Килеўпатра (ҳикоя) [Abdulhamid Choʻlpon] |
Eй Мисрнинг тангриси, Нилнинг маликаси Килеўпатра! Ойдин кечаларда, сирли Нилнинг бўйларида узун этакларингни майсалар, гуллар устидан судраб юруб янги очилғон вафо ҳидли нилуфар чечаги узубсан. Ўзингни елпиб турғу¬чи қулға чечакнинг фазилатларидан гапирганингни эшитдим: «Бу гул сувда ўсиб, сувда етишиб, яна сувда битадир», — дединг. Биламан, тенгсиз қиз, биламан. Нил суви билан ўсган нилуфарни қанча мақтасанг ҳам оздир. Менинг бағримда-да севги ҳидли бир нилуфар ўсмакдадир. Уни сувлаб ўсдирган, етишдириб турғон нарса меним «нилий» кўзларимнинг ёшидир. Не аччиғ, не заҳар, не тотлиғ — тўюб бўлмас тоти бордир унинг! Юзларингни энг оддий бир бозор қизининг юзларидай кўрксиз қилмоқ учун алам ҳидини соча бошлағон чоқда сергак бўл-да, менга яқинлашма! Юзлари қайғидан — сен узуб ташлағон Нил гулларидек — сўлғон ошиқларингга айт, келсинлар унинг севги ҳиди сочқон чоқларидаким, юзлари бурунғи аслига қайтсун! Гўзал Килеўпатра! Отанг фиръавннинг заҳарлари қадар аччиғ заҳарларни унинг кўк япроқларидан — истаганинг қадар — ола биласан. Ўзингнинг юзларингдек юмшоқлик ва малоҳатни яна унинг қизил япроқларидан эма биласан. Балки, эсингда йўқдир. Бир кун отанг билан чиққан овдан чарчаб, ўзинг ёлғиз қайтиб келдинг. Чарчағон бўлсанг-да қарамасдан югуриб Нил бўйиға тушдинг. Ўтган тонгда бир ҳиндистонли ошиқни тимсоҳнинг оғзига ташлаб берган жойингдан бир тўплам нилуфар чечаги йиғдинг. Ҳарам уйингнинг айвонидағи супачага жой солдириб ётдинг-да, ҳалиги гул тўпламини қизил ипак билан бошингға осдириб қўйдинг. Ўйчан, қайғили кўзларингни Нилнинг устида каби кўрунган ойға тикиб олиб, тўймаслик билан гулни ҳидлаб-ҳидлаб ва шунга алданиб уйқуға кетдинг. Тонгга ҳали йироқ эди. Ой ёғдусини бутун тўлалиги билан сепиб, ер юзини сутдек ёруғиға кўмуб ташлаш¬ға тилар эди. Миср — у сирлар ва яширинликлар уяси бўлғон Миср ўзининг бутун гўзалликлари билан бирга ухлар эди. Қатор-қатор фаллоҳ қишлоқлари, қатор-қатор эҳромлари, қатор-қатор абулҳавллари, хавф¬дан титраб турғон бани Исроилға махсус маъбудлари билан бирга ухлар эди. Нил — оппоқ оқариб, тала ўртасида илондек буралиб ётқон Нил ҳам кечанинг шу шарпасиз қучоғида жимгина ухлар эди. Отангнинг ҳашаматли саройлари, хурмозорлар бирга-бирга, бир тўплам ҳалокат, бир қора ғужум бўлуб ухлайлар эди. Сени елпиб турғон қулча елпиғичи билан, соқиянг косаси, чолғичи қизинг чолғиси, кеча тоғлардан олдирғон подачинг найи билан ухлар эди. Сенгина, сен — фиръавн қизи, даҳшатли фиръавннинг юмшоқ қизи — уйғондинг. Сени эркалатиб ухлатғон нилуфар гулларинг сўлғон эди: нозик қўл билан нозик ипини бир тортдинг — узулди. Гулни — ҳеч қизғонмасдан — ғужумладинг-да, бош томонингга ирғитдинг... тушди — кетди! Сен гулни ғужумлаган тинда бош томонингдан, боқчадан «оҳ» тортқон бир товуш келди; у бақирғон сенинг ошиқларингдан, эртага Нилнинг тимсоҳлар тўлуғ қучоғига киратурғон бир шаҳзода эди. Сен товушингни чиқармадинг, балки, эшитмагандирсан?! Гулнинг сўлғониға жонинг чиқар даражада қизиғон эдинг. Туруб бориб яна бир тўплам гул узуб келмакчи, унинг ҳиди билан тонг отдирмоқчи бўлур эдинг. Аммо буни қилмадинг, қила олмадинг, сўнг ортуқ тушунмакка, кўзингни бир нуқтаға тикиб оғир-оғир ўйланмоқға бошладинг. Бирдан турдинг, хизматчилардан бирини уйғотиб гулга юбормоқчи бўлдинг шекиллик, у ёқ-бу ёқға қарагач, яна ётдинг. Яна оғир-оғир тушунар эдинг. Нақ бошингда — айвоннинг пастида — қараб турғон мен секингина бошингға келдим. Сезмадинг. Секингина бағримдаги гулни олиб бошингға ташладим. Билмадинг. Унинг ҳидлари сени бўшаштира бошлади. Шул қадар бўшашган эдингким, сен Килеўпатра бўлуб бунча яхши ухламағон эдинг. Кун ўзининг ўткур тиғларини юмшоқ юзларингға санчғонда-да, уйғонмас эдинг. Ён-берингдагилар уйғондилар. Кўрдиларким, сен ҳеч бир турмишингда кўрулмаганча тўлуб, тошиб, қайнаб, роҳатланиб ухлайсан. Ҳеч ким уйғотишқа журъат қила олмади. Отанг фиръавндан сени сўраб келган кишига пойлоқчи кампиринг: «Ул кўб тотли уйқудадир», — деб жавоб берди. Бош томонингда эндигина бош кўтариб келаётқон ёппа-ёлғиз хурмо оғочиға суянганим ҳолда мен сени кузатар эдим. Мен сени-да, ён-берингдагиларни-да эркин-эркин кўрганим ҳолда, билмадим нима учундир, сенинг қулларинг, жорияларинг, оқсоч ва чўриларинг мени кўрмадилар ёки кўрсалар-да: «Бу-да бир бечора ошиқдир, бу-да эрта-индин Нилнинг қурбони бўлур», деб ўйлайлар эди. Фақат унлар янглишалар эди! Мен бош томонингда ўлтуруб сени кузатганим билан-да, кўзим — кўнгил кўзим сира сенда эмас эди. Меним кўзим ўзимизнинг мутакаббир, семиз, даҳшатли Амуда эди... Ниҳоят кўзингни очдинг. Бошингни қалдиратиб туруб эснаш-ҳидлаш, сезгининг бутун кучи билан гул исини эснадинг. Сенинг севгисиз бағрингға юмшоқлик сепиб турғон¬ гулим шул тинларда бутун борлиғи билан сенинг тегрангга севги ҳиди сочиб турар эди. Севгисиз кўнгилга севги ҳиди, билмадим, қандай хуш келди? Фақат, юзларингнинг тағин-да яшариб кетганлигини очиқ-ойдин кўрдимким, мана бу гулнинг таъсири эди. Ёнингдағилар ҳам сенга ва сендаги ўзгаришга тонгға қолалар, лабларини тишлайлар эди. Кўзларингда яна уйқу кўланкалари учқони кўрилди, яна ухламоқ истадинг. Фақат, ҳиди тегрангни қоплағон сўлмас гулнинг қайда эканини билмак истаги уйқу истагидан ортиғроқ эди. Шунинг учун-да бошингни қалдиратиб, кўзларингни ўйнатиб, тинсизгина уни излар эдинг. Ниҳоят сўрадинг: — Бу хуш ис қайдан келадир? Ёнингдағилар бирдан жавоб бера олмадилар. Бири — иккинчисига, иккинчиси учинчисига қарай бошлади. Фиръавн қизи эмасмисан — дарров ғазабинг чиқди: — Шуни ҳам билмайсизми? Мен сизни нима учун боқиб ўлтураман? Бир ҳабаш хотун дудулаб-дудулаб жавоб берди: — Боқчадан! Кулуб юбординг. — Хурмозордан! Яна кулдинг. — Нил бўйидан! Бу йўли аччиғинг келди: — Жим! Тентакмисан? — дединг. Тиндилар... Бир қизиқчи кампиринг бор экан, маймун каби қихихлаб келди-да: — Нариги дунёдан! — деди. Шарақлаб кулуб юбординг. Кампирнинг кайфи келди: — Нариги дунёдан деганим, яъни — гўрис¬тондан! — деди. Бу йўли кулмадинг. Бироз қовоғингни буруштирдинг-да: — Маъни бериш керак эмас. Бу хурмоға туз сепган каби бўлди, — дединг. Шунда мен сенинг ақлингни олқишлағон эдим. Бирдан ўрнингдан туруб, юзинг¬ни боқча томонга қаратиб тиз чўкдинг. Бошингдан бир болишни олиб ташладинг, орадан гул келиб чиқди, севиниб кетиб «Мана тобдим!» деб дарров қўлингға олдинг. — О-о... Бу гул ёт гулдир. Миср гули эмас! Ёнингдағилар яна тиндилар. — Қайдан келди бу? Ким келтирди? Яна жавоб бўлмади. Қизидинг: — Нимага индамайсиз? Тилингиз узулдими? Унлар қалтириб, титраб бир-бирларига қарамоқға бошладилар. Билдимким, сенинг аччиғинг ёмон қўзғалса, у заволлилар учун ёмон бўлар эди. Шунинг учун югуриб бошингга келдим. Ортиқ такаллуф қилмай, ортиқ ерларга эгилмасдан бошим билан ҳурмат саломи бердим-да: — Гулни мен келтирдим, у меним гулимдир, — дедим. Сен дарров сўрадинг: — Сен кимсан? Тинчгина жавоб бердим: — Мен бир адашиб келган кишиман. Кўзларинг оғули ҳаваслар билан менга қарай бошлағон эди. Бирдан юзингға жиддият кирди, шамол тезлиги билан юзимга: — Адашиб келган бўлсанг, йўл кўрсатсинлар, кет! — деган сўзни ташладинг. — Гулимни олайин-да, кетайин, хўп! — деб гулга қўл узатдим. Амирлар товуши билан бақирдинг: — Тегма, у гул мунда қоладир! Тўқтадим. Ўзинг кўзингни узмасдан менга қарай эдинг. — Йигит, сен ёмон тилак билан келмадингми? — Йўқ, тескарисидир: энг яхши ва тўғри тилаклар билан келдим. — Айт, нима учун келдинг? — Севганимга Миср нилуфаридан бир тўплам олиб келмак учун келдим. Бирдан уйғондинг. — Севганингми бор? — Бордир. Шошилиб-шошилиб сўрадинг: — Фиръавннинг қизи эмасми? — Йўқ. — Нил бўйида эмасми? — Эмас. — Қайдадир? — Аму наҳри бўйида. — Аму... Гул кимники? — Боя ҳам айтдим: меники. — Ким учундир? — У учун. — У кимдир? — У... менинг Килеўпатрамдир. — Жим! Мендан бошқа Килеўпатра йўқдир. — Сен Миср, Нилбўйи Килеўпатрасисан, у эса Ҳазарбўйи, Аму Килеўпатрасидир. — Жим! — Севгида жимлик бўлмас. — Гул Аму сувиндами ўсмишдир. — Йўқ... Кўзларимнинг ёшида ўсмишдир. — Оҳ! Кўзларингда томчи-томчи ёшлар кўринди. Бошингни ёстиқға қўйдинг-да, ўйга ботдинг. Бироздан сўнг ўрнингдан турдинг. — Ол гулингни! Олдим. Ўзинг олдимға тушдинг, менга «орқангдан юрмак учун» ишорат қилдинг, юрдик. Этакларинг ҳар-ҳар ерларни супуриб борар эдилар. Бир уйга кирдикким, зийнати мени тонгға қолдирди. Сен олтун оёқли юмшоқ супачага ўлтурдинг; сенинг ишоратинг билан мен ҳам ёнингға ўлтурдим. Сўз бошланди. — Нега Нилбўйи нилуфарлари тез сўлалар? — Унлар оддий гул бўлғонлари учун. — Сенинг гулинг нега тез сўлмайдир? — У сира сўлмас! — Нима учун? — Меним кўз ёшимда битиб, меним кўз ёшимда ўсгани учун. — Кўз ёш тубда аччиқдир, бу нимага аччиғ эмас? — Мунинг-да, аччиғ ҳид соч¬қон чоқлари бордир. Бу севги чечагидир, умидлик кўз ёшларини ҳам кўб эмгандир. Шунинг учун тотлидир. — Менга қолдириб кетмак истамаганинг нима учун? — Ўзимники бўлғон учун! Тиндинг. Фақат, кўзларинг эгри ҳаваслар билан тўлғони ҳолда менга қарайлар эди. Сенинг қарашларингда хиёнат оловларини очиқ сеза бошлағон бўлсам-да, тиндим. — Мен гулсиз қола билмайман. — Cенинг учун мундоғ гуллар йўқ эмас, бор. — Қайда? — Истасанг Нилнинг бўйларида, истасанг шаҳар кўчаларида. — Йўқ, ишонмайман — бўлмас, топилмас. Ҳам бу гулнинг эгаси бўлғон гўзал сира Миср Килеўпатраси каби бўла олмас. — Менинг қарашимда ундан ҳам ортиғдир. Бу жавобимга аччиғинг келмади, сўзни бурдинг: — Мен шундай гулни қандай қилиб топаман? — Нилга ташланғон, тимсоҳларга ем бўлғон ошиқларингда шундай гуллар бор эди. Сен жиддийлашдинг: — Йўқ, — дединг, — яхши ишонгилким, улар менга гўзал бўлғоним учун эмас, фиръавн қизи Килеўпатра бўлғоним учун «ошиқ» эдилар. Биргина киши бўлсун чин севиш билан севгани йўқдир. Агар сенга ўхшағон бўлсалар... Мен уларни Нилда эмас, кўзимнинг қоралари орасида сақлар эдим... Мен уларни биламан: улар бир қўрқув олдида мени унуталар. Шунинг учун мен уларни қўрқинч тимсоҳларга ем қилдим. Сенда бу йўқ. Сен фиръавн қизи Килеўпатра ёнида турғонинг ҳолда... — Аму бўйида турғон кабиман. Жим бўлдик. Сўзни мен бошладим: — Боқчангда бир ошиқ бор, чин ошиқдир. — Сўзлама! У мени эмас, менинг жорияларимдан лублонли бир қизни севадир. Шунинг учун мен унга тегинмадим. — Шундайми? — бармоғимни тишладим. Шул вақтда кўзим кўзингга тушди; ёмон қўрқинч тус олғон, қизиғон эди. Ҳар иккаласидан хиёнат тўлуб-тошар эди. Қўрқа бошладим. Локин яна тиндим... Кичкина бир ишоранг билан уйда ҳеч ким қолмади; пардалар тушди, нариги ёқда ингичка чолғи товуши аралаш қизлар қўшиғи эшитила бошлади. Танингда бир ҳовлиққанлик сездим. Ўзимда-да чолғининг таъсири билан бир тўлқун бошланди. Чол¬ғи, сездимки, эҳтирос куйини ўйнар эди. Муни сенинг хоин, кулган ва қуюқлашғон кўзларинг ўйнаб-ўйнаб кўрсатар эди. Чолғи бир даражага етдиким, мен бўшашиб секингина ёнбошладим. Бу чоқ сенинг танингнинг ўтдек қизиғони ҳолда менга яқинлашқонини билдим. Қалтирар, қўрқар, кўз олдимда ўз Килеўпатрамнинг хаёлини истар эдим. Оҳ, хиёнат дамларида ул нечик келсун! Яна гул кўмагимга етди. Сен — мени ўзингнинг эҳтирос кучинг билан маст қилиб — гулимни ва йигитлигимни тортиб олмоқ истаган эдинг. Ишни шул даражага етказган эдингким, менда қаршилик қилмоқ учун куч қолмағон; мен бутун эҳтиросим билан хоин танларингга илондек ўралиб кетган эдим... Бирдан гул ўлимлик ҳидини сочди. Мен уйғондим, эҳтирос танимда ўз-ўзидан эриб йўқ бўлди. — Сен — юзларинг сўла бошлаб — бўшашиб йиқилдинг. Мен гулимни қўлга олдим-да, тўғри Нил бўйига чиқдим. Ўзимнинг гулимни Нилнинг сувларига, кўкат-майсаларига «кўст-кўст»лаб юруб, ўз Килеўпатрам учун бир тўплам нилуфар йиғдим-да, йўлимға кетдим... Мен Аму бўйиға етганимда орқамдан бир каптар учуб келди ва сенинг шу хатингни топширди: «Йигит! Мен бутун дунёға машҳур фиръавннинг қизи гўзал Килеўпатра бўлғоним ҳолда чин ва соф бир севги учратмадим. Чин муҳаббат эгаларининг кўз ёшларида етишатурғон¬ узоқ умрли, вафо ҳидли нилуфарни сенинг қўлингда кўрганимдан бери кўрмадим. Оҳ, унинг мен ухлаёлмай ётқон чоғимда сочқон ҳидлари қандай эди? Сира англаёлмайман. Сен «севги ҳиди», дединг шекиллик. Оҳ, агар севгининг бир чечагидан чиққон ҳиди шундай бўлса, унинг ўзи қандай нарсадир? Кошки сева билсам, ўзимнинг энг ҳақир кўрган қулимни бўлса-да сева билсам! Сени севдим, деб ўйлағон эдим, ўзинг кетгач билдимки, у сенга — сенинг йигитлигингга бўлғон шоҳона бир муҳаббатгина, бир ҳавасгина экан... Оҳ, ул гулингга нима деяй экан? Агар ул ёмон ҳидини сочмаса, бир зумда пайдо бўлғон тентак бир ҳаваснинг қурбони бўлур эдим. Софлигим кетар эди. Оҳ, у софликнинг ҳақиқатда нима аҳамияти бор? Бўлди нима, бўлмади нима? Тубда софликни-да сақлаб қолатурғон муҳаббат керак эмасми? Менда у йўқ... Шунинг учун софликнинг аҳамияти ҳам йўқ... Тахтнинг, салтанатнинг қайғидан бошқа яхшилиги йўқ... Гўзал Нилнинг гўзаллиги йўқ... Хурмо ўрмонлари ваҳший... Нилуфарлар вафосиз... умрлари беш-ўн нафас... Кел, менга соф муҳаббатдан бироз сўзлаб бер! Eнди эҳтиросга берилмайман, кел. Мен-да соф севиб, севилмоқ истайман... Миср, Нилбўйи. Килеўпатра». Гўзал Килеўпатра! Хатингни олдим. Аму кўпурмишдир, тошмишдир. Амунинг тошқини ўзимнинг Килеўпатрамга-да, сенга-да йўлни тўсди. Гулим ҳам ҳозир етим қолди... 1921 Изоҳлар фаллоҳ — Миср деҳқони; абу ҳавл — арабчадан сўзма-сўз таржимаси «қўрқувнинг отаси» деган маънони билдиради. Қадимги Мисрда ясалган боши одам, танаси шер шаклидаги ҳайкаллар(сфинкс); қизғонмасдан — аямасдан; тинда — бу ерда вақт, лаҳза маъносида; қизиғон — жаҳлланган, ғазабланган; тушунмак — бу ерда ўйламоқ маъносида; эснадинг — бу ерда ҳидламоқ маъносида; тинсизгина — жимгина; тубда — аслида. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62661 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59747 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23788 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23364 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19835 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |