Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] |
— Майли, бекорчиликка эрмак-да, - деди Салим. Салим Алибекдан уч ёш катта. Ўзини тутиши, гап оҳанги жуда бошқача. Шунчаки гапирса ҳам худди бировга насиҳат қилаётгандай бўлаверади.Акасини Алибек уч кундан бери кутади. Маслаҳат сўрамоқчи. Зулфияни яхши кўриб қолган. Севиш мазза-да! Ширин-ширин хаёллар сураркансан. Кечалари шифтга тикилиб, ухлолмай чиқаркансан. Эртасига ҳеч нарса бўлмагандай, яна ишга кетавераркансан. Нуқул фикру-ёди Зулфияда. Ётса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам… ўшани ўйлайди. Ўзи зўр қиз! Мулойимгина… эътибор бериб қаралса, Барлосда Зулфиячалик чиройли қиз бошқа йўқ. Маъсум кулиб туришларини эсласа, бутун вужуди ҳароратга чўлғаниб, билаги кучга тўлиб. Зулфияни ўзи йўқ бадбашара девлардан ҳимоя қилгиси келаверади. Қайси куни қизиқ воқеа содир бўлди.Ҳамма тушликка чиқиб кетган пайт эди. Қурбоной, Зулфия учовлон, уч синфдош овқатланиб бўлишгандан кейин қизларнинг қаторига кириб, қатор бошида: кўча тарафда узум тўлатилган яшиклар, орқа томонда қуюқ ишком панасида соялаб, мактаб йилларини эслаб утиришганди. Зулфия ўртада, икки ёнида Қурбоной билан Алибек. Соялик кам бўлгани туфайли бир-бирларига тиқилиброқ ўтиришарди.Аввалига Алибек Самарқанддаги саргузаштларидан мақтаниш билан бўлиб, ҳеч нарсани пайқамади. Кейин қизларга гап навбати етганда уларга қулоқ тутиб, бадани Зулфиянинг баданига тегиб турганини ҳис қилди. Тўғрироғи, илгари ҳам сезгандию, аҳамият бермаганди. Энди юраги қизий бошлади. Зулфия ҳаяжонланиб, қимирлаб-қимирлаб гапирарди. Алибек гўё қизларнинг ҳангомасини зўр қизиқиш билан тинглаётгандай, уларга қараб ишшаяр, аслида Зулфиянинг бўйнини, қулоғи тагидаги холини, қалин қора сочларини, мулойим кўзларини, билинар-билинмас кўтарилиб тушаётган кўкракларини кузатарди. Кузатган сари тўлқинланар,вужудини бостириб келаётганкучли ҳаяжонни жиловламоқчи бўлар, аммо уддалай олмас, яна суқланиб тикиларди. Зулфия тиззаларини қучоқлаб ўтирарди. Шу ўтиришининг ўзи билан ҳам Алибекка ёқарди Айниқса, кулганда шодлиги бутун юзига ёйилади, кўзлари жуда майинлашиб кетади. Бундай пайтларда Алибекка ўзини тутиб туриш ғоятда азобга айланарди. Алибек севги ҳақида кўп китоблар ўқиган, ҳаммасида ҳам ўпишганларни ёзишади, лекин кейин нима бўлишини... Ўпишса нима бўлади? Оғизда конфет егандай таъм қоладими? Баъзан кечалари билан ухлолмай чиқса, эрталаб: «бугун қандай бўлмасин Зулфияни бир ўпичга кўндираман», деб ўзига ўзи қарор қилади. Аммо Зулфияга яқинлашди деганча сусти босади. Зулфиянинг нимасидир бор. Узоқлаб кетолмайсан, аммо бемалол қўлингда тутиб ҳам юролмайсан. Сени маълум масофада ушлаб туради. Мана, ҳозир ҳам шундоққина ёнма-ён ўтиришипти. Қўлини узатиб, Зулфиянинг елкасидан тутса, ўзига қаратса,.. бўлади, аммо... Қайси бир куни бир журналда «ўпишиш керак эмас», деб ёзишипти. Чунки ўпишгандан кейин бирининг оғзидаги, тишлари орасидаги микроблар иккинчисига ўтармиш, тиш оғриғи шу тахлит кўпаярмиш. Одамлар нега ўпишади? Севишса, албатта ўпишиш шартми? Ахир кино-китобларда нуқул... севишдими, дарров қучоқлашиб қолишади. Ундан кейин... мана, ўзи ҳам ўлдим-куйдим, севиб қолдим, деб юриптию, фикру-ёди бир иложини топсаю, Зулфияни ўпса... кейин нима бўлади? — Кетдик, узум терамиз, - деди Қурбоной ўрнидан туриб Зулфияга. — Қўйсанг-чи! - деди Зулфия эриниб, бунча шошмасанг.Бу аҳволда ҳали бола-чақа орттирсанг кейин нима қиласан? — Ўтирсанг ўтиравер, - дедию, Қурбоной саватларини кўтариб, қаторнинг ўз томонига ўтдию, ишком оралаб кетди. Мана! Мана Алибек кутган фурсат. Ёлғиз иккови қолди. Алибек ён-верига қаради. Биронта одам зоти кўринмайди. Қурбоной қаторнинг нариги тарафида. Тобора узоқлашиб боряпти. – Алибекнинг вужудига титроқ кирди. Ҳамма ёғи қизиб бораётганини, бу ўзгариш ўзида жуда тез содир бўлаётганини элас-элас билади. Кейин нима қилганини ўзи ҳам англай олмай қолди. Олдин елкасидан тортдими, ёқасидан ушладими, эсида йўқ. Бир вақти қараса, Зулфия юлқиниб унинг бағрида юлқинар, типирчилар, ҳиқ-ҳиқ этиб, дами ичига тушганча унинг кукрагига муштларди. Нималарнидир даҳшатга тушиб шивирларди. Бир нима қилиб қўйдимми, деб қўрқиб кетган Алибек қизни шартта қўйиб юборди. — Эсинг жойидами ўзи? – деди Зулфия йиғламсираб. – Яхши гапирганга шунақа қиласанми? Кейин тура солиб, Қурбонойнинг орқасидан жўнаб кетди. Алибек: «Мен сени севаман! Ҳеч қачон ажрашмаймиз! Бир умр бирга бўламиз! Мен сени, фақат биргина сени севаман, Зулфия!» , демоқчи эди. Улгурмади. Шундан бери Алибекни ўй босган. Нима қилишини билмасди.Зулфия эса арзлаб юрипти. Ҳатто иш юзасидан ҳам фақат Қурбоной гаплашади. Эҳ-ҳе! Алибек ўзича Зулфия билан нималар қилмоқчи эди. Қанақа режалар тузганди. Энди Алибекка қийин бўлди. Бир бало қилиб, отасигами, онасигами, мени уйлантириб қўйинглар, деган гапни тушунтириш керак. Ўн саккизга тўлди, Самарқандини кўриб келди. Мана, керак бўлса, қиз болани ўпди. Бўлди-да! Доим ўпавериш учун – уйланиш керак. Аммо олдин Зулфиядан розилик сўрамоқчи. Қандай қилиб? Шуни билмай боши гаранг. Салим акасида эса тажриба бор. Фикру-ёди акасининг кўнглини овлаш ва маслаҳат сўраш. Ҳазилми? Ўртада севги масаласи бор. Бундан кейинги ҳаётинг қай йўсин кечиши ҳозир қабул қиладиган қарорингга боғлиқ. Алибек кўнглида нималар кечаётганини шу пайтгача бирон кимсага ёзгани йўқ. Акаси эса ҳар қалай шаҳар кўрган йигит. – Студент! Студентлар севгини яхши тушунишади. Умуман, улар кўп нарсани билишади, чунки кўп ўқишади, қиўлар билан бирга кўп юришади. Бунақа билимдонларнинг ёнига ўтириб қолсанг, улар билан фақат билимдончасига гаплашиш керак. — Ака, - деди Алибек, пиёдани икки катак олға сураркан, - Жонибеков билан Гуррагча қайтиб тушишдими? — Билмадим, хабарим йўқ, - деди Салим, шоҳ тарафдаги отни ён томонга юраркан. — Жонибековинг ким? – сўради ўйинни томоша қилиб ўтирган отаси. — Ўзимизнинг тошкентлик космонавтчи, ҳали билмайсизми? – дея Алибек ўзи биладиган нарсани отаси билмаслигидан ғурурланиб қўйди. – Яқинда «Интеркосмос» программаси бўйича муғулистонлик Гуррагча деган космонавт иккови учганди. Бизлар тупканинг тубида дунёдан бехабар ишлаб юрадиган одам бўлсак, космонавт қачон учади, қачон қайтиб тушади, билмасак, - деди Алибек, пиёдасини акасининг чегарасига ўткизиб, отга қарши қўяркан. — Ундай бўлса уларнинг учганини қаердан билдинг? - сўради отаси ва Алибекка ўргатди, - ҳей, бекорчи ўйин нима керак, отингни чиқар. — Радиодан қулоғимга чалинганди. – Алибек парво қилмай пиёдани яна олға сурди. — Жонибеков? Тошкентдан эканми? Космонавт ўзбеклардан ҳам чиқибди-да, а? Ҳой, пиёданг жойида турсин. Қаерга боради у? Отингни ҳайдасангчи! — Биз ҳам шахматни унча-мунча биламиз, ота, - деди Алибек фарзини билан шоҳ бериб. Пиёда шоҳнинг иккинчи йўлини тўсган, Салим мот бўлган эди. — Ие! Алибекка юттириб ўтирибсанми? — Алибек кейинги вақтларда анча прогресс қиляпти, - деди Салим. – Биз эса регрессга йўл қўйдик, шекилли. — Қани тур-чи, бу космонавтларни билгич билан ўзим бир қўл кўрай, - дея отаси Алибекка қарши майдонга тушди. — Космонавтлар осмонда ярим йиллаб юришяпти, қандай яшашар экан, а улар? Ака? – сўради Алибек, доналарни қайтадан тераркан, худди гап келиб қолгандай, аслида боя узилиб қолган суҳбатни давом эттириш, кўп нарсаларни билишини акасига исботлаш учун. – Хлорелла деган ўсимлик бўлармиш. . Ўшани еб кун кечиришади, дейишади. Шу ростми, ака? — Бўлса бордир, - деди Салим чайналиб. — Одамлар осмонда ярим йиллаб қандай яшайди? Космик кемаларингда ҳожатхона борми? – сўради отаси. — Ҳа, энди космик кемани шунга мослаб чиқаришган-да. Космик кемалар замонамизнинг энг зўр олимлари томонидан ўйлаб чиқарилган , фан ва техниканинг олтин фонди, энг янги асбоблар космик кемалар учун ишлатилади. Шунча нарсани ўйлаб топган инсон албатта космонавтнинг қандай кун кечиришини ҳам эсидан чиқармаса керак, - деди Салим. Ўйин давом этди. Алибек отасини ҳам ютиб олди. Кейин яна акаси билан ўйнади, ютишига сал қолганда гўё билмаган бўлиб, фарзинини олдирди. Шундан кейингина Салим хурсанд бўлиб, ўйинни ютди. Алибек ва акасига бир хонадан жой солишди. Гаплашиб олишга айни фурсат. Алибекнинг билишича, акаси бир шаҳарлик қиз билан хат ёзишади. Алибек ногаҳон кўриб қолган ўша хатда бундай дейилганди: «Ўзим азоблансам дейману, сизнинг кулишингизни истайман. Ахир борлиғимни қоплаб олган ҳисларим юрагимга тинчлик бермаса, вужудим нуқул сизга интилаверса, менда нима айб? Сиз ҳам тушунинг-да! Сизни севиб қолганман...» Умуман, шунақа гаплар. Гапларнинг орасида шеърлар ҳам бор. Айтишларича, севишганлар олдин бир-бирларини ўрганишлари керак эмиш. Алибек Зулфияни биринчи синфдан бери билади. Демак, бемалол, ҳеч ўйланмасдан уйланаверса бўлади. Аммо масаланинг иккинчи томони бор: Салим ҳали бўйдоқ. Ёки тўғридан тўғри Салимга: «ака, шунақа-шунақа гап, тезроқ уйланинг, менинг йўлимни тўсманг. Мен икки-уч кутиб юролмайман», деса-чи? Хуллас, гаплашиб олиш керак. Салим кўрпага кириб, қўлини бошига ёстиқ қилганча, шифтга тикилиб хаёл суряпти. — Ака, нималарни ўйлаяпсиз? — Шундай,.. чироқ, ўзим. — Ака, сизга пул керакми? – Алибек жавоб кутмасдан ўз топоғонлигидан хурсанд бўлиб, киссасидан пул чиқарди. Шундай қилса акаси хурсанд бўлади, гаплашиш осонлашади. — Қанча? – сўради Салим, пулни оларкан, кўзлари шодликка тўлиб. — Э, ким санапти дейсиз! Керак бўлса яна бераман, ҳозир менда пул кўп, ака. Кеча ойлик олганман. Мана! – Алибек киссасидан яна пул чиқариб берди. - Сиз студентсиз, сизга керак бўлади. — Раҳмат, чироқ,Шу ҳафта кўпроқ пул керак бўлиб келгандим. Отамдан қандай сўрашни билмаётгандим. — Ака, сизга иш ёзайми? — Ёза оласанми? — Албатта. Ҳозир бригадиримиз Нурали ака билан муносабатларимиз зўр. Бир ўзи тўрт кишига ёздириб олади. Мен бир сизга ёзсам нима қипти. — Тағин сенга гап тегиб қолмасин, қўй, чироқ. Жим қолишди. Алибек нуқул бошқа гапларга алаҳсияпти. Боя космонавт деганди. Энди ҳисобчилигини мақтаняпти. Қандай бўлмасин ҳозир гаплашиб олиш керак. Акаси пулни ғамлади, шу кетишда бир ойгача келмаслиги мумкин. ... ва Алибек бор шаҳдини тилига жамлади: — Ака, сиз ҳам севасиз-ку, тўғрими?!. Салим ялт этиб укасига қаради. Алибекнинг юзи ички зўриқишдан қизариб кетганди... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62711 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59956 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37047 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24026 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23716 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23406 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19892 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18935 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14681 |