Тилни тийган яхши (қатралар) [Rahim Qodirov]

Тилни тийган яхши (қатралар) [Rahim Qodirov]
Тилни тийган яхши (қатралар) [Rahim Qodirov]
Ер Меҳри
– Намунча ерга ёпишмасанг, – дебди Шамол.
– Ернинг меҳри, бағри иссиқ-да, – дебди Қор.

Шакл
– Кўп сиқмагин, эзилдим-ку! – зорланибди Лой.
– Сиқмасам, ғишт шаклига кириб бўпсан! – деб жавоб қилибди қолип.

Гўзаллик
– Одамлар нега доим сенга интилади? Сиринг нимада?– сўрабди Жар.
– Уларни бошимга кўтариб, дунёни кўрсатаман, – дебди Чўққи.

Алам Ва Ғам
Алам шериги Ғамга дебди:
– Табассум билан гаплашма, у бизни кўролмайди.

Бағри Иссиқ
– Тошкўмир бунча қоп-қора, хунук бўлмаса? – дебди Кесак.
– Сиртдан баҳо бермагин, унинг бағри нақадар иссиқ, – дебди Тош.

Гул Ва Зарпечак
Зарпечак Гулга ўшқирибди:
– Қуриб кетгур. Одамлар бўйи-бастинг учун доим бизни юладилар!..
– Э, нодон, шунга қуритадилар, деб ўйланасанми? Ахир, барча нарсани бўғиб кўкартирмайсан-ку?!.

Тўғрилик Учун
Болға эгри михни тўғрилашга ҳаракат қиларди. Шунда эгри Михдан нидо чиқибди:
– Раҳминг келсин...
– Бўлмаса, тўғри тур-да, – дебди Болға.

Қўнимсизлик
– Мени нега шамол қувлагани қувлаган? – сўрабди Сомон.
– Илдизингдан айрилгансан! Шунга қўниминг йўқ, – жавоб берибди Чинор.

Улуғ Бахт
– Оқибатинг шу экан: бир зум ёниб, кейин кераксиз бўлиб қолдинг-ку! – дебди Кулга Кесак.
– Ахир, олов бўлиб, одамларнинг хизматини ўтаб, бурчимни адо этдим. Бундан улуғ бахт борми! – дебди Кул.

Вазифа
– Кўп гапириб, бошимизни оғритиб юбординг, – деди Тишлар.
– Вазифам гапириш-да, – дея ялтоқланибди Тил.
– Тилни тийиш ҳам бизнинг вазифамиз доирасига киради!
Тишлар бирлашиб, оғизни очирмабди.

Девор
– Одамлар ғалати-да, деворнинг қулоғи бор, секин гапиринглар, деб мени гуноҳкор қилишади, – дебди Девор.
– Эътибор берма, улар бир-бирларидан қўрққанларидан сендан хавотирланишади, – дебди шифт.

Қадр
– Қисқич ўзи нима-ю, хизмати қанча бўларди?
– Хизматини қадрлаймиз. Бизларни бирлаштириб турса, бўлгани, – изоҳ берибди Қоғоз.

Бағри Кенглик
Тошлардан ўтаётган иссиқ ҳарорат тупроқни қиздирарди.
– Тошбағирсан, дейишарди. Ҳақ экан, бунчалик куйдирмасанг?
– Нима қилай, Қуёшни кўрдим дегунча тафтида ёнаман, – дебди тош.

Алҳазар
– Бошни мен омон сақлаб турибман, – дебди Тил.
– Алҳазар! Тавба! – деб ҳайрон қолибди Ақл.

Оқибат
Фарзин Филга изоҳ берибди:
– Руҳ ўзини тўғриликка уравериб, оқибат ўрнини четдан топди-ку.
– Ундоқ эмас. Шоҳимиз унинг садоқатини билиб, ўз ўрнини топширган, – дебди Фил.

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди.
Mualifning boshqa asaralari
1 Tilni tiygan yaxshi (qatralar) [Rahim Qodirov] 434
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика