Отасининг қизи (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]

Отасининг қизи (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
Отасининг қизи (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh]
Тўрт ўғилдан сўнг туғилган қизалоқнинг ўрни бошқача бўларкан. Бунинг устига, қорачадан келган, киприклари узун-узун, кўзлари чақнаб турадиган Мадина гўдаклигидан отасига меҳрибон бўлиб ўсди. Қизалоқ икки яшарлигидаёқ онасини шоша-пиша эмар, сўнг эмаклаб бўлса ҳам отасининг бағрига етиб оларди. Ишдан ҳар қанча чарчаб келган бўлмасин, Мадинанинг қиқир-қиқир кулишини эшица бас, Садриддин барча чарчоқларидан фориғ бўлар, беихтиёр илжая бошларди.
Мадина боғчага қатнаганида ҳам, мактаб ўқувчиси бўлганида ҳам отасининг эркатой қизи бўлиб қолаверди. Садриддин эринмас, ҳар куни кечқурун қизалоғига ҳеч бўлмаса бир дона шоколадми, сақичми олиб келишни канда қилмасди. Мукофот олган пайтлари-ку, меҳрибон падар биринчи ўринда хотинига ёки ўғилларига эмас, қизчасига совға излаб қоларди. Бунақа маҳаллари хотини уни гап билан чимдиб оларди:
– Ҳа, энди, Мадинани ўзингиз туққансиз, ўзингиз эмизиб катта қилгансиз. Шундай бўлгандан кейин уни ер-кўкка ишонмайсиз-да...
Мадина ширингина қизалоқ бўлиб ўсди. Унинг тили чиққан маҳаллари чуғурлашларини, билса-билмаса шеър ўқишга тушиб кетишларини, ёинки телевизорда мусиқа садоси эшитилса бас, ғалати муқомлар қилиб ўйинга тушиб кетишларини кўрганида Садриддин кўзларидан ёш чиққудай даражада севинарди.
Садриддин қачонлардир бир шоирнинг «Қизим – ортимдан қолар изим», деган мисрасини эшитган ва кўнглининг тубига жойлаб қўйган эди. Шу шоирнинг «Биз ҳали ҳаммадан ўзамиз, қизим» деган сатри ҳам унинг юрагига муҳрланиб қолган ва Садриддин уларни такрорлаб чарчамасди. Ваҳоланки, ота изини ўғил босар, деган ақида унга яхши таниш эди. Аммо... аммо барибир Садриддин қизалоғини жонидан ортиқ яхши кўрарди. Уйда биров Мадинани хафа қилиб қўйгудек бўлса, у барча ишини йиғиштириб қўйиб ҳам ўша одам билан эринмай жиқиллашар ва охир-оқибат Мадинадан кечирим сўрашга мажбур этар эди.
Умр – оқар дарё деганлари чин экан. Назарида, Садриддин ҳали кўз очиб-юмишга улгурмади, бир пайт қарасаки, ёлғизгина, суюкли қизалоғининг бўйи етиб турибди-да.
Ота ўз кўзларига ишонмади, аммо совчилар эшик турумини буза бошлаганлари чин эди.
Садриддин бу ҳақда суюнчи сўраб келиб турган хотинига қаттиқроқ гапириб юборди:
– Эсинг жойидами, Мадина ҳали бола-ку!
Бироқ Наргиза бўш келмади:
– Вой, эркатойингизнинг болалиги қолдими? Мактабни битирди, коллежни битирди. Ўн тўққизга кирди. Бу ёшимда қорнимда тўнғичим бор эди.
Бу залворли дастакка жавобан нима дейишни билмай қолган Садриддин тўнғиллади:
– У замонлар бошқа эди...
Хотин бир гапдан қолмади:
– Замон бу масалада ҳамиша бир хил бўлиб келган...
Бу эътироз отанинг дилини оғритгандай бўлди. Ҳар қалай, Мадина – суюкли фарзандлари. Шундай экан, Наргизанинг ҳам унга жони ачиши, уни аяши лозим эмасми...
Эрининг кўнглидан ўтган гапларни илғадими, хотин ётиғи билан гапиришга уринди:
– Дадаси, қизини эрга бераётган бир сиз эмас. Ўзингиз биласиз, қиз бола бировнинг ҳасми бўлади, вақти-соати етганда албатта ота-онасининг уйини тарк этади. Қиз бола – палахмон тоши, борган жойида қолади. Қизингизни бир умр бағрингизга босиб ўтиролмайсиз-ку, ахир.
Тўғри, буларнинг бари рост гаплар эди. Бироқ шунга қарамасдан Садриддиннинг юрак-юрагида бошқа бир сезги, эътирозми, норозиликками ўхшаш бир ҳиссиёт бор эдики, бунинг нималигини унинг ўзи ҳам на тушунар, на тузук-қуруқ ифодалаб бера оларди. Xуллас, Садриддиннинг назарида унинг эркатойи Мадинага муносиб куёв... жуда бошқача йигит бўлиши керак. Майли, эртаклардагидек шаҳзодаликни талаб қилиб бўлмас, аммо ҳар томонлама мукаммал, серфазилат, бир сўз билан айтганда комил инсон бўлмоғи шарт.
Садриддин ўша мақталган, осмонга олиб чиқиб қўйилган йигитларни орқаваротдан суриштириб кўрди.
Йўқ, бўлмайди.
Наҳотки эркатой қизчаси, Мадинаси, ҳали гўдак Мадинаси шундай... ҳали она сути оғзидан кетмаган, қўлидан бир иш келмайдиган, ота-онасининг эркатойи бўлган, нари борса институт ёинки университетда таълим олаётган йигитчаларнинг ёри бўлса? Ахир эр хотин учун суянч тоғи бўлиши лозим эмасми? Бу болаларнинг эса ўзлари суянчга зорга ўхшайди...
Садриддин бирини «ўпоқ», деди, бошқасини «сўпоқ» деди, ишқилиб, куёвликка номзодларга рад жавобини беравериб чарчади, аммо совчилар оқими сира сусаймади.
Бу орада Наргиза норозилигини очиқдан-очиқ изҳор қилиб, тўнғиллашга ўтиб олди:
– Осмондаги ойни қидираяпсизми, нима бало?!. Бу кетишингизда шу боланинг бахтини қора қиласиз, кейин тинчийсиз. Ахир не-не одамларнинг болалари қизингизнинг қўлини сўраб турибди. Тезроқ танламайсизми бировини?! Эрта-бир кун остонангизни ҳеч ким ҳатламай қўйса, пешонангиз деворга урилардику-я. Лекин унда кеч бўлади-да... Анави Илҳом аканинг боласи кимдан кам?
– Қайси Илҳом аканг? – деб сўради сал ғаши келиб Садриддин. Зеро, Наргиза бу исмни бундан аввал ҳам икки-уч марта қандайдир ғалати тарзда эшилиб, чуқур ҳурмат билан айтгани ёдига тушганди.
– Танийсиз, дадаси, танийсиз. Бу атрофда Илҳом акани танимайдиган одамнинг ўзи йўқ. Уч марта одам юборди бечора. Ўзи беш йилдан бери солиқнинг бошлиғи бўлиб ишлайди. Бир марта укам бозорда сомса сотиб юриб солиқчилар қўлига тушиб қолганида, у кишининг бир оғиз гапи билан қўйиб юборишган, жаримаям тўлаттиришмаган... Ўғли юридиканинг иккинчи курсида ўқиркан. Бирам одобли, бирам мўмин-қобил дейишадики...
Садриддин асабийлашди:
– Мўмин-қобил бўлса юридикага киролармиди? Бир балоси борки... У ёғини сўрасанг, ўшанингниям суриштирганман... орқаворатдан. Мактабда отасининг кучи билан ўқиган экан.
– Э, дадаси, ичи қора одамлар гапираверади-да. Айби – амалдорнинг боласи бўлганими? Мен ўзим ўқитганман у болани, ўзим яхши биламан. Бирам тиришқоқ, меҳнацевар, қунт билан ўқийдиган бола. Агар ҳаммадан айб қидираверсангиз, дадаси, топасиз-да. Ойдаям доғ бор, ахир. Сал кўнглингизни кенг қилинг. Бу дунёда эртакдаги шаҳзодаларни топиб бўлмайди...
Асли она тили ва адабиёти бўйича мутахассис бўлган Наргиза чиройли гапларни қалаштириб ташлаб узоқ гапирди. Бир гапирди, икки гапирди, уч гапирди... Ахийри кўрдики, эр одатдагидай саркашлик билан эмас, бошини ирғаб, ўйчан тарзда тингламоқда унинг гапларини. Демак, муз ўрнидан кўчган.
– Сен онасан-ку, – деб гап ташлаб қолди бир куни Садриддин. – Кириб, секин қизингнинг кўнглига қўл солиб кўр-чи, биронтаси билан ваъдалашгандир; бундай бўлиши-ку, гумон, аммо эҳтимол биронтаси кўнглига ўтиришгандир... Уялмасин, айтаверсин, буни умр савдоси дейдилар.
Хотин эрига ажабланиб қаради:
– Қизингиз сиз билан кўпроқ сирдош эди, шекилли.
– Бор, бор, деб, Садриддин бесабр қўл силтади. – Сен айтган ишни қил. Қайси ота қизига бунақа савол беради?
Наргиза норози тарзда қошини чимирганча чиқиб кетди.
Бирон соатлардан сўнг Наргиза яйраб, қошларини ғалати сузиб чиқиб келди ичкари хонадан. Xотинининг ўзини бундай тутиши ёқмаган Садриддин ўқрайди:
– Xўш?
– Бор экан, дадаси, бор экан. Бор бўлганда ҳам йигитларнинг султони экан.
– Ким экан у? – пўнғиллади Садриддин.
– Шуҳратжон, дадажониси, Шуҳратжон.
– Қайси Шуҳратжон?
Наргиза яна қош учирди:
– Илҳом аканинг ўғли, дадаси, бу ўша юридикада ўқийдиган бола...
Садриддин бирдан бўшашиб қолди. Унинг назарида, бундай бўлмаслиги керак эди, Мадинадай оқила, эсли-ҳушли қиз ўзининг шаҳзодаси сифатида бу болани кўрмаслиги керак эди...
Садриддин шубҳаланиб, қошларини чимирди:
– Рост айтяпсанми ё... сомсапаз укангни ўйлаяп-санми?
Наргиза хафа бўлган одамдай терс ўгирилиб олди:
– Сиз айтдингиз, мен бориб сўрадим. Ишонмасангиз, марҳамат, Мадинани чақириб беришим мумкин. Эркатойингиз билан бемалол сирлашишингиз мумкин...
– Бўлмаса... – деди бўғиқ овозда Садриддин, – бўлмаса... яна ўша ёқдан одамлар келишса... ўйлаб кўрайлик, деб тур-чи...
– Э, яшанг дадаси! – деди яшнаб кетган Наргиза беихтиёр чапак чалиб юбораркан. – Бу ёғини менга қўйиб беринг, боплайман.
Дарҳақиқат, эридан рўйхўшлик олган хотин бу томонини боплади. Наргиза нима қилди, нима қўйди – билиш мушкул, аммо орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас нон синдирилди.
Каттагина тўй бўлди.
Садриддин базм маҳали тўкин дастурхон атрофида ўтирган маст-аласт меҳмонлардан кўра узоқдан бўлса ҳам кўпроқ қизига синчковлик билан қараб-қараб юрди. Назарида, келинчакнинг ҳарир либосига чулғаниб, янада чиройли бўлиб кетган, уялинқираб, бош эгибгина ўтирган Мадина ўзи кутган даражада хурсанд эмасдек эди. Аммо ота буни қизининг ибосига йўйди.
Шундай бўлса-да, қизига оқ фотиҳа тилаб, пешонасидан ўпаётган маҳал Садриддин қуйилиб келган кўз ёшларини тиёлмай қолди. Унинг назарида, Мадинанинг пиқ-пиқ йиғисида алам бордек эди...
Мадина кетди.
Ҳовли отанинг кўнгли мисоли ҳувиллаб қолди.
Садриддин уч-тўрт кунгача ўзини қўярга жой тополмай юрди.
Яхшиям бировлар «куёв чақирди», бошқалар «чарлар»деб атайдиган русум бор экан.
Садриддин елиб-югуриб иккита хонага дастурхон тузади, ширинликларни уйиб ташлади. Унинг хаёлида, дастурхонга қанча кўп ширинлик қўйса, қизининг ҳаёти шунчалик ширин ўтадигандек эди. Тўрт хил овқат, шунга яраша газак...
Ишқилиб, кичкинагина бир тўйча бўлди-да.
Тўй куни улкан чироқлар ёғдусида юзи ялтираб тургани боисми, Садриддин куёвига яхшилаб разм сололмаганди. Чақириқ маҳали кўрдики, тузуккина йигитга ўхшайди. Чўзинчоқ юзи оқиш, қалин қошлари туташ, иягининг сал туртиб чиққаними, кўзларининг чақнаб туришими уни мард ва жасур йигитга ўхшатарди.
Ота ич-ичидан ризолик туйди. «Қизим бежиз рози бўлмагандир», деган, безовта кўнглига тасалли берадиган ўйларга берилди. Шу боис елиб-югуриб хизмат қилди, чарчаш нималигини билмади. Куёви ёнида келган беш-олтита йигитчаларнинг юз грамм ичиб олгандан сўнг кучаниб суюқроқ латифа айтишга уринишларига ҳам эътибор бермади. Муҳими, Шуҳрат ичмади. Машина ҳайдаб келган экан. Буни эшитиб ота яна бир бор ич-ичидан мамнуният туйди. Ҳар қалай, унинг эркатой қизалоғи, Мадинаси у ер-бу ерга борганда одам тиқилинч автобусларда эзилиб, қийналиб, ёинки бегона машиналарга қўл кўтариб юрмайди. Шунисига ҳам шукр...
Шуҳрат артилган чиннидай топ-тоза машинани ҳайдашни яхши кўради шекилли, бир жўраси билан шамоллашга чиққан маҳал «Нексия»сига диққат билан қаради-да, сўнг чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, машинанинг олд ойнасини артиб қўйди.
Фақат... ким билади, балки Садриддинга шундай туюлгандир, ишқилиб, чақирди тугаб, дастурхонга фотиҳа ўқилган, ҳамма ўрнидан туриб ҳовлига чиққан ва хайр-хўшлашиш анчагина чўзилиб кетган маҳал ичкаридан шошиб чиқиб келаётган ота ҳовли четида, меҳмонлар орасида қизи ўзига мўлтираб тикилиб турганини кўрди-ю, юраги жизиллаб кетди. У беихтиёр Мадина томон юрди ва худди шу маҳал куёвининг қизига қараб:
– Машинага чиқ! – деганини эшитди.
Отанинг юраги музлаб кетди. Зеро, Шуҳрат, ҳозиргина кўзига ўтдай кўриниб турган куёви қизига, унинг суюкли Мадинасига қараб ўшқириброқ гапиргандай бўлганди.
Садриддин бир амаллаб ўзини қўлга олди. «Менга шундай туюлгандир», деб ўзини ўзи ишонтиришга уринди. Аммо қизининг нечукдир мунғайиб қолганини, машина тарафга истар-истамас юрганини кўрганида юраги баттар эзилди...
Меҳмонлар кетишди.
Садриддиннинг кўнгли эса негадир безовта...
Кичик чилласи чиққандан сўнг уйга бирров келиб-кетган Мадинанинг кўзлари йиғидан қизаргандай туюлди. Ваҳоланки, Мадина отаси билан икки оғиз ҳол-аҳвол сўрашган маҳал ердан кўз узмай турганди.
Ахийри бир куни тонг саҳарда Садриддин хотинига бир оғиз айтиб ҳам ўтирмасдан қизининг уйига жўнади. Йўл-йўлакай бозорга кириб, у-бу ширинлик харид қилди.
Ҳашаматли икки қаватли ҳовлининг эшиги қия очиқ экан. Садриддин эшикни тақиллатиб ўтирмасдан ичкарига кирди.
Болохона ёнида ўша кун Шуҳрат миниб борган оппоқ машина ярақлаб турарди.
Отанинг кўнгли бежиз ғаш бўлмаган экан.
Шуҳрат энгашиб, камоли диққат билан машинанинг орт ойнасини назардан ўтказмоқда эди.
Ота тўхтади, йўталиб қўймоқчи ҳам бўлди, зеро орадаги масофа ўн-ўн беш қадам келарди. Аммо улгурмади...
Тўсатдан куёв бақириб юборди:
– Мадин!
Ичкаридан шошилинч қадам товушлари эшитилди ва бир лаҳза ўтар-ўтмас оёғига эски калиш илиб олган Мадина чопқиллаб чиқиб келди:
– Лаббай?
Шуҳрат хотинига чақчайиб қаради-да, сўнг кўрсаткич бармоғини ойнага бигиз қилганча ўшқирди:
– Ҳўл латта билан ювгандан кейин устидан қуруқ латта билан артиб чиқ дегандим-ку!
Мадина қунишиб, айбдорона оҳангда ўзини оқлашга уринди:
– Айтганингиздай қилгандим...
Шуҳрат тутақиб кетиб, ойнадаги тангадай катталикдаги, билинар-билинмас доғга ишора қилди:
– Унда манави нима?
Cадриддин донг қотиб қолди. Унинг суюкли қизчаси, Мадинасига бақиришмоқда эди! Ўз уйида бўлганда-ку, бу маҳмадонанинг тилини суғуриб олган бўларди-я! Аммо не қилсинки, энди Мадинажони шу хонадоннинг аъзоси, манави ҳафтафаҳм тўнканинг умр йўлдоши...
– Кўрмай қолибман... Ҳозир...
Бу Мадинанинг изтиробли товуши эди.
Эр норози тарзда тўнғиллади:
– Кўрмай қолганмиш... Бор, ишингни қилавер. Ўзим...
Шуҳрат чўнтагидан эринмасдан, айтиш мумкинки, ҳафсала билан рўмолчасини чиқарди ва мана шундай эринмасдан, камоли диққат билан ойнадаги доғни артгач, рўмолчасини хотини томон отиб юборди:
– Буни ювиб қўй. Бошқасини опчиқ.
Ҳамон бош эгиб, мутеларча, айбдор сингари турган Мадина зипиллаб келиб ерда ётган рўмолчани олди ва мана шундай шошқин тарзда ичкарига кириб кетди.
Ота бир лаган лойдай бўшашиб, оёғини базўр кўтариб босган кўйи бир амаллаб ортга қайтди.
Кечга бориб отанинг иссиғи қирққа чиқиб кетди. У энди алаҳлай бошлаганди:
– Қизимга тик боқма... Сен ким бўпсан унинг олдида... Аблаҳ... Қизгинам... Нега сен... Қизалоғим...
Қўрқиб кетган Наргиза дўхтир чақирди. Тез етиб келган «Тез ёрдам» машинаси отани туман марказидаги шифохонага олиб кетди...
Эртаси куни отани кўришга узун-қисқа бўлиб Шуҳрат билан Мадина кириб келишди.
Елкасига оқ халат ташлаб олган Шуҳрат гердайиб, лекин хушчақчақ оҳангда:
– Бурга тепдими, ота? – дея гапни ҳазилдан бошлашга уринди.
Бироқ Садриддин энсаси қотиб юзини ўгиргани боис палатага ноқулай жимлик чўкди.
Отанинг назарида куёвининг туришида, гапиришида, ўзини тутишида недир бир носамимият бордай эди. Илгари пайқамаганини...
Садриддин кескин ўгирилиб, куёвига синчковлик билан тикилди-да, негадир:
– Раҳмат, – деб қўйгач, истиҳола қилиб ҳам ўтирмасдан деди: – Қизим билан озроқ гаплашиб олсам, дегандим...
Энди ўзига ўтиришга жой қидираётган Шуҳрат қайнотасига ажабланиб қараб қўйгач, ноилож қўлидаги халтани Мадинага тутди ва:
– Майли, – деганча хонадан чиқиб кетди.
– Ўтир, қизим, – деди Садриддин паст, дардли овозда.
Озиб кетган, кўзлари киртайиб қолган Мадина ўтирди.
Дўхтирлар кўп гаплашишга рухсат бермагани боис вақт зиқлигини англаб турган ота гапни айлантириб ўтирмай, тилининг учида турган саволни берди:
– Турмушинг қалай, қизим?
Мадина «ялт» этиб отасига қаради, сўнг шу заҳоти бошини қуйи эгиб оларкан:
– Шукр, ёмонмас, – деди пичирлаб.
Мана шу армонли пичирлашнинг ўзиёқ кўп нарсадан шоҳидлик бериб турарди.
Садриддин хўрсинди.
– Мен сенинг турмушинг «ёмонмас» эмас, зўр бўлишини истовдим, қизим... Авзойингга қарасам, унақага ўхшамайди...
Мадина отасига мўлтираб қаради:
– Сиз... билмасмидингиз буларнинг қанақа одамлар эканлигини...

– Men senga ishongandim, qizim... Bekorga tanlamagandirsan deb armonda qoldim...

Мадина ҳайрон бўлди:
– Ахир... ахир сиз ўзингиз... сиз ўзингиз танладингиз-ку... Ойимга айтипсиз... «Шундан бошқаси бўлмайди», депсиз... Мен сизга ишониб...
Бу гаплар маъноси онгига етиб борган Садриддин бошини чангаллаб қолди. Сўнг:
– Наргиза! – деб бўкирди.
Аммо Наргиза болалардан хабар олиш учун уйга кетган экан...
Отасининг авзойини кўрибоқ барисини тушунган Мадина пиқиллаб йиғлаб юборди...
Наргиза эрининг қаҳрли қиёфасини кўрибоқ гап нимадалигини тушунди. Лекин у айбини инкор этиб туриб олди, Садриддиннинг бақир-чақирларига жавобан эса:
– Мен қизимизга яхшилик тилаганман. Xудога шукр, Мадина кўплар ҳавас қиладиган оилага келин бўлиб тушди, – деб такрорлайверди.
Бир ҳафтадан кейин Садриддинга жавоб беришди.
Шўрлик ота бетини сидириб ташлаб, қизига ишончли воситачи орқали хабар юборди:
– Аҳмоқ отангни кечир, қизим... Кўнглинг бўлмаса, шу уйда тур деб зўрламайман... Қайтиб келсанг, бирга яшайверамиз...
Ўзи зўрға чидаб турган эканми, Мадина шу куниёқ этагини силкиб эрининг уйидан чиққан-у, отасининг уйига келиб олган.
Кейинги бир-икки ой жанжал-суронларда ўтди. Илҳом солиқчи хотини, ўғли билан уч маротаба келишди, уларга Наргиза ҳам қўшилди. Аммо ота ва қиз ўз аҳдидан қайтишмади. Қарғанавериб ҳаммани безор қилиб юборган онасига эса Мадина тик боқиб шундай деди:
– Ўша уйни елкамнинг чуқури кўрсин. Менга битта нинаси ҳам керакмас. Мени тинч қўйишса бас...
Наргиза яна авж қилаётган эди, орага Садриддин қўшилди:
– Мадинага яна бир оғиз гап гапирсанг – ажрашамиз.
Наргиза дод солди:
– Сизнинг каллангиз айниб қопти ўзи, дадаси?! Эрдан қайтган қизингизга ўзингиз истаган шаҳзодани қаердан топасиз?
Бу даъвога нисбатан Садриддиннинг жавоби битта бўлди:
– Уч талоқсан!
Наргиза эрини мияси айниб қолган деб айюҳаннос солди, дўхтирларга чопди, милицияга югурди, ишқилиб ҳовлини ўзида олиб қолди. Садриддин суюкли қизи Мадина билан бир хонали уйда ижарада яшай бошлади.
Қўни-қўшниларнинг айтишларича, бир-бирига бу қадар меҳрибон ота-болани улар умрлари бино бўлиб кўришмаган экан.
Наргиза эса енг шимариб, навбатдаги жангга тайёргарлик кўриб юрибди. У дўхтирлар билан гаплашиб, эрининг... мияси шамоллаганлиги ҳақидаги маълумотномани олибди. Энди суд Садриддинни оталик ҳуқуқидан маҳрум эца бас экан, ана ўшанда Мадинани унинг қўлидан қонун йўли билан тортиб олса бўларкан...
Ана ундан кейин...
Баъзи гап-сўзларга қараганда, Наргиза қудалари билан яширинча музокаралар олиб бориб юрган эмиш. Бошқа гап-сўзларга қараганда эса, Наргиза Мадинани аввал қонуний ажратиб олиб, сўнг хотини ўлган бир бойвачча савдогарга енг ичида, ими-жимида узатиб юбориш ташвишида...

Ҳозирча эса, ҳозирча эса бир-бирларига фавқулодда меҳрибон ота ва қиз хотиржам, осуда, бахтиёр умр кечиришмоқда... Ҳозирча...
Mualifning boshqa asaralari
1 Alvido, goʻzallik… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1486
2 Алвидо, гўзаллик... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 681
3 Endi nima qilaman? (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
4 Энди нима қиламан? (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 0
5 Hayot endi boshlanadi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 937
6 Hayot shafqatsiz... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 892
7 Ҳаёт шафқатсиз... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 690
8 Ҳаёт энди бошланади (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 696
9 Javobi bor... (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 916
10 Жавоби бор... (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 678
11 Katta odamning kichkina tanishi ... [Abduqayum Yoʻldosh] 969
12 Катта одамнинг кичкина таниши (ҳ... [Abduqayum Yoʻldosh] 711
13 «Meni sindirishdi...» (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 762
14 «Мени синдиришди...» (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 686
15 Otasining qizi (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1270
16 Qaydasan, moʻjiza… (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1117
17 Qizil tilla, qip-qizil tilla (hi... [Abduqayum Yoʻldosh] 993
18 Қайдасан, мўжиза… (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 983
19 Қизил тилла, қип-қизил тилла (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 686
20 Tilla soat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 834
21 Toʻy (qissa) [Abduqayum Yoʻldosh] 1413
22 Тилла соат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 658
23 Тўй (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 658
24 Yolgʻon va haqiqat (hikoya) [Abduqayum Yoʻldosh] 1212
25 Ёлғон ва ҳақиқат (ҳикоя) [Abduqayum Yoʻldosh] 702
26 Юлдузнинг йўли (қисса) [Abduqayum Yoʻldosh] 679
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика