Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] |
Ойша хола яхши аёл-да. Одамнинг дили-жони. Неча маралаб Абдураззоқнинг ҳожатини чиқарган, раҳматини эшитган. Ўғлини уйлантираётганда у бормаган дўкон, эланмаган сотувчи қолмади. Йўқ дейишди. Ўзиям келин томон номи бору ўзи йўқ буюмларни айттирган экан, анча-мунча овора бўлишди. Бечора ўзини ўтга урди, сувга урди. Йўқ-да, йўқ. Фиғони фалакка чиқиб, бўшашиб ўтирганда қаёқдан ҳам Ойша хола ўз оёғи билан келиб қолди. Эски танишлардек қуюққина сўрашиб, бир пиёла чой ҳам ичди. Сўнг сумкасини очиб, «озроқ молим бор, кўринглар, ёқса олинглар», деб қолди. Бундо-оқ қарашса, ўзлари излаб тополмай юрган матоҳлар! Абдураззоқ ҳам, хотини ҳам қувониб, шартта кўтара савдо қилишди. Келиннинг сарполари битди. Тўй бўлди. Тўйга Ойша хола ҳам келди. — Буни қаранг, - деганди ўшанда Ойша хола, - худди билгандай тўппа-тўғри сизникига кирибман. Юрагим сезди-да. Ш уйда яхши одамлар яшайди, деб ўйлагандим. Бу замонда ким кўп – ёмон кўп. Дўстдан душман кўп. Кўролмайди, ё устидан ёзади, ё мелиса билан солиққа хабар беради... — Бизнинг Барлосда унақалар йўқ, - деди Абдураззоқ. – Бемалол келаверинг. Топган-тутганингизни олиб келаверинг. Кам бўлмайсиз. Шу-шу Ойша хола Барлосга тез-тез келадиган, ҳар гал Абдураззоқни, хотинини, қўшниларини алқаб кетадиган бўлди. Кейинчалик Абдураззоқ қизини узатаётганда ҳам сарпони Ойша хола тўғрилаб берди. Тағин арзонбаҳороқ... Албатта, булар ҳам қараб туришмас эди. Абдураззоқнинг хотини уйма-уй юриб, хотин-халажни йиғар, ҳадемай уларнинг супаси Ойша холанинг «ярмарка»сига айланиб кетарди. Бир куни Абдураззоқ хотини, қудаси билан чой ичиб ўтирганида Ойша хола келиб қолди. Гапдан гап чиқиб, Ойша хола айтдики,қўшнисиникига икки болали ёшгина жувон кўчиб келганмиш. Эри ароқхўр экан-да, баҳридан ўтибди. Энди... агар... ичмайдиган дурустгина одам чиқса... — Тоштемир ака-чи? – деди хотини. – Бечора, хотини ўлгандан бери қийналиб юрипти. Биздан нима кетди, савобга қоламиз. — Рост айтасан, хотин! – деди Абдураззоқ ўйланинқираб. — Ҳалиги... у ... ёшми? – сўради Ойша хола. — Эндигина элликдан ошди. Олтитагина боласи бор, - деди Абдураззоқ дарров савдолашишга киришиб. Умуман, у савдолашишни яхши кўрарди. – Болалари одам бўлиб қолган. Зиёни тегмайди. Каттаси уйланмоқчи шекилли,а? Тоштемирнинг ўзи яхши инсон, мўмин-қобил, намозхон. Топса шундайини топадида. Нима дединг, онаси? — Ҳақ гапни айтдингиз. Аммо-лекин сиз ҳам савобга қоласиз, Ойшахон! — Майли-ку, - деди Ойша хола нимадандир андиша қилиб. – Ёши ўтиб қолган эмасми ишқилиб. Са-алгина, а? Кейин... Ҳеч бўлмаса, қирқ ёшлар атрофида бўлганда эди... Жувонгина ҳали ўттизгаям кирмаган. Кўнгил... — Э, рози бўлади. Рози бўлмай қоёққа борарди. Тоштемир бир ясан-тусан қилса. Соқол-мўйловини қиртишлаб, кариллаб йўлига чиқса-чи, ўша жувонингиз «мен ҳам юрган эканман-ку, бахтимдан ўргилай», деб бўйнига осилиб қолади. Кўрасиз ҳали! Сиз нима деяпсиз! — Майли, унда эртага кечга куёвтўрани бизникига етказиб боринглар. Келин бўлмишни чақириб чиқиш – мен тан. Икковини учраштирайлик. Юлдузи юлдузига тўғри келса,.. – Ойша хола муғамбирона кулимсираб кўз қисди. – Юлдузи юлдузига тўғри келса, биз бир нимали бўп қолармиз. А, нима дедингиз? — Гапни дангал қилинг, - дея Абдураззоқ очиқча савдога ўтди. – Қанча сўрайси? Биз шунга қараб, Тоштемирга учраймиз. У, лекин, қўли сал калтароқ одам. Бу ёғини оғирлаштириб юорадиган бўлсангиз, биз ҳозироқ ишни... — Э, от билан туя бўлармиди! Келиш-кетиш... йўл харажатлари... Беш юз бўлар, олти юз бўлар, ишқилиб, эл урфи дегандай. Бизлар бир ҳожатбарор одам. Ёш нарса ҳар қалай, қўлли, оёқли... — Беш юз! — Бўпти! Беш юз бўлса беш юз-да! Қолган-қутган харажатлар куёв тан. Булк этмай савдога қулоқ тутиб ўтирган Абдураззоқнинг қудаси улар хайрлашаётганда индамай ўрнидан турди-да, уйига жўнади. Абдураззоқ Ойша холани кузатгандан сўнг Тоштемирникига югурди. Куёв бўлмиш намозгарни ўқиётган экан. Абдураззоқ кира солиб жойнамозни йиғиштириб олди. — Бу нима қилганингиз? Гуноҳга ботасиз-ку! — Э, намозхонликни ким қўйипти сизга! Гап бор! — Хўш, хўш? – деди Тоштемир хушламай. — Пулдан борми? — Пул? Нимага керак пул? — Тўйга! Етадими тўйга? — Ҳа, энди баҳолиқудрат дегандай, ўзимизга яраша... — Чўзинг. — Нимани? — Пулни-да. — Ҳўй, инсон! Бошингизга бахт қуши қўниб турипти. Қани, олдин суюнчисини беринг! Биз сизга хотин топдик, ҳали ўттизгаям кирмаган! Сўлқилдоққина! Милқилдоққина! Иккита боласиям бор эмиш. Нозандай... Қалай, бел ярайдими, бел? Уялтириб қўймайсизми ишқилиб?! — Ким у? – сўради Тоштемир, оғзининг таноби қочиб. — Узумини есангиз-чи, нима қиласиз боғини суриштириб! Хўш, ёш хотинни эплай оласизми? — Менга тегармикан? – деди Тоштемир ишшайиб, - жуда-а ёш деяпсиз... — Бу ёғини бизга қўйиб бераверинг. Гапга кўнсангиз – бас. — Нима дейсиз? — Туриш-турмушингизни кўрса, кампир ҳам сизга тегмайди. Сизга соқол нима зарил? Етмиш яшар чолга ўхшаб! Ҳозир соқолни таг-туби билан қириб ташлаймиз. — Қандай бўлар экан? — Андай бўлади! — Одамлар кулмасмикан ишқилиб? Қариганда... — Ҳўй, сиз нима деяпсиз? Нима деяпсиз, а? Ўттизгаям тўлмаган жувонга уйланаман деб турган йигитсиз сиз, тушундингизми? Қаридим деганингиз нимаси! Э қўйинг-е! Эртага келиннинг олдидаям шунақа гаплар айтиб, ҳаммамизни шарманда қиласиз сиз ҳали! Бунда-ай, ювиниб, тараниб, янги кийимларни дазмоллаб кийиб, дегандай... Қани, устарани келтиринг-чи! — Ким ўзи у келин? — Кейин... келин биласиз. Қани тезроқ, имилламанг. Абдураззоқ бир ишга киришса, астойдил киришади. Қўли ҳам енгил. Ҳаш-паш дегунча Тоштемирнинг соқолини қириб ташлади. — Соч қўймаганингиз чакки бўлга экан-да, биродар. Са-ал ёшроқ кўринармидингиз! – деди у «биродар»ининг тақир бошига шапатилаб. Тоштемир ўзини кўзгуга солди. Асли юзи бурушиқ эмасми, ўзини бесоқол кўриб, афти бадтар буришиб кетди. — Ҳечқиси йўқ. Атирдан борми? Келтирилган одеколондан Тоштемирнинг бошига, афт-башарасига яхшилаб пуфлади. Қаёқда: қарилик ўз ҳукмини ўтказаётган эди. Тоштемирнинг юзини атир совун билан роса ишқалаб ювишди. Бети сал оқаргандай бўлди. Кейин Абдураззоқ уни қўярда қўймай ечинтирди. Ўзи бошидан сув қуйиб турди. Баданларини роса ишқалаб, хумордан чиққанча ювинтирди. Сўнг пудра суришди. Тоштемир онадан қайта туғилгандай бўлди. Энди у кийимларига қўл чўзаётган эди, Абдураззоқ ҳаммасини бир четга улоқтирди. — Қўйинг бу жандаларни куёвтўра! Сандиқни очадиган пайт келди. Янги кийимларни кийиб яшаришингиз керак. — Қандай бўларкан? Ёш ўтиб қолгани сезилмаяптими ўзи? — Зўр! Сиз айтганни қилаверинг, - деди Абдураззоқ, борган сари ўз тадбиркорлигидан завқланиб. Тоштемирнинг янги кийимлари ичидан бронта ҳам куёвбопи топилмади. — Ўғлингизнинг кўйлаклари бордир ахир? — Бор. Бўлганда қандоқ. Ўғилнинг кўйлаклари отасига торлик қилди. Абдураззоқ бориб ўз уйидан ўзининг кийимларини келтирди. Бошладими, охирига етказиши керак-да. Янги қора костюм ва оқ кўйлакда Тоштемир анча йш кўринар, фақат юзларининг буришиқлиги сал... Са-ал-да. Тоштемирнинг, дарвоқе, ўғлининг уч-тўртта галстуги бор экан, танлаб-танлаб биттасини олишди, тақишди. Ҳа-а, куёвтўра деган мана бунақа бўпти-да. Тоштемир калиш-маҳси киймоқчи бўлаётган эди, Абдураззоқнинг жон-пони чиқиб кетди. — Тентак! Ҳеч одам бўлмадигиз бўлмадингиз-да. — Нима кияман бошқа? — Ўғлингизни уйлантирмоқчи эдингиз-ку! Туфли олмаганми? — Олган. — Кийинг ўшани! Туфли Тоштемирга сал торлик қилди. Пошнаси ҳам баланд экан. Ҳечқиси йўқ, бир марта кийишга бўлаверади. Шўринг қурғурнинг пайпоғи ҳам йўқ эди. Яна ўғлиникини олишга тўғри келди. Хуллас, кечқурун соат саккизларда куёвтўра учрашувга шай бўлди. Икковлон кўнгил жой бўлиб, энди дастурхон қошига чўккан эди, Абдураззоқнинг уйидан «чопар» келди. Хотини, тез етиб келсин, депти. Тез етиб борди. Қараса, хотинининг юзидан заҳар томиб турипти. — Нима бўлди? – сўради Абдураззов хавотирланиб. — Шарманда бўладиганга ўхшаяпмиз. — Нега? Нима бўлди? Мунда-ай, тушунтириб гапирсанг-чи?! — Боя гап олиб, индамай ўтириб, индамай чиқиб кетганига кўнглим ғашланганди ўзи. Ўйлаганимдай бўлди... — Нима гап, тинчликми? Ким гап олади? — Қуриб кетгур қудангиз Маҳмашони куёвдай ясантириб... Ҳозир машинада Ойша холаникига ўтиб кетишди. Икки орада шармандаю шармисор бўли-иб... Абдураззоқнинг миясига қон урди. Бегона бўлса-ку, бошқа гап. Ҳам қўшни, ҳам амаки, ҳам қуда. Шунақа ниятинг бор экан, айтмайсанми, номард? Қудаси ўзи шунақа: оёқдан чалади. Лекин... бунчалар эмас-да энди... Одамлар, нима... Абдураззоқ келинини чақиртирди. — Отанг нима иш қилганини биласанми? — Нима иш қипти? – Келиннинг лаблари пирпиради, чунки боягина қайнонаси билан ҳам шу тахлит савол-жавоб қилишига тўғри келган эди. — Отанг қанақа одам эканини биласанми? – сўради Абдураззоқ ўзини зўрға босиб. — Қанақа экан? – Келин ҳам бўш келмади. — Отанг – аблах!! — Оғзингизга қараб гапиринг! – келин титраб кетди. — Оғзимга сен хўжайин эмассан! Лекин билиб қўй, отангни бир мартага расво қиларим бор. Келин йиғлаб юборди. — Нима қилсангиз қилавермайсизми? Менда нима айб? Маҳмашони олиб кетган бўлса, албатта Ойша холаникига боришадими? Бошқа иши йўқми? — Чиқ бу ердан! Шанғиллама кўп! — Чиқаман! Ҳайдамасангиз ҳам кетаман. Уйингизга сиғмасам ҳам ўша ёмон отам сиғдиради мени. — Йўқол! Сал ўтмай хотини ҳовлиқиб югургилаб кирди-да шивирлади: — Ҳай, нима қип қўйдингиз? Тугунини кўтариб чиқди. Кетаяпти. — Э, менга деса ошиб кетсин. — Унақа деманг, эл бор, юрт бор, гап бўлади. Эшитган қулоққа яхши эмас. Ҳовлига чиқишса, келиннинг қўлида тугуни, кетишга – шай. — Ҳа, нима бўлди? – Абдураззоқ жўрттага сўради. — Жонга тегди... Кетаман... ёмон отамникига. — Эринг келсин, ора очди қилинглар. — Менга эр уми, ё... — Уйга кир-е, беномус! Келин йиғлаганча сўрига ўтириб қолди. — Бор, Тоштемирни чақириб кел! – Абдураззоқ хотинига буюрди. — Нима қиласиз уни? — Ўл қиламан, бало қиламан, баттар қиламан, Ойшаникига олиб бораман! – Абдураззоқ бақириб берди-да, гаражга кириб, «Жигули»сини ўт олдирди. * * * Ойша хола уларни нохуш қарши олди. — Ёлғончига чиқиб қолдим-ку, - деди дарвоза эшигига суяниб. – Бугун жувон ўлгурнинг эри келиб, уйига олиб кетган эмиш. Эри, энди бир қултум ичсам ўлай агар, деб қасам ичипти. Ўзи бинойидай йигит экан... – Ойша хола Тоштемирга бошдан оёқ синовчан назар ташлади. – Куёв бўлмиш шу кишимиди? Ойдай... Туф-туф, кўз тегмасин. Уруғи қуриб кетмагандир, топилар яна... Абдураззоқ серрайиб туриб қолди. Сал фурсатда андак ўзига келиб, зўрға сўради: — Менинг қудам... келмадими? — Йўқ, ҳеч ким келгани йўқ, нимайди? – сўради Ойша хола ҳайрон бўлиб. Кейин яна Тоштемирга қаради, мийиғида кулги ўйнагандай бўлди. ... Йўл-йўлакай Тоштемир, менин ахмоқ қилдинглар, йўқ нарсага соқолимни олдирдинглар, энди кўчага қандай чиқаман, эндиҳаммага масхара бўламан, деб ғингшиди. Абдураззоқнинг қулоғига гап кирмас, хотининг гапига учиб, э йўқ-бе йўқ, келинини хафа қилганини эслаб, ич-етини ер, ҳали ўғли келса, бу нима қилиқ деса, унинг кўзига қандай қараши керак бўлади?.. — Ҳе, ўша Ойша холангниям... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62711 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59957 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37047 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24028 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23406 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19894 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18935 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14684 |