﻿###################
Sever.UZ
http://uzsmart.ru
http://ka4ka.uz
http://sever.uz
##################
УЧИНЧИ БОБ. 
«ТУНГИ РИЦАРЬ» АВТОБУСИ


Гарри Магнолия (Магнолия – йирик хушбўй гулли доим яшил дарахт ёки бута) кўчасидаги пастқам тўсиқ устига ҳорғин, мадорсиз ўтиришдан олдин бир нечта кўчадан юриб келди. Сандиғи оғир бўлгани учун ҳансираб қолди. У деярли қилт этмай ўтирибди, аъзойи-баданида жаҳолат, кўкрак қафасида эса юрак қутуриб кетгандай уряпти.

Қоп-қоронғи кўчада ўн дақиқа давом этган ёлғизликдан сўнг Гаррининг вужудини янги ҳис – ваҳима қамраб олди. Бундай мушкул аҳволга у ҳали тушмаган. Ёлғиз ўзи ярим тунда магллар дунёсида қолиб кетган. Борадиган жойи йўқ. Энг даҳшатлиси Гарри атиги бир неча дақиқа ичида шу қадар кўп сеҳр-жоду қўллаб юбордики, «Хогварц»дан ҳайдаб юборишлари учун етарлидан ортиқ бўлди. «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет»нинг нечта талабини бузиб юборганини, Гаррининг ўзи билмайди. Шунга қарамай сеҳргарлик вазирлигининг вакиллари нега ҳалигача етиб келишмаяпти, бола ҳайрон. Умуман олганда, уни ҳозироқ, ўтирган жойидан ҳибсга олиб кетишлари керак эди-ку!

Бирдан сесканиб кетган Гарри Магнолия кўчасини бошидан охиригача кўздан кечириб чиқди. Энди нима бўлади? Уни қамашадими? Балки радди маърака қилишар? У Рон билан Гермионани эслаб, руҳан эзилди. Жиноятчими у, йўқми, қатъи назар дўстлари унга ёрдам қўлини узатишларига шубҳа қилмайди. Минг афсуски иккаласи ҳам ҳозир хорижда. Ўчакишгандай Хедвиг ҳам йўқ. Демак, дўстлар билан алоқа боғлашнинг иложи ҳам йўқ.

Бунинг устига, Гаррининг ёнида магллар ишлатадиган пул йўқ. Сандиғининг тубида сақланаётган ҳамёнида сеҳргарларнинг тилла тангалари бор, албатта. Бироқ магллар бозорида ўтмайдиган бу пул озлик қилади. Ота-онасидан мерос қолган маблағ эса Лондондаги «Гринготтс» банкида сақланади. Мана бу оғир сандиқни Лондонга қадар судраб бормайди-ку, ахир... Агар...

У ҳалигача қўлида маҳкам ушлаб турган сеҳрли таёқчасига қараб қўйди. Модомики, мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлаштирилар эканман (бундай ўйдан унинг юраги янада тез ва оғриқли ура кетди), яна бир оз сеҳр-жоду қўлласам бўлаверади, хаёлдан ўтказди Гарри. Ихтиёрида отасидан мерос қолган кўринмас плаш бор. Айтайлик сандиқни патдай енгил қилиб, супургига боғлаб олса-ю, эгнига кўринмас плашни ташлаб, Лондонга учса нима бўлади? Шунда Гарри банкдаги пулларини олиб, бадарға қилинган одамдай кун кечираверади. Бундай истиқбол болани қувонтирмаса-да, бир умр мана шу тўсиқ устида ўтирмайди-ку, ҳар қалай. Нимадир қилиш, қандайдир иш тутиш, чора топиш керак. Акс ҳолда магллар полициясига дуч келиб, ярим тунда нима билан шуғулланиб юргани-ю, супурги ва афсунлар тавсифланган китоблар унга нима учун кераклигини тушунтиришга тўғри келади.

Гарри сандиғини очиб, кўринмас плашини қидиришга киришди. Лекин плашни топишга улгурмай қаддини кескин тўғрилади-да, атрофга қаради.

У бошининг орқаси ва бўйнида ғалати санчиқ ҳис этиб, кимдир уни кузатиб турганини пайқади. Кўча бўм-бўш, атрофдаги квадрат шаклидаги катта уйларнинг бирортасида ҳам чироқ ёнмаган.

Бола яна сандиққа эгилди-ю, таёқчасини маҳкам сиқиб олганча, шу заҳоти қаддини боз ростлади. У орқада, гараж билан панжара орасида кимдир... ёки нимадир турганини эшитишдан кўра кўпроқ ҳис этди. Гарри кўзини қисиб, қоронғиликка тикилди. Агар ҳаракатсиз турган нарса сал бўлса ҳам қилт этганида унинг дайди мушук... ёки бошқа бирор кимса эканлигини тушунган бўлар эди.

- Люмос, - ғудуллади Гарри.

Сеҳрли таёқчасининг учидан кўзни қамаштирадиган ёруғлик нури таралди. Таёқчани бош узра баланд кўтарди. Гараж эшиги хира ёришди, ёруғликнинг акс этган нури тош увоғи сепилган 2- уй деворига қадар етиб борди. Гарри гараж билан панжара орасида аллақандай катта, ярқираб турган кўзлари орасидаги масофа ғайриоддий кенг, қадди букилган махлуққа ўхшаш шарпани аниқ кўрди.

Беихтиёр орқага тисарилган бола сандиққа қоқилиб кетди. Ерга тушиш зарбини юмшатиш учун қўлларини орқага ташлаган Гаррининг бармоқлари ёзилиб, қўлидаги таёқча учиб чиқди. Бола бор вазни билан катта йўл четига қулаб тушди...

Шу пайт қулоқни кар қилиб юборгудай «БИ-БИП»лаган товуш янгради. Гарри беихтиёр қўлини кўтариб, юзини тўсиб олди. Осмондан тушди-ми, ер остидан чиқди-ми, билмай қолди-ю, кўчада кўзни қамаштириб юборадиган ёруғлик манбаси пайдо бўлди...

Қичқириб юборган Гарри ётган жойида думалаб, пиёдалар йўлагига ўтиб олди. Сония ўтар-ўтмас ярқираб турган иккита фара ва юракни эзиб ғичирлаган бир жуфт катта ғилдирак Гаррининг ёнига келиб тўхтади. Бошини кўтариб қараган Гарри ушбу фара-ю, ғилдираклар ҳозиргина ҳавода пайдо бўлган уч қаватли бинафша ранг баҳайбат автобусга тегишли эканлигини идрок этди. Машинанинг шамол тўсадиган ойнаси устига тилла ҳарфлар билан «Тунги рицарь» сўзлари битилган. 

Гарри дастлаб йиқилганида ерга кучли урилгани туфайли кўзига йўқ нарсалар кўрина бошлаган, деган хулосага келди. Лекин автобусдан бинафша ранг расмий кийим кийган чиптачи сакраб тушиб, бақира кетди:

- «Тунги рицарь», яъни мушкул аҳволга тушиб қолган сеҳргар-у, афсунгарларни қутқариш учун мўлжалланган файтонга хуш келибсиз. Таёқчангизни ердан кўтаринг-да, бортга чиқинг. Исталган манзилга элтиб қўямиз. Менинг исмим Стэн Қўриқчи, ушбу кеча мен сизнинг йўл бошловчингиз...

Гаррининг ҳамон ерда ўтирганини кўрган чиптачи унини ўчирди. Гарри йўлакда ётган таёқчасини олиб, оёққа турди. Яқин келган Стэн ўзидан атиги бир неча ёш катта эканлигини кўрди. Йирик қулоқлари шалпайган, юзини бўжама қоплаган чиптачи тўлган бўлса энди ўн саккиз ёки ўн тўққиз ёшга тўлган бўлса керак.

- Бу ерда нима қиляпсан? - сўради Стэн, касбий хулқини йиғиштириб.

- Йиқилиб тушдим.

- Нега йиқилдинг? - ҳиринглади Стэн.

- Атайин йиқилганим йўқ, - тушунтирган бўлди Гарри.

Гаррининг жинси шими тиззадан йиртилган, ерга урилган қўли эса ловуллаб, қонамоқда. Бирдан нима учун йиқилганининг сабабини эслаб, орқага ўгирилди. «Тунги рицарь» фарасининг нури гараж билан панжара ўртасини ёритиб турибди. Бирор кимса ёки жонзод кўринмади.

- Қаёққа қараяпсан? - қизиқди Стэн.

- Анави ерда қандайдир баҳайбат, қора махлуқни кўрган эдим, - деди оралиқ томон имо қилган Гарри бир оз иккиланиб, - Итга ўхшади-ю... лекин жуда йирик эди...

У Стэнга юзланиб, ўзини андак ноқулай ҳис этди. Стэн Гаррининг пешонасидаги чандиққа разм солиб турибди. Мабодо сеҳргарлик вазирлиги қидирув эълон қилган бўлса, мана буларнинг ишини енгиллатиш керак эмас.

- Исминг нима? - сўради Стэн талаб оҳангида.

Гарри хаёлига келган биринчи исмни айтиб, мавзуни тез алмаштирди:

- Невилль Лонгботтом. Мана бу автобус мени ҳар қандай манзилга элтиб қўяди дединг-ми?

- Ҳа, шундай, - ғурур-ла жавоб қайтарди Стэн, - Ер юзида бўлса бўлди, истаган манзилингга элтиб қўяди. Сув остида юра олмаймиз холос. Менга қара, - деди у, Гаррига шубҳа билан қараб, - Сен чиндан ҳам таёқчангни ерга ташлаб, бизни ёрдамга чақирдинг-ку, тўғрими? А?

- Ҳа, - ишонтирди Гарри, - Лондонгача неча пул тўлайман?

- Ўн бир склат. Ўн уч склат тўласанг қаҳва ҳам берилади, ўн беш склат тўласанг иссиқ сув билан хоҳлаган рангдаги тиш чўткаси ҳавола этилади.

Гарри боз сандиғини титиб, ҳамёнини чиқарди-да, Стэнга бир нечта танга узатди. Шундан сўнг, устида Хедвигнинг қафаси турган сандиқни икковлашиб автобусга киритди.

Автобусда йўловчилар ўтирадиган ўриндиқлар йўқ. Парда тортилган деразалар ёнида ўн иккитача мис каравот ўрнатилган. Ҳар бир каравот олдига маҳкамланган шамдонлардаги шамлар автобуснинг ёғоч тахта қопланган ички деворларини ёритмоқда. Каравотлардан бирида калта бўйли киши ухлаб ётибди. У уйқусида: «Ҳозир эмас, раҳмат, мен шиллиққуртларни зираворли сиркага босяпман», деб вайсади-да, бошқа биқинига ёнбошлаб олди.

- Сен мана бу ерга жойлашасан, - шивирлади Стэн, Гаррининг сандиғини ҳайдовчининг орқа томонидаги каравот остига туртиб киритиб, - Танишинглар, ҳайдовчимиз Эрни Ҳалокатфель. Эрн, бу боланинг исми Невилль Лонгботтом экан. 

Линзаси ниҳоятда қалин кўзойнак тақиб олган кекса ҳайдовчи Гаррига бош ирғиб қўйди. Бола асабий ҳолатда пешанагажагини тушириб олиб, каравотга ўтирди.

- Бос, Эрн, - деди Стэн, ҳайдовчи ўриндиғи ёнидаги курсига астойдил жойлашиб.

Яна бир зўр таъсир ўтказадиган «БИ-БИП» янгради. «Тунги рицарь»нинг шиддатли стартидан орқага улоқтириб юборилган бола белига ётиб қолди. Бир амаллаб ўрнидан турган Гарри деразага қараб, автобус аллақачон мутлақо бошқа кўчада учиб бораётганини кўрди. Стэн ҳанг-манг бўлиб қолган янги йўловчининг юзини ҳузур-ла кузатиб ўтирди.

- Сен ёрдамга чақирганингда биз айнан шу кўчада эдик, - тушунтирган бўлди у, - Биз ҳозир қаердамиз, Эрн? Уэльс атрофидами?

- Ҳа, - ғудуллади Эрни.

- Нима учун магллар автобусингиз товушини эшитмаяпти? - қизиқди Гарри.

- Магллар! - кулимсиради чиптачи, - Чунки улар қулоқ солишни ҳам, кўришни ҳам билишмайди! Ҳеч қачон ҳеч нимани пайқашмайди.

- Марш хонимни уйғот, Стэн, - гапга аралашди Эрн, - Ҳа демай Абергавенни қишлоғига етиб борамиз.

Стэн Гаррининг каравоти ёнидан ўтиб, энсиз ёғоч зинапоядан юқорига кўтарилганча, кўздан ғойиб бўлди. Деразадан ташқарига қараб кетаётган Гаррининг ташвиши зўрайди. Афтидан Эрни «Тунги рицарь»ни яхши бошқара олмайди чамаси. Негаки, автобус гоҳ-гоҳида пиёдалар йўлагига чиқиб кетмоқда. Шундай бўлса-да, машина ҳеч нарсага урилиб кетмаяпти. Аниқроқ айтиладиган бўлса, кўча фонуслари, почта қутилари, чиқинди баклари каби нарсалар автобус келиб урилмаслиги учун нари сакраб, қутуриб кетган машина ўтиб кетгач, яна жойига туриб қолишмоқда.

Стэн қайтди. Унинг кетидан эса сафар ридосига ўраниб олган, юзидан қон қочиб кўкариб кетган афсунгар аёл келмоқда.

- Етиб келдингиз, Марш хоним, - қувонч-ла эълон қилди Стэн.

Эрни тормозни чунонам босдики, каравотлар автобус маркази томон бир футга сурилиб кетди. Марш хоним оғзига дастрўмолини маҳкам босиб, автобусдан аранг тушиб олди. Чиптачи Марш хонимнинг сумкасини пастга улоқтирди-да, бор кучини ишга солиб, автобус эшигини ёпди. Яна қулоқни кар қилиб юборгудай «БИ-БИП»лаган автобус қишлоқнинг дарахтлари аранг четга сакрашга улгураётган тор кўчаси бўйлаб ўқдай учиб кетди.

Автобус гумбурламаган, худди ажал қувиб келаётгандай бир сонияда юзлаб миля йўл босмаган тақдирда ҳам Гарри ухлай олмаган бўлар эди. У ўзининг келгуси қисмати, Дурсллар Маржа аммани шифтдан тушириб олишга эриша олган-олмагани ҳақида боз ўйлай бошлади. Бундай хаёллардан қорни увушиб қолди.

Чиптачи Стэн «Башорат-у, каромат газетаси»ни ёзиб, тилининг учини тишлаб олганча, ўқишга киришиб кетди. Чигал соч тутамлари икки томонга осилиб тушган, афтидан силласи қуриб қолган аллақандай қочоқ жиноятчининг бош саҳифадаги фотосурати Гаррига кўз қисиб қўйди. Унинг юзи болага жуда таниш кўринди.

Гарри ўз ташвишларини вақтинча унутди.

- Мана бу киши! У ҳақда маглларнинг янгиликларида ҳам гапирилди!

Стэнли газетани айлантириб, фотосуратга қаради-да, истеҳзоли кулиб қўйди.

- Сириус Блэк, - бош ирғиди у, - Янгиликларда айтилиши турган гап-ку. Нима бало Невилль, сен дунё бехабар, осмондан тушдинг-ми?

Гаррининг юзидаги бефаҳм қиёфани кўрган чиптачи яна бир бор раъй ила кулиб қўйди-да, газетанинг бош саҳифасини ажратиб, Гаррига узатди.

- Газета ўқиб туриш керак, Невилль.

Гарри газетани ёруққа олиб ўтиб, фотосурат остидаги мақолани ўқишга киришди:


БЛЭК ҲАЛИГАЧА ҚЎЛГА ОЛИНГАНИ ЙЎҚ


Сеҳргарлик вазирлигидан олинган тасдиқларга кўра, шунча вақтдан буён Азкабан қасрига қамалиб келган маҳбуслар орасида балки энг ёмон от чиқарган Сириус Блэк ҳанузгача ҳибсга олинмай, қочиб юрибди.

 «Блэкни қўлга олиш учун барча имкониятларни ишга солганмиз», - баёнот қилди сеҳргарлик вазири Корнелиус Фуж бугун эрталаб, - «Шу боис, яширин уюшмамизнинг фуқаролари бўлмиш барча сеҳргарлардан тинчлик ва осойишталик сақлаш сўралади».

Муқаддам, сеҳргарларнинг халқаро федерацияси аъзолари мулоҳаза юритилаётган нохуш ҳодиса ҳақида маглларнинг бош вазирини хабардор қилган Фужни кескин танқид қилиб ўтишган эди.

«Сиз тушунмаяпсиз шекилли, а? Шундай қилишга мажбур бўлдим», - деди Фуж, танқидга жавобан, - «Блэк – ақлдан озган, савдойи! У йўлида дуч келган ҳар қандай киши учун, у хоҳ сеҳргар ёки магл бўлсин фарқи йўқ, хавфлидир. Маглларнинг бош вазири менга Блэкнинг асл табиати ҳақида гуллаб қўймасликка сўз берди. Хўп, дейлик гуллаб ҳам қўйди. Қани менга айтинг-чи, ким унга ишонади?»


Гарри суратдаги Сириус Блэк юзининг соя тўсган, ҳамон жонли сақланиб қолган кўзига эътибор қаратди. У тирик қонхўрларни ҳали учратмаган бўлса ҳам, расмларини ёвузлик кучидан ҳимоя фани дарсликларида кўрган. Қони қочган заъфарон этли Блэк ўша расмларда тасвирланган қонхўрларнинг ўзгинаси.

- Қўрқинчи кўринади, а? - сўради газета ўқиб турган болани кузатаётган чиптачи.

- У ўн уч кишини биттагина қарғиш афсуни воситасида ўлдириб юборгани рост-ми? - сўради Гарри, газета саҳифасини эгасига қайтарар экан.

- Ҳа. Куппа-кундуз куни, кўплаб шоҳидлар кўз ўнгида. Шунақанги ишлар қилиб юборганки, офатнинг ўзгинаси, тўғрими, Эрн?

- Ҳа, - маъюс тасдиқлаб қўйди ҳайдовчи.

Стэн Гаррини яхшироқ кўриш учун кафтини ўриндиқ суянчиғига қўйиб, ўгирилди.

- Блэк Ўзинг-Биласан-Кимнинг малайи бўлган, - маълум қилган бўлди у болага.

- Вольдемортни-я? - ўйлаб-нетиб ўтирмасдан валдираб қўйди Гарри.

Стэннинг юзи охирги бўжамасигача оқариб кетди. Эрни Ҳалокатфель эса рулни шундай буриб юбордики, ҳатто бутун бошли ферманинг улкан биноси автобус билан тўқнаш келмаслиги учун анча нарига ирғиб тушди.

- Эмандан қулаб тушганмисан, нима бало? - хириллаб қолди чиптачи, - Нега унинг исмини айтасан.

- Кечир, - тез узр сўради Гарри, - Кечир, мен... мени... эсимдан чиқиб қолибди...

- Эсидан чиқиб қолибди эмиш-а! - инграб юборди бўшашиб кетган Стэн, - Даҳшат! Юрагим тўхтаб қолай деди-я!

- Демак Блэк, Ўзинг-Биласан-Кимнинг тарафдори бўлган, - суҳбатни давом этди Гарри, узр оҳангида.

- Ҳа, - деди ҳамон қўлини юраги устида ушлаб турган чиптачи, - Бу аниқ, Блэк Ўзинг-Биласан-Кимга яқин кишилардан бири бўлган. Лекин айтишларига қараганда Гарри Поттер исмли жажжи сеҳргар Ўзинг-Биласан-Кимни мағлуб қилган...

Гарри боз пешанагажагини тушириб олди.

- ... Ўзинг-Биласан-Кимнинг барча тарафдор-у, малайларини фош этиб, қўлга олишган, тўғрими, Эрн? Баъзилари эса модомики, Ўзинг-Биласан-Ким ғойиб бўлди-ми, демак тамом. Панага қочишган. Фақат Сириус Блэк бундай қилмаган. Эшитишимга қараганда у, Ўзинг-Биласан-Ким ғойиб бўлганидан сўнг, ҳокимият жиловини ўз қўлига олишга уринган. Гапнинг қисқаси, Блэкни кўчанинг қоқ ўртасида қуршовга олишган... Атроф маглларга тўла... Шунда Блэк шартта таёқни чиқарган-да, ба-баҳ! Кўчадаги одамларнинг ярмини мурдаларга айлантириб ташлаган. Ана шунақа. Биттагина қарғиш афсунини ўқиб бир нафар сеҳргар-у, ўн икки нафар маглни асфаласофилинга йўллаган. Даҳшат! Қилмишини қилиб бўлган Блэк нима қилганини биласанми? - ҳикоясини тугатди Стэн, фожиали пичирлаб.

- Хўш?

- Қаттиқ хандон отган, - деди чиптачи кўзларини катта-катта очиб, - Кўчанинг ўртасига туриб олган-да, баланд овозда ха-ха-ха деганча кулаверган. Тасаввур қиляпсан-ми? Вазирликдан мадад кучлари етиб келгач, уларнинг кетидан қўйдай эргашиб кетаверган-у, савдойидек хандон отиб боришини қўймаган. Шунинг учун уни савдойи дейишади, тўғрими, Эрн?

- Агар ўшанда савдойи бўлмаган бўлса, Азкабанга тушган ҳамоно савдойи бўлиб қолгани аниқ, - фикр билдирди Эрни, паст овози билан, - Ўша ерга қамалгандан кўра портлаб кетган маъқул! Ажаб бўлсин... Қилмиш-қидирмиш дейдилар...

- Унинг кетидан тозалашнинг ўзи бўлмаган, тўғрими, Эрн? - ҳайдовчининг гапини бўлди чиптачи, - Бутун бошли кўча ҳавога кўтарилиб, маглларнинг таналари бурда-бурда, бўлак-бўлак бўлиб кетган. Нима бўлди, деб эълон қилишган эди ўшанда, Эрн?

- Табиий газ портлаши, - ғудуллади Эрни.

- Ана шунақа! Ана энди қочиб қолибди, - деди Стэн, фотосуратдаги Блэкнинг ҳорғин юзига синчковлик билан қараб, - Илгари Азкабандан ҳеч ким қоча олмаган, тўғрими, Эрн? Қандай қилиб уддасидан чиқди, ҳайронман. Олибди-да, шартта қочибди. Қара-я! Бари-бир Азкабан қўриқчиларига қарши ҳеч қандай чора кўра олмайди, тўғрими, Эрн?

Эрн бирдан сесканиб кетди.

- Бошқа мавзу қуриб кетганми? Бас қил, Стэн. Ўша Азкабан қўриқчиларини ўйласам этим жунжикиб кетади.

Стэн қўлидаги газетани истар-истамас четга сурди. Гарри эса «Тунги рицарь»нинг деворига суяниб, ўзини янада баттар ҳис этди. У чиптачининг бирон ҳафтадан кейин ўз йўловчиларига айтиб берадиган сўзларини аниқ тасаввур қилди:

- Гарри Поттер тўғрисида эшитдингиз-ми? Аммасини олибди-да, шартта ишириб юборибди! Поттер автобусимизнинг мана бу каравотида ўтирган эди, тўғрими, Эрн? Қилғиликни қилиб қўйиб, жуфтакни ростлаб қолмоқчи бўлган экан! Қаранг-а!

Гарри худди Сириус Блэк каби сеҳргарлик қонунини бузди. Қизиқ, Маржа аммани ишириб юборгани учун Азкабанга қамаб қўйишадими? Гарри жиноятчи сеҳргарлар қамаладиган қамоқхона ҳақида ҳеч нима билмайди. Аммо ким-ки ўша муассаса ҳақида гапирар экан, номини даҳшат оҳангида пичирлаб айтади. «Хогварц» қоровули Хагрид, ўтган йили ўша қамоқхонада икки ой ўтириб чиқди. Гарчи ушбу ёруғ оламнинг энг жасур кишилардан бири бўлса ҳам Азкабанга юборилаётганини эшитган Хагриднинг даҳшатли қиёфаси Гаррининг кўз ўнгидан ҳеч нари кетмайди.

«Тунги рицарь» қоронғи кўчаларда буталар-у, чиқинди ташлаш идишлари, телефон будкалари-ю, дарахтларни қўрқитганча шиддат билан учиб бормоқда. Бахтсиз Гарри эса тивит кўрпада ётиб, ўзини қўйгани жой топа олмаяпти. Маълум вақт ўтгач, Стэннинг ёдига Гарридан қаҳва учун ҳақ олгани тушиб қолди-ю, автобус Энглсидан Абердинга кескин ўтиб олаётганида Гаррининг ёстиғига тўкиб юборди. Автобусни тарк этиш учун юқори қаватдан халат ва шиппак кийган сеҳргар кишилар-у, афсунгар аёллар бирин-кетин пастга тушиб келишди. Улар, ушбу автобусдан чиқиб кетиш вақти етганидан чексиз қувонишаётганини бекитмадилар.

Йўловчилардан ёлғиз Гарри қолди.

- Ана Невилль, деярли етиб келдинг, - чапак урди Стэн, - Лондоннинг қаерида тушишинг керак?

- Диагон хиёбонида, - аҳд қилди Гарри.

- Жуда соз, - деди чиптачи, - Ундай бўлса маҳкам ушла!

ТАРАҚ-ТУРУҚ.

Хаёл ўтмай «Тунги рицарь» Чаринг-Кросс Роуд бўйлаб кетди. Гарри каравотга ўтириб, соҳил бўйидаги иморатлар-у, кўприк панжаралари «Тунги рицарь»ни ўтказиб юбориш учун сиқилаётганини кузатиб борди. Осмон бир оз ёришибди. Яна икки соат писиб ўтиришга тўғри келади. Шундан сўнг, «Гринготтс» очилиши билан банкка кириб боради-да, пулларини олиб, йўлга чиқади... Қаёққа боришини бола ҳали билмайди.

«Тунги рицарь» автобусининг ҳайдовчиси Эрни Ҳалокатфель тормозни бор кучи билан босди. Автобус абгор бўлган муассасанинг кичкина биноси олдида тўхтади. Ушбу муассаса – ички ҳовлисида Диагон хиёбонига олиб чиқадиган сеҳрли йўлга эга машҳур «Тешик қозон» майхонаси бўлади.

- Раҳмат, - миннатдорлик билдирди Гарри ҳайдовчига.

У автобус зиналаридан сакраб тушиб, сандиқ ва Хедвигнинг қафасини тўшама йўлга тушираётган Стэнга кўмаклашиб юборди.

- Хўш, - деди Гарри, - Хайр бўлмаса!

Лекин Стэн Гаррининг хайр-маъзурига эътибор қаратмай, «Тешик қозон»нинг ним қоронғи кириш йўлаги томон бақрайиб қолган.

- Ва ниҳоят, Гарри, - эшитилди кимнингдир овози.

Гарри ўгирилиб қарашга улгурмай, елкасига кимдир қўлини қўйганини ҳис этди. Бирдан чиптачи бақириб юборди:

- Воҳ! Эрн, бу ёққа чиқ! Бўл тез!

Гарри елкасидаги қўл соҳибига қараб, худди ошқозонига бир челак майдаланган муз тиқилгандай ҳис этди ўзини. Кимсан, шахсан сеҳргарлик вазири Корнелиус Фужнинг қўлига тушибди.

- Невиллнинг исмини нима дедингиз, жаноб вазир? - ҳаяжон-ла қичқирди тўшама йўлга сакраб тушган Стэн.

Узун йўл-йўл ридо кийган, бўйи паст, тўладан келган Фуж совқотган ва жуда чарчаган кўринди.

- Невиллнинг? - қовоқ солди у, - Бу боланинг исми Гарри Поттер.

- Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим! - хитоб қилди чиптачи, - Эрн! Эрн! Невилль аслида ким эканлигини топ-чи? Гарри Поттер! Унинг чандиғига кўзим тушган эди-я!

- Тўғри, - деди вазир лабини қимтиб, - Хўш, «Тунги рицарь» Гаррини олиб келганидан беҳад хурсандман. Бироқ биз «Тешик қозон»га киришимиз керак...

Фуж боланинг елкасини маҳкамроқ қисиб, майхонага туртиб киритди. Муассасанинг орқа эшиги ёнида қадди букчайган, юзи ажин босиб, тишлари тўкилиб кетган киши қўлида фонус ушлаб турибди. Бу Том, «Тешик қозон» соҳиби.

- Ниҳоят топибсиз-да уни, жаноб вазир! - хитоб қилди Том, - Бирон нарса узатай-ми? Пиво? Бренди?

- Чой берганинг маъқул... Бир чойнак, - буюртма берди ҳанузгача Гаррининг елкасидан қўлини олмаган вазир.

Орқада аллақандай ғачир-ғучур эшитилиб, Гаррининг сандиғи билан Хедвигнинг қафасини олиб кирган Стэн билан Эрни кўринди. Иккаласининг юзида қизиқсиниш барқ урмоқда.

- Нима учун бизга кимлигингни айтмадинг, а, Невилль? - сўради Стэн, Гаррига кулиб қараб.

Стэннинг орқасидан қараб турган Эрнининг юзи чиптачининг елкасида ўтирган бойқушдай кўринди.

- Ҳа, Том! Яна бир илтимос, - деди вазир, сўзларига алоҳида урғу бериб, - Бизга алоҳида хона ажратиб берсанг.

- Учрашгунча! - бахтсиз оҳангда хайрлашди Гарри, чиптачи Стэн ва ҳайдовчи Эрни билан.

Қўлига фонус ушлаб олган Том Фужга имо қилиб, ортидан юришни таклиф қилди. Улар тор йўлакдан юриб, кичкинагина меҳмонхонага киришди. Том бармоғини чертган эди ҳам-ки, каминда олов гуркуради. Шундан сўнг у, таъзим айлаб хонадан чиқиб кетди.

- Ўтир, Гарри, - деди Фуж, камин қаршисидаги креслолардан бирини кўрсатиб.

Гарри ўтирди. Каминдан иссиқ ҳарорат келаётганига қарамай, асабийлашганидан қўлининг эти худди совуқда қолгандай ғудда-ғудда бўлиб қолган. Фуж эгнидаги йўл-йўл ридосини ечиб, четга ташлади-да, кўкиш-яшил рангли костюмининг шимини тиззасидан тортиб, Гаррининг қаршисига жойлашиб ўтирди.

- Мен Корнелиус Фуж бўламан, Гарри. Сеҳргарлик вазири.

Гарри уни танийди, албатта. Кунлардан бир кун у Фужни жуда яқин масофада туриб кўрган. Фақат ўшанда Гарри кўринмас плаш остига бекиниб олган эди. Фуж буни билиши шарт эмас.

Хонага пижамаси устидан фартук ташлаб, чой, бир ликоп кесилган бўлка нон ва ёғ билан тузалган патнисни қўлига ушлаган Том кириб келди. У патнисни Гарри билан Фуж ўтирган креслолар ўртасидаги столча устига қўйди-да, хонани тарк этиб, эшикни ёпиб қўйди.

- Хўш, Гарри, - гап бошлади Фуж, чой қуйиб, - Ростини айтсам, яхшигина иш топиб бердинг-да, бизга. Холанг билан амакингдан сал ғалатироқ тарзда қочиб кетибсан-ми! Хайриятки, соғ-саломат экансан. Бу эса энг муҳими. Ҳар хаёлга бордим... 

Фуж нонига ёғ суртиб олди-да, ликопни Гарри томон туртиб қўйди.

- Ол, Гарри. Нондан ол. Туришингни қара, тирик мурдага ўхшаб қолибсан. Хўш... Ўйлайман-ки, мисс Маржори Дурслнинг шишиб кетиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса оқибатлари тўла-тўкис бартараф этилганлигини эшитиб, хурсанд бўласан. Бир неча соат олдин Фавқулодда ҳолатларда сеҳр-жодуга барҳам бериш департаментининг икки нафар вакили Одамовилар хиёбонига юборилди. Мисс Дурслнинг танаси тешилиб, дами чиқарилди. Табиийки, унинг хотирасига ўзгартиришлар киритилиб, бўлиб ўтган ҳодисадан бирон-бир лавҳа қолдирилмади. Модомики, ҳеч кимга ҳеч қандай шикаст етмаган экан, ўтган ишга салавот.

Фуж Гаррига чашка узра қараб, кулиб қўйди. У ҳозир вазир эмас, гўё суюкли жияни билан суҳбат қуриб ўтирган тоғага ўхшаб кетди. Ўз қулоқларига ишонмай ўтирган Гарри эса оғзини очишга очди-ю, туйғуларини қандай ифодалаш кераклигини ҳали ўйлаб кўрмагани боис, яна ёпиб қўя қолди.

- Амакинг билан холангнинг бўлиб ўтган ҳодисага нисбатан муносабатларини билишни истадинг чоғи? - деди Фуж, гўё бола нима демоқчи бўлганининг фаҳмига етгандай бўлиб, - Яширмай, ростини айтишим керакки, иккаласи ҳаддан ташқари аччиқланди. Шунга қарамай, Рождество ва Пасха таътилларини «Хогварц»да ўтказишинг шарти билан келгуси ёз мавсумида сени ўз хонадонларига қабул қилишларига розилик берди.

Ниҳоят Гаррининг томоғи очилди.

- Рождество ва Пасха таътилларини доимо «Хогварц»да ўтказиб келганман, - деди у, - Энди эса Одамовилар хиёбонига умуман қайтмоқчи эмасман.

- Қўйсанг-чи, Гарри. Қизишма. Ишончим комилки, овуниб қоласан. Вақт ўтиб қариндошларингга бўлган муносабатинг ўзгаради, - деди Фуж, ташвишли оҳангда, - Нима қилганда ҳам улар сенинг оиланг. Ишонаман-ки, сизлар бир-бирингизни яхши кўрасиз... м-м-м... ич-ичдан...

Гарри вазирни ўз фикридан қайтармай қўя қолди. Ҳозир энг муҳими, келгусида уни қандай қисмат кутаётганини билишдир.

- Шундай қилиб, - гапини давом этди навбатдаги нон бўлагига ёғ суртаётган Фуж, - Ёзги таътилнинг сўнгги икки ҳафтасини қаерда ўтказишинг масаласини ҳал этишимиз қолди холос. Мен сенга шу ерда, «Тешик қозон»нинг бирорта хонасини ижарага олиб туришни таклиф қилган бўлар эдим ва...

- Тўхтанг, - деди Гарри, - Жазо масаласи нима бўлади?

Ҳеч нарсани тушунмаган Фуж кўзини пирпиратиб олди.

- Жазо?!

- Ахир мен қонунни буздим! - тушунтириш берди Гарри, - «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет» талабларини буздим-ку!

- О, қадрдоним! Аҳамиятсиз бир гап учун сени жазога тортмаймиз-ку! - хитоб қилди Фуж, нон ушлаган қўлини силтаб, - Арзимаган бир бахтсиз ҳодиса бўлди-ўтди! Агар аммасини ишириб юборган ҳар кишини қамайверсак Азкабанда жой қолмайди!

Бола бу гапни сеҳргарлик вазирлиги билан муқаддам тўқнаш келган ҳолатлар билан мантиқан боғлай олмади.

- Бир йил олдин амакимнинг уйида менга алоқаси бўлмаган ёт-бегона уй эльфи музлаткич устидаги пудингни ерга йиқитиб юборгани учунгина сеҳргарлик вазирлиги томонидан расман огоҳлантирилган эдим! - маълум қилди у, қовоғини солиб, - Ўшанда сеҳргарлик вазирлиги, агар Дурсллар уйида бирон-бир ўхшаш сеҳр-жоду содир этилар экан, «Хогварц»дан ҳайдалишим муқаррарлиги ҳақида мени огоҳлантирган эди!

Ё Гаррининг кўзи алдаяпти, ё чиндан ҳам Фуж ўзини ноқулай ҳис эта бошлади.

- Вазият ўзгарди, Гарри... Қарор топган бундай шароитда... шуни инобатга олиш керакки... Менга қара, ахир сен «Хогварц»дан ҳайдалишни истамайсан-ку, шундай эмасми?

- Истамайман, албатта!

- Унда нима гап? - кулиб юборди Фуж, - Нонингни е, Гарри. Том сенга хона тайёрлашга улгурган-улгурмаганини бориб кўрай-чи.

Гарри хонадан чиқиб кетаётган Фужнинг орқасидан қараб қолди. Ҳар қалай нимадир юз беряпти. Модомики, Гарри қилмишига яраша жазога тортилмас экан нима учун Фуж уни шахсан ўзи «Тешик қозон»да қарши олди? Бўлиб ўтган ишлар-у, гап-сўзларни энди хотиржам мулоҳаза қилиб чиққан Гаррининг миясида навбатдаги савол туғилди: сеҳргарлик вазирининг мажбуриятларига балоғатга етмаган ҳар бир сеҳргарнинг шўхликлари билан шахсан шуғулланиш кирмаса керак ҳар қалай?

Хонага Фуж билан Том кириб келишди.

- Ўн биринчи хона бўш экан, Гарри, - хабар берди Фуж, - Менимча ўша хона сенга мақбул бўлади. Фақат бир гап бор... умид қиламан-ки, мени тўғри тушунасан... Сен Лондоннинг магллар томонига чиқма... Мен шуни истаган бўлар эдим. Диагон хиёбони сарҳадларини тарк этма, яхшими? Кечқурун эса, қош қораймай хонангга қайт. Сен ақллисан, ҳамма нарсани ўзинг тушунасан. Том сенга қараб туради. Хўпми?

- Хўп, - секин жавоб берди Гарри, - Фақат нима учун?...

- Чунки сени боз йўқотиб қўйишни истамаймиз, - ҳузур қилиб кулди Фуж, - Йўқ, йўқ... яхшиси биз сени қаерда эканлигингни билиб турганимиз маъқул... яъни...

Фуж йўталиб олди-да, ўзининг йўл-йўл ридосини олди.

- Хўп, майли. Мен борай. Бир дунё юмуш кутиб турибди...

- Блэк масаласида ижобий ўзгаришлар борми? - шунчаки қизиқиб сўради Гарри.

Боланинг кутилмаган саволини эшитган Фуж ридонинг кумуш илгагини кескин қўйиб юборди.

- Нима ҳақида сўрадинг? Э ҳа, хабаринг бор экан-да. Хўш... нима десам бўлар экан... йўқ, ҳозирча йўқ. Лекин бу узоқ давом этмайди. Азкабан қўриқчилари мағлубият нима эканлигини билишмайди... Ҳозир эса улар одатдагидан ҳам баттар ғазабнок. 

Фуж ўз гапидан ўзи сесканиб кетди.

- Хўш, энди хайрлашамиз.

У қўлини узатди. Қўл сиқишаётган Гаррининг хаёлига кутилмаган ўй келиб қолди.

- М-м-м... жаноб вазир. Бир илтимос қилсам бўладими? 

- Албатта, - кулиб қўйди Фуж.

- Хабарингиз бўлса керак, «Хогварц» да учинчи йил таҳсил кўраётган ўқувчиларга мактаб яқинидаги Хогсмёд қишлоғига ташриф буюриб боришга ижозат берилади. Бироқ холам билан амаким керакли қоғозга имзо чекишмади. Сиз имзо чекиб бера оласизми?...

Фуж хижолат тортиб қолди.

- Ах, - ғудуллади у, - Йўқ, Гарри, узр. Ота-онанг ёки васийликка олган кишилар сирасига кирмас эканман, имзо чека олмайман...

- Ахир сиз сеҳргарлик вазирисиз-ку, - ишонч-ла гапирди бола, - Сиз рухсат берсангиз бўлди...

- Йўқ, Гарри, маъзур кўрасан. Қонун ҳамма учун баробар, - бир маромли оҳанг-ла рад этди Фуж, - Бу йил бўлмаса келаси йил борарсан ўша қишлоққа. Умуман олганда шуниси яхши бўлибди... ҳа... бўлди, кетар вақтим бўлди. Умид қиламан-ки, Гарри, сенга бу ер ёқади.

Сўнгги бор кулиб, боланинг қўлини сиқиб қўйган Фуж хонадан чиқиб кетди. Чақнаб, порлаб турган Том бир қадам олдинга ташлади.

- Марҳамат қилиб ортимдан юрсангиз, мистер Поттер, - лутфан таклиф қилди у, - Нарсаларингизни хонангизга элтиб қўйдим...

Гарри Томга эргашиб, чиройли ёғоч зинапоядан юқорига, мисдан тайёрланган «11» рақами қоқилган эшик қаршисига кўтарилди. 

Хонада кўринишидан жуда қулай бўлиб, каравот ва астойдил сайқал берилган мебелнинг зарурий турлари билан жиҳозланган. Каминда гулхан ёнмоқда. Кийим жавони устида эса...

- Хедвиг!

Қордай оппоқ бойқуш тумшуғини шақиллатганича, Гаррининг қўлига келиб қўнди.

- Жуда ақлли экан бойқушингиз, - кулиб қўйди Том, - Беш дақиқа ўтар-ўтмас изингиздан етиб келди. Агар бирон нарса керак бўлса, мистер Поттер, тортинманг, шахсан ўзимга бемалол мурожаат қилаверинг.

У боз таъзим бажо айлаб, хонани тарк этди.

Деразадан кўриниб турган осмон ўзининг майин-мовий тусини дастлаб совуқ кул ранг-пўлат тусга, сўнг аста-секин тилла ранг нуқталар билан безалган пушти тусга алмаштирди. 

Каравотда Хедвигнинг патларини ўйнаб узоқ ўтирган Гарри атиги бир неча соат олдин Одамовилар хиёбонини тарк этгани, уни мактабдан ҳайдаб юборишмагани ва олдинда Дурсллардан мутлақо холи бўлган икки ҳафта кутаётганига ҳеч ишонгиси келмади.

- Бугун жуда ғалати тун бўлди-да, Хедвиг, - эснади у.

Бола бошини ёстиққа қўйиши билан кўзойнагини ҳам ечмай тарашадай қотиб қолди.
###################
Sever.UZ
http://uzsmart.ru
http://ka4ka.uz
http://sever.uz
##################
