Намоз тугаганда

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатсалар, уч марта «Астағфируллоҳ», деб сўнгра:

اللهُمَّ أَنْتَ السَّلاَمُ وَمِنْكَ السَّلاَمُ تَبَارَكْتَ يَا ذَا الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ

«Аллоҳумма антас салам ва минкас салам, табарокта йа зал жалали вал икром», деб айтар эдилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳим, Сен саломсан ва салом Сендандир. Эй улуғ ва ҳурматли зот, Сен баракотлисан.)

Имом Муслим ривоятлари.

* Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлсалар:

لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодир. Аллоҳумма ла маниъа лима аътойта ва ла муътийа лима манаъта ва ла йанфаъу зал жадди минкал жадд»ни ўқир эдилар.
(Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ. Ва Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди.)

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Ким ҳар бир намоз сўнгида ўттиз уч мартадан «субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар», деб юзинчисини

لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

«Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр», деб айтса, гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечирилади», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

* Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг қўлларимдан ушлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман ва сенга ҳар намоз сўнгида

اللهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ

«Аллоҳумма аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик»ни айтишни тавсия қиламан», дедилар».
(Маъноси: Эй Аллоҳим, Сени зикр этишда, Сенга шукр қилишда ва ибодатингни гўзал бажаришда менга ёрдам бер.)

Абу Довуд ва Насаий ривоятлари.

* Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз сўнгида:

اللهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الكُفْرِ وَالفَقْرِ وَعَذَابِ القَبْرِ

«Аллоҳумма инний аъузу бика минал куфри вал фақри ва ъазабил қобр», деб айтар эдилар.
(Маъноси: Аллоҳим, куфрдан, камбағалликдан ва қабр азобидан Сендан паноҳ тилайман.)

Ибн Сунний ривоятлари.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика