﻿###################
Sever.UZ
http://uzsmart.ru
http://ka4ka.uz
http://sever.uz
##################
ТЎРТИНЧИ БОБ.
«ТЕШИК ҚОЗОН»ДА


Бир неча кун давомида Гарри янгича, бир қадар хаёлий эркинликни ҳис этишга кўникиб борди. Илгари унинг хоҳлаган вақтда уйғониш, кўнгли тусаган овқатларни истеъмол қилиш имкони бўлмаган. Диагон хиёбони сарҳадларидан чиқиб кетмаса бўлди, истаган жойга бориши мумкин. Ушбу эгри-бугри кўча эса жуда ғаройиб, бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган сеҳрли дўконларга тўлиб-тошган. Шу боис ҳам Гаррида Фужга берган ваъдасини бузиб, магллар дунёсига чиқиш истаги туғилмади.

Гарри ҳар кунги нонуштани «Тешик қозон»да ўтказади. Бу ерга ташриф буюрадиган хўрандаларни томоша қилиб ўтириш унга аллақандай ҳузур бағишлайди. Бир қарасанг бозорлик қилгани олис қишлоқлардан бир кунга келган, боланинг кулгисини қистатадиган афсунгар аёллар, «Қиёфани замонавий тарзда ўзгартириш» газетасида чоп этилган сўнгги мақола борасида қизғин баҳслашадиган басавлат сеҳргарлар, яна бир қарасанг ярим ёввойига ўхшаб кетадиган дуохонлар-у, чинқириб гапирадиган пак-пакана одамчалар келишади. Бир куни эса қалин жун газлама ёпинчиғини юзидан олмаган, нимаси биландир алвастига ўхшаб кетадиган одам келиб, нонуштага жигарни пиширмай, хомича узатишни буюрди.

Нонуштадан сўнг Гарри, одатда, ички ҳовлига ўтиб сеҳрли таёқчасини чиқаради-да, чиқинди ташлаш бакининг чап томонидаги учинчи ғиштга уриб қўяди. Шундан сўнг, бир оз ортга чекиниб, деворда Диагон хиёбонига олиб чиқадиган қуббасимон ўтиш йўли ҳосил бўлишини томоша қилиб туради.

Гарри ёзнинг узун кунларини хиёбон дўконларини ўрганиб чиқиш ёки ошхона олдидаги майдончада кўланка ҳосил қилган ранг-баранг соябонлар остида нималардир кавшаб ўтириш билан ўтказди. Қўшни столларда овқатланиб ўтирган хўрандалар эса бир-бирига ўз харидларини кўрсатишади.

- Бу ойскоп, биродари азиз. Энди менга ой харитаси билан куймаланиб ўтириш керак бўлмайди, тушуняпсан-ми?

Ёки Сириус Блэкни муҳокама қилишади.

- Шахсан мен, токи Блэкни Азкабанга қайтаришмас экан, болаларимни кўчага ёлғиз чиқармайман.

Гарри ёзги таътил даврига берилган уй вазифаларини энди каравотда, бошдан-оёқ адёл билан ёпиниб олиб, қўлига чўнтак фонусини ушлаб олганча бажармайди. У сеҳргарлик тарихига оид иншоларини Флоран Фортескьюнинг музқаймоқхонасида, кун ёруғида ўтириб, ўрта асрларда жодугарларни тириклайин ёқиш борасида бой билимларга эга Флоран ёрдами билан ёзиб тугатди. Фортескью бу борада билимдон бўлибгина қолмай, Гаррини тахминан ҳар ярим соатда музқаймоқ билан бепул сийлаб борди.

Гарри «Гринготтс» банкидаги сейфида сақланаётган тилла галлеон, кумуш склат ва бронза нутлар билан ҳамёнини тўлдириб олгач, барини бирданига ишлатиб қўймаслик учун ўзини ўзи назорат қилиб бориши даркорлигини англади. У «Хогварц»да яна беш йил ўқиши кераклигини, дарслик ва ўқув анжомларига эса Дурсллар ҳеч қачон пул бермаслигини ўзига ўзи эслатиб юрди. Акс ҳолда аллақачон оғир тилла шиқилдоқлар тўпламини харид қилган бўлар эди. Сеҳргарлар дунёсида ушбу шиқилдоқлар худди магллар оламида ўйналадиган соққа ўйинидай ўйналади. Фақат бу шиқилдоқлар очко йўқотган ўйинчининг юзига сассиқ суюқлик пуркаб ташлайди. Галактиканинг каттагина шаффоф шар ичига жойланган ҳаракатчан модели ҳам ҳар қандай болани ўзига ром қилиб қўяди. Агар Гарри ушбу моделни харид қилиб олса борми, астрономия фанини ўзлаштиришига ҳожат қолмаган бўлар эди. Гаррининг мулоҳаза юритилаётган масала борасидаги матонати «Тешик қозон»га кўчиб келган кундан бир ҳафта ўтгач, унга роса ёқадиган «Квидиш учун энг сара буюмлар» спорт моллари дўконида кучли синовдан ўтди.

Кунлардан бир кун дўкон олдида тўлқинланиб кетган халойиқ тўпланиб қолибди. Вазиятни кўриб қизиқиб қолган Гарри ҳам витрина томон суқилиб кирди. Бирдан унинг кўз ўнгида афтидан яқиндагина тикланган тахтасупа устига тикка ўрнатилган, бугунги кунга қадар ҳали учратмаган ниҳоятда чиройли супурги кўринди.

- Эндигина ишлаб чиқаришибди... Тажриба тариқасида яратилган намуна экан... - деди бош суяги деярли квадрат шаклига эга сеҳргар ёнидаги ўртоғига.

- Дунёда энг тезучар супурги бу, а, дада? - чийиллар эди Гарридан ёшроқ бир болакай, дадасининг қўлини узиб юборгудай тортиб.

- Ирландиянинг байналмилал гуруҳи бундай кўркам супургиларнинг етти донасига ҳозиргина буюртма бериб кетди! - виқор ила эълон қилди дўкон соҳиби, - Улар эса, дарвоқе, жаҳон кубогида биринчиликни олиш имконияти кўпроқ бўлган гуруҳ саналишини ҳаммамиз яхши биламиз!

Йирик танаси билан тўсиб турган семиз хотин нари сурилгач, Гарри супурги ёнига осиб қўйилган реклама эълонини ўқий олди:


ЧАҚМОҚ


Сархил кулдан тайёрланган суйри сопли суперзамонавий пойга супургиси. Соп қопламаси олмосдек мустаҳкам бўлиб, сиртига супурги қайд этилган хусусий рақам юритилган. Дум қаноти бир-бирига махсус тарзда ўралган, ҳар бири алоҳида саралаб олинган қайин говронларидан ташкил топган. Бундай қанот супургининг беқусур аэродинамик хусусиятга эга бўлишини таъминлайди. Шу боис ҳам «Чақмоқ» парвоз давомида мисли кўрилмаган мувозанат ва ноёб аниқлик сақлаш қобилиятига эга. «Чақмоқ» 10 сония ичида соатига 150 милягача тезлик олиши баробарида, барбод бўлмайдиган Тормоз афсуни билан жиҳозланган. Нархи келишилади...


Нархи келишилади... Бундай санъат асарига қанча тилла кетишини ўйлаган Гаррининг юраги орқага тортиб кетди. «Чақмоқ»қа эга бўлиш истаги уни анча қийнади. Аммо масалага бошқа томондан ёндашиладиган бўлса, унинг ҳали бирор маротаба бўлсин панд бермаган «Нимбус-2000» русумли супургиси бор. Шундай экан, «Гринготтс» банкидаги сейфини бўшатиб нима қилади? Гарри супургининг нархи билан ҳатто қизиқмади ҳам, лекин ўшандан буён ҳар куни витрина қаршисига келиб «Чақмоқ»ни томоша қилиб кетадиган бўлди.

Бўлар-бўлмас лаш-луш ўз йўлида, аммо харид қилиш шарт бўлган буюмлар рўйхати бор. У дорихонага кириб турли дамламалар тайёрлаш учун ишлатиладиган таркибий қисмлар захирасини тўлатди. Мактаб кийими ҳам бир неча дюймга қисқариб қолган. Шу боис Гарри «Хоним Малкин – ҳаётнинг ҳар хил ҳолатлари учун кийимлар!» дўконига ташриф буюриб, янгисини тиктирди. Энг муҳими – янги дарсликлар. Бу сафар иккита янги фан, хусусан: сеҳрли ҳайвонларни парвариш қилиш ва башорат фанлари бўйича китоблар сотиб олиниши лозим.

«Жимжимадор ва сиёҳ доғи» китоб дўконининг витринасига қараган Гарри ниҳоятда ҳайрон қолди. Кўприк плитасидай келадиган йирик, почта маркасидай келадиган митти, муқовасига зарҳал ҳарфлар босилган китоблар ўрнига ойна ортида каттакон темир қафас ўрнатилган. Ичига эса кам деганда юзтача «Махлуқлар ҳақида қўрқинчли китоб» қамалган. Улар ўз саҳифаларини шақиллатганча, кучли жанг қилиб, бир-бирини зўр бериб ғажишмоқда. Қафасдан эса тишлаб узилган қоғоз парчалари ҳар томон учиб чиқмоқда.

Гарри чўнтагидан зарурий адабиётлар рўйхатини чиқариб, уни илк бор диққат билан ўрганиб чиқди. Билишича, «Махлуқлар ҳақида қўрқинчли китоб» сеҳрли ҳайвонларни парвариш қилиш фанини ўзлаштириш учун керак экан. Хагриднинг, ушбу қопағон китоб бўлажак ўқув йили давомида асқатиши ҳақидаги фикрини Гарри энди тушуниб етиб, енгил нафас олди. Негаки, Хагриддан ушбу китобни туғилган кунига совға сифатида олган Гарри, ўшанда, навбатдаги мудҳиш «уй ҳайвони»ни парвариш қилиш масаласида Хагридга ёрдам керакка ўхшайди, деган фикрга борган эди.

Дўконга кирган болани сотувчи шоша-пиша қарши олди.

- «Хогварц»ми? - сўради у узуқ-юлуқ, - Дарсликларми?

- Ҳа. Менга...

- Нарироқ туринг, - гапни бўлди бетоқат сотувчи.

У Гаррини нари туртди ва қўлига қалин қўлқоп тақиб, қандайдир сербутоқ таёқни олди-да «Махлуқлар ҳақида қўрқинчли китоб»лар қамалган қафас ёнига борди.

- Шошманг, - тўхтатди уни Гарри, - Бунақа китоб ўзимда бор.

Сотувчининг башарасида фавқулодда енгил тортганлик ҳисси акс этди.

- Бор? Э, хайрият-е! Худога минг бор шукур. Бу ваҳшийлар эрта тонгдан мени беш маротаба тишлаб олишди.

Қафас ичида қаср-қусур янгради. Иккита «Қўрқинчли китоб» учинчи китобни икки томондан шартта тишлаб олиб, ғажий кетишди.

- Бас! Бас дедим! - қичқирди сотувчи қўлидаги таёқни қафас чивиқлари орасидан ўқтаганча, уришқоқ китобларни ажратишга уриниб, - Ўлай агар, буларга энди ҳеч қачон буюртма бермайман, ҳеч қачон! Бу қандайдир фалокатнинг ўзгинаси! «Кўринмаслик ҳақида кўринмас китоб»нинг икки юз нусхасини харид қилиб, энг мудҳиш даҳшатни бошимдан кечириб бўлдим, деб ўйлаган эканман. Ўша китобларга ниҳоятда катта ҳақ тўлаган эдим. Чиндан ҳам улар кўринмас шекилли, ҳанузгача топа олганим йўқ... ҳа... нодонлик қилиб қўйган эканман-да... Хўш, менга бирор хизмат борми?

- Бор, - деди Гарри, қўлидаги рўйхатга қараб, - Менга Кассандра Ваблатскаянинг «Келажакни тўсиб турган туманни ҳайдаш» китоби керак.

- Э, ҳа! Башорат фанини ўрганишга киришибсиз-да? - хитоб қилди сотувчи қўлқопни ечиб.

У Гаррини дўкон ичкарисига, одамлар тақдирини башорат қилишга бағишланган китоблар бурчаги томон етаклади. У ерда турли рисолалар ва кичик китоблар терилган стол турибди. Китоблар орасида «Каромат қилиб бўлмайдиган нарсалар башорати: руҳий ларзадан сақланинг», «Синган тухумлар: тақдир орқа ўгирганида» каби қизиқарли асарлар бор экан.

Оёқлари икки ёққа очилган нарвон устига чиққан сотувчи токчадан қора муқовали қалин китобни олиб, Гаррига узатди.

- Марҳамат «Келажакни тўсиб турган туманни ҳайдаш». Барча турдаги башоратларга оид ажойиб қўлланма. Унда хиромантия (Хиромантия – кафтдаги чизиқларга қараб фол очишдан иборат фолбинлик) ҳам, биллур шар ҳам, қуш изи ҳам бор.

Гаррининг қулоғига сотувчининг гапи кирмади. Унинг нигоҳи пастак стол устида ётган майда китоблар орасидаги «Ажал аломати: ўлим муқаррарлиги идрок этилганида нима қилмоқ керак» китобига қаратилган.

- О, мен буни ўқимаган бўлар эдим, - деди боланинг эътиборини ўзига жалб этган китобни кўриб, - Уни ўқиган кишининг кўзига ҳар қадамда ажал аломатлари кўринавериб, ўларча қўрқиб юради.

Гарри кўзини катталиги айиқдай келадиган, кўзлари ялтираб турган қоп-қора ит тасвирланган китоб муқовасидан уза олмади. Бу махлуқ болага сал-пал таниш кўрингандай бўлди...

Сотувчи Гаррининг қўлига «Келажакни тўсиб турган туманни ҳайдаш» китобини тутқазиб қўйди.

- Яна бирон нарса керакми?

- Керак, - жавоб берди Гарри, ниҳоят кўзини китобдан узиб, - «Бошқа нарсага айланиш ва айлантириш усуллари. Давом этувчилар учун қўлланма» ва «Афсунлар тўплами (учинчи қисми)»

Ўн дақиқадан сўнг янги дарсликларини қўлтиғига маҳкам қистириб олган Гарри «Жимжимадор ва сиёҳ доғи» дўконидан чиқди-да, қаёққа кетаётганини аранг англаб, ўткинчиларни туртганча «Тешик қозон» томон йўл олди.

Зинадан оғир юриб чиққан бола хонасига кириб, қўлидаги китобларни каравотига тўкди. Кимдир тартибга келтириб қўйган хонанинг очиқ қолдирилган деразасидан қуёшнинг ёрқин нурлари тушиб турибди. Магллар кўчасидан ўтаётган машиналар шовқини ва Диагон хиёбонидаги халойиқнинг ғала-ғовурини эшитиляпти. Иккала кўча ҳам бу ердан кўринмайди. Бола ювиниш чиғаноғи устига маҳкамланган кўзгуда ўз аксини кўриб қолди.

- У ажал аломати эмас эди, - ўшқирди у, ўз аксига қараб, - Ўшанда, Магнолия кўчасида... вужудимни ваҳима қамраб олган. Қўрққанга эса қўш кўринар. Балки у шунчаки, эгаси йўқ бир дайди ит бўлгандир...

У беихтиёр қўлини кўтариб, сочини тўғрилашга уринди.

- Ноумид кураш, қадрдоним, - жавоб қайтарди кўзгу ҳарсиллаб.

Вақт шамолдай ўтмоқда. Диагон хиёбонида кўплаб «Хогварц» ўқувчилари кўриниш бера бошлади. Энди Гарри атрофга қараб, Рон ёки Гермионани учратиш илинжида юрибди. Семестр бошланишига эса оз қолди. Гарри «Квидиш учун энг сара буюмлар» спорт моллари дўкони ёнида эл қатори «Чақмоқ»қа бақрайиб туришган синфдош ўртоқлари Симус Финниган ва Дин Томас билан учрашди. «Жимжимадор ва сиёҳ доғи» дўкони яқинида эса кулчаюз, доимо ниманидир эсидан чиқариб юрадиган Невилль Лонгботтомни кўрди. Невилль китоблар рўйхатини қаёққа бекитганини эсдан чиқариб қўйган чамаси, дағ-дағали бувисидан гап эшитиб турибди. Ноқулай аҳволга солиб қўймаслик учун Гарри ўртоғи билан саломлашиш учун тўхтамади. Гарри Дурсллардан, умуман ҳаммадан қочиб юрган маҳалда ўзини Невилль Лонгботтом деб атагани ҳақидаги миш-миш гаплар ушбу аёлнинг қулоғига етиб бормаганлигига умид қилиш қолди холос.

Таътилнинг сўнгги куни уйғонган Гарри дўстлари Рон билан Гермионани эртага «Хогварц-Экспресс»да учратиши ҳақида ўйлади. У ўрнидан туриб кийинди-да, «Чақмоқ»ни сўнгги бор кўриб келиш учун хиёбонга чиқди. Тушлик вақтида эса қаерда овқатланишни ўйлаб турган фурсатда кимдир унинг исмини бақириб чақирди:

- Гарри! ГАРРИ!

Хайрият. Мана унинг дўстлари. Сепкиллари янада кўпайиб кетган Рон ва офтобда қорайиб, тўқ-жигар ранг бўлиб қолган Гермиона. Иккаласи Флоран Фортескьюнинг музқаймоқхонасида ўтирибди. Иккаласи ҳам жон-жаҳд билан унга қўл силтаяпти.

- Ва ниҳоят! - деди оғзи қулоғига етган Рон.

Гарри уларнинг ёнига бориб, саломлашиб ўтирди.

- Биз «Тешик қозон»га кирган эдик. Чиқиб кетганингни айтишди. Сени қидирмаган жойимиз қолмади. «Жимжимадор ва сиёҳ доғи» дўконига ҳам Малкин хоним дўконига ҳам...

- Мен бозорлигимни ўтган ҳафта қилиб бўлганман, - тушунтирди Гарри, - «Тешик қозон»да яшаётганимни қаердан билдингиз?

- Дадам, - қисқа қилди Рон.

Мистер Уэсли сеҳргарлик вазирлигида ишлайди ва табиийки, Маржа аммага нима бўлганини жуда яхши билади.

- Сен чиндан ҳам аммангни ишириб юбординг-ми? - сўради Гермиона қатъий оҳангда.

- Мен бундай қилмоқчи эмас эдим, - деди Гарри кулавериб қорнини ушлаб қолган Ронга қараб, - Мен... мен... шунчаки, ўзимни назорат қила олмай қолдим.

- Ҳеч ҳам кулгили эмас, Рон, - койиб берди Гермиона, - Ростини айтсам, нима учун Гаррини мактабдан қувиб солишмади, ҳайронман.

- Ўзим ҳам таажжубдаман, - иқрор бўлди Гарри, - Мактабдан ҳайдаш у ёқда турсин, ҳибсга олишади деб ўйлаган эдим.

Сўнг Рондан сўради:

- Фуж нима учун мени ҳибсга олмагани ҳақида даданг ҳеч нима демади-ми?

- Сен бу сен бўлганинг учун бўлса керак? - деди ҳиринглашини қўймаган Рон елка қисиб, - Машҳур Гарри Поттер ва ҳ. ва ҳ. Борди-ю мен ўз аммамни ишириб юборганимда вазирлик нима қилган бўлишини тасаввур қилиб кўр. Тўғри, дастлаб улар жасадимни гўримдан қазиб чиқаришлари керак бўлар эди. Чунки ойим вазирлик вакиллари етиб келмасдан олдин мени ўлдиришга улгурган бўлиши аниқ. Дадамдан ўзинг сўраб билишинг мумкин. Биз ҳам бугун «Тешик қозон»да тунаб қоламиз! Шундай экан, эртага Кингс-Кроссга бирга кетамиз! Гермиона ҳам биз билан қолади!

Яшнаб турган Гермиона бош ирғиди:

- Дадам билан ойим бугун эрталаб нарсаларим билан бирга олиб келиб қўйишди.

- Зўр-ку! - хитоб қилди бахтиёр Гарри, - Сизлар янги дарсликлар-у, бошқа лаш-луш харид қилиб бўлдингиз-ми?

- Албатта. Мана қара, - деди Рон юк халтасидан чиқарган узун қутини очиб, - Янгигина таёқча. Ўн тўрт дюйм, толдан тайёрланган, яккашоҳ нарвалнинг бир толагина туки ишлатилган. Дарсликлар ҳам олдик, - деди у курси остида турган катта сумкасини кўрсатиб, - Қалай, «Қўрқинчли китоб» ёқди-ми сенга. Бизга иккита китоб кераклигини эшитган дўкон сотувчиси йиғлаб юборишига сал қолди.

Гарри курси остидаги Гермионанинг бир эмас, учта катта сумкасини кўрсатиб сўради:

- Мана булар нима?

- Мен сизлардан фарқли ўлароқ барча фанларни ўзлаштираман. Бу ерда арифмантика, сеҳрли ҳайвонларни парвариш қилиш, қадимий руналарни ўрганиш, маглшунослик...

- Маглшунослик сенга нима кераги бор? - кўзларини катта-катта очиб сўради Рон, - Магллар ҳақида етарлидан ортиқ хабардор бўлсанг! Ўзинг магллардан чиққан афсунгарлар тоифасига кирсанг! Ота-онанг ғирт магл бўлса! 

- Уларни сеҳргарлар нуқтаи назаридан ўрганиш жуда қизиқ-да, - деди Гермиона жиддий оҳангда.

- Бу ўқув йили давомида ухлаш, овқатланиш ва шу каби ишларни ҳам режалаштирдинг-ми? - сўради Гарри.

Рон истеҳсоли кулиб қўйди. Гермиона эса эътибор бермади. У ҳамёнини титиб:

- Менда яна ўн галлеон пулим бор экан. Туғилган куним сентябрда. Шу боис, ота-онам ўзимга совға олишим учун олдиндан пул бериб қўйишди.

- Яхшигина китоб харид қилмайсан-ми? - сўради Рон, кўзларини пирпиратиб.

- Йўқ, - ўйчан жавоб қайтарди Гермиона, - Умуман олганда, бойқуш олмоқчиман. Қара Гаррида Хедвиг, сенда эса Эррол бор...

- Эррол меники эмас, оиламизники. Менда Қасмоқ бор, - деди Рон чўнтагидан қўлга ўргатилган каламушини чиқариб, - Айтгандай, уни ветеринар кўригидан ўтказиб қўйса ёмон бўлмас эди, - қўшиб қўйди у каламушини столга қўйиб, - Назаримда Миср ҳавоси унга ёқмаган кўринади.

Қасмоқ ҳақиқатан ҳам озиб кетиб, мўйловлари осилиб қолибди.

- Шу орада сеҳрли ҳайвонлар дўкони бор, - деди Диагон хиёбонини узунаси-ю, кўндалангига ўрганиб чиққан Гарри, - Қасмоқ учун бирон восита топилиши мумкин. Гермиона эса ўзига бойқуш сотиб олади.

Улар музқаймоқ ҳақини тўлашди-да, йўлнинг нариги юзига ўтиб «Жазб этадиган ҳайвонотхона» дўконига киришди.

Ичкарида бўш жой деярли йўқ. Хонанинг ҳар бир дюйми қафас билан банд. Дўконни ўзига хос ҳид ва шовқин-сурон уриб кетган. Қафасга қамалган жониворлар ўзи билганча увиллаб, қуриллаб, қағиллаб, вишиллаб овоз чиқармоқда. Пештахта ортида турган афсунгар аёл дўконга ташриф буюрган сеҳргарга дурўя тритонларни парвариш қилишга доир маслаҳат бермоқда. Шу боис Гарри, Рон ва Гермионага бир оз кутиб туришга тўғри келди. Улар вақтни беҳуда кеткизмай жониворларни томоша қилиб чиқишди.

Иккита йирик тўқ қизил чўлбақа ўлик капалакларни еб маза қилишяпти. Дераза ёнида косаси брильянт тошлар билан безалган катта тошбақа ялтираб турибди. Тўқ сариқ шиллиққуртлар аквариум деворидан пастга аста оқиб тушишяпти. Семиз оқ қуён қаттиқ қарсиллаганча шойи цилиндрга айланиб, сал ўтгач яна ўз қиёфасига қайтмоқда. Бундан ташқари, дўконда ранг-баранг мушуклар, шовқин-сурон солаётган қарғалар қамалган қафаслар ва дамлама мой рангига ўхшаш мўйна шарчалар жойланган саватлар бор. Пештахтада турган кенг қафас ичига эса силлиқ қора каламушлар қамалган. Улар аллақандай сакраш ўйинларини ўйнаб, бунинг учун ўзларининг узун, туксиз думларини ишга солишмоқда.

Дурўя тритонлар соҳиби дўконни тарк этгач, Рон пештахтага яқин борди.

- Мисрдан қайтганимиздан сўнг каламушим ўнгиб қолди, - деди у афсунгар аёлга. 

- Ташла пештахтага, - деди афсунгар аёл чўнтагидан қалин, қора мугуз гардишли кўзойнагини чиқариб.

Рон Қасмоқни ички чўнтагидан чиқариб, қабиладошлари қамалган қафас ёнига қўйди. Каламушлар сакрашдан тўхтаб, мусофирни яхшироқ кўриш учун қафас чивиғи ёнига тўпланиб олди.

Роннинг бисотидаги аксарият нарсаларга оила аъзоларидан қайсидир бири муқаддам эгалик қилган. Мана бу каламуш ҳам бир вақтлар Роннинг акаси Персига қарашли бўлган. Шунинг учун бўлса керак, Қасмоқнинг аҳволи «тутилган буюм» ҳолатига келиб қолган. Қафасдаги эти ярқираб турган каламушлар билан қиёслаб кўриладиган бўлса Қасмоқнинг ҳолати анчагина аянчли кўринади.

- Хм, - деди Роннинг каламушини қўлига олган афсунгар аёл шубҳа билан, - Ёши нечада буни?

- Билмайман. Уни олдин акам боққан.

- Нима каромат кўрсата олади? - сўради афсунгар аёл Қасмоқни синчковлик билан ўрганиб чиқар экан.

- М-м-м... 

Гапнинг очиғини айтганда Қасмоқ бирон-бир иш қила олиши ҳали кузатилмаган. Афсунгар аёл нигоҳини каламушнинг йиртилган чап қулоғидан бир бармоғи йўқ ўнг оёғига олиб ўтди-да, тилини тақиллатди.

- Бечора ўттиз икки гўлахга ўт қўйган эканда, а? - хулоса чиқарди у.

- Персидан менга шу аҳволда ўтган, - ўзини оқлаган бўлди Рон.

- Оддий каламушлар, шу жумладан, боғ каламушлари, одатда, уч йилдан ортиқ яшамайди, - тушунтириш берди афсунгар аёл, - Башарти нисбатан узоқроқ яшайдиган жонивор керак бўлса, эътиборингизни мана буларга қаратинг...

Афсунгар аёл қафасдаги қора каламушларга имо қилди. Улар эса, ўз навбатида, боз сакрай бошлади. 

- Хўжакўрсинчилар, - ғудуллади кўнгли тўлмаган Рон қора каламушларга ўқрайиб.

- Хўп майли, - деди афсунгар аёл, - Модомики, жониворни алмаштириш истаги йўқ экан, каламушлар дармон-дорисини таклиф қилишим мумкин.

Афсунгар аёл пештахта тагидан кичкинагина қизил шиша идишга жойланган дармон-дори чиқарди.

- Яхши, - рози бўлди Рон, - Шуни оламан. Неча пул... ВОЙ!

Бирдан Роннинг боши эгилиб кетди. Қандайдир тўқ сариқ нарса энг юқориги қафас устидан сакраб, тўғри Роннинг бошига тушди-да, дарғазаб пишиллаганча, Қасмоққа ҳамла қилди.

- ТЎХТА, МАЙМОҚОЁҚ, ТЎХТА! - бақириб юборди афсунгар аёл.

Унинг қўлидаги Қасмоқ совун бўлагидай сирғаниб чиқиб, дастлаб пештахтага сўнг, полга сакраб тушди-да, ўзини чиқиш эшиги томон урди.

- Қасмоқ! - бақирди каламуш кетидан югурган Рон.

Гарри Роннинг кетидан чиқди. Каламушни тутиб олишга ўн дақиқа керак бўлди. Қўрқиб кетган жонивор «Квидиш учун энг сара буюмлар» спорт моллари дўкони ёнидаги чиқинди ташлаш идиши остига бекиниб олган экан. Ниҳоят Рон дир-дир титраётган ҳайвонни чўнтагига солиб, бошини ишқалаганча, қаддини ростлади.

- Нима эди у?

- Ё жуда катта мушук, ё кичкина йўлбарс эди шекилли, - деди Гарри.

- Гермиона қани?

- Бойқуш сотиб олаётган бўлса керак.

Улар одамга тўлиб-тошган кўча бўйлаб аста-секин «Жазб этадиган ҳайвонотхона» дўкони томон йўл олишди. Етиб боришгач эса кираверишда Гермионага дуч келишди. Унинг қўлидаги жонивор бойқушга мутлақо ўхшамайди. Қизалоқ иккала қўли билан баҳайбат, тўқ сариқ мушукни қучоқлаб олган.

- Сен шу махлуқни сотиб олдинг-ми? - сўради Рон оғзи ланг очилиб.

- Хушрўй экан, а? - деди яшнаб турган Гермиона.

Ҳар кимнинг диди бошқа, хаёлдан ўтказди Гарри. Мушукнинг тўқ сариқ мўйнаси чиндан ҳам мисли йўқ зичлиги ва мулойимлиги билан ажраб турибди. Лекин оёғи қандайдир эгри. Домангирлик қиёфасини касб этган башараси эса шу қадар ясси-ки, гўё ниҳоятда катта тезлик олган маҳалда юзи билан ғишт деворга бориб урилгандай кўринади. Ҳозир, Қасмоқ кўздан ғойиб бўлгач, ушбу йирик ҳайвон мамнуният ила янги соҳибасининг қўйнида ғулдираб ётибди.

- Гермиона, ахир ҳозиргина у менинг бош теримни сочларим билан бирга шилиб олишига сал қолди-ку!

- У атайин қилгани йўқ, тўғрими, Маймоқоёқ? - мушук сингари хуриллаб қўйди Гермиона.

- Хўш, Қасмоқнинг қисмати нима бўлади энди? - сўради қизишиб кетган Рон бармоғи билан кўкрак киссасига имо қилиб, - Унга тинчлик керак! Ёнимизда мана бундай тулум бўлса, тинчлик-хотиржамлик қаерда қолади?

- Ҳа, айтгандай, каламушлар дармон-дорисини унутиб қолдирибсан, - эслади Гермиона, кичкинагина қизил шиша идишни Роннинг кафтига ташлаб, - Ташвиш тортма, Маймоқоёқ менинг ётоқхонамда, Қасмоқ эса сенинг ётоқхонангда ухлайди. Шундай экан, нега текис ерда дўнглик қидиряпсан? Афсунгар аёлнинг айтишича, бу бечорани ҳеч ким сотиб олишни хоҳламай, бутун умрини ўша дўконда ўтказган экан.

- Қизиқ, нима учун хоҳлашмаган экан, а? - аччиқ кулиб қўйди Рон.

Болалар «Тешик қозон» томон йўл олишди.

Майхона пештахтаси ёнидаги курсида мистер Уэсли «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқиб ўтирибди.

- Гарри! - қувониб кетди у, болаларни кўриб - Ишлар қалай?

- Раҳмат, жуда яхши.

Болалар қўлидаги бозорликлари билан бирга мистер Уэслига келиб қўшилишди. Мистер Уэсли столга қўйган газетада акс эттирилган Сириус Блэкнинг фотосуратини Гарри дарҳол таниди. Сўнгги кунларда ушбу сурат унга тез-тез дуч келиб турибди.

- Ҳалигача қўлга олинмади-ми? - сўради у.

- Йўқ, - жавоб берди мистер Уэсли ташвишли қиёфа касб этиб, - Барчамизни иш жойимиздан тревога бўйича кўтариб, қидирув тадбирларига жалб этишди. Аммо ҳозирча бирон-бир натижа чиқмади.

- Агар уни тутиб берсак, мукофот беришади-ми? - қизиқди Рон, - Яна пул олсак ёмон бўлмас эди...

- Кулгимни қистама, Рон, - деди ниҳоятда ҳорғин кўринган мистер Уэсли, - Ўн уч ёшли сеҳргар Блэкни уддалай олмайди. Бу иш фақат Азкабан қўриқчиларининг қўлидан келади холос. Улар Блэкни албатта қўлга олишади, хотиржам бўлинглар.

Шу пайт майхонага бир дунё қоғоз халта кўтариб олган миссис Уэсли, унинг кетидан «Хогварц»нинг бешинчи синфига ўтган эгизаклар Фред билан Жорж, энг ибратли ўқувчи сифатида эътироф этилган Перси ҳамда Уэслилар оиласининг кенжатойи ва якка ягона қизалоғи Жинна кириб келишди.

Бир вақтлар бир қарашда Гаррини ёқтириб қолган Жинна бу сафар одатдагидан ҳам баттар қизариб кетди. Эҳтимол, ўтган ўқув йилида Гарри унинг ҳаётини сақлаб қолгани учун бўлса керак. Қизалоқ Гаррининг кўзига тик қарашга журъат эта олмай қисқа салом берди. Перси эса, аксинча, худди Гаррини энди кўриб турган кишидек, ниҳоятда жиддий қиёфа билан қўл узатиб:

- Салом, Гарри. Сени кўрганимдан беҳад хурсандман, - деди дабдабали оҳангда.

- Салом, Перси, - деди Гарри, кулгисини базўр тийиб.

- Соғлигинг жойида деб умид қиламан? - давом этди қўл сиқишиб саломлашаётган Перси ҳамон ўша оҳангда.

Перси билан саломлашаётган Гарри худди Лондон ҳокимининг қабулига киргандай ҳис этди ўзини.

- Соппа-соғман, раҳмат...

- Гарри! - қичқирди Фред, тирсаги билан Персини нари туртиб, - Сени кўрганимдан фавқулодда бахтиёрман, қадрдон дўстим...

- Тасанно, - суқилди Жорж, Фредни нари туртиб, - Шодлигимни таърифлашга сўз ожиз...

Перси лабларини қимтиб олди.

- Қани, бас қилинг, - деди Миссис Уэсли Персининг таҳқирланишига йўл қўймасликка уриниб.

- Ойи! - яшнаб кетди Фред, миссис Уэслининг қўлини сиқиб, худди уни эндигина кўриб тургандай, - Сизни ҳам кўрганимдан бошим осмонга етди...

- Бас қилинг дедим, - қичқирди миссис Уэсли қўлидаги харажатни бўш курсилардан бирига қўйиб, - Салом, Гарри, ёқимтойгинам. Оиламизнинг ажойиб янгиликларидан бохабар бўлсанг керак?

Миссис Уэсли Персининг кўкрагида ялтираб турган янгигина «Энг ибратли ўқувчи» кумуш кўкрак нишонини кўрсатди.

- Оиламизнинг иккинчи ибратли ўқувчиси! - мақтанди у, ғурурдан ишиб.

- Ва сўнггиси, - деярли ичида ғулдиради Фред.

- Мен бунга зиғирча бўлсин, шубҳа қилмайман, - қовоқ солди миссис Уэсли, - Билишимча, сиз иккалангизни ҳеч ким синфбоши этиб тайинламоқчи эмас.

- Синфбоши этиб? - деди Жорж, ушбу сўзнинг ўзи уни сескантириб юборгандай бўлиб, - Бундай лавозим нима кераги бор бизга? Ҳаётнинг барча қувончларини барбод қилиб юборади-ку!

Жинна ҳиринглаб юборди.

- Синглингизга тузукроқ ибрат кўрсатсангиз бўлар эди! - ўпка-гина қилди миссис Уэсли.

- Бунинг учун Жиннанинг бошқа акалари бор, ойи, - юксак оҳангда баёнот қилди Перси, - Бориб, кечки овқат учун кийимимни алмаштириб чиқай...

Перси хонасига кириб кетди. Жорж эса оғир нафас чиқариб қўйди.

- Уни Миср эҳромларидан бирига қамаб қўймоқчи бўлиб турган эдик, - деди у Гаррига, - Афсуски, ойим пайқаб қолди.

Шу кунги кечки овқат жуда кўнгилли ўтди. Муассаса соҳиби Том катта оила учун учта столни ёнма-ён бирлаштирди. Дастурхон атрофида Уэслилар оиласининг етти нафар аъзоси, Гарри ва Гермиона ўтириб, шошилмай овқатланди. Кечки овқат бирин-кетин узатилган беш хил таомдан ташкил топди.

- Эртага Кингс-Кроссга нимада борамиз, дада? - сўради Фред, ҳамма шоколад пудинг билан банд бўлиб қолганида.

- Вазирлик бизга иккита машина ҳавола этди, - жавоб қайтарди мистер Уэсли.

Ҳамма баробар бошини кўтарди.

- Нима учун? - сўради Перси.

- Сенинг шарафингга, албатта, - жавоб қайтарди Жорж мутлақо жиддий оҳангда, - Капотда эса «ЭИЎ» ҳарфлари битилган байроқчалар тикланган бўлади.

- «Энг иддаочи ўқувчи», деган маънони англатади, - қўшиб қўйди Фред.

Миссис Уэсли билан Персидан ташқари ҳамма ҳиринглаб юборди.

- Ҳар қалай, нима учун вазирлик бизга машина ҳавола этмоқда, дада, - такрор сўради Перси, обрў сақлаб.

- Энди ўзимизнинг машинамиз бўлмагани... ва модомики, мен вазирликда ишлар эканман, илтифот кўрсатилаётгани учун... - тушунтирган бўлди мистер Уэсли.

Мистер Уэсли ушбу тушунтиришини бепарво оҳангда берган бўлса-да, унинг қулоқлари мураккаб вазиятга тушиб қолган Роннинг қулоқлари каби қизариб кетганини Гарри сезмай қолмади.

- Жуда яхши бўлибди, - қўшиб қўйди миссис Уэсли енгил тортиб, - Қанча юкимиз борлигини тасаввур қиляпсиз-ми? Шунча юк билан маглларнинг метросида юриб, уларнинг кўзига ким бўлиб кўринамиз... Айтгандай, ҳамма ўз нарсаларини сафарга шайлаб қўйди-ми? 

- Йўқ. Рон ҳали йиғиштириб олганича йўқ. Жамики нарсаларини менинг каравотимга тўкиб солган, - чақимчилик қилди Перси, бардош билан узоқ қийналган киши қиёфасини касб этиб.

- Ундай бўлса, Рон, ўрнингдан тургин-да, бориб нарсаларингни йўлга ҳозирла. Эрталаб вақтимиз бўлмайди, - овоз кўтарди миссис Уэсли столнинг нариги бошида ўтирган Ронга қараб.

Рон Персига юзланиб башарасини буриштириб қўйди.

Кечки овқат ниҳоясига етгач, болаларнинг уйқуси келди. Нарсалар сафарга шай эканлигини яна бир бор текшириб чиқиш учун улар бирин-кетин ўз хоналарига тарқалди. Рон билан Перси Гаррига қўшни хонага жойлашишган экан. Гарри нарсаларини йиғиштириб, эндигина сандиғини ёпган эди ҳам-ки, девор ортида баджаҳл бақир-чақир эшитилди. Нима бўлганини билиш учун Гарри хонасидан чиқди.

Ўн иккинчи хона эшиги катта очиқ. Перси бор овози билан ўкирмоқда:

- Шу ерда, жавон устида турган эди. Сайқал бериш учун ечиб қўйган эдим.

- Мен текканим йўқ? - бақирди Рон.

- Тинчликми, нима бўлди? - сўради Гарри.

- Кўкрак нишоним йўқолиб қолди, - арз қилди Перси, кескин ўгирилиб.

- Каламушлар дармон-дориси ҳам йўқолибди, - деди Рон, сандиғидаги нарсаларини ҳар томон отиб, - Пастда қолдирибман шекилли...

- Кўкрак нишонимни топиб бермас экансан, ҳеч қаерга бормайсан! - ўкирди Перси.

- Дорини ўзим қидириб кўраман, - деди Гарри, - Мен нарсаларимни йиғиштириб бўлдим. 

Гарри пастга отланди. Ҳозиргина кечки овқат ўтган жойга яқин келган эди ҳам-ки, қулоғига чироқлари ўчган меҳмонхонада ўтирган икки кишининг ғазабнок суҳбати чалиниб, мистер ва миссис Уэсли эканлигини таниди. Гарри турган жойида тек қотди. У эр-хотиннинг жанжалини эшитишни истамаган бўлса ҳам, бақир-чақир орасида ўзининг исмини эшитди.

- Сир тутишдан маъни йўқ, - қизишар эди мистер Уэсли, - Гарри ҳақиқатни билишга ҳақли. Бунга Фужни ҳам кўндирмоқчи бўлдим. Вазир эса Гаррини ҳамон гўдак сифатида кўради. Ваҳоланки, Гарри, ўн уч ёшга тўлган каттагина йигитча бўлиб қолган.

- Ҳақ гап Гаррини қўрқитиб юборади, Артур! - чийиллади миссис Уэсли, - Сен чиндан ҳам болакайнинг мактабга ўша мудҳиш ҳақиқат-у, юрагида ғам-ғусса билан боришини истайсан-ми? Муқаддас фалак ҳақи, Артур, бас қил! У ҳеч нарсани билмас экан, бахтиёр яшашни давом этаверади!

- Бахтсиз бўлишини эмас, огоҳ бўлишини истайман! - эътироз билдирди мистер Уэсли, - Улар қанақанги ўтюрак болалар эканлигини яхши биласан-ку! Гарри ҳам, Рон ҳам керак бўлмаган жойга бурун суқиб юришади. Иккаласи Ман этилган ўрмонга икки маротаба кириб чиқишди! Бу йил эса бунга йўл қўйиб бўлмайди! Уйидан қочиб чиққанидан сўнг, қай аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади! Онт ичиб айтаман-ки, агар «Тунги рицарь» тасодифан келиб қолмаганида вазирлик топиб олгунга қадар бола ўлиб бўлган бўлар эди!

- У ўлмади, тирик. Шундай экан, энди ўша ҳақ гапни айтишдан зиғирдай маъни йўқ...

- Молли, азизам! Сириус Блэкни савдойи, эси паст дейди ҳамма. Бироқ унинг Азкабандай жойдан қочиб қутулишга ақли етди. У ердан қочишнинг иложи йўқ дейишар эди, агар билсанг! Жуфтакни ростлаган кундан буён уч ҳафта ўтди, аммо бирор-бир киши Блэкнинг бирон-бир изини ҳамон топа олгани йўқ. «Башорат-у, каромат газетаси» орқали Фуж бераётган маълумотлар жиддий эмас. Фуж: «Ўзи афсун ўқийдиган сеҳрли таёқча ихтиросига нисбатан Блэкни қўлга олишга кўпроқ яқинлашдик», дейиши ҳам мумкин! Лекин биз бир нарсани, у ҳам бўлса, Блэк кимнинг пайига тушганини аниқ биламиз...

- «Хогварц»да Гаррининг хавфсизлиги тўла-тўкис таъминланади...

- Азкабанни ҳам мутлақо ишончли қаср деб билган эдик. Модомики Блэк Азкабандан қочиб чиқишга муваффақ бўлибди-ми, демак «Хогварц»га кириш унга чўт эмас.

- Лекин Блэкка айнан Гарри кераклигини ҳеч ким билмайди-ку...

Ёғоч тақирлаб кетгани эшитилди. Гарри мистер Уэслининг столни муштлаб қўйганига шубҳа қилмади.

- Неча маротаба айтиш керак сенга, Молли! Оммавий ахборот воситаларида эълон қилишмаяпти-ми, демак бунга вазир ижозат бермаяпти. Блэк қамоқхонадан қочиб кетган тунда Фуж Азкабанга ташриф буюрган экан. Қўриқчининг вазирга берган маълумотига қараганда, Блэк анчадан буён уйқусида гапирадиган бўлиб, ҳар сафар: у «Хогварц»да... у «Хогварц»да... дер эмиш. Блэк ақлдан озган ва у Гаррини ўлдирмоқчи, Молли! Фаҳмлашимча, агар Гаррини ўлдирса, Ўзинг-Биласан-Ким яна ўз қудратига эга бўлади, деган хулоса чиқарган. Гарри Ўзинг-Биласан-Кимдан устун келган ўша машъум тунда Блэк ушбу ёруғ оламда бор нарсасини батамом йўқотиб бўлган. Буни англаб етиш учун эса Азкабанда ўн икки йил вақти бўлган...

Сукунат чўмди. Гарри яна бирон-бир гап эшитиш учун эшикка яқинроқ борди.

- Артур, қандай иш тутиш кераклигини ўзинг биласан, албатта. Лекин Альбус Дамблдор борлигини ҳам унутма. Фикримча, токи Дамблдор мактаб директори экан, Гаррига ҳеч қандай хавф таҳдид солмайди. Билишимча, у доимо ҳамма нарсадан воқиф бўлиб юради.

- Албатта. Мактаб ҳудудига кириладиган жойларда Азкабан қўриқчилари бўлиши учун ундан ижозат сўрашга тўғри келди. Дамблдор ўзини ўз этидан сакраб чиққудай бахтиёр ҳис этмаган бўлса-да, розилик берди.

- Бахтиёр ҳис этмади? Нега? Ахир улар Блэкни қўлга олишга яқиндан ёрдам беришади-ку?!

- Дамблдор Азкабан қўриқчиларини ёқтирмайди, - деди мистер Уэсли, оғир хўрсиниб, - Ким ҳам ёқтиради уларни?!... Бироқ гап Блэк сингари жиноятчи сеҳргарлар тўғрисида борар экан, бошқа ҳолатларда четлаб ўтилса ҳам, айни ҳолатда улар билан бирлашишга мажбурмиз.

- Улар Гаррининг хавфсизлигини таъминлар экан, нега энди...

- ... модомики, шундай экан, улар ҳақида бирон-бир ёмон гап айтмайман, - деди мистер Уэсли ҳорғин оҳангда, - Бўлди Молли, кеч бўлди. Бориб ухлайлик.

Курсиларнинг силжиётганини эшитган Гарри имкон қадар шовқин солмай бекинишга шошилди. Бир неча дақиқа ўтгач, эр-хотин зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилаётганини эшитди.

Каламушлар дармон-дориси улар овқатланган стол остида турибди. Гарри мистер ва миссис Уэсли хонасининг эшиги ёпилишини кутиб тургач, топилмани юқорига олиб кетди.

Зина майдончасидаги қоронғи бурчакка бекиниб олишган эгизаклар кўкрак нишонини қидираётган Персининг ўз хонасини хароб қилаётганини пинҳон кузатиб, кулгидан тиришиб қолишибди. 

- Нишон бизда, - пичирлади Фред, қўлидаги кўкрак нишонини кўрсатиб, - Биз ундаги ёзувга бир оз тузатиш киритдик.

Кўкрак нишонида энди «Энг ибратсиз ўқувчи» сўзлари кўринди.

Кулиб қўйган Гарри ичкарига кириб дармон-дорини Ронга берди-да, хонасига кириб, каравотига ётди.

Бўлиб ўтган ҳодисалар-у, эшитган гап-сўзларининг маъно-мазмунини обдон ўйлаб чиққан Гарри хулоса чиқарди: 

- Демак, Сириус Блэк менинг пайимга тушибди. Мана энди ҳаммаси тушунарли. Тирик бўлганим учун ҳам Фуж менга марҳамат кўрсатган. Зимдан қўриқлаб юрадиган сеҳргарлар билан тўлиб-тошган Диагон хиёбони сарҳадларини ташлаб чиқмаслик борасида мендан ваъда олгани ҳам бежиз эмас. Вазирлик эса эртага Уэслилар мени соғ-саломат поездга чиқариб қўйишлари учун иккита машина ажратган. Ҳаммаси тушунарли.

Девор ортида эшитилаётган шовқинларга қулоқ солиб ётган Гарри нима учун қўрқув ҳиссини сезмаётгани ҳақида ўйланиб қолди. Сириус Блэк ўн уч кишини битта қарғиш афсуни воситасида ўлдирган. Миссис ва мистер Уэсли ҳақ гапдан хабар топган Гарри ваҳимага тушиб қолишига шубҳа қилишмайди. Гарри миссис Уэслининг фикрига қўшилди. Дарҳақиқат, Дамблдор бор жой – ер юзидаги энг хавфсиз жой. Ахир Лорд Вольдеморт чўчийдиган ягона одам Дамблдор эканлигини ҳамма эътироф этади-ку, шундай эмасми?! Вольдемортнинг ўнг қўли саналадиган Сириус Блэк-чи? Мантиқан мулоҳаза юритиладиган бўлса, у ҳам худди Вольдеморт каби Дамблдордан қўрқиши керак-ку?

Бундан ташқари, мактаб атрофида ҳозир ҳамманинг оғзида достон бўлаётган анави Азкабан қўриқчилари бўлади. Ўша қўриқчиларга дуч келган аксарият одамлар ўз ақлини йўқотиб қўядиган кўринади. Модомики шундай экан, Азкабан қўриқчилари томонидан муҳофаза қилинадиган мактаб ҳудудига Блэк ҳаётда кира олмайди.

Оббо, қайси томондан қараманг, Гаррининг Хогсмёд қишлоғига ташриф буюришга имкони чиндан ҳам йўққа ўхшайди. Токи Блэк қўлга олинмас экан, ҳеч ким Гаррини қасрнинг хавфсиз ҳудудидан ташқарига чиқармаслиги аниқ. Хавф батамом барҳам топмас экан эринмаган одам бор-ки, Гаррининг ҳар бир қадамини диққат билан кузатиб юришига ҳеч шубҳа йўқ.

У қовоғини солиб, шифтга қаради. Нега шунча ваҳима қилишмаса? Нима, мен ўзимни ўзим ҳимоя қила олмайдиган ожиз бандаман-ми? У қадар заиф эмасман-ку. Лорд Вольдемортнинг чангалидан уч маротаба омон чиққанман ахир...

Бирдан кўз ўнгида Магнолия кўчасидаги зимистонда учратган ҳайвоннинг сўралмаган сиймоси гавдаланди. ... Ўлим муқаррарлиги идрок этилганида нима қилмоқ керак...

- Мен ўзимни ўлдиртириб қўймайман, - деди Гарри баланд овозда.

- Баракалла, жуда соз, - жавоб қайтарди гапирадиган кўзгу уйқусираб.
###################
Sever.UZ
http://uzsmart.ru
http://ka4ka.uz
http://sever.uz
##################
