Prezident o'yinchoqlar ishlab chiqarish jarayoni bilan tanishdi

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Олмазор туманида бўлганида Тошкент ўйинчоқлари фабрикаси негизида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари ушбу фабрикага ташриф буюриб, бажарилган ишларни кўздан кечирди. 

Бу ерда “NBU Investment” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташаббускор-инвесторлар билан биргаликда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. “Toys City”, “O`yinchoqlar Fabrikasi”, “Funny Kids World”, “National Products” ва “United Nation company” каби мазкур корхоналарда болалар учун кийим-кечаклар, турли буюмлар ва ўйинчоқлар ишлаб чиқарилади. Уларда жами 920 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Бугунги кунда “Toys City” корхонаси ишга туширилган бўлиб, 70 га яқин маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилган. 

Шавкат Мирзиёев мазкур корхонада ўйинчоқлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф буюргани хабар қилинганди. 

Katagoriya:Ozbekiston
Joylangan vaqt: July 1, 2018
Яндекс.Метрика