Ўлим яқинлашганда
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимлари яқинлашган эди. Олдларида бир қадаҳда сув бор эди. Унга қўлларини тиқдилар, сўнг сувини юзларига суртиб:
اللهُمَّ أعِنِّي عَلَى غَمَرَاتِ الْمَوْتِ وَسَكَرَاتِ الْمَوْتِ
«Аллоҳумма аъинний ъала ғомаротил мавти ва сакаротил мавт», деб айтдилар».
(Маъноси: Аллоҳим, ўлим шиддати ва ўлим талвасасида менга ёрдам бер.)
Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.
Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга суяниб туриб:
اللهُمَّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي وَألْحِقْنِي بِالرَّفِيقِ الأَعْلَى
«Аллоҳуммағфирли варҳамний ва алҳиқний биррофиқил аъла», деганларини эшитдим».
(Маъноси: Аллоҳим, мени мағфират қил ва менга раҳм эт. Мени Олий дўст билан қовуштир.)
Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Ҳурайра ва Абу Саид Худрийлар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётганларга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтиб туришни буюрдилар».
Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари.
Tavsiya qilamiz