Шайдо кўнгил (ҳажвия) [Adham Damin] |
Дунё гўзал, хаёллар эса уни янада гўзал қиларкан. Эҳ-ҳе, бу мўътабар бошга капалак мисол оҳиста келиб қўнадиган чексиз хаёллар йигитлик чоғларингда кўнгил қўйган соҳибжамол ҳақида, ўша қора қош, қора кўз жононга бўлган оташин муҳаббатинг ҳақида бўлса-чи, оҳ-оҳ, бу гўзал дунё жаннатга айланаркан-қоларкан.. Қўшни қишлоққа тегиб кетган Суқcуройнинг эри билан ажрашаётганини эшитган Олим ҳам бирпасда хаёлларга асир тушди-қолди. Ошиқлик дарди қўзиб, нозик кўнглига оламнинг бор шодликлари бирин-сирин мўралай бошлади. Қулоқма-қулоқ кўчиб юрган бу хушхабарни ойиси Мухлиса опа кўчадан топиб келди: —Гулдай қизнинг қадрига етмабди-я, бай-бай-бай.. увол-а, увол! Қизгина асли сулув, сулувнинг ўзгинаси эди, ҳозир ҳам ҳуснига қараб тўймайсан, бир қултум сув билан ичворгинг келади-я. Орзу — кўнгилга тошу тарозу. Орзуга етмоққа эса биргина хаёлотнинг ўзи кам. Эҳтирос алангаси кундан-кун кучайиб Олимбекнинг кўнглидан оромни, кўзларидан уйқуни тортиб олди. Етишолмаган севгининг қўзғолиши Қўқон шамолидан ҳам баттар бўларкан. Ахир, синфдоши Суқсуройнинг кўзлари оҳу, боқишлари хумор, ортидан тўлғониб чопадиган тим қора сочлари жонга қасд қилгувчи эди-да. Буларни унутиб бўлармиди? Бироқ ўшанда қизгина бу ёруғ дунёнинг барча гўзалларидек бевафолик қилди, унга ақалли бир қиё боқмай, бошқага тегиб кетди. Шу-шу унинг учун бахт эшиклари беркилиб, ўртанган кўнгил ўртанганича қоли-иб кетганди. Барибир дунёда адолат бор экан. Астойдил ният қилсанг, тилаган оғизга ош, йиғлаган кўзга ёш келаркан. Муҳаббат! Кўҳна дунёнинг кўҳна дарди! Қанчалик ажойиб, қанчалик ғаройиб туйғу-я! Қалбдаги пинҳоний изтироблари-чи, эҳ-ҳе.. Оламнинг Эрам боғларидек фусункорлиги, оҳанрабодек сеҳргарлиги муҳаббатда экан. Ишқ дарди ёмон экан — бир илашдими тамом, умрбод куйдираркан, ёндираркан.. Олимбекка ҳаёти бачкана кўрина бошлади. Уч кун бурун ойиси билан жанжаллашиб отасиникига кетиб қолган хотинини эслаганда пучуқ бурни жийирилди, бит кўзлари тағинам қисилди, пешонасидан ажин ўрмалаб ўтди. Сўнг Суқсуройни ўйлаб чиройи очилди. Xудди шу пайт ойиси ҳужумга ўтди: — Ўша пандавақини унут, на чиройда бор, на бошқада. Агар Суқсурой меники бўлсин десанг, аммамнинг бузоғидек хўшшайиб ўтирма.. Олим «нима қилай» дегандек ер сузганча ойисига термулди. Ойиси ҳужумни давом эттирди: — Фурсат ғанимат, ўша чиллаширнинг баҳридан ўт, шу бугуноқ кўч-кўронини жўнат, орани очиқ қил. Ана ундан кейин.. Олимбек ойисининг гапини икки қилмай, айтилган куниёқ хотинининг кўч-кўронини бир арава қилиб ташлаб келди. Қайтишида қизчасининг чинқираб эргашганига ҳам қулоқ солмай, оғзини тўлдириб хотинининг жавобини берди. Анчайин югур-югурлардан сўнг, қонуний ажрим қоғози қўлига тегиб, қушдек эркин бўлиб олди. Бу орада ойиси ҳам қараб турмади, ҳаракат қилди, бўзчининг мокисидек бўлажак қудасиникига тинмай қатнади. У ердан доим янги гап топиб келарди. Бу гал: — Ойиси рози, суюнчини чўзавер, сал кунда бахтинг очилади, болам, — деди она ўғлига. Мухлиса опа ҳам ўғлининг шодлигини кўриб жўшиб кетди. — Тўйни катта қиламиз. Бозор куни уйдаги новвосу қўчқорни сотасан. Пули тўйга! Аслида бундай қиз учун дунёнинг ярмисини берсанг ҳам оз. Кейин росмана совчиликка бораман. Ниҳоят узоқ кутилган кун етиб келди. Олим совчиликка кетган ойисининг йўлига кўзлари тўрт бўлиб сўридаги кўрпачада хаёл суриб ётарди. ... Кўча эшигининг тарақлаб ёпилишидан хаёли бўлинди. Ҳовлида елпиштовоқдек дастурхонни аранг кўтарганча ойиси кўринди. У лаблари асабий титраб, ранги бўздай оқарганча, бошидаги дастурхонни сўрига отди. Бундан Олимнинг юраги орқага тортиб кетди. — Шўримиз қуриди болам! — Мухлиса опа йиғлаб юборди. — Нега?! — Олимнинг кўзлари пиёладек бўлиб кетди. — Келин... келин бўлмай ер юткур эриникига... қочиб кетибди. — А? — Аразлашган экан холос. Олим бақирганича ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо туришга мадори етмай сўрига гуп этиб йиқилди. Ҳушсиз ётган ўғлини кўриб, она ҳам ҳушидан кетди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62716 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59984 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40603 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37051 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24065 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23725 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23414 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19900 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18937 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14692 |