Сабот ул-Ожизин [Soʻfi Olloyor] |
Муқаддима «Сано лил холиқи ғаброву афлок», Яратди қатраедин гавҳари пок. Самовот уйини тутди муаллақ, Жаҳона ҳукмини кўрсатди мутлақ. Қилиб ғабро мадорин зиммаи ҳут, Бани Одамға андин қисм этар қут. Падид этди жаҳон ичра фавосил, Қилур ҳар фасл турлук нашъа ҳосил. Ажаб сунъу, ажаб аҳкоми тақдир, Қилур бир қурсдин олам кўзин сер. Ирода қилса ул Ҳаййу тавоно, Қилур бир лаҳзада билмасни доно. Сафий туфроғин этгач, жон ила жисм, Нечук ки айлади донойи ҳар исм. Халос этса бировни Раббуд —афлок, Қолур тоғ остида, андин чиқар пок. Нечукки тутди тўфон дашту тоғи, Ва лекин бўлмади ҳўл Нуҳ оёғи. Халиллулоҳ учун ёндирдилар нор, Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор. Ғазаб ел одиларни қилди нобуд, Эди ул ел насийми тобеи Ҳуд. Балиқ қорнида бир соҳиб каромат, Чила ўлтирди —ю, чиқти саломат. Агар амр этса кимни Фориқул —фарқ, Келур бир лаҳзада ғарб устидин шарқ. Нечукким дўстини Султони кавнайн, Етурди соатеда қоба қавсайн. Агар ҳар кимга берса иззу имдод, Келур хизматга жинну одамизод. Сулаймонким эгурди инсу жиндин, Анинг фармони эрди бир нигиндин. Ғараз қудрат намолиғ айлади фош, Ва гар на қадри эрди бир дирам тош. Калим илгидаги қутлуғ асое, Гаҳе кўфрук эди, гаҳ аждаҳое. Ғараз қудратнамолиғ эрди, эй дўст, Ва гар на эрди бир қад чўби бепўст. Агар амр айласа, кавнайн барпой, Бўлур бир пистанинг пўчоғина жой. Дедилар, ҳазрати Руҳул — аминни, Қанот ёзса, тутар рўйи заминни. Анингдек Жаброиле сидра парвоз, Муҳаммад енгида айтур эди роз. Агар қилса бировнинг ҳақлиғин фош, Шаҳодат бергуси гаҳворада ёш. Азиз этса қаю қулни ўшал шоҳ, Агар чоҳ остида қолса топар жоҳ. Сулаймон хизматида қилди парвоз, Ҳисобин билмаган шохину шахбоз. Вале бир муштипар ҳудҳуд эди пайк, Деди султониға: «Орийу лаббайк». Мадад қилса Худое оламорой, Ҳабиб этса ишорат, айрилур ой. Кишининг рўзисин гар қилмаса кам, Етар ҳар ерда меҳнат қилмаса ҳам. Калимин чеҳрасин қилмас учун зард, Чиқорди лаҳзада Нил остидин гард. Нечукким ҳазрати Солиҳ учун фош, Болалиғ тева туғди ҳукмидин тош. Юборди рўзе Маряма малакдин, Масийҳа моида тушди фалакдин. Азалда ҳар кишини айласа саъд, Халил ўғлидек этса содиқул—ваъд. Агар забҳ этсалар, қайтармағай қош, Кўрунмас бош анинг олдида бир мош. Кима берса жаҳолат хамридин жом, Беҳишт олдиға келса, босмағай гом. Етар раҳмат суви кўк кавкабина, Етушмас қатрае гумроҳ лабина. Кўрунг Бу Толиб ила Бу Лаҳабни, Улуғ дарё лабинда хушк лабни. Агарчи ўт била сувда бўлур фарқ, Чиқорди сув маконидин нечук барқ? Агар чандики шамъ ўтдин бўлур жамъ, Қаро сувдин қилур кўз нуридек шамъ. Қаю бир қудратин қилмоқ керак ёд, Эрур қосир уқули одамизод. Ҳазрат Расулуллоҳ Соллаллоҳу Алайҳи Васаллам Сифатларининг Баёни Дуруди беадад ҳодийи динға, Расули «раҳматан лилоламин»ға. Худонинг дўсти мухторул—қурайши, Мудом уммат учун талх эрди айши. Эмас мавжуд анингдек гавҳари пок, Далил улдурки кийди тожи «лавлок». Ўшал шоҳаншаҳиким шамъи диндур, Анинг парвонаси Руҳул—Аминдур. Деди Маъбуд анинг отин «Муҳаммад» Мақоматиға ҳаргиз етмади ҳад. Тушурмай ер юзига соясини, Етурди Арш уйига поясини. Қадам босқон манозил эрди пур атр, Саҳобул—абйаз эрди бошида чатр. Жамоли неъмати матлуби кавнайн, Камолидин муяссар «қоба қавсайн». Шарофат мундин ўтмас — суннату фарз Юруса то хуружи Доббатул —арз. Ҳама диндин бўлубдур дини боло, Гувоҳи ҳазратй Вожиб Таоло. Анинг авсофини йўқ интиҳоси, Нағу, етмас деса васфин Худоси. Худонинг раҳмати бўлсун дамодам Анинг авлодиға, асҳобиға ҳам. Китоб таълифининг сабаби баёни Ёзилди форсий тил бирла мактуб, Ақийдоту фуруъ қурби маҳбуб. Аниким кўрдилар туркий ёронлар, Дедилар: «Гар дуо қилса эранлар. Битилса турки тил бирла ақийда, Кўнгуллар бўлса андин орамийда». Тамаллуқ қилдилар чун бир неча ёр, Қалам тортай, Худо бўлсун мададкор. Ва лекин айлайин сўзларни ижмол, Манга йўқтур муфассал қилғали ҳол. Мане бечора, чунки омидурман, Гирифтори маломат домидурман. Эрурман бандаларнинг сарнигуни, Тўлай ёру биродарлар забуни. Агар чандики бўлсам мағзи йўқ пўст, Ишорат қилдилар, чун бир неча дўст. Аларнинг сўзларин бузмай мане зор, Савод эттим неча манзума ночор. Ақийда сўзларини қилдим исбот, Анга қўйдим «Саботул—ожизин» от. Ўзимдек хасталар бўлғайму деб шод, Насойиҳдин ҳам андак айладим ёд. Насиҳат тингламас дил сахти маҳжуб, Кўкармас тоша ёмғур ёғса ҳам кўш Оллоҳ таолони танимоқ баёни Недур қуллуқ ани муштоқи бўлмоқ, Ўзидин фони Ҳақға боқи бўлмоқ. Тонимоқ Тангрини тонмоқ ҳаводин, Кейин турмоқ фиоли нораводин. Бўйинсунмоқ, югурмоқ «қил!» демишда, Қазоға рози бўлмоқ барча ишда. Умид этмак ўшал қудратли Шоҳдин, Ёнардин хавф этиб, ёнмоқ гуноҳдин. Яқин билмак, жамоат эътиқодин, Кейин солмоқ мухолиф ижтиҳодин. Ақийда билматан шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур. Уёлма маърифатни ўрганурдин, Танур жойинг бўлур, қолсанг танурдин. Уёлмасдур талаб амрини олғон, Қолур яхши уй олғандин уялғон. Оллоҳ таолонинг бирлиги баёни Худовандики бирдур бешаку райб, Раво эрмас анга ўртоқ ила айб. Анинг фармонидин ҳеч ким қутулмас, Тавонодур ҳамиша, ўзга бўлмас. Эрур ул барча оламнинг Худоси, Анинг иўқ ибтидоси, интиҳоси. Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони, Анга қилғон эмас сабқат замони. Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна, Раво эрмас анга чуну чигуна. Кўнгилга кечса, кўзга тушса ҳар шай, Эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳай. Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас, Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас. Фаришталар, набилар етмадилар, Бўйинсундилару фикр этмадилар. Вале фикр эт, Худонинг қудратиға, Ажойиб ишлариға, санъатиға. Оллоҳ таолонинг сифатлари баёни Субутидур анинг саккиз сифоти Сифат зоти эмас, на ғайри зоти. Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар, самъ, Иродаву, калом, таквиндур, эй шамъ. Ҳаёт улким тирикдур, ўзга бўлмас, Ўлар ҳар зи нафс, ҳаргиз Ул ўлмас. Ўзини зотидин ҳайдур ўшал шаҳ, Ва лекин жисм ила жондин муназзаҳ. Керакмасдур Худоға ҳеч қаю шай, Ғанидур барча оламдин ўшал Ҳай. Эмас муҳтож ҳеч ишга Ҳақ Таоло, Юбормағил кўнгилни шайбу боло. Агар мунда юборурсан кўнгилни, Солур шайтон кўнгилга ўзга йўлни. Сифотининг биридур илм, ёро, Эрур донойи ғайбу ошкоро. Халойиқдин кичикдур ё улуғдур, Бўлибдур ҳар на иш ё бўлғулуғдур. Турушдур ё юрушдур хайру шардин, На ким, тегса анга нафъу зарардин. Кўнгилга кечса қайси ҳоли пеша, Эмас пўшида илмидин ҳамиша. Билур ҳар кимда бўлса маърифатдин, Бири қудрат эрур саккиз сифатдин. Нафслик ё нафссиз, буду нобуд, Не ким икки жаҳонда бўлса мавжуд. Зарардур, нафъдур ё хайр, шардур, Яқин билгил, қазо бирла қадардур. Халойиқнинг жамиъи феълу қавли Эмас бир зарра бетақдири Мавли. Ирода айлагач, Халлоқи олам Ҳар ишни «бўл!» деди, бўлди ўшал дам. На этса эрки бору, қудрати бор, «Қўли бирла яратди» дема зинҳор. Тилингни сақла мундоғ қавли баддин, Худовандим муназзаҳдур жасаддин. Каломи ҳақдаким «яд» айлади ёд Анинг бир васфидур, эй одамизод. Аимма билди Қуръон маънисин туз, Кўнгилни қўймағил, сан ҳар қаю юз! Басар ҳам самъ анинг васфи било шак, Басар маъниси — кўрмак, самъ —эшитмак. Не ким мавжуд эрур дунёву дунда, Фалакдин юқори, зери заминда. Эшитмак, кўрмаги бешубҳаву райб, Эрур бирдек ҳамиша зоҳиру ғайб. Эшитмак, кўрмагидур қудратидан, Қулоқдин, кўздин эрмас, билгил, эй тан. Қулоқ, кўз бандаға ҳожат эрур, бас Худо ҳеч қайсининг муҳтожи эрмас. Тирилсанг охиратда, эй харидор Худойим кўрсатур дўстларға дийдор. Вале кўрмакни бечуну чунон бил, Жиҳатсиз бил, мислсиз, бемакон бил. Ўшалким билдирур бешаклигини, Билур ул яхши кўрсатмаклигини. Билур ҳар одамийнинг бўлса эси, Калом эрмиш сифотининг бириси. Каломи ҳодис эрмасдур, қадим бил, Ани айғон сўзи бекому бетил. Халойиқ сўзламас бекому тилсиз, Худо муҳтож эмас, ҳеч ишга ҳаргиз. Битилса ё ўқилса, олса эл ёд, Булар ҳодис эрур, эй одамизод. Худойимни каломин яхши бил боз, Сўзини зотида йўқ ҳарфу овоз. На ким махлуқида бор эрса, эй шаҳ, Худовандим эрур андин муназзаҳ. Сифотининг бирисидур ирода, Муни билган киши етган мурода. Қадалса бир тикан ё тушса бир қил, Иродасиз эмас ҳеч иш, яқин бил. Агар мўре қўяр ер устиға по, Ва гар бир заррача қум бўлса бежо. Булардин ё кичикдур ё зиёда,. Эмасдур ҳеч нимарса беирода. Сифотининг бирин таквин демишлар, Худодин халқа рўзи барча ишлар. Яратди ким нечук сизнию бизни, Тақи халқ этди бизни феълимизни. Агар чандики қўимас эркимизга, Берибдур ихтиёри жузъи бизга. Муносиб иш эрур ё номуносиб, Ани қилмоқға банда бўлди косиб. Ўшанча ихтиёри жузъидин боз, Топар банда жазо кўп қилса ё оз. На ким ризқеки бўлса шайбу боло Яратибдур ани Вожиб Таоло. Ҳаромидин ва ле манъ этди бизни, Берибдур ихтиёри жузъимизни. Худо рози эмас исёнимизға, Ризосидур анинг эҳсонимизға. Киши рози, деса— исён қилурға, Аимма ҳукмидур кофир бўлурға. Худо зулм этмади ҳеч бандаларға, Вале туз иўлни кўрсатди аларға. Ўшал халқики туз йўлдин тоярлар, Алар ўз жонлариға зулм этарлар. Азоб этса бу олам ё у олам, Эрур бул адл, эй фарзанди одам. Нафссиз халқ эрур ё зи нафсдур, Анинг ўз мулкидур ҳеч зулм эмасдур. Агар афв айласа, ўз фазлидур ул, Будур сидқингу ихлосинг, будур йўл. Етар биз омиларга бунча билсак, Тутуб маҳкам бўиинсунсак, эгилсак. Жамоат аҳли суннат тузган эрлар Дедилар: «Турфа нозикдур бу йўллар». Улуғ йўлни қўииб ўлгунча, эй ёр, Қадам қўйма, тояр ерларға зинҳор. Иймоннинг Баёни Худодин ҳар на келса, рост билдинг, Тилинг бирла яна иқрор қилдинг. Мусулмонлиғ йўлида булдир иймон, Муни билмас киши Тонгла пушаймон. Яқин билгилки, иймон бўлмағай кам, Эрур бирдек, зиёда бўлмағай ҳам. Бу сўздур аҳли суннатни тариқи, Жадал этди бу сўзда ҳар фариқи. Бўлур аммо амал зойиду нуқсон, Топар яхши амалдин ужра инсон. Амал айланг ва лекин аймоғайсиз: «Амалдин дохили жаннат бўлурмиз». Ани амрин дилу жонинг била ол, Амал қил ҳам Ўзининг фазлина сол. Насиб этса биҳишт Ўз фазлидин бил, Амалга иттико қилмай амал қил. Ғараз улким, амалга бўлма мағрур, Амал қилғил, амалга банда маъмур. Амал қилмоқдин ахди истифода Дедилар: «Нури иймондур зиёда». Ва гар на бўлмас иймон зойиду кам, Ақида булдур, эй фарзанди одам. Амалнинг нафъи ҳам иймон биландур, Қачон ёлғуз амал қилғон биландур. Наъувзу биллаҳ, иймонсиз кишини Қабул этмас Худойим ҳеч ишини. Агарчи яхшилар аъмолин этса, Тасаддуқ ер юзини молин этса. Риезат бирла бўлса эртаю кеч Ўшалким сидқи иўқтур - қилгани ҳеч. Бўлур дўзах ани охир макони, Қутулмас ҳаргиз андин жисму жони. Агар иймон насиб этса кишиға, Берур ужра ани хўб қилмишиға. Агар чанди кабоир қилса беҳад Тамуғда қолмас иймонлиғ муаббад. Илохи, осиймиз, бечорадурмиз, Ҳавойи нафс ила оворадурмиз. Қўноқмиз бир кеча дунёйи ҳеча, На ишлар кечадур биздин бу кеча?! Бу тунда тут бутун иймонимизни, Сабоҳ қутқор тутундин жонимизни. Кўнгил сандуқина бир бебадал дур Ўзинг рост айлагил, ё Кошифаз —Зур. Ўшал дур қасдина шайтони бадбахт Тушубдур кўп ҳавохоҳи билан сахт. Агар бўлсанг мани ҳолимга ҳомий, Тўзар кулдек адувларни тамоми. Агар Сен сақласанг раҳмат йўлидин, Адув қул келса, на келгай қўлидин. Яна иймонда айди аҳли таҳқиқ: «Худодиндур ҳидоят бирла тавфиқ». Худонинг феъли ул махлуқ эмасдур, Киши ҳаргиз ани махлуқ демасдур. Дедилар маърифат бирла ул иқрор Ўшалким бандасини феълида бор. Нечукким бандани халқ этти Мавли, Тақи махлуқ эрур феъли ва қавли. Эрур бир маънида иймону ислом, Буни билса керак, ҳар хосу ҳар ом. Аимма қавлини берк ушла зинҳор, Жадални нафъи йўқ бўлса, на даркор. Фаришталарнинг Баёни Малоикким эрурлар олами ғайб, Ҳама Ҳақ бандасидур бешаку райб. Алар фориғ эрур ичмак — емакдин, Ёмон қилмоқ, қабоҳат сўз демакдин. Нисо эрмас аларнинг васфи, эр ҳам Би ло шақват яратги Шоҳи олам. Алар барча Худонинг тоатида, Эмас ғофил алар ҳеч соатида. Агарчи барчаси тоат сиришта, Муқарраб баъзидин баъзи фаришта. Мусулмонлар ўқур Қуръонки ҳоло, Эрур барча каломи Ҳақ Таоло. Тақи Пайғамбаримиздин бурун, бил, Худовандим кутубки қилди нозил. Юборди ҳар қаю пайғамбариға, Ки иймон келтирибдурмиз бариға. Бариси Ҳақ Таолонинг каломи, Муни билса керак, ҳар хосу омий. Каломи васфидур, эй одамизод, Қилиб эрдим сифоти бобида ёд. Пайғамбарларга Иймон Келтириш Баёни Санову ҳамд қудратлиғ Худоға, Ки иймон келтирубмиз анбиёға. Аларнинг аввали ким Одам эрди, Муҳаммад барчасиға хотам эрди. Бариси Тангрини суйған қулидир, Бариси жаннати ризвон гулидур. Худонинг ҳукмини ҳар феълу сўзга, Набилар қилмади бир зарра ўзга. Етушмас ҳеч валилар жолариға, Етушмас балки хоки полариға. Алардур зурриёти Одами хок, Гунаҳдин анбиёни барчаси пок. Алардин баъзи ишки қилдилар нақл, Қилур таъвилини Нўъмони боақл. Ул иш қасдан эмасдур анбиёдин, Аларға лағзиши подур хатодин. Алар қасд ила ҳаргиз қилмадилар, Буюрғон амридин айрилмадилар. Бари дарёйи раҳматда эди ғарқ, Расул ила Набида бўлди бир фарқ. Бариси Тангридин тобти хитоб ул, Набиға шарт эмас, аммо китоб ул. Расулиға эрур шарт, э неку ном Вале бўлди бариға ваҳйу илҳом. Набидур ҳар Расул англағувчи бўл, Ва лекин ҳар Наби эрмас Расул ул. Дедилар пораи мўмин болоси: «Эрур бир маънида ҳар иккаласи». Салаф ким айлади лутфу иноят, Деди: «Аввалғиси машҳур ривоят». Башар пайғамбарин Султони аъдал, Малак пайғамбаридин қилди афзал. Бу сўздур мазҳаби суннат жамоат, Алар ҳар не деди, қилғил итоат. Дедилар: оммаи фарзанди одам, Малакнинг оммасидин фазли кўп ҳам. Китоби «Кофий»ким пур босафодур, Деди: «Омма бу ерда атқиёдур». Башарда вар на чандон беамалдур, Баҳойимдек эрур, бал ҳам азаллдур. Паямбарнинг бори одилу аъдал, Ва лекин баъзисидин баъзи афзал. Савобу рутбада афзал эрур ҳол, Мусовийдур нубувват бирла ирсол. Барининг меҳтарини Мустафодур, Ҳабиби Ҳақ, нигини анбиёдур. Расулуллоҳнинг Меърожлари Баёнида Муҳаммадким эрур афзали асдақ, Эрур бешак шаби меърожи барҳақ. Ҳарамдин масжиди Ақсоға ногоҳ, Олиб борғанидур оятда огоҳ. Ҳам Ақсодин самоға борди ул нур, Бу сўзнинг сидқиға ахбор машҳур. Самодин юқори ҳар қайси жоға, Иноят айлади ул бо сахоға. Барига сидқимиз, иқроримиз бор, Эмас ҳеч қайси иш Тангриға душвор. Мақоми сидраву нажму малакни, Биҳишту Аршу Курси, нўҳ фалакни. Агар бир кечада кўрсатса, не кам, Ва гар бир дамда кўрсатса, не шак ҳам. Нечук ҳукм айласа, қодир Худодир, Чарову чун демак, қулдин хатодур. Яқин билгил, анинг меърожин, эй ёр, Тани бирлан эди, ҳам эрди бедор. Ҳабибин ҳар нечук қилса сарафроз, Худони раҳмати кўпдур, эмас оз. Саҳобайи Киром Баёни Саҳобаи набидур барчаси ҳақ, Ёмон йўлда эмас, ҳеч қайси мутлақ. Эрур ҳар қайсиси нажми ҳидоят, Худо халқ ўғлига қилгон иноят. Биҳиштийдур алардин қатьи ўн ёр, Башорат берди ул Султони аброр. Абу Бакру Умардур сўнгра Усмон Алидур, Толҳадур ҳам Абдураҳмон. Зубайру, Бу Убайда бўлди ахбор, Саъиду, Саъддур айғон бу ўн ёр. Муҳаммадким эди ҳодийи олам, Башорат берди уч фарзандиға ҳам. Бириси Фотимадур ҳам хатира, Ҳасан бирла Ҳусайн икки набира. Набилар сўнгидин билгил, батаҳқиқ, Ки инсон афзали — Бу Бакр Сиддиқ. Ки андин сўнг Умардур сўнгра Усмон, Ки андин сўнг Али бешубҳа, эй жон. Эрур бу тўрти умматнинг нигини, Шафоатхоҳимизнинг жонишини. Расул айди: «Ўгурсам дунёдин юз, Хилофат бўлғай ўттуз йилғача туз». Ул ўпуз йилда шоҳ эрди у тўрт эр, Алар вақтида бўстон эрди ҳар ер. Алардин сўнгра ҳеч олиму одил Қила олмас алардек адли комил. Ўшал тўрт эрга Аҳмад ёри эрди, Биҳишти маърифат гулзори эрди. Расулуллоҳ тариқин эртаю кеч, Сари мўии тахаллуф қилмади ҳеч. Нечук бўлсун хилоф ул чори саъда, Паямбар қилди ўттуз йилға ваъда. Аларнинг васфини ҳеч сони йўқтур, Тамом айтай десам, имкони йўқтур. Саҳобанинг бари ҳам пок диндур, Бариси раҳнамойи роҳи диндур. Киши бўлса Набининг суҳбатида, Гумон йўқтур аларнинг қурбатида. Алардин сўнгра ҳеч ким жолариға, Етушмас балки хоки полариға. Саҳоба баъзиси ким Муртазоға, Тахаллуф айлади ул босафоға. Савоб эрди ул эрларни муроди, Хато бўлди баногоҳ ижтиҳоди. Хато қилғон билан ёзди демасмиз, Жамоат аҳлидин озди демасмиз. Аимма — аҳли суннат ким эдилар: «Хатойи мужтаҳид маъфу» дедилар. Хатоға балки тобтилар савобе, Бу сўздур аҳли суннатнинг жавоби. Битибдур «Мажмаъ ул—ашё»да, эй шамъ, Хатодин балки қайтиб эрди ул жамъ. Имомат Баёни Имомат шарт бўлди ҳар диёра, Ҳудуди шаръ, то турғай қарора. Юрутгай, то шариатнинг қиёмин, Тақи қилғай ёмонлар эҳтимомин. Агар чанди ки султон бўлса фосиқ, Буюрса иш шариатга мувофиқ. Қилурмиз жону дил бирла итоат, Узи бўлса агарчи беқаноат. Эмасдур шарт, имом ул бўлса маъсум, Қилибдур шарт, аммо шиъайи шум. Мусулмон, оқилу болиғ, эр инсон — Имомат шарти бўлди, эй мусулмон. Раводур иқтидо фожирға қилсанг, Ҳадиси Мустафодур, яхши билсанг. Ўқусанг яхшиларни кейнида лек, Савоби беададдур, хислати нек. Билурмиз барча масҳи мўзани ҳақ, Нечукким қилди таъйин шоҳи асдақ. Каромати Авлиё Баёни Эрур барҳақ каромат авлиёдин, Иноятдур валийларға Худодин. Каромат хориқи одат эрур исм, Бўлубдур хориқи одат неча қисм. Набидин хориқи одатни таъйин, Дедилар: мўьжиза, э толиби дин. Нубувватдин бурунни дерлар ирҳос, Муни билсанг керакдур, аййуҳаннос Агар солиҳ кишидин бўлса ҳар гоҳ, Кароматдин бўлур бешакку ашбоҳ. Кўрунса бу авом мўмин ишидин, Маунатдур ўшал айғон кишидин. Агар кўрсатса мундоғ кофир инсон, Ул истидрож эрур монанди шайтон. Ва ле ул орифи биллоҳ бўлса, Ёмон ишдин қўли кўтоҳ бўлса. Авомирни ҳамиша қилда ул қул, Тақи «қилма» деганни қилмаса ул. Яратқон Тангрини қўрқунчидин нез, Қаю шубҳа дегондин қилса парҳез. Тақи лаззат билан шаҳватга, эй ёр, Фуру ҳам кетмаса ул яхши кирдор. Бу таърифлар кишига бўлса содиқ, Валийдур ул ақоидга мувофиқ. Шариатсиз киши учса ҳавоға, Кўнгил қўйманг анингдек худнамоға. Ҳавоға учса монанди чибиндур, Ани ҳодий дема шайтони диндур. Шариатсиз киши гар ютса ўтни, Ҳаво ўртасида минса булутни. Қачон топғон эрур қурбат идини, Валий билманг тақи андоғ кадини. Бўлубдур мундоғ ишлар кофирийдин, Нечукким бўлди сеҳри Сомирийдин. Эшитгил бул, ки Фиръавн амридин Нил, Қуйидин юқориға оқди беқийл. Муни билгилки Ҳиндустонда ҳоло, Учарлар кофири санноси боло. Шариат ҳукмин этмай истиқомат, Таажжуб ишлари бўлмас каромат. Шариатни киши ким тутса хўб пос, Каромат мундин ўтмас, аййуҳаннос. Хилофи нафсу истикмоли тоат, Бўлурми андин ортиқ харқи одат. Киши деса валийни ғайбдондур, Наъувзу биллаҳ, ул сўз кўп ёмондур. Наби ҳам билмагай ушбу равишдин, Магар билдирса Тангрим баъзи ишдин. Худонинг хоссасидур илми ғайби, Бу сўзнинг бўлмағай бир зарра райби. Яқин бил, ғайб ишидин фолбинлар, Хабар берса агар ё аҳли жинлар. Киши чин деса ул ботил сўзини, Бўлиб кофир, қаро қилғай юзини. Наъувзу биллаҳ, андоғ мўътақаддин, Худойим сақлағай бу раъйи баддин. Яқин билгил ки баъзи номусулмон, Демиш: «Вақтики қурбат тобса инсон, Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин!» Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин. Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид, Шариатта эрур ул фирқа жоҳид. Шариатга киши ким бўлса мункир, Гумон йўқдур, бўлур албатта кофир. Киши бўлмас муқарраб анбиёдин, Алар безор эрур ужбу риёдин. Кугарилмади ўлгунча алардин, Худо ҳаргиз кўтармас ўзгалардин. Ҳикоят Муҳаммадким муҳаббат кони эрди, Ҳабиби Ҳақ, расул султони эрди. Кетар вақтида андоғ бўлди ҳоли, Вузу айларга йўқ эрди мажоли. Эшитти чун азоне бобашорат, Деди: «Ё Оиша, қилдир таҳорат». Таҳоратдин сўнг ул шоҳи улул—азм, Жамоатға борурға айлади жазм. Қадам босмай туриб, кетти ўзидин, Арақ сайлон эди гулдек юзидин. Ўзига келди боз этди таҳорат, Яна қўптики то топқай жамоат. Қадам босмай туриб ул соҳиби роз, Ўзидин кетти дармон йўқидин боз. Анингдек Мустафо қўрқунчидин ул, Вузу қилди ўзидин кетди уч йўл. Нафас чиққунча, то қутлуғ танидин, Хилоф этмади бир қил айғонидин. Суюклик бандаси, то бўлса маҳрам, Бўлур қўрқунчи ортуқ, ишрати кам. Агарчи анбиё бешак омондур, Муборак диллари хавф ила қондур. Вале уммат агар ғавси замондур, Эсон кетмоғи охир даргумондур. Агар олам ёруса сан сабабдин, Қуёшдек титра доим хавфи Рабдин. Керак олий қадамни хавфи кўпроғ, Бийик ердин йиқилғон қолмағай соғ. Улуғ тутмас кичикдек мазҳабин кенг, Тева тоймоғи эрмас қўй била тенг. Таваҳҳумлик бўлур афъоли хўбнинг, Сафарда хавфи кўброғ моли кўбнинг. Таваҳҳумдин йироғ ғафлатли банда, Кетар ғусса билан ғам ухлағонда. Ажал Баёни Ажал албатта бирдур, ўзга бўлмас, Ўлар ҳар зи нафс ҳаргиз Ул ўлмас. Қаю қулға ажалнинг вақти етса, Қутулмас ҳар неча ким ҳийла этса. Кейин қолмас ажал, эй ибни Одам, Етушса соате ё илгари ҳам. Кишининг илгида ҳам ўлса ҳар жон, Ажал бирла ўлубдур ушбу инсон. Қаю боис билан ҳар жон ўлубдур, Ажалдиндур, қазо мундоғ бўлибдур. Азоби Қабрнинг Баёни Азоби қабр кофирларгадур чин, Кўрар гўрнинг азобин баъзи мўмин. Битик кўп нусхаи машҳур ичинда, Келур ики фаришта гўр ичинда. Сўрар: «Кимдур Худо бирла расулинг, Надур дерлар, яна динингу йўлинг?» Агар кирса фаришталар ғазабдин, Чиқар ўт бурнидин, оғзу лабидин. Агар ҳайбат билан қилса назора, Бўлур ғамгин кўнгуллар пора — пора. Дегай: «Э одамий, булдур санга жой!» Жавобин бермасанг, «вой» устига «вой». Урарлар гурзи билан ул ики ёр, Эшитур инсу жиндин ўзга жондор. Аларнинг зарбига тоб этмагай тоғ, Нечук тоқат қилур, бир мушт туфроғ. Тўлар дўзах соридин қабр ичи дуд, Пушаймон анда ҳаргиз қилмағай суд. Иноят айласа, донойи асрор, Кирар гўрга мулойим ул ики ёр. Дегайлар кирсалар: «хавф этма мандин» Сўрарлар меҳрибонлик бирла андин. Агар берсанг жавобе босавобе, Очар жаннатдин ул манзилға бобе. Қоронғу гўр бўлур андоқ фараҳнок, Жаҳоннинг шавқи ёдингдин чиқар пок. Кўнгилда ғусса қолмас бир чигитдек, Ётурсан янги уйланган йигитдек. Ки мундин сўнграғи неъматларини, Худодин ўзга ким билгай барини. Муножот Илоҳо, бандаман, бечорадурман, Ҳавойи нафс ила оворадурман. Эрурман барча нуқсонимға иқрор, Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор. Эрурман бандаларни сарнигуни, Тўлай ёру биродарлар забуни. Манингдек осий бўлғайму жаҳонда, Гуноҳим зоҳиримдан кўп ниҳонда. Нетай, чун айни ақлим безиёдур, Амал ҳам йўқ, агар қилсам риёдур. Агарчи ман ёмон қул пой то фарқ, Бўлибман маъсият дарёсиға ғарқ. Вале содиқ эрурман бирлигингга, Таёнибман Сани ғофирлигингга. Лаҳадга кирса бу ёлғуз ғариб бош, Ўгурса юз ҳама қавму қариндош. Таҳаййур бўлса жони ғам .сиришта, Етушса сўрғоли ики фаришта. Сан осон этмасанг андоғ саволи, Нечук кечгай ғариб бандангни ҳоли? Деса: «ман роббук» ики абди даргоҳ, Тилимга жорий қилғил: «Раббим —Оллоҳ! Агарчи осийдур, ё Раб, бу банда, Ўзинг бандам дегил, «Раббим» деганда. Агар сен қилмасанг, қуллуқ отин жуд, Манинг «қулман» деганимдан нечук суд? Илоҳо, лутф қил, мунда ва анда, Мани банда этиб, беркит бу банда. Агар чанди ки гўрсиз ўлса инсон, Сўролур, албатта, бешакку нуқсон. Агар дарёда ўлсун ё осилсун, Азоб этса, бани одам на билсун. Даранда одам ўғлин қилса хўрок, Гумон йўқдур, сўрар қорнида, эй пок. Агар банда муьаззаб бўлса анда, Қолур туймай бу ишни ул даранда. Нечук қилса эрур Қодиру Носир, Бу ерда бандасининг ақли қосир. На ким айди Худойинг ё Паямбар, Ани махкам тутиб, фикр этма дигар. Қиёматнинг Ҳақлиғи Баёни Қиёмат ҳақ эрур, эй одамизод, Худо Қуръон ичинда қилди кўп ёд. Бўлур қудрат билан туфроғимиз тан, Кирар жон қайтадан бешубқаву зонн. Танинг ҳар турли бўлғон бўлса барҳам, Қилур бурноғидек Халлоқи олам. Худо ҳеч ерда йўқни айлади бор, Яратса қайтадан, эрмас бу душвор. Удур ҳоким, нечук ким ҳукм қилди, «Тирил!» дегач, ҳама олам тирилди. Йиғар маҳшар еринда барча жонни, Сўрар бандасидин яхши —ёмонни. Ҳар ишни кўп қилибдурсан ва ё оз, Ҳисобин ҳам тилар ул бандадин боз. Худо ҳар бандасиға қилса осон, Жавобин бергуси банда ўшал он. Агар қаттиқ тутар банда ҳисобин, Ўзи билғай анга солғон азобин. Билур гарчи жамиъи ҳолимизни, Юборур номаи аъмолимизни. Юборса номани раҳмат йўлидин, Келур нома у қулнинг ўнг қўлидин. Қизил юзлук бўлуб ул ҳам сарафроз, Суюнгандин қилур ул банда овоз: «Ўқунг номамни, эй турғон халойиқ, Келибдур нома ихлосимға лойиқ!» Беҳишти олия бўлғай макони, Ғариқи раҳмати Ҳақ жисму жони. Агар нома келур бўлса ғазабдин, Келур орқасидин ё дасти чапдин. Қаро юзлук бўлуб, шарманда ул қул, Тутарлар ҳам солурлар бўйниға ғул. Тақи занжир этарлар гарданиға, Тараҳҳум бўлмағай ёлборғаниға. Бўлур турлук машаққатлар ҳавола, Қилурлар жониби дўзах кашола. Илоҳо, қўрқадурман ҳазратингдин, Умидим кўп эрур Ғаффор отингдин. Йиғилғонда ёмону яхши банда, Қулингни қилмағил шарманда анда. Агар аъмолима солсам кўзумни, Сазовори алам дерман ўзумни. Агар алтофинга боқсам, Илоҳим, Умидим кўп, бағишлангай гуноҳим. Агар Сан ёпмасанг, эй Олими ғайб, Бўлур тонгла муаййан сони йўқ айб. Илоҳо, мағфират муҳтожидурман, Санинг кенг раҳматингдан рожидурман. Умидлар кўп эрар андоғ шарафдин, Юборсанг номамизни ўнг тарафдин. Ҳижоби афв ёпсанг айбимизға, Дури раҳматни солсанг жайбимизға. Илоҳо, қўрқадурмиз жонимиздин, Юборма номани сўл ёнимиздин. Умидлик бандадурмиз ҳам ҳаросон, Ҳисобимизни ул кун қилғил осон. Талаттуф бирла сўрғил коримизни, Қаро қилма у кун рухсоримизни. Агарчи номуносибман, ёмонман, Ўзинг айдинг: «Қулимға меҳрибонман». Агар чанди ки бўлсам зишту бадкор, Ҳабибинг умматиман, қул отим бор. Тарозуйи Қиёматни баёни Тарозу ҳақ эрур рўзи Қиёмат, Анинг сидқиға нозил бўлди оят. Билур Тангри агарчи ҳолимизни, Тарозуға солур аъмолимизни. Қилур огоҳ қулин қилмишлариға, Етушмас ақл Эгамнинг ишлариға. Тарозу бориға иқроримиз бор, Нечук эркониға не коримиз бор. Илоҳо, қил оғир мезонимизни, Саломат тут, бизинг иймонимизни. Сирот Кўпруги Баёни Жаҳаннам узра бир кўпрук эрур оҳ, Ўшал кўпрук Сирот отлиғ гузаргоҳ. Қиличдин тез эрур. қилдин ингичка, Пушаймонлар ўшал кун тушкай ичка. Ажаб ҳайрон бўлур фарзанли одам, Қадам қўйса, анинг ости жаҳаннам. Агар қайтай деса, қўймас муаккил, Бўлур фарзанди одам ҳоли мушкил. Муаййан кўрсалар, халқ ул табу тоб, Бўлур жон ваҳми бирла заҳралар об. Юраклар қон бўлиб, кўзлар тўкар ёш, У манзилдин қутулғайму ғариб бош? Фиғонлар қўпқай авлоди башардин, Ким ўгкай, ким йиқилғай ул гузардин. Иноят қилса, баъзи одамизод, Ўтар авдин яшиндек, баъзи чун бод. Ўтар баъзиси андин югрук отдек, Ўтар қурбиға лойиқ баъзи ҳар як. Ўтар баъзи мусулмон тоя —тоя, Етар «Охир» деган ишратли жоя. Қадам қўиса, йиқилур баъзи инсон, Илоҳо, айлагил ул Кунни осон. Агар ўткармасанг андин саломат, Қулинг расво бўлур рўзи Қиёмат. Билиб, тасдиқ этиб, бу кўп хатарни, Бу мискин қўимади исён этарни. Муножот Илоҳо, бандани соҳиб надам қил, Сироти шаръ уза собит қадам қил. Ҳидоят пирига топшур қўлумни, Иноят кўйига кенг қил йўлумни. Маъосий лойиға тойдирма пойим, Беҳишти маърифатни айла жойим. Агар чандики беҳаддур гуноҳим, Саломат қил хатарлардин, илоҳим. Карамлик Подишоҳо, Кирдикоро, Раҳимо, мағфиратлик Биру боро. Агарчи сони йўқ исён қилибмиз, Умид улки сани Воҳид билибмиз. Илоҳо, бирлигингни ҳурматидин, Саломат қил у кўпрук меҳнатидин. Кавсар Ҳовузининг Баёни Қиёматда Паямбар ҳавзидур ҳақ, Сифотин қилди таъйин шоҳи асдақ. Суйи ул ҳавзни сутдин зрур оқ, Иси чун мушкдин ҳам эрди беҳроқ. Даме су ичса андин ҳар мусулмон, Яқин бил, сувсамас ҳаргиз ул инсон. Худовандо, насиб эткайсан андин, Умиди кўп эрур бандангни Сандин. Паиғамбарлар Шафоатларининг Ҳақлиғи Ҳақида Худо изни билан ҳақдур шафоат, Қилурлар анбиёву аҳли тоат.. Шафоатким мусулмонларғадур суд, Ва лекин бўлмағай беизни Маъбуд. Худо изн айласа, рўзи Қиёмат, Суюклик бандаси айлар шафоат. Қиёмат кун ажаб шиддатли кундур Анинг қатгиғлиғи ҳаддин фузундур. У куннинг ҳайбатидин бешаку райб, Бўлур кўк пора —пора, тогу туз гайб. Замин автоди барча кўҳи сангин, Бўлур Ҳақ хашмидин чун пашми рангин. Ўшал шиддатга ер-кўк қилмаса тоб, Нечук тоқат қилур бир қатрайи об?! Бўлур хам ғам билан хурдони зебо. Далилим: «яжъа^ул вилдона шийбо» Бўлур бир - бирга душман, дўст деганлар, Магар тақво йўлида ғам еганлар. Ҳаво мисдек қизир, ер ҳам темурдек, Ғазаб қилғон киши бўлғай кўмурдек. Келур найза бўйи хуршиди тобон, Хижолат терига ғарқ ул биёбон. Бўлур ўз ҳоли бирлан одамизод, Келур кўнгулга қилғон ишлари ёд. Агар Ҳақ ёпмаса, журм айлағон жой, Гувоқлик бергуси, бил, даст ила пой. Қабохатлик амаллар тушса кўзга, Иложин ким билур, Ҳазратдин ўзга. Мухаммадким эрур Ҳақнинг ҳабиби, Маъосий дардининг қозиқ табиби. Белин ҳиммат қуриға боғлаб ул эр, Ҳама «нафсим» деса, ул «умматим» дер. Ҳама ўз нафсига бўлса гирифтор, Муҳаммад уммати мискин учун зор. Агар бўлса эматурғон бола гум, Топилғонда нечук жавлон қилур ум. Минг андоғ онадин кўброғу беҳроқ, Муҳаммаддур ғариб уммат учун доғ. Оқар дарё бўлур ул муҳтарамдин, Шафоат шири пистони карамдин. Қилур Ҳақ изни бирлан ҳар тараф жўш, Насиб этган у дарёдин қилур нўш. Насиба этмаган фарзанди одам, Қолур андоғ улуғ яммдин қурут фам. Киши билмас Қиёмат даштида, оҳ, Бу қулларни дегайму «уммат» ул шоҳ. Агар «уммат» деса, хуш давлату бахт, Йўқ эрса, осийларға иш бўлур сахт. Агар «уммат» деса, нурун ало нур Йўқ эрса, осийларға иш бўлур зўр. Ўшал султонки доъиян илаллоҳ, Ғариб уммат учун доғ эрди, валлоҳ. Бу умматлар ажаб зишт этди ҳрлин, Ёпар бидъат билан суннат жамолин. Баҳойимдек иши ичмак, емакдур, Қуруқ тил бирла «умматмиз» демакдур. Илоҳо, лутф қил мунда ва анда, Йиғилғонда ёмону яхши банда. Илоҳо, лутф қил ҳасратли соат, Ҳабибингдин насиб эткил шафоат. Айирма яхшиларни орасидин, Йироқ этма ҳабибинг қорасидин. Беҳишт ва дўзахнииг баёни Эрур жаннату дўзах ҳоло мавжуд, Яратибдур ани халқиға Маъбуд. Кўнгилға солма, эй ақли диёда, «Сиғар ул икки манзил қайси жода?» Агар амр айласа, кавнайн барпой, Бўлур бир пистани пўчоғина жой. Кирар дўзахга кофир, қайта ўлмас, Азоби сахтдин ҳаргиз қутулмас. Ҳамиша қолмағай иймонли банда, Тутар охир қўлин иймони анда. Агар афв этса, осоми кабоир, Дегил жойиз, Удур ғофиру сотир. Сағирадин агар тутса Худованд, Дегил ким эрк анингдур, эй хирадманд. Ўзи Қодир, Ўзи Ғофир Худодур, Қулиға қар на ҳукм этса, раводур. Наъувзу биллаҳ, истиҳлоли исён, Олур мўмин кишидин шамъи иймон. Беҳишт ичра киши ким бўлса дохил, Бўлур анда ҳама мақсуди ҳосил. Тирикдур доимо, андин сўнг ўлмас, Аламдин, ҳузну ғамдин зарра бўлмас. Ҳамиша айш ила ишратда банда, Кўнгилга кечмағон ишратлар анда. Агар жаннат билан дўзахни авсоф, Қилурға жамъ бўлса, қоф то қоф. Адо бўлмас ики манзил сифоти, Ани яхши билур Тангримни зоти. Ики манзил сифотин сони бўлмас, Алар аҳли билан ҳеч фони бўлмас. Битибдур шориҳи «Аврод» ани, Ки бўлмас аршу курсий, руҳ фони. Фано бўлмас деди Лавҳу Қалам ҳам, Ақида булдур, эй фарзанди Одам. Муножот Илоҳо, эътиқоди пок бирлан, Мани оғишта қилғил, хок бирлан. Дилим содиқ тилимға бўлди қойил, Бу сўздин қилмағил, бир зарра мойил. Худавандо, Ўзингни ҳурматингдин, Кариму Ғофиру Саттор отингдин. Бу мискинларға мўмин исм қилдинг, Жамоат аҳли суннат қисм қилдинг. Ўшал отдин айирмағил ҳамиша, Агар чандики бўлсак журмпеша. Малак келса жасаддин олғали жон, Қилур шайтони малъун қасди иймон. Қилурда жон ширин жисмдин нақл, Азиз жон аччиғидин кам бўлур ақл. Кўнгил шаҳбозини қилмоқ учун сайд, Қилур ҳар ёнда шайтон ҳийлаву кайд. Мадад Сан қилмасанг ул дамда, ё Ҳай, Урар тирноғимизга ул лаъин най. Худовандо, тирикда, жон чиқарда, Лаҳадда, ҳашрда, кўприк ўтарда. Жамиъи ерда мўмин отимиздин. Айирма сидқимизни зотимиздин. Ҳамиша нафс ила шайтон каминда, Мани озғурмағил дунёву динда. Тилоким бу, аё Суббуҳу Қуддус, Қулингни қилмағил расвою маъюс. Худовандо, йонгилдим, турфа ёздим, Шаётин макри бирлан йўлдин оздим. Пушаймонман паришон ўткан ишдин, Баҳору тийрамоҳу ёзу қишдин. Ёмон ишдин ҳама узвимни пок эт, Кўнгил мулкин мақоми дарднок эт. Яна шарманда қилма қайта бошдин, Уётлиғ қилмағил дастору фашдин. Муножот этди Оллоёре мискин, Қабул эткайсан, эй дорандаи дин. Телим узр айғоли, эй Кошифи роз, Тилимни минг тилим қилсам эрур оз. Уётлиғман вале ё олимас —сир, Қани узр айғоли, юз мингидин бир. Эмасман туз, карам хонинда еб туз, Керак тузларга қўйсам хавф ила юз. Тила айдим: «Тила ҳар матлабинг бор» Деди: «Ҳақдур Ўзи донойи асрор». Ўшал беҳ хавф этиб борур еримдин, Терим хижлат била оқса теримдин. Мусаннифнинг Ожизлик Ва Шикасталик Билан Айтган Сўзлари Ўтар дунёда Оллоёре маъйуб, Мунингдек юрганингдин ўлганинг хуб. Ёмон нафсинг сани ўтдек туташди, Гуноҳинг бора —бора ҳаддин ошди. Била олмам, аё ноқобил авқот, Нечук жонсан, нечук тансан, нечук зот? Баҳойимсан, башар, девонасан, соғ, Гуноҳинг олдида арзанча йўқ тоғ? Муханнасмусан, зр, болигмусан, ёш, Юзиш1 қаттиғ, тилинг аччиғ, дилинг тош? Фиъолинг номуборак, талъатинг шум, Ҳумойи бахтинг ўз каъбинг била бум. На ким сан аҳд қилдинг, бўлди ёлғон, Қани сандек гуноҳ остида қолғон?! Йироқ туштинг нағу, қурбатли йўлдин, Юбординг риштайи тоатни қўлдин. На ким қилдинг жақонда эртаю кеч, Риё бирла ул ишни айладинг қеч. Белингни боғла маҳкам, бўлма мафлуж, Кўзунг оч, корвоне қилдилар кўч. Ётиб ғафлат қорасин суртма юзга, Еди халқ ўз ғамини сандин ўзга. Мусохибларки ҳамаҳд эрди мунда, Кетарлар боқий уйга кунда —кунда. Кўрарсан қофилани ўгканин фош, Кўтармассан хатарлик уйқудин бош. Кўзинг олдидаги бегонаву хеш. Сафар рахтини боғларлар пасу пеш. Вале сен хамри ғафлатдин бўлуб кайф, Ётибсан неча расволиғ билан, қайф. Улуғлардин, кичиклардин баякбор, Кетарлар хонайи мақсадға ночор. Агар сандин кичиклар тутсалар роҳ, Ётурсанму ҳануз, эй ақли кўгоҳ?! Баногоҳ корвон Султони етса, Санга аслий ватаннинг ҳукмин этса. Улуғ йўлга кирарсан хоҳ, нохоҳ На қилғайсан ва ле бетўшайи роҳ?! Ажаб йўл, уқбае ҳар бир қадамда, Жамиъи корвоне баҳри ғамда. Хусусан йўлда бир ваҳшатли уй бор, Кирар ёлғиз бошинг ул уйга ночор. Айириб корвондин қўндирурлар, Қизил гулдек юзунгни сўлдирурлар. Азиз жисмингга неъмат хора бўлғай, Қаро ер остида бечора бўлғай. Юз алвон бирла сўз айғон сучук тил, Демас фармондин ортиқ биргина қил. Лаҳад қурти агар келса еголи, Қани, ул дамда дармон «киш» деголи?! Етушса сўрғали икки фаришта, На қилғай, бандаи ҳасрат сиришта? Магар Тангри Таоло қилғай имдод, Ва гар на қайда еткай доду фарёд. Яқин билгил муни, эй бандаи зор, Худодин ўзга ҳеч йўқ ҳокими кор. Нағу, қуллуққа боғласанг белингни, Саноси бирла сабз этсанг тилингни! Лаҳаддин барча одам ўғли турса, Бўлиб бир карвон Маҳшарга юрса. Ва лекин ҳар киши ўз мотаминда, Бўлур охирги савдоси ғаминда. Худо қилса нидо: «Эй бандаи зор, На келтирдинг, на турлук қилмишинг бор Тану терингда тотлиқ жон яраттим. Баҳойим қилмадим, инсон яраттим. Ҳамиша айладим тарбиййатингни, Нағу қилдинг паришон ниййатингни? Сани солдим мусулмонлиг ерина, Қани шукр этганинг мингдин бирина? Тамом аъзоларингни солим эттим, Ариғ зотим билурға олим эттим! Суғордим оби неъматдин тишингни, Қани, айғил манго қилғон ишингни?!» На бергайсан жавобин, эй тан орой, Бу ҳасратдин фиғон, эй рўсиёҳ, вой. Эрур бошдин аёғинг барчаси айб, Магар афв айлагай, Донандайи ғайб. Яна келса нидо, андин билинглар: «Ёмонлар яхшилардин айрилинглар!». Мусулмон ўғлида турфа ёмонсан, Ёмонлар ўртасида бегумонсан. Ёмонлиғни магар Донандаи роз, Ёпуб қўшқай саодат аҳлина боз. Тилингда халқ аро тасбиҳу тахлил, Ва лекин ботининг тазвир ила хийл. Тилингда халқ ичинда ваъз ила дарс, Ва лекин ботинингда онча йўқ тарс. Ва гар на сан жаҳон расвосидурсан, Халойиқ ичра фитна бошидурсан. Кийибсан халқ аро фақрона малбус, Ва лекин ботинингда нанггу номус. Ё нар хунсомусан қавлингда ёнар, Уҳудинг нахли ҳаргиз бермади бар? Кўрар кўзга ажаб сўфинамосан, Ниҳонда нафс итига мубталосан. Магар раҳмат билан донойи асрор, Гуноҳларингни афв этгай баякбор. Ўшал ғамлик кўнгулни айлагай шод, Некулар ўртасида айлагай ёд. Киши то шар қилур савдоси тошар, Наъувзу биллаҳ, улким ҳаддин ошар. Башар бўлсанг, қўи афъоли ба шарни, Абас ўгкармагил исна ашарни. Ёшинг еткон сари феълинг сани ёш, Кўзинг ёши қани, эй мағзи йўқ бош?! Қаноат маъданиға оч кўзинг, оч Тамаъ бўии кўрунмай, бўиидин қоч. Сочилмасдин бурун сочғил ўзингни, Сўралмасдин бурун сўрғил ўзингни. Қазилмай ер санга, қайт озғанингдин, Ёзилмай уқдалар, ён ёзғонингдин. Бақодур дема, айши бебақони, Ёқони тут, ажал тутмай ёқони. – Макон эткон ерингдур мухталит лой, Насиҳат гўша олсанг, гўша қил жой. Ёниб айшу тарабдин, иста Рабдин, Ўзин билган қачон қолғай талабдин. Мусанифни Васиятлари Ман ўлсам, эй жамиъи маҳрами роз, Мани ўзга ўлукдек қилманг эъзоз. Хасу хор устига ташлаб тутинг хор, Қилинг мандек бахойим жисмидин ор. Бўсағо устига ташлаб танамни, Кафан айланг чирик пийроҳанимни. Манго хайф этмангизлар тутмағон бўз, Агар чандики мардум қилсалар сўз. Юборинг тез боратурғон йўлимға, Мабодо қолмағайсиз шумлуғимға, Кўзингиздин чиқорманг қатрайи ёш. Жанозам орқасидин отингиз тош. Оёғимдин тутиб судранг лаҳадга, На учун қилмадинг қуллуқ Аҳадга?! Агар чандики ман бўлсам гунохкор, Дуову зориға сизлар бўлинг ёр. Дейингиз: «Парвардигоро, Кирдикоро, Рақимо, мағфиратлик Биру Боро. Олиб келдик Санго қочғон қулингни, Хатолар бобини очғон қулингни. Келибдур, ҳийласи йўқдур кетарга, Тили йўқдур бу қулни узр этарга. Гуноҳи кўп, боқар рухсораси йўқ, Бўйинсунмоқдин ўзга чораси йўқ. Агар берсанг жазо, қодир Худосан, Ва гар афв айласанг, Сан подишосан. Илоҳо, барча отинг ҳурматидин, Ариғ зотинг, сифотинг ҳурматидин, Бу қочғон бандага қилғил тараҳҳум,. Агарчи қилди қуллуқ риштасин гум. Муҳаммад отли дўстинг ҳурматидин, Насиб эт охиратнинг роҳатидин. Ҳама ўтган расулнинг ҳурматидин, Жамъи яхши қуллар ҳурматидин. Агар чандики бандангдур бад афъол, Рахи исёна савби мағфират сол. Муҳаббат аҳлининг асрори учун, Рахи зарду дили хунбори учун. Ғазот қилғон эранлар жони учун, Шаҳидларнинг муборак қони учун. Улуғларнинг соқоли оқи учун, Йигитларни дили муштоқи учун. Ажузларни оқарғон боши учун, Етимларни кўзини ёши учун. Шикаста беваларни дарди учун, Асир халқини оҳи сарди учун. Агар чандики йўқ илгинда ҳеч шай, Бу қочқон қулни расво қилма, ё Ҳай!» На бўлғай бу дуолардин Худойим, Бу қочқон бандаға ўткай жаройим. Ҳар Бир Ишда Етук Устоз Истамакнинг Баёни Кел э толиб, бу дундин юз ўгирсанг, Тариқи каъбайи мақсуда юрсанг. Қадам қўисанг агар бул водийға, Қўлунгни топшир аввал қодийға. Ажаб йўлдир, анинг поёни йўқдир. Хатарлик ерларининг сони йўқдир. Талаб қилғон ўшал роҳи адамда, Ҳалокат чоҳидур ҳар бир қадамда. Ажаб йўлдир, тамоми меҳнату ранж, Ва лекин ҳар қаришда бир ниҳон ганж. Ўшал ганжи ниҳон ётқон заминда, Муҳайёдур қароқчилар каминда. Агар бўлмаса йўл бошлағувчи пир, Солур бўйнунга шайтон доми тазвир. Агар бўлмаса бир соҳиб каромат, Эмас мумкин киши етгай саломат. Қачон ҳар пир билур қутлуғ йўлунгни, Топиб эр яхшисин топпгур қулунгни. Ўшар пирики эрнинг эри бўлғай, Тариқат бешасининг шери бўлғай. Тахаллуф қилмаса ҳеч шаръ ишидин, Тамаълик бўлмаса ҳаргиз кишидин, Олиб қўлға чироғи илми зоҳир, Улуми ботинийда бўлса моҳир. Фано бўлса тану жондин тўлойдин, Қутулса мосизодин лутфи Ҳайдин. Қаю эрмиш фано бўлғон нишони, Такаббур бўлмаса миқдори дони. Ўзининг нафсини ул билмаса пок, Бўлиб қуллуқда айтса: «мо абаднок». Агарчи бўлмаса фориғ ишидин, Ўзин кам тутса ҳар мўмин кишидин. Эшитмаса киши ҳеч «ман» деганин, Ўзи ҳам билмаса фони эканин. Ўзи айтса: «фано бўлдум»— эмасдур! Фано бўлғон киши ҳаргиз демасдур. Ўзининг бошини сотса ўзи қул, Қачон оқил киши бергай анга пул. Агар рў берса ҳам баъзи макошиф, Инонмасдур анга ҳеч марди ориф. Агар кўрган билан ўздин кетибдур, «Етибсан» деб ани шайтон етибдур. Бу кунни туш била туш қилма, эй хом, Баён қилмоқ била қолғонини шом. Агар кам бўлса кўрмакдин махофат, Етар ахшом сабо бу тушдин офат. Ўзин айғон киши албаттадур хом, Валоят тахтига босқон эмас гом. Агарчи ҳар кеча кўк бўлса тавфи, Бурунғидин зиёда бўлса хавфи. Мабодо ғиррайи тушса кўнгулға, Бу ғирра бошласа офатли йўлға. Бўлур ҳолатлик эр албатта хомуш, Агар етмаса май ҳеч қилмағай жўш. Кўгармас ун валоятлик хирадманд, Садо чиқмас у найдин боғласа қанд. Демас ҳар кимга асрори ҳақойиқ, Агар топилса ганж, ихфоси лойиқ. Киши учқон билан сўии самовот, Таварруь қилмайин бўлмас камолот. Валий улдур, чиқорса мосивони, Ҳаводиндур талаб қилмоқ ҳавони. Набий табъиййатидур риштаи ҳуб, Вараъ қилмоқ камолоту тақарруб. Агар филдек эрур манҳий ва гар қил, Вараъ асҳоби айтурлар: «Ҳазар қил!» Агарчи кўп эрур жуду сужуди, Кўринмас заррача ориф вужуди. Агарчи зоҳиру ботин деса дарс, Сақар олдида турғондек қилур тарс. Анингдек ҳодий амрин қўйма зинҳор, Шайотин шатталар айрилсанг, эй ёр. Набининг амриға қилсанг итоат, Саодатдур, саодатдур, саодат. Гадойи кўчайи даргоҳи бўлсанг, Умид ул, мулки дилни шоҳи бўлсанг. Киши қилса хилофи ҳукми шаръий, Ани жинни дегил ё марди саръий. Агар сув устида юрса ўшал кас, Дегил: «Чандон бўлур сув устида хас». Ҳавоға учса гар монанди жиндур, Ани ҳодий дема, шайтони диндур. Кўран ортиқ эмасдур, кўрмаган кам, Ким атқо бўлса, индаллоҳ ул акрам. Керак тобеъға матбуъи мукаммил, Улуғ тандин бўлур пайдо улуғ зилл. Керак кўп толиб ичра бир неку рой Ёрутмас мунча юлдуз бўлмаса ой. Улув ҳиммат йигигларга керак пир, Камонсиз учмагай кўб бўлса ҳам тир. Ўшал жундики ҳарб олатин осар, Агар бо сар юруса, ёвни босар. Соғалтур телбани пири забардаст, Қуюннинг шўришин дарё этар паст. Тушиб шоҳ илгина бози қочар боз, Бўлур зоғларга бози, эй сарафроз. Бу таърифларга содиқ бўлса пиринг, Ва лекин бўлмаса равшан замиринг. Эрур нуқсон ўзингдин кўрма андин, Бўлур албатта саъй «пирман» дегандин. Пиринг фармонидин қилсанг тахаллуф Тасассуфдур, таассуфдур, таассуф. Шароби муҳаббатни пири комилдин ичмак баёни Кел, э соқий, икавлон айлали шурб, Ўшал шурбе ки халқ андин топар қурб. Шаробе бер, ки дил андин бўлур соҳв, Қилур бир муддаодин ўзгани маҳв. Агар Фағфури Чиндур, Қайсари Рум, Муҳаббат аҳлини олдида маъдум. Мухаббат жомидин топса киши бақр, На қилсун мулки моли Мовароуннаҳр. Кўнгил мулкига бир олий сифатдур, Муҳаббат ганжи боғи маърифатдур. Ризойи ҳазрати Маъбуд ўшанда, Жамиъи истаган мақсуд ўшанда. Анингдек мулкни султони бўлсанг, На хожат ер юзини хони бўлсанг. Агар хардалча бўлса меҳри ағёр, Бўлур ботин кўзинг маҳжуби асрор. Нечукким заррача хас тушса кўзга, Қилур албатта кўрмакликни ўзга. Солик Қазоға Рози Ва Балоға Сабрли Бўлмоғининг Баёни Кел э соқий, муҳаббат жомидин май, Харидор илгина бергил паёпай. Харидор ул эрур жуз ниййати фард, Кўнгил кўнглакина юқтирмағай гард. Қаю ҳолатда бўлса эртаю кеч, Хилофи ҳукми маҳбуб этмагай ҳеч. Бу йўлнинг барчасин тай қилғон эрлар Ризо бермак мақом аълоси дерлар. Агар бошида юрса осиё санг, Ризо жўянда ҳаргиз бўлмағай танг. Агар ҳар кунда ичса заҳр аёғин, Суюклук бандаси чатмас қабоғин. Кишиким розилик коминда бўлса, Қилур шукр, аждаҳо коминда бўлса. Ризо айвонида топқон киши жо, Демас «во» боби офат бўлса ҳам во. Агар мағзи дилинг айрилса то пўст, Йиғини йиғ, агар чин қулсан, э дўст. Сўнар ғам тушса ҳар озода эрга, Ўчар ўт тушса хасдин холи ерга. Худо амриға оқил ғам емасдур, Демас гардун қилур гар дун эмасдур. Эгам ҳукмиға ҳар ким бўлса мамнун, Кўтармас ун агар бошин қилур ун. Бу тоққа сурсалар, ташлаб у тоғдин, Санодин ўзга чиқмас ақли соғдин. Агар киндур магар минг қилсалар қийн, Қачон тушкай чин эрни кўнглина чин? Қаю ҳолат билан жон бўлса танда, Бўлар шокир ҳамиша рози банда. Улуғ йўлдин адашқон неча беақл, Қилур эрлардин у ёлғончилар нақл: «Киши ким ошиқи дийдори Ҳақдур, Муҳаббат аҳли бирлан ҳамсабақдур. На ҳожат ўзгача тоатлар андин!» Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин. Буюрғониға ҳар ким бўлса мункир, Гумон йўқтур, бўлур албатга кофир. Ўшал халқики кўп беақл эмишлар, Худонинг душманин ошиқ демишлар. Дилу жон бирла бўлғон ошиқи зор, Хилофи ҳукм қилмас зарраи кор. Буюрғон ишларини шоду ғамда, Қилур бирдек фароғатда, аламда. Агар тўлдирсалар ернинг юзини Қизил тилло билан, солмас кўзини. Бало ўқи қадалса, урмағай оҳ, Қилич бошиға келса, бузмағай роҳ. Киши ким қилса ошиқликни лофин, Қилурму ҳеч маъшуқи хилофин. Ҳикоят Мусулмонени юз чўп урди бир дун, Ўшал озодадин ҳеч чиқмади ун. Деди бир нозире: «Қўб, ҳокима бор». Бу айди: «Ҳокимим ҳозирдур, э ёр!» Тану жон барчаси амлоки Рабдур, Мақосид истамак биздин ажабдур. Толиби Ҳақ улдурки, жаҳон савдосидин мосиво бўлса Кел э кўнгил, жаҳон савдосидин кеч, Қадам ғам кишвариға урмағил ҳеч. Жасад қолмасдин илгари нафасдин, Ҳаво кўб қилмағил, кечгил ҳавасдин. Дари тавба очуқда йста мақсуд, Иш ўткан сўнг пушаймондин нечук суд. Эгил тезроқ Худонинг тоатиға, Кейин қўйма бу дамни соатиға. Йигитликда ажаб хуш хавфу зори, Ёғинлиғ келса хўб, йилнинг баҳори. Кўзидин ёш агар қўрқиб тўкар ёш, Дури раҳмат бўлур ҳар ёшиға чош. Мабодо тавба қилмасдин бурунроғ, Ажал келса, кетарсан тавбасиз доғ. Ўлумни доимо ёнингда билғил, Анинг илгин гирибонингда билғил. Ўлимнинг соқисин пешонада бил, Лабингни доимо паймонада бил. Ажал тортиб турубдур ёй билан ўқ, Ёшунур ер, қочар дармонимиз йўқ. Кўгорибдур қилич бизга солурға, Киши билмас қўярму дам олурға. Билурсан йўқ бу дунёнинг бақоси, Қадам қўйғон ерингдур жар яқоси. Таажжуб мундин ўгмас, жар лабинда Бани Одам қануз ўз матлабинда. Қадам дарё юзинда — рўии хасда, Ҳануз авлоди Одам минг ҳавасда. Саҳар бўлса, нидо айлар фаришта: «Эшит, эй одамий, ғафлат сиришта! Сани халқ айлаган Султони ғолиб, Ҳамиша бандасидин тавба толиб». Эгамнинг мағфират дарёсидур жўш, Ажабдур бандасидин ғафлат оғуш. Эгамдин лутфу раҳмат бобин очмоқ, Ажабдур бандасидин мунча қочмоқ?! Ётурсан тобакай эмди уйанғил, Дилу жонинг била Ҳазратға ёнғил. На ким қилмишларингдин тавба қилғил, Бошинг кўб юқори қилма, эгилғил. Агар ер юзининг султони бўлдинг, Ўлим чанголига охир тутилдинг. Агар тобсанг ҳаёти Хизру Илёс, Кетарсан бу жаҳондин аййуҳаннос. Агар топсанг ҳаёти ҳазрати Нуҳ, Қилур бир кун ўлим жонингни мажруҳ. Агар топсанг тирикликни ду бора, Санга йўқдур ўлумдин ўзга чора. Надур тавба демоқ —ёнмоқ гуноҳдин, Тузук йўлға юрумак ўзга роҳдин. Худо даргоҳида чун айладинг аҳд, Ани синдурмағил, нафс айласа жаҳд. Агар «тавба» демак чиқди тилингдин, На суд, ул бўлмаса жону дилингдин?! Дилу жон бирла қилғоннинг нишони, Яна қилмас ки тавба қилғон они. Агар чин ёнасан, тормош бу ёна, Таҳи поёнадур, тойрилма ёна. Надам нурин кўнгилдин қилма ғойиб, Агар тоиб эрурсан, кетма тойиб. Ўлар бир аҳд ила бир хайли бўлса, Агар чандики ишрат майли бўлса. Кўнгил тасдиқи —решадур, амал—шох, Улуғи —тавбадур, синдурма густох. Синиқ шох зарби бирла захм олиб асл, Мабодо қолмағай хушк охири фасл. Жарима чирки бирлан зоҳиру сир, Бўлибсан кир, надам дарёсиға кир. Ҳикояти Робиъа Эшиткил, Робиъанинг ашкин, эй шоҳ, Бировнинг чодирига томди ногоҳ. Деди: «Юв чодирингни, эй қариндош, Қизил қондур кўзимдин сачрағон ёш. Уётлиғ осиядин, эй гузийда, Бўлибдур қона табдил оби дийда.» Агарчи Робиъадур маръа биззот, Эранлар қўйдилар «тожур — рижол» от. Ўзин судраб Ҳарамға жони бирлон, Етишди етти йилда ёни бирлон. Анинг шаъниндаги касбу камолот, Ададдиндур берун азвоқи ҳолот. Мунунгдек йиғласа андоғ неку рой, Бизингдек рўсияҳнинг ҳолиға вой. Ҳамиша завқимиз айшу кулушга, Етушмас эрта қилғон тавба тушга. Муножот Илоҳо, лутф қил, ман мубталоға, Тушубдурман биёбони балоға. Ётибман юз тубан исиғда сувсоб, Киши йўқдур томизғай қатрайи об. Қуриб қоним, етибдур лабга жоним, Тушубдур ерга оғзимдин забоним. Базийёт аҳли аторофимдадур пур, Умидликман ҳануз, ё Кошифаз-зурр. Карам баҳридин, эй султони Ваҳҳоб, Ато қилсанг манго бир журъаи об. Саодат қувватин қилсанг иноят, Рафиқим бўлса тавфиқу ҳидоят. Бериб синмас асойи тавба қўлға, Талаб дарди билан солсанг бу йўлға. Таварруъ зоди бўлса қўйнимизда, Убудиййат таноби бўйнимизда. Юрутуб яхшилар кезгон субулни, Ризо мулкига қўндурсанг бу қулни. Мунинтдек ишлар, эй Донойи асрор, Санго осон эрур, гар бизга душвор. Кўторибман умид бирлан билакни, Худовандо, қабул эткил тилакни. Эрур жовид лутфунг баҳридур жўш, Эрур биз чун хатогар, Сан хатопўш. Агарчи барча ишим бўлди маъйуб, Мани айбимни лутфинг ёпмоғи хуб. Камтаринлик ҳақида мавъиза Кел э нафс, очмағил кўз ҳар қаёна, Йўқ эрмиш эътимод ушбу замона. Муяссар бўлса тиллодин санга тахт, Узунгдин пастга зинҳор аймағил сахт. Агар берса жаҳон султонлиғи даст, Киши ўз ҳолини билмак керак паст. Агар рутбанг эрур аълойи офоқ, Ииқилғон хасталарни ҳолиға боқ. Бу рифъат бирла кўкни кўр ҳамиша, Юзидур ер сори, эй яхши пеша. Агар чандики ўрнунг бўлса афлок, Қуёшдек ўп туриб рухсорайи хок. Агар дунёда бўлса зўр бозу, Вале анда қуруғлуғдур тарозу. Тараф мўре ки санда қуввати фил, Мусулмонлиғда анга марҳамат қил. Агарчи ул оёқ остидадур хор, Худо махлуқидур, оғритма зинҳор. Такаббур қилмағил, эй бемаъоний, Фалоний ўғлидурман деб фалоний. Агар олдингдаги қул бўлса волий, Кўнгилни кийнасидин айла холий. Бурунғи ҳолиға қилма назора, Ани Тангрим азиз этса, на чора?! Ишонма отаға, қолма талабдин, Қиёматда сўрулмасдир насабдин. Ҳасаб фавқи насабдур, эй неку ҳол, Йипак тўндин ўтар хўб ишлаган шол. Қорача ўғли хўжа ўғлидин кам, Муъаллам бўлса саййиддин ўтар ҳам. Агар соҳиб насаб туздур ишига, На сўздур икки хислатли кишига. Агар қилсанг сафар дорул—ҳаёта, ўб ота бор дема, тормош хўб ота. Агарчи Нуҳ эди ҳодийи инсон, Туғубдур андоғ эрдин номусулмон. Агарчи Нуҳ ўғлин арзин этди, Худодин «лайса мин аҳлик» эшитди. Абу Толибки аммдур Мустафоға, Ота эрди Алиййул—Муртазоға. Кичикдин Мустафоға эрди мушфиқ, Ва лекин бўлмади динда мувофиқ. Диёнатсиз ўшалким бўлди нобуд, Паямбар шафқати ҳам қилмади суд. Анинг ҳукмидадур идбору иқбол, Тикондин гул чиқорди, заҳрдин бол. Халилуллоҳ эдилар Озар ўғли, Тақи Лут набийдур Ҳозар ўғли. Ҳасуд эттан киши дуну дағалдур, Бу бир сўз халқ аро эски масалдур: «Чироғиники, Ҳақ ёндурди қўйди, Ани ким «пуф» деди, соқоли куйди». Худонинг сунъидин кўрдинг карашма, Бир эски ердин оқти янги чашма. Ани банд эткали олди биров бел, Муни ғарқ айлади ногоҳ келиб сел. Агар торий киши зулм этса, тортар. Ва ле мазлум деганнинг ажри ортар. Мусулмонийға бўлма ҳеч мукобир, Борур жо бир эрур, эй нафси жобир. Тушурма нафъи йўқ ранжиш миёна, Сани элтар зиёна тозиёна. Тирик юргунча золим ўлгани хўб, Гуноҳдин ҳар неча кам бўлғони хўб. Ҳикояти Ҳажжож Мусулмонеға бир кун айди Ҳажжож: «Дуойи хайр учун бизга қўлунг оч!» Дуоға қўл кўтарди ул неку ҳол, Деди: «Ё раб, бу золим жонини ол!» Деди Ҳажжож ўшал марди Худоға: «Тилинг борди нечук мундоғ дуоға?» Деди Ҳажжожға ул марди неку сайр: «Санга ҳам барча мўминларгадур хайр. Гуноҳинг кам бўлур ўлсанг агар тез, Кетар зулминг аларни бошидин нез». Тамаъдин тийилиш ҳақида Кел, э озода, бўл ҳиммат билан ёр, Тамаъ зиндониға бўлма гирифтор. Бир игна бўлмаса дунё ишидин, Ур истиғно, тамаъ қилма кишидин. Худойинг ҳар на берса, қил қаноат, Юракни қилма миннатдин жароҳат. Югурсанг кунда бир кавдий учун чанд. Бухоро ўлкасидин то Самарқанд. Бадахшондин кўтарсанг юз сори тош, Баҳоси Балх ичинда бўлса бир мош. Агар боши билан чоҳ қазса банда, Кўзининг ёшича сув тобса анда. Агар қозса ариғ, киприк била мард, Анга бир хўшае жў қилса Парвард. Бу меҳнат бирла тобсанг парчаи нон, Кишини миннатидин улдур осон. Қидирғон бирла ризқинг қидри тошмас, Кетар қадринг, қадардин ҳаргиз ошмас. Таваккул ганжидин, эй юз ўтиргон, Буюрганга мухолифдур бу юргон. Ола бўлгон ола юргондин ортиқ, Кўмулган термулиб тургондин ортиқ. Агар тош чайнаса элдин чиқиб тош, Кишига эгмагай ҳимматли қул бош. Тамаъ нониға лаб очғунча, ўл оч, Минан ўгидин учқундек бўлиб қоч. Агар қорни бирор тўймаса қарни, Кишига аймағай эр банда сирни. Тамаълик сийладин беқдур силинган, Тилангандин эрур осон тилинган. Тамаъ қилма топарга зар нигорин, Бу зар меҳри бузар диннинг ҳисорин. Кишини матлаби сийм бўлса ё зар, Халилнинг отаси ҳам бўлса Озар. Мусоҳиб билмагил дунё хасимин, Насими маърифат иста, на сиймин. Эмаклаб тушса, кетса эт била пўст, Тамаъ қилма кишидин тўша, эй дўст. Ғараз дунё бўлуб, эй одамизод, Азиз умрингни ҳаргиз қилма барбод. Кишининг хизматида боғласанг қўл, Жиловида югурсанг бир қадам йўл. Бу юрмакдин фано кечганинг ортиқ, Бу неъматдин «заққум» ичганинг.ортиқ. Ва лекин тегса хос эрнинг жилови, Саодатдур, дилинг дардиға дови. Анингдек эрни даргаҳинда қиш —ёз, Азиз умрингни ўгкарсанг эрур оз. Ўшал эрнинг эриким бериёдур, Қадам туфроғи кўзга тўгиёдур. Анингдек бандани бўлсанг гадоси, На давлатдур, Худойимнинг ризоси. Анинг бир донасидур хирмани зар, Дами сувдур ул эрдин мушку анбар. Саодатлик мурид ул Ҳақ раҳинда, Бўлур йўлбошчисининг даргаҳинда. На расво пир эрур нафси учун хор, Муриди эшикида юрса ул зор. Ҳаё йўқ, шарм йўқ ҳаргиз аларда, Битиклик ҳодийлардин нусхаларда. Кеча — кундузга кимнинг қути етса, Ҳаром эрмиш ўзини сойил этса. Набий айди, Қиемат бўлса, эй дўст' Тамаъгирни юзида бўлмағай пўст. Билай десанг бу сўзни, иста-«Мишкот» Тамаъ бирла кечирғон ҳайф авқот! Ҳикояти Савбон Ажаб мард эрди Савбон атқиёда, Ул отлиқ эрди бир кун, эл пиёда. Қўлидин ерга қамчи тушди ногоқ, Тушиб олди ани, ул кўнгли огоқ. Ёронлар айди ул покиза хулқа: «На бўлғай эрди амр этсанг бу халқа?!» Деди Савбон: «Тамаъдин бўлмағай деб, «Олиб бергил!» — демакни кўрмадим эб» Ёмонлар Суҳбатидин Қочиб, Яхшилар Суҳбатинда Бўлмоқнинг Баёни Кел э толиб, кўзинг ибрат билан оч, Мухаббатсиз кишидин қуш бўлуб қоч. Муқаббат ахлининг жўёни бўлғил, Ўшал ким учради, қурбони бўлғил. Кишининг кўнгли ким бегона бўлса, Эрур душман агар ҳамхона бўлса. Муҳаббатсизки бўлди қар қаю зот, Агар фарзанди шириндур, эрур ёт. Муҳаббат бўлмаса ҳар кимда, эй хайр, Отанг бўлса эрур бегонау ғайр. Ақориб юрмаса кўнгли оқориб, Қўлингдин келса ҳеч ўлтирма бориб. Агар бегонаенинг доғи бўлса, Анга сарф эт, кўзунгнинг ёғи бўлса. Жигарбандинг юрокинг гўшасидур, Анинг меҳри Қиёмат тўшасидур. Анингдек ёр ила чун айладинг аҳд, Ичурса заҳр, ани билмак керак шаҳд. Тилоса бўркни, бермак керак бош, Агар жон истаса, қайтармағил қош. Агар бўлсун десанг енгил оғирлар, Чиқиб бир ёна, тоб, бирён бағирлар. Қилур суҳбат асар, эй толиби роҳ, Мунунгдек жорий бўлди одатуллоҳ. На ким туз конига тушса, бўлур туз, Ки андин ўтса неча кеча —кундуз. Агар чандики ноқобиллиғинг бор, Некулар жамъидин айрилма зинҳор. Агар чиқса йипакнинг жамъидин лос, Бўлур ғарқи сиёҳи аййуҳаннос. Ўзин қилса қаю мис нуқраға замм, Қўяр мис отини халқ ўғли дирҳам. Олур суҳбатда бир —бирдин киши баҳр, Агар кўп чашма бир бўлса, бўлур наҳр. Жамоатдин ўзунгни қилма мумтоз, Чопар кўп тўпдин айрилғон қуша боз. Галага бўри чопса, эй фалоний, Қаю айрилса, аввал тишлар ани. Юрусант якка, дев бошингни янчар, Қароқчи тўпдин айрилғонни санчар. Худонинг раҳмати бўлса жамоат, Эрур раҳматдин айрилғон қабоҳат. На ул жамъики ғафлат аҳли бўлғай, Баҳойимдин зиёда жаҳли бўлғай. Аларнинг суҳбатин бил заҳри қаттол, Бузар кўп суҳбатин, бил, бир бад афъол. Керак суҳбат эли бир тану бир ранг, Барас бар рўйи нохун бўлса ҳам нанг. Агар келса музирр, нафрат қил андин, Иилондин безарар бўлмас, бил, андин. Ҳикояти дев Деди бир деви ҳосид яна бирга: «Бориб кайд эт фалон фоҳишли ерга». Деди: «Ул фирқадин фориғ бўл, эй ёр, Алардур бир —бирига раҳбари нор. Билибдур зоҳирий душманларин дўст, Эмас ҳожатки кирсам раг била пўст». Дунёдин тажарруд бўлмоқлик ҳақида Кел э солик, ўзингни йўлга солдинг, Улуғ ҳиммат асосин қўлға олдинг. Агар қолмай десанг кирган йўлингдин, Тажарруд давлатин берма қўлингдин. Кейинга боқмагудек бўлса банда, Етар мақсудиға тез излаганда. Агар боқсанг кейин бу тоғу чўлда, Мабода қолмағайсан ўрта йўлда. Машаққат бўлмаса сунғон бўйинда, Беҳ андин бўлғони ернинг қуйинда. Ибодат банданинг манзури бўлса, Беҳ ул эрдинки, уйда ҳури бўлса. Ва лекин этмаса шаҳват жудолиғ, Кўнгилға тушса қасди кадхудолиғ. Диёнат истагудекни талаб қил, Агар топилмаса, кунжида хаб қил. Агар зангий бачадур, кўзлари кўр, У ким, мастура бўлса, бил ани ҳур. Агар чанди ки бўлса бандазода, Ани соҳиб насабдин кўр зиёда. Тилининг узуни — шарму ҳаёси, Юзининг оқидур— эрнинг ризоси- Ўшал хотунки номаҳрам назардур, Агар шамсу қамардур — мочахардур Агар чандики бузрукзодадур ўл, Яқин бил, тўрт оёқлик модадур ул. Ўшал хотунки ёшурмас юзини, Ки номаҳрамға кўрсатур ўзини. Ани ман этмас эрдур беҳамиййат, «Хулоса»да эрур мундоғ савиийат. Боғайрат эр эрур, рози қазоға, Юбормас аҳлини тўйу азоға. Бўлур рози қора ерга тиқарға, Қачон рози бўлур уйдин чиқарға. Ғараз, эй бандалар, нозир бўлунглар, Ёмон йўл фирқаға ҳозир бўлунглар. Бани Одамда бордур бир фариқа, Тутарлар ўзларин аҳли тариқа. Алар шаръи Набийнинг душманидур, Аларнинг оти яъни «равшаний»дур. Алар ўзлариға ориф қўииб от, Ўқурлар омийларға яхши абёт. Ва лекин айтишур беҳуда маъни, Ўзининг йўлиға солмоққа яъни. Аларда бўлмағай ҳеч яхши ниййат, Аёлу аҳлида бўлмас ҳамиййат. Жамиъи жониворлар тушса кўзга, Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга. Аларнинг феълидур тўнғузға ўхшаш, Шариат мункиридур, оғзиға тош. Аларнинг феълини ким яхши билди, Бўлиб кофир, ёнар ўтға йиқилди. Бўлибдур ҳам тақи бир фирқа пайдо, Оти мўмин вале нафсига шайдо. Йиғарлар порайи бўини йўғонни, Солурлар ўртаға қизу жувонни. Агарчи «равшаний» эрмас, бу авбош, Вале бу иш шариат ҳукмидин тош. Битибдур Бул Ҳасан ул яхши банда, Китоби «Танбиҳуз — золин» ичинда. Бу айғон фирқаким золлу музиллдур, Шариат аҳли бу элдин хижилдур. Инонсун деб тақи бир неча беақл, Қилурлар Хожа Аҳмаддин муни нақл. Худонинг дўсти бўлса Хожа Аҳмад, Қилурму ҳеч мунингдек бидъати бад. Шариатда эди ул офитобе, Қолибдур бизга ул эрдин китобе. Ўшал султон битибдур балки анда, Чиқар мундоғ фариқ охир замонда. » Анингдек фирқа малъуни Худодур, Аларнинг феъли суннатдин жудодур. Бу ишлар бешаку райб, эй мусулмон, Ўшал қутби замонға эрди ёлғон. Қаю эрдинки, нақл этса бу ишни, Инонманг зинҳор андоғ демишни. Валий бўлса улуғ йўлдин тоярму, Хилофи шаръи Пайғамбар этарму? Анинг шаънинда ёлғондур бу афъол, Агар чин бўлса, эрмас соҳиби ҳол. Валий билмасмиз ул айғон кишини, Қилиб ўткан экан шайтон ишини. Олиб борса киши аҳлу аёлин, Кўтарур беҳамиййатлик ваболин. Ҳаром ишники тоат билса инсон, Эрур бу эътиқоди номусулмон. Биродарлар, билинглар роҳи Ҳақни, Тутинг душман ўшал айғон фирақни. Қиёмат кун қўшилса жон ила тан, Қўпар ҳар эр ўзини дўсти бирлан. Ҳикоят Паямбар дорида бир кўр гадойи, Тилар эрди келиб чизи Худойи. Туруб эрди қарошиб баъзи азвож, Ғазаб бирлан қароди шоҳи меърож. Дедилар: «Эй шаҳаншоҳи қабойил, Биз андин қочмадук, кўр деб бу сойил». Аларға айди ул султони аброр: «Агар кўр бўлса ул, сизларда кўз бор!» Алар: «Биз билмадук», деб зори қилди, Гуҳарлар кўзларидин жорий қилди. На сўз Пайғамбар азвожиға, эй хок, Алар эрди жамиъи шубҳадин пок. Таажжуб фитналикдур бу замона, Тушубдур эрлар аҳволи ёмона. Хирадмандо, эшит мандин неча панд, Бу сўзга бўлмадим омил агар чанд. Замона хотунини йўлға солмоқ, Эрур осон ул ишдин қалъа олмоқ. Узулмас солмани бўйнунга солма, Агарчи олмадур рухсори, олма! Даме айшики, бўлғай охири сард, Ани хушлаб, қабул этма узун дард. Бола деб солмағил жонинг балоға, Бола бирлан бўлурсан мубталоға. Мусулмон оли бўлсанг олма олин. Агар олсанг қабул этма ваболин. Қўйуб Тангри таолонинг ризосин, Нечук тандур қилур зан муддаосин. Агар бор олғонингнинг яхши ҳоли, Дема хотун, дегил диннинг камоли. Хуш ул зан, билмаса беҳуда дерни, Сучук лафзи билан шод этса эрни. Агар ўн йил уйида бўлмаса ун, Уни чиқмас уни айтурға бир кун. Билур эр олдида додук ўзини, Ва гар юз тилса, қайтармас юзини. Агар ўйса кўзин кулфат била шўй, Туриб уйдин чиқорға айламас ўй. Сирин фош айламас гар ғамда бўлсун, Агар танг бўлса айтур: «Бўлса бўлсун!» Агар занни мунингдек бўлса хишти, Ани билгил бу дунёни беҳишти. Иликка тушса мундоғ нозанин гул, Дегил, бу сандадур бўсанда, ман қул. Саройи охиратнинг зодидур ул, Иноят гулшанининг бодидур ул. Қаро дема, қара хуш феълу хўйи, Некудур на кўча кўрса, на кўйи. Ғанимат кўр, топилса хулқи хуш кўр, Балодур жонинга моҳи сухан шўр. Оқизур оқлиғин, гар келса тилга, Қизил деб олмағил, бадхў қиз элга. Ёмон бўлса, наъувзу биллаҳ, андин, Зиёндин ўзга ҳеч келмас ёмондин. Ёмон хотун шаётин қамчисидур, Қўлунг боғлагувчи арғамчисидур. Ду олам нори бўлса нори кетсун, Кўзунг кўрмасга шум дийдори кетсун. Агар ул кетмаса сан кет олиб бош, Кўтариб юрмагил тоғдин оғир тош. Ҳикоят Неку зотеға айди бир неку хўй: «Эрурсан булажаб мунқодаи шўй?» Деди: «Қасдим мани Тангрим ризоси, Битар бу ўртада эр муддаоси. Ики тоат муяссардур бир ишда, Нечук сунмай бўйун амр айламишда? Шайхи комил истамакнинг баёни Кел э сўфи, умид этсанг сафодин, Қариш чиқма тариқи Мустафодин. Амал қил, иттико қилмай амалга, Таваккул айлагил азза ва жаллга. Амал қилмай сафо бўлмас кўнгилда, Оёғсиз ҳеч киши юрмади йўлда. Қачон қўлсиз киши бўлғай шиновар, Шиноварман деса, ҳеч қилма бовар! Солибдур аҳли суннат роҳи омма, Бу йўлдин чиқмағил ўзга мақома. Дема, тутдум фалон бузрук ишини, Қўя кўрма Набини қилмишини. Ўшал бузрукки соҳиб ҳимматидур, Расулуллоҳнинг хос умматидур. Паямбар қилғонидин қилмағай тош, Агар чандики бўлса кўз била қош. Шариат ҳукмидин ташқи риёзат, Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат. Амал қилмоқ учун кирсанг бу йўлға, Керакдур шамъи илм албатта қўлға. Қоронғуда қадам қўйсанг ёзарсан, Агар кўз бўлмаса, йўлдин озарсан. Эрур чунки ажойиб пурхатар роҳ, Қадам қўйсанг, оёғ остидадур чоҳ. Тузук йўл деб қадам ўтру солурсан, Қудуқға тушганинг туймай қолурсан. Кўзунг гар бўлмаса, эй ақли ҳушёр, Асокашсиз қадам ҳеч қўйма зинҳор. Агар олим сўзин хўб тутса омил, Ани омий дема, де «марди комил». Удур жоҳил — билиб муршид ўзини, Қулоқға олмағай олим сўзини. Диёнат беҳидур илми ақоид, Тамурсиз шоха су бермак на фойид?! Бу маҳкам туб шажарни шохи — аъмол, Либоси бўлди тақво, меваси — ҳол. Ажаб аслеки, фаръи фиссамодур, Чиқорур ҳодийи илм раҳнамодур. Бидуни илм агар қўйсанг анга пой, Тойиб кетсанг сани аҳволинга вой. Иликка домани ҳодиййи илм ол, Чиқиб шояд егайсан мевайи ҳол. Ажабдур ердағи турғон амоға, Узотур илгин асмори самоға. Заифе айса: «Бефиқҳи зарурий Муяссардур манга тоат сурури». Ўқуй билмаса зоҳир лафзи Қуръон, Нечук тафсирини билгай ул инсон? Агар мағзин олибдур марди тоҳир, Нечук қолди кўрунмай қишри зоҳир?! Эрур дин илми чун зардолу, эй дўст, Мулаззаздур анинг ҳам мағзи, ҳам пўст. Биродарлар, будур бу қулнинг арзи, Валий бўлғайму, қилғон тарки фарзи?! Эрур фиқҳи зарурий фарзи айни, Ёмондур турфа нодонлиғни шайни. Бу тарк узра бўлур тарки фаройиз, Нечук бўлғай вале тонгла оройиз?! Агар ул билмаса илми ақоид, ўлур ул акбари осома оид. Анингдек телба касни, эй неку зот, Валий билма, агар кўрсанг кушуфот. Юмуб кўз, уйқуда кўрган била кас, Валий билмас ани марди суханрас. Бу кўрмакдин ўзин билса зиёда, Дегил, отдин тушуб, бўлди пиёда. Бурунғи ҳолидин қилди таназзул, Тушар саркашли қулнинг бўиниға ғул. На яхши ёр, ўзин кўрса гуноқкор, Бўлур кўрган сари қўрқунчи бисёр. Агарчи бўлса кўб пинҳон сужуди, Кўрунмас заррача ориф вужуди. Ризойи Ҳақ ани мақсуди бўлса, Ҳаёву илму ҳилму жуди бўлса. Анинг ихлоси қуллуқ бўлса —у бас, Риёдин бўлмаса кўнглида бир хас. Жамъи ишларин солса Худоға, Қўлин топшурса бир ҳодий ризоға. Ҳикояти имом Шайх Басрий Имоми аҳли суннат Шайх Басрии, Умид улдурки жаннат бўлса қасри. Анинг бор арди бир омий муриди, Ва лекин танда эрди кашфу дуди. Муриди келмади бир неча айём, Ўзи топди ани ул шайхи ислом. Деди ул омини қилмоқ учун ол: «Манга асроринг айғил, эй неку ҳол» Деди: «Ҳар гаҳки хуфтон келса қарши, Етарман лаҳзада айвони Арши. Малоикдек бўлиб Арш ичра мумтоз, Худо бирлан узун шаб айтаман роз». Деди: «Борсанг ўшал манзилға чун бод, Бу мискин отини ҳам айлагил ёд». Яна кечаки ул манзилга етди, «Ҳасан» отин тилиға жорий этди. Бузулғон кўрди жойи дилкушойин, Нажосатхонаеда кўрди жойин. Яқин билди, муни шайтон қилиб кайд, Қилур эркан ани ҳар кечаси сайд. Инобат қилди бориб, қайта бошдин, Муяссар қилди илм отлиғ қуёшдин. Бузар ботилни туз олимни оти, Факайф, ул ерда ҳозир бўлса зоти?! Ариғ илму амалдур, раҳбари ҳол, Бу икки бол билан учқон ичар бол. Агар бўлмаса илминг, эй сабук сайр, Билур болинг ваболинг барчаси хайр. Агар билсанг неку афъоли баддин, Наъувзу биллаҳ, андоғ мўьтақаддин. Маъвиза Кел э оқил, буюрсанг ақлингишга, Ўзингдин кетмагил доно демишга. Агар боло чиқиб, кетсанг ўзунгдин, Йиқилғойсан тойиб ерга юзингдин. Ўзин доно тутиб, кибр айламоқдин, На чобуклар йиқилдилар оёқдин. Агарчи ҳар кеча дил махзанина, Боқарсан кўгх туриб, кўбтурма сийна. Агар чандики бўлсанг қутби аброр, Дегил: «не донишим, не дон ишим бор!» Ниҳоли меҳнатинг берсун десанг бар, Ризойи Ҳақ учун илм эт муяссар. Агар ёғингда бўлса гил риёси, Қачон бўлгай чироғингни зиёси?! Агар қоли риёдин холи эрмас, Ҳақиқат ул кишининг ҳоли эрмас. Ўқур бўлсанг, ўқ ур нафсинг кўзина, Қара чин кўз била Мусҳаф юзина. Муҳаққақ олим улдур одил ўлса, На кўб жо дил югуртиб, жодил ўлса. Жадалдин қол, ки қил устиндадир қол, Йиқитсанг ё йиқилсангдур забун ҳол. Вужудинг уқбаси эрмас алоша, Тал оша келган ўлтурмас талоша. Ўқурдиндур ғараз Тангри ризоси, На ул илмеки бўлғай халқ изоси?! Ёниб келганда меҳнат шамъи, эй ёр, Ёниб тутма ҳаво бодиға зинҳор. Замона халқи аксар толиби қадр, Бўлай деб садри мажлис, қон қилур садр. Ўқубдурсан агар холис маъони, Юрак қони билан осори қани? Агар қилдииг муяссар илм ишидин, Оёғинг босма эгри кўр кишидин. Билиб ўз душманинг қилмадинг ҳарб, Кўриб ўгқа ўзинг солмоқ, нечук зарб? Мувофиқ илмига қилса ишини, Дегил арбоби илм андоғ кишини. Таварруъ шаҳрида, эй марди корий, Керақдур албатта қори вақори. Ҳикояти бадбахтон Битибдур «Жомиъи Мишкот» ичинда, Набийдин сўрди бир сўрғувчи банда: «Ёмонларнинг ёмони қайси инсон?» Жавобин бермади анга ўшал он. Уч айғон сўнг жавобин берди они: «Ёмон олим ёмонларнинг ёмони!» Тақи айди ўшал ҳамрози маҳбуб: «Эрур хўбнинг хўби ҳам олими хўб!» Дед*и Пайғамбари оламға ҳодий: «Эрур дўзахда бир шиддатли ВОдий. Ўшал водийни «Жуббул —ҳузн» атоди, Риёлик қорилар жойи у водий. Жаҳаннам кунда тўрт юз қатла андин, Паноҳ истар Худойи Зул—минандин». Худовандо, йироғ этгил. риёдин, Айирма сидқу ихлосу зиёдин. Мавъиза Кел, э зоҳид, қўлунгдин берма тоат, Зиёд эт тоатинг соат басоат. Уётлиг пеша қил, хавф эт тамаъдин, Риёзат айла тақвову вараъдин. Фароғат бирла ҳеч ошиқ етарму, Киши роқат элин ошиқ этарму? Агар қул хожасин жўянда бўлса, Ётарму йўлда ошиқ, банда бўлса. Егил кам, кеча турмоқдин есанг ғам, Бўлур иш кам, агар кўб тўлса ишкам. Эгам ахд этса: «Фатлубний тажидний» Қўярму бандалар бу жаҳду жидни. Ариғ жисминг агар бўлсин десанг соғ, Саноч оғзин сан оч, албатта камроғ. Риёзат мевасидур мисли ёнғоғ, Агарчи зоҳири шах, ботини ёғ. Маишат аввали нарм, охири қахр, Йилонни тоши юмшоқдур, ичи заҳр. Белингни боғлагил хизматга чун най, Шакар тўлдурса шояд қалбинга Ҳайй. Риёзат хокиға ҳар кеча ур бош, Юрак қон боғласа, лаъл атанур тош. Билур оқил бу дунни сижни бадбўй, Баланд уй истасанг, нафсинг кўзин ўй. Тўшаб қолин, ёпиб тоат жамолин, Қўйубсан бошинга болин ваболин. Тила нафсинг тила тоатга кам —кам, Магар бўлғай эгилмас гардани хам. Кўзингдин айла ғафлат уйқусин дур, Ва лекин бўлмағил тоатта мағрур. Агарчи бўлсанг аҳли илм, зуҳҳод, Такаббур қилмағил, аслингни қил ёд. Такаббур айламоқ шайтон фиъоли, Йиғию зоридур одамни ҳоли. Риёзат бирла ҳам очсанг кўзунгни, Азозилдек улуғ тутма ўзунгни. Агар ерни юзина айласанг дарс, Такаббур қилмағил, бўлғил Худо тарс. Санинг кирган йўлунг турфа узоқдур, Орода сони йўқ банду тузоқдур. Ажсб йўлдур орода кўб хатар бор, Киши билмас, чибин етгайму, шунқор? Киши билмас, бу уммон остида фош, Жавоҳир пора қийматдурми ё тош? Агар чандики гавҳар порадурсан, Яқин бил, бандасан, бечорадурсан. Ҳамиша бандадиндур зори қилмоқ, На ҳаддур бошини юқори қилмоқ?! Тавозуълик бўлуб, тугғил ўзинг кам, Шажарким, мевалик бўлса, бўлур хам. Теракким, ул кўтарди юқори бош, Самарсиз бўлди, кўрдунгми ани фош?! Кишиким, хоки рохдур, бериёдур, Қадам туфроғи кўзга тўтиёдур. Кетар дамда тўлойдин паст ўтар кун, Сабо чиқса бўлур оламдин устун. На бўлғай қатрадек тутсанг ўзинг гум, Гухар бўлсанг, тақилсанг тожи мардум. Агар файз истасанг қилма такаббур, Буюкға оқмағай бахр ўлса хам пур. Агар тутсанг тариқи Мустафони, Ёмон кўйдур такаббур, куйдур они. Оғир тутди ўзини санги хора, Талаб бозорида кирмас шумора. Кичик билди ўзининг қолини дур, Бахосидур харидор олдида пур. Эгармиш жазби ишқ шикаста касни,' Йиғар гирдоб аксар хору хасни. Агар нафсинг хамиша тутмасанг кам, Дуруст ихлос бирла бўлмағай хам. Ҳикоят Азизе комилени жоқили хом, Қабиқа лафзи бирлан берди дашном. Тутуб сақолини ул марди хушхў, Дер эрди ўз— ўзига: «Эй хунук рў! Санинг расволиғингни эртаю кеч, Ўзум айғонға бовар қилмадинг ҳеч. Бу мўминдин эшитиб келтур инсоф, «Некулар ахлиман», деб урмағил лоф!» Ана инсоф, ана хулқ, эй биродар, Ўзингни айбинга сан ёпма чодар. Агар сан қилмасанг нафсинг шикасти, Етар соқолинга ҳар кунда дасти. Таваккул Баёни Кел э ошиқ, кўнгилни айлагил бир, Тариқи каъбаи мақсудинга кир. Нечук бўлғай дебон андиша қилма, Таваккул айла, ўзга пеша қилма. Таваккул бандани йўлдоши бўлса, Ажаб эрмас қаро тош оши бўлса. Агар қиммат кишининг ёри бўлса, Ажаб йўқ жазралар бозори бўлса. Етар охир таваккул айлаган қул, Таваккул қил, таваккул қил, таваккул. Эрур бир ихтиёри жузъи сандин, Талаб қилғонинга еткурмак андин. Агар тутса Худо қул хотирин пос, Чиқар қар гўшаедин Хизру Илёс. Агар биткарса Мавло қул ишини, Қилур мушфиқ кўзига қар кишини. Агар лутф айласа, бўстон бўлур чўл, Олов ўртасида пайдо бўлур йўл. Ўтарда аждар оғзин сурса пойинг, Зиён этмас, омон этса Худойинг. Эгам «қум!» деди, ул қумдин қўпуб чуст, Муҳаббат қумқумидин қил ўзинг шуст. Бузуғ ерда ётиб бўлмас ишинг беҳ, «Маконан тоййибан фазҳаб биавниқ». Агарчи бўлса санда ахлу фарзанд, Яротибдур аларни ҳам Худованд. Ўзи қилди аларни жисм ила жон, Берур албатта жон берган Худо нон. Азиз жон чиқмаса қолибларидин, Камаймас неъмати Ҳақ лабларидин. Саноғлиғ умрдин то жон тутанмас, Яқин билгил, оғиздин нон туганмас. Агар дарё тубида бўлса жойинг, Баҳона бирла еткургай Худойинг. Ғараз, ҳар қайда, эй фарзанди одам, Саноғлиқ рўзи ҳаргиз бўлмағай кам. Кишининг бўлса мундоғ эътиқоди, Анга бўстон эрур ҳар қайси водий. Вужудинг хору хошоки қолиндур, Ёлинсанг ҳам ҳаво ўчмас ёлиндур. Миниб ҳиммат буроқин чиқ қолиндин, Ёлин маҳкам тутуб, сачрат ёлиндин. Етибдур соли умрунг, эй табаҳ ҳол, Таваккул соли мақсад баҳрина сол. Кириб жон баҳрина, эй нафси золим, Дема, солим манинг етгайми солим. Етар — етмаслигидур ҳукми Рабда, Эранлар шартидур ўлмоқ талабда. Таваккулни талаб қил, одамизод, Югургил каъбаи мақсудға чун бод. Кириб йўлға, кўруб аълому осор, У зун бар деб гумонбар бўлма зинҳор. Бу бормоқда агар бармоқ солур шер, Қачон қайтар таваккул айлаган эр. Хатардин аҳли ҳиммат хира бўлмас, Агар эл тира тутса, тийра бўлмас. Таваккулдин киши ким олса баҳра, Қачон заҳра урар, ғарқ ўлса заҳра. Ема рўзи ғамин ҳеч ерда, эй ёр, Ким асроринг билур, ул яхши асрар. Худоға қилса ҳар ким хўб таваккул, На ерда бўлса, зое бўлмас ул қул. Абдуллоҳ ибн Муборак ҳикояти Муборак ўғли бир кун озғишиб роҳ, Ажойиб сувсағонда кўрди бир чоҳ. Кечурди кўнглидан: топилди матлуб, Агар далву расан бўлса эди хўб. Ўшал дамда бир оҳу келди сувсаб, Тошиб чиқди қудуқнинг оғзиға об. Ул ичган сўнг ўшал шаҳ борди чаҳга, Етар —етмасда ул сув тушди таҳга. Деди: «Ё Раб, берурсан оҳута об, Манга бермассан, эй султони Ваҳҳоб!» Нидо келди ўшал важҳи ҳасанға: «Тилинг борди сани далву расанға. Ўшал оҳуки кўрдинг чиқти барга, Таваккул қилмади мандин дигарга». Эшитиб бул нидони бўлди беҳуш, Ичидин қулзуми завқ айлади жўш. Муҳаббат жоми ҳўл қилди томоғин, Тирикликда унутди сувсамоғин. Эди аввалда ҳам эр атқиёда, Юз онча ҳиммати бўлди зиёда. Мане мискин таваккул бобида доғ, Тушубдур ҳимматим кундин забунроғ. Ҳамиша нафси зиштим мубталоси, Манингдек борму ҳеч мўмин болоси? Илоҳо, баҳри ҳимматдин қилиб сер, Мане хунсоға эрлар нашъасин бер. Эрурман ақли йўқ, идроки йўқ қул, На тамкин бор, на ҳиммат, на таваккул. Гила боттим, гила қилмам кишидин, Кўрарман барча ўз нафсим ишидин. Бу мўминлар ичида бир баломан, Бузуқ йўлдин чиқолмай мубталоман. Бўлубман ғарқи баҳри изтироба, Хароб ўлмиш тушуб нафси хар оба. Эрур кўнглумда кўб рози ниҳони, Юзум йўқдур туруб айтурға они. Ўзунгсан Олимус — сиррил — хафиййот, Муайяндур санга мажмуъи ҳолот. Агар қайтармасанг ройим вародин, Қутулмасман мунингдек можародин. Агарчи сони йўқ бу қул гуноҳи, Гирифтори ғазаб қилма, Илоҳи! Дарвишлик Баёни Кел э дарвиш, агар дарвиш атондинг, Тариқат аҳли нек андиш атондинг. Ахар отинг хилофи бандаликдур, Қиёмат кун нечук шармандаликдур. Қурут от бирла ўтган ҳайф авқот, Уёнғил, бўдма мағрури қуруқ от. Қуруқ юрма, қуруқ дасти ажалда, Солур ногоҳ гумон этмас маҳалда. Ўзингдин кетма ихлоси авома, Суюнма нома келмай яхши нома. Киши рўда кириб гар юрса рўда, Қачон восил бўлур дурри шуҳуда. Сивони нафй эканин айлаб исбот, Таваккул баҳрина бот, эй кўнгил бот. На бўлғай, кирса қўлға дурри мақсуд, Ва гар на сувда юргандин нечук суд? Кўнгил Ҳақ файзина бўлсун десанг чок, Ки аввал мартаба — ҳалқингнй қил пок! Ема зарра ҳаром оғишта нондин, Бўлур чоҳе нажас бир қатра қондин. Агар ош манҳи бўлса, кўз юмуб ош, Ва гар на тонгла қорнингдин чиқар тош. Эрур хардалча манҳи заҳри қотил, Қилур бир қатра май хум сувни ботил. Ҳаром оз бўлса ҳам кўбдур ёмони, Самоний бўлса ҳам билгил самм они. Битиклик «Ширъа»да, эй лобиси далқ, Фаройиз аъзамидур покийи ҳалқ. Қаю тоатки ул марзойи Рабдур, Яқин бил, қуввати луқма сабабдур. «Кифояи Шаъбий»да бул битилди, Расулуллоҳ сўзидин нақл этилди: «Ариғсиз луқма бирлан қилса тоат, Қабул эрмас ўшал қилғон ибодат». Худонинг манъини нафс истаганда, Агар бир заррасин тарк этса банда. Ибодатларки бўлғай инсу жиндин, Бу айғон бандалик афзалдур андин. Агар тарк этса зарра шубҳа, эй ёр, Деди, юз ҳаждин ортйқ, эй неку кор. «Рисолайи Абуллайс» ичра мазкур, Набийдин қилди нақл ул маъдани нур: «Либосида ҳаром оғишта бўлса, Ўшал оғиштаси бир ришта бўлса. Ўшал тўн бирла ўткарган намози, Қабул эрмас» — деди ул баҳри розий. Сиём ила агарчи ўтса кунлар, Қиём ила кечурса барча тунлар. Риёзат бирла ўткарсанг ба ҳар кайф, Ариғ бўлмаса луқманг, меҳнатинг ҳайф. Маноҳий рангидин ошинг бўёғлиғ, Бу ёғлиғ ош ила ҳайф у ёғлиғ. Фаройиз аъзамин қилғон киши тарк, Муҳаббат бўйини қайдин қилур дарк. Отинг чиқти ибодат аҳли халқа, Эгурдинг ҳалқа, шубҳа солма ҳалқа. Кўнулсун тан десанг, зуҳд айла пеша, Очилсун ич, десанг, пок ич ҳамиша. Агар оғзингдадур боли ваболий, егил улдур ҳамим, эй марди ҳолий. Агар манҳий эмас бўлса баъидинг, Бўлур кўп ваъдалик ийдинг ваъидинг. Агар қилса киши лима валима, Гирифтор ўлмағил ранжи алима. Таомеки агар анда хатардур, Яқин бил, лужжайи ўгдин батардур. Агар бўлса ҳаром ул луқмаи шум, Ани неъмат дема, де заҳри заққум. Надур заққум, эрур таъзиби сахти, Жаҳим остида битган бир дарахти. Жамиъи заҳр ҳаргиз бўлмас андоғ, Еганни қорни қайнар мис қозондоғ. Ичининг бори пора —пора бўлғай, Иложин топмағай, бечора бўлғай. Илоҳо, кўнглумизни бегумон эт, Ўшал шармандаликлардин омон эт. Ҳикоят Эшиттил Аҳмади Ҳанбалга бир явм, Деди бир бева зан: «Эй ҳодийи қавм! Чироғим йўқтур асло, эй улуғ нарх, Ўгурур эрдим ой ёруғида чарх. фуру кетти жаҳон айвонидин моҳ, Халифа ўтти машъал бирла ногоҳ. Ани равшанлиғида чусту чолок, Ўгурдим бир —ики йўл чархим, эй пок. Манга ул риштам, эй қутби замона, Жавоб айғил, ҳалол ўлғайму яна?» Имом айди: «Бу ғафлат оламинда, Нечук зансан мунингдек дин ғаминда?» Заифа, айди: «Эй мақбули.вофий, Манинг ҳамзодим эрди Бишри Хофий». Эшитти Бишр отин, кўздин тўкиб об, Деди: «Сизга раво йўқ, эй дурри ноб!» Анингдек маръанинг туфроғи, эй меҳ, Бизингдек юз минг эрнинг қонидин беҳ. Дариғо, эр отин булғаб юрибмиз, Имома бир абас чулғаб юрибмиз. Лачак ортуқ бизинг дасторимиздин, Эранлар ор этар кирдоримиздин. Ҳавас бозорида, эй майли кўп нафс, Емак бирла қилибсан гарданинг ғафс. Санга суд айламас бу жисми варминг, Қилиб шар минг, бирор келмасму шарминг?! Бўлуб шармандалик дарёсига ғарқ, Ёмону яхшини фарқ этмаган фарқ. Сучук Тиллик Бўлмоқни Баёни Кел э обид, ўзингни айлағил хок, Ҳарому шубхадин қалқингни қил пок. Очуқ қўллик, кувдода юзли бўлғил, Мурувватлик, мулойим сўзли бўлғил. Бу хислатлар мувофиқ бўлса санда, Умид улким Худойим деса банда. Мусулмон ўғлида бўлса сучук тил, Олиб келса бўлур бир қил била фил. Сучук лафзи билан Мўре хирадманд, Солур зўр аждоқони оғзиға банд. Сучук тил бўлса қайси мухтарамға, Солур кўкдакини зери қадамға. Сучук лафзи билан бехарбу безарб, Бировни келтирурлар шарқдин ғарб. Эранлар олмайин бир игна қўлға, Солурлар неча гумроҳларни йўлға. Сучук тилдир ажаб ганжи муаззам, Ато қилғон билан хеч бўлмагай кам. Дема харфики бўлса бемаъоний, Агар тил зақарлик бўлса, тил ани. Калиди ганжи маъниким забондур, Анга бир нуқта кўб бўлса зиёндур! Қилур қатгиғ такаллум ўнг ишинг чап, Сўзинг тиклаб, кўнгил бузғунча тик лаб. Агар сўз жона пайдо қилмаса сўз, Ани сўз демагил, э мажлис афрўз. Агар тутсанг улуғларнинг ишини, Набот эт тил, на бот оғрит кишини. Совуқ айғунча, эй халқи замона, Забона хавфидин мухр эт забона. Чу Нўъмон мухрида бул эрди мактуб: «Қулил — хойра ва илло фаскут», эй хўб. Совуғ сўздин бўлур иймон қоронғу, Зарардин ўзга йўқтур, нафъи борму? Ба ҳар жойе тилингни сақла зинқор, Киши тилнинг ёмонидин бўлур хор. Ёмон тил гохи сарғайтур юзингни, Тубан бошингни, телмуртур кўзингни. Ёмон тил икки оламда зарардур, Гахе исён, гақе хавфу хатардур. Ёмон тил шумлиғи ки жонға урғай, Гаҳе жондин ўтуб, иймонға урғай. Мусулмон ўғлиға яхши қилиқ қил, Тилингни хуш, чиройингни илиқ қил. Оғиздин соч, еринда дурри маъни, Агар бўлмаса хомуш айла яъни. Агар бўлмаса санда сўзга етмак, На давлатдур сукут этмак, эшитмак. Эшит, аммо қаю сўз бўлса беҳроқ, Қулоғинга ани ҳалқа қилиб тоқ. Қулоқ, кўздин, қўлунгдин, поларингдин, Сўрар тонгла тамом аъзоларингдин. Эшитсанг нафъи йўқ сўз, эй неку зот, Ани ҳам гўша олма, гўша чиқ ёт. Киши санчиқ сўз айтса, сан чиқ андин, Ёмондин қоч, ёмондин қоч, ёмондин. Ҳикояти ҳазрати Луқмон Насиҳат қилди фарзандиға Луқмон: «Санга жоҳил киши баҳс этса, эй жон! •Жавоб айғил анга ширину юмшоғ, Магар бўлғай жаҳолат хамридин соғ. Агар нафъ этмаса, қилма иъода, Бўлур айғон сари жаҳли зиёда. Анга суд этмаса аймоғ савоби, Сукут этмакдур андинг сўнг жавоби». Икки мўмин бир-бириға хайр қилмоғи Кел э мўмин, ҳамиша хуш инон бўл, Мусулмон бўлса ҳар ким меҳрибон бўл. Очилғайсан ани кўрганда гулдек, Тавозуъ айла хизматкор қулдек. Сариғ ёғдек анга бўлғил мулойим, Сучукликни асалдек айла доим. Тут ул дўстингни сут устида қаймоқ, Азиз жонингча кўргил, балки беҳроқ. Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ, Биродарлик ўшалдур — қилсанг огоҳ. Биродар жисмига жондек югурсанг, Талаттуф бирла ул йўлдин ўгурсанг. Агар чандики қилсанг меҳрибонлиғ, Сани яхши сўзинг билса ёмонлиғ. Тилинг захми билан қилғил жароҳат, Уёлиб шояд эткай истимоъат. Агар тил захми анга қилмаса кор, Қўлингдин келса, қилғил зарб ночор. Буларни барчасидур меҳрибонлиғ, Тараҳҳумдур анга эрмас ёмонлиғ. Бу саъй эткон билан ҳеч бўлмаса туз, Кўрарда ошинолиғ риштасин уз. Вале ботинда шоғил бўл дуоға, Анинг аҳволини солғил Худоға. Киши ким бўлса мўминликда мавсуф, Эрур вожиб у қулға амри маъруф. Кўзи йўқ мўмине борур эди роҳ, Назар қилдинг, ани олдидадур чоҳ. Хабардор этмасанг, улдур хиёнат, Қаю инсоф эрур, қайси диёнат?! Фиғону дод ўшал бино қулидин, Агар қайтармаса дўзах йўлидин! Киши ёпса қудуқ оғзиға чодар, Нечук дерсан анингдекни биродар?! Ва лекин амри маъруф айлаган мард, Ўзи бўлғай амаллик соҳиби дард. Агар омир эмас росих ишига, Қачон таъсир этар ўзга кишига? Агар олдингда тифле бўлса ногоҳ, Ёнар ўтға тушарни билсанг огоҳ. Узатмас бўлсанг анга дасти алтоф, Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф?! Бизингдек шарми йўқ, инсофи иўқ жисм, Бошинда мағзи маъно йўқ қуруқ исм. Ишимиздур риёву ҳийла, тазвир, Қилур айғон сўзимиз кимга таъсир?! Кўзни Ҳаромдин Юммоқни Баёни Кел э мўмин, агар тарсанда бўлсанг, Кўзингни сақлағил, ҳар қанда бўлсанг. Қуйи бўлсин ҳамиша нуқтайи чашм, Мабодо бўлмағай боло тушуб хашм. Назар қилғунча бад, эй нафси маъйуб, Тушуб кўз нуқтаси кўр бўлғони хўб. Саодатдур назар бўлса қадамда, Тажовуз айлагач, бўлса надамда. Агар қон чашма бўлса чашма, эй меҳ, Хатарлик ерга тушгандин эрур беҳ. На хушдур дийдаи тарсанда бўлса, Ва гар на косасидин канда бўлса. Хатардин юм кўзинг, иълону хийфа, Нечукким юмди қўрқуб Бу Ҳанифа. Юраким соф эрур, деб урмағил лоф, Аларча бўлмағайсан, келтур инсоф. Қароринг қўймасанг, элтиб қароринг, Олур шайтон зимоми ихтиёринг. Бақосиз маъсиятларга бақосиз", Нечук ўз жонингизға ўт ёқосиз ?! Баногоҳ тушса номаҳрамки кўзга, Икинчи боқмағил зинҳор у юзга. Икинчи чунки шаҳватдин хатардур, «Ниҳоя»ким китоби мўътабардур. Деди ким боқса номаҳрам юзига, Қуярлар тонгла қўрғошин кўзига. Битибдур «Ширъа»да ул соҳиби базл, Киши ким қилса номаҳрам била ҳазл. Анинг ҳар бир сўзига, эй хирадманд, Бўлур дўзахда то минг йилгача банд. Агар ул илтизом этса харома, Тақи ул нусхада тортилди хома. Қиёмат кунга доругир этарлар, Ани шайтон била занжир этарлар. Лаъин шайтонки бўлғай душмани шах, Анинг бирла бўлур мадхули дўзах. «Хулоса»ву « Хизона», «Шархи Аврод» Битибдур балки чандон нусхада ёд. Жувон хотунки номахрам эмишдур, Салом этмак анга мамнуъ демишдур. Бериб бўлмас, жавоб этса саломи, Эрур аврат анинг савти каломи. Жувон хотунки аврат бўлса овоз, Қабоҳатдур киши ким бўлса дамсоз. Ғараз, э одамий, сақла ўзунгни, Ки номахрам сари солма кўзунгни. Ки номаҳрам сари боқғунча беқил, Бех улким кўзлариға тортсалар мил. Бу дунё мили ўггай бир замонда, Қиёмат милидин тутғай омонда. Қиёмат кун ажаб, шиддатли кундур, Гуноҳкор одам ўғли сарнигундур. Қизар кўб фарқи сар иссиғда чун тос, Бўлур саргашталар парвонадек нос. Тегар ўтдек оёғ остида туфроғ, Бўлур юнгдек замин устидаги тоғ. Бўлур кўп халқ ўзининг жонидин сир, Бу ғамдин токи гўдаклар бўлур пир. Ёшурмоқ бўлса қайси рўсиёҳлик, Илик сўзлаб, оёқ бергай гувохлик. Тамом аъзолари даъво қилурлар, Халойиқ олдида расво қилурлар. У кун даъвосини ҳеч дафъи бўлмас, Пушаймон бўлгай, аммо нафъи бўлмас. Анингдек воқеалардин бурунроғ, Ўзингни айла ғафлат хамридин соғ. Пушаймон бўлсанг ул қилмишларингдин, Дилу жон бирла ёнсанг ишларингдин. На бўлғай ким қабул этса Худойим, Қиёмат шиддатин қилса мулойим. Қаю қулни Худойим қилса мамнун, Бўлур йўлбошчиси Пайғамбар ул кун. Бошида соя бўлгай Арши аъзам, Фаришталар кўнгил бергай дамо—дам. Иноятномасин қўлға олурлар, У кунни ўтганин туймай қолурлар. Илоҳи, айла мухлислар билан ёд, Бу қулни айлагил, ул Кундин озод. Ҳикояти Шайх Бастом Қариғон палласида Шайх Бастом, Ўзидин соате кетти бир оқшом. Ўзига келди эрса, айди аҳбоб: «Нағу бўлди мунунгдек, э дурри ноб?» Деди: «Болиғ бўлур ҳолатда бир рох, Кўзумга бир жамила тушди ногох. Ениб бори дигар солдим нигоҳим, Чиқиб эрди эсимдин ул гуноҳим. Эсимга тушди ҳоло ул назора, Юрагим бўлди қўрқуб пора —пора». Муборак отзидин кўп томди қони, Ўшал хавф ила охир чиқти жони. Мунунгдек йиғласа андоқ неку рой, Бизингдек рўсияҳни ҳолиға вой. Ҳамиша завқимиз айшу кулушга, Етушмас эрта қилғон тавба тушга. Ўтар дунё ишин тутдик муқаддам, Гуноҳ айниқса кўб, қўрқинчимиз кам. Худовандо! Ўзунгсан Олими ғайб, Мане мискиндадур ҳеч сони йўқ айб. Гуноҳи бениҳоят бандадурман, Бу кўб шарр манда чун шармандадурман. Абас бирла қўлумдин кетти вақтим, Амал меҳрин ёшурди абри мақтим. Жаримам беадад бўлса агар чанд, Ҳижоби мағфират ёп, эй Худованд. Ювиб раҳмат билан важҳим қорасин, Насиб эт барча неъматлар сарасин. Худони Неъматлариға Фикр Айламоқни Баёни Кел э озода, воқиф бўл кўнгилға, Кўнгил йўлбошчидур қурбатли йўлға. Тафаккурнинг қушин ҳеч қилма ғофил, Палағда бўлмағай то байзаи дил. Тафаккур мурғи доим бўлса дамсоз, Умид улдурки андин учса шаҳбоз. Анингдек боз ила чун айласанг қайд, Кўнгил қушларини қилса бўлур сайд. Кўнгил ҳар гоҳ салоҳиятда бўлса, Топар банда қаю ниятда бўлса. Ҳама аъзо раиятдур, кўнгул—шоҳ, Омонлиғ бўлғуси шоҳ адлидин роҳ. Агар султон ўзи қилса ёмонлиғ, Қачон бўлғай раиятда омонлиғ. Кўнгил жўш этмаса, кўз бўлмағай нам, Чиқарму сув қудуққа, тошмаса ямм. Эшитгансан ани —дилдур назаргоҳ, Назаргоҳдур кўнгил, бир бўлса ҳар гоҳ. Югурса ул кўнгилким ҳар тарафга, Қачон лойиқ бўлур мундоғ шарафга? Кўнгил дарсини дерлар, хуш сабақдур, Тамоми маърифатдур, ганжи Ҳақдур. Кўнгил дарсин савол этдим бир эрдин, Талаттуфдин деди: «Сўрма бу ердин. Била олманг бу шарбат тотмагунча, Ўзунгни яхшиларга қотмагунча». Агар Они унутса, банда оне Тирик эрмас, агарчи бўлса жоне. Кўнгил бурчинда шфлат иллати пур, Даъвом улдур — давом этса тазаккур. Ўшал дамни «надам» дер ахли маъни, Оғиздин чиқса ғафлат бирла яъни. Кўнгул анда қамиша, қўл хам иша, Қачон бўлғай мунингдек яхши пеша. Бандаи Мўмин Ишқда Ҳарис Бўлмоқни Баёни Кел э содиқ, ҳариси ишқи Ҳақ бўл, Кўнгил ёрони бирла ҳамсабақ бўл. Агар кезсанг тариқи маърифатни, Муяссар айласанг турлук сифатни. Мақомоти хақиқат айладинг тай, Кўнгилда бўлмаса жузъ хиллати Ҳай. Буруяғидин зиёда дур талаб бўл, Агар дарёлар ичсанг, хушклаб бўл. Бу йўлнинг чунки қеч поёни йўқтур, Агар етдим десанг, имкони йўқтур. Десанг қар лақза: «Оллоқумма зидни» Деди Ҳақ чунки: «Фатлубни тажидни». Талаб амрин эшитса, банда Рабдин, Ўзин билган қачон қолгай талабдин? Набидин йўқ кишини қурби боло, Ани айди «хабибим», Ҳақ таоло. Анга қам айди Ҳақ: «Қул Робби зидни» Қўярму ўзгалар бу жаҳду жидни?! Сучук жон шарбати, то бўлса лабда, Керак ким, бандаси бўлса талабда. Белингни қуввати борда олиб бел, Кўнгил. боғин суғор, келмай туриб сел. Етар йўл юргали, ҳолоки, ҳолинг, Юра кўр, бир куни кетгай мажолинг. Юрарга қолмаса вақтики дармон, Эмакла, қолмасун то ичда армон. Эмаклар қуввати ҳам кетса қўлдин, Ўзингни судра ҳаргиз қолма йўлдии. Етушмас судралурға ҳам мажолинг, Кўзинг тик йўлға то еттунча ҳолинг. Кўзунг ҳам бўлмаса бўлсун кўнгилда, Бу матлаб бирла жон чиқса бу йўлда. Агар мундоғ талабда чиқса жонинг, Уланса боқиға бу жисму фонинг. Умид улдур — Худойим деса банда, Тилаган мақсадингни берса анда. Мўмин банда доим хавфу ражода бўлмоғи Кел э хоиф, ўлумни ёдин эттил, Кетар манзилни истеъдодин этгил. Лабин термай туриб марқад лабин халқ, Қўярсанму тафаккур бобини ғалқ. Йиғиб ҳима ваҳима қилмай анда, Ётибсан устида ғафлатли банда. Ўлумни ўқи турғондур суёниб, У ёниб ўртамай, қочғил уёниб. Уёнмасдин бурун ўртансанг, эй қул, Мабодо бўлмағай кулл ишларинг кул. Бурунға боди ғам эсмай бурунроғ, Ўзингни қил ҳавас сакронидин соғ. Ёпишмасдин бурун сўнгакинга пўст, Ўлум бирла ўзингни айлағил дўст. Яқин бил, кимни кўпроқ айласанг ёд, Бўлур дўстунг сани, эй одамизод. Билур ҳар одам ўғли бўлса уйғоғ, Ватаннинг аслидур бизларға туфроғ. Яқин билғил, жаҳони пурхатарға, Келибмиз неча кун савдо этарға. Етушгач ушбу шаҳри муҳтарафга, Ёйилди корвоне ҳар тарафга. Ўзин билганлариким йўлға солди, Хаёлсиз нақди умрин қўлға олди. Уруб яхши дўконлар узра бошин, Муяссар қилдилар тоат қимошин. Қилиб савдоларини чобаку чуст, Сафар рахтини боғлаб, қилдилар руст. Қачон юк қўй деса, тайёр эрур зод, Кирарлар йўллариға хурраму шод. Ва лекин корвондин баъзи инсон, Кўрар бул фони уйни боғи хандон. Кўруб яхши ани нақшу нигорин, Унутқайлар ўшал келган диёрин. Қулоқ солғай тағаннию навоға, Кўнгил бергай ҳавас бирла ҳавоға. Ажаб маккорадур дунёйи фони, Минг алвон жилва бирлан алдар они. Ўшал маккораким солса қўиунға, Суюнгандин кирар шайтон ўйунға. Кирар инсон ани ёлғон сўзига, Югуртур сурмайи ғафлат кўзига. Гаҳи уйғониб уйни эсласа ёд, Талаттуф бирла дер: «Эй одамизрд, Ошуқма, бир куни савдо қилурсан, Бу кун гар бўлмаса, тонгла қилурсан». Бу ол ила ўша маккорайи дин, Адо қилғай жамиъи нақди умрин. Адо қилғоч, бисоти умрини пок, Берур рухсат қошидин чусту чолок. Урар сила ва дер: «Кетгил бу ердин, Дегай, безор эрурман сандек эрдин». Назар қилмас фиғону ноласиға, Урар шатта ани дунболасиға. Амири корвон ул дамда етгай, Анга асл ватанни қукмин этгай. Фиғон айлар, кетарни билганим йўқ, Кетарға тўша пайдо қилғоним йўқ. Фиғон суд айламас, аммо у касга, Қачон муҳлат қўярлар бир нафасга. Қўюлмай эркиға судраб ёқадин, Чиқорурлар жаҳони бебақодин. Кейин қайтай деса, бўлмас мажоли, Кетар асли ватанга дасти холи. Будур, эй одам ўғли, ҳасби ҳолинг, Бошингдин анча ўтган моҳу солинг. Қулаққа тиқма ғафлат латгасини, Ема шайтони малъун шаттасини. Суюнма, гар сени дунё суюбдур, «Суюбман» деб, кўзунга қум қуюбдур. Кима кўрсатди бул фони вафони, Азалдин душмани жон билгил они. Умрнинг Фонийлиги Баёнида Кел э мўмин, яқин билдинг кетарни, Ҳисоби умри бесомон ўтарни. Ўтар дунё учун бўлма гирифтор, Ўлумса йиғмағил монанди кафтор. Агар дунёга ҳирсинг бўлса фажсан, Нажосатни йиғарға калҳамажсан. Эсиз, умринг нажас йиғмоқ раҳйнда, Қолурсан бир куни охир таҳинда. Ўрамчидек ҳамиша тор этарсан, Қаноатсизлигинг изҳор этарсан. Қилурсан риштаи жонинг била қайд, Магасдек, мўрдек қилмоқ учун сайд. Супурса соҳиби хона баякбор, Ўрамчи ҳам кетар, ҳам сайду ҳам тор. Қолибсан танга деб, аҳволи танга Машаққатлар бошингда ранга —ранга. Югурма жийфа кўб йиғмоққа йил—ой, Бўлай деб бой, бисотинг бермагил бой. Яқин билгил шуни, эй соҳиби ҳол, Ҳарис эрмас зиёд этгон била мол. Ҳарис улдур, агар дунёйи фони, Йиғай деса муҳаббат бирла они. Агар бўлса кишида моли саҳли, Кўнгул берса эрур дунёнинг аҳли. Бисотида бир арпа қурси бўлса, Ани дун аҳли бил, гар ҳирси бўлса. Кишининг кўнглида бу фони бўлса, Эрур дунё эли бир дони бўлса. Агар бир қулда юз харвори зардур, Агар бўлмаса меҳри, безарардур. Агар минг кўза тилло тушса кўза, Қачон давлат билур, аҳли дил ўза. Қаюдур меҳри йўқ эрнинг нишони, Буюрғон жойиға сарф этса они. Деса, меҳрим йўқ, аммо тутса маҳкам, Эрур ёлғончи ул фарзанди одам. Киши молики беэҳсон эмасдур, Худонинг фазлидур, дунё эмасдур. Дема дунё, чироғи охиратдур, Худойимдин нишони мағфиратдур. Бизоат бўлса ҳам кам, айла инфоқ, Узумдур барги кам раздин сучукроқ. Керак аҳли карам халқ эттали жамъ, Ўзини дамбадам кам этса чун шамъ. Кишининг эътиқоди бўлса солим, Демас, гўру кафанликдур бу молим. Не ғам, иймонли қулнинг ўлганида, Танида бўлмаса уч газ танида. Саломат ўлса иймони билан кас, Агар орий кўмулса, ори бўлмас. Карамлик бандаси гар бўлса чўлда, Ичар сув бўлмаса бир зарра қўлда. Қўпуб ўлтурғали қолмай мажоли, Ҳалокат палласиға етса ҳоли. Агар кўз ёшича сув тобса анда, Қилур ярмини эҳсон яхши банда. Топилса луқмае, жону жигардин, Дариғ этмас ани ёру дигардин. Карамлик бандаға ёлғуз еган ош, Бўлур хок оғзида, балки бўлур тош. Шакар нўш этса ёлғуз, топмағай баҳр, Бўлур қон оғзида, балки бўлур заҳр. Қаро сув ичсалар икки биродар, Курар шарбатча, балқи оби Кавсар. Ики ҳамдил еса, бир луқма нондин, Сучук билгай асалдин, балки жондин. Киши нондек қилур эҳсонда хўйин, Олур танур ичинда обрўйин. Қизил юзлук бўлиб чиққон замони, Тушар халқ оғзиға эхсони они. Кулуб меҳмон қошиға чиқғил, эй қул, Шажар мевадин олдин кўрсатур гул. Агар эхсон этар бўлсанг, эшит, ҳарф Ани ҳам жойиға қилмоқ керак сарф. Билиб бер жойиға кадди яминни, Зироат айлама, шўра заминни. Емон ерга ани сарф этма бори, Бўрини йирториға берма ёри. Нафси Шум Баёнида Кел э кас, бўлма акнун тобеи нафс, Сўлур ахшом сабо бу гардани ғафс. Ҳама тоатларинг хўбию софи, Яқин билсанг, эрур нафсинг хилофи. Қўяр кажликка доим нафси бад юз, Қачон ўт туз ёнар, ёлборсанг ўпуз. Эрур нафсинг димоғи турфа еллик, Қачон эллик қилур, ёлборсанг эллик. Ўзунг паст айласанг, нафсинг забардаст, Бошинг чайнаб солур чун уштури маст. Бурунға боди кибр эсмай бурундин, Бурундуқ сол анга, қўпмай ўрундин. Риёзат бандиға беркит оёғин, Кўтарма бошидин тақво таёғин. Йиқилиб қолмагудек бер емишни, Зиёда айла кам —кам қаттиғ ишни. Қўюб андозаи ҳолича юкни, Ибодат йўлиға кўндур бу лукни. Бу меҳнат бирла ул аммораи дун, На бўлгай, мутмаинна бўлса бир кун. Семиз кўб қилма бу тишлар итингни, Қутуриб ёрмағай ногоҳ бетингни. Йилонни асрадинг неча йил они, Улуғ бўлғон сари ўсти зиёни. Ўтубдур қўл била бўйнин тутардин, Хатардур куч қилиб бошинг ютардин. Етибдур қўйғоли кўксин юзунга, Кима дерсан, ўзунг қилдинг ўзунга. Дило, қўб, ҳоли ҳам тутма ўзўнг суст, Белингга боғла ҳиммат фўтасин руст. Таваккул сайфини сидқ илкина ол, Қил ични холис, андин сўнг қилич сол. Таажжуб билма фазли бебаҳодин, Халос этса мунингдек аждаҳодин. Ғараз —мундоғ адувни қилма фарбеҳ, Агар келса қўлунгдин қатъи сар беқ. Семурса нафс агар ичмак — емакдин, Юз онча эт олур яхши демакдин. Яна юқори ўтмакдин олур баҳр, Бу нафси жоҳила дунёйи бадқаҳр. Ўтарман деб, ўтарда бўлмағил шод, Ўтунг дейдур, ўтунг олғай бу жаллод. Киши билса ризо шаҳдини завқин, Билур бирдек мажолис тахту фавқин. Турар ўз ҳолида бисёру камда. Юрушин бузмағай ҳеч шоду ғамда. Киши кўрса Худодин жузву куллни, Билур хайрият ул иззату зуллни. Эрур ҳоло, ки тавба боби мафтуҳ, Ёмон нафсингни қилғил тобеи руҳ. Агар нафсинг сани етмиш бошингдин, На бўлғай фоида, етмиш ёшингдин. Агар нафсинг муродин истамаксан, Агар саксанга умринг етса, сак сан. Азал кундин агарчи хавфи йўқсан, Агар тўқсонга етсанг, кўнгли тўқсан. Азалдин қилса кимнинг кўнглини реш, Дегай ўш беш ёшин кўб, балки ўн беш. Банда Аҳдида Турмоғи Баёни Кел э содиқ, ки қилдинг сидқ лофин, Ўланча қилмағил ваъда хилофин. Хилоф этган забунлардин забундур, Бу дунёву у дунё сарнигундур. Халойиқ олдида кўтаҳ забондур, Худо даргоҳида андин ёмондур. Хилоф этсанг агар айғон сўзунгдин, Кўтар эркаклик отини ўзингдин. Додук қийғочи дасторингдин ортуқ, Санинг йўқ бўлғонинг борингдин ортуқ. Чиқармағил оғиздан қилмас ишни, Қилурман дема, қўлдин келмас ишни. Оғиздин чиқса сўз қайтармағил қош, Агарчи кетса ҳам, ул сўз учун бош. Керак, эрман деганни ваъдаси туз, Агар туз бўлмаса, андин кўнгил уз. Яқин билгил, ки тузликдин асони, Эранлар олдилар ўнг қўлга они. Хусусан туз керак, эр эътимоди, Бўлурми эгри ҳеч масжид имоди? Сўзин бузғон киши бузмасму иймон, У кимса бирла қилма аҳду паймон. Сўзин бузғон кишини яхши эрлар, Қусиб, қайта ани ичганча, дерлар. Қаю тоййиб китпи ичгай қайидин, Тириксан, қолмағил аҳдинг пайидин. Мабодо узсанг ақволинг, уқудинг, Тўкулуб қолмағай йиғғон нуқудинг. Ҳикояти Исмоил алайҳиссалом Халил ўғли, ки Исмоилдур, эй Саъд, Ани ёд этди Тангрим содиқул—ваъд. Анинг содиқлиғин, эй одамизод, Қилибдур бир ҳикоят қилғучи ёд. Борур эрди ўшал шаҳ бир тарафга, Йўлуқти мўмине ул бошарафга. Деди: «Турсанг бу ерда, эй неку кор, Уйимда, яъни баъзи ишларим бор. Бориб келсам, қўшулсам сизга минбаъд». «Турай»—деб ваъда қилди содиқул—ваъд. «Келурман» — деб қошидин кетган ул кас, Унутди ваъдасини, бўлди келмас. Қилибман ваъда деб, ул соҳиби роз, У ерда олти йил ўлтурди қиш —ёз. Ўшал ваъда унутқоннинг гузори, Етушди олти йилдин сўнгра бори. Ўшал ваъда учун турғонни билди, Уят боди билан тутдек тўкулди. Оғиздин дафтари аъзорин очди, Дурри ашкин оёқ остиға сочди. Забиҳуллоҳ анга лутф этди чандон, Эди чун ғунча гулдек, бўлди хандон. Сучук тилни анга сарф этди чун бол, Ана ваъда, ана афву, ана ҳол. Кишини ваъдаси ким бўлмаса рост, Муҳаббат аҳдин андин қилма дархорт. Ишонма айғониға, эй хирадманд, Агар чанди ки ул ёд этса савганд. Сўзин бузғон киши, бузмасму иймон, У кимса бирла қилма аҳду паймон! Агар тузлук била барпо бўлурсан, Алифдек жон ичинда жо бўлурсан. Агар каж бўлса афъолинг бу дундек, Қолурсан, балки қон остинда нундек. Қилич бошингга келса, айма ёлғон, Ўлумдиндур батар, чунки уёлғон. Агар ёлғончилиқда ўтса отинг, Қиёмат кун нечук бўлғай уётинг? Нажас мурдор эмас ёлғончилиқдин, Мусулмонлиқда шарм эт, бу қилиқдин. Шариат ҳукми бирла, эй неку рой, Гаҳе чин сўзни ҳам кўнглунга қил жой. Намимани ёмон айди шаҳи дин, Сухан чин бўлса ҳам бўлма суханчин. Яхши Ҳамроҳ Баёнида Кел э озим, агар бўлсант сафарда, Рафиқе тоб тариқи пурхатарда. Керакдур эр кўнгуллик яхши ҳамроҳ, Рафоқатға ярамас ҳар қаю доҳ. Нечук ким мағзини жонда тутар пўст, Муҳаббат йўлида андоғ керак дўст. Ўзин қул, ёрини султони билса, Ўзини тан, рафиқин жони билса. Оёғига агар тегса тикони, Қадалғонча кўзига кўрса они. Совуқ ел тегса йўлдошин юзига, Агар қўлдин келур, олса ўзига. Анго келди деган тири балоға, Қилиб жонин сипар, тутса ароға. Ёмон йўлдош эрур чун мори афъи, Зарардин ўзга йўқдур зарра нафъи. Ёмон бўлмай ва лекин бўлса номард, Қуруғ сурат эрур, қилғил кўнгил сард. Ўлукдур, бўлмаса ҳар кимда гўрда, Тирилмасдур кўтарғон бирла мурда. Эмас эрнинг нишони решу олат, Нишони ҳиммату ғайрату ҳолат. Ҳикояти Саъиду Саъд Саъиду Саъд қилди аҳди ёри, Сафар бўлди аларнинг ихтиёри. Дилу жондек эди, ул ики огоҳ, Қазодин оқдилар дарёга ногоҳ. Бирисин тутди маллаҳе, ўшал ҳол, Деди: «Қўиғил мани, ёрим қўлин ол». Муни қўйди, ани чун тутди мазбут, Бу ҳам айди: «Мани қўиғил, ани тут». Тамошо қил алардан аҳди ёри, Ана қавли дуруст эрларни ҳоли. Хавфу ражо хусуснда Кел э тан, бўл ҳамиша илтижода, Давомул —умр бўл, хавфу ражода. Кўтарма ҳеч ражову хавфдин раъс, Яқин бил, куфрдур, ҳам амну, ҳам йаъс. Санинг олдингда пайдодур ики йўл, Бири ўнг қўл сори борғай, бири сўл. . Киши билмас Қиёмат даштида, оҳ. Кетар банда ики йўлдин қаю роҳ? Агар сонсиз ато қилса Худойинг, Беҳишти Адн эшигин сурса пойинг. Қариш йўл қолса жаннат этгали тавф, Бурунғидин зиёда айлағил хавф. Наъувзу биллаҳ, ул борған йўлунгдин, Агар қайтарса, не келгай қўлунтдин?! Агар дўзах лабинда бўлса пойинг, Умид узма, ки Ғофирдур Худойинг. Ажаб эрмас, агар қайтарса андин, Насиб этса, беҳишти жовидондин. Агар устингдаки етти табақни, Кезиб дарс айласанг, етмиш сабақни. Малоикдек агар паррандадурсан, Яқин билгил, ки охир бандадурсан. Сани отингу зотинг банда бўлса, Нечук хавф этмасанг, жон танда бўлса. Эрур қулнинг иши - қўрқунчу зори, Қабул этмак Эгамнинг ихтиёри. Агар афв этмаса, бечорадурсан, Қаю йўл деса, анда борадурсан. Ҳикояти Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ким шаҳи дунёву диндур, Сифоти «раҳматан лил—оламин»дур. Замину осмонни халқу хайли, Яратилди ўшал эрнинт туфайли Ўқурда бир куни Тангри китобин, Ўқуди анда дўзахнинг азобин. Ул оят ваҳмидин кетди ўзидин, Йиқилди ерга ул дамда юзидин. Саҳоба ҳар қаю бир ҳола бўлди, Замину осмон дар нола бўлди. Замондин сўнг кўзини айлади боз, Саҳоба айдилар: «Эй маҳрами роз, * Сани халқ афзали қилди Худойинг, Муҳайё бўлди жаннат ичра жойинг. Сифотинг «раҳматан лил—оламин»дур, Худодин мунча қўрқунчинг надиндур?» Деди: «Гарчи расули жузву куллман, Нечук хавф айламай, зеро ки қулман». Агар юз минг башорат берса Борий, Керак қулдин ўшанча хавфу зорий. Кишининг исми зоти бўлса банда, Бўлурму фароғиййат қул деганда?! Худонинг Раҳматидин Умидвор Бўлмоқ Баёни Кел э тан, бермагил вақтингни қўлдин, Югур дарёйи раҳматга бу чўлдин. Гуноҳим кўб эрур деб, бўлма маъюс, Ажаб эрмас, агар афв этса Қуддус. Дилу жон бирла тавба қилсанг, эй ёр, Магар лутф айлагай, Донойи асрор. Агар лутф айласа, Саттори олам, Битар бир лаҳзада кори ду олам. Абасдин эмди йиғ лаб.титра йиғлаб, Тила жону дилингдин раҳмати Раб. Ҳавони паст этар ашкинг нужуми, Кавокибдур шаётиннинг ружуми. Юрак ёғин кетар бўлсун десанг боз, Қилур кўз ёғини ич ёғини оз. На давлатдур, келиб айбингга шарминг, Дили гарминг агар айрилса гар минг. Худонинг хавфидин бир қатраи ашк, Азозил олдида чандон бўлур рашк. Саодатлик киши еб доимо ғам, Кўзин Ҳақ хавфи бирла қилса шабнам. Ғараз, узма умид, эй толиби роҳ, Деди: «Ло тақнату мин раҳматиллоҳ». Ўтулмас чирки ширк, эй марди солик, Ўтар лутф айласа, «мо дуна залик». Ҳикоят Эшитгил, фосиқе ёнди гунаҳдин, Пушаймон бўлди аҳволи табаҳдин. Қилур эрди ёмон нафсин маломат, Гуноҳдин муддате эрди саломат. Ёмон нафси тақозо қилди ёна, Ёмонлиғ орқасидин кетди ёна. Саҳаргоҳе, уёнди ул гуноҳсоз, Пушаймон ўлди қилғон феълидин боз. Бўлуб эрди дилу жони била нарм, Ва лекин қилди бузғон аҳдидин шарм. Йўқ эрди заҳраси тавба қилурга, Яқин етди юроки ёрилурга. Нидое келди ҳотифдин ўшал ҳол: «Кейин боқма, ўзунгни илгари сол. Ҳамиша мағфират дарёсидур жўш, Даме обе ўшал дарёдин эт нўш. Агар чанди ки буздинг аҳди баста, Неча тавба этиб, қилдинг шикаста. Дилу жонинг била чун айладинг оҳ, Эрур тавбанг санинг мақбули даргоҳ!) Эшитди бул нидони марҳаматнок, Уриб наъра, яқосин айлади чок. Ўзидин кечди ва ужбу риёдин, Худойим қилди охир авлиёдин. Тараҳҳум бандага кўбдур Худодин, Умид узмак раво эрмас гадодин. Яқин бил, гарчи ғофирдур Худованд, Анго ҳам бўлма мағрур, эй хирадманд Ўтар деб ётмағил қонға бўёниб, Уёниб лутфига ўлтур суёниб. Агарчи лутфи кўбдур, қаҳри ҳам бор, Бошинг гар кўкка етса, қулсан, эй ёр. Сенинг олдингдадур чандон хатардин, Нечук ғофил юрурсан хавф этардин?! Иноят қилса Ҳақ ўлган замонинг, Узулса нури иймон бирла жонинг. Жавоби қабрни берсанг чу беҳроқ, Қиёмат кунга қўбсанг, юзларинг оқ. Тарозуға оғир келса савобинг, Агар ўнг илгинга келса китобинг. Жаҳаннам устидин ўтсанг саломат, Беҳишти жовидон қилса каромат. Булардин ўтмайин, эй одамизод, Нечук фориғ юрарсан, хурраму шод? Жаҳон кулгу ери эрмасдур, эй қул, Магар бу кулл хатардин отласанг, кул! Қазоға Рози Ва Балоға Сабр Айламак Баёни Кел э банда, ўзингни сол Худоға, Қазоға рози бўл, сабр эт балоға. Яқин бил, банда бўлса асли исминг, Худонинг мулки бўлса жону жисминг. Анингдур молу мулку, ҳар на бори, Нечук қилса, Ўзининг ихтиёри. Бўйунсунғил нечук ким қилса фармон, Бўлурму бандада ҳужжату бурҳон? Киши ким бўлмаса рози қазоға, Агар сабр этмаса, келган балоға. Агар шукр этмаса, Ҳақ неъматиға, Қачон лойиқ бўлур банда отиға? Худоға ҳар ишинг қилсанг ҳавола, Бўлур жаннат бу ўлтурғон қавола. Кўнгилда қолмағай дунё ғамидин, Олурсан баҳра ҳар ўтган дамидин. Қаю қулға муяссар бўлса бу ҳол, Агар оғу ичар, билгай ани бол Худонинг ганжидин бу бўлса яхши, Ризожў қул ани кўрмасму яхши? Ҳикоят Ғуломе олди Абдуллоҳи Ансор, Деди: Эй қул, отингни айла изҳор. Деди: Эй хожа, сен қўйсанг қаю от, Манинг отим ўшалдур, эй неку зот. Деди: Эй қул, севарсан қайси хўрак? Деди: Сандин не текса беҳдур, эй пок. Деди: Қайси кийим кўнглунгда марғуб? Деди: Сан қайсини берсанг ўшал хуб. Деди: Эй қул, надур касбингу коринг? Деди: Ҳар қайси бўлса ихтиёринг. Деди: Бори қилурсан қай ҳунардин? Оқузди ашкин ул қул чашми тардин. Деди: Эй яхшиларнинг шаҳриёри, Бўлурми қул деганнинг ихтиёри?! Агар амр айласанг, ҳар қайси юзга, Надур чорам, бўиунсунмоқдин ўзга. Эшитди хожа ул қулнинг сўзини, Йиқилди, ерга ва урди ўзини. Яқосин чок этиб дер эрди анда: Эй Абдуллоҳ, ки кўрдунг феъли банда. Ўзунгни сол Худоға жузву куллдин, Тариқи бандалик ўрган бу қулдин. Фақирларни ҳақир кўрмамак баёни Кел э нозир, мусулмон бўлса ҳар ёр, Назар қилма ҳақорат бирла зинҳор. Фақирни билма кам дунё элидин, Ҳадисе келди Пайғамбар тилидин. Деди: «Ал—фақру фахрий» яъни ул шоҳ, Нечук ортиқ кўрарсан ҳашмату жоҳ?! Амалдур яхши қулларнинг камоли, Вараъдур ҳашмату жоҳу жалоли. Эмас дунёси бўлғон бирла маҳбуб, Ҳисоби охират кам бўлғони хуб. Агар беҳ бўлса бўлғон бирла моли, Ки Қорун бўлғай эрди аҳли ҳоли. Қувонди неча кун дунё уйиға, Юборди моли бирлон ер қуйиға. Агар дунёси йўқдин бўлса эр хор, Муҳаммадға Билол бўлмас эди ёр. Муҳаммад ким набийларға эди тож, Ато қилди Худо ул кеча меърож. , Мақоми Сидраға етди у банда, Билол наълини савти келди анда. Балойи фоқага сабр этган инсон, Диёнат мулкидадур марди майдон. Агар чанди ки бўлсанг бебизоат, Сулаймонсан агар қилсанг қаноат. Қаноатдур кўнгилларнинг сафоси, Қаноат барча иллатнинг давоси. Қаноат ким табиби ҳар касалдур, Қаноат аҳлига оғу асалдур. Бировнинг ҳукми етса шарқдин ғарб, Бировнинг бошиға мўре қилур ҳарб. Ажал жаллоди кўксин айлағач чок, Қилур ҳар иккисин бирдек қаро ҳок. Бировнинг нуқрайи тиллоси мул—мул, Биров кўргани йўқ умрида бир пул. Муни муфлис демас, тонгла ани бой, Бўлур ҳар қайсиға зери лаҳад жой. Биров ўткарди умрин айш ила фош, Биров тотқони йўқ оғзи тўла ош. Ажал жон аччиғин кўрсаттач андак, Бўлур ҳар иккаласи кўрмагандак. Бировда бўлса доим меҳнату дард, Бировнинг кулфати бўлмаса бир гард. Алар бўлса ўлумнинг мубталоси, Бўлур ҳеч кўрмагандек ҳар иккалоси. Ғараз, ҳар қайда, эй фарзанди одам, Ема ҳаргиз ўгар дунё учун ғам. Хиёнатдин йироқ бўлмоқ баёни Кел э комил, камол этсанг диёнат, Кишига қилмағил ҳаргиз хиёнат. Хиёнат ким келур қўлдину кўздин, Оёғдин, узви пинҳондину сўздин. Муни билгай жамиъи одамизод, Эмас ҳожат, ки бир —бир айласам ёд. Хиёнат ким эрур пайдо кўнгилдин, Муни англа, диёнат берма қўлдин. Наким тушса кўнгулга ё кўзунга, Раво кўрмасанг ул ишни ўзунга. Раво кўрсанг мусулмонеға они, Муни дерлар хиёнатнинг ёмони. Қаю ишга ризо бўлсанг кўнгулда, Агарчи қилмадинг, бўлдинг у йўлда. Эрур исён ризоси чунки исён, Ризойи куфрдур —куфр, эй мусулмон. Мусулмон ўғлини кўрсанг кўзингдек, Зарарда, нафъда билсанг ўзунгдек. Қаю қулни мунунгдек бўлса ҳоли, Будир бешак мусулмонлиғ камоли. Агар чанди ки бўлса шубҳаи кам, Раво кўрсанг ани ўз нафсинга ҳам. Раво кўрма мусулмонеға зинҳор, Агар кўрсанг баногоҳ, айла изҳор. Хусусан, бермагйл тақволик эрга, Муғилон сепмагил, райҳонли ерга. Тақийнинг кўнглидур дорус — сиёнат, Сиёнатхонаға қилма хиёнат. Агар топилса неъмат олдиға соч, Ва гар бўлмаса, оғзинг узр учун оч. Агар минг халта берсанг, хилти кўб зар, Санго андин нечук суд, эй биродар. Агар берсанг ариғдин қатраи об, Эрур чандон савобдур, эй дурри ноб. Кишига берса ким моли ҳароми, Умид этса савоб, ул марди оми. Бўлур кофир умид этган ул инсон, Билиб, олиб, дуо қилғон ҳам ул он. Хиёнатнинг бири ким бўлди мавсуф, Билиб, қилмаса ҳар ким амри маъруф. Ва гар наҳй этмаса мункар ишини, иёнатлик дегил, андоғ кишини. Биров йўл билмайин юзланса чўлга, Билиб сан солмасанг гар яхши йўлга. Қаю инсоф эрур, қайси диёнат, Эрур андоғ улуғ бухлу хиёнат. Агар олдингда тифле бўлса ногох, Ёнар ўгға тушарин билсанг огоҳ. Узатмас бўлсанг анга дасти алтоф, Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф?! Жамиъи бандаи мўмин саросар, Эрурмиз бир — биримизға биродар. Биров чиқса тариқи охиратдин, Ўгурса юз мақоми мағфиратдин. Агар кўрсатмаса йўл кўрган инсон, Бахиллик мундин ўтмас, эй мусулмон. Сен айғон сўнгра туз бўлмаса ҳоли, Ўзининг бўйниға бўлғай ваболи. Очибдурсан биродарликни бобин, Топибсан амри маъруфнинг савобин. Агар келмаса қўлдин ё тилингдин, Ёмон кўр ул ишин жону дилингдин. Жувонмардлик нишони Кел э инсон, агар бўлсанг чин эрдек, Оғирлик пеша қил дунёда ердек. Агар тепса сани ҳар қайси мавжуд, Зиён қилма, тақи еткур анга суд. Юракинг қилсалар оҳан ила чок, Чиқар олдиға турлук неъмати пок. Агарчи олама сандин тегар нафъ, Ўзингдин қилма туфроғ отини рафъ. Отанг ердур, санам ердек қилиқ қил, Ёмонлиғ айлаганга яхшилик қил. Киши тош урса боша, эй хужаста, Кулуб боқғил юзига, мисли писта. Бу синдурмоқға дилтанг ўлма зинҳор, Умид улдур ки хуш кўргай харидор. Оёқ остида қолдим деб, дема вой, Бўлур чин коса, кўб тепку еса лой. Агар душманға дўстлуғ қилсанг изҳор, Бошинг ёрғон кишиларни десанг ёр. Ризо мулкида тамкин айлаган нос, Жафо олмоси тегса, қаттиқ олмас. Демас осиб ани, халқ урса осиб, Ва ё меҳнат жиболи ётса босиб. Жаҳолат аҳли қилмас кина таркин, Қачон дар кин бўлур, гар бўлса даркин. Агар рози, еса минг зарбаи яд, Дуони ҳаргиз анго қилмағай бад. Зарарга рози бўлмас ҳаргиз акмал, Ҳидоят бирла тавфиқин тилар бал. Сўлур кин гардидин ҳолат жамоли, Кетур гардин, керак гар дин камоли. Уҳуд тоғида бўлғон муҳораба Уҳуд тоғида Пайғамбар тишини, Шаҳид этди яна етмиш кишини. Ажаб кун тушди мўминлар бошиға, Умар келди Паямбарни қошиға. Деди йиғлаб: «Аё султсни аброр, Дуо қилғил, қирилсун барча куффор!» Ва лекин қилмади ул даъвати бад, Ҳидоятга дуо қилди Муҳаммад. Ўшал рўзе ки анбуҳ эрди куффор, Абу Суфёну Холид эрди солор. Ижобат бўлди Пайғамбар дуоси, Мусулмон бўлдилар ҳар иккалоси. Ул икки эр билан кўб аҳли туғён, Уҳуд кофирлари бўлди мусулмон. Чу Холид олди диннинг шаҳдидан баҳр, Мусулмон бўлдилар илгинда минг шаҳр. Ироқ ила Дамашқу, хиттайи Шом, Абу Суфён қўлида топти ислом. Муҳаммад олди олам хулқи хушдин, Муяссар қилмади олтун кумушдин. Агар сан марди соҳиб ҳимматисан, Расулуллоҳнинг хос умматисан. Тутарсан жон ила феъли набийни, Қилурсан ҳар маҳалда пайравини. Ҳикоят Баҳоул—Ҳақ вад —дини тоба масвоҳ, Авонеға йўлуқдилар баногоҳ. Авон бир сўз деди, ул банда бир сўз, Авон қўиди ёмонлиғ кўиига юз. Юзиға солди қамчин марди ҳоли, Қизил қон бўлди сунбулдек соқоли. Ўшал қонлик соқолин олди қўлга, Деди: «Ё Раб, муни сол яхши йўлга. Ғазаб қилма анго, қилғил иноят, Муҳимми ухравийсин қил кифоят». Бу сўзни англади ул марди бебок, Уруб наъра, яқосин айлади чок. Юзини ерга суртиб, нола қилди, Кўзининг ёшини чун жола қилди. Олиб ҳиммат асосин, кирди йўлға, Қўлин топшурди ул ҳимматли қулға. Худо ул бандага қилди иноят, Неча кун ўтмайин тоггги валоят. Ана хулқу, ана ҳилму, ана ҳол, Ана давлат, ана нусрату иқбол. Ана ҳиммат, ана хуллат, ана кор, Ана табъиййати султони аброр. Ёмонларнинг ишидур кина тутмоқ, Мусулмонлик — ёмонликни унутмоқ. Ўзининг нафсини кам айлаган нос. Ҳамиятда керак чун қаттиғ олмос. Ҳамият бобиди ўткармагай мард, Агар чанди ки ул иш бўлса бир гард. Ҳамият қайсидур билсанг батаъйин, Назар айла китоби мужтаҳидин. Эшон Сўфининг ёронларига видо қилганлари Биродарлар ки бизга қилдингиз аҳд. Олурмиз деб муҳаббат жомидин шаҳд. Топилмас бандада сиз истаган ҳол, Очилмас осийдин сиз айғон ишкол. Талаб қилманг, бу ноқисдин каромат, Кушуфоту, мақомату, аломат. Била олмам ниҳоний тарбиятдин, Олиб эрдим илик нафсониятдин. Пушаймонман паришон ўткан ишдин, Баҳору тийра моҳу ёзу қишдин. Пушаймонман илик олғонларимға, Тамаъ нониға қўл солғонларимға. Боринг эмди, ёронлар, ҳар қаёна, Юрунглар бир мукаммал эр таёна. Қуруғ қўл олғонимдин дар изоман, Азизе истангиз, сиздин ризоман. Мани деб қолмангиз ўз корингиздин, Уётлиғман сизинг рухсорингиздин. Боҳилл айланг, келиб кетгонингиздин, Елиб — югриб умид этгонингиздин. Кечурмас бўлсангиз ман қулдин, эй қавм, Менинг ҳолимға мушкулдур, сабо явм. Тониб мандин, таниб авроъ кишини, Тутунг маҳкам анинг қутлуғ ишини. Керак муршид деган, монанди уммон, Муборак ботини пур дурри маржон. Жаҳолат даштидин ким келса сувсоб, Анинг зоҳир сувидин бўлса сероб. Агар бўлса киши ким толиби дур, Чўмуб ботинға, жайбин айласа пур. Деманг, топилмағай бу нашъалик кас, Жаҳон айвони кенгдур, холи эрмас. Топилғонда мунунгдек лужжаи хос, Қани, ихлоси кўб ҳимматли ғаввос?! Чўмуб олғой илиға дурри мақсуд, Ва гар на қўл солиб, қочмоқ нечук суд? Агар сиз топсангиз бир яхши шаҳни, Хабардор айлангиз ман рўсияҳни. Қилай ман ҳам юзин кўнглум зиёси, Қадам туфроғини кўз тўтиёси. На бўлгай сиз биродарлар пайидин, Манга ҳам берсалар ваҳдат майидин. Эшон Сўфининг фарзандлариға насиҳат қилғонлари Таваллом улдур, эй фарзона фарзанд, Нигоҳдоринг сани бўлсун Худованд. Кўзумни равшани Содиқ Муҳаммад, Йироқ бўлсун кўзингдин дийдаи бад. Эшит, ман хастадин бири неча қавли, Йигитликка сани еткурса Мавди. Ёмон юрма, ёмон андиша қилма, Отангдек рўсиёҳлик пеша қилма. Яратғон Тангриға қилғил таваккул, Тамаъ қилма кишидин биргина пул. Тамаъ бир парча бўлса қилмағил рой, Бўлур бир парчадин юз парча бежой. Юзунгдин парда кам —кам бўлмасун паст, Ҳаёдин орий юзни ори бўлмас. Тамаъ бирла семургон нафси ғаммоз, Агар оғзин тилар бўлсанг, тилар боз. Ниқоби шарм очилмасдин бурунроғ, Ани берк айла, ҳар ёқдин тақиб боғ. Қаноат қил, маломат мулки бўлма, Отангдек халқу элга кулки бўлма. Паямбарлар фиъолидур қаноат, Анга вобастадур мажмуи тоат. Белингни боғла маҳкам, бўлма мафлуж, Кўзунг оч, карвоне қилдилар кўч. Белингни боғла маҳкам бандаликка, Отангдек қўима юз шармандаликка. Шарорат аҳлининг пайванди бўлма, Ҳаво бирла ҳаваснинг банди бўлма. Кичикликдин ибодатга бўйун қўи, Қиёматни ўиун қилсанг, ўиун қўй. Ажаб хушдур, кичикликдин бўлуб соғ, Бу кулмоғни қўйуб, ғамдин букулмоғ. Шабобе тўкса кўздин ҳар шаб обе Ани айнин дегил, раҳмат саҳоби. Риё гардини юқтурма этакка, Отангдек бўлма тобеъ нафси сакка. Тавозуъдин кўтарма юқори бош, Такаббур қилмағил монанди хашхош. Такаббур хотиринга келса филҳол, Азозил қиссасини ёдинга ол. Кўнгилнинг манзилин қил гўшаи фақр, Қиёмат зоди қилғил тўшаи фақр. Жаҳоннинг ҳирсидин қилғил ўзинг дур, Отангдек бўлмағил дунёга мағрур. Умид этгон кўзумнинг нури болам, Отангдек бўлмағил расвои олам. Агар чанди ки бўлсанг қўл—қанотлиғ, Худо даргоҳида бўл мискин отлиғ. Уруғлиғман дема, тонгла уруғ бор, Ҳисобу, номаву, вазну, сўруғ бор. Ўзингни айла кам, бўлгон сари кўб, Неча «ман кўб» деганлар, бўлди манкуб. Бўлуб хешу таборинг бирла магрур, Дема «ман зўр» агар дин бўлса манзур. Бу дунёдин агар ўтсанг қуруг лаб, Кўнгилга солма ҳаргиз ёди мансаб. Ўтар дунёда қар ким бўлса динлик, Бўлур мансабдин ортуқ хўшачинлик. Ажаб офат эрур жоҳи зарофат, Шар офатни била кўрма шарофат. Билиб дунё мақомин ғайри маъмур, Бўлур зийрак «вазирак» отидин дур. Кўтарсанг бошға ортуғ, бўлма ортуғ, Бўлур маълум сабо урса малак буғ. Худодин ҳар не келса, айлағил сабр, Отангдек қилмағил, ўз нафсинга жабр. Худонинг амриға қилғил итоат, Зиёд эт тоатинг соат—басоат. Муҳаббат фўтасини боғла белга, Отангдек умринги ўткарма елга. Ҳавас дунёда қилма мухтарамлик, Ва ле бўл ҳолинга лойиқ карамлик. Агар уч кунда топсанг парчаи нон, Ема ёлғуз ани, ярмин қил эҳсон. Агар бир йилда пайдо бўлса бир пул, Емас ёлғуз Худони истаган қул. Кетарни билса ҳар ким жойи танга, Емас танга ғамин бу нафси ланга. Жақон меҳрин кўнгилдин айла зойил, Отангдек бўлмағил дунёға мойил. Ишингни айлағил кун-кундин ақво, Худони суйганидур аҳли тақво. Агар тақво ишин қилсанг боихлос, Дегай, шояд, сани Ҳақ «бандаи хос». Агар бўлсун десанг, жону дилинг жамъ, Вараъ ойин бўлуб, илм ойин эт шамъ. Агар илму амал бир бўлса ранги, Ҳар ойина кетар ойина занги. Агар топсанг Худо даргоҳида қурб, Муҳаббат косасидин берсалар шурб. Саҳарлар қўб, кўтар дасти дуони, Тила мунглуғ ато бирла онони. Хотиматул-Китоб Кел Оллоёр, сўз кўтоҳ қилғил, Белингни боғла, азми роҳ қилғил. Қаро сангдур санинг аслинг қарасанг, Берибдурсан риё қони била ранг. Улум тўфони бу сирни қилиб фош, Агар ич бўлмаса, суд айламас тош. Қариб жисминг қарийб бўлдинг ҳавасга, Нечук шармандалик сан тусли касга? Оқарди соч, надомат ашкини соч, Яқонг ушла, даҳани маъзират оч! Ёлинг оқи асар қилмади ҳоло, Уёла юр, боқиб ҳар дам уёла. Ҳаво бирлан тузук иш қилмадинг ҳеч, Бўлубдур кеч, ҳавас бозоридин кеч. Санго айди ўшал пири кўҳансол: «Агар қол аҳлида топилмаса ҳол. Амал кам айлағай ўз қоли бирлан, Қолур иззату ҳурмат оли бирлан. Бўлур ортуқ ҳавас бирлан ҳавоси, Эрур ҳол ушбу иллатнинг давоси». Қалам қилдинг, қаро кўнглунгни қил оқ, Ўшал эрнинг сўзин ҳалқа қилиб тоқ. Қаро қон йиғладим, туттум қаламни, Туну кун эшитиб мандин оламни. Ўзунг қилмай кўнгил бозорини тай, Кишига сўзламак, то чанду токай. Агар бўлса кўнгулнинг ихтиёри, На бўлғай, қолса мандин ёдгоре. Битибсан форсий тилда китобе, Тамом анда масойилнинг жавобе. Ҳама фатвову тақвонинг баёни, Ўн икки мингдан ортуқ байти они. Дединг шайи қалили Туркий тилдин, Кеч эмди, албатта, бу қолу қилдин. Агарчи яхши сўз қанду шакардур, Хатосидин вале хавфу хатардур. Хатоси бўлмағай айғон сўзунгни, Тазарру ҳокиға сурғил юзунгни. Худоға зори қилғил, эртаву шом, Ишингни пухта қилғил, қолмағай хом. Ҳижоби мағфират ёпгай хатоға, Сазовор айлағай турлук атоға. Муножот Холиқо, қойилман ўз нуқсонима, Кўб жафо қилдим ўзимнинг жонима. Зоти покингдан иноят бўлмаса, Ҳеч ишончим йўқ амал қилгонима. Холиқо, қилдим фиоли гандани, Қилмагил расво мане шармандани. Сан агар раҳмат ниқобин ёпмасанг, Айби кўб, нуқсони кўбтур бандани. Холиқо, тўкдум ибодат тосини, Сан тузарсан банданинг кам — косини. Қулларинг булганса исён лойиға, Оқузарсан магфират дарёсини. Холиқо, қилдим гуноҳи беҳисоб, Тонгла сан сўрсанг, не бергайман жавоб? Ман очарман журму исён чеҳрасин, Сан ёпарсан афву раҳматдин ҳижоб. Холиқо, қилдим гуноҳи беадад, Жон берур ҳолатда Сан бергил мадад. Нафси шайтон илгидин қутқармасанг, Бўлди мушкил ҳолимизға, ё Аҳад. Холиқо, ё аввало, ё охиро, Нафси шайтон жонима бўлди бало. Гарчи Оллоёр ўгарчидур ёмон, Қўймағил душман қўлунда мубтало. Холиқо, по ишларим бош айлагил, Хирмони раҳмат манга чош айлагил. Мунда тавфиқим — чироғим қўлга бер, Анда иймонимни йўлдош айлагил. Холиқо, афв айла ўтган ёшима, Яхши қулларни ато қил қошима. Гўр ичинда келса ики сўрғучи, Анда сан раҳм айла ёлғуз бошима. Холиқо, ҳайф ўтди моҳу солимиз, Бўлмади нофеъ ийолу молимиз. Сан ҳисобимизни осон этмасанг, Рўзи маҳшарда не кечгай ҳолимиз?! Холиқо, кўнглумда дунёву дуни, Ман эрурман бандаларнинг озғуни. Гарчи банданг мунда бўлса рўсияҳ, Юзларин оқ айлагил Маҳшар куни. Холиқо, ёрлиқо халқи омани, Ўртада мандек маосий хомани. Ҳашрда ҳар кимга келса бир битик, Анда бергил, ўнг қўлумға номани. Холиқо, тутдум фароғат хобини, Истадим доим жаҳон асбобини. Гарчи Оллоёр эрур ғарқи гуноҳ, Оч анга ўлганда раҳмат бобини. Холиқо, кам айладим кўйи амал, Яхшилардек' юрмадим сўйи амал. Сан карам бирла Қиёмат даштида, Айлагил оғир тарозуйи амал. Холиқо, дийдамга ашк зори бер, Кўнглума доим муҳаббат ёри бер. Оби Кавсардин мани сероб этиб, Ҳам манга кўфрук ўтарда ёри бер. Холиқо, лутф айла жаннатун — наъим, Қилмағил ҳаргиз гирифтори жаҳим. Ман гуноҳлик қул эрурман, Сан ғофур, Ман хатолик бандадурман, Сан карим. Холиқо, туз айлагайсан роҳимиз, Мустажоб этгил дуову оҳимиз. Тонгла ҳайрон бўлса халқ ўз ҳолиға, Мустафони қил шафоатхоҳимиз. Холиқо, лутф эт гадойи зоринга, Бандадурман розиман ҳар коринга. Мағфират дарёсиға ғарқоб этиб, Кўзларим шойиста қил дийдоринга. Холиқо, умр айладим фоний билан, Эмди банданг зор айлар жони билан. Гарчи Оллоёр эрур зору забун, Жонни ол нури иймони билан. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Sabot ul-Ojizin [Soʻfi Olloyor] 7535 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21837 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |