Og'zaki va yozma imtihon – Jurnalistika universitetiga kiruvchilar shunday bosqichdan o'tadi

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети абитуриентларидан оғзаки ва ёзма имтиҳон олинади. Бу ҳақда университет ректори Шерзодхон Қудратхўжаев олий таълим муассасаси Васийлик кенгашининг илк йиғилишида маълум қилди, деб хабар қилмоқда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири. 

“Университет талабаси бўлишни хоҳлаган абитуриентлар давлат тест имтиҳонларидан аввал ижодий имтиҳон топширишлари керак бўлади. Дастлаб оғзаки имтиҳон олинади. Чунки журналистика соҳасини танлаган абитуриентнинг нутқи равонлиги, фикрини аниқ ва лўнда билдира олиши муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бунда энг юқори балл сифатида 30 қўйилиши мумкин. Бундан кейинги босқичда ёзма имтиҳон олинади. Бу синов учун ҳам 30 балгача қўйилади. Ёзма имтиҳонда журналистликка даъвогарнинг маълум бир мавзуни қанчалик моҳирона ва қисқача ёритиб бера олиш салоҳиятини билиш мумкин бўлади”, - деди Қудратхўжаев. 

Фото: Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети

Қайд этиш керак, университет яқинда ташкил этилиб, унинг тизими энди шакллантирилаётганига қарамай, сезиларли ишлар амалга оширилган. Шундай ишлардан бири университет ҳузурида унинг Васийлик кенгаши ташкил этилганидир. Ўқув юрти ректори таълим жараёнига ҳам ойдинлик киритди. Унинг билдиришича, бу йилдан бошлаб, университет Туркия, Ж.Корея, Россия ва бошқа илғор мамлакатларнинг шу соҳадаги обрўли университетлари билан ҳамкорлик қилишни бошлайди. Қолаверса, университет талабалари биринчи курсданоқ бевосита амалиётни ўтай бошлайди. Талабалар Васийлик кенгаши аъзолари, хусусан KUN.UZ таҳририятида ҳам тажриба ўташлари мумкин бўлади.

Фото: Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети

Университет васийларидан бири ҳисобланган Туркия халқаро ҳамкорлик уюшмаси (TIKA) бўлажак журналистлар учун телестудия ташкил этиш ишларини ўз зиммасига олган.  

26 июнь куни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Васийлик кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги университет фаолияти билан боғлиқ режалар муҳокама қилинди. Тадбирда Васийлик кенгаши аъзолари ва журналистика соҳасига қизиққан, шу соҳада фаолият юритган фуқаролар қатнашди.

Katagoriya:Ozbekiston
Joylangan vaqt: July 1, 2018
Яндекс.Метрика