Кириш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бандаларига зикр ва дуолар эшигини очиб қўйган Ҳақ таолога Унинг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига зикр ва дуоларда намуна бўлган Расулимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад мустафога саловоту дурудлар бўлсин!
Ўз диндошларига Қуръони Карим ва хадиси шарифлардаги зикр ва дуолар ҳақидаги таълимотларни омонат ила нақл қилган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!
Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар», деган («Аҳзоб» сураси, 41-42-оятлар).
Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туриш, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир.
Ҳа, мўминларнинг Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлуб амалдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғвo, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади.
Аллоҳни кўп зикр килган одамнинг калбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири:
«Эй Аллоҳнинг Расули, энг яхши одам ким?» деб сўради.
Расулуллох, соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша», дедилар.
Иккинчиси эса:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин», дедилар.
Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббингиз: «Модомики, бандамнинг лаблари Мени зикр этиб қимирлар экан, Мен у билан биргаман», дейди», деганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ, таоло «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди», деганлар.
Аллоҳ таоло яна:
«Бас, Мени эсланг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг», деган («Бақара» сураси, 152-оят).
Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам - олам маъноларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт, ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:
«Мени эслангиз», демоқда.
Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилишлари, эслашлари билан Аллоҳ таолонинг уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ, таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?
Имом Бухорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:
«Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган.
«Ва Менга шукр қилинг, куфр қилманг».
Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан «Шукр», деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳни зикр этиб, Унга шукр қилгандагина иши олға босади.
Аллоҳ таоло яна:
«Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар - Аллоҳ ўшаларга мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб кўйгандир», деган («Аҳзоб» сураси, 35-оят).
Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлиши учун асосий омилдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир.
Ибн Абу Ҳотим Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракъатдан намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган эркаклардан ва зокира аёллардан бўладилар», деганлар.
Ҳа, зокирлик даражаси олий мартаба. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак.
«...Аллоҳ ўшаларга мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир».
Яъни Аллоҳ таоло бу дунёда мазкур сифатларга эга бўлган ҳар бир эркак ва ҳар бир аёлнинг гуноҳларини кечиришга тайёр, у дунёда эса ажр қилиб, жаннатни шай этиб қўйган.
Юқорида зикр этилган олиймақом сифатлар соҳиби бўлган ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳ таолонинг ҳар қандай амрини сўзсиз бажаришга доимо тайёр туради.
Аллоҳ, таоло «Ҳадид» сурасида:
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, зикр, дуолар, истиғфор ва тавба китоби айни чорда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» деган (16-оят).
Инсон қалби тез ўзгарувчан нарсадир. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни ҳам англатади. Қуръони Карим қалбнинг тез ўзгарувчанлигини тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш» оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.
Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, унинг бағри тошга айланади, унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.
Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг Ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:
«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббиларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир», деган (2-оят).


Инсон ҳамиша яратган Парвардигорга муҳтож, Унинг раҳмат ва мағфиратига умидвор. Одамизод ҳаётдаги турли воқеа-ҳодисалар, мушкуллик ва синоатлар, бало-офатлар қаршисида ожиз қолганида дарров дуога қўл очади, Роббига илтижо қилиб, ундан мадад ва нажот сўрайди.
Зикрнинг доираси тасбиҳ, таҳлил, такбир ёки шуларга ўхшаш нарсалар билан чегараланиб қолмаган, балки Аллоҳнинг тоати учун бўлган ҳар бир амал Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади.
(Тасбиҳ – «Субҳоналлоҳи», таҳмид – «Алҳамду лиллаҳи», таҳлил – «Лаа илаҳа иллаллоҳ», такбир – «Аллоҳу акбар» деб айтишдир.)
Саид ибн Жубайр ва бошқа уламолар айтишади: «Ҳалол-ҳаром ҳукмлари зикр этилган мажлислар, олди-сотди, намоз ўқиш, рўза тутиш, никоҳ қилиш, талоқ қўйиш, ҳажга бориш ва шунга ўхшаш масалалардан сўз борган барча йиғинлар зикр мажлисларидир».
Мужоҳид эса: «Ёнбошлаганида, ўтирганида, тик турганида Аллоҳни зикр қилмаган эркак ёки аёл ҳақиқий зокир бўла олмайди», деганлар.
Ато розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким беш вақт намозни ҳақларини адо этиб ўқиса, Аллоҳнинг оятидаги зикр қилувчилар сирасига киради».
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши кечаси аҳлини уйғотиб, биргаликда икки ракъат намоз ўқишса, кўп зикр қилувчи эркак ва аёллардан деб ёзилади», дедилар. Бу ҳадис машҳурдир. Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривоятлари.
Шайх Абу Амр ибн Салоҳ розияллоҳу анҳудан: «Қандай қилиб киши зокир бандага айланиши мумкин?» деб сўрашганида, у зот: «Собит бўлган маъсур (яъни, Пайғамбаримиздан нақл этилган) зикрларни тонг отганида, кечқурун, кундузи, ярим кечаси ва ҳар турли ҳолатларда доимий ўқиб юрса, ана шунда оятда келган кўп зикр қилувчилар қаторига қўшилади», деб жавоб бердилар.


Дуо ҳам бир ибодат, инсоннинг Аллоҳ билан орасини боғловчи бир ришта. Дуо-бутун оламларнинг Парвардигорини зикр этиш ва бу орқали Унинг розилигини топиш, савоб ва ажрга мушарраф бўлиш. Мўминларнинг тириклар ва ўликлар ҳаққига қилган дуолари Аллоҳ ҳузурида мақбул ва маҳбубдир.

{وَإذَا سَألَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إذَا دَعَانِي}

«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан». (Бақара сураси, 186 оят)
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:
{وَادْعُوهُ خَوفًا وَطَمَعًا إنَّ رَحْمَةَ اللهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ}

“Роббингизни қўрқув ва умид ила дуо қилинг. Шубҳасиз муҳсинларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир”. (Аъроф сураси, 56 оят)
Дуо қилишнинг фазилатлари ва қоидалари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлганки, улардан айримларини қуйида келтириб ўтамиз:

إنَّ اللهَ حَيٌّ كَرِيْمٌ يَسْتَحْيِ إذَا رَفَعَ الرَّجُلُ عَلَيهِ يَدَيهِ أَنْ يَرُدَّهُمَا صِفْرًا وَخَائِبَتَينِ. (أخرجه أبو داود والترمذي)

Яъни: Албатта Аллоҳ таоло сахий ва ҳаё эгаси. У Ўзи учун қўлларини кўтариб, дуо қилиб турган кишини умидсиз, қуп-қуруқ қайтармоқликдан ҳаё қилади.

أُدْعُ اللهَ وَأَنْتُمْ مُوقِنُونَ بِالإجَابَة،ِ وَاعْلَمُوا أنَّ اللهَ لاَ يَسْتَجِيبُ مِنْ قَلْبٍ غَافِلٍ لاَهٍ.
(رواه الترمذي. قال أبو عيسى هذا حديث غريب لا نعرفه إلا من هذا الوجه)

Яъни: Аллоҳ дуоларимни қабул этади, деб ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Чунки Аллоҳ таоло ғофил ва машғул қалбнинг дуосини қабул этмайди.

مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَسْتَجِيبَ اللهُ لَهُ عِندَ الشَّدَائِدِ وَالْكَرْبِ فَليُكْثِر الدُّعَاءَ فِي الرَّخَاءِ.
(أخرجه الترمذي)

Яъни: Кимни ғам-ташвиш, машаққат пайтида дуоси Аллоҳ тарифидан ижобат қилинмоғи хурсанд этса, фаровонлик пайтида дуони кўпайтирсин.

الدُّعَاءُ مَحْجُوبٌ عَنِ اللهِ حَتَّى يُصَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ وَأهْلِ بَيْتِهِ.
(رواه الطبراني في الأوسط ورجاله ثقات)

Яъни: Муҳаммад алайҳиссалом ва аҳли байтларига саловот айтилмагунча дуо Аллоҳдан тўсилган бўлади.

سَلُوا اللهَ بِبُطُونِ أَكُفِّكُمْ وَلاَ تَسْأَلُوهُ بِظُهُورِهَا فَإِذَا فَرَغْتُمْ فَامْسَحُوا بِهَا وُجُوهَكُمْ.
(أخرجه أبو داود)

Яъни: Кафтларингизнинг ичини қилиб Аллоҳга дуо қилинг, устини қилиб дуо этманг ва дуодан фориғ бўлсангиз, қўлларингизни юзга суртинг.


Дуолар бошга тушган мусибатни даф қилади, келажакда келиши мумкин бўлган балоларнинг олдини олади, дунё ва охират неъматларига эришишда фойдаси тегади. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда бир мўминнинг бошқа бир мўмин биродарига, фарзанднинг ота-она хаққига, ота-онанинг эса фарзандга қилган дуосининг фойдалари зикр этилган.
Мусулмоннинг дуоси ҳеч қачон рад этилмайди. Аллоҳ таоло унинг тилаган нарсасини дарҳол ёки кечроқ ато этади, ёки охиратга қолдиради ёхуд ундан бир ёмонликни, бошига келаётган бир балони даф этади. Дуоларнинг қабул бўлиши эса бандасининг иймонига, Аллоҳнинг амр ва тақиқларига қанчалик амал қилаётганига, ихлос ва хулқига боғлиқлигини унутмаслик керак. Ушбу китобга Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссаломдан, у зотнинг асҳобларидан ривоят қилинган саҳиҳ дуолар жамландики, мусулмонлар ундан манфаатланиб дуоларни, Аллоҳнинг зикрини кўпайтирсалар, икки дунё саодатига эришгайлар, иншааллоҳ. Парвардигор барчаларимизни Ўзининг зикрини тилдан қўймайдиган солиҳ бандаларидан қилсин! Омийн
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика