МАН, ЯНА МАН....

Ким мен деб йиғлади, кимдир кечирди,
Кимнинг дарди менга оғу ичирди,
Кимдир юрагидан буткул ўчирди,
Охир ҳаммасига бир-бир кўндим ман ,
Бир сени ўйласам, фақат ёндим ман.

Юракка нимадир ботиб бормоқда,
Аламлар қатма-қат ортиб бормоқда,
Бориб-бориб бағрим қотиб қолмоқда,
Хаттоки дунёдан, совиб қолдим ман ,
Бир сени ўйласам, фақат ёндим ман.

Кўнглим чинор каби куйиб қолибди,
Ишқ дарди ичимни ўйиб олибди,
Тагидан янги бир ниҳол унибди,
Япроқларин силаб синиқ кулдим ман,
Бир сени ўйласам, фақат ёндим ман.

Келиб кўр кўксимда нишлар изи бор,
Тилларим учида тишлар изи бор,
Елкамда иккита қушлар изи бор,
Қуш эдим қайларга билмай қўндим ман,
Бир сени ўйласам, фақат ёндим ман.

Бунақа дард билан яшаб бўлмайди,
Юряпман, бир жойда тўхтаб бўлмайди,
Аввалги Аҳадга ўхшаб бўлмайди,
Ҳамма жароҳатим бир-бир кўмдим ман,
Бир сени ўйласам, фақат ёндим ман.
Ман, наҳот яна ман, севиб қолдим ман...

Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика