Ҳаётга қайтиш (ҳикоя) [Xursandbek Toʻliboyev]

Ҳаётга қайтиш (ҳикоя) [Xursandbek Toʻliboyev]
Ҳаётга қайтиш (ҳикоя) [Xursandbek Toʻliboyev]
1
Апрел ойининг охирги кунлари эди. Дераза ташқарисида қушлар галаси у ёқдан бу ёққа учиб ўтар, «виж-виж»лаб, ёқимли овозлари осмону фалакни тўлдириб чарх урарди… Саккизинчи хонада ётган беморнинг идроки ҳеч нимани англай олмади. Бир пайт қабоқларини очди. Бу Жавоҳир эди. Йигит хушига келиб кўзларини очганида атрофида гирдипалак бўлиб, алланималарнидир гапириб ишлаётган оқ халатли ҳамшира қизга кўзи тушди. Тушди-ю, ўзининг шифохонада ётганлигини ҳис этди… Хаёлига эса кечагина отасининг оҳу зори келди: «Кетмагин болам, эрта саҳар йўлга чиқсангизлар ҳам манзилга бемалол етиб борасизлар. «Ботарга кетма, отарга кет» деган нақл бор. Ўзи икки-уч ойда бир марта келасан. Бир кунгина, атиги бир оқшом қолақолсанг бўлмайдими? Борасан ўша шаҳрингга. Жон болам кетма» демаганмиди менга отам. Мен нолон эса отамнинг айтганига кўнмасдан йўлга равона бўлиб ўтирибман. Қайси иблис йўлдан оздирди мени? Ё қисматми бу? Билиш қийин…»
Бироз шу кўйи хаёл қилди-да:
— Мен қаердаман, - деди шивирлаб ҳамширага.
— Сизми? Бизнинг ёнимиздасиз, -деди жавобан.
— Менга нима бўлди?
— Ҳеч нима. Фақатгина юз-кўзларингиз оз-моз лат еган, холос. Бу жуда қўрқинчли эмас, ҳа демай ҳеч нима кўрмагандек бўлиб кетасиз, - деди қиз.
— Нимага оғзим дурустроқ очилмаяпти, ёки иякларим синганми? Тишларим ҳам худди тўкилиб кетаётгандек. Бошим айланаяпти шекилли. Негадир мадорим ҳам йўқ. Ахир бугун устознинг туғилган куни эди-ку! Мен у кишини муборакбод этгани уйларига боришим керак эди. Бирга ҳасратлашадиган, қувончига ҳамроҳ бўладиган кун эди, ахир бугун. Сал тушунтириброқ айтинг, менга нима бўлган ўзи?!
— Жуда ҳам серсавол йигит экансиз. Мабодо журналист-пурналист эмасмисиз? –деди ҳамшира, тумба ичига дори-дармонларни бир-ибр тахлаб соларкан.
— Ҳа, бўлғуси журналистман. Сиз ҳақиқатан ҳам журналист билан гаплашаяпсиз.
— Ундай бўлса шеър ҳам ёзарсиз?- синиқ жилмайди ҳамшира қиз.
— Тўғриси, шеър ёзмаганимга ҳам олти ой бўлди. Лекин кўнглим тўлиб юриб эди, шу кунларда. Ёзсам ҳам биратўла бир дафтарни тўлдириб ташлашим тайин.
— Муҳаббат туйғуси инсонни инсондек яшашга чорлйди-да, бу ҳақда шеър ёзмай бўладми? Қайси бир ижодкорни олманг, ёзганларининг лоф бўлмаса тўқсон фоизи, ўша ишқ, ўша айрилиқ ҳақида…
— Сизники-чи?
— Висолга етолмаган ошиқнинг мунгли ноласи! Қалай бўладми? – деди анчайин ўзига келиб қолгандан кейин йигит.
— Яхши. Фақат ёзган билан ёзганнинг фарқи бўлади. Умр бўйи «ўлдим-куйдим»дан нариёғига ўтолмайдиганлар ҳам учраб туради. Мен шундай шеър ёзсангки, ўқиган одамда ҳаётга умид, яшашга рағбат туғдирса. Шундай шеър эшитсангки, кўнглингга бир кам дунё тўла, мукаммал, орзуларга лиммо-лим, хаёлингда яшаш бахт, саодат эканлигини англаб, ҳис этсанг!
— Сиз худди устозларимга ўхшаб теран фикралар экансиз. Янлишмасам сиз филолог, адабиёт илмининг одамига ўхшайсиз, бунга шубҳа йўқ.
— Янглишасиз, мен асли ҳис-туйғулар оламидан йироқ, яъни ҳақиқий медикман.
— Ишонмайман, - деди йигит.
— Нимага? – жиддийлашди қиз.
— Сабаби медикларда кўнгил йўқми? Улар инсонни ярим дори, ярим ширин тил билан даволайдилар-ку? Уларнинг қалби кенг ва ширинсухан бўлиши кераклигини наҳотки унутган кўринасиз?
— Билмадим. Энг тошбағир инсон медик менимча. Жонингни аямасдан, ачинмасдан, қорин-порнингни кесиб, чавақлаб ташлайди.
— Натижада касал тузалади-ку?
— Бўлиши мумкин, лекин мен медик соҳасига адашиб кириб қолганман. Орзуларим умуман бошқа-бошқа эди. Мен ойнаижаҳонда чиқиб, сухандонлик қилишни ният қилардим. Тақдирнинг найрангларини қарангки, оппоқ халат кийиб, энг масъулиятли ва оғир касбнинг этагидан тутишга мажбур бўлдим.
— Буни найрангга йўйманг. Худонинг истагини сиз қандайдир найрангга йўяпсиз.
— Сиз ҳам худди дадамдек бир нарсани ушласа юбормайдиган хилидан экансиз, қани нарёғингизга хиёл ўгирилинг-чи?
— Нима қиласиз?- саволга-савол билан юзланди йигит.
— Укол санчаман!- деди қиз, майда киприклари «пир-пир» этганича…

2
Дори қаттиқ таъсир этган кўринади, Жавоҳир қабоқларини юмди. Ҳамшира қиз ҳам секин оёқ учида юриб, даҳлизга чиқди.
Ўша куни тонг саҳари, яъни 24 апрел куни олис қорқалпоқ диёрининг олис бир овулидан келаётиб йўлда тасодиф туфайли автоҳалокатга учраган Жавоҳир ва бир-икки кишини Худо бир сақлади. Машина билан тўқнашиб кетган тарактор қирқтага бўлиниб, сочилиб кетди. Машинанинг эса пачоғи чиққан эди. Уларнинг бундай нажот кутиб, беҳуш ётганларини кўрган қишлоқнинг чўпон йигити даров тез ёрдам машинасини чақиртириб, уларни шу атрофдаги шифохонанинг реаниматсия бўлимига жойлаштирган эди. Ҳеч кимга жиддий жабр этмади деб бўлмасди ҳам, ким қўл-оёғи синди, яна бири бошидан жиддий лат еди. Ўша бошидан жароҳат олиб, тиш ва бурун суяклари синган Жавоҳир эди… Шифокорлар югур-югур қилишди. Бир амаллаб, жонига оро кирди уларнинг. Роппа-роса олти соатлик илҳақликдан сўнг Жавоҳир ва ёнидаги шериклари бирин-кетин кўзларини очиб, нима рўй берганини ўз ҳамшираларидан сўрай бошлаган эдилар…

3
Бирон соатдан кейин Жавоҳир уйқудан уйғонганида ҳалиги қизнинг яна бир нималар қилаётганига кўзи тушди. Қиз жуда сезгир кўринади. Ҳатто орқасига ўгирилмасданоқ, беморнинг уйғонганини билиб, - яхши дам олдингизми, оғриқлар сезилмаяптими? –деди.
— Раҳмат. Анчайин яхшиман. Шерикларим ҳам тузукмилар? –негадир лаблари қалтирар эди.
— Ҳеч ким ҳеч кандай жиддий жароҳат емаган. Худо сизларни бир қайтариб берибди. Кайтадан туғилдингиз десам ҳам бўлаверади. Машинангизни кўрган одам «бундан соғ чиқиши даргумон» дейишаркан. Ростдан ҳам машина бир қисим бўлиб қолганмиш. Шукур қилинг, бундай мусибат инсонни яксон қилади, бир инсон умри хазонга айланади…
— Сизга раҳмат, синглим. Айтганча исмингиз ким? – сўради йигит.
— Моҳира, Моҳира Маҳмудовна деб, мурожаат этишади.
— Чиройли исм экан, худди менинг ёқтирган қизчамга ўхшаркансиз, у ҳам сизнинг қуйиб қўйган ўзингиз. Аввалида сизни у деб ўйлабман. Кейин чеҳрангизга аниқроқ тикилиб қараган эдим, чап юзингизда бир дона қора хол йўқ экан. Унда Кумушбибиники янглиғ чап юзида бир дона холи бор.
— Роса кузатувчи йигит экансиз, - деди қиз.
— Ахир йигит қизни кузатади, қиз эса йигитни, умуман, ҳамма ҳозир бир-бирин кузатувда. Кузатув ҳаётнинг бир маромда кечишини таъминласа керак-да? Кузатилмаса, қиёмат қойим бўлиши ҳеч гапмас. Одамлар ҳаттоки, табиат мўъжизаларини ҳам кузатишади. Уларнинг махсус қўриқчилари ҳам бор экан. Ўйлашса керак-да, афсонавий девми, аждарми, тошни ёриб чиқиб қолишидан.
— Тўғри айтасиз, яна журналистлик касбингизга бораверасиз-да. Хўш, яхши йигит, севгилингизнинг исми ким экан, билсак… бўладими?
— Исми Нилуфар. Нилууу деб, чақираман.
— Сизнинг бу аҳволга тушганингзини биладиларми? Эшитгандир-а?
— Балким. Эшитса телефон қилмайди ҳам. У жуда ғурури баланд қиз. Мен йўқласам бор, бўлмаса, йўқ. «Олма пиш, оғзимга туш» деб ўтираверади.
— Телефон қилишга ботинолмаса керак-да? –сўради қиз.
— Нима учун?
— Сиздек зиёли инсонни тушуниш ҳазилакам гапми?
— Йўқ, у мени сўзсиз, садосиз тушунади. Лекин «телефон қилмайман» деб, аввалдан айтиб қўйган, сабаби ойисидан қўрқади.
— Қаттиқўлми?
— Эҳ, айтманг, жуда қаттиққўл, қизларини кўчадан бир қадам нарига чиқаришмайди. Маҳкам ушлаб ўрганган.
— Тўғри қилади. Менинг ойим ҳам худди шундайлардан. «Кўчада ялло қилиб юргандан кўра, уйда у бу ишларни қилиб ўрган» деб, миямга қўйгани-қўйган. Сиз агар ҳақиқатан ҳам ўша қизга уйлансангиз, унинг билан бахтли бўлишни истасангиз, яхши қайнонага учрадим деб, дўппингизни осмонга ирғитаверинг?
— Ростдан шундайми?
— Албатта! Сиз оналарга ҳам осон тутманг-да?
— Ёшингиз неччида? – сўради жиддий қиёфага киришиб Жавоҳир.
— Кечириб қўясиз, биз томонларда қиз боладан ёши сўралмайди, уят бўлади…
— Масалан мен сиздан сўрасам мақсадга мувофиқ. Чунки…
— Тушундим, - деди йигит, сўнгра – ёши нақ йигирманинг устида Нилуфарнинг...
— Жуда яхши экан. Ўзингиздан анчайин кичик бўлса керак-а?
— Ҳа, шундай, атиги олти ёш…- синик жилмайди йигит.
— Майли сиз билан жуда кўп гаплашиб юбордик. Аслида гапириш мумкин эмас эди. Сиз ахир бошдан лат егансиз. Мен қоидани бузганим учун бош шифокордан танбеҳ ҳам олишим тайин. Энди менинг вақтим тугади. Ўрнимга бошқа бир ҳамшира қиз келади. У мен каби гап сотадиганлар хилидан эмас, камгап, камсуқум қиз. Истайманки, сиздек зиёли журналистлар у билан ҳам муомалага киришиб кета олади…
— Раҳмат сизга.
— Сизга ҳам.
— Лекин мен сизга ўрганиб қолдим-да!
— Ҳеч қиси йўқ, ўтиб кетади. Сиз ўзингизни яхши ҳис этсангиз бўлди. Менга шу керак.
— Илтимос, телефонимга смс келди шекилли, очиб берасизми?
— Майли! Беринг-чи? – деди ва қўлидан телефонни оларкан, иккала бармоқлар бир-бирига тегиб кетди. Иссиқ тафт бир зум муаллақ қотиб турди. Кўз-кўзга тушди. Сўнгра секин қизнинг нозик қўллари Жавоҳирнинг билагидан сирғалиб чиқди. Моҳира телефонга келган смсни очиб ўқиркан, бу ўша Нилуфардан келганлигини фаҳмлади. Кейин:
— Ўзим ўқиб берайми?- деди Жавоҳирга жоду кўзларини тикиб.
— Ихтиёр ўзингизда, мен рози… - деди нима ёзувлар борлигини эшитгиси келиб йигитнинг.
— Унда эшитинг: «Салом Жавоҳир ака, мен бу тасодифни кеча эшитдим. Сизга нима бўлди. Ҳозир яхшимисиз. Реаниматсия бўлмида деб эшитдим. Сизга соғлиқ тилайман. Хавотир олманг, ҳали хаммаси олдинда, яхши бўлиб кетинг…Н».
— Ана кўрдингизми? Сизни у чиндан ҳам севар экан, у сиз ҳақингизда эшитиб қайғураяпти. Ким билсин, чека-чеккароққа чиқиб, тўлган юрагини йиғлаб бўшатаётгандир…
— Бўлиши мумкин.
— Майли мен кетдим. Энди кўнглингиз жойига тушдими?
— Ҳа, жуда ҳам…
— Хайр!
— Хайр, омон бўлинг Моҳира!


4
Йигитнинг тилига илкис: «Сен… Сен ўзгарибсан, Нилуфар. Ишқилиб ўзгарганинг рост бўлсин!» деди.
У узуқ-юлуқ кечаги воқеаларни эслашга уриниб кўрди, натижа ҳеч нарса эсига тушмади. Ҳамшира қиз тинчлантирувчи дори қуйган кўринади. Тиник фикрлари уммонида хаёлга толди йигит. «Устоз!» деди пичирлаб. «Устозининг туғилган куни. Йигирма тўртинчи апрел бугун, ахир. Мен боришим керак эди. Устознинг санъат ва адабиёт ҳақидаги фикрларини олишим керак эди-ку? Ҳамдарду, ҳаммаслагим, меҳрибон инсонимнинг шундай ажойиб кунида ёнларида бўлолмаганим алам қиляпти… Устоз эштиса нима деб ўйламайди. «Бузоқнинг бемаслаҳат югургани сомонхонагача» деб танбеҳ берадими ёки бундан баттаридан худо асрасин деб, ҳамдардлик билдирадими? Билиш қийин. Лекин шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, устоз ҳеч качон ярим жон ҳолатда ётган инсонга, аниқроғи мусибат тушган чоғингда фақат ва фақат дилдорлик кўрсатиши аниқ. У киши жуда мураккаб инсон-да! Инсон дедим, ўзимдан узоқлатиб, инсоним дегим келади…»
— Ўйлаб ўйимнинг тагига етолмай қолдим. Устознинг юзига қандай қарайман энди – деди йигит, - балки бир хат-хабар жўнатиб, икки оғиз ширин сўз табрик йўлласам ҳам мени тушуниб қолар... Йигитнинг бармоқлари қалтираб телефонидан смс ёза бошлади.
«– Ассалом устоз! Мени бугун ёнингизда бўлолмаганим учун узрим бор. Сизга соғлик, узоқ умр, иш ва ижодий фаолиятингизда омадлар тилаб қоламан, яхши ўтказинг, деб шогирдингиз Жавоҳир!»
Хат етиб борганлиги ҳақида хабар келди. Йигитнинг қабоқлари юмилди, чуқур-чуқур нафас олди. Ўзининг бундан беш дақиқа олдинги ўша самимий ҳамишира қиз бор пайтдаги кайфиятидан асар ҳам қолмаган эди. У кутардики, устоз қандай жавоб йўлларкан деб. Орадан икки дақиқа ўтмасиданоқ телефон ёқимли овоз чиқариб хат келганлиги ҳақида хабар қилди. Йигит лаблари титради. – Ишқилиб, кайфият боп жавоб келган бўлсин-да, - деганича смсмни ўқий бошлади: «Раҳмат Сизга шогирдим. Аммо бугун ёнимда бўлмаганингзидан сира хафа эмасман. Сизга омонлик, тезроқ тузалиб орамизга қайтиб келинг!» Смсмни ўқиркан, хаёлида о, бир пайтлардагидек устознинг нурли чеҳраси кўз олдида жонланди. - Устоз! Ёлғиз угина мени тушунади. Худди ўз ўғлидек меҳр-мурувват кўрсатади. Менга қилган яшгиликларини бу дунёда қайтаролмасам, у дунёда қайтараман, - деди йигит. Инсонннинг кўнгли каби азиз ва мўътабар хилқат бўлмаса керак бу дунёда. Кўнгил – инсоннинг ботини, ҳам зоҳири – яшаш аъмоли ватанидир. Усиз инсон ташландиқ уй каби ёки кимсасиз саҳро каби жуда-жуда ёлғиз ва юпундир... Ҳа, худди шундай. Бошқача бўлиши мумкин эмас… Асло!!!» Жавоҳир анча вақтгача ўз-ўзи билан гаплашиб ётди. Унинг табиати шундай. Хаёл… хаёл унинг ёлғиз яқин ҳамроҳи…
Тағин севимли машғулоти – шеър айланарди унинг тилида.

Август-сентябр, 2011 йил.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика