Эси оғганда ва бирор нарса чаққанда
Абдураҳмон ибн Абу Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Менинг иним касал», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг касали нима?» деб сўрадилар. У киши: «Бир оз жунунлиги бор», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни менга олиб кел», дедилар. У кишини олиб келишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморни олдиларига ўтқизиб, унга Фотиҳа сурасини, Бақаранинг аввалги тўрт оятини ва ўртадаги икки оятини (яъни, 163-164-оятларини), Оятул курсийни, яна Бақаранинг охирги уч оятини, Оли Имроннинг илк ва 18-оятини, Аърофнинг 54-оятини, Мўминуннинг 116-оятини, Жин сурасининг 3-оятини, Соффат сурасининг аввалги ўн оятини, Ҳашрнинг охирги уч оятини, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни, «Қул аъузу бироббил фалақ»ни, «Қул аъузу бироббин нас»ни ўқидилар.
Ибн Сунний ривоятлари.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дардга чалинган бир кишининг қулоғига ниманидир ўқидилар. У соғайиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қулоғига нима деб айтдинг?» деганларида, «Мўминун» сурасининг 115-оятидан то охиригача ўқиганларининг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор киши мана шу оятларни ишонч билан ўқиса, тоғни ҳам майдалаб юборади», дедилар.
Ибн Сунний ривоятлари.
Tavsiya qilamiz