Страдивариус скрипкаси (новелла) [Nikolay Gumilyov]

Страдивариус скрипкаси (новелла) [Nikolay Gumilyov]
Страдивариус скрипкаси (новелла) [Nikolay Gumilyov]
Метр Паоло Белличини скрипка учун соло ёзди. Куйлаётиб, лаблари титраб кетди, оёқлари асабий ҳолда тактга уринар, узун-узун, оппоқ ва нозик қўлларининг шўхлиги тутгандай, бепарволик билан камончани қайирмоқчи бўларди. Метрнинг минглаб ўқувчилари унинг худди мана шу - оппоқ ҳинд илонларига ўхшаш қўлларидан қўрқишарди.
Кекса меетр машҳур эди. Ҳеч ким унинг сеҳрли мусиқасидан аълороқ бирон-бир иш қилолмаган. Ҳукмдор гертсоглар у билан танишишни шараф деб билар, шоирлар унга шеърлар, поемаларини бағишлар, аёллар унинг ёшини ҳам унутиб, табассум ва гуллар ҳадя этишарди. Шунга қарамай, турли гап-сўзлар мусиқачининг сархуш шуҳратига соя солиб ўтарди. Унинг иқтидори, аввало, худо юқтирган иқтидор эмас, аксинча, у ўйламай-нетмай, қайсарлик билан улуғ санъаткорлар руҳини жодугарлик йўли билан ёриб ўтади, безовта қилади, дейишарди. Метр мухлислари бундай гаплардан қанчалик аччиқланмасинлар, улардан ҳасад, камситилган ҳамият ҳидлари келиб турибди, демасинлар, барибир бу гап-сўзларда ҳам жон бор эди. Чунки кекса метр мусиқалари аллақандай қўл етмас нималаргадир, қайларгадир учаётган ҳавойи ва телбавор, эҳтимол, таъқиқланган парвозларга ўхшар. Бундан ташқари, у шундай ожиз ва уқувсиз, баланд бўйи, озғинлиги жанубий мамлакатларда яшайдиган ғамғин ботқоқ қушини эслатарди.
Метрнинг кабинети мусиқачи хонасидан кўра кўпроқ қора рангли китоблар сотувчисиникига ўхшаб кетарди. Баландда товушларнинг яхши таралиши, эшитилиши учун англаб бўлмас эгри-бугри чизиқли гумбаз ва арклар ўрнатилган.Улкан виолончеллар, эски темир мусиқа асбоблари ҳали ҳам жозибасини йўқотишмаган, айни пайтда туш кўришаётгандай, алаҳсираётгандай Лоррена, Колланинг ажойибу ғаройиб асарлари сингари қоронғу бурчакда тиқилиб туришарди. Деворларга эса мураккаб алгебраик тенгламалар, қийшиқ бурчаклар, учбурчаклар, айланалар чизиб ташланган. Кекса метр математикларга ўхшаб, ўз ижодини ҳисоблар чиқар, мусиқа алгебранинг юраги деб биларди. Бу хонанинг ягона безаги - қизил бахмал билан қопланган скрипка футляри эди. Бу скрипка - машҳур Страдивариус яратган энг севимли, энг сўнгги соз эди. Уста бу асбоб устида ўн йил ишлади. Бу сознинг шуҳрати тугалланмасиданоқ олий доиралар тилига тушди. Уни қўлга киритиш учун ҳукмдорлар баҳслашишар, ҳатто Франтсия қироли бир эшакка юк бўладиган олтин беришни ҳам ваъда қилди. Папа эса - парли кардинал шляпасини! Бироқ улуғ уста бу таклифларга учмади, пўписалардан қўрқмади. Уни ўша пайтда ёш, ҳали номи чиқмаган Паоло Белличинига туҳфа қилди. Фақат скрипкадан ҳеч қачон айрилмасликни талаб қилди. Паоло қасам ичди. У ўзининг энг бахтли дамлари учун фақат шу скрипкадангина миннатдор эди. Скрипка гўзал маҳбубаси, севимли ёрига айланди. Соз унинг оппоқ қўлларида гоҳ қотиб қолар, гоҳ йиғлаб юборарди. Ҳатто энг ашаддий ошиқлар ҳам бу сознинг овози суюклиларининг овозидан-да дилбарлигини тан олишар, англаб етишар, ҳис қилишарди.
Кеч тушди. Тун боғ ичида олис ва қадимий даврлардаги сўз усталарининг нутқлари сингари ўсиб борди, қизил, мовий ва оқ баргли гиатсинтлар каби сочилиб ётган юлдузлар остида гуллаб кетди. Венетсиянинг баланд деразалари қаршисига келиб, чайқалиб кетди, аста-секин чиқиб келди-да, осмон остида туриб қолди. Шу тун билан бирга-бирга метр қалбидаги нотинчлик кучайди, сувнинг енгил, совуқ ирмоғи каби илҳомга сокин олов қуйилди. Куйнинг бошланиши гўзал эди. Майин куйларни кучли тўлқин бир зумдаёқ эгаллаб олди, бу товушлар бир-бирини қувиб, бир-бирига гал бермай, шитоб билан кўринмас чўққига интилишар, у ердан қўлида дунёнинг энг гўзал гули - улуғвор мусиқа оҳанглари билан қайтишни исташарди. Бироқ айнан шу сўнгги қатъий парвозни кекса метр уддалай олмас, охирига етолмас, етказолмас, туйғулари қанчалик шиддатли бўлмасин, соддагина математик ҳисоб-китоблар уни бор кучлари ўшал гўзаллик сари қанчалик етаклашмасин, у учолмасди. Бирдан унинг хаёлидан қўрқинчли ўй кечди. Эҳтимол, даҳо устоз охирги нуқта - юксакликка кўтарилиб бўлгандир? Паолонинг бунга кучи етмаса-чи? Қачон келади мукаммаллик, комиллик?! Бироқ кутиш унга тўғри келмайди - бунинг учун кексалик қилади. Кутолмайди, ибодат қилиш эса фақатгина оддий ва кундалик ишларда ярайди, ёрдам беради, холос. Ижод изтироблари эса - чин ёзмишдир,қисматдир. Унинг олдида боласини дунёга келтираётган аёлнинг-да азоблари арзимасдек кўринади.
Кекса метр телбанома умидлар исканжасида скрипкага қаттиқ ёпишди - гўёки у унинг сирғалиб тушиб кетаётган туйғуларини, оҳангларни ушлаб қоладигандай, қўли етмас нарсасини олиб берадигандай. Ҳаммаси беҳуда! Скрипка ҳар доимгидай итоаткор ва майин жилмайди, куйлади, ўйларидан сирғалиб тушди, аммо ўшал машъум нуқтага етмай, етолмай, енгил сувлуқ билан боғланган тоза қонли араб тулпоридай тўхтади. У дўстидан уни тинглашни эркаланиб, ёлвориб сўраётгандек кўринди. Деворларда терилиб турган қадимги мағрур шоирларнинг оғир жилдли китоблари қорайиб кетди, улар скрипканинг изтиробларини ҳис этишгандай, санъатнинг муқаддаслигини яна бир бор эслатишгандай, унинг давомли, барҳаётлигига улар-да дахлдорлигини айтишаётгандай эди. Бироқ қаҳри қаттиқ метр ҳеч нарсани тушунмади ва унга ёрдам бермаган скрипкани зарб билан футлярга отиб юборди.
Ўринга кириб, бироз ором олмоқчи бўлди. Узоқ тўлғонди, аммо ухлай олмади. Тугалланмаган соло ўйи даҳшатли қип-қизил бургутдай боши узра осилиб турарди. Ниҳоят,уйқу келди, оғриқлари ёйилиб кетди. У охири йўқ йўлак бўйлаб кета бошлади. Йўлак кенгайгандан кенгайиб, ёруғлашиб, уни олисларга олиб кетди. Чор-атрофда аллаловчи, унутилиб кетган нафаслар эшитилди, товушлар чалинди. Қанотли каламушлар сингари нимадир сокинлашган, ҳеч нрасани эшитмаётган Паолонинг бутун вужудидан сизиб ўтгандай бўлди. У кутилмаганда ёлғиз эмаслигини ҳис этди. Ёнида ўрта бўйли, қора соқол, қарашлари ўткир, жингалак соч нотаниш одам борар, у қадимий немис миннезингерларига ўхшаб кетарди. У эгнига кулранг, қора ва бинафшаранг марварид иплари билан ўралган матони ташлаб олган, унинг елкасида товланаётган афсонавий алвон ипак Константинопол султонининг энг нозиктаъб ва инжиқ, танти ва севимли асирасининг ҳам ақлини оларди.
Паоло йўлдошига ишонч тўла табассум билан қаради. У эса бир текис овозда сўзлай бошлади:
«Мухтарам метр, ҳеч нарсадан қўрқма. Мен санъат фидойиларини ҳурмат қилишни биламан. Менга қора ниятли ҳукмдор ва гуноҳлар отаси деб туҳмат қилишади. Аслида, мен фақат гўзаллик яратувчи, шу гўзалликлар шайдосиман, холос. Довруқли Каин бу ерлик бўлмаганлар билан ҳисоб-китобини қилиб, дунёни қуриш ишига киришган чоғида унга устозлик қилдим. Яъни, ожиз сўзлардан чинакам шеърий оҳанглар, ўткир қиррали олмослар билан фил суяларидан одамлар ва жониворлар қиёфасини яратиш, мусиқа асбобларини ясаб, уларга эгалик қилиш санъатини ўргатдим унга.У билан биргаликда Ливан тоғларидаги қуюқ кедрлар соясида салқин кечаларда ажойиб ариялар куйладик. Далалар бўйлаб жонбахш шамоллар эсди, улкан-улкан жануб юлдузлари киприк қоқмай бизни кузатишди. Тунги осмон остида қоп-қора капалаклар қанотларидан учган чангнинг соялари учиб кетди. Пастда - оқим бўйлаб ғазаллар оқди. Уларни узоқ тинглаб, ҳайратланиб,бошимизни кўтардик, ойдан оқаётган нурларни ичдик. Биз нурлар рақсидан шодланар, суюнардик. Дунё бундан кейин бундай мусиқани бошқа эшитмади. Орфей яхши чаларди, аммо у арзимас муваффаққиятлар билан қаноатлангувчи эди. Уни тинглаб тошлар йиғлаганида, эринчоқ арслонлар юввош тортганидаёқ мукаммалликка, комилликка етишишни тўхтатди, чунки у комилликка эришиб бўлдим, деб ўйлади. Ҳолбуки, унинг этагига эндигига етган эди. Унинг куйлари билан юнонларгина илҳомланишар, бу билан улар ўзларини янада ақлли ва гўзал инсонлар деб билишга, кўрсатишга уринишарди,холос.
Шу кундан бошлаб, ғамгин ва кўримсиз дамлар бошланди. Негаки, одамлар ажойиб оҳанглар сеҳрини унута бошлашди. Мантиқ билан шуғулланишга киришдим. Георгий билан суҳбатлашар, гоҳида жуда чуқур кетиб, фалсафа оламига чўкиб кетдим. Телба монахлар билан бирга Париждаги Богоматер собори минорасига қўрқинчли маҳлуқ ҳайкалчасини қўйишни ҳам ўйлаб топдик, энг жозибали Хоним суратини чиздим, уни Саванороннинг ёввойилари ёқиб юборишди. Мен ҳатто Австралияда бўлдим. У ерда узун қўлли ёқимсиз одамлар учун ажойиб ўйинчоқ - бумеранг кашф этдим. Ҳозир бу ҳақда ўйласам, кулгим қстайди. Бу ўйинчоқ қаҳрли ёввойининг қўлида жонга киради, учади, қайрилади, буралади ва душманининг бошини олиб, хўжасининг оёқлари остига ташлайди. Кўриниши шу қадар юмшоқ ва беозор, бегуноҳ! Тўғриси, у сизнинг алмисоқдан қолган зил-замбил милтиқларингиз ва тўпларингиздан минг марта афзалроқ. Аммо буларнинг бари арзимас нарсалар эди .Мен оҳангларни қаттиқ соғиндим. Страдивариус ўзининг илк скрипкасини яратганида ҳаяжонга тушдим, ўша заҳотиёқ унга ҳамкорликни таклиф этдим. Бироқ қайсар кекса чол ҳеч нарсани эшитгиси ҳам келмади. Аксинча, менга сираям ёқмайдиган, қўл-оёғи михланган пайғамбарига соатлаб илтижо қилар, сиғинарди. Мен даҳшатли ишларни кўриб турардим. Одамлар энг юқори, энг баланд гармонияни фақат мен яратган скрипка торларидан олишларини истардим.. Бу - фақат менинг эмас, Яратганнинг номидан эди! Мени қўлингда турган шу скрипка даҳшатга солар, қўрқитарди.
Яна бир мингйиллик ўтиб, шундайин шаҳд, иштиёқ билан шундай созлар яратилганида борми, мен абадий қоронғуликнинг ғамғин тубсизликларида йўқ бўлиб кетардим. Не бахтки, у сенинг қўлингга тушди! Сен эса яна мингйилликлар ўтишини сабр билан кутишни истамайсан, кутолмайсан.Сен бугун кутилмаганда мен чалган куйга тушиб қолдинг. Мен уни олис тунда - гуннлар франклар монастири деворлари ортида ярим минг бегуноҳ қизларни қийноққа солишган дамда яратган эдим. Бу - жуда зўр куй эди! Истасанг, мени уни охиригача чалиб бераман». Нотаниш одамнинг қўлида скрипка пайдо бўлди. Тўқ қизил рангли, кўринишидан бошқалардан фарқи йўқдай. Аммо Паолонинг синчков кўзлари осонлик билан бу скрипканинг бошқалардан ажралиб турадиган чизгиларини илғади, кўрди ва кекса метр ҳаяжондан қотиб қолди.
«Ажойиб нарса! - деди нотаниш одам.- У Византия маликасининг кўзларидай қайсар, қўлларидаги қимматбаҳо узуклари сингари тантиқ. Нималарнидир хиргойи қилади, хаёлингга ҳам келмас оҳанглар топади у. Ҳатто менга ҳам уни бошқариш мушкул». Ва у чала бошлади. Афродита денгиз бўйида оппоқ қояларда бўзлаб, юрагини тирнаб, Адонисни чорларди гўё. Паоло ҳаммасини тушунди. У буни қачонлардир соғиниб излайди, бундан ҳам муҳими, у соғиниши мумкин бўлган ягона туйғу эди бу. Фақатгина у бу истагига, бу соғинганига ердаги ҳаётида етолмади, етишолмади. Ҳаммаси ўзгарди. Кун ярмида қуюқ, зардали булутлар остидаги тол барглари шамолда шовуллар, бошоқлар ранги мовий, тилларанг, донлар ичида ёқутлар ҳам ял-ял ёнарди. Пурвиқор қуёш осмонга кўрк бағишлаб турар, дарахтларга жон ва роҳат, мўл-кўл мевалар берар, ғаройиб қушлар тинмай қичқиришар, капалаклар учаётган гулларга ўхшашарди. Олиймақом скрипка жаранглаб куйлар, еру осмонни ларзага солар, ҳаво ҳам шундай соғинчли бахт билан тўлиб кетгандики, борлиқни бўлиб-бўлиб юборди.
Паолонинг қалби парчаланиб кетди. Бу даҳшатли тушдан уйғонганида кўзлари янада ғамғинлашди, ўйлари қоронғулашди. Тушида тинглаган куйидан нималар эсида қолдийкин? Ер юзида яна шундай скрипканинг ўзи бормикан? Иблис ниятига етди , яхши ўйин кўрсатди - айёрона нутқлари, сўзлари метрнинг ожиз ва очкўз юрагини заҳарлади. О, Страдивариуснинг севимли ва бечора скрипкаси! Сени энг бахтсиз, энг дилгир дамда буюк устанг Паоло Белличини қўлига тутқазди. Сен инсониятнинг неки эзгу ўйлари, ҳис-туйғуларини нозиқ пардаларга жойладинг, одамлар билан тиллашдинг. Оқибати эса-қочиб бўлмас тақдир ўйинида айбсиз қурбонга айландинг! Надоматлар бўлсинким,инсон яна шундай қудрат яратгунча, унинг қалби, қўлига яна шундай муқаддас онлар келгунча қанчадан-қандан асрлар ўтиб кетади энди!

Метр Паоло Белличини сеҳрли футлярга йўлбарсдай писиб борди. У ўзининг севимли, садоқатли йўлдошини астагина чиқарди. Унинг мукаммал яратилганини илк бора сезиб қолди. Алами келди. Скрипкани ўзидан сўнг кимгадир бериши зарурлигини ўйлаб, кекса метр рашкдан титраб кетди. Йўқ, йўқ! Шунчалик нозик, шунчалик гўзал ва севимли ҳилқатга ҳеч ким ҳеч қачон қўл текизолмайди. Оғир оёқ кийими пошналарининг кучли зарблари остида синиб кетган скрипканинг учаётган изтиробли оҳанглари янграб кетди. Шовқинни эшитиб, югуриб келган толиблар метрни ақлдан озганлар уйига олиб боришди. Бу - шаҳар четидаги қайғули ва қоронғу бино эди. Тунлари бу ердан қичириқлар, оҳ-воҳлар эшитилар, кутилмаган босқиндан қўрқиб юргувчи қоровуллар совут кийиб олишарди. Телба Паолони пастдаги қоронғу ертўлага жойлаштиришди. Унга қўллари қонга беланган бўлиб кўринди. Ҳар куни ичиш учун бериладиган сувни қонни кетказаман деб тошли деворга ишқалаб ташлаган қўлларини ювишга ишлата бошлади. Орадан беш ўтиб, қоровул уни ўлик ҳолда топди - у сувсизликдан жон берган эди. Тунда чуқур қазиб, ҳеч қандай сўзсиз, маросимсиз кўмиб ташлади. Страдивариуснинг мўъжизакор скрипкаси ўлими тиллардан тилларга, эллардан элларга, йиллардан йилларга қайғули қўшиқдай кўчди. Унинг қотили эса энг даҳшатли ўлим топди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика