Соясини йўқотган одам (ҳикоя) [Ahmad A’zam]

Соясини йўқотган одам (ҳикоя) [Ahmad A’zam]
Соясини йўқотган одам (ҳикоя) [Ahmad A’zam]
Ўшанда менга нима бўлганини ўзим ҳам билмайман, буни ҳозир ҳам тушунтириб беролмайман. Ҳеч нарса бўлмагандек юрибман. Лекин бунга кўниккунимча жуда кўп нарсалар бўлиб ўтди.
Бир куни чўзма лағмон еб ўтирган эдим, ўзимча шундан кўраман, бирдан оёққўлим бўшашиб, бошим бўм-бўш бўлиб, ичим ҳувиллаб кетди. Атиги бир-икки сония, ўзимни йўқотдиму дарров ўзимга қайтдим. Бошқача тушунтирсам, туппа-тузук, ҳамма қатори ростмана одам туйқусдан ўз мазмунини йўқотиб, яна қайтиб топгандек ғалати аҳволга учрадим, ростдан, бирдан мазмуним чиқиб кетиб, яна қайтгандек бўлди. Шу ҳолат лағмоннинг чилвирини қошиққа ўраб, оғзимга олиб боргунча давом этди. Бор гап шу. Ўзи тушлик деса, юрагим безиллайди, яна аксига олиб шериксиз чиққанман. Бу ҳолат шув этиб ўтиб кетди-ю, лекин кайфиятимни бузди, кўп очин-тўқин юраман, толиққанимдан дедим-да, бир амаллаб, лағмонни тамомладим. Ишга қўл силтадиму ижарамга жўнадим.
Хонамга келиб ўзимни ойнага солдим, кўринишим яхши, ранги рўйим жойида. Фақат уйқу босяпти. Каравотга чўзилганим заҳоти тубсиз қудуққа қуладим. Шу ухлагандан эртаси куни офтоб тиккага келгунча донг қотибман. Тиниқиб уйғондим. Кеча бунақа бўлгани кечалари билан ухламай китоб ўқишимдан, вақтида ётиб, вақтида туриш керак, йўқ эса, соғлиққа ҳам, мияга ҳам таъсири бор, одам ўзини аяши лозим, дедим. Айвонга чиқдим, офтоб чарақлаб турибди. Кўп ухлаганимга кўзим сал ачишаётганини айтмаса, ҳамма нарса ҳамишагидек. Ҳеч эътибор қилганмисиз, уйқудан туриб, кўп қаватли уйнинг айвонигами, ҳовлигами чиқасиз-да, атрофга кўз соласиз, ҳеч қанақа ўзгариш кўрмайсиз, шамол ё булут, қор ёки ёмғир бўлиши, ҳаво айниши мумкин, лекин дунё ўзгармайди, балки ўзгарар, лекин ўзгариши йиллаб, ўн йиллаб чўзилади, одамга билинмайди. Шунақа, мен қараганда ҳам ҳамма нарса ҳамишагидек, ҳатто айвонга чиқишимда ҳам ўзгариш йўқ, кеча ё бир йил олдин қандай қараган бўлсам, шундай қараётган эдим. Лекин, биласизми, шу ҳар доимги муқимликда пинҳона бир ўзгариш бўлсаю сиз буни кўрмасангиз ё ниманидир излаб чиқсангиз-да, шу излаётганингизнинг нима эканлигини англаб ололмасангиз, бир нарсани зўр бериб билмоқчи бўлсангиз-да, шу нарсанинг ўзи нима бўлиши мумкинлигини ҳам билолмасангиз, кўнглингизга омонатлик кириб қолади. Фалати-я? Мен шунга айтяпман, одамнинг мазмуни йўқолганга ўхшаган бир ҳолат деб.
Мен ана шунақа бир ҳолатда эдим. Айвонга бир аниқ мақсадда чиққаним йўқ, шунчаки ҳар кунги одатим, мана уйқудан уйғондик, дунёга яна бир қараб қўяйлик, ўзимизни ҳам кўрсатайлик деб қарадим. Дунё ҳам -ўша-ўша, лекин шу кўринишида ўзининг эмас, менинг ўзгарганимни билги қилаётган бир нарса бордек, шу калаванинг учини тополмай, кўнглим доим ўзи таяниб турадиган таянчларини йўқотиб қўйгандек омонат эди, агар тушунтира олган бўлсам. Ижарада бир ўзим турганимдан эмас, ана шу хаёллар чулғаб олгани, бу хаёллар исканжасида якка эканим ва ёнимда ҳатто ҳамхона дўстим яшаганда ҳам, унга бу аҳволимни айтганим билан, нафақат у, дўст, балки умуман ҳеч ким тушунмаслиги, ҳеч бировга тушунтириб беролмаслигим учун ҳам маҳкум ёлғиз эдим. Ўзимни одамлар тўдасига ургим келди, лекин бу тўда ичида мени ҳеч ким танимаслиги, бегона эканлигимни кўнглим сезиб, хонамдан чиққим келмай турарди.
Кўчага тушиб, ишхонага телефон қилдим, мени ҳеч ким сўрамабди, бошлиқ ҳам йўқламабди, ҳаммаси жойида экан. Наҳотки, бир инсон тушдан кейин ишдан кетиб қолса, эртаси куни ишга бормаса, бирон одам қизиқмайдими, деб ҳам ўйладим.
Телефон гўшагини илиб, энди юраётганимда, офтоб чарақлаб турган эди, бир кўзойнакли семиз йигит аввал оёғим тагига, кейин ўзимга қаради-да, ҳайрон туриб қолди. Бирон нарса илашибдими ё бошмоғимни пойма-пой, ё шимимни тескари кийибманми, деган хавотирда ўзим ҳам ўзимга қараб олдим - ҳеч гап йўқ. Бизда қизиқ одамлар бор-да, баъзилари нотанишга ҳам худди одамёввойига учрагандек бақрайиб тураверади, дедиму йўлимда кетавердим. Негадир мен шунақаларга кўп дуч келаман. Троллейбусдами, автобус ё трамвайдами албатта битта-ярим одам менга тикилаётган бўлади. Тикилгани билан қарашида маъно йўқ, худди «Чипта олишни унутманг!», «Юкнинг баҳоси ўн тийин», деган эълонларни лоқайд ўқиётгандек. Кўчадагилар-чи, кўзини қадаб ўтгани етмагандек, орқамдан ҳам тикилиб қолади. Ўрганиб кетганман, лекин семиз йигитнинг қарашидан ғашландим. Нарироқ юриб орқамга ўгирилсам, у ҳали ҳам менга қараб турган экан, юзини бурди. Мени бир ўзгариб кетган эски танишига ўхшатди-ёв, деб ўйладим. Ҳар эҳтимолга қарши яна у ёқ-бу ёғимга қараб олдим, йўқ, ҳаммаси жойида.
Қаршидан бир қиз келяпти экан, бегонага тикилиш одобсизлик эканини ўйлаб бораётган бўлсам-да, яна бу қиз бола, кўзимни узолмадим: - кичкина, ингичка, юзи чўзинчоқ, бургутча бурун, қирра ияги катта, ўзига ярашиғли хунук, юпқа қора чарм камзулча, қора юбка бошмоққача, оёқ жонивор ҳам сибизиқдай шекилли, қадам босишида гоҳ у ёғидан, гоҳ бу ёғидан очилаётган лозими… лозим бўлиб лозим, колготки бўлиб колготки эмас, қора юпқа матодан, тўпиққача; почасига қалампирнусха, рангдор гул тикилган, ҳар хил тош қадалган, юзига тушган тола сочини кўтариб қўяётганда кўрдим: тирноқлари ингичка, узун-узун устирилган, этдан ташқари қисми оқлигича қолган, эт усти қизғиш бўялган, қулоғига қарамабман, сирғаларини сочи ёпган шекилли, лекин хивич бармоқларида икки-учтадан, тоши майда, мен фарқига бормайман, балки олмосдир, узук. Мўъжазгина урғочи йиртқич! У менга бир қараб қўйди-да, бир қадам четланиб ўтди. Худди мен уни еб қўядиган бир маҳлуқдек. Шунда, ҳамма кийими қора бўлганигами, хаёлимга бу қиз шу қиз эмас, балки бирон қизнинг гулдор сояси, деган бир қиёс келди.
Соя деган нарса айни шу вақти хаёлимга бекорга келмаганига ҳалигача ҳайронман: одамнинг шуури унинг ўзи билмаган нарсаларни ҳам сезар экан.
Шу куни ул-бул егулик олиб яна ижарамга қайтдим, чўзилиб ётиб кечгача ўқидим, туриб шифтдаги неончироқнинг элас-элас ғўнғиллаши остида ёзув-чизув билан алла-паллагача ўтирдим. Ҳар кунгидан сал ғалатироқ бўлгандек эди, диққат қилмабман, кейинроқ, аҳволим ойдинлашгандан сўнг билдим, билмаганим ҳам яхши бўлган экан, қоқ ярим тунда ақлим озиши ҳеч гап эмас эди.
Бу куниси ишхонага келдим, бошлиқ ҳузурига кириб, кеча «сал маза қочиб» келолмаганимни айтдим, койиса керак, деб ўйлаган эдим, аксинча, ҳамишагидек илажайиб: «Ҳай-ҳай! Қўйинг шу маза-пазаларни, касал бўлманг сира», деди, сўққабош йигитнинг бундай юриши яхши эмаслигини гапириб, бир оз насиҳат ўқиди. Мендайлигида уйланмай юриб, ҳозир жабрини тортаётган, ўша пайтлари фақат ишга қараб, ўзига қарамагани учун ҳозир гоҳ у ери, гоҳ бу ери оғриб турар экан, ҳай-ҳай. «Мен сўққабош эмас, бўйдоқман, холос, иккови икки нарса!», деб айтай дедим-у, менга яхшиликни соғиняпти-ку, деб ичимга ютдим.
Ҳа-я, айтмабман, икки қаватли ишхонамизнинг деразалари офтобга тескари, офтобни биздан тўққиз қаватли министрлик тўсиб қўйган, шунинг учун бизда кундузи ҳам чироқ ёнади, ҳамма чироқимиз «дневной» - неон, булар ҳамма нарсанинг соясини ёйиб юборади. Лекин маълумотнома ёзаётганимда столнинг усти одатдагидан равшанроқ эди, бунга ҳам диққат қилмаган эканман.
Тушда Барот икковимиз бирга тушликка чиқдик. Менга бир нарса бўлганини шу Барот билиб қолди. У уч йилча олдин кўчадан ҳамён топиб олган. Саккиз юз қирқ етти сўм. Шундан бери ерга тикилиб юришни одат қилган.
Ишхонамизнинг соясидан чиқиб, сал юрганимиздан кейин менинг гапларимга ҳа-ҳу деб ерга қараб кетаётган Барот бир тўхтади-да, дабдурустдан: «Ий-э, сенинг соянг қани! Қизиғ-у!», деб қолди. Аввалига Баротнинг гапини тўғри тушунмадим, «Шу ҳам ҳазилми», демоқчи бўлиб, беихтиёр ерга қарасам, мендан ерга соя тушмаяпти! Туйқусдан калламга бир нарса келмади. Лекин, мана, соя, мендан тушган соя йўқ! Офтоб томон бўлса керак деган илинжда осмонга қараб, кейин соя тушадиган жойни мўлжал қилсам, оппоқ! Яъни оқариб кетган асфалтнинг ўзи! Офтоб мендан тўппа-тўғри ўтиб, ерга тушяпти, ўртада мен йўқ! Баротнинг оёқдан бошланган, боши ҳам дўмпайиб турган сояси бор. Офтоб тиккада чарақлаб тургани учун калта, гирдиғум, лекин, ҳар қалай, одамнинг сояси-да! Меники эса йўқ! Ростдан йўқ! Довдираб қолдим-у, лекин бўлиши мумкин эмас, икковимизнинг ҳам кўзимизга шундай кўриняпти, ҳозир соям лип этиб ерга тушади, деган бир мустарлик ҳам бор. Бемаънилик-да, ахир, шунақаси ҳам бўладими?
Барот ҳеч қачон чуқур ўйламайди, ҳозир унга қизиқ, жуда қизиқ. «Қойил-э! Э-э, зўр!» дейди нуқул. Мен билан иши йўқ.
Бирдан бўлса-да, одамнинг хаёлига кўп нарса келар экан: ҳамма бошқа, мен бошқа бўлиб қолдим, одамлар орасидан чиқиб, бошқа дунёга ўтиб кетдим, лекин шу дунёда яшайман, шу дунёда одамга ўхшаб ю…ибман, лекин одамларга ўхшамайман, ҳамма росмана одам, мен эса Атрофимга қарайман, ҳу, ана, тош бўлса ҳам, ҳайкалнинг сояси бор, дарахтларнинг таги қуюқ кўланка, кўчада машиналарнинг сояси ёнида ҳилпираб кетяпти, троллейбус симлариники кўчани чизиб кетган, симёғочиники йўлга кўндаланг, Баротнинг сояси ўзи билан, қадам босса, у ҳам одимлайди, қўлини силкитса, у ҳам қимирлайди! Ёнимиздан ўтиб бораётган одамларнинг ҳаммасининг тагида сояси бор! Мен… нега бунақа?!
Ўйлаб ўйимга етолмайман, Баротга бир нарса деяй десам, тилимга гап келмайди. Барот «Қизиғ-а, нега бунақа бўляпти?», дейди. Барот шунақа савол бердими, жавобини айтсангиз ҳам, бари бир, тушунмайди. Саволининг ўзи «Мана, мен шу ергача зўрға келдим, у ёғига ярамайман», дегани, ўйлаганининг чегараси шу. Шунинг учун: «Ҳа-э, тезроқ юрайлик, қорин очиб кетди», деди.
Юриб боряпман, шу пайтгача оёғимга лип-лип илашиб эргашган соямнинг жойига қарайман, ҳеч нарса йўқ, шунга худди оёғим ҳам ерга тегмаётганга ўхшайди. Шундай қилсам соям мендан ажралиб ялп этиб ерга тушиб қолар деган илинжда, уч-тўрт марта сакраб-сакраб ҳам кўрдим, фойда чиқмади. Барот: «Ҳа?» деди, «Кеча чўмилганимда қулоққа сув кирибди», дедим.
Бирдан Машҳурани ўйламаганим эсимга тушиб қолди. Боядан бери яна бир нарса хаёлимни чимдилаб келаётган эди, бирдан юзага чиқди, агар соям шу билан йўқолиб кетаверса, аҳду паймонимиз нима бўлади? Одамлардан буни яшириб бўлмаса, нима кўп қуёшли кун! Кўчада сояси йўқ йигит билан кетаётганини кўрган одамлар менга эмас, Машҳурага ачинади, бечора қизнинг бир нуқсони борки, сояси йўқ йигит билан юришга кўнибди, дейди. Учрашайлик, десам, бундан кейин: «Кечирасиз, ҳали ҳам сизни яхши кўраман, лекин сояси йўқ йигит билан қандай юраман?», деса-я. Нима, кўчада қолган қиз эмас, айтиши мумкин.
Фикру ўйларим чувалашиб кетгану ўзим худди ойна устида сирғалаётгандек кетиб боряпман. Тагингизга соянгиз тушиб турмаса, муаллақ бўлиб қолар экансиз!
Баротнинг хаёли эса овқатда: «Нега ҳамма лағмон бир лағмон, Халил мўйловники бошқача?«, деди. "Қўй шу лағмонни, ўзимнинг лағмоним чиқиб турибди-ку", дедим. »Э-э, ким қайдаги нарсаларни ўйлайсан-а, - Барот шундай деб оёғим тагига қараб қўйди: - Ҳали ҳам йўқ. Ҳай, бўлмаса бўлмапти-да». Айтдим-ку, Барот шунақа ҳафтафаҳм деб. «Ке, қўй, одамнинг сояси бўлди - нима, бўлмади - нима, - деб менга яна таскин берди у. - Энг асосийси, одамнинг ўзи бўлсин. Мана борсан, соппа-соғсан, юрибсан. Етади шу!» Тўнканинг фалсафасини қаранг!
Кўчада одамлар ўтибқайтиб юрибди, ҳамма ўз ташвиши биланми, бизга бир-да-ярими кўз ташлаб ўтгани билан, унча аҳамият бермайди. Ҳар эҳтимолга қарши Баротнинг бу ёнига - офтоб томонга ўтдим: Баротнинг сояси иккаламизга ҳам ўтади. Баротнинг елкаси офтоб, мендан соя тушмаяпти. Шу вақти бир фикр келиб, ҳаяжонланиб кетдим. «Тўхта-чи!«, дедим. Барот тўхтаб менга қаради. «Мендан офтоб кўриняптими?», деб сўрадим. Барот тушунмади: »Офтоб? Ана осмонда-ю! Сенда нима қилади?», деди. Бўйим Баротдан узунроқ, унинг бетини бошимнинг соясига мўлжал қилиб: «Яхшилаб қара, юзимдан офтоб кўриняптими, йўқми?», дедим. Барот юзимга тикилиб турди-да: «Йўқ, - деди. - Бетинг жойида. Нега офтоб кўриниши керак, бетинг тешик эмас-ку. Ке, қўй шу гапни, одамни жинни қилай деяпсан». Барот менга ғирт бегона кўринди. У бари бир тушунмайди. Ахир, соям бўлмаса, демак, офтоб нури тўппа-тўғри ўтиши, унда ўзим ҳам бўлмаслигим керак-ку! Бошим Баротнинг кўзига соя солмаса, унда Баротга юзимнинг ўрнида ҳам офтоб кўриниши керак эмасми? Юрагим ўйнаб кетди, жуда ғалати: офтоб билан Баротнинг ўртасида турсам ҳам у мени кўряпти, демак, мен офтоб тўсяпман, унда соям қаёққа кетади? Бош қотди. Бу ёғи нима бўлади энди, кимга қандай тушунтираман?
Одамлар нима дейди? Ишхонадагилар… Хаёл ке-этди!
Бошлиқ чақиртиради-да, илжайиб: «Хў-ўш, укам, нима қилдик? -дейди. - Ишлайверинг десам, аҳвол бунақа, ишдан бўшанг, десам меҳнат қонунини - КЗОТни бузганингизча йўқ, лекин ичимизда бошқача одам бўлиши… Ҳай-ҳай, ё ўз ихтиёрингиз билан ариза ёзасизми, а?». Мен бошлиқнинг илжайишини ёмон кўраман, худди бошқа бир бегонанинг илжайишини расм солиб, юзига тақиб олганга ўхшайди. «Майли-ку-я, нима айбим учун?», деб сўрайман. Бошлиқ: «Укажон, тўғри тушунинг, райкомдан «Сизда бир сояси йўқ йигит бор экан, нега чора кўрмаяпсиз, нега ушлаб турибсиз?», деб сўрашса, нима деб жавоб берамиз? Сиёсий тус олиши мумкин», деб илжаяди. «Нега, ахир, соям йўқлиги сиёсий хато эмас-ку?!», дейман ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсам ҳам. Бошлиғимиз энди майин илжаяди: «Ундай деманг, ҳай-ҳай, бизда ҳамма масалага сиёсий қаралади-я, мен шу хатонинг олдини олайлик, дейман, ҳали сиёсий хатога ўсиб чиқмасдан». «Бунга райкомнинг нима алоқаси бор? Уларнинг шундан бошқа қиладиган иши йўқми? Наҳотки соям йўқлиги билан шуғулланишса?», деб чин кўнгилдан сўрайман. «Ҳай-ҳай, айтмадимми? Ҳазилляпсизми? - деб раҳбаримиз яна илжаяди. – Билсангиз, укам, ҳаммамиз партиямизнинг паноҳида ва… доимий ғамхўрлигидамиз». «Ишдан бўшасам, кейин менга қандай ғамхўрлик қилади?», деб сўрайман. Бошлиқ бир деразага қараб олиб, менга эгилади: «Йўқ, –кам, ҳамма ерда партиямиз паноҳида бўласиз! - деб энди совуқ илжаяди. Сизга яхши йўл кўрсатган эдим-а, ҳай-ҳай, энди коллективга қўйишга тўғри келади»…
Мажлисни, албатта, бошлиқнинг ўзи очади: «Жонажон партиямизнинг ҳаётбахш қарорларидан илҳомланиб, коллективимиз кейинги пайтлари катта ютуқларни қўлга киряпти… (ҳоказо-ҳоказо)… Мана, ҳаммамиз ўз соямизга эгамиз. Лекин орамизда сояси йўқ одамнинг пайдо бўлгани, тўғрироғи, унинг ўз соясини йўқотиб қўйгани бизни жиддий ўйлантиряпти. Ҳали юқори органлардан бу борада кўрсатма олганимиз йўқ, лекин шундай кўрсатма олишга аминмиз. Бунинг учун у ёққа ташаббус билан чиқишимиз, бу масалани ўз кучимиз ечишимизни айтишимиз керак… Қани, кимда қандай фикр бор?» Биринчи Мирқосим ака сўз олади: «Кўпдан бери шу болада гумоним бор, бунинг идеологияси бузуқ деб парткомимизга ҳам айтганман. Чунки ғоявий ёт, бемаъни адабиётларни кўп ўқийди. Аксарияти чет элликларники. Бир куни хонасига кирсам, столи устида Хемингуей, Фолкнер деган америкаликларнинг китоби турибди экан. Ҳей, ука, ёш жонингни ўйламайсанми, нима қиласан антипартиявий китобларни ўқиб, десам, булар бизга дўст прогрессив ёзувчилар-ку, деб устимдан кулгандек бўлди. Ахир, ўша чет эллик ёзувчилар чет элда яшаса, ўша ёқда ҳам ўзининг компартиясига кирмаган бўлса, ёзганлари антипартиявий бўлмай, нима бўлади? Мен Фқимайман шуларни, шунга, мана, ўзим ҳам, каллам ҳам соғ». Парткомимиз улом ака сиёсий ҳушёр, лекин бамаъни одам, энсаси қотиб: «Мирқосим ака, масаладан чалғимайлик!», дейди. «А, мен нима деяпман? -деб бўш келмайди Мирқосим ака. - Масаланинг ғирт ўзини гапиряпман-ку. Бўлмаса айтдим-а сизга: қаранг, шу бола ҳар хил нарсаларни ўқийди, дедим, қарамадингиз! Ахир, ўша ёзувчилар бизга дўст эмас, дўст тбўлса, нима учун жонажон партиялари сафида эмас, бор-ку, бор-ку, Гесхол деган ўртоқ бошқаради, йўқ кирмайди, чункпи дўст эмас. Капитализмда яшайди улар, яхшисининг ҳам ҳам қонқонига бузуқ идеология сингиб кетган. Мана оқибати, университетни битирган, келажаги порлоқ йигит идеализм ғоялари таъсирида айниб ўтирибди!». Фулом ака вазмин жилмайиб тушунтирмоқчи бўлади: «Ўшаларни мен ҳам ўқиганман, асарларида ҳеч қанақа ғоявий бузуқлик йўқ. Ана, ўзимизнинг кутубхонада ҳам бор, олиб ўқиб кўринг!». Мирқосим ака: «Ўқимайман, кутубхонада бор деб ҳамма нарсани ўқийверадими?!», дейди. Бошлиқ қалам билан сув тўла графинни уради, графин тўқиллайди: «Ўртоқлар, масалага қайтамиз: ким гапиради? Мирқосим ака, бошқаларга ҳам навбат беринг!». Ботир ака сўз олади: «Мен бошлиғимизнинг гапидан шуни тушундимки, бу йигитга орамизда ўрин йўқ экан. Нега? Соя йўқлиги учун! Мирқосим буни ғоявий бузуқлик, деяпти. Оғзим бор деб гапириб, ўзимиз хато қилмайлик-да. Мана, бир вақтлар шунақа гаплар билан қанча шоир, ёзувчи, сиёсий арбобларимиз қамалиб, отилиб, кейин реабилитатсия бўлди. Бу йигитни уч-тўрт йилдан бери биламиз яхши йигит, лекин, тўғри, кўп ўқийди, аммо кўп ўқигани учун кўп нарсани билади. Мана, сояси йўқолиб қолибди, лекин шу билан ёмон одамга айланиб кетди, десак, хато қилиб қўймаймизми? Балки бошқа қобилияти очилгандир? Шахсан менинг бу масалада ўз фикрим бор: юраги тоза, кўнглида кири йўқ, оқ, нияти яхши - ёруғ, шунинг учун ундан ерга қора соя тушмайди». «Ҳай-ҳай, - дейди бошлиқ. - Бизлар-чи?». «Нима бизлар?», деб тушунмади Ботир ака. Бошлиқ илжаяди: «Бизларнинг юрагимиз қора экан-да унда? Шунақа демоқчимисиз? Бутун коллективга қора суйкаяпсизми?». Ботир ака ғулдираб қолади: «Ҳеч кимга қора суйкаётганим йўқ», деди. «Суйкаяпсиз! -Бошлиғимиз асабийлашса қатъий илжаяди, худди йиғламсираётгандек бўлиб қолади. - Фақат коллективимизга эмас, бутун жамиятимизга қора чаплаяпсиз! Чунки ҳамманинг сояси бор, бу йигитники эса йўқ! Сиз ҳали жавоб берасиз бу гапингизга!». Шу пайти Туробжон сакраб туриб: »Ўртоқлар, менда битта таклиф бор. Оғайнимизни инвалидликка чиқариб юборайлик!», деб қолади. Ҳамма анграяди, ҳатто бошлиғимизнинг оғзи очилиб, Туробжонга бақраяди. «Тушунмаяпсизлар-а? - дейди Туробжон. -Оёғи йўқ одам инвалид бўладими? Сояси йўқ бўлса шундай-да! Энг яхши йўли шу». «Мумкин эмас, - дейди кадрлар бўлими бошлиғи Зуҳра опа. -Меҳнат қонунларида бунақа банд йўқ». Тўхтаган баҳс яна қизийди. Мирқосим ака вағиллаётганда унга қараб туриб бир нарсага эътибор қилган эдим: ўзининг ҳам сояси йўқ эди. Унинг ҳам, ўтирганларнинг ҳам -бирортасининг сояси йўқ, чунки неончироқдан соя тушмайди, офтобга чиққанда пайдо бўлса ҳам, лекин ҳозир ҳаммаси мен қатори. Соялари йўқлиги ўзларига халал бермайди-ку, нега мен буларнинг қаторида, коллективда бўлмаслигим керак, деб ўйлайман… Охири яна Фулом ака сўз олади: «Ўртоқлар! Масалани жуда чувалатиб юбордик. Бунақада бир қарорга келолмаймиз. Бир ўйлаб кўрайлик: ҳозир бу йигитни ишдан ҳайдаш ҳақида қарор чиқарсак, у кўчада қолади, унда чиндан ҳам ҳар хил таъсирларга берилади, ғоявий-аҳлоқий бузилиши мумкин. Кейин у олдин ишлаган коллектив қаёққа қараган эди, партия комитети нима учун ўз вақтида чора кўрмаган, деган саволлар чиқади. Биз бунга йўл қўя олмаймиз, чунки партиямиз ҳар бир инсонни ўйлайди, унинг ғоявий оғишқинғайишларига йўл қўймайди, назоратда тутади. Тўғри орамизда ёт унсур бўлмаслиги керак, бу йигит сояси йўқлиги билан орамизда ёт, лекин ҳали унсур эмас. Келинг, уни ўз тарбиямизга олайлик, соясини топишга муҳлат берайлик. Тополмаса, кўпдан қуён қочиб қутулмас, соясини жойига қотириб қўямиз! Бу ерда бўлган баҳслар шу эшикдан чиқмасин, маъқулми, нима дедингиз?». Ботир ака: «Э-э, отангизга раҳмат! Бу - ақлли одамнинг гапи!», деб юборади. Бошлиқ дарров ташаббусни ўз қўлига олади: «Раҳмат, ўртоқ Аҳмедов, келинг, энди масалага якун ясасак-да, бир қарор чиқарсак. Бир комиссия тузсак! Комиссия бу йигитнинг сояси йўқолиш сабабларини ўрганса ва соясини яна пайдо қилиш тадбирларини ишлаб чиқса-да, навбатдаги йиғилишда ҳисобот билан чиқса, нима дедингиз?», дейди. Баҳсдан боши ғовлаган ҳамма унинг гапини маъқуллайди, бошлиқ майин илжаяди, Фулом ака совуққина жилмаяди, шу билан йиғилиш тугайди.
Кейинги воқеалар айнан бўлмаса-да, шундай кечди.
Турган гап, ишхонадаги гап-сўзнинг ҳаммаси, мен, яъни соям йўқлиги ҳақида бўлади. Неон чироқлар ёниб турадиган ичкаридаги давраларда ҳамкасбларим йўқ соямни чиқиб қолармикан деган умидда кўзи билан пайпаслайди, кўчага чиқсам, текин томошага гурр этиб эргашадилар, иши зариллари деразадан бўйнини чўзади, ана-ана деб, қўллари билан кўрсатади. Булар бориб уйларига, оғайниларига «Бизда шунақа антиқа одам бор!», деб мақтанса керак, бошқа ишхоналардан ҳам одамлар келиб: «Оғайни, илтимос, ўтиниб сўрайман, бир офтобга чиқинг, соянгиз йўқлигини ўз кўзимиз билан кўрайлик», деб хиралик қилади, ҳатто баъзилари пул қистирмоқчи ҳам бўлади. «Йўқ нарсанинг нимасини кўрасиз?», деб унамайман, ишдан чиқишимни пойлаб кўчада тураверади. Бир-иккита салобатли бошлиқлар келиб мени кўриб кетди, тавба, дейман, кап-катта одамлар, бошқа қиладиган иши йўқмикан? Тушликка яқин пастда қора мошин кўринса, бас, биламан, ҳеч бўлмаса, биронтаси келган бўлади, ёнида шотирлари билан. Тушмайман, кутадилар, у ёқ-бу ёққа бетоқат юрадилар, охири биттасини ичкарига югуртирадилар. Бошлиқ кафтларини хурсанд ишқалаганча илжайиб менинг хонамга келади: «Қани, т–шдик, Самижон Салимовичнинг ўзлари кептилар!» «Тушмайман! - дейман. Жонга тегиб кетди-ку! Маймун ўйнатяпманми?» »Ҳай-ҳай, укам, шундоқ баобрў одам сизни кўргани келсаю сиз хурсанд бўлиш ўрнига… - дейди бошлиқ - Сиздан нима кетди, тушиб, ўн қадамча айланиб. Яна қайтасиз, вассалом!» Тушсам, ҳалиги Самижон Салимович дегани cоям йўқлигини кўргани келганини яшириб, ўзини архитектор кўрсатади: «Да-а, тўғри, бино эскирган, министрликнинг орқасига хунук ямоқдек бўлиб турибди», дейди, виқор билан гапиришга уринади, лекин товуши титраб кетади - кўзи менинг оёғим тагида, ўзимга қарашга қўрқади. Ёш болага ўхшайди булар! Бир куни бир каттакони келибди, деразадан кўрдим: ранги совуқ, гапирмайди, атрофда беш-олтита бир хил силлиқ кийинган, галстук таққан кулранг костюмли йигитлар, нуқул атрофга аланглайди. Йигитларидан бирови унга эгилиб, бир нарса сўраган эди, у бошини силкитди. «Опчиқ!» деган шекилли, бирпасда ранги ўчиб бошлиғимиз хонамга кирди. «Ташқарига чиқайлик! Лекин, илтимос, ҳеч кимга қарамай, тўғри кўчанинг у томонига ўтиб кетаверасиз!». Кўргани келганларга ўрганиб қолганман, лекин бунақасига дуч келмаган эдим. «Нега? Тўхтамайми, мен билан гаплашмайдими?», деб ҳайрон бўлган эдим, бошлиғимнинг бетидаги илжайиш расми тиришиб кетди: «Ҳай-ҳай! Сизни кўргани келишганини зинҳор-базинҳор билмаслигингиз керак!», деб ғалати гап қилди. «Қандай билмайман, айтиб турибсиз-ку!», дедим. «Э-э, укам, ҳозир ҳаётингиз ҳал бўлиши мумкин! Аитганни қилсангиз-чи!», деб бошлиғим сал бўлмаса йиғлаб юбораёзди. Хўп дедим, келишиб олдик: аввал у чиқади-да, менинг қандай қилиб ишхонанинг эшигидан кўчага қараб юришимни кўрсатади, кейин мен у нима қилса, шуни такрорлайман.
Мен эшикнинг ичкарироғидан қараб турдим, ҳалигилар ҳам кўриниб турибди, бошлиқ чиқди, атрофда худди ҳеч ким йўқдек ғўдайиб алангламоқчи эди, ҳалигиларга кўзи тушиб, каловланиб қолди-да, текис ерда қоқилиб, соясининг устига йиқилиб тушай деди, ўзини ўнглаб ўқдай учиб кўча томонга отилди. Ҳалиги каттакон бошлиғимизни соясини йўқотган одам шу деб ўйлаган шекилли, ҳафсаласи пир бўлди, ёнидагига қараган эди, униси мени танийди шекилли, сезилар-сезилмас бош чайқади. Кейин мен чиқдим, бамайлихотир боравердим, кўз қиримда кўряпман, уларнинг кўзи менда, ҳаммаси яхши эди, офтобрўяга чиққанимни биламан, ҳалиги каттакон: «О-о черт! Сгни, сатана!», деб чўқина кетса бўладими! Ранги совуқлигига қарамай, ўзи кўнгилчанроқ эканми, ёмон бўлиб қолди денг! Иккитаси югуриб келиб, уни суяди, биттаси ичкарига чопди. Жуда катта амалдор экан, ҳаммасини типирчилатди. Ичкарига чопгани бир стакан сув олиб чиқди. Мен кетаримни ҳам, кетмасимни ҳам билмай қотиб турибман. Каттаконга дори ичиришди, у ўзига келгандан мени секин имлади. Мен олдига бордим. У менга қараб турди-да: «Человек как человек, да пуст живёт. Толко смотрите за…», деб у ёғини айтмади, мен ўзимча тушундим.
Соям йўқлиги анча вақт кабинетларда, хоналарда, долонларда, тушликларда, ўзим боримда ҳам, йўғимда ҳам кўп муҳокама, тортишув-баҳсларга сабаб бўлиб юрди. Ишхонамизга жон кирди, масала битта ва бунинг чораси йўқлиги, чора топиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаётгани учун ҳамманинг боши қовушди, умумий чорасизлик ҳамкасбларни аҳил, бир-бирига қандайдир меҳрибон ҳам қилиб қўйган эди. Илгари ишга қатнашим эрталаб келганларга эшик олдида «темир дафтар»га қўл қўйдириб, кейин хоналарга бир-бир бош суқиб чиқадиган, кечқурун кетаётганларга, энди хонасида қўл қўйдириб қоладиган Зуҳра опамизни қизиқтирган бўлса, энди келишим билан ҳамма мени кўргани киради, чин кўнгилдан соғлиғимни сўрайди, кетаётганимда жўр бўлиб яхши тилаклар билдириб хайрлашади.
Ғулом ака икки кундан кейин мени кабинетига чақириб, суҳбатдан ўтказди. «Мен сизнинг юриш-туришингизда бир фавқулодда нарса кўрмаяпман. Лекин, бари бир, негатив ҳодиса. Райкомдаги ўртоқлар билан маслаҳатлашдик, ишлайверсин-чи, дейишди. Ўрганишади сизни. Ўзингизга қаранг. Ҳар ким билан гаплашманг. Кейин… ўша ёзувчиларнинг асарларини ўқимай туринг, маъқулми?», деди.
Ўзим ҳам шу ўртада ўйлаб юрган эдим, чунки оданинг сояси йўқлигига тегишли у-бу нарсаларни ўқигандек эдим. Хемингуейнинг бир асарида «Офтоб чарақлаб турмаса, матадорнинг сояси йўқ одамдан фарқи бўлмайди», деб ёзилгани эсимда. Яна қайсидир китобда ўқиганман: франтсуз шоирларидан бири, Малларме бўлса керак, балки Рембодир, ўртоғи билан йўлда кетаётиб, соясига қараган-да: «Ҳозир шу соямни шолчадек юмалоқлаб, қўлтиғимга олсам, нима дейсан?», деган. Шоирлар, биласиз, шунақа теша тегмаган гапларни гапларни топади, буни айтган шоир ҳам соясини юмалоқлаб, қўлтиғига қистирмаган-у, лекин «Сояси йўқ одам«ми, «Соясини йўқотган одам»ми деган достон ёзиб шуҳрат топган экан. Достонни, турган гап, русчага таржима қилинмагани учун, ўқимаганман, франтсузчани эса билмайман. Фақат бир китобда у ҳақда ёзилганига кўзим тушган: камбағалларнинг сояси ориқ, бойларники семиз экани ҳақида айтилган экан, лекин қайси китобда - бу ҳам эсимдан чиқиб кетган, лекин бу маълумот саҳифанинг ўзида эмас, пастидаги «сноска»да эди. Дунёда китобдан кўпи йўқ, қайси бирининг номини ёдингда сақлайсан. Лекин соям йўқолиб қолгандан кейин шу ўқиганларим эсимга тушиб, уйдаги тўрт мингдан ошиқ китобларимнинг ҳаммасини бир бошдан титиб, ўша китобни ахтардим, топилмади. Лекин уларда, бари бир, ҳаётда ҳақиқатан ҳам соясини йўқотган одам ҳақида айтилмаган-ку. Ташбеҳ, ўхшатиш, холос. Меники эса ҳаётда бўляпти, соям ҳақиқатан йўқолиб қолди.
Балки, балки… менинг соямнинг йўқолиши билан ўша шоирнинг соясини йўқотган одам деган достони қандайдир робита бордир? Яъни ўша шоир хаёлида соясини йўқотган одамни ўйлаб топган, бу одам унинг достонида яшаган, бу достонни бир адабиётчи ўқиб, уни китобига киритган, у китобни бошқа адабиётшунос ўқиб, мақоласида тилга олган, бу мақолани яна бошқаси ўз китобидаги «сноска»да эслатган, бунинг китоби ўз навбатида рус тилига таржима қилинган, мен шу таржимани ўқиганман, ўқиётганимда ўша шоирнинг сояси йўқ одами достондан китобга, китобдан мақолага, яна китобга, кейин таржима китобга, ундан менга ўтиб қолган-да, бир неча йилдан кейин менинг соямни йўқотган, яъни ўша сояси йўқ одам ўша шоирнинг хаёлидан, йўқ, достонидаги ботиний шууридан достонни ўқиган адабиётчининг ботиний шуу…ига, ундан бошқасининг, охири таржимоннинг ботиний шуурига, ундан эса менинг ботиний шууримга эмас, ҳаётимга ўтиб қолган. Тўпори ғоявий Мирқосим ака, умуман, китоб ўқимаса-да, шу маънода ҳақ бўлиб чиқади: ўқиганларим менга таъсир ўтказган… Фирт бемаънилик, лекин ҳеч бошқа маънили изоҳ тополмай, миям қайнаб кетади! Бунақа гапларни ҳамкасбларимга айтмайман, чунки соям йўқолгани етмагандек, мени ақлдан озганга чиқаришлари ҳам мумкин.
Шусиз ҳам ўзи ҳаммаси мен билан шуғулланяпти. Соямни яна пайдо қилиш учун комиссия ишлаяпти, мени бир жуда тажрибали профессорга кўрсатишди. Оқсоч, басавлат одам экан, чирт узилиб кетай деб турган кўйлагининг тугмалари тагидан қорнининг жуни ҳам кўриниб туради. Тиззаларимга резинка болғача билан урди, қорачиғимни у ёққа қаранг, энди бу ёққа деб роса текширди, қовоғимни чаппа қилиб кўрди. «Кўп ўқийсизми?», деди. Мен умидланиб: «Ҳа, кўп ўқийман, кўп ўқишдан ҳам соя йўқолиши мумкинми?», дедим. «Э-э, йўғ-а, жиндай толиқиш бор, бошқаси ҳаммаси нормада. Ўқийверинг. Мана, биз ўқиб профессор бўлганмиз, соямиз йўқолмаган-ку», деди. Кейин негадир: «Ичингиз қотмайдими?» деб қолди. «Нима эди?» дедим - ҳар бир саволидан умид қиляпман-да. «Кўп ўтириб китоб ўқиган одамда ич қотиш бўлади», деди профессор бамайлихотир. «Йўқ, менда унақа эмас», дедим. «Та-ак, оилангиздан ҳеч кимнинг сояси йўқолмаганми? Вақтинча бўлса ҳам?». «Йўқ», дедим. «Аждодларингизда-чи?
Бобо, буви, аммо, хола, хуллас, ҳаммасида?», деб сўради. Сал нафсониятимга тегди, «Йўқ, бўлмаган! Мен руҳий касал эмасман-ку, домла!», деган эдим. «Шундай, - профессор жаҳлимга парво ҳам қилмай. - Лекин биз ҳамма томонни сўрашимиз керак». Охир-оқибат, профессор менга ҳеч қанақа ташхис қўя олмади, комиссияга ўзимнинг олдимда: «Бу жуда ноёб ҳодиса, замонавий тиббиётда бу ҳол кўрилмаган ҳам», деди. Буни ўзим ҳам билардим. Лекин комиссия дегани бари бир тадбирлар тузиши ва шу ҳақда ҳисобот бериши керак, бир марта йиғилиш ўтказиб, менга шу тузилган тадбирларни ўқиб бердилар. Асосан, «ўртоқ Фалончи Фалончиевнинг соясини топиш масаласи ҳар тарафлама чуқур ўрганиб чиқилиб, қатъий зора тадбирлар ишлаб чиқилсин», деганга ўхшаган одатий гаплар. Мени ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, меҳнат интизомимни қатий назоратда ушлаш чора-тадбирлари ҳам бор экан. «Ишга шусиз ҳам ўз вақтида келиб-кетаман-ку», дедим. «Энди, ўртоқ, шу модда бўлмаса бўлмайди», деб уқтиришди. »Маъқул», дедим. Фақат энди бечора Зуҳра опа мени пойлайман, ҳар кунги дўкон кезишларидан маҳрум бўлар экан.
Лекин менинг соям йўқолгани бир томондан ишхонадаги меҳнат интизомини яхшилади. Ишхонадаги ҳаёт мен туфайли қизиқ бўлгани боис, ҳамма, янгиликдан қуруқ қолмай деб ишхонага ўз вақтида келади, вақтидан ўтказиб кетади. Ҳатто бошлиғимиз юқоридаги раҳбарлар мени кўргани келиб қолишини ўйлаб, ишхонадан қимирламайди, амали бундан карра кўтарилиб кетгандек, юриш-туришлари ҳам ўзгариб қолган, лекин менга қуюқ муомала қилади, хонамизга ҳам кириб: «Хўш, укам, қалай, ҳали ҳам йўқми?», деб сўрайди, ишдан бўшатишни хаёлига ҳам келтирмайди, аксинча, ҳатто, бир-икки одамдан эшитдим, мен билан фахрланар ҳам эмиш, «Шу йигитни асрашимиз керак, бир хосияти бор», деган эмиш бир жойда. Тўғри-да, мени деб у раҳбар бўлган ишхона оғизга тушди. Тумонат одам келиб кетяпти.
Бошларида одамлардан қочгани жой тополмай юрдим. Кўргани келишгани етмагандек, кун-кунора чойхонага судрайдилар. Буни қаранг, ишхонамиздагилар бошқа жойдаги жўралари билан одамнинг сояси бўлмаслиги мумкинлигидан ошга гаров ўйнаб, турган гап, албатта ютиб чиқади. Авваллари жаҳлим чиқди, лекин ўйлаб кўрсам, ҳамкасбларим мени сояси йўқ деб қатордан чиқариб ташламаяпти-ку. аксинча давраларига оляпти, чойхонага боришнинг нимаси ёмон, ёш мен учун бўлади-ку!
Бориб-бориб кейин ҳаммасига ўргандим, қарангки, кейин одамлар ҳам кўникди: йўқ нарсани томоша қилаверишнинг қизиғи қолмади. Олдинлари қачон соям йўқлигидан гап кетса, Барот ўша ерда бўлар, «Икковимиз Халил мўйловнинг лағмонига кетаётган эдик, бирдан қарасам, бунинг сояси йўқ! Ростдан йўғ-эй! Х,айро-о-он қолдим», деб бошласа, мен қолиб, уни одам ўраб олар эди. Бориб-бориб унинг ҳикояси бойиб, бойиб, ўзига ёд бўлиб кетди, қизиқиб келган одамлар, мени кўргандан кейин албатта, унга ҳам учрар эдилар. Вақт ўтиб, унинг гаплари ҳам зерикарли бўлиб қолди.
Бу орада Машҳурадан умид узиб, институтига бормай юрган эдим, ташвишланиб ўзи келди. «Тинчликми, ё мендан хафамисиз, на телефон қиласиз, на кўриниш берасиз?», деб ўпкалади. Унинг ёш тўлаёзган кўзларига қараб, томоғимга бир нарса тиқилди, ахир, шундай қиздан айрилиш осонми?
— Юринг, кўчага чиқайлик, - дедим видолашув оҳангида.
— Йўқ, шу ерда айтинг, нима бўлди? - деди у охирги гаплашишимиз эканини кўнгли сезиб.
— Бўлди бир нарса, - дедим ўзимни зўрға тутиб. - Кўчада айтаман… кўрсатаман.
Ўзим йўл бошладим, Машҳура эс-ҳуши учиб менга эргашди.
Офтоб чарақлаб турган эди, менинг бахтсизлигимга бутун дунёни нурга тўлдирган, ҳамма нарса ўз тагига соя ташлаётган эди.
— Мана, қаранг! - дедим.
Кўзимга ёш келганидан ўзим Машҳурага қарай олмадим, юзимни тескари бурдим.
— Кўряпман, - деди Машҳура қулоғим тагида.
— Нимани? - дедим, Машҳура билан охирги кўришувим шу эканидан кўнглим идраб.
— Соянгиз йўқлигини! - деди Машҳура.
Бор кучимни тўплаб Машҳурага қарадим, унинг кўзлари кулиб турарди. Юрагим ҳаприқиб кетди.
— Хўш? - деб ғулдирадим.
— Сизники бўлмаса, мана, меники бор-ку!
Машҳура қўлтиғимга кирди-да, иккала қўли билан маҳкам чангаллади.
— Мана, битта соя бўлдик! Етади иккаламизга ҳам!
Бу чарақлаб, оламни ёриштириб турган офтоб остида мендан бахтиёр одам йўқ эди.
Кўп ўтмай тўйимиз бўлди, офтоб чарақлаб тургани қўлтиқлашиб юрамиз, бизга қараган бировнинг «жуда маданий эр-хотин экан» деб ҳаваси келса, бошқа бировининг энсаси қотади, «Ў биродар, маҳкамроқ қўлтиқланг, бўлмаса қочиб кетади!», дейди, мен кулиб Машҳурани маҳкамроқ қўлтиқлайман, икковимизнинг соямиз атиги битта эканини қараганлар билмайди.
Яшаб юрибман. Булутли кунлари бемалол, офтоб чарақлаб турган кунлари кўчада ҳали ҳам бир-да ярим одам соям йўқлигини кўриб, анграйиб қолади, бепарво ўтиб кетавераман. Баъзилари тўхтатиб: «Оғайни, қизиқ, сизнинг соянгиз йўқми ё кўзимга шундай кўриняптими?», деб эринмай сўрайди. «Қўйсангиз-чи? Одамнинг ҳам сояси бўлмайдими? Анави ялпайиб ётган нарса соям бўлмай нима?», деб соям тушиши керак бўлган жойга худди уни кўраётгандек қарайман. Сўраган бечора ўсал бўлиб, ўзининг томидан хавотир олиб қолади. Қизиғ-эй, агар соянгиз бўлмаса ҳам у худди бордек бемалол юрсангиз, кўрган одамлар ҳам ўз кўзига ишонмай, сизни сояси бор деб ўйлар экан. Лекин уч-тўрт киши бирдан соям йўқлигини кўриб қолса, бундай қилиш қийин. Уч-тўрт киши биргаликда «Кўзимизга шундай кўриняпти шекилли», деб айта олмайди, ҳатто улар ҳар би,и ўзича ақлдан озса ҳам биргаликда бирдек ақлли бўлиб қоладилар. «Мана, оғайни, уч-тўрт киши кўриб турибмиз, соянгиз ялпайиб ётгани йўқ, умуман, йўқ», деб туриб оладилар. Менинг ҳам тажрибам ошиб кетган, соям тушиши керак бўлган жойга қарайман-да: «Э-э, тўғри, лекин ўзи бор, ишхонамда. Ҳозир тушликка чиқаётиб, оёққа илашиб халал беради деб, ишхонага ташлаб келдим», дейман. Ҳалигиларни кўрсангиз! Завқим келади: «Рост-да, ерда судралади, хас-хашак илашади, кирланади, уни ювиб берадиган хотин ҳали йўқ, ўзим тозалайман. Соя ўзи қора бўлса ҳам уни тоза тутиш керак, ахир!», дейман. Ўзларининг томошаси чиқади, калима қайтаради ё шоша-пиша чўқиниб қўяди.
Ишқилиб, гоҳ ундай, гоҳ бундай, бемалол яшаб юрибман лекин…
Кўп ўйлайман, менинг соям ростдан ҳам йўқолганми ё бу воқеаларнинг ҳаммасини хаёлимда ўзим ўйлаб топиб, кейин шунга ишониб қолмаганмиканман? Унда ҳалиги ёзувчилар ўша китобларни ёзган-ку, мен уларни ўқиганман-ку, дейман. Шунча нарсани, одамларни, уларнинг мажлисда мени муҳокама қилганларини хаёлимда тўқий олмайман-ку, сояси йўқотган одам бўлсам ҳам шулар билан ишлаб юрибман-ку, райкомда, ундан юқорида ишлайдиганларни, бир гап бордирки, мени кузатишга мажбур қиляпман, улар ғоямни текширмоқдалар, назоратда тутиб турибдилар, дейман.
Битта одам хаёлида шунча нарсани ўйлаб топиб, кейин буни ҳаётга айлантира олмаса керак. Аиниқса шунча китобни. Бутун бошли дунё-ку. Яна Шкловскийнинг китобида бир хитой роҳибининг туш кўргани, тушида капалакка айлангани, уйғонганидан кейин, ўша тушим тушмиди ё ҳозирги ҳаётим капалакнинг кўраётган тушимикан, деб фарқига боролмай қолганини шеъриятнинг чиройли мисоли сифатида тилга олиб ўтилганини ўқиганман. Лекин уники, униси бўлса ҳам, буниси бўлса ҳам, бари бир, туш. Бунақа тушларни бизнинг Барот ҳам кўради - бир куни эрталаб уйидан келди-да: « Қизиғ-эй! Бугун тушимда Ҳаётнинг тушини кўрибман!», деб талмовсиради. Мен Баротнинг шу калласига шундай чиройли ташбеҳ келса-я, деб ҳайрат билан: «Ҳаётнинг туши!», деб юборибман. «Ҳаётнинг тушида мен ҳали ҳам икки яшар бола, кўрпачанинг устида йиғлаб ўтирган эканман. Онам келиб: «Бўлди-да, Баротжон, қулоқдан қулоқ қолмади, деб қўлимга кулча берибди. Кулчага қўлчаларимни узатаётганда уйғониб кетдим», деди Барот. «Э-э, ўғлингни айтяпсанми?», дедим. «Ҳа-да, отини отимга уйқаш қўйганман. Қара-эй, ўзимнинг шундайлигимни туш кўрсам ҳам бошқа гап эди, тушимда, эй, ақлинг етяптими, Ҳаётнинг тушини кўрибман, унинг тушида мен Ҳаётдек ёш боламан, йиғлабман! Қизиғ-а, нега бунақа бўлади?», деди Барот маъюсланиб. Мен индамадим. Инсоннинг кўнгли жуда сезгир, Барот ўзига уйқаш қилиб от қўйган Ҳаётига жуда меҳрибон, ҳатто Ҳаётгинам ухлаганда туш кўрса, тушида ёлғиз қолиб қўрқмасмикан, деб кўп ўйлаган, шунинг учун тушида ўғлининг тушига кириб, унинг ҳолатида ўзини кўрган. Ўзига тушунтирмадим, чунки айтганим билан бари бир тушунмайди.
Нима бўлмасин, Баротники ҳам, хитой роҳибиники ҳам туш. Меники эса эса ҳаёт! Ўнгимда бўляпти. Тушим бўлганда, тушунтириб берардим. Тушунмаяпман ҳам, тушунтириб ҳам беролмайман.

Соям йўқ, лекин яшаб келяпман соямни йўқотган бўлсам-да…
Mualifning boshqa asaralari
1 Almisoqdan qolgan Karim (hikoya) [Ahmad A’zam] 945
2 «Adabiy asar – til hodisasi» [Ahmad A’zam] 917
3 «Адабий асар – тил ҳодисаси» [Ahmad A’zam] 631
4 Bir kam dunyo (novella) [Ahmad A’zam] 703
5 Бир кам дунё (новелла) [Ahmad A’zam] 568
6 Dutor bilan tanbur (hikoya) [Ahmad A’zam] 786
7 Дутор билан танбур (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 656
8 Goʻzallik qirralari (hikoya) [Ahmad A’zam] 759
9 Gul koʻtarib ketayotgan erkak (novella) [Ahmad A’zam] 814
10 Гул кўтариб кетаётган эркак (новелла) [Ahmad A’zam] 537
11 Гўзаллик қирралари (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 540
12 Ҳали ҳаёт бор... (қисса) [Ahmad A’zam] 733
13 Kichik ilmiy xodim Hamdamov (hikoya) [Ahmad A’zam] 749
14 Кетган биров эди (новелла) [Ahmad A’zam] 525
15 Кичик илмий ходим Ҳамдамов (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 497
16 Nima qilib qoʻygan ekanman? (novella) [Ahmad A’zam] 0
17 Noinsof Muso (hikoya) [Ahmad A’zam] 753
18 Нима қилиб қўйган эканман? (новелла) [Ahmad A’zam] 0
19 Ноинсоф Мусо (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 531
20 Odamning olasi (hikoya) [Ahmad A’zam] 949
21 Odamoviga uchyoqlama qarash (novella) [Ahmad A’zam] 604
22 Oyimning garashalari (matn) [Ahmad A’zam] 616
23 Oyning gardishi (hikoya) [Ahmad A’zam] 854
24 Одамнинг оласи (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 547
25 Одамовига учёқлама қараш (новелла) [Ahmad A’zam] 508
26 Ойимнинг гарашалари (матн) [Ahmad A’zam] 512
27 Ойнинг гардиши (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 520
28 Qatagʻon yili (hikoya) [Ahmad A’zam] 716
29 Qulf tili (novella) [Ahmad A’zam] 1019
30 Қатағон йили (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 499
31 Қулф тили (новелла) [Ahmad A’zam] 533
32 Soyasini yoʻqotgan odam (hikoya) [Ahmad A’zam] 1138
33 Tiqin (hikoya) [Ahmad A’zam] 583
34 Tugmachagul (novella) [Ahmad A’zam] 869
35 Тиқин (ҳикоя) [Ahmad A’zam] 589
36 Тугмачагул (новелла) [Ahmad A’zam] 548
37 Vatan haqida yozishga kuchim yetmagan s... [Ahmad A’zam] 772
38 Ватан ҳақида ёзишга кучим етмаган шеъри... [Ahmad A’zam] 569
39 Oʻzim bilan oʻzim (novella) [Ahmad A’zam] 757
40 Ўзи уйланмаган совчи (роман) [Ahmad A’zam] 1018
41 Ўзим билан ўзим (новелла) [Ahmad A’zam] 644
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика