Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] |
__NOTITLE__ Охун бу тўғрида аввал ҳам ўйлаган, бир-икки марта бормоқчи ҳам бўлган, аммо юраги дов бермаганди. У бева ҳақида ҳар хил гаплар юрарди. Назокатни айтяпти. У илгари шаҳарда яшарди. Қишлоқда онаси бор. Назокат ҳар ҳафта онасиникига келиб турарди. Ҳар сафар ҳар хил одамлар уни ўзларининг енгил машиналарида олиб келиб, олиб кетишарди. Шофёрларнинг ҳам кўпи яхши таниркан. Бирга йўлга чиқиб қолган одамлар айтишади. Кўчада кўринди дегунча у шофёр ҳам кабинадан бошини чиқариб: «Назокат опа, олиб кетайми?», деб ишшаяркан, бу шофёр ҳам. Баҳорда Назокат қишлоққа кўчиб келди. Бировлар Назокатни эри ҳайдаб юборган, дейди. Бошқалар, ўйнаши билан қўлга тушганмиш, дейди. Ишқилиб, қишлоқда Назокат ҳақида турли миш-мишлар кўп. Хўжалик Назокатга алоҳида уй берди. Ҳозир бўлимда буғалтир бўлиб ишлаяпти. Назокат негадир қишлоқ одамлари билан унчалик очилиб гаплашмайди. Ўзини катта оладими ё бошқа сабаби борми, ишқилиб, ҳар ким билан гаплашавермайди. Мабодо иш юзасидан лозим бўлиб қолсагина савол-жавоб қилади. Биров билан гаплашса, худди ҳар бир сўзини қарзга бераётгандай, қийналади. Бир марта Охун ярим ойда қанча ишлаганини, неча пул олиши кераклигини билмоқчи бўлиб борган эди. Назокат Охун билан чимирилиб гаплашди-ю, бироқ нариги ёнида ўтирган бош буғалтирга қараганда овози у ёқда турсин, юзигача майинлашиб кетди. Одамнинг башараси ҳам шунақа тез ўзгараркан. Назокат келганидан бери бош буғалтир ҳам бошқача бўлиб қолган. Асли қўпол одам, ходимаси билан сўзлашганда бирам мулойимлашадики. Одамнинг кулгиси қистайди. Назокатнинг ўзи зўр нарса. Кўрган эркакнинг кўнгли бир орзиқади. Ёши ўттиздан ошса ҳам кўриниши турмушга чиқмаган ўн саккиз яшар қиздай. Миш-мишларга қараганда, у эркакларни танлаб-танлаб юрармиш. Охунга ўхшаган кетмончию-тракторчиларни яқинига йўлатмасмиш. Ҳозир ҳам баъзи танишлари кечалари ўз машиналарида келиб туришаркан. Кўрган-билган қўшниларининг гапи бу. Шуни ўйлаб, машинаси йўқлиги баъзан жуда алам қилиб кетади. Ҳозир ҳар бир дўкондорнинг ҳам биттадан машинаси бор. Унча-мунча одамларни назар-писанд қилишмайди. Ҳеч бўлмаганда дўкондорликка ўқимайдими? Назокатнинг эшигигача машинада борарди. «Салом, Назокатхон, - дерди, - мана, аҳволингиздан хабар олгани келдик». «Келинг, келинг», - дерди у жилмайиб. Кейин икковлари ичкарига киришади. «Мен бу онни анчадан бери кутаман», - дерди Охун тўлиб. «Мен ҳам сизни қачон келаркансиз, деб интизор бўлиб кутаётган эдим», - дерди Назокат. Кейин… Ҳа, Охун Назокатни кўп ўйлайди. Ўйламайин, деса ҳам бўлмайди. Тўртта эркак йиғилса, дарров Назокатни ғийбат қилишади. Унақа эмиш, бунақа эмиш. Униси билан ундай иш қилипти, буниси билан бундай иш қилипти. Ҳамма гапиравергандан кейин ишонмайман деган гапингга ҳам қандай ишонганингни билмай қоларкансан. Бугун қўшниларникига молхонасининг томини сувашга ҳашарга борган эди. Беш-олти киши бир ярим соат ишни битиришди. Илгак томнинг устида туриб, илгакли арқон билан пақирдаги лойни тортиб олаётганда: «Яхшилаб торт, бўйрдоқ йигитсан-ку, - деб қолди биттаси. – Ё кучингни Назокатникига ташлаб келяпсанми?» Шундан кейин бошланди… Бири у деди, бири бу деди. Кейин ҳашар оши ейишди. Ораларида бўйдоқ йигит битта ўзи экан, ҳаммаси ўртага олди. — Е, тўйиб еб ол. Биз сени биламиз, бари бир оқшом Назокатникига борасан. Боргандан кейин зўр бўлиб бориш керак, - деб ҳазил қилишди. Албатта, улар ҳазилнинг чинга айланишини билмасдилар. Охун нималарни ўйлаётгани хаёлларига келмаган. Шунчаки ўтириш қизиши учун гап ковлашарди. — Ўзи қурғур яхши нарса-да, - деди биттаси. Билмасдики, айнан Охуннинг кўнглидаги гапни айтяпти. Билмасдики, Охуннинг юрагини ўртаяпти. Билмасдики, Охун ўтириш тугагандан кейин тўғри Назокатникига кетади. У шунчаки бир омади гапни айтарди. — Сен, бола, яширяпсан, - деди ҳалиги киши яна Охунга кўзларини айёрона тикаркан. Нигоҳида: «Ҳа-а, мен сени биламан. Кўнглингдан нима кечяпти, кўриб турибман, айт, айт, нима дардинг бор, ҳаммасини айт», деяётгандай бўларди. Аслида, шунчаки Охуннинг бўйдоқлиги, керак бўлса, Назокатга ўхшаганларникига бемалол бора олиши мумкинлигидан, бунинг учун хотини, бола-чақаси халал бермаслигин ўйлаб, ҳасад аралаш ҳаваси келаётганди. Тарқалишаётганда Охун одамлар шубҳа қилмаслиги учун ўз ҳовлиларига кири. Кўчада ҳеч ким қолмагандан кейин тўғри Назокатникига равона бўлди. Назокатнинг уйига яқинлашган сари юраги ҳаяжондан қаттиқ дукиллаб ура бошлади. Хоналарининг чироғи ўчган. Ухлаб қолганмикан ё ҳали уйғоқмикан? Охунни қандай кутиб оларкан? Эшигини очиб кирганда Назокат ётган жойидан кўтарилиб, устидаги кўрпани очиб ташласа, юзига бахтиёрлик ёйилиб: «Келинг, Охунжон! Мен сизни кутяпман», деса. Охун ўзини келишган жувоннинг бағрига отса. Эрталабгача ухлашмаса. Тонг олдидан остонада хайрлашишса: «Хўп, энди боринг, одамлар кўриб қолмасин, - деса Назокат, аммо қўлларини қўйиб юбормаса. Хумор кўзларини тикиб: - Бугун оқшом яна келинг. Хўпми?!», деса ноз билан. «Хўп!» - деса Охун. «Тағин алдаб кетманг, - деса Назокат эркаланиб. – Сиз эркакларнинг шунақа одатингиз ҳам йўқ эмас». «Ишонинг, келаман, мен сизни ҳеч қачон алдамайман». «Сизни ҳеч кеткизгим келмаяпти», - дея Назокат яна унинг бўйнига осилса… Зўр бўларди. Эҳҳ! Охун ҳарбий хизматни ўтаб келди. Баҳоли қудрат хўжаликда ишлаяпти. Топиш-тутиши ёмон эмас. Отаси эса қўлига пул тушди дегунча ичади. Шунча йилдан бери бирга яшаб, онаси маст одам билан гаплашишини билмайди. Онаси отасини индамасдан олиб кириб ётқизиш ўрнига, дарров: «Яна ичиб келдингизми? Болаларингизни ўйламайсизми? Қирилгур! Шўрингга шўрва тўкилгур!», - деб қарғанаверади. Қайси мастга ортиқча гап ёқади? Отаси онасини қувади, қўлига тушган нарсасини олиб отади, уйдан ҳайдаб чиқаради. Кичкиналигида Охунларни ҳам қаторлаштириб ураверарди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62711 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59957 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37047 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24029 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23406 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19894 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18935 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14684 |