Дашту далаларда (ҳикоя) [Murod Muhammad Doʻst] |
Хадича кетдию кўнглидан ҳаловат ҳам кетди. Уй бамисоли ўлик чиққандай ҳувиллайди. Полвоннинг юраги ториқди — уйни тарк этди, боққа олиб тушадиган қияликдаги бобосидан қолган ертўлани ўзига бошпана қилди. Одамларнинг кулишини биларди, аммо уйдаги ҳамма нарса Хадичани эсга солади: остонага қадами теккан, деворга елкаси — чидаб ўтириши қийин бўлди. Ертўла эски бўлса ҳам ҳавоси қуруқ эди. Ери нақ метин — чўкич тегса, чақин чиқади. Қоратойни ҳам ичкари олиб кирди. Бечора ит очиққа ўрганган эди, ертўлага кўниколмади, уч-тўрт кеча увлаб чиқди, лекин — йўқ, кейин-кейин эгасининг ҳолига тушунди чоғи, пойгакка тўшалган похол устида индамай ётадиган бўлди. Ертўла аввалига сал ваҳимали кўринди. Шифти паст, агар чироқ бўлмаса, нақ лаҳаднинг ўзгинаси... Аста-секин ертўланинг гўрсимон эканига ҳам кўникди. Ёмғирли бир тунда уйқусиз ётиб, узоқ ўйлади, ўзининг тириклигини ўйлади, ёнида ити Қоратой борлигини, Хадичанинг кетганини... Бир ўзи кетса гўрга эди, қизчани ҳам етаклаб кетди. Шу тариқа, хаёли тўрт яшар қизчаси Чаманга оғди, қизим ҳозир Шўрқудуқнинг кўчасида бемалол ўйнаб юргандир, деб ўйлади, ҳатто унинг қўлчаларини тупроққа белаб қичқираёттанини эшитгандай бўлди. Ярим тун экани, ташқарида ёмғир шаррос қуяётгани — бариси бекор эди. Хўрлиги келди, ўзидан хафа бўлди, кейин пойгакда хумдай бошини ерга қўйиб мудраётган итига сўзланди: менинг ҳолим шу, Қоратойжон, хотин кетди, ҳар ким ўз йўлига экан... Ит отини эшитиб, кўзларини очди: Полвон гапириб ётаверди. Гўёки бор алами танидан ҳовурдек кўтарилиб, бутун ертўлани тўлдираётгандай эди. Қоратой эгасининг қарашига чидай олмади, похол устида ғужанак бўлиб, яна кўзларини юмди. ...Кунлар шу зайлда ўтаверди. Синглиси Адолат ҳар кеч сигир соғар маҳали ҳолидан хабар олиб турарди. Акасининг ўрлигини билар, шу сабабли унга кўпда ақл бўлавермас эди. Лекин, ахийри у ҳам чидаб туролмади. — Менгаям осон тутманг, ака, — деди. — Жўжабирдай жонман, қайси бировларингга қарайман? Одамларга кулги бўлдик, ака, бу кунингиздан ўлганингиз беҳроқ эди!.. Ҳар сафар синглиси келганда миқ этмай ётадиган одам, бу гал илкис қўзғалди: — Мен ўлсам тинчийсанми, Адол? — Қайтиб олдим, ака, — деди у. — Тилларим қирқилсин, ака, қайтиб олдим!... — Сенга оғирим тушгани рост, — деди Полвон. — Сал сабр қилгин, сингил, мен аввал олд-ортини бир ўйлаб олай... Ўшандан бери Адолат қорасини кўрсатмайди. Олиб келган нарсасини ҳам ертўладан ташқарига, эски толтовоқнинг остига қўйиб кетади. Кундузлари бир нав — ёлғизлик кўп билинмайди. Эрталаб қўлига гаврон олиб чўлга чиқиб кетгани билан то шомгача подага андармон бўлиб юради. Бахтига, шериги Ҳасанбой камгапроқ одам, бир марта уйланиб, йил ўтмай ажрашган. Полвоннинг хотини кетиб қолганига кўп ҳам ажабланмайди. Кундузлари бир нав, жами азоб шомдан кейин, ифти паст ертўлага қайтган маҳали бошланади. Хадича ёнингда ётганида ўлим ёдингга тушса ҳам қўрқмайсан: хотининг бор, боланг бор, тепангда — худо, э, бир гап бўлар-да, деб ўйлайсан. Хадича бўлмаса қийин экан. Энди унинг сиёғи ҳам эсдан чиққандай: бечора салга шамолларди, шамоллаб димоғи чиппа битганида пишқириб безор қиларди, ҳуда-беҳуда чироқ ёқарди, ивирсиб ғашингга тегарди, лекин бари борлиги дуруст эди — овунардинг, истаган пайтингда қўл узатсанг етади, ғингшиса ғингшир, иложи йўқ ўртада нон синган, никоҳ ўқилган; бағрингга босиб юзи кўзидан муччи олган чоғларингда бечора кичрайиб қоларди, у-ку кичкина, лекин сен ҳам ўзингни пардек енгил сезасан; димоғингда сутнинг ҳиди, қаёққадир учиб кетгиларинг келади; доим кўклам бўлса, кўкаламзор бўлса, яланг оёқ, яланг бош, пардек енгил Хадичани кўтариб ҳовлидан чиқсанг, кейин шу кўтарганча кетсанг, ҳеч кимдан уялмасанг, кетсанг, йўлингда биров учрамаса, кетсанг-да, қаёққа кетаётганингни ўзинг ҳам билмасанг! * * * У хотинини умрида бир марта — чимилдиқда амаллаб кўтариб олган, холос. Фақат, баъзан пода кетидан юрганида хаёли оғиб, уни ана шундай кўтариб чопмоқни истаганларини эслайди. Чимилдиқда иккита аёл этагидан босиб турган, биттаси — Хадичанинг ўртанча аммаси, шунчаки этакдан босмай, нақ тақимига қистирган. Полвон унда ёш эди, бирмунча шўхлиги ҳам бор, кишибилмас тимирскиланиб туриб, Хадичани қўлтиғидан шартта кўтарди. Аммо ғафлатда қолди, кападек бўлиб ағдарилиб тушди. Уни роса кулги қилишди. Хотин-халаж баралла кулди. «Мана сенга, Ойбуви, мана сенга куёвнинг зўри», дейишди. Зўру нозўри кимга керак — шунчаки гап бўлса бас, ҳамма оғзига келганини айтади, ҳамманинг димоғи чоғ. Полвон чимилдиқ ортидан маст одамдай гандираклаб чикди, чиқдию кўчада шўрқудуқлик йигитлар билан ўралашиб турган жўраларини кўрди. Куёвнинг ўзи чиққач, шўрқудуқлик биттаси баттар авж қилди: «Сенга Хатча ҳайф, Полвон, — деди. — Ўзимиздан ортиб қолгани йўқ эди, қулоғини тишлаб қўювдик, ҳалиям ташлаб кетабер!...» Полвоннинг ёмон ажинаси тутди, лекин уришгани жўралари қўйишмади, неки ҳарбу зарб бўлса, ўзларини балогардон қилишди... Сўнг, Шўрқудуқдан чиқар маҳал, кўчанинг адоғида, улар тушган уловга тош ёғилди. Полвон сал энкайиб, келиннинг бошида турди, лекин Хадича шусиз ҳам бехатар эди. Уст-боши қалин, юмшоқ — унга ҳеч зиён етмади. Биргина Ғуччи чолга тош қаттиқроқ тегди, бечора йилқичи, алами тутиб, овозининг борича айтиб қўяберди: «Нокас шўрқудуқлик, менинг айбим нима? Чимилдиққа кирган менми?!» Унинг бақирганига биров парво қилмади. «Ёр-ёр-ёрон-эй!» деб қўшиқ айтишди. Уни Шўрқудуқдан қўшилиб чиққан келиннинг хешлари бошлади. Галатепаликлар аввалига ийманиброқ туришди, кейин улар ҳам қўшилди, то ўзларининг сарҳадларига етгунча бўкириб боришди: «Томда товуқ ётади, ёр-ёр-ёрон-эй, оёғи совқотади ёр-ёр-ёрон-эй!..» Ёлғиз Полвон қўшиқ айтмади. Индамай келди. Ғалати эди. Ёнида — Хадича, ҳали юзини тузукроқ кўролгани ҳам йўқ, уяту қўрқувдан бир бурда бўлиб ўтирибди, улов ҳар силкинганда елкаси тегади, худди бир яшин ургандай, ўт, олов, қиёматнинг нақ ўзи!.. Кенг бир дала, Йўл, улов... Э, Худо, улов дегани мунча имилламаса!.. Бир ёқда қўшиқ, бир ёқда Ғуччи чол, ҳалиям сўкиняпти: шўрқудуқлик номард чиқди, кўчада рўпара бўлолмади, орқадан тош отди... Энди Ғуччига қийин, энди унинг ғуррасини Галатепа роса бир ой кулги қилади, ажаб бўпти, хўб бўпти, сен чолга куёвнавкарликни ким қўйибди; э, эналари ўлсин, нимасини эслайсан, Полвон, эслагулик жойи қолдими! Ёнингда Хадича ётса тузук, Полвон, ҳали бу кўрганларинг оз, Полвон!.. * * * Хадича бир сидра кийимини тугун қилиб, пойгакда қотиб турди, бечора бирор садо чиқишини кутди, лекин Полвон эр бўлиб бир нарса демади. Хадича даҳлизга чиқиб яна бирпас турди, ҳовлига чиқиб ҳовлида турди, илинди, қайтариб олар-ку, деди, аммо Полвон тескари-тўнг бўлиб ётаверди, сўнг, Хадича дарвозага етганда чидаб туролмади, қизчаси Чаманни қўлидан судраб чиқди: «Ма, муниям обкет, пишириб ейсанми, исқотингга қўясанми!..» Мушт еганда йиғламаган аёл, буни эшитиб ёмон бўшашди, кўзига ёш олди: «Ҳаҳ, фалак!— деди. — Майли, кетсам кетайин, беқадр бўлдим, майли, Худодан топинг». Шу гапни айтдию қизини етаклади-кетди. Қанча ётганини билмайди, бир пайт чиқиб қараса, Хадича узоқлабди, Шўрқудуқнинг йўлида қизини ияртиб кетяпти. Полвон Тошгазагача изма-из борди, лекин уларнинг қайрилмаганини кўриб шартта тўхтади, аввалига ғазаби йўқ, ичи тўла алам, чакмонининг барига бир урди: «Ҳай, майли, кетсанг кетабер, Хатча, Шўрқудуқ борасанми, нарироққа ўтиб кетасанми, бир бошимда бир куним, мен ҳам сенсиз улоқиб кетмасман!...» Орқага қайтди. Ҳовлида ўтириб, замбилғалтакнинг бўшаган тирсагини созлади, чалғининг тиғини пешлади, ўзини юпатди, ҳатто сал овунгандай ҳам бўлди, кейин, кеч тушганда қараса, тақрон жойда тоқ ўзи ўтирибди, дардлашгудек маҳрами йўқ, йиғлайин деса, кўр бўлгур кўзга ёш келмайди. Нотавонлигини энди сезди, аламидан хотин бечоранинг уйда қолган кийим-кечагини ҳовлига олиб чиқиб ошпичоқ билан қиймалади, култепага элтиб кўмди. Йўқ, бу билан ҳав тинчимади, култепага ўзини элтиб кўмса ҳам тинчигудай эмасди. Безовта, беором, миясига қурт тушган қўчқордек ҳовлини гир айланиб югурди. Айланатуриб дарвозага рўпара бўлди-ю, уни ланг очиқ кўрди. Кўчага чиқди. Шўрқудуққа йўл тутмай, тўғри Салим сақичникига бурилди. Борса, Салим ҳовли ўртасида сандал қўйиб, олдида мағзава тўла тоғора, бир парча пишиқ ғишт билан товонининг емини қиртишлаб ўтирибди. Полвон тоғорани бир тепиб ағдарди, сўнг Салимнинг ёқасидан олди. Ўртага Махфират тушмаганда охири ёмон бўларди. Салим унинг қўлидан юлқиниб уйга чопди, зум ўтмай отасидан қолган қўштиғни кўтариб чиқиб, Полвонга ўқталди: «Кет, бўлмасам отаман!» Маҳфират милтиққа кўкрагини тутди: «Аввал мени отасан!..» Полвон уни четлади: «Қўй, синглим, эринг ҳазиллашяпти». Йўқ, хотин айтганидан қолмади, эридан милтиқни юлқиб олиб, ҳамсоянинг ҳовлисига отди. Полвон бошқа мушт кўтармади, ғазабини ичига ютиб, ташқари чиқди. Ҳаял ўтмай, ортидан Салим сақич ҳам чиқиб келди, қачон йиртиб улгурган бўлса ҳам, эгнидаги кийимнинг бутуни йўқ, енгларию иштонининг балоқларигача рўдаподай осилиб ётибди, бошидан тупроқ сочганми, афт-башарасининг кулга юмалаган тойхардан фарқи кам, чиқасолиб Низомбой милисанинг уйига жўнади. Полвоннинг хаёли қочди: бу номард бошини ёришдан ҳам тоймайди! Э, опкетса, опкетар, нима, ортингда йиғлаб қоладиганинг борми! Майли, охиригача номардлик қилаверсин, Низомбойга чақадими, бошқа қиладими, майли, шу номарднинг ҳам хусури қонсин!.. Ўзи кейинги пайтлар Салим сақич билан ошначиликни бас қилмоқчи эди. Бир-икки бор атай сўкишгани чоғланиб борди. «Зора сўкишиб қолсагу ора очилиб, юзкўрмас бўп кетсак», деб ўйлади. Йўқ, сўкиш ҳам осон эмас экан, одамнинг юзидан ўтиши қийин бўлди. Икки пиёла ароқ ичгунча ҳар не жанжалга хезланиб ўтирди. Кейин сал кайфи ошди. Салим сақичга раҳми келди. «Бу даюс сил, қон туфлаб юриб, ўзини ўнглагунча озмунча уриндими», деб ўйлади, қийналди. Салим Каттақўрғондан мурч, сақич, ҳуштак, ҳатто окак одам номус қиладиган нарсаларгача олиб келиб отарди. Кейин ана шу атторликдан тушган сармоя билан бошқа бир ишни касб қилди. Кечқурунлари, кишлоқда исми дўкон ёпилган маҳал, сўраб келганга бир сўм устамаси билан ароқ сотади. Ҳозир энди тузук бўлиб қолгани — юзига қон югурган, йўтали йўқ, гаплари ҳам дадил. Охирги гал Салим сақич унга насиҳат қилган бўлди: — Бу ишингни қўй, бола, сен кўп ичаверма. Полвон унинг насиҳати астойдил эканига ишонмади, кулди. Салимнинг эса жаҳли чикди. — Мен бир оти ёмон одамман, Полвон укам, — деди у, — Эшитсанг, ўзинг учун эшитасан, эшитмасанг — отангнинг гўрига!.. — Гапинг ўзи қизиқ-да, Салим — деб эътироз қилди Полвон. — Ўзинг қуйиб берасан-у, ичмагин, деб айтганинг нимаси? Кейин, ошна, Худо бўлсанг ҳам, ота-бувамни ўртага қўшма, тепада тинч ётсин, мен ҳали ўзимдан қолганим йўқ. — Ҳолингга боқмаганинг ёмон, — деб кулди Салим сақич. — Ўзингча не хаёлларга бориб юрибсан! Айтиб қўяй, менга кўп шох қилаверма, бўлмаса, нақ чангингни чиқараман! Сен бу ёкда ичиб юрасан, хотинчанг Шўрқудуққа бир ойлаб ўтлагани кетади!.. Полвон Салимни жағига бир уриб кўрпачага қулатди. Лекин у таслим бўлмади, тишининг орасидан сизаётган қонни кафти билан сидира туриб, яна гапирди: — Сен бу ёқда, у нарёкда... Энасиникида ўсма қўйиб ўтирибди, деб ўйлайсанми!.. — Бас қил!... — Бўпти, мен бас қилдим, лекин сен ҳам ўзингга эҳтиёт бўл, Полвон укам! Кучингни хотинга ҳам кўрсатиб тур!.. — Салим сақич пихиллаб кулди. Полвон тағин мушт кўтарди, лекин урмади, шартта жойидан туриб жўнади. Йўл бўйи Хадичани ўйлади. Бузуқ деса, бузуқлигига ишонмайди, тузук деса, эрта баҳорда Шўрқудуққа кетиб, роса икки ҳафта ўша ёкда қолгани рост. «Сатторқулнинг хотини туғибди», деган эди. Бунисини Полвоннинг ўзи ҳам биларди. Шўрқудуққа борганида бидиллаб қарши оладиган тожик қиз — Сатторқулнинг хотини кейинги сафар ундан тортиниброқ турган эди. Ўчоқнинг бошидан бери келмаган. Ўзи ориққина, шундан, қорни батгар дўшйиб кўринган эди. Унинг-ку, бўшангани рост, лекин Хадичанинг ўша ерда бунчалик қадалиб қолганига нима дейсан?. Уйга қайтиб, хотинини буровга олди. Хадича қасам ичди, қизини, энасини, Худонинг ўзини гувоҳ қилди. Лекин Полвон ишонмади. Ишонай деди-ю, кўнглида тутун қоларини сезди. Кайфи бор эди, чекаётган азоби бол туюлди — хотинига ишонмади. Бир куни азонда подани чўлга ҳайдаб кетатуриб, Тошгазанинг сўл бетида қирғийдек қўққайиб ўтирган Назар Махсумни кўрди. Ҳайрон бўлди: Махсум-ку ўзидан тинчиган одам, чошгоҳдан олдин қорасини кўрсатмайди — бугун бундай ўтирибди? Қичқириб салом берди. Сўрашай деса — узоқ, саломини кифоя билиб, яна подага андармон бўлди, ҳайдайверди. Бир вақт Назар Махсум кулранг тойхарида орқадан етис келди ва ёнма-ён кетаверди. — Неварамнинг тўйпга бир келасиз-да, Полвон бой, — деди у. — Ўзингиз келиб бир давра қурсангиз Одам юбораман. — Кўп қатори борарман, — деди Полвон. — Лекин, Махсум бува, ўзингиз биласиз, мен олишадиган полвон бўлмасам, отамнинг қўйиб кетган оти... — Олишмасангиз ҳам бир келинг, — деди Назар Махсум. — Неварамнинг тўйини бир кўринг. Яхшг йигит, бошқаларнинг боласига ўхшамайди, асли палаги тоза-да, Полвонбой. Уста Холиёр ваҳима қилиб юборди, «Мунингиз бир алпомиш йигит, муни кўрпачага қандай ағнатамиз?», дейди... — Ўсарқулни биламиз, Махсум бува, — деди Полвон. — Тузук бола. — Э, паст кетдингиз, тилла-ку, тилла! — деди Назар Махсум. — Ўзингиз қалайсиз, Полвонбой? Хотинингиз кетибди, деб эшитиб эдим, шу гаплар ростми? — Эртага қирқ кун бўлади, — деди Полвон. — Чилласи чиқаркан-да, — деди Назар Махсум. — Бекор қипти, Полвонбой, сочи узунлик қипти, энди сиздай йигитни тополмайди, Талоқ-палоғини айтдингизми ? — Кўзим қиймаяпти, Махсум бува. Айтсамми дейман-у, қурғур кўз қиймайди. — Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битади, — деди Назар Махсум. — Шўрқудуқ боряпман, агар талоғини айтсангиз, мен ўзим опкетардим. — Дабдурустдан бўлмас, — дея мулоҳаза қилди Полвон. — Бунинг бир хил қоидалари бўларди, шундай айтиб юборган билан... — Бўлаверади, — деди Назар Махсум. — Энди, ўйлаб ўтирасизми, Полвонбой, магарким, юзингизга оёқ қўйдими, энди ўйлаш йўқ! Бу ўзи бир чувалган савдо, талоғини айтасизу шартта қирқасиз — давоси шу! Полвон қандай «хўп» деб юборганини билмай қолди. — Битта «хўп» билан иш битмайди, — деди Назар Махсум унинг нодонлигидан ранжиб. — «Талоқ қилдим», деб айтинг. — Талоқ... — деди Полвон. — Бўлмайди, қаттиқроқ, — деди Назар Махсум. — Яна икки марта айтинг, қоидаси шу. — Талоқ, талоқ! Қаҳри қўзиб турган эди, талоқ айтиб ҳам ҳоври босилмади. Аламидан орқароқда бораётган сигирнинг куймичига гаврон билан туширди, кейин бирдан кўзлари тинди, бўшашди, ёлғизоёқ йўлнинг четига беҳол ўтириб қолди... Бир замон қараса, сигирлар йўлдан чиқиб, лалми йўнғичқага оралаб кетибди. Назар Махсум ҳам олисда, худди ёв қувгандай ортга қараш йўқ, тойхарини қичиб боряпти. Полвон бир касофатни сезгандек бўлди, лалми бедага уриб кетган подани ҳам унутиб, Назар Махсумнинг ортидан чопди. Қувиб етиб, йўлини тўсди: — Кимга мўлжал қилиб боряпсиз, Махсум бува? — Мўлжалим йўқ, Полвонбой, ҳеч мўлжалим йўқ, — дея Назар Махсум тайсаллади, кўзларини олиб қочди. — Ўролни айтгандай бўлишувди, лекин мен кўнмадим, меники бир савоб... — Савобингизнинг уйи куйсин, — деди Полвон. — Ваколатимни қайтиб беринг! — Ана, олинг, Полвонбой, — деди Назар Махсум ақли шошиброқ. — Ана, олинг ваколатингизни, мен бир савоб иш, деб эдим, майли, ўзингиз бориб айтинг. Мўлжални хато олган экансиз, — деди Полвон.— Қўядиган хотиним йўқ! — Хўп, хўп, Полвонбой, бизники тиғиз эмас, деди Назар Махсум. — Лекин сиз ҳам бир ўйланг, ҳозир менга зуғум қиляпсиз, эртага ўғлим Санақудбек келганда нима жавоб айтишингизниям бир ўйланг. — Ўролга Сананинг хотинини обберинг! — деди Полвон. — Уйга қайтинг, Махсум бува, Шўрқудуққа кейинроқ борасиз. Назар Махсум итоат қилди — тойхарини орқага бурди. Полвон бедага оралаган сигирларни бир амаллаб тўда қилди-ю, овлоқ бир камарга қамаб, ўзи Шўрқудуққа жўнади. Дарвоза очиқ эди. Ҳар гал бемалол кириб бораверадиган одам, бугун тақиллатгани ҳам журъат қилмади — тураверди. Хайрият, ҳовлида Хадичанинг ўзи кўринди, ажабланди, қўлидаги чўлтоқ супургини ташлашни ҳам унутиб ташқари чиқди. Арази тарқамаган чоғи: салом бермади, худди бегонадай, кўзлари ерда, оғзини рўмол билан тўсди... Полвон аччиқланмади, қайтага — хўрлиги келди, хотини ўраган бир сўмлик гарди рўмолу унинг кир уннаган кўйлаги сабаб бўлдими ёки қўлидаги чўлтоқ супургими, ишқилиб, унга бетлаб қарай олмади, уялди, ўзини номард, ноинсоф сезди. — Обкетай деб келувдим. Хатча, — деди секин, овозини ўзи ҳам танимай. — Ўлдириб қўясан, — деди Хадича, — Мен-ку, борарман, лекин сен тентак ўлдириб қўясан. Шундай деб йиғлади. Полвон унга жўялироқ гап топиб беролмади. «Рост, — деб ўйлади, — бу борса, яна жиним қўзиб, яна сўксам, урсам, хотин деган нар-санинг нима ҳоли бор, ўлдириб қўяман». Хадича ичкари кириб, Чаманни етаклаб чикди. Қизча қўрқиб қолган экан — отага қараб талпинмади. — Ўлмасанг, манави норасида одам бўлганда тушунарсан, топишарсан, — деди хотин. — Мени ўз ҳолимга қўй энди. Полвон бирдан сергакланди: Хадича хотин боши билан боядан бери сенсираётган экан. — Сенсирама, Хатча, — деди у. — Тоза томиринг сувга етган бўлсаям сенсирамай гапир! Хадича шўрлик тўлиб турган эканми, баттар терс келди: — Қўлингдан келганини қил! — Бу гапни айтишга айтди-ю, ортга тисланди. Полвон анграйиб туриб қолди. — Сен у ёкда одамга ўхшаб гапирардинг, Хатча, — еди У бир вақт ўзига келиб. — Кимнинг дарсини олдинг, нега ундай гапирасан? Хадича индамай ерга қаради. Укаси Сатторқул дарвоза орқасига келиб бекинган экан, шартта отилиб чикди. — Кет! — деди у кўкрагини кериб. — Эсинг борида кет, бўлмаса ёмон қиламан! Полвон уни таниёлмай қолди. Йигитнинг кайфи бузуқ, мўйловининг учларигача титраб турибди, индамасанг, урадиган шашти бор. Полвон, бир кўнгли, гарданига солай, деб ўйлади, лекин шайтонга ҳай берди: қўй, баравар бўлиб ўтирма, бир кун туз ичгатс жойга қирқ кун салом, қўй, Полвон, ўзингни бос! Орқасига юрди. Сатгорқул изидан қолмади. — Кет! — деб бақирди у тағин. — Қайтиб шу кўчада қорангни кўрсам, оёғингни уриб синдираман! Полвон бўғилиброқ кулди. Ўзининг не алфозда кетаётганини ўйлади: елкалари қисиқ, қадди букик, бўйнига мугпт тушарини кутгандек. Уят, уят, не кунларга қўйдинг, Хатча? Сендан шуни кутиб эдимми, Хатча? Кўрган биров нима деб ўйлайди, энағар Хатча?! Ер билан битта қилдинг-ку!.. Номус зўр чикди, чидолмади, таққа тўхтади. Сатторқул ҳам тўхтаса дуруст эди, аммо у тўғри бостириб келди, мушт кўтарди, лекин улгурмади, ўзи зарбдан ерга ағдарилиб тушди. Полвон уни билагидан даст ушлаб, силтаб турғазиб қўйди, лекин гап қотмади, йўлига кетаверди. Еган мушти алам қилган экан. Сатторқул ярим йўлда, адирдаги туяқудуқ ёнида қувиб етди. Ёлғиз эмас, қаватида яна икки отлиқ, бири — Аҳмад шайтон, униси — юқори лаби кемтик, жиккакроқ одам. Eтик қўнжига қўл юборса номардлик бўлади, гаврон ҳам пода қамалган камарда қолган — бир ўзи учовини даф этарга ҳоли келмади. Бир нафасда қўлларини орқасига қайириб бойлашди, сўнг ҳалиги лаби кемтик йигит бехосдан тақимига тепди — Полвон чалқанча қулаб тушди. Ўрнидан турмоқчи бўлиб уринганида, Сатторқул келиб, елкасидан этиги билан босди: — Хатчанинг талоғини айтасан! — деди у. — кейин, майли, тусаган ёғингга кетабер. Айтсанг — бўшатамиз. — Ҳозир бўшат, — дея Полвон қайнисига эмас лаби кемтик йигитга юзланди. — Бўшатиб қўйиб гаплаш. Полвоннинг ўзига беписанд қарагани Сатторқулга алам қилди: — Э, бешбаттар бўлмайсанми!.. — Этигининг учи билан Полвонни юзтубан ағдариб ташлади ва яғрини аралаш қамчи тортди. Ўрмаси майда экан — баданни тиғдек куйдириб ўтди. Полвон иягини заранг ерга тираган кўйи қотиб ётаверди. Аввалига оғриқни сезиб турди, қамчи ҳар тушганида эти кўпчиб-қабариб чиқаётганини ҳам билди, лекин бирпасдан сўнг эти ўлиб, қулоқларида қамчининг ҳавони визиллатиб чизаётган товушигина қолди. Ишонгиси келмади. Тинчгина молини ҳайдаб кетаётиб эди, йўлда Махсум учради, талоқни олиб кетмоқчи бўлди, уни изига қайтариб, ўзи келди, мана энди, манави заранг ерда, туяқудуқ ёнида, қўллари боғлиқ, қимир этгани имкони йўқ, ер билан битта... Туш кўряпман, деб ўйлади у, ҳаммасини туш кўряпман, сениям туш кўряпман. Сатторқул иним, подачининг туши қурсин, бир хил тушларимда мени илон чақади, тиши этигимдан ўтиб болдиримга санчилади, дод дейман. Додлайману уйғониб кетаман, сениям туш кўряпман, Сатторқул иним, яхши қилмадинг, иним, майли, қаттиқроқ ур, токи мен уйғониб кетай... Ёлғизлик ёмон, иним, сизлар учов, мен бир ўзимман... Сен ҳам ҳарсиллаб қолдинг, чарчадинг, иним, майли, қамчини лаби кемтик жўрангга бер, у ҳам урсин, айт, қаттиқроқ урсин, ўрмаси ҳар сермаб ўтганида яғри нимдан парча-парча эт узиб олсину мен уйғониб кетай, тушдан фориғ бўлай, ёнимда Хатчани кўрай, тушимда бўлсаям уни уйга обкетай, майли, урабер, иним, яра-чақа бўлса битиб кетар, тўхтама, нега тўхтадинг ёки менга раҳминг келдими, иним?.. Чидаб ётди. Инграмади. Бир маҳал ҳаво дим тортганини сезди. Дим, эпкинсиз, қуюқ. Елкасидан чиққан тер кўзёшидай иссиқ... Терми бу, қон эмасми?.. Қип-қизил, кўзёшидай жизиллатади, сарғиш чакмонни бағир тусига бўяб боряпти... Кўзларини йириб олдинда бир жуфт тоштовон этикни кўрди. Ағдарма кўн, чоклари пишиқ, жийрилган жойи йўқ, фақат нағали ейилибди, қушнинг тилидай юпқа, бугун-эрта узилади... Eтиклар қимирлади. Полвон ётган жойида бир-икки силкиниб тушди. Кейин этиклар яна манглай тарафига ўтди. Полвон тағин уларга тикилди, бироқ этиклар тутқич бермади, сония сайин кичрайиб, узоқлашиб бораверди. Кўзларини юмаркан, чуқур тин олди, илжайди: этиклар қочди, қочди!.. ... Саҳар маҳали кунботар тарафда йилқи кишнади. Сайхонликдаги янтокдарни шитирлатиб салқин шамол турди. Полвон унга юз тутди — узоқ, то сал тетик тортгунича. Сўнг йилқи овози келган ёққа қараб ўрмалади. Кўп судралди. Тиззалари, тирсаклари зирапчага тўлди. Тақирга етганида қуриган лой қисир-қисир сина бошлади. Бир пайт бармоқлари балчиққа тегди. Чанқоқ хуруж қилди: балчиқни сиқимлаб оғзига солиб шимиди. Сув чиқмади ҳисоб, томоғига тиқилиб, нафасини қайтарди. Яна олдинга ўрмалади. Бирор беш дақиқа ўтиб, узатган қўли сувга тегди. Полвон икки-уч тўлғониб олға жилдию бетини сувга ботирди, сўнг тирсакларига таяниб, тили билан ялашга тутинди. Кўнглида ғалати бир ғурур уйғонди, ўзининг мискинлигидан, манави қора балчиққа беланиб ётганидан, сувни кучукка ўхшаб шалоплатиб ичаётганидан шодланди, совуқ томчиларнинг чанқоқ вужуди бўйлаб бир маромда таралаётганига қулоқ солди... Хадичани Шўрқудуқдан берида, пода ётар жойда топди. Устида ўша кир кўйлаги билан гарди рўмоли, этагида қўнғиз кавлаб кетган беш-олти ғовак тезак (шуни баҳона қилиб чиққан), биров урганми, ўзи йиғлаганми, кўзлари қизарган... Полвонни аввалига танимади, йўқ, таниди-ю, кўзларига ишонмади, қўркди, қўли билан юзини пана қилди — қамчидан тўсгандай. — Талоғимни айтдингизми? — дея секин, хўрланиб, келар балони даф этолмаслигидан қўрққандек сўради: кўзлари мўлтиради, этагидаги тезак ерга тўкилди. — Айтардим, Хатча, — деди Полвон. — Айтардим, лекин энди бўлмайди, иложим йўқ, айтсам — қўрқоққа чиқаман. Чидайсан энди, Хатча... Хадича йиғлади. Кўзларини артаркан, рўмоли бошидан сирғалиб тушди, сочлари елкасига ёйилди. — Борайми? — деб сўради. — Урмайсизми?.. Полвоннинг хўрлиги келди: сени урган қўл синмайдими, Хатча?.. Хадича яқинроқ келди, эрининг усти-бошига чапланган лой ва қонни артмоқ бўлиб қўл чўзди, аммо ботинмади, ёвуқликнинг ўзи маҳобатли бир девор мисол кўз олдини тўсди — қўлларини тортди, кўнглига яна қўрқув оралади. Полвон ҳайратланди: сенга шунчалик кўнгил қўйиб эдимми, Хатча? Кел, қўлларимда азод кўтарай сени, ўн беш кунлик ойдай қучоғимни тўлдир. Хатча, мени қаттиқ-қаттиқ чимчила, зора сени туш кўрмаган бўлсам!.. У аёлни даст кўтариб одди. Хадичанинг билаклари бўйнига чирмашган замон мажоли қочди, гандираклаб кетди, лекин сал ўтиб билакларнинг куйдиргувчи тафтига кўникди, чарчоғу оғриқ унутилди, гўё тани ҳам унут бўлдию унинг ўзи бўйнига чирмашган билакларга айланди... Фақат юракларнинг ола-тасир ургани сезилади, гўё бутун дашту далалар уларнинг дупурига тўлган... Сени шунчалар соғиниб эдимми, Хатча? Кўнгилдаги кину ғазабим қани? Нега йиғлайсан, Хатча? Сен ҳам соғиндингми? Соғинганинг ростми, Хатча? Бирор нарса де, шубҳаларинг бекор де, Хатча, кўнглимни қабартма, белимни букма, гавҳарни тошга урмайлик, Хатча!.. Аёлнинг юзига тикилиб, гумонига тасдиқ излади. Лекин Хадичанинг турган-биттани — юзу кўзи, бўйнига чирмашган билаклари, ёқасига қадалган қатор садаф тугмаларигача иффатга ёр, шубҳага зомин эди. Хадича эрининг кўзларида бир оғриқ кўрди, аммо сўз сўйларга мажоли етмади, бўғзига тиқилган аччиқ хўрсиниқни ичига ютдию унинг тарашадек қотган жун чакмонига бетини буркади... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57605 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21571 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19506 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |