Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]

Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov]
Трестдан хафа бўлиб чиқди у: «…шунақа, Исматвой, - дейишди, - интизом қаттиқ бизда, - эрталаб соат саккиздан кеч соат…» Тағин маоши саксон сўм эмиш. Бор-йўғи саксон сўм, а? Институтни битирган бўлса-ку, кейинроқ каттароқ бир ишга кўтарилиш мумкин эди. Ўрта махсус маълумоти билан… умри югурдакликда ўтиб кетади энди. Ҳали ҳам кеч эмас. Политехника институтига киради. Э-е, онаси омон бўлсин. Ҳам уни уйлантирмоқчи, ҳам уй олиб бермоқчи. Бугун хўроз қичқирмай туриб, Барлосга кетган. Ўша қишлоқда Исматнинг холаси туради. Холасининг ойдай қизи бор. «Шуни олиб берамиз, шу қишлоқда яшайсан. Раёнга қатнаб ишлайверасан», деган онаси. «Ичкуёв бўлиб, а?» - «Нега энди? Раҳима хола деган уйини сотаётган экан…» . «Шуни олиб берасизми?» - «Ҳа». Ана шунақа. Дипломинг бўлса, ишинг, уй-жойинг, тағин ойдай хотининг ҳам бўлса, яна нима керак ўзи? Яп-янги костюм кийиб, галстук тақи-иб юради. Боради, саккиз соат ишлайдими, йўқми, қайтиб келаверади.
Асли… трестдагилар кўпдан муштоқ бўлиб кутаётгандек, назарида қучоқ очиб қарши оладигандек туюлганди. «Келинг, келинг, Исматжон!», дея қўшқўллаб кўришиб, тўрдаги креслога ўтиринг, дейишса. «Бизга сиздай мутахассис йигит жуда керак-да», деб роса қувонишса. Бирдан бошлиққа муовин қилиб қўйишмас-ку-я, ҳар қалай у мартабага чиқиш учун бир йил-ярим йил ишлаш керак, лекин… «Сиз учун атай катта бир бўлимимизнинг мудирлигини сақлаб тургандик, энди шу бўлимни ўзингиз кўтариб берасиз. Қўл остингизда беш-олтита ходим…», дейишса. Исмат камтарлик қилса, одоб юзасидан: «Йўқ, йўқ, сизлар нима деяпсизлар ўзи? Бизда тажриба бўлмаса. Куни кеча диплом олган бўлсак, ахир бу лавозим… оғирлик қилар», деса. «Eплаёлмайман», демаса. Айнан «оғирлир қила-ар», деса. Улар: «Биз сизга ишонамиз. Сиз ёш, серғайрат, назарий жиҳатдан, хў-ўш яхши қуролланган йигитсиз. Ахир ишнинг оғирини си қилмай, биз қилайликми?», дейишса. Шунда Исмат танг аҳволда қолгандай, ўзига ишонч билдирган бошлиқнинг гапини икки қилганидан гўё мулзам бўлаётгандай, ерга қараса. Ўзини, энди нима қилсам экан, дея ўйлаётгандай кўрсатса. Бошлиқ: «Ташвишланманг, ука! Биз ҳам четда қара-аб турмаймиз. Кўмаклашамиз, ишни эплаб кетасиз!», деб яна қийин-қистовга олса. Ахири Исмат бошини кўтарса-да, ноилож рои бўлгандай, уфф тортса. «Сиздай раҳбар шундай деб тургандан кейин…», деса. Бошлиқ: «Баракалла! Ўғил болача гап бўлди бу! Қани юринг энди, ходимларингиз билан таништирай», деса. Кейин бошлиқ олдинда, Исматбой кейинда, секи-ин бўлимга кириб боришса. Ходимларнинг ҳар бири ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйиб, у билан сўрашса. Бошлиқ: «Танишинглар – ёш, серғайрат бу йигит бугундан бошлаб сизларнинг мудирингиз – Исмат Саъдуллаевич!», деса. Қарсаклар янграса, Исмат нимтабассум билан ҳар бир ходимга раҳмат, раҳма-ат, дегандай, енгилгина бош силкиб қўйса. Ёки қовоғини солиб тургани маъқулми? Йўғ-е, бирдан, қолаверса, бошлиқнинг олдида қовоқ солиш одобдан эмас… Хуллас, ярим йил ўтар-ўтмас болиқ бошқармага кўтарилиб кетсаю, областдагилар: «Исмат Саъдуллаевич! Гап бундай: биз сизга ишонамиз… «йўқ» деманг. Бу трестни сиздан бошқа ҳеч ким эплаб ололмайди!», дейишса…
Исмат, чўнтагида йўлланма, хаёлида – ана шунақа ўйлар, ўпкасини қўлтиқлаб азонда трестга келган эди. Бошлиқ олдинига уни ҳатто қабул қилмади. Бир амаллаб чошгоҳда унинг ҳузурига кирди, кирса… чарча-а-аб ўтирган экан шекилли, йўлланмаю-ҳужжатларга энсаси қотгандай бир қараб қўйди-да, «ишлайман десанг фалон штат бўш… ойлиги саксон сўм», деди. «Бир йил-ярим йил ишлаб турасиз, кейин яна ўйлашиб кўрамиз. Шунақа, Исматвой интизом қаттиқ бизда – эрталаб соат саккиздан кечки…»
Исмат қаттиқ ранжиди. Маоши саксон сўм бўлар эмиш. Еган-ичганига етмайди-ку. Агар бошини иккита қилишса, анавиниям боқиши керакми? Шаҳар жойда қадамингда пул кетади. Ёр-дўст бор, улфатчиик қилишга тўғри келари бор. Э-е, бўлим мудирлиги… зўр бўларди-да. Шунда яп-янги костюм кийиб, қишлоққа кириб бормоқчи эди. Бошида профессорлар киядиган шляпа. Кўпдан буён шуни орзу қилади у: мудир бўли-иб, шляпа кийиб юрса!
Унга алам қилади: ҳамма бало шундаки, на отаси, на онаси… жиллақурса, бригадир ҳам эмас. Кўряпти-да, ҳатто кассир-пассирларнинг болалари ҳам ҳеч қийналмай ўқишга киряпти, институтни битирмай, иш жойи тайин. Улар ҳеч нимага қайғуришмайди. Исматнинг ҳам иши юришиб кетар эди-я, шу… бир профессорнинг қизини қўлга киритишга оз қолди, лекин… бўлмади. Воҳиднинг, ҳа ўша, Барлослик Воҳиднинг – у ҳозир университетда ўқияпти, - туғилган кунини нишонлашаётган эди. Исмат ўтириш чоғи ўша қиз билан танишиб қолди. Суқсурдайгина экан. Онаси болалигидан, холангни қизини олиб бераман, деб юрарди. Холасининг қизи ҳам ойдай , сулувгина. Лекин чиройига нон ботириб ейдими? Манави ҳурилиқонинг отаси профессор. Аввал-бошда улар ширингина суҳбатлашиб ўтиришди, ҳатто қиз бир-икки марта жилмайиб ҳам қўйди. Кейин Исмат ишни пухта қилай, деб жониқиб: «Eртага кинога борайлик!» дедию, балога қолди. Қиз ғалати қараш қилди. Кейин иддао билан ўрнидан турди-да, кетди-борди. Исмат изза бўлиб қолаверди. Шунда ҳам кўнгил узмади – унинг йўлини кўп пойлади. Қиз эса… Исматни кўрса, лабини жийирадиган, йўлнинг нариги четидан бетини тескари буриб ўтадиган бўлди. Ҳа, қаловини топа олмади Исмат! Ўшанга уйланганда-ку, институтга ҳам кирарди, бўлим мудирлиги ҳам тайин эди. Бир кун келиб, зўр олим ёки ёзувчи бўлиб кетса! Кимсан Исмат Саъдуллаевич! Тагида нимқора «Волга». Ўзиям чакана қиз эмас эди! Трест бошлиғи қабулхонасида ўтирган котиба-потибалар унинг тирноғига арзимайди. Холасининг қизиям шуларнинг бири-да. На маданиятни, на бунда-ай бришни билади булар. Уйланганингга яраша кимсан фалончи профессорнинг қизини олсанг экан. Студентлар ибораси билан айтганда, ўшанда унинг «танкаси» ҳам зўр бўларди. Йўлидаги ҳар қандай тўсиқни босиб-янчиб ўтаверарди. У – Исмат Саъдуллаевич бўлса, «танка»нинг орқасидан кўкрагини кери-иб бораверарди. Энди «танканг» зўр бўлгандан кейин анави – мудирлик-пудирликлар ҳеч гап эмас-да.
Балки ўша қиз: «Бу бир техникум студенти-да», деб писанд қилмагандир-а? Ҳалиям кеч эмас. Бир йўлини қилиб, институтга кириши керак. Яшаганингдан кейин шаҳарда – кўп қаватли уйда яша-да. Тагингда машинанг бўлсин, ёнингда хотининг…



Исмат ҳали-бери қишлоққа қайтгиси йўқ эди. Борганда уйга сиғмайди, юраги тарс ёрилиб кетяпти. Тентираб юриб, бозорга кирди. Ундан атторчилик дўконига ўтди. Қараса, учта қиз бир нима харид қилишаётган экан. Ий-е! Уларнинг бири – холасининг қизи-ку! Ҳа, ўша, ойдан қиз, худди шуни Исматга олиб беришмоқчи! Атлас кўйлак кийиб, сочларини майда ўриб олганини қаранг! Тузук, тузук, уйланса бўлади. Кўриниши ёмон эмас-а! Қадди қомати ҳам… ҳар қалай… бўлади… Ўзи, бир қаричлигида хушрўйгина эди. Пича олифталигиям бор шекиллию Чиройли қизлар сал тантиқроқ бўлади. Ҳечқиси йўқ, кейинчалик гаҳ деганда қўлга қўнадиган қилиб олинади. Лекин бари бир профессорнинг қизи зўр эди-да. Нима бу?! Энди ўшандан кечиб, мана бунга уйланиши керак. Ота-онаси шундай деб тургандан кейин… Яқинда ўнинчи синфни битиряпти. Буям ўқишга кирмоқчи эмиш, ҳамшираликка. Майли-да, олдин тўй ўтсин, кейин уй-рўзғор ишлари академиясига жойлаштириб қўяди Исматвой. Ҳамширалик ҳам гап бўлиптими?
— Салом берди-ик, - деди у ишшайиб, қизнинг ёнига боргач. – Хў-ўш, нима харид қиляпсизлар?
Қиз унга совуқ қиё боққан кўйи билинар-билинмас бош қимирлатиб, саломлашган бўлди. Кейин алламбалони олиб, кўздан кечира бошлади. Унинг бу қилиғи – эътиборсизлиги Исматнинг ҳамиятига тегди. Майли, ҳар қалай у кўпни кўрган йигит. «Мунақа таннозларнинг нечтасини қўлдан ўткиздик. Керак бўлса буниям…» Исмат шундай деб ўзини овутди, овутмади, ўзини кўкларга кўтарди. Гарчи ҳалигача бирон қизнинг қўлидан тутмаган бўлса-да, бу борада ўзини катта малака эгаси, деб ҳисобларди. Ҳа, ҳали шунақа қиладики, бу танноз ҳузурига етти букилиб кирадиган бўлади. Бу танқайган бурун ерга тегади ҳали. Аммо ҳозир… дипломат бўлиш керак. Майли-да, ундан нима кетди, бир-икки кун тўйгача – ноз-истиғно қилса қилар. Ундан кейин… ўзи чиндан ҳам ойдайгина, а?! Қўлдан чиқариб қўйиш ҳеч гап эмас. Бу ёғига юганни маҳкам ушлаш керак.
— Атир олиб берайинми? А? – деди у, хаёлига келган фикрни баён этиб. Рости, топағонлигидан қувониб кетди. Атай қизнинг елкасига кифтини теккизиб, чўнтагидан пул чиқарди-да, сотувчига ўгирилди:
— Та-ак, духингизнинг энг зўридан олинг-чи!
Баногоҳ қиз ўзини четга олди, «нега мунча тирғаласан? Нима, мен сенинг хотинингманми?» дегандай ўқрайди. Исмат пулни сотувчига узатган кўйи қотиб қолди. Нима қилса экан? Духини олсинми ёки… Нега манови қўполлик қиляпти? Холамнинг қизи шунақадир, деб сира хаёлига келтирмаган эди. Назарида уни кўрган заҳоти қиз дув қизариб, яширинишга жой тополмай, югурганча қочиб кетиши зарур эди. Бу эса… пичоқсиз сўйди Исматни! Сўйди-е! Онаси Исмат эсини таниганидан бери: «холангнинг қизи ойдайгина. Бегоналашиб кетмайлик, сен шуни ол», деб ялинади. Исмат ҳам, қариндошлар узилишиб кетмайлик, деб… ҳатто профессорнинг қизигаям кўп тирғалмади. Бу эса… Йў-ўқ, эсини киритиб қўйиши лозимга ўхшайди.
Бир пайтлар Самарқанддаги ёшлар хиёбонидаги бир воқеага гувоҳ бўлга эди: Бир қиз билан йигит чиқишолмай турган экан. Қиз нимадир деб жеркинди. Шунда йигит ўхшати-иб шапалоқ тортди. Бечора қиз юзини беркитдию… Йигит эса ҳеч вақо бўлмагандай унинг қўлтиғидан олдию, қани юр, деди. Қиз юрди. «Кўз ёшингни арт. Кўчада менга ҳунар кўрсатма. Сен ўйлаган йигитлардан эмасман, тушундингми?», деди йигит қизга. Исмат аниқ эшитди. Шундай. У ҳам шундай қилсамикан? Керак бўлса, Исмат ҳам холасининг қизи ўйлаган йигитлардан эмас…
Исмат шартта унинг билагидан тутди. Шу пайт нақ қулоғининг остида бир нима шарақ этди. «Ҳе ўл-е, йигит бўлмай!» - Кимдир қарғанди. Бундай қараса, холасининг қизи дўкондан отилиб чиқиб кетяпти. Дугоналари ортидан эргашди. Сотувчиям. Исмат ҳам анграйганча қолаверишди. Яхшиямки, дўконда бўлак ҳеч ким йўқ эди. Бўлганида Исмат иснодга чидолмай, Барлосдан бош олиб чиқиб кетишига тўғри келармиди ҳар қалай… Бу қандай кўргуликки, онасининг неча йиллик ўтинчидан сўнг манавинга уйланишга Исмат розилик берсаю, она сути оғзидан кетмаган бу таннозча ўйин кўрсатса. Ҳаммасига чидаш мумкиндир, лекин дабдурустдан қўл кўтарганига нима дейсиз? Шу қилганига сочидан торти-иб, бир… хумордан чиқиш керак эдию, аммо… ҳали адабини бериб қўяди, шошмай турсин! – Исмат негадир бўшашганча туриб қолди. Негадир жаҳли ҳам чиқмасди. Ниҳоят у шалвираган кўйи дўкондан чиқди. Холасининг қизи бир дарахтга суянганча ҳиқиллар, дугоналари эса уни юпатиш билан банд эди. Улар бориб то автобусга чиқишганча Исмат дўкон олдида каловланиб турди. Э-е, нимасини айтасиз, ўзи бугун ҳеч иши юришмади, юришмади-да. Бир бало бўлди ўзи. Чап томони билан турганмиди? Трест бошлиғи-ку, майли, Исматга қайишмайди, бегона. Лекин манав танноз, эрта-индин хотини бўладиган ойимча унинг раъйига қараса ўлармиди? – Исматнинг дилидаги норозилик кучая бориб, ғазабга айланди. Шундай йигит муштдай қизчадан, тағин жамоатчилик жойида шапалоқ еди-я! Энди Исмат икки дунёдаям унга уйланмайди. Эрсиз қолса қолиб кетсин-е!
Исмат ҳам автостантсия томон юрди. Бир тўхтамга келганича холасининг қизи минган автобус жилди. Шундан кейин Исматга баттар алам қилди. Танноз ҳозир шу ерда бўлганида ҳеч эсидан чиқмайдиган қилиб, би-ир таъзирини берарди-я, лекин… шугинадан калтак едими? Йў-ўқ, шошмай турсин, ҳозир орқасидан боради, холасининг олдида би-ир адабини беради – сочидан бура-аб… Холасиям қизини ажратиб бўпти. Яхшилаб ҳисоб-китоб қилади, кейин: «Eнди қизингизни пишириб енг! Мен профессорнинг қизига уйланаман», дейди. Она-болани би-ир куйдирсин, би-ир сочларини юлиб қолишсин. Э товба! Урди-я! Исматни урди-я! Ҳеч бўлмаса сабабини айтиб, кейин ур, номард! Ҳа-а, шошмай турсин! Автобусда беш минутлик йўл-ку. Кўз очиб юмгунча орқасидан етиб боради. – Исмат кейинги автобусга чиқди. Боради, ора очди қилади. Хола, онам бегоналаашиб кетмайлик, деди. Оқибатини ўйлаб, хўп девдик, лекин бу қизингиз, йўқ , қизингиз демайди, бу танноз, йўқ, танноз ҳам эмас, эчкича, ҳа, айнан шунақа дейди, ҳа, эчкича… шунақа, ҳа, шунақа , дей ди. Кейин тўғри бориб, институтга киради. Керак бўлса, профессорнинг қизига уйланади. Ўшанда модни кийинган хотинчаси билан қўлтиқлаши-иб Барлосга келади. Атай мана шу кўчадан – холасию, унинг тентак қизи олдидан ўтишади. Улар анграйи-иб қолишади. Холасининг қизи ўшанда ҳам эрсиз қари қиз бўлиб ўтирган бўлади. Келиб Исматнинг оёғига йиқилади: «Мен ахмоқ эканман! Мен тентак эканман! Мен эчкичани кечиринг!», дейди, йиғлайди. Исмат эса … ҳатто қайрилиб қарамайди. Ҳеч нарсани кўрмагандай, тўғри ўтиб кетаверади. Холасининг қизи изиллаб, яна унга ёпишади: «Агар тарсакимни унутмаган бўлсангиз, - унутинг! Мана, ҳаққингизни олинг. Мениям уринг! Ўлдиринг! Мен шунга лойиқман! Сиздай олижаноб инсоннинг қадрига етмадим. Энди менга ҳаёт ҳаётми? Бу кунимдан ўлганим яхши! Ўлдиринг! Сизнинг қўлингизда жон берай!», дейди. Шунда Исмат нима қилиш кераклигини ўйлаётган кишидай, виқор билан гастугини тўғрилайди, сўнг… Э-е, айтгандай, ўшанда ёнида профессорнинг қизи ҳам бўлади-ку, а? У ҳайрон бўлиб, бир ёқавалангар қизга, бир қимматбаҳо шляпасини тўғрилаётган эри – Исмат Саъдулаевичга қарайди. «Что такое?», деб сўрайди. «Не обрашай внимания! Ерунда!», деб қўяди Исмат Саъдуллаевич.
Холасининг уйи Барлосга кираверишда катта йўлнинг ёқасида. Исмат автобусдан тушган заҳоти холасига нима дейиш ҳақида ўйлай бошлади. Шундай гапирсинки, шунақа гапирсинки, уялганидан анавилар ерга кириб кетишсин. «Исматжон, ўлгулай!», деб она-бола ялинишсин, ёлворишсин. Ҳа-а, бировда ҳаққини қолдирадиганлардан эмас Исмат.
Холаси дарвозага чиқиб, қўлларини белига тираганча, ҳойнаҳой, унинг йўлига кўз тикиб турган экан. «Йўғ-е, наҳотки?!.» Исмат орқасига ўгирилиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Демак, холаси уни кутяпти. Майли, кутсин. Бориб, ҳозир ўғил болачасига гаплашиб қўяди. – Исмат ўзига ҳар қанча далда бермасин, яқинлашган сайин юраги увуша бошлади. Холаси кўп ёмон-да. Аччиғи бурнининг учида туради. Са-ал жаҳли чиқса, бас, юзингда кўзинг борми демай… Исмат яқинлашгач, ҳақиқатан ҳам холасининг авзойи бузуқлигини пайқади. Ўзиям, қўлида таёқми-ей. Исматнинг қадами секинлашди. – Нима қилса экан? Бораверсинми, ё бирор юмуш билан ҳў-ў биттасиникига бораётгандай, ўтиб кетаверсинми? Холаси бари бир… қувса-ку, етолмайди. Исмат югуришга уста, оёқлари енгил, лекин… орият дегандай… лўкиллаб қочиб юрса… Э-е, нимадан қўрқади ўзи? Ахир холасининг қизига қўлини теккизгани йўқ-ку! Урган –у, қочган – у, тағин… индамагани учун холаси Исматдан миннатдор бўлсин. Оббо! Оёқлари нега қалтираяпти? Холасига нима дейишни боя обдон ўйлаб қўйганди, ҳаммаси эсидан чиқиб кетди. Энди нима қилса экан, а?!
Холасини кўриб, қўвониб кетгандай: «Ий-е, хола, ассалому-алайкум! Нима қилиб турибсиз бу ерда?!», деганча. Исма қўл чўзди. Лекин холаси: «Торт қўлингни!», деди тўрсайиб.
— Ий-е, хола, тинчликми? Нима гап? Сиз… олдин бу ёғини эшитинг! – деди Исмат ортига тисарилганча, сўнг ён-верига қараб олди. Ҳар қалай, қочадиган йўлини чамалаб олгани маъқул-да.
— Нега қизимни урдинг, қўлинг сингур!?
— Ий-е, хола, нималар деяпсиз ўзи?! – Исмат ҳамон хушмуомала бўлишга уринар эди. Ахир маданиятли кишилар ҳар қандай шароитд ҳам назокатли бўлишлари лозим-да. – Қизингизга биз текканимиз йўқ, тегмаганга кесак отган…
— Урибсан-ку, ана, дугоналари айтди. Ҳўй, э йўқ, бе йўқ, бу нима хурмача қилиқ, а?! Сен тентакка қолдими бояқишнинг куни?!
Холасининг кейинги гапи Исматнинг эт-устихонидан ўтиб кетди.
— Пишириб енг ўша эчкичангизни! Ўлиб қолганим йўқ, шунга ошиқ бўлиб! Чақиринг ўзини бу ёққа! Бировнинг боласини уриб, тағин туҳмат қиладими? У замонлар ўтиб кетган!
— Мана! Мана қизим! Мана!..
Гап билан бўлиб, Исмат таёқ етгулик жойга бориб қолган экан, ўзини четга олгунича аввал сонига, кейине ҳалиги… учта зарб тегди. Ё холаси аяди, ё ўзи эпчиллик қилди – унча жони оғримади. Бари бир қайрилиб қочди. Қочаётиб, холасининг ойдайгина қизи деразадан мўралаб турганини илғади. Ўзиям, шу ерга ипсиз боғланиб қолгандай таққа тўхтади. Бор гапни ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлди. Қараса, холаси таёқни ҳаволатганча, орқасидан қувиб келяпти. Бир хаёли, «ҳў-ўв холажон, ҳадеб мени қувганча, эчкичангизга қаранг. Ўзи ўли-иб, иўлтайии-иб турипти-ку. Танача кўзини сузмаса…» деб холасини узиб олмоқчи бўлдию, яна таёқ ейишдан, тўғрироғи қиз боланинг олдида ўсал бўлишдан қўрқди. Айтиб бўладими, тақдир дегандай… Эрта-индин…
Исмат ўзини узумзорга урди.

* * *
Орадан икки-уч кун ўтгандан кейин Тоштемирнинг соқол олдириб, ҳаммага кулгу бўлгани бир чеккада қолиб кетдию Барлос бўйлаб янги гап тарқади: Исмат холасининг қизини олиб қочиб кетганмишми-ей…
Шу кунларда мени шошилинч Тошкентга чақириб қолишди. Ёзганларимни тез нашриётга топширишим керак экан. Тўрва-халтамни кўтариб бораётсам, Норхолнинг онаси кўчада беш-олтита хотиннинг ўртасида: «Ҳа-а! Айтмабмидим?! Исматни анойи деманглар! У ахир… отаси бўш бўлгани билан… онаси Банот кўр бўлади, демаганмидим?!», дея гап маъқуллатаётгани қулоғимга чалинди. Бу ёғи нима гап дейсизми? Шошмай туринг, мен яна қишлоққа бораман-да, ҳаммасини аниқлаб, сизга айтиб бераман.

Келишдикми?
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1811
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 785
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1078
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 993
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 891
6 Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov] 755
7 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 754
8 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 673
9 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 832
10 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 740
11 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 718
12 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
13 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 716
14 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 700
15 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1005
16 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 701
17 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 692
18 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 740
19 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 690
20 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 700
21 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 716
22 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 648
23 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 933
24 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3205
25 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 581
26 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1006
27 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 919
28 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 566
29 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 705
30 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 736
31 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 624
32 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 697
33 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 642
34 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 2044
35 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 651
36 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 624
37 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 753
38 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 562
39 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 578
40 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 683
41 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1410
42 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 608
43 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 640
44 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 631
45 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 556
46 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 737
47 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 764
48 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 597
49 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 624
50 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 612
51 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 627
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 707
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 560
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 548
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 853
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 980
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 683
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 682
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 6716
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 616
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 718
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 714
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика