99-модда.
Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.

100-модда.
Маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қуйидагилар киради:
қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш;
маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш;
маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш;
норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

101-модда.
Маҳаллий ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат ҳокимияти юқори органларининг қарорларини амалга оширадилар, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар.
Юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қуйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир.
Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати — 5 йил.
(101-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 470-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 3-4-сон, 27-модда)

102-модда.
Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
(102-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелдаги ЎРҚ–89-сон Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 152-модда)
Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.
(102-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 470-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 3-4-сон, 27-модда)

103-модда.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар.
Ҳокимларнинг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доирасини ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади.

104-модда.
Ҳоким ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.

105-модда.
Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.
Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади.

Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика