Сен кечирдим десанг . . .
Ҳаммасига . . .
Ҳаммасига чидайман . . .
Умрим ўтиб кетсин ёмғир остида,
Юлдуз нималигин майли унутай,
Булутлар уюми бошимда турсин,
Қуёшнинг исмини майли эшитмай.
Тушимда ҳам кўрмай ойнинг рухсорин,
Нафасимдан зулмат шарпаси келсин,
Кўзларимда синсин умид учқуни,
Юрагимда армон денгиздай тўлсин . . .
Изтироб, Изтироб, Фақат изтироб,
Тиканлар устидан юрарман гулдек.
Илонни булбулдек ошно этарман,
Қулларга эҳтиром этурман қулдек.
Майдонларда асло, Асло кўринмам,
Ҳеч ким учратмайди мени шаҳарда.
Сир, Сир, Сир, Фақат сир . . .
Дунёйим ичра,
Нонушта қилурман ҳар тонг заҳардан.
Фақат . . . Сен кечирдим десанг . . .