Бувамни соғиниб… (ҳикоя) [Mirmuhsin Shermuhamedov] |
Буванинг таърифича, «қуш учса, қаноти одам юрса, оёғи куядиган» қадимий Мирзачўлда ҳозир қанчалар обод қишлоқлар пайдо бўлди. Шу гўзал қишлоқлардан бирида Хондамир деган бола яшайди. Унинг икки тепа тиши тушиб, гапирганда кулгилироқ кўрингани билан асли ўзи жуда яхши бола. Ёзда доимо майкада юради, агар майкасини ечиб қўйса, баданидаги оқариб турган изи ҳам майкадек кўринади. Хондамирнинг акалари, опалари ва яна кичкина чақалоқ укаси бор. У ҳаммаларини яхши кўради, аммо буважонини ҳаммаларидан ҳам аъло кўради. Сени ким туқан, деб сўраганларида бувам, деб жавоб беради.Унинг учун дунёда шу буважонидан азиз ҳеч кимса йўқ. Кўп йиллар илгари Фарғонадан Мирзачўлга кўчиб келган бувасининг бир тойчаси бўлган экан. Ўша тойча ҳозирги тўриқ, Хондамирдан ўн беш ёш катта ҳамон меҳнат қиларди. Ҳовлидаги сигир, эчки қипқизил тожини серкиллатиб юборадиган бобоқ хўрозу Қоплон деган бўрибосардан ҳам Хондамир шу тўриқни яхши кўрарди. Бувасининг анча вақтдан бери касалхонада ётгани Хондамирнинг кичкина юрагига ғусса солиб: «шу касал деган нарса қаёқдан келди? У нега керак?! «- дерди бувасини соғиниб, базида тўриқ олдида соатларча хаёл суриб ўтирарди. Агар ҳамма иш унинг қўлида бўлганида катта докторларни ва ҳатто профессорларни чақириб, бувасини кўрсатиб, тезда тузатириб олган бўларди. Мана шу масала Хондамирни жуда кўп ўйлатар, от рўпарасида ўтириб, унга юрагини очгандай бўларди. «Бувамнинг анчадан бери касалхонада ётганини биласан, хафа бўлмайсан, кусурлатиб бедангни ейсан! Мен бўлсам бувамни соғиниб, кечаси ухламай, еиғлаб чиқаман. Адам, опам, акаларим бувамни ўйлашмайди! Чақалоқ укамдан хафа бўлиш керак эмас, у ҳали ёш! Мен жуда ҳафа бўлиб кетаяпман…» Бу гапни эшитган тўриқ охурдан бош кўтариб бир лахза бедани курс-курс чайнашини тўхтатиб, Хондамирга боқди: « Бувани мен ҳам соғиндим, лекин мен боғлоқман, иложим йўқ. Бува ҳеч қачон мени койимаган, оч қолдирмаган… Фарғонадан келганимизда той эдим, от бўлдим. Буванинг ҳамма ишларини жон фидо қилиб бажарардим…» Ҳа, дарҳақиқат, Хондамир тўриқнинг курсиллатиб беда ейишини ёқтирар, соатларча рўпарасида чўққайиб ўтириб томоша қиларди. Қари от Хондамирга ўрганган, ёнига кирганида атайин бедани чиройли, курсиллатиб ер боланинг ҳурсанд бўлганидан пишқириб, қорнига қўнган пашшаларни думи билан хайдаб, қарилигини сездирмай кишнаб ҳам қўярди. Хондамир ҳовлида уёқдан- буёққа ўтганида орқасидан қараб кузатар,отхона туйнигидан термилиб турарди. Ҳатто қоплон Хондамирнинг орқасидан эргашаётганида рашки келиб, ер тепинарди. Тўриқ ҳаммадан кўра ҳам Хондамирнинг оти ҳисобланарди. Соғинч алами Хондамир юрагини сиқабергач, у ортиқ чидаб туролмади. Акасига, адаси ва опасига бир-икки бор бувасини жуда соғинганини айтди. Лекин улар бу гапга унча эътибор беришмади. Бундан Хондамир ранжиди. Кунлардан бир кун у акаларига сездирмай, саватга бир неча анор, олма пиёлага бидондаги асалдан солиб, қоғоз билан яхшилаб беркитди. Шундан сўнг, отхонага кириб тўриқнинг арқонини ечи жиловлади. Лекин эгарни ердан олиб от устига қўёлмади. Охур устига чиқиб от устига яйдоқ минди. Хондамирнинг тайёргарлигини сезаётган тўриқ қорнини охурга яқинлаштириб, бола устига миниб олиши учун маҳкам туриб берган эди. Хондамирнинг бир қўлида сават бир қўлида жилов, тўриқнинг бўйнига шаппатилаб урду: « Чув, жонивор! Бувамизни кўриб келамиз!» Хонданир билан тўриқ ҳеч кимга сездирмай аста-секин ҳовлига ундан кўчага чиқишди. Сояда ётган қоплон дарҳол ўрнидан туриб, эргашган эди, Хондамир унга ўқрайиб унга дўқ урди: « Ҳовлига кир бизнинг орқамиздан юрма! « Қоплон жойида тўхтаб, ҳайрон бўлиб қолди. Хондамир тўриқда йўл юриб, йўл юрсада мўл юриб, қишлоқ касалхонасига етди. У адаси машинада, акалари велосипедда бир неча бор касалхонага боришганини эшитган эди.Лекин касалхона қишлоқдан анча олисда, кўприкдан ўтгач туман марказига бориш, икки қаватли « болалар дунёси» магазини ёнидан ўтиш кераклигини ҳам яхши биларди. Касалҳона эшиги олдида отга яйдоқ миниб, қўлида сават кўтарган, калта иштон, майкадаги болага кўзи тушган қоровул, уларга бақрайиб қараб қолди. Юриб келиб болани от устидан олиб ерга қўйди. — Ўғлим сизга ким керак?, - деди болани атайин «сиз» лаб. — Бувам. — Бувангизни фамилиялари нима? — Бувамнинг фамилиялари йўқ. — Отлари борми? — Отлари Умурзоқ бува. — Э, танидим! Мирзачўлда Умурзоқ отани танимайдиган одам йўқ. Кирақолинг ичкарига, отни мен ушлаб тураман. Ш лаҳза касалхона деразасидан қараб турган Умурзоқ ота шоша-пиша ҳассасини ушлаб ҳовлига чиқди. Бувани каравотдан туролмай ётади деб айтишган эди. Юриб келаётганига кўзи тушган Хондамир хурсанд бўлиб кетди. Тўриқ ҳам бирдан кишнаб юборди. Кўзлари чақнаб, думлари билан елпиб, тойчоқдек жилпанглаб бува томон интилди. Хондамир ҳам саватини ерга қўйиб, бува бағрига отилди. Умурзоқ бува қоровул олиб келиб қойган курсига ўтириб Хонданирни қучоқлаб, пешонасидан қайта-қайта ўпди. Ёнига яқин келиб бувани ҳидлаётган тўриқнинг ҳам лунжлари, кўзлари тепасини силаб, эркалади. — Сомонбой, бу менинг неварам- Хондамир, бу- жуда яхши бола. Бу – қаҳрамон бола ! Шу кеча тушумда сувда сузиб юрган эканман. Мана севикли неварамни кўрдим, - у кўзидаги ёшни елкасига ташлаган рўмоли билан артди. – Мана, бу- тўриқ, бу жонивор ҳам жониворлар ичида энг яхшиси. У ҳам мен билан бирга Фарғонадан келган. Чўлқуварлардан… Соғинчу меҳр кичик неварани йўлга отлантиргани, ота боболари, акалари ҳовлиқиб, безовта бўлишини сезгани ҳолда, адашиб қолишдан ҳам ҳайиқмай, отга яйдоқ миниб келган неварани тиззасига олиб эркалар, пешонасини силар, чол юраги барқ урарди. Қоронғи тушганда бутун раённи излаб , ҳатто милитсияни ҳам ёрдамга чақирган адаси, акалари, йўлда кўрган билганлардан суриштириб, охири Хондамир отда касалхонага, буваси ёнига кетганини пайқаб бу ерга ҳовлиқиб келишди. Улар бувадан ҳижолат ҳам бўлишди. Хондамирнинг койишга мутлоқо ҳаддилари сиғмади. Уни яхши гапириб, тўриқни ҳам эркалаб, ўз ҳовлиларига қайтариб олиб кетишди. Невара билан тўриқнинг пойқадами ёқдими, бир ҳафтадан кейин буванинг ўзи ҳам касалхонадан чиқиб, уйга қайтиб келди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62425 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57887 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40499 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36639 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23178 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21831 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |