Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov]

Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov]
Анойи ёки ечилмаган еттинчи т... [Abulqosim Mamarasulov]
Ҳамма гап шундаки... Ниёзмат уч кундан бери уйидан чиқмас эмиш, ҳар замонда дарвозадан кўчага умидвор мўралаб, тағин ичкарига уриб кетармиш, худди чиллали келинчаклардай. Ҳамиша соқол мўйлови ўсиб, таппиюқи кирзавой этик кийиб юргувчи Ниёзмат уч кундан бери худди меҳмонга бораётгандай – ясан-тусан, оёқда хром этик, ҳар куни икки марта мойлаб, соқолини қайта-қайта қираётган эмиш. Айниқса, ҳовлида Эшқобил фермага ўхшаб, қўлларини орқасига қилиб, кўкрагини кериб, дамба-дам томоқ қириши бошқача эмиш. Умуман, ҳеч ким билан гаплашмаётган эмиш. Жин чалганми, бало текканми, ҳеч бир инсон билмайди. Тўрт кун бурун Эшқобил ферма «езиб ташлагач», молхона ортига ўтиб тавалло қилгани, «ишқилиб ўзинг қўлла, ҳеч бўлмаса бир кунгина мени шунинг ўрнига ферма қил, бу касофат менга ўхшаб молбоқар бўлсин, бир тесини шилай», дегани жўраси - Қосим артисга маълум экан. Қосим артистга у: «Eртага ишга чиқмайман, шаҳарга бораман, етти сўмга гўшт олиб келиб, уйда маза қилиб ейман, юраман мазза қилиб», деган экан. Эртаси кун уйдан етти сўм олиб, шаҳардан гўшт олиб келаман, бир қайнатма шўрва қилиб ичамиз, деб чиқиб кетган экан. Кечқурун шип-шийдам бўлиб қайтипти: на гўшт бор, на пул. Хотинининг саволларига жавоб бермай, ичкарига кириб кетипти. Аввалига хотини аҳволни бировга атийша истиҳола қилипти. Ниҳоят учинчи куни қўрққанидан қўшнилари Мамат билан Усмонни чақирипти. Қўшнилар жиннихонага олиб бориб ётқизсакмикан, деб маслаҳатлашиб турган маҳал Ниёзмат ичкаридан чиқиб, каллаларинг ишламайди сенларнинг, ққабилида ғалати қарабди, сўнг кўчага ишора қилиб, уч бармоғини кўрсатибди ва яна ғоз юриш билан ичкарига кириб кетибди. Шунақа...
Воқеа аслида, кейинроқ баён қилишларича, қуйидаги тарзда кечган:
Ниёзмат ҳақиқатан ҳам етти сўмга икки кило гўшт олиб қайтаётганда жуда салобатли, салласи саватдай, тўни узун ва кенг, оппоқ соқоли кўксига тушган, бошдан-оёқ кийими оппоқ, ҳассаси ҳам ғаройиб, кинолардаги уламоларникидай – бир оқсоқол рўпарасидан чиқди. На ёш деб бўлади уни, на кекса.
— Худойимга тавалло қилган сенмидинг, эй ҳокисор банда?! – деди у чўзиб, ҳар бир сўзига алоҳида урғу бераркан. – Ҳасратинг жойига етиб борди, бўтам! Уч кун ичида ҳаётингда катта ўзгариш содир бўлади.
Ниёзмат ҳангу-манг бўлиб қолди. Ким экан бу?! Овози, қарашлари, қандайдир танишмией. Аммо эсла олмади. Наҳотки Ҳазрати Хизрга дуч келган бўлса?! Ниёзмат эсини танигандан бери Барлосда бунақа салобатли нуронийни кўрган эмас. Соқол ҳам шунчалар узун бўладими, оппоқ. Кийимлариям оппоқ. Тўнининг барлари ерни супараман, дейди. Қуёш тафтида қорайган пешонасидан нур ёғилаётгандай. Кўзлари кишига ўқдай қадалади. Айтишларича, Ҳазрати Хизр ҳар бир йигитга умри давомида уч марта дуч келармиш, нимани тиласанг бажо билармиш. Қарабсанки, сендан бадавлат одам йўқ. Ундан сўнг сомоннинг ғамини емасанг ҳам бўлаверади. Наҳотки у... Ёши бир жойга борганда... Ҳозир шартта оёғига йиқилсамикан? Ҳазратим, бир тилагим бор десамикан? Йўқ, унинг ўзи кўнглидагини айтяпти-ку! Ё биронтаси... ундай деса...
Чол қўлларини узун енглари ичига тортиб, салобат билан турарди.
— Эй бандаи гумроҳ! Тез худо йўлига хайр қил! Йўқса тилагинг ушалмайди. Катта давлатдан маҳрум бўлиб қоласан. Кейин етти пуштинг сени ношудлигинг учун қарғаб ўтади. Кўряпсанми яратганнинг қўлларини. – Чол кўзларини осмону-фалакка қадади.- Ана, муборак қўллар сенинг манлайингга яқинлашяпти. Хайр-еҳсон қил, бўлмаса у қўллар сендан ранжур!
Ниёзмат муборак қўлларни кўриб қолай деб осмонга тикилди. Ҳеч вақони илғамай, қуёш нурида кўзлари қамашиб, ерга қаради. Уни энг ҳайратлантираётган нарса шу эдики, анави чол қуёшга тик қараётган эди.
— Бандаи мўмин! Осийлик қилма! Сенинг кўзингга ул ўзини кўрсатмагай! Ул нур шаклидадур! Тез еттита чалпак ёки етти танга садақа қил. Ўшанда тилакларинг ушалгай.
Ниёзмат шошиб қолди. Чолнинг бир қарашда қўпол, аммо ширадор сўзлари, мағрурлиги, бир текис гапириши Ниёзматни тамоман ўзига ром этган эди. Энди у қаршисида ҳазратнинг ўзлари турганига сира ҳам шубҳа қилмасди. Айтишларича, ҳазрат кимга рўпара келса, унинг қандай одамлигини билиш мақсадида ё пул, ё бир кеча ётарга жой, ё таом сўрармиш. Саховатли эканингни билгач, саховатманд бўлар эмиш – юз йилга етгулик мол-давлат инъом этиб кетармиш. Ана ўшанда мана бундай – икки кило гўшт учун раён маркази – шаҳарчага қатнаб, овора бўлиб юрмайсан. Ниёзмат фарзанд тиламайди. Худога шукрки, етти боласи бор. Ўшаларни тарбиялаб, вояга етказиб олса ҳам катта гап. Ниёзмат ҳеч вақоси йўқлигини билса-да, нимадир қилиш керак бўлгани учун киссаларини кавлаштирди. Ҳазрат жўртта синаш мақсадида пул солиб қўйиши ҳам мумкин экан-да. Пулим йўқ, десанг киссангдан олиб кўрсатиб, изза қиларкан.
— Қўлингдаги нима? – сўради Ҳазрати Хизр, Ниёзматнинг безовта бўлиб қолганини кўриб.
— Бобожон! – деди Ниёзмат жон ҳалпида, - қўлимдаги икки кило гўшт. Етти сўмлик. Уйда ортиқча пул йўқ эди, борини олиб чиққандим. Агар рухсат берсангиз, мен гўштни қассобга топширай, пулни опкелиб сизга топширай...
— Гўштинг аниқ етти сўмликми? – сўради чол, Ниёзматга синовчан тикилиб.
— Ҳа, ҳа, бобожон, етти сўмлик.
— Ёлғон гапирмаяпсанми? – чолнинг ишонгиси келмадими, ё синамоқ ниятидами, Ниёзмат англай олмади.
— Йўқ, бобожон! Ёлғон айтсам тил тортмай ўлай! Айтмоқчи, ишонмасангиз, бориб тарози тортиб кўрайлик.
— Қани олчи бу ёққа!
— Ниёзмат гўштни ўроғлиқ белбоғи билан узатди. Хизр бобо гўштни чамалаб кўрди.
— Боракалло! Боракалло! Яратганнинг йўлига пул садақа қилиш шарт эмас... Сўзларимга қулоқ сол, бандаи мўмин! Ёинким, айтмоқ ниятидаманким, сўзларимдан бирини ёдингдан чиқарсанг, айтилган шартларнинг бирини салгина бузсанг ҳам... сен бояги-бояги ҳолингча қолаверасан. О гумроҳ инсон! Сенинг бошингга ё эртага, ё индин, ё учинчи куни - уч кун ичида бахт қуши қўнмоқ истайдур. У қўна оладиму, ё қайтиб учиб кетадиму, бу сенга боғлиқ. Шу уч кун ичида кўчага чиқмаслигинг даркор. Шу уч кун давомида сен оғиз очмаслигинг, ҳеч ким билан гаплашмаслигинг лозим. Билъакс хаёлингдан ёмон ўёй ёкиёмон ният ўтказмаслигинг керак. Ўшанда сен Эшқобилнинг ўрнига ферма мудири бўласан. Ўзлари келиб, сени машинада олиб кетишади. Ҳовлиқма инсон, ҳовлиқма! Гапларимни уқ! Ёдингдан чиқарма, уч кун қаноат қил, сабр қил! Гуноҳга ботма, бўтам! Хў-ўш, бошқа белбоғинг борми, йўқми?
Ниёзмат анграйганча Хизр бобога ихлос билан термулиб турарди.
— Бошқа белбоғинг борми, эй гумроҳ!?
Ниёзмат тимирскиланди, сўнг Хизр бобонинг қўлларига қаради. Гўштни яп-янги белбоққа туккан эди-да.Аммо шундай-шундай гап, дейишга ҳадди сиғмади.
— Нега жимсан, бошқа белбоғинг йўқми, бандаи мўмин?!
— Белбоғимга... – Ниёзмат қийналди. Айтишга мажбур бўлаётганини, бунга бобонинг ўзлари ундаётганини сездириш мақсадида юзига қаттиқ изтироб тусини берди-да, тугунни кўрсатди.
— Бор-йўқ белбоғинг шуми? – дея сўради Хизр бобо нимагадир норози бўлиб. – Ҳа майли, хайр-еҳсон учун белбоғ керак эмас. Гўштнинг ўзи еттим сўмлик бўлса кифоя. Бир тий ин ортиқ ё кам олмайман. – Хизр бобо ён чўнтагидан янги туман газетасини чиқариб, гўштни яхшилаб ўради. Кейин белбоғни олди-да, шошилмай етти жойидан тугди. – Ма, ол мўмин банда. Ҳар куни эрталаб, кечқурун битта-битта тугунни ечасан. Уч кун тўлганда саноқ олтитага етади. Агар шартларни рисоладагидай бажарсанг, еттинчи тугун ўз-ўзидан ечилади. Кейин кўчани чангитиб, машиналар уйингга келади-да, сени идорага олиб кетади. Ўша куниёқ Эшқобилнинг уйи куяди, ўрнига сен тайинланасан. Кейин ўчингни оласан. Шунга розимисан?
— Розиман! Ҳаммасига розиман, Хизр бобо! – деди Ниёзмат, бобони таниганини, шу билан ўзининг унчалар анойи эмаслигини билдириб қўйиш ниятида мақтангиси келиб. – Мен ҳамма шартларингизни бажараман, ҳазратим!
— Билибсан-да,а? – деди Хизр бобонинг кўзлари шодон чақнаб. – Қандай танидинг мени?
— Шундай. Юрагим сезди, Хизр бобо! – деди Ниёзмат, бемисл шодликдан тиззалари қалтираб. Тиз чўкишга, бобонинг оёқларини ўпишга ҳам тайёр эди айни дамда.
— Яратганнинг муборак қўллари сенинг пешонагда. Ҳозир... эрий бошлайсан. Қара, менга эмас, қуёш тарафга қара! Кўзларингни юм!
Шусиз ҳам Ниёзмат қуёш нурларидан қамашган кўзларини юмди. Ҳақиқатан ҳам қандайдир мулойим қўллар пешанасини, юзини силаётгандай... Ниёзматнинг боши айланди. «Бунчалар олий мукофот нечун?» – Ниёзмат ногоҳ хаёлан Хизр бобо тили йўсинида гапириб юборганини англаб қувониб кетди. Раҳбар кишининг гапи маданиятли бўлиши керак-да. Демак, унга ҳазратнинг нуқси урипти. Гапнинг қуюлиб келишини қаранг. Назарида калласи оғирлашиб кетди Ақлга тўляпти шекилли. У бошини эгди .Шундагина ҳамон кўзлари юмуқлигини эслади. Кўзларини очса, ён-верида ҳеч ким йўқ. Нари-берида ҳам ҳазрат кўринмас эди. Ана энди кароматга, илоҳиётга ишонмай кўр. Ниёзмат кўзларини ишқалади. Қўлига қаради: белбоғ, етти жойидан тугилган. Ҳаммаси ҳақиқат. – Ниёзмат ҳавойи ўйлар оғушида маст бўлиб, аста йўлга чиқди. Дўконларни би-ир ораласа-чи? Ўзлари машинада олиб кетишса... Эшқобил ферманикига ўхшаш кийимларни кийиб юриш керак бўлар. Совхоз директори доим галстук тақади, шляпа кияди. Ферма мудири – ўнг қўли. Аммо... «дарров уйингга бор, ҳеч ёққа чиқма», дедилар шекилли. Шартни бузмаслик керак. Бунинг устига ҳозир ёнида пули ҳам йўқ. Майли, гап кийимда эмас, - каллада!
Ниёзмат агар фермага мудир бўлса, директор билан гапни бир жойга қўйиб, аввал Эшқобилни қуритади. Эшқобил ферма қанча молни гумдон қилганини, умуман ҳамма ўғирликларини яхши билади. Мана энди унинг жазосини бериш керак.
... Эшқобилнинг қўлларини орқасига боғлаб, қишлоқнинг ўртасига олиб чиқишса, кейин барлосликман деганнинг бари йиғилса. «Нопокни қувғин қиламиз», деса халқ бир овоздан. Ҳамма уни тошбўрон қилишга шайланса. «Шошманглар ўртоқлар!» деса Ниёзмат ўртага чиқиб. Ҳа, ҳа, айнан «ўртоқлар!» дейди. Ниёзмат қандай қилиб бу сўз ёдига тушганига ҳайрон бўлди. Кейин қойил қолди: калласи виж-виж ақл. Ҳа, яна бир марта «Шошманглар, ўртоқлар! - дейди бир қўлини баланд кўтариб. – Биз бу инсон қиёфасидаги блғични ер юзидан супуриб ташлашимиз ҳеч гап эмас. – Ана, ана, чиройли сўзлар шундоққина қуюлиб келяпти. Кейин: - Биз юлғичга шунақа жазо берайликки, инсон бўлиб туғилганига минг-минг пушаймон есин. Уни чўлу-биёбонларга ҳайдайлик, токи ўлгунича элга элакишолмай, одамлар билан гаплашолмай юрсин!»
«О! Баракалла! Қойил!» – Барлосликлар Ниёзматни олқишлашса, шунчалар ақлли ҳукм чиқарганига тасаннолар ўқишса. «Ўзимизнинг Ниёзматми шу?!» дея ажабланишса. Ниёзмат эса чуқур ўйга толгандай, кўзларини бир нуқтага қадаб тураверса... Кейин директор билан маслаҳатлашиб, ҳамма ишчиларга янги-янги уйлар қуриб берса... Эҳ-ҳе! Ҳали жуда кўп яхши ишлар қилади. Зўр бўлади!..
Ниёзмат ҳовлисига етиб келганини сезмай қолди У уйига кўчадан қаради. Деворлар эскирган. Ўтганқишда ёғингарчилик кўп бўлиб, томидан томчи ўтиб кетди. Молхоналари қийшайган... Ферма мудири – совхоз директорининг ўнг қўли бунақа уйда яшаши уят! – Ниёзмат ҳовлига ўтди. Молхонадан чққан гўнг томорқага тўкилган. Бир гала товуқ қу-қулашиб, гўнгни титяпти. Тезда бу гўнгни ҳам, товуқни ҳам йўқотиш керак. Ҳозирдан бошласачи? Йўқ, Хизр бобо «уч кун сабр қил!» дедилар. Кейин... бола-чақаси билан гўнгни тозалаб, ўрнига совхоз идораси ёнидаги каби иккиқатор чиройли гул ўтқизади. Ана, ана, калласига яна ақлли фикрлар келяпти.
Ичкаридан хотини чиқди. Эрининг томорқага ғалати тикилаётганини кўриб, ҳайрон бўлди.
— Гўшт олиб келдингизми? - деб сўради
Ниёзмат хотинига бир қарадию, индамай ичкарига кирди. Кира туриб «икки кило гўштнинг ғамини еяпсанми, хотин!» деб юборишига сал қолди. Хотини орқасидан эргашди, яна суриштирди Ниёзмат мум тишлаганча каравотга борди-да, узала тушиб, тескари қараб ётди. Ундан садо чиқмагач, хотини лол бўлиб, даҳлизга чиқди. Ниёзмат чарчаган эканми, кўп ўтмай уйқуга кетди. Туш кўрди, тушида яна Хизр бобо... билан етаклашиб бораётган эмиш. Кейин иккови совхоз директорининг «Волга»сига ўтиришипти-да, тўппа-тўғри совхоз идорасига йўл олишипти. Йўл четидаги бир дарахтга ферма мудири ярим яланғоч занжирбанд қилиб ташланган эмиш. «Гуноҳимдан ўтинглар! Ахмоқ эканман! Икинчи бу б...ни оғзимга олмайман», дея ёлборар эмиш. Кўзларидан юм-юм ёш оқармиш. Ҳар қанча ёмон кўрмасин, Ниёзматнинг унга раҳми келипти. Бора солиб
Занжирни ечмоқчи экан, ҳазрати тўхтатипти: «Қўй, нопокнинг жазоси асли шу!»
«Ҳар қалай буям одам, - дермиш Ниёзмат, ичи ачиб, - бола – чақаси бор».
«Йўқ, бу инсон қиёфасидаги юлғич! Биз уни чўлу-биёбонларга ҳайдаймиз...»
Кейин Хизр бобо Ниёзматни совхоз директори олдига бошлаб кирибди: «Танишинг, бу киши ферманинг янги мудири Ниёзмат Фаёзматович бўладилар Бугундан бошлаб бирга ишлашасиз».
Директор ўрнидан туриб, Ниёзмат билан қучоқ очиб кўришибди. Роса хурсанд эмиш. Кейин биргалашиб, «Волга»да фермага жўнашипти. Йўл бўйи қизлар рўмолларини силкитармиш. Ниёзмат эса гўё бунақа ҳоллар одат тусига кириб қолгандай, директор билан келгусида қилиниши зарур ишларни муҳокама этармиш...
Ниёзмат уйғонди. Хаёлида «Волга» ростдан ҳам йўлга тушгандай бўлиб, шошилиб ҳовлига чиқди. Кўчага қаради. Аммо идора томон тинч.Кўча чангиётгани йўқ. Машина тугул мототсикл ҳам кўринмайди. – Унинг шашти тушиб, ичкарига қайтди. Ҳа майли, ҳали иринчи кун. Дарров олиб бориб қўйишса, қизиғи қолмайди. Озроқ кутиш керак. Кеч кириб қолипти. Энди биринчи тугунни ечаверса бўлади, шекилли.
Қолган воқеалар, азиз ўқувчим, сизга маълум.
Шундай қилиб, еттинчи тугун ечилмади. Кўчани чангитиб, идорадан Ниёзматникига «Волга» келмади. Устига устак тиш қайраб юрган эканми, уч кун ишга чиқмаганини баҳона қилиб, ферма мудири буйруқ чиқарди – Ниёзмат ишдан ҳайдалди. Тўртинчи кун Ниёзматникига пою-пиёда болалик дўсти – Қосим артист кириб келди Бир пиёла чой устида дўсти туш кўрганини, тушида Хизр бобога ўхшаш бир одам Ниёзматдан гап очганини, ғирром экан, гўшти икки килодан кам экан, деганини айтди. «Шу боис тилагинг ушалмай қолганга ўхшайди», деди дўсти. «Ундай эмас, ундай эмас, - дея эътироз билдирди Ниёзмат, - гўшт роппа-роса икки кило эди». «Мурод қассобдан олгандирсан-да». – «Ҳа, ўшандан олганман». – «Ғирром-ку у. Ўзим ҳам ўйловдим, а. Нуқул суяк экан...»

Алқисса, Ниёзмат фермага мудир бўлиш ниятини хайлидан чиқарди. Бориб, Султоннинг бригадасида яна сувчилик қила бошлади...
Mualifning boshqa asaralari
1 Alibek va qirq doʻstining sar... [Abulqosim Mamarasulov] 1796
2 Anoyi yoki yechilmagan yettin... [Abulqosim Mamarasulov] 779
3 Arabcha oʻyin (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1064
4 Atlas roʻmolcha (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 981
5 Алибек ва қирқ дўстининг сарг... [Abulqosim Mamarasulov] 880
6 Арабча ўйин (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 747
7 Атлас рўмолча (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 667
8 Birinchi qor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 815
9 «Baxitli savet ayalining arza... [Abulqosim Mamarasulov] 732
10 «Бахитли савет аялининг арзас... [Abulqosim Mamarasulov] 714
11 Биринчи қор (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 674
12 Eslasa arzigulik voqea (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 707
13 Эсласа арзигулик воқеа (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 690
14 Farishta (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 986
15 Фаришта (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 694
16 Hasharchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 682
17 Hayotning bir lahzasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 727
18 Ҳашарчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 681
19 Ҳаётнинг бир лаҳзаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 693
20 Ismatning qismati (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 703
21 Исматнинг қисмати (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 578
22 Jarima (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 635
23 Жарима (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 926
24 Lola sayli (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 3191
25 Лола сайли (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 574
26 Maslahat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 997
27 Men seni sevaman, Buvirajab! ... [Abulqosim Mamarasulov] 910
28 Маслаҳат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 560
29 Мен сени севаман, Бувиражаб! ... [Abulqosim Mamarasulov] 689
30 Oysha xolaning «kuyov»i (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 725
31 Ойша холанинг «куёв»и (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 619
32 Qaroqchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 682
33 Қароқчилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 635
34 Sevishganlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 2027
35 Somonchilar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 643
36 Suyunchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 611
37 Севишганлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 742
38 Сомончилар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 556
39 Суюнчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 571
40 Taftish (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 677
41 Telba muhabbat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 1375
42 Telpak (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 600
43 Тафтиш (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 631
44 Телба муҳаббат (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 624
45 Телпак (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 548
46 Uch soʻm pul (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 725
47 Uchinchi yoʻl (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 754
48 Uzumzorda (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 589
49 Узумзорда (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 614
50 Уч сўм пул (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 602
51 Учинчи йўл (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 620
52 Yigit ham yigʻlaydimi? (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 0
53 Yigitlikning koʻchasi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 684
54 Yoʻlovchi (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 706
55 Йигит ҳам йиғлайдими? (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 0
56 Йигитликнинг кўчаси (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 554
57 Йўловчи (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 536
58 Yaxshi niyat (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 845
59 Yaxshi va yomon odamlar (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 960
60 Яхши ва ёмон одамлар (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 674
61 Яхши ният (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 676
62 Yor-yor (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 6187
63 Ёр-ёр (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 608
64 «Zamonamiz qahramonlari» (hikoya) [Abulqosim Mamarasulov] 702
65 «Замонамиз қаҳрамонлари» (ҳикоя) [Abulqosim Mamarasulov] 704
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика