланған енгил усулларини ҳам бир мунча тиқиллатиб ўтар эди. Табиъий, махдумнинг бундай ҳаракатлари кўпинча фойдасиз бўлмас, мактабига янгидан-янги шогирдлар тўпланиб турар эдилар.
Ўз қаторидағи мактабдор домлаларни асло кўралмас, уларга қарши юрагида умрлик кек сақлар эди. Баъзи мажлисларда йўсуни келиб қолса – «ҳа, мулла фалончими, кўб болаларнинг умрини зойиъ қиляпти, деб эшитаман… шогирдларидан бир нечаси шикоят қилишиб менга келишкан эдилар… Қандай қилай, шогирдларим ўзимдан етиб ортсалар ҳам умрлари зойиъ бўлмасин, дедим» дер ва эшиткучиларга сездирмай рақибини чимчилар; кези келди дегунча иккинчи мактабдор тўғрисида шу йўсун замзама сўзлар эди.
Махдум бўйчан, олагўшт, сийрак мўй, оқ тан, истараси иссиғ бир домла эди. Ёши эллидан ошқан, соч ва соқолида бир мунча оқлар кўринар эди. Киши билан сўзлашканда, айниқса, бир нарсадан таажжубланганда сийрак ва лекин тўғри, бақувват ўскан соқолини тутамлаб ўнг кўзини бир оз қисиб қарар, одат қилғандан бўлса керак гап орасида «ҳабба» деган сўзни кўпроқ ишлатар эди. Домланинг бу «ҳабба»си нима маънода қўлланилар, ўзидан бошқа ҳеч ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар. Ҳар ҳолда «ҳабба – ҳабҳали» ёки «ҳа, баракалла» бўлса керак. Чунки ул бир нарсадан ҳурсанд ва рози бўлғанда аксар «ҳабба» деб юборадир.
Шу ергача бир неча саҳифаларни махдумнинг таърифи билан тўлдирдиқ. Эҳтимолки домланинг ғийбатини ҳам қилдиқ ва қилармиз. Лекин шунисидан хотиржамъмизки, йўқни-йўндирмадиқ, махдумнинг шаънида бор гапларнигина ёздиқ ва ёзармиз. Махдумнинг ҳамма нуқсонини ювиб кетарлик бир жумладан сўнг яна ўз ишимизда бўламиз: — нима бўлғанда ҳам махдум ўз замонасининг энг олдинғи домлаларидан, Қўқон аксариятининг саводхон бўлишлариға сабабчи устозлардан, ҳатто улуғ хизматларга киши етишдириб бергучи нодир муаллимлардан эди.

Нигорхоним
Нигорхоним бошда эрга ёлчимади. Аввало эрининг фақирлиғи, бойиғандан сўнг бўлса унинг зарбулмасал бўларлиқ хасислиги бечорани кўб йиғлатти. «Хотин кишининг боши уй ичининг оғир тоши» эмиш… Ҳозир ўзи қирқ ёшқа кирган бўлса, йигирма беш йилдан бери шу мумсик эр билан тириклик қилиб келадир. Бу кун ўн етти ёшлиқ Раъно каби қизға, саккиз ёшлиқ Маҳмуд (Раъно билан Маҳмуд орасида икки бола нобуд бўлған), олти ёшлиқ Мансур ва бешикдаги Масъудларга она бўлди.
Нигорхоним Қўқоннинг кўб хотинларига қарағанда сабрлик ва қаноатлик экан. Дунёда ўз ўғлининг хасислигига чидалмаган она бўладими, ҳолбуки махдумнинг онаси – Моҳлар ойим ўғлининг бу қадар ихна[21] ва сиқиқлиғиға тоқат қилолмай норозилиқ юзасидан Марғилондағи ўғлининг ёниға кўчиб кетиб ўша ерда вафот этди. Нигорхоним эрса тишни-тишка қўйди, эримдан яйраб-яшнамаған бўлсам қизимдан ва олдимға қўйған ўғулларимдан ёлчирман, деб умидланди. Дарҳақиқат, сабрлик бу хоним ҳозирданоқ шу ўз олдиға қўйған болаларининг бири ва тўнғучи бўлған Раъносининг туфайлидан бир қадар рўшнолиқ кўриб бошлади ва ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ эканига ишонди.
Бир ямоқчи ёки мардикорчи ўз хотинини урадир, сўкадир, тепкилайдир. Бу ҳол уларда аксар фақирлиқ авжиға минган кезларда воқиъ бўладир. Агар ямоқчи кекирарлик даражада томоқни бопта қилса, иши ўнгидан келиб истиқболи бир мунча таъминлангандек бўлса дарҳол вазият ишонмаслиқ равишда ўзгариб кетадир: гап-сўз жойида, хотинни уриш ўрниға орқасини силаш, сўкиш ўрниға ялиниш ва арзи муҳаббат. Хотин ҳам кечаги калтак зарбини унуткан, кина ўрниға садоқат; гўё айтарсизким, Юсуф Зулайҳоларми деб.
Юқори табақа оилаларга кириб қарасақ, мунда тамоман бошқача манзара кўрамиз: қорин тўқ, бирар нарсага эҳтиёж йўқ, истиқбол таъмин ва лекин бояғи фожиъа буларда кучлирак, шунинг каби бу фожиъалар муваққатий ҳам эмас, сабабини топиш ҳам қийин. Яхши, ямоқчи-ку ярамас тузулишка қарши бўлған кекини кўзи тиниб хотинидан олған эди. Аммо кейингиларнинг турмуш шароитлари яхши, ҳамма нарса ўз орзуларича, бас, шу ҳолда уларнинг уй можаролари ва бола-чақани ит каби сиқишлари нимадан?..
Шунга ўхшаш бизнинг махдумнинг ҳам ғояси бирни икки қилиш, бешни ўн қилиш эди. Яхши кечиниш учун турмас, аммо кўпайтириш учун яшар эди. Нигорхонимни урмас ва лекин урғандан беш баттар қилиб сиқар эди. Икки юз тиллодан кўб оқчаси (бу оқчаларни ҳусули[22] тўғрисида кейин сўз бўлур) ва саводлик бўлған болалар зиёфатидан кийган икки сандиқча сарпоси бор эди. Олтиндан сарф қилмағанида ҳам лоақал шу кийимлардан на хотинини ва на болаларини фойдалантирар ва на ўзини ихналиқдан қутқарар эди. Буни ҳам қўйиб турайлиқ, Нигор ойим йигирма-ўттуз қизни ўқутиб улардан тушкан «озодлиқ» ва «панжшанбалик» пулларга ҳам эга бўлолмас, ҳар кун деярлик муҳтараб махдум поччаға ҳисобини батамом топшуриб туришқа мажбур эди. Махдум бунинг эвазига ҳар йил бозорнинг энг дағал бўзидан бир пар кўйлак, лозим олиб берар, янги гуппи билан ёзлиқ мурсакни бўлса Нигор ойим беш-олти йилсиз кўрмас эди.
Нигор ойим қисқа бўлиқ, писта пўчоқ тарғил кўзлик, зарча танлик, юзидаги онда-сонда чечак ўрунлари бўлмағанда ҳусндор бир хотин эди. Ўз болалари билангина эмас ҳатто шогирдлари бўлған қизлар билан ҳам жуда юмшоқ муомала қилар, ортиқча аччиғланған кезларда «бетинг қурсин» деб қошини чимириб олар эди. Эрига ўхшаш «озодлиқ» учун болаларни сиқмас, билъакс «бўшлиғи» учун ўзи махдум томонидан сиқилар эди. Оз ва маънолиқ қилиб сўзлар, хотинлар билан муомаласини бошқа отинбибилардек юқоридан туриб қилмас, соддача суҳбатлашар эди. Хотинлар махдум домланинг баъзи қилиқларидан кулишсалар ҳам Нигор ойимнинг орқасидан ғийбат сўзламаслар, олдида қандай ҳурматласалар кейинидан ҳам ўшанча эҳтиромлаб, унинг махдумдек зиқна кишининг қўлиға қарам бўлғаниға ачиниб «пешана-я айланай, қолу бало» дейишар эдилар.

Раъно
Исм билан жисм аксар бир-бирисига мувофиқ тушмайдир. Меним ёш вақтим, айниқса, гўзаллик қидирған мағрур чоғларим эди. Оиламиздами, бошқа ердами баҳарҳол хотирамда яхши қолмаған, Лола отлиғ бир қизнинг чеварлиги тўғрисида сўз бўлди. Мажлис аҳли менга яқин, яъни улар олдида ҳусндан баҳс очиш уят бўладирған кишилар эдилар. Шунинг учун менга Лоланинг чеварлигидан кўра муҳимроқ бўлған «ҳусн»и масаласида изоҳот сўрашнинг имкони бўлмади. Лекин Лола исмининг остида бир малакни кўрган – «Лоланинг исмига ўхшаш ҳусни ҳам бор» деб ўйлаған эдим. Шу кундан бошлаб Лолани кўриш ҳажрига тушдим. Бўйи еткан қизларни кўра олиш бу кунларда ҳам амри маҳол бўлғанидек, мундан ўн йиллар илгарида яна мушкилроқ эди. Неча вақт «ҳижрон ўтида ёниб» кўча пойлаб, ниҳоят, Лолани сув олиш учун кўза ушлаб кўчага чиққан ҳолатда учратдим. Бурнидаги булоқисидан бошқа (агар булоқи ҳуснга қўшилса) «Лола»ликка арзийдирган ҳеч гап йўқ эди.
Яқиндағи бир боладан сув олғучининг ким эканини сўраған эдим:
— Лола опам, — деди.
Боланинг талаффузи менга «Мола опам» бўлиб эшитилди. Бир неча кунлар бу қизнинг отини «Лола» деб қўйғанлари учун аччиғланиб юрдим. Чунки, афу этасиз, ўша кезларда аччиғланишға ҳаққим бор эди…
Аммо Раънонинг исми – жисмига ёхуд ҳуснига жуда мувофиқ тушкан эди. Мен рассом эмасман. Агар менда шу санъат бўлғанда эди, сўз билан билжираб ўлтурмас, шу ўрунда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатар, қўяр, фақат менга Раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди.
Солиҳ махдум хасис, таъмагир, ҳар ҳолда сажияси эътибори билан уни яхшилар қаториға қўйиб бўлмайдир. Ва лекин табиъат хасис эмас, тикандан гул, аридан бол яратаберадир. Шунга ўхшаш тиканлик ёғочдан хуш ислик, латиф кўрунишлик Раъно яратилған эди.
Бизнинг ўзбекларда, айниқса Қўқонға махсус бир тус, сариққа мойил бир тус бор. Лекин бу тусни кесдириб сариқ деб бўлмайдир. Чунки биз оғриқ кишининг тусини сариқ деймиз. Зарча, заъфар туслари ҳам бунга дағаллиқ қиладирлар. Таъбиримиз қўпол тушмаса бу гўзал қиз, оч раъно гулининг тусида ёки оқ сариқ тусда яратилған эди. Аъзода ўскан тукларга ҳам ҳалиги туснинг таъсири бўладир. Раънонинг сочи гунгурт-қора, яъни қуёшсиз жойларда қора кўринса ҳам қуёшда бир оз сарғиш бўлиб кўринар эди. Шунга ўхшаш Раънонинг кўзида ҳам бунинг асари кўруладир: мудавварга[23] мойилроқ жоду кўзи кишига қаттиқ қарағанда қоралиқдан бошқача яна бир турлук нур сочар эди. Кипраклари остида нафис бир сурма доираси бор эди. Қоши туташ каби кўринса ҳам кўндаланг ётқан икки қилич орасини нафис бир қуюлиб кўтарилиш ажратиб турар эди. Бурни ҳеч бир мунаққидға беришмаслик мутаносиб, ҳар замон уялиш табассумига ҳозир турған нафис иринларининг юқориғи қисмида сезилар-сезилмас туклар кўкарган эди. Юзи чўзиқ ҳам эмас, ой кулча ҳам деб бўлмас, кишига кулиб қарағанда қизил олма остларида иккита замма равишлик шакл ҳосил бўлар, гўё бизга чин раъно гули очилған ҳолатда кўринар эди. Сочлари жуда қуюқ, саноқсиз кокиллар Раънонинг орқа, ўнгини тутиб ётар, қадди узунлиқ билан қисқалиқнинг ўртаси, дўндиқ бармоқларининг жимжилоғида хина гуллари, ҳар ҳолда бу қиз ёлғиз Қўқоннингғина эмас, умуман Фарғонанинг куйларига қўшулиб махталадирған гўзалларидан эди.
Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – «Ҳафтияк», «Қуръон», «Чаҳор китоб», «Сўфи Оллоёр», «Маслаки муттақин», адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий маъа[24] Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, хусни хат, иншо ва бошқалар. Бу кунларда бўлса бир томондан қизларға сабоқ бериб онасиға кўмаклашса, иккинчи тарафдан отасида кофия (араб наҳв ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг «Гулистон»идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир. Баъзан «овлоғроқ жойларда» ўзича манзумалар тўқуса ҳам, бироқ буларнинг иси ўзидан четка чиқмайдир. Агар тўқуған шеър ёки манзумаси ўзига маъқулдек тушса фақат бир кишигагина кўрсатиб оладир. Ва ул киши ҳам бу сирни четка чиқармайдирған ишончлик ўз кишиси.
Қисқаси биз юқорида Раънонинг шеърий бир ҳуснини кўрганимиздек уни фазл ва заковатда ҳам ўткан хон замонлари асрининг нодир учрайдирган якто фозила қизларидан санаймиз ва санашға ҳам ўзимизда мажбурият ҳис этамиз.
Раъно қанча жиддий бўлса ҳам яна унда болалик табиъати бутун кўйи сақланадир: укаларининг ўюниға комил ҳуқуқли бир аъзо тариқасида иштирок этадир, онасининг кўзини чалғитиб ўқуғучи қизлар билан жанжаллашиб оладир, қизлар сабоқларини билмасалар аразлаб, уларни ўқутмай ташлаб кеткан чоғлари, арзимаган гапдан тез мутаассир бўлған кезлари кўб бўладир. Раъно ўзининг мундай ҳаракатларига қарши онасидан яхши-ёмон мукофот олмасаҳам, кўпинча отасидан танбиҳ эшитадир. Койиш эшиткани учунгина эмас уй-рўзғор тўғриларида онасини сиқиб ушлаганидан ва фоҳиш танглигидан[25] ранжиб отасини унча хушламайдир. Отасидан аччиғланған кезларда онасиға жиддий қилиб: «Ҳамма айб ўзингизда, отамдан кўра тузукроқ эрни топиб тегсангиз мунчалик қийналишиб юрмас эдик» деб бўғилған Нигор ойимни курдурадир.
Қаттиғ ранжиган бир кун отаси – Солиҳ махдумга бағишлаб қизиқ бир ҳажв ёзған ва «ўз кишисига» кўрсатиб уни кулдурган эдиким, биз кулгулик учун бу ўрунға бир неча мисраъини кўчирамиз:
Ёғлар тўкилса ерга ётиб ялар тақсирим,
Бўлса бозорда пастлик сотиб олар тақсирим.
Меним учун бир зирак, Раънобонуға жевак[26],
Деса ойим – «Не керак?!» юмма талар тақсирим.
«Қулоқ тешиш фазл эмас, пулни топиш ҳазл эмас,
Жевак тақиш фарз эмас!» ғавғо солар тақсирим.
Муҳтарам ўқуғучини қаҳрамонларимизнинг бир қисми бирлан танишдиришни шу ерда тўхтатамиз. Уларнинг ички ва ташқи табиъатлари яхши ешилмаған бўлса ҳикоямизнинг давомида яна ҳам очилиб ва кенгайиб борар, деб ортиқча тафсияга киришмадик.

Бир Ўрдалиқ
Махдумнинг ҳавлиси уч қабат эди. Кўчадан биринчи қабатда меҳмонхона, мактабхона ва машқхона эди. Иккинчи қабатда мураббаъ, ярим таноб чамаси боқча, бунда шафтолу, олма, анжир каби мевалик дарахтлар ва бир неча кекса сўри токлар қулп уриб ўсқан эдилар. Махдумнинг болалар кучидан яхши фойдаланғани учун бўлса керак, боқчанинг ҳар бир қариши бўш қолмаған, унда ҳар турлук кўкатлардан бор эди. Ўртадағи сўрининг ости бир ярим газ кўтарилиб ишланган суфа, суфанинг уч тарафига ёз гуллари экилган, райҳон ва бошқа чечаклар атрофка ўз атриётларини онгқитиб ётар эдилар. Биринчи қабатдан киргач боқчанинг суфасига ҳамда ичкарига юруладирган йўлкалар бор эди.
Ҳозир мезон ойининг иккинчи ҳафталари, боқчанинг мевалари етилинқираған, айниқса сўридаги қора ҳусайни узумлардан гўё боллар томиб ётар эди. Йўлкаларга сув сепилган, суфага гилам солинмаса ҳам гуллик кийиз тўшалиб, уч тарафига кўрпачалар ёзилған эди.
Махдум этни уйга бериб чиқғандан кейин икки соат чамаси ҳуснихатдаги болалар билан шуғулланди, орадан «абжад» сўзини дуруст ёзиб чиқарған бир боланинг қўлини боғлаб уйига юборди. Бола уйидан «қўл ешар» олиб келгандан сўнг ҳаммага жавоб бериб бу кунги вазифасини тамомлади.
Махдум машқхонадан чиқиб ичкари киришга адим узған ҳолатда дарбозадан сипоҳи кийимда бир киши кирди ва махдумга табассум билан салом бериб яқинға юриб келди. Ўрданинг девонхона хизматчилари кийимида бўлған бу кишини махдум ўз умрида биринчи мартаба кўрар эди. Жавоб саломдан кейин сизланиб меҳмонни меҳмонхонаға бошлади. Меҳмон ҳам такаллуфланмай домланинг орқасидан меҳмонхонаға кирди, ўлтуришдилар, сўнг фотиҳа ўқулди. Ўрдалиқ табассум ичида махдумга қарағандан сўнг йиғиштириниб олди.
— Хато қилмасам жаноблари мирзо Анварнинг устозлари бўлсалар керак?
— Фақир…
— Уй ичлари билан хўб саломатмилар?
— Алҳамдулиллоҳ.
Махдумга кутулмаган равишда меҳрибон муомала қилғучи бу ўрдалиқ қирқ ёшлар чамасида, узун бўйлиқ, қора узун соқоллиқ, симоби салласининг пешини туширған қорача туслик бир йигит эди.
— Каминалари ҳам, — деди ўрдалиқ, — мирзо Анвар билан бирга девонхонада ишлайман. Балки қулоқлариға чатилған бўлса керак, исмим Султонали мирзо…
— Хўб, хўб, — деди кулиб махдум, — Анвардан эшитканим бор эди, жанобларининг тавсифларини эшитканман. Начук худо ёрлақади? Фақирхонаға ташрифлари билан бисёр хушнуд бўлдим.
— Адабсизлик бўлса ҳам, — деди мирзо Султонали, — муборакхоналариға бостириб келдим. Бунга ҳам буродарим мирзо Анварнинг муҳаббати мажбур қилди.
Султоналининг бу кейинги сўзи мақсадни бир даража домлаға онглата ёзди. Кайфланиш, ҳузурланиш махдумнинг юзида ўрунлашқан эди. Кўзини қисинқираб Султоналига қаради.
— Хўб, хўб, — деди махдум, — мулла Муҳаммад Ражаб марҳумнинг ўрниға бош мунший таъйин қилиндими, қўлим тегиб бу тўғрида Анвар билан сўзлашолмадим?
— Ҳозир таъйин қилинғунча йўқ, эрта-индин таъйин қилинар, деб турамиз.
— Кўб яхши, номзадлар бордир?
— Бор деди Султонали, — бир неча номзадлар ҳазрати хонға манзур қилинғанлар, жумладан шоир Мадҳий, мулла Шаҳодат муфти ва бошқа яна бир нечалар. Масмуъингиз[27] бўлса керак, гарчи ўзи ризолиқ бермаса ҳам бир неча мирзолар шогирдингиз мирзо Анварнинг ҳам номзадини холис ариза билан жанобга манзур қилған эдик. Умид Худодан, ёрлиғ мирзо Анварга қойим[28] бўлур, деб турамиз.
Махдум соқолини тутамлаб шипка қаради. Гўё Султоналининг кейинги икки жумласига қайси йўсун муқобала қилишдан ожиз эди.
— Бир неча яхшиларнинг Анварга бўлған ҳусни таважжуҳларини[29] эшиткан эдим, — деди махдум миннатдор оҳангда, — аммо фақирға шуниси мушкилроқ кўринадирким, башарти Анвар бош муншийлик вазифасига ёрлиғ олғундек бўлса, бу лавозимотни адо қила олурми, каминанинг назаримда бош муншийлик алахусус ул жанобнинг ҳузурларида беҳад улуғ ва мушкил кўринадир?
Султонали енгилча кулиб қўйди:
— Бош муншийлик лавозимоти борасидаги фикрингиз дарҳақиқат тўғри, — деди, — аммо мирзо Анварнинг уҳда қила олиши муҳаққақдир. Зеро, Анварнинг бу борадаги истеъдоди жанобларидан кўра каминага маълумдир, бу тўғридан хотиржамъ бўлсинлар.
— Дарвоқиъ, Анварга кўб меҳнатим сингган, — деди махдум маҳтанғансумон, — бир қариш ёшидан бошлаб каминанинг таълимида ўсти, ўз қўлимда тарбия топқан неча юз, балки минглаб шогирдларим ичида кўб таважжуҳим шу болаға бўлди. Ушбу сабабдан ҳам мунчалик мустаъид[30] бўлған бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман… Ва лекин ҳолоғи[31] сўзим шунинг учундирким, фазли ва истеъдоди кофий[32] бўлса ҳам ёшлиқ, кам тажрибалик қилмасмукин, деб мулоҳаза қилурман.
— Бўстони маърифат ва гулшани ҳақиқат, — деди Султонали, — Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн ёшларида дарсгўлик қилиб ва ҳоказо кутуби мутабаррака таълифотиға ҳам ибтидо қилған эканларким[33] , бу каромат жанобларидан пўшида эмасдир. Бас, индалъуқало[34] ёшлиқнинг ҳеч бир нуқс ва аҳамияти йўқ, аммо фазлу заковат лозимдир. Масалан, каминангиз таҳсилда «Ақоид»ғача бордим ва қарийб ўн йилдан бери мирзолиқ қилурман. Ўз ҳунаримда яхши тажриба ҳам орттирдим, шунинг бирла бирга нафсиламрни иқрор этишка мажбурманким шогирдингиз мирзо Анвардан кўб даража қуйидаман: таҳрирда[35] , тақрир[36] ва фароиз[37]да Анварингизнинг ёрдамиға муҳтожман. Ҳолбуки ёшим ундан баробар катта, мен ўқуған дарсларни эҳтимол Анвар ўқумаған… Анварнинг заковатига ёлғиз мен эмас марҳум мунший мулла Муҳаммад Ражабнинг ўзи ҳам таҳсин қилар, ажойиб ўғлон деб қўяр эди.
Меним мирзо Анварни бу ўрунға саъи қилишим бўлса бир ғараз юзасидан эмас, холисонадир. Агар ғаразға ҳисобланса, масалан: «Бирарта ноаҳлнинг қўл остида ишлагандан, аҳлининг жағида тишланган маъқул» сўзига биноандир. Лекин мирзо Анвар нима учундир биз бир неча мирзоларнинг раъйимизга қарши тушиб, биздан ранжиб юрийдир. Ҳатто жанобға бир ариза киргизиб, меним номзадим янглиш кўрсатилибдир, мен бу вазифани уҳда қилолмайман, деб узр баён қилмоқчи эмиш. Унинг бу йўсун иноди нима учун, билалмадик… фақир, оғайнилар тарафидан гарчи адабсизлик бўлса ҳам ҳузурларига илтимос учун келдим. Аввало мирзо Анварга оталиқлари, соният устозлиқлари бор. Сиз жаноб тарғиб қилсангиз ва кенгаш берсангиз қабул қилар, деб ўйладиқ.
— Ҳабба! — деди махдум хурсандлик билан, — бу тўғрида яхши сўзлашмаған эдик, сўзлашармиз, иншооллоҳ кўнар.
— Саломат бўлингиз тақсир.
Махдум соқолини ушлаб кўзини қисди:
— Боя пешин асносида, — деди, — қавмлар каминадан истифсор[38] қилишдиларким, «ўғлингиз Анвар мунший таъйинланар эмиш, ушбу ахбор тўғрими?» деб… Мазмуни шаҳарга ҳам машҳур бўлған экан-да?
— Балки, — деди кулиб Султонали ва бир оздан кейин оҳиста сир йўсунида қилиб сўзлади, — ўрда ичида бир нечаларимиз устоз мулла Муҳаммад Ниёз домлаға[39] ва ҳарамдан Оғача ойимға[40] Анвар тўғрисида илтимос қилишдиқ. Шунинг учун мирзо Анварнинг бош мунший таъйин қилинишиға шубҳа қилмаймиз. Фақат уни кўндирилса бас.
— Ва лекин, — деди махдум ниҳоятда очилған қиёфатда, — бу тадбирларингиз беандоза маъқул бўлибдир, яъни масалан, жанобға домла шоғовул ва малика хонимларни восита қилишларингиз…
— Биз ҳам шундай ўйлаймиз. Энди умид худодан, натижа ҳам орзумизча бўлғай.
— Иншооллоҳ.
— Демак, мирзо Анварни кўндириш вазифаси одобсизлиқ бўлса ҳам сизга қолди-да, тақсир? — деб Султонали такрор сўради.
— Хотиржамъ, — деди, махдум қаноат билан, — албатта ноинсофни кўндирсамиз керак.
Шундан сўнг Султонали ўзининг бу ерга келганини Анварга билдирмасликни таъкидлаб ўрнидан турди. Махдумнинг азтаҳидил «моҳазаримиз[41] бор эди» деб қисташиға қарши узр айтиб хайрлашди. Махдум аксар ўз уйига келгучи кишиларга қилмайдирған фавқулодда бир такаллуф билан уни дарбозағача узатиб чиқди.

Ўпка Ва Ҳазил
Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ўқуладирған дуоларни ҳам ўрунсиз ишлатмакда эди. Махдум шу йўсун бетартиб таҳоратланиб ичкарига кирди. Нигор ойим ошхонада мантиларни қасқонға териб қозонға уяр, Раъно бўлса айвонда кичкина укалари орасида ўлтурар эди.
Дадаси йўлакдан кўриниш билан Раъно Масъудни кўтариб турди. Ва қозиқдағи салла-чопонни олиб айвон муюшиға келди. Болалар ҳам дадалари олдида адабланишдилар.
— Анвар аканг келмадими, суфа ёлғиз, — деди махдум, чопон, саллани кия-кия, — асрга бориб келгунимча, сен суфага чиқиб тур-чи, Раъно.
— Хўб.
Отаси чиқиб кеткач, Раъно қўлида укаси билан ташқариға йўл солди. Унинг кетидан Маҳмуд ва Мансурлар ҳам чопишдилар.
— Раънапа, Раънапа! — деб Мансур йиғи аралаш ўзидан чопиб ўтмакчи бўлған Маҳмуднинг устидан Раъно опасиға арз қилди. Раъно боқчанинг суфасига ета ёзған эди. Мансурнинг йиғи шовқуни яна ҳам кучайиб рақобат ўти ёниб кеткач, Раъно тўхтаб Маҳмудни койишка мажбур бўлди:
— Маҳмуд, Маҳмуд, эси йўқ Маҳмуд!
Маҳмуд тўхтади, аммо Мансурдан олдинға ўткан эди, Мансур бу мағлубиятка чидалмай асабийлашиб, ерга ўлтуриб олди ва дунёни бузуб фарёд қўпорди. Раъно келиб Мансурни турғизди ва кийимига ўлтурган чангларни қоқти:
— Йиғлама, опаси, йиғлама, — деди, — ҳали дадаси Маҳдумни дум-дум! Қараб тур-чи, сен Маҳмуд, отанг келганда айтмасамми?!
Мансур «Раъанпа»сининг ҳимоясидан сўнг унинг етагида суфага қараб юрди. Аммо маҳмуд анча эзилган эди:
— Дадам йима[42] қиларди? — деб сўради турған жойидан.
— Келсин-чи, ҳали… Тунови кунги чивиқ эсингдан чиқдими?
Маҳмуд жавоб бералмади. Унинг кўзида аччиғ аралаш қўрқув бор эди. Раъно кичкина укаси бағрида суфага чиқиб ўлтурди. Мансур «Раънапа»сининг елкасига суяниб, йўл устида серрайиб қолған Маҳмудга ғолибона бир турда истеҳзо қилар эди. Маҳмуд бу ҳолга ортиқ чидаб туролмади. Ўзининг енгилишига сабабчи бўлған Раънодан ўч олмоқ мақсадида:
— Муллатанинг хотини, муллатанинг хотини… эй, эй, эй!
Раъно кулди:
— Қараб тур, қараб тур, сен адабсиз, — деди ва Маҳмудга ҳужум қиладирғандек қўзғалиб қўйди.
— Билдим, билдим: муллатанинг хотини, муллатанинг хотини! — деди Маҳмуд ва ичкарига қараб қочти.
Раъно кулимсираб Мансурга қаради:
— Шундайми, мен муллатанинг хоними-а? — деб сўради. Мансур жавоб ўрниға йўлакка қаради ва сўюнчи ичига сиғмайған ҳолда суфанинг зинасига юругди ва қичқирди:
— Муллата, муллата телли, телли!
Раъно ҳам йўллакка қараб қизариниб кетди ва олдиға тушиб тартибсизланган сочини орқасиға ташлаб тузатинди. Йўлакда кўринган ёш йигит («муллата») суфанинг йўли бўйинча келмакда эди. Қора чивиқ беқасамдан ҳарир тўн кийган мавзун қад Анвар биринчи қарашдаёқ кўзга дўндиқ ва кўркам кўринар эди. Қора сурмалик кўзи Раънода экан, ўзига югуриб келгучи Мансурга йўл устида чўнқайиб қучоғини очти. Мансурнинг юзидан ўпкач кўтариб суфага юрди. Анварни қаршиламоқ учун бўлса керак Раъно ҳам ўрнидан туриб суфанинг зинасига яқинлашди, ва табассу аралаш — «Ҳорманг» деди.
— Соғ бўлинг.
Анвар суфага чиқиб Мансурни ерга қўйди. Кафшини еша-еша Раъно томонға энгашиб, ўзига талпиниб турған Масъуднинг юзидан ўпти ва уни Раънодан олди. Масъуд Анварнинг қўлиға ўткач сапчиб гувранди ва қийқириб товланди. Раъно икки қўлини узатиб «кел менга, кел» деди. Масъуд буралиб Анварнинг бағриға сиқилди. Кулишдилар. Анвар болади ўпиб сўйди. Раъно Масъудни янди: «Сен қараб тур, бижи бола» деди. Анвар болани кўтарганча кўрпасига ўлтурди. Чап тизасига Мансур ёпишди ва унинг ёниға Раъно қўшилди… Шу йўсун икки орада бир мунча вақт Масъудни сўйишдилар: Анвар болани Раъноға бергандан кейин симоби шоҳи салласини олиб ёстиққа ташлади ва рўймоли билан қопқора бўли чиқа бошлаған муртини тузатди. Раъно қаршида тик турар эди.
— Тинчликми?
— Бетинчлик, — деди кулиб Раъно.
— Айни муддао экан бўлмаса… Ҳа, айткандек, — деди Анвар ўлтурган суфасига ишорат қилиб, — бу кун жой катта солинған?
— Меҳмон келар эмиш.
— Ёлғонинг қурсин, Раъно, — деди Анвар кулимсиб, — қандай меҳмон?
— Мен қаёқдан билай, қандай меҳмон… фотиҳага кишилар келар эмиш, деб эшитдим.
— Фотиҳаси қанақа?
— Билмасам қанақа?
Анвар ўйланиб яна кулимсиди:
— Сенинг фотиҳанг бўлмасин?
— Меним қандай фотиҳам бўлсин, мен ҳали тирикман.
— Тескарига бурма, Раъно, балки сени эрга бермакчидирлар?
Раъно қизариб турди-да, яна гапни кулгуликка олди:
— Мени кимга берар эмишлар?
— Сеними? — деди кулиб Анвар, — сендан хондан бошқа ким олсин?
Раъно қўлидағи укасига қараған ҳолда:
— Сиз шунга маслаҳат берсангиз… мен қандоғ қилай, — деди ва Мансурни чақирди, — тур Мансур, кетамиз.
Раънода аччиғланиш намойиши бор эди. Анвар Раънодаги бу ўзгаришдан ўнгғайсизлиққа тушди:
— Раъно, — деди. Раъно зинадан тушиб бошлаған ҳолда тўхтади, — чинини сўзла, меҳмон келиши аниқми?
— Меҳмон келиши аниқ, ҳам келди, — деди Раъно жиддий.
Анвар ажабланди:
— Меҳмон келди?
— Келди.
Анвар теваракка қаранди:
— Қани меҳмон, — деди.
Раъно қўли билан Анварнинг ўзига ишорат қилди:
— Ана меҳмон, — деди.
Анвар кулди:
— Мен меҳмонми?
Раъно жиддий равиш билан:
— Албатта, сиз бизга меҳмонсиз.
Анвар яна кулди. Бироқ унинг бу сўнгғи кулишида кучланиш бор эди:
— Мен сизга меҳмонми?
Раъно кулимсиб ер остидан Анварга қаради ва қўлидағи хархаша қилиб бошлаған болани овитиш учун тебранди.
— Билмасам…
Раънонинг юзидан бояғи жиддият йўқолғандек эди. Анвар ҳам маънолиқ ҳазилни ташлаб чин ҳазилга ўтди:
— Меҳмоннинг қорни оч, Раъно, — деди, — албатта қадрлик меҳмон учун тансиқроқ таом пиширғандирсиз, деб ўйлайман. Бу кунги таомингиз исмини лутфан марҳамат қилсангиз эди.
— Меҳмоннинг вазифаси, — деди Раъно жавобан, — иззати билан ўлтуриш ва олдиға қўйған нарсани махтаб-махтаб ейишдир…
— Тўғри айтасиз, отин биби, — деди Анвар, — бироқ бу кунги меҳмондорчилиғингиз ҳам кечагидек убра билан бўлса махтаб-махтаб қўлингизға қайтариб беришим ҳам аниқдир.
Раъно бутун товшини қўйиб кулиб юборди:
— Бу кун қўғурма шўрбаға, — деди Раъно кулги ичида, — қаттиғ нон тўғраб ейсиз, жаз ўрниға шалғам чайнайсиз.
— Офарин, — деди Анвар, — бу кунги меҳмондорчилиғингиздан қарийб мамнун бўладирғанға ўхшайман. Агар мумкин бўлса шуни ҳам билсамки, бу кунги шалғам шўрба катта отин бибининг қўлларидан тановул қилинадирми ёки кичик отин бибининг?
— Меҳмон учун бунинг фарқи йўқдир…
— Бир оз янглишасиз Раънобону, — деди Анвар, — чунки қўлдан-қўлнинг катта фарқи бор.
— Фарқи бўлса… бу кун кичик отин бибининг қўлларидан шалғам шўрба тановул қиласиз.
— Бу ҳолда афу этасиз, Раънобону… Башарти кичин отинбибининг қўлларидан тановул қиладирған бўлсақ шалғам шўрба эмас, бизнинг учун қуш шўрбадир.
Бунга қарши Раъно нимадир айтмоқчи бўлған эди, ташқаридан оёғ товшини сезди, Анварга бир кулиб қаради-да, Мансурни етаклаб ичкарига чопди.

Хайрихоҳ Бир Одам
Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди:
— Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат!
Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган элли ёшлар чамалиқ семиз бир киши кўринди. Кўк салласи манглайининг усти билан ўралиб, ўсиқ қоши қовоғиға ётқан бу бекнинг белидаги кумуш камари бениҳоят ўсиб тушкан қорнини юқориға кўтариб туриш вазифасини адо қилар эди.
Eшик остида Шаҳидбек билан махдум ораларида онглашилмаслиқ юз берди:
— Сиз юринг!
— Сиз юринг!
— Мен рози!
— Адабсизлик бўлади-да, хррр?
Ортиқча такаллуфни Шаҳидбекнинг ўзи қабул қилса ҳам гўшти қабул қилмас эди. Такаллуфланиб ўлтурса борған сайин ўзига беҳузурлик ортар эди. Шунинг учун махдумнинг олдиға тушиб жўнади ва йўл устида «Мирзо Анвар ҳам келган экан, хррр?» деб қўйди.
Анвар уларни қарши олди, суфага чиқдилар. Шаҳидбек Анвар билан энтика-ентика кўрушкач, жой кўрсатилмасданоқ суфанинг тўриға ўлтуриб олди. Чунки зинадан чиқишда анча эзилган, такаллуфгача кутишка тоқати қолмаған эди. Фотиҳадан сўнг ўлтурган ерида уст тўнини ешди, белидан камарини олиб ёниға қўйди, салласини чиқариб ёстиқнинг устига ташлади ва рўймоли билан маглаёдағи терларини артиб ўзини елпиди:
— Хўб саломатмисиз, мирзо, хррр?
— Шукур, ўзларидан сўрасақ?
— Алҳамдулиллоҳ.
Сўнгра махдум Анвардан ҳол сўради:
— Бир оз кечикдингизми, Анвар?
— Зарурроқ ишлар бор эди.
— Сармунший қазо қилиб, — деди Шаҳидбек, — ҳамма оғирлиқ сизнинг устингизга тушкан бўлса керак, мирзо, хррр?
— Шундай, — деди Анвар, — лекин баъзи вақт вилоятларга ошиғич юбориладирған нома ва фармонлар чиқиб қоладир. Шундай кезларда ҳатто тунаб ишлашка ҳам тўғри келадир.
Шаҳидбек қайта бошдан манглайиға терилиб қолған терларини артди:
— Иложи йўқ, иложи йўқ?
Анвар ер тегидан махдумга кўз қирини ташлағач, ўрнидан туруб тўнини ешди ва зинага бориб кафшини кия бошлаған эди, махдум буюрди:
— Ичкарига кириб, хабар олинг, таом тайёр бўлған бўлса, олиб чиқсангиз ҳам маъқул.
— Хўб.
Анвар ичкарига кетди. Унинг орқасидан кузатиб турған Шаҳидбек махдумга қаради:
— Мирзонинг тарбиянгизда келганига кўб бўлған чиқар?
— Қарийб ўн тўрт йил.
— Ўз фарзандларидек бўлиб қолған-да?
— Ундан ҳам афзал.
— Ожизалари ҳам етиб қолған бўлса керак?
— Иншооллоҳ.
— Худо ёш берсин, — деди Шаҳидбек, — мирзони ўзларига домод[43] қилсалар ҳам бўлар экан, хррр?
— Ушбу мулоҳазамиз ҳам йўқ эмас, — деди махдум. — Модомики болани ёшлиғидан оз фарзандимиздек парвариш қилдиқ, эндиликда ўзимизга домод ҳам бўлсин, деб ожизамизми сўратғучи кўб олий насаб хонадорлардан қатъий назар қилиб келамиз?
— Баракалла, — деди Шаҳидбек, — асли инсоф шудир? Иккиланчи, домодлиқ учун насабдан илгари илму адаб, фазлу камол лозимдирким, бу ҳам ўзларидан махфий эмас, хррр?
— Ҳабба, — деди махдум кўзини қисиб, — биз ҳам шу гапларни мулоҳаза қилиб қолдиқ.
Шаҳидбек махдумнинг маҳалла аҳлларидан бўлиб, Худоёрхон закотчиларининг биридир. Мундан илгари Шаҳидбекнинг махдум билан унча яқинлиғи йўқ ва ҳатто ўзған йилларда маҳалла кишиларидан баъзиларини махдумнинг имоматига қарши қўзғатиб юрған эди. Домлар билан дўстлашиш тарихи эрса икки-уч кундан беридир. Чунки шу кунларда Анварнинг сармунший бўлиш эҳтимоли шаҳарнинг катта-кичиклари орасида сўзлашилиб қолди. Шу эҳтимол натижасида махдуннинг дўст ва душманлари ўйлашға мажбур бўлдилар. Жумладан, бизнинг Шаҳидбек махдум билан алоқасини тузатмаган ҳолатда Анвар мунший таъйинланиб қолса, бирар «фожиъа« бўлиш эҳтимоли бор эди. Шаҳидбек фикрича, гўё махдум Анварга: »Фалончибек фалон вақтда менга мундай адоват қилған эди. Энди фурсат келганда сен уни закотчиликдан бекор қил», деб буюрар, Анвар ҳам устозининг сўзини ерда қолдирмай сармунший бўлған кунидаёқ Шаҳидбекни хизматдан бўшатдирар эди?
Шаҳидбек Анварнинг сармунший бўлишини, табиъий, хоҳламас эди. Аммо Анварга қарши бир иш қилиш кучига ҳам молик эмас эди. Гарчи, ҳозирда Анварнинг сармунший белгиланиши бир эҳтимол бўлса ҳам, Шаҳидбек ҳар эҳтимолга қарши чора кўриб қўймоқчи бўлди. Мундан уч-тўрт кун илгари махдумга яқинлашиш андишасида аввало унга иқтидо қилиб намоз ўқуди (илгари махдумнинг орқасида намоз ўқумас эди). Ҳуфтан намозидан кейин ҳалқага кириб махдумнинг тиловатига соеъ бўлди. Иккинчи кун эрталабки намоздан сўнг махдумга салом берди ва ундан аҳвол сўраб: ? «Eшитиб жуда хурсанд бўлдим, ҳар начук сармуншийнинг ўз кишиларимиздан бўлғани яхши; бу тўғрида ўрдалиқ оғайниларға илтимос ҳам қилиб қўйдим« деди. Махдум ўз ишида қанча пишиқ бўлса ҳам, лекин дўст билан душманни ажратолмас, яна тўғриси — неча йиллик адоватларни икки оғиз ширин сўз ёки беш пул манфаат эвазига унутиб юборғучи эди. Бунда ҳам шундай бўлди: »Баччаталоқ адоватни ташлаб шайтонға ҳай берибди.
Анварнинг сармунший бўлишиғи сўюбиндир, шайтони зўр бўлса ҳам инсофи чакки эмас«, деб Шаҳидбекка дўстона муомала қилди ва Анварнинг иши тўғрисида билганини сўзлади; ҳали аср намозиға чиққанда яна Шаҳидбек билан учрашиб сўзлашди ва Анвар «аҳмоқ"нинг бу ишка норозилиғидан шикоятланди. Шаҳидбек бир оз ўйлағандан кейин: »Мен ўзим мирзо Анвар билан бир сўзлашай бўлмаса?» деди. Чунки башарти Анвар бош мунший бўлиб қолса ва бунда ўзининг ҳам иштироки бўлса албатта? ҳа-дея. Шу мулоҳазада Шаҳидбекнинг кўзи аллақанча жойларни кўриб олди.
— Мирзонинг уйда бўлиш вақтини айтсангиз, ўзим олдиға кирар эдим, — деди.
Анвар «бекор гап, анчайин бўлмағур гап», деб махдумнинг бу тўғридағи саволларига аҳамиятсизгина қилиб жавоб берар ва шунинг учун махдум ҳам бу кунгача масалага ишончсиз қараб келар эди. Алҳол эрса бу гап бутун Қўқон халқи оғзида сўзланиб қолди ва бунинг устига Султонали мирзо махдумнинг жиддий илтимос ҳам қилиб кетди. Шу сабабларга биноан махдумнинг назарида Анварни кўндириш масаласи жиддийлашкан ва Шаҳидбекнинг ҳалиги сўзидан кейин ўз ёниға кўмакчилар, кенгашчилар олиш лузумини ҳам ҳис эткан эди. Шу мулоҳаза билан Шаҳидбекнинг ҳалиги таклифини маълмамнуният қабул қилди:
— Ҳабба? алҳол Анвар уйга келган бўлса керак; лозим топсангиз мен билан бирга марҳамат қилингиз, — деди.
Шаҳидбек Анвар билан сўзлашкали ва уни кўндиргали келгандек кўринса ҳам аслида ғаразсиз одам эмасдир.

Махдумнинг Таҳдиди
Анвар ўртаға дастурхон ёзиб, икки лаган манти чиқариб қўйди, уч киши қамти ўлтуриб, манти тановул қилишдилар. Таом асноси Шаҳидбек секин-секин мақсадға ёндашиб келди.
— Халқ оғзида дув-дув гап, — деди манти чайнаб, — гўё сиз марҳум сармунший ўрниға насб[44] қилинар эмишсиз, деб… Бу ҳақиқат гапми ёки овозами, ясхҳи пайқолмади. Бу сўзнинг ҳақиқатини ҳозир ўзи сиздан эшитамиз-ку ва лекин сизга хайрихоҳ бўлған тақсирим ва мендек кишиларни бу шойиъа[45] бениҳоят хурсанд қилди, хррр… Дарҳақиқат, бу мартабага ниҳоятда лаёқатингиз бор эканини ўрда арбобларидан ҳам эшитамиз…
Шаҳидбек сўзни шу жойға келтириб махдумга қаради. Махдум соқолидағи хамир ушоғини олиб, меҳмонни лаганга тарғиб қилди.
— Кеча ва ўткан кунларда, — деди махдум лагандан олған мантисини қўлида ушлаган кўйи, — бу шойиъаларға мен ҳам ишонмағандек эди. Аммо бу кунги довруқ мени ҳам тажжубка қўйди. Воқиъан Анвар сармуншийликка мансуб қилинса не ғаройиблиғи бор? Алҳамдулиллоҳ, фазли кофий, ақли солим, истеъдод бўлса боз инчинин…
Анвар қўли лаганда экан, кулимсиб қўйди. Шаҳидбек кеч ҳарорати ва манти иссиқлиғи таъсирида яна ўбдан терлаган эди. Рўймоли билан манглай ва бўйин терларини артар экан, Анварга қаради:
— Хўш, мирзо Анвар?
— Шундай гаплар бор, — деди Анвар, махдумга кўз қирини юбориб, — аммо бу гаплар менинг хоҳишим ва рағбатим хорижида бўлмоқда. Шунинг учун бу шойиъаларға аҳамият беришка арзимайдир.
Шаҳидбек махдум билан кўз урушдириб олди.
— Яъни суз сармуншийликни хоҳламайсиз? – деб сўради.
— Албатта.
— Сабаб?
— Сабаби шулки, — деди Анвар, — мен бунингдек масъул, айниқса, тантаналик вазифаларга ҳаваскор эмасман.
— Албатта, шундай-ку, — деди Шаҳидбек, — аммо киши, алалхусус сизга ўхшаш йигитлар ҳамиша бир ўрунда ўлтуриб қолмайдирлар. Тажриба, истеъдодлари ўскан сайин, юқорироқ мартабаларга мина борадирлар. Шунингдек сизни ҳам юқори мартабага кўтармакчига ўхшайдирларким, хррр… буни сизнинг ҳаваскорлиғингиз эмас, фазлингиз тақозо қилиб, бунда сиз асосан ҳар қанча қарши бўлсангиз ҳам, хррр… лаёқатингиз яна сизни бу хизматни қабул қилишка мажбур этадир.
— Кишилар муболаға қилғандек менда истеъдод йўқ, — деди Анвар, ерга қараған ҳолда. – Ундан кейин ўрдаға кечагина борған менга ўхшаш ёшларнинг «бош мирзо бўламанъ деб умидланишлари айни бир кулгидир. Яъни, демакчиманки, бу вазифа тамаъида ўн, йигирма ва балки ўттуз йиллаб кўзини тўрт қилиб келган муншийлар, муфти ва шоирлар бор. Уларнинг ёнида менга ўхшаш бир ёш тажрибасизнинг ҳам тамаъланиши кулги эмасми? Айниқса, ўрдадағи урфи-одатларни ва тажрибаларни ўз кўзидан ва бошидан кечириб турған кишилар томонидан бу шойиъани дуруст деб ишонилишига тажжуб қиламан…
Шаҳидбек қўлини артар экан кулди:
— Шу ишончсизлиғингизнинг ўзи ҳам бир болалиқ.
— Болалиқ, болалиқ, — деб қўйди махдум.
Манти тановул қилиниб битди. Махдум лаганлар тегини ичиб-ялади. Фотиҳадан сўнг лаган ва дастурхонларни ичкарига элтмакчи бўлған Анварни Шаҳидбек тўхтатди:
— Лаганларни қўйиб туринг-чи, мирзо, илгари ҳалиги масалани ешайлик.
Анвар қўлидағи дастурхон ва лаганни суфа лабига қўйиб ўлтурди.махдум гулдурос билан кекириб, устидан «алҳамдулиллоҳ» ҳам деб олди
— Хўш, мирзо Анвар?
— Гап бояғича, бек ака, — деди Анвар, — бу масала аҳамият беришка арзимайдир.
Шаҳидбек махдумга қаради. Махдум Анварни жеркти:
— Арзийдирми, йўқми, ахир, сўзга қулоқ бер-да, Анвар болам.
— Хўб, марҳамат қилсинлар.
— Эшитишимизга қарағанда, — деди қўлини ўйнатиб Шаҳидбек, — жанобға манзур қилинғанлар орасида сизнинг номзадингиз бор экан.
Анвар кулимсиди:
— Бор деб эшитдим.
— Ўрдадағи ишончлик кишиларнинг сўзларига қарағанда, ёрлиғ сизнинг отингизға бўлар эмиш.
— «Бўлди» билан «бўлар эмиш» орасида катта фарқ бор.
— Хўб, — деди ўзини елпиб Шаҳидбек, — биз бу иккисини бир ёққа қўяйлиқ-да, икки орадан «башарти бўлса» феълини олайлиқ, хе-хе-хе… Башарти ёрлиғ сизнинг исмингизга бўлиб қолса, сиз шунда нима қиласиз?
Анвар кулиб махдумга кўз қирини ташлади.
— Сиз бу «башарти бўлса»ға ҳам ишонманг, бек ака.
Махдум хўмрайиб Анварга қараб қўйди. Шаҳидбек яна сўради:
— Ахир, шу эҳтимолга қарши жавоб беринг-да, хррр.
— Мен истеъфо ва узр аризаси берар эдим…
— Ҳамоқат[46] ! – деди махдум ва тескари қараб олди.
Шаҳидбек таассуф қилған каби бошини чайқади:
— Бу сўзингиз билан бояғи гапингизга қарши бордингиз. Боя «мендан бошқа бўладирғанлар ҳам бор, мен бу ишка умидланмасам ҳам бўладир», дегандек қилған эдингиз, ҳозир эрса бошқа нарсани айтасиз, хррр.
— Куфрони неъмат, нон тепкулик, — деди махдум. Анвар яна кулимсиди, аммо жиддий тус олған эди:
— Хайр, кишилар ўйлағандек, меним мирзобошилиққа истеъдод ва лаёқатим ҳам бўлсин, агар ёрлиғ берсалар, бу вазифани қабул ҳам қилайин, — деди, — аммо анови – йигирма-ўттуз йилдан бери шу мансабнинг қайғусида келган кишилар тинч ётадир, деб ўйлайсизми, ҳар замон оёғимдан чалмайдирлар, деб ишонасизми? Мана шу андишада тубан ва аҳамиятсиз бўлса ҳам, ҳозирғи хизматимни аъло кўраман ва шу мулоҳаза билан тақсирим айтканларидек, куфрони неъмат қилмоқчи бўламан.
Шаҳидбек махдумга қаради, махдум Анварга қарши чиқди:
— Сен ўз ишингни билиб қилсанг, вазифангда сустлик кўрсатмасанг, — деди, — сенга бутун олам душман бўлғанда ҳам бир мўйингни хам қилолмас. Чунки ҳақ ҳамиша ғолибдир, ҳақсизлик эрса мағлуб. Туҳмат ва бўҳтон хавфида маъракадан[47] юз ўгуриш – йигитларнинг иши бўлмас. Чунончи, ушбунинг мисоли туркийда ҳам бор: «Чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмаган» деб қўрқоқ кишиларни масхара қиладирлар. Шунга ўхшаш сен ҳам чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмагучилар хилидан бўлсанг… мен янглишиб юрған эканман-да, болам!
— Ҳақиқат… — деб кулди Анвар ва бир оз ўйланиб тўхталди. – Ҳақнинг ҳақсизлиққа ғолиб келганини оғизда эшитсам ҳам, шу чоққача амалда кўралмадим, — деди, — масалан, мендан ҳам ўзингизга равшанроқдирким, мирзолардан Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжонларнинг бошиға қандай фалокатларни солмадилар, ҳолбуки ҳақиқатда улар хон ўйлағанча хиёнатчи кишилар эмас, фақат бу учавининг ёмонлиқлари бир неча адоватлиқ мирзоларнин тўқума туҳмат ва бўҳтонлари эди[48]. Айниқса ўзим бир неча йилдан бери ўрдада ишлаб, шунингдек ўз ора фисқу фасодларни ҳар кун учратмакдаман ва шунинг учун булғанч бир муҳитда мундай ташландиқ вазифани ўз устимга олишдан хазар қиламан.
— Сенинг мисолинг, — деди махдум, — нодираи воқиъадир… Агар шундай ҳодисаларни ўйлаб турсанг, ўрдада эмас, ҳатто кўчада ҳам юришинг маҳолдир. Бахтинг бунчалик кулган экан, жабонат[49] билан давлат қушини қўлдан учуриш куфрони неъмат, болам!
— Ҳа, тақсир, — деди Шаҳидбек, — айни ҳикмат сўзлайсиз… Укам мирзо Анвар, бахт деган нарса йигитка бутун умрда фақат бир мартаба қарайдир, хррр, агар шунда маҳкам тутиб қолсангиз, хўб, бўлмаса ҳамиша отнинг кейинги оёғисиз-да.
— Тилак ва ташвиқотларингиз холисона бўлғани учун ташаккур айтаман, — деди Анвар, — яна шу ҳолда мени маъзур кўрасиз…
Махдум яна қишишди, ўнг кўзини қисиб, бир ёқлама Анварга қаради. Чунки ул жуда аччиғи чиққан кезларда кишига шу хилда қарар эди.
— Мен ким, Анвар?
— Сиз… Сиз устозим…
— Бас, устозингнинг, — деди махдум, — шу кунгача қайси таълимидан зарар ва қайси кенгашидан зоеғлиғ тортдинг?
— Нафдан бошқа ҳеч. Лекин ўз умримда бир густохлик[50] қилмоқчиман.
Махдум яна аччиғланиб, бир-икки тамшанди:
— Бошқа нарсага густоҳлик қилсанг қил, илло ҳозирғи инодинг айни ҳамоқат! – деди қўлини пахсалаб, — агар мен сенга устоз ва ота бўлсам, бу ишка қулоқ қоқма, илло ўзинг бил, тузукми?!
Анвар индамади, чунки махдум кейинги жумла билан маълум бир таҳдидгача бориб еткан эди.
— Қизишманг, қизишманг, — деди Шаҳидбек, — мирзо Анвар сиз ўйлаған йигитлардан эмас. Албатта, мирзо Анвар айткандек, хррр… ўрдада ўшандай гаплар ҳам йўқ эмас ва лекин мен азмойишчи[51] бўлсам, хррр, шуни айтиб қўяйки, ўрдадағи каттадан-кичик мирзо Анварга ҳурмат билан қарайдир. Чумолини оғритмаған кишига ким ҳам адоват қилсин-хррр…
— Ҳабба! – деди махдум, — энди нима қолди; орада гўдаклик хавфидан бошқа ҳеч гап йўқ… Ойиға қирқ тилло вазифа, анвои ҳадяи шоҳона, яна – элдан кўриладирган обрў, ҳурмат, ҳай, ҳай, ҳай…
Махдумнинг кейинги жумласи Анварни кулимситди. Кучланиб жиддиятини сақлаған ҳолда:
— Ҳозирча мени бош мунший қилиб ёрлиғ берганлари йўқ, — деди, — шунинг учун бу тўғрида сўзлашиш манга қолса ҳали эртароқ кўринадир.
— Мен ҳам буни билиб турибман, болам Анвар – деди махдум. – Башарти бу мартабани худойи таъоло сенга насиб қилса, ҳалигидек болалиқ ақлинг билан нобуд қилиб қўймағил, деб сўзлайман. Эшитишима қарағанда, жанобға бир ариза ёзиб, узр баён қилмоқчи эмишсан…
— Ким айтди?
— Ким айтканини қўябер, аммо бояғи ҳаракатларинг бу кори баддан ҳам қайтмаслиғингға бизни ишонтирадир. Дарҳақиқат, ушбу хабар тўғрими?
— Сизга арз қилған киши балки билиб сўзлагандир… Башарти сиз бу фикримни маъқул топмасангиз… албатта мажбурман.
— Ҳабба, — деди махдум тамом очилған қиёфатда, — гўдаклик лозим эмас, жабонат кўб мазмум[52] суфат, «Осилсанг ҳам баланд дорға осил» мақоли кўб пурҳикмат сўз.
Махдум шу гапни айтиш ораси қонеъ[53] ва мағрур Шаҳидбекка қараб олди. Чунки ул бу мағруриятка икки жиҳатдан ҳақли эди; «башарти сиз маъқул кўрмасангиз…» деб Анвар ўз ризолиғини махдумнинг ёлғиз шахси билан билдирди, ҳам шу жумла билан устозидан бошқаларнинг ўз раъйига қарши бора олмаслиқларини онглатди.
Яхшиғина тушурилган манти ва одатдан ташқари энтикиб, ҳаллослаб кўб сўзлаш натижасида Шаҳидбек чарчаб, ёстиққа суяниб қолған эди. Шунинг учун ул икки орадағи онглашишни ёнбошлаған кўйи табрик этди:
— Балли, мирзо, балли, гап шундай бўлсин, хррр…
Бир-икки пиёла чой ичишкандан сўнг, махдум билан Шаҳидбек фотиҳа ўқуб, шом намозиға қўзғалишдилар. Анвар Шаҳидбекни ўрта эшиккача кузатиб борди. Шаҳидбек Анвар билан хайрлашар экан:
— Иншооллоҳ ёрлиғ оларсиз, деб ўйлайман… Бир неча закотчилар тўғрисида сиз билан кенгашадирган гаплар ҳам бор. Ўз фарзандимиздек йигитсиз, сизнинг мирзобоши таъйинланишингиз бизга айни муддао, — деди.
— Ёвда бўлса, тезаги тегар эмиш. Анвар ўз болангиз-да.
Анвар уларнинг сўзига қарши мажҳул бир вазият сақлаған ҳолда бош қимирлатиб суфага қайтди.

Бахмалбофда Фақир Бир Оила
Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида[54] фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга «тилаб-тилаб олған фалоним» деб, оталар «худой берган ўғулча» деб тақдим этадирлар. Аммо бизнинг Анвар бўлса онасининг «тилаб-тилаб олғани» эмас ва отаси ҳам уни «ўғулчаға» ҳисобламаған эди. Отасининг касби бўёқчилиқ, ҳамиша ярим белидан нил сувига чўмилиб ётқан бир камбағал ва бир қарич, икки қарич болалардан бештасига дада эди. Шу беш боланинг ёниға иззатсиз, ҳурматсиз олтинчи «меҳмон» бўлиб, бизнинг Анвар қўшилди. Яъни Анвар тилаб олинған бола эмас, дадаси билан онасининг тилакларига қарши, фақат уларнинг бахтсизлик ва қашшоқлиқлариға хизмат қилғучи бўлиб туғилди. Бола тилаб олинса, сўйинч-қувонч, новорачи-сурнайчи ва шунга ўхшаш чўзма-чалпак, ис-чароғ маросимлари нуқсонсиз ижро этиладир. Аммо Анварнинг дунёға келиши мундай маросим, тантаналар ва орзу-ҳаваслар билан бус-бутун алоқасиз эди. Масалан, онаси ўз ёниға доя чақириб такаллуфланмади, тўнғуч қизи Нодиранинг кўмагида туғди; болаларини қўни-қўшниға сўйинчи учун чиқармади. Чунки қўшниларнинг «қайси ҳолинға туғдинг?» ёки «ўзи ўлгур ит мижозми?» деб таъна қилишларидан чўчиди.
Шу ҳолда етти-саккиз кунлаб Анварнинг дунёға «ташрифи» сир бўлиб кечти. Анвар оҳорлиқ янги йўргак кўрмаганидек, оғаларидан бирининг эски бешигига тўққузинчи кун беланди эмас, тиқилди.
Анварнинг «чилласи чароғ кўрмаган» бўлса ҳеч боки йўқдир, бироқ йигирма кунлаб бешикда исмсиз ётиши қизиқдир, чунки янги «қадрлик меҳмон»га от қўйиш на отасининг эсига ва на онасининг хотириға келган эди. Орадан йигирма кун ўтса-ку, болаға исм қўймасалар, деб ота-онани айблаш оғир. Балки Салим бўёқчининг тирикликдан қўли бўшамағандир. Аворбибининг бўлса олти боланинг хархашасидан қулоғи тинчимай мияси суюлгандир, ҳар ҳолда бу «қадрлик» боланинг оти муҳтарам маҳалла имоми тарафидан қўйилмағанидек, ота-она томонларидан ҳам насиб бўлмади. Исм қўйиш вазифасини йигирма иккинчи кунларда ўн икки ёшлиқ Нодира адо қилди.
Нодира ўз яқинларидағи махдумлардан бирининг боласини яхши кийими, айниқса, ёқимлиқ эшитилган «Анвар» исмига суқланиб, ҳавасланиб юрар эди. Ўйлаб-нетиб турмади-да, янги чақалоқ укасининг отини ҳам «Анвар» деб атади ва вешикда чалқанча ётиб, нурсиз қора кўзлари билан дадасининг фақир ҳаётиға «рамз қўйған» бу чақалоқнинг теварагидан айланиб, «Анваржон, Анваржон!» деб хитоб қила бошлади. Шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, Анварнинг дунёға келишини бирдан-бир табрик этиб сўйинган шу Нодира эди. Сўнгроқ яна унга оналиқ мартабасида бўлиб келгучи яна шу Нодирадир.
Шу йўсун Салим бўёқчининг мавридсиз лайлаклари ичида бемаҳал ғуррак бўлиб Анвар ҳам яшай бошлади. Болалари кўпайган сайин Салим аканинг иши ҳам кейинга кетканидек, кундан-кун эҳтиёждан-еҳтиёжға ўтиб борар эди. Анвар уч ёшқа кирганда, беш йиллардан бери Салим акага ёпишиб олған бобосир касали унинг ёқасидан олиб йиқитишға муваффақ бўлди. Яъни Салим ака қонсираб, дармонсизланиб ётиб қолди. Муолажага пул керак, мундан ҳам илгари оиланинг умумий касали бўлған озиққа ҳам шу нарса керак. Салим бўёқчи сармоясидаги нил, туз ва шунга ўхшаш дастмояларни сотиб муолажа қилдирған бўлди. Дард анча улғайған эди. Бу чиқимлар фойда ўрниға зарар келтирдилар. Дўкон дастгоҳини сотиб рўзғор қилди. Булар ҳам биткандан кейин бу оиланинг оғир кунлари бошланди. Очлиқ, яланғочлиқ, айниқса касал боқиш.
Шу қиш айниқса қаттиғ келган эди. Совуқдан сақланиш учун уларнинг ҳозирликлари йўқ. Ўпкасига совуқ тегдириб Салим аканинг тўртинчи боласи ўлди. Кўкламга чиқар-чиқмас Салим бўёқчининг ўзи ҳам дунё билан видўлашди. Бунинг устига Анвар, яна икки оғасиға қизамиқ тошиб бир бола мунда ҳам ўлиб берди. Шу йўсун олти ой ичида Анорбиби эридан ва икки боласидан айрилиб, тўрт гўдак орасида тирик бева бўлиб қолди. Нодиранинг бўйи чўзилиб қолған, ҳар начук бир жойини топиб кетар, аммо учта ёш боланинг иши қийин эди. Эридан болаларнинг тарбиясига ярарлиқ ҳеч гап қолмаған, бир-иккита хум, уч-тўртта мўнди ва шунга ўхшаш резров, бошқа бир бало ҳам йўқ. Анорбиби меҳнат билан яхшаб, етти-саккизни туғиб, ёши ҳам қирқларға бориб, тусига ажин кириб, кексаймаса ҳам қаримсиқ бўлиб қолған, шунинг учун бирартага тегиб олиши тўғрисида ўйлаш ҳам беҳуда.
Анорбибига ўхшаш тул хотинларнинг қиладирган ишлари ҳар кимга ҳам маълум: маҳаллада дастурхончилик, бойлар эшигича оқсочлиқ, ҳунармандроқ бўлса – кинначилик ва ҳоказо. Анорбиби шу ҳунарларнинг ҳаммасига ҳам қобилият эълон қилиб, болаларини боқиш фикрига тушди. Ба ву орада қизи Нодирани бир бўзчи боласиға узатиб, юкини ҳам бир оз енгиллатди.

Танийсанми Шу Жажжи Қизни?
Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида тилидан ҳам айрилди. Занбилга солиб ўз уйига келтириб ташладилар. Болаларнинг фиғони фалакка чиқди. Куяви табибга югурди. Натижада юрак фалажига йўлиққани маълум бўлиб, шу кун кечаси ҳатто уч гўдаги тўғрисида бир оғиз васият қилолмай вафот этди. Мозорға элтдилар. Тобут олдида икки оғаси билан олти ёшлиқ Анвар ҳам йиғлаб борди.
Ўн бир ёшлиқ Темур, тўққиз ёшлиқ Қобил ва Анварларни тарбия қилиш оғирлиғи Нодиранинг устига тушди. Марҳума онасининг ёдгорлари бўлған бу уч болани бегоналар қўлида хор қилиб қўйишни Нодира истамаса ҳам, эрининг фақирлиғи бунга монеъ эди. Таъзия кунлари ўткандан кейин ўғуллиққа деб сўрағанларға икки болани бериб юборди ва Анварни ўзи билан олиб, онасининг қақир-қуқурларини бир аравага ортиб эрининг уйига келди.
Нодира онаси ўрнига Анварнинг бошини силади, ювиб-таради ва Анварнинг истиқболи учун қайғирди. Отаси ва ўз эрининг касбларига яхши баҳо бермагани учун Анварни бошқа киши қилмоқ фикрига тушти. Уни ўқутмоқчи, ҳатто мадрасаларга юбормоқчи ва шу йўсун муллалиқ даражасига еткузиб, отасининг уйига чароғчи қилмоқчи эди. Анварни ўзлари турған маҳалладан бир гузар нари бўлған Солиҳ махдумнинг мактабига берди. Анвар «тахта»дан ўқуш бошлади, зеҳнининг тиниқлиғидан бўлса керак, ўн бир ёшида саводи чиқаёзди. Бироқ ўқишда қанча бахтли бўлса, пешанада ўшанча бахтсиз эди. Шундоғки, Нодира икки болалиқ бўлған эди. Эри: «Укангга едириб-кийдирайми ёки ўз болаларингними? Укангни кишига шогирд бериб юбор», деб Нодирани қисташға турди. Бечора Нодира оғир ҳолда Анварни кишига шогирд бериб, ўқушини зоеъ қилишға кўзи қиймайдир, эрига муқобала учун ҳеч бир мантиқ тополмайдир. Чунки эрининг ҳоли ўзига маълум. Шу йўсун яна бир йил ўтиб, Анвар тўғрисида эри билан аччиғ-тизиқ бўлған бир кун паранжисини ёпиниб кўчага чиқди ва тўғри Солиҳ махдумнинг уйига борди. Шу вақтларда Солиҳ махдумнинг онаги Марғилонға кетмаган эди.
Нодира Моҳлар ойимға йиғлаб ҳасрат қилди. Ҳамма саргузаштларини бирма-бир сўзлади. Шу бола учун эридан чеккан изоларини чизиб:
— Улуғ даргоҳларингизга шу ятим боланинг умри зоеъ бўлмасмикин, ўқуши жуванмарг қилинмасмикин, деб келдим. Бир парча нонларингизни аямай, ятим бошини силасаларингиз, деб келдим, — деди.
«Қуш тилини қуш биладир» деганларидек, Нодиранинг самимий арзи бандачилиги Моҳлар ойим билан Нигор келиннинг юкларини эзди ва шу онда Моҳлар ойим мактабхонадаги болалар ичидан Анварни чақиртириб олди. Анвар келишкан, дўндиқ бола эди.
— Домласи мақтайдирған ўзимнинг зеҳнлик болам-ку, — деди Моҳлар ойим Анварни кўриш билан ва Нодирага таскин берди.
— Хўб қизим, хўб, поччаси боқмаса боқмасин, мен ўзим боқаман, ўқутиб катта мулла қиламан.
Анвар поччасининг кейинги кунлардаги дағал муомалари сабабини ўйлаб, хафаланиб юрар эди. Моҳлар ойимнинг ҳалиги сўзи билан масалага тушунди ва ятимона бошини қуйи солди. Бу ҳолдан опаси таъсирланиб, кўзига ёш олди.
— Йиғламанг, жувон, — деди Моҳлар ойим, — йўқлик қурсин – йўқлик. Поччаси камбағал бўлса, унда ҳам гуноҳ йўқ, ҳамма гап тақдири азалдан. Яхши: бу кунданоқ бола сизникига бормайдир, ўз ёнимда ўғлим бўлиб ётадир. Отинг нима, катта йигит?
— Анвар…
— Оҳ, отинг ҳам ўзингга ўхшаш чиройлик экан… Манови дўндиқ қизни танийсанми?
Шу ўртада ўйнаб юрған олти ёшлар чамалиқ Раъно югуриб келиб, Моҳлар ойимнинг бағриға кирди. Анвар ўзидан ҳам дўндиқроқ Раънога қараб кулди:
— Раънохон, — деди.
Моҳлар ойим Раънони бағридан чиқариб буюрди:
— Бор, Анвар акангга салом қил!
Раъно келинларча Анварга салом қилди ва жазб қилғандек Анварнинг яқиниға бориб тўхтади.
— Кўриш, Анвар! – деди ойим.
Анвар Раънони бағриға олиб қучоқлади. Шу ҳолда Моҳлар ойим кулимсиди.
— Агар ўлмасам, шу дўндиқ қизимни бериб, Анварни ўзимга куяв қиламан.
Анвар уялиб бағридағини бўшатиб юборди. Хотинлар кулишдилар. Шу йўсун Нодира Моҳлар ойимдан жуда хурсанд бўлғани ҳолда уйига қайтиб кетди.
Ўз уйида бир нонхўр ортиши махдумга, албатта, ёқмас эди. Бироқ, онасининг раъйини қайтаришдан ҳам ожиз эди. Шундоғ ҳам бўлса, «томоғи-ку, енгил, кийими оғирроқ. Кийимини опасининг устига қўймабсизда» – деди. Моҳлар ойим: «Кийими бир гап бўлар. Кишилар масжид, мадраса солғанда, бир бир ятим боқсақ, арзимайдими? Сенга оғирлиқ қилса, ўз бисотимдан кийинтирарман, болам» – деди.
Анвар ўн икки ёшида учунчи оилани кўрди. Лекин бу охирғиси Анвар учун ҳар жиҳатдан ҳам қулай бўлди: ўқушини давом этдирар, қорни панжшанбалик нонлар билан тўқ, уст-боши ямоқ бўлса ҳам яланғоч эмас эди. Бу учунчи оилага кўчишда Анварни энг хурсанд қилған нарса мактабдаги болаларнинг озор беришларидан қутилиши ва домланинг асранди ўғли мақомини олиши бўлди. Болалар уни эҳтиром қилмасалар ҳам, унга бурунғича ёмон муомала қилишдан ҳайиқиб қолдилар. Анварга бу уйда ортиқча юмуш ҳам йўқ, чунки ҳар қанча уй хизматлари мактаб болаларидан ортмас, ўқушдан бўшаған вақтини Раънони ўйнатиб кечирар эди.
Ўн уч ёшида мактаб прўғраммасини битириб, ёш бўлса ҳам халфалик, яъни домлаға кўмакчилик қила бошлади. Ба ҳар кун болалар озод бўлғандан кейин махдум унга кофия[55]дан дарс берар ва «Гулистони Саъдий»дан бир неча банд ўқуб, маъноси билан ёдлатар эди.
Ўн беш ёшида мактабни ёлғиз ўзи идора қилиш даражасига етканидек, яхшиғина форсийхон ва бир даража араб тилига ошно бўлди. Махдум мундан бир неча вақт илгарилар Анварни мадрасага узатиш тўғрисида сўзланиб юрса ҳам, ҳозир бу гапни оғзиға олмай қўйди. Чунки мактаб ишида ялқовланиб Анварга суяниб қолди ва мадраса масаласини унутдириш мақсадида, араб, форс наҳвсарфидан ўзи дарс беришка киришди.
Махдум Анварга шу жиҳат билан иноқ эди. Аммо Моҳлар ойимнинг Анвар билан муомаласи холис ва самимий бўлиб, ул Анварга ўз боласидек меҳрибон ва ҳар вақт: «Кўнглингни бузма, Анвар йигит; кўрасанми шу жажжи қизни? Албатта сенга бердираман!» дер эди. Лекин Моҳлар ойим ваъдасига еталмади. Махдумдан аразлаб Марғилон кетишка мажбур бўлди. Бироқ, кетар чоғида ҳам Анварни унутмади. Нигор келинни ўз ёниға чақириб: «Куявлик учун Анвардан яхшироқ йигитни тополмассиз, Раъноға худойим умр бериб, бўйи етса, албатта Анварга бердиргин» – деди.

Чин Ўртоқ
Анвар ёшлиғида бўшангғина бир бола эди. Ўз тенгги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар ва ортиқча ўйнаб-кулмас, ҳамиша унинг кўзида бир мунг ётар эди. Бу ҳолат балки оила бахтсизлигидан, ота-она бағрида яйрамағанлиқдан туғилғандир, десак, унинг икки оғаси мундай эмас эдилар. Бир онадан неча хил бола туғиладир, деганларидек, Анварнинг яратилиши оғалариға нусбатан бошқача эди. Махдумнинг уйида тура бошлағач, Анварда бир оз ўзгариш кўрилди. Шунда ҳам болалар билан алоқасини эскича юрутиб, фақат Раъно ёнидағина ўйин-кулки боласиға алишинар, Раънони етаклаб боқчаға, кўчадаги катта сув бўйлариға чиқиб ҳамроҳини боқчадағи гулларнинг исми, учин юрған қушларнинг навъи, катта оқар сувлар ва айниқса Раъно каби ёш қизчалар учун бу сувларга йиқилиш хавфи ва шунингдек, бошқа масалалар билан уни танишдирар, кўчада ўлик кўтарганларни кўрса, бирарта боланинг отаси ёки онаси ўлганлигини сўзлаб, бунинг орқасидан: «Меним ҳам онам ўлганда ўшандоқ қилиб кўтарган эдилар… Мен ҳам шу боладек мозорға йиғлаб борған эдим», деб қўяр эди. Раъно ҳам Анварнинг сўзига диққат билан қулоқ солар ва кўпинча ҳисобсиз саволлар ила уни кўмиб ташлар, лекин Анвар зерикмас, ҳар бир сўроққа жавоб бериб, Раънони қаноатландиришға тиришар эди.
Анвар ёш бўлса ҳам жиддий ва кичкина мияси муҳокамага қобил, бошқа кишилар устига тушкан бахтсизликдан ҳам мутаассур бўлғучи эди.
Бола чоғиданоқ энг яхши кўрган нарсаси гулзор ва ундаги гуллар эди. Махдумнинг оиласига келиб тура бошлағандан сўнг боқчанинг гулзор қисмини ўз идораси остиға олди. Гулларни суғориш, ўтларни юлиб, тозалаш вазифаларини ўзи бажарди. Гуллардан ҳеч кимга уздирмас, бир боланинг узиб олғанини кўрса ўз хафа бўлғанидек, болани ҳам хафа қилар эди. Болаларнинг дараги билан ҳар кимнинг уйида бўлған янги гуллардан кўчат ва уруғ олиб, йилдан-йилга гулзорни бойитди. Ёз кунлари келса, болаларни капалак ва олтин қўнғуз тутиб келишка буюрар; қийнамай, озор бермай заҳасиз капалак тутиб келганларга сабоғини ўқутиб қўйиш билан мукофот берар, капалак ва олтин қўнғузларни гулзорга учуриб юборар, агар улар гулларга қўниб қолсалар, ўзида йўқ сўюнар эди. Шунинг учун аксар ёз кунлари махдумнинг боқчаси оқ, нимранг, олан, зангор, малла, ложувард ва бошқа тус капалакларнинг ялт-юлт учишлари билан алоҳида бир кўринишка кирар, Анварнинг ўқушдан бўшаған кезлари гуллар ичида ва шу капалаклар орасида кечар эди.
Анвар ҳар ким учун ҳам сўйимлик ва хушмуомаласи барчага баробар эди. Аммо, айниқса хуш кўрган кишиларидан биринчиси Раъно ва иккинчиси мактабдаги шогирдлардан сабоқдош шериги Насим исмлик бола эди. Насим билан Анвар жуда яқин дўст, бир-бирини онглағучи сирдош ўртоқ эдилар. Гарчи Насимнинг отаси Қўқоннингғина эмас, бутун хонлиқнинг танилған кишиларидан ва бу икки боланинг синфий айирмалиқлари ер билан кўкча, лекин ёш дўстлар бунинг фарқиға етмаслар, Насим «хоннинг мирзабошисининг ўғлиман», деб ҳаволанмағанидек, Анвар ҳам «Салим бўёқчининг ятими, Солиҳ махдумнинг асрандисиман» деб андиша қилмас эди. Бу икки бола бир жойда суҳбатка киришсалар, четдаги бир киши Анварни йиртиқ бўз кийимлар ичида ва Насимни шоҳи-адраслар билан ғарқ ҳолда кўриб, албатта «бу гадойбачча билан бекбаччанинг ўзаро нима муносабатлари бор?» деб таажжубланар, лекин дўстлар ҳали бунинг айирмасини идрок қилмаслар эди.
Аксар жумъа кунлари махдумдан изн олиб, Анвар шу ўртоғининг уйига борар, кечкача Насим билан «суҳбатлашиб» қайтиб келар эди. Анвар шу муносабат билан Насимнинг отаси Муҳаммад Ражаб пойгачининг илтифотига ноил ҳам бўлди. Насим ўртоғи Анварнинг ятимлиғини отасиға билдириб, мажбур қилған бўлса керак, бир неча ҳайит мавсумларида Муҳаммад Ражаббек Анварга кийимлар ҳам берди. Бу илтифот икки дўстнинг алоқаларини бир-бирларига яна қаттиғроқ боғлади, айниқса, махдумнинг димоғини чоғ қилди. Зеро, Анварнинг Муҳаммад Ражаб каби бир кишининг ўғли билан дўстлашиши бир камолат бўлғанидек, дўстлиқнинг ҳатто сарполар кийишкача бориб етиши махдумнинг назарида яна айни фазилат эди… Шу сарпо кийиш воқиъасидан сўнг махдум Анварга бошқача қараб қолди ва ичидан «сен одам бўладирған кўринасан», деб қўйди.
Бахтка қарши, бу дўстлиқ алоқаси узоқ давом эталмади. Бир кун орадағи дўстлиқ риштасини ўлим яғмогари келиб узди. Насим ўн беш ёшлар чамасида чечак касали билан оғриди ва ўша кезларда давосиз ҳисобланған бу касалдан ўнглалмай вафот қилди. Муҳаммад Ражаббек ва оиласи учун бу мусибат, албатта, оғир эди. Бироқ, улардан ҳам Анвар учун оғир бир ҳасрат бўлди. Ҳатто, кўз ёшини марҳумнинг ота-онасидан ҳам кўброқ Анвар тўкди десак, муболаға қилмаған бўлурмиз. Уч кун мактаб ва махдумни унутиб, Муҳаммад Ражаббек ҳавлисида туриб қолди. Ҳар оқшом Насимнинг қабри устида бир соатлаб йиғлаб ўлтурди. Бу ёшнинг самимий чин дўстлиғи ва ўртоғиға садоқати ҳар кимни таажжубка қўйди.
Анварнинг биринчи мартаба марҳум дўстига атаб ёзған марсияси мотамлик ота-онани яна бўзлатқан эдиким, биз марсиядан бир неча мисраъини қуйида кўрсатамиз:
Очилмай сўлса ҳар гул ғунчаси пиру жувон йиғлар,
Eмас пиру жувон, балки ҳамма аҳли жаҳон йиғлар.
Ажал яғмогари боғи зако ичра узиб занжир,
Раҳмсиз эзса маъсум лолаларни, чун хазон йиғлар.
Насимим кетди оламдин мени қайғу аро ташлаб,
Кўзимдин оқса хун ҳеч бир ажаб йўқ, чунки қон йиғлар.
Жаҳонда эрди танҳо мен ятимга ҳамнишин, дилдор,
Ғарибликнинг диёрида адашкан нотавон йиғлар…
Мулла Муҳаммад Ражаббек пойгачи ўғлининг содиқ дўстига шу кундан эътиборан бошқача қараб қолди. Бир жиҳатдан маъсумият, иккинчидан кўриниб турған истеъдод Муҳаммад Ражаббекни Анварга илтифот этишка мажбур қилди. Гарчи Анварнинг юқоридағи марсияси болалиқ хархашасидан иборат эди эрсада, яна унинг истиқболидан хабар олиш учун яхши мезонлиқ вазифасини ҳам ўтар эди.
Мулла Муҳаммад Ражаббек аввало ўз илтифотини Анварнинг марсиясидан бир байтини Насимнинг қабр тошиға олиш билан бошлади. Сўнгра Анварнинг «дунёда ман ятим ўртоғингға танҳо сирдон ва дилдор (кўнгил кўтаргучи) эдинг. Бу кун мен сендек дўстдан айрилиб, яна ғурбат диёрида нотавон йиғлайман!» деб афсус ва надомат қилишиға қарши, яъни Анварнинг ятимлик ва ғариблигига йўл қолдирмаслиқ учун мулла Муҳаммад Ражаббек ўғлининг содиқ дўстига ўз оталиғини кўрсатмакчи бўлди.
Анвар уч ҳафтагача хатми қуръон кечлари Муҳаммад Ражаббек уйига келиб турар эди. Охирғи хатми қуръон кечи Муҳаммад Ражаббек Анвардан аҳвол сўради:
— Домлангиз саломатми?
— Шукур.
— Ўқушингиз яхшими?
— Бирмунча.
— Домланинг уйида турасизми?
— Тақсир.
— Сиқилмайсизми?
— Йўқ.
— Илми ҳисоб ўқуғанингиз борми?
— Йўқ, тақсир.
— Домлангиз илми ҳисобни билурмикин?
— Билмаслар деб ўйлайман.
— Агар мен бир домла таъйин қилсам, ҳисоб ўқийсизми?
— Устозим рухсат берсалар, албатта ўқийман.
— Хўб… бўлмаса эрта кечка домлангиз шу ерга келиб, менга учрашсин.
— Хўб тақсир.
Eртаси куни махдум келди, Муҳаммад Ражаббек махдум билан сўзлашиб, Анварни ўрда хизматига олиш фикрида бўлғанлиғини, бунинг учун арабча, форсийчадан яна ҳам чуқурроқ маълумот олиши лозимлиғини ва ҳисоб ўрганиши кераклигини айтди. Махдум Муҳаммад Ражаббекнинг Анварга мунчалик марҳамати учун бир оз шошиб қолса ҳам, лекин бу меҳрибончилиқ сабабига яхши тушунганлиги жиҳатдан аввало бекнинг ятимпарварлиги, сўнгра Анварнинг зако ва истеъдодини махтади. Анварни одам қилиш йўлида чеккан ўз машаққатларини ҳам шикоят йўсунида сўзлаб чиқғач, бу кунларда эҳтимоми том[56] бирлан Анварга форс ва арабийдан дарс бериб турғанини ва алҳол ҳам Анвар форсийча тазкира ва таҳрирлар ёза олишини баён қилиб, неҳcа хил узрлар ичида ўзининг илми ҳисобдан баҳрасизлигини билдирди, яъни Анварнинг илми ҳисоб ўрганиши учун бошқа муаллим керак бўлур, деди. Муҳаммад Ражаббек бу тўғриға ўзи домла топмоқчи болиб махдумга рухсат берди.

Махдумнинг Бахти
Шу кундан бошлаб Анварнинг ҳаётида янги саҳифа очиладир. Яъни махдум Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли бўлмағаниға ўкуна бошлайдир. Дарҳақиқат, унинг ўкунишига арсийдирган чигил масалалар ҳам туғиладирким, масалан: Анвар ўрда хизматига кириб қолса, ойиға беш тилло, ўн тилло нақдина даромад қилиб турса, бу маблағлар…
Шундай истиқболдағи бу «маблағлар» масаласи махдумнинг ичини ари бўлиб талайдир. «Ўн ёшдан бери ўқутиб, едириб, кийдириб келаман; албатта, даромад маним ҳаққим бўлур», деб ўйласа ҳам, бу ҳукмидан ўзи унча рози бўлинқирамайдир. Ҳар ҳолда масала чигил…
Моҳлар ойимнинг Раънони Анварга бериш тўғрисидағи «аҳамиятсиз» сўзлари ўша вақтларда махдумнинг энсасини қотирған бўлса, ҳозир шу ҳақда чинлаб ўйладиғина эмас, балки «ҳалигидек Анварнинг бахти очилиб кетса, нима маломати бор. Ятимлик айб эмас, инсон учун фазлу камол лозим, кулиб турған бахт ҳожат, наслу насабнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Раънонинг ҳуснига ҳар ким ҳам таҳсин қилур: Анвар албатта йўқ демас… Бу борада мол ва жонни бир қилишдан бошқа маслаҳат йўқ» деган қарорға дафъатан келиб қолди. Мундан бирар ойлар илгари Нигор ойимға: «Анвар балоғатға етаёзди. Сен билан Раънога шаръан номаҳрам, ундан қочишларинг лозим», деган бўлса ҳам, бу буйруқ ҳозирғача амалга ошмаған эди ва бундан кейин ҳам амалга ошмайдирған бўлди. Зеро, махдумнинг фикрича Анварга оғир туюлиш эҳтимоли бор эди…
Анвар Муҳаммад Ражаб пойгачи тарафидан белгиланган бир муфтида ҳисоб, иншо (таҳрир) қоидаларини ўргана бошлади. Махдум ҳам жон отиб араб ва форсийдан таълимни кучайтирди. Анвар бир йил ичида ҳисобни ўрганди. Ва бошқа дарсларида ҳам яхши муваффақият қозонди, ҳам шу кўкламдан эътиборан ҳар кун ўрдаға бориб, Муҳаммад Ражаб мунший қўл остидағи мирзолар ёнида дафтардорлиқ, номанавислик усулларини тажриба қила бошлади. Бир йил чамаси маошсиз тажриба кўрди. Шунда ҳам ҳафта сайин Муҳаммад Ражаббек ўз киссасидан уч-тўрт танга чой пули бериб турар эди. Анвар шу арзимаган уч-тўрт тангани ҳам махдумнинг қўлиға келтириб берар ва ҳафта сайин ўзига устозининг умидини каттароқ боғлатиб борар эди.
Анвар бир йиллик тажрибада ўрдадағи дафтардорлиқ, форсийча ва туркча номанавислик[57] ҳунарларини тамоман деярлик ўрганиб тажрибалик мирзолар қаториға кирди. Сармуншийнинг оғзидан чиққан маънони тартибка солиб нома, ёрлиғ ва бошқача бир тазкирани таҳрир қила олар, мирзолар жумлани ғалат ифода қилиб, сармуншийдан аксар танбеҳ эшитканларида, Анвар бундай танбеҳка жуда сийрак учрар эди.
Иккинчи йилдан бошлаб етти тилло моҳона[58] билан маошлиқ мирзолар қаториға ўтди. Моҳонадан ташқари солиқлардан ҳам дархонлиқ[59] қоғози олди. Солиқлардан дарҳонлиқ махдумдинг рўзғориға катта енгиллик эди. Чунки сўнгғи йилларда хонлиқ томонидан халқ устига тушкан ва тушиб турған солиқлар беҳад ва тўлаб бўлмаслиқ эдиким, бу ҳақда келаси бобларимизда сўз бўлур. Шу хурсандлик баробарида биринчи ойнинг етти тиллоси яхлит ҳолда махдумнинг қўлиға тегиши гўё тўй устига тўй эди. Домланинг етти тиллони олғандағи ҳолини тасвир қилиш, албатта қийиндир; кўзлари ғилайлашқан, афтида қизиқ ўзгариш кўрилиб, оғзининг танопи узоқ саёҳатни ихтиёр қилған – «ҳабба… ҳосилинг дуруст, Анвар болам, лекин пулга эҳтиёт бўл, бўтам!» деган эди. Етти тиллонинг қўлдан чиқиш хабари Нигор ойимнинг қулоғиға етишкач, Анвардан ранжиди: «Ҳамма пулингни домлангға чакки берибсан, Анвар; уст-бошингни, кўрпа ёстиғингни, ортиб қолса Раъно укангнинг устини тузатишинг керак эди. Домланг туфлаб тугишдан бошқани кошки билса!» – деди.
Махдум етти тилло «нақдина»ни олиб қанча шодланған бўлса, ўшанчалик ташвишка ҳам тушди. Унинг фикрича, замона ёном, бузуқилар бениҳоят; мумкинки, Анварни ўзидан айнатиб оғзи ошқа етканда, бошини тошқа тегдирсалар… Раънони Анварга никоҳлаб бошини боғлаб қўяйми, деб ўйлади. Бироқ, Раъно ҳали ўн бир ёшда эди. Иккинчи кун Анвар ишдан қайтиб келгач, махдум уни боқчаға олиб кирди. Боқчадан кунгай ҳам кўкрак бир ўрунни кўрсатди:
— Ана шу ерга сенга атаб бир уй, бир айвон, ошхона ва ахтахонаси билан иморат солсам дейман… Ҳабба, Анвар? – деб сўради. Анвар кулди:
— Иморатка элли тиллодан кам пул етмайдир. Маним бўлса бир тийин пулим йўқ. Бўладирғани ҳам фотиҳа бергунингизча албатта сизники ва ойимларники, — деди.
— Ҳабба… ҳимматингга! – деб юборди махдум, — албатта-ку шундай ва лекин ўша ниятларингдан кейин бояғидек алоҳида пул йиғсанг дейман-да… Албатта, бу гап уч-тўрт йилсиз эмас-да.
Шу вақт Раъно нарида бола кўтариб турар эди. Махдум Раънони ўз ёниға чақириб, унга ҳам ҳалиги ўрунни кўрсатти:
— Ҳабба… мана шу ерга Анвар акангга уй солиб берамиз, Раъно. Бу сенга қалай ўхшайдир, қизим?
Раъно отасининг сўзига тушунмади:
— Анвар акамнинг ётадирған меҳмонҳонаси бор-ку, — деди.
— Хе-хе-хе, боласан қизим, боласан, — деб кулди махдум, — Анвар аканг токай меҳмонхонада ётади дейсан. Ахир бир кун уйланади, бамисоли сен бўлсанг эрга тегасан… Ахир уй керак-да, қизим.
Бу сўздан Анвар қизариб кетди. Раъно Анварга қараб олди ва дадасига аччиғ қилған каби бурулиб ичкарига жўнади. Махдум Анварга усталиқ билан бир маънони онглатиб, таъминот берганидек, бузуқиларнинг васвасасига қарши дам ҳам солған эди… Бу дам солиш Анварга ҳам таъсирсиз қолмади. Шу кунгача Раънонинг ёш, маъсум ҳуснига умидсиз қарайдирған бўлса, бундан кейин унга умид ва истиқболнинг ширин хаёллари билан термуладирған бўлди.
Махдум ўзининг чеккан ташвишида ҳақли бўлиб чиқди. Анварнинг теварагида «холис» маслаҳатгўлар ҳам кўринишиб қолдилар. Айниқса бу «холис»лардан бири поччаси эди. Поччаси етти тилло дарагини эшитиб энтикди. Эрининг тазйиқи остида Нодира ҳам кенгашка турди.
— Поччанг, бизнинг ҳавлиға келиб турсин, ўзим уйлантириб қўяман, дейди.
Анвар бошқаларнинг кенгашига қулоқ солмағанидек, опасининг сўзига ҳам илтифот қилмади. Махдум жавоб бермагунча бу уйдан кетмаслигини билдириб, фақат поччасиға ёрдам бериб туриш ваъдаси билан опасини тинчитди.
Анвар иккинчи ой маошидан уч тиллони ўзида қолдириб, уйга кийим-кечак олиш учун изн сўраған эди, махдум «шу иш чаккида, болам. Хайр, бундан сўнг шу номаъқулчилик бўлмасин!» деб аранг кўнди. Анвар Нигор ойим, Раъно ва ўзига кийимликлар сотиб олди. Нигор ойим шолпар, Раъно атлас кийдилар.
Нигор ойим Анварнинг пинжига кириб олиб, ўз йўлиға сола бошлади. Маошининг ҳаммасини махдумга бермасликка, шунга ўхшаш кам-кўстларга ҳам яратиб туришға ундар эди. Анварнинг андишасини рад қилиб: «Ҳар қанча берсанг ҳам дадаси ола берадир. Лекин берганингни сен билан бизга миси ҳам юқмас. Шундай бўлғандан кейин, ишни ўйлаб қилиш керак», дер эди. Чунки Нигор ойим эрининг Анварга қаттиғ ботина олмаслиғини сезар эди. Шундай бўлса ҳам Анвар етти-саккиз ойғача топқанини махдумга бериб, дуосини олиб турди. Лекин махдум шунчалик даромад билан ҳам эски табиъатини бир зарра ўзгартмас, ҳамон эски тос, эски ҳаммом: ҳар кун суюқ ош, худо ёрлақаған кун озодлиқнинг палови, шунда ҳам Анвар кеч келиб совиған ошни ер, уйда иссиғ нон ёпилмас, ҳамиша панжшанба кун йиғилған нон суви қочиб, тарақлаб келаси панжшанбағача кафолатни ўз устига олар эди. Бора-бора Анвар ҳам бу ҳолдан сиқилиб, Нигор ойимнинг кенгашича иш қилмоққа мажбур бўлди. Олтин бериб қуруқ дуо ва миннатдорчилик олишдан, дуосиз еб-ичишни аъло кўрди. Уйга гўшт ва бошқа масаллиғ олиб бериб, хоҳлаған таомини буюриб турди; ўзи яхши кийинганидек, Нигор ойим, Раъноларни ҳам яхши кийинтирди. Нодирда опасиға, жиянларига кийимлар олиб берди; икки тиллони Марғилонда оғриб ётқан Моҳлар ойимға совға-салом қилиб юборди.
Бу ўзгариш махдумни довдиратиб қўйди ва қўрқа-писа «бу ой харожатлабсизми, болам?» деб сўраған эди, «кам-кўстларни тузатиб олдиқ» деган жавобни берди. Иккинчи ойда, кўрпа-ёстиқларни тузатиб, махдумнинг кўзи тўрт бўла бергач, икки тиллолиқ «холис» дуо ҳам олиб қўйди. Лекин махдум бу ҳолдан анча шошқан эди. Бирар шайтон йўлдан оздирдими, деб астағфируллоҳ ўқур эди. Анварнинг эскича очиқ юз билан муомала қилиб фақат «нақдина» важҳидангина дам бўлиб қолиши, топқанини «бемаза» овқатларға, кийим-кечак ва бошқа «беҳуда молояъни[60] »ларга сарф қилиши махдумни кўб тангликка солған эди.
Бўтам Анвар, — деди бир кун махдум, — дунё деган кўб ноёб нарса; кишининг бир куни бўлса йиғлаб-сихтаб ўтиб кета берадир, илло, зар қадрига етиш керак… менда бўлса ўзингда турғандек гап, болам.
Бундай «муассир» насиҳатлар ҳам Анварга кор қилмади. Чунки Нигор ойим ва Раънолар билан бу тўғрида қатъий битишиб қўйған эди. Шу билан бирга махдумнинг ойлиқ вазифасини икки тиллодан ҳам камайтирмади. Инсон ҳар нарсага қобил… бора-бора махдум шунга ҳам қаноат қиладирған бўлиб, ҳисоб-китобни эсидан чиқарди. Бироқ, ой сайин икки тиллони олғанда «қолғани» тўғрисида бир оз юраги ачишиб қўяр эди.

Хоннинг Илтифоти
Девонда расмий мирзо бўлишнинг учинчи йилида Анвар жуда катта эътибор қозонған эди. Айниқса, туркий таҳрирда мирзоларнинг ҳар бирисидан устун: чиройлик услуби, осон таркиб[61] ва ифодаси бор эди. Буни мирзолардан бошлаб сарой шоирлари, сарой муфтилари, бош мунший Муҳаммад Ражаббек, ҳатто хоннинг ўзи ҳам эътироф қилар эдилар.
Худоёр муҳр босиш асноси ёзилған ёрлиғ ва номаларни ўқутиб эшитар, муншийларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзлари орқалиқ тўқуған ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас: «Эналаринг арапқа текканми?» деб мирзо, муфтиларни койир эди[62]. Аммо, Анварнинг ёзған ҳар бир жумласини мусиқий каби роҳатланиб, тушуниб тинглар ва «шу бала бариларинғдан ҳам ўқуғанрақ чиқар!» деб, бошқа мирзоларнинг юрагига ўт ёқар эди.
Муҳаммад Ражаб мунший кейинги кунларда муҳим тазкиралар таҳририни Анварга топширадирған бўлди. Ўзи бирар жойға кетадиган бўлса, девон идорасини Анвар қарамоғиға қолдирар, ҳар бир тўғрида ҳам бошқалардан кўра Анварга ишонар эди. Зеро, Анвар ҳар бир ишни тўғри ва холис адо қилар, вазифасидан ташқари ишларга киришмас, оладирған маошидан ортиқча тамаъга тушмас эди. Бу ўрунда Анварнинг бир хусусиятини атайноқ ёзиб ўтишка бурчлимиз: ўрус истибдод идораси ёнидағи мусулмон қозихоналари ва улардаги мирзоларни ҳар ким хотирлайдир. Ўша мирзоларнинг унар-унмаска «қалам учи» сўрашлари, кичкина ишни улуғлатиб мазана[63] чиқариш ҳаракатлари ҳам бизга маълумдир.
Шу қозихона мирзолари, баайни ҳикоямизнинг мавзуъи бўлған Худоёр саройи муншийларининг кичкина нусхалари эдилар. Хонға ёзиладирған арзи-додлар сарой мирзоларидан ташқарида таҳрир қилинған бўлса, аксар вақт ишка ошмас эди. Яъни четда ёзилған ариза қабул қилинса ҳам ариза эгаси қалам учини бегона қилғани учун аризани хонға ва сармуншийга кўрсатмай, йиртиб ташлар эдилар. Ариза эгаси натижа сўраса, «аризангизни саводсиз киши ёзған экан; жаноб илтифотсиз қолдирдилар» деб саводлиқ кишидан бошқа ариза ёздириб беришка маслаҳат кўрсатар эдилар. Ариза бергучи иккинчи мартаба ҳаражатланиб, сарой мирзоларининг ўзларидан ёздиришға мажбур бўлар эди. Мундан бошқа, бир-бирлари устидан хонға шикоят қилиш, ўз аро битмас адоват ҳам давом этиб, аксар бир-бирларининг тегига сув ҳам қуйиб турар эдилар. Яна аксарият мирзолар хоннинг хуфиялик хизматини ҳам адо қилиб, шахсий адоват ёки хонға яхши кўруниш учун фуқародан нечаларнинг гуноҳсиз қониға чўмилиб, мудҳиш фожиъаларға ҳам сабабчи бўлар эдилар. Шунинг учун халқ айниқса, камбағаллар сарой мирзолариға нафрат билар қарар, улар ёниға яқинлашишдан қўрқар, иложсизликдан икки букулиб салом берар эдилар.
Лекин Анвар таъмани, шайтанатни, адоватни айниқса, хуфияликни билмас, девонда ўзига топширилған вазифанигина адо қилар, алахусус мазлумлар додномасини хонға эшитдиришка ва яхши натижалантиришка тиришар эди. Ул ўзининг шу тўғрилиғи соясида ҳамиша анови мирзоларнинг ишига билоқасд[64] халал бериб, чиришни[65] бузуб турар, ҳам шу ва бошқача сабаблардан уларнинг адоватига яхшиғина ҳадаф[66] ҳам бўлған эди. Бироқ, Анварнинг ҳомийси – Муҳаммад Ражаббек катта эътибор ва нуфузга молик, ҳам хонға инобатлик, шунинг учун мирзолар Анварга қаршиҳеч нарса қилолмас эдилар. Мирзолар орасида Анварга тиш-тирноғи билан қарши бўлған Шаҳодат муфти каби кекса мирзолар яшағанларидек унинг истеъдод ва закосига холис мафтун бўлған Султонали каби мирзолар ҳам бор эдилар.
Шу йўсун тажриба йилидан ташқари беш сана саройда ишлаб келар эдиким, мундан ўн беш кунлар муқаддам сармунший Муҳаммад Ражаб пойгачи бир ҳафтагина оғриб, вафот этди. Анвар ўзига самимий меҳрибон бўлған бир кишидан айрилди. Неча йиллардан бери Муҳаммад Ражаббекнинг ўлумини ёки бошқача бир фалокатини кутиб, ундан сўнг бош муншийликка ўзини чоғлаб юрған Шаҳодат муфти хизмат билан қишлоққа чиқиб кетканлиги учун, муваққат равишда бош муншийлик вазифасини Анвар адо қила бошлади. Ва шу бир неча кун ичида Анварнинг бош мунший бўлиш шойиъаси юриб қолдиким, ҳозирга бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш қийиндир. Чунки бу мансабга интилгучи казо ва казолар, шоир ва фузалолар кўбдир.

Анварнинг Андишаси
Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди. Ҳар замон титраб, учиб кетишка ҳозир турған бошидағи сариғ атлас парчасини (рўймолни) бир қўли билан босиб ушлага эди. Анвар Раънони шу ҳолда кўриб, суфа ёнидағи очилған гуллар устида тўхтади. Раъно келар экан, ўпкалик кўз билан Анварга кулимсиб қарар эди. Келиб суфа лабида турған бўш лаганларга тақилди.
— Бу кунги меҳмондорчилиғимиздан рози бўлған ўхшайсиз, Анвар ака, — деди қайрилиб Раъно.
— Жуда рози бўлдим, — деди Анвар ва Раънонинг ёниға келди, — айниқса, сенинг қўлинг билан тугилган мантилардан жуда мамнун бўлдим, Раъно.
Раъно лаганлардан қўлини олиб, тирсаги билан суфага суянди:
— Маним қўлим билан тугилган мантиларни қаёқдан билдингиз?
— Қаёқдан билдингиз? – деб Анвар кулди, қўлида бир дона қашқар гули бор эди, — айниқса, сенинг қўлинг нимага теккан бўлса, мен ўшани даррав сезаман.
— Мен туккан мантилар қандай экан?
— Танимайди дейсанми?
— Танимайсиз.
— Чоклари диққат билан чимтилган, тўрт бурчаги иккига қовиштирилған, дўндиқ… танимайди, деб ўйлайсанми? Мен нуқул сен туккан мантиларни танлаб едим…
— Мазалиқ эканми?
— Мазалиқ нима деган сўз, — деди Анвар, — мана шу қашқарнинг қизил гули ёдингдами, биз бу гулни келтириб ўтқузған йилимиз пушти ранглик бўлиб очилған эди. Икки йил ўтмай қизил туска кирди. Биласанми бу нимадан?
Раъно Анварнинг жиддий қилиб берган бу саволига тушунмади:
— Офтоб қизартирғандир.
— Янглишасан, Раъно, — деди Анвар, — мен бу гулнинг қизариш сиррини ҳам биламан, бунинг қизаришиға ҳам сен сабаб, сенинг қип-қизил лабинг…
— Ҳазилни қўйинг, — деди шу гулдек қизарған Раъно, — Шаҳид семиз нима учун келган экан, сизни мирзабоши қилмоқчилар шекиллик?
— Бу гапни қўй, Раъно, ишонмасанг ойнаға қара, сенинг лабинг билан шу қизил гул ранги орасида фарқ борми, мана қара?..
Анвар томонидан лабига тегизилган гулда Раъно ўзини олиб қочди:
— Ҳазил ўлсин… Сизни мирзабоши қилмоқчиларми?
— Мени ҳар бало қилмоқчилар… Лекин бўлмаған сўз.
— Нега бўлмаған сўз, шаҳарга овоза бўлған эмиш-ку?
Анвар орқаси билан сакраб суфа лабига оёқ солинтириб ўлтурди. Раъно бояғидча унинг ёнида суфага суянди.
— Овоза ҳақиқат эмасдир.
— Шамол бўлмаса, теракнинг боши қимирламас эмиш. Балки сизни мирзабоши таъйин қилурлар.
— Мени мирзабоши, таъйин қилсалар яхшими, Раъно?
— Яхшими, ёмонми, мен қайдан билай?
— Ёмон, Раъно.
— Нега ёмон?
— Ифлос иш. Агар бошқа касб топсам, ўрдани бутунлай ташлаб кетар эдим.
— Ифлос иш?.. Сизнинг бек поччангиз ҳам шу хизматни қилар эди-ку?
— Мен бек почча бўлолмайман, Раъно. Ўрдадағи тўкулиб турған гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турған оҳу зорлар маним юрагимни эзадир, тинчлиғимни оладир. Яна мен мирзобоши бўлиб қолсам бу оҳу зорларнинг, тўкилган маъсум қонларнинг ичида билфеъл[67] сузарман. Бу вақт маним азобим бевосита бўлур. Балки бунда иштирок ҳам қиларман. Чунки хонға яхши кўруниш учун кўб ишларни унинг истагича кўрсатиш, зулм пичоғини қайраб бериш, шу мансабда узоқ яшамоғимнинг асос шартидир. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яратилмаған ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замирига яширинған зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маънолариға малҳам бўлиш, албатта маним қўлимдан келмас. Чунки «соябони марҳамат» виждон кенгашига қулоқ соғучи «аҳмоқ»лардан эмасдир.
Дадангнинг феъли сенга маълум, Раъно. дунёда «манфаат»дан бошқани кўрмайдир. Маним нима учун бу мансабдан қочқанлиғимнинг фарқиға бормай, «куфрони неъмат қиласан, ойиға фалон тилло» деб дафъатан қўрқоқлиғимға ҳукм чиқарадир. Дадангга бояғи узрларни кўрсатиш тошнинг қулоғиға азон айтиш билан бир бўлғани учун сукут қилдим. Агар орада бир киши бўлмаса эди, гарчи, бош мирзолиқ ҳозир бир хаёл эрсада, ўшанда ҳам шу овозаға бўйин сунмас эдим, Раъно.
Раъно Анварнинг кўзига тўғри тикилиб, сўзни тинглади. Унинг тусида Анварга ачиниш вазияти бор эди:
— Яхши ният билан мирзолиқни қабул қилсангиз, — деди, — аҳолидан ёрдам қўлингизни йиғмасангиз, шу ҳолда барча гуноҳ сизнинг бўйнингиздан соқит бўладир, Анвар ака.
— Тўғри, — деди Анвар, — лекин гап бунда эмас, Раъно, мен шундай бўлишини тилар эдим. Бошқалар мен тилаганча қилмайдилар, биноан алайҳи, масъулият маним бўйнимдан соқит бўлди, деб тинчланиш мумкин эмасдир. Сен тамоман бошқача тушунган бир масала, сенинг ҳаракатинг ва истагинг аксича натижаланиб турса, руҳар эзиласан, виждонан азобланасан. Мана, асли мушкилот шу нуқтададир. Йўқса гардандан соқит қилиб қўйиш ҳар нарсадан ҳам қулай вазифа, аммо маънавий мағлубият оғир масала, Раъно.
Раъно Анварнинг мақсадиға тушунди шекиллик, бир неча вақт жим қолди ва қаршисидағи йигитнинг ўйчан юзига бир-икки қараб олди.
— Демак, мирзобошилиқни қабул қилмайсиз?
— Агар топширсалар, қабул қиламан.
— Шунчалик мушкилот ичида?
— Чунки отанг буни мендан талаб қиладир.
— Отамнинг қандай бийлиги бор?
Маъсум бу саволдан сўнг Анвар энтикиб қўйди ва Раънони бир фурсат кўздан кечириб турди:
— Жуда катта бийлиги бор, — деб яна энтикди.
Раъно қайтиб сўрамади. Гўё ул ҳам бундаги бийликка тушунган эди. Секингина лаганларга қўлини юбориб, Анварга бўштоброқ қаради:
— Чой ичасизми?
— Кейинроқ ичаман.
Раъно лаганларни кўтариб жўнади. Атлас кўйлак ичида тўлқинланиб кўринган унинг латиф гавдаси алҳол Анварнинг кўз ҳадафи эди.
— Мен хуфтанга чиқмайман, Раъно!
Раъно ярим йўлда тўхтаб, кулимсираган ҳолда Анварга қаради:
— Чиқарман! – деди.

Жиловхонада Бир Жанжал
Аср намози учун масжид жиловхонасиға энди уч киши йиғилған эди. Жиловхонанинг тўрида ўлтурган қора тўнлик, ўттуз ёшлар чамасида рангсиз ва ёшлиғига қарамасдан қуюқ соқолини баҳайбат ўстуриб, бир бурдагина юзига от тўрба осқан каби бир киши эди. Унинг ёнида бўз яхтак боғичини осилтириб, хандаландек бўқоғи билан ўнг томоғини зийнатлаган ўрта яшар яна бир «ҳусни Юсуф» кўринар эди. Унинг қаторида ошловдек чозуқ юзлик, оқ бўз кўйлаги ердан тўрт эллик кўтарилиб, бўз салласи гардани аралаш ўралған учунчи нозанин ўлтурар эди.
Булардан биринчи муҳтарам шу масжиднинг ёш имом ва хатиби Абдураҳмон домла жаноблари бўлиб, иккинчиси маҳалланинг ширин сўз ғийбатчиларидан Самад бўқоқ, учунчиси масжиднинг муаззини Шукур сўфи эди. Самад бўқоқ билан Шукур сўфи имом афандининг мулойимона, ҳам битта-битта айни мақомиға чертиб ва қатор териб борған сўзига сомиъ эдилар:
Ўрда ичида шунчалик оқил ва донолар тўлиб ётқан бир фурсатда, таҳсил кўрмаган, нодон бир гўдакка бундай улуғ бир бир вазифа, валлоҳи аълам топширилмас деб ўйлайман. Бу вазифани уҳда қилмоқ учун кўб гап керак. Аввало ақли солим, сониян, таҳсили том лозим, ваҳоланки, сиз айткан йигит ўткан саналар Солиҳ махдумда савод ўқуб, биздан ҳижжа ўрганиб юрар эди. Баҳарҳол бу хабарга ақл бовар қилмайдир…
— Ҳа-а, тақсир, — деди Самад бўқоқ ва Шукур сўфини тирсаги билан туртти, — бу бала киму, ўрдаға мирзабошилиқ ким. Замонанинг зайли минан, бояғидек Мамаражаб мирзабошининг ярдамида ўрдаға киришиб қоған-да… бояғидек оппоққина бўлса Мамаражаб ўз ёниға оған-да…
Имом бўқоқнинг сўзини тинглаган ҳолда, икки кўзини ерга қаратқан эди.
— Юртнинг сўзига қараб айтаяпман-да, — деди Шукур сўфи, енгилга оҳангда, — ҳарчи бир неча кундан бери катта-кичикнинг оғзида шу гап.
— Кўбчиликнинг оғзини тикиб бўлардима, сўфа.
Самад бўқоқнинг бу сўнгғи ғийқиллашида томоғи остидағи йўғон томирлари туртиб чиқди. Имом ҳамон икки кўзи ерда бўлғани ҳолда кичкина бошини қимирлатди:
— Ўрдадан бирар киши масхара учун хабар тарқатқандир.
— Ҳа-а, тақсир.
Шу ҳолда жиловхонаға тўртинчи киши кириб келди. Буниси жиккак, қирқ билан эллийнинг ораси, елкаси туртиб чиқған Сафар бўзчи исмлик эди. Имомга салом бериб, сўфининг ёниға ўлтурди ва сўзга бир оз қулоқ солғач, тушунар-тушунмас баҳска аралашиб қолди.
— Иншоолло, шу йигит мирзабоши бўлар, — деди Сафар бўзчи суҳбатнинг руҳини билмаган ҳолда, — ўзи ажаб зукко йигит, фуқоропарвар бола: бўғани маъқул, а, лаббай, тақсир?
Имом ерга қараған ҳолда бошини қимирлатиб қўйди. Самад бўқоқ хўмрайиб Сафар бўзчиға қаради:
— Э, акиллай берасанда, Сафар, — деди бўқоқ, — биз нима деяпбиз-ку сен нима деяпсан.
— Хўш, нима деяпсанлар?
— Овоза гап деяпмиза, мирзабошилиққа катта милла керак деяпмиз-а.
— У милла эмас эканми?
— Милла бўлса ҳам, хашаки миллалардан-да.
— Ашунга қоғанда чалғибсан, Самад, — деди Сафар бўзчи, — хат битишка келганда қўявур, камбағалга қайишқанини кўрсанг, ҳа, бўлди дейсан.
— Занталағинг кимга қайиша қопти?
— Ҳаммага, ҳаммага, — деди Сафар, — мени ўзимга ҳам ёрдам қилди-да, яшағуринг.
— Ҳа-а, хўш?
— Бултур ана шу кезда, — деди Сафар энгашинқираб, — бозорға саккизта бўз олиб тушкан эдим. Бирарта мушкит иғво қилдими закотчининг томоғи тақилладими, ҳарчи фалакат, қўлтуғимдағи бўзни ёппа олди, қўйди; «отанг яхши, онанг яхши, косибман, савдогар бўлсам уйим куйсин»…
Асти қўйса-чи… Бир йиллик закотинг деб кўтарди кетти. Қўлингдан нима келади, Самад. Хафалигим ошиб, уйга қуруқ қайтдим. Майда-чуйда кутиб ўлтурган бола-чақанинг қути учти. Мол кетти – жон кетти, ишка ҳам қўлим бормайди. Энди бўлар иш бўлған десанг юрак ачийди, дастмоя ҳам ғалтакка чиқадиған. Арза-парза биттирсамми дейман. Кўчада унга-бунга кенгаш солсам, арзанг маъқул дейишди. Шу яқинда, ўзи ўрдада турадиған бир арзачи бор эмиш. Кеткан устига кеткан деб дўкон теги яримта бўз бор экан, қўлтуғимға тиқиб олдим. Ана шу тобларда сўроғлаб арзачи мирзоникига борсам, ҳозир ўрдадан келиб, энди тўнини ешиб турған экан. Ёш, навқирон йигит, «салом, алик», «ҳорма», «бор бўл». «Шундай, шундай гап; бир парча арза биттирсам, деб келган эдим». Ўрдалиққа гап уқдириш қиёматдан кейин, тақсир. Лекин бу йигитда гаврлик[68] сиёқи йўқ. Шукур сўфи. Гапка қониб олиб, қулоқ қоқмай «хўб». Арзанинг бир ерига закотчининг оти тушар экан, неча қайта сўраса ҳам билмадим, ундан кейин афти башарасини уқдириб эдим, тусмоллаб биттасини ёзди, чоғи. «Eнди кета беринг, арзани ўзим топшираман» дейди. Жавобини ҳам икки кундан кейин ўзидан олар эмишман…
— Манави осонлиқни қаранг, тақсир. Дуо қилиб қалам учисига бўзни бердим, олмайди. «Ёпирай, озсиндиёв, қурғур» деб қўрқдим. «Арза ўрунласа яна хизмат қилармиз, мирзабоши». Яна йўқ, «тоза фалакат бости» деб турсам, «арзага ҳақ олмайман, бўзингни олиб кетавур» – дегани экан. Барака топқурни қаранг, тақсир. А, шундақа одам ҳам бўладими, Самад оға. «Олтин олмасанг, дуо ол» деб қўлимни очтим. Ҳа, энди буни қўявуринг. Эртаси кечқурун гула тўғрилаб ўлтурсам эшикни бирав тақиллатади. «Ҳа, келавуринг». Дўконхонага бўз қўлтуқлаған бир киши кирди.
— Сафарбой сизми?
— Ҳа, биз.
— Арза берганмидингиз?
— Берган эдим.
— Отангизнинг оти нима?
— Маматбой.
Қўлтуғидағи бўзни олдимға ташлади. Худда кечаги бўзларим; таппа-тақ саккизта.
— Бўзларингизни олдингиз-а?
— Ҳа, олдим.
— Хайр.
— Хўш.
— Бу яхшилиқ арзадан ҳам бурун мирзабошидан бўлди, деб ўйладим. Балаларнинг кенгаши билан икки бўзни кўтариб шом пайтида мирзанинг уйига бордим. Чақирдим, чиқди. Миннатдорчилик билан икки бўзни узатдим; асти олса-чи. «Яхтакка бўзим бор, кетавуринг», дейди. «Сотиб, пулини берайми», десам «пулим ҳам кўб» дейди. Ақалли биттасини ҳам олмади. Яна дуо қилиб бўз билан қайтдим. Фаришта ҳам шунчалик бўлар, деб ўйлаб қолдим, Шукур сўфи! А, шундай йигит мирзабоши бўлмай ким бўлсин, Самадбой! Кўбни дуоси кўл деганлар; ишонмасанглар, ана тақсиримдан сўранглар!
Ҳикояни эшитиш асноси имомда бир ғижиниш вазияти бор эди. Ҳикоя биткач, заҳарханда билан Самад бўқоққа қаради, дами кесилаёзған бўқоқ бундан руҳланди.
— Ёлғонни ҳам ямламай ютадиған бўлилбсан-да, Сафар, — деди бўқоқ.
Сафар бўзчи тўсиндан ўзариб кетди. Рангиўчинқиради:
— Азбаройи худо, қасамми?
— Иккита бўзни икки қўллаб оборсанг, — деди Самад бўқоқ, — қайси аҳмоқ олмай қайтарар экан? Ёлғонни сал киши ишонадиған қилиб гапириш керак, Сафар!
— Азбаройи худо, олмади! — деди Сафар ва асабийлашиб ўрнидан туриб кетди, — шу каъбатуллонинг ичида ўлтуриб ёлғон гапирган одам мусурмон эмас, кишининг қасамиға ошонмаған ҳам етти мазҳабда мўмин эмас!
Сафар аканинг азтахидил аччиғланғанини сезган имом ораға тушти:
— Бундай яхшилиқни ҳар ким ҳам қила оладир, Сафар ака, — деди, — шунинг учун мирзобошининг сизга қилған яхшилиғиға мен ишондим. Аммо бизнинг баҳсимиз унинг бева-бечорага қилған яхшилиғи тўғрисида бўлмай, бу одам ўрдадағи мирзоларға бошлиқ бўла оладирми, яъни ўшандоғ катта ишнинг уҳдасидан чиқадирми, устидадир.
— Баракалла, тақсир, — деди Сафар бўзчи турған еридан, — менга қолса, иншоолло, уҳдасидан чиқади!
Имом Сафар бўзчиға тушуна олмай, бир оз тикилиб турғандан кейин сўради:
— Унинг уҳда қилишини сиз қаёқдан биласиз?
— Худой билдирса, биламан-да тақсир?
— Хўш?
— Ахир, кўбчиликнинг дуоси кўл-да, тақсир!
— Кўбчиликнинг дуоси кўл бўлса яхши, — деди имом, — аммо бу хизматка унинг илми кофийми?
— Ковфий, тақсир, ковфий!
— Ахир, сиз кофийлигини қаёқдан биласиз?
— Ахир… ковфий эмаслигини сиз ҳам қаёқдан биласиз, тақсир.
— Кофий эмаслигини мен шундан биламанки, — деди имом аччиғини ичига ютқан ҳолда, — бундай мансабга минадирган киши Бухоройи шарифда таҳсил кўрмаганда ҳам лоақал Хўқанд мадрасаларида ўқуған бўлиши керак, аммо сизнинг мирзобошингиз саводхонлиқдан бошқани билмайдир.
— Билмаганини сиз қаёқдан биласиз, тақсир?
— Чунки мен уни ўз қўлимда ўқутқанман… бир ятим бола эди.
— Худонинг бериши, тақсир, — деди Сафар, ўйлаб-нетиб турмай, — жанобингиз Бухоройи шарифда неча йил ўқуб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз… Худой бермаса шундай, тақсир. Ул бўлса мадраса кўрмасдан мирзаларнинг мирзаси бўлмоқчи; худой берса шундай, тақсир.
Сафар бўзчининг бу сўзидан имомнинг қонсиз ранги яна қонсизланған, оламинчоқ кўзи алланучка ҳолатка кирган эди.
— Аблаҳ одам экансан! – деди.
— Сиз ҳам аҳмоқ мулла экансиз! – деди Сафар бўзчи.
Имом ғазаби билан ўрнидан туриб Сафар бўзчиға хезланған эди, уни Самад бўқоқ ушлаб қолди.
— Падар лаънат, адабсиз! – деди Самад, — домлаға шундай сўзни айтасанми-я?
Сафар бўзчи турған ўриндан силжимади:
— Чўзма кекиртагингни, бўқоқ, — деди, қани қўйиб бер-чи тақсирингни, ёқалашсин-чи мен минан! Андишанинг отини қўрқоқ қўйдингми?
Шукур сўфи ўрнида бақа бўлиб қолған, имом бўлса гўё ҳужум қилмоқчидек Самад бўқоқни итарар эди. Самад бўқоқ ғийбатдан бошқа ишка ярамағани учун, имомнинг ёрдамиға етиш чамаси йўқ эди.
— Шу адабсизлиғинг билан, — деди Саман насиҳатомуз, — яна домланинг орқасида намоз ўқуйсанми, Сафар, а!
— Ўқумасам қутиламанми сенлардан!
— Ўқумасанг бор, жўна!!!
— Ҳе… — деб сўкинди Сафар бўзчи ва жиловхонадан чиқиб жўнади. Унинг орқасича «падар лаънат жоҳил» деди имом ва илгариги ўрниға борди. Бир неча вақт учавлари ҳам сўзсиз ўлтурдилар.
— Бир ит-да, тақсир, хафа бўлманг.
Имом жавоб бермади. Яна бир неча киши келиб қўшилғач, Шукур сўфи мезанага чиқиб азон айтди. Асрни ўқуш учун масжидга кирдилар.

Ифлос Бир Мозий
Имомнинг таъби жуда сустланди. Шом ва хуфтан асноларида ҳам ҳеч ким билан сўзлашмади. Сафар бўзчининг «Бухоройи шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз. Худой бермаса шундай бўлади, тақсир» деган сўзи заҳарли ханжар каби унинг юрагида янгидан-янги жароҳат очар эди.
Дарҳақиқат, Сафарнинг бу сўзи имомнинг эски жароҳатини мудҳиш тузлаб ташлади. Бу жароҳат шу кунгача ичдангина фасодланиб юрған бўлса, бу кун Сафар бўзчи каби бир «бемаъни» бу ярани раҳмсиз суратда ёриб юборди. Самад бўқоқ ва Шукур сўфи каби бемазалар олдида имомнинг ўбрўсини тўкди. Бу бир ёқдан. Иккинчи тарафдан Сафарнинг «ул бўлса, мадраса кўрмасдан мирзоларнинг мирзоси бўлмоқчи…» жумласи яна дард устига чипқон. Яъни имомнинг ҳасад ўти тўрт томондан пуфланди, гўё ул икки олов ўртасида қолғандек бўлди.
Анварнинг бош муншийликка ярамайдирғанлиғини, илмсиз, фазлсизлигини нега бунча исбот қилишға тиришди? Сафар бўзчи каби бир «аблаҳ» билан баҳслашиб, ўзига нега бунча хафалик орттирди? Гарчи, Анварга холис қиймат бермакчи бўлғанида ҳам буни Сафар каби илмсиз, нодон бир кишига тушундирмоқ учун қандай ҳожат бор эди? Бунинг сабабини сўзлашдан илгари имом афандининг ўткан тарихиға бир оз кўз ташлаб олишға мажбурмиз. Чунки бусиз ўқуғучимизни таъмин қилиш мумкин эмасдир.
Ҳозирғи имомимиз – мулла Абдураҳмон мундан йигирма йиллар муқаддам, қисқағина, аҳамиятсизғина «Раҳмон» исми билан аталар эди. Абдураҳмоннинг отаси уламо наслидан, аммо бу шараф нима сабаб биландир, унинг отасиға насиб бўлмаған, бироқ Абдураҳмоннинг амаклари ота касбини ушлаб таҳсил кўрган жойлари Бухорода катта мударрислардан саналар эдилар. Абдураҳмон ёш бола экан, отаси ўлиб, онаси ва ота томонлари тарбиясида қолди. Ўн беш ёшларғача Солиҳ махдум мактабида савод ўқуғач, мударрис амакларидан Бухорои шарифка келиб таҳсил қилишға даъват хати олди.
Хатда Абдураҳмоннинг бобо касблари уламолиқ эканини, шунинг учун бошқа касбларга уриниб умрини зоеъ қилиш абаслиги[69], ўз тарбияларида таҳсил кўриш лузуми сўзланар эди. Бу даъват Абдураҳмоннинг онасиға ва бошқа яқинлариға жуда маъқул тушиб, уни Бухороға жўнатиш қарориға келдилар. Абдураҳмон ҳам истиқболдағи мударрис, муфтилик ширин хаёллари ичида Бухороға сафар қилди.
Катта амак Бухоронинг «Хўжа Порсо» мадрасасининг мударриси бўлиб, Абдураҳмон шу кишининг тарбиясига келган эди. Абдураҳмон силлиққина бола, мадраса муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч… Шунга биноан домла мударрис гарчи мадрасадан ҳужра бериш мумкин бўлса ҳам мазкур ишончсизлиқ мажбуриятида Абдураҳмонни ўз меҳмонхонасиға жойлаштирди. Шу ҳолда Абдураҳмон таҳсил бошлади.
Домла мударрис «замона бузуқлиғини» назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисида жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу «маҳрам» балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна «замона бузуқлиғи»дан шикоят қилишлари ўша вақтлардағи «мадраса мантиқи»ға ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми «фавқалодда», ўзи «варасатул-анбиё»[70] саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ ҳайвонликни қиладирған бўлса: «Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!»
Шу йўсун домла мударрис буродарзодасини яхши эҳтиёт билан, ҳатто шомдан кейин дарбозага қулф солиб тарбия қилар, мадрасадаги оти ёмонға йиртилган хоҳ ёш, хоҳ кекса умуман, талабалар мажлисига яқинлашдирмас эди.
Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса – елкадан, қўлдан сув очмаса – оёқсан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига[71] шу касал сироят[72] қилмай қолмайдир. Домла мударрис буродарзодасини мадраса муллабаччаларидан ҳар қанча эҳтиёт қилса ҳам, яна амният[73] остида эмас эди. Мадрасадан ташқарида ҳам Абдураҳмонни кўз остиға олғучи «муллабаччалар» йўқ эмас эдилар, масала четларнинг кўз олайтиришиға етканда, табиъий, домла мударриснинг қўлидан ҳеч иш келмай қолди.
Домла назоратни эскича давом этдириб, хотиржамъ юрғанда бир неча жувонбоз савдогарлар Абдураҳмон билан алоқа қилиб қўйған эдилар. Домла мударрис эрта-кеч Абдураҳмонни кўз ўнгидан юбормас, хуфтандан кейин дарбозага қулф солар, Абдураҳмонни меҳмонхонада ётқузиб, сўнгра ўзи ичкарига ухлағали кирар; зиёфатка бориладирған бўлса, ўзи билан бирга олиб юрар эди. Яна шу ҳолда Абдураҳмонни қандай қилиб буза олсинлар? Тассуф, бузған эдилар. Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси «Абдураҳмонча»ни йўлдан оздирған эдилар.
Домла мударрис хотиржамъ ичкарига ухлағали киргандан кейин меҳмонхонанинг кўча томон даричасига кичкина бир кесак тиқ этиб тегар, гўё ешиниб ётқан Абдураҳмонча бу ишорадан сўнг туриб кийинар ва секингина даричани очар эшик очилған кўчадан бир ўрим арқон тўп этиб меҳмонхонаға ташланар эди. Абдураҳмонча арқоннинг бир учини меҳмонхонанинг дарчасига боғлаб, иккинчи учига ўзи осилиб кўчага тушар, арқонни бўй етарлик қилиб яширғач, нарида кутиб ўлтурган «одам ўғриси» билан бирга базм ўрниға жўнар эди. У ерда бўлса беш-ўн «ошиқлар» Абдураҳмончани келиши он билиттифоқ «Бухоро амирлиги»га кўтариб, амру фармониға итоат қилурлар:
«Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай![74]» каби мадҳу саноларга «Абдураҳмонча» ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб «табаррук» қилар; дутор, танбурга йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан «ошиқлар»ни раҳмсиз чамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирда… Қисқаси бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди.
Уч йилгача шу йўсун «ошиқлар» кўнглини овлаб келиб, бир кун сир очилиб қолди. Домла мударрис бу номуска чидалмай Абдураҳмонни ўз уйидан қувлади. Абдураҳмон тавба қилиб, домла мударрисдан лоақал мадрасада туришни сўради. Восита-васоит билан изн ҳосил қилиб, мадрасада истиқомат қила бошлади. Энди ишрат навбати мадраса жигар сўхталарига[75]… Икки йил чамаси мадраса афроди[76] орасида чандир каби саккиз тарафдан тишланиб юрғандан кейин соқол-мурти чиқиб ҳусн сармояси заволга юз тутди ва кундан-кун «бозор касодланиб» харидор озайди. Абдураҳмон уч йил бўйи савдогарлар орасида «ахлоқ тузаткан» бўлса, яна икки йил мадрасада туриб тузалган ахлоқни «камолотка» эришдирди. Шунинг учун анвўи эркаликка, неча хил мукайифотка, ранг-баранг «иззат, ҳурматка» ўрганган кўнгли бу харидорсизлик балосиға туз сепкан ярадек ачир эди. Кўбни кўрган бу кичик бош баъзи уят найрангларга ҳам уриниб кўрар, масалан «вақтсиз чиққан» соқол-муртларини мўйчинак билан териб, ҳар кун ўн қайта ойнага қарар, янги харидор топиш мақсадида кун сайин бозор-раста, кўй-гузарлар сайрига чиқар эди…
Маълумдирким, дўндиқчалар аввало оқчаси кўб, бел оғриғи кўрмаган бойларға насиб бўлурлар. Улар зерикиб ташлағач, ўрта ҳол «ташна»лар домиға тушарлар. Соқол-мурти чиқиб давангиликдан[77] хабар келгач, уcунчи табақа, яъни бўйи йўғон, ғўлабурлар истифодасига кечарлар. Шунга ўхшаш бизнинг Абдураҳмон ҳам мўйчинак ушлаган даврида шу учунчи табақа – чойхонанишин, тавкаргир[78] ва бобойи банглар орасидан ўзига замин топди. Унинг бу учунчи давридаги аҳволини ёзишға қалам маъзурдир. Шу йўсун бу кейинги табақа орасида ҳам уч йил чамаси иш кўргач, ажойиб бир дунёдийда, мисли озшалоқ, ҳамма шароитлари билан мадрасалик бир безори ва чапан ҳолда баччалик даври билан видўлашди. Чунки, башара нонға чумоли ёпишқандек соқол-мурт билан тўлиб, мўйчинакка сўз берарлик бўлмади.

Хушёрлиқ
Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ойлар ниҳоятда руҳсиз, кайфсиз ва дарсига ҳам ҳавсаласиз давом этиб юрди. Гўё бу кунларда бениҳоят ичкулукдан сўнг бош оғриғи даврини кечирар эди. Шу йўсун кўб вақт руҳий хасталиқ кечириб кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни «Ақоид»нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди.
Юқоридағи руҳ тушиш даврида ул мозийсидағи каби эркалик, амру фармон ва шуҳрат учун қайғирган, кўб бош оғритиб эндиги шуҳратни мўйчинак истеъмоли билан эмас, балки ақоид, шарҳ ва ҳавоший[79] воситасида топмоқчи бўлған, яъни фарди ғоясиға[80] диний олимлиқ либосини кийдириш фикрига келган эди. Беш йил «ғоя» учун қаттиғ берилиб, рутубатлик ҳужрада захлаб, саломатлиги учун умр бўйи аримайдирған ориғлиқ, рангсизлик ортдириб йигирма саккиз ёшида «хатми кутуб» қилишға муваффақ бўлди. Беш йиллиқ ўзгаришдан сўнг домла мударрис Абдураҳмоннинг эски гуноҳларини кечирган эди. Ўз ёнидан бир мунча сарф этиб, Абдураҳмон учун хатм тўйи қилиб берди.
Мулла Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар эди. Кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турған уламолиқ шуҳратига; муфтилик, қози ва аъламлик мансабига ошиқинар эди. Унинг фикрича, Қўқондағи қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар.
Шу йўсун ошиқлар ёр васлига ошиққандек мулла Абдураҳмон ҳам ўз шаҳрига елиб-югуриб етди. Ул ўйлағанча истиқболға бутун Қўқон кўчиб чиқмаса ҳам, қариндош-уруғдан уч-тўрт киши, маҳалла кексаларидан иккита савобталаб чол дарбоза ёнида кутиб олдилар. Бу соддача истиқбол қилиниш Абдураҳмоннинг Бухорода туриб қилған ширин хаёлиға биринчи зарба эди. Уйига бориб тушти. Бир неча кунгача фотиҳахонлиқ, ҳордиқ чиқариш маросимлари давом этди. Лекин бундан ҳам қаноатлана олмади, билъакс, жини отланди. Чунки зиёрат қилғучиларнинг аксариси мертуқ-сертуқ қавму қариндошлар, узоқ-яқин кўз таниш мадраса талабалари ва бир неча маҳалла имомлари бўлиб, ул куткан асосий моялар[81], яъни мударрис, пешволар, муфти-уламолар ва бекбекзодалар, бообрў ашроф ва боёнлар зиёратчилар орасида ақалли кўз оғриғи учун ҳам кўринмадилар. Бу иккинчи зарба эди.
Зиёрат қилишға «қўли тегмаган» баъзилар узр мақомида ўз уйларига «махсус зиёфат» билан чақирарлар, деб кутди. Бахтка қарши, бу умид ҳам бўш чиқди. Бир неча қариндошларнинг титраб-қахшаб қилған зиёфатлари билан «уйдан уйга ўтиб неъматлар ичида сузиб юриш» хаёли ҳам «бир хаёл» бўлиб қолди. Бу учунчи зарба эди.
Бир ой ўтмай қавму қариндошларнинг-да зиёфатлари ниҳоятига етиб, бева онасининг туппасига қаноат этишка мажбур бўлиб қолди. Бухорода ўйлағанча бирар мадрасанинг мударрислиги ёки бу топилмағанда мукаррирлигигина эмас, ҳатто нариги маҳалланинг имоматини олиш ҳам қийин келди. Ўзидан икки маҳалла нарида бўлған ҳозирғи масжид имоматига таъйин қилмоқчи бўлған эдилар, бунга ҳам мониъ чиқди; мулла Абдураҳмон алҳол суннатни бажо келтирмаган, яъни, уйланмай, тарки суннат қилған кишининг имоматида нуқс бор, дейишиб, маҳалладаги баъзи тақводорлар эътироз қилдилар. Шундан кейин бир неча ёр-дўстлар, тўй чиқимини ўзаро устларига олишиб, уни уйландириш фикрига туштилар. Бухородағи «хаёллар» зеру забар[82] бўлған ҳолда, мулла Абдураҳмон уйланиш шарти билан ҳалиги маҳалла имоматига ўтди. Ҳозир шунчалик паст ишка ҳам бўйин эгиш зарурати бор эди…
Мулла Абдураҳмоннинг совчилари ибтадаан[83] Солиҳ махдумнинг қизи – Раъно учун бордилар. Чунки Раънонинг ҳусни бу даҳада машҳур, ундан кейин Абдураҳмоннинг ўзи Солиҳ махдумда савод ўқуб юрған фурсатда ёш Раънони кўрган, учунчидан – ёш олим кекса домланинг қизига уйланса яна бир ҳусн бўлар эди. Айниқса, мулла Абдураҳмон ҳануз Раънонинг эрга берилмаганлиги хабарини эшиткач, бу тасодифни истиқболининг хайрлик фоллари сирасига киритди. Раъно бу ўн йил ичида яна етилган бўлса керак, деб тўйни кутмаёқ унинг хаёлий сиймосини қучоқлай бошлади. Мактабдор домлаларға қарағанда ўз илм ва мартабасини аллақанча юқори қўйғанлиқдан, Солиҳ махдумнинг қулоқ қоқмай домод қилишиға ишонар ва бу кунми, эртами, Раънони чиндан оғуш этиш учун ошиқар эди. Лекин тақдир бунда ҳам уни алдади. Совчилар Нигор ойимдан бўлмаған узрни олиб келдилар: «Қизлари ҳали ёш эмиш, энди ўн икки ёшқа кирган эмиш…»
Мулла Абдураҳмон хотинлар сўзига ишонмай Солиҳ махдумнинг ўз олдиға маҳалладан бир-иккита кексани совчи қилиб юборди. Бу совчилар ҳам яна аччиғроқ жавоб билан келдилар. «Солиҳ махдум қизини ўрдада мирзолик қиладирған Анвар исмлик бир йигитка фотиҳа ўқуб қўйған экан. Фотиҳа қилмағанда, албатта сизга берар экан, кўб афсус чекти».
Бу жавобдан кейин Абдураҳмоннинг дами ичига тушиб, ўз тақдириға лаънат ўқуди. Аммо кўнглида Раънони оладирған Анвар исмлик йигитка қарши бир кек туғилди. Бу жавоб чиндан тўғрими, найранги йўқми, деб ўрдада хизмат қиладирған Анвар отлиқ мирзони сўраштирди. Тўғрилиғини билиш устига ҳатто бу Анварни кимлигини ҳам хотирлади: ўзи Бухороға кетар олдида Солиҳ махдумнинг мактабида ўқуб юрған ўша ятим бола эмиш. Уч-тўрт йиллардан бери ўрдада мирзолиқ қилиб, неча тилло моҳона олар эмиш… Бу сўраштириб билишдан кейин Абдураҳмоннинг ичи яна ёниб кетди; Бухорода хатми кутуб қилиб келган бир «олим», ақалли бир маҳалла имоматига хархашасиз ўталмасин-да, унинг харом тукига арзимаган бир бесавод ятим ва баднажот исқирт ўрдадан фалон тилло вазифадор бўлсин ва шу туфайлда Раъно каби бир қизни ҳам ўзиники қилсин: бу айниқса киши чидарлик гап эмас эди…
Мулла Абдураҳмон бутун камолатини ишка қўйиб, имомат ва хатибликка шуруъ[84] қилди. Ҳар кун қавмлариған амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар хафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди. Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб, ҳатто унинг амри маъруфини тинглаш учун жумъа кунлари чет маҳаллалардан оғиб, кишилар кела бошладилар.
Бу муваффақиятдан чатнаёзған мулла Абдураҳмон кучангандан кучанар, айниқса, орада хонға тегишлик ҳукуматдор бекларданкўриниб қолса, жаннат ва жаҳаннам устидаги масалани дарҳол хонға итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда, айниқса, хонбоп бўлишға тиришар эди. Унинг бу жонбозлиғи бошқа тўғриларда бирар амалий натижага эришмаса ҳам, фақат бир важида ниҳоятда яхши самара берди. Унинг «дарёи фазли»га мафтун бўлған савдогарлардан бири қиз қариндошини бериб ўзига куяв қилди. Яхши оилага куяв бўлғанидек, шаҳардаги бошқа давлатмандлар билан ҳам алоқа бғлади ва уларнинг зиёфатлари воситасида баъзи мадрасаларнинг мударрислари, мукаррирлари билан ҳам танишди, қисқаси, бир оз бурни кўтарилаёзди. Фақат энди ўрдаға яқинлаша олса… Аммо ҳануз бу муяссар эмас-да.
Имомнинг кўнгли Анвар қаршисиға озғина кирлик эканини ўқуғучи юқоридан онглади. Унинг кўнглидаги шу озғина кир Анварнинг кўтарилишига тинчсиз эди.
— Нодон Анвар ўрдадан қувланиш ерида сармуншийлик маснадига минмакчи.
Холис муҳокама кўпинча муҳокама бўлиб қоладир. Аммо ғаразлик фикр аксар сўзлагучини шарманда қиладир. Шунга ўхшаш, мулла Абдураҳмон ҳам муҳокамасига озғина ғараз аралаштириб, Сафар бўзчининг аччиғ ҳақоратиға ҳадаф бўлди.
Шундай, ул Анварга кекли эди. Шунинг билан бирга Анварга қарши амалда бир иш қилиш кучидан ҳам маҳрум эди. Балки сиз «енди Имом афанди уйланиб олибдир, Раънога эҳтиёҳи қолмабдир, бас, шу ҳолда кек сақлашға қандай мантиқ бор?» дерсиз. Бу жуда содда муҳокама. Аслида бу кек Раъно билан бошланған бўлса ҳам, ҳозирда доирани бошқача ушлаган. Масалан дейсизми? Масалан, Сафар бўзчи жуда билиб сўзлади: «Сиз шунча йил Бухорода ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага бир имом бўлдингиз, ул бўлса…»
Битишка маҳкум бўлған кекни мана шу «неча йил Бухорода ўқуб келганлик ёки Бухороға бормаса ҳам кимсан фалоний бўлғанлиқ» сақлаб турар эди. Агар сиз содда бўлсангиз, масалага Сафар бўзчи каби қараб «худой берса шундай» дерсиз, яна гапга тушунмассиз. Абдураҳмон каби кишиларнинг табиъатига тушуниш албатта қийин ва тушунмаган маъқул.

Ёрлиғ Бериш Маросими
Ёрлиғнинг кимнин исмига ёзилғанлиғини эрталабданоқ ўрдада ҳар ким сезиб қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ғайри сарой ходимлари келиб, оҳистағина уни табрик этиб кетар эдилар. Анвар табрикларга илтифотсиз, оддий вазиятда, хонға эшитдирилиши зарур, атроф ҳокимларидан бу кун келган нома ва аризаларнинг муҳимини аҳамиятсизидан ажратиб, худайчига топшириш учун тайёрлар, баъзиларини биринчи хонада олдиға довот-қалам қўйиб дафтар устида ўлтурган мирзо, муфтиларга ҳавола қилар эди.
Сармунший хонасида Анвардан бошқа яна икки номанавис бор эди. Бу иккиси қоғозға михлангандек гап-сўзсиз савағич қаламни қирр-қирр қоғоз устида юритиб турар эдилар. Бу қовоқ-тумшуғи осилиб кетканларнинг биттаси Шаҳодат муфти бўлиб, номзади хонға манзур қилинғанлардан эди. Иккинчиси шоир «Мадҳий»нинг сармунший бўлишини орзу қилған Калоншоҳ отлиғ яна бир пешқадам мирзо эди.
Биринчи хонадаги ўн бешка яқин мирзолар ҳам турлиси турли вазиятда: Султонали мирзоға ўхшағанлар ер остидан ёнидағисиға кулим муомала қилар ва баъзилари Шаҳодат муфти каби тўнини бескари кийиб олған кўринар эди. Анвар ёнидағиларнинг бу ўзгаришларидан сиқилғансумон ҳар бир аризани кўриб чиқиш ораси уларга қараб олар эди. Қаршисидағи иккиси гўё мум тишлаған каби сўзсиз эдилар.
— Бу кундан мени мазох қилиб бошладилар, — деди ниҳоят Анвар, — гўё мен сармунший бўлар эмишман…
Шаҳодат муфти савағич қаламини довотка бир-икки тиқиб олғач, кўзи қоғозда экан, жавоб берди:
— Бўлсангиз ажаб эмас…
— Йўқ, — деди Анвар ариза буклаб, — сиз қишлоқда бўлғанингиз сабабдан келгунингизча ишлар тўхтаб қолмасин деб вазифамдан ташқари ишларга уриндим. Эртадан бу вазифани ўзингиз олингиз, тақсир, мен бу мазохларга чидай олмайман.
Шаҳодат муфти қарийб бутун кўкрагини ёпқан баҳайбат мошгуруч соқолни қалам билан таради.
— Мазох бўлмаса керак, — деди билинтирмайдиган энтикиб, — алҳол ёшсиз, муҳафазангиз бутун, зерикиш сизнинг учун айб бўлади… Биз энди бу ишни кўб қилиб зерикканмиз…
— Албатта, — деди муфтининг ёнидағи Калоншоҳ мирзо кўзини қоғоздан олмаған ҳолда, — мазохларга қулоқ солиш керак эмас.
Анвар табрикларни бир қадар ҳақиқатка яқин кўрар эди. Аммо уларга «мазох» деб таъбир қилиши, ўзини маълум ўнгғайсизлиқдан қутқариш ва уларга ҳам енгиллик бериш учун эди. Бироқ Калоншоҳ мирзонинг кейинги сўзи яна уни эзиб, очиқдан-очиқ бўлған бу адоватка қарши қандай муқобала қилишдан ожиз келди. Шу ҳолда биринчи хонанинг даҳлизидан худайчи кўринди ва турған жойидан Анварни чақирди:
— Мирзо Анвар!
Анвар, худайчи учун ажратқан аризаларни қўлиға олиб ўрнидан турди:
— Аризалар тайёр… Ҳузурингизга чиқармоқчи бўлиб турған эдим.
Худайчи бошини чайқади:
— Аризаларни ҳозирча қўйиб турингиз, — деб ерга ишорат қилди, — ўзингиз мен билан бирга келингиз.
— Қаёққа, тақсир?
— Ҳузури муборакка.
Мирзолар бир-бирларига қарашиб олдилар. Шаҳодат муфти бўзрайиб ҳамроҳига қаради. Анвар эса қўлида аризалари билан ҳайрат ичида эди. Даҳлизда уни кутиб турған худайчи яна танбеҳ қилди:
— Мен сизга айтаман, Анвар.
Анвар, қўлидағини ўз жойиға қўйиб худайчи орқасидан чиқди. Хон тахтда эди. Ўнг тараф курсида Абдураҳмон офтобачи[85] ва сўлда шоир мулла Ниёз домла қўл боғлаб ўлтурар эдилар. Биринчи хонадан Худоёр ҳузурига кирадиган эшикнинг икки ёнида ойболта кўтарган икки жаллод сурат каби қотқанлар, улар қаторида хон улуғлари – аъён ва сарой беклари чизилишиб ўлтурғанлар эди.
Худайчи «ҳузури муборакка» таъзим қилди…
— Чақирдинғма? – деди хон.
— Тақсир.
— Изн берамиз.
Худайчи қуллуқ қилған кўйи орқаси билан юриб, биринчи хонанинг даҳлизига келди ва даҳлизда кутиб турған Анварни «ҳузури муборак» сари йўлға солди.
Анвар «ҳузури муборак»нинг эшигида тўхтаб, таъзим адо қилди ва унинг ёнидағиларға ҳам ярим таъзим ишорасини берди.
— Ишларинг яхшима, мирза? – деб сўради хон.
— Дуолари баракасида, қиблагоҳ, — деди Анвар.
Хон мулла Ниёз домлаға қаради:
— Бу жигит бизнинг мирзалар орасида ўбдан кўринади, — деди.
Домла Ниёз ўрнидан қўзғалиб олди.
— Файзи шоҳаншоҳий.
— Мен бу жигитни мирзабоши қилмақчи бўлдим, — деди хон ва тизаси тегидан бир қоғоз олиб, домла Ниёзға узатти, — уқунғ, домла.
Домла Ниёз ўрнидан туриб, қоғозни олиб ўпди, Абдураҳмон офтобачи ва унга эргашиб биринчи хонадаги аъёнлар баробар ўрунларидан туришдилар.
Домла Ниёз турған кўйи ёрлиғни ўқуди:
«Ба исми субҳонаҳу. Анруллоҳи фаризатун ва амруно вобиж[86]. Бизким Фарғона мамлакатининг хоқони султон ибни султон, аъни Сайид Худоёрхон сўзимиз: Жулуси солисамизнинг[87] учунчи санаси мутобиқи[88] 1287-нчи ҳижрия моҳи сафарнинг 25-нчиси, ушбу ёрлиғимизни бердик хўқандлик мулла мирзо Анварғаким, мазкур мулла мирзо Анвар бинни Салимбой саръи шариф узра устивор туруб, амримизга инқиёд[89] этиб девонбеги унвон дигар садри муншийлик умури[90] вазойифаларимизни кама янбағи[91] адо қилғай деб. Адойи ҳадама[92] асноси биз амири вазифа мутлақалъинон[93] дорус-салтананинг ҳаққи шаръийсиға хиёнат қилишдин ижтиноб[94], адолатимиз ойинасини даноат[95] ғубороти бирлан халалдор айлашдин парҳез, арзи доди фуқаромиз суръати истимоъида[96] иҳмол[97] ва сустлик кўрсатмай интишори[98] адолатимиз кўшишида субҳи шом машғул ва мабзул[99], диққат ва эътибори том қилғай деб ва яна мазкур исмига ёрлиғ мактуб бўлмиш итоатига афроди девонхонамиз маъмурлар деб, муҳри шоҳонамиз бирлан ушбу ёрлиғни таъкид ва тақрир[100] этдик».
Домла Ниёз ёрлиғни тугатиб, қоғозни манглайиға кўтарди ва икки қўллаб Худоёрға узатди.
Худоёр ёрлиғни олиб қаршида бош букиб турған Анварга ишорат қилди. Анвар югуриб келиб, ёрлиғни олиб ўпти ва уни салласига санчиб, орқаси билан юриб, илгариги ўрниға бориб тўхтади.
Домла Ниёз Анвар тарафидан дуоға қўл очти.
— Давлати шаҳаншоҳи рўз-барўз афзун, душманови амир-ал-мўминини сарнигун бошад. Оллоҳи таоло сояи зиллаллаҳиро, аз сари раиятон кам накунад-…
Ҳудонавдо, бигардоний балоро,
Зи офатҳо, нигаҳ дорий ту моро.
Ба ҳаққи ҳарду гисўи Муҳаммад,
Забун гардо забардастони моро[101].
Дуо асноси айниқса биринчи хонадаги аъённинг йиғи ва риққат оҳанглик «омин, омин» садолари «ҳузури муборак»ни титратди. Дуодан кейин худайчи икки тўн келтириб, кимхобни домла Ниёзга ва қора бахмалдан тикилган мирзабошилиқ хилъатини Анврга кийдирди. Кимхобни кийиб олғач, мулла Ниёз «саховатда Хотамитойдан, адолатда Нўширвони одилдан» ортиғроқ ул жанобнинг ҳаққиға яна янги дуо ва санолар тўқуди, гўё «амирал-мўминин»ни кўмди ва ўзи ҳам қайнади. Бундан сўнг маросим итмомига етиб, Анвар секин-секин орқаси билан юриб биринчи хонага ва ундаги аъённинг табрикларига кўмилиб, даҳлизга чиқди.
Анвар девонхона саҳнига етканда ичкаридаги каттадан кичик мирзо, муншийлар янги бошлиқларини муборакбод қилғали ўрунларидан қўзғалдилар. Ҳозир баъзиларининг устида бояғи «онглашилмовчилиқлар» гўё бўлмағандек, ҳатто мулла Шаҳодат муфти ҳам ҳеч нарсани кўрмагандек, ўз умрида биринчи мартаба Анварнинг ҳурматига ўрнидан турди.
Офатлардан бизни сақлағучидирсан.
Муҳаммаднинг икки кокили ҳурматига,
Бизга ғолиб келгучиларни забун қил. (муал.)
— Муборак, муборак! Боракалло, мирзо Анвар! – деди.
Баъзи муншийлардаги ярим соатлиқ бу ўзгаришдан таажжуб қилинмасинким, бунинг сабаби оддий ва очиқдир. Сармунший – демак, агарчи соқоли кўксини тутқан Шаҳодат муфти кабиларнинг бўлса ҳам хўжасидир. Шу соатдан бошлаб уларнинг тақдири шу бир кишининг қўлидадир.
Анвар самимий ва риё аралаш табриклардан анча ўнгғайсизланған эди. Бошидағи ёрлиғни қўлиға олиб, ўз-ўзидан таажжубланганнамо атрофидаги мирзоларға қаради:
— Жанобнинг амирлари билан, — деди Анвар уларга хитобан, — энг оғир ва жавобгарлик бир хизматни ўз устимга олишқа мажбур бўлдим. Бу мажбуриятим ўзимга эътимод қилғанимдан эмас, балки сизнингдек оталарим, оғаларимға такягоҳ деб ишонғанимдандир. Ўйлайманким, бундай мажбуриятда қолған бир укангизни албатта ерга қаратмассизлар ва ундан марҳаматларингни аямассизлар… Мен сизларнинг сояларингизда тарбияландим, менга ўз шогирдларингиздек муомалада бўлиб келдингизлар. Бу кун мен расман сизларга бошлиқ бўлиш мажбуриятида қолған эканман, яна ҳеч аҳамият йўқдир. Мақсад: мундан кейин ҳам менга кечаги Анвар каби такаллуфсиз муомалада бўлишларингиз ва ҳурматлар билан мени ранжитмасликларингиздир. Чунки содда муомала яқинлиқ ва меҳрибонлиқ белгисидир.
— Бу кунгача биз сизни марҳум мулла Муҳаммад Ражаббекнинг шогирди бўлғанлиғингиз учун эҳтиром қилмадиқ, — деди жавобан Султонали мирзо, — балки сизнинг истеъдодингизни ҳурмат қилдиқ. Мундан сўнг ҳам бош мирзолиғингизни эмас, мирзо Анварлиғингизни эҳтиром қилармиз.
Мулла Шаҳодат муфти ер остидан Султоналига хўмрайиб қаради ва нос отиб ўз жойиға бориб ўлтурди.
— Сиз ҳамиша мени муболағангиз билан уялтирасиз, мулла Султонали ака, — деди Анвар. – Агар менга ҳурмат лозим бўлса, муболаға билан эмас, яна такрор айтаман, бир қариндошингиз қаторида такаллуфсиз муомала қилиш билан бўлсин.
Фотиҳадан сўнг ҳар ким ўз ишига ўлтурди. Анвар ҳам бахмал тўнни еша бошлаған эди, ёниға Султонали мирзо келди:
— Анвар, сиз уйга борсангиз яхши эди.
— Нима учун?
— Ёрлиғ олғнингизни хабар қилиш учун шаҳарга ҳозир жарчи чиқар. Уйингизга сизни муборакбод қилғали кишилар келса…
— Аввало меним уйим йўқ. Ундан кейин мени муборакбод қиладирған танишларим ҳам йўқ, — деди Анвар қўл силтаб, — бундан хотиржамъ бўлингиз.
— Ёшлиқ қиласиз, Анвар.
Анвар жавоб бериш ўрниға кулимсираб қўйди ва жойиға ўлтуриб, аризалар кўра бошлади.

Адрас Тўн Ва Иссиғ Нон «Фожиъаси»
Ёрлиғ олишнинг иккинчи соатларида бутун шаҳарга бу хабар тарқалиб кетди. Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:
— Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган эшитсин:
Вақтики ажал паймонаси тўлди,
Мунший мулла Муҳаммад Ражаббек ўлди!
Фазл боғида очилған бир гул,
Яъни гул шохиға қўнған булбул.
Ба номи мулла мирзо Анвар,
Камолиға мусалламдир[102] аксар.
Ҳузури муборакдан олиб ёрлиғ,
Майдони қаламкашликда қилур сухандонлиғ.
Ҳар кимсанингким бахти кулса,
Шоҳига жону дил ила хизмат қилса.
Лутфи шоҳонага сазовор бўлғай,
Атрофи зару зевар ила тўлғай!..
манзумаси билан жар солиб юрар эди.
Кечаги хабарларга кулги ва мазох тариқасида қараған шаҳар уламо ва ашрофлари бу кунги ҳақиқат олдида ҳар замон ёқа ушлаб: «Тавба, бу қандай бемазалик? Бир беному нишонга бунча илтифот!» дер эдилар. Шаҳарнинг аксарият қисми бўлған камбағал-косиблар бу масала устида бир хилдароқ фикр қилиб «ким бўлса ҳам ўзи инсофлик бўлсин, нима дединг-а, Мамарайим?» каби содда жумла билан ўз орзуларининг нимада эканини гавдалантирар, аммо Анварга иши тушиб, унинг шафқатини кўрган Сафар бўзчи кабилар бу хабардан жуда ҳам хурсанд: «Қилмишидан топти бу йигит, бўғани жуда маъқул» деб, янги мирзобошининг таърифини қилар эдилар.
Махдум бу хабарни илгаридан кутиб турған бўлса ҳам яна шошиб қолди. Сўйинчига келган йигитни тўхтатиб қўйиб, дарҳол икки болани меҳмонхонани супуриб жой солишқа буюрди ва бошқа болаларни ёппа озод қўйиб юборди. Алпанғ-талпанғ ичкарига кириб, ўқуғучи қизлар ичида Нигор ойимни ўз ёниға чақирди:
— Ҳай, — деди, — Анварингдан киши келди, сандиғингни оч-чи!
Нигор ойим махдумнинг шошиб айткан бу сўзига тушунмади.
— Анвардан нима учун киши келади, сандиқни нега очай?
— Хай, аҳмақсан, — деди махдум энтикиб, — Анвар ёрлиғ олған, сўйинчига йигит келди; сандиқни очиб, шунга бир нарса бериб юборайлиқ, дейман, тез бўл!
Нигор ойим ҳам шошилинқиради, уйга кириб, сандиқнинг калидини тополмай тўрт томонни излар, махдум даҳлиздан туриб уни койир эди. Калид топила бермагач, махдумнинг тоқати тугади, чиқиб қизлар ичидан Раънони чақирди.
— Топдим, топдим! – деди Нигор ойим.
Махдум уйга қайтиб кирди. Нигор ойим сандиқни очиб сўради:
— Қандай тўндан олай?
— Бўздан ол, бўздан.
Шу вақт Раъно ҳам уйга кирди. Махдум қизиға қараб кулди:
— Бахтинг-да, қизим, — деди, — Анвар аканг сармунший бўлибдир.
Раъно кулимсираб четка қаради:
— Мени нега чақирған эдингиз?
— Сандиқнинг калидини биласанми, деб чақирған эдим, калид топилди.
Нигор ойим бир бўз тўнни олиб, эрига кўрсатти:
— Шуниси бўладими?
— Ҳа бўлади, ташла.
— Ўрдадан келган кишига шу тўнни бериб бўлармикин?
Раъно ҳам бўз тўнга эътироз қилди:
— Бериб бўлмайди, уят.
Махдум ўйланиб қолди:
— Бўлмаса, — деди иккиланиб, — жўнроқ адрасдан ол-чи, — Нигор ойим бир адрас тўн олиб махдумнинг қўлиға берди. Махдум тўнни ёруққа солиб кўрди:
— Йўқ, адрас ҳайф, Раъно, — деди тўнни тахиға солиб, — ҳалиги бўзни беравур.
— Бўз тўн бергандан, бермаган яхши, — деди аччиғланиб Раъно, — арзимаган нарса учун Анвар акамни уялтирасизми?
Раънонинг ёниға Нигор ойим ҳам қўшулди:
— Киши уялғулиқ бўлмасин, Раъно.
— Ҳайф-да, ҳайф, — деди махдум, адрас тўнни салмоғлаб кўриб, бояғи шошилиш ҳолати ҳозир йўқ, аммо юзида ачиниш вазияти бор эди. – Увол-да, увол, қизим, ипаги жуда қуюқ экан.
— Ипаги қуюқ бўлса, ҳеч нарса қилмас, — деди асабийланиб Раъно. – Кишининг иззати-нафси ундан ҳам қуюқ.
— Хайр, хайр, — деди махдум, адрас тўн билан видўлашқандек. – Сен Раъно, сочларингни ювиб сал одамшаванда бўлиб юрсанг бўлмайдими, қизим?
Махдум шу сўзни айтиб чиқди. Раъно махдумнинг орқасидан нима учундир кулиб юборди. Нигор ойим югуриб эрининг орқасидан чиқди:
— Ҳай, Раъно! – деди ҳавлида кетиб борған махдумга, — нонларимизнинг суви қочқан, хамир қилишға вақт оз, бозордан иссиғ нон олдирасизми?
Бу гап махдумга адрас тўннинг алами устидан туз сепкан таъсирини берди.
Ҳавли ўртасида бош қашиниб қолди ва кўзини қисиб, хотиниға қаради:
— Жуда қаттиғми? – деб сўради.
— Жуда қаттиғ, ҳатто ушатишка ҳам қўлнинг кучи етмас.
Жавоб яна фалокатлироқ эди. «Хўб, нон олдираман» дейишка ҳам махдумнинг мажоли қолмаған ҳолда бошини қуйи солиб, жавобсиз ташқариға жўнади. Меҳмонхона саҳнида кутиб ўлтурган йигитка ўз қўли билан адрас тўнни кийдирди. Йигит дарбозадан чиққунча ҳам махдумнинг кўзи «хайф кеткан» адрас тўнда, ҳатто ундан Анварнинг келаётқан хабарини сўрашни ҳам унуткан эди. Ҳавли супурғучи бола сув сепмай чангитиб юборғани учун уни «аблаҳ, кучук!» деб койиди. Меҳмонхонада кўрпача ёзиб турған боланинг ёниға келиб, кўмаклашди ва боланинг уқувсизлиғидан ранжиб, буни ҳам бирмунча ачитиб олди.
— Сен чопиб гузарга чиқ, — деди болаға, жой солиниб бўлғандан кейин. – Катта толнинг тегида Совур новвойнинг дўкони бор. «Махдум домлаға йигирма дона нон керак экан. Нархи қанчадан?» деб даррав сўраб кел. «Махдум домлаға» дегин, «арзон қилиб айтар эмишсиз, пули нақд эмиш» дегин… «Янги мирзабошининг ўрдадан меҳмонлари келар экан» дегин… Югур!
Болани нарх билишка жўнатиб, ҳавлига чиқди. Ҳавлидаги бола сувни кўб сепиб, ерни лой қилиб юборған эди, яна койиди ва дарбоза олди – кўчага ҳам сув септириб, ичкари кирди.
— Қизларни озод қўйибсан, яхши, — деди махдум Нигор ойимға. – Биз-ку шу хабарни кутиб турған эдик. Шундай бўлғандан кейин, нон-понингни тўғрилаб турмайсанми; ун бўлса-ку бор, аблаҳ, қани менга уч-тўртта нонингдан олиб кўрсат-чи.
Раъно онасининг сўзи билан қутидан беш-олти дона нон олиб дадасининг қўлиға берди. Дарҳақиқат, бир-бирига ўхшамаған нонлар тарашадек қотиб қолған эдилар. Махдун уруниб кўриб, биттасини ҳам синдиришға кучи етмади. Раъно, юзини четка ўгуриб, кулиб турар эди. Махдум урина-урина ниҳоят ўзи ҳам кулди.
— Зор қолғуринг жуда ҳам қотипти-да, кун ҳам иссиқ-да, Раъно?
Бу сўздан Раъно баттарроқ кулиб юборди. Нигор ойим ҳам кулимсиди:
— Ахир, ўзингиз кечагина мен хамир қилай десам койидингиз, — деди Нигор ойим. – Биз-ку майли, куни бўйи ишлаб келган Анварга жабр. Шунчалик рўзғор қилиб, лоақал юмшоғроқ нон едирмасак… Киши жуда уялади.
— Мен иссиқ нонга бола юбордим, — деди махдум қаттиғ нонларни Раънога бериб. – Анварга жабр бўладир, деб ўйласанг мундан кейин ўзига лойиқ, оз-оз нон ёпиб тур. Сен билан мен бўлсақ қаттиғ нонни ҳам ея берамиз: жаззаси чойға бўктириш-да.
Махдум айтмаса ҳам Нигор ойим Анвар билан Раънога яширинча юмшоқ нон ёпиб берар, фақат бу кун ўша нондан бир-иккита қолған эди. Махдум энди нон сотиб олишни бўйниға олиб, ташқариға чиқди. Нарх билиб келган болаға йигирма пул бериб, орқаси куймаганини олиш шарти билан нонға юборди.
Анварнинг «танишсизлиқ ва уйсизлиқ» фикрининг аксича фотиҳахонлар ҳам кўриниб қолдилар, иккинчи, учунчи дуркум фотиҳахонлар келгандан сўнг, махдум Анвар олдиға киши юбориб, уни чақиртириб келишка мажбур бўлди.
Шу кун кечкача шаҳарнинг ҳамма табақаларидан ҳам фотиҳахонлар келиб турдилар. Ҳатто Анварнинг нодонлиғидан кулиб ёқа ушлаган уламолар, бой ва ашрофлар муборакбодчиларнинг аксариятини ташкил этар эдилар. Чунки бу кейинги табақа замонасозлиқ, мувосо[103] ва тадбир орқасида яшағучидирлар. Анвар ўзини табрик қилғучи уламо ва ашрофлар юзидан очиқ равишда риё, шайтанат ва тамаъ ўқур, камбағаллардан содда самимият кўрар эди.

Китоб Сўзи
Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки букланиб таъзим қилған ҳолда узатар эди. Ҳазрати мударрис хайрлашқан жойида яна тўхтаб томоқ қириб олди.
— Ҳай, мулла Солиҳ, яна бир гапни саҳв қилибман, — деди ҳазрати мударрис. Солиҳ махдум югуриб ҳазратнинг ёниға келди. – Мирзога айтишни эп кўрмадим; масалан, ривоят ва ҳоказо масалаларга ҳожат тушса, биздан бегона қилмасин… Жанобингиз ҳам шуни таъйинлаб қўясиз.
— Хўб, тақсир, хўб.
— Фаромуш қилмассиз, албатта?
— Хотиржамъ тақсир.
Махдум уламо, амалдор ва ғайрилардан шунинг каби сипоришларни тўрт-беш соатдан бери қабул қила-қила жуда мияси суюлған эди. Ҳозирғи илтимосни ҳам ўшалар қаторида бўйниға олиб, ҳазрат мударрисни жўнатди.
Нари-бери бўз салласини бошиға чулғаб, сарпойчан кафшини шап-шуб босиб, дарбозадан ичкарига кириб бормоқда бўлған Сафар бўзчини махдум тўхтатди:
— Хўш, хўш, ука, — деди Сафар бўзчиға. – Йўл бўлсин сизга?
Чунки махдум муборакбодчи камбағаллар уёқда турсин, ҳатто уламо ва бойлардан ҳам ҳозир зериккан эди. Бу зерикишка иккинчи мартаба нон олдиришнинг ҳам алоқаси бор эди. Сафар бўзчи остона ёнидан махдумга қийшайиб қаради:
— Лаббай, тақсир? – деди.
— Йўл бўлсин сизга?
— Мирзо Анвар иминга худо мартаба ато қилған эмиш деб эшитдим, — деди Сафар бўзчи, — пиримни зиёрат қилай, деб келяппан…
— Келганингиз маъқул, илло ўзи ҳозир жуда чарчаб қолған-да, четдан дуо қилиб турсангиз ҳам кифоя, ука.
Сафар бўзчи бошини қашиб, яна махдумнинг афтига қараб қўйди:
— Зиёрат қилиб чиқа бераман, тақсир. Бошқа гап йўқ, тақсир.
Махдум Сафар бўзчининг илгарисига ўтди:
— Майлику, ука, ранжитасиз-да.
— Садағаси кетай мирзонинг, — деди Сафар бўзчи махдумнинг қаториға бориб, — барака топқурнинг ўзи ранжийдирган йигит эмас, хоксор-да, тақсир, кўрсангиз биларсиз-ку, мен минан жуда қадрдон-да, тақсир.
Махдум асабийлашиброқ Сафар бўзчининг бетига қаради. Сафар бўзч ҳам махдумга бир оз тикилиб турғач, илжайди.
— Кўрсангиз биларсиз, мен минан жуда қадрдон-да, тақсир, — деди яна ва махдумга илтифот қилмай, ичкарига юрий берди. Бир неча мартаба келиб Анварнинг меҳмонхонасиға ўрганиб қолған, шунга биноан бу тўғрида махдумнинг ёрдамиға муҳтож ҳам эмас эди.
Анвар меҳмонхонада Шаҳидбек ва яна бир саркарданамо била сўзлашиб ўлтурар эди. Сафар бўзчини даҳлизда кўриб ўрнидан турди. Иккиси неча йиллик қадрдонлар каби самимий кўришдилар. Сафар бўзчи кўзида ёши билан Анварни табрик қилди. Анвар унга ўз ёнидан жой кўрсатиб ўлтуришдилар. Сафар бўзчининг фотиҳасига анови икки бек аранг қўл кўтариб қўйдилар.
— Закотчидан тинчмисиз? – деб Анвар кулди.
— Худойға шукур, давлатингизда, мирзам.
— Бозорлар яхшими?
— Бир навъи… ҳарчи тириклик тебраниб туради, ука.
Сафар бўзчининг бояғи ҳаракатидан аччиғланиб ташқарида қолған махдумнинг кимни ҳам бўлса ичкарига таклиф қилған товши эшитилди. Сафар билан Анварнинг сўзлари бўлинишка мажбур бўлди.
Мулла Абдураҳмон Анвар билан ёнма-ён ўлтурғучи «дўсти» Сафар бўзчини меҳмонхонанинг даҳлизига киришидаёқ кўриб қолди ва сариқ туси бўзариб кеткан ҳолда ичкарига қадам узди. Сафар бўзчининг ҳурмати учун лоақал қимир этмаган беклар ҳам мулла Абдураҳмоннинг истиқболиға қўзғалишдилар. Махдум мулла Абдураҳмон билан Анварни бир-бирларига танишдирди.
— Балки хотирларсиз, мирзо Анвар, — деди махдум, — сиз маним қўлимға келган йилларингизда мулла Абдураҳмон акангиз ҳам бизнинг мактабда ўқур эдилар.
— Хотиримда. Хўб саломатмилар, тақсир?
— Алҳамдулиллоҳ, — деди Абдураҳмон ва ер остидан Сафар бўзчиға қараб қўйди, — мартабалари муборак бўлсин.
— Қутлуғ, тақсир, қани, марҳамат қилсинлар.
Ўлтуришдилар, фотиҳадан сўнг яна бир даража аҳвол сўрашилди. Ҳозирги тасодуф жуда қизиқ тушкан эди. Мулла Абдураҳмон бу учрашишдан ниҳоятда ўнгғайсизланған. Анварни табрик этиш учун оғиз очишға қодир эмас ва ҳар замон қаршисидағи «бемаъни»га қараб қўяр эди. Шу ҳолда бир неча фурсат сўзсиз ўлтуришкандан кейин, Анвар кўбчиликни дастурхонға таклиф қилди ва Шаҳидбек мулла Абдураҳмонни сўзга тортди.
— Нима лавозимотдалар, тақсирим?
— Имоматда, — деди Абдураҳим ва ер тегидан Анварга кўз юбориб олди, — Бухородан келганимиздан бери имоматдамиз… Мадрасада ҳам бирмунча мукаррирлигимиз бор…
— Кўб яхши экан; имоматлари қайси маҳаллада?
— Бизнинг маҳаллада, — деди сўзга аралашиб Сафар бўзчи, — тақсиримнинг илмлари жуда дарё, ўзлари Бухорода хатим китоб қилғанлар.
Шаҳидбек гўё кўнгил учун яна:
— Кўб яхши экан, — деди.
— Мулла Абдураҳмоннинг илми дарҳақиқат яхши бўлған деб эшитаман, — деди махдум.
Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг тилагига қарши яна сўзлаб кетди:
— Яхшилиққа келганда – яхши, бироқ тақсиримнинг толеълари бир оз пастлик қилиб туради. Бўлмаса мударрислик, муфтилик, мирзолик – буларнинг барига ҳам тақсирим етук… Фақат толеъ паст-да, бек бобо. Мана энди мирзам оталиқ қилиб, ўрдадан бирар иш топиб берсалар, тақсиримға ҳам офтоб тегса ажаб эмас. Ўзлари ҳам бир ҳафтадан бери мирзамнинг ҳақлариға дуода эдилар… а, тақсир, шундай эмасми?
Мулла Абдураҳмон Сафар бўзчининг қаршисида ҳозир ҳар бир ризолатка ҳам бўйин эгар эди. Манглайидағи терини артиб бесаранжом аҳли мажлиска қараб чиқди ва ғулдиранғансумон:
— Шундай, — деб юборди.
Махдум Сафар бўзчини мулла Абдураҳмон тарафидан воситачилик учун жўрттага келган, деб ўйлади.
— Мулла Абдураҳмон ўзимизники, — деди махдум, — албатта мирзо Анвар қўлидан келган ёрдамини аямас.
— Албатта, мунший тариқасида ўрдага олинса ҳам бўлади, — деди утта[104] бек.
Анвар ваъда бериб қўйишни эп билмаганликдан, сўзсиз ултурар эди. Мулла Абдураҳмон ҳар замон манглай терини артиб олар эди. Сафар бўзчи тунови кунги адабсизликни тақсиримнинг кўнглидан чиқардим, деб мулла Абдураҳмоннинг кўзини учратишка ва озгина бўлса ҳам тақсиримдан миннатдорчилик олишға тиришар эди. Бир мунча вақт шу кўйи сўзсиз ўлтуришкандан кейин беклар фотиҳа ўқуб қўзғалмоқчи бўлдилар. Сафар бўзчининг яна оғзини очиб юборишдан қўрқиб, ҳатто қимир этмай ўлтурган имом ҳам бекларнинг фотиҳасига қўшулишиб ўрнидан турди. Сафар бўзчи ҳам мирзонинг ҳақига дуо қилиб имомга эргашти. Чунки имом билан биргалашиб кетиш орзуси, шу баҳонада тунови кунги паст-баланд гапларни мулла Абдураҳмоннинг кўнглидан чиқариш нияти бор эди.
Анвар билан хайрлашиб, тўрт киши баробар кўчага чиқдилар. Ўттуз қадам чамаси бирга бориб, Шаҳидбек ўз ҳавлисига бурулди. Яна бир оз борғандан сўнг иккинчи бек ҳам бошқа кўчага кириб кетди. Мулла Абдураҳммон ҳам Сафарбой «дўсти» билан бирга юришни хоҳламади шекиллик тез-тез адим ташлаб ҳамроҳлик алоқасини узмоқчи бўлди. Бунга қарши Сафар ака уч ҳатлаб бир босиб, Абдураҳмоннинг ёнидан чиқди. Бу ҳолдан яна имомнинг феъли айнаб, йўл устида бирдан тўхтади ва Сафарнинг афтига бир турли мушук қараши қилди:
— Нега тўхтадингиз, боравуринг.
Сафар бўзчи Абдураҳмоннинг тўхтағанидан хабарсиз икки-уч адим нарига ўткан эди:
— Биргалашиб борамиз-да, тақсир.
— Мен сиз билан юришни хоҳламайман, жўнанг, жўнанг!
Сафар бўзчи тушунолмай бир оз қараб қолди:
— Нега, тақсир?
— Нега дейди-я, аҳмақ одам…
— Ўзларингизни айтишларингизга қарағанда, мусулмон киши учун кина сақлаш бир рўймолни ювиб қурутқанча экан, — деди Сафар бўзчи, — бизлар бўлсақ тўрт кундан бери шайтонни апичлаб юруймиз… Шуниси ҳам кифоя-да, тақсир.
— Астағфирулло, — деди имом, — сиз ўша куни маним устимга уч кунлик гап қилдингизми?
— Шайтоннинг ишида, тақсир, — деди Сафар, — ахир, яна маним айтканим бўлди-ку, мен бунга бир нарса деяпманми? Недир, кинани қўяйлиқ деяпман-да.
Мулла Абдураҳмон истиғфор айтиб йўлға тушти. Сафар бўзчи ҳам мулойимғина унинг ёнида қўл қовуштириб жўнади.
— Хўш, кинани ташлаған бўлсангиз, — деди йўлакай имом, — нега боя уларнинг олдида оғзингизға келганини ўтладингиз?
— Яхшилиқдан бошқа ҳеч гап айтмадим. Фақат илмингизни мақтадим.
— Бошқа гап айтмадингизми?
— Нима дедим, ахир? Шунчалик илмлари бўлса ҳам толеълари озғина пастлик қилиб турадир, дедим. Бу тўғри гап эмасми, тақсир?
— Мен сизга мирзодан хизмат сўраб беринг, деб ваколат берган эмас эдим-ку.
— Ваколат-ку, йўқ… Ахир, токай илмингизни хор қилиб масжидда ётасиз… Ахир, биравни ука, биравни ака деб сиз ҳам тузукроқ ишка қатишинг-да, тақсир.
— Астағфирулло… Балки менга подшоҳлиқдан ҳам шу имомат яхшидир.
— Бе-е-е, гўрними, тақсир, — деди Сафар бўзчи, — у гапни қўйинг, нафсиламр гап яхши. Шаҳардаги бирарта мударрис домлани ўшандақа мирзобоши кўтарсалар йўқ дерми?.. Вой-боёв, тақсир, сизга ҳам ўрдадаги бир мирзоликни берса, деб, «сизнинг ҳақингизга тақсирим дуода бўлдилар», дедим-да. Маним холислигимни шундан ҳам пайқасангиз бўлар эди, ука.
— Астағфирулло, — деди яна имом, — дарҳақиқат, мен уни шундай, деб дуо қилғанмидим… Ёлғоннинг нима кераги бор?
— Тақсирим бўлсангиз ҳам ҳали ёшсиз-да, — деб кулди Сафар. – Башарти ростини сўзлаб «сизнинг мирзобоши бўлишингизни тақсирим кўралмаган эдилар» десам, хурсанд бўлармидингиз, вах-хах-хах, хех-хех-хех… Йўқ, тақсир, ўзингиз ҳам Бухорода ўқуған бўлсангзи керак: китоблар икки жойда ёлғон айтишни маъқул деган эканлар; биттаси – эру хотиннинг орасида, иккинчиси – икки мўминни битириш учун. Буни худо раҳмати домлам ўқуб берар эдилар. Шу гап қулоғимда қолған экан, мен дуруғ[105] айткан бўлсам китоб сўзига амал қилдим-да, икки мўминни битиштириш учун сўзладим-да.
Мулла Абдураҳмон яна оғиз очолмади. Чунки Сафар бўзчи «китоб сўзи» билан уни енгиб қўйди. Маҳаллага келиб етдилар. Сафар бўзчи кинани тамоман кўнглидан ювиб ташлаған эди. Шомни мулла Абдураҳмон орқасида ўқуш учун масжидга кирди. Жиловхонадаги намоз кутиб ўлтурган қавмлар ичидан Самад бўқоқ, Шукур сўфилар ҳам кўринар эдилар. Сафарнинг имом билан бирга масжидга киришидан таажжубланган Самад бўқоқ уни туртиб сўради:
— Ярашдингларми?
— Кина деган рўмолни ювиб қуритқунча, — деди Сафар бўзчи, — янги мирзобошининг уйидан домла билан бирга фотиҳа ўқуб келамиз. Ҳали эшитдингми, ўша маним мирзам ёрлиғ опти-я.
Самад бўқоқ индамай четка бурулиб кетди. Шукур сўфи шом намози учун такбир тушура бошлади.

Шоирнинг Сирри
Ўн беш куннинг ичида махдумнинг меҳмонхонаси расмий бир маҳкамага айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат сўраш учун Анварнинг ёниға келар эдилар. Кундузлари ўрда девонини бошқариш, эрталаб ва кечқурун ўз уйида хусусий кишиларни қабул қилиш, албатта, Анвар учун оғир эди. Аммо бу оғирлиқ бурундан сармунший бўлған кишининг устидаги қонуний вазифаси ҳисобланиб келганликдан кишиларни уйда қабул қилишға Анвар мажбур эди. Бу хусусда камбағалларнинг берадирган заҳматлари Анварга унча оғир тушмаса ҳам, беклар, уламо ва бойларники аксар чучмал ва машаққатли бўлар эди. Чунки камбағалнинг кенгаш сўраб келиши жуда муҳим ишлар устида, масалан: бир бекнинг қилған зулми устидан шикоят, жуда камбағал бўлғани учун солиқлардан дархонлиқ сўраш ва ҳоказо… Кейингилар эса, масалан: бир мударрис иккинчи мударрис устидан шикоят қилиб, бу тўғрида домла Ниёз Муҳаммад шоғовулбошининг қулоғиға андаккина тинғиллатиб қўйишни сўрар; бир закотчи иккинчи бир закотчининг хиёнатидан «холисона» шикоят қилар, бир савдогар ўзининг жуда фақирлиғидан ҳасратланиб, закотдан озод қилинишини сўрар; агар закотдан қутқазиб юборса, Анварнинг «кўнглини тўлатиш»ка ҳозирлигини ҳам билдирар эди. Анвар бу кейинги илтимосчилардан гоҳ аччиғланиб, гоҳ кулар, ҳар ҳолда бир неча дақиқалиқ ваъдалар билан уларни жўнатқунча эси кетар эди.
Бу сўнгғиларнинг ташрифлари Анварга қанча беҳузурлик берса, масдумга ўшанча мағрурият ва лаззат бағишлар, ҳатто Анвар ўрдада бўлған кезларда ҳам уларни меҳмонхонаға қабул қилиб, Анвар келгунча унга қанча сифоришлар ва аксар сифоришчиларнинг ўзларини тўплаб турар эди. Юқорида Сафар бўзчи билан воқиъ бўлғанидек, махдум ариза ва кенгашка келгучи косиб ва тўни эскилар ила чиқиша олмас, ўлгунча уларни ёмон кўриб, «мирзо бу кун келмайди, сиз билан гаплашишка фурсати йўқ, бемаъни бўлманг» каби гаплар билан камбағалларни эшикдан қайтаришға тиришар эди. Анварнинг бирарта камбағал билан «езилишиб» ўлтурганини кўрса, ичидан аччиғланиб «куллушайъин яржиъу ило аслиҳи… паст ҳамиша пастлигини қиладир… Сут билан кирган – жон билан чиқар, мақоли кўб тўғри сўз» деб ўйлар ва энсаси қотиб, четка қарар эди.
Махдум шу кунгача Анвар билан Раъноларнинг тўйларини қилишға шошилмасдан келар эди. Аммо бунда бир қанча сабаблар бўлиб, жумладан – Анварнинг Раънога қаттиғ боғланғанини яхши сезганлиги ва шунинг орқасида Анвардан «хотиржамъ»лиги эди. Шошилмаслиқнинг иккинчи, ҳам кучлик сабаби мумкин қадар тўйни узоққа чўзиб, шу воситада Анварни соғиш… чунки тўй қилиниб Раъно Анварга берилса, бу даромаднинг қатъиян кесилиш эҳтимоли бор эди.
Анвар бош муншийлик даражасини олғандан кейин махдум илгариги «сиёсат»ни яна давом этдириш ва этдирмаслик тўғрисиа иккиланиб қолди. Зеро, Анвар ҳозир бутун шаҳарга донғ тортқан, шаҳарнинг уламоси, ашрофи, бек ва бекбаччаси Анварни танийдир; Анварга мазкур олий табақаларнинг ҳар қайсиси ҳам ўз қизини бериб, куяв қилишға тайёр. Бас, шу ҳолда яна махдум эски тадбир билан амал қилса мумкинми?
Махдум ноилож сармунший бўлишни йигирманчи кунларида Нигор ойим билан кенгашиб, мирзо Султоналига мурожаат қилиш мажбуриятида қолди. Токи мирзо Султонали Анварнинг ризолиғини олиб берсин.
Анвар кечқурун ўрдадан қайтишға ҳозирланар эди. Хон аъёнларға рухсат бериб ҳарамга кирган, ўрданинг кундузлик ходимлари тарқалишиб, фақат кеча беклари, хон соқчилари, доимий ходимлар қолған эдилар. Энг кейинга қолиб Анвар билан Султонали мирзо ҳам ўрдадан чиқдилар. Уларнинг орқасидан ўрда дарбозаси ёпилди.
Султонали мирзо Анварнинг ташқи аҳволи билан яхши таниш бўлса ҳам унинг ички сиррига воқиф эмас, чунки Анвар хусусий ҳаёти, айниқса, Раънога алоқасидан ҳеч кимга оғиз очмас эди. Анвар мадум ҳавлисида туришини жойсизлиқдан я ёшлиқдан шунда ўсиб ўргангандан, деб юрған Султонали мирзо бу кун эрталаб ўз уйига келган махдумнинг сўзидан кейин бир оз ҳақиқатка тушунгандек бўлди. Айниқса махдумнинг ҳеч бир муқаддимасиз «Ожизамиз билан Анварнинг тўйларини қилмоқ ниятимиз бор эди. Шу тўғрида жанобингиз мирзо Анвардан тўйға урунишимиз учун бир калима жавоб олиб берсангиз» деб, тўғридан-тўғри фақат тўй вақтини белгилашни сўраши Султонали мирзога яна бошқа сирларни онглатқан эди.
Иккиси йўл бўйлаб сўзлашиб борар эдилар:
— Маним сўзимга кирсангиз албатта бир от олингиз, — деди Султонали мирзо, — айниқса, сизга энди пиёда юриш келишмайдир.
Анвар бояғича яна кулди.
— От минишнинг нима ҳожати бор, модомики, тайёр оёғ отимиз бўлғанда…
— Маъқул-ку, мендан сўнг яхши эмас-да.
— Ҳозир яхши эмас экан, — деди Анвар, — мен бу хизматдан тушкандан сўнг пиёда юриш яхши бўладими?
— Нега тушар экансиз… Кўб йиллар шу вазифада қоласиз.
Анвар кулиб қўйди:
— Лекин, манимча, бир йил ҳам қололмасман… Агар оғам бўлсангиз, худодан сўрангки, бўйнимға бирар бўҳтон ортилмай, азл қилинайин.
— Бўлмаған васвасаларга тушасиз, Анвар.
— Шаҳодат муфтингнизнинг афтига сира қарайсизми, шоирингизнинг пичингларини пайқайсизми? Агар шу жониворлар мендан сармуншийликни тинчлик билан олсалар, ўзимни жуда ҳам бахтлик кишилардан санар эдим… Шунчалик зўр харидорлари турған бир замонда бу вазифани менга келиб тўхтағаниға ҳануз ақлим бовар қилмайдир… Бу воқиъа ё мени ўта бахтиёрлиққа ёки фожиъ бир фалокатка олиб борар. Сиз айтканча васвасамга, ёхуд бошқа бир бадбинлигимга биноан кейинги эҳтимол…
— На Шаҳодат муфти ва на шоирнинг қўлидан бир пуллик иш келса мендан домангир бўла берингиз, — деди Султонали, — сизнинг сармунший бўлишингиз ҳар ҳолда бир ҳақиқат эди. Негаки, кўб йиллардан бери хиёнат, иғво билан кун кечириб етти ёшлиқ гўдакнинг ҳам назарида икки пуллик обрўси қолмаған муфтининг сиррини ёлғиз менгина эмас, бутун шаҳар, ҳатто хоннинг ўзи ҳам биладир. Бас, бу жиҳатдан унинг ёрлиғ ололмаслиғи аниқ эди. Домла Бурҳон махдумнинг бўлса, шоғобул домла билан оралари бузуқ; агар хон ёрлиғни унинг исмига буюрғанда ҳам шоғовул домла ёзмас эди. Мундан бошқа домла Бурҳоннинг лоқайдлиги, девонхонани оср-уст қилиши бўладирған савдо… Шоир «Мадҳий»нинг бўлса яна аҳволи маълум; хонни махташ, ўзига ёқмағанни хажв қилиш, хотинбозлиқ, баччабозлиқ билан овора бир бетаъйин. Мундан ташқари, «Мадҳий»нинг ёрлиғ оломалиғига яна бир сабаб бор эдиким, бу сирни ўрдадан фақат биз бир неча кишиларгина билар эдик…
— Хўш?
— Буни сўраманг-да, кулманг.
— Хўш, хўш?
Султонали мирзо кулди ва товшини секинлатиб деди:
— Шоир ҳарамдаги канизларнинг бири билан алоқа боғлаған экан…
— Хўш, ундан сўнг?
— Бу ҳолни сезган иккинчи бир каниз хонни бу алоқадан хабардор қиладир. Хон канизни ҳарамдан ҳайдаганидек, шоирни ҳам ҳузурига чорлаб, ўбдан оғиз-бўғзиға, ҳатто энасининг ўсма-сурмасигача қолдирмайдир… Шоир аранг тавба қилиб қутиладир.
Анвар кулди:
— Шунинг учун унга ёрлиғ берилмади, дейсиз?
— Албатта. Шоирнинг эси бўлса бўйини бошоққа узатмай, саройдан ҳайдалмаганига ҳам шукур қилса бўлар эди. Бинобарин, сизнинг хаёлларингиз тамоман ўрунсиз. Яхши, ҳозир кўнмасангиз ҳам пиёда юриб зерикканингиздан кейин от минишка мажбур бўларсиз. Шунинг учун буни қўйиб турайлиқ-да, отдан ҳам зарурроқ масалага ўтайлик, масалан, бошингизни икки қилиш учун, албатта вақт еткандир, деб ўйлайман?
— Қаёқдағи гапларни топасиз, Султонали ака.
— Ҳазили йўқ. Уйланиш сизга ҳам фарз, ҳам қарз. Бунга қолғанда, албатта бир узр кўрсаталмассиз.
Анвар кулимсиб қўйди:
— Уйланишни ҳам бекор бўлишғача тўхтатиб турсақ, дейман.
— Ана гап, — деди Султонали, — балки умр бўйи шу вазифада қолиб кетарсиз. Шу ҳолда бутун умр хотинсиз юриш, хах-хах…
— Ким бир вазифада умр бўйи қолған бўлсин.
— Қолғанлар кўб. Масалан, Муҳаммад Ражаббек марҳум; Муҳаммадалихон замонидан бери девон билан олишиб келар эди. Мен сизга жиддий айтаман: шаҳардан кимнинг қизини ёқтирсангиз ҳам биз олиб беришка ҳаракат қиламиз.
— Раҳмат…
— Чиндан сўзлайман, Анвар.
Анвар ярим жиддий Султоналига қаради ва унинг ўзидан жавоб кутканини сезиб:
— Хўб, мен бу тўғрида домла билан кенгашиб, сизга жавоб берайин, — деди.
— Бу кун эрталаб домла бизникига келган эди, — деди Султонали жиддий турда, — домланинг сўз даромадига қарағанда, сизни ўзига куяв қилиш фикри борға ўхшайди. Сизнинг ризолиғингиз биланми, йўқми, бунисини билалмадим…
Анвар қизаринди. Жавоб бериш ўрниға «натижа?» дегандек қилиб унга савол назари билан қаради.
— Домланинг гапига қарағанда, бошқа тарафлар биткан кўринди, — деди Султонали давом этиб, — фақат ул маним воситамда тўйни бошлаш учун сиздан изн олғали келган экан. Мен бу тўғриға сиздан жавоб олиб бермакчи бўлдим.
Анвар кулди. Аммо бу кулиш унинг бояғи кулгуларидан тамоман бошқа, яъни бахтиёрлиқ кулгуси эди.
— Яхши, — деди Анвар ва ўн қадам чамаси сўзсиз борди. – Яхши, мен эртагача ўйлашиб, сизга жавобини бераман.
— Маъқул, агар бу кун домлаға учрашсам, жавобни эртага оламан деяйми?
— Албатта.
— Хайр, худонинг паноҳига, Анвар.
— Хўш, Султонали ака.
Иккиси ажралишдилар.

Ҳаёт Шамъи
Неча йиллар Анварнинг кўнглини машғул эткан бир муаммо ниҳоят орзуға мувофиқ ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан очилаёзғандев ва қуруқ томоша билан кечкан унинг ой, йиллари бу кун Раъно гулини искаш башоратига ноил бўлғандек эди. Дарҳақиқат, бунча йиллардан бери махдумнинг эшигида қолиши, опаси Нодиранинг: «Мен сени онамнинг уйига чароғчи бўларсан, деб сўйинган эдим. Ўз истиқболинг учун қайғирмай, бир кишини семиртириб юришинг ақлли йигитнинг иши эмас, Анвар» каби таъналарига бўйин эгиши ва ҳатто шу уйдан силжимаслик фикрида ўзи тиламаган вазифаларга ҳам уриниши яна шу башоратни олиш учун эмасмиди?
Истиқбол сўзини ҳар ким ҳар турлик тушунадир. Анвар ўз истиқболини ёлғиз муҳаббат орқалиқ кўрар эди. Ота-онанинг чароғини ёқиш учун аввало ўзига бир шамъи ҳаёт топмоқчи ва ўзи шамъсиз туриб ота-онаға чароғ ёқишни асло тасаввур қилолмас, яъни истиқбол Анварнинг фарди ҳаётида[106] ёлғиз муҳаббат эди.
Йигитлар ўз истиқболлари қайғусида янги бино, янги рўзғор тузийдирлар ва ҳатто дунёда хаёлий ҳам бўлмаған рафиқалари учун кийим тикдирадирлар… Анвар эрса аввало Раъно каби бир рафиқаға эга бўлмоқчи ва шу воситада бошқа масалаларга қарамоқчи эди.
Анвар Султонали мирзога бояғи ваъдани бериб, бу хабар билан юраги шопиринған ҳолда уйга келди. Меҳмонхонада ўзини кутиб ўлтурганлар билан нари-бери ишни битириб, ичкари кирди. Унинг бу кириши ҳар кундагидек киши билмас, тасодуфий эмас, Раънони кўришдан бошқа яна маълум бир маънони Раънодан ўқуш учун эди.
Раъно айвоннинг устунига суяниб китор ўқур, Нигор ойим ўчоқ бошида овқат пишириш билан машғул эди. Раъно ўзига қараб келгучи Анварга ер остидан кулимсиб олғач, бир оз кўриниб турған оёқ учларини сариғ атлас кўйлаги билан яширди, атлас кўйлакни яхшиғина туртиб турған сирлик кўкраги устига ён ўрим сочларини олиб ташлади. Анвар яқинлашғач, секингина китобдан кўзини олиб, «ҳорманг» деди, яна китобка юз ўгирди. Анвар келди ва унинг қўлидағи китобка қаради.
— Умар Хайём, — деди ва Раънонинг қаршисиға, ҳавлига оёғ солинтириб ўлтурди. – Қани, ўқу-чи эшитайлик.
Раъно китобни секингина ёпиб, Анвага узатди:
— Сиз ўқунг, мен эшитай.
— Ўзинг ўқи, бахилсан-да.
— Мен тўғри ўқий олмасам, тунови кунгидек куласиз…
— Жўрттага хато ўқуб, ўзинг кулдирдинг… Ўқи, Раъно.
Раъно китобни ерга қўйди:
— Мен ўқиб зерикдим…
— Маним учун ўқиб бер, деяпман.
Раъно йўлакка ишорат қилди:
— Дадам келиб қолади.
— Қаёқдан бу қадар уятчан бўлиб қолдинг?
Раъно табассум билан жавоб берди ва унда бир оз қизариниш белгиси бор эди. Анвар бу ҳолдан бир нарса сезгандек, сўзни бошқаға бурди:
— Кун иссиқми, терлабсан, Раъно?
Раъно бурни устидаги билинар-билинмас марварид резаларини рўймоли билан артди.
— Терлашим иссиқдан эмас, — деди кулимсираб Раъно, — бошқа нарсадан…
— Нимадан, қани?
Раъно бир оз эски кулавич ва мунаққидлик ҳолатига кирди:
— Сиз беклашканингиздан бери… сизни кўрсам уяладирған бўлиб қолибман. Терлашим ҳам сиздан уялғанимға…
— Кесатуқ ҳунаринг эсингдан чиқдими, деб турған эдим. Ҳар начук ёдингда экан. Тағин, хўш?
— Хон жанобнинг муншийлар муншийси бўлған бир йигитнинг салобати борлиғини ким инкор этсин. Албатта, бу тўғрида канизингизга ҳақ берарсиз деб ўйлайман.
— Хўб, ҳақ бердик, — деди кулиб Анвар ва ўрнидан турди. – Башарти, канизимиз уялмасалар, бизнинг ҳам бир амримиз бор: амр қилсақ уялмасмикинлар?
— Амрингизга маҳжуби инқиёд[107] этишка канизингиз ҳозир.
— Канизларнинг ўз хўжалари билан ўлтуриб муомала қилишлари мумкинми? Амрга инқиёд этишдан илгари шу тўғрида жавоб берсангиз…
Раъно ирғиб ўрнидан турди, гўё канизлардек, икки қўли ёнида ва боши кўксида афу сўради:
— Инсон муштақ ас нисёнаст[108]… Канизи бетамиз ҳамиша афу атоға лойиқдир, чунки зархарид[109] хўжасиға содиқдир.
Анвар, очиқ ва ўюн-кулгини бир дақиқа ҳам қўйиб туролмаған парининг санъаткор шу вазиятига кулимсираган кўйи анча қараб турди, ҳам ўзининг хўжалиқ рўлини бузмай:
— Мен суфада бўламан, фурсат топиб ёнимға чиқ, сенга айтадирған махфуй бир сўзим бор, — деди.
Раъно канизлар каби бош букиб «ҳозирман» ишорасини берди ва табассумга мойил жоду кўзлари билан Анварга оҳиста бош кўтариб қаради… Анвар ўзини завқ ҳам кулгидан тўхтатолмаған ҳолда ташқариға бурулиб жўнад. Ўчоқ бошида машғул Нигор ойим ҳам қизининг кейинги ҳаракатидан кулиб, Анварга қаради. Лекин, Раъно билан Анварнинг доимий шунингдек ўюнлариға тушуниб қолғани учун бу тўғрида гап айлантирмади:
— Ошим пишиб қолди, Анвар, — деди ўчоқ бошидан кулимсиб, суфада бўласизми?
— Бўламан.
— Отангиз аср намозидан чиқиб, бир жойға бориб келаман, дега эдилар. Сизнинг ошингизни сузуб чиқара берайми?
— Майли.
— Ташқарида болалар кўринса айтиб юборингиз-чи!
— Хўб.
Анвар махдумнинг қаёққа бориб келишини ўйлаған ҳолда ташқариға чиқди.
Шомдан бир оз эртароқ эди. Енгилча бир шамол суфа атрофидаги гулларни эринибкина қимирлатар ва бу қимирлатишдан райҳонларнинг ўткур иси ўқтин-ўқтин димоғқа келиб уринарди. Ўн икки-ўн уч кунлик ой кўкнинг шарқи-жануби қисмидан туссизгина бўлиб кўтарилиб келмакда, қуёш ботқан сайин унинг чеҳраси ҳар замон очилиб бормоқда эди. Шаҳар подаси қайтиб, теваракдан сигир ва бузоқларнинг ма-а-а-му-у-у-лари, қўзичоқ ва қўйларнинг ба-а-а-бу-у-у-лари эшитилиб турар эди.
Анвар суфада ўрда юмишларидан баъзисини таҳрир қилиш билан машғул экан, ичкаридан Раъно чиқиб келд. Гўё Анвар Раънонинг келишидан хабарсизча ўз ишига қаттиғ берилган эди. Раъно оҳистағина Анварнинг ёниға келиб, суфага суянди, икки қўли билан иягини кўтариб, оралиқдан Анварнинг таҳририга қаради. Анвар ҳам мулойимғини кулимсиб Раънога кўз қирини ташлаб олғач, гўё илтифотсиз яна қаламини қоралаб, қоғоз устига бир-икки калима ёзди. Аммо учунчи калимага ўтканда қалами қўлида ўйланиб қолди ва бояғидек ёнидағиға кулимсиб қаради. Раънонинг ҳам кўзи унга тўқнашиб бир оз бир-бирларига кулимсираган ҳолда тикилишдилар…
— Нега тўхтадингиз, ёза беринг.
— Сенинг қилған ишинг доим шундай, Раъно.
— Масалан?
— Масалан… Ҳамиша иш чоғида келиб, фикрни бўласан.
— Мен ораға сўз аралаштирдимми?.. Ёза беринг, мен шундай қараб тураман.
Анвар Раънога ўнгланиб ўлтурди:
— Фойдаси йўқ, энди фикрни ўғирладинг.
— Мен фикр ўғриси эмасман… Қани ёзинг.
Анвар қўлидағи ёзилған қоғозни қўйиб, иккинчи оқ қоғоз олди:
— Энди бошқа нарса ёзаман?
— Майли ёзинг.
— Сен ҳам жавоб ёзасан, хўбми?
— Хўб.
— Тунови кундагидек жавоб тополмасанг нима қилай?
— Раъно суфага оёғ солинтириб ўлтуриб олди.
— Юзимга бир шапалоқ уринг, лекин сажъ қофияси осон бўлиш шарти билан.
— Маъқул, — деб кулди Анвар ва Раънога қараған ҳолда ўйланди. Бу ўйланишдан Раъно қошларини чимириб эътироз этди:
— Кўб ўйламанг.
Анвар жавоб бериш ўрниға қаламини қоралаб ёзди:
Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг «Раъно»си.
Анварнинг қаламидан қоғозга тушиб борған сўзларни таъқиб эткан Раъно, қоғоздан кўзини олиб қизарди ва бош чайқаб тескарига қаради.
— Қани жавоб, Раъно?
Раъно шу кўйи бир оз Анварга қарамай турди ва қайрилиб унинг қўлидан қалам-қоғозни олди-да:
— Уят қилмайсизми? – деб сўради.
— Маним ёзғанимни сен уят қилмасанг, мен ҳам сенинг ёзғанингни уят қилмайман. Лекин шарт шуку, маним икки йўлимға айни жавоб бўлсин.
Раъно яна бир оз ўйланиб, Анвардан яширинча ёзди:
Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин,
Не бахт, Раъно харидоринг талаб аҳлининг «Мирзо»си.
Раъно ёзувни Анварнинг олдиға ташлаб, қизарған ва кулимсираган ҳолатда чопиб гуллар ёниға кетди. Анвар жавобни ўқуб завқланди:
— Офарин, Раъно, лекин биравнинг устидан ортиқчароқ муболаға қилибсан.
Раъно гуллар ёнидан Анварга жиддий қаради:
— Сиз ҳам муболаға қилған эдингиз.
— Маники муболаға эмас, — деди Анвар, — масалан, сен ҳозир гуллар ёнидасан, ҳам чиндан-да, гулларнинг раъносисан… Мана, мен яна ёза бошладим; жавобға ҳозирлан, Раъно.
Раъно югуриб Анварнинг ёниға келди ва унинг қаламидан томған сўзларни ўқуб борди:
Ҳамиша хавфда кўнглим бу муҳаббат интихосидин,
Мени ҳам этмаса мажнун дебон Раънонинг савдоси.
Раъно кейинги мисраъни ўқуб ўйланиб қолди. Анвар ҳозирги Раънонинг ўйчан кўзига анчагина тикилиб турғач, кулимсиди:
— Жавоби қийин келдими, Раъно?
— Қаламни беринг, — деди Раъно ўпкалаган қиёфатда қўл узатиб, — ўйлағали ҳам фурсат бермайсиз.
Ёзди:
Муҳаббат жомидин нўш айлаган[110] аҳли зако бўлмиш,
Фунуни тибда мажнундир кишининг куйса сафроси.
— Енгдинг, раъно, енгдинг, — деди Анвар, — лекин кейинги мисраъда бир хато қилдинг…
— Масалан?
— Тибнинг айтишича, сафро эмас, қон куйса, киши жинни бўладир…
— Қоннинг бузулишиға аввало сафронинг куйиши керак, сафро куймай туриб қон бузулмайдир… Хўш, яна ёзасизми ёки енгилдингизми?
— Енгилдим…
— Енгилган бўлсангиз, ютуғимни беринг.
Анвар юзини тутиб берди. Раъно бўшқина унинг юзига уриб қўйди.
— Агар шу гал ҳам енгсам, — деди Анвар ачиниб, — мен сени уруб ўлтурмас эдим…
— Нима қилар эдингиз?
— Энди фойдаси йўқ.
— Айтинг-да, агар менга ҳам маъқул бўлса, урғаним ҳисоб эмас, бўшқина урдим-ку.
— Лекин сен уни қилолмайсан…
— Нега қилолмайман, қани айтинг-чи.
— Қилолмайсан… — деб кулди ва бир оз айтишка кучланиб турди. – Мен… мен сенинг юзингга қўлим билан эмас, оғзим билан урар эдим…
Раъно қизариб ерга қаради. Юзга оғиз билан уришни ул ўз умрида биринч мартаба эшитканлиги учун қизаришқа ва ерга қарашға ҳақли ҳам эди. Ўзининг ёзған муҳаббатка оид шеърлари ва Анварга берган ҳалигидек жавоблари билан чин бир маҳбуба ва маъшуқа бўлиб кўринса ҳам, лекин кейинги гапларга ҳануз ошна эмас ва юзга оғиз билан уришлардан тамом бегона эди. Бу гап Анварнинг ҳам биринчи жасорати бўлиб, иккиси-да шу «янгилик»нинг ўнгғайсизлиғида қолдилар.
Гумбази нилигун қандилида[111] шамъи кофурий[112]лар ёқила бошлаған эди. Ой ҳам бир оз нурланиб, турмушка янги қадам босқан бу икки ёшнинн ҳозирги ҳолларидан кулимсигандек кўринар эди. Бояғидан бир мунча кучаятушкан шамол гулни гулга қувиштириб, гўё бу икки ёшға: «Сиз ҳам ман шу гуллар каби қовишинг» дегандек бўлар эди. Ўнгғайсизлиқда қолған Раъно хижолат аралаш Анварга кулимсиб бош кўтарди.
— Мен сизнинг «амрингизга» мувофиқ чиқған эдим.
— Амримга мувофиқми? – деди Анвар ва Раънонинг кўзига тўғри қараб илжайди: — Шомдан кейин.
— Нима шомдан кейин?
— «Амримга» мувофиқ чиқишинг.
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир мумкин эмас.
Раъно ўпка билан Анварга қаради ва туриб ичкарига жўнади.

Нега Ерга Қарайсан, Раъно?
Кучлик шамол кўтарилиб, боқчадаги ҳар нарсани тўрт тарафка бука бошлади. Кўча чанглари кўкка кўтарилиб, ой ва юлдузлар нурини хирароқ бир ҳолға қўйдилар. Чигирткалар чириллаши, кеча ҳашаротларининг нағмаси кучлик шамол товши билан кесилди. Суфа устидаги сўри ҳар замон тўрт томонға чайқалиб, ўз остида ўлтурғучиларнинг бетларини гоҳ кўрсатиб, гоҳ яшириб, улар билан ўйнашқандек теваракка ҳусайни ғужумларини бир-икки бора узиб ташлади.
Анвар ўзидан нарироққа тушкан бир шингил узумни олиб еди ва бир-икки ғужумни ҳамроҳига узатти:
— Ма, Раъно…
— Мен емайман.
— Мен ҳам сенга егин демайман.
Раъно ўз ёнидағИ ғужумларни йиғиб, Анварга берди.
— Мана узум есангиз… Менда нима юмушингиз бор?
— Баракалла… Тўкилган узумларни йиғиб бер-чи менга.
Раъно яна бир нечта ғужумларни териб узатти.
— Қани, юмишингиз?
— Сенда нима юмишим бўлсин, Раъно. Ҳар кунги ўзинг билган гап… сўзлашиб ўлтурармиз; узум тўкулса, менга териб берарсан, деб чақирған эдим.
— Дадам ҳуфтандан қайтиб қолади. Гапингиз бўлмаса, мен кетаман.
— Ҳуфтан ҳали ўқулған эмас, азон ҳозир айтилди. Башарти дадамиз ҳуфтанни ўқумай келиб қолса, бунинг ҳийласи осон: даррав анави гулнинг тегига яширинамиз.
— Башарти дадам бизни қидириб гулнинг тегидан топса, нима қиламиз?
— Нима қилар эдик? Сен уйингга кетасан, мен бўлсам меҳмонхонаға.
— Иккавингиз гулнинг тегида нима қилиб ўлтурга эдингиз, деб сўраса, нима жавоб берамиз?
— Ўзимиз ўлтурган эдик, деймиз.
— Нима учун, деса-чи?
— Қизингиз ўялғани учун, деймиз.
Раъно кулиб ўрнидан турди ва суфадаги кўзи илғаған ғужумларни териб Анварга берди:
— Хайр, юмишингиз бўлмаса мен кетдим, шамолдан қулоғим битти.
— Гапим бор, гапим, — деди Анвар, — кел, айтаман.
Раъно қайтиб келди.
— Айтинг.
— Ўлтур.
Раъно Анварнинг қаршисиға ўлтурди. Ўлтуриши билан кучлик шамол юриб бошидағИ рўймолини учурди ва олиб бориб Анварнинг бетига ёпти.
— Ха-ха-ха, шамол сиздан ўчимни олди. Қани, гапуринг.
— Анвар рўймолни қисимиға олди.
— Ҳозир гапираман, лекин шартим бор.
— Айтинг шартингизни.
— Аччиғланмайсан.
— Хўб…
— Уялмайсан.
— Раъно масалаға тушунгандек ўйланиб қолди.
— Рўймолимни беринг.
— Рўймолинг учиб кетди… Шартимга кўндингми?
Раъно жавоб бермади. Анвар Раънонинг олачалпоқ кўлага ичида хаёлий бўлиб кўринган юзига қаради. Унинг ҳаё ичида олийлиқ каст эткан жоду кўзи Анварнинг ҳозирги мақсадиға тушунганликни ифода қилар эди. Бирмунча вақт шу кўйи сўзсиз қолдилар. Шамол дам кўтарилиб, дам босилар эди. Шамол асноси гуллар ҳам келинлар каби ҳар томонға эгилишиб салом беришиб олар эдилар.
Анвар ўзини суфанинг қоронғу қисмиға олди. Раънога айтмакчи бўлған сўзи эҳтимол унинг ўзига ҳам ўнгғайсизлиқ берар эди.
— Туғилғандан сўнг ўсиш, ўскандан сўнг икав-икав бўлиб яшаш бор, — деди Анвар ва бир оз тўхталиб олди. – Жуфтлик ёлғиз кишилар орасидағина эмас, ер юзидаги ҳар бир махлуқда ҳам бор… Масалан, тоғлардағИ оҳулар, ўрмонлардағи тўтилар, чамандаги булбуллар ҳам ёлғиз эмас, жуфай яшайдирлар... Сенингча қандай, мен уни билмайман, аммо жуфтланишнинг, манимча энг муҳим бир шарти борким, ул ҳам икки тарафнинг муҳаббат занжири билан бир-бирларига қаттиғ боғланишларидир... Биз икав ёшлиқдан бирга яшаб келамиз, орамизда махфий сирларимиз йўқ ва бизнинг ўз аро сирларимизга воқиф бўлған чет кишилар ҳам йўқ. Шунга биноан сен билан маним ҳар бир тўғрида ҳам очиқ сўзлашмагимизга ҳеч бир монеълиқ бўлмас, деб ўйлайман... Агар янглишмасам, иккимизнинг бир-биримизга муомалаларимиз самимий ва юракларимиз тепиши ҳамоҳангдир. Ёки янглиш сўзладимми, Раъно?
Раънонинг ерга қараған кўзи секингина Анварга кўтарилиб, яна ерга оғди. Анвар унга бир оз қараб турғач, сўзида давом этти:
— Сен эшитдингми, йўқми, билмадим, улар иккимизни жуфтлашдирмакчи бўлиб, бу кун мендан киши орқалиқ тўй вақтини белгилашни сўратқан эдилар, мен эртага жавоб бермакчи бўлдим... Сени бу ерда тутишим ҳам сен билан кенгашиб, эртага шунинг жавобини уларга айтишдир... Нега ерга қарайсан, Раъно?
Раъно бошини кўтариб кулимсиди ва юзини четка ўгирди...
— Сен уял, уялма, улар бизни жуфтлашдирарлар. Марҳума Моҳларбибининг фотиҳаси ерда қолмас. Агар сен шундай юра берайлик, десанг, мен ҳам уларга сенинг жавобингни айтаман... Гапир, Раъно.
— Юра берайлик, — деди Раъно юзини четка ўгирган ҳолда, — уларга нима оғирлиғи бор?
Раънонинг бу сўзи Анварнинг устидаги юкни кўтариб ташлағандек бўлди.
— Иккимиздан бошқаға албатта оғирлиғи йўқ... Лекин, сен айтканча, қачонғача юра берайлик? Уларга бир муҳлат кўрсатишимиз керак. Раъно.
— Қариғунимизча...
— Қариғунимизча, деб муҳлат сўрайми?
— Улгунимизча...
Анвар кулди ва сурулиб Раънонинг ёниға келди. Гўё уни ўзига қаратмоқчи бўлғандек, елкасига қўл юборди...
— Менга қара, тўғри жавоб бер, Раъно.
Раъно қулоғи остиға теккан иссиғлиқдан чўчиб юзини ўнглаган эди, тасодуфан лаби ҳалиги иссиғлиққа учрашди... Иложсиз каби лабини иккинчи ҳароратлик лабдан ажратолмай, бир неча соний кутиб қолди. Кучлик шамол қўзғалған эди. Шамол, гўё кўмаклашкан каби орқадан эсиб, Раънони Анвар томонға майл этдирар эди. Терак орқасида қолған ой ҳам кучлик елнинг кўмагида терак бошидан буларга мўралаб олди. Икки ёшнинг ҳозирги ҳолини яқиндан томоша қилмоқчи бўлған туссиз бир юлдуз кўк саҳнининг ерга яқинроқ қисмиға учиб тушди...
— Жавоб бер, Раъно.
— Бу ҳолда мен жавоб бералмайман...
— Жавоб бермасанг, мен ҳам сени бўшатмайман.
— Дадам келиб қолади...
— Дадангдан бу кун жавоб олдим.
Раъно Анварнинг ияги остиға сўл чаккасини қўйиб четка қаради.
— Сиз хоҳлаған вақтда бўлсин.
— Менга қолса эртага...
— Майли...
Анвар ияги остидағи мулойимлашқан қизнинг юзидан ўпти ва унинг тўзғиған сочларини тўғрилаб, ҳаётбахш кокилларнинг муаттар бўйини узоқ ҳидлади.
— Чин сўзла, мен сенинг раъйинг билан уларга жавоб айтмакчиман, Раъно.
— Кўкламга...
— Чинингми?
— Чиним.
— Хўб бўлғай. Мен эртага, тўйимиз кўкламга бўлсин деб жавоб айтаман... Ерлар кўк гиламлар билан бежалганда, ҳар тарафни бинафша чечаклари босқанда, қушлар уя қайғусини чекканда биз ҳам тўй қилармиз; чимилдиқда бахт созини тинглаб, истиқбол куйини куйлармиз... Шундайми, Раъно?
— Шундай...
— Ундан сўнг маним оғушимда шунинг сингари даданг келиб қолишидан қўрқиб, киши қўлиға тушкан қуш боласидек типирчиламассан. Шу ҳуснинг, шу малоҳатинг ва шу латофатинг билан тамом меники бўларсан, шундайми?
Раъно жавоб бермай, Анварнинг оғушидан ўзини қутқариб ўрнидан турди. Суфанинг зинасига бориб кафсиҳни кийди ва Анварнинг қувлашидан қўрқиб, сапчиб ерга тушти...
— Жавоб айтиб кет, Раъно.
— Ҳа, шундай, — деди Раъно, гул ёнида рўймолини тўғрилаб. – Энди сизнинг олдингизга чиқмайман.
— Нега чиқмайсан?
— Негаки жуда ёмон киши бўлибсиз... Мен аямга айтаман.
Анвар кулди.
— Нимани айтасан?
— Ҳаммасини айтаман.
Шу вақт ўрта эшикдан кириб келган махдум уларнинг сўзини бўлди, ичкарига кетиб борған Раънони тўхтатиб, «Анвар акангга чой бердингми, қизим?» деб сўради.

Зулм Ўчоғи
Худоёрхонға 1283-нчи йилда учунчу мартаба тахтка чиқиш насиб бўлди. Унинг охирға салтанати хонлиқ истибдодининг аччиғ зулм ва таъаддиларининг жонсўз қора саҳифаларини ташкил этадир. 1283-нчи ҳижрийдан 1292-нчигача бўлған саккиз йил, Худоёрнинг эркин нафас олиб, Фарғона устида ўзи тилаганча қамчи ўйнатқан ва зулм тиғини камбағаллар қони билан сарбаст бўяған сўнгғи давридир. Мамлакатни обод қилиш баҳонаси билан 1284-нчи йилда Қўқон косибларини ҳақсиз – муфт[113] ишлатиб янги раста, карвон сарой, пахтасарой ва коппонлар бино қилдирди. 1285-нчи йилда Қўқоннинг Урганч мавзеъида машҳур Оқсаройни солдирди, узоқ жойдан ариғ қазитиб келиб, Оқсарой атрофини суғортирди. Иссиғ кунларда салқинлаш, малика хонимлар билан ишрат қуриш учун «Боғи Эрам» ясатди. Онаси Ҳоким ойимнинг васиятига мувофиқ, 1286-нчи йилда «Ҳоким ойим мадрасаси» деб машҳур мадрасани, яна шу йилда Амир Умархон тарафидан асоси қўйилған маълум янги ўрдани ҳам теварагида боғ ва гулзорлари билан ишлатиб битирди[114].
1286-87-нчи йилларда «Улуғ наҳр», «Хон ариғ» деб машҳур ариғни қазитди. 1287-нчи йилда ўз номидаги «Мадрасаи олий»ни ва «Дахмаи шоҳон»ни, 1288-нчи йилда Қўқоннинг эски қаландархонасини бузиб, янгидан таъмир, ҳам ўлган оғаси Султонмуродхон исмига мадраса бино қилдирди. Ва ушбу йил ўғли Ўрмонхоннинг хатнаси учун бир юз йигирма кун ош бериб, тўрт ойлиқ тўй эълон қилди. Шундоғки, ҳар кун икки юз қозон ош дамланар, саккиз юз танур нон ёпилар, икки юзлаб улоқ берилар, мамлакатдан тўйға келгучи аъёнға ҳар кун минглаб тўн кийдирилар эди.
Бу қадар саховат, бунчалик дабдаба, албатта, хазинадаги олтинлар кучи билан бўлғандир, деб баъзиларнинг кўнглига келар. Хонлар ва подшоҳлар хазинасидаги олтинлар манбаъи ҳам фуқаронинг билак кучидир. Лекин Худоёрнинг саховатпешалиги ва маъмуриятпарварлиги меҳнаткашнинг хазинага олтин суратида йиғилған кучидан эмас, бевосита билак кучидан, кўз ёшидан эди. Cунки Муҳаммадалихон давридан бошланған (1240) ўзаро тахт талаши, ўзбек-қипчоқ жанжали ва бошқа тўполонлар хазинани ялаб-юлққан. Худоёр 1283-нчи йил тахтка ўлтуришида эшиги очиқ – бўш хазинагагина эга бўлған эди.
Бу «маъмурият даври» саналған беш-олти йиллар Фарғона фуқароларининг умҳузн[115]лари, қора кунлари бўлған эди. Худоёрнинг Сирдарёдан сув чиқариш можаросини мисол учун олайлиқ.
Хоннинг раъйи сув чиқаришға тўхтади. Хазинанинг бўшлиғини, ўйланған ишнинг ниҳоятда улуғлиғини андиша қилмади. Қаламравидаги барча шаҳар ва қишлоқларға саркорлар, чўғоллар тарқатди. Улар халқдан солиқ йиғишқа, ёрдам тўплашқа буюрилгаън эдилар. Бу ихтиёрий равишдаги ҳозирликдан сўнг, «мамлакатимдаги ҳар бир хонадон битта кетман ва битта мардикор берсин!» деб истисносиз умумий бир фармон ҳам бўлди. Қамчиси кўкда тобланиб, ханжари заҳар сочқан «хон ҳазратнинг буйруғиға» ким қарши бора олсин. Ҳар бир оила, гарчи, рўзғор бошлуғини бўлса ҳам, битта кетман билан хон таъйин қилған жойға йўллай бошлади. Бойлар битта мардикор ёллаб бериш устига от ёки арава ҳам топишқа мажбур эдилар.
Eни олти, бўйи (чуқурлиғи) беш газдан ўн беш газгача қазиладирған ариғнинг узунлиғи ўттуз чақирим ва шу ўттуз чақиримлиқ ариғ қазилиб битканда, Наманган ва Андижон туманларидан икки минг ботмонғача ер суғорилар эди. Шу йўсун ариғ қазила бошланди. Лекин ишчи кўб, озиқ-овқат йўқ эди. Бойлар киши ёллаб қутулғанлар, ўттуз чақиримлиқ ариғ хатига бола чақасини оч ташлаб, кетман кўтариб келган нуқул меҳнаткаш, косиб ва деҳқонлар чизилғанлар эди. Ўз ёнларидан сарф қилиш учун оқчалари, ҳукумат тарафидан бериладирган овқатнинг салмоғи йўқ эди. Иссиғ қуёш остида, гиёҳсиз чўл бағрида кетман одатдагидан кўброқ ем талаб қиладир. Ариғ қазувчиларнинг овқатдан силлалари қуриб, иликлари пучайган, ердан ўн қадоқ тупроқ олиб ирғитишқа эмас, ҳатто кетманнинг ўзини кўтаришка ҳам дармонсиз эдилар. Хон тарафидан улар устига ишбоши қилиб белгиланган саркорлар, очлиқ ялқовлиғини чинга ҳисоблаб, қулоқ эшитмаган сўкишлар билан бечораларни таҳқир этар, сулайиб йиқилмағунча кетманни ташлатмас эдилар. Ҳар ўн беш-йигирма кунда ариғ бошиға келиб турғучи хон, саркорларнинг сиъояти[116] билан ҳар бора бир-икки меҳнаткашни қовлиқда, ўзига итоатсизликда айблаб, кўбчилик кўз ўнгида бўғизлатар ва ҳар гал келиб кетишида шунинг сингари мазлумлар қони билан янги «Хон ариғ»ни намлар турар, бу зулмни ўз кўзлари билан кўриб турған бечоралар очлиққа, дармонсизлиққа қарамай жон аччиғида ишка ёпишар эдилар.
Шу йўсун зулм зарби остида ниҳоятда улуғ иш бир йилга ҳам қолмай итмомиға еткан, минг чақиримлар бўйлаб Сирнинг сирлик суви кумуш каби оққан, гиёҳ унмаган чўллар меҳнаткашлар қони бўлса керакким, хоннинг маъмуриятпарварлиги, яъни унинг мадрасалар, тўрт ойлаб тўй бериши хазинада асрлардан бери йиғилиб ётқан олтинларни сарф қилиб эмас, тўғридан-тўғри фуқарони муфт, мажбурий ишлатиш йўли билан эди.
Хоннинг гарчи зулм билан бўлса ҳам солған мадрасаларига, қаздирған ариғалариға таҳсин қилғучи, «золим бўлса ҳам маъмуриятпарвар экан» дегучи баъзи биравлар орамизда топилиб қолур. Шунинг учун хонни «маъмуриятпарвар» қилған омиллар устида тўхталиб ўламиз:
Хон икки мартаба тахтдай ҳайдалиб, анчагина тажриба ортдирған, учунчи мартаба тахтка ўлтуриши маданиятлик ўрус истибдодининг Тошкандин олиб Хўжандга ҳам қўл узатқан саналарга тўғри келган эди. Бу кунги шароит тажрибалик хонни бошқача сиёсат ушлашка мажбур этар эди. Ниҳоятда қаттиғ қўллиқ бўлиш, юқори табақа ҳисобланған уламони, ашрофни ўзига қаратиш лозим ва тахтига аждаҳо каби оғиз очиб келмакда бўлған ўрусларга қарши ўз маданиятини қуриб, жавоб бериши керак эди. Шунинг учун меҳнаткашни раҳмсиз ишлатиб мадрасалар бино қилмоқда, ариғлар чиқармоқда, сарой ва расталар, қаландархона ва ўрдалар ёпмоқда эди. Абдукаримхондан бери ўнлаб хонларға яраб келган ўрдани бўзиб, янги ўрда бино қилиши ўз кайфига қарағанда ҳам ўрусларга жонлилиқ кўрсатиш, ялтирасин шаъну шавкат билан Фарғонани ўз қўлида сақлаб қолиш учун эди.
Ўчадирған чароғ ёқин ўчадир, мақоли каби Туркистон хонларида сийрак кўрилган бу маъмуриятпарварлик бизга қолса шу омиллардан туғилған ва бунда самимий ҳеч нарса йўқ эди.

Ҳарам
Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.
Ўрда қўрғонининг ташқари айланаси (тўрт томони) ажойиб гулзорлар, анвўи мевалик дарахтлар билан зийнатланган. Бу боғни махтаб Худоёрнинг ўз шоири Мулла Ниёз Муҳаммад:
«Ясаб қасре саодат даврида боғи жаҳон оро,
Муаттар бўлди гулзоридин олам гунбази хазро[117].
Шаҳи волоки берди зеб боғ ичра раёҳиндин,
Ўшал кун тутди ер саҳнини бўйи анбари соро[118].
Ясарда тарҳини тарроҳ[119]лар андоғ сакиз гулшан,
Бу гулшан ҳар биридин топдилар юз минг чаман оро.
Ки ҳар ашжор[120] асмор[121]ини таъмида шакар мазмар[122],
Очарға шаккар оғзин муддаилиққа наҳад оро.
Хиёбон расталардин боғ топди зеби оройиш,
Гулистониға бергандек чаман оро гули ҳумро.
Жаҳон боғида ҳарна неъматидир бунда ул мавжуд,
Насиб эткай сенга юз йилғача ҳақ эй жаҳондоро[123]... »
дейдир ва Худоёрға бу боғда юз йиллаб роҳатланмоқ учун дуо қиладир.
Домла Ниёз Муҳаммад айткандек, гулшаннинг уч тарафи хиёбон, расталар ва бунда эртадан-кечкача халқ қайнашиб турар эди. Ўрда боғининг эшигида доим қоровуллар қараб турғанлиқдан, ўрдага алоқаси бўлмаған кишилар боққа киралмаслар, фақат ҳафтада бир кун, хоннинг кўнгил очиш соатларида, баъзи мустасно зотлар учун боғнинг йўли очиқ бўлур эди. Боққа кирилгандан кейин, тўғридан янги ўрданинг дарбозаси, муҳташам музаяқакор тоқ ва равоқлар кўзни қамашдирар, киши гўё ўзини хон ҳузурида, истибдод салобати остида сезар ва мутантан[124], ва музайян[125] қасрдан руҳ олиш ўрниға, билъакс, бир даҳшат ва хавф ҳис эта бошлар эди. Ўрданинг хиштин, кунгирадор қўрғонлари ости билан жазойири қилич тақинған махсус муҳофиз йигитлар айланиб, бегона кишини қўрғон яқиниға йўлатмаслар, айниқса, ўрданинг юқори қисмидан қўйилған ҳарам дарбозасиға яқинлашиш учун, ҳатто ўрданинг ўз ходимлариға ҳам рухсат йўқ эди. Ҳарам дарбозасидан юрғучилар ёлғиз хоннинг ўғли – шаҳзода, хоннинг хотин қариндошлари, канизлар, доя хотинлар, яна баъзи «махсус» юмишларга хон томонидан белгиланган заифаларгина эдилар. Бу дарбозадан хоннинг ўзи ҳам юрмас, чунки унинг ҳарамига кирадиган йўли ўз маҳкамаси ва шаҳнишин орқалиқ эди.
1287-нчи йилнинг сунбула ойи, яъни эрта кузнинг кўклам ҳавосига яқин турған салқинча бир куни. Кечки соат бешларда ўрда ичида қайнаб турған ҳаёт бир оз тинчиб тушти, дарбоза ёнларидағи қоровуллар ичкарига киши киритмай қўйдилар. Ўрда хизматчилари, масалан, беклар, мирзолар, ясовуллар ва шулар сингари «сайид» [126] ходимлари бирин-сирин чиқиб тарқала бошладилар. Биринчи дарбозанинг икки биқинида турғучи қоровул йигитлар ўрданинг улуғ даражалик бекларини таъзим билан узатар, мансаби қуйироқ ясовуллар билан мутояба қилишиб қолар эдилар. Саркардалардан баъзиси дарбоза ташқарисида хизматчи тарафидан қантарилиб турған отининг ёниға келиб, отни қараб чиқар, яхши боқмағани, ёки тоза супурмағани учун сайис ни койиб олар ва сўкуниш ораси сайис[127] кўмагида отиға миниб жўнаб кетар эди.
Дарбозабонлар ўрдада зарур юмиши борлиғини сўзлаб, илтижо қилғучи ҳар қандай кишини ҳам ҳозир ичкарига йўлатмаслар ва асабийланиб койиб қайтарарлар эди.
— Бу ўзи қандай одам, қулоғиға ун босқанму! – деб жекириниб турған биринчи дарбозабон узоқдағи кимгадир қараб қолди, кўзи ўша тарафда экан бояғи сўзини такрорлади, — боравурингғ, оғизни очманғ, шери Яздон келганда ҳам ичкари киритмаймуз!
Илтижо қилғучи умидсиз дарбозадан йироқлашди. Унинг кетича дарбоза ёнида банорас паранжилик бир хотин пайдо бўлиб, ичкарига парвосиз кира берди. «Шери Яздон»[128]ни ҳам киритмайдирган дарбозабонлар хотинни бошдан-оёғ кузатиб, индашмай қараб қола бердилар. Хотин ичкари кириб тўғриға қараб юрди, асл ўрданинг улуғ муҳташам дарбозасиға яқинлашқандан кейин ўнгдаги айри йўлға бурилди.
Хотин ҳарам дарбозасини чоғлаб борар эди. Қўрғон остидағи соқчилар хотинға ёвош-ёвош қараб олиш билан кифояланар ва уни таниғандан парвосизча ўз ёнларидан кечирар эдилар.
Хотин ҳарам дарбозаси ёниға етиб, остонага қадам босқан чоғида бўсағадағи йигит «виш» этдириб қиличини қинидан суғурди.
— Тўхтанғ!
Хотин тўхтади ва йигитка қараб бетидаги чашмбандини қия очти. Йигитнинг жиддияти кулимсирашка мубаддал[129] бўлиб, ҳаводаги қиличини қайтариб ғилофиға солди. Хотин юзини очқан кўйи ичкарига юрди. Ўттуз беш ёшларда кўринган бу гўзал хотин ҳарам ходималаридан Гулшанбону эди.
Гулшанбону Худоёрнинг иккинчи даврида ўз хусни билан бир неча мартаба хоннинг илтифотига сазовор бўлған ҳарам канизларидан эди. Худоёр тахтни ташлаб Бухороға қочишға мажбур бўлғандан кейин, оғасини ғайри шаръий ишларда, жумладан, хотинбозлиқда айблаб, тахтка минган Муллахон ўз даъвосиға мувофиқ Худоёр ҳарамидаги юзлаб хотинларни ўз йигитлари орасида хотинлиққа тақсим қилиб юборди. Шу жумладан, Гулшанбону ҳам Маллахон тарафидан Худоёрға қарши урушда қаҳрамонлиқ кўрсаткан бир йигитка инъом қилиниб, шундан бери ўша йигитнинг никоҳида хотин эди. Худоёр учунчи мартаба тахтка мингандан кейин, Гулшан хоннинг ёниға келиб, эски «қадрдонлиқ» номиға ҳарамдан бир хизмат сўрағанида, «марҳаматлик» хон Гулшаннинг арзини ерда қолдирмай, ҳарам ходимларининг жуда озлариға насиб бўладирған улуғ бир мартаба ато қилдиким, биз Гулшанга топширилған вазифанинг нимадан иборатлигин қуйида кўрармиз.
Гулшан дарбозадан ичкари киргандан кейин, паранжи остида босилиб тартибсизланган сочларини тузатди, чанг ўлтурган нилий ранг товор кўйлагининг этакларини қоқти, қўлидағи ёқут ва зумурад кўзлик олтин узукларини тўғрилаб тақти ва шундан сўнг зиналардан юқориға қараб чиқа бошлади. Йигирманчи зинадан кейин узун – ўрданинг эни қадар бир бўлак бошланиб, унинг ўнг-сўлини ўн чоғлиқ бухори чакма эшиклар зийнатлаган эдилар. Бу эшиклар ҳарамдаги алоҳида ҳавлилар ва улар даромад[130]ини кўрсатар эдилар.
Гулшан узун йўлакка чиқиб, ўнгдаги биринчи эшикни итарди. Ичкари тарафдан кекса бир ходима – эшик очар хола кўриниб, Гулшанга салом берди ва «хуш келдилар» деди. Гулшанни ичкари киритиб, эшикни беклади. Бу, ҳарамнинг кичкинагина сув ҳавлиси эди. Ўртадағи мис ҳовузда кўм-кўк сув мавж уриб, бир неча канизлар ҳовуздан сув олмоқда эдилар. Ҳавлининг шимолидаги ходималар турадирған кичкина бир уйдан бошқа мунда бино йўқ, фақат жанубда ҳалигидек бир эшик бор эди. Сув ҳавлисидаги бу ҳовуз ҳарамнинг бутун эҳтиёжини ўтар, уни ҳафтада бир неча мартаба махсус соатларда мешкоблар томонидан тўлдириб турилар эди.
Гулшан паранжисини қўлиға олиб, эшик томонға юрди. Эшик ёниға келиб секин-секин ҳалқани чертти. Эшик ичкаридан очилиб, бунда ҳам эшик очар хола кўринди. Лекин буниси ёшқина бир каниз эди. Гулшандан паранжи, чашмбандни олиб, «хуш келдилар» деди. Бу ҳарамнинг биринчи ҳавлиси эди. Ҳавлининг тўрт томони нақшинкор, ойнабанд, гул чакилган даричалик, ҳаммаси бир хил бичиқда танобий (зол) уйлар, ҳар бир уйга махсус даҳлизлар ва бир-бирига ямашдириб солинған хоналарни шу даҳлизлар бир-биридан ажратиб турар эдилар. У қадар кенг бўлмаған саҳн остиға хиш тўшалган, ҳавли юзида тўрт-бешта қизил шолдан кўйлак ва бошлариға сариғ шолдан рўмол ўраб, оёқлариға бедонадан кафш масхи кийган ёш канизлар сочилған ҳолда вазифалари орқасидан юрар эдилар. Гулшан улар билан оҳиста сўрашди ва канизларнинг биридан ярим товуш ичида сўради:
— Он ҳазратим?
— Шаҳнишиндалар, — деди каниз, товшини четка чиқармаслиққа тиришиб.
Шаҳнишин – хоннинг хос ҳужраси, хон овқанланадирған, ухлайдирған ҳам хотинларни қабул қиладирған уй бўлиб, сув ҳавлисининг қатори билан то тахт ўрнатилған маҳкамагача қатор уч хона танобий уйлардан иборат эди. Бу уйлар шаҳнишинликка мувофиқ бошқа бинолардан баланд қилиб солинған бинолар орқаси, жануби хос ойимлар – яни хонимлар танобийси, ғарби – қисман танобий ва қисман ошхона ва ҳарам хазинаси биноларини ва бошқа ҳавлиларга чиқиш учун даромадларни ташкил этар эди.
Гулшан, «шаҳнишиндалар» жавобидан сўнг, тараддудлангандек бўлди. Бир оз иккиланиб турғандан кейин; яна бир қайта сочини, рўймолини, кийимини тузатиб олди ва шаҳнишин томонға бурулди.
— Ойихоним чақирадирлар, — деб бир каниз шивирлади.
Гулшан уч-тўрт қадам босқан эди, тўрдаги танобийдан чиқиб келган канизнинг ҳалиги сўзи билан тўхтади ва сўзсиз каниз томонға бурулди. Гулшан кирганда даҳлизнинг тўрида уч нафар каниз санама[131] тикиб ўлтурар эдилар. Улар билан саломлашди. Ул саломлашқан аснода ичкари танобийдан олти ёшлар чамалиқ, оқ туслик қора кўзлик кўркамгина бир бола сариғ атлас кўйлагини ҳилпиратиб чиқиб келди.
— Ассалому алайкум... Соғмилар, шаҳзодам, — деди Гулшан кўлини кўкрагига қўйиб, болаға букилинқираған ҳолатда.
Шаҳзода жавобсиз кулимсираб, Гулшанга бир оз қараб турди-да, ичкарига кириб кетди.
Гулшан кафшандозда оёғини ешиб, гиламга чиқди. Даҳлиз ўн бир ёғочлиқ катта мунаққаш уйдан иборат бўлиб, тахмонида атлас ва адрас кўрпа, кўрпачалар уюлған, тоқчалари анвойи хитойи ва қашқар чиннилари, бухоро мис ва кумуш идишлари билан зийнатланган эди. Гулшан кафшини еша бошлағач юқоридағи санама тикувчилар ҳам ўрунларидан турған эдилар, келиб кўришдилар. Улар кўришиб бўлғанда, бояғи каниз ичкаридан чиқди.
— Кирсинлар, — деди Гулшанга.

Оғача Ойим
Гулшан эшикка юриб келиб, рўймол-лачагини тузатти ва ичкарига қадам бости. Эшик ичкарисида қўл қовиштириб ўлтурган каниз ўрнидан туриб букилди.
— Сафо келдилар[132].
Асл гиламлар, бахмал кўрпачалар, олтин ва кумуш асбоблар билан зийнатланган танобий уйнинг орқа ва ўнги деярлик кўзни қамашдирарлиқ шукуҳларга ғарқ бўлған эди. Танобийнинг ҳавли томониға қурулған учта кичкина теразаларнинг ойналари ҳам бундаги асл ашёларнинг турлик навъи қабилидан ҳар кўзи ҳар рангда жилваланар ва уларнинг акси зиёси билан шипга осилған олтин қандил алвон тусда товланар эди. Танобийнинг тўрида, ипак жойнамоз устида қиблаға қараб ўлтурган ойим тизасига ясланған шаҳзодани эркалаб, ёниға қайрилди. Эшикдан кириб, қўл қовиштириб тўхтаған Гулшан икки букилиб салом берди.
— Келинг, Гулшан, — деди ойим, — ўлтуринг, ваалайкум ассалом.
Гулшан таъзим билан биринчи даричанинг юқорисиға бориб ўлтурди ва дуоға қўл кўтарди.
— Ойи хонимнинг бахт ва обрўлари зиёда, шаҳзодамнинг умрлари узун бўлсин.
Эшик ёнида тик турған каниз дуо асноси ўлтуриб фотиҳа ўқушди. Фотиҳадан сўнг яна ўрнидан туриб қадалди. Ойим ҳамон шаҳзодани эркалаб жойнамоз устида ўлтурар эди.
Жияклик атлас кўйлак, Бухоро кундалидан[133] желатка на бошиға санама рўймол ўраған ўттуз беш ёшлар чамалиқ бу хоним — Хоннинг муътамад[134] хотини Оғача ойим ва шаҳзода эса хоннинг суюклик ўғли — Ўрмонбек эди. Оғача ойимнинг хитой хонимлариникига ўхшаш қора бодом кўзи ва умуман сиймоси Туркистон қизи эмаслигини айтиб турар, бироқ тилида бегоналиқ сезилмас эди. Оғача ойимнинг асли исми Масъуда хоним, аммо «Оғача ойим« деб машҳур бўлиши унинг қашқар қизи бўлғанлиғидандир. Уйғурлар биздаги "хоним, бекач" дейиш ўрнида »оғача» дейдирлар. Масъуда Ўш атрофида турғун бўлған уйғурлардан Ибодуллахўжа деганнинг қизи, Худоёр ўзининг иккинчи давлатида бунга уйланган эди.
Худоёр тахтни ташлаб Бухороға кетишка мажбур бўлғандан кейин кўб хотинлари унга вафосизлиқ билан эр қилиб кетканлари ҳолда, шу Оғача ойим эрининг ҳорлиқ ва муҳтожлик кунларига шерик бўлиб юрған ва шу вафодорлиғи жиҳатидан хоннинг эътимодини қозонған эди. Иккинчидан, Оғача ойим Худоёрнинг ҳарам хотинлари ичида ақллик, тадбирлик ва шу сояда ҳарамнинг барча хонимлари ва юзлаб канизлари бунинг идорасига топширилған эдилар. Юзлаб кундашлар орасидағи жанжаллар оғачанинг ислоҳиға[135] келиб тўхтар, ҳарамдан ҳар кимса бунинг сўзига қулоқ солишға мажбур, ҳатто хоннинг ўзи ҳам хотинлар орасидағи онглашилмовчилиқларни Оғачанинг ислоҳиға ҳавола қилғучи эди. Янги кийим бериш вақти етканда, кимга қандай кийимлик лозим, ким қандай нарсага муҳтож — бу масала ҳам Оғача ойим тарафидан ҳал қилиниб, хазиначига буюрилар ва ҳозирланилған кийимликлар унинг томонидан тақсим қилинар эди. Бундан бошқа, кундалик ошхона овқати ҳам Оғачанинг белгилаши билан пиширилар, ойим ва каниз, доя ва чеварларнинг ҳаммомга боришлари, бекларнинг тўйиға чиқишлари ва шунга ўхшаш лозим-омадалар ҳам бу ойимнинг кўрсатишига мувофиқ эди. Баъзан Оғача ойим мамлакат ишларига ҳам оралашиб олар, гоҳо ўз фикрига хонни унатиб ҳам қўяр эди. Худоёрнинг хотинларидан кичик Шоҳ ойим[136] вафот этиб, ундан бир бола — Ўрмонбек ятим қолған эди. Худоёр Ўрмонбекни жуда яхши кўрар ва ўзига валиаҳд белгилаган эди. Кичик Шоҳ ойим ўлгандан кейин Ўрмонбекни ҳарамда эътимодлик бўлған Оғача ойимға топширди. Шундан бери ул Ўрмонбекни ўз боласидек тарбия қилиб келар ва бу сабабдан ҳам хоннинг назарида унинг қадри жуда юқори кўтарилган эди.
Оғача ойим ҳануз Гулшанга илтифотсиз, Ўрмонбек билан сўзлашмакда эди:
— Жуда шўх бўлибсан, ўғлим. Мен сени отахонингға чақиб бир урдирай.
— Будана берсангиз шўхлиқ қилмайман.
— Буданаларингни ўлдириб битирдинг-ку, золим, буданаларни яна қайдан олайлиқ.
— Мен ўлдирмадим, ўзлари ўлиб бутдилар.
— Зийракни нега урдинг?
— Зийрак менга будана топмади.
Оғача ойим эшик ёнида тик турған канизға қаради:
— Кел, Мисқол, — деди ва Ўрмонбекнинг орқасини силади. — Сен ғуманг билан ўйнаб кир, буданани эртага топдирармиз.
Каниз Ўрмонбекни етаклаб чиқа бошлади.
— Олдимға ҳеч ким кирмасин, — деди Оғача ойим. — Эшикни ёпиб чиқ.
Улар чиқғач, Оғача ойим Гулшанни ўз яқиниға чақириб, жойнамоздан кўрпачага сурилиб ўлтурди, такрор — «яқинроқ келинг, Гулшан», деб таклиф қилди. Оғача ойимнинг бирар муҳим сўзи борлиғини сезган Гулшанбону қўл қовиштириб, ойимнинг яқиниға бориб тиз чўкти.
— Шаҳардан нима хабарлар топдингиз, Гулшанбону?
— Шаҳар хабарлари ойи хонимдан махфий эмасдир.
— Ўзингиз тинч турасизми, уй ичингиз соғмилар?
— Шукур... Онҳазратим ва ойи хонимнинг сояи давлатларида.
— Ишларингиз қандай? — дсди кулимсираб Оғача ойим. — Бизга кундашлар топиб бўладими?
Бу саволдан Гулшан бошини қуйи солди, Оғача ойим кулимсиганча Гулшандан жавоб кутиб турар эди.
— Сиз бизга кундаш изласангиз ҳам, — деди Оғача ойим, — албатта, ўз ихтиёрингизча эмас, сайиднинг амрлари билан; шунинг учун бу тўғрида мен сизни айблай олмайман.
Бу сўз билан Гулшан бир оз хижолатдан чиққандек бўлди.
— Албатта, ойи хоним...
— Сўзимни ерда қолдирмаслиғингизға ишонғаним важидан, — деди Оғача жиддий тус олиб, — сиз билан бу тўғрида махфий бир-икки оғиз гаплашмакчи эдим.
— Канизингизнинг боши устиға, ойи хоним.
Оғача ойим деворға суялған ёстиқни тирсаги остиға тортиб такя қилди.
— Мен бу гапимни ўткан кун Ботирбоши холаға ҳам айтиб қўйдим. Лекин сайиднинг қулоқлариға еткурмаслик шартдир. Бу тўғрида холадан ҳам сиз эҳтиётлироқсиз, деб ишонаман. Чунки сизнинг мен билан эски қадрдонлиғингиз бор.
— Чўрингиз сўз улашдиришни ёмон кўрадир, ойи хоним.
— Албатта, шундай бўлмоғи лозим, — деди Оғача ойим, — ўзгалардан ҳам сизга айткулуги йўқ, Гулшан. Сайиднинг никоҳларида биз ўнлаб кундашмиз[137]... Агар канизларни ҳам қўшиб ҳисобланса, кундашларнинг саноғи бир юздан ортадир. Ботирбоши хола, яна бир нечалар ва атрофдаги бекларимизнинг таважжуҳлари соясида[138] сайиднинг ҳарамлари уч-тўрт йилнинг ичида бунчалик чўриларга эга бўлди... Янги ва кенг ўрдаға келиб яйрашармиз деган эдик, баракатларингизда кундан-кун баттарроқ сиқилишиб борамиз. Ҳатто ичкари ҳавлиларда бир уйга саккиз, тўққуз каниз жойлашишға тўғри келиб қолди. Бу ҳол давом этса, бирар йиллар ичида яна бир янги ўрда солишқа тўғри келадир. Бу, албатта, мумкин эмас. Ундан сўнг сайиднинг ҳамма диққатларини ҳарамга тортилса, мамлакат иши халалдор бўлишида ва бунинг уволини бизлар кўтаришимизда шубҳа йўқ. Мана шу андишаларга бориб, сиз билан кенгашмакчи эдим... Бу андишам Ботирбоши холаға ҳам маъқул тушиб, ваъда берди. Сиз ҳам шу гапларни яхши ўйлаб, ўз фикрингизни менга сўзланг-чи, Гулшанбону.
Гулшан оғача ойимнинг мақсадиға тушунмагандек бир оз ўйланиб турди:
— Муддаоларига чўрингиз тушунмадим, ойи хоним.
— Тушунмаган бўлсангиз, — деди Оғача, — мундан сўнг ҳарамга хотин ва каниз келтирилмасин, дейман.
Гулшан бошини қуйи солди. Чамаси, Оғача ойимнинг таклифи унга ёқмағансумон эди. Дарҳақиқат, оғиздағи ошни олдириш ҳар ким учун ҳам бир хил эмасдир.
— Биз каминаларда нима гап, айланай ойи хоним... Биз, ҳарна қилсақ, онҳазратимнинг буйруқлари билан қиламиз... Биз онҳазратнинг отқан ўқларимиз.
Оғача ойим Гулшаннинг кўзига анча тикилиб қолди. Лекин Гулшан кўзини ундан қочириб ерга боқди.
— Албатта, биз сайиднинг отқан ўқларимиз, — деди Оғача ойим қизишқаннамо. — Лекин, хўжам буюрди, деб ишнинг ўнг-терсига қарамай югура бериш аҳмоқлиқдир. Агар сиз билан мен онҳазратнинг холис қуллари бўлсақ, сайиднинг давлатларига рахна солмайлиқ, дўсти нодонлиқ қилмайлиқ. Мана бу — холис қуллиқ даъвосида бўлган бизнинг қўлимиздан келадир... Зоҳиран, сайидга хиёнат кўринса-да, ҳақиқатда холис дўстлиқ, деб сизга бу таклифни қилдим. Сайидни кунчилайди[139], деб бошингизға келтира кўрмангки, ҳозир ҳам мен онҳазратнинг бир юзинчи хотини бўламан. Юз хотиннинг биттаси бўла туриб, кундашлик қилиш ўзи телбаликдир. Лекин, орада бир ғараз[140] бўлса, ул ҳам сизга айтканимдек, холис қуллиқ — чин давлатхоҳлиқдир[141], тушундингизми Гулшан.
Гулшан «биз сайиднинг отқан ўқларимиз» деб Оғача ойимни аччиғландирған эди. Ўз хатосиға тушунган Гулшан узр айтди.
— Мен сизга бу гапни бошқа мақсадда айтдим, ойи хоним. Биз, дедим... албатта, биз...
— Агар сиз бунда ноилож бўлсангиз, мендан йўл сўранг.
— Пир бўлиб қўлимдан тутсангиз, онҳазратимнинг ўгурларида бошим фидо бўлсин.
— Гап шундай бўлса, иккимизнинг бу ишка кўмаклашувимиз ёки сукут қилишимиз давлатхоҳлиқ эмас, душманликдир, — деди Оғача ойим. — Маним сизга кенгашим — бундан сўнг устингиздаги хизматка бир оз ўйлашиб қадам босишдир.
— Мени итобга[142] тутсалар?..
— Бунинг тадбири осон, — деди Оғача. — Аввал шуки, сайиднинг кўзларига оз кўрининг, кўринган чоғингизда сулук чўри тополмадим, деб узр айтинг. Сизни, тополмабсан деб қийин-қистоққа олмаслар, жазога тортмаслар. Муҳтожликдан қўрқсангиз мен бор, мен сизга қўлимдан келган ёрдамни қиларман. Маъқулми, Гулшанбону?!.
Кейинги жумла билан Гулшаннинг чеҳраси очилиб кетди.
— Хўб, айланай ойи хоним.
— Аҳсан!
Даҳлизда санама тикиб ўлтурган канизлардан бири — хазинадор югуриб кирди.
— Лаббай.
— Опангға икки тилло бер, устига мунсак ёп!
Аҳсан икки қўлини кўкрагига қўйиб, таъзим қилғандан сўнг, чиқиб кетди.
— Шундай одатингизча маним олдимға келиб туравуринг, керагингиз бўлса тортинмай айтинг.
Гулшан бош букиб қуллиқ қилди. Эшик очилиб, қўлида адрас мунсаги билан Аҳсан кирди ва Гулшаннинг устида тўхтади. Гулшан ўрнидан туриб ойимға бош эгди. Шу ҳодда Аҳсан мунсакни унинг устига ёпиб, қўлиға икки тиллони ҳам узатди. Гулшан устида мунсаги билан оҳистағина ўлтурди. Аҳсан ҳам турған жойиға чўккалади. Гулшан дуоға ҳўл кўтарди. Аҳсан омин, деди. Дуодан сўнг Гулшан ва хазинадор — Аҳсан оҳиста-оҳиста орқалари билан юриб, Оғача ойимнинг ҳузуридан чиқдилар.

Хоним Ойимлар
Гулшан эгнида мунсаги билан даҳлизга чиқиб, ундаги канизлар томонидан «илтифотга лойиқ кўрилгани» учун табрик қилинди. Кафшандозда кийинар экан, кўзи тўғридағи шаҳнишинда эди. Канизлар билан хўшлашиб ҳавлига тушди.
Юқорида сўзланганидек, бу ҳавлида хоннинг суюкли хотинлари ўзларига хос доя, чевар, канизлар ва қуллари билан турар эдилар.
Оғача ойимнинг қаторидағи иккинчи танобий хоннинг суюкли хотини Розия ойимға қарар эди. Розия ойим гарчи ўткан йиллардагина хонга никоҳланган бўлса ҳам, ўзининг хаёлий ҳусни билан «сайид«нинг илтифотини жалб этиб, ҳарамда биринчи мавқуъга минган хонимдир. Хизматига тўрт каниз ва икки қул ҳадя қилинған бу ойим асли кошғарлиқ бўлған Охунджонбой деганнинг қизидир. Розия хоним қизлик чоғида Қўқон бойларидан Жонбобо отлиғ бир кишига тегиб, бир бола туққандан кейин эри ўладир. Бундан сўнг қўқонлиқ Миён Фазл Ваҳҳоб ҳазратка эрга чиқадир. Гулшанбонуға ўхшаш хуфиялар "сайид"нинг қулоғиға еткирган бўлсалар керак, бир кун хон, тўсиндан арава юбориб, Розия хонимни »меҳмонға» чақиради...
Хоннинг ҳукмига қарши Миён Фазл Ваҳҳоб нима ҳам қила олсин. Розия хоним хон ҳарамида бир кеча қўниб, эртаси уйига қайтадир. Ул уйига қайтиб келганда Миён Фазл Ваҳҳоб Розия хонимнинг қўлиға талоқ хати топшириб, етти арава мол билан ўрдаға жўнатадир... Миён Фазл Ваҳҳоб бу ишни қўрққанидан қилғанми ёки хонға аччиғ тариқасидами, ҳар ҳолда буниси ҳатто Розия ойимнинг ўзига ҳам қоронғидир[143].
Гулшан Розия ойимнинг даромадига етканда икки нафар каниз даҳлиздан чиқиб, бўсағанинг икки томонида ҳўл боғлаб ва бош букиб тўхтадилар. Шу ҳолда ичкаридан гўё юзи сут билан суғорилғандек оқ, қуралай кўзи ойсиз ва булутлиқ кечасидан ҳам қорароқ, қадди сарв каби мавзун, қора сочи тақимини ўпкан, уст-боши ипак ва олтинлар билан ғарқ бир хоним хиромон чиқиб келди. Бошидағи ҳисобсиз кокилларини санама тикилган оқ ҳарир рўймол билан озорсизғина боғлаған, ёқа ва этакларига нафис жияк бириктирган хонатлас кўйлак, бухоро кундалидан қирғоқлариға олтин уқа (қўр) тутулған енгсиз желатка кийиб, ёқут кўзлик олтин тугмаларни бўшқина солған, ҳуснда мисли оз бу нозанин хоннинг суюкли хотини — мазкура Розия хоним эди. Розия хоним орқасидан саккиз-тўққуз ёшлар чамалиқ, кўз ва тишидан бошқа аъзосида оқи йўқ бир бола кўриниб, хонимни таъқиб этди. Бу ёш югурдак қулча хонимнинг ҳар бир майда хизматларига тайёр каби оёғ олар эди[144].
Розия хонимға қарши келгучи Гулшан букилиб салом қилди. Розия хоним ишорат билан жавоб бергач, «эсонми-сиз» деди ва унинг жавобини ҳам кутмай шаҳнишин то-монға қараб йўл солди.
Гулшан Розия ойимнинг қуйисидағи даҳлизга юзланиб, ундаги канизлардан Қурбон ойимнинг соғлиғини сўраб ўтди. Қурбон ойим танобийсидан сўнг ҳавлининг кун ботишиға мойил бино Шодмон ойимға қарашлиқ ва шу билан ҳарамнинг биринчи ҳавлисидаги ойимлар ҳисоби битадир[145].
Розия ойим яна тафсилга киришиб: "Хон биринчи мартаба тахтдан ҳайдалишида ўзига қарашлиқ ёш қуллардан бир нечасини Жиззахка элтиб ўқутди ва сўнгғи даврида уларни баъзи мансабларга қўйди. Улар: Шоғулом жарчибоши, Жамил Файзулло ва Муллача хазиначилар, Давлат удайчи, Давлат саркор ва Шопсанд қўрбошилар, дейдир. Бу қуллар ҳам ҳарамга киралмаганларидек, эрликлари ҳам жойида экан (муал.).
Розия ойимнинг айтишига қарағанда, Худоёр ўзининг уч карра хонлиқ даврида шу хотинларға уйланган:
1). Қозоқ тўра — Розия ойим бунинг отасини аниқ айталмайдир. Лекин, ўзи қирғизлардан эди, дейдир. Фикримизча, Мусулмонқулининг қизи шу бўлсамикин?.. Хизматида тўрт канизи бўлған;
2). Анбарчик тўра — Ўратепада юзбеги бўлған Худоёрбек валламининг қизи;
3). Катта пошшо ойим — қўқонлиқ Хўжа Калон тўранинг қизи, Насриддин бекнинг онаси, хизматида етти каниз, тўрт қул;
4). Қўқонлиқ ойим — Қўқоннинг Сармозор даҳасидан, кимнинг қизи эканини Розия ойим билмайдир. Хон биринчи мартаба тахтдан қувланғач, эрга тегиб кеткан;
5). Қурбон ойим — ғума (жория) лардан, Ўрмонбекнинг хазиначиси, хизматида икки қул, уч каниз.
6). Гулзода бекач — ғумалардан, хизматида тўрт каниз. Шаҳзодахон исмлик бир қизи бўлиб, 1919 йилда Ўшда ўлган;
7). Ширин бекач — ғумалардан, хизматида уч каниз, икки қул. Тўра пошша исмлик бир қизи бўлиб, қўқонлиқ Кароматхон тўрага берилган;
8.). Исфаралик ойим — исфаралик Ҳабиб эшоннинг қизи. Бундан Моҳзодахон исмлик бир қиз туғулиб, қўқонлик Сафохон тўранинг ўғли Исохонға берилган (Моҳзода алҳол тирик эмиш). Худоёр иккинчи хонлиқ даврида исфаралик ойимни ғарликда айблаб, баҳона билан ўрдадан ҳайдаб юборған.
Худоёрнинг иккинчи хонлиқ даврида олған хотинлари:
9). Мунисхон пошшо — қўқонлиқ Ғозихон тўранинг қизи, хизматида саккиз каниз, тўрт қул. Бундан Сайид Умарбек исмлик ўғул туғулған. Сайид Умарбек бу кунда Рошидон райўн, Тўра қишлоқда турар эмиш;
10). Пошшобону ойим — Қўқонда машҳур Баҳодирхон тўранинг синглиси, Муҳаммад Аминбек билан Чорсолахон пошшонинг онаси, хизматида тўққуз каниз, беш қул;
11). Масъудахон (Оғача ойим) Ибодуллахўжа қизи, Фансуруллобекнинг онаси;
12). Кишбиби (Қизойим) — Худоёрнинг тоғаси Гадойбой дотҳонинг қизи. Бу аслда Шомуродхоннинг хотини бўлиб, Шомурод ўлгандан кейин Ҳоким ойим Бухорода ўғли Худоёрга Кишбибини никоҳлаб берган, хизматида беш чўри, уч қул;
13). Кичик Шоҳойим — Шуғнон ҳокимининг қизи, Ўрмонбекнинг онаси, боланинг чилласи чиқмай ўлган;
14). Тўхтапошшо (Чиндовуллиқ ойим) — Наманган тумани Чиндовул қишлоғининг хўжа қизларидан, хизматида тўрт каниз, уч қул.
15). Катта Шоҳойим — Дорбоз ҳокимининг қизи, хизматида етти чўри, катта Шоҳойимдан Сайид Фансурулло исмлик ўғул туғулиб, беш ёшида экан, Марғилонда Пўладхон ўлдирган;
16). Гуландом бекач — ғумалардан, бундан Офтобхон исмлик қиз туғулиб, Худоёр вақтида, ўн уч ёшида ўлган;
17). Моҳбегим бекач — ғумалардан. Биняминбекнинг онаси, хизматида уч қул, уч чўри;
18). Гулқиз бекач — ғумалардан;
19). Асал бекач — ғумалардан. Учунчи хонлиқ даврида;
20). Қоратегинлик ойим — Қоратегин ҳокимининг қизи, хизматида етти чўри;
21). Бибипошшо экавотлиқ ойим — Наманган юқорисида Экавот қишлоғининг катта эшони Хўжам пошшо тўранинг қизи, хизматида уч чўри, икки қул бўлган; бу ойимдан Сайид Фансурулло исмлик ўғул туғулиб, уч ёшида Пўладхон ўлдирган;
22). Розия ойим — (шу маълумотларни бергувчи) Розия ойимдан Сайид Умарбек отлиқ ўғул бўлса ҳам уч ёшида ўлган;
23). Қамбар пошшо — Хўжакалон тўранинг кичик қизи, Катта пошшо ойим ўлгандан кейин болдиз олган, хизматида уч каниз.
24). Ойнисахон пошшо — Турсун оталиқнинг қизи;
25). Туҳфаниса ойим — Олтиариғ қозисининг қизи; бу қизга уйлангандан ўттуз етти кун кейин Худоёр ўрусларга сиғиниб Тошканд келган;
26). Ҳамроҳ биби ойим — қўқонлиқ Нурматбой деганнинг қизи;
27). Саиданисо (чимёнлиқ ойим) қирғизлардан бирининг қизи.
28). Шодмон ойим — ғумалардан; хонға суюкли эмиш, хизматида уч чўри, уч қул;
29). Гулбону бекач — ғумалардан; хизматида бир чўри, бундан Озодахон исмлик қиз туғулиб, қўқонлиқ Баҳодирхон тўрага келин бўлган;
30). Руҳафзо бекач;
31). Сайқал бекач;
32). Санавбар бекач;
33). Арғувони бекач;
34). Нигор бекач;
35). Рузвон бекач. Бу олтови ҳам ғумалардан эмиш.
Бу ерда ёзилганлар Худоёрнинг тугал хотинлари ҳисоби бўлмас, деб ўйлайман. Чунки Розия ойимнинг хотиридан баъзиси кўтарилган бўлиши мумкиндир. Биз Розия ойимнинг ёнида эканмиз, ўртоқ Босит:
— Хон неча хотин олган эди, ойи? — деб ҳазил тариқасида такрор савол берди. Розия ойим мендан ийманган қиёфада:
— Хон қурсин, унинг олған хотинларининг ҳисоб-китоби йўқ, болам, — деди ва манимча жуда тўғри сўзни айтди (муал).
Гулшан ҳавлининг кун ботиши — ошхона ва бошқа рўзгор уйлари ёни билан бориб бир эшик орқали бизга маълум узун йўлакка чиқди. Йўлакда сув ҳавлисидан чиқиб келган бир каниз Гулшанни кўриши он қўлидағи сувлик кашкулни ерга қўйиб югурди:
— Эсонмисиз? Мунсак муборак, аямлар соғми?
Гулшан қўл учи билан кўришди:
— Ўзинг ўйнаб кулиб юрубсанми? Мунисхон пошша ойим саломатмилар? Биби пошша ойим ёзилиб кетдиларми?
— Шукур, шукур, бизнинг ҳавлига киринг.
— Кирарман, — деди Гулшан ва устидаги мунсакни еша берди. — Сен маним келганимни уларга айтма. Мен ўзим бир оздан кейин чиқарман.
Каниз орқасиға бурилиши билан йўлакнинг юқори эшикларидан бири тарақ-туруқ очилиб, ичкаридан икки ёш, оёғ ялан каниз қувлашиб чиқдилар. Гулшанни мунсак билан овора кўрган қизлар шу тарафка қараб югурдилар.
— Гулшанжон, Гулшанжон! Эсонмисиз, омонмисиз? Сарпа қутлуғ!
Шўх канизларнинг бири Гулшаннинг олдидан ва иккинчиси ёнидан ўрмалаб, бирининг оғзидан иккинчиси «Гулшанжон, эсонмисиз!» ни олиб эсанкиратдилар.
— Бўлди, бўлди! Шўх байтал ўлгурлар! — деди Гулшан, — ойимлар эшитса нима деган гап бўлади?
Қизлар Гулшаннинг сўзига қулоқ солмай, келган тарафларига қараб уни судрадилар.
— Тўқ байтал! Гулшанжон! Тўқ байтал!
Гулшан аччиғланса ҳам яна уларнинг сўз ва ҳаракатидан кулишка мажбур эди.
— Қуриб кеткурлар... Шунинг учун ҳам сенларнинг олдингға киргим келмайди-да!
Сўзга илтифотсиз, ўюн билан борған канизлардан бири Гулшаннинг қўлидағи мунсакни титкилаб ўзига тортди:
— Қайси гўрдан олдинг, менга берсанг-чи шуни!
— Ол, ол! — деди Гулшан мунсакни бўшатиб, — ўлимлик қиларсан!
— Албатта тобутимга ёпарлар!
Йўлакнинг бошидағи эшикка етдилар ва учиси бирдан сиқилишиб, ичкарига кирдилар.

Қирқ Қизлар
Гулшанлар кирган ҳавли «Қирқ қизлар« деб аталар эди. Бунда хоннинг кўнгил очишиға хизмат қилғучи "Қирқ қизлар" турар эдилар. Бу ҳавли ундаги ўюнчи, созанда ва навозанда канизларнинг сонидан олиб »қирқ қизлар» аталған эди.
Худоёрнинг ҳарам канизлари сони бир юз эллий беш нафар бўлиб, булардан ўн тўрт нафар оқ саройда, саккиз нафар шаҳнишинда, яъни хоннинг ётиш туришиға махсус, саккиз нафар Ўрмонбекка қарағучи, ўн нафар доялар ҳузурида, йигирма беш нафар шу «қирқ қизлар»да ва қолғанлари ҳар қайси хоним ойимларнинг хизматида эдилар.
Ҳавли юзида тўп (копток) ўйнағучи «қирқ қизлар»дан етти-саккизи Гулшан олдиға югурдилар.
— Эсонмисиз!
— Елиб югуриб ҳорманг!
— Эрингиз ўлмадими!
— Шаҳар йигитлари омонми!...
Бу қизлар ҳалигилардан қолишмайдирған шўх эдилар. Гулшан ҳам энди жиддият сақлаб турмади:
— Зерикмай ўлтурибсанларми? Ичларингда туғиб қўйганларинг йўқми? Уйнаш қилиб тутилмадингларми?
Бу ҳавли тўртта кичик ва битта зўр танобий уйдан, ҳам «қирқ қизлар«ға махсус ошхона ва бошқалардан ташкил топиб, қизлар кичик уйларга жойлашқан эдилар. Уларнинг ясаниға келганда, юқоридағи канизларда кўрилгандек — қизил шол кўйлак, сариғ гуллик қизил шол рўймол, шуваматос ёки адрас желатка эди. Ҳозирги тўп ўюниға иштирок этувчи қизларнинг ҳаммаси деярлик ялан оёғ бўлиб, юмишдаги ва ошхонада ош пиширғучи қизлар дуранглик бедона кафшлар кийган эдилар. Аксарият, йигирмадан ошқан қизлар, ичларида ўн олти, ўн етти ёшлиқлари ҳам кўринар эди. Бу қизлар мамлакатнинг ҳар тарафидаги беклардан хонға ҳадя тариқасида юборилғанлар, шунинг учун улар терма дўндиқлар эдилар. Чўри исми билан ҳарамга келган кунлари ҳар бирлари ҳам хоннинг "илтифоти"га бир-икки мартабагина "лойиқ" кўрилиб, сўнгра "қирқ қизлар" ичига ҳавола қилинған эдилар. Улар ҳануз ҳам шаҳарнинг машҳур хотинлари бўлған Нусрат ҳофиз, Ботирбоши хола, Тилло ҳофиз, Тожи ҳофиз, Мисқол ҳофиз, Хон оғача, Мисоқ оғача, Улуғ ўюнчи, Шоҳбачча, Ражабхон, Тош ҳофиз ва ҳатто марғилонлиқ Зебихонлардан ўюнга, созға, ашулага таълим олиб келарлар ва шунинг учун ҳар бирлари ўз ҳунарларида яхши санъаткор бўлған эдилар. Жумъа куни етканда бу ҳавлидаги катта танобий тартибка солинар, "қирқ қизлар" янги кийимлар кийиб упа-эликлар қўярлар, турли зийнатлар тақиб, ажойиб суратда базмга ҳозирланарлар эди. Жумъа намозидан кейин хон баъзан ёнида Розия ва Оғача ойимлар билан бу ҳавлига ўтар ва катта танобийнинг тўрига қўюлған махсус курсига ўлтуриб, »қирқ қизлар» базмини кўрар эди...
Шу йўсун қизлар Гулшанни ҳавли ўртасидағи тўп ўюниға судрадилар. Гулшан ўюнға иштирок этишда тихирлиқ қилиб кўрган эди, қизлар зўр келдилар. Ноилож ул ҳам ўйнамоққа мажбур бўлди. Бир чеккада ўлтуриб ешинди. Шу қизлардек ялан оёғ, бош ялан бўлди. Товор кўйлагини аяб липпа урди, енгини тирсаги юқорисиғача шимарди ва ички кийимини ҳам болдириғача кўтарди.
Қизлар ўзлари ясаған катта ипак коптокни Гулшанга бердилар:
— Марра беш-ўн; ҳар ўнда бир айланиш; агар тўпни маррага еткармай қочирсангиз, ҳар биримизни апичиб, ҳавлини бир айлантириб чиқасиз! — дейишди қизлар.
Гулшан шартни эшитиб ўйланиб турди.
— Агар маррага еткарсам?
— Биз апичиб айлантирамиз!
— Қочинглар бўлмаса! — деди Гулшан ўртаға тушиб, — тўпка тегсанглар, менга ҳадук берсанглар ҳисоб эмас!
Қизлар унинг шартига кўниб ҳавлининг теварагига тарқалишдилар. Гулшан ўйинни бошлади. Тўп чиқағон эди. Гулшан биринчи ўнни муваффақият билан тамомлади. Ўн иккинчи урушда биринчи ўн учун айланган эди, Гулшаннинг узун сочлари атрофка тарқалиб, ҳатто кўкраги ҳам ларзага келди... Қизлар қийқиришиб кулдилар. Иккинчи ўннинг айланиши ҳам шу йўсун кулги берди. Лекин учунчи ўннинг ерга саккизинчи урулишида копток қочти. Гулшан коптокни ҳарчанд қувлаб юқори чиқаришға урунса ҳам бўлмади, ерда думалаб қолди. Қизлар қийқириқ ичида чапак уриб юбордилар ва Гулшанни ўраб олдилар. Гулшан чиқиб қочишға хезланса ҳам бўлмади, ул кутмаганда бир қиз орқадан келиб сакраб минди...
— Хих, эшагим!
Қизлар кулишар эдилар. Икки қиз Гулшаннинг олд ўрум сочидан ушлаб етаклади. Бу томошага ҳатто уйдаги ва ошхонадаги қизлар ҳам қизиқсиндилар. Биринчи қизни ҳавли айлантириб чиққан эди, иккинчиси минди... Шу йўсун бечора Гулшан ўнлаб қизни ўз устига миндириб, орқаси яғир бўлаёзди. Яна ўюн бошланди...
Шомга яқин ош тайёр бўлиб, қизлар ўз қўшоқлари билан уйларига кирдилар. Гулшан ҳам бир қўшоқ қизларға қўшулиб, ўртадағи уйга кирди. Қизларнинг ўзидек уйнинг полос ва жиҳозлари ҳам бесаранжом эди. Унда бир рўймол, бунда бир махси, нарида яна бир нарса... Хулласи, уй ивирсиб ётар эди.
Гулшан бу ҳолдан ранжиб қизларни урушти: — Сенларга ҳеч сон кирмади... Қачон кўрсам, уйларинг лўлининг хуржун солған елкаси!
— Лўлининг хуржун солған елкаси бўлса, — деди Нозик отлиғ бир қиз, — ўзинг йиғиштириб бер, Гулшан опа! — Менми, менга нима? — Менга ҳам нима?
— Сенинг турадирған уйинг, — деди Гулшан, — йиғиштирсанг, кўнглинг равшан бўлади.
— Уй йиғиштирилмаса ҳам кўнглим равшан, — деди Нозик ва ёнидағи Туҳфага қараб кўлди. — Туҳфа, сенинг ҳам кўнглинг равшанми?
Туҳфа оғзини катта очиб, Гулшаннинг олдиға келди:
— Мана, ўз кўзинг билан қара, опа: кўнглим чилчироғ ёққандек равшан, кўрдингми?
— Кўрдим, кўрдим? — деди Гулшан, юзини четка ўгуриб. — Кўнглинг равшанлиги устига яна бир нарса ҳам тилабдир...
— Нима тилабдир, эрми? — деди учунчи ёқдан Қумри. — Кўнгилдагини топар экансан, опа! Меникига ҳам қара-чи, кима тилар экан?
— Сеники ҳам эр, — деб кулди Гулшан. — Буларга бир сўзни айт-да, қоч! Ош келди. Нозик, дастурхонингни ёз!
Нозик дастурхон ёзди. Ўртаға икки хитой лаганда палов қўйилиб, Гулшан билан етти қиз ошқа ўлтурдилар. Кенгаш-пенгаш бўлмади. Хуфтандан кейин уйлардаги қизлар бирин-сирин катта танобийға йиғила бошладилар. Икки чилдирма қизитилди ва дутор, танбур, ғижжак, чанг каби асбоблар созланди. Қизлар ўзаро базмга ҳозирланар эдилар ва ҳар кеч ҳам базм билан кўнгил ёзар эдилар. Дарҳақиқат, эркаклар дунёсидан алоқаси кесилган мазлума, оила ҳаётидан маҳрум бечоралар шундан бошқа нима билан ҳам овинсин? Уларнинг овинчоғи — кундузлари ўюн, кечалари базм ва тунлари уйқу ҳам туш эди.
Қизларға махсус назокат билан соз чалинар эди. Созга йўлбошчилиқ қилған чилдирма ярим товушда гумбирлар, қўнғуроқлари шинғирлар эди. Катта қандилдаги чилчароғ мури остида ҳарам қизларининг ҳусни ял-ёнар, ўртада ўйнағучининг маммалари мақом билан силкинар ва «Қирқ қизлар»дағи кундалик базмга одат қилған бошқа ҳавли канизлари билан танобий борған сайин тўла борар эди.
Ўюнчи қуллиқ қилиб, саҳнадан чиқди. Унинг ўрниға Нозик қўзғалди. Нозик саҳнага чиқиши билан чилдирма ҳам бошқа куйга ўтди:
— Бак-баканг, бак-баканг...
Чилдирмага созлар замлангандан кейин, икки ўртадан узуқ ва шўх бир куй туғилди. Нозик ўртада хиромон бир тарафка ўткан эди, қизларнинг баъзисидан соз каби шўх ва нафис оҳанг эшитилди:
Очилғанда лолалар, териб юрғай болалар,
Айтингиз-чи, холалар, ўткан дўндиқ созмидир?
Ўткан дўндиқ созмидир?
Термулғаним билмаса, писандига илмаса,
Раҳми асло келмаса, менга қилган нозмидир?
Чеккан жабрим озмидир?
Нозик ўйнар, қизларнинг ашуласига аъзо ҳаракати билан тасдиқ ишорасини берар ва бунда нафис бир санъат кўрсатар эди.
Бағрим ўтда ёнади, ёрим мендан тонади,
Қулни йўққа санади, мендан ё аразмидир?
Мендан ё аразмидир?
Ёрим юзи гул эрур, зулфлари сунбул эрур,
Лаҳза кўрган қул эрур, ёки бул пардозмидир?
Ёки бул пардозмидир?
Хуммор кўзинг ўйнатиб, ошиқни арзон сотиб,
Исён лойиға ботиб, жабру ситам бозмидир?
Жабру ситам бозмидир?
Тирнамағил сен ярам, йиғлатма кўб, қил карам,
Турган ўрнингдир ҳарам, яъни шоҳим базмидир!
Яъни шоҳим базмидир!
Ою йиллар йиглаған. бағрин ҳар дам тиғлаған,
Ҳасратидан биғлаған[146], бахтсиз бир қиз Назмидир!
Бахтсиз бир қиз Назмидир!
Кейинги байтлар оғир бир фожиъани тасвир қилдилар: ойлар, йиллар йиғлаған, ҳасратидан ҳушсиз йиқилған бахтсиз бир қизнинг жонсўз фарёдини гавдалантириб кўрсатдилар. Бу ўрунда шўх куй лобарғина қилиб бир ҳасратка таржимонлиқ этди. Юқоридан бошлаб ўйноқи руҳда куйлаб келган қизлар ва доим нозу карашмада бўлған ўртадағи ўюнчи ҳам бундаги оғир маънони ўзича олишқа тиришдилар...
Ою йиллар йиғлаған, бағрин ҳар дам тиғлаған,
Ҳасратидан биғлаған бахтсиз бир қиз Назмидир!
Бу «бахтсиз бир қиз« базмдаги қизларнинг ҳар қаюсиға маълум эди. Фақат бу мажлисда унинг фарёди иштирок этса ҳам, ўзи иштирок этмас, беҳисоб фарёдлар, фиғонлар, ҳасратлар билан чарчаған бу қиз ҳозир тупроқ остида тинчиб ухлар эди. Унинг таржимаи ҳолини »қирқ қизлар»дан ҳар ким билганидек, ҳатто уни қўмсаб йиғлағучилар ҳали ҳам топилар эдилар. Дарҳақиқат, озодлиқдан маҳрум этилган мазлума қизларға неча асарлар қолдириб кеткан бир шоирани ким билмасин, кўбчиликнинг айталмаган ҳасратини куйларга солиб берган шоирани ким унутсин? Ошиқидан айрилған бир маъшуқа, номусиға тўқунилған бир мазлуманинг фарёди кимларнинг юрагига кириб ўлтурмасин?
Шундай... Мундан бир йиллар илгари шу «қирқ қизлар« ичида Назми исмлик бир қиз ўлган эди. Бу шу қизнинг тўқуған байтларидан бири эди. Қизларнинг сўзига қарағанда, Назми Қўқон қишлоқларининг биридан, чиройлик қиз экан. Назми холасининг ўғли билан севишкан, ҳатто тўй кунлари ҳам яқинлашқан экан. Отаси жуда камбағал деҳқон бўлиб, Худоёрнинг неча йиллик солиқларини тўламаған экан. Худоёр чўғоллари (золим табиъатлик, раҳмсиз солиқ йиғувчилар) қишлоққа чиқиб, Назмининг отасини сиққанлар, урғанлар... Қизидан бошқа мол тополмай, уч йиллик солиқ бадалига Назмини тутиб, Худоёрға тортиқ қилғанлар. Хонға Назмининг ҳусни ёққан, уни доя хотинларға қўшиб ҳаммомга юборған. Худоёр бир-икки кеч бечоранинг номусига тегиб, сўнгра "қирқ қизлар"ға қўшқан... Назми шунда икки йил чамаси куйлаб, йиғлаб юрган, »қирқ қизлар»ға кўб янгиликлар берган ва охирда ўзи сил бўлиб ўлган...
Назмининг охирғи икки байтидан сўнг базм битди. Ҳар ким ўз жойиға тарқади.

Нозик
Гулшан бояғи етти қизлар ёнида ухламоқчи эди. Нозик билан Туҳфа ўрун ёзар эдилар. Қумри Гулшанга шўхлиқ қилар эди.
— Сен аҳмоқсан, Гулшан опа! — дер эди Қумри. — Эрингни ёлғиз ташлаб биз «бўйдоқлар» ичида нима маъно топасан?
— Алжимай ўл! — деди Гулшан. — Сенлардан, албатта, маъно топмайман... Сенларнинг ўйлағанларинг фақат...
— Бўлмаса сен нимани ўйлайсан?
— Мен тириклик тўғрисида ўйлайман. Сенлар тўқлиққа шўхлиқ қиласанлар. Бир вақт мен ҳам хоним ойимларға чўри эдим. Бироқ сенлардек...
Ҳамма қизларнинг қулоқ-кўзи Гулшаннинг оғзида эди. Ўрунни ёзиб битирган Туҳфа сўради:
— Сен ўйламасмидинг?
Гулшан бир оз жавобсиз, кулимсираб турди.
— Ўйласам ҳам сенларча ҳар кимнинг олдида валдирамас эдим... Бу ўзи шайтоннинг иши. Намоз ўқусанг, рўза тутсанг, хаёлингга бу нарса ҳеч келмас. Мана биттаси Зарифа, сенлардек уят сўзга оғиз очмайдир.
— Ва-ха-ха-ха! — деб кулиб юборди Қумри. — Айт-чи ўзинг, Зарифа, сен кеча қандай туш кўрдинг?
— Қуриб кет, — деди Зарифа юзини четка ўгуриб. — Кишини кўрган туши билан айбламакчи...
Қизлар бирин-бирин келиб ўрунлари устига ўлтурдилар. Ўрун қатор ва бир-бирига тақаштириб солинған эди. Гулшан ўзи учун четроқдағи ўрунни танлади.
— Кўйлак ешар! — деди Қумри турған кўйи ва кўйлагини ешиб ташлади. — Иштон солар!
Қизлардан тўрттаси Нозикни таъқиб этдилар ва шарт-шурт бир-бирининг яланғоч этига уришиб шартак олишдилар. Қип-яланғач қизлар билан кулги бошланди.
— Сенларнинг ёнингда ётқан киши гуноҳкор бўлади, — деди Гулшан бошини кўрпага буркаб. — Агар билсанглар, ҳар қайсинг иккита, учта боланинг онаси бўладиған ёшдасанлар.
— Тўғри айтасиз, айланай Гулшан, — деди Қумри яланғоч ўзини шамъга солиб. — Менга яна бир қараб кўринг-чи, балки беш боланинг онаси бўлсам ҳам арзир.
Ҳамма кулишиб юборди. Кўрпани бир оз очиб қараған Гулшан ҳам бу ҳолдан ичи қотиб кулди.
— Шамъни ўчир.
Қумри тоқчадағи шамъни ўчирди. Уй қоронғиланди. Энди «нари ёт, бери ёт» билан бир-бирларини итариб, суриб кўрпани тўрт томонға тортишиб жанжаллаша бошладилар.
— Ухлатасанларми, йўқми? — деди Гулшан жекириниб.
— Жим, жим, — деди ярим товуш билан Қумри. — Гулшан бизнинг уйга ухлағали келган экан.
— Уйида эри ухлатмаған бечорани.
— Мен шунинг учун ҳам эрга тегмайман-да, — деди Қумри. — Эр деганнинг оти ўчсин, кишини ухлатмайди.
— Ухла, бечора, ухла, — деди Туҳфа, — «Қирқ қизлар»дан саранжомингни олиб кет.
Яна кулги кўтарилди. Гулшан ҳарчанд ўзини ушласа ҳам яна қизларнинг кулгисига тортилди.
— Гап-сўзда ҳам бир маъни бўлиши керак, — деди Гулшан, — бўшдан-бўшка ҳиринг-ҳиринг, бундан кўра тинч ухлаған яхши.
— Маъни ўзи нима, Гулшан опа?
— Маънининг маънисини сўрама, Туҳфа, — деди Қумри, — Гулшан опам жавоб берсин, бизнинг шу «қирқ қизлар»да қамалиб ётқанимизда ҳам маъни бормикин?
— Уни қўявур, — деди қизлардан яна бири, — Гулшан опам эрини ёлғиз ташлаб, биз маънисизларнинг ичида яна бир маънисиз бўлиб ётипти; шунда ҳам бир маъни бормикин?
— Товушларинг ўчсин.
— Бор, бор, — деди аллаким. — Бизга ҳамроҳ топиб келади.
— Бизга ҳамроҳ топиб келганида ҳам маъни борми?
— Нега маъни бўлмасин, бизга ўхшаш маънисиз кўпаяди.
Яна кулги кўтарилди. Қизларнинг «маъни«дан бошланған »пайрав»ларининг кейинги жумласи Гулшанга ҳам гаъсир қилиб ҳиринглади.
— Қирилиб кет ҳаммаларинг... Энди маънисизни кўпайтирмайман, тинч ухлаларинг.
— Баракалла, — деди Нозик. — Ана энди сизга ҳам маъни кирипти.
— Бекор айтибсан, Нозик, Гулшан опамга маъни кирганига кўб бўлған.
— Масалан, қачон кирган?
— Анчадан бери... Эрга текканингизга қанча йил бўлди, Гулшан опа?
Қизлар яна шаққилдашиб кулдилар.
— Бемаза гапни қўйинглар, ухлайлиқ.
— Ухлашни бир оз қўйиб тур, Гулшан опа, — деди Нозик. — Мен сенга мазалик бир ҳикоя айтсам эшитасанми?
— Ҳикоянг қурсин...
— Ўзи мазалик гап. Эшитмасанг, бари бир ухлатмайман.
Гулшан минғиллаб ўрнида ағдарилди.
— Айт, лекин чўзма.
— Чўзмайман. Сенлар ҳам жим ёт, овсинлар!
Бир-бирини қитиғлаб, ҳиринглашкан қизлар Нозикнинг сўзига қулоқ солмадилар.
— Туҳфа, Қумри! — деб ҳайқирди Нозик. — Тинчимасанглар бўғаман, майлими?
Нозикнинг таҳдидига қулоқ солувжи яна бўлмади. .Нозик ирғиб ўрнидан турған эди, қизлар кўрпага яшириндилар.
— Оғзингға аямай ураман, Наврўз!
Кўрпа ичида қизларнинг пиқиллаши эшитилса ҳам, бояғи тўполон биткандек бўлди.
— Уйғоқмисан, Гулшан опа?
— Гапуравер.
Қизларға яна бир мартаба танбеҳ ясағандан кейин Нозик ўз ўрниға келиб ўлтурди.
— Бир кун эрталаб биз ҳаммомдан келар эдик, — деб ҳикоя бошлади Нозик, — бизга йўл устидан бир йигит ҳамроҳ бўлди...
— Эски дард, — деди аллаким, қизлар пиқиллашиб юбордилар.
— Эски гап бўлса, кишини эшиткали қўймайсанларми?.. Мен Гулшан опамга сўзлаб бермакчиман, сенлар эшитмасанглар, ухлаларинг ё бўлмаса, сўзни сўзга қовиштирларинг!
— Сўзлай бер, биз тинч ётамиз, — деди Туҳфа, — Наврўз, Қумри, Ҳамроҳ, жим ёт-да, ахир!
— Шундай, Гулшан опа, йўлдан бизга бир йигит ҳамроҳ бўлди. Ўзи қандай йигит деб сўра: сурма қўйғандек оҳу кўзи бор, қизил олмадек таранг юзи бор, энди чиқиб келган кўк майса мўйлаби, Розия хонимникидан ҳам нафисроқ қалам қоши... Устига кийган беқасам тўни ўзига шундай ярашқанки, биз қизлар ихтиёрсиз унга қарашдиқ, а, шундайми, Туҳфа?
Туҳфа тасдиқ қилди, Гулшандан уйғоқлиқ жавобини олиб, Нозик давом этди:
— Ёш, уятчан йигитка ўхшади. Йигирма чоғлиқ қизнинг ўзига тикилганидан уялиб, ерга қаради... Бизни ҳаммомга олиб борғучи Насиба хола билан Ҳанифа доя эдилар. Улар бизни йигитка айланишкан ҳолда кўриб, тез юришқа қистадилар. Биз йигитка қарай-қарай ночор қадам босар эдик. Йигитча бўлса биздан қолишмай бирга келар эди. Биз ўрда дарбозасига етаёзған эдик мен қайрилиб орқамға қарадим. Ёш йигит ҳамон ўн қадам нарида келар эди... Шайтон васваса қилиб кўнглимга бир гап келди. Секин-секин сурилиб, қизлардан кейин қола бордим. Энг орқаға чиқғач, бошимдағи рўймолни олиб, паранжи ичидан ерга ташлаб юбордим... Дарбозага яқинлашқан эдик, дарбозани очиб дарбозабонлар четлашдилар. Рўймолим ерга тушдими, йўқми — билмас эдим, лекин дарбозадан ташқарида тушиб қолишини тилар эдим...
Иш кутканча чиқмади, деб афсус қилдим, чунки дарбозадан ўн адим ичкарига кирган эдик, дарбоза ёпилмасдан яна орқамга қайрилдим. Ўзимдан беш қадам нарида тушкан рўймолимни бояғи йигит энгашиб ердан олар эди. Мен бурулиб йўлимға кета бердим...
— Опа, рўймолингиз тушти!
Юрагим орзиқиб тўхтадим. Йигитча рўймолимни келтирди, тусида бир оз кулимсиш бор эди.
— Сизникидир? — деб сўради.
— Меники, — деб қўлидан олдим, раҳмат айтиш ҳам эсимдан чиққан. Дўндиқ йигит бошқа сўз айтмади. Рўймолни менга бериб ўрданинг улуғ дарбозасига қараб кетди. Мен бўшашғанча қизлар орқасидан ҳарамга судралдим. Мен йигитни бир адим наридан кўрдим, товшини ҳам эшитдим, қўли ҳам қўлимға тегди шекиллик. Ухламайсанми, опа?
— Уйғоқман, — деди Гулшан. — Хўш ундан сўнг нима бўлди?
— Нима бўлғанини ҳозир сўзлаб бераман... Юрагим ўйнаған ҳолда «Қирқ қизлар«ға кирдим, "опа, рўймолингиз тушти, сизникими?" жумласи қулоғим остидан кетмайди ва суврати кўз ўнгимга келган сайин, юрагим орзиқади. У ёқни ўйлайман, бу ёқни ўйлайман, ўйимнинг бошиға еталмайман, аммо юрагимга бир парча олов ташланған, ёнаберадир. Ичимдаги шу ўт билан гўё мен маст бўлғанман, бошим шишкан, кўзим тинған, юрғанимни-турғанимни билмайман. Нега кўрдим, нега қарадим? Нега рўймолимни ташладим, нега олиб берди, нега ўрдаға киралди? Бу ўзи жин, мени жинни қилмоқчи... Оҳ, яна бир кўрсам эди! Ҳаммом борғанларнинг ҳар биридан сўрайман: "Йўлдағи йигитни сен кўрдингми?" "Кўрдим"... "Кўрган бўлсаларинг сенларнинг ҳам юракларинг ёнадими, яна кўргинг келадими?" "Йўқ". Шундан сўнг унинг жин бўлғанлиғиға ишониб қоламан: мен жинга тегишдим, жин мени чалди, дейман. "Бизнинг ўрдада шундай йигит борми?" »Йўқ».
Сенлар ҳам унинг орқамиздан ўрдаға эргашиб кирганини кўрдингларми? «Йўқ«. Демак, мени жин чалған... Туҳфа бўлса: "Сен пари йигитка ошиқ бўлғансан", деб кулади. Мен унинг сўзига ишонаман. »Балки пари йигитдир, ул ҳам мени яхши кўргандир», дейман. Шундан кейин мен кута бошладим. Агар яхши кўрган бўлса, мени ўз юртига олиб кетар, деб ўйладим. Эрта кутдим, кеч кутдим, пари йигитдан дарак йўқ. Ўн беш кундан сўнг яна ҳаммомга бориш чоғи етди. Мен сўйиндим, балки бу кун парилар юртига кетарман, деб ўйладим. Шу орзуда ҳаммадан илгари мен отландим. Бордиқ. Ҳаммомдан чиқиб пари йигит билан учрашкан жойға яқинлашқан эдик, юрагим ўйнай бошлади. Учрашилганда қиладирған ишоратларни ўйлаб қўйған эдим. Агар четдан туриб ўзига имласа, қизлардан ажралиб қолмоқчи эдим. Маълум жойға етдик... Пари йигит йўқ. У ёқ-бу ёққа, тор кўча ичларига қарадим, яна йўқ. Баданимга совуқ тер чиқди, қизлардан ажралиб, йўлда тўхтаб қолғанимни ҳам билмайман. Бир вақт Насиба холанинг чақирған товши билан кўзим очилди ва не зайдда қизларға етиб олғанимни билмадим. Ўрда дарбозасига еткунча неча қайта орқамға қарадим, — деди Нозик ва узоқ тин олиб, бир оз тўхтади. — Шундай, мен пари йигитка ошиқман. Уч ойдан бери ошиқман, Гулшан опа.
— Пари йигитка ошиқмисан, хе-хе-хе.
— Нега куласан, Гулшан опа?.. Ишонмасанг, Туҳфадан сўра.
— Ошиқлиғингға кулмайман, — деди Гулшан яна кулиб. — Сен айткан йигит пари эмас.
Нозик ўрнидан сапчиб турди.
— Ким бўлмаса?
— Одам!
— Одам? Сен уни кўрганмисан?
— Кўрганман... Ўзи бизнинг ўрдада... Ҳозир пойгачининг ўрниға ким ўлтурган, биласанми?
— Биламан, мирзо Анвар отлиғ киши.
— Сен ошиқ бўлған «пари йигит» шу...
Туҳфа бирдан хахолаб юборди. Бу кулгидан уйқуға борған қизлардан баъзиси сўчиб кетди.
— Мирзо Анварга ошиқ бўлған экансан, Нозик.
Нозик ҳамон қотиб турар эди...
— Шу қадар ёш йигит мирзобоши бўлғанми, Гулшан опа?
— Бўлған.
— Бўлса ҳам арзийди, — деди Нозик, — ўзи уйланганмикин?
— Мен қаёқдан билай, уйланганми, эмасми?.. Уйланмаган бўлғанда ҳам сени олмас.
Нозик бир-неча вақт жим қолди...
— Албатта мени олмас, — деди Нозик, унинг товшида шу чоққача эшитилмаган бир синиқлиқ оҳанги бор эди. — Албатта, сен айтканча, мени олмас. Менга ит теккан, мен...
Гулшан жавоб бермади. Бир оздан сўнг қатордан пишиллаган товушлар эшитилди ва бу пишиллашни ора-чора пиқ-пиқ йиғлаған товуш бузар эди.

Янги «Ҳунар»
Ичкаридан чиқиб келган махдум мирзобошини кутиб ўлтурғучилар ичида мулла Абдураҳмонни ҳам кўриб қолди.
— Бахайр, мулла Абдураҳмон, бахайр... Ваалайкум ассалом.
Солиҳ махдум мулла Абдураҳмон билан кўришди ва уни кишилардан айириб меҳмонхонаға олиб кирди.
— Хўш, ҳабба... Хўб саломатмисиз?
— Алҳамдулиллоҳ... ўзларининг сиҳҳатлари?
— Парвардигорга минг қатра... Хўш, қадамлариға ҳасанот?
— Мен тунови кунги марҳаматлари юзасидан... — деди мулла Абдураҳмон, — башарти мирзо Анвар жаноблари мувофиқ кўрсалар, муншийликка кирсамми, деган ниятда...
— Кўб яхши, кўб яхши, — деди махдум, — не ғаройиблиғи бор, илмингиз кофий, фақат иншо... иншодаги нуқсонингизға албатта Анвар устозлик қилар, қараб турмас... Ҳуснихат важида сизга таълим ҳожат бўлмаса керак.
— Таҳрир ва иншода ҳам устозга муҳтожлик оз, — деди бир оз нафси олинған қиёфада, — мирзо Анвар каби бўлмасамиз ҳам ундан берироқ, тақсир...
— Яна яхши, яна яхши. Аммо, лекин девонхонадаги барча мирзо, муфтиларга қарағанда Анварнинг таҳрири фасиҳроқ[147] эмиш, Бу, албатта, таълим хосияти... Кам-кўст ўрганилса, бешак манфаати бўлур. Хўб... Мирзо Анварга ўзлари тасодиф келмакчиларми ёки мен восита бўлсам дурустми?
— Воситалик ҳам дуруст, зеро, хотиржамъ сўзлашармиз, соний сизнинг камолатингиздан мирзобошини қаноатландириш зарурати ҳам бор, — деди махдум ва бир оз ўйлаб тўхтади. — Ҳабба, девонхона қавоидича[148], янги мирзо малака ҳосил қилғунча вазифа емас экан. Бизнинг Анвар ҳам ибтидо вазифасиз хизмат қилған эди.
— Воситалик ҳам дуруст, зеро, хотиржамъ сўзлашармиз, соний сизнинг камолатингиздан мирзобошини қаноатландириш зарурати ҳам бор, — деди махдум ва бир оз ўйлаб тўхтади. — Ҳабба, девонхона қавоидича[149], янги мирзо малака ҳосил қилғунча вазифа емас экан. Бизнинг Анвар ҳам ибтидо вазифасиз хизмат қилған эди.
— Моҳонада аҳамият оз, зеро, маишатимиз имомат орқасида таъмин, тақсир.
— Ҳабба, бу тарафдан ҳам ташвиш оз экан. Иншода чобакдаст[150] бўлиб олсангиз, вазифа важҳи осон... Ғайраз, боби олийға алоҳа, калон ва калонзодалар билан робита ҳам кишига кўб манфаат берадир. Бу жиҳати сизга кўб ғанимат, — деди махдум ва товшини секинлатди. — Имомат билан бир жойға етиб бўлмайдир... Аммо бу андишангиз бениҳоят маъқул. Сиз ўзимизнинг фарзандимизсиз; зеро ўз болаларимизнинг ўрда билан алоҳадор бўлишлари бизга айни манфаат. Хотиржамъ, мулла Абдураҳмон, мен Анварга сизнинг важҳингизни тушунтирурман. Албатта ўз ёниға олур.
Абдураҳмон махдумга раҳмат айтди ва кетиш учун қўзғалди.
— Қай вақт хабар олсам бўлур экан? Албатта, жавоб ўзларидан бўлса керак?
— Ҳабба, эртага баъдаз бомдод, — деди махдум. — Нега қўзғалдингиз, чой, нон, моҳазар...
— Раҳмат, тақсир.
Махдум мулла Абдураҳмонни ҳавлигача кузатиб чиқди ва хайрлашиб, Анварни кутиб ўлтурганлар ёниға келди. Ҳар кимдан аҳвол ва кутиш учун сабаб сўради. Тўни янгироқларнинг болалари қаерда ўқушини, башарти, шу даҳадан бўлсалар, нима учун болаларини бошқа мактабка берганликларини текширди. Айниқса кутиб ўлтурғучилар ичидаги ямоқ тўнлик, қўли қадоқ бир деҳқон махдумнинг диққатини ўзига жалб эткан эди.
— Ҳў-ўш, ким, ҳали сиз қишлоқдан келган кўринасиз, — деди махдум, — қани, айтинг-чи, касал нима?
Деҳқон махдумнинг ҳурматига ўрнидан туриб, қўл қовиштирди:
— Ўн уч таноп еримиз бор эди, тақсир... Чамаси янғиш бўған-да, ўттуз уч танопқа ҳақ соғанлар. Мен шунға арза ёздирайма, деб...
— Ҳиммм, — деди махдум, — қишлоғингизда оқсоқол йўқми?
— Бўған минан, тақсир, қулоқ соладиған эмас. Махдум яна бир мартаба деҳқонни бошдан-оёқ кўздан кечирди.
— Ариза ёздиришқа чақа керак бўлади, ука. Чақангиз бўлмаса, оворагарчиликка арзимайди, иним...
Деҳқон белини тимискилаб, гўё чақасини кўрсатадирғандек ҳаракатланди.
— Чақасиз арзаға келиб жинни бўлғанмизма, тақсир. Махдум деҳқоннинг чақаси борлиғиға қаноат қилса ҳам, Анвардан хотиржамъ эмас эди. Чунки «зарношунос« Анварнинг шу деҳқонға ўхшаш камбағаллар ишини битириб бериб, улардан "чақа" олмаслиғини билар эди. Ҳатто шу тўғрида Анварга "бу ишингиз зарношунослиқ, болам" деб насиҳатлар қилса ҳам бир натижа чиқмаған, шунга биноан "заршунос" махдум яқиндан бери қизиқ бир ҳунар ижод қилған эди. Махдум кўпинча кишилар Анварга учрашиб тарқалғунча, йўлакда ўлтуриб олар эди. Анварга йўлиқиб чиққан ҳар бир кишини тўхтатиб, натижани билар, ариза ёздирған ёки бошқача бир кенгаш олған бўлса, ҳақ берган, бермаганлигини сўрар, Анвар берилган ҳақни олмай қайтарған чиқса, дарҳол — "сиз чақани оз бергансиз-да, мўлроқ берсангиз, албатта олар эди. Хўб, майли, борини менга ташлаб кетинг, ўзим уни кўндирарман", деб ариза ёздирғучининг бор ақчасини қоқмалаб қолар эди. Ҳатто баъзи вақт икки оғиз сўз билан қайтиб чиққан кишидан ҳам бир нарса ундиришка тиришар, »мишиқ офтобга текин чиқмайдир, сиздан ақча сўрашқа ийманган-да, менга бир нарса ташлаб кетсангиз, ўзим унга бериб қўярман. Ўзингизга беришка уялибдир, деб айтарман. Ҳабба, яна ишингиз тушишига яхши-да,» дер эди.
Шу йўсун махдум бир неча ҳафтадан бери бу «ҳунар«ни ўзига касб қилиб олған, Анвар ариза ва кенгашдан бир пул ишламаган кунларда, ул неча тангаларни йўлакда ўлтуриб топар эди. Кишиларни жўнатиб хотиржамъ бўлғач, жарақ-жарақ ақча билан ичкарига кириб кетар, ичкарида бу кунги "даромад"ни санаб, бир пулни беш пулдан, тангани чақадан ажратиб, "ҳе, гап билгунча иш бил, бачча талоқ", деб ўзича кулар эди. Албатта, бу ҳунарни уй ичидагилардан яширар, айниқса, Анвардан »беҳад» андиша қилар эди.
Махдум аср намозига кеткан пайтда Анвар ўрдадан қайтиб келди. Махдум шошиб ва асрни чала ўқуб келса ҳам, яна бахтлик одамлардан анчаси ишни битириб тарқаған эдилар. Махдум аттанг ўқуб меҳмонхона даричасидан қайтди, аср азонини кеч айткан сўфидан ранжиди. Ичкарида яна бир неча киши кўрингани учун эски одатича, гўё биравни куткандек, йўлакка келиб турди. Бир оздан кейин меҳмонхонадан бир мулланамо чиқиб келди. Махдум чиқувчини ёқтирмағандек ер остидан кўзини ғилайлатиб қарағач, бирдан вазиятини ўзгартди:
— Ассалому алайкум, келган эканлар, тақсирим!
— Ваалайкум ассалом! Хўб саломатмисиз, Солиҳ махдум? Мирзо Анварда андак юмишимиз бўлур экан... Яшағурингиз, кўб зийрак бола: кичкина ариза ёздириб олдим... Хўб саломатмисиз, махдум?
Махдумнинг оғзидан ҳар турлук такаллуфлар чиқса ҳам унинг нима учун ариза ёздирғанини сўрамади. Чунки бу одам шу ўртанинг эшонларидан бўлиб, гадойдан хайр кутиш маъносиз эди. Мундан бошқа, эшонни сўзга тутса, «келаси даромад»нинг ҳам қўлдан кетиш эҳтимоли бор, шунга биноан махдум сўзни мухтасар қилмоқчи бўлди:
— Кўб яхши, кўб яхши, келиб турсинлар, тақсирим!
— Келамиз, келамиз... Мирзо Анварга фотиҳа ҳам лозим. Ўзингиз бир зиёфат қилиб чақирай ҳам демайсиз, махдум... Мен мирзога айтдим: бу хизматингиз билан қутулмайсиз, бир зиёфат қилиб чақирасиз, дедим. Мирзо кўб сахий табиъат кўринади. Қачон келсангиз зиёфатимиз тайёр, эшон почча, дейди. Болаларнинг тўйини қилар эмишсиз, деб эшитдим. Мирзодан сўрасам, кулгулик билан тўғри жавоб бермади. Кори хайрни тўхтатмаған яхши... Хўш, тўй қачон, махдум?
Махдум бу дуру дароз «бемаънилик»дан анча тоқатсизланған, ичкаридан киши чиқиб кетмасин, деб кўзи бесаранжом эди.
— Тўйни кўкламга бошласақ, деб турибмиз!
— Фурсатни узоққа олибсиз-да. Хайр, ҳар нарса вақти соатига етиб бўладир. Тўйларингиз ҳам кичкина бўлмас деб ўйлайман. Тўрт даҳанинг казолари ҳам тўйға айтилсалар керак, ҳарам хонимларини ҳам бир кун кутарсиз... Зеро, куяв болангиз кичкина одам эмас. Бирар минг тўн кетиши бу ерда турған гап. Албатта, тўйға келганларнинг қўллари қуруқ бўлмас... Ҳарам хонимлари бўлса юз тиллолиқ сарпосиз келмаслар, қизингизға чўри ҳадя қилсалар ҳам ажаб эмас. Албатта даромадга яраша буромад, деган гап бор...
Махдум, меҳмонхонадан юриб келган оёқ товшини эшитиб, ёмонлаған отдек типирчилади. Эшон бўлса ҳамон булбул каби сайраб борар эди:
— Тўйдан қўрқиш керак эмас. Кори хайрникини оллоҳ таолонинг ўзи еткирар экан. Сизнинг тўйингиз-ку, албатта, бошқаларникидан кўб катта бўладир. Яна шундай бўлса ҳам таваккал билан қулочни кенг ёза бериш керак. Худо хоҳласа, тўй кунларингиз ўзим келиб турарман. Тўй кўрмаган киши учун, албатта, одам кутиш қийин. Лекин менга ўхшаш одамдан иккитаси бир кунда беш минг кишини кута оладир.
Меҳмонхонадан чиқиб келган бир хотин киши эди, уларнинг ёнидан шовиллағанча ўтиб кетди. Махдум олазарак гоҳ эшонға, гоҳ хотинға қараб қолди.
— Аёллар бўлса ичкаридан хотиржамъ бўлишсин... Бизнинг аёллар тўйда хотин кутиб жуда омилкор бўлишиб қолған. Тўйдан бирар ҳафта илгари хабар берилса, албатта, бош усти, аёлларни юборамиз... Хаёлингиз паришон кўринади, махдум, бирар аъзонгизда алам борми, мулла Солиҳ?
Ҳақиқатан ҳам махдум ҳозир жуда бесаранжом бўлған эди. Чунки меҳмонхонадан иккинчи оёғ товши юриб келар эди.
— Йўқ, баҳузур.
— Шундай, тўйда одам кутишдан хотиржамъ бўласиз. Тўйдан илгари ҳалиги зиёфатни унутманг-чи, мулла Солиҳ. Шу баҳонада мирзо Анвар билан ҳам бир суҳбатлашайлик...
Бояғи деҳқон йўлакдаги икки «ҳурматлик» зотка таъзим қилиб, дарбозага ўтди. Бетоқат махдум эшоннинг сўзига қулоқ солмай:
— Сиз тўхтаб туринг-чи, ука, — деди. Деҳқон нарида тўхтади. Эшон яна сўзида давом этди: — Агар фурсатингиз бўлса, мен шу ҳафта ичи бўш эдим, мирзо Анвар ҳар қачон ҳам тайёр экан. Такаллуфнинг унча қам ҳожати йўқ. Мантими, сомсами, ишқилиб, огизға ёқадирғанроқ таом бўлса кифоя... Вақтини белгилаб, мактаб болаларидан бирини бизнинг уйга юборсангиз бас.
— Хўб, тақсир.
— Бўлмаса, гап шундай бўлсин. Узингиз ҳам бизни йўқлаб уйга борсангиз, қадамингиз кира тилайдими? Хайр, мулла, Солиҳ, кўргунча худойнинг паноҳига.
— Хайр, тақсир, хайр.
Махдум эшонни ҳатто дарбозагача кузатиб чиқишға ҳам энсаси қотиб, деҳқон ёнида тўхтади:
— Нима гап, ариза ёздирдингизми, ука?
— Йўқ, тақсир, — деди деҳқон, — тақсирим шу қовозни питиб бердилар, танопчиға кўрсатадуған қовоз экан.
— Кўб яхши, — деди махдум, — қалам учи бердигизми?
— Йўқ. Чақа берсам олмади, тақсирим.
— Озғина бер...
Махдум «озғина бергансиз« демакчи эди, бироҳ »озғина бер» билан тилини тишлаб, дами йчига кетишка мажбур бўлди. Чунки ҳозир меҳмонхона томондан Анвар келиб чиққан ва махдумга салом берган эди...
— Ваалайк... Мен, шундай, масжиддан, — деди махдум шошқан ҳолатда ва ўз оғзиға қараб турған деҳқонға ишорат қилди, — ишингиз биткан бўлса боравуринг.


AvvalgiI- qism Keyingi




<references>
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика