Тугмачагул (новелла) [Ahmad A’zam] |
Мени маст қилади қирқ йил наридан Китобинг қатига қистирилган гул...Муҳаммад Раҳмон Уни кўрдим. Бекатда, йўқ, бекатнинг орқасидаги дўкон олдида. Дўконнинг у ёғида АЁҚШ бўлар эди, бензин олай деб тўхтасам, бузилиб кетибди, машинамга қайтиб энди ўтираман деганимда у чиқиб қолди. Аввалига нимасидир кўзимга иссиқ босилди, нимасидир қадрдон, кейин менга бир қараб, қошини сал чимирган эди, шу замони танидим. Ҳа, ўша эски қошлардан ҳам нимадир қолган. Айтганча, сўғин билдим, сувоғи мармар увоқ шу дўкон ҳам ўзиники экан. Харидор йўқ, ичкарида зиқланиб, ҳаво олай деб чиққанда мен бориб қолибман. Тўғри келганини! Бўлмаса, ким билади, яна қанча кўришмас эдик. Кўрсам деб юрганимга кўп йиллар бўлиб кетган. Куз. Хазонлар яккам-дуккам эринчоқ тўкиляпти, ерда ётганлари ўтган катта юк машиналари эпкинига тўс-тўполон кўтариб эргашади. Ҳаво бурқиб турибди-ю, унча совуқ эмас, изғирини йўқ, аммо дўкон ичи изғорроқ шекилли, у катта-катта ангор гулли, қалин жун камзул кийиб, устидан белига тивит рўмол ҳам бойлаб, ҳурпайиб олган. Худди полвонларга ўхшаб. Ўзи ҳам полвондек хотин бўлиб кетибди. Ҳа энди, шунча йил қизлигича турмайди-ку. Лекин унинг олдида ёшлигимни туйдим: елкам ҳали чўкмаган, эгнимда шинам костюм, машинада шунча йўл босиб келаётганимга қарамай, дазмоли ўлмаган, ҳозиргина дўкондан олиб кийилгандек, албатта, чиройли галстук. Сал олифталигим ҳам бор, танлаб кияман. Ўртасидан катта йўл кесган бир қишлоқ, ҳурпайиб турган бу аёл олдида ёшимга нисбатан анча ёш кўринаман. Унинг қизлигидан ўша эски қоши, ҳа, кейин, одамга қарамай куйдирадиган кўзи қолибди. Тавба, ка-атта хотин-эй, ўзига сал-пал қарамаган экан-да, а? Илгари қандай ёш эди, қандай эди-я Ҳабиба! Ўзининг асли қандайлиги хотирамда унча эмас, лекин ўйларим, сурган хаёлларимда жуда нозик, йўқ-йўқ, озғин эмас, нафис-нозик, сал қаттиқ гапга ҳам эгилиб кетадиган хивичга ўхшар эди. Кейин, қарғашойи кўйлак, зангори камзулчада, юзини тирсаги билан ёпиб йиғлаб қолгани ҳалигача кўз олдимда: биринчи синфда, нимадир дарсми, бадантарбиямиди, ишқилиб, қўл ушлашиб давра қуриб турган эдик, бир вақти қарасак, йиғлаяпти. Қўл кўтариб жавоб сўрай деса, икки қўлидан ҳам Маҳкам билан Аваз қаттиқ ушлаб, билмаган-да, қўйвормаган. Товуш чиқариб сўрашга ийманган, охири, ноилож, уятдан изиллаб йиғлашга тушган. Нафиса муаллим – бошланғич синф ўқитувчимиз, жуда меҳрибон татар кампир, унинг бошини силаб овутди, ўпиб қўйди, кейин Баҳорни ҳам қўшиб, уйига жавоб бериб юборди. Маҳкам билан Авазни эса: «Унга эмас, сизларга айб. Қиз бечорани қийнаб қўйибсизлар», деб койиди. Ўшанда болаларга қўшилиб кулмаган бўлсам керак, чунки жуда ичим ачиган. Ҳабиба ўшандан бери кўз олдимда ёмғир тагида қолган тугмачагул бўлиб кўринади. Асли ўзи тугмачагул нималигини билмайман, кўрмаганман ҳам, лекин Ҳабиба десам, кўз олдимга тугмачагул бўлиб келаверади. Ёмғир тагида қолган. Албатта, ўша йиғлагани ҳам қўшилиб. Унда Ҳабиба билан гаплашар эдик. Кейин... тўққиз йил гапиришмадик. Иккинчи синфдан, ҳар куни бирга дарс ўқиб, бир-биримизни кўриб, бари бир, мутлоқ гаплашмай кетганмиз. Аввалига, болалик, уришли эдик, каттариб, синфдан синфга кўчган са-йин уришлигимиз паст синфларнинг ҳаммасига афсона бўлиб, энди ярашсак, бу ҳам янги бир гапга айланар эди. Лекин у, қасам ичгандек, қаттиқ туриб олди. Мен, эҳ-ҳе, бола бошимда нима жабрлар тортмадим! Қандай ахир, мендан бошқа ҳамма билан иноқ, салом-алик қилади, сўрашади, лекин гўё мени танимайди, мени кўрмайди, унга йўқман. Қанчалар уринмадим, нима йўллар ахтармадим, баҳоналар ўйлаб топдим – барчаси бефойда. Тилимизга муҳр босилган-қолган. Мактабни шундай битирдик, бирга университетга ҳам кирдик. Шанба куни тушдан кейин қишлоққа, якшанба куни шу вақтлари яна шаҳарга қайтишда бекатларда дуч бўлиб, бошни ирғаб қўядигандек бўлдик. Ниҳоят! Балки, билмадим, энди бола бўлмадик, ҳар ҳафта кўз-кўзга тушади, яна ҳам уришли юриш эриш туюлгандир, сал юмшаганга ўхшар эди. Шунда ҳам фақат мен луқма ташлайман, у бир-икки оғиз сўз қотса-қотади, бу ҳам зўрға ҳушига келса: «Ҳа, қалай, ўқишлар?» – «Ҳа, энди, математика-да». – «Бизда ҳам бош қашлашга қўл тегмаяпти». Бирдан гап тугаб қолади, унинг қошига тугунча тушади, мени биров кўкрагимдан куч билан итариб ташлайди. Буни ҳам аниқ эслолмайман, балки шундай гаплашамиз деб тасаввур қилгандирман. Уни шу қадар кўп ўйлар эдимки, ҳозир хотирамда рост билан хаёл аралашиб кетган. Кейин, тўққиз йил гаплашмагандан кейин нима гап ҳам қолади ўзи? У матфакка кирган, мен эса – филфакка. Улар бош корпусда ўқийди, биз хиёбоннинг бу чеккаси, бир чақиримча берида. Олдига бориб юрдим. Ўйласам бўлди, оёғим ўз-ўзидан ўша ёққа тортади. Дарси бошқа аудиторияга кўчса, долонда, тугаса, йўлкада туриб кутаман, у менга узоқдан бир чимириладию кейин кўрмасликка олиб, бошини эгиб ёнимдан ўтиб кетаверади. Кўзимни узмайман, юзи инжилиб, ёнидаги курсдош дугонасига тез-тез гапирганидан, қарамаса ҳам кўриб келаётганини, олдига борсам, атай индамай ўтиб кетишини билиб, ичим тутаб қайтавераман. Баъзан шуурсиз бир илинж билан эргашаман. У бош корпусдан чиқиб, тўртинчи троллейбусни кутади. Мен ҳам шу бекатда, орамиз бир қадам, аммо иккита бегонамиз, гўё у мени танимайди, мен уни. Бўлмаса, кеча қишлоқда бекатга чиққанда салом берсам, бошини қимирлатгандек бўлувди. Шунга умид билан келган эдим. Икки оғиз гаплашса нима қилади, а? Ўзи қийналмайдими, а, битта одамни шунча азобга қўйганидан? Ҳеч бўлмаса, нимага орқамдан эргашасан, тинч қўясанми-йўқми, деб жеркиб ташла. Йў-ўқ, жим. Ипсиз боғлаб қўйган. Тураверамиз. Ниҳоят, троллейбус кўринади, уники, фақат унга келади, ичи тўла одам, лекин чиқишга менинг ҳаққим йўқ! Шунча йигиту қиз бемалол гаплашиб юрибди, автобусу троллейбусларда бирга ўтиради, гурунг қуради, ҳазиллашади, шарақлаб кулишади; биров бировни еб қўйгани ё опқочиб кетаётгани йўқ-ку! Ўзим ҳам курсдошларим орасида шундайман, қизлар мен билан очилиб-сочилади. Бир-иккита шаддодлари бор, ўткизиб ҳам қўяди. «Университетни битирсангиз, мени оласиз-а?», дейди, масалан, Саодат; «Менга етиб олинг, «уч»ингиз бор», дейман; «Вой, ноз қилишларини! Аввал тош-пош кўтариб, сал чиниқинг, шу ҳолингизда ким ҳам тегар эди», дейди қиз тушмагур. «Мен, мен тегаман», деб ҳазилга қўшилади Гуландом. Саодат дарров унинг гапини қайтаради: «Бу сиздан икки ёш кичкина, тўғри келмайди. Мени олади», дейди. «Ўзим кўтариб катта қилиб оламан», дейди Гуландом. «Чимилдиқда кучи етмай, думалаб тушади», деб яна тегишади Саодат, худди мени унга бергиси йўқдек. Қизариб қоламан, «Бўйим ҳали ҳам ўсиб қолди-ку», дейман бошқа гап топа олмай. Саодат сакраб туриб, мени ҳам ўтиргани қўймайди. Бўйини бўйимга ўлчаб, кейин бошини елкамга қўяди-да: «Тўғри-эй, уйланадиган бўпқопти», дейди. Бунақа гапларни жиддий олмайман-у, лекин қизларга яқинлашиб бораётганимни биламан. Домла киргунча беш-олти дақиқани кулишиб ўтказамиз. Булар қандай ажойиб, зерикмаймиз. Бирга дарс қиламиз, шаҳар айлангани чиқамиз, кинога тушамиз, музқаймоқ еймиз, хуллас, ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул. Бир-иккитаси билан маърузаларда кўз уриштириб ўтираман. Бу ҳам қизиқ: ҳозиргина танаффусда гаплашиб турган эдик, энди нимага ҳали танишмагандек кўз остидан қарайман, яна кўнглимда бир нималар уйғонади – ўзим ҳайрон. Боя тўғри кўнгилда гап ташлаган улар ҳам ширин сузилади. Кўнгил сирларини менга очадиган қизлар ҳам бор. Ҳа, мактабдан севишиб келади, ошиғи бошқа факултетда. Ўғилой деганимизнинг йигити эса Тошкентда. У пайтлари қўл телефони деган нарсалар йўқ, бошқа шаҳар билан фақат «переговорний пункт» орқали гаплашилади. Ўғилой ярим кечалари Собити билан гаплашгани мени қўриқчи қилиб олиб кетади. Йўлда кўрганлар йигити деб ўйласин деб, қўлтиғимдан қўйиб юбормайди, боргунимизча ҳам, келгунимизча ҳам Собитининг гапи, кўнгли ранжиса, кўзёшини менга тўкади. Бегона йигитнинг дарди юки елкамга тушгани анча малол келади, лекин шундай қизлар менга суянгани, уларнинг кўнгил дўстига айланганим ёқади ҳам. Қизларимиз билан шундайман. Лекин нимага Ҳабиба бунақа акс? Худди ёввойидек. Муомаласи нимага фақат менга шундай? Бирон жойим айбми? Шунча тегишганимиз билан Саодат тегадигану мен оладиган бўлиб, шаппа ёпишмаяпман-ку. Шундайман-у, ўзим унча бетаъсир эмасман: Саодат чиройли, кўкраклари тўла, бели эса ингичка, одамнинг қучоқлагиси келади, лекин Ҳабиба қўймайди, ўртада туриб олади. Ўғилой Собитидан хафа бўлиб йиғлаганида ичим ачиб, кўзёшини артиб, юзини силаб қўйишни истайман жуда, аммо яна Ҳабиба, ёнимдан кетмайди, ўзи томонга тортаверади. Ҳабибанинг ўзи олдида ҳам кўкрагимни тў-ўлдириб, бемалол нафас олгим келади, ахир. Гапимга жавоб берсин, йўқ, десин майли, розиман. Ахир, ўн йил бирга ўқидик. Дим-дим ўйнашимизни наридан кўриб турганлар мени нима деб ўйлайди? Кейин шунчаки ундан-бундан, боғдан-тоғдан гаплашиб юраверсин, менга етади шу. Лекин шу ҳам йўқ! Ситам, ситам! Бўғилиб, уҳ-уҳ, бўғриқиб кетаман. Шанба кунлари дарсдан чиқа автобус бекатига чопамиз. Охирги рейси соат уч-тўртларга қўйилган ўттиз олтинчи автобус. Қишлоқдан ўқийдиганнинг ҳаммаси қайтади. Яна эрталаб келиб, бозорини қилиб, энди уйига ошиқаётганлар ҳам тумонат. Ҳафта бўйи зориқиб кутганман: Ҳабиба ҳам албатта келади. Лекин одам! Бўл-ҳа-бўл, итар-итар! Қолиб кетмасам деб юрак така-пука. Шунча оломон «Пазик» деган чоққина автобусга қандай сиғади дейсизми? Лекин сиғади-эй, битта ҳам одам қолмайди, «безразмерний». Аммо ичида қиёмат – аёлу эркак, йигиту қиз бир-бирига қапишиб кетган, қайнаган, қий-чув: «Бетинг қурсин, нарироқ тур!» – «Атай қиляпманми? Орқамдан итаришяпти-да.» – «Ҳай, инсоф борми, инсоф?!» – «Уйга ҳам шунақа бигиз ўкча кийиб борадими? Оёқни тешиб юбордингиз-ку!» – «Ҳай-ҳай, бир кунга ҳўкиз ўлмас, икки кунга эгаси бермас. Кўнгил кенг бўлси-ин.» – «Дипломни ҳўкиз деб бермайди.» – «Э-э, ҳайданг! Резинка эмас, автобус-ку бу.» – «Вой, чаккимни эздинг.» – «Сотолмаганингизни ташлаб келмайсизми, хола? Нима қиласиз сувини шўрғалатиб?» – «Э, эртага нимани сотаман? Мен ҳам пулга олганман буни.» – «Ачиб қолмайдими? Нимага елкам ҳўл десам, чаккингиздан экан-да.» – «Шанба куни ҳам чакки сотади-эй!» – «Босма-эй! Болаларимни сен боқиб берасанми?». Бор алам чаккидан олинади, бир муддат чаккифуруш Анзират хола янилиб, ниҳоят автобус биқинини дўмпайтириб жойидан жилади, яна тўхтайди, ҳайдовчининг ўзи тушиб, осилиб қолганларни ичкарига итаради, сурил-сурилдан кейин эшикнинг букламаси чала ростланиб, автобус яна юради, шу билан чуввос босилади. Бир оз ҳаво киради, автобуснинг ичи ҳам сал кенгайгандек. Бақир-чақирни шу одамлар қилдими-эй, деб ажабланасан. Ҳали сур-ҳо-сурилда зўрлигини кўрсатган шоввозлар энди юзини буриб олади. Бир хил йигитларнинг эса кўзи чиройли-чиройли қизларнинг чеҳрасига ёпишиб қолган. Гапирмайди ҳам, нигоҳини ҳам узмайди. Боя чиқолмай қолиш ваҳимаси қизларга қарашга қўймаган. Қизлар ҳам буни тушунади, шунинг учун ҳеч бири ҳамқишлоқ ё ошиқ йигитига, менга қарашмадинг-ку, деб таъна қилмайди. Ҳабиба албатта бошқа эшикдан чиққан, у мен бор эшикка йўламайди. Бемалол туриб олдими экан деб изланаман. Автобус охирги манзилигача йўловчиларни гала-гала тўкиб боради. Якшанба куни худди шу тартибда териб келади. Олтита қишлоқдан одам олиб, ичи тўла, бизнинг бекатда тўхташи муаммо, лекин кейин бошқа улов йўқ, қоидаси ҳам шунақа, тўхтайди. Ҳозиргина ҳазил-ҳузул қилиб турганлар бирдан бегоналашиб, автобусга ташланади. Яна итар-итар, «Озгина сурилинг!» – «Э-э, мунча! Қаёққа тиқиласизлар?» – «Ҳа, томига чиқайликми? Сал силжинглар!» – «Одамлар фақат ўзини ўйлайди-эй. Нимага бунақа, а?» – «Ўзи жойлашиб олган-да, гапини қаранг: чиқма, эмиш!» – «Э-э, чакки сотгани эмас, ўқишга боряпмиз-ку». – «Мунча жониқасизлар? Бошқаси келиб қолар». Агар олдин чиқиб, ўтириб олган бўлсангиз, томошаси зўр. Шунақа. Автобусга ташланган ачавотда, – ўзинг учун ўл, етим, – мен ҳам Ҳабибани кўрмай қўяман. Қўлидаги юки кичкина, ўзи амаллаб илинади. Бу ҳам охирги рейс. Айтдим-ку, қизу йигит – ҳеч бирови дар қолмайди. Яна йўл бўйи қарасам ҳам, қарамасам ҳам кўнгил кўзим унда. У бошини буриб олади, мен томонга кўз ҳам ташламайди. Шу автобусда, ўзи билан бирга кетаётганимни сезиб турганини кўриб, бошқа қизларни кўрмайман, тиришаман, менга ҳаво етмайди. Бошқа чорам йўқ, унинг дийдори фақат шу вағир-вуғур, тиқилинч ўттиз олтинчида! Қишлоқ билан шаҳар оралиғи эса атиги бир соатча йўл. Ўртамизни бошқа одамлар тўсиб олган. Шаҳардан келишда ўнтадан ошиқроқ талаба тушамиз. Ҳамма уй-уйига тарқалади. Шунчанинг орасида унга қандай гапираман? Баҳона қилай десам, кўтаришадиган нарсаси йўқ. Битта қишлоқда бир-биримиздан шунчалар узоқмизки! Товушимни чиқармай додлаб юраман. Бу йилига чидамадим. «Қор ёғар паға-паға» – очиқ ёқамдан кўкрагимга муздек тегиб эригани эсимда. Қизиб, ёниб кетган эканман. Йў-ўқ, эгним қалин эмас, аксинча, нимдошгина. Биласиз, у пайтлари биз қалин ичкийим нималигини билмас, тизза бўйи қорда ҳам битта кўйлакнинг устидан костюм-шим, юпқа қатирлоқ ёмғирпўшда ҳу-ҳулаб юраверар эдик. Бошда ҳеч нарса йўқ, дўконларда, топилса, фақат оддий аскар киядиган қўсқи телпак, уни кийгани уяламиз, шаҳарда кўргазма ойнасига гардиши қозондек кепка осиб қўйиладиган тикиш устахоналари анча, лекин бунақасини фақат армани билан жуҳуд, кейин безорилар кияди деб, биз олмаймиз. Замҳарирда сочимиз тикрайиб, бурун кўкариб, сўрраяди. Дарсга кираётганда сочнинг қорини силкиб тушириш ҳам бир мартаба. Қизиқ, совуқ ўтмайди, шамоллаш ё бизни, ё биз уни писандга илмаймиз. Ётоқхона фақат бошқа вилоятлик талабаларга берилади, туманлардан келганлар, қизлар сал истисно, ҳаммаси кўрпакўтарди ижарадор. Э-э тавба, печкада газета ёқса ҳам уй исийдими? Лекин мисоли исигандек, қўлни куҳлаб, жунжиб дарс қилиб ўтираверамиз, фақат оёқ музлайди. Ётишда кўрпанинг ичига кириб олсак, марра бизники – бари бир, тонг отади! Шундай кунларнинг бирида, ҳаводан ҳам юрагим сиқилган, жуда бўлмай кетди, шашт билан Ҳабибанинг олдига жўнадим. Бош корпуснинг олдида дарсдан чиқишини бесабр пойлаганда айланиб қор ёғаётганини сезмабман ҳам. Тўртинчи троллейбусни ҳамишагидек индамай бирга кутдик. Олдига бориб, туриб олдим, қарашга юрагим дов бермайди. Ундан садо йўқ. Худди кўнгли-пўнгли йўқ жонсиз бир нарса, қаққайиб турибман. «Эй, хира, мунча илакишдинг, йўқол нари!» деса ҳам гўрга эди, ишқилиб, товушини эшитсам. Йўқ, бу юриш бўлмайди, одамман-ку мен ҳам, ахир! Айтаман, айнан шу троллейбусида айтаман! Ҳамма чиқади, менга ҳам мумкин, директор отасининг моли эмас бу. Бола бошимдан ҳасрат, рўшнолик кўрмайман! Кундузи ичимга ютган дардларим кечалар қоронғусида хаёл бўлиб отилиб чиқади: Ҳабиба билан гаплашаман! – Ҳабиба ҳам очилиб сўз очади, шунгача ўзи қийналиб юрган! – Тараша қотган кўнглимнинг тиришлари ёйилади, тортган азоб-ларимнинг баҳридан ўтиб, уни кечираман! – Иккаламиз қўл ушлашиб, ширин суҳбатлар қурамиз, кейин қаҳратон қиш эканига қарамай, қишлоғимизнинг қийғоч гуллаган боғларида қувлашмачоқ ўйнаймиз, етиб олиб, уни тутаман, нима қилишни билмай, яна қўйиб юбораман, алла-паллагача қувлайман, шу қувлаб-қувлаб уйқуга кетиб қоламан. Эрталаб дарсга борсам, ярим оқшомгача мен билан суҳбатлашган Ҳабиба яна талқон ютган бўлади, унга қараб ўзим ҳам гунг, лекин ичим тўла ингроқ. Ингроқ кўкрагимга қамалиб қолган. Онда-сонда ҳа-ҳу деб қўйганимизни айтмаса, талабалигимизда ҳам аҳвол ўшандай. Одамлар орасида сал-пал ғудинглашгандек бўламиз, иккаламиз бақамти қолсак, қошини бир чимиради, дунёни қоронғи босади жимлигидан. Майли, мактаб, кичкина эканмиз, энди қишлоқдан чиқиб, улғайганимиздан кейин ҳам нимаси бу? Ор қиладиган жойим қолмади шекилли. Хў-ўп, мактабда бўйим учун сафнинг охирроғидан жой тегарди, ўнинчи синфгача ҳам ўсмадим, юзларим ажин, ҳа, кўримсизроқ, ундан ҳам тўғриси, кўримсиз эдим. Лекин нимага? Касал эмас, ишлаб чарчамас, еб тўймас эдим, нимага туршакдек мужмайиб юрганман? Дардим ичимга уриб кетган, ҳа, кичкина бошимга катта юк тушган. Мудом мусибат остида қолиб кетганман. Ўн йил, йўқ, жами тарих ўн бир йил экан. Булунғурда чўмилиб, кейин арава ғилдираги ийлаган тизза бўйи билқ-билқ тупроққа кўмилиб ётганимизда ким кимни олишидан бошланган. Унча эслолмайман, шу ёшда турси киярмидик ё тўйиб чўмилиб чиқиб офтобга тобланганда, уят жойларимизга тупроқ тортиб олар эдикми, ишқилиб, ўша кичкиналигимда Ҳабибани деганман. Бу гап, албатта, ётмаган, унга ҳам етган. Биринчи синфда, яхши, қалин эдик, ҳали ўқишни унча яхши билмасак-да, Ҳабиба менга «Менинг тўрт оёқли дўстларим» деган расмли китобини берган. Орамизни Раззоқ бузмоқчи бўлди. Бир куни у билан Ҳабибанинг устида айтишиб қолдим. У Ҳабибани олишимни билса ҳам, «Ҳабибани мен оламан», деди. «Мен олдин айтганман. Ҳабиба меники», дедим. Раззоқ мени урмоқчи бўлган эди, Вафоқул ёнимни олди, «Мен ҳам сен билан уришаман», деди. «Э-э, жинни, ҳамсоямиз-ку», деди Раззоқ. «Ҳамсоямиз, лекин бунга жўраман», деди Вафоқул. Раззоқ мендан, Вафоқул Раззоқдан кучлироқ эди. Раззоқ: «Кўрасан – бари бир, мен оламан», деди, лекин ўзини сал нари тортди. «Олмайсан. Ҳабибани Акбар оламан, деб олдин айтган», деди Вафоқул. «Отаси – амаким, бунингга бермайди, менга беради», деб туриб олди Раззоқ. «Йўқ! – деди Вафоқул қатъий қилиб. – Олдин айтгани учун, бари бир, Акбар олади. Номардлик қилолмайсан». Раззоқ менга: «Ҳали қараб тур, кўзингга кўрсатаман!» деб кетиб қолди. Кейин анча ўйлаб юрдим, Раззоқ нимани кўрсатар экан деб. Бирон шумлиги бор унинг. Ё пойлаб юриб, кетимга бигиз тиқиб олармикан? Мухлиса опанинг тўйида Самад ака куёвнинг кетига бигиз тиқиб олгани роса гап бўлган. Кейин биз кичкиналарга дўқ уриш бўлиб ўтган. Уришиб қолсак, «Қараб тур, кетингга бигиз тиқиб олмасамми!» деб қўрқитар эдик. Аваз деганимиз ҳатто бозор куни этикдўздан бигиз ўғирлаб олган, учини нинадек ўткирлаган, энди сал гапга ўқталавериб бало бўлган эди. Самад ака лабида майиздек дона холи бор Мухлиса опани оламан деб юрган экан, ўзига айтмаганми ё айтса ҳам, Мухлиса опа унга тегмайман, деганми, бизлар билмаймиз, ишқилиб, Мухлиса опани Пахтазовут деган жойга узатиб юборишди. Куёвжўралар келиннинг уйига кираётганда, куёв остонага тўшалган пояндозни энди босаман деб, теградаги йигитлар торт-а-тортга шай талотўпда зинкайиб яқин борган Самад ака куёвнинг думбасига ғиртиллатиб бигиз тиққан. Куёв вуй-вуйлаб ўзини ичкарига урган. Тўй бузилишига сал қолган. Куёв бир ҳафтача оқсаб юриб, кейин тузалган, лекин тўйнинг эртаси куни анча мазаси қочиб, анави ишини қилолмаган дейишади. Бу шумлик кимдан чиққанини тўс-тўполонда ҳеч ким кўрмаган, кўрганлар айтмайди ҳам, ҳу кейинроқ, Мухлиса опанинг қўлдан кетгани аламига Самад аканинг ўзи: «Ҳаммасидан ҳам холи хор кетди-да. Лекин мен ҳам қараб турмадим, бопладим», деб мақтанган. Мухлиса опанинг холи ўзи билан кетган-ку, нимага хор бўлади, бунга ақлимиз етмайди. Ҳабибанинг холи йўқ, лекин бўладиган тўйимизда, тўйимиз муқаррар, албатта, Раззоқ менга бигиз тиқиб олса ҳам товушимни чиқармайман. Ўткир бигиздан учи курт бигиз йириб-йиртиб ёмон киришини кўп гапирамиз, мен бунисига ҳам чидайман. Ишқилиб, Ҳабиба менга тегса бас! Фақат кетимга шимимнинг ичидан тунуками, фанер тахтами кесиб қўйиб оламан, Раззоқнинг бигизи ўтмайди. Лекин Раззоқ бигиздан баттар ёмонликни ўйлаган экан. Тинчгина дарс ўтаётган эдик, ҳеч бир алоқаси йўқ жойда «Майлими?», деб қўлини кўтарди. Нафиса муаллим гапидан тўхтаб: «Ҳа, ташқарига чиқасанми? Майли, лекин тез қайт», деб рухсат берди. Раззоқ эса тўрсайиб турди-да, кейин бирдан, томдан тараша тушгандек: «Акбар Ҳабибани оламан, деди», деса! Ҳа, пақ этиб шу гапни қў-ўйиб юборди хонасаллот. Кейин яна безрайиб тураверди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Мен қўрқувдан тош қотдим. Нафиса муаллим эса Раззоққа: «Ҳа, бўпти, ўтир», деди-да, дарсни бепарво гапириб келиб, ёнимда тўхтади, бошимга қўлини қўйди, қулоғимга эгилиб: «Жўраев сенга қизи тугул, б...ни ҳам бермайди», деб шивирлади-да, ҳеч гап бўлмагандек ўтиб кетаверди. Бирдан бўйнимни қисиб қолибман. Ёмон уялдим. Ҳабиба томонга қарашга юрак ҳам йўқ. Бу дарсда Раззоққа: «Ўл, шимпанзе! Кўрасан ҳали!», деб пўписа қилдим. «Ма-аллим, қаранг, нима деяпти», деб зорланди Раззоқ. «Сен уни орангутанг, де, – деди Хатира опа. – Шунда икковинг ҳам маймун бўласан». «Майли – мен орангутанг, сен шимпанзе – жазосига орқанг қизил», деб Раззоқни майна қилдим. Ҳабиба берган китобда шимпанзенинг расмини кўрганман-да. Раззоқ яна безрайди, гап тополмади, у шимпанзе қанақа маймунлигини ҳам билмайди. Лекин ўзимнинг юрагим така-пука. Энди дарсдан кейин катта танаффус. Ҳабибанинг отаси – директоримиз Жўраевнинг ким қанақа маймун экани билан иши йўқ. Унга маймун – ўзим. Катта танаффус келса, линейкани ўзи ўтказиб, менга: «Қани, маймунбой. Олдинга бир қадам чиқинг-чи», дейди. Ув-в, ана, кейин бошланади: «Манави бола, ҳали ўзи мишиғини артолмайди, лекин Жўраева Ҳабибани оламан депти. Мен қизимни шунақа оғзи бузуқ мишиқига бераманми? Асло! Уят, шармандалик. Ҳайф бунга!» Директоримиз шунақа гапларни кўп гапиради, бир нарсани тутиб олса, қўймайди. Бир марта Аваз билан Раззоқ ёнғоқ ўйнаётган, мен бир чеккада қизиқиб қараб турган эдим, шуни кўрган экан, колхоз радиоузелидан менга тўнкаб гапирган, «Эшоннинг ўғли қимор ўйнаяпти-эй, қиморвоз бўлиб кетибди!», деб. Бунга эшоннинг ўғли эканимнинг нима алоқаси бор? Кейин Раззоқ ҳам эшонбоболардан, нимага уни айтмайди? Яна бир марта рамазонга чиқишимизни пойлаган экан, «ҳофиз»имиз Вафоқул эди, мен, Аваз, Маҳкам, яна биров, жўрлик қилганмиз. Ҳа, энди бу ҳам бир ўйин эди-да, ё эса чолу кампир саксонга чиққан Шодиқул бобо билан етмишдан ошган Сафия момонинг дарвозасига бориб: «Худойим қўчқордай ўғил берсин бешигингизга!» деб бақирамизми? Момо ҳам зўр экан, «Ҳа, илоё, айтганларинг келсин! Фақат чувур-чувурни нарироқда қилинглар, бобонгиз пинакка кетган эди», деб тўртта беш тийинлик танга чиқариб берган. Ўша куни завқимиз келиб ярим оқшомгача рамазон айтганмиз. Лекин эртаси куни Жўраев ашулахонлигимизни фақат менинг бурнимдан чиқарган. Линейка ўтказиб, «Қани Абдуллаев, олдинга чиқ», деди. Мен чиқдим. Битта мен, бошқаларни тилга ҳам олмади. «Мана, таниб олинглар – тиланчи! Эшоннинг ўғли эшикма-эшик гадойчилик қилиб юрибди. Ҳамманг кўр гадойни! Ҳайф шунча тарбия! Уят, шармандалик! Яна «аъло»чи ўқувчи эмиш.» – Жўраевнинг ҳусумати бор, бўлмаса, нимага фақат менга ёпишиб олади? Ҳалиги Ҳабиба ҳақидаги гапимни эшитган бўлса керак дейман. Ишқилиб, топиб олгани мен-да. Ҳабибанинг шунча азоб бергани етмагандай, отасининг ҳам кун бермагани. Лекин бу гаплар кейин бўлган. Эсимга тушиб қолди-да, шунга айтяпман. Ҳаммаси Раззоқнинг сотқинлигидан бошланди-да ўзи. Ўшанда директоримиз албатта ҳайдайди деб ишонганман. Линейкада олдинга чиқариб: «Орамизда бунақа тарбиясиз болаларга ўрин йўқ» дейди, вассалом! Шу ернинг ўзида, мактаб ҳовлисида жилдимни қўлтиғимга қистиришади, бошим эгик, кўзимда ёш, синфимга қайтиб кирмай, уйга кетаман. Синфдошларимдан айриламан, Ҳабибани энди кўрмайман, мен – ёмон болани бошқа қишлоқлардаги мактабларга ҳам олмайдилар, бошимни олиб Мирзачўл деган бўрилари кўп, шоғоллари ҳам болаларга тегинадиган, ажиналари тиқилиб ётган овлоқ чўлларга улоқиб кетаман. Кейин, албатта, Ҳабиба мени сўроқлайди, излаттиради, лекин кеч, мен қайтиб келмайман. Ўша ёқда мактаб директори, йўқ, ундан ҳам зўр – колхоз раисининг жуда чиройли қизи, мени ол, мени ол, деб орқамдан эргашиб юради. Ҳабибани деб куйиб-куйиб, охири, аламига колхоз раисининг ўша жуда чиройли қизини оламан. Э, ҳа, қишлоққа келмасак бўлмас экан, келамиз: ўша жуда чиройли қизни олганимни Ҳабиба кўрсин-да. Бирга келамиз, «Победа»да, ўзим ҳайдайман. Шафтоли рангида, яп-янги. Якшанба куни бозорга тушамиз. Қосим налўгчи ўтирадиган дарвозанинг тўғрисига «Победа»ни қўйиб қўйиб, қўл ушлашиб бозор айланамиз. Жуда чиройли қиз елкамга суянган, мен, чап қўлим унинг белида, кинода кўрганман-да шунақа юрганларни, ўнг қўлим билан чўнтагимдан бели синмаган янги бир сўмликни чиқариб, Каромат холага узатаман. Каромат хола менда шунча пул борлигига эси оғиб қарайди. Э-э, йўқ, бир сўмликка қойил қолиши унча тўғри эмас, уч сўмлик, яхшиси, беш сўмлик бўлсин. Ўн сўмлик яна ҳам зўр-у, лекин ўзимники эканига ишонмайди, отасининг пулидан ўғирлаган деб ўйлайди. Мен индамай иккита бармоғимни айри қиламан: икки стакан, ўн тийинлик қилиб! Каромат хола чўнтагимизга тў-ўлдириб бир стакандан солиб қўяди. Лекин қайтимига пули етмайди. Мен, майли, қўяверинг, сизга совға, деб қўл силтайман. Каромат хола: «Илоё, тупроқ олсанг, олтин бўлсин!» деб дуо қилади. Ўйлаб қоламан: беш сўмнинг қайтими кўп, ҳа, ниҳоятда кўп қолади, шунча пулни битта кампирни ҳайрон қилишга кеткизгандан кўра, ўзимда тургани яхши, ўша бели синмаган бир сўмликни чўзганим маъқул. Энди қайтимига ичим ачийди-ю, лекин, майли, бу келганимда пистасини текинга берар. Бутун бозор бизга маҳлиё. Савдо тўхтаб қолади. Мен эса бепарво, ҳеч кимни писандга илмайман, писта пўчоқ лабимдан пириллаб учаверади, зўр колхоз раисининг жуда чиройли қизи қўлимни қўйиб юбормайди. Ана шунда Ҳабиба мени кўриб, шу ерда анқайиб турган Раззоқнинг бетига тупуради, «Ҳе, ўл, тилинг кесилсин, мени шундай Акбардан айирдинг! Ана, қара, уни мендан ҳам чиройли қиз ўзиники қилиб олибди!», дейди-да, йиғлаб юборади. Ҳабибанинг изиллаб йиғлаётгани кўз олдимга келиб, ўзим ҳам эзиламан. Йўқ, Мирзачўлга кетсам ҳам, Ҳабибани оламан деган гапимдан қайтмайман, зўр колхоз раисининг жуда чиройли қизи бўлади, албатта, лекин мен унга йўқ дейман. Ҳабиба эмас, қарамаганимга энди шу жуда чиройли қиз изиллаб йиғлаб қолади. Қишлоққа «Победа»ни миниб битта ўзим келган бўламан. Бозорда писта чақиб юрганимда Ҳабиба мени кўриб роса қувонади. Кейин: «Майли эди Акбар мени олса», деб Раззоқнинг бетига тупуради. Вафоқул жўрам, ҳамсояси бўлса ҳам, Раззоқнинг кўкрагига калла қўйиб ағнатади. Мен Вафоқулга худди катталардек: «Бошқа урма. Бетига Ҳабибанинг тупургани етади. Ҳали кичкинамиз-ку, эртага ярашиб, жўра бўлиб кетамиз», дейман-да, мардлик қилиб унга ҳам бир стакан писта олиб бераман. Раззоқ билан яна жўрачилик қилиб кетавердиг-у, лекин қўл кўтариб тўрсайиб тургани кўз олдимдан кетмайди. Ҳа, яна, Нафиса муаллим ўшанда бошимга қўлини қўйиб, ҳалигиндек уялтирган бўлса-да, бу гапни директоримизга айтмаган, шу ҳам эсимда. Кейин, Раззоқнинг бу пастлиги, – ўғил болага жуда пастлик-да бу, – Ҳабибани бутунлай меники қилиб ҳам қўйди. Ҳаммага эшиттириб айтди-да, яна дарс пайти. Бу йили, пахтага чиққунча шундай юрдик. Ёз бўйи Ҳабибани кўрмасам ҳам, у меники эди. Уч ой давомида, қизлар алоҳида, биз алоҳида ўйнаганимиз учунми ё Ҳабибаларнинг моли бошқа подага ҳайдалганигами, қишлоғимизда учтами, тўрттами пода бор эди, бир-биримизга дуч келмаганмиз. Балки ўйину чўмилишларга чалғиб, шу ойлар эсимга келмагандир, билмайман. Ишни Баҳор бузди. Сентябрда ҳафтами-ўн кун ўқимай, пахтага чиқаришди. Дарсимизни ўқигандан ке-йин, уйга бориб нон-пон еб келдик-да, кейин яна тизилишиб, далага йўл олдик. Фартуқчаларни тақиб, эгатларни бўлиб оляпмиз. Албатта, Ҳабибанинг ёнидаман, менга тушган эгат Баҳорнинг кўзини ўйнатиб юборди. «Олдин мен олдим-ку», десам ҳам, «Узоқдан сендан олдин кўриб, оламан, деб келаётган эдим», деб қўймади. Турган гап, Ҳабибанинг ёнидан кетгим йўқ, «Узоқдан кўриб ҳам айтмаганингдан кейин ҳисоб эмас. Энди, майли, сен бу ёғимдан туш», деб муросага чақирдим. Баҳор: «Ҳа-а, биламан, Ҳабибани деб бермаяпсан», деди. Мен, албатта, мункир келдим. «Ҳеч ҳам-да. Қара, қандай яхши очилган», дедим. Бермадим. Баҳорнинг роса алами келди. Унча эсимда йўқ, Маҳбуба холанинг ўзи келиб қолдими ё териб бориб, биз катталарга қўшилдикми, ишқилиб, Маҳбуба холага Баҳор: «Акбар қизингиз Ҳабибани онангни... деб сўкди», деди. Мен сўкмаганман, балки боя эгат талашганда, ўғил болаларга сўкиниш унча айб эмас эди, оғзимдан чиққандир, лекин Ҳабибани эмас, Баҳорнинг ўзини. Маҳбуба хола менга бир қаради-да: «Ҳа, оғзи ёмон бола, сўкма бунақа, уят бўлади», деди. «Сўкканим йўқ. Баҳор, эгатни бермаганим аламига, алдаяпти», дедим. Баҳор: «Сўкдинг! Сўкдинг! Шунақа ёмон гап билан сўкди», деб туриб олди. «Ҳабиба, ўзинг айт, сўкмадим, а?», деб ялиндим. Ҳабиба теримдан бошини кўтармади. Бу орада Баҳор: «Орқангдан сўкди, сен эшитмадинг», деб гиж-гижлаганми, ишқилиб, бир оғиз ҳам ёнимни олмади. Шу-шу, йўқ ердаги туҳмат сабаб, уришли бўлиб, Ҳабиба мендан юз буриб кетди. Тўққиз йил, тўққиз йил-а! У пайтлари уришиб-ярашишимиз жуда осон, сабаби ҳам арзимас эди. Ғижиллашиб қолганда ёқалашиб ё муштлашиб юрмаймиз, «Сен билан уришдим!» деймиз, у томон ҳам «Уришсанг уришавер, мен ҳам сен билан уришдим», дейди – тамом, гаплашиш тўхтайди. Ким биринчи оғиз очса, шу ютқизади. Лекин бирга ўйнаймиз, ўтга чиқамиз, буткул гаплашмай кетишнинг иложи йўқ, ўртада биров туради. Масалан, дейлик, Аваз билан уришлиман, унга бирон гапни айтишим шарт бўлса, Вафоқулга: «Анови манови ишни қилсин», дейман, Аваз ҳам Вафоқул орқали: «Ҳа, бўпти, қилади», дейди. Агар шу пайти ўртада биров топилмаса, шу биров Авазнинг ўзи бўлади. Авазга: «Анови мановини қилсин», дейман, Аваз ҳам ўзим орқали менга: «Бўпти, эшитди, қилади», деб жавоб беради. Уриш ҳам кўпга бормайди. Ё чули-чули ўртага тушади, ё ўзимиз гаплашиб кетамиз. Бу ҳам қизиқ. «Э-э, бўлди, ярашамиз», деймиз. Бировимиз: «Бўпти, унда сен гапир», деймиз, унимиз: «Йўқ, мен эмас, ўзинг бошла. Уриш ўзингдан бўлди-ку», дейди. Хуллас, келишилади, ярашиб кетаверамиз. Баъзан ўйнаб юрганда уришли эканимизнинг ўзи ҳам эсдан чиқиб қолади. Лекин Ҳабиба акслик қилиб туриб олди. Албатта кимлардир ўртага тушган, бусиз бўлмайди-ку, лекин Баҳорга ишондими ё оламан деганимни жуда қаттиқ олдими, шу-шу, гаплашмай қўйди. Оламан деганим ҳам бориб-бориб, ҳар куни, ҳар соат кўрсам ҳам, кўрмасам ҳам уни ўйлаб юришга айланди. Лекин у орани тамом узди. Ўз оғзи билан: «Акбар, мендан умидингни уз», деса ҳам, айтдим-ку, майли, рози эдим. Ҳозир айтишга кулгили, ҳатто завқи ҳам бор, лекин у пайтлари, эҳ-ҳе, кимлар билан талашмадим, кимлардан қизғанмадим. Раззоқ, очиқ айтмагани билан, зиёнчилигини қўйгани йўқ. Менга қизиқиб, Аваз ҳам уни бир олмоқчи бўлди. У билан ҳам уришдим. Яна бошқалар чиқди. Ҳозир ҳаммаси эсимда йўқ, битталаб санаш ҳам қизиқ эмас. Лекин «С.Жўраев» деган бир шоир пайдо бўлиб, анча куйдирганини унутолмайман. Бошланғични бошқа қишлоқда ўқиб, кейин бизга келган. Мендан бир синф юқори. Шеър-лари ҳатто «Жомбой тонги»да ҳам босилди. Ватан, атиргул, ўркач-тоғларни ёзар эди-ю, лекин шеърлари, менингча, мактабимизда Ҳабибадан бошқа қиз йўқ, албатта, унга аталган. Шоирдан ўтаман деб, ўзим ҳам ёзадиган бўлдим. Кечалари ухламай шеър тўқийман, ажойиб ҳаяжонга чўмаман: «Боғда гуллар ўзгача, Сувда кумуш кулгулар. Юрагим бир кўзгуча, Жўш уради туйғулар». Шундай чиройли ёзганимга кейин ўзим ҳам ҳайрон. Албатта, боғда Ҳабиба юргани учун гуллар ўзгача, сувнинг ўзи кулмайди-ку, Ҳабибанинг қотиб-қотиб кулаётгани кўз олдимга келиб, кулгиси эшитилиб туради, кулгининг кумушлиги нима эканини тушунмасам ҳам, жўшиб кетаман. »Жомбой тонги»га ҳам юбордим, лекин «обзор»да «урилдим». Жуда алам қилди. Тағин шу «обзор»да «С.Жўраев» мақталиб, мисол учун тўрт қатор шеъри келтирилган! Самандарнинг фамилияси ҳам Ҳабибаники билан битта эканини айтмайсизми! Кейин мен шеърларимни ҳеч кимга ўқитмадим, Ҳабибага, албатта, етмаган, ҳаяжонларимни эса шундоқ «қалбимга кўмиб» қўя қолдим. Маъмур деган бир узоқроқ тоғаси бор эди, биздан уч ёш катта, миқти, тош кўтариб чиниққан, полвон йигит, тағин денг, най ясаб, пуфлашни ҳам ўрганиб олган. Найни-ку ясаш осон: қуруқ карракни кесиб, чўғ сим билан бу учидан битта, у ёғидан олтита тешик очасиз – тайёр, лекин меникидан қанча пуфламай, куй чиқмайди, фақат ҳуштак чийиллайди, карракнинг куюги оғзимдан кетмайди. Маъмур полвонники, уйимиз яқин, кечқурунлари садоланиб келади, Ҳабиба ҳам эшитиб турибди деб, бағрим тилимланади. Муштдай бошимга тоғдай бу юк рашк жуда оғир; уни ўйлашларим бир зиндон, шу зиндон ичига сира чиқолмайдиган бўлиб тушиб кетган эдим. Болалик-ку, қувончли кунлар кечгандир, байрам, кўпкари, тўй, сайил, ҳар турли ўйинлар, ишқилиб, нимадир шодликлар бўлган, лекин у қарамагани учун ҳеч бири татимаган. Биринчи курсни ҳам уни ўйлаб, олдига қатнаб ўтказдим. Лекин бу орада ўқишни ҳам ташлаб қўйганим йўқ. У пайтлари берилиб, басма-басига, шавқ билан ўқир, баҳога жуда қизиқар эдик. Киришда «уч»ларим бор учун ўқишни стипендиясиз бошлаган бўлсам-да, кўп ўтмай пешқадам талабалар сафига чиқиб олдим. Биринчи семестрни «аъло»га якунладим. Албатта, кимлигимни Ҳабибага ҳам кўрсатиб қўйишим керак эди. Лекин у кўрмайди, қандай ўқияпсан деб бекатларда бир оғиз сўраб ҳам қўймайди. Курс бўйича рўйхатнинг бошида турганим учун имтиҳонларга энг олдин кираман. Домланинг кайфияти биринчи кирганнинг топширишига жуда боғлиқ деган ишонч бор, яхши ўқийдиганларнинг кўпчилиги, ҳатто бошқа гуруҳлардаги қизлар ҳам эшик олдида шивир-шивир, имтиҳондан чиқишимни пойлайди. Эшикни илжа-йиб ёпишим билан олқиш, чапакка кўмиламан. Қизлардан бир хиллари энди ўзининг ҳам «аъло» олишига ишониб, дик-дик сакрайди. Хуллас, эътибор жойида, ўрнимни топиб боряпман. Булар, айниқса, қизларнинг эргашиши, албатта, Ҳабибанинг озоридан дардланган кўнглимга малҳам. Яна бу орада бўйим чўзиляпти, эт олдим, кўкрагимни кериброқ юришга ўтдим, шаҳарнинг майда-чуйда безориваччалари тегинолмайдиган бўлдим. Ана шу пайтлари унинг қарамаслиги бота бошлади. Мактабдаги ҳаётим ҳаёт эмас, заҳар-заққум бўлди, шундан ўсмадим, бола бошимдан эзилиб, тўкилиб юрдим, юзларимни ажин босди, э-э, хуллас, ҳар куни уни кўрганимдан эркин нафас ололмадим, энди, мана, ҳозирлари уни ҳафтада бир, яъни кам кўрганим учун сал ҳаво тегди, ёруғликка чиқдим, жонланиб боряпман, демак, йиғиштиришим керак деган ўйларга борадиган бўлдим. Баъзан эса бундан ҳам ажабтовур фикрлар юритаман: шу севмасам-чи, дейман; мана, масалан, қиз чиройли, чеҳраси очиқ, муомаласи яхши бўлса, уни яхши кўрсанг, у ҳам сени яхши кўрса, ўртада шу ҳар хил машаққату азоблар бўлмаса, қандай яхши, уни севасан, қийналмай ҳам ўқийверасан. Мисол учун Саодатни олсам, жуда келишган, уйлансанг, уйингни гуллатади, бемалол севиш мумкин. Лекин Ҳабиба шунақа хаёл сургани ҳам қўймайди, ўртада туриб олиб, кунчилик қилиб чимирилаверади, қизларимиздан биронтасига яқинлаштирмайди, бирга кинога тушсак, ўртага ўтириб олади, қўлини ушлашга тўсқинлик қилади, униси билан кўз уриштирсам, қошининг ўртасига киндор тугунча тушади, хулласки, кун бермайди менга. Олдига умид билан отланиб бораман, ит ғажиган суякдек эзилиб қайтаман. «Ўзи емас, итга ҳам бермас», деб аччиқ ҳам қиламан ичимда, жуда ўтиб кетган вақтлари. Ҳа, дарвоқе, тилим ҳам анча бурро бўлиб қолган. Шу билан ёз келди. Ҳозирги талабаларга қандай, унча билмайман, лекин бизнинг пайтларда таътилнинг таътиллиги йўқ, талаба – университетга текин мардикор, у-бу ишга албатта юборар эди. Кейин ўқиш бошланади, ўн беш-йигирма кун ўтмай эса – пахта. Биринчи курсни битирганда ССО – студентлар қурилиш отряди деган нарса тузилиб, биз – эр йигит ҳам унинг сафида Нукусга жўнадик. Ҳа, эр етиб бораётган эдим лекин. Аммо камбағалнинг оғзи ошга етганда бурни қонабди, деганлари менга тўғри бўлди: билмадим, не ёзуғим бор эдики, фалокатга учрадим. Мана, ниҳоят, ўсиб, тўлишиб, одам бўляпман деганимда, бу кўргулик менга қараб турган экан, оёғимдан чиқди. Кўйлакнинг фақат этагидан тугиб, терлаган яғринни иссиқ шабадага ланг очиб ишлаб юрганимда оёғим куйиб қолди. Куйганнинг ҳам даражалари бўлар экан, меники «4-А» даражасида пишди. Ҳа, пишди: битум – қорасақич бақир-буқур қайнаб-тутаб қуйилганда жон аччиғида «Воҳ!» деб чангаллабман, оёғимнинг териси шундоқ қўлимга ажралиб, тагидан оппоқ гўшти чиқиб қолди-да, бирпасда ёстиқдай шишиб берди. Икки оёғимнинг ҳам дўнгсали ё гулгайи дейдими, ишқилиб, усти, бутунича нима бўлса – бўлди. Қаранг, қўлда қалин қўлқоп-у, оёғим яланг! Товони босилган латта бошмоқни илдириб юраверганман; эсингиздами, ҳу бўларди-ку, икки сўму неччидир тийинлик. Ёниб ўз алангасига ўзи эриб қайнаган қорасақич темир қувурдан вишиллаб келганда кўкрагимни, қўлимни тортибман, лекин оёғим турган жойида қолаверибди. Устига вақирлаб қуйилди-кетди. «Воҳ!» дедим-у, бошқа товушим чиқмади. Нуқул иҳрайман. Мен билан навбат алмашиб, энди соялайман деган нарпайлик Эркин инқиллашимни эшитиб қолиб, чопди. Қурилишимизда ишлаётган бир юкмашинада, Эркиннинг тиззасида, ҳар силкинганда жоним чиқиб, касалхонага етдик. Шу ётишда баланд иситма билан тўрт кун алаҳлабман. Қанақа муолажалар қилишди, билмайман. Кўзимга ҳеч нарса кўрингани йўқ, лекин тепамда чоп-чоп кўп эди. Ярам аламга кириб, оғриқни сезганимдан кейин «перевязка» деган даҳшати бошланди-ку! Ў-ў, буни қаттол душманингга ҳам соғинмайсан! Оёқларимни сассиқ бир малҳам суриб, чақалоқни йўргаклагандек, докага ўрайдилар, хона қайноқ, дим, дока тагидаги ҳамма нарсани сўриб, ўзига тортиб ёпиштиради. Кейин уни кўчириб олишларини кўрсангиз! Ҳа, худди терак пўстлоғини шилгандек, қатир-қутур қилиб арчадилар. Ишонинг, шундай, дока ўрамини оёғимнинг тагидан, кафтдан узунасига қайчилаб очадилар-да, пўстлоқни этдан айириб олаверадилар. Куйиб, ўлган гўшт. Ана шу ўлгани докага ёпишади, шуни ажратиб олишлари керак. Э-э, бунинг азоби! Ҳозир ҳам инграб кетаман. Кўз олдимда икки ёнимда турган қорақалпоқ қизларнинг жуда ачиниб қараб туришлари. Эркак дўхтир менга ўхшаганларни кўравериб қотиб кетган, одамнинг оёғи демайди, ваҳший, «Мана, мана, и-и, ана, бўпқолди», деб ишини қилаверади. Қизларнинг олдида додлай олмайман, «Ҳа, юракли йигит!», дейди дўхтир. Юракли йигит эса фақат «Иҳ-иҳ-ҳ» иҳрайман, қаттиқ тишланганимдан тишларим синиб кетай дейди. Одам боласи, бошига тушса ҳар қандай дардга кўнар, ўлиб қолмаса бўлди экан. Худога шукр, умрим бор экан, ўлмадим-у, лекин касалхонада тўққизми-ўн кун ётиб, нақ ўн беш кило ориқлабман. Болдиримнинг суяклари қиличдек ўткирланиб, қирраси чиқиб қолди. Ё тавба, дейман ўзимга қараб, одам ҳам шунча ўзгарар экан-да, а? Буларнинг Қизкетган деган катта каналининг бу чеккасидан у чеккасига сузиб бориб келаётган йигит эдим-а. Энди қаранг, ҳурпайган соч тагида чўкик кўзу муштдек туртиб чиққан ёноқлар. Рангим оппоқ, жон йўқ. Ўзимни танимайман. Эй, биласизми, ётган жойингиздан ўзингиз туриб, ўз оёғингизда мана шу дераза олдига бориш нечоғли бахт эканини! Мен шугина бахтни орзу қилардим. Уйга хат ёзмадим, ким топиб келади, деб ўйлабман, ҳалиги киноларда урушдан ярадор қайтганларга ўхшаб, ҳассага қийшиқ таяниб, кутилмаганда кириб бораман деган хаёл ҳам бор, кейин роса гинага қолдим. Касалхонадан ҳам ҳеч ким хабар қилмаган. Бўлмаса, нари бориб, бери келиб ётганман. Ҳаммамиз ҳам уйдан илк дафъа узоққа кетганимиз учунми, курсдошларимнинг ҳам хаёлига келмаган. Лекин ҳар куни уч-тўртталашиб кўргани келадилар. Форишлик Эгамберди «тахта пичини» дейдиган иккита вафли, бир шингил аччиқ узум билан. Вафли томоғимдан ўтмайди, кўм-кўк узум эса чап ичагимга юқ ҳам эмас. Лекин ҳеч кимда пул йўқ, ҳамма чалақурсоқ. Бир-иккита даштлигимизни айтмаса, қолганларимиз мева-чеванинг ичида ўсиб, ўрганган, бу ерда тушимизда кўряпмиз. Менга эса витамин керак, тўйиб-тўйиб енг, дейди дўхтир, куйганга фойда экан. Қурилиш отряди шу йили биринчи тузилиши, ҳисоб-китобдан кейин туғилганми, ишлаганимизга тийин ҳам бермаган. Уйдан олиб борган беш-тўрт сўмимиз бир-икки ҳафтадаёқ тугаган. Пулу емак бўлмагандан кейин ишнинг ҳам тартиби кетган. Куйишимдан бир кун олдин Эркин икковимиз бир қорақалпоқ акамизникига мардикор тушиб, мингини саккиз сўмдан ўн мингта қуйиб беришга келишган, шу куни мингта ғишт ташлаган ҳам эдик. Касалхонага тушиб қолганимдан кейин Эркин бориб, акага айтган экан, ака унга қуйган ғиштимизнинг пулини берибди. Курсдошларим мени кўргани шу пулга «бозор қилишади». Харидлари тўртта «тахта пичини», бир килоча қанақадир узум. Бошқасига етмайди. Бу ҳам менга етиб боргунча, «бир татиб кўрай, ма, сенинг оғзинг тегсин» билан, ўзлари ҳам оч, вафлидан икки дона, узумдан атиги бир шингили қолади, холос. «Кечирасиз, жўра, узум кўрганимиз ҳам отам замонида эди-да. Мана, шуни ҳам зўрға сизга асраб қолдик», деб ўзлари яна суқланиб туради. Аччиқ узумни ютоқиб ейман, қишлоқда уйимизнинг олди ҳам, орқаси ҳам токзор, ваиш, олмаю шафтолилар тагига тўкилиб ётгани кўз олдимга келиб, нимага вақтида ўша меваларга тўйиб олмаганман деб ўксинаман. Вафлини жўраларимнинг ўзига қайтараман, шу заҳоти чанги чиқиб кетади. Ҳар куни ярим соат ачиниб ўтирадилар. «Ёмон ориқлаяпсиз-да, жўра. Бунақада....», деб у ёғини айтишга кўнгиллари бормайди. Бир куни дўхтирнинг олдига кириб: «Жўрамизни беринг, ўзимиз қараймиз», дейишса, албатта, дўхтир кўнмаган, «Ҳали жойидан ҳам туролмайди-ку, сизларда шароит йўқ, қандай қарайсиз?», депти. Кейин гапни бир жойга қўйиб, менга айтишди. «Жўра, бу ётишда сизни ўлдириб қўйишади. На овқати бор, на қарови. Обкетамиз», деб туриб олишди. Мен – ётган халта суяк, тўғри чўзилсам бир нави, лекин каравотдан оёғимни туширишим билан минг бигиз санчиғига учрайманки, ҳеч у ёқ-бу ёғи йўқ – дўзах! Яна бу яраларни қайта боғлаш азоби. Бу ердан кетсам, докани ўзим аввал ивитиб, кейин ечаман деган умидда рози бўлдим. Бошқа илож ҳам йўқ. Ростдан ҳам, ойнага қарасам, қандай тез ориқлаётганим худди кўриниб тургандек бир ваҳима эди. Шом қораси, кеч тушганда, ҳазили йўқ, ўғирлаш оператсияси бошланди. Тўртта курсдошим кўргани келган бўлиб, иккитаси қўлини замбар қилиб, мени кўтарди, иккитаси оёғимдан ушлади-ю, касалхонанинг пастак девори орқасида яна учтаси турган экан, уларга ошириб, ўмариб кетаверишди. Навбат алмашиб, ўзлари хурсанд, мен не азобда, «Ҳа, энди ўлмайсиз, жўра, ўзимиз бор», деб ётоқхонага етказиб келишди. Ўн саккиз-йигирма яшар пўконидан ел ўтмаган болалармиз, кўпнинг бунақа фидойи меҳри, самимий оқибатига энди дуч келишим. Боладек опичлаб юрадилар, макарон шўлтиқларидан чиқиб қолган данакдек гўштни менга илинадилар. Билмайман, қандай эплашди, касалхонадан ўша сассиқ малҳамни банкаси билан ўғирлаб чиққанлар. Яраларимни ҳам ўзлари боғламоқчи эди, лекин ҳеч бирининг юраги чидамади. Ўзим қиламан. Қотган докани ивитиб кўрдим – бўлмади, сув ўтмас экан. Ўзим каравотда, оёқларим курсида, аввал ҳа-ҳулаб чоғланаман. Кейин товондан оёқ учигача қайчилайман-да, нафас ростлаб, яна ўзимга далда билан бир додлайман. Шу додлаганча вой-додлаб, чинқириб докани арчиб оламан. Оёқларимнинг усти бутунича қип-қизил гўшт... Э-э, майли... батафсил айтавермай, кўнглингиз айнийди. Хуллас, жўраларим тепамда парвона, ўзимга ўзим қарайман. Ҳафтадан кейин ургутлик Мавлоннинг қўлига ҳам қорасақич сачраган эди, «Тангадек жой менга шунча азоб берди, Акбар жўрам нималарни кўрмаяпти экан!», деб бошқа ишга чиқмади. Ярасини баҳона қилиб, фақат менга қаради. Ҳалиги жойларга ҳам кўтариб боради, «Бўлдингизми, қачон бўласиз?» деб тахта эшик олдида офтобга пишиб қараб туради. Пулсиз, оч-наҳор юравергандан кейин ишга чиқмай қўйдик, август охирида бизни тантанали суратда ССОнинг шарафли сафидан ўчиришди. Куч билан вагонга чиқиб олиб, пул бермай Самарқандга етиб келдик. Бу пайтлари сал-пал оёқ босишга ўтган эдим. Автобусга чиқишга ярамас эдим, отрядимиз бошлиғи таксига йўлкира тўғрилаб берди, уйга ҳам келиб олдим. Уйда... майли, бу ёғи хайриятчилик. Лекин куйганимни нимага бунча тафсилоти билан айтяпман? Ўзингиз ҳам билиб тургандирсиз, шунча узун азобнинг бирон кунида Ҳабибани унутганим йўқ. Алаҳлаганимда отини айтиб чақиргандирман, лекин алдамай, ўша уч-турт кун эс ҳам кирарли-чиқарли эди, лекин ўзимга келганимдан кейин дақиқа ҳам кўз олдимдан кетмаган. Бошимда термилиб ўтирган. Шунча нарсани кўряпман, фалокатнинг шарофати, машаққатларни енгиб борганимдан кейин энди менга қарайди деб, умид қилганман. Қишлоқда пайтим уйимизга келиб кўрмагани табиий, турган гап, лекин уч ой ўтиб, пахтадан қайтгандан кейин, декабрда бекатда турганимда нечтаси ҳол-аҳвол сўрашди, у эса оёғимга бир кўз ташлаган бўлди, холос. Нималарни кўриб келмабман-а қайси юртлардан. Шунда... нима, мен одам эмасманми, жуда ўтиб кетди! Сентябр, октябрда ҳам пахтага чиқмадим. Шаҳар касалхонасида ётиб яна даволандим. Оёғимнинг териси, гўштлари куйиб кетгани билан, пайлари омон экан, ҳам ҳалиги қорақалпоқ дўхтирнинг азобига чидаб оёғингни чўзиб кериштиравер, бўлмаса тортишиб битади, чўлоқ бўлиб қоласан деб ўргатганини қилавериб, яна азот юриб кетдим. Яраларнинг устини йилтираб юпқа тери қоплаб, тириш-буриш чандиқ бўлиб бита бошлади, фақат иккита уч тийинлик тангадек жойи қолганда, ноябр охирида курсдошларимни соғиниб пахтага бордим. Шунақа кутиб олишдики! Ҳақиқатан ҳам урушдан бутун чиққан қаҳрамондек. Кўкрагимда орден билан, қўлимда чиройли ҳасса йўқ, холос. Гуландом: «Ўзим айланай!» деб юзимдан чўлпиллатиб ўпди, кейин билмайман, нечта қизнинг қучоғига тушдим. Саодат йиғлаб ҳам юборди, йиғи ҳам юқумли касаллик эмасми, ўраб турган қизлардан яна бир-нечасининг кўзига ёш келганини кўриб, зўрға ушладим ўзимни. Шунчаси ўртага олиб, меҳр кўргазиб турса, таъсирли бўлар экан. Намунча ваҳима десам, энди тамом, Акбарнинг икки оёғи ҳам ярамайди, бечоранинг ўқиши қолди деган гаплар чиқиб, бу хурсандчиликлар шунга экан. Пахтадан қайтдик, ўқишлар яна бошланди, яна ўттиз олтинчи автобуснинг бағавоти. Ҳа, ҳали айтганим, Ҳабибани кўрдим, у узоқдан бир қаради, олдига борганимда бир чимирилди – бўлди. Холос, шу! Ана шунда ўтиб кетди. Лекин тишимни тишимга босдим, сиримни бермадим. Бошқалар билан кулиб сўрашдим, унга миқ этмадим. Уни кўрмаётгандек тутдим ўзимни. Уч-тўрт ҳафта индамадим, олдига ҳам бормадим. Байрамга бирга қишлоққа келдик. Янги йилнинг интизорли кутиш кунлари ҳам ўтди, бирга қайтдик. Табрик гап номига ҳам бўлгани йўқ. Ке-йин, шу ҳафтамиди, кейингисими, қор айланиб ёғаётган бир куни, дарси тугашини мўлжал олиб, йўлида кутдим. Тўртинчи троллейбусга бирга чиқдим. Ўтиришга жой йўқ экан, у тутқичга суяниб олди. Мен ҳам бориб шу тутқични ушладим. Анча вақтдан бери бекатда ёнма-ён талқон ютган бўлсак-да, салом бердим. Аликка тили айланмаганидан нима демоқчилигимни билганини билдим – фойдаси йўқ. Гапни ундай бошлайман, бундай деб сўз очаман деган тайёргарликларим ҳавога учди. Лекин орани бирёқли қилишим шарт, айтаман деган фикрга ёпишиб олганман. Жим туриш душвор, лекин ичимга сиғмаяпман. Унга эгилдим, бир пас нигоҳини тутаман деб тикилдим, кейин бор-э деб, шивирладим: «Ҳабиба, мен сизни севаман!» Кинолардагидек бунақа қуруқ изҳори дил қилишимни ўзим кутмаган эдим. У тутқични қаттиқроқ чангаллаб, устига дўл ёғаётгандек ғужанак бўлиб олди. «Ҳабиба, жавоб беринг!» – гапирдимми, инграндимми, ишқилиб, шунақа сўзлар тўкилди лабларимдан. У бошини кўтармади. Турган жойимда фақат унга термилган кўзим қолди, қўл, оёқ, гавдам ўзимники эмас, умидсиз, видолашув алами билан нураб кетдим, ситилдим: «Ҳабиба! Ҳабиба! Индамай турманг, гапиринг!» Тутқичдаги қўлидан ушлаб олмоқни жуда-жуда истадим, лекин у шу ёнимда бошини эгиб турган кўйи совуқ узоқларга кетиб қолди, ўзи йўққа энди кўнглим етмади, унсиз чинқириб қолаверди. Сал юргандан кейин, навбатдаги бекатда троллейбус тўхтаб, эшиги шарақлаб очилган эди, ўзимни ташқарига отдим. Куйиб кетган эдим: одам боласини шунчалар хор қилиш мумкинми! Йўқ, одам боласи ўзини шунчалар хор қиладими! Шитоб билан қаёққа, қанча юрдим – билмайман. Қаттиқ шивирлаб қилган нолаларим эсимда: «Эҳ, менга қарамади-я! Менга-я! Шунча йил чин юракдан севдим-ку!.. Ҳали қараб турсин, шунақа йигит бўлайки!» Муҳаббат дегани шу бўлса, уни ҳам лаънатладим: мен одам эдим-ку, инсон фарзанди, муҳаббат омаду олам дигар шуд, шуми оламининг дигарлиги, ўзгаргани шу бўлса, унинг ҳам баҳридан ўтдим! Агарда «Йўқ!» деган жавобга ҳам арзимасам. Энди ҳеч кимга ўзимни оёқости қилиб қўймайман. Керак бўлса муҳаббатисиз ҳам энг чиройли қизни оламан! Энди у мендай йигитни топиб бўпти! Эй, бераҳм тош, сув кўрмаган кесак, қуриган чўп, сендан минг, миллион марта яхши қизлар бор, шундайлари билан юрайки! Оғзинг очилиб қолади! Йиғлайсан. Изиллаб йиғлайсан. Ҳа, ана шундай. Қараб тур! Мен – жавоҳирни тупроққа туширдинг, лекин бошқа бир гўзал ердан пуфлаб-тозалаб олиб кўзига суртар ҳали. У сенга ўхшаб гавҳар баҳосидан бехабар бенаво эмас... Оғзимга нима келса, қайтармадим, қанақадир парча-пурча шеърларни, қайдадир ўқиган нутқларни айтиб пешладим; тўлиб, тутаб, фиғон қилдим, жаврадим, юрагим ғижимлади, кўнглим оғриди, дунёсига сиғмай кетдим, қуюн янглиғ елиб, шамол бўлиб учдимми ҳам дейман, бир вақти қарасам, қўлтиғимда чарм жилдим, истироҳат боғидаман, бир кўшкчада музқаймоқ сотиляпти! Шунча пойинтар-сойинтар алаҳлашнинг ичида шундай қишнинг куни музқаймоқ сотилаётганидан ўзимга келдим чоғи. Очиқ кўкрагимга тушган қор парчалари муздек эриб оқаётганини пайқадим, қизиб кетибман. Чанқабман ҳам. Музқаймоққа ёпишдим. Шундай ёқдики, яна битта олдим. Бунисини ютоқиб ютдим. Кейин яна биттасига чўзилдим. Сотувчи хотин: «Ҳай, ҳай, ука!» деганда тўртинчисини ҳам ютган эдим. Кўкрагимнинг оташи пасайди. Шу билан совиди. Анча йилларга совиб кетди. Кейин яна илиди, бу энди бошқа кўнгил, ҳам кейинги гаплар эди. Ётоқхонанинг олдида Гуландом турган экан, атайлаб мени пойлагандек: «Кинога борайлик», деб қолди. «Яхши», деб келган жойимдан бурилдим. «Маст эмасмисиз, ишқилиб? Бир хил юрибсиз?», деб сўради Гуландом. «Сизни кўриб кайфим ошди», дедим. Шайтон қиз бунақа гапларимга ишонмайди, лекин ёқимли жилмайиб қўяди. Сизга айтсам, Гуландом билан кинога бориш, айниқса кўчада ёнма-ён юриш шу вақти аламимга анча малҳам бўлди. Чиройли қиз! Қани эди шундай гўзал ёнимда кетаётганини у кўрса!.. Э-э, энди кўрганда нима! Мен тўйдим. Кинода Гуландом, таъсирландими, икки-уч марта қўлимдан ушлаб олди, менинг ҳам елкасидан қучоқлагим келди, лекин ўртамизда Азамат ўтириб олган эди, кўнглим бўлмади, тортдим ўзимни. Гуландом бир ғалати қараб қўйди, кўрмаганликка олдим. Лекин-чи, хотинларнинг холаси, қизларнинг дугонаси бўлиб юриш ҳам менга энди анча малол эди. Айниқса бугун. Бу ёқдан эса Азаматнинг дардини биламан. Яхши эмас. Нукусда мени опичлаб юрганлардан бири шу, Азамат. Кинодан кейин яна очилиб-сочилиб гаплашиб келдик. Ётоқхонанинг олдида Азамат йўлимизни тўсиб чиқди. Ҳа, тўғри келиб олдимда туриб олди. Гуландом индамай айланиб ўтиб кетди. Азамат ҳозир солиб қоладиган аҳволда эди. – Қайдан келяпсизлар? – деб у аччиқ илжайди. – Кинога тушувдик, – дедим. Азаматнинг юзи ўзгармади. Шунча одамнинг ичида қиз талашиб уришмасак эди ҳали. – Биламан, – деди. – Билсангиз нимага сўрайсиз? Азамат мени эшитмагандек: – Орқаларингда эдим. Кинони кўрмадим, икковингга қараб ўтирдим, – деди эзилиб. Раҳмим келди, лекин нима ҳам қилиб бера оламан? Қиз боланинг кўнглига мен буйруқ беролмасам. Ўзимнинг виждоним тоза. «Айтинг, орқамдан юравермасин», деган Гуландом. Сал бошқачароқ қилиб айтдим ҳам. Бу севишини қўймайди. – Боришда орқаларингдан бордим, келишда ҳам. Қани, нима қилишар экан, деб. – Хўп, нима қилибмиз? – Ҳеч нарса. Раҳмат! – деб у кўкрагини чангаллади. – Лекин алам қилди жуда. Сизга ишонаман, лекин ўтиб кетди, жўра! Юринг, илтимос, бизникига чиқайлик, илтимос! Юзта-юзта қиламиз. Ана, ўзимнинг дардим бир ёқда қолиб, Азаматнинг ҳасратини тинглаганимни кўрсангиз. Дардини менга кўп ёрган, яна қулоқ бердим. Лекин минғайиб ўтиришида ўзимнинг аҳволимни ҳам ойнадагидек кўрдим. Ҳа, одам ўзини оёқости қилдириб қўймаслиги керак, қиз бола севмаганини билдирдими, бўлмаганни бўлдирма-а, итдек эргашиб юришдан бари бир наф йў-ўқ. Э-э, бунга ҳам қойил лекин, шундан шунча йўлга пойлаб бориб, кинода орқамиздан жой олиб ўтириб, яна эргашиб қайтибди. Чидаганини! Кўнгли қандайлар эзилгандир. Яна севган қизини кинога олиб тушган одамга ишқини достон қиляпти. Муҳаббат дегани ғурурни ҳам ўлдириб юборар экан. Йўқ, мен энди бундай бўлмайман! Кейин... муомала ҳам қиз болага ҳусн берадими, билмадим... Ҳабиба нимага бундай, сал буқиниб юради-я? Китобларда тасвирланган олтин куз эди. Тераклар заъфар рангида чўзилган, тутлар сариққа ўранган, куз нафаси ҳатто ғўза баргларига тегиб, четларига қирмизи бўёқ суртиб чиққан эди. Бизда асил тийрамоҳ сентябрда эмас, ноябр охирида тушади. Энди узилган ҳусайнилар шираси зўрлигидан бармоқдек ўйнаб кетади, келинбармоғининг эса бели торайиб, ўзи тишга тегса, кирсиллаб асал сачратади. Ана шу мавсумда одам ҳам кучга тўлади, чопиб чарчамайди, тоғни урса талқон қилгулиги бор. Қизларимиз янада етилиб, чиройлари балқиган: Гуландом – сулув, Саодат – барно, Дилором – зебо, Зумрад товланиб туради, Гуласал эса ўз номи билан, у билан ўпишсанг – асал, кўп бошқаларининг ҳам таърифи шундай, бу фасли хазон севмаганингга қўймайди, лекин эндига келиб, кўпи эгалик ҳам. Уч-тўрттасининг тўйи ҳам бошланди. Барининг уйга кўзи тўрт. Бу ёқда эса пахта тугаган, лекин бир-икки пишакизи қор ҳам тушдики, ҳали жавоб йўқ, декабрнинг ўрталари, баъзан янги йилнинг тагигача далада ушлаб тураверишади. Бирчигиту кўр кўсакдан бошқа нарса қолмаган, термасак ҳам, далада санғиймиз. Гулхан қиламиз, ғишша қамишни ёқиб, атрофида исиниб ўтирамиз. Қизлар буйрагини олдириб қўймаса бўлди. Сариқ ҳам кўп, ундан худо асрасин. Лекин ёшлик – ёшлик, тарвузлар уватда тарсиллаб ёрилиб ётган бир пайтда одам салқинга қарайдими! Ўтлаган қўйдек ёйилганмиз. Нариги далада ҳам шундай ранг-баранг сурув сочилган экан. Саодат ёнимда, унаштирилган йигитидан нолиётган жойида бошини кўтариб, узоққа тикилиб қолди. «Ҳу анави ёқда бир қиз сиздан кўзини узмаяпти», деди. «Шундай гўзалнинг ёнида анави таъвияга нима бор экан деб ҳайрондир-да», дедим. «Йўқ, беҳазил. Кўзида алам бор», деди Саодат. «Кўзини кўрдингизми-эй? Шунча узоқдан?» дедим-у, кўнглим бир нарсани сезди. Балки ростдан ҳам қарагандир, ундай бўлса... кимлиги ҳам белгили: матфак Хатирчига келган эди, даламиз икки туман чегарасида, улар билан ёнма-ён тушиб қолганмиз шекилли. Саодат ундайвергач, қарадим: бизга ўхшаб далада дайдиган талабалар. Эгилиб пахта чимдилаётган қизлар орасидан биронтаси бу томонга қараб тургани йўқ. Ҳабиба ажралиб кўринмайди. Кўрганимда нима барака топаман? Кўриб бўлганман. Саодатнинг гапини уч йил олдин эшитганимда, ишонмасам ҳам, юрагим ҳаприқар эди. Энди, нима, дунёнинг даласида гала-гала сочилган қизнинг биттаси, холос. Кўкрагимда ҳар замонда симиллаб қоладиган куюниқ доғини айтмаса, энди куймай қўйганман. У ҳам юргандир ўшандай тугмачагулга ўхшаб. Ҳа, у унча ўзгармади, бекатларда кўз қиримни ташлаб қўяман, ўша-ўша нозиклиги, ҳали ҳам ўнинчида ўқиётгандек, ўсмир қиз. Қарғашойи кўйлак кийса, ҳў ўша биринчи синфда йиғлаб тургандек туюлади. Ўқиши оғирми, зоти шунақами, сал тўлишмади ҳам. Мен эса ўсдим, куч олдим, биринчи курсларда иккита Акбар бемалол сиғадиган шимни ҳам зўрға топиб, белни «гармошка» қилиб тортиб юришларимиз, уялишимиз билан бирга, қолиб кетди. Энди эгнимизда андазаси хушбичим, ёпишиб турадиган кийимлар. Сириб киямиз, ўзимизча олифта. Кўнглимда ҳали-ҳамон Ҳабибанинг доғи онда-сонда белги бериб турса-да, даволатмайман. Ётган илоннинг бошини қўзғама, дейишади, холни безовта қилиш ҳам ёмон. Бу ҳам юрагимнинг бир холи. Лекин энди ҳали кўп нарсани кўрмаган янги ошиқларга анча-мунча тажриба ўргатишим мумкин, лекин нима керак, ўтган гаплар ёпиғлигича қолсин – қизларимиз менга одамни қадрлашни ўргатди. Диплом иши ёзаётганимда вақтим бемалол, уч-тўрт кун қазноққа босилган олмаю анор, шифтларга осилган узумга тўйиб кетаман деб уйга келган эдим, эрталаб чой ичиб ўтирганимизда ойим мулойимгина гап бошлаб қолдилар. – Сен ҳам катта бўлиб қолдинг. Бугун-эрта битирасан, бу ёғи энди рўзғорнинг бошини... Бошланди! Шу етмай турувди! Фалончининг у қизи, писмадончининг бу қизи, униси мундай чиройли, муниси ундан ҳам; ой деса – ой, кун деса – кун... хуллас, ҳаммаси осмонни ойимнинг ўғли деб ёритиб турибди, ўғил ўзини босиб, ҳовлиқмай, осмондан ерга тушса бўлди. Онага фарзанди шундай баландда, лекин билмайдики, ҳамма ёғи тикан бир тугмачагулнинг орқасидан ўн-ўн бир йил беҳуда судралиб юрганимни. Айтдим-ку, тугмачагул ўзи қанақа гуллигини билмайман, деб, лекин тиканлари санчиғи жароҳатига малҳам суравериб, чандиқ-чандиқ қотиб кетганман. – Хўп, пўскалласини айтинг, сочини супурги қилиб мени кутиб ўтиргани ким экан? Ҳозир уйлангим йўқ, университетда олиб қолишмоқчи, аспирантурага кираман, кейин ўзимга мос қиз танлайман. Бу гапларни айтолмадим ҳали. Ойим дарров ҳужумга ўтдилар: – Дарров тилингни қайрамай, гапни эшит. Мен ҳам бир нарсани билмасам, гапирмайман. Тузукми? – Тузук. Хўп, эшитаман. – Эшитаманинг нимаси? Қулоқ сол... Ойим мени биладилар, мен эса ойимни: мен унча-мунча гапга кўнмайман, ойим унча-мунчага тўхтамайдилар, гапларини охиригача айтмасалар – қутулмайман. Чидаб эшитиб, кейин мен ҳам ётиғи билан, ўқиганман-да, ўзим томонга оғдиришга ўтаман. Ўзим билан ўқиётган қизларнинг орасида ҳам зўрлари кўп, балки аллақачон йўлдан ҳам ургандир мени биронтаси, лекин унинг ичини билмас, чунки ҳали ғўр эканман. Танлаб-танлаб тозисига учраб қолмай тағин. Ота-онасини кўриб, теги-тугини суриштириб, палаги тозасини танлаб олишим керак. Мана, ўзимизда унинг у қизи ундай, бунинг бу қизи ундан ҳам яхши экан-у, лекин менга тўғри келадигани, ҳа, агар тақдирим тақдирига қўшилган бўлса, фаришта омин деса, худойим йўлимни очиб берса... Оғиз ҳам солиб кўрибдилар, раъйи бор экан, қизининг шу вақтгача инқ этган гапи чиқмаган, унақа гап чиқадиган ҳам қиз эмас, онасини кўриб, қизини ол, қизини кўриб онасини ол... – Қизини-ку, хўп, тушунарли, олиш керак, – деб гапни кулгига бурмоқчи бўлдим. – Онасини нима қиламан? – Тилимни қичитмай ўтир. Бу ҳам бир гапи-да. Онаси жуда яхши, билсанг, эрини шу одам қилди. Отаси халқ душмани бўлиб қамалиб, отилиб кетганда олтита жўжабирдай жон, каттаси ўзи, уйида йиртиқ шолча ҳам қолмаган, йўқчилик, тўйида дастурхонда фақат зоғора нон билан шу хотинни олди, хотин унинг йўқ, бунинг йўқ демай, ҳаммасига чидади, эрини Самарқандда ўқитди, фақат ўзи рўзғор қилиб. Бу ёқда ўнта бола яна. Меҳнатга ёмон чидамли! Мана, эр ма-аллим бўлди, обрў топди, ҳозир, кимсан? – элнинг олди, директор! Ҳаммаси шу Маҳбубанинг тиришиб-тармашиши билан. Қизи ҳам шу палакдан-да, болам, зоти – эрга тегса, эрига суянчиқ. Ўн йил бирга ўқиб, ўзинг ҳам кўриб билиб юрган қиз... Ана шу ерга келганда меники ҳам тутди-ку! – Ўн йил бирга ўқиб?! Шу ўн йил, йўқ, тўққиз йил ичида менга салом берганми ё саломимга алик олганми экан? Ойи, сиз нимани ҳам биласиз! Нукусда ўлай деб ётдим, баланд иситма билан,.. алаҳлаб! Бир марта кўрдими, сўранг! – Ҳай, бизга ҳам айтмагансан-ку ётганингни. Ўзинг чўлоқланиб кириб келганингда билиб ўтирибмиз. Ке-йин, болам, бақирма, нима, билганида шундан шу ёққа сени бориб кўрадими? Қиз бола-я? Унақаларидан худо сақласин. – Қанақаларидан асрасин? – Ҳа... ўшанақа очилиб кетганларидан. Сенинг орқангдан чопиб юрсинми эди? Мен қизга эмас, қиз менга қарасин десанг, билмадим, эртага хотинни қандай эплар экансан. Тўғри-эй, ойим гапни нишлаб жойига урадилар. Сал ўзимни тутдим-у, унча босилолмадим. – Ойи, бизлар мактабда шунча йил гаплашмадик, бир оғиз ҳам. Одам ўрнида кўрмас эди... Э-э, қўйинг, ўзи ҳам йўқ дейди. – Айтяпман-ку, болам, билмасам гапирмайман. Ойим биламан дегандек майин жилмайдилар. Юрагим ғалати бўлиб кетди. – Нимани билдингиз? – Хай энди, ҳаммасини айтиш керакми сенга? Маҳбуба билан гаплашдим, раъйи бор, дедим-ку, бўлди-да. – Ҳабибанинг ўзи Акбарга тегаман дептими? – Тўғри гапир. Мунча, орқанг тутиб қолдими? Қайси ўзини билган қиз тегаман дейди дарров? Бу ёғига бир борамиз, икки... сўраймиз. Ойимнинг ҳужумлари усти юмшоқ, ботини қаттиқ заминга кўчди. У эмас, бу эмас, мен хўп десам, бўлди экан. Йўқ деб туриб олдим. «Мактабда уни оламан деган мендан бошқа ҳам ошиқлари бор эди, ана, ўшаларга тегаверсин», дедим. Ойимнинг жаҳллари чиқди, «Бировнинг боласига туҳмат қилма. Гап ерда ётмайди, ёмонлиққа чиқариб қўясан», деб жеркиб бердилар. Билар эканлар, «Муштдай бошингдан ўзинг-ку гап бўлган, энди бунақа дейсанми?» деб ҳам юбордилар. Мен тушунтиришга ўтдим. Аввал бироз аччиқ қилдим, «Тегадиган кўнгли бўлса, олдин ўйласин эди. Ҳо, шунча йил азобларга уни деб чидаган эканман-да. Агар ўзимни бир нарса қилиб қўйганимда ё Нукусда ўлиб кетганимда, бу бемалол яшаб юраверар эди, ҳеч нарса бўлмагандай. Йўқ, мен ўзимни асрадим», деб ҳам юборибман. Ойим гапимдан таажжубга тушиб, ёқаларига туфлаб олганларидан кейин, ўзимни тамом босиб, одамга ўхшаб жўяли гапиришга ўтдим. Ҳали ўқийман, университетда қолдиришяпти, аспирантурага кираман, худо хоҳласа, олим бўламан, хотин олсам, оёқ-қўлим рўзғорга тушовланади, дедим. Хуллас, ҳозир Ҳабиба тугул, бошқа маликасига ҳам уйланмайман, деб анча маъруза ўқидим. Ойим кўнмадилар-у, катта бўлиб қолган фарзанднинг кўнглига қулоқ солмаса ҳам қийин, сал муддатга чекиндилар. Бу муддатда эса ҳаётнинг ўзи Ҳабиба икковимизни икки томонга улоқтириб юборди. Эътибор қилганмисиз, аёлларимизнинг кўпи, оврупо аёлларига солиштирганда, қоматини адил тутмайди, ўчоққа букчайиб ўт ёқиб рўзғор тутганигами ё болалигидан боши пахтадан чиқмаганигами, эрига мутелигими, тарбиямиз шундай, хуллас, сал эгилиб, елка қисиб юради, бошини азот кўтариб яшамайди. Шунданми, билмадим, ёш ўтгандан кейин айниқса тўлишганлари гирдиғум кўринади. Ҳабибанинг эса саккизта фарзанди бор экан. Албатта, бунчани туққандан кейин қизлигидаги нозиклиги қоладими? Кў-ўп йил мактабда ўқитувчи, завуч бўлиб ишлабди, отасига ўхшаб директорликка кўтарилибди, ҳа, бу ҳам осон иш эмас. Болаларнинг чағир-чуғури адо қилавергандан кейин, бултур шу дўконни қуриб олиб, пенсияга чиқибди. Мен ҳам унинг университетни битиргандан сўнг икки-уч йил ўтириб қолганини, кейин шу томонлардаги узоқ бир қариндошига тушганини эшитган, лекин ўзини ҳам, эрини ҳам кўрмай кетган эдим. Эрини жуда яхши одам дейишган, Ҳабибанинг болаларининг отасидан кўнгли тўқ эканини гапларидан англадим. Кўзларида меҳрга ўҳшаган бир нарса йилт этди-да. Лекин қошининг ўртасида туртиб чиқди: роҳатли бирон кун йўқ, ҳали у боласиникида у ташвиш, ҳали бунисиникида бу, бу ёқда неваралар ҳам бўй етиб, ҳаммаси бир қишлоқ бўлиб бораётган экан. Шу гапларни эшитганда уялдим-эй. Тенгқур, бир вақтлар синфдош бўлган аёлнинг олдида болалик хотираларимни эслаб, ўзим ҳам бола кўринаётгандек, ўнғайсизланиб қолдим. Кийиниб олганимга ҳам ноқулай аҳволга тушдим. Нимамга бунча кеккайдим? Эй, шу замонда саккиз болани туғиб, катта қилиб, ўстиришнинг ўзи бўладими! Эрингни гапирганда, чимирма қошингни, Ҳабиба, у чарчамайдиган одамга ҳайкал қўйиш керак! Зўр инсон экан, мен ўн йилга чидамадим, бу бечора бир умр дош бериб келяпти экан-ку. Ҳа, дарвоқе, саккиз боланинг отаси нимага бечора бўлсин! Ҳабибадек директор хотин билан яшаш ҳам бўёқчининг нилидек осон кечмагандир, ахир. Кейин, ким билади, мени ҳам худо асраб, ҳаётнинг бошқа йўлига бошлаб юборгандир. Ўзига аён. Бўлмаса мен ҳам шунча боланинг ташвишида бир бечора бўлиб юрар эдимми... Бир оз ундан бундан гаплашган бўлдик. Ҳабиба: «Киринг, бир пиёла чой қилиб берай», деди. Нима ҳам деб кираман? Бу катта хотинга: »Эсингиздами, сизни қанчалар яхши кўрганим?» демайман-ку. Десам-да, у ҳам: «Ўлманг-да сиз. Тегаман десам, ўзингиз олишдан қочдингиз-ку», деб чандиб олса . Ҳазил қилиб айтса ҳам, тагида йилларнинг зили қолган-да. Аммо-лекин ўзига қарамай қўйибди. Бандаи ожиз худбин-да – шу ўзига қарамагани менга ёқибди. Менгаки қарамагандан кейин, ёнимда ўзининг аҳволини ҳам бир кўриб қўйсин, дебман-да. Шундан кўнглимдаги ўша хол сал безовталанди. Лекин бунинг, бари бир, эт олиб, жуда барваста, бақувват хотин бўлиб кетгани... бунча эмас-да. Ўзи ҳам яшаши керак-ку ҳали. Гирдиғум паҳлавон, ҳурпайиб олган полвон. Бир вақтлардаги инжа нозик Ҳабиба – бу эмас. Э-э, у Ҳабиба қандоқ эди-я! Қандайлар эди! Йўлдан учта қатор трейлер учириб ўтди, Эрондан юк ташияптими, ёзувлари арабча, балки афғондан. Эпкини бизга ҳам урилди. Ерда ётган хазонлар дув-в эргашаман деб, атрофга тўзон бўлиб сочилиб қолаверди. Ҳа, яна бир гап, биз тарафларда қизларнинг кўп исмини бузиб айтадилар: Шафоат – Шапаат, Моҳира – Мойра, Фароғат – Парахат, Раҳматой эса Раматой. Қулоқ ҳам ўрганиб кетган. Бу директор хотинни ҳам, турган гап, Ҳабба ма-аллим ёки Ҳабба директор дейдилар. У Ҳабибага ҳеч бир ўхшаши йўқ. Агар шунча болани деб қошлиги ҳам қолмаган қошини сал-пал чимириб қўйишини айтмаса. Мен ҳам унинг хотирасидан ўчиб кетганман, ҳозир кўриб эслаб қолди. Ўша вақтлари менга шунча ситам берганини англамагандир ҳам. Бўлмаса, нимага бешинчи курсни битираётганда раъй билдирган? Гап кўп-у, энди ҳозир қизиқ эмас, кераги ҳам йўқ. Албатта, бу ўша Ҳабиба эмас, бу полвон хотин – Ҳабба. Ҳа энди, бировдан саккиз бола туққан бу хотинни болалигимда ўлгудай яхши кўрганман, деб айтиш ҳам жуда ўнқовсиз. Эшитса, болалари кўзимга кўрсатар, эрининг ҳам ҳурмати бор. Мен бу хотинни севмаганман, биродарлар, умрим баҳорида бир қизни яхши кўргандирман, лекин буни эмас, хаёлимдаги истиғноли Ҳабибани. Ҳа, у тугмачагул эди. Ҳозир... э-э, гулхайрини биласиз-а? Сувсиз уват-адирларда ўсиб ётади. Чиройли гуллайди, гулбаргларининг тагида тугмача-тугмача қатланган уруғи етилади, олиб қўйлакка ҳам қадаса бўладигандек. Албатта, тугмаликка ярамайди, авайлаб ушламасангиз, кирт этиб синади. Гулхайрининг гули катта-катта оқ, қирмизи, гулгун очилиб кўзни қувонтиради. Орасида доим зарғалдоқ сайрайди, у ҳам шунинг ошиғи, тўйини шунда қилса чиқар, ичи қушлар бозори-да. Лекин кесиб дасталаб, гултувакка солиб бўлмайди. Танаси узун, бутунича сертук, туки қўлга кириб қичитади. Гулхайри эркин, хоҳлаган жойидан чиқиб, ўзича гуллаб турадиган ёввойи дала гули-да. Лекин гуллари ниҳоятда кўркли, айниқса узоқроқдан қарасангиз. Авзоидан бу ҳаво бир ёғин олиб келади. Ўтган уловларнинг эпкинида хазон чинқиряпти. Бу хотинни яна неча йиллар кўрмай кетаман, худо ҳамманинг ҳам раҳмимни еган бўлсин. Ҳе-э, билмайсиз-да, у Ҳабиба қандай бўлган!.. «Ёшлик» журналининг 2010 йил, 5-сонидан олинди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62661 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59746 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23788 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23613 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23364 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19835 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14639 |