Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov]

Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov]
Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov]
Абулқосим Мамарасулов ҳақида
Абулқосим Мамарасулов 1958 йил 5 февралда Самарқанд (ҳозирги Жиззах) вилояти Булунғур (ҳозирги Бахмал) туманидаги Барлос қишлоғида туғилган.
1979 йили Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат университетининг рус филологияси факултетини тугатиб, Жиззахдаги «Бўстон» газетасида таржимачилик билан ўз иш фаолиятини бошлаган. 1996 йилга қадар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Халқ сўзи», «Туркистон», «Инсон ва қонун» газеталарининг Жиззах вилоятидаги мухбири вазифаларида ишлаган. 1996 йилдан бери фермерлик, тадбиркорлик билан шуғулланади.
1984 йилдан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. «Суюнчи» (1982), «Хаётнинг бир лаҳзаси» (1985), «Сен учун ёниб» (1988, жамоа), «Свидание на перевале» (1988, жамоа, Москва), «Барлос қишлоғининг зумрад тонглари» (1990), «Севишганлар» (1992) ҳикоялар тўпламларининг муаллифи.
Жиззах вилоятининг Бўстон шахарчасида яшайди. Оилали. Саккиз нафар қизи бор.

Алибек ва қирқ дўстининг саргузаштлари
Фаришта
Алибек Самарқанддан ўқишдан йиқилиб қайтди. Тўғрисини айтганда, йиқилмади. Ён-верига қараса, ишонган таниши йўқ. Калласи айниб, ҳужжатини СамГАСИ га топширипти. Буни қаранг-а! Математиканинг «м» ҳарфини ҳам билмайди-ю, тағин... Яна, Самарқандда юргандан кейин бири у деб, иккинчиси бу деб, оёғингдан оладиганлар чиқар экан... Бор-э, дедию, ҳужжатларини қайтиб олиб, Барлосга равона бўлди.
Совхозда узум териш бошланаётганди.Бригадир Нурали ака ўзига ҳисобчи тополмай турган экан. Алибекнинг кўчада саланглаб юрганини кўриб, таклиф қилди. Тўртинчи синф математикасини тушунсанг, қўшиш-айириш, бўлиш-кўпайтиришни билсанг бўлди, эплайсан, деди. Алибек жон-жон деб рози бўлди. Бахт кулиб боққанини кўр. Ҳисобчи бўлиш ёмон эмас. Бир мавсумда қанчадан-қанча пул ишлаб олиш мумкин. Бўлди энди, Нурали ака билан келишиб, ўзигаям, отасигаям (омборда мудир), онасигаям (уй бекаси), акасигаям (студент), опасигаям (икки йил бурун тоғ тарафга эрга тегиб кетган, ҳозир чақалоғини боқяпти), синглисию (беш ёшли), укасигаям (бешикда) иш ҳақи ёзаверади. Ана пул, мана пул. Қолган ука-сингиллар ўзлари ишлашади. Уларга ҳам ёрдам қилиб туриш мумкин. Бу ёғи зўр бўлади. Пулга ботади. Бундан ташқари яқинда Педтехникумнинг студентлари ёрдамга келишади. Бу дегани - кайфу-сафо дегани. Маишат... Тўқсон фоизи қизлар. Биттасини илинтириб олса, ҳар куни учрашувлар, ўпишишлар, тиззага бош қўйиб ётишлар... мазза!... (Кўнгил қурсин, нимаям дейсиз!). Ўтган йили қишлоқнинг ёши катта болалари яйраб қолишганди. Уни эса, қизлар мактаб ўқувчиси деб назарига илишмаганди. Алибекка роза алам қилганди. Ўзингдан икки-уч ёш катта болалар студенткалар билан қандай учрашув ташкил қилганларини, хилватгоҳларда... Эҳ-ҳе, у ёғини эшитаверсанг, чидай олмай қоласан. Гап шу ерга етганда Алибек ўзини тутолмай, бутун вужуди кўз бўлиб, ҳамсуҳбатига тикилар, оғзининг таноби қочаётганини сезар, лекин... - Олдин танса тушишаркан, ўша ердан битта-битта етаклаб кетаверишаркан (ёлғон бўлса худонинг ўзи кечирсин!) Бу йил Алибек ҳам худди шундай қилади. Ўтган йили кичкина эди. Мактаб ўқувчиси эди. Энди... бўйи ўсган, керак бўлса, Самарқандини ҳам кўриб келди. Ҳа, Алибек ҳазилакам одам эмас. Кўп нарсани ўрганди, кўзи пишди. Умуман, ўша қизлар қўлида бўлади (ахир ҳисобчи-ку!) Любойига: сенга кўпроқ ёзаман деса, бўлди, ўзи югуриб олдига келади. Алибек студенткаларни қандай ўзига қаратишни яхши билади. Улар кунлик нормани бажариши керак, бу эса осон эмас.
Хуллас...
Алибек иш бошлаш учун узумзорга борса, синфдоши Зулфия сават кўтариб, узум териб юрипти.
— Ие, Алибек, сенам қайтиб келдингми? - деб сўради у, мулойим кўзларини тикиб, илжаяркан. - Ўқишга ўтолмадингми?
— Шунақа бўлиб қолди. Тўғрисини айтсам, ўқишга ўтиш қийин бўлиб кетипти. Авваламбор таниш керак, сўнг унга берадиган пул керак. Икковиям бўлмаса, ўқишдан умидингни узавер. Шуни билдиму, имтиҳонга етмасдан қайтиб келавердим. Ўзинг нима қилиб юрипсан?
— Ишлаяпман. Қурбоной билан бирга
Иккита саватни узумга тўлдириб, қатор орасидан Қурбоной ҳам чиқиб келиб қолди. Алибек унга ҳам қайтиш сабабларини тушунтирди.
Зулфия жуда зўр қиз бўлиб кетипти-да!
Ё аввалдан шунақамиди?
Атиргулдай очилганини қаранг! Бирам майин боқадией одамга. Эриб кетгинг келади-я!
Қўлимга ушлаб ҳидласам дейсан! Мактабда ўқиб юрган пайтлари пайқамаган экан. Айниқса қадди-қомати! Ажойиб! Зўр!! Қарашлари гўё юрагингга игна санчаётгандай бўлаверади. Шунақа игнанинг яна санчилаверишини истайсан, ҳузур қиласан. – Алибек ўз ўйларидан хурсанд бўлиб ишшайди.
— Нимага куласан? – Зулфиянинг ўзи мулойим кулимсираб турарди.
— Мактабда ўқиб юрган пайтларимиз эсимга тушиб кетди, - деди Алибек, ҳамон кўзларини қиздан узмай. - Ўшанда кичкина эдинг.
— Нима, энди катта бўлиб қолипманми?
— Ҳа, жуда чиройли бўлиб кетипсан!
— Ростданми?.. Сен эса,.. Самарқандга бориб айниб кепсан! - Зулфия гапини ҳазилга бурмоқчи бўлдию, қаттиқ ҳаяжонланаётганини яширолмади. Бетлари дув қизариб, - сени қараю, - деганча саватлардаги узумларни яшикларга тўкиб, Қурбонойнинг орқасидан қатор оралиғига югуриб кетди.
Қизнинг устида бор-йўғи қишлоқча кенг тикилган қизил гулли кўйлак бўлиб, ўзига жуда ярашган, бўй-бастини кўз-кўз қилиб турарди. Узун қилиб ташлаб қўйилган икки ўрим сочи тўлғаниб, киши завқини оширарди. Алибек ишшайганда уни орқасидан кузатиб қолди. Вужудига лаззатли титроқ кирганини англади. Ўйлаб турган гапи қандай оғзидан чиқиб кетганига ўзи ҳайрон: «жуда чиройли бўлиб кетибсан!» Ўз дадиллигидан ғурурланиб қўйди: «Бекорга Самарқандга бориб келдимми? Қанча ҳаётий тажрибаларим ошди. Зўр! Жудаям зўр! Зулфияси қурмағур-эй! Жуда чиройли бўлиб кетибди-я!» Алибек бир дақиқа ўз оғушида тасаввур қилиб кўрдию, юраги ўйноқлаб кетди. Кун бўйи уни ўйлади. Ҳар сафар унинг сават тўлдириб чиқишини кутади. Зулфия энди фақат Қурбоной билан бирга чиқадиган бўлди. Дугонасига унинг гапини айтган бўлса керак, иккови ҳам унга кулиб қарашади. Айниқса, Зулфиянинг табассуми - мулойим, майин, роҳатбахш, мазза қиласан одам...
Бир вақт қизлар чинқиришиб, қатор оралиғидан югуриб чиқишди. Шу атрофда ўралашиб юрган Алибек «нима гап?» деб етиб борди. Қўрққанлари энди ўзларига нашъа қилаётган қизлар қотиб-қотиб кулишарди. Токнинг орасидаги катта новдага арилар уя қўйган экан. Узум тераётганда новдани силкитиб юборишган шекилли, безовта бўлган арилар икковиниям шириқтириб қувипти.
— Ишқилиб чақмадими? – Алибек ҳомий сифатида сўраркан, Зулфиянинг қўлларини, юзини ушлаб кўра бошлади. Айни пайтда юраги чидаб бўлмас даражада ғаприқиб бораётганини сезди. Сал бўлмаса, қучоқлаб олай дерди. Ҳамон кулаётган Зулфия йигитнинг ҳаяжонли қалтироқ бармоқларини ҳис этиб, бирдан ўзига келди, аммо гўё ҳеч нарсани сезмагандай, яна кулаверди ва шу йўсин сездирмай ўзини олиб қочди.
— Қаерда у ? Менга кўрсатинглар-чи! - Алибекнинг мардлиги тутди.
Токзордаги ари инларини қуритишни у ўтган йилиёқ ўрганиб олган. Агар уя қўлга сиғадиган бўлса, шартта ин-пини билан суғуриб олиб мажақлаб ташлаш керак.Ари кафтни чақолмайди. Чаққанда ҳам таъсир қилмайди. Агар қўрқса, қўлга қўлқоп кийиб олса ўам бўлади. Ундан ҳам осони, баргларни тутиб туриб, инни бирдан қисимлаш...
Алибек ўйлаганидай қилиб, ариларни кафтлари билан сиқимлаб олди-да, роса эзғилади. Қизлар ғайрат билан қараб туришарди. Алибек ҳаммасини эзғилаб бўлиб, гўё бунақа ишлар ҳар кунги одатидай, қўлидагиларни бамайлихотир ерга ташлади. Шу пайт мажақланган ин ичидан бир ари ўрмалаб чиқиб, визз этиб етганча Алибекнинг бетидан чақди. У оғриқнинг зўридан «шапп» бетини чангаллади. Зулфия: «нима бўлди?» деганча атрофида гирдикапалак бўлиб қолди. Инда омон қолганлари яна бор экан, ўрмалаб чиқишаётганди, Қурбоной шошиб тепкилаб ўлдираверди. Бари бир икки-учтаси қочиб чиқиб, Алибекнинг атрофида анча вақт визиллашиб юришди. Алибек энг асосийси – мажақланган инни ерга ташлагандан кейин дарҳол тепкилаш кераклигини эсдан чиқарган экан.
Зулфия кўзини ушлаб ўтирган Алибекнинг елкасига чап қўлини қўйди, ўнг қўли билан бошидаги дуррани ечиб олиб, бир учини тупуклади-да, ари чаққан жойга босди. Шу усулдаги даволашни уч-тўрт марта такрорлагандан кейин дуррани Алибекнинг ўзига бериб, ўрнидан турди. Алибек аввал оғриқнинг зўри билан ҳеч нарсага эътибор бермаганди. Оғриқ камайгандай бўлгандан сўнг ҳозиргина Зулфиянинг момиқ кўкраклари элас-элас елкасига тегиб кетанини ўйлаб, юзига бахтиёрлик ёйилди.
— Қалай, энди оғримаяптими? – сўради қиз. Бирор нарсани сезганми, кўзлари бахтиёрона сузилар, бетлари қизариб кетганди.
— Ҳечқиси йўқ, - дея Алибек ўрнидан турди. Дуррани бераётиб, Зулфиянинг қўлини бир неча сония тутиб турди. Вужудига ҳарорат югурди.
Қани энди,.. қани энди,... яна ари чақсаю...Бу қўлларни узоқ ушлаб туриш учун саксон саккиз марта ариларга таланишга рози. Зулфия қўлини олмай, шўхлик билан ўзига тикилиб тураверди ўша пайт. Алибек чидамади, бу қўлларни қўйиб юборди. Қизнинг нигоҳларига дош беролмай (садқаи йигит кет!) , кўзларини олиб қочди. Яна титрай бошлади. Ниҳоят қиз бўшаган қўлини йиғиштириб, узум теришни давом эттиришга тушди. Қурбонойга нимадир деганди, иккови ялт этиб Алибекка қарашдию, пиқиллаб кулиб юборишди. Алибек хилма-хил ўйларга ботиб, узумзорлар оралиғидаги йўл билан карта орасидаги йўлакка жўнади. Енгилгина бўлиб қолганди. Худди биров «пуфф» деса учиб кетадигандай.
«Қиз эмас бу, фаришта! Фаришта!!» - Алибек ўз кашфиётидан хурсанд бўлиб кетди. Уни хаёл олиб қочди.
... Икковлон қўлни қўлга бериб, бир-бирига илжайганча кетишяпти. Бирдан Алибекнинг кўзларига нимадир кириб кетади. Фаришта дарров бошидаги рўмолни ечиб олади-да, унинг кўзларига босади. Йигит бу нозик қўллар устига ўз қўлини қўяди. Қўллар қўлларга, кўзлар кўзларга туташади. Улардан чаксиз меҳр, майинлик, мулойимлик, садоқат уфуради. Алибек аста унинг қўлларини силай бошлади. Нозик қўллар унинг бўйнига чирмашади. Фаришта унинг кўзларига яна бир неча дақиқа тикилиб туради-да, бошини секин Алибекнинг кўксига қўяди. Алибек энди Зулфиянинг сочларини силайди. Ундаги хушбуй ҳидни тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Яна тўлиб-тошиб мурожаат қилади:
— Зулфия!
— Ҳа! – У бошини кўтармай, ҳаяжонли овозда жавоб беради.
— Мен сени энди Зулфия демайман.
— Ие, нега?
— Мен сенга янги, ажойиб исм топдим.
— Айтчи?
— Фаришта!
— ... – Зулфия қиқирлаб кулади. – Энди мени доим шунақа қилиб чақирасанми?
— Ҳа! Яна бир нарса десам хафа бўлмайсанми?
— Қани, эшитайлик-чи!
— Сени севиб қолдим.
Алибек фариштани аста қучоқлади. Сочларини меҳр билан силади. – У севги изҳор қилганди. Шу вақтгача изҳори дил қанақа бўлар экан, деб орзу қилиб, китобларда ўқиб, киноларда кўриб юрарди. Ҳозир ўзи шунақа воқеанинг иштирокчиси бўлиб турипти. Зулфия кулиб юборади.
— Нимага куляпсан?
— Гапларинг қизиқ. .
— Нимаси қизиқ?
— Йигитлар қизларга қандай севги изҳор қилишаркан, деб ўйлардим, энди...
— ...енди ўзингга севги изҳор қилишяпти.
— Менга қара, - Зулфия бошини кўтарди. – Қанақа қилиб севасан?
— Биласанми?.. – Алибек чайналди, - биласанми, севиш... «шунақаки, ҳозир мен сени жуда яхши кўриб қолганимни, сенсиз яшай олмаслигимни сезяпман», демоқчи бўлади, бироқ кўпроқ хаёлга берилиб кетганидан трактор ҳайдаганда ҳосил бўлган катта кесакка қоқилиб йиқилдию, ўзига келди.
— Ие, Алибек, шу ердамисан. Мен сени қачонлардан бери излаяпман.
Алибек қараса, қошида бригадир - Нурали ака турипти. Жиноят устида қўлга тушгандай , лол бўлиб қолди. Шалвираганча бригадирга эргашди. Қатордан карта оралиғига чиқаётганда қайрилиб қараб, баланд токнинг панасидан ўзига меҳр билан тикилиб турган Зулфиянинг нигоҳини илғади.
«Ажойиб! Зўр!» – неча марталаб такрорлан фикрларини яна такрорлади, мастдай гандираклаб бораркан. Аслида ҳам маст, хаёли жойида эмасди унинг. – «Фаришта! Менинг фариштам!» – Алибек тамшаниб қўйди.
Энди аввалги бетутутуқ ўйлари қолиб, Алибек бутунлай бошқа одамга айланиб улгурганди. Карта оралиғининг қаерида бўлмасин, Зулфиянинг сават тўла узум кўтариб чиқишини пойлайди. У ҳам тез-тез чиқар, сўнг қайтиб кетишга шошилмас, яшикни бемалол олиб, билмаган кишидек, атрофдан нигоҳи билан Алибекни излар, нигоҳлар тўқнашса, бир-бирига оташли,чексиз, чегарасиз, бахтга тўлиқ табассум ҳадя қилардию, саватларини билакларига илганча, узумзор орасига чопқиллаб кириб кетарди.
Ўша куни Алибекнинг ҳеч бир оила аъзосига иш куни ёзилмади. Зулфиянинг тергани табелга икки баравар ошиб, беш кун якунига кўра «сотсиалистик мусобақа ғолиби» га айланди. Студент қизлар ҳам ёрдамга келишди, лекин Алибек ҳозирча уларнинг ёнига боргани йўқ. Умуман, бориш хаёлига келмай қолган. Истамайди...Вассалом!

Маслаҳат
— Майли, бекорчиликка эрмак-да, - деди Салим.
Салим Алибекдан уч ёш катта. Ўзини тутиши, гап оҳанги жуда бошқача. Шунчаки гапирса ҳам худди бировга насиҳат қилаётгандай бўлаверади.Акасини Алибек уч кундан бери кутади. Маслаҳат сўрамоқчи. Зулфияни яхши кўриб қолган. Севиш мазза-да! Ширин-ширин хаёллар сураркансан. Кечалари шифтга тикилиб, ухлолмай чиқаркансан. Эртасига ҳеч нарса бўлмагандай, яна ишга кетавераркансан. Нуқул фикру-ёди Зулфияда. Ётса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам… ўшани ўйлайди. Ўзи зўр қиз! Мулойимгина… эътибор бериб қаралса, Барлосда Зулфиячалик чиройли қиз бошқа йўқ. Маъсум кулиб туришларини эсласа, бутун вужуди ҳароратга чўлғаниб, билаги кучга тўлиб. Зулфияни ўзи йўқ бадбашара девлардан ҳимоя қилгиси келаверади.
Қайси куни қизиқ воқеа содир бўлди.Ҳамма тушликка чиқиб кетган пайт эди. Қурбоной, Зулфия учовлон, уч синфдош овқатланиб бўлишгандан кейин қизларнинг қаторига кириб, қатор бошида: кўча тарафда узум тўлатилган яшиклар, орқа томонда қуюқ ишком панасида соялаб, мактаб йилларини эслаб утиришганди. Зулфия ўртада, икки ёнида Қурбоной билан Алибек. Соялик кам бўлгани туфайли бир-бирларига тиқилиброқ ўтиришарди.Аввалига Алибек Самарқанддаги саргузаштларидан мақтаниш билан бўлиб, ҳеч нарсани пайқамади. Кейин қизларга гап навбати етганда уларга қулоқ тутиб, бадани Зулфиянинг баданига тегиб турганини ҳис қилди. Тўғрироғи, илгари ҳам сезгандию, аҳамият бермаганди. Энди юраги қизий бошлади. Зулфия ҳаяжонланиб, қимирлаб-қимирлаб гапирарди. Алибек гўё қизларнинг ҳангомасини зўр қизиқиш билан тинглаётгандай, уларга қараб ишшаяр, аслида Зулфиянинг бўйнини, қулоғи тагидаги холини, қалин қора сочларини, мулойим кўзларини, билинар-билинмас кўтарилиб тушаётган кўкракларини кузатарди. Кузатган сари тўлқинланар,вужудини бостириб келаётганкучли ҳаяжонни жиловламоқчи бўлар, аммо уддалай олмас, яна суқланиб тикиларди. Зулфия тиззаларини қучоқлаб ўтирарди. Шу ўтиришининг ўзи билан ҳам Алибекка ёқарди Айниқса, кулганда шодлиги бутун юзига ёйилади, кўзлари жуда майинлашиб кетади. Бундай пайтларда Алибекка ўзини тутиб туриш ғоятда азобга айланарди.
Алибек севги ҳақида кўп китоблар ўқиган, ҳаммасида ҳам ўпишганларни ёзишади, лекин кейин нима бўлишини... Ўпишса нима бўлади? Оғизда конфет егандай таъм қоладими? Баъзан кечалари билан ухлолмай чиқса, эрталаб: «бугун қандай бўлмасин Зулфияни бир ўпичга кўндираман», деб ўзига ўзи қарор қилади. Аммо Зулфияга яқинлашди деганча сусти босади. Зулфиянинг нимасидир бор. Узоқлаб кетолмайсан, аммо бемалол қўлингда тутиб ҳам юролмайсан. Сени маълум масофада ушлаб туради. Мана, ҳозир ҳам шундоққина ёнма-ён ўтиришипти. Қўлини узатиб, Зулфиянинг елкасидан тутса, ўзига қаратса,.. бўлади, аммо... Қайси бир куни бир журналда «ўпишиш керак эмас», деб ёзишипти. Чунки ўпишгандан кейин бирининг оғзидаги, тишлари орасидаги микроблар иккинчисига ўтармиш, тиш оғриғи шу тахлит кўпаярмиш. Одамлар нега ўпишади? Севишса, албатта ўпишиш шартми? Ахир кино-китобларда нуқул... севишдими, дарров қучоқлашиб қолишади. Ундан кейин... мана, ўзи ҳам ўлдим-куйдим, севиб қолдим, деб юриптию, фикру-ёди бир иложини топсаю, Зулфияни ўпса... кейин нима бўлади?
— Кетдик, узум терамиз, - деди Қурбоной ўрнидан туриб Зулфияга.
— Қўйсанг-чи! - деди Зулфия эриниб, бунча шошмасанг.Бу аҳволда ҳали бола-чақа орттирсанг кейин нима қиласан?
— Ўтирсанг ўтиравер, - дедию, Қурбоной саватларини кўтариб, қаторнинг ўз томонига ўтдию, ишком оралаб кетди.
Мана! Мана Алибек кутган фурсат. Ёлғиз иккови қолди. Алибек ён-верига қаради. Биронта одам зоти кўринмайди. Қурбоной қаторнинг нариги тарафида. Тобора узоқлашиб боряпти. – Алибекнинг вужудига титроқ кирди. Ҳамма ёғи қизиб бораётганини, бу ўзгариш ўзида жуда тез содир бўлаётганини элас-элас билади. Кейин нима қилганини ўзи ҳам англай олмай қолди. Олдин елкасидан тортдими, ёқасидан ушладими, эсида йўқ. Бир вақти қараса, Зулфия юлқиниб унинг бағрида юлқинар, типирчилар, ҳиқ-ҳиқ этиб, дами ичига тушганча унинг кукрагига муштларди. Нималарнидир даҳшатга тушиб шивирларди. Бир нима қилиб қўйдимми, деб қўрқиб кетган Алибек қизни шартта қўйиб юборди.
— Эсинг жойидами ўзи? – деди Зулфия йиғламсираб. – Яхши гапирганга шунақа қиласанми?
Кейин тура солиб, Қурбонойнинг орқасидан жўнаб кетди. Алибек: «Мен сени севаман! Ҳеч қачон ажрашмаймиз! Бир умр бирга бўламиз! Мен сени, фақат биргина сени севаман, Зулфия!» , демоқчи эди. Улгурмади. Шундан бери Алибекни ўй босган. Нима қилишини билмасди.Зулфия эса арзлаб юрипти. Ҳатто иш юзасидан ҳам фақат Қурбоной гаплашади. Эҳ-ҳе! Алибек ўзича Зулфия билан нималар қилмоқчи эди. Қанақа режалар тузганди. Энди Алибекка қийин бўлди. Бир бало қилиб, отасигами, онасигами, мени уйлантириб қўйинглар, деган гапни тушунтириш керак. Ўн саккизга тўлди, Самарқандини кўриб келди. Мана, керак бўлса, қиз болани ўпди. Бўлди-да! Доим ўпавериш учун – уйланиш керак. Аммо олдин Зулфиядан розилик сўрамоқчи. Қандай қилиб? Шуни билмай боши гаранг. Салим акасида эса тажриба бор. Фикру-ёди акасининг кўнглини овлаш ва маслаҳат сўраш. Ҳазилми? Ўртада севги масаласи бор. Бундан кейинги ҳаётинг қай йўсин кечиши ҳозир қабул қиладиган қарорингга боғлиқ.
Алибек кўнглида нималар кечаётганини шу пайтгача бирон кимсага ёзгани йўқ. Акаси эса ҳар қалай шаҳар кўрган йигит. – Студент! Студентлар севгини яхши тушунишади. Умуман, улар кўп нарсани билишади, чунки кўп ўқишади, қиўлар билан бирга кўп юришади. Бунақа билимдонларнинг ёнига ўтириб қолсанг, улар билан фақат билимдончасига гаплашиш керак.
— Ака, - деди Алибек, пиёдани икки катак олға сураркан, - Жонибеков билан Гуррагча қайтиб тушишдими?
— Билмадим, хабарим йўқ, - деди Салим, шоҳ тарафдаги отни ён томонга юраркан.
— Жонибековинг ким? – сўради ўйинни томоша қилиб ўтирган отаси.
— Ўзимизнинг тошкентлик космонавтчи, ҳали билмайсизми? – дея Алибек ўзи биладиган нарсани отаси билмаслигидан ғурурланиб қўйди. – Яқинда «Интеркосмос» программаси бўйича муғулистонлик Гуррагча деган космонавт иккови учганди. Бизлар тупканинг тубида дунёдан бехабар ишлаб юрадиган одам бўлсак, космонавт қачон учади, қачон қайтиб тушади, билмасак, - деди Алибек, пиёдасини акасининг чегарасига ўткизиб, отга қарши қўяркан.
— Ундай бўлса уларнинг учганини қаердан билдинг? - сўради отаси ва Алибекка ўргатди, - ҳей, бекорчи ўйин нима керак, отингни чиқар.
— Радиодан қулоғимга чалинганди. – Алибек парво қилмай пиёдани яна олға сурди.
— Жонибеков? Тошкентдан эканми? Космонавт ўзбеклардан ҳам чиқибди-да, а? Ҳой, пиёданг жойида турсин. Қаерга боради у? Отингни ҳайдасангчи!
— Биз ҳам шахматни унча-мунча биламиз, ота, - деди Алибек фарзини билан шоҳ бериб. Пиёда шоҳнинг иккинчи йўлини тўсган, Салим мот бўлган эди.
— Ие! Алибекка юттириб ўтирибсанми?
— Алибек кейинги вақтларда анча прогресс қиляпти, - деди Салим. – Биз эса регрессга йўл қўйдик, шекилли.
— Қани тур-чи, бу космонавтларни билгич билан ўзим бир қўл кўрай, - дея отаси Алибекка қарши майдонга тушди.
— Космонавтлар осмонда ярим йиллаб юришяпти, қандай яшашар экан, а улар? Ака? – сўради Алибек, доналарни қайтадан тераркан, худди гап келиб қолгандай, аслида боя узилиб қолган суҳбатни давом эттириш, кўп нарсаларни билишини акасига исботлаш учун. – Хлорелла деган ўсимлик бўлармиш. . Ўшани еб кун кечиришади, дейишади. Шу ростми, ака?
— Бўлса бордир, - деди Салим чайналиб.
— Одамлар осмонда ярим йиллаб қандай яшайди? Космик кемаларингда ҳожатхона борми? – сўради отаси.
— Ҳа, энди космик кемани шунга мослаб чиқаришган-да. Космик кемалар замонамизнинг энг зўр олимлари томонидан ўйлаб чиқарилган , фан ва техниканинг олтин фонди, энг янги асбоблар космик кемалар учун ишлатилади. Шунча нарсани ўйлаб топган инсон албатта космонавтнинг қандай кун кечиришини ҳам эсидан чиқармаса керак, - деди Салим.
Ўйин давом этди. Алибек отасини ҳам ютиб олди. Кейин яна акаси билан ўйнади, ютишига сал қолганда гўё билмаган бўлиб, фарзинини олдирди. Шундан кейингина Салим хурсанд бўлиб, ўйинни ютди.
Алибек ва акасига бир хонадан жой солишди. Гаплашиб олишга айни фурсат. Алибекнинг билишича, акаси бир шаҳарлик қиз билан хат ёзишади. Алибек ногаҳон кўриб қолган ўша хатда бундай дейилганди: «Ўзим азоблансам дейману, сизнинг кулишингизни истайман. Ахир борлиғимни қоплаб олган ҳисларим юрагимга тинчлик бермаса, вужудим нуқул сизга интилаверса, менда нима айб? Сиз ҳам тушунинг-да! Сизни севиб қолганман...» Умуман, шунақа гаплар. Гапларнинг орасида шеърлар ҳам бор. Айтишларича, севишганлар олдин бир-бирларини ўрганишлари керак эмиш. Алибек Зулфияни биринчи синфдан бери билади. Демак, бемалол, ҳеч ўйланмасдан уйланаверса бўлади. Аммо масаланинг иккинчи томони бор: Салим ҳали бўйдоқ. Ёки тўғридан тўғри Салимга: «ака, шунақа-шунақа гап, тезроқ уйланинг, менинг йўлимни тўсманг. Мен икки-уч кутиб юролмайман», деса-чи? Хуллас, гаплашиб олиш керак. Салим кўрпага кириб, қўлини бошига ёстиқ қилганча, шифтга тикилиб хаёл суряпти.
— Ака, нималарни ўйлаяпсиз?
— Шундай,.. чироқ, ўзим.
— Ака, сизга пул керакми? – Алибек жавоб кутмасдан ўз топоғонлигидан хурсанд бўлиб, киссасидан пул чиқарди. Шундай қилса акаси хурсанд бўлади, гаплашиш осонлашади.
— Қанча? – сўради Салим, пулни оларкан, кўзлари шодликка тўлиб.
— Э, ким санапти дейсиз! Керак бўлса яна бераман, ҳозир менда пул кўп, ака. Кеча ойлик олганман. Мана! – Алибек киссасидан яна пул чиқариб берди. - Сиз студентсиз, сизга керак бўлади.
— Раҳмат, чироқ,Шу ҳафта кўпроқ пул керак бўлиб келгандим. Отамдан қандай сўрашни билмаётгандим.
— Ака, сизга иш ёзайми?
— Ёза оласанми?
— Албатта. Ҳозир бригадиримиз Нурали ака билан муносабатларимиз зўр. Бир ўзи тўрт кишига ёздириб олади. Мен бир сизга ёзсам нима қипти.
— Тағин сенга гап тегиб қолмасин, қўй, чироқ.
Жим қолишди.
Алибек нуқул бошқа гапларга алаҳсияпти. Боя космонавт деганди. Энди ҳисобчилигини мақтаняпти. Қандай бўлмасин ҳозир гаплашиб олиш керак. Акаси пулни ғамлади, шу кетишда бир ойгача келмаслиги мумкин.
... ва Алибек бор шаҳдини тилига жамлади:
— Ака, сиз ҳам севасиз-ку, тўғрими?!.
Салим ялт этиб укасига қаради.
Алибекнинг юзи ички зўриқишдан қизариб кетганди...

Қароқчилар
Учовлон келишиб, байрам куни раён марказида қишлоқиларни шиладиган бўлишди. Агар ҳар беш минутда икки сўмдан ишлашса ҳам икки соатда анча пул йиғиларкан. Кейин ресторанга киришади. Креслоларда керилиб ўтиришади. Қўлини чўзганча, бармоқларини қисирлатиб (худди кинолардагидай): «Офитсиантка, бизга яна юзта-юзтадан уч юз грамм оби зам-замдан бўлсин», дейишади. Ҳамма гап қишлоқиларни шилишда. Қишлоқилар асли қўрқоқ бўлишади. Яхшилаб битта дўқ урса, топган-тутганини чиқариб бераверади. Керак бўлса, Алибек қўрқитиш усулларини Самарқандга ўқийман, деб борганда ўрганиб қайтган. Алибек кўп нарсани кўриб, билиб қўйди. Ҳа, гап ёшда эмас, бошда. Эҳ-ҳе! Одам доим тиқилинч бўладиган «қора парк»даги ойнаванд ошхонада эди-да! Асли шаҳарликдай, қора кўзойнак тақиб, олифтанамо юриш билан ошхонага кирди. Бамайлихотир овқат олди. Ҳозиргина туриб кетганларнинг жойига бориб энди ўтирмоқчи эди, кимдир стулни кўтариб кетаверди. У борган стол ёнидаги қолган учта стул эгалик эди. Шу сабабли Алибек ўзини ҳақиқий студентлардай тутиб, олиб кетилаётган стулни маҳкам тутди.
— Қўйвор, - деди дўқ аралаш ширакайф, бақувват йигит.
— Ака, бу стулни мен эгалладим, - деди Алибек, унинг дўқига дўқ билан жавоб қайтаришга уриниб, аммо эплаёлмай.
Барзанги Алибекни еб қўйгудай юзини юзига яқинлаштириб ўқрайди, уриб юборадиган бўлди, аммо буни ошхонада ўзига эп билмади, шекилли. Бир силтаб стулни тортиб олди-да, Алибекни пашшани сургандай четлатиб, ўтиб кетди. Алибек у билан яна тортишишга журъат этолмади. Қўй, шунга тенг бўлиб ўтираманми, деб, ўзига бошқа жой излади. Овқатини еб кўчага чиққанда йўлини ўн икки-ўн уч ёшлардаги бола тўсди:
— Ҳой қишлоқи, мен кинога кирмоқчиман, олтмиш тийин бер.
Алибекнинг кўнгли эриб, киссасига қўл солди, аммо боланинг овозидаги дўқ-пўписа ногоҳ унга таъсир кучини ўткизди-да, аччиқланди. «Пулим йўқ», деб ўтиб кетаётганди, бола яяна йўлини тўсди.
— Менга олтмиш тийин бер, деяпман.
Боланинг ўжарлигига Алибекнинг кулгиси қистади. «Мана олтмиш тийин» деб қулоқ-чаккасига тортиб юборай дедию, жуда кичкина бола экан. Арзимайди. «Пулим йўқ», дея ўз йўлига кетаётганди, кимдир елкасидан тутди. Ўгирилиб, бояги ошхонадаги барзангини кўрди. У заҳарли ишшайиб турарди.
Алибекнинг ичидан қиринди ўтгандай бўлди.
— Нима дединг бунга? - деб сўради у, ёш болани кўрсатиб. – Ҳали сен ўзингдан кичкиналарни урадиган, сўкадиган бўлдингми? Бер айтган пулини!
Барзангининг овози таҳдидли эди. Шулардан қутулсам қутулай, деб Алибек киссасига қўл солди. Битта беш сўмлик қолган экан, чиқарганди, барзанги тортиб олдию, болага тутди. Бола пулни олиб жўнаётганди, Алибек «ҳей, тўхта», деб интилганди, барзанги сўраб-суриштириб ўтирмай уни солиб юборди. Алибек мушт зарбидан мук тушди, яна бир-икки тепки еди. Атрофда одам кўп эди, биронтаси ажратай демади...
Ҳа, ўшанда Алибек ёнида бор пулидан ажраган. Аммо ўзлари раёнга чиқишганда бунча кўп пул талаб қилишмайди. Қишлоқилар ҳам ахир умид билан, байрам қиламиз, деб раёнга келишади, киссаларида кўп бўлса беш сўм, бўлмаса икки, уч сўм билан келаверишади. Умуман ёшроқ, камқувватроқ болаларни ушлашади. Уришса – енгадиган, қувса – етадиган, қочса – қутуладиган бўлиш керак-да!
Асли бу фикр Тоштемирдан чиқди. Алибек билан Лапас қувватлашди. Иккови битта бригадада ишлашади. Тоштемир Самарқандда техникумда ўқийди. Ҳозир учинчи курсни битиряпти. Сочларини ўстириб юборган, мўйлаб ўстирган, кўзлари ёниб туради. Кўрган одам қўрқиб кетади. Учаласи илгари бир синфда ўқишган, шунинг учун кўпинчаТоштемир шанба-якшанба кунлари қишлоққа келганда кечалари бирга ўтиришади, шу ҳангома пайти ... хуллас иккови тажрибали Тоштемирга бўйсунишади. Лапасга бу нарса унча ёқмаганди, Алибек билан Тоштемир роса қизиқтиришди. Гап пулда эмас, гап қишлоқиларни тунашда ҳам эмас. Ёшликда ўйнаб қолиш, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини тотиш керак. Қолаверса, бир йигитга қирқ ҳунар оз, деганларидай, бу ишни ҳам ўрганиб қўйса, ҳаётда асқотиши мумкин. Доим шуғулланмоқчи эмаслар-ку ахир! Тоштемирлар Самарқандда эҳ-ҳе, қанақа ишларни қилишмаган. Шунақа қилиб айтиб берадики, ҳе-эч у ёқ-бу ёғи йўқ ... Тўғри, унинг ҳамма гапига ишонавериш керак эмас, ростидан лофи кўпроқ бўлади.
Раён марказида байрам - 1 – май! Марказий кўчада одам ғиж-ғиж. Қишлоқи болалар кўп. Иложи бўлсаю, ҳаммасини қатор қилиб териб, пулини шилсанг. Тоштемир – студент, башараси безориники. Алибек ҳам, керак бўлса, шаҳар кўрган. Битта Лапасни ҳисобга олмаганда. У ҳам бўш келмайди. Шляпа кийиб, галстук таққан. Олифта!
— Ишқилиб милитсияга тушиб қолмасак гўргайди, - деди Лапас.
— Эҳтиёт бўлиш керак, - деди Тоштемир. Шунча вақтдан бери уларни қизиқтириб, кўпирган бола ҳозир бир қадар иккиланиб қолганди.
— Нимадан қўрқасан? – сўради Алибек.
— Қўрққаниб йўқ, - деди Тоштемир. – айтиб бўлмайди, қандайдир тасодиф билан биримиз тушиб қолсак ҳам бошқаларни сотмаси, демоқчиман.
— Сен қўрқаяпсан, - деди Алибек аччиқланиб. – Шу ҳолинг билан нима қилардинг бизни чалғитиб.
— Э-э, - деб Тоштемир бир неча дақиқа Алибекка тикилди-да, - юринглар, - дея шахд билан жўнади. – Ўзимизбопларидан топайлик.
Алибекка қолса, биринчидуч келганни шартта ёқасидан олса, пулингни чиқар деса, чиқармаса уриб-сўкиб тортиб олса. Аммо Тоштемир бунга рухсат бермади. «Мендан берухсат иш қилманглар», деб уқтирди. Келишув бўйича Тоштемир бир ўзи бориб биттасини ушлайди, иккови изма-из кузатиб боради. Иложини топса, Тоштемирнинг бир ўзи эплайди. Йўқса, олдин Лапас, кейин Алибек билмаган киши бўлиб, боришади-да, Тоштемир билан қуюқ сўрашишади, токи у бола Тоштемирнинг одамлари атрофида кўп эканлигини англаб етсин, хуллас, кейин вазиятга қараб иш тутилаверади.
Тоштемир ўн беш-ўн олти ёшлардаги, боши устара билан қирилган, оқ сурп кўйлаги этагининг ярми шимидан чиқиб, осилиб турган, ғирт қишлоқининг яқинига борди:
— Ие, ассалому алайкум, жўра! – сўради Тоштемир. – Қаердансан?
— Ўроқлидан. – Бола ниманидир сезиб, қўрқа бошлади, ташвишга тушди, кўзлари аланг-жаланг бўлиб, бурилиб кетмоқчи бўлди.
— Тўхта, жўра! – Тоштемир бирдан дўқ урди. – Сигаретдан чўз! Нимага салом берсам алик олмайсан?
— Сигаретим йўқ,, -деди бола, бир зумда ранги оқариб, титраганча Тоштемирнинг икки кўкрак чўнтагидаги икки қути сигаретага қараб оларкан.
Тоштемир болани қўлтиқлаб олди.
— Жўра, қочишга уринма, ўзингга қийин бўлади. Тушундингми?
— Ие, байрамларинг билан! Қандайсизлар? – ҳеч нарса билмаган киши бўлиб, Лапас улар билан кўришиб ўтиб кетди.
— Кўрдингми? – деди Тоштемир. – Гап бундай, тўғрисини айт, киссангда неча пулинг бор? Тўғрисини айтсанг ярмисини оламиз.
— Ҳей, лектсия қисқароқ бўлсин! – Орқадан Алибекнинг бетоқат овози эшитилди.
Тоштемир муштини орқага қилиб, узоқроқ тур, деган ишорани қилди.
— Хўш?!
— Уч сўм!
— Чиқар!
Бола читта уч сўмликни чиқарди. Тоштемир ўйланиб туриб, болани кафенинг буфетига етаклаб бориб, бир шиша лимонад олишди. Чидолмаган Алибек Лапасни бошлаб етиб келди. Унда ғалаба нашъасини тезроқ суриш иштиёқи жуда кучли эди.
— Икки сўмини ол, - деди Алибек, кўзлари ёниб. – Вижиллашиб ўтирасанми?
— Ярмига келишгандикку, - деди Лапас тўнғиллаб. – Болага жабр қилмайлик-да!
Бола безовта, бир унга, бир бунга анграйиб турарди.
— Аралашманглар, дегандан кейин нима қиласизлар гапни кўпайтириб, - деди Тоштемир ва болага ўгирилди. Бор, жўра, эллик тийинга битта сигарета олиб кел, ора очиқ бўлади. – Бола буфетга кетди, Тоштемир Алибекни койиди. – Бунча очкўз бўлмасанг. Келишдикми, келишдик. Чақирмасам, аралашманглар.
— Менам шуни айтдим, - деди Лапас жонланиб.
Алибекка пулдан ҳам кўпроқ саргузаштнинг ўзи сеҳрлироқ, мароқлироқ туюлар, бу ишларни тез-тез бажаргиси келар, Тоштемирнинг узундан-узоқ музокараларига тоқат қила олмаётган эди.Ахир байрам икки-уч соатда ўтиб кетади. Иложи борича кўпроқ болани тунаш керак. Бу аҳволда ҳеч нарсага улгуришмайди. Бола сигарета олиб келди. Тоштемир унга ярим стакан лимонад тутди. Ичмайман, деганди, мажбуран ичкизди.
— Мана, энди пулнинг ярми сеники, ярми меники бўлди, - деди Тоштемир, - мендан хафа эмасмисан?
— Йўқ!
— Сенга жавоб. Агар кўча-кўйда яна биров сени ушласа, мен Толикнинг укасиман,де.Сенга инсон зоти яқинлашмайди. Тушундингми?
— Хўп, Толик ака! – Бола осон ажраётганидан хурсанд бўлиб, узоқлашди.
Учовлон шу тахлит яна биттасидан бир сўм, иккинчисидан икки ярим сўм ундиришди. Учинчиси уларни роса овора қилди. Гапдон экан. «Майли, сизларнинг қўлингиздаги одамман, нима қилсаларингиз ўзларингиз биласизлар, лекин бир тийин ҳам пулим қолмади», деб туриб олди. Охири у ҳам Алибекнинг бир мушидан сўнг ажради. Икковининг мулойимлигига Алибекнинг жаҳли чиқарди: «Бизлар қароқчилик қиляпмиз, ҳақиқий қароқчилардай ишлайлик-да», дерди у. Самарқандда еган калтаклари ҳали эсидан чиққан эмас. Энди аламимдан чиқаман, деса иккови тўғаноқ бўляпти.
Олдиларида икки бола кетиб борарди. Икковининг ҳам қўлидаги тўрхалталар тўла, бошларида эски қалпоқ, дазмолланмаган кийимлари беўхшов.
— Эй, тўхтанглар! – деди Тоштемир уларга томон шошилиб, Алибекнинг гапларидан аччиқланиб.
Иккови қайрилиб қарашдию, тез юриб кетишди. Тоштемир югурганча биттасини ушлади, икинчиси қочди. Уни Алибек қувди.
— Нега тўхта деса тўхтамайсан?! – Тоштемир дўқ урди. – Қайси қишлоқдансан?
— Мен сизларга нима қилдим? Нима қилдим?.. бола зорланди.
— Нима қилишни кўрсатиб қўяман. Ичак-чавоғингни суғуриб олайми? – Тоштемир кўзларини олайтирди. Лапаснинг кулгиси қистаб, четга ўгирилди.
Бола йиғламоқдан бери бўлиб ерга қаради. Лапаснинг болага раҳми келди, қўй, қийнама, дегандай ишора қилди. Тоштемир болани четга олиб чиқди.
— Ҳей, йигитмисан ўзи? Бошингни кўтарсангчи! – Тоштемир болани иягидан тутди.
— Майли, нима десаларинг берай, мени қўйиб юборингизлар. – боланинг тишлари такиллади.
Алибек қуруқ қайтди. Иккинчиси қочиб кетипти. Етолмапти.
— Ким у жўранг? – Тоштемир яна қаттиқроқ дўқ урди.
Алибек яна жиғибийрон бўла бошлади. Тоштемир эҳтиёт шарт, тағин бехосдан болани уриб юбормасин деб, икковининг ўртасига ўтиб олди-да, дўқлашни давом эттирмоқчи бўлаётиб, бояги болага кўзи тушди. У бир милитсионерни бошлаб келарди. Тоштемир: «қоч, мелиса!», дедию, югурди. Лапас ҳам қочганини аниқ кўрди, лекин Алибекни билмади.
Бола эса ошкора йиғлаб юборди.

Суюнчи
Лапас армия хизматини ўтаб қайтди. Назарида худди кечагина чақириқ қоғозини олгандай, икки йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетгандай. Поезд раён марказида тўхтади.У ҳали бирга хизмат қилган, йўлда бирга келган сафдошлари билан аранг хайрлашиб улгурган, аммо туғилиб ўсган ерларига тўйиб-тўйиб боқолмаган, ҳавосидан симиролмаган ҳолда поезддан пастга эндигина тушган эди ҳамки, қандайдир одам келганча, уни маҳкам қучоқлаб олди.
— Ассалому алайкум солат укажоним! Қандай, эсон-омон етиб келдингми? Хизмат яхши ўтдими? Соғ-саломатмисан? Сенсирайвераман-да энди, ўзимнинг укамсан-ку, нима дединг? Хафа бўлмайсан-а!?
Лапас ҳайрон бўлди, лекин билдирмади. Ахир орадан икки йил ўтиб кетди. Танимаса ҳам уни танияпти-ку, Балки бирон қариндошидир, аммо ким экан? Қайси холасининг эри? Ҳеч эслай олмади.
— Оббо шоввоз-эй! Шундай қилиб аскарликни ўтаб қайтдим, дегин!? – Қариндошнинг қувончи чексиз эди. Кўзлари порларди. – Оббо аскар укажоним-эй! Шундай қилиб икки йил ҳам ўтиб кетибди-да, а? Айтгандай, исминг нимайди?
— Лапас.
— Ҳа,ҳа, Лапасжон, буни қара-я, ҳатто исмингни эсдан чиқарганман. Қаричилик-да, узр, Лапасжон!Хўш, хизматлар қаерда ўтди?
— Белоруссияда.
Қариндош ҳайратдан ёқа ушлади. – Э, яшшавор! Менам Белоруссияда хизмат қилганман. Зўр жой! Худди ўзимиздагидай, солдатларни жуда яхши кўришади. Қизлари-чи, қизлари! Келиб турармиди қисмларингга?
— Ҳа, энди... – Лапас ийманди.
— Қанақа бўлинмада хизмат қилдинг?
— Стройбатда.
— Ҳечқиси йўқ, ўзбек болаларининг барини стройбатга жўнатишади. Ҳечқиси йўқ, бел қотиб, тўрт-беш сўм пул топиб, бир ҳунарнинг эгаси бўлиб қайтасан. Бўпти, юр... ана бизнинг машина. Хўш, жомадонинг борми?
Лапас ерга қўйган жомадонини олмоқчи эди, қариндош рухсат бермади.
— Шошма-шошма, бу нима деган гап? Бугунча сен меҳмонсан. Тушуняпсанми? Бугунча! Ўзинг биласан, меҳмон отангдан улуғ, деган гап бор. Катта бир нима деганда кичик қулоқ солиши керак. Жомадонни бу ёққа бер.
— Йўқ, ака, сиз тушунмадингиз, сизга оғирлик қилмасин, демоқчи эдим.
— Бугунча оғирлик қилмайди, тез беравер, бошқаси илиб кетмасдан... – Қариндош шоша-пиша жомадонни тортқилаб олди-да, Лапасни ўз машинаси томон етаклади. – Қани энди, солдатчасига марш. Ўзи кўнглим сезганди-я, шу бугун келиб қолади-ёв, деб ҳозиргина вокзалга чиқиб тургандим. Қарасам, дўстларинг билан хайрлашиб, поезддан тушаяпсан. Етганча сени қучоғимга олдим. Йўқса, бу ерда пул ишлайман, деганлар кўп, ана-мана деганча илиб кетишади. Оббо укажоним-эй, шунақа қилиб Белоруссияда хизмат қилдим, дегин-а! Мана, сизлар бизни, бизнинг бола-чақаларимизни чет эл агрессорларидан мунтазам ҳимоя қиляпсизлар. Сизлар борки, биз тинч- омон, бехавотир бола-чақа ташвишида элга хизмат қиляпмиз...
Улар четроқдаги «Москвич»га ўтиришди.
— Тезда Ота-онанг билан кўришасан. Жуда соғингандирсан,а? Айтгандай, қаерда яшардиларинг?
— Барлосда, - деди Лапас ҳайрон бўлиб, аммо сир бермасликка уриниб.
— Яшшавор укам!! – Қариндош дўпписини осмонга отгудай қувониб кетди. – Буни қара-я, ҳатто шуниям эсдан чиқарипман! Қаричилик-да, қаричилик. Айтгандай, исминг нимайди?
— Лапас.
— Ҳа, Лапасжон, укажон! Йиллар ўтиб боряпти. Мана, биз ҳам қирқни уриб қўйдик. Бола-чақа кўпайди. Ўзинг биласан, бир товуққа ҳам дон, ҳам сув дегандай, барини едириш керак, ичириш керак, кийинтириш керак. Бари қўлингга қарайди. Менимча, уйларингга борсак, суюнчига ботиб қолсам кераг-ов, нима дединг? Ҳазилми, икки йил кўришмагансизлар ахир! Айтгандай, отангн оти нимайди?
— Отабой.
— Нима, Отабой аканинг ўғлимисан? Қўлни бер. Ишлар беш. Агар Отабой аканинг ўғли бўлсанг, суюнчига сўзсиз битта қўй оламан. Яқинда айтаётганди, ўғлим армиядан келишига суюнчисига битта қўчқорни боқаяпман, деб. Сўзсиз битта қўй оламиз, нима дединг? Ахир сенинг баҳоинг битта қўйдан арзон эмасдир, тўғрими? Сени олиб борганим учун ҳеч бўлмаса бензин пули беришлари керак-ку, тўғрими? Айтгандай, исминг нимайди?
— Лапас.
— Ҳа, Лапасжон, укажон, мен яхши биламан. Отанг сахий, мард одам. Сендан бор топган-тутганини аямайди. Айтгандай, отанг қаерда ишлайди?
— Отам армияга кетмасимдан икки йил бурун қазо қилган.
— А-а, шунақами? – Қариндош бир оз хўмрайиб жим қолди. Бир минутлик сукут сақлаб бўлгач, яна ўзини ўнглаб давом этди. — Жойи жаннатдан бўлган бўлсин Отабой аканинг, бечора яхши одам эди. Шуни дарров айта қолмайсанми? Сен қазо қилган Отабой аканинг ўғли экансан-да! Мен эса нариги, тирик Отабой акани назарда тутаётган эдим.
— Барлосда меним отамдан бошқа Отабой ака йўқ.
— Барлосда бўлмагани билан Барлосга қўшни қишлоқда бор. Сен ниманиям билардинг, икки йилдан бери Белоруссияда юрган бўлсанг. Оббо-о! Яна эсимдан чиқди, исминг нимайди?
— Лапас.
— Ҳа, Лапас, бу дунёда сен билан мен билмайдиган нарсалар кўп. Ҳайрон бўлаверма. Ўлим ҳақ. Ҳаммамиз ҳам бу беш кунлик дунёжа ўлиб-тирилиб, тирикчилик ғамида елиб югурамиз. Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Мана, катта йигит бўлиб қопсан, йигитлик бурчини ўтаб қайтаяпсан. От ўрнини той босар деганлари шу-да! Акаларинг борми7
— Ҳа, иккита.
— Бў-ўлди! Отабой аканинг ўлмагани шу-да! Сизлар борсизлар, Отабо ака демак яшаяпти. Демак, суюнчининг зўрини энди акаларингдан оламиз. Ҳар биридан биттадан қўй, а!! – Қариндош рулни қўйиб юборганча , кафтларини бир-бирига ишқалади. - Иккови икки ёқдан икки қўйни олиб чиқиб турса, олинг ака, йўқса хафа бўламиз, деб туришса, илож қанча, акаларингни хафа қилиб бўлмайди. Бир илож қилиб, қўйларни багажга тиқамиз. Сени ҳурматинг учун-да, ука! Отинг нимайди?
— Лапас!
— Лапасжон, мана, Барлосгаям етиб келдик. Энди ўзинг бошқар, қаёққа ҳайдай.?..
Улар кўк дарвоза қаршисида тўхташди. Қариндош сигнални босди. Лапас машинадан тушаркан, юраги ҳаприқиб кетди. Ўша қишлоқ, ўша кўча, ўша дарвоза. Ҳеч нарса ўзгармаган. Поездда келаётганда гўё ҳамма ёқ ўзгариб кетгандай, у ўз ватанини танимай қоладигандай туюлган эди. Йўқ, ҳаммаси ўша-ўша. Армияга кетишидан сал олдин дарвоза қуришган эди. Бир томонига ғишт етмай очиб қолган, кейин шу очиқ жойга уч-тўртта шох-шабба ташлаб қўйишганди. Ўша шох-шабба ҳалиям турипти. Уйнинг орқаси ярми сувалган, ярми қолиб кетган эди. Икки йил ўтса ҳамки, ўшандай турипти.
Ҳеч нарса ўзгармаган. Мутлақо ҳеч нарса! Ҳатто ҳайрон қоласан.
— Сюрприз қиламиз, ука, сен яширин, - деди қариндош. Акангни исми нимайди?
— Қодир.
— Қодир! Ҳе-йй, Қодир!! – Қариндош дарвозани урди-да, орқасига ўгирилиб, ажабланди. – Ие, ҳалиям турипсанми? Яширин, сюрприз қиламиз.
Ҳовлидан жавоб эшитилди. Дарвоза очилиб, онаси кўринди. Лапас беихтиёр машинага суянди. Нафас ростлади, кейин...
— Лапас! Болам!!
— Онажон!...

Узумзорда
Армия хизматидан янги қайтган Лапасга солдат формаси жуда ярашар, кўчада кўкрак кериб юрганда қизларнинг ўзга ҳавас билан кўз қирини ташлаётганини сезиб қолса, кўнгли бир дунё кўтариларди.
Лапас қишлоққа узум пишиғида қайтганди. Шунинг учун уйда ётгиси келмай, бригадага яшикларга солинган узумни машинага ортувчи ишчи бўлиб ўтди Биринчи иш куни эди. Бир жойда узумлар тўлдирилган яшиклар ҳамманикидан кўп эди.
— Ўҳ-ҳў, ким бўлса ҳам зўр тераркан, - деб Лапас яшикларни санаётганди, қатор оралиғидан чиройли бир қиз икки саватни узумга тўлдириб чиқиб қолди. Тўғриси, Лапас уни кўриб, бир лаҳза қотиб турди. Қиз гўё унга танишдек. Исми нима эди? Сира эслолмади.Ўзига мафтункорона тикилаётган солдат назарини ҳис қилган қиз уялиб, солдатга ер тагидан бир қур назар солдию, кулимсираганча , уялиб, тағинам ҳеч нарса сезмагандай, саватларидаги узумларини бўш яшикларга солишга уннади. Қизнинг уялинқираши, қизариши Лапаснинг ақлини шоширди. Хизматдан қайтганидан бери Барлоснинг кўчаларида не-не қизларни учратган бўлса-да, ҳеч бири унинг фикрини ўғирламаган эди. Не-не қизлар кўз сузса-да, у беписанд ўтиб кетиб юрган эди. Не-не қизларнинг фикрни ўзи ўғирлаган, буни билар, ўзидан мағрурланиб юрар эди. Энди эса...
Ўзи, .. икки йилдан бери қишлоқда чиройли қизлар кўпайиб кетипти. Армияга кетаётганда сочини турмаклай олмай йиғлаб юрадиган қизалоқлар энди таманно билан ўзини тўйдами, бошқа ердами, кўз-кўз қиладиган бўпти. Аммо бу қизча... Ким бўлди экан? Исми... Ўзи кичкинагина,аммо чайир экан! Бирам нозики, сават кўтарган билаклари узилиб тушадигандай туюлади қараган кишига. Аммо шу нозик билаклари билан ҳаммадан кўп узум терган. Бунинг маъсум қарашлари... Бир марта, бир лаҳзагина қаради. Шу қарашнинг ўзидаёқ Лапаснинг юрагидан ниманидир юлиб кетди. Қанийди яна бир қараса... – Лапас яшикларни машинага орта бошлади ҳамки, кўзлари қизда. Хаёлан, қарамаслик керак, бу одобдан эмас, деб ўзига буйруқ бермоқчи бўлар, аммо кўзлари нуқул қизни излар, бўйни нуқул қиз томонга бурилаверар эди. Шу фурсатгача ҳам шерикларига гап бериб, ҳам яшик ортаётган Лапас бирданига жим бўлиб қолганига шериклар эътибор беришмади. Гўё эътибор беришмагандай эди...
— Яша Новвот! – деди машинанинг устида яшикларни қабул қилиб олаётган Зокир ака. – Узум теришда сендан ўтадигани йўқ..
«Ҳа-а, Новвот! Новвот-а, Новвот!!»
Мақтовни эшитиб, Новвот бошини кўтарди-ю, яна Лапасннг ўқдай нигоҳига дуч келиб, уялгандан тезлик билан саватларини олиб, қатор орасига жўнади. Қиз қатор оралаб юриб бормасди. Гўё муаллақ ҳавода сузиб кетарди. Қўллари сал силкиса гўё ҳозир осмону-фалакка кўтарилиб, учиб кетадигандай. Лапас югуриб, қизнинг ортидан етмоқчи, учиб кетишига йўл қўймай, нозик билакларидан тутиб қолмоқчи бўлди. Ўшанда... энди осмонга кўтарилаётган қиз ўгирилиб пастга, билагдан тутиб қолган Лапасга назар ташласа. Бир лаҳзагина! Келдингизми, дегандай... Келишингизни билардим, дегандай... Кейин... Зокир ака яшикларни олиб улгуролмай қолди. Бир яшик узум машинанинг чеккасига сал илинган экан, ерга ағдарилиб, узумлари сочилиб кетди.
— Ий-э, Зокир ака, сизга нима бўлди, - дейишди пастдаглар.
— Лапас солдат бўлса, унга бас келиб бўлармиди, - дея Зокир ака пастдагиларга маънодор кўз қисди.
Лапас ўзига келди. Гўё унинг ҳолатини ҳамма кузатгану, энди устидан кулишаётгандай. Гўё уни оғир жиноят устида қўлга туширишгандай. Гўё ҳамма «Лапас Новвотни яхши кўриб қолипти» , деб калака қилишаётгандай. Машинани тўлдириб жўнатишгандан сўнг Лапас ҳеч нарса билмаган кишидай, қатор оралаб Новвот билан дугонасининг ёнига «ҳорманглар!», деб борди. «Бор бўлинг, келинг!», дейишди қизлар. Лапаснинг тили яна тутилди. Кетарини ҳам, турарини ҳам билмай, бир бош узум узиб, Новвотнинг саватига солди.
— Бизга ёрдамга келдингизми, Лапас ака? – гапга солди Новвотнинг дугонаси қувлик билан кўзларини сузиб..
Лапас ахмоқона ишшайганча тасдиқ ишорасида бош силкиб, узум узаверди.
— Лапас ака, -деди Новвот анчадан кейин гап сўраётганидан ўзи уялиб, аммо гап сўрамаса, ўнғайсизлик туфайли Лапас ҳозир бир нарсани баҳона қилиб, кетиб қолишини англагани туфайли, уни чалғитишга уриниб. – Армия яхшими, қишлоқ?
Лапас ҳаяжонланди. Новвот ундан гап сўраётганди, мушкулини осонлаштирганди. Демак... демак... Яшшавор Новвот! Яшшавор Лапас!!
Армия яхшими, қишлоқ? Албатта, туғилиб ўсган жойингни ҳеч ерга тенглаб бўлмайди. Она қишлоғинг қадрини узоқларда юриб, бир кўришга зор бўлганингда биласан...
— Ўйланиб қолдингиз, Лапас ака! Армиядаги ўрис қизларни эсладингизми? – Новвотнинг дугонаси сира ўзини босиб ололмасди.
— Э, уларнинг мингтаси битталарингни бир тутам кокилларингдан айланаверсин, - деди Лапас илҳомланиб. – Бир ҳафтадан бери қишлоқдаман. Худди туш кўраётгандайман. Солдатликка шу қадар кўниккан эканман, гўй бундан бу ёғи умринг шу тахлит ўтаверадигандай. – Лапас гапларини Новвот жон-қулоғи билан тинглаётганини ҳис қилиб, завқланди. – Лекин бари бир ўзимизнинг Барлосга ҳеч ер тенг эмас... Мен армияга кетаётганимда кичкина эдинглар. Кўчада қўғирчоқ ўйнаб ўтирардинглар.
— Энди-чи?
— Эндими? Мана, бригада илғори экансизлар.
— Ўҳ-ҳў, мақтовни ҳам биламан, денг.
— Мақтовми, бошқами, ишқилиб, кўнглимдагини айтяпман-да. Сизларга ҳавасим келади.
Новвотнинг дугонаси ҳамон Лапасни суҳбатга тортар, аммо Лапас Новвот билан суҳбатлашишни истарди. Новвот эса дув қизарганча, ҳар замонда Лапасга ўғринча назар ташлар, зўр бериб узум терарди. Лапас унинг ёнида, дугонаси эса қаторнинг нариги тарафида. Бир пайт Новвот узган узумини саватга солаётса, Лапас ҳам солаётган экан, қўллари қўлларига туртиниб кетди. Новвот яна биринчи сафаргидай, ялт этиб бир қарадию, кўзларини саватга тикди. Лапаснинг юраги ҳаприқди. Шундай уялчан, шундай тортинчоқ. Шундай латофатли бу қиз.
— Бизларга нега ҳавасингиз келади, Лапас ака? – сўради Новвотнинг дугонаси.
— Сизлар қишлоққа зор бўлмайсизлар. Доим шу ердасизлар.
— Бизнинг эса сизга ўхшаб қишлоқдан чиққимиз, дунё кўргимиз келади. Эҳ., қизларни армияга олишмайди-да. Биринчи бўлиб ўзим кетардим. – Дугона орзуга берилди.
Лапас Новвотга ўгирилди:
— Сиз-чи? Сиз ҳам аскар бўлмоқчимисиз?
Новвот чуқур меҳр билан қадалаётган Лапаснинг нигоҳини яна туйиб, қимтинди. Нима деб жавоб беришни билмасди.
— Билмасам...
Бу орада саватлар тўлди. Тўла саватларни кўтариб, карта оралиғига жўнашди. Новвотнинг саватларини Лапас кўтарди. Ўзининг кучини кўрсатиш учун қатор орасидаги кесакларга парво қилмай, шахдам қадамлар ташлашга ҳаракат қилди. Бари бир то оралиқ йўлга чиққанча билаклари толиқиб кетди, аммо орият йўл қўймади, чунки қаторнинг нариги тарафида Новвотнинг дугонаси худди шундай тўлдирилган икки саватни ҳеч билдирмай кўтариб чиқаётганди. Шунчалар нозик қизлар... Яна гап бериб келяпти. Армияда пишиб келдим, дегани ёлғон. Хомлаб келган. Манови қизлар узум ичида пишган, чайир тортган...
— Мен борай бўлмаса, - дея Лапас кетиб қолаётгани учун узр сўради.
Новвот «майли» дегандай жилмайиб, бош силкиди. Лапасга шу қарашнинг ўзи етарли эди. Кўнгли тоғдай ўсиб, бир четда дам олаётган Зокир аканинг олдига борди.
— Нима деди? – сўради Зокир ака.
— Ким? Нима дейиши керак? – Лапас талмовсиради.
— Новвот яхши қиз! Уни олган йигит барака топади. Ниятинг бўлса, ҳаракатингни қил. Эшитишимча, қўшни қишлоқдан совчилар келаётганмиш. Отаси бермаётганмиш.
— Сиз шундай деб ўйлайсизми, Зокир ака.
— Мен айтдим-қўйдим. Бу ёғини ўзинг биласан. Тур, ана, машина келди, яшик ортамиз.

Яхши ният
Ҳаммаси Алибекдан бўлди. Агар у Тоштемирга: «Абдумажидларникига бориб, эр-хотинни яраштирамиз», демаганда, балки... Тағин ким билади дейсиз. Хуллас, одамгарчилик қилишмоқчи эди, акси бўлиб чиқди. Э, ёмон бўлди...
Алибек ишдан қайтгандан кейин кўчада саланглаб юрган эди.Тоштемир эски «Ява»сини патиллатиб келиб қолди. Алибек мингашди. Қаёққа кетаётганини сўрамади ҳам. Аниқ, яримта олишадию, дўконнинг орқасига ўтиб, майдалашади. Тоштемир Алибекда пул кўплигини яхши билади. Ҳисобчи-да. Алибек мард. Даста-даста пулларни чиқариб, дўкончига тутади. Буниям гашти бор. Атрофдагилар ҳавас билан, баъзилар ҳасад билан кузатади. Шундай бўлди ҳам. Ичиб ўтириб, гап Абдумажидга тақалди. Яқинда уйланганди Абдумажид. Севиб! Қиз ҳам афтидан Абдумажидни яхши кўрарди. Абдумажид қизнинг хатларини Алибекларга ўқитган. Ҳаммаси: «Жондан азиз севгилим!...» деб бошланарди. Ўқиб, Абдумажидга роса ҳаваслар келган. Ахир, масалан, дейлик, Алибек Зулфия билан ҳар қанча севишса-да, Зулфия биронта хат ёзгани йўқ. Ўзи хат ёзишга ҳожат ҳам бўлмаган. Ҳар куни қишин-ёзин далада бирга юришса, бирга ишлашса... Булар эса шунча хатдан кейин чиллалари чиқмай, жанжаллашган эмиш. Куёв сўккан, келин йиғлаган, аразлаб отасиникига кетган,. Роса қиёмат қўпган, ораларидан катта ола мушук ўтган эмиш...Яхшиям Абдумажиднинг онаси қуллуқ қилиб, келинини қайтариб олиб келган эмиш...
Гап-гап билан Алибек битта яримта олиб, қўлтиғига қисди. Икковлон «Ява»да Абдумажидларникига боришди. Келин-куёв ўз хоналарида иноққина бўлишиб, кулишиб, чой ичишаётган экан. Аввалига икки дўсмт ҳайрон бўлишди. Кейин Алибек қўйнидаги ароқни чиқариб, дастурхонга қўйди. Қолаверса, келин ҳам бегона эмас, ўзлари билан бир мактабда, фақат бир синф кейин ўқиган синашта Дилором эди.
— Ярашибсизлар-да, яшанглар! Буни ювиш керак! Мўйинса, битта закуска тайёрланг.
Дилором чиқди. Алибек ширакайф ҳолда келиннинг ортидан тикиларкан, Абдумажидга таъна қилди:
— Зўр хотининг бор-да, жўра. Қадди-қоматни қара! Шундай хотинни урдингми-я?
— Э, сен ўзингни Зулфиянг билан бўлавер, қўй, мени ишимга аралашма.
— Икки уйланган бир-бирингга мақтаняпсанми? Ҳалигача уйлана олмаганимга таъна қиляпсанларми? Кўр ахир менинг аҳволимни! Ўрнак ол! Базўр етган хотинингни йиғлатма.
— Хўп! – Абдумажид қўл кўтарди.
— Ўзи нимага кетиб қолди? – сўради Алибек.
— Нимани сўраяпсиз? – дея сўради қайтиб кирган Дилором.
— Нимани эмас, сени сўраяпти, -деди Абдумажид. – Нега кетганингни билмоқчи.
— Бир қадримни ўткизай дегансиз-да, а , мўйинса, - дея Тоштемир ўзи чаплаган лойни андавалашга тушди.
— Ҳа, бир қадрим ўтсин, девдим.
— Нима? Менга қадринг ўтадими? Кетсанг, сендан қутулганимга хурсанд бўлиб, қайтадан тўй қилсам керак.
Дилоромнинг лаблари асабий титради.
— Қўйинг, мўйинса, бу билан гап талашманг. – Алибек ҳам андавага тармашди. – Бу бари бир сизнинг қадрингизга етмайди. Тамом...
— Тамом!!. – Дилором сакраб ўрнидан турди.
— Бўлди,бўлди, бўлди! Уруш тугади, яраш,яраш,яраш!!!
— Вой, биз уришмаганмиз, - Дилором кулисирашга уринди.
— Озроқ тепишганмиз, холос. Одатимиз шунақа, - деди Абдумажид.
— Бизнинг хўжайин шунақа, тепадиганлардан бўлиб чиқди.
— Ёқмаётган бўлса, мулойимидан топ-да, кетавер! Мен сени қайтармайман.
— Керак бўлса кетаман ҳам! Керак бўлса, ҳали изимгаям зор бўласиз! Шошмай туринг!
— Мен-а? Мен сенга зор бўламанми? Кетсанг, уч кунда онаси ўпмаган қизни оламан.
— Олиб бўпсиз!
— Оламан! Мана кўрасан! Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Мендан зўри йўқ дейсан-да, а?
— Э, менам кўчага чиқсам, оёғим таги тўла йигит, биттасига тегаман, оламан.
— Сени энди ҳеч ким олмайди. Сен энди ит теккан сарқитсан! Ҳи, алам!
— Ўзингиз сарқит! Ҳеч ким сизга зарил қолгани йўқ. Ҳар кеча уйимизга болаларни почтачи қилиб жўнатганларингиз, ялиниб-ёлворганларингиз эсдан чиқди-да энди, а? Энди эшагингиз сувдан ўтди-да, а?
— Ҳа-а, ўтди! – Абдумажид яйради. – энди сен ялинасан. Сен ёлворасан.
— Яхши...
— Яхши...яхши... Нима яхши?! Яхши хотин бўлганингда ҳозир мен билан гап талашиб ўтирмай, гап пойламай, меҳмонларга чой дамлаб келардинг. Овқат қилардинг. Агар сен яхши бўлсанг...
Шу пайт Абдумажиднинг сингилларидан бирииккита ликопчада помидор салат кўтариб кирди. Эр-хотин тўрсайишиб жим бўлишди. Тоштемир тўрт пиёлага ароқ қуйди. Дилором йигитлар ялинувидан сўнг ўз пиёласини «ширин» қилиб берди. Йигитлар ўз улушларини кўтаришди. Шундан сўнг Алибек эски ярани яна қўзғади:
— Биз сизларни яраштиргани келган эдик. Нима, уришмасаларинг бўлмайдими. Ўзи, жанжал нимадан чиқади?
— Э-э, - Абдумажид гапиришни истамай, нажотсиз қўл силкиди.
— Ҳа-а, нега силкинасиз? – Дилором тутақиб кетди.
— Нима қилай бўлмаса? Ҳамма айбларингни санайми?
— Сананг! Сананг қани, менам билай.
— Сенда мутлақо одамгарчилик йўқ.
— Сизда-чи?
— Бунақада ҳозир яна уришиб қоласизлар, - деди Тоштемир хавотирланиб. – Олдин биттанг гапир. Шунга қараб ажрим қиламиз. Абдумажид, бошла. Мўйинса, тўхтанг, сизга кейин навбат берамиз.
— Бўпти, айтсин! – рози бўлди Дилором.
— Айтсам, - деди Абдумажид, - бунинг келинчаклик турқи йўқ. Уй ишларига қарашмайди. Эрталаб мен саккизда турсам саккизда, тўққизда турсам турсам тўққизда туради. Тўрт соат дарсини ўтиб, тушгача ишидан қайтиб келадию, яна кечгача ялпайиб ётади. Ўқитувчи эмиш. Ёш авлодни тарбиялармиш. Олдин бунинг ўзини тарбиялаш керак.
Меҳмон келса, уялиб ўламан. Томошанинг бир парчасини кўряпсизлар-ку! Ошхонада куйманиш ўрнига мен билан меҳмонлар олдида гап талашади.
— Бўлдими гапингиз?
— Сенга ҳали гап теккани йўқ, ифлос! Жим ўтир!
— Ме-эн?! Мен-а??! Ўзингиз ифлоссиз!
— Нима дединг? Яна қайтар!
— Нимани эшитган бўлсангиз шу!
— Уҳ, сени она... – Абдумажиднинг бармоқлари мушт бўлиб тугилиб, ўрнидан туриб кетди.
Шовқинни эшитиб, хонага Абдумажиднинг онаси кирди. Кейин... Тоштемир билан Алибек «Ява»да ҳайдалгандан баттар бўлиб, ортларига қайтишди. Уларни ҳеч ким кузатмади.
Дилором йиғлар, Абдумажид узала тушганча кўкрагини ёстиққа босиб, йиғламоқдан бери бўлиб ётарди.

Телпак
Қиш яқинлашиб қолди. Алибекнинг қулоғини совуқ уриб кетса, кейин қизлар қарамай қўйиши мумкин. Эртага Оқтепада бозор. Битта яхшироқ телпак олиш керак. Яна Тоштемирга илтимос қилишга тўғри келди. Эрталаб икковлон унинг «Ява»сига мингашиб, Оқтепага боришди. Излаб-излаб кўнгилдагисини топишолмади. Эрта-индин Самарқандга бориб, катта бозорни кўришга келишиб, ошхонага ўтишди. Кабоб буюришди.
— Яримтаси-чи? - талаб қилди Тоштемир.
— Эрталабданми?
— Туш бўляптику.
— Э қўй, кейин телпакка пул етмай қолади.
— Сенда пул йўқми? Нурали акани алдаб, бригаданинг ярмини еб ётибсан-ку!
— Бўлмайди-да, сен рулдасан.
— Сен ҳеч менинг ичмай ҳайдаганимни кўрганмисан?
Хуллас, Алибек ароқ ҳам олишга мажбур бўлди. Мажбур бирга ичди. Тоштемир «Ява»сига ҳар кун ҳар хил қизларни мингаштириб юради. Шунисига қизиқиб, Алибек ҳам мототсикл олмоқчи бўлганда отаси рўйхуш бермади. Атайлаб! Маза-да! Рулда мағрур ўтирасан. Орқангдаги қиз белингдан маҳкам қучоқлайди. Алибек мототсиклни жуда тез ҳайдаб, рулни қаттиқ-қаттиқ бурса, қиз қўрқиб уни маҳкам қучоқласа... Энди... бунинг гаштига нима етсин!
Икковидан сал наридаги стол атрофида икки қиз овқатланиб ўтиришар, ўзларича алланималарни гаплашиб кулишар, ҳар замонда улар томонга ҳам назар ташлаб қўйишар эди. Алибек билан Тоштемир аввал уларга эътибор беришмади. Кейин... қизларнинг столида оғзи очиқ «Портвейн» шишаси турарди
— Қизлар револютсия қиляпти, - деди Алибек.
— Қизларнинг уйда ичганини кўрганман, тўйда ичганини кўрганман, аммо... Тоштемир гапини тугатмади. – Барлосга бориб айтсанг ҳеч ким ишонмайди. «Маст бўлиб йўлда юмалаб ҳам ётибди дерсан ҳали», деб роса устимиздан кулишар.
— Балки шаҳарлик қизлардир, - тусмоллади Алибек.
— Қўйсанг-чи. Шаҳарлик қиз бунақа бўлмайди. – Ҳар қалай шаҳар борасида Тоштемир Алибекка нисбатан тажрибалироқ эди.
Пиёлаларини тўлдириб, қизларга қараб туришганди, улар бир қараб қўйишди. Шу ондаёқ икки йигит баравар уларга кўз сузиб: «Сизлар учун!», деб ичиб юборишди. Қизлардан бири ошкора кулиб юборди, иккинчиси четга ўгирилди. Бу орада қизлар ўринларидан туриб, бекат тарафга жўнашди. Йигитлар ҳардамхаёл бўлиб, уларнинг ортидан тушишди. Имкони бўлса, «илдириш» керак. Шунақаларга ўхшашади. Бир қарорга келиб улгуришмай, қизлар бир «Жигули»га ўтирганча жўнаб қолишди. Шофёрнинг ёнида ҳам биттагина йигит бор эди.
Тамом! Икковини иккови илиб кетди.
— Қаёққа кетишини кузатиб тур, - буюрди Тоштемир Алибекка, «Ява»сига югураркан. – Қувамиз, қўлдан чиқармаслик керак.
Мототсиклни катта тезликда ҳайдаб, «Жигули»ни қувиб ўтишди. Қизлар уларни танишди. Кулча юзлиси яна илжайди. Алибекнинг юраги ҳаприқди. Мана омад! Қишлоқдан чет жой... Зулфия эса... билиб ўтирибдими? Зўр қизча экан! Дўмбоққина!
Тоштемир атайлаб, «Жигули»ни ўткизиб юборди. Дўмбоққинаси орқага ҳам ўгирилиб қаради. «Ҳа-а, акагинанг айлансин!», деб Тоштемир қичқириб юборди. Алибек уни туртди: «Буниси меники, сен бунга кўз олайтирма». Тоштемир яна «Жигули»ни қувиб ўтди. Э, жуда зўр бўлди-да. Худди кинолардагидай. Қувиб ўтишади, орқада қолишади, ёнма-ён боришади. Қизлар эса ҳайратланиб уларни кузатишяпти. Бир қишлоққа кираётиб, анча олдинга ўтиб кетиб қолишган экан, орқада «Жигули» тўхтаб, қизлар тушаётганини пайқаб қолишди. Мототсиклни секинлатиб, буриб қайтиб келишса, қизлар ўша ердаги дўконни очишяпти. Демак, дўкончи қизлар! Тоштемир то «Ява»сини жойлаганча, Алибек тезлик билан қизларнинг ортидан дўконга кирди-да, катта қиз билан қўл бериб кўришди, кейин кулча юзлининг қўлини ушлаб олганча:
— Сизга битта гап айтмоқчиман. Имкони бўлса, мени бир дақиқа тингласангиз. Шу бир оғиз гапимни айтишим учун атайлаб орқаларингиздан келдик, - деди. Нима демоқчи, қанақа гапи бор, буни ҳали Алибекнинг ўзи ҳам билмасди.. Қизлар ҳайрон, кулча юзли ҳатто қўлини тортиб олишни ҳам унутганди.
— Вой, сиз нима деяпсиз, менинг йигитим бор!
Алибек кулиб юборай-юборай деб ўзини зўрға тутиб қолди...
— Қизлар, шу болага битта телпак топиб беринглар, - деди отилиб кирган Тоштемир. – Бечоранинг қулоғини совуқ уриб кетмасин. Кейин қизлар қарамай қўйиши мумкин.
Алибек қувониб кетди. – Баҳона топилди!
— Ие! Ҳали топмадиларингизми? Бозорни остин-устун қилиб юрувдиларингиз-ку телпак деб, - сўради катта қиз.
— Сизлар бизга телпак кераклигини қайдан билдиларинг?
— Биздан ҳам сўрагандиларингиз-да. Сиз қизиқчилик қилиб юрувдингиз-ку, - дея катта қиз Тоштемирга ўгирилди.
— Сиз нима дегандингиз?
— Йўқ, девдим.
— Сотиб қўйдик, дўконга борсангиз топиб беришимиз мумкин, демаганмидингиз? – ўсмоқчилади Тоштемир.
— Йў-ўқ, ундай демадик, -деди катта қиз.
— Сиз айтмаганмидингиз, - дея Алибек кулча юзлига мурожаат қилди.
Қизча кўзларини катта-катта очганча ҳайрон бўлиб елка қисди.
— Бари бир сизларда бўлиши керак, илтимос, битта телпак топиб берингизлар менга, - дея Алибек илтимос қилган бўлди.
Дўконда борлари Алибекка ёқмади. Дўконнинг ички хонасида ҳам бор эди, деб қизлар излашга тушишганда Алибек пул чиқариш учун кўкрак чўнтагига қўл солди. Қараса, кўкраги баланд. Қувониб кетди. Боя Тоштемир хархаша қилганда у ҳар эҳтимолга қарши икки шиша ароқ олган, бирини кўкрак чўнтагига яширганди. Ароқнинг кайфи ҳали тарқамаган, юрак ботир, шартта ароқни чиқариб, дўкон тахтаси устига қўйди.
— Боя сизлар учун олгандим. Энди мен оладиган телпакни бирга ювамиз.
— Ким айтди сизга, бизларни ичади деб. – сўради катта қиз, «Тоштемирники». Жилмайиб. Афтидан унинг бу ғаройиб болалар билан валақлашгиси бор эди.
— Кўрдик ичмаслигингизни, -деди – деди Тоштемир. – Ошхонада ўтирганларингизда-чи! Олдиларингда битта «Портвейн» турганди.
— Ие! Унда вино эмас, цирка бор эди, -дея қиз кулиб юборди.
— Ростданми?
— Бўлмасам-чи! Кабоб ейдиганлар учун қўйиб қўйилган.
«Ахмоққина қизлар экан. Вой қишлоқилар-эй!»
— Йўқ экан, қолмапти, -дея ички хонадан Алибекнинг «кулча юзлиги» чиқиб келди.
— Атайлаб келдик, шунақа эмас-да энди ахир! – дея Тоштемир ўпкаланган бўлди. «Ўзиникига» эланди: - Илтимос! Битта телпак!
— Эртага хўжайиним райПОга боради. Айтиб юбораман. Икки-уч кундан кейин бир хабар олингизлар.
— Хўжайинингиз ҳам дўкончими? – Тоштемирнинг юраги орқасига тортиб кетди.
— Ҳа, у киши мудир. Ҳозир бизни қолдириб кетди-ку. Ҳали замон қайтиб келиб қолса керак.
— «Жигули»дагими?
— Ҳа, ўша! - «Тоштемирники» жилмайди. – Ёнидаги йигитга мана бу синглимни унаштирганмиз, - дея «Алибекникини» кўрсатди. – Улар сотилмай қолган молларни машинага юклаётганда биз ошхонага киргандик.
— Ҳа бўпти, унда синглингизнинг бахти учун ичамиз. Иккита пиёла келтиринг, - дея Алибек ароқнинг оғзини очди.
Шу пайт кўчада ғийқиллаб бояги «Жигули» тўхтади. Ичидан тўрт йигит тушди.
Кейин... кейин... бўлар иш бўлди, бўёғи синди. Кейинги гапларни эслашга асло ҳожат йўқ. Барлосдаги гап-сўзларга қараганда Тоштемир билан Алибек ичиб олиб, рулда юргану, қаердадир авария қилган. Юз-кўзлари, баданларидаги жароҳатлар шундан. Барлосда бу ҳақда бошқача гап чиққани йўқ. Демак, шундай бўлгани рост.
Тағин,.. ким билади дейсиз.

Атлас рўмолча
Қодир дўсти Алибек билан иккови икки эшакда оқшом қўшни қишлоққа жўнашди. Дилбар «чиқаман», депти.
Дилбар Қодирларга узоқ қариндош. Қодирни ўтган йили отаси «фалончилар қариндошимиз, кўриб, бир оқшом меҳмон бўлиб кел», дея Дилбарларникига жўнатганди.
Ўшанда Қодирни ўнинчи синфни битираётган Дилбарнинг ўзи кутиб олганди. Дастурхон ёзди, чой дамлади. Истараси иссиққина экан, нуқул жилмаяди. Нон синдирса ҳам, чой қуйса ҳам, ўтирса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам нуқул «Қодир ака! Қодир ака!», дейди, бидиллайди. Гапдан тинмайди. Қодир ҳам нимадир демоқчи бўлади, аммо кўзлари тўқнашди дегунча гапини йўқотади. Дилбар эса: «Қодир ака, сиз адабиётчисиз, яхши биласиз. Мен унча тушунмадим, сизнинг фикрингиз қандай?» деб аллақандай асарлар ҳақида сўрайдимией. Қодир тил ва адабиёт факултети студенти бўлгани учун ҳам «адабиётчи» сифатида алланарсаларни ғўлдирашга уринади..
Ниҳоят кечга томон Дилбарнинг ота-онаси ишдан қайтиб келдию, Қодир «адабиётчи» азобларидан қутулди. Шунда ҳам ҳар сафар Дилбар ичкарига кирганда Қодирга эски қадрдонлардай илиқ назар ташлайди. Қодир ҳам ўғринча унга қарайдию, яна кўзларини олиб қочиб, Дилбарнинг отасининг гапларини диққат билан тинглаётган кишидай тутади ўзини. Гапларини маъқуллаб бош ирғайди. Аслида Дилбарнинг отаси нима деяпти, ўзи нимага бош силкияпти - билмайди. Фикру-ёди Дилбарда.Дилбар Қодир билан бирга институтда ўқийдиган, ўзини билимдон ҳисоблайдиган олифта қизларга мутлақо ўхшамайди. Соддаликнинг ўзидай содда! Гўзалликнинг ўзидай гўзал! Шодликнинг ўзидай қувончга тўла! Истараси иссиқлигини айтмайсизми.
Қодир уч йилдан бери Самарқандда ўқиётган бўлса-да, ҳали бирон қизга қайрилмаган, бирон қиз учун юраги жизилламаган эди. Бугун ана шу нарса юз бергандай, лекин... Дилбар ҳали ўнинчи синф ўқувчиси-ку, деган андиша, «отам мени бу ерга бир балони бошлаш учун эмас, балки қариндошларни кўриб келиш учун юборган», деган ўй уни маҳкам тутиб турарди. Тўғри-да, меҳмон иззатини билгани яхши...
Кейин Қодир қариндошлариникига бормай қўйди. Аммо ўшандан бери қариндошлари отаси билан серқатнов. Қодир шанба кунлари таҳсилдан қайтиб, уйда икки қариндош ҳангомалашиб ўтирганини бир неча бор кўрди. Ҳар сафар кўрганда қайнотаси билан янги учрашган куёвдай уялиб кетади. У киши ҳам Дилбар каби Қодирга синчков назар солади. У-бу нарсаларни сўраб, гапга тутади. Қодир Дилбарни соғинар, аммо у томонларга боришга юраги бетламасди. Баъзан ота-онаси: «Дилбар бўй етиб, ўктамгина қиз бўпти. Совчилар келаётганмиш», деганга ўхшаш гапларни айтишар, айтшарди-да, киши билмас Қодирни кузатишарди. Қодир эса... нимасини айтасиз, кейинги икки ой давомида ота-на ростакамига Дилбарни келин қилиш тараддудига тушишди. Алибекдан сўрашса: «Дилбар бўладиган бўлса сўраб ўтирманг. Жон дейди. Ўзи ўлиб юрипти, қандай айтсам экан деб» , депти.
Хуллас, Алибек ишни пишитган. Охирги сафар келса, ота-она нон синдиришга Дилбарларникига кетипти. Хабарни эшитиб, ҳатто ўзидан бир оғиз сўрашмаган бўлса-да, Қодир лаб-лунжини йиғиштириб ололмай қолди. Қизиқ. Қодир Дилбарга эр бўлиши керак. Ота-оналаркелишишган. О-о! Қандай яхши! Юраги тошиб боряпти. Югуриб ҳовлига чиқсаю, овози етганча, чарчаганча бақирса: «Дилба-аар! Меним Дилбарим!» Ўзиям одамлар жинними бу дейишса керак. Ё кўчага чиқиб, чарчаганча югурсамикан? Нимадир қилиш керак-да. Бўлмаса ҳозир юраги ёрилиб кетади. Энди Дилбар албатта Қодирнинг хотини бўлади. «Менинг хотиним!» Қодир шундай ўйларкан, хонада бир ўзи ўтирган бўлишига қарамай, шарақлаб кулиб юборди. Бунақа ўйлашнинг ўзи қизиқ. Ногоҳ Дилбар билан учрашгиси келиб қолди. Энди бемалол,.. ўзиники-ку ахир! Кимнинг нима ҳаққи бор ўрталарига ғов бўлишга! Ахир биргаликда келажакни режалаштириб олишлари керак-ку, бирга яшайдиган бўлгандан кейин. Хуллас, гаплашиб олиш керак. Тезроқ. Тўйгача. Иккови ёнма-ён қўл ушлашиб анҳор ёқлаб юришса... кейин мажнунтол тагида ўтиришса... елкалари елкаларига теги-иб! – Қодир ширин энтикди. Айтадиган гаплари шунақа кўпки! Бир йилдан бери тўплаган. Ахмоқ бўлмаса, калласини ишлатмайдими, отам нега юборди, борганимда уйда нега Дилбар бир ўзи эди, деб ўйламайдими. Қариндошлар нега серқатнов бўлиб қолди, демайдими. Хуллас, оталар келишишган, ишни пишитишган... Яхшиям ота-онасию, Алибек дўсти бор экан. Агар «шу қизга уйлантирсакчи», деб ўзидан сўрашганда нақ юраги ёрилиб ўлган бўлармиди. Тўйдан кейин Дилбарни қандай чақираркан? «Дилбар» дебми? «Хотин» деса-чи? Отаси онасини Қодирнинг исми билан чақиради.Аммо бу одат Қодирга маъқул эмас. Қодир замонавий йигит, эскича одатларга ўралашмайди. Дилбар деб чақирса. Қандай яхши исм: «Дил-бар!» Яхши! Ахир ота-онаси атайлаб шунақа исм қўйишган, чақиришсин деб. Нега ҳамма Дилбар дейдию, Қодир бундай бахтдан бебаҳра бўлиши керак? Адолатсизлик бу! «Дил-бар! Дилба-ри - жон! Сарви-равон! Ороми-жон!» – Қодир шу қўшиқни эслаб, ижрочиларга рашки келди. Нега улар Қодирнинг Дилбарини қўшиққа солишади ахир? Дилбар биргина Қодирга тегишли, вассалом! – Қодир билакларини ушлаб кўрди. – Бақувват!. Кучи кўп. Ҳар қанақа қўшиқчининг кунини кўзига кўрсатиб қўйиши мумкин...
— Яримта қўясанми йўқми, - дея Алибек келиб қолди.
— Алибек, мен сенга битта эмас, бир яшик ароқ қуяман, - дея Қодир дўстининг қўлларидан тутди. – Бир иложини топ, мени Дилбар билан учраштир. Эртага Самарқандга кетаман. Янаги шанба куни кечга, хўпми?
Алибек ҳозир Қодир учун Хўжаи Хизр бободан ҳам аълороқ эди. Қизлар билан учрашиш, севги бобида Алибекнинг тажрибаси катта. Бир ҳафтани бир амаллаб қайтса... Алибекнинг синглиси олти ой аввал Дилбарларнинг қишлоғига келин бўлиб тушган эди, иккови дугона эмиш. Хуллас, ўша гаплашипти. Дилбар , келсин, чиқаман, депти. Мана, иккови йўлда. Мототсикл тариллаб билдириб қўйиши мумкин. Шунинг учун Тоштемирга айтишмай, икковлон эшакда кечлатиб йўлга тушишди. Қолаверса, Дилбар «еҳтиёт бўлсин», дея тайинлаганмиш. Дилбарга ошиқ йигитлар қишлоқларида кўпмиш... Хуллас, эҳтиёт бўлган яхши-да! Ҳар қалай беш чақирим йўл, пиёда чарчаб қолишлари мумкин, шунинг учун эшакни танлашди. Шу тахлит не-не тунларда сомон ўғирликка боришган. Жуда, эшак миниш ғайри одат нарса эмас...
Дилбар катта кўчанинг ўртасида интизор бўлиб уларни кутаётган бўлса. Узоқдан кўрингандан «Қодир акажон!» дея қичқириб, пешвоз югурса. Ё қичқирмай, швирлагани маъқулмикан? Нафаси ичига тушиб, шодликдан ўзини йўқотиб, турган жойида қотиб қолса. Турган жойида қўлларини Қодир томон чўзса. Қўлларидаги қизил дурраси шамолда байроқдай ҳилпираса. Қодир эшакдан туша солиб, Дилбар томон югурса. Иккови бир-бирининг бағрига отилсаю, Дилбар ўзига ҳадя этилган бахтни кўтаролмай, Қодирнинг елкасига бош қўйганча, ҳўнграб йиғлаб юборса. «Бўлди, бўлди,жонгинам! Мана, мен сенинг ёнингдаман!» деса Қодир уни юпатишга уриниб, ўзи ҳам йиғламоқдан бери бўлиб.
Овутса. Эркаласа. «Ўзимнинг Дилбаргинам!» деса. «Мен сени севаман. Энди бир умр бирга бўламиз», деса. «Биз бахтлимиз», деса. Вой-буй, бахтл киши ҳам йиғлайдими, дея Дилбарни уялтирса. Ёки ҳеч нарса демай, Дилбарни бағрига босганча жим туравергани маъқулмикан. Қиз боланинг йиғлагиси келганда тўйиб-тўйиб йиғлаб олгани ҳам яхши-да! Дилбарни кўксига маҳкамроқ босиб, унинг қоп-қора қалин сочларини силаса, бўйнидаги майин атир ҳидини ҳидласа. Шу пайт эшаги ҳанграб юборсаю, Дилбар чўчиб тушса...
Дилбарларнинг қишлоғига яқинлашавердилар ҳамки, Қодирни титроқ тутди. Тишлари такиллади. Илиқ май оқшоми. Кўчага чиқсанг чиққудай, сайр қилсанг қилгудай хуш ҳаво. Қодир эса қалтирарди. Алибек кулар «буни севги дейдилар, оғайни! Ишқилиб, Дилбарнинг ёнига борганда тилдан қолмасанг бўлгани», деб вижилларди. Алибекнинг айтишича, Дилбар жуда яхши қизмиш. Синглиси шундай деганмиш. «Қодир акам! Қодир акам», дея оғзидан бол томармиш. Алибек синглисига тайинлаб қўйган экан, синглиси ҳам Қодирни Дилбарга роса мақтапти. «Ленин стипендиати, институтни қизил диплом билан битиряпти. Алибек акамнинг синфдошлари орасида энг зўр йигит шу киши», деганмиш. «Ёлғонни худонинг ўзи кечирсин. Шу гапларим ростми ўзи?» деб сўрайдимией Алибек йўл-йўлакай. Қодирнинг юрагига эса шу топда ҳеч нарса сиғмасди. Қолаверса, амаллаб ўқияпти. Олганлари асосан «йигитнинг баҳоси». Қишки сессиядан битта қарзи ҳам бор.
Дилбарларнинг ҳовлиси қишлоқнинг четроғида, сувсиз сой бўйида эди. Эниш жой бўлгани учун томорқа ҳовли баравар кўтарилиб, томорқанинг охири – сой тарафда баланд уват ҳосил бўлганди. Икковлон эшакларини қишлоқ четидаги теракзорлар орасига арқонлаб, уват панасига писиб келишди-да, ўғринча ҳовлига кўз тикишди. Дилбар ҳовлидан гоҳ ичкарига, гоҳ ошхонага тово-коса кўтариб тез-тез ўтар, киши билмас уват тарафга назар ташлаб қўярди. Ҳовлида бошқа ҳеч ким қолмаганда Алибек икки бармоғини оғзига тиқиб, ҳуштак чалди. Дилбар таққа тўхтаганини кўриб, Қодир жонҳолатда ўзини уватнинг панасига ташлади.
— Эсинг жойидами ўзи? – дея Алибекни ҳам силкиб ўтирғизди. – Ойнинг ёруғини қара! Кўриб қолса нима бўлади?
— Ҳа-а, - деди Алибекнинг ҳафсаласи қайтиб. – Нимага қалтирайсан?
— Отасими, онаси билиб қолса, кейин мен шарманда бўламан! – деди Қодир зарда қилиб.
— Юракдан берган экан-да ўзиям! – Алибек қўл силкиди. Унаштирилган бўлсаларинг. Эрта-индин у хотининг бўлади. Нимадан қўрқасан?Мен сенинг ўрнингда бўлганимда Тоштемирнинг мототсиклига минардим-да, тўппа-тўғри ҳовлисига кириб борардим. «Ассалому алайкум, қайнота! Кечирасиз, рухсат берсангиз, Дилбар билан бир сайр қилиб келсак», дердим. Рухсат беришига ҳам қараб ўтирмай, Дилбарни орқамга ўтқазардим-да, мототсиклни тариллатиб, ҳовлидан чиқиб кетардим. «Бобби»ни кўрганмисан. Ўша кинодагидай юрардим мен. И-и, қара, қара! Дилбаринг келяпти.
Орзуга айланган номни эшитиб, Қодир сергак тортди.
Ҳовли оралаб улар томонга шипиллаганча Дилбар келарди.
Қодир қотди-қолди. Бир қадам пешвоз юришга, бир оғиз сўз айтишга ҳоли йўқ. Ғарибона мунғайганча, қаёққа қочарини билмай, атрофга қаради, ерга қаради, Дилбарга қаради, Алибекка қаради. Алибек эса... йўқ. . Ерга кирганми, осмонга учганми,.. Алибек йўқ. Унинг йўқлигини билиб, Қодирнинг тиззаларига қадар букилиб кетди. Қўлларига, бармоқларига титроқ кирди.
— Ассалому-алайкум, - деди Дилбар, ой ёғдусида тишлари ярқиллаб.
Қодир саломга бош қимирлатиб сўзсиз алик олди .
— Яхшимисиз? – Дилбар кўришиш учун қўл узатди.
Қодир гарангсиди. Қўлини чўзаркан, нималардир дея ғўлдиради.
— Бир нима дедингизми, Қодир ака?
— Ҳа, ҳа, - деди Қодир жим турмаслик учун, - ҳаво бирам яхши.- Эътибор қилса, Дилбар уни диққат билан тинглаяпти. Сал ўзини ўнглади. – Юлдузлар чарақлайди, -деди осмонга қараб.
Дилбар бахтиёр жилмайди.
— Ойга қаранг, қандай чиройли! – деди Қодир ва шу заҳоти ўздан ижирғаниб кетди. Гаплари ниҳоятда сунъий чиқаётганини сезиб қолди. Алибек қаёққа йўқолди? Шунақа пайти ёнида турмаса, нега бирга келди ўзи у аблах! - Дилбар, сиз шошмай туринг, мен Алибекни топиб келай. – Хаёлига шу фикр келганидан ўзи ҳам қувониб кетди.
— Мен ҳам кетишим керак, - деди Дилбар иссиқ жилмайиб. Ва Қодирга қўлда тикилган ҳошияли атлас рўмолча тутқизди: - Мендан сизга совға!
— Мениям совғам бор. – Қодир ўзини тутиб олди-да, чўнтагидан «Красная Москва» духисини чиқариб берди.
— Раҳмат! – Дилбар духини ҳидлаб кўрди, кейин – яхши етиб олингизлар, - деганча уватдан ўтиб, уй томон югуриб кетди
Қодир ўпкасини босганча Дилбарнинг ортидан тикиларкан, ногоҳ рўмолчани лабларига босиб турганини, ўпаётганини англаб қолди. Рўмолчада қандайдир ёзувлар бор эди. Ой ёруғида ўқиса ҳам бўлади шекилли. Шеър:
«Энг яхши одамга айланиб қоламан,
Сиз мени кўргани келган кун».
Қодирнинг юраги орзиқди. Рўмолчанинг четидаги «Қ+Д» деган ёзувга кўзи тушганда бахтиёрлигининг чеки йўқ эди.Дилбар томонга чексиз миннатдор бир алфозда қаради. Дилбар ҳовлига етган эди. Ҳовлида ҳеч ким йўқлигига амин бўлди шекилли, яна уват томонга ўгирилиб, ўғринча қўл силкиди.
Қодир ҳам у томонга жавобан қўл силкиётганди, қандай йўқолган бўлса, шу тахлит пайдо бўлган Алибек қўлидан тутди.
— Бари бир кўраётгани йўқ. Бўл, кетдик. Уч-тўрт бола теракзор томонга ўтиб кетди. Юр тез, тағин эшаклардан ажраб қолмайлик.
Қодир ҳозир Алибекнинг бунақа гапларини англайдиган ҳолатда эмасди. Маст эди. Жудаям қаттиқ маст эди. Умридаги биринчи учрашув! – У рўмолчани яна лабларига босди. Яна қўллариг олиб, шеърни ўқиди. Ёзувга кўз югуртди. Рўмолчада атирнинг ҳиди бор. Атирнингми ёки Дилбарнинг? – Қодирнинг боши айланди, кўзи тинди. Аста ортига ўгирилиб, Алибекка «сен боравер, мен кейинроқ», деди. Алибек тўнғиллаб жўнади.Нима бўлганда ҳам Қодир ёлғиз ўзи бир муддат бахтини ҳазм қилиб олмоқчи эди-да.Қанча тургани эсида йўқ, ниҳоят теракзор томон жўнади. Алибек уни кутавериб, диққинафас бўлиб кетгандир. Лекин теракзорда эшаклар кўринмасди. У ёққа ўтди, бу ёққа ўтди, нима бало, Алибек кетиб қолдимикан, мени ташлаб, деб аччиқландиям. Бир пайт бир четда ўзи миниб келган эшакнинг тўқимига кўзи тушди. – Ерда сочилиб ётарди. Тўқимнинг ёнида айили. Қодир қўрқиб кетди. «Алибек, бормисан?», дея паст овозда чақирди. Шу аснода орқа тарафида биров бўғиқ хирқирагандай бўлди. Жон-пони чиқиб, ўгирилса, Алибек бир теракка қапишиб турарди!! Югуриб борди... Беш-олтита бола Алибекни эшакнинг арқони билан аввал оёқ-қўлидан боғлашипти, кейин иккинчи эшакнинг арқони билан теракка чирмаб ташлашипти. Оғзига эшакнинг тўқимидан бир парчасини тиқишипти, «сенми Дилбарни оладиган», деб...
Эртасига Барлосда «ешак ўғрилари чиқипти», деган гап овоза бўлди. Фалончи-фалончиларнинг эшакларини тўқимигача устига босиб, кечаси ўғирлаб кетишганмиш.
Шундан сўнг ҳамма кечаси эшагини молхонага қамаб, молхонани қулфлаб ётадиган бўлди.

Эсласа арзигулик воқеа
Шундай қилиб, Алибек, Тоштемир ва Лапас Абдумажиднин бригадасига жўнашди. Абдумажид – бригадир. Тенгдошлар орасидан чиққан бирнчи амалдор. Байрам муносабати билан бригадада тушликка ош қилишармиш. Ароқ ҳам бўлади, деган.
Кеча кечқурун ҳам байрамолди, ҳам келин кўрди, баҳонасида Лапасникига тўпланишди. Лапас яқинда Новвотга уйланганди. Анчадан бери совхозда ишлаётгани учун янги оилага совхоз янги уй берди. Умуман, йиғилиб ўтиришга б аҳона кўп эди. Мактаб даврини эслашди. Алибек Зулфияни яхши кўриб қолганини, Абулхайр туфлисини бўлғуси қайнотасининг деразаси тагига ташлаб қочганини… Ўша воқеаларга ҳам тўрт-беш йил ўтиб қўйибди. Энди қарабсизки, ҳаммаси уйланган, болали-чақали, уй-рўзғор ташвишидан ортмай, телба-эскари юришларга якун ясалган. Соат кечаси учдан ўтганда тарқалишди. Ўшанда Абдумажид тошиб кетиб, таклиф киритди: «Байрамнинг давомини эртага бизнинг шийпонда нишонлаймиз», деган.
Алибек Лапасни олиб, Тоштемирларникига келса, хотини шўрва пишириб турган экан. Тайёр бўлиб қолди, ичиб кетайлик, деганига ҳам қўйишмади.
— Бош оғриб турганди, аччиққина шўрва эди, қорин оч эди, - деб йўл-йўлакай Тоштемир тўнғиллади.
— Абдумажид атайлаб сизлар учун ош қилдираман, деган. Бормасак хафа бўлади, - деди Алибек. – Билмайсанми, кўнгли нозик, сал нарсага аразлаб қолаверади.
Абдумажиднинг бригадасидаги ошпаз паловни ўхшатиб пиширади-да! Алибек таъмини тотиб кўрган. Шунинг учун қўярда-қўймай дўстларини сургаб кетяпти. Уйдаги, кўчадаги, тундаги Лапасникидаги ошлар унинг олдида ҳеч нарса эмас. Очиқ далада, дўстлар даврасида… учовига катта лаганда ош қўйишади. Бирам ширин, бирам мазали. Сариқ майизли, саримсоқ пиёзли, зирали, беҳили. Э, зираворнинг ҳамма уридан солинган. Хилма-хил таъмлар уфуриб турибди бу ошдан…
Кеча ёмғир ёғиб ўтгани учун бугун ҳаво тоза. Қуёш чиққан. Юрсанг чарчамай юргудай ҳаво. Бу ёғи байрам. Октябр револютсиясига олтмиш икки йил тўлипти. Абдумажиднинг шийпонигача пиёда юрсанг қирқ минутлик йўл. Йўлга отланишганда соат ўн иккидан ўтганди. Роса авжи тушликнинг устидан чиқишса керак. Ҳозир: «ичинг, ичинг, олинг-олинг, ҳа энди, юз грамм одамни ўлдирмайди», деб ўтиришгандир. Олдиларида лаган тўла ош. Буғи чиқяпти. Устида оппоқ қуйруқ бўлаклари, қовурға гўшти. Шунинг устига етиб боришса. «Э-э, келинглар, келинглар, қани, бу ёққа ўтинглар, қайнаналаринг суяр экан». «Суймаса, қизини берармиди», деса Алибек. Кейин учовига ҳам ароқ (стаканда бўлса ҳам майли) тутишса. «Ҳа энди, байрам муносабати билан! Озодликка чиққанимизнинг олтмиш уч йиллиги!..» «Йўғ-э, қандай бўларкан. Ҳа майли, сазаларинг ўлмасин. Сизлар учун! Планларинг юз эллик бўлсин! Давлат олдида юзларинг ёруғ бўлсин!». Кейин ошга қўл чўзишса. Ош лаганда товланиб турибди, иштаҳангни қитиқлайди…
Бригада шийпонида ҳеч ким кўринмасди. Ичкарида ҳам, ташқарида ҳам. Ҳатто ўчоқнинг жойидан янги кул топишолмади. Балки Абдумажид ҳазиллашиб, қозонни яшириб қўйгандир. Шунақа одатлариям бор унинг. Роса кайфиятларини бузиб, кейин лаган тўла ошни ичкаридан олиб чиқиб, олдиларига қўйса. Учовлон кафтларин тўлдириб-тўлдириб олаверса. «Ҳей, аста енглар, тиқилиб қолмасин», деса Абдумажид, лаганни олиб қўймоқчи бўлса. «Қоч,қоч, ош ейишни сендан яхши биламиз», деса Алибек, лаганни ушлаб. «Уйдаги тайёр овқатларни ташлаб келяпмиз».
Ай-й, эсизгина шўрва! – деди Тоштемир тишларини такиллатиб. – Йиғлаб-йиғлаб қозонда қолиб кетди-я. - Абдумажиднинг гапига ишониб ўтирибсизлар-а! Ахмоқ бўлмасам, мен ҳам сизларга қўшилиб…
Алибек индамади. Унинг ўзига ҳам уйдаги тайёр овқатни ташлаб чиққани таъсир қилаётганди. Қоринлари оч, йўл юриб келишди, иштаҳа янада очилган. .. Уч юз қадам наридаги қатор толлар тагида уч-тўрт киши ёнбошлаб ётарди. Абдумажи ҳам ўша ерда бўлади. «Шийпон атрофида бўламиз», деган. Бу «шийпоннинг ўзида» дегани эмас-ку .Тушуниш керак-да! Тоштемир ахмоқ ёвғон шўрвасининг азасини тутяпти. Байрам куни еганга яраша шунақа ош е-ки, бир умр мазаси оғзингда қолсин. «Абдумажиднинг бригадасида…» деб мақтаниб юр. Бир нимани билса экан бу. Уйлангандан бери уйдан чиққиси келмайди. Илгари кўчадан бери келмасди. Ҳали ошни еса, Алибекка раҳмат дейди. Толнинг тагидагилар ёш-ёш йигитчалар экан, Студентчалар! Олифтачалар! Самарқандда ўқиймиз, деб керилиб ётишипти. Ўзларида йўқ. Балки уларни ҳам Абдумажид байрам муносабати билан меҳмонга чақиргандир. Катта одам-да!
— Ош тайёр бўлдими? – деб сўради Тоштемир улар билан кўришиб бўлар-бўлмас.
— Ошми? – йигитчалар бир-бирига маънодор ишшайишди. – Ҳай, қолмадиёв, янаям Абдумажид акадан сўраб кўрингизлар.
— Наҳотки Абдумажид шунчалар паст кетса, - деб Лапас бугунги юришда биринчи бор тилга кирди.
Тоштемир ҳам кўзларини лўқ қилиб, Алибекка тикилди. Абдумажид сал нарироқда ётар, ё уларни кўрмади, ё ўзини кўрмаганга олди.
— Юринглар-чи, борайлик-чи! – Алибекнинг чинакамига жаҳли чиқди.
— Ош ейишгами? – сўради Тоштемир. – Ҳали ароқ ич деб ҳам хит қиларсан. Ҳурматим йўқми, деб.
Энди шунчаки қоринни тўйдириб олиш ҳам муаммога айланганди. Дала оралаб оч қорин билан қирқ минут уй томон юриш – осон бўлмас. Абдумажид ё ухлаб ётар, ё ўзини ухлаб ётганга солиб ётарди. Сал нарида бўш қозон, ош юқи қолган лаган, икки-учта бўшаган ароқ шишаси. Уни силкиб турғизишди. Муддао аниқланди.
— Ўзларинг кечикдиларинг-ку! - деди Абдумажид. – Қизиқ эансизлар, бу ер дала шароити бўлса, келиб кетувч кўп бўлса, қозонда ош турса, мен қандай қилиб уларнинг олдига қўймай тура оламан. Ўзи… шунчаки кўнгил учун таклиф қилгандим. Югуриб келаверипсизлар-да.
— Э ўл одам бўлмай! – Лапас тўнғиллади.
— Бошни қотирма! Қорин оч. Ейдиган нарса топиб бер, - дея Тоштемир ўзини Абдумажиднинг ўрнига ташлади. Мана буларнинг гапи билан пишган шўрвани ташлаб келганман.
— Байрамда худо деб уйларингда ётмайсизларми, - деди Абдумажид. – Ҳаким, бу ёққа кел. Қозонда ош қолганмиди?
— Билмайман-ов, - дея бояги йигитчаларнинг бири туриб келди.
— Велосипедингга мин-да, уйга ет. Ош қолган бўлса олиб кел, мана бу очофатларни тўйдирмасам, менинг ўзимни еб қўйишдан тойишмайди. Ё раёнга одам жўнатиб, тайёр сомса келтирайми?
— Билганингни қил, фақат тезроқ, - деди Тоштемир. – Алибек, Лапас, нима дедиларинг?
— Сомсанинг ичи нуқул пиёз бўлади, -деди Лапас.
Абдумажид Ҳакимни қишлоққа жўнатди.
— Ошни уйда ҳам ердик, бу ерда сомса ҳам бўлаверарди, -дея тўнғиллади Тоштемир.
— Сен олдин бу ернинг ошини бир еб кўр, - деди Алибек. – Кейин бошқача гапирадиган бўласан.
Ҳаким бир соатлардан кейин қайтди. Ош қолмапти. Яримта олволай деса, дўкон ҳам ёпилиб қопти. Дўкондор ичиб, маст бўлиб ётган экан, уйғотишнинг иложи бўлмапти.
Ҳакимни раён марказига жўнатишди. Сомсахона ҳам, дўконлар ҳам тақа-тақ берк эмиш.
— Алибек, нима ейсан, - дея сўради Тоштемир. – Сомса яхшими, ош? Сенчи, Лапас? Сенга қай бири маъқул? Сомса айтаверайлик, ичи пиёз бўлса нима қипти, қорин тўйса бўпти-да! Ароққа газак бўлади. Нима дедиларинг?
Алибек билан Лапас аламдан кулиб юборишди. Уларга Тоштемир билан Абдумажид қўшилишди.
— Бошқа сафар келсаларинг яхши меҳмон қиламан, -дея юпатди Абдумажид.
— Бугун оч қорин билан уйга етиб олишни ўйла. Дармон йўқ, бир нима топиб бермасанг, ҳеч ёққа кетолмаймиз.
— Ҳеч бўлмаса қуруқ нон бер, ифлос!
Шийпондаги қотган нонлар турадиган қутидан бир бурда қотган нон топиб келишди.
— Қотган нон кўп бўларди, бугун биттаси молимга бераман, деб барини йиғиб олиб кетипти. Энди борига шукр қилаверасизлар. Ифлоснинг топгани шу! – деди Абдумажид.
Бир бурда нон темирдай маҳкам экан. Бир илож қилиб уч бўлакка бўлишди. Ариқдаги сувга ботириб юмшатишди. Қотган нон узоқ вақт совуқ сувга ботириб турилса, шунақанги ширин бўлиб кетарканки… Ҳар қандай ош унинг олдидан ер чизиб ўтаверсин. Ариқда кузнинг тип-тиниқ суви оқяпти. Сен қотган оннни сувга ботирасан. Сув қўлингга урилади, нонга урилади-да, ўз йўлида давом этади. Сувда ноннинг устки қатлами юмшайди. Ўша жойини тишлаб ейсан-у, қотган тарафини яна сувга тиқасан. Маз-за!!!

Йигитликнинг кўчаси
Исматга алам қилди. Жудаям алам қилди. Ахир унга қўл кўтаришди. Яна кимлар? Қандайдир гўдаклар! Шефига айтса-ку, ҳаммасининг даб-даласини чиқаради. Ким бўлипти булар Тоштемир шеф қошида?! Керак бўлса, ҳар бирини бир-бир чинчалоғи билан учириб юборади. Ўшаларнинг бетига айтди: «Биттанг қимирламай тур, ҳозир Тоштемир шефни олиб келаман». Тоштемир номини эшитгандан сўнг барининг ичи ўтиб кетди, аммо сир бергиси келмай, «бўпти, кутамиз», деб қолишди. Шунақа кутсинки, кутганларига минг пушаймон есин,иккинчи кутмайдиган,Тоштемир номини эшитгандан шаталоқ отиб қочадиган бўлсин.
Асли воқеа бундай бўлди.
Исматни студент дўстларидан бири - Воҳид - Тоштемир шеф билан таништирмоқчи эди. Исмат қувониб кетди. Ахир жуда зўр имконият-да бу! Кўча-кўйда сени урадиган бўлишса, (билиб бўладими, шаҳар жой, ҳар хил одам учрайди), ҳимоя қиладиган таянчинг борлигини ҳис қилиб яшаш – кишига руҳ бағишлайди. Кўчаларда унча-мунча болани писанд қилмайсан, кўкрагингни кериб юрасан. Чиройли қизларга гап отасан. Атрофингдагиларга нисбатан зўрроқ эканингни ҳис этиб яшаш – роҳат! Сенга дуч келганда аксарият болалар чўчиб туришади, айримлари лаганбардорлик билан атрофингда айланиб, ўргулишини менсимаслик билан кузатасан. Студентлар шаҳарчасида кўчани тўлдириб юр. Атрофингда ўтган-кетганнинг бари сенга салом беряпти. Хоҳласанг алик ол, хоҳламасанг алик олма. Хоҳласанг, саломига жавобан ўқрайиб қара, худди қарзи бордай. Ўз йўлингда дуч келганни босиб-янчиб ўтавер. Биринчи курс студенти бўлса, ёки башарасидан сендан чўчиётгани аён бўлиб қолса, масхара қил:
— Хўш, - дейди вишиллаб, анавининг кўнглига ғулғула солиш учун, - нима қилиб юрибсан бу ерда?
— Мен... мен...ме-эн... ўз-ўз-зим, - дейди қалтанглаб.
— Сен, сен... ўз-зинг? Нима сен ўзинг? – дейди-ю, Исмат уни ёқасининг бир четидан тутиб, ўзига тортади. Студент пириллаб оёғи тагига келади. – Мени танияпсанми? – дейди Исмат кўзларини лўқ қилиб.
— Ҳа, сиз Исмат акасиз!
— Исмат акаман? Яхшилаб қара, балки адашаётгандирсан? А, қара-чи!
Анави қаролмайди. Қўрқади, ерга тикилади. Кўзингни баттар лўқ қиласан, овозингга овоз, кучингга куч қўшилиб кетади бунақа лаҳзаларда. Бир уриб ерга киргизиб юборгинг келади бунақаларни, лекин сўнгги дақиқада раҳм қиласан. Қўй Исмат, дейсан ўзингга ўзинг, яшасин шулар ҳам сенинг даврингда. Ишшайиб, анавининг иягидан тутиб, бошини кўтарасан.
— Мен ким эканман? – сўрайсан қайталаб.
— Исмат акасиз.
— Исмат аками? Балки Исмат шефдир?
— Ҳа, ҳа, Исмат шефсиз Исмат ака!
«Исмат шеф!» Жаранглайди-я!
— Ке, иккимиз жўра бўламиз, - дейди Исмат кулимсираб.
Студентча кутилмаган бахтдан гарангсиб қолади. Исматнинг ёнидаги жалпатаклардан бири анавининг қулоғига шипшитади: «Жўрачиликни ювиш керак, Исмат шеф хурсанд бўлади!». У ҳушёр тортади, югуриб дўконга бориб келади. Кейин биргалашиб, янги дўстликни мустаҳкамлаш ниятида қадаҳ кўтаришади. Анави берадиганини бериб, тезроқ қутулиш учун типирчилайди. Исмат эса атайлаб уни ёнига ўтирғизиб олади. Кейин эса «енди менинг навбатим» деб шунчаки йўлига киссасидан пул чиқаради-да: «ким дўконга бориб келади?», дейди. Табиийки, ўзи ҳам, жалпатаклари ҳам анавининг ўзи тушуниб, ўрнидан туришини кутишади. Турмаса, бири яна қулоғига керакли гапни шипшийди. Янги дўстликдан ҳам чўчиб, ҳам хурсанд бўлиб ўтирган студентча сапчиб ўрнидан турганча, Исмат шефнинг қўлидан пулни олмоқчи бўлади. Аммо жалпатаклардан бири унга пулни олдирмайди. У яна ўз пулига ароқ олиб келади. Борганча, қайтиб келганча ҳафталик пули кўкка совурилаётганидан ичи эзилади, аммо бошқа иложи йўқ. Исмат шефнинг райини қайтариш мумкин эмас.
Иккинчи шишани бўшатишгандан сўнг студентча унча-мунча боши қизиб, талтая бошлаши мумкин. Дейлик, . Исмат шефнинг ўзигамас, шунда айрм гаплари жалпатаклардан бирига ёқмай қолади-да, «сен ўзи нима деяпсан», дея анавини бир-икки туйиб олади. Исмат шеф, - албатта сал кейин, - янги дўстни ажратиб олади. Икковини яраштиради. Кейин ярашганларини ювишади. Оғирлик яна...
— Пулим қолмади, - дейди анави йиғламсираб.
— Йигитмисан ўзи? – дейди Исмат шеф.
Студентча болалардан қарз оладими, ўғирлик қиладими, пул топиб ароқни келтириб ўртага қўяди.
— Мана бу йигитнинг иши, - дейди Исмат хурсанд бўлиб. – Энди бемалол юравер. Ким бир нима дейдиган бўлса, мен Исмат шефнинг укасиман, де.
— Яхши, - дейди йигитча, - энди менга рухсат, эртага семинарим бор, тайёрланишим керак.
— Семинар биздаям бор, ўтирипмиз-ку, - дейди бири.
— Ўтиришимиз сенга ёқмаяптими? – дейди иккинчиси хезланганнамо.
— Қўйинглар, майли борсин, ўқишига таёрлансин, - дея рухсат беради Исмат шеф. Кейин хаёл суради: «Бу бола ҳозир семинар ёзади. Семинар! Семинарларга ҳадеб қатнайвериш шарт эмас. Имтиҳон куни «мен ҳам шу гуруҳда ўқийман», деб домланинг олдига кириб борса, курсбоши қўллаб юборади: «Ҳа, Исматбой озроқ касал бўлиб қолгани туфайли семинарларга яхши қатнашолмаган, аммо имтиҳонга яхши тайёрланди, ўзи яхши бола», (Мақтов учун кейин яримта нақд.), дея қўлаб юборса, билет саволига жавоб бера оладими, йўқми, баҳо бор. Йигитнинг баҳоси «уч». Кўпинча билетдаги саволга жавоб ёзаётган бўлиб (аслида жавобни мутлақо билмайди), оппоқ қоғозга домланинг суратини чизиб ўтирганда (албатта, агар рассомчилик қўлидан келса), партанинг устига шпаргалка келиб қолади. (Гуруҳда халқ ғамхўрлари кўп). Гап энди тайёр нарсани ифодали ўқиб беришда. Буни амалласанг, домла имтиҳонга яхши тайёрланганингга ишонади ва сенга йигитнинг баҳосини ҳадя қилади. Бўлди! Исматга бундан ортиғи керак эмас. Бу бола эса семинар деб юрипти».
Хуллас, Тоштемир шеф билан танишишдан Исмат жуда манфаатдор эди. Шу мақсадда ўша студент дўсти, ғамқишлоғи Воҳидларнинг ётоқхонасига бораётиб, бир тўда йигитларга дуч келди. Биттта-яримтаси туртиб-пуртиб юбормасин деб (билиб бўладими!?), четлаб ўтаётганди , тўда ичидан кимдир уни чақирди. Юраги шувиллаб (ахир тўхтатиб, уришлари, бор пулини шилиб олишлари мумкин-ку), ўгирилди. Бахтига Воҳид шу тўдада экан. Ўртада Тоштемир шеф! Ўша, машҳур барлослик Тоштемир шеф! Исмат Воҳидни кўриб бўшашди, ўзига келди. (Бир неча лаҳза ичида терлаб-пишиб кетипти. Қўрққанидан! Жонини олармиди? Бунча қўрқди!?) Исмат йигитлар билан бирма-бир кўришиб чиқди. Тоштемир шефга дуч келганда юзига бахтиёрлик аломатларини ёйди, бир қадар эгилди ҳам. Биргалашиб ошхонага боришди. Овқатланишди. Ичишди. «Дўстим Воҳиднинг шарофати билан ҳақиқий ўғил болалар билан танишганимдан ғоятда хурсандман! Ўтириш харажати мендан», деди у қадаҳ сўзи айтиб. Исматга пул гап эмас. Исматнинг онасини Банот дейдилар, уни Барлосда ҳамма танийди. Ўғлим ўқишда, қийналмасин, деб ҳамиша киссаларини тўлдириб жўнатади. Хуллас, Исматдай дилкаш, қўли очиқ йигитдан янги дўстлар рози бўлишди. Тоштемир шеф уни мақтади. Тоштемир шефнинг сигарети тамом бўлган экан, ўтирганларнинг биронтасидан топилмади. Шунда Исмат, гўё бунақа ишлар одат тусига кириб қолгандай, пул унинг учун оддий қоғоздай, ўртага уч сўмни беписанд отиб ташлади. Ёнида ўтирган кўримсизроқ болага ярим буйруқ, ярим илтимос оҳангида (тўлиқ буйруқ бераверишга ҳали эрта): «Илтимос, шу пулнинг ҳаммасига буфетдан «Опал» келтиринг», деди. Кейин уч сўмга келган олти қути «Опал»ни янги дўстларнинг олдига отиб ташлади: «Истаганча чекаверинглар».
Умуман, танишув кўнгилдагидай ўтди. Ошхонадан чиқишгандан сўнг йигитлар Исмат билан узоқ хайрлашишди. Тоштемир шеф унинг елкасига қоқиб қўйди.
Ётоғига қайтаётган Исматнинг кайфияти мутлақо бошқача эди. Энди у Тоштемир шефнинг паноҳида эди. Тоштемир шефни ахир Самарқанддаги барча студентлар тан олади, ҳазилми!? Эҳҳе!! Ўтган-кетганга паст назар билан, беписанд қарар, гўё буларнинг исталганини сал туртса, учиб кетадигандай туюларди. Йўлида учта қиз дуч келди. Исматнинг шўхлиги тутиб, учовининг ўртасидан юрди. Қизлар ночор ажралишга мажбур бўлишди. Шунда Исмат ёнидан ўтаётган қизнинг кўкрагига қўл чўзди. У қизларнинг чинқириб қочишини, қўрқишларини кутганди. Аксинча, юзига қаттиқ шапалоқ урилди.
— Ҳе, ўл, безори! – деди қиз, кейин бамайлихотир дугоналарига қўшилиб кетаверди.
Исмат ўсал бўлиб қолаверди. Бир пасдан сўнг жиғибийрон бўлди. Тоштемир шефнинг жўрасини қандайдир бир хашаки қиз тарсакилаб кетса-я! Адолатданми шу? Қани ҳақиқат? Ҳеч бўлмаса ўатиб сўколмадиям! Исматнинг алами тобора кучайиб борарди. Шу алам гирдобида «қора парк»ка кирди. Хилватроқ томонга ўтди. Бу ёқларда ошиқ-маъшуқлар кўпроқ ўтиради. Бояги қизлар балки шу ерга келишгандир? Исмат энг четдаги, қуюқ дарахтлар панасида ўтирган жуфтни танлади. Ўзи, йигити ҳам пачоққина экан. Бир дўқ билан ҳайдаб юбориш мумкин. Исмат йигитни имлаб ёнига чақирди. Ҳар қалай Исмат мард! Болани қизнинг олдида иснодга қолдиришни истамади.
— Нима дейсан? – дея у бола яқин келди.
— Жўра, қизинг менга ёқиб қолди, - деди Исмат дабдурустдан, боланинг елкасига акаларча қўл қўяркан. – Қизингни икки соатга менга қолдир. Икки соатдан кейин қайтариб бераман. Гап бор.
— Ҳазиллашмаяпсанми? – сўради йигит, Исматнинг бўй-бастига ўзини чоғлаб.
— Яхшиликча кет деяпман! Ёмон хафа қиламан лекин!
— Жўра, маст экансан, уйингга бор, дамингни ол, - деганча пачоқ йигит бамайлихотир қизининг олдига жўнади.
Йигит узоқлашгандан сўнггина Исматнинг ғазаби қўзиди: «Ким билан ўйнашяпти бу тирмизак?» Исмат муштларини тугиб, ҳалиги йигитнинг орқасидан икки қадам қўйган ҳам эдики, кимдир елкасидан тутди. Ўгирилиб, қўлтиқлашиб турган яна бир жуфтни кўрди. Йигит осойишта, қиз ҳазарбилан тикилишиб турарди.
— Дўстим, кўп ичибсиз, - деди у меҳрибонлик билан. – Йўлингизда тинчгина кетинг, ўзингизга яхши бўлади.
— Э, сен аралашма! – Исмат зарда билан биринчи жуфтлик томон интилди.
— Тўхтанг, эсингиз жойидами? – деди иккинчи йигит уни тутиб қолиб. – Йигитмисиз ўзи? Қиз бола билан юриб қўрганмисиз?
Тоштемир шефнинг жўраси ўзига нисбатан бунақа беписанд муомалага чидамаслиги тайин эди.Исмат мушт кўтарди, аммо йигит чап берди. Исматнинг мушти ҳавони кесиб ўтди-да, ўз зарбидан ўзи гандираклаб кетди.
— Ие, боксчисиз шекилли! – йигит қизини қўйиб юборди. – Қани яна бир уриниб кўринг-чи!
Исмат яна муштини ҳаволатди ва шу кўйи жавоб зарбадан ўзи гурсиллаб ерга йиқилди. Исмат яна туриб, уриш ниятида югурди. Йигит қочди. Йўл-йўлакай, Исмат нимагадир қоқилиб, юзтубан учиб тушди.
— Дўстим, бўлдими энди? Кетасизми? – дея сўради ҳалиги йигит ҳамон хушмуомала билан. Ҳатто уни турғизишиб, кийимларини қоқишиб ҳам қўйди.
Шунда Исмат: «Биттанг қимирламай тур, ҳозир Тоштемир шефни олиб келаман, Разбор қиламиз», деди. Бахтига Тоштемир шеф бош ўша йигитлар ўз ётоқхоналари олдида тарқалмай туришган экан.
— Менинг номимни эшитса ҳам кутиб туришиптими? – сўради Тоштемир шеф. – Қани, кўрайлик, юринглар-чи! Самарқандда шунақа болалар ҳам бор экан-да, а?
Ётоқхонадан «қора парк»кача уч минутлик йўл. Бир зумда етиб боришди. Тоштемир икки жуфтни кўриб ҳайрон бўлиб қолди, чунки унинг севишганлар тинчини бузадиган одати йўқ эди. Бу йигитчиликка тўғри келмайди, деб ҳисобларди. Тоштемир ниманидир англагандай, Исматга гумонсираб қаради, аммо Тоштемир шефни қўрқмай кутадиганлар билан гаплашиш истаги жуда кучли эди. Яқин бориб уларнинг бирини таниди: кураш тушиб юрадиган тирмизаклардан бири. Яқинда аллақаерга бориб, чемпион бўлиб келди, шекилли. Аммо...
— Тоштемир ака, - деди курашчи йигит хотиржам, - сизнинг феълингизни яхши билганим учун ҳам кетмай, сизни кутдим, - дея бўлган воқеани айтиб берди. – Шу гапдан кейин ҳам ноҳақсан, десангиз, розиман, туриб бераман, истаганча ураверинг. Ишонмасангиз, ана, ўзидан сўранг.
Тоштемир жим турар, шу сабабли атрофидагилар ҳам жанжални бошлашга журъат этмасди.
— Бунинг гаплари тўғрими?
Исмат ҳали ёлғон тўқиб улгурмаганди. Таҳдидли нигоҳлардан юраги орқасига тортиб, тисарилди...
(Бундан кейини нима бўлганини айтиш ниятим йўқ).

Арабча ўйин
Танача кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди.Халқ нақли
Абдумажид узум узиш мавсуми бошлангандан бери вино заводида хўжалик вакили бўлиб турипти.Барлосдан келган узумларни топширишда бош-қош бўлади. Баъзан топширувчи ва қабул қилувчи орасида жанжал чиқса, хўжалик тарафда туриб, жанжални бартараф этади. Ҳар замонда хўжалик раҳбари Хидир Собирович ҳам келиб хабар олиб туради. Ҳар қалай, Абдумажиднинг ишидан мамнун шекилли, шу вақтгача танбеҳ бергани йўқ. Ҳа, Абдумажид ўз ишига пухта, шу сабабли гап эшитгани йўқ.
Тарозихонада ўтирганди. Хўжаликдан уч машина узум келди. Шартта қабул қилувчи билан келишиб, иккитасини «ҳаллади». Шу пайт қулоғига майин ва нозли овоз эшитилди:
— Ака, бизнинг машинани ҳам тарозига киритингизлар.
Абдумажиднинг қаршисида келишган, қорача, хушбичим, шим кийган ёқимтойгина қиз кўзларини сузиб турарди. «Ким экан бу!? Ким бўлсаям бир балоси бор!»
— Сизни нега навбатсиз киритар эканмиз?
— Во-ой, бизам узум обкелганмиз.
— Қаердан?
— Барлосдан!
Барлосга шаҳар медтехникумининг қизлари узум теришга ҳашарлашиш учун келганини
Кунда уларнинг бир-иккитаси машиналарга миниб, заводга келиб – кетишини ҳам Абдумажид яхши билса-да, ўзини гўлликка солди:
— Йўқ, бўлмайди. Навбатингиз келса кирасиз, - деди-да, атайлаб, йўл ёқасидаги узун курсига бориб ўтирди. Кутганидек, қиз унинг ёнига бориб ўтирди: «Ҳақиқатан, бунинг бир балоси бор!»
Шу пайт ўша машина кабинасидан яна бир қиз тушиб келди ва у Абдумажиднинг иккинчи томонига ўтирди.
— Олдингизга қизлар кўп келиб турадими? – сўради биринчи қиз.
«Овози бирам майин-эй! Бирам майин! Гапиртириб қўйиб, эшитаверсанг!»
— Келиб туради. Аммо сизлар жуда бошқача экансизлар.
— Дарров сизга ёқиб қолдикми? – иккинчи қиз кўз сузди.
— Жудаям ёқиб қолиларингиз. Шунинг учун озроқ гаплашиб ўтирайлик деб машинангизни навбатсиз қўймадим. – Абдумажид тўғрисини айтиб қўя қолди, чунки яхши билади, ёлғон гапни излайверса, чалкашиб кетади. Тўғрисини айтса, кўпинча қизлар гапига ишонишмайди ёки ҳазилга йўйишади.
— Ундай бўлса, ҳали,.. бир кўришдан севиб ҳам қолдим дерсиз?! – сўради қорача қиз.
— Севганимни билмадиму, ту-урсам, ёнимда бир ма-айин, но-озли «ака!» деган овоз эшитилгандаёқ юрагим ларзага тушган эди. Ичимда бир нима «шиғғ« этиб, ўгирилсам, сиз турибсиз. Кўзларингиз... айтгандай, исмингиз нима?
— Малоҳат!
— Кўзларингизга қарадиму, ўзимни йўқотиб қўйдим. Билмайман, бу кўзларни сизга ким бахш этган. Турибман, турибман, тилимга калима келмайди. Жавоб беришим керак, аммо тилим айланмайди.
— Шунда шартта севиб қолдингизми?
— Йўғ-э! Севиб қолишдан худо асрасин. Бу юрак севавериб, севилавериб, адои-жудо бўлган. Энди тинч яшагиси келади. Шунчаки Малоҳатга қараб, яхши қиз экан, уйланган йигит бахтли бўлади, деб ўйладим.
— Ундай бўлса, уйланинг. – Малоҳат сўз ўйинини давом эттираркан, яна шод кулмоқчи бўлдию, ўз оғзидан чиққан гап ўзига эриш туюлиб, ранги ўзгарди.
Ўзгаришни Абдумажид дарров сезди.
— Уйланардим-ку, хотиним, бола-чақам бор-да. Агар иккинчи хотин бўлиб тегсангиз йўқ демасдим.
— Бизлар тегаверамиз, - деди Малоҳат ўзини ўнглаб. – Кўчада қолган қизлармиз. Бизларга эр бўлса бўлди!
«Бир нима бўлган бу қизга. Ишқилиб, соғ эмас!»
— Биз бир илтимос билан келгандик, - деди иккинчи қиз суҳбат мавзусини ўзгартириб. – Агар бажараман десангиз айтаман.
— Ий-э! Сизлардай қизлар илтимос билан келаркан-у, мен йўқ дейманми? Агар қўлимдан келса албатта...
— Қўлингиздан келадию, лекин... янаям...
— Тўғриси, бизга спирт керак, - дея Малоҳат шартта мақсадга ўтди, елкаларини Абдумажиднинг елкаларига сийпаларкан, ёнламасига қараб. – Хўш, юрак урадими?
«Эритдинг қизча! Эритдинг! Ҳисобни аниқ олган экансан!»
— Қанча?
— Икки литр!
«Эҳ-ҳа! Икки литргина спирт учун шунчалар муқаддимами?»
— Идишларинг борми? Мен кўп сўрайсизларми, деб ўйлагандим. – Абдумажид қизларнинг идишини олиб, ичкаридан спирт тўлдириб чиқди. – Қачон керак бўлса келаверингизлар. Бизда деҳқончилик.Сизларга спирт нима керак?
— Оператсия қиламиз, жарроҳ спирт топиб келинглар деган эди.
— Узумзордами?
— Шунақа...
Анча суҳбатлашиб ўтиришди. Бу орада машина узумни заводга топшириб чиқди. Учаласи хайрлашгани ўринларидан туришди.
— Меҳмондўст экансиз. Эртага яна келсак, спирт олиб берасизми? – сўради иккинчи қиз.
— Малоҳат келсин. Малоҳат менга ёқиб қолди. Қанча спирт деса, олиб бераман. Севмай десам ҳам бўлмаяпти. Юракка буйруқ бериб бўлмас экан.
— Бизларни ғалати қизлар экан, деб ўйлаётган бўлсангиз керак-а, - дея иккинчи қиз яна ташаббусни ўз қўлига олишга интилди.
— Шунақага ўхшайди.
Қизлар машинанинг кабинасига киришди. Малоҳат кабина эшиги деразасини тушириб, бошини чиқарди-да, сўради:
— Шунча суҳбатлашдик, ёрдам қилдингиз, аммо ҳалиям исмингизни билмаймиз. А!
Айниқса, «а»ни шунақа ноз билан айтдики, Абдумажиднинг вужуди шодликдан титраб кетди.
— Абдумажид!..
Эртаси куни Абдумажид дафтарига қунт билан ўтган кун ҳисоб-китобини қилаётган эди, нимадир елкасига тегиб кетгандай бўлди. Эътибор бермай, елкасини силаб қўйди-да, яна ишини давом эттираверди. Кимдир кўзларини икки кафти билан ёпди. Абдумажид бу кафтлар устига ўз кафтларини қўйди. Майин қўллар. Қиз боланики! Абдумажид билан қанақа қиз ҳазиллашмоқчи экан. Абдумажид кафтлардан билакларга ўтди, сўнг билаклар эгасини елкаси оша пастга тортиб юборди. Қиз унинг елкасига қапишиб қолди. Абдумажиднинг вутун вужуди қиз вужудини ҳис қилиб, ҳаяжонга тушди. Қиз ҳамон ўзини тортиб олмасди. Гўё ҳеч нарса сезмагандай.
«Э, бу фақат Малоҳат бўлиши мумкин!»
— Кимсиз?
Қиз пиқиллаб кулиб юборди.
— Малоҳатмисиз? Малоҳат!
Малоҳат шарақлаб кулиб юборди-да, кафтларини унинг кўзларидан олди.
— Ур-ре! Шунча вақт тополмадингиз! Бопладим, бопладим! – Малоҳат сакраб-сакраб куларди. Баданига қапишиб турган шими, йигитча кўйлаги унинг чиройини янада очган, ҳатто кийимига қотиб қолган узум шираси ҳам унга жуда ярашиб турарди. Ўзиям алоҳида тайёрланиб келганга ўхшайди. Дуррачага ўралган сочлари жуда чиройли таралган, борлиғидан атирнинг хушбуй ҳиди тараларди.
Абдумажид ўзини тутолмади. Шарт турганча ёш қизчадай шўх-шодон сакраётган Малоҳатни шартта белидан опичиб, икки айлантириб, кейин ерга қўйди.
Қиз бирдан тинчиб қолди. Кўзлари бесаранжомланиб, қорача юзи қип-қизариб кетди.
— Сиз мени кутганмидингиз?
— Сизни кутмоқ гапми? Кечадан бери оромимни йўқотиб, фикру-ёдим сиз бўлиб қолдингиз. Сиз келдингизу, гўё ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетди. Гўё қалбимга нур ёғилди. Энди билсам, мен сизни севиб қолибман! Мен сизни жонимдан ҳам яхши кўраман, Малоҳат! Йўқ, , менинг Малоҳатим! – деди Абдумажид, кулиб юбормоқдан ўзини аранг тутиб. Шунчалар масхарабозлик қилишга қодирлигини ўзи ҳам энди англаб турар, бундан ҳам ғурурланиб, ҳам ҳайратга тушарди. (Жигит-да, жигит!)
— Ёлғончи!
Малоҳатнинг ноз билан айтган шу бир сўзи Абдумажиднинг юрагини яна ҳаприқтириб юборди.
— Ии-и, шошманг, шошманг! – Қиз Абдумажид яна беўхшов ҳаракат қилиб қўйишидан қўрқди. – Юринг, яхшиси, машинага чиқиб ўтирамиз.
Малоҳат келган «ГАЗ-53» орқароқда навбат кутарди.
— Ҳар куни машинама-машина юрасиз. Кунлик топшириқ нима бўлади? Домлаларингиз уришмайдими?
— Абдумажид акамиз бор, нима ғамимиз бор! Домлаларга обборган спиртимизнинг ярмини берсак бўлди, олам гулистон .
— Қолган ярмичи?
— Қолган ярмига қизлар байрам қилдик. Ҳаққимиз бордир ахир! Куни билан чангга, ширага ботиб ишлаймиз.
— Мен ҳаққингиз йўқ, демадим, шекилли.
Уларнинг машинаси тарозидан ўтиб, узумни тўкиш учун ичкарига кириб кетди.
— Сизнинг машинангизни кўрдик, энди юринг, меникини кўрасиз.
— Вой, сизнинг машинангиз борми?!
— Ана! Хизматингизга мунтазир.
Абдумажид ўтган йилги терим мавсумида яхши ишлаб анча пул топган, мукофотга янги «Москвич» олган, нималарнидир ўйлаб (нималарни экан??) бугун миниб келган эди.
— Ўҳ-ҳў! Ҳали яп-янги-я! – МАлоҳат машинани сийпалади. – Ростдан ўзингизникими?
— Ҳа!
— Тағин... – Малоҳат айёрона кўз сузди, - отангиз олиб бермаганми?
— Ўтган мавсумдаги ҳалол меҳнатимга олганман, - деди Абдумажид «ҳалол»га урғу бериб, Малоҳатни орқа ўриндиққа ўтирғизаркан, ўзи ҳам ёнига ўтириб.
— Ҳалол меҳнат билан бир йилда бир машинага пул орттиролсангиз, унда... чинданам, иккинчи хотин бўлиб эса-да, сизга тегиш керак экан
— Тўғри қиласиз. Кейин маза қилиб, сизни машинада катайса қилдириб юраман. Кейин ширага, чангга ботиб юрмайсиз.
— Оҳо! Шунақамикан? – Малоҳат ширин жилмайди.
Абдумажид ўзини тутолмади. Шартта қизни қучоқлади. Оғушига тортди. Энди ўпмоқчи бўлаётганди, Малоҳат ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан, аммо янада кучлироқ малоҳат билан, йигитни баттар жунбушлантириб, кўрсаткич бармоғини йигитнинг лабларига босди:
— Ҳей, ҳей! Куппа – кундузи-я! Янгамдан балога қолиб кетманг тағин!
Абдумажид ноилож қизни бағридан бўшатди, аммо ҳамон бир қўлини унинг белидан тортиб олмади. Малоҳат бунга қаршилик билдирмади.
«Тамом. Малоҳат энди унинг ихтиёрида. У ҳамма нарсага рози. Қандингни ур, жигит!»
— Эртага домладан жавоб олиб, уйга бориб келмоқчи эдим.
Малоҳатларнинг уйи қўшни тумандаги қишлоқлардан бирида экан. Тахминан эллик чақиримча бор.
— Менам борайми?
— Борасизми?
— Ҳа-да! Биратўла иккинчи қайнона-қайноталарим билан танишиб оламан. Бу кўзларни сизга бахш этган одамларни кўрмасам бўлмас. Таништирасизми? «Москвич»да бориб келамиз.

* * *
Малоҳатларникида икки соатча ўтиришди. Малоҳат оиланинг катта фарзанди. Саккизта ука-сингиллари бор. Ота-онаси мўмин-бечора одамлар бўлиб, хўжаликда ишчилик қилар эканлар.
Малоҳат узумни жуда зўр теради. Домлалар ҳурмат қилишади. Шу сабабли ота-онасини кўриб келиш учун алоҳида машина ажратишган. Абдумажид бор-йўғи шофёр. – Икковлон юрганини шундай тушунтиришди. Тўғрироғи қизиққанга шундай тушунтиришни келишиб олгандилар.
Шундай ота-онанинг, оиланинг қизими, а, Малоҳат?! Абдумажидни нега бошлаб келди? Ота-онасини кўрсатишгами? Ахир мақсад тамоман бошқа. Йўлда Абдумажид машинани хилватга бурмоқчи эди, Малоҳат тўхтатди: «Аввал бориб ота-онамни кўрайлик. Қайтишда пешанага нима ёзилган бўлса шу...» Индамай, айтганига кўнди. Абдумажидни ипсиз боғлаб олди Малоҳат. Нима деса хўп деб, олдига тушиб юрипти. Уч кун истаганича текин спирт олиб берди. Бугун ишини ташлаб, уни кўтариб юрипти. Ҳали нияти амалга ошадими ё яна унинг олдига похол ташлаб, қочиб қоладими? «Кўпни кўрган йигит экансиз!», деди кеча, уни мақтаб. Ўзи-чи!?.
Қайтишда анча йўлгача ўз ўйлари билан бўлиб, Абдумажид ёнида ўтирган Малоҳатга эътибор қилмади. Қиз ҳам тинчланиб қолган, илгариги шўхликлари йўқ, ҳар замонда Абдумажидга сал-пал назар ташлаб қўйганини эътиборга олмаса, ўзи билан ўзи банд эди.
Абдумажид ниҳоят бир қарорга келди: Тамом. Ҳозир Малоҳатни манзилига етказадию, иккинчи марта бу қизни ўзига яқинлаштирмайди. Тинчлик керак!..
Йўл четидаги чойхоналардан бирига кўзи тушдию, Абдумажид қаттиқ ичкиси келаётганини пайқади. Э, унга нима? Дунё остин-устун бўлиб кетмайдими? Нима бўлса бўлганича бўлиб бўлган бу қиз? Абдумажидга қолган бўлса сарқитнинг ҳам сарқити қолган, ювиндиси қолган. Ақли кирар жойга кириб, етар жойига етиб бўлган бу қиз! Тағин нимасини ўйлаяпти? Ҳозир тўйгунича ичади. – Ҳаммасини унутади.
Чойхонада анча ўтиришди. Ростакамига ҳаммасини унутиб, бир шиша ароқни тенг бўлиб ичишди. Ичмаса керак деб, янаям ҳар эҳтимолга қарши битта пиёлага қуйиб, Малоҳатнинг олдига қўйганди, Малоҳат бу одатдаги ишдай, пиёлани олдию, ичиб юборди. Ўзиям жуда зарил бўлиб турган экан. Ноз-фироқ ҳам қилиб ўтирмади. Кейин сал ўзига келди шекилли: «Ҳа, нега ўй суриб қолдингиз?», деб сўради хиёл жилмайиб. Унинг ғамгин ўтиришлари, кўзларининг ўйчанлиги унга янаям латофат, кўрк бағишлаган, турган туриши гўзал эди Малоҳатнинг. Жудаям гўзал эди Малоҳат! Ҳа, ота-онаси топиб исм қўйишган. Шундай гўзал қиз ёнида ўтирсаю, Абдумажид дунё ташвишларига кўмилса… адолатдан эмас бу ахир! Бир имо қилса бас… Яна нима керак унга?!
Икковлон иккинчи бор қадаҳларни бўшатишгандан сўнг Абдумажиднинг кайфияти жойига тушиб, Малоҳатга суқланиб тикилди. О-оо! Зўр! Зў-ўўр! Яна пиёлаларга қуйган эди, Малоҳат унинг билагидан тутди:
— Сиз рулдасиз, ичма-анг!
«Ичманг» сўзини чўзиб, шунақа ялингансимон айтдики, Абдумажид ёнидаги гўзал қиздан бўлак дунёдаги ҳамма нарсани унутди.
Илиқ мезон кечи кира бошлаган, ғира-шира тушиб қолганди. Бундай, бир-бирига термулиб ортиқ ўтиришга иккаласининг ҳам сабр-тоқати қолмаганди. Абдумажид тезда яна бир шиша ароқни жиз-бизи билан қўшиб харид қилдию, машинага олиб чиқишди.
«Москвич» катта йўлга чиқиб, чойхонадан сал ўтгандан сўнгги хилват бир йўлакка бурилди-да, кимсасиз қоронғилик қаърига шўнғиди…
Винзаводга етиб келганларида вақт ярим тунга бориб қолган эди. Узумни топшириб, энди жўнамоқчи бўлиб турган хўжалик машиналаридан бири – ўша яқин таниши – «ГАЗ-53» шофёри – дан қизни жойига олиб бориб ташлашни илтимос қилиб, «Москвич»га қайтди.
— Машинадан тушмайман, - деди Малоҳат. У хомуш тортиб, кўзлари аллақандай нурсизланиб, бездай бўлиб, бир нуқтага қадалиб ўтирарди.
— Унда… нима қиласан?
— Сизникига бораман.
— Бизникида нима қиласан? – Абдумажид аччиқ билан шу гапни айтишга айтдию, тилини тишлади. Боши ганграб кетди.
— Менга уйланасиз, - деди Малоҳат аста, аммо қатъий лоқайдлик билан.
— Ни-ма??? – Абдумажиднинг тили танглайига ёпишиб қолгандай бўлди.
— Менга уйланасиз!
— Қиз чиқмадинг-ку! Сени бошимга ураманми?
— Бари бир. Мен билан бирга бўлдингизми? – Бўлдингиз. Сизни оиламга бекорга кўрсатдимми? Мен уларга ҳаммасини айтиб бердим.
— Нимани? Қанақа ҳаммасини? Унда ҳали орамиздан ҳеч нарса ўтмаганди-ку!
— Унда ўтмаган бўлса, чойхонадан кейин ўтдими? Бари бир ўтишини билардим. Шунинг учун «шу йигит куёвларингиз бўлади», деганман.
Абдумажид ҳангу-манг бўлиб қолди. Малоҳат ҳозир унга дўқ ураётганди. Уйланишга мажбурсан, деяётганди. Йўқса…
— Сиз ахир қиз эмасссиз-ку! – Абдумажид беихтиёр яна сизлашга ўтди. У тамом бўлган эди. Тамом бўлганини англаб, аъзойи-бадани бўшашиб кетди. Бу гаплар Дилоромга етиб борса, у кейин Абдумажидни тириклайиб пишириб ейди. Келин-куёв вақтлари кунига уришиб туришган бўлса-да, кейин ойдай тирикчилик қилиб кетишган, фарзандлари бор. Тўғри, Дилоромга жудаям кўнгли тўлмайди. Шу сабабли манави воқеалар… Эхх!!!
— Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам ўзингиз биласиз, лекин бир мартага айтиб қўйишим керак: Сизга қадар бирон йигит менинг ҳатто қўлимни ушлаган эмас. Қиз эмаслигим эса… Унда тўққизинчи синфда ўқирдим. Қўшнимиз келин туширди. Мен келин кўргани бордим. Ёш эмасманми, қизиқиб, биринчи кечаси қандай ўтганини суриштирдим. Келинчак жуда қийналганини, бу қийноқларни ҳеч кимга раво кўрмаслигини айтди. Мен қўрқиб кетдим. Бунақа бўладиган бўлса, мен ҳеч қачон эрга тегмайман, дедим. Ке, мушкулинг осон бўлсин, мендай қийналиб юрма, деб у менга қаламни тиқиб олди. Бор-йўғи шу. Ёш бўлганман, яхши-ёмоннинг фарқига бормаганман. Кейин билсам, ўша келинчак менга душманлик қилипти. Тузатиб бўлмас душманлик қилипти. Нега энди бировнинг душманлиги туфайли, мен айбсиз бўлсам-да, бутун умр бебахт бўлиб қолишим керак экан? Нима? Бахтли бўлишга ҳаққим йўқми менинг?!
Айтинг!!! – Малоҳат қалтираб, телбанамо нафратли кўзларини Абдумажидга тикди. Нафратга тўлган кўзлар янада гўзал, янада офатижон эди, аммо... Абдумажид дош беролмай, кўзларини олиб қочди..
— Ҳа майли, гапларингга ишондим ҳам дейлик. Мен сизни бари бир ололмайман. Уйда хотиним, икки болам бор.
— Алдаманг! Хотинингиз ҳам, болаларингиз ҳам йўқ. Шунчаки, тағин менга тармашиб қолмасин, деган ўйда ҳар эҳтимолга қарши тўқиган афсонангиз бу.
«Сеники-чи? Сеники бориб турган эртак-ку!»
— Мен сизни алдаб нима қиламан? Тўғриси, агар уйланмаган бўлганимда сиздай қизни жон-жон деб олардим.
— Ҳалиям олаверинг. Олинг деб турибман-ку!
— Йўқ, сиз мени тушунмаяпсиз. Сиз ҳақиқатан ҳам гўзалсиз, аммо мен хотинимни ўйламаганда ҳам икки боламни ўйламай иложим йўқ.. Ишонмасангиз, боринг-да, анави «ГАЗ-53»нинг шофёридан сўранг. Қаранг, сизни кутяпти. Ўзиям тоқати-тоқ бўлиб кетди. Аччиғи чиқса, ҳозир кетиб қолиши мумкин. Йўл-йўлакай мен ҳақимда сўраб биласиз. Ёки... – Абдумажид тушуниб, жимиб қолди. Малоҳат шофёрнинг кетиб қолишини кутаётганди Кейин... О, айёр қиз!
Малоҳат пешанасини олдинги ўриндиқнинг орқасига қўйди.
— Ҳеч бўлмаса, болаларимни ўйланг, - дея ялинишга тушди Абдумажид. – Ахир, гўдакларнинг бахтини ўғирлаш ҳисобига бахтли бўлолмайсиз!
— Нега? Менинг бахтимни ўғирлашди-ку! Менинг бахтимни ўғирлаганлар бахтли яшашяпти. Мен нима қилишим керак?! А!? Нима қилай?! Ўшалар туфайли бор иффатимни ер билан яксон қилиб, сизга безбетлик қилиб ўтирипман-ку! Нима керак ўзи сизга?! – Малоҳатнинг хўрлиги келиб, йиғлаб юбормаслик учун яна пешанасини ўриндиқнинг орқасига тиради. Чидолмай, ўкраб юборди.
Абдумажид тумшайиб қолди. Овутишга, қизга қўл теккизишга юраги бетламасди. Малоҳат тезда ўзини тутиб, йиғисини тўхтатди:
— Бўпти! Нима бўлгандаям бир мартага менга уйланасиз, кейин ҳайдаб юборсангиз ҳам, - деди қуруққина қилиб, бурнини тортаркан. – Бир мартага уйланасиз, - деди у такроран дона-дона қилиб.
— Ие! Бир мартага сизга уйланадиган бўлсам, хотиним бир мартага кетиб қолса, кейин қайтиб келмайди. Бу ёғини ҳисобга олмайсизми?
— Сиз-чи? Мени чойхонама-чойхона олиб юришни ҳисобга олмайсизми? «Москвич»да хилватларга олиб кетишни-чи? «Арабча ўйна», деганларингизни-чи? Нима? Сизга бировнинг бекордан-бекорга боқиб қўйган қизи борми, истаганча топтайверадиган?! Ҳайданг машинангизни уйингизга.Мен тушмайман! Билдингизми, туш-май-ман!!
Абдумажид лол бўлиб қолди. Хилватга ўтгандан сўнг кайф-сафо деганларидай, маза бўлди. Яна еб-ичишди... кейин Абдумажид машинасининг магнитофонига арабча қўшиқлари бор кассетани қўйиб, Малоҳатни ярим яланғоч қилди-да, арабча ўйнаттирди. Гўё ўша ширин дамлар бир умр давом этадигандай эди. Малоҳат нозли қарашлар билан бутун гавдасини, белини, белидан пастларини ликиллатиб ўйнаганида Абдумажид телбаларча жазавага тушган, «ўйна, ўйна! Арабча ўйна!», дея ўзи ҳам шод қичқирганча, рақс тушиб кетганди. Энди эса...

Ёр-ёр
Ҳовлида иккита сўри бор экан. Ҳар бирига ўн одам бемалол ўтирса бўлади. Келинни уйга киргизгандан сўнг куёвнавкарларни сўрилардан бирига таклиф қилишди. Иккинчисида ёши улуғлар, келинни олиб келишда бош-қош бўлганлар ўтиришди.
Уч қалин дўст – Абулхайр, Алибек ва Лапас куёвнавкарлар сафида. Тоштемир ўқишда бўлгани сабабли тўйдан бехабар қолди. Қўли очиқ йигитлар эканликларини кўрсатиш учун бор пулларини тўққизтовоқ, янгатовоқларга ташлаб қўйишипти. Келин тарафга жўнаш олдидан Абулхайр яримтани қўйнига тиқиб олганди. Янгалар куёвнавкарларнинг пулини қоқиб олгандар сўнг олдиларига тайинли егулик-ичкилик қўймади. Шунинг аламига уч дўст йўлда яримтани ўзаро бўшатишди. Кайфият сал яхшиланиб, йўлда автобусдагиларнинг қулоғини батанг қилиб, ёр-ёр айтишди. Абулхайр байт ўқиди. Ҳар бир мисранинг охирида куёвнавкарлар жўр бўлишди:

Бу сойларни сой деманг,
Ёр-ёр ёро-ней.
Кўшковутни бой деманг,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Қозон-товоғи тошдан,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Навкарлар ўлди очдан,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Байтнинг охирида ҳамма кулиб юборди. Давра совимасдан навбатни Алибек олди:

Тегирмону-тегирмон,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Тевараги темирдан,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Кўшковутлик келиннинг,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Лабини куёв симирган,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
Навбат Лапасга ўтди. Учови бир бўлса, ҳар қандай давра обод бўлади. Айниқса, Тоштемир бўлганда-ку,.. ҳар қалай унинг йўқлиги бари бир билиняпти. Тўйга куёвнавкарлар сафида боришнинг ўзи кишига алоҳида ғурур, дадиллик бахш этаркан. Келин тарафнинг йигитлари нафрат ва иложсизликдан безариб туришади. Ҳозирлари унчалик ишлари йўғу, бари бир куёвнавкар бўлганингдан кейин кўзингга шундай кўринавераркан. Автобусдан тушар-тушмас келиннинг дугоналари куёвни кўрамиз деб югуриб чиқишди. Уч дўст янада ғурурга тўлди, чунки баҳонада уларни ҳам кўришди. Улар ҳам қизларни томоша қилишди. Қизлар уларни кўриб: «ваҳ, зўр йигитлар экан!», дейишган бўлса не ажаб!..
Пиёлалар икки-уч бор айлангандан сўнг бошлар қизиди. Ҳар бир меҳмон куёв билан уриштириб ичишни, унинг келгуси ҳаётига битмас-туганмас бахт тилашни истарди. Куёвнавкарлар орасида уч дўст ёши энг кичиклар бўлгани туфайли сўз навбати уларга тезда етавермади. Ҳислари тўлиб-тошиб кетган Абулхайр охирги сафар қадаҳлар тўлдирилганда навбат кутиб ўтирмай, чўккалаб ўтирди-да, қўлидаги пиёлани баланд кўтариб, ўз ташаббуси билан алёр айтишга чоғланди. Кайф жойида, лабидан табассум аримас, кўзлари мастона сузиларди. Абулхайр нариги сўрида отаси ҳам ўтирганини яхши биларди. Улар ҳам маза қилиб ичишяпти. Ўн дақиқача бурун отаси қадаҳ сўзи айтиб, пиёласини намойишкорона ичиб, дастурхонга тўнкариб қўйди. Абулхайр отасидан ортда қолишни истамасди. Кўплар учовининг қувноқлигига ҳавас қилиб, келин-куёвга бахт тилагандан сўнг: «Абулхайрга ўхшаш уйланмаган йигитлар ҳам уйлансин тўйларида мана шундай хушчақчақ ўтириб, хурсандчилик қилаверайлик», дейишяпти. Рост-да, тезроқ уйланиш керак. Мактабни битирган бўлса, ўн тўққизга кириб бўлди. Отаси нега уйлантирмаяпти? Абулхайр йигитмисан - йигит! Битта хотинни эплай олади. Биринчи, бош ўғил бўлса оилада. Юраверадими? Абулхайр ҳар замонда киши билмас қулоқ солиб қўяди. Ота-онаси уни уйлантириш ҳақида лом-мим демаган. Қанийди, Абулхайрнинг отаси ҳам бунда-ай, калласини ишлатсаю, кел ўғлим, сени уйлантириб қўяй, деса.
— Мен дўстларим номидан гапирмоқчиман, - деди Абулхайр, икки ёнида ўтирган Алибек билан Лапасга қараб оларкан. – Биз ҳам келин-куёвга бахт-саодат тилаймиз. – Маъқулловчи, руҳлантирувчи қийқириқлар эшитилди. Кимдир отасига: «Ўғлингизнинг гапига қулоқ солинг, зўр гапларни айтяпти», деди. Абулхайрнинг қулоғига бу гап ҳам чалинди. У давом этди. – Мана шу ерда ўтирган ўртоқлар айтишдики, уйланмаганлар уйланаверсин, шунинг учун ичамиз. – Абулхайр шартта пиёласини кўтарди. У атайлаб баланд овозда гапирган, билса чин, билмаса ҳазил тариқасида гапларини отаси эшитишини истаганди. Шериклари билан кулишиб ўтирса-да, гапларимга нима дейишаркин, деб қулоқлари динг бўлди. Сезишича, нариги сўридагилар отасини ўртага олишган, отаси эса: «Мен рози, майли, топсин, айтсин, уйлантириб қўйиш мен тан», деди.
Абулхайр қувониб кетди. Демак, отаси рози. Гап ўзида қолган. Битта қиз топиш керак. Топа олармикан. Барлос тўла қиз-ку! Зўридан топса. Чиройлисидан. Келишганидан. Қучоқлаганда қучоғи тўлиб турса... Улбозор ҳам яхши қизу,.. жуда озғин. Бунинг устига бўйи пастроқ...
Улбозор шу йил мактабни битирган. Сал қўполроқ, шунинг учун йигитлар кўпам гаплашавермайди. Ҳозир ўзларининг бригадасида ишлаяпти. Бир куни ишга кетишда икковлон йўл-йўлакай ҳангомалашиб кетишди. Билдики, Улбозор йигитлар ўйлагандай, у қадар қўпол эмас. Туппа-тузук, ҳамма қизлар қатори бир қиз. Кам жойи йўқ. Улбозорга уйланиш шарт эмас, лекин нега имкониятлардан фойдаланиб қолмаслиги керак? Ёш йигит бўлса. Уйланмаган. Бўйдоқ. Ҳозирча юриб тураверсин, уйланадиган вақти келса, зўридан топади.Агар тополмаса, бу ёқда отаси бор, уйлантириб қўяди-да, ўғлини! Нима қипти. Ўғилни уйлантириш – отанинг вазифаси. Ота бўлгандан кейин бажарсин вазифасини! Улбозор озғин бўлса ҳам, бўйи паст бўлса ҳам майли, пайти топилганда ўйнаб қолиш керак.
Ўша ҳангомадан кейин кўпинча ишга боришда ҳам, ишдан уйга қайтишда ҳам - тасодифан! – йўлга бирга чиқиб қоладиган, суҳбатлашиб бориб-келадиган бўлиб қолишди. Аблухайрнинг назарида қиз ҳам унга интилаётган, ана шу тасодифларни атайлаб – қизнинг ўзи! - ташкиллаштираётган эди. Улбозорнинг айтишича, уйларида ўзи алоҳида, деразаси кўчага қараган хонада ётар эмиш.
— Оқшом бораман, деразангни тақиллатаман. Чиқасан, хўпми? – деди Аблухайр кунларнинг бирида.
Улбозор индамади. Демак, рози. – Абулхайр шундай тушунди. Чиқади. Чиқишига ишончи комил. Ўша куни оқшом Лапасни етаклаб, Улбозорларникига борди. Аста деразани тақиллатди. Зум ўтмай, ичкаридан Улбозорнинг юзи кўринди.
— Чиқ, мен келдим, - деди Абулхайр.
Дераза қайтадан ёпилди. Абулхайр бўлажак учрашувни хаёлан тасаввур этиб, ишшайди. Лапасга: «Сен, жўра, бизга кўринмай, мактабнинг панасида атрофни кузатасан, бирон хавф туғиладиган бўлса ҳуштак чалиб, хабар берасан», деди.
Ўшандагиси биринчи учрашувлари эди. Ишга кетишда тузуккина гаплашишарди. Энди, нимагадир, ҳаяжонланганиданми, тилига гап келмасди. Улбозор ҳам индамайди. Йигит киши гапирмагандан кейин қиз бола оғиз очармиди? «Юр», деди ниҳоят Абулхайр, Улбозорни қоронғироқ томонга етаклаб. Улбозор осойишта ҳаракат билан билагини бўшатди-да, у айтган тарафга юрди. Абулхайр ҳамон миқ этмас, аммо нимадир қилиш кераклигини, бундай тураверишлари ўзига ҳам, Улбозорга ҳам ноқулайлигини яхши тушунарди...
— Қишга ўтин ташияпсизларми? – дея сўради ниҳоят ва шартта тилини тишлади: «Ахмоқона гап. Ҳеч ўтинни ўйламаганди, қаёқданам тилига келиб қолди? Нима, Улбозор ҳозир ўтин ташишга чиққанми?.. Бекордан бекорга деразасини тақиллатгандан югуриб чиқмагандир ахир!? Ўзи нимага келди? Нияти нима?...
— Отам ташияпти, - деди Улбозор, кўзларини ерга тиканкан.
Хуллас, яширин ҳангома унча қовушмади. Қайтиб келганда Лапас: «Ўл-а, ландовур, чайнаб оғзингга солган нарсани ютолмайсан», деб сўкди. Абулхайр парво қилмади. У хурсанд эди. Бирон бир натижага эришолмаган бўлса-да, энг асосийси, - биринчи учрашув! – амалга ошди. Қиз унга ройш билдиряпти. Валдир-вулдур қилгани билан Лапас ҳали у қилган ишни қила олгани йўқ.. Қани, қўлидан келса, Лапас ҳам Улбозорчалик бўлса-да, бир қизни кечаси уйидан олиб чиқсин. – Абулхайр у истаганча қоровуллик қилиб беради. Биринчи учрашувдан дарров тармашаверса, севдим-куйдим деяверса,.. ғалати-да! Кейин, бу бола чатоқ экан, деб учрашувга чиқмай қўйиши мумкин. Ахир Абулхайр фақат шу оқшомни деб чиққани йўқ-ку, тўғрими? Э, Лапас ниманиям биларди. Лапас гапираверади. Агар ўзи Абулхайрнинг ўрнида бўлганида қиз боланинг қўлини ҳам тутолмас эди. Ўша, бир-икки оғиз гапни ҳам айтолмасди. Ҳа, Абулхайр дадиллик қилди.
Улбозорга уйланса бўлмайди-да. Бошқа қиз топиш керак. Ёшроғидан. Кўркамроғидан. Энди ўнинчи синфни битирадиганидан. Ҳозирги ўнинчилар орасида зўр-зўр қизалр бор. Яна тўрт ойда мактабни битиришади. Кейин отасига ўшаларнинг энг чиройлисини танлаб айтса, отаси тўхтатмай совчи жўнатса, қарабсизки, кузгача Абулхайр хотинли бўлиб турибди-да. Ёстиққа ёнбошлаб: «Хотин, чой!» деса. Ёки эрталаб уёғонганда ҳовлига чиқишга эриниб: «Хотин, сув келтир, бет-қўлимни юваман», деса. Ўшанда ҳам кўрпадан чиқмай, ёстиққа суяниб, бир қўли билан бетини ювса. Хотини сочиқ тутса. Абулхайр артиниб, яна кўрпага ўраниб ётиб олса. Ўҳҳ! Маз-за! Хотининг бўлса яхши! Эрталаб чойингни олдингга келтирса. Кечқурун овқатингни тайёрласа. Кирингни ювса. Кўйлагинг сал кирлагандан ечиб отаверасан. Айниқса, пайпоқни айтмайсизми? Ҳар куни ювавериш жонга тегиб кетган. Уйланса – зўр! Мазза! Ундан кейин Алибек, Лапас, Абдумажид, Тоштемирлар келганда бемалол ўзининг уйида (ўзининг уйида!) керилиб ўтиради. Хотини жўраларидан уялиб, юзига рўмол ташлаб кирса. Жўралари хотинига қараса. Тоштемир бари бир қўймайди: «Юзингизни очинг, мўйинса, бир кўрайлик. Қўрқманг, еб қўймаймиз, палов эмассиз-ку ахир! Тўғрими? Дийдорингизни бир кўрайлик-чи, Абулхайрга лойиқмисиз, йўқми, баҳо берайлик», деса. (Тоштемир бунақа гапни айтади, жим турмайди. Шунчалар ўрнига қўйиб айтадики, ҳеч ким ундан хафа ҳам бўлмайди, кўнглига ҳам олмайди. Афсуски, ҳозир йўқ. Бўлганда куёвнавкарлар даврасини роса қиздирарди. ) Абулхайрнинг хотини юзини очмайди. Кейин Тоштемир Абулхайрнинг ўзига ўгирилади-да: «Хотинингни бетини оч! Кўрайлик! Дийдорига тўяйлик! Бари бир ўзингники, қизағанаверма кўп», дейди. Абулхайрнинг ўзи ҳам чиройли хотинини дўстларига кўз-кўз қилишни истаётганди, аммо Тоштемир яна шунақа гаплардан айтсин,
даврани қиздирсин, деб ўтирганди. Чунки кейин хотинига: «Кўрдингми, менинг шунақа зўр дўстларим бор», деб мақтанмоқчи. «Очсанг бетингни очақол, бари бир ўзимникисан», дейди Абулхайр беписандлик билан хотинига. Хотини ерга қарайди. Шунда Абулхайр ёнбошлаб ётган жойидан чўзилиб, рўмолнинг бир четидан тутганча, тортиб юборади. Ёш келинчакнинг юзи очилиб, уялади. Тоштемир ҳазилини давом эттиради: «Сиз, мўйинса, жуда зўр, чиройли экансиз. Қандай қилиб, бизнинг Абулхайрга тегдингиз? Сиз бамисоли атиргул бўлсангиз, Абулхайр чўлда қуриб қолган чақиртиканакдай гап-ку!», дейди. Болалар кулишади. Келинчак ҳам қимтиниб ўтирса-да, кулиб юборади. Абулхайр Тоштемирнинг гапини кўнглига олмайди. Тоштемир ўзи шунақа, шақир-шуқур, ичида гап ётмайди. Ғаразгўйлиги йўқ. . «Эҳ, Абулхайр, - дейди Тоштемир яна, - тўғрисини айтсам,
сенга =асадим келяпти. Афсус, минг афсус, билмай қопман-да, шундай зўр қиз қўлдан чиқиб кетибди-я! Агар мен ҳам шундай чиройли қизга уйланганимда ҳеч қайсингга
Кўрсатмасдим, ҳеч қайсингни уйимга киргизмасдим ҳам. Уйни ичидан қулфлаб олиб, фақат ўзим томоша қилиб ётган бўлардим. Маз-за! Сен эса, ахмоқ, уни бизга кўрсатиб ўтирипсан. Ана энди нима бўлди?! Ҳаммамиз сенинг хотинингни яхши кўриб қолдик. Сенам яхши кўриб қолдингми, Алибек? Сенамми, Лапас? Ана, кўрдинг? Эсингда бўлсин,
Иккинчи марта шунақа чиройли қизга уйланадиган бўлсанг, ҳеч кимга кўрсатма. Сандиққа солиб, ўзинг сандиқнинг устига чиқиб ўтириб ол! Тушундингми? Ҳалиям кеч эмас лекин!..» Ўшанда Абулхайр ҳам жим турмайди. Боплайди: «Керак бўлса, алам жудаям ўтиб бораётган бўлса, сенам отангга айт, сениям уйлантириб қўйсин»...
Тун ярмидан оққан, куёвнавкарлар маст, бир-иккитаси ухлаб ётар, қолганлар ҳамон алёр айтиб, шишаларнинг тагида қолганларини излаб, топиб, бўшатиш билан банд эди.Кўп ўтмай янгалар куёвни чақириб олиб кетишди. Абулхайр ҳавас билан ортидан тикилиб қолди. Ҳозир куёв келиннинг олдига киради. Келин уялиб, қисилиб, қимтиниб туради. Агар куёв дадил бўлса, келинни шартта икки елкасидан тутиб, ўзига қаратади, кўзларига тикилиб: «Менга тегаётганингдан хурсандмисан?», деб сўрайди. Абулхайр шундай қилган бўларди. Келинчак оппоқ ҳарирга ўралган. Келинчакка оқ кийим жуда ярашади. Умуман, Абулхайр оқ кийим кийган қизларни яхши кўриб кетаверади. Бора солиб, бағрига босишни истайди. «Титрама, жонгинам! Мен сени севаман!» дейди куёв. Ё «жонгинам» демагани маъқулми? Келинчакни талтайтириб юбориши мумкин-да бунақа гаплар! Жудаям ўлиб турган экан, деган фикрга бориши мумкин. Бунақа гаплар одатда тўйгача айтилади. Тўйдан кейин жиловни қўлга олиш керак бўлади. Ҳар қалай эр – уйнинг эгаси, хотиннинг югурдаги эмас. Умуман олганда, биринчи кечада, янги келинчакка руҳан далда бериш мақсадида «жонгинам» деяверса ҳам бўлар, аммо кейин бунақа гапларни айтишни ўйлаб кўриш керак бўлади. «Севаман» деган сўзнинг ўзи қизиқ. Қандайдир, бачканага ўхшайдими-эй! «Мен сени севаман!» Шуям гап бўлдими? Бунақа гаплар фақат қўшиқларга ярашади.
Яримта-юрумтаси қолган шишалар ҳам бўшатилгандан сўнг йигитлар тарқалиш учун ўринларидан қўзғолишди. Уч дўстнинг ҳам уйи бир тарафда. Улбозорларники эса қарама-қарши тарафда эди.
— Юринглар, бу томонга борамиз, - деди Абулхайр дўстларини Улбозорлар тарафга бошлаш ниятида.
— Қаёққа?
— Икковларинг бир бўлиб менга қоровуллик қиласизлар. Бугун мен ҳам биринчи кечамни ўтказаман.
— Эсинг жойидами ўзи? – деди Лапас. – Ўзи зўрға оёқда турипмиз. Тағин шарманда бўлиб ўтирмайлик, тинчлик керак.
— Бормайсанми?
— Йўқ...
— Бормасанг сира борма. Алибек, сен юр. Жўрачиликка бир кеча қоровуллик қилсанг нима бўпти.
— Қўйсангчи, жуда чарчадик, уйга етиб ухлаш керак.
— Бормасанглар борманглар, ўзим кетавераман, - деди Абулхайр силкиниб. Силкинганда гандираклаб кетди.
— Йўқ, сенам бормайсан. Биз билан кетасан, - деди Лапас.
— Қўйворинглар, - Абулхайр яна силкинди, аммо икки дўсти маҳкам ушлаб олган экан, ўзини ажратиб ололмади. Билдики, энди қўйишмайди. Боришмаса боришмасин. Нима? Қўрқадими? Неча марталаб учрашган. Қоровул шарт эмас. Шу вақтгача бирон марта қоровулнинг кераги бўлмаган, ҳар гал постида тургани билан. – Қўйворинглар, майли, бормайман. Тўйга қайтиб кираман. Отамни уйга олиб кетаман.
— Улбозорга бормайсанми?
— Йўқ.
Абулхайрни қўйиб юборишди. Абулхайрга қайта-қайта тайинлаб, икки дўсти уйларига кетишди. Абулхайр улар узоқлашганча тўйхонага кирган киши бўлиб, паналаб турди-да, кейин... Улбозор ухлаб қолган экан, деразани уч-тўрт марта тақиллатгандан кейин очди.
— Ҳа!?
— Кўшковутдан келин олиб келдик. Шунинг учун кеч қолдим, - дея Абулхайр деразанинг рахига чиқди. Уйга кириш пайти одат бўлиб қолгани учунми ё мастликда сезмадими, ишқилиб, туфлисини ечиб, деразанинг тагида қолдирди-да, ўзини ичкарига ташлади. Улбозор Абулхайрнинг йўлини тўсмоқчи бўлган эди, иккови остинма-устун бўлиб, Улбозорнинг кўрпа-тўшагига қулаб тушишди.
— Нима қиляпсиз? – йиқилганларида пол дукиллаганидан қўрқиб кетди қиз. – Отам билиб қолса ўлдиради. Во-ой, сиз мастмисиз?
— Қўрқма! Отанг билмайди. – Абулхайр нима деяётганини ўзи ҳам билмас, қоронғида Улбозорнинг лабларини ахтарарди.
Қиз энди ўзига келгандай, чўчиб тушди. Зўр бериб, йигитнинг қучоғидан чиқишга урина бошлади:
— Қўйинг, Абулхайр ака, қўйинг! Бари бир яхши эмас! Кетинг! Илтимос сиздан, Абулхайр ака, кетинг! Ахир сиз нима қилмоқчи бўляпсиз, биласизми? Мен қандай қилиб бош кўтариб юраман?! Одамларга қандай қарайман?!...
Қизнинг ваҳимага тўла шивирлашларида билинар-билинмас эркалаш оҳанглари ҳам бўлиб, буни Абулхайр сезар, шу туфайли ҳаракатларига шижоат қўшилиб борарди. Айни дамда нима деса, қиз барча истакларини бажо келтиришини англаб, нақадар лаззатланиб кетди: Улбозор қўлида! Уни истаган куйига сола олади. Ҳа-а, Абулхайр зўр! Қизларни бу тахлит ўзига қаратиш на Лапаснинг, ва на Алибекнинг қўлидан келмайди, керакк бўлса. Ҳатто Тоштемирни ҳам йўлда қолдириб кетади. Бунинг учун истеъдод керак! - Абулхайрнинг истеъдоди керак!
— Одамларга қараб нима қиласан? Менга қарасанг бўлди-да!
Улбозор «ҳиқ» этди-бю, жимиб қолди. Ҳатто қаршилик ҳам кўрсатмай қўйди. Бир оздан сўнг қандайдир овоз чиқара бошлади. Йиғлаяптими, куляптими, Абулхайр аввалига ажрата олмади. Кейин йиғлаётганини билиб, шошиб қолди. Энди Улбозорнинг ўзи уни маҳкам қучоқлаб, йиғи аралаш деди:
— Абулхайр ака, айтинг, бир нима бўлса, мени ташлаб кетмайсизми? Айтинг, сиз мени севасизми ўзи? А?! Тушунсангизчи?! Мен сизни уйга киритиб олдим! Биров билиб қолса, шарманда бўламан!
— Ҳеч ким билмайди, - деди Абулхайр уни юпатмоқчи бўлиб, аммо Улбозорни юпатиш учун бошқа гапни айтиш кераклиги англаб давом этди: - Сени ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Сени яхши кўраман! Сени севаман, Улбозор! – Шу жумлани айтаркан, Абулхайр беихтиёр тўлқинланиб кетди ва жумлани айтиш баробари Улбозорни севишига ўзи ҳам ишона бошлади. – Мен сени севаман, Улбозор! Сени оламан, эртагаёқ уйда отамга айтаман. Мени Улбозорга уйлантириб қўйинг, дейман.
Улбозор ўксиб-ўксиб йиғлар, «отамнинг юзига оёқ қўяяпман», дердию, худди қочиб кетадигандай, Абулхайрни ҳам қўйиб юбормасди. Ҳиқиллаб: «Сиз бари бир мени ташлаб кетасиз», дер, бу гапини қайта-қайта такрорларди.

* * *
Боғмонни ўғилчаси тамшаниб уйғотиб юборди. Ўғилчаси ҳозир уч ёшда. Бешта қиздан кейин тилаб олгани шу. Бу ҳам онасининг шўрига келган экан, кўзи ёридию, оламдан ўтди. Ўшандан бери Боғмон бева. Ёши элликка бориб қолди. Қизлари катта бўлиб қолган, ҳар қалай шулар кунига яраб турипти. Тўнғичи Улбозор бўй етиб қолди. Нонниям ўша ёпади, кирниям ўша ювади. Ўғил кутишганди-да, қиз бўлиб қолди. Кейин, ўғлимиз кўп бўлсин, деган тилак билан унинг исмини Улбозор қўйишди. Омад келмаса қийин экан, Улбозорнинг орқасидан яна тўрт қиз туғилди.. Совчилар эшигининг турумини бузишяпти. Совчи келаверса, отанинг кўнгли кўтарилавераркан. Боғмон ҳар сафар хурсанд бўлиб кетади. Нимага хурсанд бўлади, ўзям билмайди. Фақат Улбозор тушмагур, суриштирмай-нетмай, ҳаммасини рад қиляпти. Боғмон ҳам бир нима дегани йўқ. Майли-да! Ҳали ёш, ким билан яшашини ўзи ҳал қилсин. Бунинг устига иккинчи қиз рўзғор ташвишларини ўз гарданига олгунга қадар Улбозор уйда бўлиб турганиям маъқул. Шошиб нимаям қилади.
Боғмон бир-икки жойдан бева излади. Эрсиз хотинлар кўп, аммо эрга тегадигани кам экан. Тегадигани ҳам олти болали бобойни рад қилди. Э, Боғмонга қийин бўлди! – Боғмон меҳрга тўлиб, пишиллаб ухлаётган ўғлига термулди. Елкаси сал-пал очилиб қолган экан, яхшилаб ёпди. Кичкинагина гўдак, онасининг бошига етди-я! Ўзиям озмунча қийинчиликларни кўрмаяпти. Битта одамни ўлдиргандан кейин шу-да! Она сутидан бебаҳра қолди. Янаям Улбозорнинг борига шукр! Ўша қаради. Ўша катта қилди! Насиб этса, ҳали бир зўр йигит бўлсин. Барлосда бугун тўй. Кўшковутдан келин олиб келишган Ким билади, ўғлига қаердан келин олиб келишаркан! – Боғмон орзиқди. Ишқилиб, яхшигина, гапга кирадиган келин бўлса-да... Боғмонга ўхшаш бечораларни оёқ ости қилиб кетавермаса... Бир-икки соатда тонг отади. Озроқ ухлаш керак. Боғмон ўрнига чўзилмоқчи бўлди, аммо уйқус қочган эди, шунингдек, мажбурият юзасидан ташқарига чиқиши керак бўлди.
Баҳор ҳавоси! У ҳар қандай ҳиссиз, бефарқ тўнкани ҳам кўкартириб юборишга қодир. Айниқса, эрта тонг пайти. Боғмоннинг руҳига шодлик югуриб, кўчага чиқди. Кўкрагини тўлдириб-тўлдириб ҳаво симирди. Кўнгли яйраб, кўча бўйлаб, озроқ юрди. Кейин ўгирилиб, ўз уйига қаради. Оддий қишлоқ уйларидан бири. Ана, кўча тарафдаги деразаси. Ўша хонани Улбозор эгаллаб олган. Ўнинчига ўтганидан бу ёғига. Боғмон қаршилик кўрсатмади. Кунига яраб турган фарзанди шу бўлса. Раъйини қайтариб нимаям қилди. Бир ўзи шу хонада ётади. Боланг улғаяверса шу экан, талаблари ҳам улғайиб бораркан. Баҳслашиш қийинлашаркан. Охири, билганингни қил, деб ўз ҳолига қўйишга мажбур бўларкансан. Бир йилданбери шу аҳвол... Ий-э! Деразаси очилиб қолиптими? Ўзи очиб ётдимикан ё эсидан чиқдимикан? Тағин баҳор ҳавосидан симираман, деб совқотиб қолмасин. Тез ёпиш керак.
Боғмон деразани ёпди. Қайтиб юраман, деганди, нимагадир оёғи чалкашди. Тош бўлса керак, деб ўйлади аввалига, аммо у бир қадар майин эди, тошга ўхшамасди. Тонг отиб борар, атроф ёруғлашарди. Боғмон ерга қараб, бир пой туфлини кўрди. Хотиржам, тепиб юборди. Шу кўйи озроқ туриб қолди. Сал-пал жунжикаётганини сезиб, ҳовлига ўтмоқчи бўлдию, туфлининг иккинчи пойига кўзи тушди. Ниманидир англагандай, сеграк тортди. Икки пой туфлини ҳам қўлига олди: бир кишиники, ташландиқ эмас. Кийилаётган буюм. Биронтаси эсидан чиқардимикан? Нега энди айнан шу ерда, Улбозорнинг деразаси олдида эсидан чиқаради???!! Улбозор??! Наҳот??!...
Боғмон деразани очиб «Улбозор, ҳў Улбозор!» деб чақирди. Хона қоронғу, ичкари яхши кўринмасди. Анча вақтдан кейин қўрқинч ва ваҳима аралаш «ҳа» деган жавоб эшитилди. Шу заҳоти яна кимдир типирчилади, кейин сакраб турганча кийина бошлади. Боғмон аввалига тили калимага келмай, қотганча унинг кийинишига қараб турди. Кейин эшикка йўналаётганини кўриб: «қочяпти-ку!», деган фикрдан даҳшатга тушиб, қочаётганни ушлаш мақсадида ҳовли айланиб, эшик томонга югурди. Боғмоннинг ҳовлиси – бир бечораники. Тўрт томони очиқ.. Эшикка чиқиб олса бўлди, истаган томонига қочиб кета олади. Йигит эшикдан чиқиб, томорқа тарафга юзланганда Боғмон ортидан етиб борди. «Бу қанақа йигит? Ким? Кимнинг боласи?» Ҳали бу саволларга жавоб изламаган, излашга улгурмаганди. Муҳими, қизининг олдига нияти бузуқ одам кирган, уни ушлаш, қўлга тушириш керак эди. Тескари ўгирилгани туфайли Боғмон унинг бетини кўрмади, кимлигини аниқлай олмади. Етганча, унинг кўйлагидан тутди. Йигит кўйлагини силкиб тортди, зарб кучлилик қилиб, кўйлакни маҳкам тутгани учун Боғмон йиқилиб қолди. Йигит чаққон ҳаракатлар билан қўшни ҳовлидан ўтиб, нариги кўчага чиқиб қочди... Бир пас гангиб ўтириб қолган Боғмон нима фожиа юз бераётганини англаб, яна ўрнидан турди. Шошганча Улбозорнинг хонасига кирди. Қизи ҳеч нарса бўлмагандай, бемалол ухлаб ётарди. Чини билан ухлаяптими, жўрттагами, билиб бўлмасди. Ҳар қалай шунчалар воқеалар бўляптию, бунинг чини билан ухлаётганига ишониш мутлақо мумкин эмас эди.
Боғмон кўнгли бўш одам эди. Шу туфайли уч йилдан бери қайтадан уйлана олмаётган эди. Йўқса, Барлосда хотини ўлган, бошқа сабаб билан хотинсиз қолган Боғмон тенгилар оти ойга етмай яна уйланиб олишяпти. Уларнинг болалари ҳам Боғмонникидан кам эмас. Фақат ўзи камсуқум. Айби шу.
Йигитнинг силовидан Боғмоннинг кўкси ҳамон оғрирди. Боши ғувилларди. Бунинг устига Улбозор ҳкч нарсадан бехабардай ўзини бу аҳволга солиши-чи?! – Боғмоннинг ичи аламдан, ночорликдан ўртаниб, тўлиб-тошиб кетди. Кўзларидан ёш чиқиб, остонада ўтириб қолди. Кўнглидаги армонлар бир қадар тўкилгандай бўлгандан сўнг ўрнидан турди. Яна Улбозорга тикилди. У ҳамон гўё бамайлихотир ухлаб ётарди. Боғмон ғазабланиб кетди: Ҳе, онагинангни сени... Бу нима ётиш?! Отасини ўйнашига урдирди! Ўйнашига урдирди-я, отасини! Боғмонни! Қиз ўстириб, етмоқчи бўлган нияти шумиди?! Боғмон ҳозир сенга онагинангни кўрсатиб қўяди. Кўзгинангга кўрсатиб қўяди! Қани, кейин Боғмон бир кўрсинчи! Боғмон бир томоша қилсин-чи! Ҳо-о, ойимча-э! Жуда эрсираб бораётган экан, айтмайдими? Боғмон тўйсиз, бошқасиз, қўлидан ушлатиб, етаклатиб юбормайдими? Боғмоннинг ўзиёқ йигитнинг уйига олиб бориб ташламайдими Улбозорни! Ўн саккизга кирар-кирмас кўнгиллари эр тусаб қолган бўлса! Буни қаранглар-а! То отаси бирор тенгини топганча чидай олмаётган экан-да, айтмайдими? Яхши, яхши! Боғмонни жуда хурсанд қилди. Боғмоннинг боши осмонга етди. Боғмон ҳозир шодликдан ўзини қўйгани жой тополмаяпти. Ҳалитдан бўлғуси куёвнинг ширингина силтовини тотди. Улбозорга яна нима керак? Отасининг оғзи-бурни қон бўлиб қолганда яхшироқ бўлармиди? Ўшанда ҳам худди шунақа, кўзини юмиб ётаверармиди?! Ундан кўра, эр-хотин бўлиб олиб, кейин Боғмонни икковлашиб, Барлоснинг ўртасига судраб олиб чиқиб, урганларида яхшироқ бўлармиди! Ўл бу кунингдан! Эшшак!! Ахмоқ! Ҳайвон!!! Энди Боғмон қандай бош кўтариб юради?!
Боғмон шашт билан Улбозорнинг устидаги кўрпасини юлиб отди. Улбозор аста кўзини очди. Қовоқларини ишқалади, энди уйғонаётган кишидек, ҳайрон бўлиб саволомуз отасига тикилди. – Агар Боғмон ҳозир яхшилаб тикилганда қизининг кўзларидаги қўрқув аломатларини пайқаган, бир зумда уни айбларига иқрор қилган бўларди. Аммо Боғмон бундай қилолмади. Бутун умр бировнинг кўзига тик қарамаган бир бечора нотавон эди у. Ҳозир эса ўз фожиаси билан банд эди. Оиласи бошига тушган бу фалокат уни буткул гангитиб қўйган эди. – Қизининг безбетлигидан Боғмоннинг яна шашти тушди, йиғлагиси келди, аммо зўрға ўзини тўхтатиб қолди. Бирдан ўша йигитни эслади. Ким ўзи у? Туфли эсига келиб, шошилганча кўчага чиқди. Бояги туфлилар ўзи қолдирган жойда ётарди. Боғмон уларга ёпишди. – Мана! Мана, Боғмонни шармандаликдан халос қиладиган нарса! У йигит энди қочиб қутула олмайди. Мажбур, Улбозорга уйланишга мажбур!
— Кимиди у?! – сўради Боғмон орқасидан чиққан Улбозордан.
Улбозор ҳайрон бўлгандек отасига қаради.
— Ким эди у, деб сўраяпман мен сендан??
— Ҳеч ким! – терсланди Улбозор совуққина.
— Унда бу туфли қаердан келди?
— Билмасам.
Боғмон чидай олмади. Шашти синиб, бўшашди. Бу йигит қизини бир бало қилган. Ўзига қаттиқ боғлаб олганга ўхшайди. Қандай бўлмасин, уни топиш керак. Ҳозироқ! Энди Улбозор ҳеч нарса айтмайди. Уриб ўлдирсанг ҳам гап ололмайсан. Раҳматли онаси шунақа эди. Бунда онасининг феъли бор. Тез топмаса, у йигит қочиб қолиши ҳам мумкин.
Кейин ота-онаси ҳам тан олмай қўйиши бор... Боғмон бунга йўл қўя олмайди. У йигитни топади. Улбозорнинг хонасига кириптими, энди биратўла уйига олиб кетсин. Уйлансин. Тўй-пўйи керак эмас. Боғмон Улбозорни, бутун оиласини иснодга қолдириб қўймайди. – Боғмон туфлини қўлтиғига қистириб, кўчага юра бошлаганди, Улбозор йўлини тўсди:
— Борманг, борманг унинг олдига! Керак эмас! У мени оламан деган. Ўзи келади.
Боғмон яна ғазаблана бошлади. Қизининг бу ҳаракати ҳамма қилиғидан ошиб тушди. Уйланиш кўнглида бор йигит шунақа қилиб қочиб юрадими? Ақли-ҳуши жойидами ўзи? Орадан бир-икки кун ўтса, кейин у тан олмай қўйиши мумкин ахир!
— Бормайдиган бўлсам,.. унда айт: ким у?
Айни дамда Улбозорда отасини тинглайдиган аҳвол йўқ. Мақсади: қандай қилиб бўлмасин, отасини кўчага чиқишдан тўхтатиш, Абулхайрни гап-сўздан қутултириш эди. Чунки, Абулхайр шуни талаб қилди: «Отанг кўчага чиқиб, мени гап-сўз қиладиган бўлса, икки дунёдаям кейин сенга уйланмайман. Отангни тинчит!» «Кейин мени оласизми ахир?!» «Отангни тинчитсанг...» У ёҳини аниқ айтмади. Ўлдими, олса керак. Ахир қандай қилиб қиз болани шу аҳволда ташлаб кетиши мумкин?! Ўзи «сени севаман!» деди. «Бир умр бирга бўламиз!» деди. Абулхайр яхши йигит! Абулхайр Улбозорни севади. Отаси эса ҳеч нарсани тушунмасдан ишни бузмоқчи.
— Бормайсиз! Ҳеч ёққа бормайсиз! – Улбозор отасининг бўйнига осилди.
Боғмон баттар аччиқланди. Улбозорни силкиб ўзидан ажратди: «Ким у? Ким деб сўраяпман мен сендан??» - Боғмон шапалоқлаб қўйиб юборди Улбозорни. Кейин алам билан яна йўлга чиқаётганди, Улбозор яна йўлини тўсди. Боғмон яна бўшашди:
— Айт қизим, жон қизим, ким у? – Боғмоннинг илтижоли кўзлари ёшланди.
— Бормайсиз! Абулхайрнинг олдига бормайсиз! У менга уйланмоқчи. Отангни тинчитсанг уйланаман, деди.
Боғмон гарангсиб ўтириб қолди. Ҳали қизи Абулхайрга илашиб қолдими. Оламан эмиш. Асли унинг отаси ёлғончи-ку! Ўшанинг гапига ишониб юриптими. Улбозор яна алланималар дер, аммо энди Боғмоннинг қулоғига гап кирмасди. Боғмон Абулхайрниям, унинг отасиниям аввалдан ёқтирмас, аммо бўлар иш бўлган, энди бориб «қизимни оласан», дейишдан бошқа чораси қолмаганди. Отасининг нега ер билан битта бўлиб ўтириб қолганини Улбозор аввал тушунмади. Кейин Абулхайрни айтиб қўйганини англади: «Тамом! Аввал тамом бўлмасаям энди тамом! Гапингда турмадинг, энди сендан кечдим, десая Абулхайр. Дейди у! У шунақа! Наҳотки энди Абулхайрдан ажраб қолади? – Улбозорнинг томоғи «ғип» бўғилиб, югурганча уйга кириб кетди.
Ўйга ботиб ўтириб қолган Боғмон анча вақтдан кейин ўзига келиб, жавдираганча атрофига қаради. Ёнида ётган туфлини олди-да, гандираклаб, кўчага чиқди. Битта-яримта чаққон келинлар молини подага ҳайдаб чиқаётган саҳар пайти бўлиб қолган эди.

* * *
Абулхайр билдирмасдан уйига кирди. Даҳлиздан эски туфлисини топиб кийди-да, Алибекларникига жўнади. Алибек: Чўлга борамиз, ишлаймиз. Кўп пул топамиз», деб юрарди анчадан бери. Алибекни аул эмас, аслида чўл романтикаси, ёшларнинг чўлдаги шижоати қизиқтирарди. Энди чўлга кетаверадиган вақт бўлди шекилли. Фақат тезроқ, Боғмон ака орқасидан етиб келмасдан тезроқ жўнаш керак чўлга. Алибекнинг ўзи уйида алоҳида хонада ётишини яхши биларди. Доим кириб-чиқиб юргани, аксарият қалин дўстлар бир-бириникида ётиб ҳам юрардилар. Шу туфайли Абулхайр ҳеч бир иккиланишсиз тўғри у ётган хонага кириб борди. Алибек ухлаётган экан, силкиб-силкиб уйғотди.
— Ҳа? Тинчликми? – сўради Алибек кўзларини ишқалаб.
— Кетдик. Чўлга!
— Туш-пуш кўрмадингми? Чўлга шу вақти шунақа тарзда кетадими?
Абулхайрнинг қаттиқ аччиғи чиқди. Ҳозир ади-бади айтишиб ўтиришга тоқати ҳам, вақти ҳам йўқ эди. Қандай бўлмасин, сир ошкор бўлгунга қадар қишлоқдан чиқиб кетиш керак, кўздан йўқолиш керак. Кейин... нима бўлса бўлар. Аниғи шу эдики, Абулхайр айб иш қилганди. Қўлга тушса жазоланарди. Абулхайр шу жазодан қочиб кетаётганди. Бу жазо Боғмон аканинг калтагими ёки қамоқми, бунинг аҳамияти йўқ. Қўлга тушмаса бўлди.
— Кетасанми, йўқми??!
— Шошмай тур, тонг отсин, нонушта қилайлик. Отамдан рухсат сўрайлик. Бунча шош...
— Юрсанг ҳозир юр, мен кетяпман.
Алибек кулиб юборди, уни ҳазиллашяпти деб ўйлади. «Унда мен сенга оқ йўл тилайман», деганча чаппа ўгирилиб, кўрпасига ўраниб олди.
— Бормайсанми?
— Йўқ...
— Одам эмас экансан!
Абулхайр кўчага қайтиб чиқди-да, катта йўлга равона бўлди. Ўша ердан тўғри келган автобусми, машинами ўтиради-да, Самарқандга етиб олади. Ундан тўғри чўлга ўтади. Йўл бўйлаб, кеча ёр-ёр айтганлари эсига тушди. Гўё дўстлари бирлашиб:
Абулхайр қочмоқда,
Ёр-ёр, ёрон-эй!
деб байт айтишаётгандай. Дўстларининг ичида Тоштемир ҳам бордай. У ҳаммага Абулхайрнинг қочаётганини кўрсатиб, қотиб-қотиб кулаётгандай.

Лола сайли
Шоҳиданинг санаторийга келганига анча бўлди. Тоғ ҳавоси ёқди, шекилли, юзига қизиллик югуриб қолди. Биринчи кунлари палатасидан чиқмасди: ётарди, телевизор кўрарди. Овқатланиш учун ошхонага зўрға бориб келарди. Баъзан ҳамхонаси Муҳаррам:
— Палатада ётавериб, димиқиб кетмайсизми? – деганча кўчага судрарди.
Муҳаррам – йигирма беш ёшлардаги қувноқ жувон. Дам олувчи йигитлардан танишлари кўп. Ташқарига чиқдими, ўшалар етиб келишади. Муҳаррамулар билан очиқ-ойдин гаплашаверади. Баъзан меёридан ошириб юборади. Шоҳидага бунақа чегарадан чиқишлар ёқмайди, мазам қояпти, деган баҳонани қилиб, шартта палатага қайтади. Йўқ, йигитларни ёмон демайди, балки ҳақиқатан ҳам яхши йигитлардир. Кўнгилларида кири йўқдир, бари бир улар гап сўрайвергандан кейин жавоб беришга мажбур. Суҳбатлашаётганда кўз олдига Облоқул келадию,..
Шоҳида касалхонада бир йил ётди. Шундан етти ойи гипсда. Шоҳида ётган ерида эрининг борган сари озиб-тўзиб бораётганини кўриб, у келганига кўзларига тикилиб, унинг ҳароратли қўлларини юзига суркарди. Ёш томчилари ёноқларига сизиб чиқарди. Облоқул уни алқамасди, кўнгил учун «йиғлама», демасди. Меҳр тўла кўзларини тикиб тураверарди.
— Мана кўрасан, - дерди ишонч билан, - ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Сен тузаласан, врачлар билан гаплашдим. Менга Шоҳидани тузатиб берсангиз бўлди, дедим. Нима керак бўлса топаман, дедим. Улар ҳам «қўлимиздан келган чорани кўрамиз, тузалиб кетади», дейишди. Эҳ-ҳе, ҳали ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасан. Ўшанда яна тоғларга чиқамиз, лола терамиз, хўпми?
... Шоҳида аҳволи оғирлигини касалхонага тушгандаёқ сезган, ҳаётдан умидини узиб қўйганди. Уй-жой, мол-ҳол, бола-чақа у ёқда турсин, ўзини эплай олмаса, бошини ёстиқдан кўтара олмаса, нима қилсин? Ўшанда эрининг кулиб турган кўзларига қараб, раҳми келганди. Ўзига осон: ўлади-кетади, вассалом. Шўрлик эри эса овора бўлиб, ҳар ҳафта Барлосдан Самарқандга касалхонада ётган хотинини кўргани келиши керак. Балки бир кун бу юришлар жонига тегар... Шоҳида шуни ўйласа, қўрқиб кетар, охирги дақиқасигача ундан ажрашни истамасди. Майли, кейин ўлигини кигизга ўраб, Барлосга олиб кетсин. – Бошқа ҳеч киммас! Фақат – у! Келин бўлиб тушган, бир дунё ширин-ширин орзулар олиб келган хонасида ҳеч нарсадан бехабар, беҳис, бежон, тинчгина ётаверади. Қайнонаси бошиа сочларини юлиб йиғлайди. У жуда яхши аёл. Келинлигининг биринчи кунлари унга ёқиш учун воситалар ахтарарди. Кейин билса, қайнонаси ҳам келин билан келишиб, яхши яшаб кетиш учун восита ахтараётган экан. Кейинчалик шу ҳақда гаплашиб қолиб, иккаласининг ҳам фикри бир жойдан чиқиб, роса маза қилиб кулишганди... Яна... шаҳардан ота-онаси боришади. Ҳовли йиғида тўлади. Онаси унинг совуқ, қотиб қолган юзини силайди. «Қизгинам, сен ўлганча мен ўлсам бўлмасмиди? Худо сенинг жонингни олганча меникини олса бўлмасмиди?» дея аюҳаннос солади. Кейин У келади. У мард, чидамли. Бари бир севган ёри – Шоҳидаси билан видолашиши керак. – Кўзлари намланади.
Шоҳидани эса ҳаётнинг ҳеч қандай ташвишлари энди қизиқтирмайди.Лекин шунга қарамай, қалбан азобланаётган, ғам-ғуссага ботган эрига тикилади. Сочларига дарров оқ оралапти. Ҳаммаси ўзининг ўлими туфайли эканини англайдию, сакраб тургиси, «бўлди, кўп куйинаверманг, мен энди ўлмайман, жоним», дегиси келади. Ҳатто ўрнидан турмоқчи бўлади. Аммо қимирлай олмайди. Шунда ўлик экани эсига тушадию, яна ҳаммасига бефарқ бўлиб қолади. Кейин Шоҳидани кафанга ўраб-чирмаб соладилар-да, қабристонга олиб жўнайдилар. Ҳовлида аёллар бўзлаб қолишади. Уларнинг ичида онаси билан қайнонаси ҳам бор. Бир ёшли ўғилчаси қандайдир бегона аёлнинг қўлида. У ҳам чирқиллаяпти. Уч ёшли қизчаси эса қайнонасининг пинжига тиқилганча, ёмон ҳодиса бўлаётганини сезиб, қўрқув аралаш бир унга, бир бунга олазарак аланглайди. Шоҳидани чиқаришаётганда қайнонаси дод солади. Тобут кўтарганларга: «қизимни бермайман!» (Шоҳидани, қизим, дерди) деб тармашади. Кўз олди қоронғулашиб, ҳушидан кетади. Аёллар қайнонаси билан овора бўлиб қолишади. Тобут кўтарган эркаклар ҳам тўхташади. У ўз дарди билан аввал ҳеч нарсани пайқамайди. Ҳамма ҳовлига шошилаётганини кўриб, яна бир кўнгилсизликни сезиб, аста қадам ташлайди. – Онаси ҳушидан кетган! - Шошиб қолади. Нажот излаб одамларга қарайди. – Шоҳидаси тирилсагина ҳамма нарса аввалги жойига тушиши мумкин. Аммо Шоҳида ўлган... Ўлган!!!
Бу кўнгилсизликни кузатиб ётган Шоҳида чидай олмайди. Ўрнидан турмоқчи, сакраб ерга тушмоқчи бўлади, лекин маҳкам боғлаб ташлашган. «Жоним, қўлларимни ечинг, тушай, дардингизга дармон бўлай», демоқчи бўлади, аммо овози чиқмайди. – Ўлган! – хўрлиги келади. Ўлган одам ожизлигини, тириклар нима қилса, шу ҳолга тушишини яна бир бор эслаб, қимирлашга ҳаракат ҳам қилмай ётаверади....
Шоҳида касалхонага дастлаб тушган кезлари шунақа ваҳимали нарсалар ҳақида кўп ўйларди. Баъзан қўрқса, баъзан ўз ўлимига ҳам одатдаги воқеадай хотиржам қарайдиган бўлиб қолганди. Яхшиям У бор экан. Бўлмаса, сўзсиз ғамнинг ўзиёқ Шоҳидани адо қиларди. «Сочингни супурги, қўлингни косов қилиб бўлса-да, кўнглини оладиган эринг бор экан. Тузалиб чиққанингдан кейин сира гапини икки қилма», дейди Врач. Шоҳиданинг кўзлари порлаб кетади. Яқинингнинг яхшилигини қалбан ҳис қила туриб, бошқа бировдан ҳам эшитиш одамга алоҳида қувонч бағишларкан-да. Уни эсаласа, юзига ёш томчилари сизиб чиқаверади. Артмайди. Артишга уринмайди. Майли, нимага йиғлаётганини билиб қўйишсин. – Бахт ёшларидан уялиш шарт эмас. Ҳар ким ҳам Шоҳида эришган бахтга муяссар бўлавермайди. Ҳар бир жувоннинг ҳам турмуш ўртоғи Облоқулдек содиқ ва меҳрибон эмас. У ишонч билан «тоққа чиқамиз, лола терамиз», деди. Агар шу гапини касалхонага тушган кунлари айтса, ишонмас. Мендек бечора, хастанинг устидан куляпти, деб хафа бўларди. Аммо ўша дамда беихтиёр севгилисининг гапларига ишонгиси, «Сиз жуда яхши одамсиз!», деб кўксига миннатдорона бош қўйгиси келди. Аммо ҳали гипсда ётипти. Кўп ўтмай, Шоҳида яна юриб кетади. Улар биргалашиб тоққа, лола сайлига чиқишади. Икковлон қўл ушлашганча лолазор оралашади. У лола тутади. Шоҳида лолани олаётганда кафтидан тутиб қолади. Қўллари ҳароратли. Ҳарорат Шоҳидага ҳам ўтади. Унинг кўзларида меҳрибонлик, садоқат мужассам! Бу нигоҳларда Шоҳида илғайдиган ва илғамайдиган, сезадиган ва сезмайдиган, биладиган ва билмайдиган кўпдан-кўп яхшилик аломатлари бор. Ҳаммаси Шоҳида аталган. Шуни ҳис қиладию, Шоҳиданинг бахтиёрлиги ўн чандон ошиб кетади. – Қўлида эса лола! Лолани биргалашиб тутиб туришипти. Тўлиб-тошиб келаётган ҳисларини жиловлаш учун Шоҳида лолага қарайди, фикрини чалғитишга уринади. Аммо... қаёққа қарамасин кўзлари биргина Уни излайди. Юраги биргина Унга интилади. Фикрлари биргина Унга қаратилади. Беихтиёр ўзини Унинг бағрига отади. Уялиб, юзини Унинг кўксига яширади. Ҳамма ёқ қип-қизил лола! Удди ёйилган гиламдек...
У «тоққа чиқамиз», деганда Шоҳида шундай хаёллар сурганди. Асли, икковининг танишишларига ҳам лола сайли сабаб бўлган эди. Умуман, буни унчалик лола сайли демаса ҳам бўлаверади.
Ўшанда ҳам тоққа чиқишганди. Самарқандда институтда иккиси параллел гуруҳларда ўқишардию, ҳеч юрак ютиб, яқинлашиб, бирон марта тузукроқ суҳбатлашмагандилар. Албатта, ўша воқеагача бу нарса иккисининг ҳам хаёлига келмагандир: жисмоний тарбия дарсидан «синов»дан ўтиш учун шаҳардан ўн беш килолметр наридаги Оҳалик тоғига пиёда «тур-поход» ташкиллаштирилди. Иккинчи курс битирувчилари кўчаларни тўлдириб, Самарқанддан чиқишди. Ярим йўлга етганча бирикиб ҳаракат қилишди. Кейин-кейин тартиб бузилди. Кўплаб толиқиб, ортда қола бошлади. Нозикроқ бўлгани учун Шоҳида бир дугонаси билан энг охиргилар сафида борарди. Бир қишлоқ йўлидан ўтишаётганда бир уйга сув ичишга киришди-да, чарчоқ туфайли бир пас ўтириб қолишди. Қайтиб чиқишса, ҳамма кетиб қолган экан. Шоҳиданинг мадори қуриганди. Дугонаси олдинга қараб-қараб қўярди. Шоҳида унинг тоқатсизланаётганини, лекин иложсиз кетолмаётганини сезар, «сен боравер», деса мутлақо ёлғиз қолади. Бунинг устига «сен мени ким деб ўйлаяпсан?», еб хафа бўлиши мумкин. Шу алфозда секин-секин кетишаркан, йўл четидаги дарахтларнинг соясида ўтирган қўшни гуруҳ талабаларидан тўрт йигитга дуч келишди. Шоҳида дафъатан қувониб кетди. Ахир орқада ёлғиз ўзимиз қолдик, деб ўйлаганди-да, хайрият... Биргалашиб йўлга тушишди.
— Сиз чарчаб қолганга ўхшайсиз, келинг, етаклаб кетаман, - деб жавоб ҳам кутмасдан, Облоқул исмли йигит қўлидан ушлаб олди.
«Оғир юк»дан халос бўлганига қувонган дугонаси озроқ ёнма-ён юрдию, кейин олдинроққа ўтиб, йигитларнинг бири билан қўл олишди. Шу тариқа кетаверишди: Энг олдинда икки йигит, ўртада дугонаси бир йигит билан, орқада Шоҳида Облоқул билан.
Йиқилаётганингда таянч борлигини билсанг, ҳар қалай, кўнглинг чўкмайди. Шоҳида худди шу таянч – Облоқул эканини, унга суяниш кераклигини, унга суяниш мумкинлигини ҳис қилиб, анча хотиржам тортганди. Шоҳиданинг хушторлари кўп эди. Шоҳида уларни ахмоқ қилар, овораю-сарсон этиб, югуртирарди. Аммо ҳозир Облоқулни «ўйнатиш»га ҳоли йўқ. «Балки бу ҳам ўшаларнинг биридир. Атайлаб, орқада қолиб, уни кузатиб келаётгандир. Агар шундай бўлса, ҳозир гап бошлайди. Қизиқ-қизиқ латифалар айтади. Ёқиш учун ўзини яхши одам қилиб кўрсатишга уринади», деб ўйлади. Майли, уринаверсин, ўзини кўрсатаверсин. Яхши бўлса – яхшидир, Шоҳидага фарқи йўқ. Етакласа кифоя. Дугонасининг киши билмас ғижинишларини кўрмаса, ҳаммасига рози. Ҳозир Облоқулдан фойдаланиб қолиш керак. Қизлик латофатидан уни чалғитиб, фойдаланмаса, нима қилиб юрипти қиз бола бўлиб!?
Бироқ қанча юришмасин, Облоқул гапирмас, гапиришга уринмас, Шоҳиданинг қўлидан тутганча, олдинга қараб кетиб борарди. Балки мени ўйлаётгандир, деб йигитнинг юзидаги фикрларни уқмоқчи бўлар, аммо бир маромда ҳаракат қилаётгани туфайли йигитнинг юзида ҳам бир хил ўйчанлик ифодаси акс этар, Шо=ида =еч нарсани англай олмасди. Облоқул ҳар замонда қараб қўяр, фақат кўзларигина меҳрибонлик билан кулиб турарди. Ниҳоят нигоҳлар росмана тўқнашди. Шоҳида:
— «Қачон етамиз, чарчаб кетдим-ку, тезроқ олиб бормайсмзми?», - дегандек зорланди.
— «Юраверинг, яқин қолди», - дегандек, Облоқул қизнинг қўлини далдали қисиб қўйди. Қўллари ҳароратли. Ҳарорат Шоҳидага ҳам ўтиб, юришлари бирмунча тетиклашди.
Олтовлон сой бўйлаб боришмоқда. Борган сари сой кенгайиб, йўл чекинарди. Йўл жарлик ичига тушди. Кейин жарлик ичида дарахтлар учради. Улар тобора кўпайиб, тоғ ён бағрига етишганда дарахтзордан нарини кўриб бўлмай қолди. Ўзларидан олдин келаётганларнинг изи йўқолганди. Яна йўл юришда давом этишди. Яна дарахтлар камайиб, жарлик тугаб, тоғ оралиғидаги сойнинг ўзи қолди. Шоҳида қаттиқ чарчади. Ихтиёрсиз равишда йигитнинг бағрига кирганча, беҳол қадам ташларди. Иложини қилсаю, шартта ўтирса, кейин... Аммо олдиндагилар кетиб борар, иккови ортларидан судралар, асосий гуруҳ сира кўринмасди. Шоҳида йигит шундоққина қулоғи тагида нафас олаётганини сезар, нафаси бир-икки дона соч толаларини муттасил пирпиратарди. Ногаҳон яна тизгинсиз хаёлларга берилди: «Ҳозир ООблоқул тўхтаб, Шоҳидани ўзига қаратсаю, маҳкам қучоқлаб ўпаверсая!? Нима бўлади? Қаршилик кўрсатадими? Силтаб ташлайдими? Бақириб ёрдамга одам чақирадими? Анави тўртталаси анча олдинда. Бир томон – сой, иккинчи томон – қир, олдиларида - баланд чўққи. Додини кимга айтади? Йигит... Кейин ўзи ҳам... Э-э, шуния? Нега бундай ўйлаяпти? Нимага йигитни назари илмаяпти? Ҳамма йигитларга ўхшаган йигит. Умуман, ўптирса нима қипти? Биров кўриб ўтириптими? Ҳиндулардек, анави тошлар орасидаги ғорга кириб олишса... кейин,..» – Шоҳида ўз ўйларидан лаззатланиб, кулимсиради. Воқеа қандай давом этишини тасаввур қилиб қўрқиб кетди. Кейин «бу фақат хаёл», деб ўзига тасалли берди. Облоқул эса... ҳамон олдинга қараганча нималарнидир ўйлаб кетиб борар, ёнидаги қиз фикран у билан нима ишлар қилганидан мутлақо бехабар эди. «Йўқ, бу йигит унақалардан эмас!» Шу дақиқа Облоқул унга назар ташлади. Кўзлари меҳрибонлик билан кулиб турарди. «Йўқ, бу кўзлар алдамайди!»
«Йўқ, бу кўзлар алдамайди!» – фикран такрорлади Шоҳида ва уялиб қўйди. – Қиз бола боши билан шунақа нарсаларни ўйлаяптия!
Навбатдаги дўнгликдан ошганларида тўртовлон сув бўйида ўтиришган экан. Йўл бўйлаб, тоғнинг анча ичкарисига кириб кетишган, тоғу-тошлар орасида салкам икки соатдан бери юришар, лекин ҳамон асосий гуруҳнинг қораси кўринмасди. Ҳар ер – ҳар ерда сайрга чиққан кичик-кичик гуруҳлар қир ён бағирларида дам олиб ётишар, улардан гап сўраб, тайинли жавоб олишолмасди. Ниҳоят ҳеч ким учрамай қўйгандан кейин тўрталови ўтириб олишган экан. Улар тўрхалталарида олиб чиққан тушликларини ўртага қўйишди. Шоҳида қўлига нон, шоколад олди. Аммо иштаҳаси бўғиқлигини англаб, қўлидагиларни жойига қўйди. Облоқул эса шапати ноннинг ярмини синдирди-да, сой сувига ботириб ея бошлади.
— Сиз ҳам шундай қилинг, - деди у. – Ҳар қандай шоколаддан кўра кўпроқ маза қиласиз.
Шоҳида жилмайди. Кейин йигит узатган нонни сой сувига ботириб, бир оз шимдирди-да, тишлади. Назарида шириндек туюлди. Нонни яна сувга ботирди. Яна тишлади. – Нон жуда ширин! – Шоҳиданинг иштаҳаси очилди, толиққанини унутди. Облоқулга шодон тикилди. Унинг кўзлари: «айтмадимми, зўр-а?» дегандай тикилиб турарди. Шоҳида бошқача бўлиб кетди... Облоқулнинг кўзларидаги нур қалбининг қайсидир бурчини ёритаётгандай.
Шундай ўзгаришни ўзида биринчи марта ҳис қилаётганди...
Шоҳида энди ичида Облоқулни мақтаётганди. Нимасини мақтайди? Нимага мақтайди? Ҳаммага ўхшаган йигит. Азалдан йигитлар қизларга ёрдам бериб келган. Ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Бари бир... ипсиз боғланиб бораётганини тушунар, совуққон бўлишга ҳарчанд уринмасин, эплай олмас. Шунчаки қарайман, деб йигитга меҳр билан тикилаётгани устида ўзини ўзи қўлга туширарди. Юраги эса...
Узоқдан эшак минган одам келаверди.
— Шу тарафга кетаётган йигит-қизларни кўрмадингизми, ота?
— Йўқ, -деди ота эшагини тўхтатиб, қўлидаги чўпон таёғини қўлтиғига қистириб, оқ оралаган соқолини силаркан, синовчан кўзларини йигитларга, кейин қизларга тикди. – Сизларга ким керак?
— Биз Самарқанддан тур-походга чиққан талабалармиз. Асосий гуруҳдан орқада қолганмиз. Улар шу тарафга кетган бўлиши керак.
Ота тур-поход мағзини чақчоқчи бўлдими, бир зум соқолини тутамлаб ўйланди.
— Шаҳардан келганларнинг ҳаммаси пастда, - деди кейин, - бу томонда фақат қўй сурувлари бор. Кўрмасдан ўтиб кетгансизлар. Йўл жарликка тушганда қалин дарахтлар бор, шаҳарликлар одатда ўша ердан қайтишади.
Олтовлон бир-бирига қарашди. «Ота» эшагининг қорнига нуқиб, йўлида давом этди. Ҳаммаси чарчаган, охирги умид учқунлари ҳам сўнганди.
Орқага қайтиш керак...
Яна аввалгидай уч бўлак бўлиб орқага қайтишди. Облоқул Шоҳиданинг қўлидан тутганча, хотиржам кетмоқда.Кам гапиради, ҳар замонда қараса, кўзлари меҳр билан кулиб туради. Бир маромда нималарнидир ўйлайди. Бир маҳал қирга тикилиб қолди. Ўн қадамча шу алфозда юрди. Кейин «тўхтаб туринг», деб шошилганча, қиялаб қирга чиқа бошлади. Шоҳида ҳайрон. Йигитнинг чаққон ҳаракатларини кузатаркан, эпчиллигини тан олаётганини, «кўрдингми, қандай зўр йигит!», дея ўзига-ўзи мақтаётганини сезиб қолди.
— Нимаси зўр? – дея юрагининг иккинчи томони қарши чиқди. – Оддий йигитлардан бири.
— Ўжарлик қилма! – деди биринчи томон. – Бунақа йигит ҳар қадамда учрайвермайди. Синаш учун ҳар куни бунақа вазият бўлавермайди.
— Ҳо, ким синар экан? – вужудида юз бераётган ҳодисани кўриб кўрмасликка оларди иккинчи томон. – Шу пачоқ йигитни синар эканманми? Нимасини синайман? Бемаъни гапларингни қўйсангчи!
— Ҳали бу гапларинг учун пушаймон ейсан! – дерди биринчи томон ўжарлик билан.
— Нима? Сен нега мени тинч қўймайсан? Нимага ундамоқчисан? Фикрингни сезяпман, шу йигитни сев демоқчисан.
— Мана энди иккимизнинг фикримиз бир жойдан чиқди.
— Ҳеч қачон бундай воқеа юз бермайди!
— Буни энди... кўрамиз!.. Ана, қарагин, қандайдир харсангнинг ёнида чўккалади. Ниманидир олди. Ана, баланд кўтариб кўрсатяпти. Ур-ре! Лола!
Қиз-қизил лола кўтариб, юзи қизарганча йигит келарди!
Қип-қизил лолани кутиб, юзи қизарганча севгига ташна қиз турарди.
Лола қип-қизил эди! Юзлар қип-қизил эди! Улар ҳаяжондан энтикардилар.
Лола икковининг умр йўлини узил-кесил бир томонга буриб юборганди.
Ўзидек нозик, чиройли лолани кўксига босиб, Шоҳида бормоқда. Чарчоғидан асар ҳам қолмагандай. Орқасига қарамайди, аммо У (шу дамдан бошлаб Облоқул Шоҳида учун «У» га айланди.) ёнгинасида келаётганини ҳис қилиб, янада қаттиқроқ ҳаяжонланарди.
Тоғ йўлидан қайтиб тушганларида курсдошларини кўриб қувониб кетишди. Кейин билишса, ўзларидан бошқа ҳеч ким тоққа чиқмаган, «ота» айтгандай, жарликдаги дарахтзор оралаб кетишган экан.
Институтни битиришда никоҳ тўйлари бўлди. Келин-куёв қўш дипломни қўлтиқлашиб, Барлосга равона бўлишди. Шоҳида асли қишлоқ қизи, отасининг хизмати юзасидан Самарқандга келиб яшаб қолишганди. Киши қишлоқда туғилдими, қишлоқда ўсдими, кейин ҳар қанча шаҳарда яшамасин, ғала-ғовурга ўрганмасин, қалбининг бир бурчагида қишлоққа интилиш ҳисси яшириниб тураверади. Шу сабаблими, Шоҳида янги ҳовлига тезда ўрганди. Қайнонаси унга иш қилинг, демас, сигирни ҳам ўзи соғаверар, кирни ҳам ўзи юваверар, нонни ҳам ўзи ёпаверарди. Шоҳида қайнонасининг ёрдами билан бу ишларни ўз қўлига олди. Шу орада қизчаси туғилди. Кейин ўғли... Ҳамма кўргуликлар ўшандан бошланди. Кичик, катта чиллалари ўтди ҳамки, ишга чиқолмади. Ҳатто эмизикли ўғлига тузукроқ қаролмасдию Аста-секин уй ташвишлари яна қайнонасининг чекига тушди. Шоҳиданинг дармони кетиб борар, уйда «бекорчи хотин» бўлиб қолаётганидан виждони қийналарди. Бола туғилгандан сўнгги нимжонлик, ўтиб кетса керак, деб дастлабки ойларда аҳамият беришмади. Шоҳиданинг ўзи ҳам шу фикрда эди. Ўзи аввалдан у нимжон қиз эди. Шу нимжонлиги боис Облоқул билан танишганди. Қайтадан кучга кирса, қайнонасининг қўлидан уй ташвишларини олишини ўйлаб, ўзига тасалли берарди. Аста-секин ўзидаги ўзгариш вақтинча бўлмай, кучайиб бораётганини тан олишга мажбур бўлди. Шу орада грипп билан қаттиқ оғриб ётиб қолди. Уни касалхонага олиб боришмоқчи эди, «ўламан саттор, бормайман. Эмизикли боламни қандай ташлаб кетаман», деб туриб олди. Шоҳида гриппга қадар белида оғриқ сезарди. Грипп асоратлари ҳам қўшилдию, оғриқ кучайди. У бўлди-бу бўлди, орадан яна икки ой ўтдию, Шоҳида ўрнидан туролмай қолди. Мажбуран касалхонага, Самарқанда олиб боришди.
Ўшанда эди-да, ётган жойида ўлимини тасаввур қилишлари...
Умуртқа суяги чирий бошлаган экан. Даволаш жуда қийин эди. Аҳволи оғирлигини Шоҳида ҳам сезарди. Сезардию, «ўлиб кетсам У нима қилади?» деб азоб чекарди. Ўлса... эҳ-ҳе, У озмунча ташвишга қоладими? «Мендан кейин ўзига мендай хотин топа олармикан?» деб қайғурарди. Аммо кўнглининг бир бурчагида ўша аёлга рашки келаётганини ҳам анграб турарди. Ўлимини кутардию, ўлишни истамаётганини билиб қоларди. Унга: «Кўп келаверманг, уй ишларига қарашинг», дердию, доим У ўз ёнида ўтиришини истаётганини билиб қоларди. «Балки ҳозирдан янги хотин излаётгандир», деб ўйлар, гўё шундай бўлиши табиийдек, Унинг ёнида бошқасини кўз олдига келтирарди.
... У куёвлик кийимида. Ёнида ҳарирга бурканиб, уяганча келинпошша турипти. Қизчаси, қайнонасининг қўлидаги ўғилчаси бир четда мўлтирашади. Тўйхонанинг бир бурчагида гипсланган Шоҳида ётипти. Келтн-куёвга қарайдию, ўзини тутолмайди. У эса:
— Ахир ўзинг шуни истагандингку. Бари бир эрта-индин ўлиб кетадиган одамсан, мен эса яшашим керак. Кўрдингми, қандай чиройлисидан топдим, - дейди.
Шоҳиданинг баттар хўрлиги келади. Бақириб йиғламоқчи бўлади, аммо овози чиқмайди. Тура солиб, келинни косов билан қувиб чиқармоқчи бўлади, аммо гипсда ётипти. Келин-куёв тантана билан Шоҳиданинг ёнидан ўтиб кетади. Ўтирганлар ўринларидан туриб, қарсаклар билан уларни олқишлайдилар. Шоҳидани эса ўтган-кетган туртади, масхаралайди.
Шундай бўлиши керак эди...
Шоҳида буни яхши тушунади. Аммо тушуниш бошқаю, ҳаёт ўйинларини ўз бошингдан ўткизишинг бошқа экан-да! Тақдирга тан бермоқчи бўлади, бироқ юрагида исён.
... Ёстиғи ҳўл бўлиб кетди. Кимдир пешонасига қўл қўйди. Кўз ёшларини артди. Шоҳида силтаб ташлади. Қулоғига: «Шоҳида! Шоҳида, бу – мен! Мен келдим», деган мулойим овоз эшитилди. У!!? Бу ерда нима қилиб юрипти?! Ҳозиргина келинчакнинг ёнида савлат тўкиб турувди-ку! Шоҳида қўрқа-писа кўзини очди. Ҳақиқатан ҳам ёнида – У!! Шоҳида баттар йиғлади. Ўзини тўхтатиб ололмасди.
— Сиздан илтимос! – Шоҳиданинг биринчи гапи шу бўлди. – Агар яна уйланадиган бўлсангиз, мен ўлганимча сабр қилиб туринг. Хўпми?!
— Тентаккинам! – деди У. – Нималарни ўйлаб ётипсан? Мен дори топиб келяпман. Бу ерда бошқа ҳеч кимда йўқ. Камёб. Врачлар буюришганди. Кўп жойларни изладим. Олдиндан чиқиб кетгандан бери ҳали уйга борганим йўқ..
Шоҳида дорини кўргандан сўнг Облоқулга синсиклаб қаради: Кўзлари киртайган, ёқаси кирлаган, соқоли ўсган. Шоҳида уялиб кетди:
— Хаёлимда... бизникида тўй бўлаётган эмиш. Сиз... бошқа бир келинчак билан тўрда... бош эгиб турипсизлар, - деди Шоҳида ўзини босиб олгандан кейин. – Ўрнимга олган янги хотинингизга қараб, алам ўтиб йиғлаётгандим, сиз... – Шоҳида ширин жилмайди.
— Олиб берган хотининг чиройлими?
— Жуда ҳам. Сизга ёқди! – Шоҳида давом этолмади, яна келинчакка рашки қўзиди
— Менга балки... фақат сен керакдирсан. Балки мен фақат сен учун... – Унинг сокин овози Шоҳиданинг вужудини жимирлатиб, роҳатли бўшаштириб юборди.
Ўшанда айтган эди-да, «тоққа, лола сайлига чиқамиз» деб.
Уни яна бир марта қаттиқ овора қилганини эслайди. Гипсни олганларидан кейин дарров яхши юриб кетолмас эди. Шунинг учун қўлтиқтаёқ керак эди. Врачлар буюргандан кейин роса бир ҳафта излапти. У шаҳардан – бу шаҳарга дорихонама-дорихона излаб кетаверипти. Охири ҳафсаласи пир бўлиб, қайтиб келса, ўзларининг Барлосидаги кичикккина дорихонанинг бир бурчагида иккитаси саккиз йилдан бери харидор чиқмай, чанг босиб ётган экан. Оласолиб, Самарқандга жўнайверипти.
Ўшанда яна афтодаҳол, лекин бахтиёр ҳолатда кириб келганди.
Биринчи марта оёққа турганичи? Худди гўдак энди қадам ташлаётгандек. Врач билан У икковлон икки қўлтиғидан тутишди. Ўз оёқларинг билан юриш қанчалар катта бахтлигини ёлғизгина Шоҳида билади. Бемалол қадам босадиган бўлганча У ёнидан кетмади. Шоҳиданинг Унга раҳми келар, уйда қайнонаси болалари билан жуда қийналаётганини билар, лекин уни ёнидан кеткизишни истамасди. Айни дақиқада Шоҳидага қўлтиқтаёқдан ҳам кўра кўпроқ Унинг ўзи керак эди.
Бир йил деганда касалхонадан уйга жавоб беришди. Врачлар Шоҳидани санаторийга жўнатишни маслаҳат беришганди. Аввалгидай кучга кириши учун санаторий шароитида даволаниши шарт экан. Ўшанда Норхолнинг онаси, яна Усмонга ўхшаганлар: «Санаторийда хотинлар унақа бўлиб кетади, бунақа бўлиб кетади...», дейишаверса, У анча ўйланиб қолипти. Охири кўнглидаги ҳамма гумонларини енгди.
Муҳаррам санаторийга Шоҳидадан сал олдин келган. Шу ердаёқ (ўзининг айтишича) икки-уч йигитни телба қилипти. Касалхонага тушгандан кейин «сил бўлдинг», деб эри ташлаб кетганмиш. Шунинг учун жамики эркак зотини кўрарга кўзи йўқ эди. Фикри-зикри туғри келганини боплаш. Хушбичим жувон бўлгани учун санаторийда анча хушторлар орттирган, атайлаб, бирини иккинчисига тезлаб, уриштириб, ўзи ҳузурланиб юрарди.
Муҳаррам Шоҳиданинг ҳикоясини мароқ билан тингласа-да, Облоқулдек яхши одамлар борлигини тан олгиси келмасди. Бу Шоҳидага яна-ада хуш ёқар, Унинг азиз кишиси борлигидан фахрланарди. Муҳаррам эса кўп ўйланадиган бўлиб қолди. Шоҳидадан такрор-такрор Облоқул ҳақида сўрар қандай хабар олганларини, дори излаганларини жуда аниқ билгиси келарди. Муҳаррам аста-секин Шоҳидага боғланиб борар, илгари кўчага судрайдиган бўлса, энди палатада ўтириб, узоқ суҳбатлашарди. Гап қаёққа айланмасин, охир-оқибат Унга тақалар, кейин хаёл суриб ўтириб қолардилар. Хат орқали Унинг суратини олишди. Суратдаги кўзлари меҳрибонлик билан тикилиб турган йигитга Муҳаррам узоқ тикилди.Кўнглидан кўп нарсалар ўтаётганини тушуниб, Шоҳида индамасдан кузатди. Муҳаррамнинг қўллари титрарди. Сурат полга тушиб кетди. Аммо Муҳаррам буни сезмади. Шоҳида дугонасининг ҳолатидан кўнгли бузилиб, қимирлолмай ўтираверди. Муҳаррамнинг боши эгилган, кўзларини туман қоплаган.
Ёнингдаги киши ҳам чекаётганини кўрсанг, асло кулиб ўтолмайсан. Унинг ғами заррача бўлса-да, сенга ҳам кўчади. Шоҳида Муҳаррамни ташлаб кетган абевафони жуда ёмон кўриб кетди. Ёмон кўриш – оддий муносабат! Нафратини ифодалашга сўз йўқ. Балки ораларидан бирон гап ўтгандир, аммо қайси мард эркак хотинини қийин аҳволда касалхонада ётганида ташлаб кетади. Хотин деган инсонга айнан ўша вақтда эр таянчи, меҳри, садоқати керак-ку!
Ниҳоят Муҳаррамнинг дарди бир оз камайди, шекилли, суратни қидирди. Хижолатлик билан полдан авайлаб олиб, пуфлаб, Шоҳидага тутаркан:

— Сиз жуда бахтиёрсиз! – деди. Кўзларида ёш ғилтиллади. Кафти билан ёшини артди-да, ўзини оқлади. – Кўнглингизга келмасин, мен шунчаки... Ҳали кўрасиз, менга ҳам Облоқул акага ўхшаган йигит учрайди. Учрамаса, ўзим излаб топаман! –Муҳаррам кулимсирашга ҳаракат қилди. Ўшанда сизга суратини юбораман. Мана кўрасиз!
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1811
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 785
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1078
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 993
5 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 755
6 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
7 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 673
8 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 832
9 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 740
10 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 718
11 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
12 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 716
13 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 700
14 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1005
15 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 701
16 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 692
17 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 740
18 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 690
19 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 700
20 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 716
21 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 583
22 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 648
23 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 933
24 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3205
25 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 581
26 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1006
27 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 919
28 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 566
29 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 705
30 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 736
31 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 624
32 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 697
33 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 642
34 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 2044
35 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 651
36 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 624
37 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 753
38 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 562
39 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 578
40 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 683
41 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1410
42 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 608
43 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 640
44 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 631
45 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 556
46 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 737
47 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 764
48 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 597
49 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 624
50 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 612
51 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 627
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 707
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 560
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 548
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 853
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 980
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 683
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 6716
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 616
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 714
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика