1-модда.
Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади.

2-модда.
Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

3-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади.
Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир.

4-модда.
Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

5-модда.
Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

6-модда.
Ўзбекистон Республикасининг пойтахти — Тошкент шаҳри.

Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика