Prezident: yoshlar bilan bevosita ishlash o'rniga dabdabali tadbirlar o'tkazish, kampaniyabozlikka berilishdan hali ham qutulganimiz yo'q

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллагани хабар қилинганди. Табрик матнида ёшлар иттифоқи фаолияти ҳам тилга олинган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг навқирон йигит-қизларни иш билан таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, фарзандларимиз ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаш лозим, деди президент.

«Афсуски, ёшларимиз ҳаётидаги катта-кичик ҳар бир муаммога жиддий қараб, аниқ амалий ечим топиш, ёшлар билан бевосита ишлаш, доимий мулоқот қилиш ўрнига дабдабали тадбирлар ўтказиш, кампаниябозликка берилишдек яроқсиз иш усулидан ҳали ҳам бутунлай қутулганимиз йўқ.

Шу нуқтаи назардан қараганда, биз барчамиз эндигина бир йиллик шаклланиш йўлини босиб ўтган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тезроқ улғайиши, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тизимида, ёшларимиз ҳаётида ўзининг мустаҳкам ва муносиб ўрнини топишини истаймиз ва бунинг учун зарур амалий ёрдам беришга тайёрмиз.

Балки бугунги қувончли айёмда бундай нохуш ҳолатларни эслаш жоиз эмасдир. Лекин биз ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, муаммоларимизни ўзимиз бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни биз учун ҳал қилиб бермайди», - дейилади матнда.

Қайд этилишича, ёшларнинг ҳаётий муаммоларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларга мос бўлган замонавий иш ўринларини кўпайтириш, эзгу интилиш ва ташаббуслари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлодимизнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бундан буён ҳам барча даражадаги давлат идораларининг энг асосий, ҳал қилувчи вазифаси бўлиб қолади.

Katagoriya:Ozbekiston
Joylangan vaqt: July 1, 2018
Яндекс.Метрика