Жазо (ҳикоя) [Erkin Samandar]

Жазо (ҳикоя) [Erkin Samandar]
Жазо (ҳикоя) [Erkin Samandar]
Гўё Энахон аяни катга кимдир михлаб ташлаган. Ўрнидан туриши уёқда турсин, ёнбошига ағдарилиши амримаҳол. Мана, ҳозир у ўнг томонига ўгирилмоқчи, чунки чалқанча ётаверишдан елка ва беллари тарашадай қотиб қолган. Лекин ўша «мих» қўйиб юбормаяпти. Қандай бўлмасин, у ёнбошлаб ётиши керак, суяклари зирқираб боряпти, қолган-қутган кучини йиғиб, ўнгга қайрила бошлади, «мих» бир баҳя қўйиб юборгандай бўлди. Яна бироз, тағин, тағин, деди ая ичида. «Мих» эшитдими ё ўзига қандайдир мадор келдими, бир амаллаб ёнбошлаб олди. Елкаларига жон киргандай бўлди. Нари сурилган ёстиқни бошига тортиб, ўнғайроқ ётиб олиши билан яна миясида ари ғўнғиллай бошлади. Кўпдан ўзи шундай, оғриқ сал нари кетдими, тамом, ўрнини ўша ари — (оғриқли хаёлнинг отини ая ўзича ари қўйган) ўша дардисар эгаллаб олади. Ғўнғиллайверади, аяни бир кўчадан иккинчи, сўнгра учинчи кўчага олиб кириб-олиб чиқади-да, охири кўз илғамас уммонга элтиб, гирдобларга ташлайди.
Ҳозир «ари» уни изи-кети кўринмайдиган бу хасталикнинг сабаби не экан, деган масалага яна рўбарў қилди. Тонгсиз тунлардаю тунд кунларда ая бу ҳақда кўп ўйлаган. У билади, ташланган яхши-ёмон қадамларнинг ҳисоб-китоби бўлади. Одамларга ёмонлик қилган, азоб берган, ноҳақ бировларни хўрлаган кимса охир-оқибат бир офатга, масалан, оғир хасталикка чалинади. Шуни ўйлаб, ая ўзининг бутун умрини, босган қадамларини кўз олдидан ўтказади. Беайб парвардигор, у ҳам хатолар қилган, лекин ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган. Ҳеч кимга. Пичоқни аввал ўзингга ур, сўнг бошқага, деган ақидага риоя этиб келган. Шундай экан, бу бедаво хасталик қаёқдан келақолди?
Эшитгани бор эди, аждодингда бир ёмон ўтган бўлса, унинг касри авлодидан кимгадир урармиш. Ая ўзи билан етти пушти орасида ёмон от чиқарган бирор кимсани билмайди. Балким марҳум эри...
У каттакон эди, райком эди. Ишига пухта эди. Лекин... ўтганларни ёмонлашмайдию тўғри гап, дийдаси қаттиқ эди. Бўлар-бўлмасга қўл остидагиларга кўп зуғум ўтказарди. Аччиқ устида ноҳақ қаматиб юборганлари ҳам бўлган. Ҳалол ва тўғри сўз отаси қамалган қўшни қиз ўзига ўт қўйиб юборган ҳам эди. Шунда ҳам пинагини бузмаганди-да райком...
Ая ўша пайтларда ўқитувчи эди. Баъзи аёллар гоҳида унга келишарди. Айтинг, ахир, эрингизга, хўжайинларимизда тирноқча ҳам айб йўқ, ноҳақ азоб бермасин, дейишарди. Ая эрига айтарди. Дангал-дангал айтарди. Ишимга аралашма, деб силтаб ташларди у. Оилада ҳам чўрткесар, уйда ҳам «райком» эди-да.
Аянинг дами ичига тушарди. Кучи ҳеч нимага етмаганидан эзиларди. Дардларини хаёлларга айтарди, холос. Бир китобда ўқигандики, коинотдаги ҳамма нарса, барча жонзот кўзга кўринмас занжир билан бир-бирига боғланган. Ер шари билан айлана борлиқни бир-бирига улаб турадиган бу занжир зоҳиран йўқ, аммо аслида бор, борлигини доимо эслатиб, кўрсатиб туради. Дейлик, биров бировга тан ё жон азоби берди ёхуд уни ўлдирди (занжирдан битта халқани узди). Шуниси, ҳақки, унинг кетидан ўзи узилмай қолмайди. Мабодо бу дунёда жазодан қутулса ҳам у дунёда дўзах ўтларида ёниши бор. Нега шуни билишмайди, билишни исташмайди. Нега?
Эрининг касри аянинг битта ўзига урган бўлса, майли, энди умри қанча ҳам қолди. Аммо қизига, Гавҳаржонига урмасин. Илоё, ура кўрмасин. Лекин қизининг феъл-атвори ҳам дадасиникига ўхшаб кетади. Чўрткесарроқ. Бераҳмроқ...
Бундай қараганда ая уни деб яшади, умрини уни деб ўтказди. Ўттиз беш ёшида бева қолгач, қизгинам бировга бақна бўлмасин деб бошқа эр қилмади. Югурди-елди, қизини зориқтирмай эл қатори едирди-ичирди, катта қилди. Дипломли қилди. Телефонхонада ишлаяпти. Xудо хоҳласа, яқинда тўйини ҳам ўтказади. Тузуккина йигитга нон синдириб қўйишган. Сўнг ая кетма-кет неваралар кўради, ширин-шакар ўғил-қизларнинг момоси бўлиб, оёқ узатиб яшайди. Тезроқ тузалиб кетақолсайди. Аммо ёмонликнинг касри... Қизининг ташвиши...
Баногоҳ уст-устига ҳакка чакаклади. Аянинг хаёли қочди. Сездики, у эшик олдидаги гужум шохасида ҳакакламоқда. Ирими яхши эмас, ўйлади ая, том бошида ҳакка қақшадими, тамом, бир кўнгилсизлик бўлмай қолмайди. Бундай пайтда хушхабар, хушхабар, деб қўйиш одат. Кулфатни даф этади, дейишади.
Ичида уч марта хушхабар, деди ая. Ҳакканинг эса чакаги тинай демасди. Ая ўрнидан турмоқчи, қандайдир нохушликдан ишорат бераётган шумқадамни ҳайдамоқчи бўлди, аммо «мих» қўйиб юбормади.
Ҳаккага кимдир, ниҳоят, кесак отди. Кесакнинг шохага тарақлаб теккани, ҳакканинг потирлаб учиб кетгани эшитилди. Бу Гавҳаржоннинг иши, ўйлади ая, фақат угина бирон нима қилса, шундай шиддат сезилади. Ҳали бозорга кетганди, тезроқ келгани тузук бўлди. Лекин... ҳакка не офатдан дарак бериб кетдийкин? Ўз паноҳингда асра, Xудойим!
Бир тўлқиндай шопирлаб кириб келди қизи тушмагур. Иссиқданми ё ҳаккага тўпинганиданми юзлари бўғриққан. Қоп-қора кўзлари ёниб турар, гўёки у бир ўқ-у кимдир мана-мана отиб юборадигандай таранг эди. Унинг ҳовлиқишларини кузатаркан ая «Худойим, уни ўзинг асра» деб қўйди ичида яна бир карра.
Ҳаммаси ғалати бўляпти-да ўзи. Ишга бормайдиган куни бўлса-да, бугун тонг саҳардан ирғишлаганча ўрнидан турди. Қувурдан шарақлатиб челакка сув қуйди-да, супургини олиб ташқари отилди. Каллаи саҳарлаб уй супурадиган одати йўқ эди. Кўчани-ку, умуман супурмас, ая ётиб қолгани сабаб онда-сонда хас-чўпдан тозаларди, холос.
Эшик олдига сув сепишу кўчани супуриб-сидиришга бугун нега рағбат кўрсатиб қолдийкин, яна қушлар уйғонмасидан олдин-а!? Бирон туш-муш кўрмаганмикан... Аянинг кўнгли маҳзун тортди. Ёмон хаёлларга берилишнинг хосияти бўлмас, деган фикрга бориб, кўнгил осмонига келган қора булутларни ҳайдади.
Қуёш ёйилиб-ёйилмай Гавҳаржон чой дамлаб, чойнакка «дўппи» кийгизиб қўйдию апил-тапил кийина бошлади.
— Йўл бўлсин, қизим, — ҳайрон бўлиб сўради ая.
— Бозорга ўтиб келаман, — жавоб берди Гавҳаржон шошиб туфлисини кияркан.
— Мунча эрта... не олмоқчисан ўзи?
— Ҳеч нима. Шундай бир айланиб келмоқчиман.
Ая тағин ҳайрон бўлди. Ҳали бозорчиларнинг ўзлари келмай туриб бозор айланиш... Аянинг назарида қизи ўз танига сиғмай ноаниқ бир манзил сари шошаётгандек эди.
Шу тариқа қизи тўлқиндай шопирлаб чиқиб кетди. Мана энди яна бўронда тошган ўша тўлқиндай шовуллаб келиб тургани.
— Қассобдан янги сўйилган эт опкелдим, эна, — деди у халтачани усталга тап эткизиб қўяркан, — селли қозонкавоб пишириб бераман ҳозир. Касаллигингизга шундан зўр шифо бўлмасакан, дўхтир айтган эди.
— Вой, қизим-ей, каллаи саҳардан шуни деб бозорга югургилаб юрибсанми ҳали. Биласан-ку ўзинг, этни ейиш уёқда турсин, бурнимга иси кирса кўнглим беҳузур бўлиб кетади.
— Бунинг ўзи ҳам, иси ҳам бошқача. Қумда ўтлатилган қўзичоқнинг барраси. Гул ҳидлагандай бўласиз, оғзингизда эриб кетади. Ейсизу ўрнингиздан ирғиб туриб кетаверасиз.
— Этни соғ одам сингдиради, ахир. Менга у оғирлик қилади. Қўй, қизим, мени деб қозонга қарама.
Энасининг сўнгги гапини Гавҳаржон жавобсиз қолдириб, кескин бурилди-да ичкари кириб кетди. Бир зумда енги калта, гулли халатини кийиб чиқди. Шошганидан тугмаларини ҳам солмаган, оппоқ тани-бадани шундоқ кўриниб турарди. Танидай умри ҳам чиройли бўлса эди, кўнглидан ўтказди ая, тўйини кўриб ўлсам, армонсиз кетардим.
Гавҳаржон шу тезликда ошхонага кириб қозон-ўчоқни тахт этиб чиқди. Масаллиқни энаси олдида, айвонда тайёрлашга киришди. Xонтахта устига чойшаб ёйиб, икки бош оқ пиёз келтириб ликопчага қўйди. Гўштнинг лаҳм жойидан кесиб косадаги сувда чайиб олди. Яна не керак бўлса, барини келтириб, кўрпача устига ўрнашиб ўтирди-да, ишни пиёзни арчишдан бошлади.
— Эҳтиёт бўл, қизим, — деди ая, — қўлинг қўлингга тегмайди-я. Пичоқ билан ўйнашма.
Қизи эшитмаганга олиб ишини шу зайл давом эттираверди.
Ёғ ҳиди бурқсиб айвонга урилди. Гавҳаржон даст ўрнидан турди-да, ошхонага югурди. Ёғнинг ҳали доғланмаганини кўриб, қозоннинг қопқоғини яна босиб қўйди-да, оловни бироз кўтарди. Сўнг бошқа ишларга андармон бўлди.
Ўз хаёллари билан бир бўлиб ётган ая ниманингдир шитирлаганини сезиб эшик томон бошини бурди.
Шу пайт... айвон эшиги ғийқ этиб очилди. Ая бошини бироз кўтариб кўз солди. Қия эшикдан қўнғир мушук бошини суққанича хонтахта устидаги гўштга тўпиниб, мана-мана ташланай деб турар, чамаси у ҳид олиб олдинроқ келгану ғужанак бўлиб пайт пойлар эди.
Ая таниди. Қўшнининг мушуги. Болалаган деб эшитувди яқинда. Бир йўла еттита туққан эмиш. Эгаси эса узоққа кетган. Олди-сотдига. Мушук болаларига сув-нон берадиган киши қолмаган чоғи. Болалалари ғамида кирган бу ёқларга мушук бечора. Аянинг юраги ачишди. Қизига товуш берди.
— Гавҳаржон, ҳов, Гавҳар, бу ёнга чиқ.
Қизи эшитмади. Гўштдан пича бериб юбор мушукка, демоқчи эди ая, олиб бориб болаларининг оғзига туцин бечора.
Ўлжанинг холи қолдирилганини кўрган мушук отилиб кирди-да, бир зумда хонтахта устида пайдо бўлди. Ая бу гал бор кучини тўплаб қаттиқ қичқирди: ўвв, Гавҳар!
Гавҳаржон чиққанида мушук гўштни кўтаргилаб улгурган, жуфтакни ростлаётган эди. Мушук бу ёқда қолиб Гавҳаржон эшик томон югурди. Мушукдан олдин эшикка етиб борай деганди, айни шундай бўлди, бориб апил-тапил уни зичлаб ёпди. Қопқага суянганча «енди қаёққа қочасан» дегандай мушукка бир пас тикилиб турди. Пайтдан фойдаланиб ая деди: қўй, болам, озорлама мушукни, гуноҳ бўлади, эшикни оч-да чиқариб юбор, яқинда болалаган ҳам экан садпора.
Гавҳаржон энасининг сўзларини ё эшитмади, ё парво қилмади.
Олазарак мушук қўлга тушганини сезиб жон ҳолатда ўзини ошхонага урмоқчи бўлди, аммо ёғ ҳиди чиқмасин деб Гавҳаржон уни бекитиб қўйган эди, кўриб орқасига қайтди. Оғзида гўшт, кўзлари ёнганча дераза ва хобхона эшикларига қаранди, улар ҳам ёпиқ эди. Ҳимояга чоғланиб гўштни қаттиқ тишлаганча ўзини хонтахта остига урди.
Гавҳаржон қўлига илган кўрпачаю шолчалар билан хонтахта ён-теваракларини ёпди. Энди кунинг битди, ўғри, дегандай оёғи остига ғолибона қараб қўйди.
Ая талваса ичида яна тушунтирди: қийнама, мушукни. Қўйиб юбор, жон болам, ирими ёмон.
Гавҳаржон энаси томон кескин ўгирилди-да, жим ётинг, деган маънода қўлини асабий силкитди.
Қулоғига гап кирадиган ҳолатда эмасди қизи. Унинг кўз-қулоғи, фикри-ёди хонтахта остидаги «ёв»да, уни ушлаб олиш бирдан-бир мақсадига айланган эди. Шу йўлда у давом этди. Кўрпачанинг бир чеккасини аста кўтариб, мушукка ингичка йўл очди, чиқиши ҳамоно уни хиппа бўғишга шайланиб турди. Бу қопқон иш бермагач, шиддат билан хонтахтани кўтарди-да ўзини таппа мушукнинг устига ташлади.
Ҳолдан тойган мушук берсам қутуламан, деб ўйлади шекилли, оғзидагини ташлаб юборди. Аммо у «калта ўйлаган» экан, бўйнига солинган сиртмоқ бўшалиш ўрнига борган сайин қисиб, омбурдай бўға бошлади.
Мушук типирчилаб-типирчилаб, хиқиллаб-хиқиллаб жон берди. Унинг қулоқлари оч ётган болаларнинг нолаларини сўнгги бор эшитган бўлса, жон олаётган «жаллод»ни қарғаган бўлса, не ажаб!
Юраги қон бўлиб кетган ая ётган жойида аламли бир тўлғанган эди, «мих» уни қўйиб юборди шекилли, чайқалиб ўрнидан турди-да, ўзини катдан ташлаб қарғанганча қизи томон сурунди. Димоғига сассиқ ҳид урилдию ошхона томон ўгирилди. Қозонга қара, Гавҳар, ўт олган бўлмасин, деб чинқирди.
Ўғри мушукни бирёқлик қилган Гавҳаржон ёғни оловга қўйганини эслаб ўзини ошхонага урди. Эшикни очиши билан... гуп этиб олов кўтарилдию юз-кўзларини куйдира бошлади.
Аянинг хаёлига негадир лоп этиб ўша қўшни қиз келди. Ноҳақликка чидолмай ўзига ўт қўйган қиз. Гавҳаржонга ҳозир ёпишган ўт ўша қиз суяклари оловидан тутатқи олган бўлса-чи!..

Аянинг ичидан отилган дуд ошхонадан чиқаётган тутун билан қоришиб, томоғини бўға бошлади...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика