Йўл бошида (ҳикоя) [Saida Zunnunova] |
Бу уйда уч кундан бери чироқ ўчмайди. Уч кундан бери кулги ҳам эшитилмайди. Ҳатто қўни-қўшниларникидан ҳам қаттиқроқ овоз чиқмайди. Улар ҳам бу оиладаги мусибатдан ташвиш ва андишадалар. Йиғлайвериб Санталатнинг кўзида ёш қолмади. Қовоқлари шишиб, юзи бир бурда бўлиб қолди. Усмонали эркак киши бўлгани учунми, ўзини анча оғир тутар-ди. Милитсияга дам-бадам телефон қилар, гоҳи ўзи бориб келар, яна кечаси билан мижжа қоқмай телефон олдида ўтириб чиқарди. Ўн тўрт яшар ўғиллари йўқолиб ўтирса, осонми дейсиз. Кичкина қизчалари қўғирчоғини қучоқлаганича бувисининг пинжида ухлаб ётар, уни ювиб-тараб каравотига олиб қўйиш ҳам Санталатнинг ё кўнглига сиғмас, ёки эсига келмасди. Айвон панжарасига тирсакларини тираганича телефон ёнида Усмонали ўтирарди. Буралмаганидан соатлар ҳам тўхтаб ётар, қайси маҳал бўлганини ҳам билишмасди. Фақат сурмаранг осмонда юлдузлар жуда тиниқ порлар, кузнинг муздек, жунжиктирувчи шамоли эсарди. Санталат гоҳ уйга кирар, гоҳ ҳовлига чиқар, савол ва хавотир тўла кўзлари билан эрига қараб қўяр, йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаганича яна секин уйга кириб кетарди. Пианино очиқ турибди. Ўғли йўқолган куни эрталаб музика муаллими келган, машғулот ўтказган эди. Ҳатто, нота китоби ҳам очиқ турар, пианино устида ёғочдан йўнилган, қайиққа ўхшаш бир шакл ҳам ётарди. Санталат уни аста қўлига олди. Қимматбаҳо бир буюмдек авайлаб ушлади. Кейин кўнглидаги ишонч, умид бирданига ғойиб бўлдию, даҳшатли хаёллар ёпирилиб кела бошлади. Юзини чангаллаб, пианино клавишларига бошини қўйди. Унинг йиғисига қўшилиб бир неча хил овоз бирданига даранглаб кетди. Усмонали югуриб кирди. Нима дейишини билмай туриб қолди. — Сабр қилиб турайлик. Излашяпти-ку, ахир. Топилиб қолади. Мана мени айтди дерсиз. — Усмонали хотинининг елкасига қўлини қўйди. Тўзғиб, ёзилиб кетган сочларини текислаган бўлди. Санталат чангаллаб турган қайиқ сифат ёғочга кўзи тушди-ю, кўнгли бузилди. Унинг назарида бу ёғоч ўғлининг чала қолган иши, етолмаган орзу-армонидек туюлиб кетди. Кўп нарсалар эсига тушди. Лекин ҳозир хотинига таъна қиладиган пайт эмас эди. Бунинг устига ўзи қам бепарволик қилганини энди айниқса яхши сезиб турибди. Фарҳод гўдаклигидан темир-терсакка ўч бўлди. Кўчада ётган мих, темир-терсакларни йиғиб келаверарди. Баъзида бу буюмлар Санталатнинг жонига тегиб, ҳаммасини улоқтирарди. Дадаси олиб келган кичкина ве-осипед бир ойга ҳам чидамади, ҳамма винтларини бураб чиқарди. Охири онаси уни ҳам чердакка чиқариб қўйди. Мактабга борганда ҳам Фарҳоднинг бу феъли қолмади. Ишдан чарчаб келган Санталат ўғлининг дарсини суриштирар, вазифаларини текширар, Фарҳоднинг ҳаёли бўлса аллақаёқларда, олдида очиқ турган китоб қолиб, бир четда уюлиб ётган ҳар хил ёғоч, тахта, қайчи, қоғозларга тикилиб онасининг гапини эшитмасди ҳам. Сабри тугаган Санталат бақириб чақириб уларни яна улоқтирарди. Фарҳод тўртинчи синфга ўтгунча Санталат ҳам у билан синфма-синф ўқиб чиққандек бўлди. Ишдан келди дегунча, қайнонаси шикоят бошларди: — Дарсини қилгани йўқ. Овқат ҳам емади. Анави Комил билан кечгача ўтинхонадан чиқмайди. Афтини қаранг, иштонини мих илибди. Вой, вой, афтинг қурмасин, болам. Бу гаплардан кейин Санталатнинг ўғли билан тинч, хотиржам гаплашишга асаби етмасди. Усмонали ўғлининг тинимсиз, бесаранжомлигини ўғил боланинг одатий иши деб, жуда ҳам парво қилавермасди. Фақат бир марта ота-оналар мажлисига бориб келгач, ўғлини ёнига ўтказиб гаплашмоқчи бўлди. — Нега яхши ўқимайсан? Ота-оналарнинг ичида уятга қўйдинг-ку! Дарсга қулоқ солмас эмишсан? — Соламан. — Бўлмаса, нега билмайсан дарсларни? — Қизиқмас. — Нимаси қизиқмас? — Географиядан бошқаси қизиқмас. — География қизиқми? — Баъзида қизиқ. Денгизларни гапириб берганда. Денгизда қароқчи бўладими? Тажанг бўлиб турган Усмонали кулгидан ўзини зўрға тийди. — Папканг қани? — Ана. — Кўрсатчи. Тартибсиз жойлашган китоб-дафтарлар ичида қайчи, рангли қоғозлар. Мих, ҳар хил винтлар, кемаларнинг қинғир-қийшиқ сурати солинган албом ҳам бор эди. — Шу ҳам ўқувчининг папкаси бўлдими?! Фарҳод индамади. Дазмол босаётган Санталат гапга аралашди. — Ҳаммаси бекорчиликдан. Муаллим топиб келдим. Бекор юргунча музика ўргансин. Уйда тайёр пианино бўлгандан кейин. — Керакмас. — Жим ўтир! Керак-керакмаслигини сен эмас, биз биламиз. Ана шундан кейин сочига оқ оралаган, ўрта ёш аёл — музика муаллими уларникига ҳафтада икки марта келадиган бўлди. Аёл паст овозда гапирар, оҳангида буйруқ ҳам, илтимос ҳам бўлардики, Фарҳод гап қайтаролмас, лекин ночор, бўйнидан боғлагандек ўтирганлиги шундоққина билиниб турарди. Икки йил шу аҳволда ўтди. Унча-мунча куйларни чаладиган ҳам бўлди, лекин онаси бошида қараб турмаса ҳеч қачон ўзича пианино ёнига келмас эди. Кечки пайт ота-онаси ишдан қайтиши билан бувиси яна шикоят бошларди: — Музикасини биттаям чалмади. Жаврай-жаврай жағим узилди. Фарҳод бунақа вақтда бувисига зимдан хўмрайиб қараб қўярди. У бир марта аллақаёқдаги тўгаракка қатнайман, деганида ҳам Санталат унамади: — Кўча тўла машина. Сени ўйлаб ишда ҳам тинч ўтиролмайми энди, — деди. Фарҳод кейинги кунларда жуда камгап, оғир бўлиб қолганди. Ўқиши ўртача бўлса ҳам ўзи қуйилиб қолгандай кўринарди. Усмонали ана шуларни ўйларди. Энди унинг назарида ўғил ўсмирлик даврининг орзу-хаёлларига бу уйдан ҳамдам тополмаганлигидан безиб кетгандек эди. Соғмикин? Зора бирон жойда юрган бўлса. У ҳамон жим турган телефон трубкасини кўтарди. Қулоғига узун гудок эшитилди. Яна қўйиб қўйди. Ҳали вақтли. Тонг отсин. Кечаси бунча узун бўлмаса-я. У осмонга қаради. Юлдузлар яна ҳам тиниқлашиб, йириклашиб қолгандай. Ҳовлида хазонлар шитирлайди. Атроф жимжит. Ҳали замон шовқинга тўладиган шаҳар устидаги бу осудалик, бу жимжитлик ҳам Усмоналининг юрагини бадтар эзарди. Изламаган ери қолмади. Сувлар, касалхоналар, ҳатто ўликхоналаргача борди. Ўртоқларининг ҳаммасидан сўраб чиқди. Ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Унинг кўнглига чироқ ёқиб турган фақат битта нарса бор. Нон идишдан тўртта нон олиб кетган. Тўрттами, учтами, ишқилиб, нон олиб кетган. Тонг ёриша бошлаганида телефон жиринглади. Санталат ҳам уйдан югуриб чиқди. Усмоналининг акаси экан телефон қилган. Бирон хушхабар борми, деб сўраётган эди. Кейин туни билан очиқ қолган дарвоза ғийқиллади-ю, кўйлакчан, совуқдан қунишганича Фарҳоднинг тенгдош ўртоғи Камол кириб келди. Бу бола ҳам уч кундан бери Санталат, Усмонали билан тенг ташвиш тортяпти. Ҳиндча эшитмаса туролмайдиган, кечгача магнитофон қўйиб қўшниларнинг жиғига тегадиган бу қўшиқ шайдоси уч кундан бери мотамсаро эди. Қўлларини қўлтиғига тиққанича, елкаларини қисиб айвон олдига келди. Кўзларини пирпиратиб мунгли назар билан Усмоналига қаради. — Кел, ўғлим, чиқ бу ёққа. Камол айвон устунига суянди. — Ҳалиги сурати ўзига ўхшармиди, — деди ғулдираб. Усмонали Фарҳоднинг тарқатилган сурати ҳақида гап бораётганлигини дарров тушунди. — Ҳа, ўхшайди. — Менда ҳам битта сурати бор эди. — Камол қўлтиғига қисиб турган кичкина фотосуратни узатди. Пионер галстуги таққан, костюмининг ёқаси бир оз қайрилиб қолган Фарҳод кулимсираб қараб турарди. Афтидан, бу суратни болалардан биронтаси олган эди. Санталат унга тикилиб қолди. — Қайлардасан, болагинам... Камол гоҳ Усмоналига, гоҳ Санталатга қараб қўяр, нима деб буларга тасалли беришни билмасди. — Бормайсизми? Хабар олиб турмасангиз, уларнинг ташвиши битта бизмасдирмиз. — Одамлар ишга келсин, — деди Усмонали. — Менга қара, — Санталат Камолнинг елкасидан қучоқлади. — Сенга ҳеч нарса демаганми? Бир ўйлаб кўр. — Йўқ. — Аввал гаплашиб ўтирганларингда ҳам бирон нарса демаганми? — Йўқ. Бир марта, менинг ўрнимга пианинони сен ўргана қолсангчи, — деди. Жон деярдим, бизникида пианино йўқда, дедим. Матрос бўламан, дерди. Бир марта йўл-йўл майка истаб тополмаганмиз. Санталатнинг кўзига яна очиқ қолган пианино, унинг устидаги электр симларига тизилган қушларга ўхшаш нота белгилари келди. Хўрсиниб лабини тишлади. Тонг отиши билан таниш-билишлар кўнғироқ қилиб сўрай бошлашди. Усмонали милитсияга кетди. Санталат телефон ҳар жиринглаганида умид ва қўрқув билан трубкани кўтаради. Қайнонаси ҳавотирлик билан унга қараб турарди, кейин нималарнидир ғудраб ўз йўлига кетарди. Усмонали бўшашиб қайтиб келди. У хотинининг юзига қарашга ҳам дош беролмай, қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмасди. Яна телефон жиринглади. Трубкани Усмонали олди. — А? Нима?... Хайрият-э... Омон эканми? Хайрият! Ҳозир бораман. Ҳозир! У трубкани қўйди. Бирдан беҳол бўлиб ўзини стулга ташлади. — Тирик экан. Унинг ҳамма ёғидан тер сизиб чиқар, кўйлакларини бир зумдаёқ жиққа ҳўл қилган эди. У жуда беҳол бир ҳолатда эди. Санталатнинг баданига титроқ кирди. Чарчаганлиги бирданига билинди. Энди у хурсандлигидан йиғларди. Ҳали ҳам шу ерда ўралашиб юрган Камол қичқириб, кўчага югурди. — Урре! Топилди!! Орадан икки-уч соат ўтгач, Усмонали Фарҳодни етаклаб кириб келди. У озиб кетган, кийимлари кир, ғижим эди. Санталат уни бағрига босганича қўйиб юбор-мас, алланималар дер, кир юзларидан тинмай ўпарди. — Бўлди, бўлди, — деди Усмонали, — ювиниб олсин. — Қорнинг очми? Овқат ейсанми? Ҳозир, ҳозир, — Санталат уйда гир айланарди-ю, ҳеч нарса тополмасди. — Ҳозир овқат қилиб бераман. Палов қилиб берайми? Лекин Фарҳод олдига қўйилган узум билан нонни шунчалик бир иштаҳа, ташналик билан ердики, қараб туриб Санталатнинг кўзидан бадтар ёш қуйиларди. Бир зумда ҳовли кулгига тўлди. Ошхонада жиз-биз бошланди. Фарҳод ювингани кириб кетди. Ҳуши энди ўзига кела бошлаган Санталат эридан сўради: — Қаерда экан? —Денгизни, матросларни излаб поездда кетаётган экан. Москва йўлидан ушлаб келишибди. Кечқурунга бориб Камолларникидан ҳам ҳиндча ашула эшитилиб қолди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58010 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36683 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22040 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |