Избоқ (ҳикоя) [Abdunabi Hamro] |
– Жойингга тур. Қулоқ сол, қабила: биз жанг қиламиз! Қарлонлар ота юртимизни босиб олишмоқчи. Бу тоғу тошлар, серўт яйловлар, биз ов қиладиган чексиз саҳро ота-боболаримиздан қолган. Уларга эса бу – Улуғ она Итнинг инъоми. Биз, боболаримиз хоки ётган ерни душманга бермаймиз! – Қарлонлар кўпчилик, биз чекинишимиз керак, – тағин минғиллай бошлади кекса Коҳин. Сардор унга ёмон қаради, чол тисланиб, ўзини панага олди. – Душман икки кундан сўнг етиб келади, – деди Сардор найзасига суяниб, – унгача биз дарага кириш йўлини бекитамиз. Элқут билан Қўрқут бўликлари тош тўплаб, кириш йўлининг икки ёғида пистирмада туришади. Мен ўз бўликим билан ёвнинг омон қолган қисмини қириб ташлайман. Қани, ким нима дейди? – Гапинг маъқул, сардор... – мункиллаб қолган қария аста юриб олдга чиқди. Ғала-ғовйп тинди: қабила аҳли қарияни, узоқ йиллар сардор бўлиб, юртни омон сақлаган Билгутни ҳурмат қиларди. – Фақат бир фикр бор. Аёллар билан болаларни Кумуштоғ ортига, бехавотир жойларга юбориш керак. Ким билсин, айёр қарлонлардан ҳар нарсани кутиш мумкин. Сардор бир зум ўйга толди. Кечки ғира-ширада кенгаш гулхани чарсиллар, сардорнинг тошдан йўнилгандай қорувли гавдаси тағин-да ҳайбатлироқ кўринар, хиёл юмуқ кўзларида аланга шуъласими, жасорат ёлқиними, акс этарди. – Майли, – деди у хотиржам, – Тезоёқ эллик йигит билан уларни қўриқлаб боради. Қолганлар ётиб дам олсин, эрта саҳарда ишга киришамиз. Одамлар тарқалишди. Сардор қабила удуми бўйича Шамолқоя остидаги тошдан йўнилган ҳайкал – Буюк Она Ит сиймосига таъзим қилди, сўнг ўз чодири сари йўналди. – Сардор... Ота, мен ёв билан жанг қилишни истайман! – у билан изма-из кириб келган Тезоёқ зарда қилди, – одамлар нима деб ўйлашади? «Сардор ўғлини аяб, тоғ ортига жўнатди. Бизни эса душманга рўпара қилди!» дейишмайдими?! – Дейишаверсин, – деди Сардор хотиржам, – бу уларнинг иши. Ҳозирча мен сардорман, айтганим бўлади. Сен эса менинг ёлғиз фарзандимсан, наслимнинг давом этиш-этмаслиги сенга боғлиқ. Борини айтдим! Йигит ноилож чодирдан чиқди. «Борини айтдим» – сўнгги сўз, охирги қарор. Қабила удуми шу. Кимки «борини айтдим» дегач, тағин фикрини ўзгартирса, эл орасида бурди кетади. «Қарлонларни нима жин урди экан... – Сардор хотини келтириб қўйган яхна гўштни ҳафсаласиз чайнай бошлади, – наҳотки ўз ерлари, подалари, овдан тушган ўлжалари камлик қилаётган бўлса? Ахир, ота-боболаримиз уларнинг аждодлари билан аҳд боғлашган. Кўҳна Аҳд – муқаддас, уни бузган киши Буюк Она Итнинг қаҳрига учрайди. Қарлонлар буни билишади, аммо очкўзлик уларни ухлатмайди. Қиш келяпти, бугун-эрта тоққа қор тушади. Бир ойдан сўнг тўрт Улуғ овнинг бири, қишки ўлжа мавсуми бошланади. Майли, унгача қарлонларни даф этиб, нафас ростлаб олишга улгурамиз...» Тезоёқнинг йигитлари хотин-халаж, бола-бақрани қўриқлаб, тонгда йўлга тушишди. Ҳеч ким уввос солгани йўқ, кўч-кўронни кўтариб, жимгина йўлга тушишди. Аввало, қабила аҳли бу тахлит ҳаётга кўникиб келган, қолаверса, йиғи-сиғи, оҳ-воҳ ғаним диққатини тортади. Ким билсин, қарлонлар жўнатган хуфялар тоғ-тош панасида уларни кузатиб ётгандир балки. Ва ниҳоят, Сардорнинг қаҳри ҳам ёмон, у беҳуда шовқин солган одамни ёқтирмайди... Қарлонлар кўп куттиришмади, эртаси куни тушга яқин уларнинг илғор гуруҳи даранинг тор йўлига етиб келишди. Элқут уларнинг дара ичкарисига кириб бўлишларини кутди, сўнг йигитларига имо қилди: – Ташла! Икки ёқдан катта-кичик тошлар ёмғирдай ёғилди, тор йўлак бир пасда кўмилди. Душман келган йўл бекилганди, энди у Сардорнинг бўлики билан юзма-юз келади. Элқут ва Қўрқут бўликлари ҳар эҳтимолга қарши тайёр туришарди: мабодо ёв орқага қайтиб, тош ғовни бузиб ўтмоқчи бўлса, икки ёқдаги тепаликлардан улар устига тош ва оловли ёйлар ёғдириш мумкин. Аммо соддадил Сардор ҳам, қабила аҳли ҳам тунда яширинча ғойиб бўлган Коҳинни назардан соқит қилишганди. Қариб, олдинги кучи ва сиёсати қолмаган чол сўнгги пайтларда Сардор билан чиқишолмади. Ўҳ-ҳў, бир пайтлар у бутун бошли қабилани ётқизиб-турғизарди. Сардор Билгут ҳам ундан ҳайиқиб турарди. Зеро, Коҳин хоҳлаган одамини Улуғ Она Ит учун қурбонликка тавсия қила оларди. Сўнгги йилларда эса Сардорнинг мавқеи мустақкамланди, Коҳин билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. Бир пайтлардагидай қабилада ҳам диний раҳбар, ҳам ҳарбий етакчи бўлиши энди кулгули туюларди кўпчиликка. Аламзада чол кеча тунда арвоҳдай шарпасиз юриб, қишлоқдан чиқиб кетганди. Қарлонлар сардори уни яхши кутиб олди. Ҳикоясини эшитгач эса бир кулиб қўйди, холос. Ўша тунда чолни бўғизлашди, албатта. «Сотқинга ишониб бўладими? – ўйлади қарлонлар етакчиси, – бугун ўзиникиларни сотди, эртага бизниям сотиши тайин!» Аммо чол келтирган маълумот муҳим эди. Шу боис бир бўлик черикни панада қолдирди, Элқут ва Қўрқут бекитган дара оғзидаги тўсиқни улар очишди. Энди, агар зарурат бўлса, чекиниш мумкин. Жанг қизиди, ҳимоячиларнинг ҳоли танг эди. Қарлонлар чекинишни ўйлашмасди. Қайтанга, уларнинг моҳир камонбозларидан бир нечтаси дара йўлининг икки тарафидаги Элқут ва Қўрқут бўликларига кўп талофат етказишди. Бу икки бўликнинг оз қолган жангчилари Сардор бўликига келиб қўшилишдан бошқа чора тополмадилар. Улар айланма йўллардан пастга тушиб, жангга қўшилишди. – Қиличларни ишга солинг, – ҳайқирди Сардор. Унинг атрофидаги махсус гуруҳ йигитлари қарлонлар ҳали кўрмаган қурол – қиличларни қиндан суғуришди. Камон ва найза – узоқ масофа қуроли, яқин туриб, юзма-юз жанг қилганда қиличга тенг келадиган яроқ йўқ эди. Қарлонлар саросимада қолишди, жанг бир пасда уларнинг зиёнига ўзгарди. Лекин хуфия бўлик етиб келди, уларнинг мерган камонбозлари ҳимоячиларни тутдай тўка бошлашди. – Сардор, аҳвол чатоқ, – деди у билан ёнма-ён жанг қилаётган Элқут ҳансираб. Йигитнинг чап елкасини найза тиғи тилиб ўтган, ярадан оқаётган қон енгидан чаккиллаб томарди. – Қўрқма, ўғлим, ҳаммаси яхши бўлади! – Сардор шундай деб ортга, қароргоҳ томон кўз ташлади, сўнг Элқутга юзланди. – Ҳаммага айт, икки четга, тошлар панасига яширинишсин. Ҳозир қора сел келади. У қиличини қинига солди-да, икки қўлини оғзига карнай қилиб, Шамолқоя томонга ўгирилганча сас берди: – Ай-я-ҳу-ув. Бас-с-с! Улуғ Она Ит ҳайкалининг икки ёғида, қояни ўйиб ковланган икки тош хона панжаралари кўтарилди. У ердан эса хоналарнинг ҳар биридан юзтадан ит отилиб чиқиб, ўзини душман тўдасига урди. Қоп-қора тусли, силлиқ жунлари куз қуёшида ялтираётган, бир йилдан бери мода ит кўрмай илиққан, уч кундан бери емиш емай қонсираган махлуқлар қарлонлар устига бало-қазодай ёпирилишди. Ханжардай тишлар дуч келган кекирдакни узар, тўғри келган қоринни ёриб ташларди. Умрларида бу каби ваҳший жонзотни кўрмаган душман аскарлари ортга ўгирилишди, бироқ одамзод итдан чаққон эмас. Бунинг устига юракдаги сўнгсиз ваҳима оёқлардан мадорни олган, қўпол зирҳлар югуришга қўймасди... Майдон бўшаб қолди. Унда фақат Сардор қад кериб турар, душман мурдалари аро тумшуқлари қонга беланган итлар изғишарди. Сардор уларнинг нафслари ором олгунча кутиб турди, сўнг яна ҳайқирди: – Ҳув-ай-я! Та-ас! Та-а-с! Итлар итоаткорона ортга қайтишди. Улар майдон ўртасида қилич яланғочлаб турган Сардорни уч-тўрт қадам наридан айланиб ўтишар, айримлари унга хушомад қилгандай думларини ликиллатишарди. Бироқ Сардор айни дақиқаларнинг нечоғлиқ хавфли эканлигини яхши биларди. Агар сал бўшашса, чеҳрасидаги қатъият, нигоҳларидаги ғазаб салгина ўзгарса, итлар унга итоат этмай қўйишади, ортга қайтиб, унинг ўзига ташланишади. Шу сабаб у қилт этмай, қилич дастасини маҳкам тутиб турарди. Тўрт оёқли жангчилар ётоқларига киришди, панжаралар туширилди. Сардор четроқдаги харсанг устига оғир чўкди. Пана-пастқамдан чиқиб келган жангчиларнинг айримлари ўлжа қуролларни йиғишга кетишди, бир нечта йигит эса Сардорни ўраб олди. Қароргоҳ узра туғ ҳилпирар, унда ит бошининг тасвири товланарди. Кечга яқин яна Кенгаш гулхани ёқилди. Зиёфатдан сўнг Сардор ўрнидан турди. – Қарлонлар қириб ташланди, биз ғалаба қилдик. Улуғ ва меҳрибон Она Ит бизни ўз ҳимоясига олди. Қулоқ сол, қабила! Бизнинг энг яқин дўстимиз, биродаримиз, ҳимоячимиз ким? – Итлар! – ҳайқиришди тўпланганлар. – Овни қойиллатадиган, ўлжа изини адашмай топадиган изтопар ва избоқар ким? – Итлар! – Буюк Она Итга ҳурматимиз, содиқ дўстларга эъзозимиз ифодаси сифатида мен ўзимга янги ном танладим. Умид қиламанки, у сизларга маъқул бўлади. – Гапир, Сардор! Сен бугун ишончимизни яна бир бор оқладинг, – деди доно Билгут, – қандай ном танладинг? – Избоқ! – деди Сардор кўзлари чақнаб. – Избоқ! – ҳайқирди оломон – Избоқ! – акс садо берди Шамолқоя. – Сен бу номга муносибсан! – деди Билгут фахр билан, – амрингга мунтазирмиз, Избоқ! – Ундай бўлса эшитинг. Мен, қабила сардори Избоқ, буюраман: тоғ ортига одам юборилиб, аёллар ва болалар олиб келинсин. Уч кеча-кундуз ўлганлар учун мотам тутиб, уларни дафн этамиз, уч кеча-кундуз ғалабани байрам қиламиз. Сўнг то Улуғ ов мавсумигача қароргоҳни тузатиб, таъмирлаймиз. Уйланадиган, эрга тегадиган ёшларнинг тўйлари Улуғ овдан сўнгги биринчи ой тўлишган кунларда ўтади. Мен Избоқ, борини айтдим! Избоқ ўн беш йил қабилани бошқарди. Қўшни қабилаларни бўйсундириб, улкан ҳудуд ҳукмдорига айлангач, баҳор кунларининг бирида у барчани яна Шамолқоя олдига тўплади ва уларнинг кўзлари олдида Буюк Она Ит ҳайкалини синдириб ташлади. – Ҳайвон одамзодни яратолмайди! – деди у қатъий. – У оддий бир ҳайвон, ақлсиз махлуқ, холос. Одамни ҳам, итни ҳам, қушлару қурт-қумурсқани ҳам яратган бошқа бир улуғ куч, илоҳий қудрат бўлиши керак. Унинг нима эканлигини билмайман, лекин нима бўлганда ҳам у – Ит эмас! Ит – оддий бир жонивор, у инсонга хизмат қилади. Мана, кўриб қўйинглар! Пас-с! Тўртта улкан ит чопиб келиб, унинг оёғи остига ётишди. – Ана, улар буйруғимга мунтазир. Агар амр этсам, сизларга ташланишади. Бордию хоҳласам, уларни чопиб ташлайман. Чунки, ит –одамзоднинг хизматкори, хўжайини эмас. Ҳеч қандай Улуғ Она Ит йўқ, бўлган ҳам эмас, бўлмайди ҳам. Фақат барча нарсани яратган Олий қудрат – Тангри бор! Менким, ҳукмдор Избоқ буюраман: мамлакатдаги барча ит ҳайкаллари синдириб ташлансин, ит сурати солинган туғлар ёқилсин, итлар одамлар билан эмас, алоҳида итхоналарда сақлансин. «Улуғ Она Ит» деган ибора йўқотилсин! Борини айтдим! Избоқ ҳам, унинг элати ҳам хотирага айланди. Бироқ меҳрибон ва одил тарих жасоратли, доно кишилар номининг унутилишига йўл қўймайди. Избоқнинг номи ҳам «избоқ – спак – сабак – собака» шаклида бугунги кунларгача етиб келди. Ит эса Избоқ айтганидай, одамзоднинг содиқ хизматкори бўлиб қолди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62717 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19901 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |