Xalqaro Mehnat tashkiloti O'zbekistonning majburiy mehnatga barham berishda erishayotgan yutuqlarini olqishladi

2018 йилнинг 29 июнь куни Тошкентдаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари тарғиботида ижтимоий медиа ва журналистик суриштирувнинг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Учинчи томон мониторинги лойиҳаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Европа Иттифоқи, АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этди. Унда мутасадди давлат идоралари, Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар берди.

Тадбир меҳнат ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинаётган сўнгги ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, халқаро стандартлар ва соҳада ОАВ эркинлиги бўйича миллий амалиёт муҳокамаси учун ўзига хос майдон бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий медиа нафақат ижтимоий ва тижорий платформа, балки ҳукумат ва фуқаролар ўртасидаги қулай мулоқот механизми ҳамда машҳур янгиликлар манбасига айланиб бормоқда.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Танзила Норбаева, меҳнат ҳуқуқларини кенг оммага тарғиб қилишда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда ва бу иллатни батамом йўқ қилишда ОАВ вакилларининг ўрни хусусида фикр билдирди. 

“Ўзбекистонда сўнгги вақтларда меҳнат масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бунга сабаб, афсуски, аксарият фуқароларимизнинг қонунлар тўғрисида етарли билимга эга эмаслигидир. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим. Бизга фактларга ва ишончли манбаларга таянадиган сифатли мустақил журнализм керак. ОАВ кузатувчи ва қонунчиликни сақловчилар ролини бажаришлари зарур. Агар нормалар бузуладиган бўлса, журналистлар бу ҳақдаги ахборотни етказишлари ва журналистик терговлар ўтказишлари зурур, - деди Т.Норбоева.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги катта техник маслаҳатчиси Йонас Аструп, ташкилот Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида очиқлиги ва бу борада эришаётган ютуқларини олқишлашини билдирди. 

“Барча меҳнат ҳуқуқлари ҳақида гапириш ва қизиқиш ҳуқуқига эга. Бу аҳолини хабардор қилиш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ҳукумат ҳамда фуқаролар ўртасидаги доимий мулоқот учун жуда муҳим. ХМТ Ўзбекистон ҳукуматининг очиқлиги ва бу йўлда эришилаётган натижаларни олқишлайди. Президентнинг бу борадаги очиқ сиёсати қўллаб-қувватлашимизга лойиқдир. Ушбу сиёсатнинг амалга оширилиши келажакда сезиларли натижаларни берувчи босқичма-босқич ривожланишни назарда тутади. ХМТ ушбу ривожланишнинг бир қисми бўлишдан мамнун”, - дея таъкидлади Йонас Аструп. 

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Анжуманда Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлашда ОАВ билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. Давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳуқуқий меҳнат ҳақида аҳолини хабардорлигини оширишда қандай қилиб ижтимоий медиадан самарали фойдаланишлари мумкин? Жойларда қонун нормаларининг бажарилиши бўйича ОАВ қандай ишларни амалга оширишлари мумкин? Ҳукумат томонидан жараёнларнинг жадаллашиши бўйича яна қандай ишлар амалга оширилиши зарур, каби масалалар бўйича фикрлар алмашилди.

Маълумки, бугунги кунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017 – 2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури амалга оширилмоқда.

Katagoriya:Ozbekiston
Joylangan vaqt: July 1, 2018
Яндекс.Метрика