Ҳали ҳаёт бор... (қисса) [Ahmad A’zam] |
Кўмирнинг қораси бир пасда тарқалади-я. Тушганига қанча, бўлса, бирон соат бўлгандир-да, шамол ё енгилроқ шабада ҳам йўқ, гарди ўтган-қайтганнинг эгнига илашадими ё оёғидаги калишининг тишига кириб қоладими, маҳалланинг у бошигача борибди. Ўйласанг, юра¬гингни ваҳм босади: худди жони бордек, тушган жойидан ҳаммаёқни қо¬рага булғаб, ўзидан-ўзи, секин тар¬қалиб-таралиб кетаверади... Худ¬ди қоронғи эланиб-сизиб чўка¬ёт¬гандек. Яна, ёмон гапдек... Ҳақиқатан-эй, ёмон гап ҳам шу, бир чиқмасин, кейин тамом – тўхтамайди, ўзича кўпайиб, болалаб кетаверади. Мана, бир одам¬нинг мазаси йўқроқ экан, деб кўринг, шунчаки, жўрттага гап чиқаринг, кун ўтмай, ўзингизни унинг жанозасига айтиб келадилар, бормасангиз, яна одамгарчиликдан чиққанга йўядилар. Ўлсанг, сенинг ўлигингни ҳам шу одамлар кўтаради-ку, деб қўрқитадилар яна. Ўв биродарлар, эс жойидами, ўзим тўқиган миш-миш бу, оқибатини ўйламабман, деб ҳаргиз урининг, бориб аллақачон унинг оиласидан кўнгил сўраганларни шафе келтирадилар. Ҳай-ҳай демасангиз, савоб учун гўрига етти кетмон тупроқни зўрға санаб тортганлар ҳам чиқиб қолади. Яхши одам эди-да, кетмон талаш бўп кетди-эй, деб қўйишади яна. Тавба, ёқангни ушлайсан! Биров тўғрисида совуқ гап кўнгилни иситадими ё?.. Аълам шунақа ўйлаб ишласа, ғайрати қўзиб, қадамлари ўз-ўзидан тезлашади. Бу лаънати кўмир ҳақиқатан ҳам бемаъни экан, торгина кўча ҳалитдан худди сурма сепгандай бўлиб кетди. Аъламнинг ўзи ҳам Африканинг Нубиями, Намибиями деган юртларидан нонга пул ишлашга келган кўмирчи-мардикор бўлди қолди. Қизиғ-а, қоп-қора одам қоп-қора кўмир ташиб юрса. Иссиқ ўлкалар, кўмирга бало борми?.. Аммо-лекин бугун катта ишни битирди. Битта қизил муқова гувоҳномани кўрсатиш билан битар экан, шуни қишнинг совуқларида тиришиб ётмай, олдинроқ қилмайдими? Ёзда, тагида ТНО «Волга» билан борганда, балки пулини ҳам олмас эдиларми? Йўқ, пулини бермаса, бўлмас-ку, аммо машинадан тушмай, «Ҳой, манави манзилга икки тонна тўкиб қўйинглар-чи, мана, пули», деб ўзи қайтиб келаверса ҳам бўлар экан. Ҳа, майли, хўжанинг ҳам ақли тушдан кейин киради. Сиёсат қилишни ҳам боплаш керак. Буни ҳам бугун бориб кўргандан кейин билди-ку. Аввал катта-катта бўлакларини киритиб олгани яхши бўлди. Тушгача тугатар, а? – Эҳ-ҳе, дўстим, бу қанақаси? Шаҳарнинг қоқ ўртаси, газ йўқми? Э-э, тоза... Йиғиштиринг бу ишни! Тез бўлинг! Аълам қараса, беш-олти одим нарида Турдиали, ёмғирпўшининг барини ҳам кўтариб олган, ўзларини кўмирдан тортяптилар. Бу энди қилиқ ҳам эмас, қичиқ! Худди кўмир нима, унинг қораси нима, билмайдигандек; тумшуғини ҳам жийирган, озода. – Саломлашайлик. Яхшимисиз? – Салом, салом! Мен кўчанинг бошидан салом бериб келяпман. Қани, дўстим, мошинга! Абдузафар акамнинг хизмат мошинлари. – Шу аҳволда-я? – Аҳволнинг каттаси у ёқда, дўстим! Бўлинг, бў¬линг! – Турдиали, келсангиз, мен йўқ эканман. – Ий-э. Нега йўқ бўласиз? Мана, турибсиз-ку. Мени ёлғонга ундаманг. – Хўп, бўлмаса, кўрдим, кўмир ташияпти экан, денг. – Э-э, кўрган бўлсанг, а нима, гапинг ўтмадими, дейдилар. Ўзи, дўстим, нега кўмир сизга келиб, мен қийналаман? Абдузафар акам тез, дедилар. Ҳозир юрасиз, тамом! – Шундай, а? – Ҳали ҳаммомга тушаман, десангиз эди! – Ҳа-да, кўмирнинг қораси совуқ сувга кетадими? Ҳамкасб ҳамхоналар бир оз манжашиб, жанжалдан берироқда муросага тўхтадилар. Бу орада Аълам уч қатнаб, олти челак киргизиб олди, Турдиали олайиб кўрди, бошини сарак-сарак қилди, тилини чўқиллатди, лекин анча ўзига келиб, бояги ёниши босилди, охири ялинишга ҳам ўтди. – Дўстим, воқеанинг авзои ёмон. То устимни кийгунимча, Абдузафар акам икки марта кирдилар, ҳали ҳам кетмадингми, деб. Тинчлик бўлса, хизмат мошинларини бермасдилар, дўстим. Ҳа, мени айтди, дерсиз. – Жўра, нима бўлган бўлса, бўлиб бўлган, бўёғи синган. Энди зудлик билан борамизми, пудлик биланми, фарқи йўқ. Ундан кўра, қарашиб юборинг, кечгача шундай турса, эҳ-ҳе... – Туради, дўстим, жин ҳам урмайди кўми¬рин¬гизни. – Кечгача-я? Бутун маҳалла қорайиб кетади. Анжелани келин қилиб туширса бўлади. – Э дўстим, қўйинг, ботиб кетмайдими! Ўзи тўрт-беш йилда бузиладиган жойлар. Абдузафар акам менга ишондилар. Энди сиз юзимни ерга қаратманг. Бирга ишлаймиз, нима, кўмирчалик ҳам қадрим... кўмир ўрнида ҳам кўрмайман, денг, майли. Ёз бўйи ўрнингизга ишлаб бердим-а. Хўп, мен қараб тураман, сиз тез чайиниб олинг. Бир кўриниб келсангиз, бўлди. Мени ер қилманг. Кейин... ҳай, балки биргалашармиз. Ҳаммомни ҳам, бошқасини ҳам. – Бари бир тозаланиб, покиза кийиниб бориш керак. Жангга ҳам тузаниб кирадилар. Расми шунақа. Бу ҳам майли-ю, лекин... сиз... – Эй-й, бўлинг... – Ўшанақаси олиб кетса, сиз ушлаб берган бўлиб қоласиз дейман-да? – Э-э, шу гапларни!.. Ҳазилга ҳам айтманг. Мен-ку, дўстингизман, битта-яримта қора кўнгилда етказса, ҳақиқатан ҳам... Ҳозир одам ўзига ишонмайди. Рост, мен дўстингизман деяпман, лекин ўшанақа кунга тушганим йўқ, тушсам, қайдан биламан, чидайманми ё айтиб қўяманми? Э-э, тўғриси-да. – Бўлмаса, жўра, кўп қўрқаверманг, ҳамма ухлаганда ё саҳарда формада келиб олиб кетмай, сизни юборишдими, демак, жа унақа эмас... ҳали яшаб турса бўлади. Ундан кўра, жўра, ечининг, ишкийим бор, икковлашсак, бирпасли иш! Кейин ювиниб, Усмон мўйловнинг лағмонидан биттадан урамиз-да, тушдан кейин узун-қисқа салом бериб борамиз ўша сассиқ даргоҳингизга... Турдиали Аъламнинг шунақа қалтис ҳазилларидан қўрқдими ё қорага беланиб кўмир ташишдан чўчидими, ёки уни ҳозир олиб кета олмаслигига аниқ кўзи етганиданми, ишқилиб, «Буни алли-белли киритинг-да, дарров боринг. Мен Абдузафар акамнинг кўнгилларини тинчитиб тураман», деди-да, ур-а қочди. У тўғри бориб, кўча оғзида қараб турган «Волга ГАЗ – 21»нинг орқа ўриндиғига ҳавасли бир жиддият билан ўтирди, Ирисмат акага «Ҳайданг, ака!», деди. Абдузафар ака шу пайтгача бирор марта Аъламни бунақа атоқлаб сўраттирмаган. Яна одам жўнатиб, хизмат машинасини бериб! У одам кўп одамга бошлиқ, Аълам бир муҳаррир. У Аъламга вазифа буюрса ҳам, тўғри ўзига айтмайди, бош муҳаррирга топширади, бош муҳаррир ўринбосарига ё бўлим бошлиғига тайин¬лайди, улар Аъламга етказади. Директор котибаси орқали ҳам айттириши мумкин, лекин бу ҳам истисно – шундай раҳбарнинг ўзи бир ходимга алоҳида иш топширадими, демак, яқин олади, бу ҳам ҳаммага насиб эмас. Лекин бугун... Хў-ўш, кейинги пайтларда Аълам директор бунча сўраттирган нима ҳам қилди экан? Ҳеч нарса йўқдир, бор бўлса ҳам, арзимаган бир иш бўлиб чиқади, лекин падарлаънати ғашлик... кўнгилга бир тухум қўйгандан кейин қуртлаб, ҳамма ёғини тешиб-кавлаб кириб кетаверади. Аблаҳ, бунинг икки тоннаси нечта икки челак чиқар экан-а? Ўзим бир пасда киритиб оламан, деб ўйлабди-я. Биронта қўшни ғалтагини бериб турса эди. Булар ҳам «Ҳорманг! Ий-е, ўзингизга қопти-да», дейиш¬дан нарига ўтмайди. Ўзи ходимлар орасида Абдузафар ака билан тортинмай гаплашадигани шу, Аъламнинг ўзи, чунки долонда кунига икки-уч марта, гоҳи кунлари кўпроқ ҳам кўришади. Турдиали чекмайди, Хосият юкли, Ирина, чекилса, дарров қўли билан бурунчасини елпиб қолади, ичкари ҳовлида қалашган бочкалардан оққан бўёқ шунақа ёмон қўлансаки, тақа-тақ ёпиқ деразаларнинг тирқишидан кирган аччиқ ҳиди ҳам бурунни юлиб олай дейди! Шунинг учун Аълам ҳар соатда долонга чиқишга мажбур, бу ерда эса Абдузафар ака қўлини орқага қилганча, кўзойнагини йилтиллатиб ё у ёққа, ё бу ёққа бориб келаётган бўлади. Яна сайрига «ҳу-уш-ш» деган пастгина ҳуштаги ҳам жўр. Жуда ғалати лекин, тўққизда ишга келади, кечикмайди – қоида, кабинетида ярим соат-қирқ дақиқа ўтиради, бу қачон қандай, кейин секин чиқади, қўлини орқага қилиб, бир оз қараб туради, кейин «ҳу-уш-ш» деб, узун долоннинг бу бошидан у бошигача бориб келаверади, зарил телефонга Вазира чақиради, бир тушликка боради, уйида овқатланса эҳтимол, тушдан кейин ҳам, агар райком ё госкомпечатда бирон йиғилишга кетмаса, аҳвол яна шу. Аммо-лекин нашриётда иш бир маромда милдираб қайнайди, директор долонда юргандан кейин хонама хона саланглашга ё кўча-пўчани айланиб келишга кимда юрак бор? Хоналарда шахмат-пахмат деган гаплар ҳам йўқ, беҳожат ҳеч ким чиқмайди, Ҳа-да, Абдузафар ака хаёл суриб юргани билан албатта «Ҳу-уш-ш, қаёққа?», дейди, ҳалиги, анув жойни имо қилганга, рухсат бергандек, қошини «Ҳа-а» деб паришонхотир кўтариб қўяди, дабдурустдан учраган эшикка кириб, ҳушиллаганча ходимнинг устидан унинг столига қараб туравериши ҳам бор. Лекин ўзининг ёмонликка ҳуши йўқ. Ёмон ишни, ёмон гапни, умуман ёмон томонга сал алоқаси бор нарсани эшитса, ранжийди. Ходимларнинг айтишиб қолганлари, тартибсизлик ё кечикишларини, иложи бўлса, кўриб кўрмасликка олади, устидан чиқиб қолса, ноилож, астойдил куйинади: «Тартиб яхши-ку, нима қиламиз бузиб, а?», «Ўн беш дақиқа барвақт уйғониш яхши-ку, нима қиламиз кўп ухлаб, а?» ё «Тинчгина ишлаб юрганимиз яхши-ку, уриш-жанжалдан барака топармидик, а?» дейди бунақа пайтлари. Абдузафар ака яхшиликни яхши кўради. Унинг кўнглига жуда оғир оладигани – ходимлари ҳақида ташқаридан келадиган нохуш гаплар. Масалан, қаранг, кечқурунлари кўча тўла қаланғи-қасанғи пиёниста, сиққанича олиб бориб тиқ ҳушёрхонангга, планингни бажар, йўқ! – маблағ плани тўлмас эмиш, уларга туппа-тузук кийинган, маоши ёнчиғида юрадиган одамлар керак! Ана шунақа пайтлари Абдузафар аканинг диққати ошиб, кўп гапиради: «Ё, нима керак шу, а, кўчада ичишимиз? Кечқурун, ишдан ке¬йин, уйгинада, бола-чақанинг олдида, шўрвагинани осдириб қўйиб, рафиқага икки оғиз ширин гап билан қилсак, а, шу ишни? Аччиққина газак, пиёлани шишага жиринг уриштириб... А? Рафиқа хурсанд, болалар шод-хуррам, ўзимиз яйраган, саримсоқ пиёз есак ҳам бўлади. Энди буни қаранг, мажлис, муҳокама, чора кўр, ҳайфсан бер, шахсий варақасига ёз, учинчиси бўлса, бўшат... Э-э... яхши ҳаёт кечирсак бўлмайдими, а?» У киши «Э-э, худойим, тавба!» демоқчи бўлади-ю, эшитган қулоққа яхши эмас, ўзи шу кейинги гапни ҳам биронта одам ҳаётимизни ёмонлаяпти деб тушунса... Аълам чекишга чиққан пайтлари баъзан-баъзан Абдузафар ака унинг ёнида тўхтаб, ундан-бундан гаплашиб қоладилар. Бир-иккита ходим Аъламнинг Абдузафар акадек раҳбарнинг олдида кулишиб туришига ғашиқади, лекин Аъламнинг ўзи: «Шу бечора зерикади-эй. Ўзи яратган тартиблардан ўзи сиқилади. Бўлмаса, кап-катта, раҳбар одамга кун бўйи долонда пишириб қўйибдими?», дейди. Бу гап энди худбинлигидан, чунки чекиш бемалол эмас эмиш. Бошда буни хаёлига ҳам келтирмаган эди, лекин Турдиали «Дўстим, долонда чекишингиз яхши эмас. Абдузафар акам «Шу бола кўп чекади-я», дедилар. Мен Абдузафар акамни биламан, бекорга айтмадилар», деб қолди. «Қаерда чекай? – деди Аълам. – Ҳар соатда анув жойга бормайман-ку. Ҳиди ҳам бор.» «Ташланг, – деди Турдиали. – Абдузафар акам ҳурматимни қилибди, деб хурсанд бўладилар. Ўзим ҳам айтиб қўяман.» «Бекорларнинг бешини айтибсиз. Ўзи камроқ чиқсин. Нашриётга директорми ё долонга қоровулми?», деди Аълам. Бунақа гап кўп ўтди, лекин, бари бир, долонда чекишдан маза қочди. Ноқулай-да. Тутунни ичингга тортишга-ку тортасан, лекин қаёққа пуфлайсан? Пастга пуфласанг – беписандликдек, ёнбошга – олифталик, тепага – сира иложи йўқ, тўғрига – одамнинг юзига тутун қайтармайсан-ку. Бугун эрталабдан бу тартиб бузилди. Тўғри Марказкомдан қўнғироқ бўлиб, дилни намозшом қилди. Нимадир ҳориқулодда бир гапки, Гулимоҳ Юлдузовнанинг ўзи госкомпечатни босиб тушиб, тўғридан-тўғри бир нашриёт директорига сим қоқяпти! Саломлашди, лекин ўйлашга имкон бермай, «Камолов Аълам ҳали ҳам сизда ишлаяптими?», деб сўради. Абдузафар ака шошганидан «Ҳа!» деб, борини айтиб юборибди! Шу аснода Гулимоҳ Юлдузовнанинг бошқа телефони жиринглаб қолди, у гўшакни олиб, Абдузафар акага: «Кейин гаплашамиз», деди-да, бу гўшакни қўйиб қўйди. Ноаниқликни қаранг-да энди, нимага Марказкомдан келиб-келиб бир бола сўралади, яна фамилияси билан?! «Ҳали ҳам»ми дегани нимани билдиради? «Нима учун ҳалигача ишлаяпти?» демоқчи эдими? Лекин бу бола ҳақида юқоридан ё тегишли жойлардан ҳеч бир ишора тушгани йўқ, нашриёт директори туш биладими ё бир махсус бўлими бўлса экан, муайян ходимнининг босган қадамини кузатиб, бирон иш қилиб қўйишининг азмойишини олиб, олдиндан бўшатиб турса! Ўзи ҳозир Гулимоҳ Юлдузовна айтмаса, дабдурустдан унинг фамилиясини ҳам эслолмас эди. Ҳа, шу доим долонда тутатиб турадиган бола-да. Лекин нима қилиб қўйган бўлса? Ўзи, Абдузафар ака шу аёлни кўрса, руҳи тушиб кетади, нимагадир тортиниб, ўнғайсизланиб, ҳатто бетидаги гўштлари сўлишиб, гавдаси шалвираб қолгандек бўлади. Қомат ҳали ҳам самбиттолдек, қош доим чимирилган, шунақа танлаб, бир дид билан кийинадики, унга қараган одам янглиш тасодиф билан шунақага уйланиб қолмаганига шукрлар қилади. Бир умр кибру назокат билан яшаб бўладими, ахир. Қўлимни нотўғри ушладинг, деб бир турилса! Сиқилиб ўлиб кетасан-у. Рафиқа киши минг чиройли бўлмасин, музейга қўймайсан, уни ҳам қучоқлаш керак, ахир, эй, яшаш керак у билан! Нимага Аълам билан унинг ўзи шуғулланиб қолди? Тинч юрса ўлиб қоладими, а? Нима қилгани ва бунинг юқорига қандай бўёқларда етганини энди билиб бўлмайди, буни ҳеч ким айтмайди ҳам, агар ҳам Аъламнинг ўзидан бир гап чиқмаса... Абдузафар ака Вазирани югуртирди. Ҳали келмабди! Ишга раҳбардан кейин келишни қандай тушуниш мумкин? Абдузафар аканинг диққати ошиб, телефонга Вазирани қўйиб, Аъламларнинг хонасига ўзи борди. Гўё ўзига Аълам «Узр, тайсаллаб қолдим», дея пешвоз отиладигандек. Долонда бош муҳаррир ўринбосари Карим Умаров унинг ҳуштак чалмаётганидан сергак тортиб, дарров эргашди. Турдиали эснаганча журнал варақлаб, Хосият тирноғини, Ирина лабини бўяб ўтирган экан, Умаров Абдузафар аканинг орқасидан кўзининг пахтасини чиқарган эди, қизлар патарот бўлиб кетди, Турдиали қапчиб турди. – Аъламни топиб келинг. Ирисмат акангизга мени айтди, деб айтинг. – Ерга кирган бўлса қулоғидан, осмонга чиққан бўлса оёғидан! Бош бориб, оёқ келсин! Тез! – деди Умаров ҳам. Турдиали питирлаб қолди. Долонга учиб чиқди, қайтиб кирди, кейин пешанасига шапатилаб, телефонга ёпишди. Умаров унга сенлаб: – Нимага каловланасан? – деб бақириб берди. Долонда Абдузафар ака Умаровга ҳам оғриниб, ҳам ҳайрон қараган эди, у дарров босилиб, қўлини кўксига қўйди-да: – Бўлди, тушундим, ҳозир ҳаммаси йест бўлади, – деди. Абдузафар аканинг ўзи унинг нималарнинг ҳам¬масини тайёр қилишини тушунмади, кеча бирон топ¬шириқ айтгандирман деган хаёлга борди. Ҳозирги ёшларни жуда тушуниш қийин-да. Иш бор, ойлик тайин, ёзган нарсалари газета-журналларда босилади, тўпламча бўлиб чиқади, қалам ҳақи нақд, нон бутун, тинчгина ишлаб юрмайдими, а? Гулимоҳ Юлдузовна «Аълам»га «жон» қўшмади?.. Бошқа бирон илгак йўқ, қисқа гапдан нимани ҳам англайсан? – Мана, ёзганман. Мана! – деб эшикдан отилиб Умаров кирди. – Биринчи нусхани Шоҳидга берганман, иккинчисини бўлимга, бир нусха ўзимга олиб қўйганман. Шоҳид ўшанда чора кўрганда шу гаплар йўқ эди. Йўқ, қулоқ қоқмади. Тортмага ташлаб қўйган. Мана, биринчи, «Қабр устида нутқ», трагедия! Абдузафар аканинг юраги шув этди, лекин гап нимадалигини аниқ билмай, Умаровга қараб тураверди. – Иккинчи, кўз ёш – йигирма учта шеърда! Учинчи, куз – тўққизта шеърда! Олтита шеър қиш ҳақида. Битта эшак ҳақида сатира-юмор ҳам бор! Наввойи ғазалига иккита, Лутпи ғазалига битта мухаммас. Уччовида ҳам даврдан нолиш. Майли, нолиш феодал килиркал адабиётнинг моҳияти, лекин бугунги ёш авлодга нима дахли бор? – Ростдан, нима дахли бор? – деб чиндан ажаб¬ланди Абдузафар ака. – Ўхшатма қилиб ёзгандир-да. – Ҳеҳ-ҳе, ҳамма гап шу ўхшатмасида-да! – деди Умаров ўзини орқага ташлаб. – Гўё Наввойи, Лутпи тилидан ўхшатма қилиб, тагига бугунги даврдан норозиликни тиқиб юборишади. Бунақалар мендан қутулиб бўпти! Ўқиб берайми ўшанақа... топган жойларимни? – Йў-ў, йў-ўқ, – деди Абдузафар ака чўчинқираб. – Хулоса? Бунинг ҳам тилига терсак чиққан. Наввойи! – Ўтказмайман дедим! Съездга бағишланган соннинг ичи тўла кўзёш, куз, совуқ қиш, ўтказиб бўпман!. Қадимги грекларнинг трагедияси шу сонга нимага керак? Баҳор ҳақида шеърлар бор, ҳушёр турмасанг, шунга ҳам ёмғирни табиатнинг йиғиси деб тиқиб юборишади-да. – Мақсад? – деди Абдузафар ака ўсмоқчилаб, у ҳали ҳам нима гаплигини тушунмаётган эди. – Нима алоқаси бор? – Бор-да алоқаси. Тўпламга редактор қилиб Шоҳид шу болани қўйган! Ётиғи билан тушунтирсам, мени саводсизга чиқарди. Бола! Йўқ, бетимга айтмади, мунақа тиржайиб қарайди! Ҳайдаш керак. Хулоса шу! Яъни менинг фикрим, – деди Умаров. – Сиз нима... бирон гапдан хабарингиз борми? – деб умид билан сўради Абдузафар ака. Умаров пишиллаб нафас олди, елкалари кўта¬рилиб тушди. – Ниҳоят-э! Хабарим бўлмаса ҳам аниқ билардим. Кўнглим сезганди-да беишкал юрмаслигини. Сиз ҳам бир назаркарда одамсиз, ҳу ёзда айтувдингиз, шу боладан эҳтиёт бўл, дунёқараши бузуқроқ деб... – Шунақа деган эканманми? – деб ҳайрон бўлди Абдузафар ака. Шунақа ҳушёрлик қилган бўлса, яхши лекин... Асли бу гапни, Каримнинг ўзи айтган, Абдузафар ака ўшанда ҳам «Шунақами», деб қўйгандир... – Дегансиз! – деб хурсанд бўлди Умаров. – Шундай зўр-зўр кўрсатмаларни берасиз-да, кейин эсламайсиз. Мен ёзиб юраман. Хў-ўш, кадрларга айтган эдим... Абдузафар ака яна ҳайрон бўлиб қаради, индамади. Умаров овозини пасайтирди: – Битта засепка бор – прапискаси Янгийўлда! Оппа-осон, ҳаммаси қонуний бўлади. Ўттиз километр радиусдан ташқарида экан, дейилади, тамом! Биров метрлаб ўлчаб чиқибдими? Қаранг-эй, одам паст овозда ҳам қаттиқ гапириши мумкин экан! – Ҳали ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, Карим! – деди Абдузафар ака. – Шартми? Олдини олиб қўяйлик. Сурайёга айтган эдим, қабулхонада, кираверсинми? Абдузафар аканинг бош ирғашдан бошқа иложи қолмаган эди. Умаров бўшашиброқ чиқди, қўлида дастрўмоли билан бурнини чимдилаб, қўлтиғида тезтиккич, Сурайё эшикни очди. Кириши билан аксирди, дастрўмоли билан бурни, кўзларини артди-да, салом бериб, ўша ерда туриб қолди. Абдузафар аканинг ичи ачиди: – Ҳали ҳам ўтмадими? Санаторий наф қилди, деган эдинг-ку? – Яхши бўлувдим, яна бошланди-да. Одамларнинг соғлиғига зарари ёмон, босмахонасини судга берайлик, ютар эдик. – Ҳозир СЭС шуғулланяпти, – деди Абдузафар ака. – Бу ёққа кел, юқмайди-ку, ўтир. Ҳа? Сурайё келиб ўтиришдан олдин, қўлтиғидаги тезтиккични, ичидан бир варақ қоғозни унинг юзасига олиб, Абдузафар аканинг олдига қўйди. – Менда ҳали Камолов ҳақида ҳеч нарса йўқ. Лекин Умаров тайёрла деяпти. Абдузафар ака Сурайёга савол назари билан қаради. Сурайёнинг юзига тошган тангадек қизғиш доғлар ҳуснини буза олмаган, у бари бир кўҳлик жувон эди. – Бунақа топшириқни менга фақат сиз беришингиз мумкин. Бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сурайёнинг бу гапи «Фақат сизникиман», дегандек туюлиб, Абдузафар ака мамнун бўлди: – Жуда тўғри. Мен жимман. Ҳайронман Каримга. – Мен борайми? – деди Сурайё ўрнидан туриб. – Йўқ, йўқ, ўтириб тур. Қани, кўрайлик-чи,– деб Абдузафар ака қоғозни ўқишга тутинди. – Хўш, колхозчи-деҳқон оиласидан, имтиёзли диплом, ўқитувчи-филолог, ҳарбий хизмат... Артиллерия... Э-ҳа, бир гап¬лашувдик. Бу ҳам бир юз йигирма икки миллиметрли гаубица отган экан. Урушдан қолган. Зўр пушка лекин. – Абдузафар ака қўлини мушт қилганча тирсаклаб кўрсатди. – Бўмп этиб отилганда стволи мана бунақа орқага бориб келади... Сурайё Абдузафар акага тўғри қараган эди, у кўзини олиб қочиб дарров қоғозга тикилди. – Так. Оиласиз? Ий-э, нега? – Нега бўларди, уйланмаган. – -И-и-й-й, бечора! – деб юборди Абдузафар ака. – Эй, шўрлик, ҳали уйланмаган ҳам эканми? Абдузафар аканинг гапидан Сурайё алланечук бўлди, бўйдоқлик деган жуда ёмон, энди ҳеч ҳам аримайдиган касал, шу касалга учраганидан кўзларини мўлтиратиб, ютоқиб-ютоқиб чекаётган Аълам кўз олдига келиб, ичи эзилиб кетди. – Эй, ҳаёт! – деди Абдузафар ака. – Бу, нима, Янгийўлдан қатнайдими, ё?.. – Йўқ, эски шаҳарда, ижарада туради. – Э-э, ҳали бошга пана жойи ҳам йўқ, – деб Абдузафар ака яна хафаланди. – Биз ҳам бўшатсак, қаёққа боради? Оила йўқ, уй йўқ, ишхона ҳам... Нимага суяниб келган ўзи, а? – Талант шекилли, – деб билағонлик қилди Сурайё. – Калласини зўр дейишади-ку. – Эй-й, – деб қўл силтади Абдузафар ака. – Талантга ош пишириб бўлса экан... Хў-ўш, жоним, нима қилдик, а? Юрагим ҳам санчиб кетяпти. Сурайё Абзузафар акага сузилиб қаради-да, бурнини тортди. Шайтон, мазам йўқ, деяпти-да. – Нега ҳамманинг юкини сиз тортишингиз керак? Юрагингизга оғир тушади-да кейин. Иложи йўқнинг иложи йўқ. Ўзингизни ҳам ўйланг. Мен ҳали кирарман. – Ҳа, шу билан қочдинг-да, а? – деди Абдузафар ака зўрға илжайиб. – Йўқ, келаман, – деб Сурайё Абдузафар аканинг орқасидаги эшикка қараб қўйди. – Ҳали буйруқлар ҳам бор. Ўзи нима гап, Зафар ака? Абдузафар ака ёлғондакам хомуза тортди. – Ҳеч гап йўқ, жоним! Ёш кадрлар – бу келажагимиз. Штатни ҳам ёш кадрлар билан тўлдириб боришимиз керак. Аълам яна, айтяпсан-ку, талант экан. Талантга ўзингнинг ҳам кўнглинг суст кетяпти. Қаерда туришини ҳам биласан. Лекин бу ёққа кирганда бурнингни тортасан... Сурайё қизарди, қизарганига юзидаги қизил доғ¬лари рангига қўшилиб, чиройи очилиб кетди. – Зафаржон ака! – Бўлди, ҳазил. Аллергия! – деб икки қўлини кўтарди Абдузафар ака. – Лекин ҳар эҳтимолга деган гап ҳам бор. Каримга ўхшаганлар, вақтида айтган эдик, директор қулоқ солмади, деб юрмасин. Маъқулми? – Тайёрлаб тураман. Лекин Умаров айтгандан ҳеч нарса чиқмайди, – деди Сурайё. – Кўр-да... Мана, шу пайтгача ҳам йўқ... Ҳа, қара-чи, анави Ҳакка келмабдими. – Ҳаккангиз ким? – Турдиали. Сурайё пиқирлаб, шоша-пиша бурнини дастрўмол билан бекитди. – Вой, кулдирманг! – деди. – Ким қўйди бу отни, Зафаржон ака! Сизми? Вой, ўхшаганини! Абдузафар ака индамай кулди. Жим-ку, а? Эсидан чиқиб кетдимикан? Аълам йўқ, унга кетган Ҳаккани ҳам ер ютди. Аълам аниқ бўлгунча, сўрамай тургани ҳам яхши. Ё Аъламни уйи¬дан чақириб олдиларми экан? Ҳеч гап эмас, Марказкомнинг ҳайдовчилари ернинг тагидан ҳам ғирра топиб келади. Гулимоҳ Юлдузовнанинг «Кейин гаплашамиз», деб яна индамай қолгани шунгадир. Абдузафар аканинг ичи шувиллаб кетди: «Хўш, Камолов ука, қани, нашриётда нима гаплар? Китоб, брошюралар вақтида чиқяпти, режа бажариляпти, демак, жамоа яхши ишлаяпти, лекин директор... директорнинг ўзи ҳам иш қиладими ё фақат долонда ҳуштак чалиб юрадими?» деб сўрайдилар, айниқса Гулимоҳ Юлдузовна, қошларини чимириб, нозик бўйинларидаги Искандариядан келган чиғаноқ шодасини шилдиратиб; «Вой, укажон, қўрқманг. Мен борман, тўғрисини айтаверинг», дейди, Аълам: «Мен қўрқмайман, лекин...» Йўғ-ё, Аълам унақа болага ўхшамайди. Аммо ўзи йўқнинг кўзи йўқ, кейин, Гулимоҳ Юлдузовна нон емаганга ўхшаб ингичка кўрингани билан, човути ёмон, гапиртирмай қўймайди. Абдузафар ака ҳозир Гулимоҳ Юлдузовнанинг сим қоқишига маҳтал бўлиб, чиқолмай турганигами, долонда кезишни жуда яхши кўришини туйди. Сурайё деразадан кўриб турган эди: Абдузафар аканинг кулранг «Волга»си пастга келиб тўхтагандан кейин, унинг орқа эшиги очилди-да, Турдиали фақат оёқларини тушириб, Ирисмат ака билан бир пас гаплашиб ўтирди, орада уч-тўрт киши билан бош ирғашиб саломлашди, кейин машинадан чиқиб, нашриётга томон вазмин одимлади. Ажойиб одам, нима иш қилса, одамларнинг кўриши, ҳаваси уйғониши, ундан ҳам кўра жиндай ҳасади келиши керак. Сурайё долондан чақириб оларман деб бемалол ўтирган эди, Турдиали зипиллаб ўтиб кетди, йўлида тутиб, у-бу сўрамоқчи бўлган Умаров ҳам кабинети эшигини очганича қолаверди. Қабулхонада Вазира гапиришга оғзини ўнглаб улгурмай, Турдиали Абдузафар аканинг ҳузурига учиб кирди. Нима учун Аълам кўмир ташийди, нега қора кўмир, кўмирнинг қора эмаси ҳам бўладими, кейин, нимага кўчага тўкилади – Турдиалининг калта-култа гапидан Абдузафар аканинг мияси ғовлаб, бирон нарсани тушуниши қийин бўлди. – Ҳа-а, ҳамма ёғи қоп-қора бўлиб кетган! Мен айтдим, шуни, бозор бир қадам, пиёнистадан кўпи йўқ, ярим шиша винога ўлиб ҳам беради, шуларга ташитсанг бўлмайдими, деб.... Абдузафар ака бир хаёли Аъламни бирон мактаб-пактабнинг қозонхонасига оталиққа ташиб беряпти экан, деб ҳам ўйлади. – Ий-э, ҳали келмади денг? – Йўқ-да... судраганим билан, мошинингизни қоп-қора қилади. Ўзим қайтавердим. Сиз қараб қолманг, топшириғингизни ўзим қилиб қўяй, деб. Ўн марта яхши қилиб бераман ундан. – Қанақа топшириқ? Мен сизга нима деган эдим? – Мен ҳам шу гапларни айтдим. Масала жуда қаттиқ қўйилган, калланг кетади лекин, дедим. Кўмиримни ташийман, кейин бораман, дейди! Ҳали қишга икки ой бор, бу йил қаттиқ бўладими, йўқми, худо билади, директоримиз жуда хавотирдалар, у кишининг жаҳлларини чиқарма, бир жаҳллари чиқса, десам... – Нега ичингиздан тўқийсиз? – деб Абдузафар ака сал хуноб бўлди. – Қанақа масала, ким хавотирда? Миянгизни еб қўйганмисиз?! Турдиали кўзларини дум-думалоқ қилиб, ўзини тилдан қолганга солди. Жўрттага қўрқади! Ана энди қочиб чўқийверади. – Билжир-билжир қиласиз! Гапингизнинг тузи борми? – Абдузафар ака қаттиқ гапирганини гўё сезиб, сал юмшагандек бўлди. – Шаталоқ отмай, аниқ гапиринг. – Кечирасиз,.. Абдузафар ака, ҳаққаттан ҳовлиқиб кетибман. Бошқа қайтарилмайди, – деди Турдиали кўзларини ғилтиллатиб. Абдузафар ака қўлини силтади: – Кечирим сўраманг, майли. Пишиқ бўлинг дейман-да. Ўсадиган вақтларинг ҳам келяпти. Мана, биз ҳам пенсия ёшига боряпмиз, хўш, ишни кимларга қолдирамиз, а? Турдиалининг одамга шунақа қараши нимага ўхшайди, а? Тумшуғини силаб қўйгинг келади. – Олдинми, кейинми, бари бир, шундай бир кун келади. Турдиалибой! Гап эстафета таёқчасини кимга беришимизда. Анави, фамилияси нима эди? Турдиали ҳаяжондан Абдузафар аканинг кимни назарда тутаётганини англамай қолди: – Кимнинг, Абдузафар Абдусафарович? Сал манфаатнинг ҳиди тегса, «вич»га ўтиб олади-я! – Шу, Мўрини айтяпман. Турдиали тумшуғини чўзиб, кўзларини пирпиратди – унга яна етиб бормади. – Дўстингиз... кўмирчи шоир, – деди Абдузафар ака. – Э-ҳа, уми? Топасиз лекин, – Турдиали бир яйради-да, дарров ўзини босди. – Фамилияси Камолов, Камолов. Лекин дўст эмасмиз, йўқ. – Ий-э, нега? Ёшларинг тенг, бир бўлимда ишлайсизлар, бир хонада ўтирасизлар... – Тушликни ҳам бирга қиламиз, – деди Турдиали шоша-пиша. – Лекин дўст эмасмиз, йўқ, йўқ. Улар бошқа, мен бошқа, Абдузафар Абдусафарович. – Улар... ким? – Улар бошқа, бошқа давра. Тушунмайман уларни, тушунгим ҳам келмайди. Мен устозларнинг йўлидан бораман, Ҳа, мен, мана, сизнинг этагингиздан ушлаганман. Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам қўйвормайман. Абдузафар ака қизиқиб қолди: бундан анча гап¬лар чиқадиганга ўхшайди. – Улар-чи? – Қанақадир танка, Такабука... ҳокку... Мен тан ол¬майман. Абдузафар ака ажабланди; -– Танкани тан олмайсиз? Жинними бу, танкни ҳам тан олмай бўладими? Танк бундан сўраб ўтирадими? Янчиб ўтиб кетаверади! Ё... тавба, тилининг тутуми йўғ-эй. – Беш сатрлиги танка, уч сатрлиги ҳокку экан. «Қор ёғяпти, ҳамма ёқ оппоқ, дарахтда қора қарға қўниб турибди». Шу шеър бўлдими? Жанрини танка дейдими, ҳоккуми, поккуми, шеър эмас-да энди бу. Абдузафар аканинг ҳафсаласи пир бўлди: қана¬қадир тортишув экан; булар иш қилишнинг ўрнига нима бало баҳслар билан овора-я. – Булар ўқийдиган адабиёт... йўқ, мен чет эл шоирларига қойил эмасман.. Улар ўзларига шоирдир. Аъламга шуни кўп айтаман. Қўй, шу Лорка-поркангни ҳам дейман. Бизга улардан фойда йўқ, зарари тегиши мумкин лекин. – Ҳа, қараб юриш керак. – Шу-да, бизга бари бир ёт, бегона. Тарбиявий аҳамияти ҳам тескари... Мана, қаранг: «Мен нега ёзаман – негаки!». Бўлди, шу шеър эмиш! «Мен нега ёзаман» – сарлавҳа, «негаки» – шеърнинг ҳаммаси. Шеър эмас, оддий гап-ку бу. Аъламга ҳам шунақа нарсаларга берилма, дейман. Мана, баёзга ҳам трагедия таржимасини киритди. Мен айтдим. Еврипид буюк шоир, лекин у антик адабиёт вакили, трагедиясининг бугунги кунга нима алоқаси бор, дедим. Йўқ, бари бир, киритди... – Сал ғўдайганга ўхшайди лекин... Турдиали нимадандир ҳушёр тортди. – Э-э, ўзи... ичидан унақа эмас. Лекин тўғри, тарбиялаш керак. Таъсирларга берилмаса, яхши йигит. Мана, ёзда ТНО «Волга»да юриб қолди. Вой-бў-ў! Бугун анграядиган кун шекилли. – Аъламда ТНО нима қилади? – Шуни айтаман-да. Ёзда юбордингиз-ку журналистларнинг семинарига, аткритка-паткритка чиқа¬ришга дастёрлик қилсин деб? – Ҳа, хўш? – Бунга нима қилиб мошин тегиб қолди ўзи? Энди, Марказкомда ҳамма мошинлар шунақа ТНО «Волга»да, а? Бўлмаса, ўзи инвалидларнинг пат-патигачалик ҳам иш қилгани йўқ. Э-э, бу ёшлар-эй! Буларни эшитишнинг ҳам бир гашти бор лекин! – Мен ўшанда ҳам, эй, ҳаққинг йўқ, ёшсан, ўзлари мин, деса ҳам, минма, дўсту душман бор, дедим. Йўқ! – Турдиали жуда куйиб кетди. – Ҳатто талабалар шаҳарчасига ҳам ТНОда бориб юрди-да. – Университет босмахонасигами? – Қаёқда! Ижодий учрашув, дейди, ёшлар билан. Яхши эмас, беш кунлик обрў учун ҳаммани алдаш, деб қаттиқ гапирганман... Ўзи яхши йигит-у, ёш, адашади-да. Шу бўёқлар ҳам ўша вақти келган эдими, Абдузафар ака? Абдузафар ака ҳеч нарса демай қаради, бугун буларга бир гап бўлган! – Фотоальбомда ранги минг йил ўчмай туради шекилли, ҳидидан айтаман, – деб изоҳлади Турдиали. Қора кўмир – кетолмай, кундузга қолиб, қотиб қолган қоронғу тун. Қора кўмир – қоронғу тун парчалари. Тун бўлаклари. Тун майдалари. Қоронғуликнинг тупроқ-гарди. Кўмир – ёнади, қоронғу – қора – ёнғу. «Ёнғу» деган сўз борми-йўқми? Бўлса керак. «Чолғу», «аёлғу», «бурғи», «ёқилғи», «ёнилғи»... Йўқ, бу ёғига бачканалашдик. Лекин нимадир бор.! «Қора», «қоронғу» – бир-бирига боғлиқ-ку. Шундай-да. Қоронғу – қора – ёнғу, қора ёнувчи, қора нур. Қоронғу қора нур бўлиб тарқалади. Кундуз куни ҳам таралиб-тарқалиб кетаверади ўз-ўзича... Бунақа ўхшатишлар куракда турмайди-ю, лекин қора кўмир билан қоронғулик ўртасида нимадир боғланиш бор... Лекин ҳозир фақат тишининг оқлиги қолган бўлса керак. Кўмирнинг қораси тирноқларининг тагигача кириб кетибди-я. Кўмирни ортган тракторчига ҳам қойил: юклаганда ҳам, ағдарганда ҳам катта-каттаси устига тушиб, майдаси ташигандан кейин чиқар экан. Унга жиндай қистириш керак эди, лекин ҳалиги корафта одам: «Ўтманг! Сизга тўғри келмайди. Ўзлари билади», деса, хўп депти. Ағдарма машина кетгандан кейин Ҳамид ака деган қўшни киши «Каравотнинг пружина сеткаси билан элаб олинг», деса, кечаги кайфи тарқалмаган, киноя қиляпти деб ўйлабди, шунга экан-да. Аммо-лекин қишда шу майдаси жонига ора кирди. Кўчиб келган куни, қайдан билибди, кўрпага ўраниб, бир уйқуни урсам, тонг отади, эртага худо пошшо, деб ўйлаган экан, уч-тўрт йилдан бери одам турмай, захлаб кетган уй, яна қишнинг ўртаси, ярим оқшом шунақанги совқотиб уйғондики! Ўзи мисоли кўрпага ўралган тирик муз, уй совуқ эмас, совуқ ўзидан чиқаётгандек! Ҳатто ҳовли ҳам ой ёруғида илиб тургандек кўринди. Чиқиб бир оз юрди ҳам. Лекин ҳовли тарақлаган экан, чидамади. Кечаси билан ғира-ширада локини йилтиратиб, шифтга тиралган «контрамарка» печкага термилиб, уни қандай ёқишни ўйлаб, жийда қоқиб чиқди. Шунчалар истаб, шундай зўр бериб ўйладики, печка ўтинсиз ҳам ёниб кетадигандек эди. Саҳар дилдираб туриб ҳамма ёқни тит-пит қилди, қўлига ёққулик нарса илинмади. Печка ҳам печка эмас, юҳонинг ўзи, ўтин-пўтинни ямламай ютади, иссиқ бермайди, унга фақат кўмир кор қилар экан. Кўмирхона эса шип-шийдон, таги шиббаланган теп-текис ер. У нимадир умид билан шу ерни тирмалаб кўрди. Қараса, ярим қаричча қора тупроқ. Кўмирнинг тагига тушган хокаси шиббаланиб босилавериб, ер бўлиб кетган экан. Кейин ўзига яна бир қойил қолди: данакдек, ҳатто мошдек майда кўмирни доналаб териб, жиндайгина тутантириқ ўтинчанинг устидан қалади, кейин шу қора тупроқни сувлаб босиб, ҳаво юриши учун худди ҳаммомпишдек тешиб-тешиб қўйди. Аввал нимжон тутун чиқиб, илашди, охири чўғланиб ёнди! Худди биров ўргатиб тургандек, бўлмаса, кўмирнинг тупроғини лой қилиб қорса, ёниши тушига кирибдими? Девонанинг ишини худонинг ўзи ўнглабди дегани шу бўлса керак-да. Ҳозир ташиётгани ҳузури жон-ку. Лекин челаклаб ташигандан кейин, минг ғайрат қилма, ишнинг униши қийин экан. Бу одамлар ҳам жим ўтиб кетавермайди, албатта бир нарса дейиши керак. Бирови унинг ўз нархига олганига ишонмай, ҳозир усти қанча, қор тушгандан кейин қанчага кўтарилишини уқтирса, бошқа бирови ташиб тугатгандан кейин кўчани супуриб, албатта оқизиб ювишни тайинлайди. «Бай-бай-бай, бунча қора-эй», деб ўтадилар яна, худди ўзлари газ ёқадигандек. Ҳар хил одам-да, лекин аксарияти кўмирни Аъламнинг ўзи киритаётганига ажабсинади. Доим пўримгина юрадиган йигитнинг қўлини кўмирга уриши ярашмаган бир иш, қанақадир мақтанчоқликка ҳам ўхшар эди. «Мана, кўриб қўйинглар, мен қанақа камтарман. Кўмирни ҳам ўзим ташийвераман», деяётгандек. Шокир посадкачи ҳатто: «Одамлар ҳурмат қилгандан кейин одамларнинг ҳам ҳурматини қилиш керак, шоир. Бизлар сизни, вақтини олмайлик деб, чойхонага чақирмаймиз-у, сиз бўлсангиз...», деди. Одам ўзининг кўмирини ўзи ташиб олса, буларга ҳурматсизлик бўлар эмиш. Шундай лекин, чойхонадан вақти-вақти билан косада устига нон бостирилган ош, қозон кабоб, баъзан димлама чиқиб туради. Аъламнинг ўзи чойхонага чиқмайди ҳисоб, чунки қовушими йўқ; шахматга ошно эмас, қартадан узоқ, бошқа нарсаларнинг кўчасидан ўтмаган. Чойхонадагиларга ҳам шу маъқул, ундан нима улфат чиқарди, шеър ўқитмайсан-ку. Чойхона бозорга яқин, бозорники деса ҳам бўлади, ҳар хил одам бор, аралашиб нима зарил, ўтириб мақоласими, шеъриними ёзаверсин. Ўзи умуман бозорнинг баракоти бутун атрофига ёйилади, мана, шу маҳаллада ҳам тирикчиликнинг йўқ касбининг ўзи йўқ, энди ёзувчи ҳам шу ердан ўсиб чиқса, бу ҳам бир файз-да. Лекин ўзи ғалатироқ, бир ундай, бир бундай. Бугун кўмир ташияпти. Ёзда эса беш-ўн кун қора «Волга»да ҳам юриб қолди. Орқаси пардали, ўриндиқларига ҳам оқ тортилган, ҳайдовчиси ҳам Аъламга бир яримта келадиган жиддий одам. Ўзи бир бош, бир қулоқ, ижарада туради, яна кўчанинг оғзида бу кишимга «Волга» мунтазир, томоша, зерикмайсан. ТНО «Волга» миниш бошида жуда ёқди. Одам кирасини берадиган таксига ўтирганда қанча ҳаво олади-ю, ўзига биркитилган машинадан таъсирланмайдими! Аълам биринчи куни тушгачаёқ ишларни битириб ташлади, Марказкомдан босмахонага борди, уюшмага кирди, яна босмахонага қайтди, нашриётига келди, ҳали тушликка вақт бор эди, Турдиали билан бир оз лақиллашди ҳам. Гап орасида оғзининг бир чеккасидан машинада келгани чиқиб кетган эди, Турдиали ирғиб туриб, кўриб ҳам келди. Йўлда, долонда бир-икки-одамга сал бошқачароқ шипшиган шекилли, Аълам буни ҳамкасбларнинг бош¬қача сўрашишлари, тагдор гапларидан ўша ёққа ишга ўтаётгани ҳақида миш-мишга айланганини албатта кейинроқ билди. «Беш кунлик халифалигини» Аъламнинг ўзи кулгига олган бўлса-да, Турдиали анча чўкди, «Шундай катта одам сизнинг хизматингизда-да, – деди мунғайиб. – Олиб боради, олиб келади. Э-э, қойил! Энди биз билан овқатланмайсиз-да, а? Марказкомнинг овқати янги сўйилган гўштдан, ҳам арзон. Ҳеч гап эмас, шунақаси ўсиб кетаверсангиз. Майли, бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин». «Тўғри, – деб кулди Аълам, – янги сўйилган гўштдан одам ўсади лекин». У бунақа нарсаларни хаёлига ҳам келтирмаган эди, лекин бошқа томондан боши қотди: энди буёғига машинани нима қилса? Бугунга иш тамом, эртага ҳам йўқ ҳисоби, босмахонага борса ҳам, бормаса ҳам бўлади, бошқа кунлари ҳам шундай. Қизиқ лекин: ихтиёрида машина, ҳайдовчиси билан, фақат машинада борадиган жой, қиладиган иш йўқ. Ўзи иш кўп эмас, нашриёту босмахоналар Марказкомдан бир қадам, йигит одамнинг товони ейилиб қолмайди. Қайтангга, машинасиз яхши эди, эркин, Марказкомга деб қуённи сурса ҳам, ботиниб сўрайдиган мард йўқ. Машина бўлса, тўққиздан қўнқайиб туради. Ҳайдовчиси Эргаш ака отаси тенги одам, куттириш ноқулай. Кейин ҳам шундай савлатли машина нимага овора деб биров суриштирмайди-ю, лекин, бари бир, кўнгил алағда, машиналик иш қилиш керакдек. Кечқурун ҳам олтини кутиб ўтиришни айтмайсизми? Э хуллас, машина бировга ҳавас қилсанг, яхши-ю, лекин ўзингга... оёққа тушовдек бўлиб, бемалолчилик йўқолиб қолар экан. Ҳаммасига Шамсиддин Солиҳбоев сабабчи, шу одамнинг ғалати феъли бўлмаганда, Аълам ҳам бу бошоғриққа учрамас эди. Ўзи шунақа қўрқоқми ё жўрттага қиладими, нимани сўраманг, йўқ, дейди, қирқ йилдан бери матбуотнинг нонини еб келаётгани, портфели битта эканини пеш қилиб, оёқ тираб туриб олади. «Эсон-омон пенсияга етиб олишим керак», дейди. Брежневнинг нутқи инглиз, немис тилларида брошюра бўлиб чиқар экан, Аълам босмахонадан корректураларни олиб, «Внешторгиздат»га бериши, орада журналистлар уюшмасига, шунда ҳам албатта унинг раиси Шамсиддин Солиҳбоевга ўзи олиб кириб, тасдиқлатиши керак эди. У Солиҳбоевни шунда кўрди. Солиҳбоев уни анча хуш қабул қилди, корректураларни эҳтиром билан қўлига олди-да, бирдан кўзи олайиб, юзи кўкариб қолди. Аълам бу одамдаги бир нафасда бўлган ўзгаришдан ошқозон-пошқозони тутиб қолдими, деб чўчиб кетди. – Қани, қани... Ильичлари? – деб Солиҳбоев галдираклаб тилга кирди. Аълам тушунмади. – Ким қани? Қанақа Ильичлари? – Ильичлари!? Ильичлари қани, деяпман?! – Ни¬ҳоят нафас йўллари очилди шекилли, Солиҳбоев бақириб юборди. – Ким олиб ташлади!? Ким қилди бу правакацияни?! Сизми? Нега куласиз? Аълам ичидан келган шайтон кулгини зўрға босди, лекин юзига илжайиш қалққан шекилли, Солиҳбоев унга одамёввойини кўргандек ўқрайиб қараб қолди. – Биринчидан мен қилганим йўқ. Иккинчидан, бу тилларда нисба берилмайди. Учинчидан, менга бақирманг. – Нега бақирмайман? Ильичларини олиб таш¬лайсизлар-у, бақирмайманми? – Айтяпман-ку сизга, уларнинг тилида Ильич-пильич бўлмайди, деб. Леонид Брежнев, бўлди, тамом! Солиҳбоев бунақа беҳурматликни кутмаган эди, баттар тутаққанини бошини орқага ташлаб, пуфлаб билдирди, лекин бирдан паст ҳам тушди. – Билган одамлар қилгандир, ахир, – деб муроса қилди Аълам. – Ҳар бир тилнинг ўз тартиб-қоидаси бор. – Семинар чет элда эмас, ўзимизда, Ўзбекистонда, Тошкентда бўляпти! Fоявий душманларнинг тартиб-қоидаси билан неча пуллик ишимиз бор? – деди Солиҳбоев сал юмшаган бўлиб. – Биз ўртоқ Брежневнинг ҳурматларини жойига қўйиб, Леонид Ильич деб айтишимиз керак. Кейин, ука, бунақа пичингларни қилманг. Аълам ҳайрон бўлди. – Қанақа пичинг? – Анави... Илич-пилич, дедингиз. Ука, мен бир оқкўнгил одамман, отангиз қатори. Синиб қолманг... Чет тили бўлгандан кейин, дўст эмас-да. Уларнинг кўнглига қараб, Ильичларини олиб ташлаш – хато. Буни юқори инстанцияда гаплашамиз. Кейинги машмаша яна шу корректуралар устида бўлди. Концертга таклифнома билан дастуридаги имло хатолари асл матнда ҳам ўтиб кетган экан, Аълам тўғрилаб чиқди, икки жойда бесўнақай жумлани таҳрир қилди. Кейин, албатта, буларни ҳам Солиҳбоевга тасдиққа олиб кирди. Ўша аҳвол қайталади: Солиҳбоев кўкарди, сакраб тушди, нафас йўллари очилгандан кейин яна бақирди: – Ўв, ука, сизни менинг жонимни олгани юборишганми? Нима ҳаққингиз бор Марказком тасдиқлаган матнни ўзгартиришга?! Қаерда туғилгансиз ўзи, а? Бу гал Аъламнинг ҳам жаҳли чиқиб кетди: – Э-э, бақирманг менга-э! Оддий имло хатосини ҳам Марказком тасдиқлайдими? Кўзми, пўстакнинг йиртиғими, дейишмайдими? Солиҳбоев столи тортмасидан матнларни олиб, муҳрини кўрсатди, кейин бошига кўтариб силкитди: – Расмий таржима! ЎзТАГ қилган! Ўлгингиз келяптими? Нега аралашасиз? – Нега аралашмай? «Қаҳрамон Кенжаев» «К. Кенжаев», «Қаро кўзим» куйи «Қора кўзим» деб ёзилган. «Сақли наво» «Сақили наво» бўлиши керак. «Ўроқ» ҳам, «Йўлдош» ҳам ҳам қисқартмада «У» «Ю» бўлиб кетган, «Чутбоев»эмас, «Чўтбоев». Солиҳбоев қўлидаги қоғозларни Аъламнинг бурнига ишқалагудек бўлди: – «Читбоев» бўлмайдими?! Ўзлари жавоб беради! Мана! Муҳрини кўряпсизми? Гурсиллатиб урган! Битта ҳам ҳарфини ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ. – Бу ўзгартириш эмас, ахир, Шамсиддин ака! – деди Аълам хуноби ошиб. – Оддий тузатиш. – Ўзлари бузган, ўзлари тузатади! Менинг қўлим¬даги матн тасдиқ қилинган, бир ҳарфига ҳам тегинмайсиз! Портфелим битта! – Ким ўзлари? – деб сўради Аълам. Солиҳбоев қўлини тепага нуқиди: – Марказком! – Ким? Гулимоҳ опами? Солиҳбоев Аъламга шернинг мўйловини торт¬қилаётган болани кўраётгандек аччиқ ҳайрат билан қаради. – Ҳали сизга опа бўлдими? Ўртоқ Ислом¬бе¬кова-я?! Аълам индамай, стол устидаги телефонга чўзилган эди, Солиҳбоев аппаратни чаққон тортиб қолди. – Нима қилмоқчисиз? – деди бошини қийшай¬тириб. – Сўрайман. – Шу ердан-а? – Солиҳбоев телефонни икки қўли билан ушлаб олди. – Ука, сизни тушунмаяпман. Тўғри гаплашмоқчимисиз? – Ҳа. – Ҳеҳ-ҳе, қойил! Яна қаерда туғилгансиз десам, аччиғингиз келади. Мен, журналистлар уюшмасининг раиси, жуда ёниб кетмаса Гулимоҳ Юлдузовнанинг тинчини бузолмайман. Ҳаддим йўқ! Сиз ёш бола, шундай телефонни кўтариб, бемалол гаплашаверасиз-а? Кимсиз ўзи? – Одам, – деб ажабланди Аълам. Намунча бу одам ваҳима қилади? Гулимоҳ опа ҳам ҳеч қўрқинчли эмас, яхши бир аёл, одамга меҳрибон. «Ука, бу ерга енгил келманг, – деди Аъламни биринчи қабул қилган куни. – Костьюм кийиб олинг.» Аълам: «Галстук ҳам тақайми, – деди-ю лекин опанинг тўғри тикилган кўзларига тўқнаш келиб, олифта гапидан ўзи ўнғайсизанди. – Шу саратонда-я. Одам бўғилиб кетади-ку». Опа ундан кўзини олиб, ҳорғин изоҳ берди. «Ҳа, ташқарида саратон. Бу ерда ҳаво йигигма-йигирма беш градус паст. Қаттиқ шамоллаш мумкин.» Опанинг нигоҳлари шунақа тиниқ эдики, унинг олдида ортиқча гапиришнинг ўзи ортиқча, лекин муомаласида қандайдир эркинлик бор эди. Аълам укасиниб ҳазиллашди: «Қанча юқори бўлса, ҳавоси шунча паст бўлади. Бу совуқда қандай ўтирасиз?», деди. Опа яна кулимсираб қаради-да, қошларини чимирди, «Ижод қилманг», деди. Аълам бу гапни анча кейин тушунди, опа русча ўқиган, русча фикрлар, шундан ўзбекча шеваси жуда ширин эди. «Ижод қилманг» дегани «Ҳаддингиздан ошманг», «Ўзингизча тўқиманг» дегани экан. Суҳбат авжида Аъламнинг оташинлиги меъ¬ёридан сал ошса, опа: «Бўлди, ижод қилманг», деб тўхтатиб қўяр, лекин қошларини чиройли чимиришидан шундай қилганига афсусланаётгани билиниб турар эди. Аълам Солиҳбоевнинг олдидан чиқди-да, бари бир, унинг қабулхонасидан Гулимоҳ опасига сим қоқди, опа тез етиб келишни сўради. Аълам борганда опа шай турган экан, корректураларга бир қур кўз югуртирди-да, шартта имзо чекди. Ҳаммасини шап-шуп тахлаб, Аъламга узатди. – Босмахонага! Бўлди, ҳеч кимга кўрсатиб юрманг! Шунча одамдан ўтиб кетаверган экан-да. Лекин «қаро»сини мен «қора» қилган эдим. Қаёқдан билай, русча ўқиганман-да. Бундан кейин ҳаммасини ўзингиз кўриб, ўзингиз жавоб берасиз. Ишонаман. Тасдиққа – менга. Тушунарлими? Эртадан сизга машина чиқади. Пиёда юрмайсиз. Бу ёғига энди иш оператив кетади. Ҳа? Солиҳбоев яна томоша кўрсатдими? Энди кўрсатмайди. Тўғри мен билан ишлайсиз. Ишламайман деган гап йўқ. Олдинда ҳаёт бор. Шу билан Аълам ТНО миниб қолди, иш ҳам юришди, Солиҳбоев «жанги»дан ҳам, унгача бўла¬диган имзо тўплашлардан ҳам қутулди. Йўқ эса, семинарга чиқариладиган ўттиз саккизта нарсага Солиҳбоевга қўл қўйдиргунча, пенсияга у эмас, ўзи, шунда ҳам инвалидликка тайёр бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Аълам қолган ишларни ўйнаб бажарди, қийналмагани, азоб чекмагани учун, кейин нималар қилгани эсидан ҳам чиқиб кетди. Фақат ҳар замонда ТНО «Волга» минганини соғиниб қолади, холос, машина кўчма ҳибсхонадек бўлса-да, ҳар қалай, мартаба эди-да. Белкуракни худди жонли бир нарса пастга силтаб тортгандек туюлиб, залвори бирдан қўлга тушди. Аъламнинг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Белкуракни азот кўтариш анча оғир эди, шунинг учун тортиб чиқарди. Шапалоқдан каттароқ, тўрт энлидан қалин бир нарса йилт-йилт кўзга товланди. Аълам уни қўлига олди, ростдан ҳам хийла вазмин, нимадир катта палахса жинснинг сингани, яхлит бўлак. Нима бўлса? Кумушмикин? Ёмби кумуш! Худо Аъламжонни ол қулим деб сийлаб юборган бўлса! Қора кўмирнинг ичида уч-тўрт килолик кумуш ёмби эгасини кутиб ётса-я! Аълам бўлакни кафти билан артди, пуфлади, ичида ўзидан кулган бўлса-да, эринмай ишқалаб ювди, бўлак ойнадай ялтиллаб, очилиб кетди. Ҳа, бу ҳеч шубҳасиз, нимадир оғир металл эди, Ўзи кумуш оғир бўладими, йўқми? Аълам кумушнинг ҳам унча фарқига бормайди. Безак кумуш тангани музейда ойна тагида кўрган, дўконларда кумуш қошиққа кўзи тушгандир, қизларнинг кумуш тақинчоқларига унча ҳам эътибор бермайди, ҳар ҳолда кумуш деб билганлари бунақа товланмайди шекилли. Яна ҳам ким билади, кумуш ёмби кўмирнинг ичида ётавермаса керак. Уйига кўмир туширганлар уч-тўрт килолаб топиб олаверса, кумушнинг кумушлиги қоладими? Балки унинг ёмбиси ҳеч нарса турмас. Лекин чарақлайди, ниҳоятда қаттиқ, синган жойининг қирралари қўлга олмосдек ўткир ботади. Долоннинг икки томонидаги қатор-қатор хоналардагиларнинг ҳаммаси Абдузафар аканинг одамлари, Абдузафар ака буларнинг барини ўтирғизиб-турғизади, ҳатто ёши ўзидан катталарига ҳам у ота мақомида. Ҳеч муболағаси йўқ, Абдузафар ака кулса, булар ҳам кулади, хоналардан ҳазил-ҳузул эшитилади, бухгалтерия билан режа бўлимининг ёнма-ён хоналаридан, Мухлиса билан Элмира чатоқ-да, баландроқ қийқириқлар ҳам чиқиб қолади, Абдузафар ака қовоқ солса... жимлик ҳукм суради, йўқ, жимлик эмас, читир-шитир қилиб машинка товуши бостириб келаверади. Ҳа, бирдек читир-шитир товуш, ҳамма ёққа бирдек сингиб кетган бўёқ иси, ўзингга олсанг, эътиборда тутсанг – иккаласи ҳам бор, сира қутулмайсан, парво қилмасанг – йўқ, пайқамайсан ҳам. Абдузафар ака қабулхонага қайтиб кириб, Вазирага Умаровни чақиришни буюрди-да, кабинетига ўтиб кетди. Кўп ўтмай Умаров пишиллаб етиб келди-да, кабинет эшиги тутқичини ушлаб, Вазирага «Қандайлар?», деб им қоқди, Вазира индамай бурнини жийирди. Умаровнинг юзига Вазиранинг «Карим акамнинг жонини олиб қўйгансиз-да, Абзузафар ака», деб айтишига қаратилган ясама хавотир ёйилди. – Чақирган экансиз, Абдузафар ака? Абдузафар ака оғир назар билан Умаровнинг оёғидан бошлаб юзигача секин қараб чиқди, кейин кўзига кўзини қадаб индамай тураверди. Умаров унинг нигоҳига дош беролмай, кўзини олиб қочди, дераза томонда бир нарсани кўрган бўлди, деворда минг марта кўрган доҳий портретига аланглади, охири стол устидаги жуда хира доғга тикилганича, бу ерга тасодифан кириб қолган ғирт нотаниш, етти ёт бегона бир гуноҳкорга айланиб қотди. – Қани бояги... кўтариб юрган қоғозингиз? – деди ниҳоят Абдузафар ака. Умаров шоша-пиша қўйин чўнтагига қўл солди. – Мана! Мана, олиб юрибман! Тўрт букланган икки варақ қоғоз қандайдир иркит, сарғайган, уч-тўрт жойида ёғ доғи ҳам эди. Абдузафар ака ижирғанди. Бўёқ ҳиди шу қоғоздан ҳам билиқсиб келаётгандек бўлди. – Нима бу? – Боя айтдим-ку, съездга бағишланган сонни шунақа сиёсий тўғри келмайдиган... – Мен нима бу деб сўраяпман! Йигирма учта кўзёш, олтита қиш, тўққизта кўзёш... Нима бу саноқ, Карим? Мақсад қани, мақсад? – Мақсади шу, замонамизни қоралаш... – Йўқ, сизнинг мақсадингизни сўраяпман? – Уларнинг мақсадини очганман-да, Абдузафар Абдусафарович! – Ҳа, ёзинг-да шуни, Карим. Бу қоғозингиздан одам нимани тушунади? Учта мухаммас, битта эшак тўғрисида ҳажвия деб, сўроқ қўйгансиз? Нима у? – Айтдим-ку, Наввойи, Лутпи ғазалларига муха쬬¬¬мас¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬лар... – Э-э, тилингизга терсак чиққанми? Наввойи, Лутпи! Тўғрилаб айтинг-эй! Ахир, райкомда инсруктор эмас, нашриётда бош муҳаррир ўринбосарисиз! – Лекин ёзганда бехато ёзаман, Абдузафар Абдусафарович! Наввойида битта «ве». Лутпи фабрикадаги «фе» билан. Ёзиб кўрсатайми? – Менга кўрсатманг, тилингизни тўғриланг. – Абдузафар ака қўлини қоғозга пахса қилди. – Қаранг, бу нима латта? Сомса еб оғзингизни артганмисиз? Ё кетингизнинг тагига қўйиб ўтирасизми? На боши бор, на охири. Расмий қилиб ёзилмайдими? Фалончи фалончига, фалончи фалончидан, фалон масала юзасидан ариза ё рапорт, ё маълумотнома, ё талабнома... Олтита қиш, тўққизта кўзёш, битта трагедия эмиш! Битта эш-шак! Умаровнинг оғзи каппа-каппа очилиб, нима дейишини билмай бақрайиб қолди. Абдузафар ака сал инсоф қилди: – Буни, Каримжон, бир ҳужжат ҳолига келтиринг-да. Менинг номимга ёзинг. Баёз қўлёзмаси ҳақида эътирозларингизни, кимларга, қанақа тартибда етказганингигизни, қандай муносабатда бўлишганини. Кейин босилиб чиққан баёзни олинг-да, солиштиринг, эътирозларингиз ҳисобга олинганми, йўқми, олинган бўлса – нимага, олинмаган бўлса – нимага? Ҳаммасини батафсил ёзиб, сиёсий хатоларга йўл қўйилган жойларни, мисоллари билан аниқ кўрсатиб, Вазирадан рўйхатдан ўтказиб, менга топширинг. Тушгача тайёр бўлсин. Маъқулми? Ё яна ўргатайми? Вазирага айтиб кетинг, кадрларни чақирсин. Умаров анча руҳланиб, пишқиргандек чиқиб кетди. – Ҳм, хоним, нима билан бандлар? – деди Абдузафар ака қовоғини уйиб. – Иш ҳам қиляптиларми? Сурайё бирдан ҳушёр тортиб, Абдузафар акага чўчинқираб қаради. Абдузафар ака иягини қоқди: – Ҳм? Сурайё индамай кўзларини мўлтиратиб, Абдузафар аканинг гапи қаёққа бурилишини кутди. – Бугун нечта ходим ишда? Нечтаси кечикиб келди? – Борларнинг ҳаммаси ишда, – деди Сурайё ўсмоқчилаб. – Абдузафар ака? Бирон нарсадан хафа қилдимми? – Йўқ, – деди Абдузафар ака. – Оддий тартиб бўйича ишни сўраяпман. Аниқ нечта ходим ишда, шундан нечтаси кечикиб келди, кечикканлар ё келмай қолганлар расмийлаштирилганми? Бўлса, қани ҳужжат? Шуларни сўраяпман. Хафа бўлиш-бўлмасликнинг нима алоқаси бор? Сурайёнинг хўрлиги келди: – Бир оғиз ҳам индаганингиз йўқ эди-ку? – Ий-э, индаб туришим керакми? Кадрлар бўлими кундалик ишини ўзи билиб қилавермайдими? Ана шу-да! Одамлар хоҳлаган пайти келади, хоҳлаган пайти кетади, ҳисобга олинмайди, кун бўйи йўқ бўлиши ҳам мумкин, мен сўрамасам, ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳаммага ўзининг тинчлиги керак. – Абдузафар ака, айб менда, – деди Сурайё кўзлари ёшга тўлиб. – Эртага эрталабдан ўтириб, ҳаммасини ёзиб бораман. Кечиринг. – Ҳозир! – деди Абдузафар ака кескин оҳангда. – Ҳозир профсоюз Сожидани ол-да, хонама-хона текшириб чиқ: ким қаерда, нима иш қиляпти. Ярим соатдан кейин ҳисобот, мана, столимда турсин. Меҳнат интизомига умуман қарамай қўйдинглар. Қаттиқ чора кўрмасам бўлмайди шекилли. Сурайё кирганидан бери бирон марта ҳам аксирмади, бурнини бир-икки чимдилади, холос. Чиқиб кетаётиб, нимадир илинжда Абдузафар акага жавдираган эди. Абдузафар ака деразага қараб олди. Абдузафар ака шу ўтирган жойида, индамай, ҳеч кимга ҳеч нарса демай ҳам бутун нашриётни ўз ҳукмига олганини жисман ҳис қилди. Ҳозир жамоа бир қалқиб тушади, у-бу иш билан чиққанлар шошилинч қайтади, ҳамма ўз жойини эгаллаб, ишга ёпишади, ҳангомалар босилади, ҳатто Аъламнинг бугун келмай, ижарасига кўмир ташиб ётгани ҳақида гап-сўзлар ҳам ўчиб, долон ҳувиллайди-да, машинкаларнинг читир-читир, шитир-шитирлаб тошиб чиқаётган товушигина қолади. Сурайё билан миқтилигидан боши орқага кетиб, оғзи доим ярим очиқ юрадиган Сожида Абдузафар аканинг иродасини хонама-хона бир-бир ўтказиб бораверади. Бу маромни бир куч – Абдузафар аканинг ўзи буза олади, Абдузафар аканинг маромини эса қизил телефон қутичаси. Жиринг этса, олам гулистон! Ё урди худо! Тушликдан биронта одам кечикмади. Аксинча, лағмони ё сомсасини йигирма дақиқа ё ярим соат олдин еб олиб, кейин кўча ёқасидаги йўлка бўйлаб ҳар кунги сайру суҳбатини канда қилмайдиганлар ҳам эртароқ қайтди. Аксарият хоналарнинг эшиги очиқ, Аъламни, тўғрироғи, Аълам келса, нима бўлишини кутиб ҳамманинг қулоғи динг. Тинч, ҳаёт бир маромда кечадиган ишхоналарда одамларнинг кўнгли доим янги гапга, ҳатто ёмонликка бўлса-да, нимадир ўзгаришга ташна туради. Аълам келса ҳам бу долонда фавқулодда бир томоша қўйиладигандек, ҳамма унга алланечик босиқ интизор эди. Мана, Аълам ҳам кириб келди. Лекин ҳамишагидек пўримгина, тартибли кийинган, сира кўмир ташиганга ўхшамайди. Гўё тушгача ҳам шу ерда ишлаб, кейин тушликка борган, овқатланиб, яхшилаб дам олиб, яна кўнгилхотиржам ишга келган, гўё ҳеч гап ўтмаган, гўё ҳеч нарсадан хабари йўқ. Доимгидек бошини силкиб салом бериб қўяди. Яна индамай бошини қимирлатади, сўрашгани шу. Худойим одамни ҳам яратган-да лекин! Балки кавуши тўғриланаётганидан ростдан ҳам ғофилдир. Бу ёқда Сурайёнинг Сожида билан тентаги чиқиб ётибди. Ахир, бир жойда ишлаб, бирга қаймоқлашиб ўтирадиган одамларни қачон ишга келдингу ҳозир нима қиляпсан, деб саволга тутиб чиқишнинг ўзи бўладими? – Аълам! Сурайё чинқириб юборганини ўзи билмай қолди. Унга Сожида ҳам жўр бўлиб дўриллади, лекин унинг товуши вазмин, ўз қадрини биладиган писандали эди: – Камолов! Бу ёққа киринг! Аълам кадрлар бўлимининг эшиги олдида таққа тўхтади, у албатта Турдиалининг долонда бетоқат қараб туришини ё Вазиранинг чопиб келишини кутган, лекин ўзининг Сурайё билан Сожида иккаласига ҳам бирдан керак бўлиб қолишини ўйламаган, бунинг унча хосияти ҳам йўқ эди. – Салом бердик, гўзал хонимлар! Касаба бекаси, штатлар маликаси, яхшимисизлар? – деди у шўхчан оҳангда. Сурайё «Ҳм» деб бошини силкидию Сожидага қаради, Сожиданинг оғзи ярим очилиб, кўзлари шифтга бир боқди, кейин иккаласи ҳам баравар Аъламга юз бурди. Ҳа, ҳеч ҳам ҳазилнинг вақти эмас эди. – Қаерда юрибсиз? – деб сачради Сурайё. Сурайёнинг алами тагида эркаликнинг ҳам аччиқчаси бор эди, Сожида унга елкаси билан бурилиб қараб қўйди. – Сизни деб ҳамма ёқни остин-устин қилиб юбордик-ку. Эрталаб келиб айтиб, кейин бориб қилавермайсизми ишингизни? Нимага келмагани, нима қилгани – ҳаммаси буларга маълум, Турдиали айтмай қўймаган, энди Аълам нима ҳам десин? – Сурайё, менинг ишим зарил. Асосий гапни айтайлик, – деди Сожида. – Хўш, укам, ҳаммаёқ текшир-текшир, меҳнат интизомини назорат қилиб чиқдик. Фақат сиз йўқ экансиз. Битта тушунтириш хати ёзасиз. Нимага ярим кун ишга келмадингиз, сабаби узрлими, узрсизми – кўрсатинг. – Кўмир ташиш узрга кирадими, узрсизгами? – деб сўради Аълам. – Мен сизнинг ҳазилкашингиз эмасман, – деди Сожида. – Э-э, нима бўлган бўлса, шуни ёзинг. Ўзингизни гўлликка солманг. Ўн беш дақиқа узрсиз кечиккан одамни бўшатишга ҳаққимиз бор. Тушундингизми? Аълам анграйди, унинг жим туришини Сожида ўзича тушуниб, гапини унга ёздирадиган аризага тўғрилади, Сурайёнинг қора кўзлари мунгли чақнади, у бир Сожидага, бир Аъламга қараб, бир нарса демоқчи бўлди, аммо Сожида гал бермади. – Ижарада яшайман, ўз уйим йўқ, газ йўқ, ўтин йўқ, тез-тез касал бўламан, шунинг учун кўмир туширган эдим, шуни ташийман деб кечикиб қолдим. Бу ерда қаровчим йўқ, моддий аҳволим жуда оғир, деб сал ўзингиздан ҳам қўшинг-да. Сизлар шо¬ир¬-ку, ўқиган одамнинг сал раҳми келадиган бўлсин... Оилавий аҳволимни, шароитим қийинлигини инобатга олиб, гуноҳимдан ўтишингизни сўрайман ва ўзим ҳам ўз нав¬батида бу хатони такрорламасликка сўз бераман, деб ўз қўлингизни қўйинг. – Ростданми? – деди Аълам ажабланиб. – Кўмир ташидим деб ёзаманми? – Ҳа, – деди Сожида. – Кўмир ташигандан кейин кўмир ташидим деб ёзади-да. Сурайё Аъламга бир қараб олди, унинг нигоҳини тута олмагач, Сожидага ўгирилди. Аълам жилмайган эди, пешонаси тиришиб кетди. – Маҳаллани булғаб ётмасин, ўзим жойлаб қўяман деб.... Энди шуни ёзиб юрмай. Бошқа йўли йўқми? – Вой, қизиқ экансиз-ку, Камолов? Кўмирни сизга мен ташиттирдимми ё менинг уйимга ташидингизми? – Сожида бурнини кўтариб гапирса, худди орқага ағнаб кетаётгандек кўринар эди. Сурайё уларни муросага чорлади: – Касал эдим деб ёза қолсин. – Гапини қаранг, кўмир ташийсизми, тезакми, вақтида келинг-да ишга, кейин гапиринг. Сурайё Аъламнинг қўлига туртди. – Аъламжон! Сиз келгунча Сожида опа иккаламиз биттадан Аълам туғиб ўтирибмиз. Нима бўлди ўзи, деб бундай сўранг! – Ё тавба! Турдиали айтиб келгани борса, кўмир ташиётган экан-сиз-ку! Яна нимага тонасиз? – Мен.... тоняпти деганингиз нимаси? Кўмир ташиш бошқа, кўмир ташигани учун раҳм шафқат тилаш бошқа. – Вой! – Сожиданинг боши яна орқага кетиб, кўзи шифтга қадалди, ўша ёқдан яна Аъламга қайтди. – Мен нотўғри гапирдимми? Қайтангга сизга яхшилик қилай деб, ўргатиб ўтирибман-ку. Мана, Сурайё айтсин. Сурайё, бунга айтинг. Аълам Сурайёга маънисиз қаради. – Аъламжон! Гапга қулоқ солинг, – деди Сурайё, лекин энди нима гап айтишни билмади. – Маъқул, – деди Аълам. – Икковларингга битта тушунтириш хати етар, а? Сожида ён бериб тўрсайди, «Бунинг гапига ишонаверайми?», деган маънода Сурайёга қаради, Сурайёнинг ранги ўчди. – Аъламжон! Аълам бурилиб чиқиб кетди. – Қўрс! – деди Сурайё. Унинг бу гапи Аъламга эмас, Сожиданинг эшитишига қаратилган эди. – Сиз оғзидан ушланг, ўзи ёзаман, дедими – бўлди, – деди Сожида жонланиб – Тавба! Қизларни ҳам худо уриб кетганми? Ёз бўйи бир саккизтаси шунинг олдига қатнади-я! Туппа-тузук, андазаси келишган, ўрта қўлдай, эрга тегса бир рўзғорни обод қиладиган қизлар-а, шунинг нимасига учадилар? Одамлик сиёҳи йўқ-ку. – Анув... ёшларнинг ёзганларини чиқаришди-ку, – деди Сурайё. – Шуни Аълам чиқарди-да. Ўша қизлар шеър олиб келар эди. Сожида бир гапни бошласа то уни тугатмагунича бош¬қа гап, айниқса бировнинг гапи қулоғига кирмас эди. – Бу денг, одаммисан деб қоғоздан бошини кўтармайди. Қиз бечоралар эса қаторлашиб унга термилиб ўтиради! Мундай қилиб бир қараса борми, ҳалиги қизгиналар ўтирган жойидан ирғиб туради. Вой, уларнинг жонини олиб қўйганини! Ёмон кўраман шунақа мирқуруқларни! Ўша шўрликлар ҳам бунинг кимлигини билиб қолдилар шекилли, қадамларини узиб кетишди. – Китоб, ҳа, баёзлари чиқди-ку, бўлди, нима қи¬лади келиб, – деди Сурайё. – Эй-й, яхши йигит бўлса, қизлар кейин ҳам келаверади. Ҳозирги замоннинг қизлари ёмон, уйи йўқ, жойи йўқни ўзининг уйига олиб бориб, новча қиладими? Э-э, бўпти, ёзганини олинг, яна бир баҳона топмасидан. Кейин гаплашамиз. Ишим кўп. Хонанинг икки деразаси ҳам ичкари ҳовлига қарагани учун бўёқ ҳиди ҳам ёпиқ ойналардан ёруғлик билан бирга сизиб кирадигандек туюлар эди. Турдиали Аъламни кўриши билан қапчиб турди. – Келинг-да-э! – Вас спрашивал Карим Сагдуллаевич. Про какого-то бияза, – деди Ирина. – Чево? – деб тажанг бўлди Аълам. – Баёз, баёз, – деб гапга қўшилди Хосият. – Сизга бир нималар ёзиб берган экан, шуни қилганми, йўқми, деб сўрадилар. – Чего он бияз, бияз? – деб ажабланди Ирина. – Мог бы сказать баяз. – Э-э, мени ҳам чақирди, – деди Турдиали. – Эътирозларимни қилганми йўқми, солиштириб берасиз дейди. Абдузафар акам вазифа топширганлар, деб қутулдим. Аълам ўтирган жойида қўл силтаб қўя қолди. Ке¬йин тортмасидан бир тахлам тоза қоғоз олди, авторучкасини очиб, учини артди-да, қоғоз ёнига қўйди. Сигарет қутичасидан биттасини олди-да, қўлида эзғилаганча, Хосиятга қаради. Хосият у билан мулойим кўз уриштирди. Ирина кўзини билинар билинмас пирпиратиб қўйди, «Ладно, курите» дегандек. Турдиали Аъламнинг шу ерда чекиш ё чекмаслиги жуда жиддий масаладек, диққат билан тикилиб тураверди. Учинчи қаватнинг деразасидан кўринаётган осмон маънисиз кенг эди. – Дўстим, кириб чиқдингизми? – Йўқ. Кириб, нима дейман? Кўмир туширганимни айтгансиз. – Энди, дўстим, бошқа нима дейишим керак эди? Ўзингиз тўғрисини айтаверинг, дедингиз-ку. – Йўқ, тўғри, фақат менга айтишга гап қолмабди-да. Шу вақти эшикни ғирт очиб, Умаров бўғриқиб кирди. – Аҳ-ҳа, бу қаторлар қаёқдан? Қовоғи cолиқ бу булут, майсага дўқ урар бу булут! Нега булутнинг қовоғи солиқ? Аълам ўтирган жойида Умаровга бурилиб қаради. – Нима? Қовоғини кўтариб қўйишим керак эдими? Умаров бўғилиб кетди. – Мен кўрган қўлёзмада йўқ эди-ку, ахир! Ким рухсат берди? Булут ҳам майсага дўқ урадими? Нега бу шеърни тиққансиз? Аълам Умаровга қараб индамай ўтираверди. Умаровнинг фиғони кўтарилди: – Сиз қанақа... бу нима ҳурматсизлик?! Вазифаси катта одам олдингизга келганда туринг ўрнингиздан! – Турмасам, қулоғим эшитмайдими? Умаровнинг тили тутилиб қолди, қўлларини икки ёнига кериб, бошқаларга бақрайди. Тудиали столидаги қўлёзмага боши билан ётиб олди ҳисоб, Ирина бир Умаровга, бир Аъламга чўчинқираб кўз ташлади, Хосият тортмасидан нимадир излашга тушди. – Мен буни шундай қўйиб қўймайман, – деди ниҳоят Умаров елкаси билан нафас олиб. – Қўйманг, об-ҳаво бюросига арз қилинг, – деди Аълам бефарқ овозда. – Ёғдириб юборинг шу булутни. Умаров яна гувлаб кетди: – Нима? – Ҳей, ҳей, дўстим! – деди Турдиали. Шу вақти эшик яна очилди-да, Вазира бошини суқди: – Аълам ака! Тез! Чақиряптилар. Нимага имиллайсиз? Чопинг! солади. «Меҳнат жабҳасида жавлон урдингизми? Ҳашарга чақирмабсиз-да, а? Лекин Стаханов бир сменада ўттиз тўртта норма бажарган, сиз икки тонна кўмирни ярим кун ташибсиз», дейди. Аввал яна нима балолар деб эзмаланади, кинояни бопладим деб ўйлайди-да, кейин мулойимгина ҳамла қилади. Ҳамлани ҳақиқатан боплайди, парёстиқдек босиб бўғади. Лекин бу сафар Абдузафар аканинг ўзи бўғилиб ўтирган экан. Шалвираб, гастуги бўшатилган, юзлари солиниб, икки ёноғи жоноқи олмадек оқи оққа, қизили қизилга ажралиб турган эди. Аълам салом берди, саломини ўзи эшитди, Абдузафар ака жим алик олди-да, кўзойнагини ечиб, мижжаларини сиқди. Кейини олдидаги телефонга ияк қоқди-да, бўшашган товушда: – Гулимоҳ Юлдузовна... – деди. Аъламнинг юраги тушиб кетди. Боядан бери, Сожидани силтаб ташлаб, Умаровга санчиб олганида ҳам, ҳозир бу ерга Абдузафар акани яниб кираётганида ҳам Гулимоҳ опасига орқа қилганини, анчадан бери унга суяниб келаётганини ва ҳозир энди бирдан ёлғизланиб қолганини англади. Ногаҳонда-я?! Телефондан хабар қилибдилар-да. Шўрлик, «Олдинда ҳали ҳаёт бор», деб юрар эди-я! Абдузафар аканинг бир оз ҳурмат аралаш чўчинқираб қараб тургани ҳам ҳамдардлик билдираётгандек туюлди. Абдузафар эса Аъламнинг рангидан қон қочганига ўзича таскин берди: – Кўнгилни кўтаринг. Балки топшириқлари бордир. – А? Топшириқлари? – Аълам бошқа гапиролмади. Гулимоҳ опа! Унинг кўкрагида алламбало шодиёналар бўлиб кетди. Ҳе, асабларнинг ҳам падарига лаънат! Абдузафар ака кўзойнагини қайта тақиб, телефонни Аъламга томон сурди: – Шу ерда гаплашаверинг. Хоналарингда ҳар ким бор. Аълам рақам териш баробарида ўзини анча босиб олди. Опанинг овози деразадан кўриниб турган осмон қаърида кумушдек оҳиста садо бериб келди. – Қандайсиз? Ёзяпсизми ё олишиб юрибсизми? – Раҳмат, опа! Раҳмат! Аълам ҳозирги қувончи учун раҳмат айтаётган, унинг қувонганидан Абдузафар аканинг ҳам юзи ёришиб кетган эди. – Ишлар қандай? Нима ёрдам керак? – Раҳмат! – деди яна Аълам. – Ҳеч нарса керак эмас. Абдузафар ака Аъламнинг ҳар бир гапига бош ирғаб турарди: жуда яхши, раҳбарият билан ҳа-а ана шундай гаплашиш керак! – Ёзда жуда яхши ишлаб бердингиз, қандай тақдирласам деб юрган эдим. Ўйлаб-ўйлаб, битта совға топдим. – Совға? – Ҳа, – деди Гулимоҳ Юлдузовна қиз боладай эркаланиб. – Бу йигит учун энг яхши совға – обуна, дедим. Қандай? Тўғри топибманми? – Албатта! – деди Аълам ҳам очилиб. – Бунақа совғани бермасангиз, тортиб ҳам оламан. Кимнинг томлиги? Абдузафар қўлини силкиб, бошини чайқаб қолди. Аълам эътибор қилмади. – Томлик эмас, «Литературная газета». – Э-э, бу доим киоскларда бор, – деб тушунтириб кетди Аълам. – Таниш киоскачи менга олиб ҳам қўяди. – Вой, шунақами? – Ҳа, ҳозир жуда бемалол. – Мен буни дефицит деб юрар эканман. Сизга бир сюрприз бўлсин деган эдим-да. Аълам Гулимоҳ Юлдузовнанинг бирдан кўнгли чўкканини сезди, лекин энди тузатишнинг иложи йўқ, ҳақиқатан ҳам «Литературная газета» киоскларнинг ойнасида кун бўйи осиғлиқ туради, битта-иккита мақоласи учун фалон пулга обуна бўлиш ҳайф эди. – Гулимоҳ опа, қани эди менга «Иностранная литература» бўлса. – «Иностранная литература?» – Опанинг овози узоққа кетиб қолди. – Менга орзу-да бу. Даҳшат бўларди лекин! Абдузафар ака яна қўл силкиб, ўрнидан туриб кетди. Аъламга қараб бошини чайқади, унсиз алланималар деди. – Бу журнал бизда ҳам қийин масала, – деди Гулимоҳ опа ўйчан оҳангда. – Мен бўлимга зўрға ундирганман. Яна битта топишим жуда оғир бўлса керак. – Марказкомда-я? Унда, опа, қўяверинг, – деди Аълам. Абдузафар ака кўкрагига уриб, ўзига ишора қилди, Аълам унга бир қараб қўйди-да, тушунмаганга олди. – Йўқ, умидни узмайлик, – деди Гулимоҳ опа. – Ҳаракат қиламан. Бўлиб қолар . – Сиз ҳаракат қилсангиз – бўлади, опа! – деди Аълам ишонч билан. – Менга-чи, бирон соатлардан кейин телефон қилинг. Топсам, келиб пулини тўлаб кетасиз. – И-я, Марказком бир ёш ижодкор учун йигирма тўрт сўм садақа қилолмайдими? – Ижод қилманг, – деди Гулимоҳ опа. – Нима, шунча ҳам пулингиз йўқми? – Топаман, опа. Ҳазиллашдим. Аълам хонага кирар-кирмас чўнтагини намойишга кавлади. – Турдиали, хўш, бўлса, жўра, ўн бешни биз томонга сафарбар қилсангиз. Ўзимизда ўн бор экан. – Топамиз. – деди Турдиали енгил тортиб – Кўмирнинг қорасини ювар эканмиз-да. Хайрият, юмшабдилар-да? – Эй... обуна экан. «Иностранная литература» ун¬дирдим. Турдиали ишонмади: – Абдузафар акам-а? Шунга шунчамиди? – Гулимоҳ опа излаттирган экан. «Литературная газета»га обуна қилдирай деб. Мен керак эмас, киоскларда очиқ сотилади, менга «Иностранная литература» топиб беринг дедим. Аъламнинг гапи баробарида Турдиали ҳайрат¬ланиб ўрнидан туриб кетди. – Во-о! Гулимоҳ Юлдузовна опамнинг ўзларими? Секин айтасизми, дўстим! Нима дедилар? – Нимани? – деб тушунмади Аълам. – Анави... «Дружба народов» эдими... – «Дружба»ни бошимга ураманми? «Иностранка»! Бориб пулини тўлаш керак. – Воҳ! Лекин дўстим, бекор қилибсиз. Бекор! «Мухбир»га демайдиларми, қуллуқ қилиб олавериш керак эди. Эслаганларининг ўзи ҳар қандай мукофотдан юқори-ку. Бу ёқдагилар жинни-эй! Нималар қиламиз деб ётишибди-я! Товуқмиялар! Сиз ўтириб туринг. Пулни ўйламанг, топамиз. Мен жараённи тўхтатиб келай. Бу ёғи энди зўр бўлади. – Қанақа жараён? – деди Аълам. Турдиали қатъиятли тус билан эшикка йўл олди. Ирина унга ҳайрон бўлиб қаради, Хосият ой-куни яқинлашиб қолган келинларга хос маъюс, раҳмли жилмайиб қўйди. Бир хил вақтлари юқорининг ҳам ишларини тушунмай қоласан. Масъул жойларга шунақалар кўтарилиб кетган! Э тавба! Журналга обуна-я! Фаҳмингдан ўргилдим. Юрган бир дарбадарга. Оч қоринга сассиқ саримсоқ! Талант эмиш. Бу ҳам дудама тиғдек бир нарса-да, қанча ўткир бўлса, шунча ўзингни кесади, солиниб турадиган қини бўлмагандан кейин. А шуни, мана, бари бир телефон қилар экансан, «Абдузафар Абдусафарович, сизда бир бола ишлайди, Камолов Аълам деган, шуни назоратга олиб қўйинг. Ҳозир биласиз-ку партиямизнинг ёш кадрларга эътиборини», де, бўлди! Ақлли одам, ўзи тушуниб олади. Уйга навбатга тиркамайманми, партияга номзодликка илинтирмайманми, булбулнинг қанотидек бўлса ҳам тўпламчасини режага киритмайманми? Ана ўсдириш, мана эътибор! Обунанг чикора! Журналингдан бошпанасиз йигит ўзига капа қуриб олса экан. Шунга у ёқдан азза-базза телефон, бу ёқда бунисининг ирғишлашини! Пастдагиларни аҳмоқ деб ўйлайди-эй булар! Энди ўйлайсан-да одам, шу, худонинг туравергани ҳам яхши эдими деб. Йўқ, майли, ўртадаги попу муллаларни йўқотишимиз тўғридир, лекин худонинг ўзининг унча зарари йўқ эди шекилли. Бизларники, расмсизининг. Сен кўрмайсан, лекин у сени кўриб туради, ундан ҳеч бир нарсани яшира олмайсан, кўп органларнинг иши керак ҳам бўлмас эди-да лекин. Роса ойлик пуллар тежалар эди-да. Бу рафиқа ўртоқлар ҳам тепага чиқиб кетмас, ҳар қалай, жойини билиб, уйида боласини боқиб ўтирар эдими? Энди, буни қаранг, кўкрагим чўзилади, кўринишим бузилади деб, туққанини ўзи эмизмаса, «малютка»ми, «малиш»ми деган нарса билан боқса! Ўзинг нимани эмиб катта бўлдинг, дейдиган одам йўқ. Индамасанг, эркакларнинг ўзи ҳам туғсин, дейди булар! Катта-катта мансабларга чиқиб олганлар, ТНО «Волга»ларни миниб юрадилар, ҳукумат телефонларидан қанақа ичкийим кийишни маслаҳат қиладилар. Давлат ишлари туриб, бир ёш болага журнал топиб бериш учун югуриб юрадиларми-эй! Бу ёқда эса Абдузафардек юккашлар йигирма йилдан бери бир нашриётда қолиб кетган. Майли, гуллатиб ўтирибди, етказган кунига шукр, лекин кўтарилиш ҳам керакми? Оғу ичганни ичи билади, дейдилар, шунча вақт бир жойда ўтиришнинг ўзи бўладими? Дардингни кимга айтишни билмайсан. Худойим бўлганда, тепадан кўриб туриб, ҳаммасини жой-жойига қўйиб қўйган бўлар эдими... Абдузафар ака ана шундай астойдил ўйлагани сайин худонинг керак эканини туяр, уни қайтаришса, аввало ўзи ёрдам олишига ишонар, шунинг учун кўнгли муҳтож пайтлари қулайини топиши билан орқадаги хосхонасига ўтиб, диний калима ё оятларни билмаса-да, оғзига келган гаплар билан тавба қилар, такрор-такрор «астаҳфируллоҳ» деб гуноҳларини енгиллатиб ўтирар эди. Ростдан ҳам, агар тепадан танлаш ихтиёрий, ким хоҳласа, ишонсин, хоҳламаган – ўзи билади, деган кўрсатма тушганда эди, Абдузафар ака биринчилар қатори худога ишониб, ўзини унинг ихтиёрига топширган бўлур эди. Мана, ҳеч гап йўқ экан, битта хотиннинг ўйсиз телефонидан шунча безовталик. Раҳбар нотинч бўлгандан кейин, жамоанинг ҳам пайтавасига қурт тушади. Шохига урсанг, туёғи зирқирайди, дегани шу-да. Ҳа, майли, ўзига шукр, бу бошга нималар тушмаган, ҳали нималарни кўрмайди ҳам, ношукр бўлиш керак эмас. Абдузафар ака хосхонасига ўтишга чоғланиб, шкафнинг эшигига қўл узатган пайти қабулхона томондаги эшик шахт билан очилиб, гавдаси чорпаҳил Умаров енгил парвоз қилиб кирди. – Абдузафар ака! Сиздан ишни, йўқ, яшашни ўрганишимиз керак-да. Абдузафар ака қўлини тутқичдан олмай: – Нима яшай олмай қолдингизми? – деб хушламаганини билдирди. Аммо Умаров хаёлчан, бечорасиниброқ турган экан, Абдузафар аканинг кайфиятини пайқамади. – Э-э, бизларники яшаш эмас, қуюн ичида учиб юриш. Ҳа. Мисоли бир хасмиз, ихтиёримиз йўқ, ўзимизга берса ҳам нима қилишни билмаймиз. Йўқ, фаросатни ҳам билмайди булар! Чиқ, демаса, ўтираверади, ўзича билиб чиқиб кетмайди. – Нимани берса, нима қиласиз? – Ихтиёрни-да. Ўзи хасга ихтиёр нимага керак? Ҳе тўнка! Шулардан анави Аълам минг марта яхши. Ўзини узоқ тутади. Такаллуфдан узоқ бўлса ҳам, ўрнини билади. – Карим, сизга бир гап бўлдими? Гапларингиз чистон. Хас? Шу гавда билан, а ? – Хай, гавда деса, йўғонроқ, лекин бари бир хас-да. Вазнимиз йўқ, у ёққа айлантириб учирса – у ёққа, бу ёққа учирса – бу ёққа кетиб боряпмиз! Сиз, мана, ерда маҳкам турасиз, нима иш бўлса, аввал орқа-олдини ўйлаб кейин қўл урасиз. Бизлар ишни ғарра-шарра қиламиз деб, чатоғини чиқариб қўямиз-да, кейин тўғрилашга эсимиз кетади. Сиз бўлсангиз шошмайсиз, чуқур қарайсиз, масаланинг тубини кўриб турасиз... – Оббо, отангиз темирчими, бунча узиб-улайсиз? – А? – Умаров бир довдиради-ю, аммо гапини бермади. – Ҳа, мана, бугунги, Камолов масаласини олайлик. Гап фақат битта тушунтириш хатига тақалиб қолган, бу ҳам бўлай-бўлай деб турган эди. Абдузафар ака унча илғамади. – Тушунтириш хати? Нимага керак экан? – Ўз қўли билан ёзса ўтади-да. Кейин хоҳлаган жойига бориб дод солаверсин. Суд ҳам бизнинг фойдамизга ҳал қилади. Абдузафар ака сергакланди. – Ҳм... Бир камимиз шу эди. Нима қиляпсизлар ўзи? Умаров чуқур нафас олиб, кейин тушунтириш берди. – Қилаётган эдик, ҳа, қилаётган эдик. Тўхтатиб қолдим! Шуни айтяпман-да, Абдузафар Абдусафарович, сиздан ўрганишимиз керак деб! Сурайё билан Сожидани чақириб, оператив мажлис ўтказган, топшириғингизни михлаган эдим. Боланинг ўзи ҳам ёзишга кўнган экан. Турдиали, барака топсин, айни вақти кириб, ўртоқ Исломбекова опа айтганларини айтиб қолди. Ўзим ҳам ўйлаб юрар эдим, бу бола бунча беписанд бурқситаверади деб. Олдингизда ҳам бемалол, сиз ҳам индамайсиз. Юқорига тегиш жойи бор экан-да. Ҳа, майли энди, омадини берсин, ёшлар ўсиши керак, бизлар қарши эмас. Ўзимиздан чиққани яхши-да. – Нима, Исломбекова Турдиалининг ўзига бир нарса дептими? – деб ўсмоқчилади Абдузафар ака. – Нима деган экан? Умаров елкасини ичига тортди. – Йўғ-э, унга демаган... сизга шекилли. Турдиалидан аниғини сўрамабман. – Аниғини билмасангиз, нимани тўхтатдингиз? – Шу... аниғи... ўртоқ Исломбекова опанинг гаплари аниқ деб ўйладим... – Хўп, нима экан ўша аниқ? – Шу.... ҳалиги... опанинг назари тушганини... мукофотга журнал дептилар-ку. Шунга Турдиали.... – Абзузафар акамнинг топшириғи бекор дедими? Умаров мўлтираб қаради. – Йўқ, унақа демади, ўртоқ Исломбекова опанинг айтганларини айтди. – Менга қаранг, оғайни, сизга ким ўзи директор? Турдиалими? Умаров қўрқиб кетди: – Йўғ-э, Абдузафар Абзусафарович, нима деяпсиз, сиз директор. Сиз! – Унда нимага айтганимни қилмадингиз? А? – Мен... мен... ўртоқ Исломбекова опа қўллаб турган кадрни жазоласак, хижолатчилик бўладими деб... – А, қани ҳалиги саноқлар, ахир? Кўзёш, совуқ қишлар деб турган эдингиз-ку? – Энди... Марказкомнинг фикрига қарши бориб қолмайлик деб.... Абдузафар аканинг чаккаси тиришди. – Қачонги фикрга, Карим? Мен тушгача столим устида бўлсин, деган эдим. Опангиз эса, соатга бир қаранг, еттита кам уч, йигирма дақиқа олдин телефон қилди. Ё эрталаб келишда Чорсуда лўлиларга фол очдирган эдингизми, а? Умаров девордаги соатга итоат билан қараб қўйди-ю, пастга тикилиб сўлиш олди. – Кейин, намунча опа-опа? Сиздан бир ўн ёшлар кичкина шекилли? – Ҳа, энди... йўл кўрсатиб турадилар, вазифалари катта. Лекин ёшликка ёшлар, тўғри. Турдиалининг гапидан Сурайёнинг чеҳраси анча ёришди. «Жазолаш ҳам одамга юк-да. Умаровга айтиб яхши қилибсиз. Дарров ўзгаргандир? Сожида опамга ҳам бир оғиз шипшиб қўйинг. Аълам ҳам феълини келиб-келиб шунга кўрсатадими? Хўп, опажон, деса-ку, олам гулистон», деди. «Эй-й, – деб қўл силтади Турдиали. – Ким бўлибди Сожидалар? Гулимоҳ опам пуф десалар, учиб кетади, учиб!» Сурайё «Ким у опа?», деб сўради, Турдиали қўлини тепага бигиз қилди: «Гулимоҳ Юлдузовна! Во-о!» «Сожида опам билсинлар. Жуда оташин лекин», деб яна тайинлади Сурайё. Сожида Турдиалини жуда тунд қаршилади. Турдиали шунинг учун бугун нечанчи кўришишлари бўлса-да, беихтиёр саломини янгилади. – Ҳм? Валейкум. Келсинлар. Ўртада бир зум иккаласининг ҳам кўнглига ботмаган унсиз дод-муомала бўлиб ўтди. – Ўзларининг бўйинлари эгилмайди, – деди Сожида. – Ўргилдим! Кўмир ташишдан ор қилмайди, ташидим деб ёзишдан ор қилади! Қизиқ одамлар бор-эй! Ўзи кўмир ташиб юрибди, яна катта кетганига ўлайми. – Шундай, шундай, Сожидахон опа, ёш-да ҳали, пўконидан ел ўтмаган. Сиз у билан тенг бўлиб юрманг энди, ўзим жойига солиб қўяман. – Вой кўнглимнинг кўчаси-эй. Мен ўзимга тенг кўрар эканманми? Шуни-я? – Тенг кўрманг, сира тенг кўрманг, Сожидахон опа. Йў-ўқ, сиздек бўлгунча кўп қовун пишиғи бор. Сизнинг тажрибангиз катта, ҳаётни кўргансиз... Турдиалининг даромад қилишига ўрганиб қолган Сожида дарров чимирилган эди, икки қошининг ўртаси бўртиб чиқди. – Ҳм, гапга ўтинг. Нима деб юборди? – Йў-ўқ, ўзим келдим. Мени биласиз-ку. Сув кўрмасам, этик ечмайман. – деди Турдиали гапига сирли тус бериб. – Мен Карим акамга ҳам айтдим. Унақа бўлса, тамом, ҳаммасини тўхтатамиз, дедилар. Сурайёхонга ҳам тушунтирдим. Сурайёхон сизнинг олдингизда ҳеч нарса эмас-у, бари бир, шунда ҳам, айтиб қўяй дедим-да. Бу ёғини энди ўзингиз силлиқлаб юборсангиз. – Нима? – деб Сожида шундай қилса яхшироқ тушунадигандек икки белини ушлади. – Нимани силлиқлайман? Турдиали кўрсатгич бармоғи билан шифтни нуқиб, товушини бир парда пасайтирди. – Секин! Сожида опа, секин. – Нимага секин экан? «Дом»да қиссахонлик қиляпманми? – деди Сожида. – Нимадан қўрқаман? Иш бу, давлатнинг талаби, мен шуни сўраяпман. Турдиали Сожиданинг гапидан гўё қўрқиб кетгандек бўлди. – Шундай, шундай, Сожида опа. Лекин шу давлатнинг юқорисидан телефон бўлиб қолди-да. – Менга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, – деди Сожида қатъий қилиб. – Сизга эмас, – деб Турдиали ўтирган жойидан директор қабулхонаси томонга ишора қилди, – бу ёққа! Аъламни жазолаш эмас, мукофотлаш ҳақида гаплар бўляпти. – Менда ҳам телефон бор, ўзимга айтишсин, кейин гаплашамиз, – деди Сожида. – Ҳозир бошимни қотирманг. Ким кимни мукофотласа – ихтиёри, мен ҳам ўз ишимни қиляпман. Тушунарлими? Турдиали қартани очишга мажбур бўлди. – Сожидахон опа, айтмаса қўймаяпсиз... Гулимоҳ Юлдузовна! Опамнинг ўзлари телефон қилдилар! – Гулимой Қундузовна? Ким у? Турдиалининг ранги ўзгарди. – Сиз нима? Тўғрилаб айтинг! Нима, билмайсизми? – Вой, – деб ҳайрон бўлди Сожида. – Нимага ваҳима қиласиз? Билмаганни билмайди-да. Ким? Гулихон Қундузов... ким, ким? – Гулимоҳ Юлдузовна! – деб шивирлади Турдиали алами келиб. – Билмайман, – шундай деб туриб, Сожиданинг бирдан аччиғи келди. – Билишни ҳам истамайман! Нима, бостириб ўтиб кетаверадими? Бу ердагилар одам эмасми? Менинг қўрқадиган жойим йўқ. Ярим кун прогулми – тамом! Давлатнинг ишини талаб қиляпман, давлатнинг қонунларини эса ўзим чиқармаганман. Ўша Гулимойми, Гулихонми, у ҳам шу қонунлар билан ишлайди, ҳа. Мен сизга соясидан қўрқадиган Карим акангиз ё кўзини сузиб ўтирадиган Сурайё эмасман. – Ий-э? – Ҳа? Нима десам лаққа тушади, деб ўйлаган эдингизми? Бу сизга «Хўроз қу-қулади, товуқ қоқоғлади» деб, шуни ҳам иккига бўлиб ёзиб, қаторига бўлак-бўлак пул олиш эмас. Турдиали анграйиб қолди. – Ким пул олибди? Э-э, қанақа хўроз? – Шунақа-да, – деди Сожида тўрсайиб. – Хўроз бўлмаса, бошқаси. Бултур икки минг уч юзу етмиш икки сўмни қуртдай санаб олдингиз-ку? – Ҳа, олдим, – деди Турдиали. – Китобимга. – Китобимга? – деб заҳарханда қилди Сожида. – Шапалоқдай ҳам келмайди-ю, китоб эмиш. Тўрт қатори – бир бет. Одамларни алдаб пулини олиш. Бу ёқдагилар эса саксон сўм учун бир ой икки букилиб, кўзининг нурини кеткизади. Булар «Тонг отди, кун чиқди», дейди, ҳар қатори пул туғиб турибди. Яна осмондан келадилар, опачаларини ўртага соладилар! – Сожида бошини орқага ташлади. – Э-э, чиқиб, ўша ғўдайганга айтинг, юқорига чопавермай, пастга тушиб, эгилишни ҳам ўргансин. Бу ердагилар оёқнинг тагида ётгани йўқ. Давлатнинг қонуни олдида ҳамма бир. Турдиали Сожиданинг тирсиллаган икки бети ўртасидан буқиб келаётган қўшоғиз милтиқдек бурни, унинг устидан ўқдек қадалган кўзларига кўзи тушиб, галдираклаб қолди. Умаров зийраклигини кўрсатаман деб кирган эди, лекин йўқ ердан ўзини ўзи тутиб берганини англаб, энди нима қилишга ҳайрон туриб қолди. Абдузафар ака қўлини орқага қилиб, кабинет ўртасига чиқди-да, Умаровга босим билан қаради. Умаров итоатнинг қуйма ҳайкали бўлиб қотди. – Хўп, дейлик, ярим кун ишга келмади. Ижарасига кўмир келиб қолибди, шахсий иш, узрсиз сабаб, лекин шароитини тушуниб, кечириш мумкин. Ана, Исломбекованинг айтганини ҳам олдик. Ўзи алоқаси йўқ, лекин, хўп, майли энди. Лекин баёзни нима қиламиз? Жониворнинг тиражи қанча, олтмиш минг эдими? Ҳалиги ҳисобингиздаги сиёсий хатоларни чўтга қоқсак, респуб¬лика бўйича қанча тарқалган чиқади? Оққан кўзёш, совуқ қишлар, гўр устида митингми, нима эди? Хўш, нима қиламиз? Ё Исломбекова буни ҳам айтдими? Ўзингизга сим қоққандир? Ёпиғлик қозон ёпиғлигича тураверсин, дедими? А?.. Йў-ўқ, ўртоқ опангиз бундан бехабар, билса борми, осади! Оёғимиздан! Умаров аввал телефонга, кейин Абдузафар акага мўлтиради-да, бошини яна қуйи солди. – Ана ўшанда кўрасиз тушунтириш хатини! Ўли¬гингизни Сурайё ё Сожидага орта олмайсиз, сиёсий хатоларни кўра-била туриб қандай ўтказганингизни тушунтири-иб ёзасиз! Ҳа, ўзгинангиз ёзасиз. Бетимга кулиб қарайди, айтганимни қилмайди эмиш. Эй, нимага бу гавдани кўтариб юрибсиз, битта болага гапингиз ўтмаса? Хасман, дейсиз. А раҳбар-ку сиз ҳам! Эшагингизни мен лойдан чиқариб берайми? Мен қайси бир ишга бўлай? Нашриётни юргизайми ё бир ёш боладан аламингизни олиб берайми? Энди бу ёғига чидаб бериш керак. Абдузафар ака «мен»га ўтдими, эзиб юборади. Кабинет ўртасида у ёқдан бу ёққа юриб, нутқ ирод қилади. Шу билан очилади, маддаси ёрилади, ичидагини тўкади, бир томони яхши, бу ҳам очилгиси, ёрилгиси келганидан, ҳар кимга ҳам бундай қилавермайди, ахир, бу ҳам Умаровни ўзига яқин олганидан. – Гапиринг. Менинг гапим сизга гап бўлмай қолди шекилли. Буйсунгингиз келмаётганга ўхшайди. Бўшлик қиляпман-да, а? Мен биламан сизларни, пенсиямга кун санаб юрасизлар. – Абдузафар аканинг ўзига ўзининг раҳми келиб, ичдан эзилиб кетди. – Бошимга чиқиб олмоқчи бўласизлар. Қанақадир танками, пушками деган нарсаларни тумшуғимга тиқиб, синаб кўрасизлар, оқ қорнинг устида қора қарға деб. Мен ҳаммасини биламан, ҳа, биламан, лекин индамайман, чидайман. Чунки битта ўзимман. – Абдузафар аканинг кўкрагини сиқиб турган нимадир қўйиб юбориб, овози баландлашди. – Ҳа, шундай! Талант кўп, ҳозир ҳар дарахтни тепсанг, тўпиллаб талант тўкилади. Лекин директор тушмайди. Чунки талант юзта, директор битта. Директорликка талант эмас, – Абдузафар ака қўлини учлик мушт қилиб, ўз бошига ишора қилди, – калла керак мана бундай! Бу сизга Шоҳидга ўхшаб, Переделкинода олдига бир яшчик ароқни қў-йиб олиб, ўзи бормаган тайга тўғрисида «Тайшет, Уренгой, БАМ, БАМ» деб достон ёзиш эмас, ҳар кунги оғир иш, қора меҳнат бу! Умаровнинг вужуди қулоққа айланди, бу таъна- дашномлар фақат унинг ўзига эмас, балки кабинетга киришга ҳадди сиғмай, ташқарида интизор қараб турган мустар ҳамкасабаларга айтилаётган, Умаров эса улар ишониб киритган ваколатли одам, биронта ҳам сўзни тушириб қолдирмай, оқизмай-томизмай эгаларига етказиши керак эди. Айбни ҳам Умаров қилгани йўқ, бутун гуноҳ жамоада, Умаров эса ҳамма учун мардларча бўйнини эгиб ўтирар эди. – А ўпкани босинглар. Ҳали партия пенсияга жавоб берадими, йўқми? Абдузафар акангиздек директор кўчада ётмаса керак. Кейин, келадиган одам сизлар билан ишлар эканмикан, шуни ўйлаб кўрасизларми ҳеч? Янги директорнинг командаси ҳам янги бўлмайдими? Умаровнинг юраги орқага тортиб, ваҳима ичида қўлларини тўлғашидан Абдузафар аканинг ўзи таъсирланди. Пенсияга узатилиб, ўрнига бошқа одам тайин бўлиши хаёлига келиб, ичи шувиллаб кетди. Йигирма бир йиллик умри шу ерда ўтди, ахир. Икки йил директор ўринбосари, ўн тўққиз йил директор. Бу ердаги ҳамма нарса ўзиники. Анави пўлат сейф, устига кўк мовут сирилган стол Мирраҳмат акадан қолган, лекин булар ҳам ўзиники бўлиб кетган. Фақат нарсалар эмас, одамлар ҳам. Эскилардан ким бор? Тўра Қурдош, Мелибой, Марҳамат, қоровул Султон, Болқоной Бегимқулова, хўп, йигирматача чиқар, ошиқроқдир, қолганларининг ҳаммасини Абдузафар аканинг ўзи ишга олган, олдиндан ишлаб келганларини ҳам шундай қолдирмаган, ё амалини, ё тоифасини оширган. – Албатта, партия номуносиб одамни қўймайди. Ўртоқлар кимни қўйишда ўзимдан маслаҳат оладилар. Лекин яна битта Абдузафар топилармикан? Келадиган одамнинг ўрнига бир ўзингизни қўйиб кўринг. Бош муҳаррир ўринбосари кирса, ҳўкизникидай гавдаси билан. Кўз ёш қилса, бир ёш бола гапимга кирмади, тошингни тер, деди, энди ўзингиз калла-поча қилиб беринг, деса? Тур-э, йўқол, а, сен ўзи кимсан, маҳаллада самоварчимисан ё бош муҳаррир ўринбосарими, демайсизми? Тўғрими? Ана, шунақа, пайти, Каримжон, Абдузафар акангизнинг қадри ўтади, лекин кеч бўлади. Ҳозир эса билмайсизлар. Ҳозир Абдузафар акангиз ким? Сизларга бир хизматкордек гап. Сизлар учун эртаю кеч ўпкаси оғзига тиқилиб югуради, телефон олдида жонини ҳовучлаб ўтиради. Турдиали Сожиданинг олдидан чиқиб, Умаровнинг эшигини тортиб кўрди, ёпиқ экан, тўхтамай кадрлар бўлимига кириб келди. Сурайё қўлида чинни чойнак, бир нималарни хиргойи қилиб, токчадаги гулларга сув қуяётган эди. Бошқа маҳаллари «Гулларга сув берар гул, гулдан уялар гуллар» дея гапини бир хил ҳазилдан бошлайдиган Турдиали бу гал жуда куйиб кетаётганини баён қилди. – Совуқ чой йўқми, а? Ҳозир ичимга гургут чақса, пов этиб ёниб кетаман лекин! И-и, тўкманг, беринг менга. – Тинчликми? Намунча? Турдиали чойнакни олиб, бир кўзи Сурайёда, жўмракдан ютоққан бўлиб кўтарди. Сурайё унинг гапини эшитишга ҳозирланди. – Эй, нашриётимиз кимнинг қўлида ўзи? Битта хотин ҳаммани ўтирғизиб-турғизса, қандай кунга қолдик? – Нима бўлди ўзи, Турдиали ака? Сожида опамми? – Э-э, опа деманг шуни. Опалиги йўқ унинг. Fийбатчи! Йўқ, мен уни гапирмайман. Оғзимни оғритиб нима қилдим. Гапиришга арзиса экан. Агар ҳаёт шу Сожидалар тарафида бўлса, ҳаётдан ҳам норозиман. Мен Абдузафар акамга ҳам шу гапни айтаман. – Турдиали ака, айтинг энди, нима, уришиб қол¬дингизми? Турдиали чойнакни Сурайёга узатди. – Э-э, шу хотин билан уришаманми? Арзимайди деяпман-ку. Лекин ўзимни тутолмаяпман. Шу туҳмат гапга тобим йўқ, бир малоҳатли, гўзал жувон ҳақида бўлса, қоним қайнаб кетади, чидамайман, Сурайёхон Сурайё беихтиёр Турдиалига талпиниб, ялинганнамо сўради: – Айтинг, Турдиали ака, нима деди? Меними? Ҳай, айтинг! Турдиали ўзини орқага ташлади. – Йўқ, айтмайман! Ораларингни бузиб нима қиламан. Доим бирга чой ичасизлар. Яхши гапни жон деб айтар эдим. Лекин ёмон гапни ташиб юриш, йўқ! Айёр Сурайё Турдиалини гапиртиришни жуда яхши билар эди. – Сожида опам мен ҳақимда сира ёмон гап айтмайдилар. Турдиали лаққа тушди: – Айтмайдилар?! Шу хотин, а? Айтмайди эмиш! Ҳаммага кўзини сузади, дегани яхши гап экан-да, а? Бу гап Сурайёга Турдиали кутганчалик таъсир қилмади. Сурайё аччиқ илжайди, ғамза билан кулиб ҳам қуйди. – Ажаб бўпти, у ҳам сузсин-чи кўзини. Бирон ит қарар эканми? Турдиали Сурайёнинг кайфиятини илиб олди. – Сузиладиган кўз қолмаган, Сурайёхон. – Бировларнинг ғийбатини қилгунча, сал ориқласин. Қаранг, тўлишиб кетганини. – Кечирасиз-у, Сурайёхон, кенг кўйлагига сиғмай қолибди. Яна кечирасиз, тилим ёмон, шу, ўзи ҳам чўчқадай семирибди лекин. Сурайё ижирғаниб ёқасини ушлади. – Вой. Турдиали ака, ҳар куни бешта буюртма сомса ейди, ҳар куни! Ейишига қараб туриб, кўнгилларим айниб кетади. Бешта-я! – Бешта? Яна буюртма! Вой-бў! – Турдиали Сурайёнинг ошираётганини билиб турса ҳам, жуда ҳайратланди. – Мен, эркак одам, учтани зўрға ейман. Бешта сомсага неча чойнак чой ичиш керак? Одамнинг ичи ҳовуз бўлиб кетадию. Сурайёнинг завқи келди. – Бочка денг. Ўхшайди-ку. Думалоқ. Сурайё шарақлаб, Турдиали, алами тарқалмаган эди, асабий кулди. – Бу бочкахон опангиз гонорарларимизни ҳам ҳисоблаб юрар экан. – Вой, унга нима? Ёнидан беряптими? – Битта шеърга нечта сомса еса бўлади деб санаса керак-да. Йўқ, мен буни шундай қўйиб қўймайман. – Қўйманг. Турдиали ака, нима ҳаққи бор? Бу қурилмалар ўрамини, турли йиллари уч, тўрт, беш қаватли қилиб, бир-бирига матаб қуриб ташланаверган, яна ўрталаридаги бетартиб иморатлари ҳавозага ўхшаган кўприклар билан туташтирилган, аччиқ ичакдек ўралиб-буралиб катта бир ҳудудни қоплаб ётган бу бинолар тўдасини, яна нима деб аташга ҳам одам ҳайрон. Матбуот қўмитаси, бир ўнтача наш-риёт, кўп нашрлар, қанчадир босмахона, шуларга тегишли катта-кичик муассасалар, қанақадир «лит-пит»у «жек-мек» деган маҳкамалардан отини ҳеч ким эшитмаган идораларгача шу ерда бор эди. Ташқаридан келганлар бу ердагиларнинг иш жойларига адашмай кириб чиқишларига қойил қолар, Аъламга ўхшаган паришонхаёллар ости ё устидаги қаватда қайси ташкилот жойлашганини билмас, билишга қизиқмас ҳам эди. Мана, ичкари ҳовлининг гирд-айланасида гурсиллаб, шийқиллаб, тирсакларини ўйнатиб босма машиналар ишлаб ётади, тахлам-тахлам китоблар, яна қанақадир нашрлар тоғ-тоғ уюлади, яна бир пасда ташиб кетилади. Лекин не вақтлардан бери ўрта деворга тираб устма-уст қаланган кўк темир бочкалар қимирламай туради. Тургани майли, лекин жойлаётганда автокраннинг панжаси тешиб юбордими, ё бочкаларнинг ичида қанақадир кимёвий кўпириш бўлиб, ёрилдими, тагидан бўёқ оқиб чиқди. Кўки, қизили, сариғи қорамтир асфальтнинг устига ёйилиб, яна у ер-бу ери туташиб-аралашиб, шундай бир ажойиб манзара берадики, томоша! Айниқса кўки, худди осмонни асфальтнинг устига қуйилтириб қўйгандек жилоланиб, одамнинг кўзини қувнатади. Лекин ҳиди! Гапирманг. Ўшандан бери оққан бўёқнинг устидан чилпиллатиб қанча машина ўтди, одам юрди, бир-икки марта ҳаво ёғди, бошқа пайтлари доим офтобнинг тиғида, лекин ҳиди ўша бирдек ўткир. Ҳа-я, чалғиб кетдик, бу ерда эга шунчалар кўпки, мана шу бўёқларни ким нимага олиб келганию нимага шунча вақтдан бери дунёни саситиб ётганини ҳеч ким билмайди. Ўйлаб қарасангиз, жуда қизиқ, шунча бочка бор, ичи тўла бўёқ, бўёқ бўлганда ҳам аъло навли, жуда зўр бўёқ, ҳазилакам пулга келмаган, лекин эгаси йўқ. Эгаси топилса, одамлар кириб: «Жон ака, умрингиздан барака топинг, ишлатинг буни, нафас ололмаяпмиз, ахир», деб айтиб кўрар эдилар. Яна ҳам ким билади, кимники экани ҳақидаги баҳсу мунозаралар ҳам айни шу эгаси номаълумлиги учундир, маълум бўлгани заҳоти қизиғи ҳам қолмаса керак. Эй, кейин, эгаси топилмаслиги аниқ, акс ҳолда шу вақтгача бўёқ шундай турар эдими. Агар шу атрофдаги ҳаммани безовта қиладиган шу ҳидни айтмаса, бу ерда биров билан бировнинг иши йўқ. Учинчи қават ҳам долондан ҳавода ўзича муаллақ осилиб, дунёга фақат телефон симлари билангина боғланиб тургандек туюлади. Долоннинг икки томонидаги туйнукча ўрнига кимлар ўтиргани ёзиб қўйилган қатор-қатор эшикларнинг ичкариларида қўлёзма таҳририга ҳукм этилган эркагу аёл аралаш маҳбуслар, ижод маҳкумлари қамалган. Долон бўйлаб мирғазаб Абдузафар ака. Маҳкумлар худонинг ҳар бир ёруғ куни ўз ихтиёрлари билан келиб, эрталаб тўққиздан, кечқурун олтигача олдиларидаги қоғозларга, деразадан кўринаётган осмонга, тўйиб кетган бўлсалар-да, яна бир-бирларига термилиб ўтирадилар. Долонда Абдузафар ака ҳуштагини чалиб, ҳар бир эрксизнинг қандай хомуза тортганию нима заруратга чиққанини назорат қилиб юради. Ҳозир Абдузафар ака кўринмаётгани учун долонда ҳаёт бордек. Ёзув машинкаларининг читир-читир, шитир-шитири аралаш босинқи ғовур эшитилиб, долон анчадан бери тўхтаб турган, лекин ҳозир, мана, ҳозир бир силкиниб, пишқириб ҳаракатга келадиган аллақандай бир маҳлуққа ҳам ўхшар, қимирласа, ҳавоси ҳам юришиб кетадигандек туюлар эди. «Ишдаги одамлар учун эркин бир жой бўлиши керак, – деб ўйлаб, Аълам кутилмаганда хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам таъсирланди. – Мана, маҳаллада кўча, истаган одам чиқади, айланади, биров қўй, демайди, чунки ҳамманики-да, нима ишинг бор, ўзинг ҳам юравер, бошқаларга халал бермасанг бўлди-да. Кўчага бир киши хўжайин эмас, бу ақлга ҳам сиғмайди. Бу ерда эса бир одам бутун бошли долонни ўзиники қилиб олган, лекин биров юрак ютиб ғинг демайди. «Биз ҳам одам, балки бизнинг ҳам долонда қўлимизни белга қўймасак ҳам, таҳрирдан толиқиб қотган бармоқларимизни қирсиллатиб, ҳуштак чалмасак ҳам, минғирлаб хиргойи қилиб юргимиз келар», деб айта оладиган тил йўқ. Ҳамма ўзини ичкарига олиб, бир-бирига «Юрибдиларми?» – «Йўқ, кўринмаяптилар. Чиқсангиз бўлади.» – «Э-э, худо асрасин. Чиқиб қолишлари мумкин.» – «Ҳа, оч қорним – тинч қулоғим» – «Эй, худойим. Ҳуштагини кабинетида чалса бўлмайдими, а?» – «Шуни айтинг, оёғининг чигилини ҳам ёзсин кабинетида. Ҳатто копток тепса ҳам бўлади-ку» – деб унсиз ҳасратлашиб ўтиради. Мана, ҳозир Абдузафар ака кабинетида, лекин долонга чиққан одамнинг кўзи олма-кесак теради, қулоғи овда, ҳар босган қадами иш билан юрганини пеш қилади, ҳатто анов ёққа бораётганини ҳам, ишоралаб ё бир ерини ушлаб, атай билдириб ўтади. Чунки истаган пайти ҳуштак чалиниб қолиши мумкин-да. Бунақада долонда чеккан одам ҳам ёқмайди-да. Худди бошқаларнинг эрки ҳисобига эркалик қилаётгандек. Ўзи, умуман, долоннинг ҳавосини бузиш ҳам яхши эмас. Аълам Турдиалининг кадрлар бўлимига кириб кетаётганини кўрган эди, ҳали чиққанича йўқ. Сожида хонасининг эшигини очиб бир қарадию яна ёпиб олди. Чойнагини кўтариб Маҳкамбой ака Шоакбар аканинг хонасидан чиқди, Аъламга «Ҳа, кўмир кепти-да, яхши қилибсиз. Энди уч ой қиш, ғам нима, билмайсиз. Фақат бохабар бўлинг. Ишқилиб, Сибирнинг пис¬та кўмири эмасми? О-о, ана шуни ёқманг. Кўп одамнинг уйи шундан ёнган. Тунука печкаларни куйдириб қўяди. Кейин анавинақа, ёнғоққа ўхшагани ҳам бор, у ҳам қиммат-у, яхши эмас. Энг яхшиси – шу ўзимизнинг Оҳангаронники. Ҳам арзон. Печкагинага тўртта ташлаб қўйиб, кун бўйи маза қилиб ўтирасиз. Лекин ҳаво юрадиган жойини ёпманг. Бировлар ёниб бўлди, энди иссиғи чиқиб кетмасин, деб ёпиб қўяди. Кўп одам шундан нобуд бўлган. Ҳа, исдан эҳтиёт бўлиш керак. Ис деймиз-у, ўзи бу заҳарли газ, ис гази. Анави жойини бекитиб, ухлаб қолсангиз, тамом, калима қайтармай кетиб боряпсиз. Омон бўлинг», деб ўзининг хонасига кириб кетди. Бир оғиз гапирмаса ҳам, ҳамма томони оҳ-воҳдан иборат, қўлтиғида бир даста қўлёзма билан Эътиборхон опа ўтди. Очиқ деразадан бўёқ ҳиди гупиллаб кирди. – Узр, – деди Аълам бурни ачишиб. – Қандай ўтирибсиз? Сожида ўзининг оёғига қараб олди-да, бирдан ҳурпайди. – Қандай ўтирибман? Қанақа ўтирибман экан? Ҳа, ўтирибман-да, нима ишингиз бор? Аъламнинг назарида Сожида ҳам булутдек бурқсиётгандек эди. – Йўқ, опа, тушунмадингиз... – Нимани тушунмайман? Мен тушунмас эканман, сиз ақлли қилиб гапиринг. Ичкари ҳовлида ё бочкалардан бири ёрилди, ё шабада туриб, бор бўёқ ҳидини бу ёққа ҳайдади, ишқилиб, хонада нафас олиб бўлмай қолди. – Бу... қандай чидаб ўтирибсиз? Димоқни ёриб юборай дейдию! – Нима? – Бу сассиқни айтяпман. Сожида ниҳоят тушунди, лекин паст тушмади. – Нима сассиқ? Бўёқ-да, ҳа, иси бор. Нима қипти? Сассиқ эмиш! Билсангиз, шу сассиқ боқади ҳаммамизни. Шунга босилган китобларингга оласизлар жарақ-жарақ пулларни. Сассиғ-а! Меҳнатнинг иси бу! – Топган гапидан Сожиданинг ўзи жўшди. – Ҳа, ишлагандан кейин одамнинг ҳам иси бўлади. Нимага бурнингизни жийирасиз? Мен яхши кўраман, иш-да бу. Ишнинг иси бўлади, кири бўлади. Ишлаш керак, укам. Ким-кимларни ўртага солиб, ёнида юрганларни оёқости қилиб, валаки саланг юргунча. Аълам Сожидани ҳар куни долонда учратиб, бош ирғаб саломлашиб юрган бўлса-да, ҳеч бундай бақамти гаплашмаган, бирга ишлаб келгани билан, уни мутлақо билмас, билишга қизиқиб ҳам кўрмаган, ҳозир ҳам бу нотаниш хотин тўрда ўтириб олиб, яланг оёқларини олинга чўзиб, бир нима аччиқ гапларни айтаётган, Аълам эса қачон унинг оёғини босиб олганини билолмаётган эди. – Опа, хўп. Ёзиб бераман. Ёзаётган эдим ўзи. Чақириб қолишди. Бу гап.... – Йўқ, сиз аввал ўзингизни тузатиб олинг. Ҳа, ўзингизни. Одам энг олдин одам бўлиши керак. Билдингизми? Бошқаларни ҳам одам ўрнида кўриши керак. Бостириб кетавермасдан. – Ҳеч тушунмаяпман, опа. Кимни бостириб кетибман? – Бостирмаганингизми шу? Тушунтириш хатини битта мен сўрадимми? Ўзимгами? Хонангни ҳиди бор дейсиз. Аёл киши ўтирибди демай. Кимларни ишга соласиз. Аълам бўғилди, фақат бўёқ ҳидидан эмас, Сожиданинг гапларидан ҳам. – Фақат хонангиз эмас, ҳамма ер бўёқ иси. Сасиб кетган, – деди у Сожидага тик қараб – Бу ҳам сизники бўлса, чорасини кўринг. Фақат менга, опажон, очиқ гапиринг, илтимос. – Вой, аёл кишига ҳам шунақа қўпол бўласизми? – Оббо, мулойимман деб уриб ўлдирасиз шекилли? – Нима? – Сожиданинг боши орқага кетиб, ўтирган жойида ағнаб тушай деди. – Вой, мен сизни одам деб. Гаплашиб олай деб чақирган эдим-ку. Бу нима муомала?... «Ҳа, бу Аълам дегани жуда тарбиясиз экан, у ҳозир Сожидани тушуниши, тушунганда ҳам одоб сақлаб, аёллик ҳурматини эъзозлаб муомала қилиши керак эди. Жуда гож экан бу Аълам. Қаерда тарбия кўрган бўлса? «Очиқ гапиринг» дегани нимаси? Сожида шарт-шурт айтиб ташлади-ку. Бундан ортиқ яна қанақа очиқ бўлиши керак?» – Қани, ўтиринг-чи, ўзи нима билан бандсиз? Мана, бугун нима иш қилдингиз? Эрталабдан бери? Тушунтириш хатини олишни ҳам Сурайё билан Сожида икковига топширибсиз. Бировнинг қўли билан тикан юлиш осон-да. Ҳарифингизни хотинлар йиқитиб берса, сизга фақат устига чиқиб тепиш қолар эди. Умаров Абдузафар акага ялт этиб қаради-да, кўзини олиб қочди. Икки қўлини тиззалари орасига қовуштириб, ерга тикилиб олди – Ё менга қарашмоқчи бўлдингизми? Менга ёрдамнинг кераги йўқ эди. Дастпанжам ҳали узун, ёз дейман, ёзмаса, кетига бир тепаман, учиб кетяпти. Қуюнни ана ўшанда кўрасиз. Қанақа суд? Суд-пуд йўқ! Абдузафар акангизни судга тортадигани ҳали онасидан туғилмаган. Шундай! Билиб қўйинг буни. Мен шеърда нечта эшшак борлигини санаб ўтирмайман. У – сизнинг ишингиз. Ҳисобланг, чўтга уринг, кесинг, қайчиланг, қиймаланг, ихтиёр сизники – менга сиёсий хатоси топилмайдиган китоб бўлсин! Мендан план сўранг, вагон-вагон қоғоз сўранг, офсет сўранг. Аллақандай пушками, танками, шунга ўхшаган провокацион баҳсларингни кўтариб олдимга кирманглар! Нимага ёзаман эмиш! Мен қаёқдан биламан нимага ёзишларингни? Ёзгингиз келибдими, ёзинг, ёзаверинг, тортишинглар, баҳслашинглар, қулоқчўзма қилинглар. Бир-бирларингнинг гўштларингни енглар. Ҳақиқатларинг шунақа туғиладими, баҳслашмаса туғилмайдими, туғилсин-эй, мен чоп қилиб бераман. Лекин мен томонга ўтиб кетманглар. Битта баёзни эплай олмай, менга кўзёш тўкасиз. Ёзиб бер деса, Марказкомдан келасиз. Сизга мен директорман, билиб қўйинг! Ўртага ўртоқ Исломбекова опангизни ҳам, Марказкомни ҳам қўйманг. Ўртоқ опангиз билан мен гаплашганман, сизга Марказком мен бўламан, тушунарлими? Чунки, – дея товушини пасайтириб изоҳ берди Абдузафар ака. – Марказкомнинг ҳамма топшириқлари мен орқали бажарилади. Марказкомнинг бу ердаги иродаси – мен, ўзимман. Тилига келган бу гаплар Абдузафар аканинг ўзига ҳам фавқулодда таъсир қилди. Кабинет янада кенга¬йиб, бошини қуйи солиб мунғайган Умаровнинг гавдаси бирдан кичрайиб қолгандек бўлиб, Абдузафар аканинг унга ичи ачиди. Карим ўзи сал тўқимтабиат-ку, лекин ёмон йигит эмас. Шу бугунги ишлари ҳам яхши кўринаман деб уринишидан. Эртами бир кун Абдузафар ака пенсияга чиқиб кетадиган бўлса, байрам арафаларида хабар олгани иккита нонни қўлтиқлаб борадиган ҳам ўзи шу Карим. Вағир-вуғур қилгани билан бечора одам, камсавод, урилиб-сурилиб, нашриётга келиб қолган, Абдузафар ака қўллаб юрибди-да. Янги одам буни бир кун ҳам амалда қўймас. Абдузафар аканинг ўзи ҳам мана ҳозиргидек пайтлари жуда пийпалаб ташлайди. Лекин турғизиб, қоқиб-суқиб, яна суйиб кетаверади. – Эй, Каримжон, – деб Абдузафар ака Умаровга бир муддат тикилиб қолди. Умаров бошини бир кўтардию кўз уриштиришга ботинмади. қўлини қовуштириб, яна қуйи эгилиб олди. – Нималарни ўйлаб юрасиз. Мана, бугун. Ҳа, Исломбекова телефон қилди. Лекин сизлар ўйлагандай, Аълам масаласида эмас. Аъламни мен қўшдим. Ҳозир айтаман қандай қўшганимни. Ёзда ўтган семинар натижалари кўрилган экан, менинг бундан хабарим бор, ўртоқлар айтган эди, Исломбекова нашриётингиз яхши қатнашди, босиб берган материалларингиз юқори баҳоланди, деди, раҳмат айтди. Ҳа, раҳмат айтди. Албатта, норасмий. Чунки дўст бор, душман бор, шунча ташкилотлар туриб, Марказком номидан фақат бизга расмий миннатдорчилик билдирса, семинар халқаро эди, босган материалларимиз чет элларга ҳам кетган, кейин бориб бир гап чиқса ҳам... хуллас, нокамтарлик бўлади. Лекин биз буни миннатдорчиликдан ҳам юқори кўрамиз. Кейин, Гуля, ҳа, у билан райкомсомолда бирга ишлаганимиздан бери менга у Гуля, ўзимизнинг Гуличка-да, маслаҳат сўради, яна нима қилсак деб, мен, келинг, ходимларимиздан биронтасига шахсан номингиздан раҳмат айтиб қўяйлик, дедим, Бу гап унга маъқул тушди. Кел, Гуличка, қуруқ бўлмасин, эсдаликка ҳам бирон нарса берайлик, десам, ақлингизга қойил, ўзимнинг ҳақиқий акамсиз-да, деди у ҳам. Ака-сингил телефонда чақчақлашиб ўтириб, кимга берамиз деса, шу, денг, нима хаёл билан Камолов тилимга келиб қолса. Бекор айтиб юборибман. Гуличканинг эсида ҳам йўқ экан. Аълам дейман, Камолов дейман, шоир дейман, ёзда қўлида ишлаганини айтдим, ўзининг ТНОсига миндириб қўйганини ҳам билмади. Қаранг-эй, роса чекади, десам, кейин эслади. Аёл-да, диди нозик, олдида бир-икки тутатган бўлса керак-да. Абдузафар аканинг овозидаги товланишлар ўзгариши билан Умаров қаддини тиклаб, бошини кўтариб олган, ҳозир маҳлиё бўлиб, унинг ҳар бир гапини бош ирғаб маъқуллаб ўтирар, шу пайти жиринг¬лаб, суҳбатнинг белига тепмасин деб, телефонларга аланглаб ҳам қўяр эди. – Э-э, хуллас, Гуличкага шу бола бир бечора, ҳеч кими йўқ, мусофир, хотин-бола-чақаси ҳам, уйи-жойи ҳам китоб, лекин талантли, кел, шуни номига бир эслаб қўй, биронта журнал-пурналга обуна бер, димоғи чоғ бўлиб, бир умр эслаб юради, дедим. Гуличка бир миннатдор бўлди-эй, ҳали ҳам ўзимнинг акамсиз-да, эсингиздами, райкомсомолда сочимдан тортар эдингиз, хафа эмас, хурсанд бўлардим, деди. Қаранг, менинг эсимда йўқ, у унутмаган, эсимга солди, от думи қилиб турмаклаганда тортиб қўйган эканман. Хай, шу... ҳозир чақирай, ўзи билан ҳам гаплаш, боланинг бир кўнгли кўтарилиб, ҳаммаёқни тутунга бостириб юборсин десам, бу Мўри йўқ, кўмир тушириб ётган экан. Бахти чопмаганини. – Оббо, бечора-эй, – деди Умаров қаддини орқага ташлаб. – Омад келмаса шу-да. Лекин катта яхшилик қилибсиз. Ишқилиб, биладими ўзи. Билиб қўйсин-да ахир. Мен ҳали ўзини кўрмадим. Бола хурсанддир? Абдузафар ака кенгфеъллик билан қўлини силтади. – Яхшилик қил сувга от, билса – балиқ, билмаса, холиқ. Ёшларни ўстириш – вазифамиз. Билса, билмаса – ўстиришимиз керак. – Мен ҳам ёш кадрни синдириб қўймайлик, деган эдим-да, – деб илиб кетди Умаров. Энди ҳаммаси ўтди, Абдузафар ака билан Умаров яна ака-ука, Абдузафар ака бемалол ўзини қўйиб юборса, Умаров ястаниб ўтирса бўлади. – Йў-ўқ, – деб салмоқлади Абдузафар ака. – Каримжон, сизлар синдирмаймиз деб синадиган қилиб қўясизлар. Хатосини кўрсатиб, тўғри йўлга солиш ўрнига. Эртага бу кадрни ўстиришга тўғри келса, ўртоқлар сизу биздан бошқа нарсани сўрайдилар. Характеристика эмас, у ҳаммага яхши деб ёзилади. Бу томонларидан биз нега бехабар, баёз бундай чиққан экан, йигитча бундай хатоларга йўл қўйган экан, қани, ҳеч бир жойда айтилмабди-ку, характеристикангизга ўзингиз ош пишириб еяверинг, бизга аниқ маълумотлар керак, дейдилар. Тушунарлими, Каримжон? Майли, ҳозир, бугун эмас, лекин бир-икки куннинг ичида пухта қилиб, тайёрлаб қўйинг, маъқулми? Мен айтган гап ерда қолмасин. Умаров ўрнидан чаққон туриб, қўлини кўксига қўйди. Тез-тез бош ирғади. – Хўп, бўлади, хўп бўлади. Шу ўзим ҳам ҳайронман, Абдузафар Абдусафарович, нима топади шу чет эл адабиётидан? Назарга тушиб турган йигит, бир куни панд ейди-да. – Энди, Каримжон, бу бир касал, ёшларга ҳозир мохов келса ҳам, четники бўлса бўлди. Ёшлар шуни бир юқтирмаса, кўнгли жойига тушмайди. Ўлмайдими, қўяверинг. Буларнинг ҳаммаси бир гўр. Айтганча, шу Гуля, Гуличканинг ҳам эри мусиқачи эдими? Умаров Гулимоҳ Юлдузовнанинг эрини билмас экан, астойдил хижолат бўлди, ўнғайсизланиб, деразага қаради. – Ҳа, мусиқачи – деб саволига ўзи жавоб берди Абдузафар ака. – Мусиқачи бўлганда ҳам ғалати нарса чалади, сира оти эсимда турмайди. Старёми, древнийми, қизиқ, шу... қарияни эслатади-да. Тирсакдай нарса. Пуфланади. Нима бор эди шунақа? Умаров худди қаттиқ тикилса, топиб оладигандек, кўзларини лўқ қилди, билмади, жим турмаслик учун: – Саксофон? – деди. – Йўқ, – деди Абдузафар ака. – Айтилиши ўхшайди. Кекса, нуроний, йўқ, отахон, ёши ўтган, мункиллаган, чол... – Так, чол, бобойга ўхшаган нима бўлиши мумкин? – деб Умаров ҳам овозини чиқариб ўйланди. – Э-э, яшанг, – деди Абдузафар ака бирдан завқланиб. – Бобойга ўхшаган! Гобой! Гобой чалади! Гобой! Топган асбобини қаранг. Сен европалашиб дутор-танбурни писандга илмасанг, ҳеч бўлмаса, пианино чал. Эй, эр басамон бир калтакни пуфлаб юргандан кейин, рафиқанинг нимасидан хафа бўласан. Ҳа, майли, бу гапларни қўйиб турайлик. Ўтиринг, – деб яна хушҳол қўл силтади Абдузафар ака. – Бу Вулқонимиз қачон қайтади? Достон эмас, шеърий рўмон бўлиб кетди-ку. Тайгада ҳам айиққа жой қолмагандир. Сиз ўтиринг, ўтиринг, гап бор. Умаров ўтирди. – Келишидан дарак борми? – Бирон ҳафта бор-ов. Кўп сўрамади-ку. – Нимани? – Шу. Ҳалиги... уч яшчик. – Уч яшчик? Ҳовузи борми? Нима қиляпсиз? У ёқда шармандамизни чиқариб юрмасин. – Йўқ, Абдузафар ака, жигари касал. Таржимони, Тодорковскийга. Э, у ёқда ўзимизнинг «Сояки» жуда кетади-да. Шоҳид ҳам Тодорковскийни «Сояки»параст дейди. – Самолётдан бериб юборяпсизми? – Йўқ, проводник укалар бор. Абдузафар ака, қаранг. Мана шу клизма, сурги қиладиган елим халта бор-у? Абдузафар ака ижирғаниб, афтини буриштирди. – Ҳа? Умаров ҳиринглади. – Шунинг янгисидан олиб, ичини ароққами, виногами тўлдириб, оғзини яхшилаб бураб, Москвагами. Владивостокками, посилка қилаверасиз, ит ҳам билмас экан. – Қаранг-а. – Қойилмисиз? – Қойил. Ҳиди чиқмайдими? – Янгисини оласиз деяпман-ку. Хўп, ҳиди бўлса ҳам, резинканики-да. Винонинг ўзиники деб уриб юбораверади. – Одамлар нималарни ўйлаб топмайди. Ароқнинг ўзи билан клизма қилганини эшитган эдим, лекин клизманинг идишида ароқ ичишни энди эшитяпман. Хўш, Карим, яхши эсга солдингиз, байрам ҳам яқинлашяпти, жуда тақаб бормасак-да, ҳозирдан, а.... Шоҳидга юборадиган нарсаларни ҳам проводник-мроводник қилиб юрмайсиз. Турдиалини жўнатамиз, оёқ-қўли чаққон, ҳафта-ўн кун тажриба алмашиб келсин. Москвадаги ўртоқларни шундай кунда йўқлаб қўйганимиз яхши-да. Хўш, сиз давот-қаламни олинг. Мен айтиб тураман. Ёзиб оласиз. Турдиали чойнакка умид билан қаради. – Сиз боринг, – деди Сурайё. – Ҳозир у келади. Бу ерда чой ичиб ўтирсангиз, бундан ҳам бир гап чиқаради. Ўзи бу ёққа кирганингизни булар менга қарши бир режа тузяпти, деб ўйлайди. Турдиали бу гапга унча ҳайрон бўлмади, шунчаки йўлига: – Йўғ-э? – деди-да, ўрнидан турди. – Ундан ҳар балони кутиш мумкин, – деди Сурайё. – Бир йўлини топиш керак. Турдиали ажабланди: – Бўлди, қолди-ку бу гап? Сурайё синиқ жилмайди. – Сожида опам борми, ҳали қолмайди. Била¬ман-да. – Fалати-ю. Касабанинг ҳаққи борми шунақа? – Ҳаққи йўқ, лекин бошқа гаплар бор, – деди Сурайё дудмол қилиб. – Уларни сиз билишингиз шарт эмас. Турдиали бурнини кўтариб ҳавони ҳидлади. – Сурайёхон, хонанизда ҳид йўқроқми? Бор-у, жуда билинар-билинмас. Ҳозир эътибор қилибман. – Кўрмаяпсизми, бирон тешик-тирқиш қолмаган, эринмай пахта тиққанман. Лекин бари бир, эшикни очиб-ёпганда долондан киради. – Кам лекин. Одамнинг чиққиси келмайди. – Йўқ. Бўлди, энди сизга ҳам сузилмай, боринг энди. Ҳозир келади, нима бўлди, деб. – Сизни одамга ўхшаб гаплашасиз деб чақирган эдим, хато қилибман. Таёқдай ўсиб кетаверган экансиз-да, а? Аёл демасангиз, ёши катта демасангиз. А мен кимни уриб ўлдирибман? Укам деб жоним ачиб чақирсам, менга шу гапни айтишингиз лозимми? Тилим бор деб гапираверасизми? Ҳамма гапнинг жавоби бор. Ҳа! Жуда пангвош бола экан бу Аълам, жаҳл қилишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмайсан. Fирт девор, ҳа, деворнинг ўзи, айтган гапинг урилиб ўзингга қайтиб келади. Яна кўзларини пирпиратиб, ўзини тушунмаганга солиб тураверар экан. «Тушунмаяпман» ҳам дейди. Ё тавба, шулар бировларнинг ёзган китобини текшириб беради, ҳали ўзи ҳам ёзади! – Бу деразани ёпинг. Бўёқ, оққани майли-ю, лекин ҳиди ўпкани тешиб юборяпти-ку. Жилла қурса, ўзингизга раҳм қилинг. Мен бу ерда ўтира олмаяпман. Сожиданинг кўзлари ола-кула бўлди. – Вой, одамларни майна қилишни жа билар экансиз. – Опажон... – Яна опажон дейди-я. Э-э, сизларга бекорга йиғлаган сўқир кўзим. Боринг ишингизга-е. Сиз билан бошқача гаплашамиз. Аълам ўрнидан туриб елкасини қисди. Олдида ўтирган одам эмас, илгари кўрмаган бир нарсаси тургандек, қизиқсиниб қараб турди-да, индамай бурилиб, чиқиб кетди. Хосият қўрқиб қолган, кўзлари нажот сўраб аланг-жаланг қилар эди. – Наверно, – деди Ирина. – Это точно вредно. Пойми, у тебя тоже человек, он все чувствует. – Шунақами? – деб Хосият Аъламга умид билан қаради. – Аллергия қилиб туғасан деяпти. Ҳали бу нафас олмайди-ку. Тўғрими? – Но ты же дышиш, – деди Ирина. – Шунақами? – деди Хосият. – Билмасам. Менга қаранг, сизларга таътил беради-ку. Суриб юборинг. Шуни ҳам ўйлаб ўтирадими? Уйда тоза ҳаво олиб юрмайдими одам, – деди Аълам. – Конечно, – деди Ирина. – Он правилно говорит. Хосият маъюс илжайди. – Келин бўлиб кўрмагансиз-да. Аълам кулиб юборди. – Шунақа ҳам бўлишимиз керакми? – Бошингизда қайнона вишиллаб турганда, билар эдингиз: уй яхшими, ишми. Кошки оғироёқ экан деб тиним беришса. Бу ёққа келиб озгина дам оламан-ку. – Но этот запах тебе совершенно вредно, токсично, – деди Ирина куйиниб. – Так ты искалечиш свой плод. Может давно токсикоманом стал. – Оласан-да сен ҳам, – деди Хосият хавотир билан. – Оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин. Кўнглига келади демайди булар. – Ну, так и ходи тогда, – деди Ирина. Сожида бир-бир босиб кадрлар бўлимига кирди. Сурайё олдига беш-олтита қоғоз жилдни қўйиб олиб, гўё ишга қаттиқ берилган эди, унга манзират қилиб, бошини қимирлатиб қўйди, холос. Сожида ўтирди, Сурайё қоғозлардан бошини кўтармади, у томонидаги жилддан бир қоғозни олиб, бу томонидаги жилдга солиштирди-да, нимадир жиддий тафовутларни топди шекилли, деразага қараб ўйланиб қолди, кейин «Ҳм» деб яна қоғозларига тикилди. Сурайё жуда банд, нафақат гаплашишга, берилган саволга «ҳа» ёки «йўқ» деб қўйишга ҳам имкон топа олмас эди. Қоғоз ишига Сожиданинг тоби йўқ. Ўзи Сурайёнинг хонасига кирса, боши оғриб кетади. Одамнинг жонини бураб ғийқиллайдиган темир эшик, ёпилганда тўқиллаб урилади, қулфи ҳам учта, яна ҳар куни сўрғичланади, ичкари шифтгача қатор темир шкаф. Ҳа, яна Сурайё ҳамма ёққа гултувак қўйиб ташлаган, бу гул дегани нозик бўлгани билан шароит танламас экан, дераза токчасида ҳам, шкафларнинг орасида ҳам барг ёзиб, ўсиб ётибди. Сурайёнинг ўзи бўғилиб кетмаганини. Шунча гул, қоғознинг ичида. Шкафлар ҳам тўла қоғоз жилд. Шу ерда ким ишлайди, иши қанақа, оиласи қандай, олдин қаерларда иш қилган – ҳаммаси ёзилган, рақамланиб, шкафга териб қўйилган. Абдузафар ака кимни сўраса, Сурайё ўша вақти топиб беради. Зўр иш-да, ҳамманинг жони қўлида, шунинг учун Абдузафар ака билан сози яхши. Шу, Абдузафар аканинг ўзига ҳам жилд бор: Сурайё хоҳласа, ҳеч ким йўғида шу жилдни очиб, Абдузафар ака қаерда туғилган, қаерда ўқиган, қачон битирган, қачон ишга кирган, қачон касбини ўзгартирган, ҳаммагинасини билиб олаверади. Ким билади балки бошқа нарсалар ҳам ёзилгандир. Хўп ўрнашиб олган-да. Ҳозир ҳам Сожида ўтиради, ўтиради, шум Сурайё ишдан бўшамайди. Гўё гаплашишга вақти йўқ. Сожида «Сурайё, ишим зарил, менинг гапимга жавоб беринг: нима, ҳали ҳам ёзиб бермаяптими?», деб сўраса, Сурайё бошини кўтармай, «Ҳм», дейди, Сожида: «Нима, ҳм, ёздими ё энди ёзадими?», дейди, Сурайё унга бир қараб қўяди-да, яна «Ҳм», дейди. Бир гап айтмайди, чунки иши бошидан ошиб ётибди, вақти йўқ. Э-э. ҳаммаси жўрттага! Бир гап ўтган, нималигини ўзи билдирмайди, мана шунақа дим-дим ўйнаб, жонингдан тўйдиради энди. Сожида ўрнидан шарт туриб долонга бурилган эди, Сурайё гапириб қолди. – Сиз ҳам сал бундай ҳаракат қилсангиз-чи? – Вой, мен ҳаракат қилмаяпманми? Ўзингиз-ку, ярим соатдан бери олдингизда ўтирибман, одам келди ҳам демайсиз. Қани, ёздирдингизми? Сурайё дастрўмолини олиб, бурнини кўзларини артиб олди-да, бамайлихотир: – Мен бу сассиқни айтяпман. Одамларнинг соғлиғига таъсир қиляпти. Сожиданинг аччиғи келди: – Менга нима? Сасиса сасибди. Менга, масалан, билинмайди, соппа-соғ юрибман. Ҳатто чучкирганим ҳам йўқ. Кимга таъсир қилган бўлса, ўша югурсин. Оҳ-ҳо, шунча одам туриб, аёл бошим билан мен бочка кўтараманми? Сурайё истеҳзоли жилмайди. – Сиз бочка кўтарманг, вазифангизни қилинг, – деди. – Қанақа вазифа? – Меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кимнинг вазифаси, Сожида опа? Касабанинг раиси сифатида сиз аллақачон расман мурожаат қилган бўлишингиз керак эди. Ўз ишингизни билмайсизми? – Касаба ташкилотининг бўёқнинг ҳидига қарши чиқиши кераклигини биринчи эшитишим, – деди Сожида қаҳри келиб. – Уставни олиб келинг, қаерга ёзиб қўйганини кўрсатаман, – деди Сурайё ишонч билан. Сожиданинг кўнглига хавотир тушди. У уставни очиб кўрмаган, очгани билан тушунмас, чунки рус тилида, ўзи умуман унинг бор-йўқлигини ҳам билмас, устав дегани ҳам ишда сира керак бўлмаган эди. Лекин унда касаба ташкилотининг раиси бўёқ ҳидига қарши курашиши керак, деб ёзиб қўйилмагани аниқ, бу ерда бошқа гап бор, булар бир нарсани ўйлаган. Қилдан қийиқ ахтараётгани бекорга эмас. Сожида шундай қўйиб қўймайди. Ҳали булар Сожиданинг совунига кир ювмади. Аъламларнинг хонасига Сурайёнинг ўзи борди. – Ирочка. Салом! Хосий, яхшимисан? Шу ерда туғиб, отини Ноширбой қўясанми-да охири. Сиз, ўртоқ прогулчи Камолов, бир қошиқ қонимиздан кечинг, қачон оламиз? Қани, бу ёққа, бир қаранг-чи, буларга халал бермайлик. Ҳа, тезроқ қимирланг. Аълам истар-истамай эргашиб чиқди. Сурайё аксирди, овозини баланд қўйиб: – Мен билан элакишманг, – деди. Аълам жавоб қайтаришга улгурмай тим қора кўзларини қисиб қўйди-да: – Ҳеч нарса ёзманг, – деб тез-тез шивирлади. – Тушундингизми? Ҳеч нарса! Ёзсангиз чора кўриш керак. Нашриёт катта, битта одамга чора кўрмаса ҳам ишлайверади. Лекин ёзсангиз, директор «чора кўрилсин», деб резолюция қўяди, биз буйруқ чиқариб тасдиққа олиб киришимиз керак. Шунинг учун ёзманг! – Сурайёнинг овози яна баландлади. – Мени бунақа қийнаманглар. Битта қоғозни олиш шунча қийинми? Орқангиздан чопиб юришим керакми? Умаров Абдузафар аканинг олдидан жуда хуш кайфиятда чиқди. Эшикни ёпаётиб Вазирага икки қошини ҳам учириб қўйди. Вазира ҳам жуда енгил тортди шекилли, қўлини кўтариб хўшлашди. Хонаси олдида уни Турдиали пойлаб турган экан. Ҳа, шу оёқ-қўли чаққон, Абдузафар ака яхши кўрадиган Турдиали. – Келинг, Турдиали полвон. Хизмат? – деди Умаров ичкари кириб, жойлашиб олганларидан кейин. Турдиали синиқ кулди. – Полвонлик қолмади, ака. Хотинлар кўтариб уряптию. – Сиз чил беринг-да, чил беринг, – деб аскиясидан ўзи завқ қилди Умаров. – Хўш, нима гап? Бу дунёда хотин кўп, қайсиси йиқитди? – Э-э, ҳайронман, – деди Турдиали. – Бу нашриёт кимнинг қўлида ўзи? Бу ерда ишлайдиган одамнинг қадри борми, йўқми? Ижодкор кимлигини биров билармикан? – Хўп, хўп, – деб сабрсизланди Умаров. – Тезроқ бўлинг. Нима гап ўзи? – Гулимоҳ Юлдузовналаринг менга телефон қилсин, бўлмаса, гаплашмайман, бошқалар менга бир тийин, дейди. Ўзи исмларини тўғри айта олмайди, бир Гулимой дейди, бир Гулихон. Опам эшитиб қолсалар. Умаров ўзини орқага ташлаб, бемалол ястаниб кулди. – Шунақа дейдими? Гулимой, Гулихон денг. – Саводсиз, ўқимаган. – Энди, ўқимагандан кейин саводсиз бўлади-да, – деди Умаров соддалик билан. – Сиз ҳам дарров суюнчига чопасиз-да. Ҳа, бозор кўрган эчкидан қўрқ, дегани шу ўзи. – Э қутуриб кетибди лекин, Карим ака. Сизни, биласизми, нима дейди? – Биламан, биламан, – деб ўнғайсизланди Умаров. – Йўқ эшитинг-да, балки билмассиз, – деди Турдиали. – Ким бўпти Умаровларинг, чумчуқ пир-р этса, юраги шир этади, чуқурроқ нафас олишга ҳам қўрқади, дейди. Сиз унақалардан эмассиз-ку, Карим ака? Умаров қизарди. – Начора, Турдиали, хотинлардан қўрқиш керак, қўрқамиз ҳам... Айниқса саводи йўғидан. Бунақалари чатоқ. Нашриётда ишлагандан кейин савод пухта бўлиши керак. Ҳа, саводи. Турдиали Умаровга ҳайрон бўлиб қаради. Умаровнинг хаёли унча жойида эмасдек туюлди. – Сизни бир Москвага юборсак, саводингизни ошириб келсангиз. – Менинг саводимга нима қилибди? Москвага, майли, жон деб бораман, лекин саводинг деганингиз? Умаров ўз пешанасига шапатилади. – Савод эмас, тажриба оширишга! Бу бошқа гап. Ҳафта-ўн кун ўйнаб келасиз. – Э-э, унда раҳмат, ака, раҳмат! Саводинг деб қўрқитиб юбордингиз. Қачон, ака? – Шу яқин кунларда. Лекин бу гап ўртамизда. Хўш, нима дейди бу саводсиз? – Э-э, қўймаяпти-да. Қанақа хотин ўзи, ҳеч гапга кўнмайди. Унга Марказком ҳам бир пул. Карим ака, Москва нақд гапми? Бу яхшилигингизни унутмайман лекин. Абдузафар акам айтдиларми? Умаров кўрсатгич бармоғини лабига босди. – Ҳозирча, жим, Турдиали. Дилбар йигит бўлиб юраверинг. Анави болага ҳам насиҳат қилинг, Гулимоҳ Юлдузовна опа мени билади, деб ўзидан кетавермасин. Бари бир биз билан ишлайди. – Бўлди, Карим ака. Ўзим жойига соламан. Ёш-да ҳали. Сиз у ёғини тўғриланг, бу ёғи – менга! Бу ёғи менга. – Ҳа, Турдиали, айтганча, сиз бехато ёзасиз-а. Чиройли қилиб «эмпирикритизм» деб ёзинг. Мана, қоғоз. Турдиали Умаровга бир қараб қўйди-да, эгилиб, шартта ёзди. – Мана, нимага керак бўлиб қолди. Ё ростдан ҳам саводимни текширяпсизми? – Тўппа-тўғри, битта ҳам хатоси йўқ. Керак-да, – деди Умаров. – Ҳозирча сир. Оббо Сожида-эй, ким бўпти Умаров дейдими? Ўзи фаҳми Хадрагача бормайди, сиз унга ўртоқ Исломбекова опани гапирибсиз. Сожида оташин эди. Умаров кўзининг пахтасини чиқариб кўрди, олайди, тикилиб қаради, бир тийин, таъсир қилмади. – Нима, бу сиз, – деди қўлини белига қўйиб. – Бир нарсанинг мазасига тушунмадим. Эрталаб рафторингиз бошқа эди, ҳозир тескари. Мен айтгандай бўлсин, дедингиз, сиз айтгандай қилдим. Энди қўй, деяпсиз, лекин қўйиб бўлмайди. Прогул қилдими, жавоб бериши шарт. – Хўп, Сожида, мен айтган эдим, гапимни қайтиб оляпман – тамом. Кейин ҳали бу масалага қайтамиз. Ҳозир мавриди эмас. – Йўқ! – деди Сожида. – Туфлаган туфугимни қайтиб оғзимга олмайман. Ҳақорат қилгандай чиқиб кетди. Кечирим сўраса ҳам кечирмайман. Ўша, ким, Гулимой опаси телефон қилса ҳам. – Сизгами, – деб илжайди Умаров. – Ҳа, нима бўпти? Мен одам эмасми? Кимовна эди, Қундузовнами, ундан ўзимни кам кўрмайман. – Кам кўрманг. Опа Юлдузовна бўлса, сиз Қуёшовна-ку. Демак, қайтмайсиз, қўймайсиз? – Йўқ. – Аҳ-ҳа. Ҳм, – деб Умаров ўйланиб қолди. Кейин ўзининг ўнг қўлини силашга тушди. – Шу... қайириб олибман, қалам ушлаб бўлмаяпти. Иккита сўзни ёзиш керак. Бир соатдан бери қўйиб юбормайди-я оғриқ. Сожида унинг қўлига раҳм билан қаради. – Босмахонага бериш керак эди. Сиз ёзиб юборинг. – Умаров Сожиданинг олдига бир варақ қоғоз қўйди. – Э-э раҳмат. Ёзинг. «Вилеллин». «Ви-ле-лин». «Им-прократизм нашномаси» Ёзяпсизми? Мана, яна қайтараман. Умаров ҳозир айтганини ўзидай қилиб, бўғин-бўғин такрорлади. Сожида ҳафсала билан ёзди. – Боракалло, – деб Умаров варақни Сожиданинг олдидан чаққон олиб қарадию қоши пешанасига кўтарилди. – Эҳ-ҳе! Бу ёғи неча пулдан тушди? Шпион ҳам бунча диверсия қилолмайди-ю. Бир-икки-уч-тўрт-беш.. саккиз... ўн икки, бу ёқда тўртта хато вой-бў, саводни роса худо уриб ғовлаб кетган экан-ку, Сожидахон? Бу қанақаси? Улуғ доҳийни қандай ёзишни ҳам билмайсизми? Сожида анграйиб қолган эди. – Қанақа доҳий? Ҳеч қанақа доҳийни айтганингиз йўқ. – Бу-чи? – деб вараққа нуқиди Умаров. – «Вилелин» эмиш. «В.И. Ленин» деб ёзиш керак эди. – Ўзингиз шунақа дедингиз-ку. – Мен-а? Ҳали мени гуноҳкор қилсангиз эди. Мен доҳиймизнинг исм-шарифларини билмас эканманми? Қандай айтганим билан нима ишингиз бор? Доҳий-ку бу! – Ўзингиз... – Нима ўзим? А бу-чи? – Умаров хижжалаб айтди. – «Эм-пи-ри-о-кри-ти-ци-зм!» Нечта хато? Саноқда адашиб кетяпман. Оддий «нашъу намо» деган сўзда тўртта, йўқ, бешта хатога борибсиз. «Нашнома» эмиш! Уят-э! Ҳали Сожида кўп нарсани тушунгани йўқ эди, шунинг учун: – Ўзингиз одамнинг ақлини шошириб қўйдингиз, – деди. Умаров кинояли илжайди. – Ақлингизни шоширдимми? Хўп, яхши. Унда, бўпти. Келинг, ўзингиз бошқаттан ёзинг шу сўзларни. Сожида Умаровга қаради, Умаров унга бошқа варақ узатди. – Мен индамай тураман. Қани, ёзинг. Сожида олдидаги қоғозга қаради, пешанасини бўрттирди, яна бошини кўтариб Умаровга кўз ташлади. Умаровнинг тикилиб ўтиришидан кўнгли сесканди. – Ҳа? – деди Умаров. – Нимага ёзмаяпсиз? Ўзим айтайми, нимага ёзмаётганингизни? Чунки қандай ёзилишини билмайсиз. Лекин билмасангиз ҳам тилингизни бермайсиз, айтганга юрмайсиз. – Мен ўзим учун эмас-ку, – деди Сожида сал хомсираб. Умаров орқага ясланиб, қўлларини қорни устига чалкаштирди. – Сиз бизда ким бўлиб ишлайсиз? – Касабанинг раиси, – деди Сожида шуни ҳам билмайсизми деган оҳангда. – Йўқ, – деди Умаров. – Касаба – жамоатчилик-ку. Штатда нима ишдасиз, деяпман. Ойликни нимага оласиз? Корректор шекилли, а? – Катта корректор. – Катта корректорми? Э бу хатолар шунга катта экан-да,а? Мана, аҳволимиз! Катта корректор битта сўзни ўн бешта хато билан ёзади! Доҳийнинг исм-памийласини ёза олмайди. Тоза худо уриб кетган экан-да бизни. Яна бу опамиз касабанинг раиси. Қуёшовна! Сожидага энди бориб етди шекилли, Умаровнинг олдидаги вараққа интилди. Умаров эса ўрнидан турди, шу варақни орқасидаги сейфга қўйиб, шарақ-шуруқ қулфлади-да, калитларни чўнтагига солди. – Ана шунақа, опам, хатга тушдинг, ўтга тушдинг, – деди у сенлаб. – Саводингга далилий ашё бўлиб туради бизда. Маъқулми? Сожиданинг ияги пастга тушиб, оғзи очилган, юзи сўлиб, ўзи ҳам анча ориқлаб қолгандек эди. – Яхши эмас, одамни бунақа топташ, – деди у қийналиб. – Яна аёл кишини. – Эй, менга қара, нима, белингдан қучоқлаб, бағримга босяпманми сени? Аёлман, дейсан. Менга аёллигинг ўтмайди. Мен учун корректорсан, тамом, хат-саводингни сўраяпман, тушунарлими? Ўзингнинг ўрнингни билиб, айтилган ишни қилиб юргин, маъқулми? Осмонга чиқиб кетма. Бўлмаса, – Умаров орқасидаги сейфга ишора қилди, – жонинг менинг қўлимда. Энди, бор, бугун бу ерда ариллаб юрма, бошим оғрияпти дейсанми, қон босимими, бир-икки кун қорангни ўчир-да, булитин қил, кейин ҳеч нарса бўлмагандай яна юравер. Бўлдими? Жўна! Сурайё нозиккина кўрингани билан занжирдай пишиқ, мулойим қўлларида яширин бир куч бор эди. – Бўйнингиз қотиб кетибди ўзи ҳам. Бир алпозда ўтиравергандан кейин... – Иш шу-да, – деди Абдузафар ака. Ўйлаб қараса, шундай-эй: ишга келади, ўтиради, мажлисга боради, ўтиради, уйга боради, ўтиради, қаерга бормасин, ўтиради, уйқуга ётмагунча, кунни ўтириб ўтказади. Бутун умрини ўтириб ўтказади шекилли. Бошқа нима ҳам қилсин? – Бошингизнинг тепаси анча очилиб қолибди, – деди Сурайё яна. – Тепакалингиз демоқчимисан? – Энди-да... – Айтавер. Энди йигит бўлар эдикми? Ёш қайт¬гандан кейин соч оқаради, тепакал очилади. Сурайё индамади, одатдагидек «Йўқ, Зафаржон ака, ҳали ёшсиз», демади, Абдузафар аканинг ўзига ўзи ўқиган ҳукмига сукут билан розилик билдирди. – Нима чой ичган эдинг? Сурайё бирдан ҳушёр тортди. – Нима эди, Зафаржон ака? Жўн, ҳинд чойи, попук билан. – Нафасингдан гул иси келяпти. – Абдузафар ака кўзини юмиб ҳидлади, яна Сурайёга қаради. – Ҳа, бир гулнинг иси. Сурайёнинг юзи зумда гул-гул очилиб, кўзлари порлаб кетди. Бошқалардан унча ажралиб турмайдиган бу оддий жувон баъзан бир зумда юмуқ ғунчадан шундай чиройли гулга айланиб кетар эдики, унга қараб ўтирган одам ҳайратдан ёқа ушларди. Абдузафар ака унинг бундай ўзгаришларини кўп кўрган, лекин ҳозир Сурайё фақат чиройли эмас, қанақадир баландлаб ҳам кетгандек эди. – Шеърни шунақа ёзадилар-да, а? – деб сўради яна Сурайё. Абдузафар ака тушунмади. – Қанақа шеърни? Нима деяпсан? Сурайё Абдузафар акага хаёлчан қаради, кейин деразага томон тикилди. – Шоирларни айтаман-да. Гапни одамга ёқадиган, чиройли айтиш учун шеърга солишади-да. Мана, сендан гул иси келяпти, дедингиз. Мен роса қувониб кетдим. Шу шеър бўлса керак-да. Бўлмаса, нимага ёзишади. Абдузафар ака ҳайрон бўлди. Бугун Турдиали бировининг шунақа шеърини айтган эдими, «Мен нега ёзаман?» деган. – Ҳа, ростдан, нега шеър қилиб ёзади? Шуни тўғри айтиб қўя қолса бўлмайдими? Шап-шап дегунча шафтоли де-да, қўй. – Чиройли қилиб айтиш керак-да, – деди Сурайё хаёлчан. – Ҳамма нарсанинг ҳам фақат ўзини айтаверса, қизиғи қолмайди. Мана, яхши кўраман, дейди. Гул ҳам беради-ку, бўлмаса гул нимага керак? – Ҳа, – деди Абдузафар ака ҳам ўйланиб – Гул... қизиқ лекин. Бугун умуман ёшлардан ғалати-ғалати гаплар чиқаяпти. Сурайёнинг бидир-бидир гапиргиси келаётган эди. – Гулни ҳеч нарсага ишлатиб бўлмайди, фақат чиройли. Яхши кўрганининг қўлидан тортиб олиб кетаверса ҳам бўлади, лекин гул беради, гул билан кўнглини олади. Шеър ҳам шу-да, Зафаржон ака? Абдузафар ака кифтини қисди. – Шунақа... бўлса керак, – деди у бошқа нима дейишни билмай. – Бизларнинг эрларга ўхшаб: «Хотин, бўлди, ўчир чироқни, ёт олдимга келиб», деб бўкирмасдан, «жоним, гулим» деб қофия қилади, кўнгилни овлайди. Ана шунга ёзади. Тўғрими, Зафаржон ака? Абдузафар ака индамай кулди. – Шундай, – деди Сурайё ўзига ишонч билан. – Ҳа, Ватан, партия, доҳий мавзулари бор, улар муқаддас, – деб қўйди Абдузафар ака. – Мен у томонини тушунмайман, – деди Сурайё. – Карпат тоғларидан Камчаткагача деб ёзишади, бизлар ўзимизнинг Самарқандни ҳам кўрганимиз йўқ. Мен одамга нима кераклигини айтяпман. – Майли, бу гапни қўй. Нима, сенга ёзиб беришсинми? Айтаман, – деди Абдузафар ака. – Отингни қофия қилиб ё ичига қўйиб, зўр ёзиб беришади. – Ким? – Мана, Турдиали бор. – Йўқ, кўп гапи бачкана. Шеъри ҳам шунақадир-да. – Бўлмаса, ким? Аъламми? Сурайё ўйланиб қолди. Абдузафар аканинг рашки уйғонди. – Йўқ, – деди Сурайё. – Айтиб ёздирганнинг нима фойдаси бор. Ўзининг кўнглидан чиқариб, сиз айтмай атаб ёзса экан, унда бошқа гап. – Сиз унақа чуқур нафас олманг-да, мана, секин ҳаво ютинг, худди нафас олмаётгандай, – деб Турдиали нафасни қандай олишни кўрсатиб берди. Иринанинг қимирламай қараб туришидан шундай қилаётгани кўриниб турар эди. Хосият Аъламга тикилди. Аълам кулди. – Балки умуман нафас олмаслик керакдир? – Йўқ, нафас олмаса бўлмайди, – деди Турдиали соддалик билан. – Лекин мен айтгандай қилинг, кўрасиз, фойдаси бор. Айтяпман-ку, қараб турган одам ҳам нафас оляпсизми, йўқми, билмасин. Кейин ўзингизга ҳам билинмай кетади. – Турдиали, ўзингиз ишонасизми шунга? – Жуда қизиқ одамсиз-эй. Нимага ишонмайман? Мана, олдингиз-да ўтирибман-ку, сизга ўхшаб қийналмайман, яшаб юрибман. Ё дод солганимни кўрдингизми? – Йўқ, жўра, ё ҳаммани аҳмоқ қиляпсиз, ё сизда ҳид билиш туйғулари ўлган, – деди Аълам. – Ўзингизда курашчанлик йўқ, дўстим. Одам ҳар қандай шароитга кўникиши керак, – деди Турдиали. Аълам бирдан жаҳл билан гапиришга тушди. – Лекин бунақа сассиққа эмас. Бу сассиқ одамни ҳақоратлайди, ерга уради. Инсонлик қадрини оёғости қилади. Нима учун ҳеч бир айбим бўлмаган ҳолда, шунча вақтдан бери ўпкам тешилиб сассиқ ҳаводан нафас олишим керак? Қайси гуноҳимга? Ўзи нимага сизларга арз қилиб ўтирибман?.. Аълам бирдан индамай қолди. Хосият биқинин¬и ушлаб букчайиб олди, Ирина унинг ёнига шошилди. Бугун ҳам ўтди-эй. Ҳеч бир иш қилингани йўқ, лекин асаббозлик бир дунё. Йўқ ердан йўқ хавотир, бўлмағур ташвишлар. Шунга қанча одам хафа, қанчаси безовта. Одамнинг ҳаёти шунақа майдами, а? Кун кетидан кун ўтади, ташвишинг борган сари зиёда, қилган ишингнинг тайини йўқ, Эрталаб, нима экан, деб ҳовлиқавермай, тинчгина кутса, у ёқдан нималиги маълум бўлар, бу ёқдан буниси ўз оёғи билан келиб, кўмир туширганини айтар экан-ку. Тамом, вассалом. Шунча ваҳима, асаббозлик бекорга. Мана, одам умрини нимага беҳудага сарфлайди. Абдузафар аканинг долонга чиқиб, оёқларининг чигилини ёзгиси келди, у ҳалигача долонга чиқмаганини, чиққан бўлса ҳам, бемалол юриб келмаганини эслади. Лекин шу пайти қоғоз тезтиккични кўксига маҳкам босиб, Сурайё кирди. Абдузафар ака нимадир юз берганини англади. Сурайё тезтиккичнинг ичидан бир варақ қоғозни юзага олиб, тезтиккични Абдузафар аканинг олдига қўйди. – Мана, аризаси. Абдузафар аканинг юраги шувиллаб кетди. – Ким? – деди у кимлигини ўқиб турган бўлса ҳам. – Аълам Камолов. – Бунақа гап йўқ эди-ку. Нима бўлибди экан? Сурайё елкасини қисди. – Билмадим. Мен бу ерда вақтим, Турдиалига бериб қўясан, деб берибди-да, ўзи суриб юборибди. Нарсаларини ҳам йиғиштириб кетган. – Ким хафа қилди экан? – деб ўйланди Абдузафар ака. – Ўзини бировга хафа қилдириб қўядиган эмас у, – деди Сурайё. – Қизиғ-у. Хўп, Турдиалини айт, кирсин. – Бунақа гап йўқ эди, Абдузафар ака. Бирдан ариза ёзди-да, кетди-борди. Э-э, роса гапирдим, қулоғига кирмади, бу ерда ишламайман, тамом, дейди. Мен аввал Сожида опага аччиқ қиляпти деб ўйладим. – Нимага Сожида? – Эй-й, бу опа ҳам олкиш деса таппа талайди. Лекин бунга эмас. Шу, чидамайман, дейди. Чидаган чидайверсин, мен эмас, дейди. А шунча одам ишлаяпти, улардан ниманг ортиқ, десам, унда мен одам эмас эканман, дейди. – Нима экан бўлмаса? – Шу сассиққа чидамас эмиш-да? – Қанақа сассиққа? – Мана шу, бўёқ исига. Ҳамма ёқ сасиб кетган, бу ҳаводан нафас олмайман энди, дейди. Тамакининг тутуни майли, бўёқ иси бўлмайдими? Шунча одам чидаб юрибмиз, сен нима, осмондан оёғингни осилтириб тушдингми, оксуякмисан... – Турдиали, ўзингиздан қўшманг. Бор гапни айтинг: кимдан норози? Турдиали дум-думалоқ кўзларини Абдузафар акага тўғри қадади. – Шу... кўмир тушириши керак эмас эди-да. Абдузафар ака ажабланди. – Нимага? Кўмир туширасан деб биз азобладикми? Нима деб галдираклайсиз? – Абдузафар ака, эрталаб айтдим-ку сизга, мен буларга дўст эмасман, деб. Булар, биласизми, қандай айтсам, дунёни ўйламайдиган одамлар, бир қучоқ китоб, тўрт қути сигарет бўлса бўлди. Мана, Аълам, турган жойини китобга тўлдирган, биласиз-а, китобнинг ҳам чайқов бозори бор, ўша ерда ҳам бу ошналар орттирган, қишни ўтказиш масала бўлиб турган эди, бугун кўмирни тушириб олди. Муаммо йўқ. – Марказкомга бормадими? – Бориб пулини тўлаб, квитанциясини олиб келди. Опанинг ўзларининг олдига кирмабди. Зарил ишим бўлмаса, нима қиламан вақтларини олиб дейди. – Кирмагани ҳам яхши бўлибди, – деб овозини чиқариб ўйлади Абдузафар ака. – Нимага? Раҳмат айтиб қўйса бўлади-ку? – Аризасини қайтариб оладими? – Йў-ўқ, – деб бошини чайқади Турдиали.. – Ҳеч ҳам. Биламан-да. Энди қайтмайди. Энди сира қайтмайди. Булар шунақа. Абдузафар аканинг долонга чиққиси келди. Унинг кабинети кўча томонда, шувиллаб ўтиб турган автолар оқимининг тепасида жойлашган бўлса-да, бу ерда ҳам бўёқ иси қамалган, кириб-чиқиб юрганга унча билинмагани билан ҳаракатсиз ўтирган одамга анча таъсир этар, эътибор қилганда эса диққатни ошириб юборар эди. Шу вақти яна Вазиранинг ғайрати келиб қолганини қаранг, машинканинг чиқиллаши дермантин қопланган эшикдан ўтиб келиб, қулоқни тешиб юборай дейди-я. Абдузафар ака секин долонга чиқди. Вазира у чиққан пайти машинка қилишни бир муддат тўхтатди-ю, орқасидан яна чиқиллатишга тушди. Долонда ҳеч ким кўринмади. Лекин нимагадир Абдузафар ака ҳозир долонда одамларнинг юришини истаётганини англади. Ҳа, ўртадаги анави устуннинг ёнида Аълам тутатиб турган бўлар эди. Ҳозир йўқ. Маза-я шуларники, хоҳласа ишлайди, хоҳламаса – йўқ. Бемалол бўшаб кетаверади. Юқоридан рухсат ҳам сўраб ўтирмайди! Ушлаб турадиган ҳеч нарсаси йўқ. Партиясиз. Қиши билан ўқийди, ёзади, ётади, битта қорин бўлса, тўяди-да. Абдузафар ака қўлини орқага қилди, уч-тўрт қадам юриб секин «ҳу-уш-ш» деб ҳуштагини бошлади, лекин ўхшамади, лаблари қовушмай, ҳуштак ўрнига қандайдир вишиллаган товуш келди, алланечук аянчли. Ҳатто Сурайёнинг югуриб чиқиб, «Вой, Зафаржон ака. Сизга нима бўлди, одамни изза торттирманг. Шу вишиллашингизни кабинетингизда қилинг», деб йиғламсираб қараб туриши кўз олдига келиб, кўнгли бир турли бўлиб кетди. Худога шукр! 2007 й. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62659 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59746 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23784 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23364 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19834 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |